Электронная библиотека » Комил Синдаров » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Комил Синдаров


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Билмадим, шунча ходимни ишдан қолдириб, натижа чиқмаса – калламиз кундада бўлади. Натижа чиқса мукофатини қўя туринг, қуруқ раҳматини эшитамизми ёки йўқми номаълум. Акс ҳолда, яхшигина гап тегиши аниқ. Сизга-ку, барибир, биз ҳали ишлашимиз керак.

– Фозил ака, инициатива наказуема, дейишади. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Жиноят очилса – терговчи, изқувар учун бундан ортиқ мукофот борми?

– Майли, гуруҳ раҳбари билан маслаҳатлашиб қўрайлик-чи, «бос» деса, олғир кўппакдай босамиз-да!

– Хавотир олманг, мен раҳбар билан аллақачон келишиб қўйганман, – тиржайди «профессор», – сизнинг қимматли фикрингизни билмоқчи эдим…

– Унда нима муаммо? – қўлини икки ёнга чўзиб, елкасини қисди изқувар.

– Муаммо-ку йўқ… аммо… лекин… – гапни нимадан бошлашни билмай чайналди Фозил, – келинг, Мансур йўқолиб қолган кун воқеаларини бир бошидан ақл чиғириғига ташлаб кўрайлик: Гулчеҳра опа Мансурни шанба куни соат саккиздан қирқ тўрт дақиқа ўтганда ишга кузатган. Бу аниқ. Чунки онасининг гапига қараганда шу куни эрталаб телевизорда марҳума Дилнура Қодиржонованинг қўшиқларини бериб турган экан. Мансур унинг қўшиқларини яхши кўраркан. Концертни ташлаб, кўчага чиқиб кетишга кўзи қиймай «Ошиқларга ўлим йўқ» деган ашуласини тик турганча эшитибди ва «Ишдан кечикяпман» деб шошилганча чиқиб кетибди. Телевидениедан сўраб, аниқладик – «Ошиқларга ўлим йўқ» қўшиғи саккизу қирқ-қирқ уч оралиғида экранга узатилган экан. У ҳолда Мансур кечи билан саккиздан қирқ тўрт дақиқа ўтганда уйидан чиққани аниқ. Саккизу элликда навбатчилик қисми билан телефонда гаплашган. Қўнғироқни уйидан беш юз метрча наридаги телеком биноси ёнидан амалга оширган. Демак, олти дақиқада яёв беш юз метр масофани босиб ўтган. «Бир жойга зарур иш билан кириб чиқишим керак», деганига қараганда пиёда юришни давом эттирган… Орадан ўн уч дақиқа ўтиб, қўл телефони тақа-тақ ўчирилган…

– Ўн уч дақиқада бир ярим километр йўл босиб ўтган демоқчисиз-да, – изқувар «профессор»нинг нимага шама қилаётганини тушунгандай бўлди.

– Тўғри, бироқ ўн уч эмас, ўн – ўн бир дақиқа десангиз тўғрироқ бўлади. Чунки бир манзилга етгач, орадаги «тўполон» ва телефон ўчирилишигача камида икки-уч дақиқа кетиши турган гап. Бундан чиқди Мансурнинг ихтиёрида тахминан ўн дақиқа бўлган. Ўртача юриш тезлигидан келиб чиқиладиган бўлса, қандайдир минг метр масофани босиб ўтган. Телеком биноси ёнидан фақат икки йўналиш бўйича пиёда юриш мумкин. Чапга юрилса – ўзи хизмат кўрсатадиган маҳаллаларга, ўнгга юрилса – шаҳар марказига, ишхонаси томонга бориш мумкин. Кичкина экспремент ўтказсак. Икки шахсни телеком ёнидан ўнг ва сўл томонга қараб пиёда йўлга чиқариб, ўртача тезликда ўн дақиқада қаерга етиб боришини аниқласак…

– Ҳай билмадим-ов… – деди изқувар бошини чайқаб, – бирор нарса чиқишига кўзим етмай турибди… биринчидан, телекомнинг ёнидан мошинага чиққан бўлса-чи… иккинчидан, ортга қайтган бўлса нима қиламиз? Учинчидан, ўнгга ёки сўлга қараб юриб, йўлда бирортаси билан валақлашиб гаплашиб қолган бўлса нима бўлади? Кўрдингизми, вариантдан бисёр нарса йўқ… бу туришда чалғиб, боши берк кўчага кириб кетишимиз мумкин…

– Тўғри, сиз келтирган ҳолатлар ҳам юз берган бўлса ажаб эмас, – ҳақлигини исботлашга тушди «профессор», – аммо эҳтимоллик даражаси жуда паст. Келинг, сиз айтганча, Мансур телеком ёнидан мошинага минган деб фараз қилайлик. Ўн дақиқа ичида шаҳардан ташқарига чиқиб, овлоқ жойга етиб олишнинг имкони йўқ. Девдай йигитни кўчанинг ўзида – мошинада бир ёқли қилиш оғир масала…

– Қотиллар икки ёки уч киши бўлган бўлса-чи? Иккиси икки ёндан қўлига ёпишса, орқада ўтиргани бўйнига арқон ташласа… бир дақиқада масаласи ҳал бўлади-қўяди!

– Куппа-кундуз шаҳарнинг серқатнов қисмида бунақа бемаъниликка йўл қўймасалар керак. Қисқа вақт ичида шаҳардан чиқиб кетишнинг сира ҳам имкони йўқ. Худди шундай Мансурнинг ортига қайтгани ёки йўлда бирортаси билан гаплашиб қолган деган вариантини ҳам ортга суриб турсак. Бирор натижа чиқиб қолар. Натижа чиқмаса, Санжар ака айтмоқчи – бу ҳам натижа. Ҳеч бўлмаганда тахминлар орасидан ўша ҳолатларни истисно қилиш имконини беради.

– Хўп, унда буюрсинлар, – гапни ҳазилга бурди Фозил, – бизнинг ишимиз бажармоқ. Ўхшатмасдан учратмас, дейдилар. Қайсарлик бобида жаноблари ҳам устозларидан қолишмайдиган кўринади.

– Бу бошқа гап, – деди Жўрабой мамнун оҳангда, – буйруқ беришга ваколатимиз бўлмаса-да, инонтиришда чакки эмас эканмиз… Қани, кетдикми?

Йигитлар ҳазил-мутойиба билан ўз кўнгилларини ўзлари чоғлаб, «телеком» биноси ёнига етиб келдидар. «Эксперемент» бошланди. Жўрабой сўл томонга, Фозил ўнг томонга қараб яёв одимлашга киришди. Келишувга кўра, ўн дақиқа йўл босиб, ҳар иккаласи етиб келган жойида тўхташлари ва қўнғироқлашишлари зарур эди.

– Фозил ака, биз «манзил»га етиб келдик, – биринчи бўлиб «профессор» ахборот берди, – икки томон ҳовлилар… «Олмазор кўчаси, 77-уй» деган ёзувни кўряпман… Сиз қаерга бориб тўхтадингиз?

– Бизда чап томонда мактаб, ўнг томонда «Феруза» деган ошхонага тўғри келди…

– Ҳммм… мактаб қотиллик учун қулай жой эмас… эрталаб соат тўққизда ошхонага ҳам боришнинг фурсати эмас… Шундай бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши кафе соҳибининг телефон рақамини олинг, бир ишлаб кўрамиз. Кейин чопқиллаб етиб келсангиз, шундоқ йўлнинг устида катта ўрик дарахтининг соясида кутиб тураман. Нима хоҳлайдилар – чойми ёки кофе?

– Оёқдан-оёқ қолмади, аччиқ чойдан бўлса, йўқ демасдик, – ҳазилни давом эттирди изқувар.

– Кўк чой сиздан айлансин, оёқни қўлга олинг! – Жўрабой телефонини чўнтакка солиб, ўзини кўчанинг ўнг томондаги ўрик соясига урди. Шундагина бошидан офтоб ўтиб, оғзи қуриётганини ҳис қилди. Шу пайт «78-уй»нинг ранги ўчиб кетган дарвозаси эрганаги очилиб, ҳассасини тақиллатиб, етмиш беш-саксонларни қоралаган чол чиқди ва девор ёнидаги қўлбола скамейкага ўтирди. Жўрабой ўрик соясидан чиқиб, чол томонга юрди:

– Ассалому алайкум, ҳовли тоға, яхшимисиз?

– Ваалайкум ассалом, – чол қисиқ кўзларини йигитга тикди, – ҳой бола, кимнинг боласисан? – у меҳмонни қўшнилардан бўлса керак, деган ўйга борганди.

– Эрталабдан Қуёш исиб кетганини қаранг, – деди Жўрабой ўзини йўловчидай тутиб, – кўчадан ўтиб кетаётгандим, томоғим қақраб кетди, кимдан бир пиёла сув сўрасам деб тургандим…

– Ёз ёзлигини қилгани яхши-да, бўтам. Бўлмаса мева-чевага шира қайдан энади, – чол жойидан сал силжиб, меҳмонга жой очди, – кел, ўтир бўтам, ҳозир айтаман, сув олиб чиқишади.

Жўрабой кўрсатилган жойга муваққатгина ўтирди. Мўйсафид ҳовлига қараб «Олтиной, ҳов Олтиной!»

деб қичқирди. Ичкаридан қиз боланинг «Лаббай, ҳозир бобожон», деган товуши эшитилди. Сал ўтмай ҳовлидан одмигина кийинган бўлса-да, либоси ўзига ярашиб турган, чарос кўз, ғунча лаб, кокиллари товонини ўпган, ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги дилбаргина қиз чиқиб келди. Бегона кишига кўзи тушиб, ширин табассум ва ҳаё аралаш салом бериб, ўзини дарвоза панасига олди.

– Бобожон, чой дамлаб берайми? – деди у ҳижолатдан қизариб.

– Қизим, бир коса муздек сув олиб чиқсанг, меҳмон чанқаб қолибди, – деди қария Жўрабойга ишора қилиб. Қиз «Ҳозир, бобожон», деб ичкарига кириб кетди. – Наварам бўлади, омон бўлгур жуда зукко қиз. Бу йил мактабни тугатди. Дўхтирликка ўқишга топширганди, кантак бўлиб қолди…

– Контракка кирганмиди?

– Ҳа, ўша-да… отни калласидай пул тўлаш керак экан, қаердан топамиз?! Келаси йили тайёрланиб, гранга кираман, деб қайтиб келди. Роса сиқилди, омон бўлгур! Институтдаги маллимлариям тоза инсофсиз бўлиб кетишибди-да! Билими зўр четда қолиб, чўнтаги зўрни танлаб олишга ўтишибди. Хидир қассобнинг қизи мактабни зўрға томомлаганди. Бояқиш гранга ўтиб кетибди. Шуям иш бўлдими? Адолат, инсоф, иймон деганлари қайда қолди? Гала чаласавод ўқишга кирса, эртага улар қандай дўхтир бўлади. Одамларни қандай даволайди? Бир кун келиб, ўша ноинсоф маллимнинг ўзими, боласими шу дўхтирнинг қўлига тушиб қолса нима бўлади? Бир нима десанг, ҳаммасини теснинг иши, техника адашмайди, деб оғзингга уришади. Биз ўқиган даврларда ҳеч қанақа тес-пес деган нарса йўқ эди. Имтиҳонни домлалар оларди. Бунақа ноинсофсизликка йўл қўйишмасди, омон бўлгурлар!

– Отахон, гапингиз тўғри, беш қўл баробар эмас, ноинсофлар, қаллоблар ҳар ерда бор. Ўз билими билан ўқишга кириб кетаётганлар қанча. Аслида, тест яхши нарса, ҳамма бало уни бошқарадиган одамларда! Техникани ҳам алдашга ўтиб олишган, – маъқуллади Жўрабой.

– Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл-да! – деди қария ҳассасини ерга уриб. Шу пайт қўлида коса тутганча Олтиной оҳиста чиқиб келди.

– Балли қизим, меҳмонга узат, – деди чол меҳрибонлик билан. Қиз хиёл эгилиб, косани меҳмонга узатди:

– Ош бўлсин, марҳамат.

Йигит косани қўлга олиб, бир кўтаришда симирди.

– Раҳмат, сувдай сероб бўлинг, – идишни қайтарар экан, нигоҳи беихтиёр қизнинг ойдек жамолига қадалди. Юраги овчи тўрига тушган кабутардек питирлаб уриб кетди. Ёқимли бир ажиб ҳис қалбини, бутун вужудини чулғаб олгандай бўлди… «Ё алҳазар, бу нимаси бўлди? Нега юрагим ҳапқириб кетди? Кўзларим нимага ўзимга бўйсунмай қолди? Тавба, шу қишлоқи қизга шунчами? Жуда унақа кетворган гўзал эмас-ку! Оддийгина, соддагина, грантга ўқишга кира олмаган қизалоқ… Йўқ, йўқ, унда бир сеҳр, жоду борга ўхшайди…

– Бўтам, сенга йўл бўлсин, бу юртларнинг одамига ўхшамайсан, – чолнинг дағал товуши йигитни ҳушига келтирди.

– М-е-н… ҳ-а-л-и-г-и-д-а-й Тошкентданман… Бир иш билан… – ҳамон ажиб хаёллар оғушидан чиқолмаган йигит каловланди.

– Ёлғон гапирма, – шартта кесди қария, – шеванг Тошкентга тортмаяпти-ку!

– Тўғри, пойтахтда ўқиб, ишлаб… дегандай… асли вилоятданмиз…

Шу пайт оқ рангли «Тико» улар ўтирган жойдан сал ўтиб, чийиллаб тўхтади. Мошина эшиги очилиб, Фозил тушди. У шериги ўтирган томонга келар экан, йўлнинг қарама-қарши тарафидаги ҳовлига хавотирли қараб қўйди.

– Мана бу ҳовли кимга тегишли эканини биласизми? – деди у Жўрабойга яқинлашиб.

– Йўқ, нимайди? – шеригининг гап нимадалигини тушунмай, анқайиб турган қарияга салом ҳам бермай саволга тутаётгани «профессор»ни ҳайрон қолдирганди.

– Манави ҳовли Гулмира Каримованики…

– Ростданми? – деди «профессор» кўзларини катта-катта қилиб.

– Нима, Гулмиранинг уйини қидириб юрибсанларми? – гапга қўшилди чол.

– Ростдан, анави куни ўзим уйидан сўроққа олиб кетгандим.

– Шунақа денг… Бу аёл яна оёғимиз остидан чиқяптими? Бу ерда бир сир борга ўхшамаяптими?

– Ҳайронман… Мулойимхунук кўрингани билан бир балоси борга ўхшайди…

– Отахон, анави ҳовлида Гулмира деган опа яшайдими? – деди Жўрабой кўрсаткич бармоғи билан қарама-қарши томонни кўрсатиб.

– Ҳа, шу ҳовли Гулмираники. Сизлар кими бўласизлар? – деди қария қизиқсиниб.

– Бир қариндошимизникига совчига боришган экан. Шунга суриштириб юргандик… – деди «профессор» хаёлига келган гапдан суюниб, – ўзи қанақа хотин?

– Шунақами? Нима ҳам дердим, бу ёғи қўшничилик… Қариндош бўлсанглар кўраверасизлар-да, бўтам! – мавҳумроқ жавоб қилди қария.

– Майли, отахон, сизга раҳмат! Ҳали яна гаплашамиз, – Жўрабой гапни чўнтоқ қилиб, кетишга чоғланиб турган изқуварга эргашди. – Энди нима қилдик? – сўради у шеригига етишиб.

– Санжар ака билан маслаҳатлашиш керак, – деди изқувар пичирлаб, – бу аёлда бир гап борга ўхшаб қолди.

– Балки ўзимиз…

– Бўлмайди, хитланиб қолса, ишни бузиб қўйишимиз мумкин…

Гуруҳ раҳбари Жўрабой ва Фозилнинг «эксперемент» хусусидаги «ўзбошимчалиги» учун йигитларни «койиган» бўлди. Аммо натижани эшитиб, юзи ёришди.

– Шунақа денг, – деди у кўзини бир нуқтага тикиб, – бу опа билан жиддийроқ шуғулланиш керак шекилли. Ўшанда ўзини қандайдир ғалати тутганди. Мансур билан ораларида нима сир бўлиши мумкин? Нима бўлгандаям охиригача текшириб кўришга тўғри келади.

– Уйида тинтув ўтказсак… талай нарсага ойдинлик киритилади, – фикр билдирди изқувар.

– Бўлмайди, биринчидан, тинтув ўтказишга ҳали асосимиз йўқ, – деди Санжарбек ўйланиб туриб, – иккинчидан, бу ичидан пишган хотин уйида далил сақлайдиган аҳмоқлар сарасига кирмайди, учинчидан, Мансур билан учрашувини чироқ ҳақини тўлаш масаласида деб хаспўшлашга уринади. Менимча, олдин у ҳақда маълумот тўплашимиз лозим. Анави чол билан гаплашиб кўриш керак. Афтидан, у анча-бунча нарсани билади. Бошқа қўни-қўшнилари, яқинлари билан учрашиб, опанинг шахсига аниқлик киритиб олишимиз зарур.

– Нима, Санжар ака, Мансурни шу хотин гумдон қилган деб ўйлаяпсизми? – «профессор» атайлаб мунозара бошлади.

– Агар шундай деб ўйлаганимда, аёлни қамоққа олган бўлардим, – ҳозиржавоблик қилди гуруҳ раҳбари, – бу хотиннинг ўзи лип этиб рўпарамиздан чиқиб қоляпти. Унга нисбатан қўлимизда шундан бошқа ҳеч нарса йўқ… Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу хотин билан дўхтирнинг ўлими ўртасида сабабий боғланиш кўринмаяпти… Фозил ака, – у изқуварга юзланди, – қўшни чолни олиб келсангиз. Гаплашиб кўрайлик-чи, нима деркан.

– Хўп бўлади, – изқувар шаҳдам юриб, хонадан чиқиб кетди.

– Менимча, бу аёл Мансурнинг атрофида бекорга ивирсиб юрмаган, – гуруҳ раҳбарининг фикрини очиқламаётгани Жўрабойнинг ичини қиздирди, – ҳойнаҳой Мансурга пичоқни мошинага ташлаб қўйишни шу аёл буюртма қилган. Йигитнинг молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолгани унга қўл келган…

– Бундан чиқди, сизнингча, қотил Гулмира экан-да, – деди Санжарбек қошларини чимириб, – негадир мотивни кўрмаяпман!

– Тўғри, ҳозирча Гулмиранинг дўхтирни ўлдиришга нима асос бўлгани маълум эмас. Бу умуман шунақа асос йўқ дегани эмас-ку!

– Жўражон, хаёлан реал воқеликдан ўзиб кетишга бўлган қизиқишнгизни, қизиққонлигингизни қадрлайман, – гуруҳ раҳбари ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди, – бироқ асосли ва қатъий хулоса чиқариш учун қизиққонликнинг ўзи камлик қилади. Сиз айтган тахмин Гулмира билан гаплашган биринчи кундаёқ менинг ҳам калламга келганди. Кўп бош қотирдим, лекин ўша мотив, сабабий боғланишни топа олмагандим… Тўғри, энди вазият бироз ўзгарди, Гулмиранинг қотилликка алоқадорлик эҳтимоллиги даражаси ошди. Бу эса у билан жиддийроқ шуғулланишни талаб этади. Биз бу ишга киришдик… Ёки сизда бошқача вариант борми?

– Йўғ-э, Санжар ака, мен ҳам шуни айтмоқчи эдимда, – гапни ҳазилга бурди талаба.

* * *

– Отахон, қўшнингиз Гулмира тўғрисида бир нарса демоқчимидингиз, – қисқача танишув ва расмиятчиликдан сўнг гуруҳ раҳбари савол берди.

– Бировинг совчиман дейсан, бировинг прокурорман деб қўрқитасан, – деди отахон қовоқ-тумшуқ қилиб, – мендан нима хоҳлайсизлар, тушунмай қолдим!

– Биз бир қотиллик жиноятини тергов қилаётгандик, – соддароқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қилди гуруҳ раҳбари, – қўшнингиз гувоҳ сифатида ўтаётганди, айрим нарсаларга ойдинлик киритмоқчи эдик…

– Нима, бу аёл тушмагур бирортасини…

– Йўқ, йўқ, у киши ҳозирча ишда гувоҳ сифатида…

– Мендан нима истайсизлар? – шартта кесди чол.

– Ўша опа тўғрисида билганларингизни гапириб берсангиз? Сизни ўша маҳалланинг оқсоқоли, ҳамма нарсадан хабардор дейишди.

– Нимасини айтай, – қария сал юмшади, – есир хотин, тергайдиган одами бўлмаса, билган номаъқулчилигини қилиб юраверади-да! Маҳалла-кўйга қўшилмаса, қўшниларни одам ўрнида кўрмаса! Ғийбатнинг уяси. Уни бунга, буни унга қайраб, жанжал чиқаришдан чарчамайди. Икки ўғли бор. Уларни ҳам ўзига ўхшаган гаяк қилиб тарбиялаяпти…

– Гулмира кимлар билан борди-келди қилади?

– Ким билан бўларди, ўзига ўхшаган қаланғи-қасанғилар билан-да…

– Сиз кўпинча ташқарида – уйингиз ёнидаги скамейкада ўтираркансиз, – терговчи саволни бошқачароқ қўйди, – ҳаммасини кўриб ўтираркансиз. Кейинги пайтларда Гулмираникига кимлар серқатнов бўлиб қолганига эътибор қилмадингизми?

– Бир талай одам кириб чиқади, қай бири ёдимда қолсин! Эсимда борлари – кўчамиз бошида турадиган Ҳалима деган чайқовчи аёл, яна электросетда ишлайдиган назоратчи бола… оти қурсин, нимайди-я…

– Мансурми?

– Худди ўзи… Лекин охирги пайтларда бояқиш негадир кўринмай қолди…

– Чайқовчи аёл тушунарли, Мансур Гулмираникида нима қилади?

– Қайдан билай! «Бўтам тинчликми, опангникига бўзчининг мокисидай қатнаб қолдинг?» десам, чироқ ҳақини тўламай куйдураяпти, қачон келсам «Эртага кел, индин кел» деб сарсонимни чиқариб ташлади», деганди.

– Охирги марта Мансурни қачон кўргандингиз?

– Бир ҳафта-ўн кун бўлди-ёв… эсимда қоптими. Адашмасам, эрталаб соат тўққизлар бор эди. Мен нариги маҳалладаги Теша калнинг ошидан қайтиб, скамейкада нафас ростлаб ўтиргандим. Тиржайиб, Мансур кеп қолди. Ёнимга келиб, қуюқ кўришди. «Пенсия келдими?» деб ҳазиллашди. Мен «Пенсияни кутиб ўтираманми, светингни ҳақини ўғлим йилнинг охиригача тўлаб қўйган», дедим. У «Молодец, бобой» деб елкамга қоқиб қўйди. «Ҳа, каллаи саҳарлаб опангни йўқлаб қолибсан, соғиниб қолдингми?» деб ҳазиллашдим. «Эйй, нимасини айтай, бу қасамхўр жонга тегиб кетди, бўйнида ўзини осса кўтарадиган тилла занжир-у, ток ҳақини тўлагиси келмайди», деб зорланганди… Шу куни пулни тўлатган бўлса керак-да, қораси кўринмай қолди…

– Кейин нима бўлди? – гуруҳ раҳбари кўз қири билан Фозилга имоли қараб қўйди. Изқувар секин ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди.

– Кейин нима бўларди, у опасиникига қараб кетди. Мен ҳам кўчада бироз ўтириб, ичкарига кирдим.

– Мансурнинг Гулмираникидан чиқиб кетганини кўрдингизми?

– Қаердан кўраман, бўтам! Айтдим-ку, мен уйга кириб кетдим, деб.

– Мансурнинг Гулмиранинг ҳовлисига кирганини ўз кўзингиз билан кўрдингизми?

– Кўрмай ўлибманми? У кириб кетди… мен бирпас ўтириб, қайтдим. Унинг қачон чиққанини кўрганим йўқ.

– Бирпас деганингиз қанча? Беш, ўн ёки ўн беш дақиқами?

– Эйй тоза эзма бола экансан-ку! Нари борса ўн минут ўтиргандирман… нос чаккандим…

Гуруҳ раҳбари яна бир қанча саволлар бериб, қарияни «сиқиб, сувини чиқариб», сўнг жавоб берди. Шу орада Фозил қайтиб келиб, гуруҳ раҳбарининг қулоғига «Теша калнинг оши Мансур йўқолиб қолган куни, яъни шанбада бўлган экан», деб шивирлади.

– Шунақа денг, – Санжарбек ўрнидан туриб кетди, – буни янгилик деса бўлади!!! Ҳаммаси мос келмоқда, калаванинг учини топганга ўхшаймиз…

Гуруҳ аъзолари мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган тезкор-тергов ҳаракатларини муҳокама қилишга киришдилар…

* * *

Тергов гуруҳи аъзолари муайян тайёргарликдан сўнг Гулмира Каримованинг уйида тинтув ўтказишга келдилар. Тадбирга эксперт-криминалистлар ва бошқа мутахассислар билан бирга кинолог ва унинг «тўрт оёқли» дўсти ҳам жалб этилди. Ҳар эҳтимолга қарши тадбирга Мансурнинг онаси – Гулчеҳра опа ҳам таклиф қилинди. Хонадон соҳибаси ўзини қанчалик босиқ ва вазмин тутишга ҳаракат қилмасин ҳаяжонланаётгани, чўчиётгани сезилиб турарди.

– Укажон яна нима гап? Меникида нима излаяпсизлар? Сизларга тағин нима керак? Ҳеч кими йўқ, бева хотин деб, босиб ўтаверасизларми? – бошида аёл тўполон чиқаришга уринди. Бунақа шаддодлар билан мулоқот қилавериб, пишиб кетган Санжарбек бор ҳунарини ишга солиб, аёлни тинчлантирди. Эксперт ва мутахассислар катта-кичик техникаларини ишга солиб, унча катта бўлмаган ҳовлининг ҳар бир қаричини, уйнинг ичи, ертўласи, томни чиғириқдан ўтказиб чиқдилар. Ковланган, ямалган, қазилган жойларга, деворларга алоҳида эътибор қаратдилар. Аммо пешинга яқин давом етган тинтув кутилган натижани бермади. Терговчилар уй бекаси, унинг кичик ўғли – ўн икки ёшли Марат билан гаплашиб, маълумот олишга ҳаракат қилдилар.

– Катта фарзандингиз кўринмайди? – сўради гуруҳ раҳбари.

– Суръатжон… барвақт чиқиб кетганди… ёшларни биласиз… уйда ўтирмайди, кўчадан бери келмайди… – деди аёл ўзини куюнчак кўрсатиб.

– Ая, акам бугун уйга келмади, – Марат ростини айтиб қўйди.

– Сен ухлаб қолгандинг, кечаси келганди… азонда яна чиқиб кетибди…

– Суръат нима иш қилади? – савол беришда давом этди гуруҳ раҳбари.

– Жўралари билан бозорда тирикчилик қилади-да. Худога шукр топиш-тушиши ёмон эмас… Рўзғорга ёрдамлашиб турибди…

Шу пайт айвон тарафда стулда ўтирган Гулчеҳра ўрнидан туриб, Санжарбекнинг ёнига келди:

– Укажон, узр, бир дақиқага менга қарайсизми? – аёл сал четроққа юрди. Гуруҳ раҳбари унга эргашди.

– Анави дераза ёнида токда турган телефон зарядкасини кўряпсизми? – аёл кўзининг ости билан айвон тарафга ишора қилди.

– Ҳа, кўрдим… нимайди? – деди терговчи нигоҳи билан айтилган жойни яширинча «пайпаслаб».

– Кўзимга иссиқ кўриниб кетди… Мансуржонда ҳам шунақаси бор эди…

– Шунақа денг, – гуруҳ раҳбари бошқа ёққа қараган киши бўлиб, «зарядка» турган жойга пинҳона кўз қирини ташлаб олди, – Мансурнинг қувватлаш ускунаси ҳозир уйда йўқми?

– Эътибор қилмаган эканман… келиндан сўраб билайми?

– Телефон қилиб кўринг-чи.

Аёл уяли телефонини қўлга олиб, таниш рақамларни терди:

– Аъло, келинжон, яхши ўтирибсизларми? Мансуржоннинг телефон қувватловчи сими уйдами? …Жойида йўқми? …Балки бирор жойга яшириб қўйгандир? …Шунақами? Майли… кейин гаплашамиз…

– Йўқ деяпти, – деди аёл шивирлаб, – кеча ҳамма жойни титиб, тополмапти… Мансур кўпинча «зарядчиги»ни ишхонасига олиб кетарди.

– Шунақа денг, яхши, сиз индамай ўтира туринг, ҳозир аниқлик киритамиз, – Санжарбек айвон тарафга юрди ва тўғри «зарядка» тиқилиб турган жойга борди, – Гулмира опа, мана бу қувватлагич сизникими? – деди у уй бекасига қарата.

– Йўқ, билмадим… ўғлимники бўлса керак… ўзимникини тополмай қолсам, мен ҳам тиқавераман, – аёл айвонга яқин келди.

– Мен топиб олгандим, – деди Марат болаларча соддалик билан.

– Қаердан топиб оласан, болам, ўйлаб гапиряпсанми? – танбеҳ берди она. – Ёш бола гапираверади-да..

– Маратжон, қувватлагични қаердан топиб олгандинг? – терговчи оҳиста юриб, боланинг олдига борди.

– Ҳов анави ердан, – бола қўли билан дарвоза тарафни кўрсатиб, – гуллар орасига тушиб қолган экан.

– Қани, топган жойингизни кўрсатинг-чи, – Санжарбек болани қўлтиғидан олиб, дарвоза тарафга қараб юрди.

– Мана шу ерда ётган экан, – деди бола дарвозанинг сўл тарафидаги гуллар орасини кўрсатиб, – мен акамники бўлса керак, деб ўйлагандим. Сўрасам, йўқ деди.

– Дугоналаримдан бирортаси тушириб қолдиргандир-да, – деди Гулмира, – яқинда биттаси «Қувватлагичимни кўрмадингларми?» деб юргандай бўлганди.

– Ўша дугонангизнинг отини билсак бўладими? – Худойберди гап қўшди.

– Ҳозир ёдимда йўқ… қайси биттаси эди-я, – бошини қашлади аёл.

– Маратжон, қувватлагични қачон топгандингиз? – гуруҳ раҳбари сўрашда давом этди.

– Етти-саккиз кун бўп қолди… а-н-и-ғ-и ё-д-и-м-д-а й-ў-қ, – дудуқланди бола бир хўмрайиб турган онасига, бир терговчига мўлтираб.

– Рухсатингиз билан қувватлагич бизда турса, – гуруҳ раҳбари ёнида турган йигитларга имо қилди. Бўйнига фотоаппарат осиб олган йигит қувватлагични турган жойида бир неча марта расмга олди. Қўлига қўлқоп кийиб олган мутахассис эса қувватлагични жойидан суғириб, авайлаб салафан халтачага жойлади. Уй ичи, томи ҳамда ҳовлининг лозим жойларидан тўпланган тупроқ зарралари, ҳожатхона, молхонадан олинган чиқинди намуналари экспертиза таҳлили учун олинди. Тегишли тартиб-таомиллар адо этилгач, гуруҳ аъзолари тинтувни якунлаб, ортга қайтдилар.

– Болали уйда сир ётмас деб бекорга айтишмаган, – мошинага ўтиришлари билан Худойберди гап бош лади, – Санжар ака, нега Гулмирани сиқувга олмадингиз? –

– «Сиқувга олиш» деганда нимани назарда тутяпсиз? – гуруҳ раҳбари ўзини тушунмасликка олди.

– Темирни қизиғида босганимиз маъқул эди-да, – деди терговчи фикрини қандай изоҳлашни билмай, – қўшни чолнинг кўрсатмалари билан таништириб, бир қиссак, тўтидай сайрашни бошларди, Мансурни қаёққа гумдон қилганини ўз оғзи билан айтиб берарди…

– Шундай деб ўйлайсизми? – деди гуруҳ раҳбари бепарволик билан. – Гулмира ҳам анойи эмас. У Мансур билан чироқ ҳақи масаласида учрашиб турганини ҳамиша такрорлаб келган. Буни Мансурнинг қўшни чолга айтган гаплари ҳам юз фоиз тасдиқлайди. Гулмирани фалончи бундай деди, фалончи кўрган экан деб сиқувга олсак, «Тўғри, Мансур ўша куни бизникига «Қарзни қачон тўлайсиз?» деб, тағин келганди. Чироқ ҳақини олиб, шошилиб чиқиб кетди», деса нима қиламиз? Қўшни бобойнинг айтишича, Мансур Гулмиранинг дарвозасини хатлаши билан сал ўтмай у ҳам ичкарига кириб кетган. Демак, у Мансурнинг қўшниникидан қайтиб чиққан-чиқмаганини кўрмаган…

– Менимча, опа довдираб, роса «дамга келиб» турганди-да,– деди Худойберди таассуф билан, – бир «пуфласак» пақ этиб «ёриларди»-қўярди.

– Менимча, адашаяпсиз, – Санжарбек ҳамкасбига тикилди, – бу опа илоннинг ёғини ялаганлардан. Бунақаларни жиноят устида қўлга олсанг ҳам кўзингга лўқ қараб, «мен эмас» деб ҳаммасини инкор этиб тураверади. Қуруқ гап-сўзлар билан бу асов байтални «минги» қилиб бўлмайди. Далил, исбот керак, чироғим!

– Мана, уйидан Мансурнинг қувватлагичи чиқди-ку! Яна қанақа далил керак, – луқма ташлади Фозил.

– Бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди, – деди гуруҳ раҳбари совуққонлик билан, – олдин қувватлагич Мансурга тегишли эканлигини экспертиза хулосаси ва бошқа далиллар билан исботлайлик.

– Хўп, буни исботладик ҳам дейлик, – деди «профессор» бошини қашлаб, – бу маккор аёл дарров таслим бўлиб, ҳақиқатни тан олади, деб хомтама бўлмайлик. «Тўғри, Мансур уйга келганда қувватлагичини тушириб қўйган бўлса керак», деб сувдан қуруқ чиқиб кетишга ҳаракат қилиши аниқ. Ахир у электрикнинг уйига бот-бот келганини таъкидлаб турибди-ку! Унда нима қиламиз?

– Ҳа, масаланинг бу томони ҳам бор, – қувватлади Санжарбек, – Гулмира осонликча жон берадиганлардан эмас. Ўзини ҳар кўйга солиб, талвасага тушиши тайин… Мансурнинг ё тиригини, ё ўлигини топмасак бўлмайди…

– Оббо, товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум олдин пайдо бўлганми, дегандай гап бўлди-ку, – тиржайди Фозил. – Электрикни топсак масала ҳал бўлади-қўяди! Ҳеч кимнинг ҳеч нарсани исботлашига зарурият қолмайди! Гап уни излаб топишда… бу осон иш эмас! Ундан кўра, Гулмира билан сал ишланса, иш енгилроқ кўчармиди…

– «Ишланса» деганингизни қандай тушунса бўлди? – гуруҳ раҳбари изқуварга маъноли тикилди, – қийноқми, азобми, жисмоний ёки руҳий тазйиқми?

– Йўғ-э, Санжар ака, руҳшунослар, мутахассислар ёрдамида таъсир қилиб кўриш керакмикан, демоқчийдим, – хатосини текислашга уринди изқувар.

– Ҳамкасбларим, тергов игна билан қудуқ қазишдек мураккаб иш, – жиддий қиёфада давом этди гуруҳ раҳбари, – терговчидан, тезкор ходимдан катта сабот, бардош ва ирода талаб этилади. Вақтнинг, шон-шуҳратнинг ортидан қувиб, юзакичиликка, пала-партишликка, ўзибўларчиликка асло йўл қўйиб бўлмайди. Терговчи, изқувар олдидан чиқаётган кўплаб жумбоқ, тугун ва чигалликларни ақл кучи, қалб амри, ички сезгиси билан еча билмоғи, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ўзида қудрат топа билиши керак. Сўзларим сизларга баландпарвоз, китобий туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо ҳали ёшсизлар, бир кун келиб бу гапларнинг теран мазмун-моҳиятини англаб етасизлар. Негаки, бу ўгитларни биз ҳам устозларимиздан эшитганмиз. Рости, ўша пайтларда буларга унчалик эътибор бермаганмиз, вазхонлик, панд-насиҳат сифатида ҳар доимо айтиладиган сўзлар сифатида қабул қилганмиз. Кейинчалик бу гапларнинг нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлади… Майли, келинглар ишдан гаплашайлик! Кимда нима таклиф бор?

– Санжар ака, – орага чўккан жиндек жимликни Худойберди бузди, – Мансурнинг йўқолишида Гулмиранинг қўли борлиги кундай равшан. Ўз навбатида, Мансурнинг Илёс дўхтирни ўлимига бевосита ёки билвосита алоқадорлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Демак, биз тергов қилаётган қотиллик жиноятида Гулмира йирик фигура сифатида намоён бўляпти. Одатда, қотиллар фош бўлишдан қўрқиб, ҳар қандай разилликка боришади. Жиндек хавф туғиладиган бўлса, жиноий шерикларини ҳам аяб ўтирмайди. Ўзлари ортиқча деб ҳисоблайдиган ҳар қандай шахсни жисмонан йўқ қилишдан тоймайдилар. Шу қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, ўша куни аёл Мансурни уйига чақириб, шериклари ёрдамида бир ёқлик қилган-қўйган. Уни қайси йўл билан бартараф этган деган савол туғилади. Бу ерда бир неча тахминни илгари сурса бўлади: бирламчи, Мансурни банди қилиб, қаердадир сақлаш учун олиб кетган бўлиши мумкин. Иккиламчи, Мансурни ўлдириб, мурдани ҳовлига яширган деган тахмин ҳам йўқ эмас. Аммо ўтказилган тинтув пайтида эксперт ва мутахассислар томонидан бу ҳолатни тасдиқловчи далиллар – Мансурни ўзи ёки мурдаси, қон доғлари, соч толалари, бармоқ ёки пойабзал излари, микрозаррачалар, жиноят қуроллари топилмади. Кинолог ва искович итларнинг чиранишлари ҳам бесамар кетди. Шу сабабли учинчи тахминнинг эҳтимоллиги баландроқ кўринади. Чиндан ҳам жиноятчилар Гулмиранинг уйида Мансурни осонлик билан ўлдириб, мурдани шаҳардан ташқаридаги овлоқроқ жойга кўмиб ташлаган бўлишлари мумкин…

– Ёки мурдани майдалаб, чиқиндига чиқариб ташлаган бўлиши мумкин, – Санжарбек ҳамкасбининг фикрини тўлдирди, – шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишларда ишни жонлантиришимизга тўғри келади…

– Яна товуққа ўхшаб, гўнг титарканмиз-да! – луқма ташлади изқуварлардан бири.

– Энг аввалло, шаҳарда чиқинди йиғиш, ташиш, жойлаштириш ва йўқ қилиш схемасини ўрганиб чиқишимиз лозим, – гуруҳ раҳбари изқуварнинг гапига парво ҳам қилмай таҳлил қилишда давом этди, – бу эса бизга қидирувни манзилли ташкил этиш имконини беради.

– Орадан шунча вақт ўтиб кетган бўлса, – деди Абдуғани энсаси қотиб, – ҳар куни шаҳардан юз тонналаб чиқинди чиқади. Свалка Боботоғдан баланд бўлиб кетган. Уларнинг орасидан майда бўлакланган мурда қолдиқларини топиш осон иш бўлмаса керак.

– Тўғри, осон бўлмайди, – гуруҳ раҳбари қатъият билан давом этди, – ахтарган имкон топади. Керак одам чиқинди тоғлари орасидан барсеткасини топганда, бутун бошли мурдани топиш нима экан?

– У валламат пул бериб, одамларн ёллаган-да, – бўш келмади изқувар, – пул нималарга қодир!

– Керак бўлса, пул ҳам топамиз, кўнгиллиларни ҳам жалб қиламиз, – деди Санжарбек изқуварга қараб, – асосийси хоҳиш бўлса бас! Излаган имкон топади, дангаса – баҳона!

– Эээ Санжар ака, рост гап туққанингга ёқмайди! Одамни бирпасда дангасага чиқариб ташладингиз-ку, – деди Абдуғани тўрсайиб, – мен танланган йўл оғир бўлишини айтяпман, холос!

– Бизнинг ишда қийинчиликсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Жиноятчилар пухта бўлиб бормоқда. Жиноятни содир этиш усуллари ҳам такомиллашмоқда. Биз эса улардан бир қадам олдинда бўлишимиз, улар шохида бўлса, биз баргида юришимиз шарт.

– Вой, Санжар ака-эй, ажойиб одамсиз-да, – гапни ҳазилга бурди изқувар, – биз аскар, сиз раҳбарсиз! Нимани буюрсангиз шуни бажарамиз, ахлат титмаган жойимиз борми?

– Йўқ, жаноб изқувар, сиз аскар эмас, офицерсиз! Топшириқни кўр-кўрона бажариш эмас, балки унинг моҳиятини англаб, виждонан, аъло даражада адо эта билишингиз лозим… Майли, келинглар ишдан гаплашайлик, сизларга қўшилиб, мен ҳам мавзудан чалғиб кетяпман… Худойбердижон, – гуруҳ раҳбари вазифаларни тақсимлашга киришди, – сиз изқуварлар билан бирга Мансурни ёки унинг жасадини топиш ишларига бошчилик қилсангиз. Керагича қўшимча кучлар, техника, асбоб-ускуналар ажратилади. Биз «профессор» билан Гулмира ва унинг оила аъзолари, яқинлари билан ишлашни бошлаймиз…

* * *

Орадан икки кун ўтган бўлса-да, ишда заррача силжиш бўлмаётганидан Худойбердининг хуноби ошди:

– Фозил ака, бу кетишда бирор натижага эришишга кўзим етмай қолди! Ахлатхонада шунча одамни ишлатяпмиз – бесамар! Қанча киши дарё бўйида, шаҳар атрофидаги овлоқ жойларда қидирув ишларини олиб боряпти – янгилик йўқ. Бошим қотиб қолди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации