Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Унга қадар эса… сиз учун кутилмаган совғам бор. Сиз каби оила қуриб, ўғилчаси ва эри билан бахтиёр яшаётган, ғоятда истеъдодли адиба синглимиз Ирода Эргаш (Умарова)нинг ижодидан бир шингил намунани эътиборингизга ҳавола қиламан. Ишонаманки, қалб саҳифасига ёзилган бу мактуб, тош юракларни ҳам эритиб юборишга қодир:

Маҳбубим…

Бу дунёда муҳаббатдай кўҳна туйғу бормикин? Ахир, илк инсон – Одам Ато илоҳий уйқудан туриши ила қобирғасидан яратилган хилқат – Момо Ҳавони кўрган онида юрагида туйган туйғу энг гўзал эҳтиёж эмасмиди?! Йўқ, мен адашдим, Одам Ато кўз очиб фазони кўрган кезлари ул илк бор ва вақтинча ёлғиз инсоннинг юрагини титратган дард – Ёлғизлик бўлгандир. Аллоҳим бул дарднинг давоси ўлароқ ёр ва муҳаббатни инъом этгандир…

Маҳбубим…

Таърифи қийинлар учун энг аъло таъриф шу – “қийин”лигида бўлса керак. Мен ҳам сизни таърифсиз севдим, севилдим.

Севган одам учун севгилисининг сўзларидан таъсирлироқ сўз, севгилисининг нигоҳларидан кучлироқ жозиба, севгилисининг чеҳрасидан ёрқинроқ нур, севгилисининг бағридан ишончлироқ паноҳ топилармикан?..

Билмадим, “ишқ ўзи кўҳна нарсадир, ҳар бир юрак уни янгилар” каби, мен муҳаббатнинг ўзимнинг юрагимда, иккимизнинг ишқимизда кашф этилган қирраларинигина кўрардим ва ўзгаларнинг севгисини ҳам ўзимизникига ўхшатардим.

Мен учун сизнинг сўзларингиз кулгимни йиғига, йиғимни кулгига айлантира оладиган кучга эга, сизнинг нигоҳларингиз юрагимнинг энг қаттиқ жойларини ҳам титратиб юборадиган жозибага тўла, сизнинг чеҳрангиз эса алам билан эслаганимда ҳам руҳимни юмшатиб турадиган нурга бурканган.

Маҳбубим…

Ёнимда сиз борсизки, мен кучлиман, ботирман, беғамман. Менинг бир маъсум, бир чиройли, бир содда бахтим бор – бағрингизга бош қўйганча дунёни кузатиш, кифтингизга суянганча ҳамжиҳат курашиш бахти. Менинг бир хавотирим бор – шугина бахтимни йўқотишдан жуда-жуда қўрқаман, ҳар лаҳза Аллоҳдан қушчадай серҳадик юрагимга таскин тилайман.

Назар солинг, жигар жигарнинг бахтига чанг солаётган, дўст дўстнинг кураги остига пичоқ санчаётган замон бу. Бу замонда бахт бисёр, лекин одамлар барибир унга тўймайдилар, улушларини ўнг қўллари билан ола туриб, чап қўлларини ўзгаларникига узатадилар.

Шуни билиб туриб ҳам иккимизга бир инсоннинг бахтини сўрадим. Иккимиз – икки вужуддаги битта одаммиз-ку! Қолаверса, биламанки, сиз бахтни бутунлигича менга илинасиз. Мен эсам сизга илинаман: “Олинг, тортинмай олинг, сиз бахтли бўлсангиз, мен-да бахтиёр!”

Маҳбубим…

Сизни қачон яхши кўриб қолган эдим-а?.. Балки, танишган онимиздадир? Балки танишганимиздан кейин илк марта орамизга айрилиқ тушган кунлардадир? Балки ўша айрилиқдан сўнг кўришганимизда дийдорингиздан энтиккан дилимнинг “бошқача” бўлиб кетганидадир севги? Эҳтимол, сизни туғилмасимдан олдин, ҳали исмсиз ва жисмсиз, ғумбак руҳим ила, Аллоҳимнинг мавжудотлари сафида ёруғ дунёни инсон қавмида кўрувчилар рўйхатига тушганимдаёқ мубтало бўлгандирман ишққа? Бизнинг ҳали яралмаган ишқимиз дунёга чорлагандир иккимизни, учрашганимиз-да шунинг учундир…

Нима бўлганда ҳам, Аллоҳнинг марҳамати, шафқати бу. Бўлмаса асл муҳаббатни ҳамиша ҳижронга, армонга ҳукм қилиб-қилиб, бизга келганда ҳам асл туйғулар, гўзал бахту васллар инъом этиб қўярмиди!..

Маҳбубим…

Астағфируллоҳ! Ўз гапимдан ўзим чақилиб кетдим. Бу куфрлигим, бу мақтанчоқлигим учун афв тиланаман. Ўз севгимга, ўз бахтимга ўзимнинг кўзим тегиб қолади-ку бунақада. Ундан кўра меҳрибон Эгамга раҳмат айтмоғим, ҳамиша шундай марҳаматли ва шафқатли бўлишини ўтинмоғим лозим эмасми? Ахир… ахир ҳижрон умрнинг энг сўнгги лаҳзаларида, ҳатто мангу кўз юмгандан кейин келса ҳам даҳшатли. Унинг бир қатраси бир уммон, азоб билан заҳарланган уммон!

Ҳа, ҳа, мен аразлашиб қолган пайтларимизда ўзимиз қасддан ўртага ташлайдиган ёхуд вазият юзасидан пайдо бўлиб, соғинчларимиз эвазига орадан кўтарилиб кетадиган муддатларни айтяпман.

Ҳолбуки, инсон эртагагина эмас, бир неча лаҳзадан кейин ҳам тақдири қандай кечажагини билмайди. Шу муваққат ва омонат умримни сиз билан, сизнинг меҳрингиз билан ўтказаётганимдан жуда мамнун ҳамда ризоман.

Муҳаббат – имтиҳондир, туйғулари унинг синовлари. Бу имтиҳондан қандай ўтаётганимизни, бу синовларнинг қанчасини ўтказганимизни билмайман. Лекин… юқорида айтганим заҳар икки кўнгил ўртасидаги садоқат кўпригида турган ишқ лабига томмаслигига ишонгим келади. Ахир бизнинг севги гўдакдай бокира, маъсум, ҳалол… Айтинг-чи, маҳбубим, гўдакда айб бўладими, айбсиз гўдакни маҳв этиб бўладими?!

Маҳбубим…

Нафақат маҳбубим, дўстим, сирдошим, суянчим, қалбимнинг ярмигина эмас, бус-бутунлигича қалбим!..

Бизгача муҳаббат бўлган, биздан кейин ҳам бўлаверади. Бизгача бу дунё, бу ҳаёт бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз кетсак, биз билан дунёимиз кетади, кўнглимиз, кечмишларимиз, севгимиз кетади.

Маҳбубим, бизнинг бу дунёимиздан, севгимиздан шу дунёимизни, шу севгимизни яратган, соҳибига айланган инсон кетса-чи? Кимга, нимага ўхшаб қоларкинмиз?.. Эгасиз уйгами, қаровсиз гулгами, қуёшсиз осмонгами? Буларга айланиб қолмаслик учун меҳр беришдан тўхтамасликкина эмас, сустлашмаслик ҳам лозим экан.

Сохта меҳр кўпинча сўзда, асл меҳр доимо кўзда!

Кўзларимиз ҳамиша шивирлашиб туришсин:

“Мен сени жуда яхши кўраман…”

“Мен ҳам сизни…”

* * *

Тарихдан ибрат:

Қадимги Рим императори Юлий Цезар ўзига итоат қилмаган Сабиний деган сенаторини зиндонга ташлайди. Бу ҳам камлик қилиб, унинг хотинини ҳам зиндонбанд этади. Епонина исмли бу садоқатли аёл тўққиз йил давомида эри билан биргаликда қоронғу зиндон азобларини тортади. Шунча йил давом этган азобларга қарамай, бўйсунишни истамаган сенаторни ва унинг садоқатли ёрини император энди ўлимга ҳукм қилади. Мағрур ва вафодор Епонина севгисига хиёнат қилмай, эрига қўшилиб ажал шаробини ичади. У ўлими олдидан императорга дадил ва тик қараб шундай дейди: “Эй Цезар! Мен эрим билан зиндонда шунчалар бахтиёр яшадимки, сен тожу тахтингнинг бутун шону-шавкати билан ёруғ дунёда яна минг йил яшасанг ҳам ҳеч қачон бу бахтни топа олмайсан!”

* * *

Келинпошша, “Хотин учун энг гўзал фазилат қайси?” деган саволга “Сабр ва қаноат”, деб жавоб берган одам янглишмайди. Хотин эрининг топганига кўникиб, оз демай-кўп демай, тежамкорлик билан сарфламоғи, эрининг бирини икки қилмоққа интилмоғи лозим. Чунки хотин дўст бўлса – тежар, ёмон бўлса – бузар. Хотин уйга безак, эрга кўмак ва ойна; у саришта бўлса – уйнинг фариштасига айланади. Аллоҳ аёл зотини нозик қилиб яратган. Аммо бахт саройини қуриш учун аёлдан метиндек ирода, сабр талаб этилади. Сиз ана шундай сабрлилардан бўлишга интилинг.

 
Нафс уйига сабр ила иморат англа,
Бесабрлиғин анинг шарорат англа,
Иш сабр сори анга ишорат англа,
Сабрни зафар сори башорат англа.
 

(Нафс уйига сабр иморатини қургин. Нафснинг бесабрлигини ёмонлик деб бил. Нафсни сабр томон юришга ишорат қилгин, сабрни зафар сари башорат деб бил.)

 
Шукр айлади шиддатда рижо изҳори,
Ҳар меҳнат аро дафъи бало изҳори,
Мол истасанг эт шукру сано изҳори –
Ким, шукр демак қилур ғино изҳори
 
(Алишер Навоий).

(Оғир кундаги шукр умид уйғотади. Бошга тушган балоларни даф қилувчи ҳам шукрдир. Бойлик истасанг шукр ва ҳамду сано изҳор қил, шукр туфайли инсон бадавлат бўлади.)

* * *
 
“Қаноат битмас-туганмас молдир”.
Мазкур шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги баёни:
Ҳирсдин кечгил, ул ғамедурким,
Ҳадду ғоят анга эмас пайдо.
Тут қаноатким, ул эрур моле,
Ки, ниҳоят анга эмас пайдо.
 

(Ҳирсу ҳавасдан кеч. Чунки, у беҳад ва охири йўқ ғамдир. Қаноатни маҳкам тутки, у ниҳояси йўқ молдир.)

* * *

Моли йўқ деб, эрдан кечма, чўпи йўқ деб, ердан кечма (Мақол).

* * *

Тежамкорлик, сабр ва қаноат… бахтли ҳаёт кечиришнинг муҳим омилларидан эканини биласиз. Исрофдан қочасиз, камига қаноат қиласиз. Лекин оила бахтига рахна солувчи бошқа иллатлар ҳам бор. Эрнинг ёки хотиннинг, ёки икковининг хасис бўлиши оиладаги жиддий муаммодир. Сахий аёл – хасис эр ёки сахий эр – хасис аёлнинг турмушлари оғир кечади. Бир-бирларининг мувозанатларини ушлаб туришга уринишса ҳам, жуда-жуда оғир. Иккала вазиятда ҳам асабийлашадиган аёл, қийналадиган эса эр бўлади. Аёл хасис, эр эса сахий бўлса, хотин эрининг барча харажатларига чегара бўлади. Ўзи сарфлагиси келмайди, пул тўплаш дардида бўлади ва эрини ҳам шунга ундайверади.

Аёл сахий, эр хасис бўлса бу янада каттароқ қийинчилик туғдиради. Бахил эрнинг топар-тутари яхши бўлса-да, оиласининг зарурий эҳтиёжларига сарф қилгиси келмайди. Емоқ-ичмоққа доир нарсаларни ҳам мисқол-мисқолигача ҳисоблаб олади, сарфланишини қаттиқ назорат остига олади. Пиёз унинг мўлжалидан кўра бир кун олдин тугаса, хотинини исрофгарликда айблаб, ғалва кўтаради. Таажжубки, у ўзининг бахиллигини сира-сира тан олмайди, балки “тежамкор” деб ҳисоблайди. Яъни, бу тоифа эрлар хасислик билан тежамкорлик чегараси мавжудлигини билмайдилар. Эрнинг ошхонадаги сабзавотларнинг граммларини ўлчаб туриши хотин учун оғир, ҳатто ҳақоратлидир. Бой эр билан камбағал бўлиб яшаш аёл учун азобдир – бундай аҳвол аёлнинг зеҳнини ҳам, жағини ҳам чарчатади. Хасис эрни даволовчи табиб йўқ. Бу касаллик болаликда шаклланган бўлади. Эр болалигида камбағал яшагандир, болалиги оғир кечгандир, кўп кунлар оч қолгандир ёки оиласида пулга доир тарбия нотўғри олиб борилгандир. Шунинг учун қайта тарбиялаш мақсадида жанжал қилавериш ўрнига муроса маъқулдир. Эрнинг хасислигидан нолийвериш ўрнига у уйга битта нон кўтариб келса ҳам, шодликни ифода этиш, раҳмат айтиш яхши натижа бериши, эрда оила учун пул сарфлашга ҳавас орта бошлаши мумкин.

Хасис эр билан яшаётган аёлларнинг деярли барчаси бир хилдаги хатога йўл қўйишади – умрларини пул жанжали билан ўтказиб, охири асаблари қақшаб бир касалга йўлиқишади-да, қолган умрларини даволанишга сарфлашади. Англамоқ лозимки, ҳеч бир хасис эр хасислигини тан олмайди, аксинча, пул сўровчи хотини унинг кўзига пул еювчи, исрофгар, ҳеч нарсадан ва ҳеч қачон рози бўлмайдиган нонкўр аёл мақомида кўринаверади.

Бир гапни эшитдим, ростми-ёлғонми, билмайман. Эрининг хасислиги жонига теккан айрим аёллар унга ўлим тилармиш. Тушунишимча, улар эрлари ўлгач, ишлатилмай қолган пулларга эга чиқишни орзу қилишса керак. Бу ниҳоятда бемаъни, амалга ошмайдиган орзу. Аллоҳ бунақа орзуларни амалга оширмайди, ўлимга доир дуоларни ҳам қабул этмайди. Чунки ўлим муддати азалдан белгиланган, бировнинг орзуси ёки дуоси билан ўзгартирилмайди. Эрининг хасислигидан сиқилаверадиган, унинг ўлимини кутаверадиган хотиннинг ўзи бир дардга чалинади ва эридан эртароқ вафот этади.

Хасис эрнинг ўзига хос яхши томонлари ҳам бор: агар хотин пул сўрайвермаса, унинг ишларига ҳуда-беҳуда аралашавермайди. Энг муҳими – хасис эр хотинбоз бўлмайди, бошқа хотинга пул сарфлашни хоҳламайди…

* * *

“Топган гул, топмаган бир боғ пиёз келтирар”, деган мақол бор. Эр уйга битта кир совун олиб келадими ё тилла суви югуртирилган қошиқми – фарқи йўқ, ақлли хотин уни қувонч билан қаршилаб, “Топган-тутганингизга Аллоҳ барака берсин”, деган дуо билан қабул қилиши керак. Эрнинг олиб келган нарсасини менсимай қабул қилиш нодонликдир. Шу менсимаслик гўё бир челак совуқ сув – меҳр-муҳаббат ўтини ўчириши ҳеч гап эмас. Тўйдан кейинги дастлабки кунларда ва ойларда куёв келинга, келин эса куёвга нимадир совға қилгиси келади. Бу кунларда ҳар иккови ҳам камчиқим бўлади, қимматбаҳо совғага қурби етмайди. Лекин “Гап совғанинг қиммат-арзонлигида эмас, гап – эътиборда”, деган ҳикмат бор. Келин бунга жиддий аҳамият бермоғи лозим.

Бир хонадонда куёвтўра келинпошшага кичикроқ совға олиб келган эди, хоним уни арзимас матоҳдай четга олиб қўйди, раҳмат ҳам демади. Ўша куни унинг онаси меҳмон бўлиб келган эди. Қизининг бу қилиғидан ранжиб, унга танбеҳ берди: “Эй менинг ўз қадрини билмаган жоҳил қизим! Эр келтирган нарсага ҳам бепарво бўладими?! Сен бу ёмон одатни қаердан ўргандинг? Отанг бирор нарса олиб келганида бепарво бўлганимни ҳеч кўрганмидинг? Агар мен отангга шундай муомала қилсам, у менинг таъзиримни берган бўларди, ҳатто уйдан ҳайдаб юбориши ҳам мумкин эди”.

Бундай оқила оналарга шарафлар бўлсин! Тўйдан олдин беролмаган тарбияни кеч бўлса ҳам, ўрнида берди. Агар бу она кибрлилардан бўлганида куёви келтирган нарсага бурнини жийириб қарарди, “Менинг қизим шу матоҳга зормиди?” ёки “Шу матоҳни менинг ойдек қизимга муносиб кўрдингизми?” деб минғирларди. Ана шу пайтнинг ўзида оила қиёмати бошланармиди? Куёв ўзини босолмай, она-болани ҳайдаб юбормасмиди? Ҳайдамаган тақдирда бирор муддат, жаҳаннамга айланган уйида кўнгли сиқилса ҳам, эр қадрини билмайдиган тарбиясиз хотин билан яшашга мажбур бўларди. Аммо дунёга келганига эмас, шу хотинга дуч келганига минг пушаймон бўлиб яшарди. Пушаймонлик адоқсиз давом этмайди, вулқон каби куч тўплаб, барибир портлайди ва оилани вайрон қилади.

Баён этилган воқеадаги куёвнинг бахти – қайнонаси оқила эди. У қизига танбеҳ бериш баробарида бир ҳикоят айтди:

– Ўтган замонда бир кўзи ожиз бадавлат йигит уйланибди. Йигит оиласига меҳр қўйган, инсофли, виждонли, саховатли эди. Ҳар оқшом уйига қучоғини тўлдириб турли нарсалар олиб келарди. Хотини эрини қувонч билан кутиб оларди. Орадан йиллар ўтиб, йигит иши орқага кетиб, совға-салом олишга қурби етмай уйга қуруқ қўл билан қайтди. Ақли оз, феъли эса ёмон, тарбия кўрмаган хотин бу ҳолни кўриб:

– Вой, сизнинг бир кўзингиз кўр экан-а! – деди.

Эрнинг бу гапдан кўнгли оғриса-да, ўзини босиб, совуққонлик билан: “Шу кунгача билмаганмидинг?” – деди.

– Шу пайтгача қўлингизга боқиб, кўзингизга қарамаган эканман, – деди бефаҳм хотин.

– Хоним, сен сал адашибсан. Эрингнинг бир эмас, иккала кўзи кўрдир. Сўқир бўлмаса, ақли қисқа қизга уйланармиди, – деди эр, тақдиридан афсусланиб.

“Хотинларнинг сочи узун, ақли қисқа”, деган мақол менга ёқмайди. Ҳатто буни мақол ўрнида қабул қилмайман. Чунки мақолда чуқур маъно яширинган бўлади. Бунда эса бемаънилик мавжуд. Агар тўғри мақол, деб қабул қилсак, унда бувиларимиз ва оналаримиз, опа-сингилларимиз ва қизларимизни ҳам “ақли қисқа”, деб ҳақоратлаган бўламиз. Бу “мақол”ни кимдир маълум бир аёлга нисбатан тўқигандир, деб ўйлайман. Эҳтимол, юқоридаги воқеада баён қилинган хотинга ўхшаганлар назарда тутилгандир. Чунки фақат ақли қисқа хотингина ўзига берилган неъмат қадрини билмайди. Аёл учун эридан ортиқ неъмат бўлиши мумкинми? Шуни идрок эта олмайдиган хотинни лаънатлаган эрга нима деймиз? Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир хотиннинг ҳаётини, номусини, шараф ва ҳурматини қўриқлай олиши учун икки паноҳ бордир: бири – эри, иккинчиси – қабрдир”, деганлар.

Келинпошша, англадингизми? Воқеа баёнидаги фаҳми кам хотин эрнинг хотин учун қадри қанчалик буюк ва керакли эканлигини билмади. Унутмангки, бу мезон виждони бор, оқилалар учундир. Оқила аёлнинг номуси бўлади. Виждонсиз аёлнинг номус мезони Чорсу бозоридаги ўтмас матоҳ кабидир. Виждонсизнинг калта ақли нимага етса, ўшандан фойдаланади. Ақлини бойитишни ўйламайди. Виждон ва ақл нуқтаи назарида номус бир қуш кабидир. Агар сақланмаса, бир учганича қайтиб келмайди.

Номусли хотиннинг паноҳи эр экан, шунинг учун эрнинг қадр-қимматини баланд тутинг. Унинг қадрига етинг, унга меҳрибон бўлинг. Ҳеч вақт кўнглини қолдирманг!

* * *

Доимо кулиб турувчи эрнинг хотини дунёда энг яхши хотиндир (Абулқосим Фирдавсий).

* * *

Ақлли аёл эрининг камчиликларига бир кўзини ёпар ва иккинчи кўзи билан унга қараб яшар (Мақол).

* * *

Шубҳасиз, сиз чиндан ҳам кимнингдир суюкли ва ардоқли қизи, яна кимнингдир суюмли ва азиз келинисиз. Эҳтимол, сиз келин бўлиб тушган хонадон бугунча қадрингизга етмаётгандир? Тушкунликка тушманг, Ардоқланувчи келинлар қаторида бўлишингизни Раббимиздан сўранг. Сўранг-да, ўйланг: “Нима учун бу оилада қадрим йўқ? Булар ёмонми ё менинг камчилигим борми?” Шу саволга биринчи галда ўзингиз жавоб топишга ҳаракат қилинг. Масалага инсоф юзасидан қарасангиз, ўзингизда ҳам озгина айб топасиз. “Озгина” дейишимнинг сабаби, айрим ҳаракатларингизнинг айб эканини ўзингиз ҳам билмайсиз. Чунки ота-онангиз сизга одобдан етарлича яхши тарбия бермаган бўлишлари мумкин. Бу борадаги айбни улар зиммасига юклаймиз. Бу камчиликни тузатиш эса энди ўзингизнинг зиммангизда бўлади.

* * *

Эрга меҳрли бўлиш керак, деганда нималарни тушунасиз? Таомни тотли пишириш, кийимларни ювиб-дазмоллаш, ишдан қайтганида чиройли жилмайиш билан кутиб олишми? Ҳа. Аммо булар хотиннинг зиммасидаги вазифалар. Эрга бўлган меҳр ўзгача шароитларда намоён бўлади. Бунга бир мисол:

Яхши хулқли аёлнинг оиласи тотув, бахтиёр эди. Бир кеча эри уйғониб кетиб, сув сўради. “Хожамнинг юраклари куйяпти шекилли, ҳароратлари ҳам борга ўхшайди. Уйдаги сув илиб қолган. Ташқарига чиқиб совуқ сув олиб кирайин, ичиб ҳузурлансинлар”, деб ўрнидан турди. Ҳовлига чиқиб, сувни олиб қайтса, эри яна ухлаб қолибди. Аёл “Эрим уйғониб қолар”, деб чойнакни ерга қўймай, ўтираверди. Бир қанча вақтдан кейин эри уйғониб, “Нега ўтирибсиз?”– деб ажабланди.

– Сиз сув сўраганингизда уйдаги илиб қолган сувдан беришга кўнглим бўлмади. Ҳовлидан қайтсам, ухлаб қолибсиз, уйғотишни истамадим. Хожам балки завқли бир ҳол, рангин бир рўёдадирлар, деб ўйладим. Уйғонишингизни кутаётувдим. Мана, сувни ичиб олинг, ташналигингизни қондиринг.

Хотинининг бунчалик меҳридан севинган эр ҳаяжонланиб:

– Сиздек хуш хулқли, ҳикматли бир хонимга соҳиб бўлганимдан саодатлидирман. Хуш хулқли, оқила хоним, мендан тилагингизни тиланг, нима яхшилик қилай? – деди.

– Сизнинг соғлиғингизни истайман, – деди хотин.

– Хайр майли, хоним, мендан ҳеч нарса сўрамайсиз. Сизнинг бу муомалангиздан олган қувончим, мамнунлигим эвазига сизга бир яхшилик қилгим келяпти, айтинг, нима истайсиз?

– Ўзимга ҳеч нарса керак эмас, сизнинг соғлиғингизни истайман, – деди хотин.

Эр неча марта сўраса ҳам, жавоб бир хил бўлди.

Келинпошша, англагандирсиз, чинакам меҳрда миннат бўлмайди.

* * *

Кўп суюкли қизларимиз тўйдан олдинги орзу-умидлари амалга ошмаса кўнгиллари чўка бошлайди, уйда хафагарчилик бошланади. Чунки ниманидир кутиб яшаш ҳар қандай одамни чарчатади. Одатда аёллар эрларидан кўп нарсаларни кутишади ва шунинг учун ҳам кўп ранжишади. Орзу-умидларнинг чеки бўлмайди. Масалан, қиз “Қассобга тегяпман, тўйиб-тўйиб гўшт ейман”, деб ўйлаши мумкин. Тўйдан кейин билсаки, касби қассоб бўлгани билан бу уйдагилар мутлақо гўшт ейишмас экан. Ҳақиқат шуки: тўйдан олдин кўп нарса орзу қилиш керакмас, тўйдан кейин кутганлари амалга ошмаса, хафа бўлмаслик лозим.

Шундай латифа бор: келинчак тўйнинг эртасига уйғониб қараса, куёв ошхонада ивирсиб юрганмиш, зимдан кузатибди. Эри нонушта тайёрлагач, кийимига дазмол уришни бошлабди. Келин “Орзуйимдаги эрга тегибман”, деб қувониб, жойига ётиб, уйқуни давом эттирибди. Салдан кейин эри уни туртиб уйғотиб, қилган ишларини кўрсатибди-да:

– Кўриб қўй, ҳар тонгда барвақт туриб, шу ишларни бажариб қўйишинг керак, – дебди.

* * *

Бир солиҳа аёл эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпиб, жаннатнинг саккиз эшигини очади (Жаъфар Содиқ).

* * *

Оиланинг ҳусни – келишув, оиланинг завқи – боғлиқлик, Оиланинг қувончи – муҳаббат, оиланинг қонуни – меҳнат, оиланинг фароғати – мамнун диллар (Донолар ҳикматидан).

* * *

“Ёғмас булут ерни ковлар, ёмон хотин эрни ковлар”, деганларидек, сиз эрингиз ҳақида ҳеч ерда, ҳеч кимга ёмон сўз айтманг. Эрингиз ёмонларнинг ёмони бўлганда ҳам, ҳатто онангизга ёмонламанг. Аксинча, “Эримни ёмонликдан қайтариб, яхшилар сафига қўш”, деб дуо қилинг. Бу борада сизга ибрат бўлар деб бир ривоятни айтайин:

Одамийлик фазилатлари билан вояга етган қиз майхўрликни ёқтирадиган бир йигитга турмушга чиқди. Хожаси ҳар куни уйига ширакайф бўлиб келади. Келин хожасига ялиниб, бу иллатдан қутулишга даъват этади. Аммо отаонасининг танбеҳларига ҳам қулоқ осмайдиган эр шайтон йўлини тарк этишни истамайди. Келин бундан безиб, уйига кетиб қолишни ҳам ўйлайди. Лекин онасининг насиҳатига амал қилиб, сабр этади ва Аллоҳга кўз ёшлари билан муножот этиб, дуо қилишни кўпайтиради, эрини яхшиликка юз буришини сўрайди. Ярим тунлари ўрнидан туриб бошқа хонага чиқиб пичирлаганича илтижо қилаверди:

– Эй Аллоҳим! Ҳузурингда гуноҳкор қўлларимни очдим. Сенга ёлбораман. Мени афв эт. Гуноҳимни кечир, ё Раббим! Сенга кўз ёши тўкиб ёлбораман. Сенинг розилигинг учун адо этадиганим намозларим ва тўккан кўз ёшларим, сенга бўлган бениҳоя иймоним, даргоҳи иззатингда маъқул бўлса, сенинг ризолигинг уйғун бир ибодат ва иймон берса, эй улуғ Аллоҳим! Шуларнинг хотири учун шу онда ётоғида ухлаётган хожамни ҳам ислоҳ айла, тузатгин, у гуноҳ ишлардан қайтсин. Хожамга ҳидоят бер, эй Раббим! Эй Раҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳим! Дуойимни қабул айлагил!

Бу онда эр уйғониб қараса, ёнида хотини йўқ, ётоқхонада ҳам йўқ. Сархушликдан боши оғриган эр бундан шубҳаланди. Товуш чиқармай, секин юриб чиқиб ёнидаги хонани қараса, хотини қўлларини баланд кўтарганича йиғлаб Тангри таолога ёлборяпти: “Эй кечиргувчи Аллоҳим, адашган бандаларинг қаторида хожамни ҳам кечиргин…”

Эр унинг нолаларини эшитиб, кўнгли юмшади. Хотиннинг тўккан кўз ёшлари унинг қалбида иймон нурлари бўлиб порлаб, одамийлик йўлини кўрсатди. Энди унинг қалби нидо қила бошлади. Лаблари беихтиёр пичирлади:

– Эй кечиргувчи Аллоҳим! Мени афв этгин! Шу ярим тунда хотиним менинг учун кўз ёшини тўкмоқда экан, мен эсам унинг ҳақида ёмон хаёлларга бордим. Хотиним мени афв этишингни Сендан ёлбориб сўрар экан, мен эсам гуноҳга ботиб ётибман. Бу тушми ўзи?! Эй Раббим! Мени кечир. Сўз бераман, бугундан бошлаб оилам билан биргаликда Сенга ўзимнинг қуллик вазифамни адо этаман ва иллатлардан қутулиб, уйимизни нурафшон этаман!

Бу шунчаки эртак эмас. Ўзининг сабри ва одоби, дуолари билан эрининг мартабасини баланд қилаётган аёллар кўп. Сиз шулардан бири бўлинг.

* * *

Бадхулқ ва бемаъни эрга учраган аёлнинг асосий вазифаси шундан иборатки, у бор кучини сарфлаб, эрининг нотўғри йўлдан кетаётганини тушунтириши, унга ваъзу насиҳат қилиши, барча чора-тадбирларни қўллаганда ҳам эрининг тузалишига ишонч йўқ бўлгач, ундан кўнгил узиши, қутулиш йўлини қидириши керак.

* * *

Оилавий масалада эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади (Олимат ал-Банот).

* * *

Биз қайнона-келин орасидаги келишмовчилик ҳақида кўп гапирамиз. Ҳолбуки, она ва ўғил орасида ҳам жиддий муаммолар учраб туради. Қайнона ва келин ниҳоятда аҳил, она ва ўғил ниҳоятда зиддиятли оилалар ҳам бор. Жиддий зиддият бўлмаса-да, ўғил баъзан онасининг гапларини, талабларини малол олади. Келинпошша, агар оилангизда шундай ҳол юз берса, яъни эрингиз онасини ёмонлаб шикоят қила бошласа, онасининг хатоларини айтса, уни қўллаб-қувватлашга шошилманг. Агар “Тўғри, ўтган куни ойингиз менга ҳам шунақа қилдилар”, дейишингиз билан эрингиз ўзгаради, онасини айблаётган ўғил, бир дақиқада ҳимоячига айланади, сиз эса ғийбатчига айланиб қоласиз. Эрингиз оиласидан дард чеккан онларда унга ақл ўргатмасдан, гапларини фақат эшитинг. Билингки, дардини айтишдан мақсади сиздан маслаҳат сўраш эмас. Онасининг ёки опа-синглисининг қандайлигини у сиздан яхшироқ билади. У дардини тўкиб бўлгач, сизга гапириш фурсати берилса, қайнонангиз, қайнсингилларингиз ҳақида фақат яхши гаплар айтинг. Шунда эрингизнинг сизга бўлган муҳаббати ортади. Онаси ва бошқа яқинларига доир муаммоларни ўзи ҳал қилади.

“Қайнона пахта ип бўлса, жавондан тушиб кетса, келиннинг боши ёрилар”, деганларидек, қайнонангизнинг энг оғир гапларини ҳам оғир олманг, чиданг. Вақт ўтгач, ўйлаб қарасангиз, ўша оғир гап сизга фойдали маслаҳат бўлиб чиқади. Уйга борганингизда онангиз: “Қизим, тежамкор бўл, эрингнинг пулларини совурмай, тўпла. Тўплаб-тўплаб, уй олишинглар мумкин”, деса “Тўғри айтасиз ойи”, дейсиз. Худди шу гапни қайнонангиз айтса, бошқача қабул қиласиз. “Ишларимизга намунча аралашаверади, ўғлининг пулларини мен совураётган эканманми, уйдан чиқиб кетишимизни хоҳлаяпти”, деб аччиқланасиз, тўғрими?

Қайнонангизнинг гапларидан ёмон маъно изламанг. Шунда хотиржам яшайсиз.

* * *

Рашк ҳар бир одамнинг фитратида мавжуд. Рашк – қизғаниш демак. Севиб қизғаниш – фазилат, шубҳа тўрига ўраниб қизғаниш – иллат. Одам чақалоқлик, гўдаклик, болалик чоғида ота ва онани қизғанади. Бегона одамми ё ўз акасими “Менинг ойим!” – деб онасини қучоқлаб олса, гўдак чинқираб йиғлайди. Қизғаниш норозиликнинг, ҳатто нафратнинг уйғонишига сабаб бўлади. “Йўқ, ойим сизники эмас, меники!” деган эътирозни тил билан айтолмаса ҳам, бу ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қўлидаги нарсасини отишдан ҳам тоймайди. Бола ўйинчоқларини ҳам қизғанади. Бошқа боладаги ўйинчоққа ҳавас қилади, бу ҳам ўзига хос рашкнинг бир заррасидир. Қизлардаги молга бўлган ҳавас рашки тезроқ ривожланади. Қиз бола турмуш қурмасидан аввал рашк қилса, бошқаларга сезилмаслиги мумкин. Лекин тўйдан кейин бошланадиган рашкдан жуда-жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Келинпошша, “Рашк, бошқалардан кўра ўзига кўпроқ азоб бериш санъатидир”, дейишади, сиз шу бемаъни санъатдан нари бўлинг. Эрингизга ишонинг, агар кўнглингизга озгина шубҳа аралашса, “Эй Худо, эримга ўзинг инсоф бер!”– деган дуо билан асоссиз гумонларни нари қилинг. Ёқтирмаслик, ҳадик, шубҳа ҳамда рашк ҳурмат ва ишончнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Рашкни муҳаббатга хос бўлган зарурий нарса деб ҳисоблаш кечирилмас англашилмовчиликдир. Чунки кучли муҳаббат билан ёмон шубҳа муроса қилолмайди. Шундай олийжаноб муҳаббатлар борки, улар рашкка ўрин қолдирмайди. “Рашкда муҳаббатдан биргина, иззатталабликдан эса тўқсон тўққиз улуш бор”, деган донишманд минг карра ҳақ эди.

Рашк аввалига қалбга зарра кўринишидаги чўғ каби тушади. Шубҳани енга олсангиз, чўғни ўчирган бўласиз. Агар енга олмасангиз чўғ аланга ола бошлайди. Қалбингизни куйдириб, қора кўмирга айлантириб қўйиши ҳеч гап эмаски, бу азобдан Аллоҳ сақласин! Эрингиз кўчадами ё қайсидир даврадами бир қиз билан кулиб гаплашиб турган бўлса, уни севиб қолганидан ёки унга илакишаётгандан дарак эмас. Бу ҳолатни ёмонликка эмас, оддий, самимий суҳбатга йўйинг. Айниқса, шубҳаларингизни эрингизга маълум қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки рашк шубҳалари қутқуси билан мутлақо гуноҳсиз одамни ҳам ҳақоратлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Рашк – бамисоли бир махлуқ, у ўзидан-ўзи бошланиб, йўқ гапларни юзага чиқаради.

Ўтмиш донишмандлари: “Эй аёл, рашкдан эҳтиёт бўл, рашк талоқ калити саналади. Сенга насиҳатим шуки, эрингга таъна қилаверма, чунки таъна нафратни келтириб чиқаради”, деганлар. Дадангиз ёки онангиз рашкнинг ёмонлиги ҳақида сизга ҳеч гапиришганми? Гапиришган бўлишса, насиҳатларига амал қилинг. Гапирмаган бўлишса, доноларнинг ўгитига қулоқ тутинг:

* Рашкчилар баҳона ахтариб ўтиришмайди, улар шу сабабсиз касалликка мубтало бўлганлари туфайли ҳам рашкчидирлар.

* Рашкчилар чумолини – фил, қумурсқани баҳайбат махлуқ, тахминни – рост қилиб кўрсатадиган ваҳима ойнаги орқали қарайдилар.

* Жазавали севгидан худди нафратдан қўрққандай қўрқиш керак. Муҳаббатки мустаҳкамми, у ҳамиша беғубор ва осойиштадир, унга ҳеч қандай рашк булути соя сола олмайди.

* Рашк ошиқ учун азоб-уқубат, маъшуқа учун ранж-изтироб манбаидир.

* * *

Уйини Жаннат боғчасининг бир гўшаси бўлишини истаган хотин “Эримга қандай хизмат қилсам, мамнун этаман?” деб ўйлайди. Шу йўлдан юрган оқила хотин бахтли ҳаёт кечиради. Акс ҳолда унинг ақли ўз бахтини йўқ қиладиган портловчи модда бўлиб хизмат қилади. “Эримни қандай алдайман”, деб турлитуман ҳийла йўлига тушган хотин ақлини ўз бахти ва саодатини бузишга қурол қилиб ишлатади, демакдир. Бугун “Бошим оғрияпти”, деб, эртасига “Қорним оғрияпти”, деб ястаниб ётиб олиш ақлли бир хоним қиладиган иш эмас. Бундай ёмон йўлга бош урган хотинлар ақлсиз, фаҳмсиз, шуурсиз, тушунчаси бўлмаган аҳмоқ ва жоҳил яратилгандирлар. Улар том маънода хотин бўлолмайдилар. Агар бундай хотин бўлсалар, Аллоҳнинг яратган балолари бўладилар.

* * *

Эрда ҳам, хотинда ҳам ранжиган кезлари ўч олиш ҳисси уйғонади. Ақллилар бундай ҳисни дарров бўғиб ўлдиради, эр хотинни, хотин эрнинг айбини дарров кечиради. Ақлсизлар гина қилиб юраверишади. Гина қилиш фақат ўзларигагина зарар эканини англашмайди. Билсинларки, кечириш кишининг ўзига қилган энг катта яхшилигидир. Гина сақлаб, интиқом олиб ҳеч ким ҳеч қачон бахтли бўлмаган. Келинг, тасаввуримизни ишга солайлик: сизнинг ёш ва ширин оилангизни ширин чақалоқ деб фараз қилайлик. Ана ўша умрингизнинг мазмуни бўлмиш ширин чақалоқ эмаклаб юриб, жар ёқасига бориб қолган. Яна бир ҳаракат қилса, тубсизликка қулаб, ҳалок бўлади. Чақалоқнинг бир ёнида отаси, бир ёнида онаси турибди, лекин ёрдамга шошилмайди. Чунки улар бир-бирлари билан аразлашиб қолишган. “Болани отаси қутқарсин, бақириб, уришни билади, болани ҳам қутқарсин”, деб ўйлайди хотин. “Туғиб қўйганидан кейин ўзи қутқарсин”, деган қатъиятда туради эр. Хўш, шу аҳволда болани қутқариб қолиш мумкинми? Энди тасаввурдан ҳаётга қайтайлик: араз туфайли бузилай деб қолган оилани ким сақлаб қолиши керак?

* * *

Ҳомиладорлик даври бошланганида уятданми ё бошқа сабабданми, дардингизни ичингизга ютиб, қийналиб юраверманг. Кўнглингиз нимани тусаса, буни ҳам яширмай айтинг. Ҳомиладор аёл кўнгли тусаган таомними ё ширинлик ё меваними, албатта ейиши керак. Кўнглингизнинг истаги – сизнинг эркалигингиз ё инжиқлигингиз эмас. Бу талаб сизнинг истагингиз ташқарисидадир. Аввало қайнонангиз, эрингиз ва қайнотангиз буни яхши тушунишлари шарт (Бу ҳақда қайноналарга гапирганман). Ҳомиладорлик дастлабки белгини бериши билан врач назоратида бўлинг, ўзингизча шифо изламанг. Сиз энди фақат ўзингизнинг саломатлигингиз учун эмас, фарзандингизнинг соғлом туғилиши учун ҳам масъулсиз.

* * *

Ота-онангизнинг уйида бадантарбия билан шуғулланмаган бўлсангиз, энди серҳаракат бўлишга интилинг. Бизнинг аёлларимиз иболи, ҳаёли. Лекин бу фазилат спорт билан шуғулланишларига тўсиқ бўлмаслиги керак. Мен бир даврада “Қизларни спортга кўпроқ даъват этиш керак”, деб, “Қизлар спорт билан шуғулланишса бузилиб кетишади”, деган эътироз эшитдим. Бундай бемаъни гапга асос йўқ. Яхши тарбия кўрмаган қиз спорт билан шуғулланмаса ҳам бузилаверади. Хорижда фоҳишалик қилиб, миллатимизни уятга қўяётганлар бу иллатли йўлга спорт орқали ўтишибдими?

Қизларимизни спортга даъват этиш баробарида бу масалага нисбатан бўлган салбий фикримни ҳам баён этай: ҳозирги спортни икки турга: профессионал ва ҳаваскорлик турига ажратаман. Профессионал спорт билан шуғулланишларига қаршиман. Эртаю кеч шуғулланиш, катта мусобақаларда ғолиб келиш учун турли дориларни ичиш – охир-оқибат аёлнинг саломатлигига салбий зарар кўрсатади. Шунингдек, эрларга хос бўлган футбол, бокс, тош кўтариш, велосипед ва от спорти, каратэ ва шунга ўхшаш кураш турлари билан шуғулланишни тақиқлаган бўлардим. Мавжудотлар ичида Аёл гўзал ва нафис қилиб яратилган, мушаклари ўйнаб турган қизда бу нафосат бўлмаслиги бир масала, энг муҳими – саломатлигидан айрилади, нозик бадани оғирликларни кўтара олмайди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации