Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 16


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Шунга ўхшаган воқеалар оз бўлса ҳам учраб турадики, ундан кўз юммоқлик мусулмон боласига хос эмас. Ота-оналарини иззат қилувчиларни ҳаётда кўп учратамиз ва бундан кўнгилларимиз шодланади. «Менинг фарзандларим ҳам шундай солиҳ бўлсин», деб ният қиламиз. Ният қилишимиз яхши, аммо шунинг ўзи кифоя эмас. Фарзанднинг олийжаноб, фазилатли бўлиши фақат унинг насл-насабига ҳам тааллуқли бўлиб қолмайди.

Айрим ёшларни кузатаман, ота-онанинг розилигини олиш масаласига анча енгил қарайдилар. Биз ота ва онамизнинг сўнгги нафаслари чиқиши олдидан розилик сўрашга одатланиб қолганмиз. Баъзилар “Отам (ёки онам) тўсатдан жон бердилар, розилик сўролмай қолдим”, деб афсусланадилар. Розилик сўраш учун сўнгги нафасни кутиш шарт эмас. Ҳар куни, ҳар дақиқада ота ва онага яхши хизмат қилиниб ва улардан “Раҳмат, болажоним”, деган гапни эшитишнинг ўзи кифоя. Уларнинг шодликлари ризолик аломатидир.

Саодат асрида Алқама исмли бир диндор йигит яшар эди. Намозини тўла ўқирди, муҳтожларга садақа берарди. Саломатлиги ёмонлашаётганини сезиб, хотинини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурига юборди.

– Ё, Расулуллоҳ! Эрим сўнгги нафасини олаётганга ўхшайди, унинг оғир аҳволини Сизга билдирмоқ учун келдим, – деди у хотин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Билол, ҳазрати Али, ҳазрати Солмон Форсий ва Амморларга: “Боринглар-да, Алқамани кўриб келинглар”, деб буюрдилар. Улар боришди-да: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, денг”, дейишди. Алқама ҳарчанд уринса-да, калимаи тавҳидни айта олмади, тили тутилиб, ғўлдираб қолди. Касалнинг ўлими яқинлашганини сезиб, ҳазрати Билолни Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурига юбордилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом воқеадан хабар топгач, “Онаси ва отаси ҳаётмилар?” – деб сўрадилар. Ҳазрати Билол: “Отаси вафот этган, онаси ҳаётлар”, – деб жавоб бердилар.

– Алқаманинг онаси ҳузурига бориб, мендан салом айт. Кела олса, ҳузуримга ташриф буюрсинлар. Кела олмасалар, ўзим бораман, – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.).

Ҳазрати Билол бу гапни кампирга етказдилар. Кампир “Расулуллоҳнинг йўлларида юз жоним фидо бўлсин, ҳузурларига ўзим бораман”, деб шошганича йўлга тушди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни кутиб олиб, сўрадилар:

– Менга тўғрисини айтасан, ёлғон гапирсанг, менга Аллоҳдан ваҳий келади: Алқаманинг аҳволи қандай?

– Ўғлим кўп намоз ўқийди. Кўп хайр-эҳсон қилади. Берган садақаларининг ҳадди-ҳисоби йўқ.

– Сен билан муносабати қандай? Сенга ҳалол ва холис хизмат қиладими, оқ сутингни оқладими? Менга шундан гапир, – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.).

– Ё Расулуллоҳ, тўғрисини айтсам: мен ундан ич-ичимдан хафаман.

– Нега хафасан? Сабабини айт.

– Хотинини мендан афзал кўради. Фақат унинг сўзига қулоқ солади.

Бу гап айтилгач, масала ойдин бўлди:

– Онаси Алқамадан хафа бўлгани учун у калимаи шаҳодатни айта олмаган, тили тутилган, – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). – Эй Билол, чиқиб ўтин тўпла, Алқамани ўзим ёқаман!

Бу гапни эшитиб кампир титраб кетди.

– Ё, Расулуллоҳ! Ўғлимни, кўнглим мевасини ёқмоқчимисиз? Бу азобга юрагим қандай чидайди?!

– Аллоҳнинг Қиёматдаги азоби бундан зўрроқ ва давомлироқдир. Ўғлингга ҳаққингни ҳалол этмасанг, узоқ вақт оловда ёнади. Агар рози бўлмасанг, унинг намозлари ҳам, садақалари ҳам фойда бермайди.

– Ё, Расулуллоҳ! Алқамадан рози бўлдим. Ҳаққимни ҳалол этдим!

Хотин шундай хитоб қилгач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Билолга: “Бор, Алқама энди калима келтира олганмикин?” – деб буюрдилар. Ҳазрати Билол бориб, Алқаманинг тили айланганини, шаҳодат калимасини айтганини сездилар. Алқаманинг жони шу пайтда узилди. Пайғамбаримиз уни ғусл эттириб, дафн қилишни буюрдилар. Ўзлари жаноза намозини ўқидилар ва қабр бошида асҳобга қарата дедилар:

– Эй асҳобим! Ҳар ким хотинининг сўзи билан онасини ранжитса, хотинини онасидан устун қўйса, ул одамга Аллоҳнинг лаънати бўлади. Унинг фарз ва нафл намозлари қабул бўлмайди. Ул одамнинг борар ери Жаҳаннамдир!

Мазкур ҳадисга алоҳида шарҳ лозим эмас, барчаси аниқ ва тушунарли. Мазкур ривоятда баён қилинган ҳикмат фақат куёвтўралар учун эмас, келинпошшалар, қайнотажонлар, қайнонажонлар, шунингдек, яқин йилларда куёвлик ва келинлик сарполарини кийувчи фарзандлар учун ҳам ибратдир.

* * *

Тўрт нарса қайтиб келмайди: оғиздан чиққан сафсата, бошдан ўтган фалокат, мўлжал томон отилган ўқ, умрдан ўтган кунлар…

*

Эй ўғлим, ишларингда фақат олимлар билан маслаҳатлашгин. Олим жоҳилни билади. Чунки у аввал жоҳил эди. Жоҳил олимни танимайди, чунки у олим бўлмади… Олимлар билан ҳамсуҳбат бўл. Донишманднинг ҳикматли сўзларига қулоқ сол, яхшилаб эшит. Зеро, Аллоҳ мўл ёмғир билан ўлик тупроқни яшнатгани каби ҳикмат нури ила ўлик қалбни тирилтирур.

*

Кераксиз ҳою ҳаваслардан сақлангин. Кераксиз орзуга етаман, деб қарздор бўлиб қолмагин. Қарздор бўлиб қолсанг, кундузи зулматда юрасан, кечаси ғам ичида тўлғонасан. Тирикчилик учун ёнингда ҳамиша пул бўлсин. Мабодо бўлмаса, муҳтож эканингни бошқаларга сездирмаслигинг – сенинг бойлигингдир. Очкўзликдан сақлангин, очкўзлик – камбағалликдир.

*

Яхшилик қилган яхшилик топади, сукут сақлаган саломатликка эришади, ширин сўзлаган фойда кўради, ёмон гапирган гуноҳкор бўлади, тилига ҳоким бўлмаган пушаймон ейди.

*

Эй ўғлим, хулқи ёмон хотинлардан эҳтиёт бўл. Чунки улар сени барвақт қаритади. Уларнинг ёмонлигидан сақлан. Зеро, улар яхшилик келтирмайди (Луқмони Ҳаким).

* * *

Тўйдан кейин мустақил ҳаёт кечиришга уринишингиз табиий ва ҳатто олқишга сазовор. Лекин бу жараён сиз ўйлаганчалик тез кечмайди. Мустақил ҳаёт кечириш учун пул топишнинг ўзи кифоя эмас. Агар “Пул топяпман, мустақил ҳаёт кечираман”, деб ота-онангиз насиҳатларидан, маслаҳатларидан воз кечсангиз, катта хато қиласиз ва кейин пушаймонда қоласиз. Мендан кўпчилик турли масалаларда маслаҳат сўрайди. Ақлим етганича жавоб бераман. Лекин шундай ҳолатларга дуч келаманки, етмиш ёшимда ҳам дадамнинг маслаҳатларини қўмсайман. Бошқаларда ҳам шундай ҳолат юз берса керак, деб ўйлайман. Йиллар ўтиб пушаймон бўлмаслигингиз учун энг майда масалаларда ҳам дадангиз билан маслаҳатлашинг. “Бу масалаларга дадамнинг ақллари етмайди”, деган фикрни миянгиздан қувиб чиқаринг. Американинг машҳур ёзувчиси Марк Твен: “Ўн беш ёшимда отам аҳмоқ эди, йигирма беш ёшимда ўйлаб қарасам, ўзим аҳмоқ бўлган эканман”, деб ёзган экан. Бу борада сизга ибрат бўлсин учун, тадқиқотчиларнинг кузатувларидан юзага келган ярим ҳазил, ярим чин хулосани баён қилай:

5 ёшда: Отам ҳамма нарсани биладилар.

10 ёшда: Отам кўп нарсани биладилар.

15 ёшда: Мен ҳам отамчалик биламан.

20 ёшда: Тўғрисини айтсам, отам ҳеч нарсани билмайдилар.

30 ёшда: Ҳар ҳолда отам унча-бунча нарсани биладилар.

40 ёшда: Отамнинг бу масаладаги фикрларини билсам ёмон бўлмасди.

50 ёшда: Отам ҳамма нарсани биладилар.

60 ёшда: Қанийди отам тирик бўлганларида шу масаладаги маслаҳатларини олардим…

* * *

“Хотин билан маслаҳатлаш-у, айтганининг тескарисини қил”, деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Бунга қўшимча равишда “Хотинлардан ақлли гап чиқмайди”, дегувчиларга қарата “Нодонсизлар, азизлар”, десам ранжимасинлар. Энг ёмони – бунақа бемаъни насиҳатларни сиз каби ёш куёвларга кўп айтишади. Сиз ақлли йигитсиз, куёвтўра, бунақа гапларни қулоққа олаверманг. Хотинлар орасида ҳам ақлли, доно маслаҳат берувчилар кўп. Эркаклар орасида эса бемаъни маслаҳатлар берадиган нодонлар ундан-да кўп. Шу боис кимнинг маслаҳати ўринли, кимники ноўрин – ўз ақлингиз, ўз тажрибангиз тарозисида ажратиб оласиз. “Одамларни телба қилган хотинлар беҳисоб, аммо телбани одам қиладиган хотинлар ҳам бор”, деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Француз адиби Анатоль Франснинг: “Аёл эркак зотининг буюк мураббийсидир”, деган гапи баъзилар учун баландпарвоз, ҳатто нотўғри туюлиши мумкин. Лекин бу гапда ҳақиқат ҳам мавжуд.

Ҳар бир эркак каттами ё кичикми бир иш қилишда, албатта, хотини билан маслаҳатлашади. Сизнинг ҳаётингизда ҳам худди шундай бўлади. Келинпошша ғоят доно бўлсалар-да, маслаҳатларини дарров амалга оширишга шошилманг. Бу масаладаги онангизнинг фикрларини билинг. Агар қайнона-келиннинг маслаҳатларида қарама-қаршилик бўлса, масалани ҳал қилишни орқага суринг ёки ўрта йўл топишга уриниб кўринг. Сабр қилинг. Онангиз ноҳақ бўлсалар, фикрлари ўзгаришини кутинг. “Ойи, келинингиз тўғри айтяпти, шу-шу нарсаларни бугун олиб қўйишимиз керак”, дея кўрманг. Хотинингиз маслаҳатини ўз шахсий фикрингиз кўринишида билдиринг.

Унутманг: қайноналар жуда зийрак бўлишади. У ёки бу фикр сиздан чиққанми ё келинданми – юздан саксон ҳолда сезиб туришади. Гапингиз оҳангиданми ёки кўзларингизга қараб сезишадими – Худо билади.

* * *

Куёвтўра, тўйингиз қандай ўтди? Шодлик-хуррамлик, тотувлик ва тинчлик билан ўтган бўлса, шукрлар қиламиз. Уриш-жанжал билан ўтган бўлса-чи? Қайсидир тўйда ёш дўстларимиздан бири: “Тўй бошланганига икки соатдан ошди, аммо қизимаяпти”, деб кулимсиради. Сўнг пичингнинг маъносини изоҳлади: “Бу жойларда муштлашиш бўлмаса, тўй зерикарли ўтган ҳисобланади”. Тўй зерикарли ўтмаслиги учун дастурхонга ароқ-коньяклар қўйилади. Айрим ёшлар ота-оналарининг хоҳишларига қарши ўлароқ, дастурхонга маст қилувчи ичимликлар қўйдирмаяптилар. Бундайларнинг ақлига балли деймиз. Лекин қаршилик қилиш у ёқда турсин, ўзлари никоҳ базмида тўйиб ичиб, чимилдиққа маст ҳолда кирувчилар ҳам бор. Эндиги сўзим ана шундай куёвларга аталган. Бир оз оғирроқ тарзда баён қиламан, малол олмасинлар.

Аввали шуки, илгари ошна-оғайниларингиз билан ичиб юрган бўлсангиз ҳам, энди нафсингизни тийинг. Агар туғилажак фарзандларингизнинг соғлом бўлишини, ўзингиздан соғлом зурриёт қолишини истасангиз, ичкиликдан дарҳол тўхтанг. “Тўй куни ича кўрманг”, демайман. Ичишни тўйдан камида 40 кун олдин тўхтатинг. Агар нафсингизни тия олмасангиз, ароқ ичган кунингиздан бошлаб 40 кун давомида хотинингизга яқинлашманг. Ярим пиёла эмас, бир қултум ичган бўлсангиз ҳам яқинлашманг. Ўша бир қултум ҳаром ичкилик қонингизда 40 кун давомида сақланиб туради.

Энди бу аянчли воқеаларга диққат қилинг:

Майхўр бир одам маст бўлиб олиб, сийдиги билан аввал қўлини, кейин юзини юва бошлади. Ундан: «Нима қиляпсан?» – деб сўрадилар. «Покланяпман», – деб жавоб берди у.

Бошқа бир майхўрнинг дудоқларини ит ялай бошлади. Маст одам итга: «Эй жанобим, сен мени сийлаяпсан, Худо сени сийласин!» – деб тумшуғидан ўпди. Ит орқа оёғини кўтарди-да, мастнинг юзига қараб “чоптир”ди. Маст итнинг бу иши учун ҳам ташаккур айтди.

Бу икки воқеага ишонмагандирсиз ёки латифа ўрнида қабул қилгандирсиз. Эҳтимол лофдир? Нима бўлганида ҳам, маст одамнинг ҳаракатларини диққат билан кузатсангиз, бундан баттар ҳолатларга гувоҳ бўлишингиз мумкин. «Мастлик – ростлик», деб бежиз айтмаганлар. Менимча, «Мастлик – аҳмоқлик!» Мастлик инсоннинг ақлини олиб қўяди ва уни ўзлигидан, яъни инсонликдан узоқлаштирадиган аянчли бир ҳолга келтиради. Ит мастнинг юзига “чоптираётганда” у аҳмоқ одам юзимни бир меҳрибон ювяпти, деб роҳатланди. Мастларнинг бадбўй оғизларидан қандай уят сўзлар чиқишини билмайдиган одам йўқ. Маст ака-укалар бир-бирларини «онангни…»лаб сўкишяпти. Ё, алҳазар! Ўз оналарини-я? Қайси аҳмоқдан бундан баттарроқ аҳмоқлик кутиш мумкин? Маст одам номус ва шарафини сақламайди, чунки ўша пайтда ақлидан айрилган бўлади. Мастлик қанча давом этса, аҳмоқлик ҳам шунча давом этади. Маст бундай пайтда нима қилаётганини билмайди. Номус, ор, шараф каби қадриятлар қушдек учиб кетади-ю, қайтиб келиб қўнмайди. Қанча номусли қиз-жувонларнинг номуси мастликда булғанди. Бундай чиркин хатарларни эшитиб-кўриб юраверамиз.

Ичкилик заҳарли илон кабидир. Бир чақса – ўлдиради. Яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун ичкиликнинг барча турлари ҳаром – манъ қилинган. Майхўрларнинг аксари Қиёматда жаҳаннамга боражакларини, ёниб, кул бўлажакларини билсалар ҳам, ўзларини тийиб ололмайдилар. Бу қандай нодонлик? Балки «касаллик» дерсиз? У ҳолда нима учун жигари оғриган инсон даволаниш чорасини излайди, ҳаракат қилади-ю, майхўр нафсини енгиш чорасини қидирмайди? Ажаб, ичкиликни чақиб ўлдирадиган илонга ўхшатдим-у, айни чоқда ўйланиб қолдим: илон аҳмоқлиги учун бировни чақмайди, жонини ҳимоя қилиш учун чақади. Майхўрликдан қайтмаётган одам эса ўз жонини авайлашни ўйламайди.

Ресторан қоровули ичкарига кириб қолган итни ушлаб олиб, ураётган экан. Бечора итнинг вангиллашини эшитиб, кўчадан ўтаётган бир одам эшикни очибди. Ит қоровулнинг қўлидан чиқиб қочибди. Шунда кўчадаги у киши дебди:

– Э биродар, сен итдан ранжима. Жониворнинг ақли йўқ, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай кириб қолган. Бизнинг эс-ҳушимиз жойида, шунинг учун бундай жойга кирмаймиз…

Куёвтўра, сиз эсли-ҳушлилардан бўлинг.

* * *

Ёмон одамларга яхши муомала қилиш балонинг олдини олади.

* * *

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинларига яқинлашишларини манъ этдим. Зеро, шаробнинг таъсирида бунёдга келган фарзанд насл-насабининг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим (Амир Темур).

* * *

Одамнинг камчилигини, айбини атрофидагилар тез сезади, баъзи ҳолларда “Дўст ачитиб гапиради”, деганларидай, танбеҳ беради. “Менга қолса, баттар бўлмайдими!” дегувчилар ҳам топилади. Энг яхшиси, ақлли одам ўзининг юриш-туришини, гап-сўзларини ўзи кузатишни ўрганиши керак. Сиз ҳеч ўзингизни четдан туриб кузатганмисиз? Масалан, бир даврада едингиз-ичдингиз, ўйнаб-кулдингиз, кечки пайт уйга қайтганда “Тўғри ўтириб, тўғри гапирдимми, бошқаларга масхара бўлмадимми?” деб ўзингизни тергайсизми? Бу саволга жавоб ўйлагунингизча мен бир аламдийда аёлнинг газетага ёзган мактубини ўзимдан бирор сўз қўшмай баён қилай, ўқиб, тўғри хулоса чиқариш сизнинг зиммангизда, камина бу ўринда четдан туриб кузатувчи мақомидаман.

“Турмуш ўртоғим ўз роҳатлари, маишатлари билан бандлар. Туриб-туриб жаҳлим чиқади. Эркакларга қандай яхши! Улар эркин қуш, ҳеч ким билан ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ҳафтада бир, ҳатто икки-уч қўлбола палов. Танишбилишлариникида тўй бўлса, икки-уч кунлаб қолиб кетаверадилар. Ойига жўралари билан икки марта “гап” ўйнашади. “Гап”ларининг номи – “Жумалик”. Барча ибодат қилиб, покланадиган жума куни оқшомдан бошлаб, бўкиб ичишади, бақириб, бир-бирларини сўкишади. Булар ҳам камлик қилиб, шаҳардаги маишатларига қаноат қилмай, ёз ойлари шаҳар ташқарисига чиқиб, “ҳаво алмаштириб” келадилар. Ҳаво алмаштиришса майлию, ўйнаш алмаштиришмасмикин, деган гумонда сиқилиб кетаман.

Оила-чи? Оила билан мутлақо ишлари йўқ. Нима бору нима йўқ, кимга нима керак – хаёлларига ҳам келмайди. Рўзғорга қарамайдилар. Мен ва болаларим ўзимизни ўзимиз эплаб, боқишга мажбурмиз. Бир-икки бор қайнонамга ҳасратимни очдим. Парво ҳам қилмадилар. Қайтанга аҳволимизнинг танглигидан ҳузур қилгандай: “Қўяверинг, эркак иши-да! Эр кўчанинг одами бўлади. Дадангиз ҳам ёшликларида шунақа эдилар, уйга бирорта чўп кўтариб келмасдилар. Рўзғорнинг бутун ташвиши хотин бошимда менинг зиммамда эди. Аёл киши ҳамма нарсага чидаши керак. Бир кун ақли кириб, қуюлиб қолар”, – дедилар.

Ёши ўттиздан ўтган кап-катта одам қачон қуюларкинлар? Кун ора масталаст келиб, ўринга таппа ташлайдилар. Ҳатто болаларни эркалашга, улар билан гаплашишга ҳам тоқатлари йўқ. Масаланинг нима эканини тушуниб ҳам кўрмай, қайнонамнинг чаққан гаплари асосида жанжал бошлаб юборадилар, ҳақоратлайдилар, баъзан урадилар. Тинчим йўқолиб, ҳаётдан тўйиб ҳам кетдим. Ўзимни бир нарса қилиб, ҳаммасидан биратўла қутулай дейман-у, болаларимни кўзим қиймайди…”

Куёвтўра, Худога шукр, сиз бундайлардан эмассиз. Лекин бу баён сизга бегона ҳам эмас. Қариндошларингиз, қўшниларингиз, айниқса дўстларингиз орасида шунақалари бордир. Бор бўлса, уларни бу хато йўлдан қайтаришга уриниб кўринг. Уринишингиз зое кетса, хулқларида яхшиланишга ҳаракат сезилмаса, улардан узоқлашганингиз маъқул.

* * *

Уй жиҳозларини янгилашга доир масалаларда ёшлар билан кексалар орасида келишмовчиликлар кўп бўлади. Масалан, стулларнинг ранги кетиб қолган бўлса, сиз эътибор бермасангиз ҳам, келин янгисига алмаштиришни истайди. Ёки ошхонадаги газ плитаси ўрнига янгисини олишни талаб қилаверади. Пулингиз етса, бу таклифга бажонидил кўнасиз. Лекин ота-онангиз рози бўлмайди. Кексалар стуллар бутун, эски газ плитаси ишлаб турган бўлса янгисини олишга ҳожат йўқ, бутун нарсани алмаштириш исрофгарчилик, деб ҳисоблашади. Агар уларнинг норозилигини инобатга олмай, янги буюмларни сотиб олсангиз, онангиз келинни айблайди. Сиздан эса “Фақат хотинининг гапига киради”, деб норози бўлади. Шу ишингиз учун сиз икки айбни икки елкангизга оласиз. Бир хонадондаги ҳаловатсизлик сабабини менга айтиб беришган эди. Эр хотини билан бамаслаҳат, ота-онаси билан бемаслаҳат ошхонадаги газ плитасини алмаштирган. Ота газ плитаси сотиб олинганидан эмас, бу иш бемаслаҳат бўлганидан ғазабланиб, ўғилга бир-икки аччиқ гап гапирган. Орадан кунлар ўтиб, келин қайнона билан суҳбат чоғида: “Адажон ўғлингиздан бекорга ранжидилар. Эски газплита бугун бўлмаса, эртага бузиларди. Уришиш ўрнига “Ўзинг пул топиб олибсан, баракалла”, деб дуо қилсалар яхши эди”, дейди. Келиннинг гапида жон бор. Бўлар иш бўлган, ғазабланишдан фойда йўқ. Дуо қила туриб, “Шу ишни қилишдан олдин бир оғиз сўрасанг янада яхши бўларди”, деб танбеҳ бериш билан чекланиш мумкин эди. Келиннинг гапида жон бўлиш баробарида унинг қайнонага айтиши нотўғри эди. Бунақа гапларни қайноналар хуш кўрмайдилар. Жанжални бошлаб юбормасалар ҳам, “Жуда-а ақлли бўлиб кетибсизми?” деган пичинг билан “узиб олишлари” ҳеч гапмас. Баёндаги ҳолатда эса қайнона жанжал ҳам қилмаган, пичинг ўқи ҳам отмаган, ундан баттарини қилган: келиннинг юмшоқ оҳангда айтган гапини эрига ўзгача тарзда етқизган. Яъни, қуённи типратиканга айлантириб берган. Оқибат қандай бўлганини айтишим ортиқча.

* * *

Аёл оқилаю эр ишбилармон,

Демак, кундан-кунга обод хонадон (Хисрав Деҳлавий).

* * *

“Эркакларнинг камолоти шуки, ким ота-онасига яхшилик қилса, силаи раҳм ришталарини боғласа, аҳли аёли ва фарзандлари билан ҳам хулқини яхши қилса, динини сақласа, молини ҳаромдан ислоҳ қилса, унинг ортиғидан инфоқ-эҳсон берса, тилини сақласа, ўз уйини лозим тутса, яъни ишидан вақтида келса, ўша эркакларнинг комилидир” (Фузайл ибн Иёз).

* * *

Ёши катталарни ҳурмат қилган киши улардан хайрли дуо олади. Дуо – бахт саройининг эшигини очувчи калитдир. Кичикларга шафқатли бўлган киши орадан йиллар ўтгач, улардан марҳамат кўради. Айниқса, кучдан қолиб, бахтиқаролик кунларидан нола чекаётганида ана шу шафқат ва марҳамат эшик қоқиб келади.

* * *

Ота қариб, кўзларини нур, белини қувват тарк этди. Ёлғиз ўғли шаҳарда ўқийман, деб кетганича деярлари хабар олмай қўйди. Аввал ўқиш баҳона эди, энди иш. Яхши ҳамки ота битта эшак боқиб қўйган экан. Бозор-ўчарга ва бошқа юмушларга шу эшак яраб турибди. Ота оғирини енгил қилаётган эшакнинг умрини узайтириб беришни Худодан сўраб, ҳар куни дуо қилади…

* * *

Аёл кишини изтиробларга қўйган ҳолда эркакни бахтли қилиш қийин.

* * *

Кимки аёл ҳуқуқини ҳимоя қилса, бола ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилган бўлади. Бошқачароқ айтганда – у келажакни ҳам ҳимоя қилади (Виктор Гюго, француз адиби).

* * *

Уч нарса умрни узайтирар: кенг уй, яхши улов ва меҳрибон хотин (Мақол).

* * *

Гўзал фазилатли қизга уйланиш ҳар бир йигитнинг орзусидир. Айни чоқда яхши фазилатли йигит билан турмуш қуриш ҳар қандай қизнинг орзусидир. Яъни, ақлли хотинни орзу қилмиш эрнинг ўзи ҳам ақлли бўлмоғи шарт. Вафони талаб қилувчи эрнинг ўзи аввало вафоли бўлсин. Аллоҳ ҳар бир эркакка ўзига яраша қизни насиб этади. Диққат қилинг: ақлли одамга камдан-кам ҳолларда аҳмоқ хотин дуч келади. Чунки, ақлли йигит дуч келган қизга уйланавермайди. Фақат қош-кўзларига эмас, гап-сўзларига, одоб-ахлоқига эътибор беради. Эр-хотиннинг ақл-заковати, феъли, зеҳни-фаросати орасида кескин фарқ бўлмаса, уларнинг турмушлари яхши кечади. Бир-бирларини тушунишлари осон бўлади.

Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким «Ўзимга ўхшаган бирор билимдон қиз топилмагунича уйланмайман», деб аҳд қилган экан. Қайлиқ ахтариб мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари бир одам унга йўлда ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:

– Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми? – деб сўрабди.

– Ажаб бетамиз одам экансиз, – дебди ҳамроҳи аччиқланиб, – ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману, сизни қанақасига кўтараман?

Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан экинзорга қараб:

– Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан? – деб ҳамроҳига қарабди.

– Жиннига ўхшайсиз-а! Буғдойи пишмаган, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!

Шан яна индамабди. Яна бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.

– Бу одам ўлдимикан ё ҳали ҳам тирикмикан? – деб Шан ҳамроҳидан сўрабди.

Ҳамроҳининг баттар жаҳли чиқибди:

– Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Қабристонга кўтариб олиб кетилаётган ўликни тирикми ё ўликми, деб сўрашингиз ақлли одамнинг гапи эмас. Илтимос, энди гапирмай жим кетинг. Гапирсангиз кўнглим озиб кетяпти.

Шундай қилиб индамай юраверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам «Мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай», деб уйига таклиф қилибди. У одамнинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан «Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?» деб сўрабди.

– Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим,– ота шундай деб бўлиб ўтган гапларни сўзлаб берибди.

– Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, – дебди қиз. – Сизга айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: «Йўлнинг захматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?» «Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?» деб «Бу ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутулиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин», деган маънони назарда тутган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилгандай бўлади. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси шу: «Бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин, ёхуд жоҳил ва фосиқлигидан, ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?» Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда, у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.

Шунда ота чиқиб, қизининг айтганларини билдирибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач, сўрабди:

– Бу шарҳ сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Яхшиси, бу сўзларни ким ўргатганини айтинг.

Қизнинг отаси ҳақиқатни айтишга мажбур бўлгач, Шан “Шунча йиллардан бери қидириб юрган гавҳаримни энди топдим!” деб суюниб кетибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳига олиб, муродига етибди.

Ривоятдан оладиган ибратингиз шуки, киши ўз ҳолига, даражасига қараб, ҳар жиҳатдан ўзига мос бўлган оиланинг қизига уйлангани маъқул. Ўзидан юқори даражадаги қизга уйланса, хотини отасининг ҳашамати ва дабдабасига мағрур бўлиб, эрни менсимай қолиши мумкин. Иффатли, ҳаё-номусли хотин марғуб ва мақбулдир ва бу фазилати билан бахтга эришади. Аччиқ тилли, ҳаёсиз хотин эса фақат ўз эрининг эмас, балки халқнинг нафратига сазовор бўлади.

* * *

Яхши хотин – турмушга қўшар ҳусн (Мақол).

* * *

Қадрдон дўстларингиздан тўйдан сўнг узоқлашиб кетмайсиз – бу табиий ҳол. Бироқ дўстларингизнинг барчаси садоқатлими? Уларнинг орасида фаҳш ишлардан қайтмайдиганлари борми? Агар бор бўлса, ундан дарҳол узоқлашинг. Уйингизга келишига йўл қўйманг. Чунки бундайлар ўз дўстининг хотинига ола қарашдан ҳам тоймайди. Иложи бўлса, никоҳ базмида ўтирганингизда келинга: “Қаранг, хизмат қилиб юрганлар менинг дўстларим. Улар уйимда тез-тез меҳмон бўлиб туришарди, тўйдан кейин ҳам бу анъанани давом эттирамиз”, деб қўйинг, токи, келин меҳмон кутишга биринчи кундан шай бўлсин. Кўнглингизга ёқмайдиган ўртоғингиз уйингизга келса, уни қувиб чиқаролмайсиз, шунинг учун келин унга кўринмагани дуруст, хизматни ўзингиз қилинг. Энг қадрдон дўстингиз сиз йўғингизда уйингизга келса, ичкарига таклиф қилмаслик лозимлигини келинга биринчи куниёқ тайинлаб қўйинг. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз бу одатга риоя қилиб яшаганлар.

Менга қашқадарёлик ёш олим йигитнинг оиласини барбод қилган бир воқеани сўзлаб беришди. Қашқадарёдан келиб Тошкентда яшаётган бу оиланинг бузилишига олим укамизнинг оила хусусидаги тушунчаси етарли бўлмагани, эрнинг вазифаси, бурчи, масъулиятини лозим даражада ҳис қилмаслиги сабаб бўлган. Икки хонали уйда дўстининг ҳам яшашини хотини маъқулламаган. Натижада эр-хотин орасида низо чиққан. Мазкур ҳолатда хотин ҳақ, эр эса ноҳақ. Бу масалага сиз қандай қарайсиз? Агар эр ҳақ, десангиз, ота-онангиз ёки ёши улуғ тажрибали одамлар билан бу ҳақда фикрлашиб кўринг.

* * *

Уламо билан суҳбатда бўл ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қил (Амир Темур).

* * *

Куёвтўра, улфатчилик яхши нарса. Лекин кўп нохушликлар, ҳатто жиноятлар улфатлар даврасида бош кўтаради. Болаликдан бирга катта бўлганларнинг ҳам гапи-гапига тўғри келмай қолади. Ишхонада, қариндошлар ва қўшнилар орасида ҳам ёмонлар бор. Уларнинг айримларини биласиз ва улардан эҳтиёт бўласиз. Айримлари эса ёмонлигини яшириб юргани учун ғафлатда қоласиз. Ишхонадаги ёмонга яқинлашмаслигингиз, уни уйга таклиф қилмаслигингиз мумкин. Бунинг учун сизни биров маломат қилмайди. Лекин қариндошлар орасидаги ароқхўр, ғийбатчи, фитначи, жанжалкаш, гапуқмаслардан қандай қилиб узоқлашиш мумкин? Бу ечилиши мушкул бўлган жуда оғир муаммо. Улфатлар орасида ҳам ичқора ёки ғаркўзлар учрайди. Уйингизга келса, кўзлари “олма-кесак теради”, хизмат қилиб юрган аёлларга суқ билан тикилишдан тийилмайди ва ғашингизни келтиради, тили бемаъни гаплардан, ҳатто сўкинишдан бўшамай, нафратингизни оширади. Унинг бу ёмон қилиғини бошқа улфатлар ҳам билишади, лекин “Улфатга гард юқмасин”, деган ўйда индашмайди. Агар бу дўст яхшиликка даъват қилинмаса, улфатга гард юқиш нима экан, бирон фожиага сабаб бўлади. Шунинг учун бошқалар индамаса ҳам, сиз уни яхшиликка бошлашга уриниб кўринг, зора қолган дўстларингиз ҳам сизни қўллаб-қувватлашса-ю, ёмон биродарингизга Худо инсоф берса. Агар қайта-қайта уринишларингиз самара бермаса, у ёмонингиз инсофга кирмаса, демак, улфатдан чиқариш керак.

 
Бордур ямон элга ҳамнишинлиғда зарар,
Хуррамлиқ аро ранжу хазинлиғда зарар,
Касб этма шарр аҳлидин қаринлиғда зарар –
Ким, келди ямонларға яқинлиғда зарар.
 

(Ёмонларга яқинлашиш зарарлидир. Бундайлар тоифаси билан улфатчиликда зарар бордир. Шодликда ҳам, мусибатда ҳам улар зарардир. Ёмонларга яқинликни касб қилмагинки, бу зарардир. Зеро, нақл борки, ёмонларга яқинлашиш зарарлидир.)

Ёмонлик уруғи кўпроқ ёшлик даврида экилади. Ёмонликка асир бўлишнинг сабаби – нафсга асир бўлишдир. Зулм нақадар шарафсиз бўлса, унга қарши кураш шу қадар шарафлидир. Дунё саодати яхши, хайрли инсонлар билан қоимдир. Ёмонлар дунёни одамлар учун зиндон қилади. “Ёмоннинг уйига яқинлашма. Ундан бирон нарса сўрашни хаёлингдан ўтказма. Шундай қилсанг, мард бўлиб яшайсан. Золимга яқинлашсанг, номард бўлиб ўласан”, дейдилар. Шу ҳикмат ёдингиздан кўтарилмасин.

Кишининг қалби, онги жанг майдонига ўхшайди. Бу майдонга эга чиқиш учун яхшилик ва ёмонлик, шафқат ва зулм тинмай жанг қилади. Бу жангда иймон қуввати билан қувватланган томонгина ғолиб чиқади. Саҳобалардан бирининг айтишича, иймон қалбда оқ нукта бўлиб кўринади. Иймон қуввати ошса, оқлик ҳам зиёдлашади. Агар банданинг иймони тўла комил бўлса, қалб ҳам тўла оқаради. Нифоқ қалбда қора нукта бўлиб кўринади. Нифоқ кўпайган сари қоралик зиёдлашади. Қачонки нифоқ тўла бўлса, қалб ҳам тўла қораяди. Киши қалби қорая бошлаган кунидан эътиборан ҳар турдаги ёмонликларга банди бўлаверади. “Ёмон нарсага қарасанг – кўнглинг қораяди” дейилиши балки шундандир. Бўри оч қолдими, ҳар қандай ёвузликни қилгани каби, қалб қорайса, ҳар қандай ёмонликни қилаверади. Фоний дунё яхшилар ва ёмонлар орасидаги муҳориба майдонидир. Ёмонларнинг ғалаба қозонишига йўл қўйиб берилса, оламни фалокат босади. Балки Қиёмат ёмонлик яхшилик устидан мутлақ ғалаба қозонган куни бошланар?

Яхши ахлоқ гоҳ табиий – туғма, гоҳ яхши феълларга одатланиш туфайли, гоҳида яхши феълли кишиларни кўриб, уларга яқин бўлиш натижасида ҳосил бўлади. Буларнинг барчаси одамийлик камолотига етакловчи фазилатлардир. Кимки табиатан разил, пасткаш бўлса, камига ёмонлар билан ошно тутиниб, улардан ёмонликни ўрганса ва ёмонликка одатланса, одамийлик фазилатларидан ғоятда узоқ бўлади.

Афлотун ҳаким: “Агар бир кишини кўрсатиб: “Шуни ўлдирасан ёки ўзинг ўласан”, десалар, “Мен ўзимнинг ўлимимни афзал биламан”, дейишни маъқул кўрганлар. Киши дунёда худди соқчи каби яшайди. Ёмонликдан кўз юмса, ёмонлик вужудини эгаллаб, унинг ўзини маҳв этади. Золимлар мазлумларнинг манфаатларини ўйламайдилар. Ҳар киши золимлардан узоқ туриши, уларнинг чиройли гапларига алданмаслиги лозим.

Луқмони Ҳаким дедиларки: “Ёмонлик ўтини ёмонлик ўчиради”, деган одамлар бекор айтибдилар. Икки ўт ёқиб кўринг, улар бир-бирини сўндирадими? Ёмонлик ўтини фақат яхшилик ўчиради.

 
Ким ёмонликка айласа рағбат,
Неча турли балолар кўргай”.
 

Луқмони Ҳаким бир бойга хизматга ёлландилар. Бой унга “Ерга буғдой уруғи сочгил”, деб буюрди. Луқмони Ҳаким буғдой ўрнига арпа сочдилар. Буни кўрган бой ғазабланиб:

– Мен сенга буғдой сочгил, деган эдим, нега арпа сочдинг? – деди.

– Арпа сочсам, буғдой унмайдими? – дедилар Луқмони Ҳаким маънодор оҳангда.

– Эсинг борми, ҳеч вақт арпадан буғдой унадими? – деб янада ғазабланди.

– Ундай бўлса, нега сиз доимо халққа ёмонлик қиласиз-у, яна Аллоҳ таолодан яхшилик умид қиласиз. Яхшилик қилсангиз яхшилик, ёмонлик қилсангиз, албатта ёмонлик қайтади. Арпадан буғдой унмагани каби, халққа озор бериб, яна яхшилик умид қилманг, – дедилар Луқмони Ҳаким.

Халқимиздаги: “Буғдой эксанг, буғдой ўрасан, арпа эксанг, арпа ўрасан”, деган мақол шу ҳикматдан қувват олган бўлса керак.

Юсуф Хос Ҳожиб айтдилар: “Ёмонлик оғудир, бу оғуни ема, оғу еган киши тирикликдан баҳраманд бўла олмайди. Ёмон бўлма, номингни ёмонлик билан чиқарма.

 
Оловким, халойиқни куйдиргуси,
Ўчирмоқдан ўзга топилмас илож”.
 

Бир одамнинг умри ёмонлик қилиш учун жуда кўп, яхшилик қилиш учун эса жуда оз. Умр бўйи ёмон ишлар билан машғул бўлиб, халқни ранжитадиган одамнинг номи инсонийлик дафтарига ёзилмайди. Қаршилик кўрсатилмаган ёмонлик эса қаршилик кўрсатиб бўлмас даражага етади. Уч хил одам эришиш мумкин бўлмаган уч нарсага эришишни орзу қилади: гуноҳ иш қилиб юрганлар – савобни; ёмонлик қилаётганлар – яхшилик қайтишини; умрини фосиқлик ва дилозорлик билан кечирганлар – жаннатни. Шу боис аҳли дониш деди: “Ёмонлар билан ўлтирмагинки, гарчи ўзинг пок бўлсанг-да, ёмон суҳбат сени ифлос қилар. Қуёш қанчалар буюк бўлса-да, кичкина булут парчаси ҳам уни тўсади”.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации