Текст книги "Тенг-тенги билан бахтлидир"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 14 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]
КУЁВ – ТЎРАЛАРНИНГ ТЎРАСИ
“… ва улар ила яхшиликда яшанг (яъни, тотув турмуш кечиринг). Агар уларни ёқтирмасангиз (сабр қилинглар), ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса (Сизлар кўп нарсани ёмон кўрасизлар, ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўша нарсада хайр ва баракот муқаррар қилгандир)” (Нисо сурасидан).
Тафсир:
Оилада бирга яшар эканлар, эр-хотин бир-бирларига нисбатан фақат яхшиликни раво кўриб, қўлларидан келган барча мурувватларни қилиб яшашлари икковларининг орасидаги муштарак ҳақлардан биридир. Бундай бахтиёр ҳаёт тарзини Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга амр этган. Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа – муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли, дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолганлиги учун талоқ қилмоқчи бўлган одамга: “Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми, ахир?! Риоя қани?! Масъулият қани?!”– деганлар.
Оятдаги “ва улар ила яхшиликда яшанг” жумласининг тафсирида аллома Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ: “Яъни уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг”, деган. Расулуллоҳ (с.а.в.):
“Сизларнинг яхшиларингиз аҳлу аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингиздирман”, деганлар.
* * *
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун, эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Нисо сурасидан).
Тафсир:
Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил, мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас… Эр киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яртатилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эр киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эр киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилганидек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Афсуски, кўп одамлар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик – масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Бу масъулиятга биноан, эр оилани, жумладан, аёлга ҳомийликни, уни боқишни, муҳофаза қилишни адо этмоғи лозим.
Эр айнан эркак бўлгани учун ҳам оила раҳбари қилинган. У оиланинг ҳимояси йўлида керак бўлса, ўзини қурбон ҳам қилади, эркакларга хос бўлган барча оғирликларни кўтаради. Оилани нафақа билан таъминлайди, оила аъзоларига меҳр ва раҳм-шафқат кўрсатади. Уларга жабр-ситам ва зулм қилишга ҳаққи йўқ.
* * *
«Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади (бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао – фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда). Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили – фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қўрқинг, унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин» (Бақара сурасидан).
* * *
Шарафли ҳадисларда Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
“Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир”.
**
“Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир”.
**
“Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”.
**
“Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”.
Шарҳ:
Бу ҳадисдаги “никоҳга қодир бўлса”, деб таржима қилинган ибора арабчада “боаъ” дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилиши керак. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқликлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади. Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади (шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
* * *
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” (Мазкур ҳадис бошқа ривоятда бундай баён этилган: “Албатта аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилигича ҳузурланолсанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Унинг синиши – талоғидир”).
* * *
Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳақи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамчиларингиз ва сизнинг мададингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Аллоҳнинг ризолиги билан уларнинг ҳар нарсаси сизларга ҳалол қилинган (Видо хутбасидан).
* * *
Қайси эркак хотинининг қилиқларига чидаса ва сабр қилса, Аллоҳ унга Айюбнинг балоларга сабри натижасида берган ажрини ато этади. Қайси хотин эрининг инжиқликларига чидаса ва сабр қилса, Аллоҳ унга Фиръавннинг хотини Осиёга берган савобидан ато этади.
* * *
Хотининг сени суйса, сен уни суй,
Бирга ёниб, бирга шодлан, бир ўтда куй
(Абай).
* * *
Уйланмасингиздан олдин бир ҳақиқатни яхшилаб англаб олинг: хотин – иззат ва ҳурматга сазовор бир зот, унинг хизматларини тақдир этмаслик инсоф ва мурувватдан эмас. Хотиннинг кўз ёриш пайтида чеккан азобларини, уқубатларини хис қилишга уриниб кўринг. Болани дунёга келтириш ё ҳаёт ё мамот демакдир. Эсон-омон кўзи ёриб, чақалоқни бағрига босиб олганидан кейин ҳам уни тарбиялаб то вояга етказиб олгунча оз мунча азоб чекадими? Шу боис ҳикмат аҳли “Хотин хилқатнинг онасидир”, деб таърифлаган. У фақат бола туғиб, катта қилгани учун эмас, балки энг муҳими, ҳаётнинг бор шодлиги ва шавқини сингдириб, инсонни тарбиялагани учун ҳам хилқатнинг онасидир. Носир Хисрав дерки: Аёл, бил, лутфу ҳимматга сазовор, Гўдакдек меҳру шафқатга сазовор.
* * *
Ўз аҳлингизни қадрланг. Зеро улар учар қанотингиз, ўрнашган пойдеворингиз ва тутар қўлингиздир (Али ибн Абу Толиб).
* * *
Аллоҳ кўнглингизга уйланиш шавқини солди. Онангиз бошчилигида келинликка номзодлар рўйхати тузилди. Сиз қандай қизга уйланмоқчисиз? Биринчи галда гўзал қизнинг ёри бўлишни истайсиз. Отаси бойроқ бўлса яна-да яхши! Шундайми? Яхшилаб ўйлаб кўринг, янглишмаяпсизми? “Яхши хотин – оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса – кўнгул ёзуғи (кўнгилга ёқимли бўлур) хушмуомала бўлса, жон озиғидир. Оқила бўлса рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради. Киши бу каби жуфти ҳалол билан қовушса, агар бундай бахтга эришса, ғам ва кулфатда сирдошга, ошкор ва пинҳоний дард-аламда ҳамнафас ва маҳрамга эга бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо етса – ҳасратдошинг ул ва осмондан ҳар бир бало келса – кўмакдошинг ул. Кўнглингга ғам юзланса, у ҳам ғамнок; баданингга хасталик ва заифлик етишса – унинг ҳам жони ҳалак.
Уйланган одамнинг баъзи қийинчиликлари осонлик билан битади, аммо қийинчиликлар орта борса, хавфли бўлади. Бу хилдаги чигалликларни бартараф қилишда умидсизланмай, сабр-таҳаммул қилинса, ҳар қалай бирга яшаш мумкин бўлади. Аммо Худо кўрсатмасин, номувофиқ хотин учраса, ўз уйингда ҳалокатли иллат пайдо бўлади. У беандиша, шаллақи бўлса, ундан руҳ азоб чекади. Тили аччиқ бўлса, барчанинг дилини яралайди; покиза бўлмаса, ундан эрига юзи қоралик келтиради. Агар майхўр бўлса, у хонадон ободлиги йўқолади, ахлоқсиз бўлса, оила расво бўлади. Юқорида таърифи берилган яхши хотинлар жуда кам туғилади. Кимга шундай хотин учраса, бошига бахт қушининг қўнгани шудир”.
Саволни яна такрорлай: Сиз қандай қизга уйланмоқчисиз? Ҳазрат Навоий таъриф этган турмуш ўртоғи бўла оладиган қизни танлаганингиз яхшироқ эмасми? Имом Ғаззолий уйланишда эркак тўрт жиҳатдан аёлдан афзал бўлишида фойда борлигини таъкидлаганлар: йигитнинг ёши қизнинг ёшидан катта бўлиши; йигитнинг бўйи қизнинг бўйидан баландроқ бўлиши; йигитнинг оиласи қизнинг оиласидан бадавлатроқ бўлиши (аммо бу билан кибрланмаслиги); йигитнинг мавқеи қизникидан баландроқ бўлиши дурустроқдир.
Қанчалаб гўзал чеҳрали, гўзал қоматли ёш аёлларни ўзингиз ҳам биласизки (эҳтимол танирсиз?), андишасиз ёки танбалликлари учун эрлари тарафидан севилмайдилар ва ардоқланмайдилар. Бир куни икки йигитнинг суҳбатига гувоҳ бўлган эдим. Уларнинг бири “Хотининг билан нима учун ажрашдинг, жуда гўзал эди-ку?” – деб ажабланди. Иккинчиси хўрсиниб олгач, дардини айтди:
“Мен ажрашмадим, ундан қутулдим. Тўғри, юзи гўзал, ўзи гўзал эди, аммо аёллиги–хотинлиги йўқ эди. Феъли ёмон эди. Тонгда уйдан чиқиб кетардим. Оқшом чоғи қайтиб келганимда ётоқхона тонгда қандай ивирсиқ бўлса, шундай турарди…” Бу гапдан аён бўладики, ақлли бир онанинг тарбиясини олган қизга уйланмоқ керак экан.
* * *
Шундай одамлар борки, муҳаббат бўстонини оралаб, уйланишга қадам қўймайдилар ва бу файз боғининг гулзоридан гуллар термайдилар, доимо ғам уйида ўзлари яккаю танҳо ўтирадилар.
* * *
Шундай қизга совчи қўймоқ керакки, бу қизнинг чеҳраси очиқ, юзида олийжаноблик ва иффат намоён бўлсин, поклик ва покизалик пардаси орқасида тарбияланган, чиройли иш ва одатларга ўрганган бўлсин. Бундай қиз энг яхши ҳадя бўлиб, ёшлик ва ҳаёт дастурхонининг лаззатини зиёда қилади (Бархурдор ибн Маҳмуд).
* * *
Куёвтўра, сиз бир қизни севасиз. Аммо севги нима, ҳавас нима, фарқлай оласизми? Севишиб турмуш қурганлар орасида низо чиққанини ҳам эшитиб турамиз. Тўйдан олдинги севги билан тўйдан кейинги аҳвол орасида фарқ бор, буни англайсизми? Бугун сизнинг севгингизга маҳлиё бўлаётган қиз тўйдан кейинги инжиқликларингизга чидай олармикин? Булар ҳақда фикр юритишингизга ёрдам бериш учун бу ривоятни диққатингизга ҳавола этаман:
Бир замонларда туйғулар макон тутган орол бор эди. Унда кўпгина туйғулар қаторида Бахт, Қайғу, Билим ва Севги ҳам яшарди. Бир пайт орол сувга чўка бошлади. Ҳамма қочиш пайига тушди, қайиқларини ҳозирлади. Фақатгина Севги шошилмади, гўзал оролини ташлаб кетгиси келмади, ёлғизликда бўлса ҳам шунда яшаб қолишни истади. Аммо ғарқ бўлишини билгач, ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Унинг ёнидан Бойлик ҳашаматли кемасида сузиб ўтаётганида “Мени ёнингга ола қол”, деб илтимос қилди.
– Йўқ, ололмайман, – деди Бойлик. – Кемам олтин-кумушлар билан тўлган, сенга жой йўқ.
Севги гўзал елканли кемада сузаётган Кибрдан ёрдам сўради.
– Сенга ёрдам бера олмайман, чунки жиққа ҳўлсан, елканимни расво қиласан.
Шундай деди-ю, керилганича ўтиб кетди. Севги энди Қайғу қайиғидан умид қилди, ундан кўмак сўради. Бироқ, Қайғу: “Уф-ф, мен жуда хафаман, ёлғиз қолишни истайман”, деб қайиғидан жой бермай сузиб кетаверди. Унинг изидан Бахт ҳам кемачасида сузиб ўтди. У шунақанги хурсанд эдики, Севгининг нолишини ҳатто эшитмади ҳам. Севги тушкунликка тушиб ўтирганида ёқимли бир овозни эшитди:
– Кел, Севги! Сени ёнимга оламан!
Севги ўзини шу қадар омадли ва бахтли ҳис этдики, ҳатто ёнига ким чорлаётганини билолмай ҳам қолди. Қуруқликка етиб борганларида Севгига ёрдам кўрсатган халоскор ўз йўлида давом этаверди. Унинг олдида нақадар қарздор эканини билган Севги Билимдан “Менга ким нажот берди?” деб сўради.
– У Вақт эди, – деб жавоб берди Билим.
– Вақтми? У нега менга ёрдам берди?
Билим бу саволдан кулимсираб, шундай деган экан:
– Чунки Вақт Севгининг нақадар буюк туйғу эканини тушуна олади!
* * *
Келинпошша билан суҳбатимиз чоғида тенгдошингиз Ирода Эргашнинг севгига берган таърифи билан танишган эдингиз. Энди, ваъдамга мувофиқ, бу тавсифнинг давоми – муҳаббатнинг етти иқлими билан танишмоқ фурсати етди:
Ибтидо
Муҳаббат нимадан бошланади?
Бу саволга ҳар ким ўз дунёқараши ва ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб жавоб бериши мумкин. Инсонлар қалби бир қолипдан чиққан эмас. Аммо шу турфа қалбларни бирлаштирадиган биргина туйғу бор, бу – Меҳр. Шундай, муҳаббатнинг марказида меҳр туради.
Ўзингиз-чи, азизим, суюклигингизга ақлингиз, юрагингиз, жонингиз, тақдирингиз – барини меҳрга ўраб тутқазмаганмисиз? Ажаб, меҳр қўймай туриб севмоқ мумкинми?
Йўқ, ишқ ҳаётингизга меҳрсиз кириб келмайди. Муҳаббатингиз ўзингиз билан бирга дунёга келади, юрагингиз бешигида улғаяди, кўнглингиз кўчаларида тетапоя қадам босади, қалбингиз кўшкидаги энг кўркам маъвони ўзиники қилиб олади.
Азизим, мана шу арзанда ишқингиз болалик водийларини тарк этиб, борган манзили Соғинч эканлигига таажжуб қилманг. Асли бу соғинч ҳам туғмадир, сиз муҳаббатингиз соҳибасини соғиняпсиз-у, буни ўзингиз сезмайсиз. Қачонки, бировнинг дийдори, бировнинг дарди муҳаббатингиз оловида тобланиб ётган соғинч чўғларини юрагингизга узатиб бера олса, юрагингиз “жиз” эта олса… сиз ўша “биров”ни севиклим денг!..
Аллоҳ ҳеч кимни севилиш бахти ва севиш саодатидан бенасиб этмасин, азизим!
Рашк
Сиз муҳаббат фарзандисиз… Барибир, ота-онангизни ака-ука, опа-сингилларингиздан рашк қилмайсиз-ку! Ватанни юртдошларингиздан қизғанмайсизку! Аслидаям қизғанчиқ эмасдингиз, энди эса… севги деганлари одамни шунчалик ўзгартириб юборадими?
Азизим, севиклингизни қизғанманг, десам уят бўлади. Рашксиз муҳаббатнинг ҳақиқийлигига, самимийлигига шубҳам бор. Сохта муҳаббат ҳам бўладими, деманг. Бу замонда муҳаббат арзонлашиб кетди, унинг қадрини оддий буюмдан ҳам пастга тушириб юбордилар. Биласиз, сохта нарсалар арзон бўлади… Эрмакталаб кўнгиллар алдов учун баъзида рашкдан фойдаланмас эканми?!
Худога шукр, муҳаббат йўқолиб кетмаган, муҳаббат бор, муҳаббатнинг умри Қиёматга туташ. Муҳаббатнинг рашки ҳам ўзи каби ноёб. Рашкни авайланг… Рашкни ишлатиб туринг – юрагингизда зардобга айланиб қолмасин. Кўп фойдаланманг – тамом бўлса, ўрнига уқубатлар келади.
Қизғанинг – бу севиклингизни ўзгалар ишқидан совитсин, унга мамнунлик ва шодлик бахш этсин.
Ҳижрон
Соғинчнинг асл қиёфасини энди кўрасиз, азизим. Шундай соғинасизки, тунларнинг адоғига, олдинда турган кунларнинг саноғига етолмай қоласиз.
Соғиниш яхши-да! Шу баҳонада муҳаббатингиз тобланади, суюклингизнинг қадрига етадиган бўласиз.
“Ҳижрон” сўзи севишганлар айтганчалик ёқимсиз эмас… Васл орзусида яшашга иштиёқингиз билан илашиб турасиз. “Бугун кўрмасам ўлиб қоламан, ҳеч бўлмаса тушимга кирсин” деб, асрлардан нусха кўчирган кунни ҳам бир амаллаб ўтказасиз. Барибир яшайверасиз, севгилингизга ўчакишиб, “Шошмай тур, мен ҳам сени бир интизор қилмасам!” деб араз уриб…
Азизим, шунча тарафини олганим билан, тан олиб айтай – ҳижрон оғир, жуда оғир… Соғинч иситмасида алаҳсираб яшаш кимга ёқарди? “Ҳижрон ошиқларни маҳкамроқ боғловчи воситадир, ишонч учун муддатдир” демишлар. Жон томирлари билан боғланган кўнгилларда ҳижрон эҳтиёжи борми? Муҳаббат муддатни билармиди?
Азизим, не бўлганда ҳам, ҳижрон муддати Қиёматга қадар белгиланмасин…
Висол
Юрагингиз… юрагингиздан хавотирдаман, нечун у ғалати алфозда? Аслидаям у шундай бўлиши керак, азизим. Васл олдидан бир энтикиб қўйганича дийдордан сўнг ҳам ўз ҳолига қайтолмаган юракнинг ишқига тан бермоқ керак.
Шунча вақт кўнглингизга тугиб келган гапларингиз дийдор лаҳзаларининг сеҳрига ярашмай қолди-я… Агар қурбингиз етса, фақат “соғиндим…” деган сўзни!.. Сўнг майли, гапирманг, нигоҳлар дилларга таржимонлик қилсин.
Тавба, лаҳзалар намунча тез ўтмаса, худди висолда қасди бордай. Йўқ, инжиқ юрагингизга шундай туюлгандир, вақт ўз ўқи атрофида бир маромда (сизнинг наздингизда чирпирак бўлиб) айланаяпти.
Азизим, юрагингизда гуллаган соғинчларни узиб ташламанг, қаранг, улар дийдор насими эсган лаҳзадаёқ хуш исли гўзаллик касб этибдилар. Уларни ўз эгаси – севиклингизга тутқазинг ва айтинг: “Булар – ҳижронга чирмашиб ўсган умид гуллари…”
Бир пайтлар бир чимдим бахтга зор бўлгандингиз, ҳозир бахтнинг қучоғига сиғмаяпсиз. Шундай, дийдор бор – бахт бор!
Азизим, бу бахт мунис ва дунёга бергусиздир!
Садоқат
Азизим, ёрижонингиздан ўзгани ёр деб атамоқ кўнглингизнинг кўчасиданда ўтмайдими? У ёнингизда бўлмаса ҳам, сизни доим кузатиб тургандек туюладими? Тилингиз тугул, дилингизда ҳам севиклингизга озор етказишни истамайсизми? Ҳа, денг – сиз садоқат тимсолисиз!..
Садоқат нима ўзи, суюклингизга кўр-кўрона сиғиниб яшашми? Бу телбалик-ку! Шундай қилингки, кўнгил тарозисида ғурур ва садоқат тенгма-тенг турсин.
Ҳадеб содиқлик кўрсатавериб, севгилингизни эркалатиб қўйманг, азизим, қулга айланиб қолманг. Бу туйғунинг азизлиги пинҳонийлигидадир. Ҳадеганда уни кўз-кўз қилаверсангиз, муҳаббатнинг қадрини туширасиз, суюклингизнинг нафратига сазовор бўлиб қоласиз.
Баъзан ўйга толаман: “Хиёнатга дучор бўлсак, нима қиламиз, азизим?”, “Садоқатим эвазига берганинг шуми?” деб йиғлаймизми?..
Севгилингиз эмас, ўзга инсон билан умр йўлларингиз боғланган тақдирда ҳам уни унутолмай, юрагингиз зирқираб юриши нима – садоқатми, ўрганган кўнгилнинг ўртанишими? Балки юрагингизнинг оғриғи вақтинчадир? Билмадим…
Барибир, бевафолик ёмон. Садоқат бор бўлсин, азизим…
Хиёнат
Ёзгим келмаяпти…
Азизим, мен муҳаббатнинг энг гўзал, энг ширин туйғуларини тараннум этишни истагандим. Хиёнатнинг муҳаббатга боғлиқ томони борми? Афсуски шундай…
Азизим, хиёнаткор севгилингиз етим қилиб кетган ишқингизнинг ўкинишига қандай чидайсиз, қандай?! Ёхуд унинг оппоқ қалбини хиёнатингиз оғриғидан қора қон қиласиз… Нега?!
Азизим, мен севишни истайман… Қизғанишни, соғинишни, йиғлашни, сиғинишни истайман… Лекин бу эзгу истакларим хиёнатга учраши эҳтимоллигини ўйласам, севгим келмай қолади, севилгим келмай қолади. Нимаки ёмонлик бўлса, ўшандан ёмон қўрқишар экан… Хиёнатдан ёмон қўрққулик!
Хиёнат муҳаббатни ўлдиради, деб ким айтибди? Муҳаббат ўлмайди, нафратга айланади. Баъзан хиёнатни кечирасиз ҳам…
Фақат йиғламанг… Хиёнат кўз ёшларга арзимайдиган даражада тубандир…
Интиҳо
Сарлавҳани нотўғри қўйдим, шекилли? “Интиҳо” деган сўз муҳаббатга ҳечам тўғри келмайди. Муҳаббатнинг интиҳоси йўқ!
Юрагингиз битта, демакки севгингиз ҳам битта, уни биргина инсонга бера оласиз. Ундай бўлса, “Биринчи муҳаббатим” деганлари нечун? Эҳ, муҳаббат шундай мураккабки, унинг дунёси шундай ранг-барангки, битта изоҳ топсангиз, ўнта саволни қарши қўяверади…
Айтинг-чи, азизим, бахтга сазовор бўлмаган муҳаббатингиз ҳозир қайда? У армонга, хотирага айланиб юрагингизда яшаяпти-ку! Шунақа, муҳаббат ўзингиз билан туғилгани каби ўзингиз билан кетади. Унгача нафратми, армонми, соғинчми бўлиб юрагингизда яшайверади…
Суюклингиз билан умрингиз йўллари туташдими, муборак бўлсин! Энди ишқингиз оилангизга, фарзандларингизга кўчади.
Азизим, қалбидаги илоҳий соғинчнинг нима эканлигини билмайдиган инсонгина “Муҳаббат йўқ, муҳаббатга ишонмайман”, дейди. Сиз эса унга ишонасизми, севиб-севилиб туриб? Ишқдан аламзада бўлган дамларингизда шундай қилишингиз мумкин… Аслида, ишонишга ҳаққингиз йўқ!
Муҳаббат бор, муҳаббат мангу, азизим!
* * *
Муҳаббатсиз хотин – насияга олинган кийим (Мақол).
* * *
Сиз кўпчиликка севилишингиз билан эмас, қанчалик сева олишингиз билан фахрланинг. Қаро сочларга, қаро кўзларга, қаро қошларга, қирмиз юзларга маҳлиё бўлиб, кўнглининг оқми-қоралигига эътибор беришни унутиб қўйманг. Шуни ёдда тутингки, севги бундоқ қараганда туйғуларнинг кўпайиши ва эрк берилишига ўхшайди, аслида эса севги – туйғуларни саралаш ва назорат қилиш демакдир.
* * *
Муҳаббат, разил кишилар ўйлаганидек, инсон ҳаётидаги фақат никоҳ давригача бўлган ўткинчи воқеа эмас. Бу эр-хотиннинг бутун ҳаёти давомида яшаб, мустаҳкамланиб борадиган туйғудир. Минглаб тасодифлар синовидан ўтадиган эр-хотин муҳаббати кундалик энг оддий ҳодиса бўлишига қарамасдан энг гўзал мўъжизадир. Аёлни инсон сифатида кўриш ва қадрлаш – заруратгина эмас, балки ахлоқли кишиларга насиб этиши мумкин бўлган муҳаббатнинг бош шарти ҳамдир.
Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган, энг мустаҳкам ишқдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбахш туйғусидир.
Оилавий муҳаббат – инсон зурриётини кўпайтиради, дўстона муҳаббат уни такомиллаштиради, ғайриахлоқий муҳаббат эса барбод этиб, ерга уради. Оилавий ҳаётда рўй бериб турадиган майда-чуйда кемтикларни фақат кучли муҳаббатгина текислаб кетиши мумкин. Муҳаббат оилавий машмашаларни шу қадар ёқтирмайдики, чинакамига бахт-саодатли бўлмоқ учун эр хотиндаги, хотин эса эрдаги энг олийжаноб фазилатларни топа билмоқлари керак.
Баъзан эр бир ҳолатда-ю, ёнидаги аёл эса сухсурдайлигини кўрамиз. Демак, биз эркакнинг аёл қадрлаган яширин фазилатларини билмаймиз: бу кўнгил иши, эҳтимолки, ҳақиқий муҳаббат ҳам шудир. Муҳаббат бобида аёллар эркакларга нисбатан анча сермулоҳазакордирлар, чунки муҳаббат аёл учун том маънодаги улуғ нарса ва бутун ҳаётининг мазмунидир.
* * *
Ишқ денгиздир, осмон – шу денгизнинг кўприги. Ишқ, Юсуфга мубтало Зулайҳо каби инсонни мафтун этади. Кўнгилнинг яйраши ишқдандир. Ишқ бўлмаганида дунё тўхтаб қолган бўлар эди. Ишқ бўлмаганида жонсиз бир нарса қандай қилиб ўсимликка айланарди? Йўқ, айлана олмас, унда маҳв бўлар эди: барқ уриб ўсган наботот ўзини жонлиларга қандай фидо қилган бўлар эди? (Жалолиддин Румий).
* * *
Аёл – гул. Эркак – боғбон. Сен гулни хор қилсанг, уни ўзга боғбон сийлайди…
Эркак – боғбон. Аёл – гул. Сен боғбонга тикан санчсанг, у ўзга гулни сийлайди. Икки ўртада сенинг меванг етим қолади. Худо шундан асрасин!
* * *
Узук бармоққа, ёр эса қалбга ярашуқ бўлиши керак (Мақол).
* * *
Куёвтўра, хизматга борганингизда икки ҳақиқат ёдингизда бўлсин: “Фақат одиллик донишмандлик ёғдусини сочади. Фақат беғаразлик обрў келтиради”. Уйингизга келганингизда икки ҳақиқатни доимо эсда тутинг: “Фақат хушмуомалалик осойишталик келтиради. Фақат тежамкорлик орқали фаровонликка эришилади”.
* * *
Абдурауф Фитратнинг “Уйланиш бу ҳаётда шерикликнинг аҳду паймонидир”, деган фикрларига Абдулла Қаҳҳор: “Тўй қилиш учун эр-хотин бўлинмайди. Эр-хотин бўлиш учун тўй қилинади. Орзу-ҳавасни тўйда бир маротаба эмас, тўйдан кейин ҳар куни кўриш керак”, деган сўзлари ҳамоҳангдир.
Никоҳ ўқилишини куёв ва келиннинг ўзига хос қасамёди деб қабул қилиш ўринли. Эр-хотин бирга бўла туриб, ҳаёт йўлида биргаликда бўлмоқ ва бирбирларига ёрдам бермоқ учун аҳд қиладилар. Бир-бирларининг ҳаққига зулм, жафо ва хиёнатни раво кўрмайдилар. Табиийки, эр-хотин агарда диёнатли ва ахлоқи ҳамидага эга бўлсалар, шу аҳду паймонларига бир умр содиқ қоладилар. Шу нарса аниқки, ваъдага хилоф қўйилган ҳар бир қадам шу аҳду паймоннинг бузилишига олиб келиб, бадбахтлик ва тинчсизликни оилалар бошига келтиради.
* * *
Иффатли, ширинсўз, хушмуомала, ақлли ва гўзалхулқ аёллар ҳамиша қутбарака, ширин ҳаёт манбаидирлар. Сен ўзингга ёр, маҳбуба тиласанг, унинг тўғрисўзлиги, ҳақгўйлиги, юриш-туришига боқ… Ёрга етишдингми, бошида парвона бўл, ҳатто жонингни фидо қилишга тайёр тур. Ҳар сафар унинг қошига борганингда қалбингда унга бўлган меҳринг тобланиб турсин… Ҳусни бўлсакўнгилга ёқимли бўлур. Яхшилиги бўлса, жон озиғидир. Ақлли бўлса – турмуш интизоми ва рўзғор яроғи тартибли ва саранжомли бўлади. Ана шундай турмуш ўртоғинг бўлса – ғам-кулфатда сирдош ва ҳамдаминг бўлур, махфий ва яширин дард ва машаққатда ҳамнафас ва ҳамроҳинг бўлур. Турмушдан ҳар жафо етса ҳасратдошинг ул ва осмондан ҳар бир бало келса – кўмакдошинг ул.
Топтинг чу аёл яхшилиқ еткургил,
Ўргат адабу яхши қилиқ еткургил,
Ҳар неча адаб бўлса, қатиғ еткургил,
Хайлингға адаб қилиб асиғ еткургил
(Алишер Навоий).
(Севикли ёр, маҳбубанг билан турмуш аталмиш бу ҳаёт манбаини қуришга эришдинг. Унга аввало марҳамату лутфлар кўргузгин, яхши одобу яхши қилиқ ўргатгин. Адабни астойдил ўргатгин. Аҳли аёлингга одоб ила муносабатда бўлиб, яхшилик қилгин).
* * *
Ўтмиш файласуфларидан Цицерон никоҳга “Кишилик жамиятининг биринчи поғонасидир”, деб таъриф берган. Афлотун ҳаким эса: “Ҳар қандай никоҳ устидан бир нарса амр қилиб турмоғи лозим: ҳар бир одам ўз ҳузур-ҳаловати учунгина эмас, балки ўз юрти манфаатларини кўзлаган ҳолда никоҳдан ўтмоғи керак”, деб ҳисоблаганлар. Чиндан ҳам фақат ўзини билувчи худбин йигитнинг, яхшиси, оила қурмагани маъқулроқ. Бахтли муҳаббатнинг асл мазмуни ўзни бағишловдир. Фақат ўзинигина ўйлайдиган кимса ҳеч нарса ҳадя этолмайди, фақат олишни билади ва шу тариқа муҳаббат деб аталган туйғунинг барча фазилатларини заҳарлайди. Шахсиятпарастлик бу ўринда худди жисмоний иллатдек халақит беради. “Севгилим ёнимда бўлса, ертўла ҳам жаннат”, деган баландпарвоз гаплар билан киши ўзини овутмаслиги керак. Никоҳ фақат маънавий эмас, моддий қовушув ҳамдир. Оила қурмоқчи бўлган йигит моддий жиҳатдан нечоғли мустақиллиги ҳақида, турмуш ўртоғини боқиб, кийинтириб, бошпана топиб бера оладими ёки ота-онасига боқинди бўлиб яшайверадимимана шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўриши керак. Эрнинг ота-онасига боқинди бўлиб яшаши хотин учун фожиадир ва бу фожиага узоқ вақт чидаш жуда қийин.
Оилавий ҳаёт, аниқки, ҳеч қачон сидирғасига қувончдан иборат бўлолмайди. Фақат шоду хуррамликдагина эмас, ғаму андуҳда ҳам, ташвишу бахтсизликда ҳам эр-хотин бир-бирларига чин шерик бўла олишлари шарт. Бунинг учун улар тўйдан олдин бир-бирларини яхши билишлари, синашлари мақсадга мувофиқ. Донишмандлар “Бир-бировларини олти ойдан кам билган кишиларнинг турмуш қуришларига йўл қўймаслик керак”, деган фикрни илгари сурганлар. Лекин ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, олти ой эмас, олти йил давомида бир-бирини синаганлар ҳам тўйдан кейин бир-бирларидаги иллатларни “кашф” эта бошлайдилар. Бир воқеани айтиб беришувди: йигит билан қиз бирбирларини севадилар. Лекин тўй қилиш имкони бўлмагани учун қиз йигитни тўрт йил кутади. Қизнинг раъйига қараган ота ва она совчиларни қайтараверади. Кутилган тўй бўлади. Шодлик ҳовури пасаймай туриб, бир ойдан кейин келин-қайнона орасида келишмовчилик юзага чиқади, оғзаки жанжалга куёвбола аралашиб, келинчакни калтаклайди. Табиийки, келин аразлаб отасининг уйига қайтади… Савол туғилади: қиз нима учун тўрт йил кутди? Бахтли оила қуриш учунми ё калтак ейиш учунми? Йигит қизни тўрт йил кутдирди, ўзи ҳам кутди, сабр қилди. Наҳот биринчи зиддиятдаёқ қоқилиб, йиқилиб, бурни қонаса?
* * *
Хотинларнинг эрлари зиммасидаги ҳақлари жуда кўп. Эрлар уларга нисбатан ғоят яхши феъл-атворли бўлишлари; хотинларининг яратилиши жиҳатидан эрларга нисбатан заифроқлигини назарда тутиб, марҳамат қилиб, улар етказган азиятларга чидашлари шундай ҳақлар жумласидандир… Хотин киши эридан ўзи билан ҳазиллашиб-кулишиб ўтиришни талаб қилиши ҳам унинг ҳақлари доирасидадир.
Эр хотинга мулойим ва чиройли хулқлар билан муомала қилишда салобатли ва обрўини йўқотмаслиги ҳам хотиннинг эрдан талаб қилиши мумкин бўлган ҳақлари жумласига киради. Чунки эр хотини олдида обрўини йўқотса, хотин ҳавойи нафсига берила бошлайди. Шу тариқа хотиннинг хулқи издан чиқади, эрни менсимай қўяди. Шунинг учун ҳам эр хотинига нисбатан хушмуомалада мувозанатни йўқотмаслиги, унинг олдида ўз ғурури ва савлатини сақлаб туриши керак. Хотинининг ҳар бир ғайриахлоқий қадамини дарҳол терговга олиши, хатти-ҳаракати ва феъл-атворидаги нуқсонларни тез бартараф этиб, уни тўғри йўлга буриб юбориши, шариатга ва инсонийликка зид ҳолни кўрса, ҳеч иккиланмай, унга қарши қатъий курашиши керак. Ҳасан Басрий: “Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эрни Аллоҳ таоло жаҳаннам оташига отади”, деганлар. Ҳазрати Умар эса: “Хотинларга қаршилик қилиб турмасангиз, уйдан барака кетади”, деб насиҳат қилганлар.
Модомики, Аллоҳ Ўз китобида эрни хотинга хожа деб номлаган экан, хотинига итоат этган ва унинг нафсоний орзуларига бўйин эгган эр, аслида, Аллоҳ таоло неъматини инкор этган ва у Зот ҳукмининг тескарисини қилган бўлади. Донишмандларнинг: “Хотиннинг нафси ҳам сенинг нафсингга ўхшайди. Унинг тизгинини бир озгина қўйиб юборсанг, сен истамаган томонга тортиб кетади. Агар жиловини бир қарич бўшатсанг, у сени бир қулоч нарига судрайди. Агар маҳкам ва забт билан ушлаб олсанг, у ҳолда молик ва хожа бўла оласан”, деган ҳикматларини доимо ёдда сақлаш керак.
* * *
Хотин билан яхши яшаш фақатгина унга азоб бермасликдан иборат эмас. Ундан келадиган ҳар қандай жабр-ситамларга чидаш, аччиқланганида унга мулойим муомала қилиш ҳам лозим (Абу Ҳомид Ғаззолий).
* * *
Оилавий турмушни бежизга “Умр савдоси” дейишмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурилсагина, ғирромлик ва алдов аралашмай ҳалол бўлсагина, иккала тарафга баравар фойда келтиради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади. Оила ҳаётида ҳам эр-хотин “ҳалол савдо” қилишсагина турмушлари файзли, ҳаётлари фароғатда кечади (Аҳмад Муҳаммад).
* * *
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “боқинди – бировнинг боқимида юрмоқ, бировга ортиқча ташвиш, дардисар бўлмоқ” деган таъриф бор. Ўзи ишламай, ота-онасининг бошига ўтириб олиб яшовчи ялқовлар шундай аталади. Илму ҳунардан бегона, бунинг устига танбал, ғайратсиз, “Берсанг – ейман, урсанг – ўламан”, қабилида кун кўрувчи, ота-онасининг ёки хотинининг топганини еб ётувчилар ана шундай дардисарлардир. Бунақаларни “Текинтомоқ” ҳам дерларки, бу тоифа дардисар боқиндиликнинг юқори босқичидир. Боқиндиларни тарбия этмоқ мумкин. Аммо текинтомоқларни инсофга келтириш жуда қийин.
Болалар ва илм толиблари “боқинди” доирасига кирмайдилар. Лекин бола ўсмир ёшига етгач, ўзини ўзи эплаш тадбирларини ўргана бориши шарт. Албатта, фарзандини боқиш ота-онага малол келмайди. Лекин ота ҳам, она ҳам бир куни дунёдан ўтади. Улар ўтгандан кейин боқинди боланинг аҳволи не кечади?
Уйланаётган йигит боқиндилик тўрига ўралиб қолишдан эҳтиёт бўлиши керак. Тўғрироғи, уйланмай туриб, бу ҳақда ўйлай бошлаши, фақат ўйлаши эмас, ҳаракат қилиши зарур. Айрим йигитлар, ота-оналари тўйдан гап очишса, “Аввал ишлаб, пул топай”, деб уларнинг ҳаракатини орқага суради. Бу яхши фазилат. Ҳатто ота-онаси бадавлат йигитлар ҳам бу фазилатга эга бўлганлари яхши. Ўзи ҳаракат қилиб пул топиб, тўй харажатларига 1-2 миллион сўм қўша олса, кўнгил роҳатига эришади. Энг муҳими – тўйдан кейинги боқинди ҳаётдан тезроқ қутулиш имконига эга бўлади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?