Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 13


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ҳаваскорлик спорти – эрталабки бадантарбия, югуриш, бадминтон, теннис, гимнастика… билан шуғулланиш ҳам мусобақаларда ғолиблик учун кураш эмас, саломатликни яхшилашга қаратилган бўлиши керак. Ҳамма ҳам гимнастика ёки теннисга боравермайди. Баъзи қизларимизда бунга қизиқиш, рағбат йўқ, айримларига ота-оналари рухсат беришмайди. Спорт майдонлари ва саройларига бориб шуғулланишга имкон бўлмаса, уйда ҳар куни бадантарбия қилишни кун тартибига киритиш керак.

Келин бўлиб тушган уйингизда бадантарбия қилишингизга ғалати қарашлари ҳам мумкин. “Келинлар қўзғолони” спектаклини эсланг: кенжа келин тонгда бадантарбияни бошлаганида Фармонбибининг қанчалар жаҳли чиққан эди. Афсуски, Фармонбибига ўхшаган қайноналар ҳозир ҳам бор.

Келинларимизни бадантарбияга даъват этишимнинг тиббий сабаби бор. Мутахассисларнинг айтишича, келинларнинг (айниқса, шаҳарлик келинларнинг) кўзи ёриши жараёни анча қийин кечаётган экан. Шу сабабли тўлғоқ пайтида кўп азоб чекишаркан. Натижада қоринни кесиб, болани жарроҳлик йўли билан олиш ҳоллари кўпаяётган экан. Бунинг асосий сабаби – жувонларнинг жисмоний жиҳатдан жуда заиф эканликлари қайд этиляпти. Қишлоқдаги келинлар доимий ҳаракатда бўлишади. Шаҳарликлар, айниқса кўп қаватли уйда турадиганлар пиёда юришга ҳам эринадиган бўлиб қолишган. Бундай аёллардан туғиладиган бола ҳам касалга кўп чалинадиган бўлиб қолади.

Айтмоқчиманки, келинларимизнинг бадантарбия билан шуғулланишлари фақат ўзлари учун эмас, туғилажак фарзанднинг саломатлиги учун ҳам зарур экан. Доно қайноналар бадантарбия қилаётган келиндан кулмайдилар ёки қилиғидан ғашланмайдилар. Аксинча, бадантарбия қилмайдиган келинга танбеҳ берадилар.

* * *

Келинпошша, хонадонингизнинг файзи шундаки, сизникидан меҳмон аримайди. Меҳмон кутавериб баъзан чарчаб ҳам кетасиз, тўғрими? Чарчай-чарчай, баъзан кимгадир нолигингиз ҳам келади. Лекин нолимайсиз ва тўғри қиласиз. Сиз яхши тарбия кўргансиз ва меҳмоннинг Аллоҳ таоло томонидан юборилганини биласиз. Қайси бир хонадонга меҳмон келмай қўйган бўлса, демак у жойга шайтон уя қурибди экан. Бу хусусда Аллоҳ таоло: “Эй Одам фарзанди! Агар уйингга меҳмон келмай қолса, Парвардигорга “Лаънати шайтон ёмонлигидан мени Ўзинг сақла”, дея илтижо қил”, деб бизларни огоҳлантиради.

Энди биргаликда ўйлайлик-чи: кимнинг уйига меҳмон оёқ босмай қўяди? Дўстлар, қариндошлар ҳам келмай қўйишади? Фақат фариштасиз уйга! Ким шайтон етовида экан, ким шайтон васвасасига банди экан, унинг уйига биров келмайди. Йўқламайди, зиёрат қилмайди. Биров бировникига овқат илинжида, нон умидида бормайди. Доно халқимизда “Ширин нонинг бўлмаса ҳам, ширин сўзинг бўлсин”, деган мақол бор. Молу мулки ҳисобсиз бўлса-да, ҳиммати бўлмаса, бу инсонда ҳилм, лутф, бағрикенглик бўлмаса – ҳаммаси бекор!

Ҳадиси қудсийда яна марҳамат қилинади: “Эй Одам фарзанди! Сен ҳузурингга келган Менинг меҳмонларимни сийла, Мен ҳам ҳузуримга келган сенинг меҳмонларингни (яъни сенга тегишли кишилар вафот этиб келишганида) сийлайман”. Диққат қилайлик: бизникига келувчи одам шунчаки оддий меҳмон эмас экан. “Меҳмон атойи Худо” дейилиши бежиз эмас экан. Демак, сизу биз Аллоҳ таоло йўллаган меҳмонни сийлашимиз керак экан. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурига биз томондан борган яқинларимизни азиз меҳмон мартабасида сийлар экан. Бу нима дегани? Яъни, яқинларимизни – вафот этган ота-оналаримиз, қариндошларимиз, дўстларимиз, қўшниларимизни… Аллоҳ таоло Ўз мағфиратига олади, деганидир. Раббимиз биз – бандаларига шундай илтифот қиляпти. Қаранг, арзимас бир ҳаракатларимиз, харажатларимиз эвазига Яратган қанчалар мукофот ваъда қиляпти! Таъбир жоиз бўлса, бир меҳмонни сийлаш билан биз аслида ўтган аждодларимиз, дуо талаб яқинларимиз руҳларини сийлаяпмиз экан.

Бир чавандознинг тенгсиз тулпори бўлар экан. Отга кўп харидор чиқибди, ҳатто жониворнинг бўйи баравар тилла ҳам ваъда қилишибди, чавандоз тулпорини сотишга кўнмабди. Бошқа бир шаҳардаги чавандоз отнинг шуҳратини эшитиб, бутун дунёимни бериб бўлса ҳам сотиб оламан, деган ниятда йўлга чиқибди. Бир неча кун йўл босиб, шуҳратли от эгасининг уйига келибди. Қоронғида эшик тақиллатган меҳмонни чавандоз хуштавозелик билан кутиб олибди. Баъзиларга ўхшаб “Кечаси бировникига келиб безовта қилишга уялмадими?!” деган маънода лабини бурмабди. Тонгга қадар зиёфат қилибди. Кундуз бўлибди. Меҳмон келиши сабабини айтмабди, мезбон сўрамабди. Меҳмондорчилик уч кун давом этибди. Меҳмон иззати битган куни муддаосини билдирибди. Буни эшитган ҳимматли мезбон бошини эгган ҳолда: “Мен отимни сизга сота олмайман”, дебди. Меҳмон ҳар қанча ялинса ҳам кўнмабди. Сабабини эса айтмабди. Меҳмон чавандоз ҳам алам, ҳам афсус билан изига қайтибди. Орадан вақт ўтиб, тулпорнинг шуҳрати сўнгандан кейингина меҳмондорчилик билан ўтган ўша уч кунда нима воқеа юз берганини англабди. Чавандознинг бисотида фақат биргина бебаҳо оти бор бўлиб, ўзи ночор яшар экан. Меҳмон келганида дастурхонга қўядиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун ҳеч кимга сотмаётгани, жонидан ортиқ кўрувчи ўша тулпорни сўйиб, меҳмонни сийлаган экан…

Қиссадан ҳисса чиқаришни ўзингизга ҳавола қилиб, яна Аллоҳ таолонинг сўзига мурожаат этамиз: “Эй Одам фарзанди! Барча мол-дунё Менинг мулкимдир. Сен қулимсан. Сенинг кулбангга таклифингсиз келган меҳмон эса, Менинг элчимдир. Қўлингдаги ўзим берган неъматларимни қайтариб олиб қўйишимдан қўрқмайсанми?!” (Қудсий ҳадисдан).

Тушунгандирсиз, хонадонимизга кириб келган неъматларда меҳмонларнинг ҳам ризқу-насибаси бор экан. Меҳмон бизнинг насибамизга шерик бўлмас экан. У ўз ризқининг эгаси экан. Ундан қизғансак, оғринсак, Яратганнинг қаҳрини келтириб қўйишимиз мумкин. Яратган Раббимиз неъматларни қандай берган бўлса, шундай қайтариб олиб қўйиши мумкин. Шунисидан Ўзи асрасин!

 
Кимни кўрсанг бу жаҳонда ўз ризқин терадир,
Хоҳ сенинг уйингда бўлсин, хоҳ ўз айвонида.
Сен карам хонини ёз, ҳам шукр қил,
Парвардигор Берди ошу нон дўстга дўст дастурхонида.
 

Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ажиб хотираси бор. У карвонлари билан Туркиянинг Онадўли деб аталмиш Осиё қисмидаги Денизли шаҳрига яқинлашганида шоп мўйловли барваста бир одам йўлдан чиқиб, отининг жиловини маҳкам тутади-да, “юр, кетдик!” деган ишора қилади. Сайёҳ туркчани, у одам эса арабчани билмайди. Ёнига қилич осган шоп мўйловли бу одамни сайёҳ қароқчи деб ўйлаб, қўрқиб кетади. Бу ҳам етмаганидай беш-ўн дақиқадан сўнг яна бир паҳлавон одам пайдо бўлиб, отнинг чап томонидан жиловини ушлайди. Ўзаро нималардир деб гапириб, бири отни у томонга, иккинчиси бу томонга тортқилайверади. Гап нимада эканини билмаган сайёҳнинг қўрқуви ортаверади. Тортишув сабаби эса оддий эди: аввал келган шоп мўйловли паҳлавон айтадики: “Меҳмон – атойи Худо! Биринчи бўлиб уни мен кўрдим. Шунинг учун уни биз меҳмон қиламиз”. Иккинчи бўлиб жиловни ушлаган паҳлавон эса унга эътироз билдиради: “Биринчи бўлиб кўрганинг тўғри, лекин биродар, бу ерлар бизники-ку, ахир! Бизнинг меҳмонимизни сен бошлаб кетсанг бизга уят эмасми! Инсоф қил! Бу меҳмонни Аллоҳ таоло бизга насиб этган. Биз уни едирамиз, ичирамиз, ётоғини тайин қилиб берамиз. Дуосини, савобини ҳам биз олажакмиз”.

Келинпошша, бу воқеа сизга эртакдай туюлгандир? Лекин бу эртак эмас, ҳақиқат!

“Ўзбеклар – меҳмондўст халқ” деб фахрланамиз. Худди шунга ўхшаган гапни, яъни “араблар меҳмондўст халқ” ёки “испанлар меҳмондўст” деган фахрни ҳам ўша жойларга бориб қолсак эшитамиз. Ҳар бир халқнинг меҳмондўстлик одати ўзи учун ёқимли, ўзи учун суюмли. Дунёда нечта қишлоқ, шаҳар, юрт мавжуд бўлса, меҳмондўстлик кўринишлари ҳам шунча. Хусусан, “ўзбекларга хос меҳмондўстлик” деганимиз билан бу меҳмондўстликнинг кўринишлари кўп. Андижонда ўзига хос, Жиззахда ёки Бухорода ўзига хос чиройли кўринишлари бор. Бу кўринишларнинг бири иккинчисига ўхшамайди. Янада синчиклаб кузатсак, айтайлик, Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги меҳмондўстлик билан Бойсундаги лутфнинг орасида фарқларни сезамиз. Бу одатлар ҳар бир жойнинг шарт-шароитлари, имкониятларидан келиб чиқиб шаклланган ва қатъий урфодатга айланиб қолган. Айрим урф-одатларга ҳозир ҳам қаттиқ амал қилинади. Баъзилари эса эътиборсизлик натижасида унутиляпти.

Ибн Баттута баён қилган меҳмондўстлик бизда ҳам мавжуд. Айниқса, қишлоқдаги бир хонадонга меҳмон келса, уни уйига чорловчи мезбонлар кўпайиб кетади. Бир кунни мўлжаллаб келган меҳмон ўн-ўн беш кун қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам халқимизни “меҳмондўст” деб шарафлашади. Бундай меҳмондўстликни кўп кўрганман ва ҳамиша шу халқ фарзанди эканимдан фахрланганман. Бундай фахр бошқа одамларда ҳам борлиги аниқ. Лекин фақат фахр билан чекланиш кифоя эмас. Балки бу гўзал одатнинг янада гўзаллашувига ўз ҳиссасини қўшмоғи, фарзандларини шу одат бўйича тарбия этмоғи лозим.

Айтиш жоизки, жойлардаги меҳмондўстликнинг бирини иккинчисига таққослаб, бирини иккинчисидан афзал қилиб кўрсатиш ақлдан эмас. Ҳар бир жойнинг одатини борича қабул қилиб, иззатлаш керак. Масалан, Фарғона водийсида меҳмон остона ҳатлаши билан қўлига сув қуядилар. Дастурхон тўрига ўтқазадилар. Фотиҳадан сўнг ўринларидан туриб, қўл қовуштириб “Хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанот!” дейдилар. Меҳмон ҳам ҳурмат юзасидан ўрнидан туриб “Хушвақт бўлинг”, деб лутф қилади. Меҳмонларга ярим пиёладан камроқ миқдорда чой қуйиб узатадилар. Чой қуйишда пиёлага шама туширмасликка уринадилар. Меҳмон кетишга изн сўраса, дарров рухсат бермайдилар, “Мен ҳали сизнинг дийдорингизга тўйганим йўқ”, деб яна бир оз суҳбатга тутадилар. Меҳмон кетишга рухсат сўраши билан қўлни фотиҳага очиш одобсизлик саналади. Худди меҳмоннинг тезроқ даф бўлишини истаётгандай қабул қилинади. Зиёфат мобайнида мезбон “олинг, олинг”, деб баъзан меҳмонларни қийнаб ҳам қўяди.

Меҳмондорчиликда “олинг-олинг”га ўрганган киши Хоразм томонларга бориб қолса, ажабланиши мумкин. У ёқларда ҳар бир меҳмон олдига бир чойнак, бир пиёла қўйилади. Меҳмон чойни ўзи қуйиб ичади. Бу одатда меҳмонга нисбатан ҳурматсизликни кўрмаслик керак. Каминага ўхшаб кам чой ичадиганлар учун айни шу одат ёқимли. Чунки водий томонда чой қуйиб узатаверишгач, мезбоннинг қўлини қайтаришдан хижолат бўлиб, ичишга мажбур бўлаверасиз. “Олинг, енг” деб таклиф қилмоқлик мустаҳаб, яъни савоб иш. Лекин бунинг чегарасини билиш керак.

Меҳмон келса, биринчи галда дастурхон ёзамиз. Ундан ҳеч қачон “қорнингиз очми?” деб сўрамаймиз. Биласиз, русларнинг одати шунақа, биз учун эса уят. Бир одам меҳмонидан: “Очмисиз, ташнамисиз ё уйқунгиз келяптими?” деб сўрабди. Меҳмон ҳазил йўсинида жавоб берибди: “Булоқ бошида тўйиб ухлаб келдим”. Бу жавобни эшитиб мезбон ўйланибди: “Демак, булоқ бошида тўйиб сув ичган, тўйиб ухлаган. Фақат… қорни оч экан…”

Меҳмондан сўраб ўтирмай, таом келтирилади. Еса – егани қадар ер. Емагани – меҳмондан қолган таом шифодир, дейдилар. Бизнинг одоб шундай. Абул Аъло ал-Мааррий дедиларки: “Уйингга келган меҳмонга тушлик овқатни берган бўлсанг, кечда унга “Овқатланишга иштаҳангиз борми?” деб сўрама. Меҳмон оч бўлса-да, уялганидан “Иштаҳам йўқ”, демоғи мумкин. Шунинг учун қандай таоминг бўлса-да, тақдим қил”. Яъни: “Сўраб бергандан кўра уриб бер”. Бир хасиснинг қовурилган товуқни уч кундан бери дастурхонга қўйиб, аммо емасдан олиб кетаётганига разм солган меҳмон: “Бу товуқнинг қовурилгандан кейинги умри тириклигидан ҳам узунроқ шекилли?” деб ўйлаган экан.

Меҳмоннинг ҳаққи баланд саналади. Подшо замонида тоғ қишлоқларининг бирида ибратли воқеа содир бўлган. Миршаблар таъқибидаги одам қочиб келиб, бир уйга кириб яширинади. Уй эгаси қарасаки, ўзининг душмани паноҳ излаб кирибди. Уй эгаси хунхўр эди, бу кишини ўлдириб, қасос олиши зарур эди. Лекин остонасини ҳатлаб киргани учун у одам меҳмон мартабасига чиққанди. Уни ўз уйида ўлдириши мумкин эмасди. Ҳатто меҳмонни миршаб қўлига топширишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Меҳмон мартабасидаги душманини ҳимоя қилишни халқининг меҳмондўстлик қонунини талаб этарди. Уй эгаси ёзилмаган, аммо асрлар бўйи ота-боболари итоат этиб келган бу қонунга бўйсунди. Меҳмонни миршаблардан ҳимоя қилиб, ўзи ҳалок бўлди…

Ҳикоят: Халифа Мўътасим бир гуноҳкорни ўлимга ҳукм қилди. Гуноҳкор дедики:

– Э мўминларнинг амири, Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун мени бир коса сув билан меҳмон қилингки, мен жуда ташнаман. Ундан кейин амрингизни бажо келтирсинлар.

Халифа Мўътасим “Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун” дейилган онтнинг ҳурматини сақлаб буюрди, гуноҳкорга сув бердилар. У киши сувни ичганидан сўнг деди:

– Аллоҳ таоло сизга меҳр-шафқат ато қилсин. Э мўминларнинг амири, шу бир коса сув билан сизнинг меҳмонингиз бўлдим. Энди мурувват билан буюрингки, агар меҳмонни ўлдириш лозим бўлса, мени ўлдираверсинлар. Агар афв қилсангиз, сизнинг олдингизда барча гуноҳим учун тавба қиламан.

Бу гапни эшитган халифа табассум қилиб деди:

– Тўғри айтасан, меҳмоннинг ҳаққи улуғдир. Сенинг гуноҳингни афв этдим. Сен тавба қилдинг, бундан буён нотўғри йўлга ҳеч қадам қўймагил.

Яна бир ҳикоят:

Ҳимматли ва мурувватли бир одам ўз боғига ёру дўстларини даъват қилиб, зиёфат берди. У кишининг гўзал ва ахлоқли, тарбияли бир ўғли бор эди. У кечгача меҳмонлар хизматида бўлиб, жуда чарчади. Кечқурун дам олиш учун болохонага чиққан эди, бехос мункиб, пастга йиқилди-ю жон берди. Ота бечора бу қайғули ҳолни кўриб, юрак-бағри эзилди, кўзига ёш олиб, ўғлига келган фалокатни хотинига ва оила аъзоларига секингина хабар қилди-да:

– Ҳеч қайсингиз товуш чиқариб йиғламанг, ўғлимнинг вафот қилганини меҳмонлар сезмасин, – деб тайинлади.

Меҳмонларга сездирмасдан марҳум ўғлини ювдириб, кафанлатиб қўйди. Кейин меҳмонлар ҳузурига чиқиб, улар билан суҳбатлашиб ўтирди. Ўғлининг вафотидан меҳмонлар хабарсиз эдилар. “Ўғлингиз қаерда, нима учун кўринмай қолди?” деб сўрадилар. Ота бечора меҳмонларнинг кайфиятларини бузмаслик учун фожиани яширди: “Ўғлим сал чарчабди, ухлаяпти”, деган жавоб билан чекланди. Меҳмонлар мурувватли кишининг боғида тунадилар. Эрталаб бомдодни ўқиб, нонушта қилишгач, кетишга изн сўрадилар. Шунда ота кўзларига ёш олиб деди:

– Дўстларим, ўғлим кечки пайт болохонадан йиқилиб вафот қилди… пешинга жаноза…

Бу тўқима воқеа эмас, ҳаётда учраб турадиган ҳол. Ўлим фожиаси содир бўлмаса-да, майда-чуйда ташвишли ишлар ҳам меҳмонларга билдирилмайди. Машҳур ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг китобларини нашрга тайёрлаш жараёнида бир ҳикоя диққатимни тортди. Ундаги баёнга кўра, шаҳарлик зиёлилар тоғдаги қишлоққа сайр қилгани борадилар. Сайр ташаббускори қишлоқдаги таниши яшайдиган уй эшигини тақиллатади. Бир аёл эшикни очиб, меҳмонларни ичкарига таклиф қилади. Уй соҳибини сўрашса, “Ҳозир келиб қоладилар”, дейди. Дастурхон ёзиб, шаҳарликларни меҳмон қилади. Меҳмонлар ошни еб бўлишиб яна уй соҳибини сўрашганда аёл уй соҳибининг вафот этганини айтади. Маълум бўлишича, шаҳарликлар бошқа кўчага кириб қолиб, бошқа эшикни тақиллатишган экан. Эшикни очиб, меҳмонларни кўрган аёл “Сизлар излаб келган киши нарига кўчада туради”, демай, уларни очиқ чеҳра билан қаршилашининг сабаби: унинг марҳум эри тириклик чоқларида меҳмондўстликни қадрлайдиган киши бўлган экан…

Бу ҳикояни ўқиб, “Бўлган воқеага ўхшайди”, деганимда ёзувчи тасдиқлаб, яна бир воқеани айтиб берган эдилар. Ёзувчининг ҳикоялари русчага таржима қилиниб, Москва нашриётига юборилгач, у ердан “Асардаги воқеалар ёлғон, ҳаётий эмас”, деган жавоб келади. Орадан қанчадир вақт ўтиб, Москвадан бир ёзувчи меҳмон бўлиб келади. Уни Ўзбекистон бўйлаб сайр қилдиришни Ўлмас Умарбековга топширадилар. Сайру саёҳат ниҳоясига етгач, москвалик ёзувчи Ўлмас акага узрли оҳангда бундай дебди:

– Сенинг ҳикояларингни ўқиб, рад жавобини ёзган эдим. Ундаги меҳрмурувватга доир воқеалар менга сунъий туюлган эди. Чунки бундай инсонийликни кўрмаган эдим. Ўзбекистонда юриб, сенинг тасвирингдагидан афзалроқ меҳр-муҳаббатга гувоҳ бўлдим. Китобингни бер, олиб кетиб, рус тилида чиқараман, рус ўқувчиларига ибрат бўлсин.

Меҳмон ҳузурида мезбон қанчалик бурчли бўлса, меҳмон ҳам мезбон хонадонига нисбатан бурчлидир, унинг молига, аҳли аёлига ёки оиланинг бошқа аъзоларига ёмон назар билан қарамаслиги шартдир. Бир ўғри уйни шип-шийдон қилиб чиқиб кетаётганида айвонда бир қопни кўрибди, қоронғуда унинг ичида нима борлигини билолмай, ялаб кўрибди. Билса – туз экан. “Мен бу уйдан туз тотиб, хонадоннинг меҳмонига айландим, унинг молини ўғирлаш мен учун ҳаром”, деб олган нарсаларини ташлаб чиқиб кетган экан.

Меҳмондорчилик учун дастурхон устини тўлдириб ташлашга ҳаракат қиламиз. Аммо, билиш керакки, энг гўзал дастурхон камтарона дастурхондир. Дастурхонни тўкин қиламан, деб бировлардан қарз олиш ҳам яхши эмас. Борини баҳам кўриш керак. Бир киши хотинига: “Бўйдоқ меҳмонга келганида бутун нон қўй”, деб тайинлабди. Хотини бунинг сабабини сўраганида у дебди: “Оилали, рўзғорли одам етишмовчиликни, рўзғорда ҳамма нарса тўла-тўкис бўлмаслигини билади ва уйида ҳам шундай ҳолатлар бўлиб тургани учун сир сақлаб, қаноат қилиб бировга гапирмайди. Бўйдоқ эса оиладаги камчиликларни англамагани, билмаганидан “синиқ нон қўйди”, деб маломат қилади”.

Бугунги меҳмондорчиликларда гуноҳ ишлар аралашиб қолганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. “Мастликда кўп сўзлаш, ҳушёрликда йиғлаш – девоналик”, дейдилар. Мастлик чоғида турфа хил девоналиклар юзага чиқади, хилма-хил қилиқлар уйғонади. Бировлар чапак чалаверадилар, депсинадилар, кулаверадилар, йиғлайдилар, ашула айтадилар… хуллас, аҳмоқликнинг барча кўринишларига гувоҳ бўлиш мумкин. Кўпчилик қимматбаҳо ароқ-коньякларни дастурхон ҳусни деб ўйлаб янглишяпти. Ҳаром нарса ҳеч маҳал ҳусн саналмайди. Афсусли ери шундаки, аёллар иштирокидаги меҳмондорчиликларда ҳам дастурхон ман этилган ичимликлар билан тўла бўляпти. Янада афсусли ери шундаки, бу давраларда аёллар ҳам эркаклар билан баравар ичишяпти.

Ҳаёли қиз-жувонлар бундай даврага бориб қолсалар уларга жуда оғир бўлади. Бошлаб борган ота-оналари, эрлари ёки қайноналарининг нодонлиги учун улар азият чекадилар. Худо уларга сабр берсин! Билиб турибман, бу даврани тарк этиш уларга осон эмас. Ўтираверсалар янада қийин. Шундай экан, вазиятга, шароитга қараб иш тутишдан ўзга чора йўқ. Бирон нимани баҳона қилиб чиқиб кетишга уриниб кўрганлари маъқулдир?

Бу азиз ёшларимизга айтар гапимиз: сизни нобоп даврага бошлаб борсалар зинҳор ўчакишманг, у даврада ҳалол ва ҳаром ҳақида гапириб овора ҳам бўлманг. Буни уйга қайтганингизда ота-онангиз, эрингиз ёки қайнонангизга алоҳида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Агар “Сизлар гуноҳга ботяпсизлар, сизлар билан гуноҳкор бўлишни истамайман!” деб даврани тарк этсангиз, энг яқин одамларингиз ҳам сизни тушунмасликлари, оқибатда оилангиз мустаҳкамлигига дарз кетиши мумкин.

Ароқхўрлик бор жойда бузуқликка ихтиёр ҳам уйғонади. Айрим эркаклар ўз дўстларининг хотинларига ҳам ишрат кўзи билан боқишдан тоймайдилар. Буни сезган аёл даврани тарк этиш чорасини тезлаштиргани дуруст. Кейинги сафар бу даврага келмаслик баҳонасини ҳам топсин. Бироқ эрига “фалончи менга бузуқ қараш қилди”, деб айтмасин. Айтса, икки дўст ёки қариндош ораси бузилишидан ташқари, эри унга гумон билан қарай бошлайди.

Келинпошша, меҳмон кутиб олишдаги чиройли хизматларингиз ёки меҳмондорчиликка борганингиздаги ўзингизни баодоб тутишингиз сизга шараф келтиради. Аксинча, меҳмонларни кутишда эътиборсизлик ёки ялқовлик қилсангиз ёки менсимасангиз, тотли таом пишириб беролмасангиз, меҳмонга борганингизда эса одоб билан ўтира олмасангиз, сизни маломат қиладилар. Шу боис ҳам бу суҳбат баёнини батафсилроқ қилдим. Одобларни бир ўқишда эслаб қолиш, эҳтимол, қийиндир. У ҳолда эринмай қайта-қайта ўқинг ва билганларингизни амалда қўллангки, шунда барака топасиз. Бу тўртликни ёдлаб олсангиз янада яхши:

 
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нури зиё,
Уй – фонус, меҳмон шамъу мен эсам парвонамен.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо,
Кетса меҳмон мен мисоли мажнуни девонамен.
 
* * *

Сиз одамлар орасидаги тенгликни қандай тушунасиз? Эр билан хотин орасидаги тенгликни-чи? Аёл билан эркак инсон сифатида тенг, аммо ҳақ ва вазифалар жиҳатидан тенг бўла олмайди. Ҳақ ва вазифалар орасидаги тенгликни даво қилиш хатодир. Чунки тенг кўринишда яратилмаганлар орасида тенглик даво қилиш ўринсиз бир ҳаракатдир. Эркак ва аёл яратилишда фарқли бўлганлари сабабли тенг бўла олмайдилар. Ахир “Арслон гўшт ейди, сен нега ўт еяпсан, сен ҳам гўшт е, чунки сизлар тенгсизлар”, деб кийикни мажбурлаб овга жўнатмаймиз-ку?! Бу нозик ва латиф жониворни гўшт едиришга мажбур қилмаймиз-ку?

“Эркак қиладиган барча ишни аёл ҳам қила олади”, деган “тенглик ғояси” бугун тобора куч олмоқда. Аёл ҳақларини кўпайтириш ва эркак билан тенглаштириш мақсадида “Феминизм” деган кучли оқим пайдо бўлган. Европани пароканда қилиши камлик қилиб, биз томонларда ҳам қанот ёйяпти. Уларнинг ҳаракатлари шунчалик шиддатлики, тенгликка эришганларидан кейин ўзларини тўхтата олмай, эрлардан илгарилаб ҳам кетишди. Буни биз кундалик турмушимизда ҳам кузатяпмиз. Баъзи серғайрат аёлларимиз тенглик билан кифояланишни истамай қолишди. Оила ҳаётида ҳам, иш, ижтимоий ҳаётда ҳам эрлардан олдинга ўтишга зўр бериб интилишяпти. Аҳвол шундайки, илгари иши юришган эрнинг орқасида аёли бўларди, ҳозирги кунда эса иши юришмаган ва муваффақиятсизликка учраган эркакнинг олдида аёл бор. Бу ҳолни мақол тили билан таърифласак: “Аравалар отлардан олдинга чиқиб олган замон”, дейиш мумкин.

Дарахт шохида бир жуфт чумчуқ завқланиб чуғурлашаётган экан. Нодон туя келиб, дарахт шохларини тишлаб, торта бошлабди. Жуфти билан яйраётган чумчуқнинг жаҳли чиқиб: “Агар пастга тушиб кетгудай бўлсам, оёғингни синдираман”, деб чириллабди. Туя бу дағдағадан чўчиб, кекса туяга бориб, маслаҳат сўрабди.

– Чумчуқнинг ёнида жуфти ҳам бормиди? – деб сўрабди доно туя. Тасдиқ жавобини эшитгач, маслаҳат берибди: – Ёнида жуфти бўлса, ҳазиллашмабди, оёғингни синдиришга кучи етади.

Тенглик ҳақида кўп гапирувчилар шу каби ривоятларни ўқиб, мағзини чақиб, тўғри хулоса олсалар кошки эди…

* * *

Уйни озода, саришта сақловчи аёлни “ораста” деб мақташади. Уйни, ошхонани, ҳовлини покиза сақлаш, кийимларни вақтида ювиш ва дазмол қилиш баҳс талаб этмайдиган, бажарилиши шарт бўлган иш экани аввалроқ айтилди. Лекин мана шу ишларнинг қай вақтда ва қандай сифатда бажарилиши турли можароларга сабаб бўлади. Агар келин ҳам ишласа, бу вазифаларни хизматдан қайтгач ва дам олиш кунлари бажаради. Бунга эр ҳам кўникади. Инсофли эр бўлса, айрим ишларда ёрдамлашади. Бошқалари диванда чўзилиб ётаверади. Агар келин уйда бўлса, юмушларни эри ишдан қайтгунча қилиб олгани яхши. Чунки хизматдан чарчаган эр хотинининг ҳовли супуришини ёки чангюткичда гилам тозалашини ёқтирмайди. Тўғри, уй ишлари ҳеч маҳал тугамайди. Лекин бажариш шарт. Юмушларини вақтида бажаришга улгурган хотин эрини чарчаган ҳолда кутиб олмасин. Ҳар қанча толиққан бўлса-да, қувноқ чеҳра билан қаршиласин. Унинг шодлик билан кутиб олишига эр қувонч билан жавоб қайтарса, барча чарчоқлари ўз-ўзидан кўтарилиб кетади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации