Текст книги "Тенг-тенги билан бахтлидир"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]
Ҳазрат Алидан ривоятким: «Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) мендан:
– Эй Али, сенга беш минг қўй берайми ёки ҳам дунё, ҳам охират учун фойдали беш калимани ўргатайинми? – деб сўрадилар.
– Ё Расулуллоҳ! Беш минг қўй озмунча фойда эмас. Бироқ, менга беш фойдали калимани ўргатишингизни хоҳлайман, дедим.
Шунда Расули акрам (с.а.в.) ушбу дуони ўргатдилар:
– Аллоҳим, гуноҳларимни мағфират қил. Менга кенг феъл ва ҳалол даромад насиб эт. Нафсимни берган ризқингга қаноатли қил ва қалбимни Ўзинг ман этган нарсаларга мойил қилиб қўйма.
Биз ҳам бу калималарни дилимизга муҳрлаб, сўнг азиз фарзандларимизга ўргатсак, нур аланнур бўлур.
* * *
“Бойлик одамларнинг қўлидаги нарсалардан умидсизликдир”.
Мазкур ҳадиси шарифни ҳазрат Алишер Навоий “Арбаин” – қирқ ҳадисда бундай ифода этганлар:
Бойлиғ истар эсанг, эл илгида
Ҳар не кўрсанг, боридан ўл навмид.
Бу ғино баски, халқдин кечибон
Тутсанг уммид Ҳақдин, ўқ жовид.
(Агар бойлик истасанг, одамларнинг қўлида ҳар нима кўрсанг ҳам, ундан умид қилма, ноумид бўл. Зотан, халқдан кечиб, Ҳақдан умидвор бўлсанг, мана шу асл бойликдир. Зеро, Унинг Ўзигина мангудир.)
* * *
Зевар кишига не тожу, не афсор бил,
Ул зевар адаб била ҳаё даркор бил.
(Киши учун тож ва бошқалар зийнат бўлмайди, балки унга зийнат – ўзида бўлган адаб ва ҳаёдир.)
Бўлмас адабсиз кишилар аржуманд,
Паст этар ул хайлни чархи баланд.
(Одобсиз кишилар юқори мартабали бўла олмайдилар. Муаззам фалак бу тоифанинг даражасини паст қилиб қўяди.)
* * *
Фарзандингиз тўйдан кейин тезроқ бойишга, тезроқ мустақил ҳаёт кечиришга интилади. Унинг бу борадаги ҳаракатини зийраклик билан кузатишингиз лозим. Агар ота бойликка муҳаббат қўймайдиган ақл эгаларидан бўлса, бу тарбияни чиройли тарзда амалга оширади ва фарзандини турли балолардан сақлаб қола олади. Бойликни севучи ота эса ўғлининг тобора кўп пул олиб келаётганидан қувонади, “Бой бўлгин”, деб дуо қилаверади.
Бир одам менга хасрат қилган эди:
– Ўғлим прокуратурага ишга ўтганда шодландим. Бир куни қўлимга анча пул тутқазганда, пора олганини сезсам-да, индамадим. Худога шукрона айтиб, “Ўғлимни паноҳингда асра”, деб дуо қилдим. Шу пулга тўйга атаб иккита буқа сотиб олдим. Молхонада икки бўғоз сигирим бор эди. Иккови ҳам олдинма-кейин туғолмай нобуд бўлди, бузоқларни ҳам сақлаб қололмадик. Бир ҳафтадан кейин ўғлимнинг пулига сотиб олинган буқалар ҳам бўкиб ўлди. “Келган балоқазо шуларга урган бўлсин”, деб дуо қилдим. Ўғлим пул бераверди, молларнинг ўрни тўлгандай бўлди. Аммо… хонадонимга ёпирилган бало-қазо уларга уриш билан тўхтамаган экан. Ўғлим икки йил ишламай, ўзини қамоқда кўрди. Чимилдиқда ўтириши лозим бўлган йигит темир панжара ортида ўтирибди…
Яқинда маҳкама (суд) идорасида бир кишининг ҳўнграб йиғлагани диққатимни тортди. У ҳукмдан норози бўлиб, «Ўғлим ўғри эмас, у молларни сотган, холос, ўғирланганини билмаган», деб йиғларди. Унга кимдир ачинарди. Кимдир эса… Биз ҳам ачинамиз. Ҳар ҳолда ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, боласининг оёғига тикан кирса, ўз қалби яраланган ота ёки онанинг бундай фожиага дуч келгандаги аҳволини тушуниш керак. Кимдир ўғирлик молларни олиб келиб берган-у, йигитча сотаётганида қўлга тушган. Бу воқеа учун ота ёки онани ҳам айблаб бўлмас. Лекин масалани чуқурроқ таҳлил этсак, ўзгача манзарани кўрамиз.
Маҳкама ҳукмидан норози бўлаётган отанинг тили фарзандига: «Болам, сен ҳали ёшсан, бозорга интилаверма. Бозор шайтоннинг масжиди экан, унда ҳар турли найранглар борки, яхши-ёмонни ажратишга ҳали сенинг мурғак ақлинг заифлик қилади. Биров сенга молини арзонроққа сотишга интилса билки, у мол гумонлидир. Кўпроқ фойда олиш, тезроқ бойиш ҳисси кўзларингни кўр қилиб қўймасин…», деганмикин? Демагандир… Бу каби танбеҳларни ким бериши керак эди? Йигит белгиланган жазо муддатини ўтаб чиққанидан кейин, шубҳасиз, бўлиб ўтган воқеа оилада муҳокама қилинади. Ажаб, улар қандай хулосага келишар экан? Ота ёки она: «Болам, энди бозорга йўлама, бу сен қиладиган иш эмас экан», дейишармикин? Менимча, улар тўғри хулоса чиқара олмасалар керак. Аксинча, қамоқдан қутқариб қолишга ёки бошқа ишларга сарфланган харажатларни чиқариб олишни ўйлашар. “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, дейишади. Басир кўзлар эса кетма-кет йўқотаверадилар, афсусли ери шунда…
* * *
Гар кимсада зоҳир ўлса тамкини хирад,
Андин билгилки топти тазйини хирад.
Андоқ қариким йўқ анда ойини хирад,
Ул ёш ортуқки, топти талқини хирад
(Алишер Навоий).
(Кишида мулоҳаза юритиш пайдо бўлса, шундан билгилки, у ақлига зийнат берибди. Агар қари кишида ақл-мулоҳаза бўлмаса, ундай қаридан ақлли ёш яхши.)
* * *
Бир киши дўстига ҳасрат қилди: “Ўғлимнинг боласи яқинда иккита бўлади. Лекин ҳалигача оиласини боқишни ўйламайди, ҳатто ҳовлининг ишларига эгилмайди”. Дўсти уни овутди: “Ҳозир сизга эркалик қиляпти. Ўғлингиз ақлли йигит, кейин эплаб кетади”. Боқиндиликка ўрганиб қолган бу ўғил отаси вафот этганидан кейин ҳаётда ўз ўрнини топа олармикин? Рўзғорини эплаб кетиши осон бўлармикин?
Сизнинг оилангизда аҳвол қандай? Сизнинг қалбингизда ҳам шундай ҳасрат яшириниб ётгандир балки?
Масал: Бир бойнинг икки кўппаги бор эди. Бирини уйни қўриқлашга, иккинчисини овга ўргатган эди. Бой уйга кириши билан уйни қўриқлашга ўргатган кўппаги думини ликиллатиб унга пешвоз чиқарди. Бой уни эркалатарди. Овдан олиб келган ўлжалари билан сийларди. Бунга овчи итнинг жаҳли чиқарди. Бир куни у уй кўппагига деди:
– Менга қара! Бу ўлжанинг кетидан югурган, сувдан олиб чиққан менманку? Сен эса мен тутган ўлжани уялмасдан еяпсан-а!
– Менга нима учун даъво қиласан, – деди уй кўппаги. – Сен бу арзингни хўжайинга айт. Мени тайёр овқатга ўргатган у эмасми?
Қиссадан ҳисса шуки, болаларни танбал қиладиган ҳам, ишчанликка ўргатадиган ҳам ота ва она! Шундай экан, уларнинг ўзлари фарзандларига ўрнак бўлишлари, танбалликдан қочиш хусусида бетўхтов равишда насиҳатлар қилишлари, ҳамиша яхшиликка, меҳнатсеварликка бошлашлари зарур. Болаларини ҳунар ўрганишга қизиқтириш, билимли бўлишга ундаш зиммаларидаги бурч эканини унутмасликлари керак. Танбалликнинг охири надомат эканини унутиб, болаларини дангаса, тайёрини ейишга ўргатган оталар ва оналар, шубҳасиз, фарзандларига энг катта ёмонлик қилган, ҳатто уларни ўлимга маҳкум этган бўладилар.
Лаббай, “жуда-а оширвордингиз”, демоқчимисиз? “Танбаллик орни ўлдиради”, деган ҳикматга кўра, ялқов ва беор одамни тирик мурда деб аташ мумкиндир? Танбаллик ёмон ахлоқни вужудга келтиради. Ёшлар орасида учраб турган кўпгина жиноятлар айни танбаллик оқибатида юзага чиқяпти. Меҳнатсеварлик яхши хулқни юзага чиқаради. Интилган ёмонликдан қутулади, танбаллик ёмонликка яқинлаштиради.
Шундай тарбия қилиш лозимки, токи фарзанд тайёр ошдан эмас, меҳнат билан топилган луқмадан роҳатлансин. Фақат ўз оиласигина эмас, балки мамлакатнинг порлоқ келажаги меҳнатсевар инсонларга боғлиқ эканини, текинтомоқнинг эса мамлакатга, халққа зараркунанда эканини тушуниб етсин. Ғайратли одам инсониятга хизмат қилишини, ғайратсиз танбал эса инсониятга юк эканини ҳам англасин. Меҳнатсевар инсон фақир бўлса ҳам доимо ҳурматда, танбал одам бой бўлса ҳам, доимо беобрў эканини билган фарзанд камол топади. “Наф келтирувчи киши ўғилдан ҳам яхши бўлиши мумкин. Беҳуда ишлар билан банд бўладиган ўғил эса ёвдан ҳам ёмон” деган ҳикмат бекорга айтилмагандир.
Масаллар ва ривоятларда бекорга жониворлар ҳаётига мурожаат қилинмайди. Қаранг, уй ҳайвонларини одамлар боқадилар. Жониворлар инсон марҳаматига муҳтожлар, чунки улар оғилхонада ёки катакда бандилар. Далага чиқарилсалар барчалари ўз емишларини топиб еяверадилар. Лекин юқорида тилга олганимиз “боқинди”лар-чи?
Ҳайвонот боғида туғилиб, улғайган йўлбарс ўрмонга қўйиб юборилса, ов қилолмай оч қолиб, ўлиши мумкин экан. “Боқинди”лар шундай аҳволга тушмасмикинлар? Тушадилар! Бунақаларни ҳаётда учратиб турибмиз. Улар оталарининг мулкини совурган нодонлар каби кун кечирадилар. Ҳаётлари нолиш билан ўтади.
* * *
Бир сахий бой қишлоқдаги қашшоқларнинг ҳолидан ҳамиша хабардор бўлиб турарди. Бирор оиланинг нонга муҳтож бўлиб қолганини билгани ҳамон саховат қўлини чўзарди. Лекин уларни аввал ишлатиб, кейин қорнини тўйғазарди. У буюрадиган иш ажабланарли эди. Бугун икки қоп буғдойни ошхонадан ертўлага ташитса, эртасига шу қопларни яна ошхонага қайтарарди. Баъзилар унинг бу қилиғидан ажабланишганда у шундай изоҳ берди:
– Агар мен муҳтожларнинг қўлига пул тутқизсам, улар буни садақа ўрнида, ўзларини эса тиланчи гадо ўрнида кўриб, иззат-нафслари азият чекади. Энг ёмон томони улар бора-бора тамагирга айланиб қолишлари, одам учун меҳнат қилиш зарур эканини унутиб қўйишлари ҳам мумкин. Менинг бу тадбирим туфайли улар бир луқма нонларини ҳалоллик билан топиш лозимлигини унутмаяптилар, тамагирликни яқинларига йўлатмаяптилар.
* * *
Ҳар қандай одамни паришон қиладиган иллатлардан бири – миннатдир. Айниқса, оила аъзоларига миннат қилиш ғоят ачинарли ҳолдир. Отанинг “Мен сени боқяпман”, “Мен сени ўқитяпман”, деб миннат қилишга сира-сира ҳақи йўқ. Чунки боқиш, кийинтириш, ўқитиш, уйлантириш… унинг бурчидир. Сир эмаски, оилаларда ота-ўғил орасида зиддиятлар бўлиб туради. Зиддиятнинг бошланишига айнан миннат сабабчидир. Баъзи оталар фарзандига очиқчасига дағдаға қилади. Баъзилар ўзлари билмаган ҳолда фарзандлари кўнглини яралаб қўядилар. Масалан, тўйдан кейин келган меҳмонингизга: “Мана, ўғилни ҳам уйлантириб қўйдим, бу ёғига аравасини ўзи тортаверади”, дедингиз. Бир қарашда бу гапда миннат йўқ. Лекин гапингизни эшитиб турган ўғлингизга “Уйлантириб қўйдим” деганингиз малол келади. Бунинг ўрнига: “Яна бир оталик бурчини бажардим, Худога шукр. Олдин бир ўғлим хизматимни қиларди, энди келиним ҳам унинг ёнига қўшилди”, деганингиз яхши эмасми?
“Қўли очиқликнинг офати миннатдир”.
Шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги баёни бундай:
Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
Негаким, ул карамға офат эрур,
Юкла миннат ва лек жонингға.
(Агар бировга бирор яхшилик қиладиган бўлсанг, миннатни хаёлингга ҳам келтирма, чунки у кишига офатдир. Бироқ миннатни ўз жонингга юкла, яъни Аллоҳ сенга шу неъматларни бериб, уни сарфлашга муваффақ қилганини ўзингга эслат.)
Миннат қилувчиларга ибрат бўлиш учун бир ҳикмат:
Ёмғир шаррос қуйиб юборган онда бир одам дўстининг дўконига кириб, шамсиясини омонатга олди. Эртасигаёқ омонатини қайтариб, миннатдорчилигини билдирди. Орадан неча кундир ўтиб, кўчада учрашиб қолганда дўкондор ундан:
– Ўша куни шамсиямни бермаганимда аҳволинг нима бўларди? – деб сўради.
– Нима бўларди, ёмғирда шалоббо бўлиб бўкардим-да, – деди дўст.
Шамсия берган одамнинг феъли ёмон, қилган зиғирдек яхшилигини ҳам тўқмоқ қилиб бошга урадиганлардан эди. Орадан анча кунлар ўтгач, улар яна учрашиб қолдилар.
– Агар ўшанда шамсия бермаганимда ёмғирдан қандай беркинардинг? – деди миннатчи.
Бу ҳол яна ва яна такрорланаверди. У бечора одам шамсия сўраб олганига минг бора пушаймон бўлди. Бир куни улар ҳовуз бўйида учрашиб қолдилар. Яна ўша таъна такрорланди:
– Менга қара, ўша куни шамсия бермаганимда, ҳолинг нима бўларди?
Пушаймон бўлган дўст бу саволга жавоб қайтармай, ўзини ҳовузга ташлади. Сувдан шалоббо бўлиб чиққач, деди:
– Мана бундай бўлардим! Аҳволим бундан баттар бўлмасди! Сен ўзи қандай бадфеъл одамсан?! Инсон дўстига яхшилик қилмайдими? Озгина яхшилигини миннат қилавериб бошга тўқмоқ каби ураверса, қиёмат кун бўлади-ку! Омонатга бир шамсия бериб, жонимни суғуриб олаёздинг-ку!
Шундан сўнг у яхши одам миннатчи билан дўстлик алоқасини узди. Бундай ёмон феълли дўстлардан, танишлардан Худонинг Ўзи асрасин!
* * *
Донолардан бири айтган экан: «Фарзандларимга ҳеч нарса қолдирмагандан кўра бойлик қолдириб, Қиёматда унинг ҳисобини беришни афзал биламан». Бундан мақсад – ота вафотидан кейин фарзандлар, айниқса, сағирлар сарсонсаргардон бўлмасликлари керак. Рўзғор халтасини елкага ташлаб юриш ўрнига ёшлик чоғларида илм олганлари жамиятга фойдали эмасми? Саҳобалардан бири барча бойлигини бошқаларга тарқатмоқчи бўлганида Расулуллоҳ (с.а.в.) «Бундай қилма», деганлар. У киши «Бойлигимнинг ярмини тарқатайинми?» деб сўраганида ҳам «Йўқ», деб бойликнинг учдан бирини тарқатиб, учдан икки қисмини фарзандларига қолдириши афзаллигини айтганлар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан:
– Қайсиларингизга ўз молидан кўра варасаларининг (фарзандларининг) моли яхшироқ кўринади? – деб сўрадилар.
– Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), ҳаммамизга ҳам ўз молимиз меросхўрларимизнинг молидан яхшироқдир, – деб жавоб қилдилар.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом дедилар:
– Билиб қўйингларки, варасаларингизга тегишли мол ўз молингиздан кўра яхшироқ кўринади. Ўзингиздан илгари юборган мол – бу сизнинг молингиз. Аммо ўзингиздан кейин орқангизда қолган мол эса, бу албатта варасалар молидир.
Нима сабабли шундай дедилар? Шарҳким, киши ўз ҳаёти мобайнида қўлидаги молидан яхши ишларга сарф қилса, гўё уни ўзидан илгари юборган бўлиб, манфаати ўзига тегади. Бироқ. молпарастлик туфайли уни йиғиб, яхши сарфламай ўзидан кейин қолдирса, у варасалар моли ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) «у мол кишига яхши кўринади», дедилар. Ворислар инсофли бўлиб, отадан қолган молни яхши ишларга сарфласа, албатта савобдир. Аммо улар бетавфиқ бўлиб, ота молини ёмон ишларга сарфлайдиган бўлсалар (Аллоҳ сақласин!) бу хусрондир.
* * *
Афсусларки, ота ва она қалби тўрида узоқ йиллар асраганлари орзу чечаги гуллай бошлаганида аямажиз ёпирилиб, қуритиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди. Аямажиз – дарахтлар гуллаган чоқда ёпирилиб келиб, ҳамма ёқни қуритиб кетувчи совуқ шамол. Ота-она қалбидаги орзу чечаги – оила қурган ёшларнинг бахтини кўриш. Ёшларнинг ўзаро чиқишмасликлари, жанжаллари ва оқибатда ажралишлари эса – аямажиздир.
Ота-онанинг аҳил-иноқ оила қуриш учун қилган барча ҳаракатлари зое кетаверди. Қайсидир оилада икки ёшли ширин қизалоқ, қайсидирида эса икки, ҳатто уч гўдак тирик етим қолиш хатари бор. Яна бирида ҳомиладор келин аразлаб кетиб қолган. Биринчи фарзанди дунёга келганда қувониш баробарида, чақалоқнинг ота меҳрисиз улғайишини ўйлаб руҳи эзилади. Набира кўриш бахтини интиқ кутаётган куёвнинг ота-онаси ҳам, келиннинг ота-онаси ҳам дардларини кимга айтсинлар?
Бундай нохушликлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин! Ёшларга инсофи тавфиқ берсин! Катталарга доноликни берсин. Пароканда бўла бошлаган ёш оилани катталарнинг донолиги сақлаб қолиши мумкин. Бу борада бир таклифни эътиборингизга ҳавола қиламан.
Ўғлингиз билан келинингиз можаро қилаётган пайтда набирангиз кўзларидаги мунгни кўргандирсиз. Ғамли қарашлар замирида қандай маънолар мавжудлигини ҳеч ўйлаганмисиз? Ўсмир ёшига етган қиз ота-онасининг жанжалларидан безиб, “Қачон аҳил яшашни ўргансангиз, ўшанда қайтаман”, деган мазмунда мактуб ёзиб, уйидан кетиб қолган экан. Не ғамки, ота-онасининг можароларидан безиб, уйдан қочадиганлар кам эмас. Лекин кўплари мактуб ёзиб қолдирмайдилар. Ҳолбуки, қалблари дардга тўла бўлади. Шу дардларни қоғоздаги сатрларга тўксалар биз – катталар нималарга гувоҳ бўлар эдик? Кичик ёшдаги болалар хат ёзишни ҳам, уйдан қочишни ҳам билишмайди. Катта дард митти юракларини эзиб тураверади. Улар болаликнинг бахтли осмони остида эмас, қўрқув, алам ва ташвишнинг қора булутлари остида кун кўрадилар. Ёш она ўжар, ёш ота ундан-да қайсарроқ, ёш она нодон, ёш ота ундан-да нодонроқ. Гўдак эса икки ўт орасида.
Тасаввур қилайлик, Аллоҳ бир мўъжиза яратиб, бу гўдакларга юрак дардларини қоғозга тушириш имконини яратса, улар ноаҳил ва нодон ота ва оналарига мактуб ёзар бўлсалар биз нималарни ўқир эдик? Мен ҳам сизга қўшилиб тасаввур қилайин-да, тирик етимлик остонасида турган гўдакларнинг қалбларига алам тирноқлари билан тирнаб ёзилган дардли сатрларни ўқиб, оқ қоғозга кўчирайин.
“Адажон, аяжон, мен бешикда ётганимда ҳам бир-бирларингиз билан уришардиларингиз. Мен қўрқиб, чинқираб йиғлардим. Сизлар эса эътибор бермас эдинглар. Эмаклаганимда ҳам, тетапоя қилганимда ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам шундай бўлаверди. Сизлар ҳар уришганингизда юрагимдаги битта томирча узилгандай бўлаверади. Юрагимдаги томирчаларнинг қанчаси узилганини ҳисоблай олмайман. Чунки жанжалларингизнинг ҳам ҳисоби йўқ. Кечқурун бошлаган жанжалингиз эрталаб давом этди.
– Жонимга тегдинг, энди уч талоқ қўяман, – дедингиз адажон.
– Ўлар бўлсам ўлиб-бўлдим, беринг ўша талоғингизни, бугуноқ отамникига кетаман, – дедингиз аяжон.
– Кетсанг – ана, катта кўча! Уйингга етиб бормасингдан онаси ўпмаган қизга уйланиб оламан, – дедингиз адажон…
Сиз уйланасиз, аяжоним ҳам бошқа кишига тегарлар… Мен-чи? Мен қайси кўчаларда сарсон кезаман? Етимхонанинг қайси бурчагида кўз ёшларимни тўкаман?
Адажон, аяжон, Аллоҳ сизларга марҳамат қилгани учун мен Одам бўлиб дунёга келганман. Ҳа, мен Одамман! Лекин сизлар менинг Одам эканимни, бу дунёда бахтли яшашга ҳаққим борлигини унутиб қўйдингиз. Менинг фикрим билан ҳеч ким қизиқмайди. Менинг гапларимни ҳеч ким эшитмайди.
Йўқ, эшитади. Фикрим, хоҳишим билан ҳам қизиқади. Бугун ажрашишга аҳд қилган бўлсангиз, эртага судда мендан: “Аданг билан қоласанми ё аянг биланми?” – деб сўрашади. Бу оддий савол эмас. Ўша онда икковингиз мени гулхан алангасига ташлайсиз. Икковингиз менга умид билан боқасиз. Мен эсам куйиб кул бўламан. Аяжоним: “Болам мен билан бирга бўлсин”, – дейди. Адажоним: “Йўқ, бола отада қолиши керак”, – деб талаб қилади. Икковингизга мен керак эканман, масалани осонроқ ҳал қилсак бўлмайдими: мени қоқ иккига қилич билан чопгандан кўра икковингиз мен билан тинч-тотув яшасангиз бўлмайдими?! Агар мен ёнаётган уй ичида қолиб кетсам, икковингиз бараварига мени қутқаргани ташланасиз. Ширин жонингиз кўзингизга кўринмайди. Мен учун жон беришга тайёр экансиз, мен учун ғазабларингизни четга суриб қўёлмайсизми, мен учун бир-бирингизни тушунишга ҳаракат қилолмайсизми, мен учун бир-бирингизни кечира олмайсизми? Ахир миллионларча оилалар шундай аҳил-иноқ яшашяпти-ку? Сиз нимани талашасиз? Талашиб-талашиб нимага эришасиз? Бадбахтликками? Адажон, “онаси ўпмаган қизга” уйланиб, бахтли бўлмоқчимисиз? Сиз-чи, аяжон, бахтингизни иккинчи турмушингиз остонасидан изламоқчимисиз? Тирик етим фарзандингизнинг кўзларидан қонли ёшлар томиб турганда сиз бахтли бўла олармикинсиз?
Мен сизларга ёмонлик тиламайман. Майли, бошқа турмуш қургингиз келса, ихтиёрингиз. Лекин ўша бошқа турмушингизда келишмовчиликлар бўлмайдими, бошқа турмушингиз билан дарров тил топишиб кетасизми? Бошқа турмушингизда биттами-иккитами фарзанд кўриб, кейин уларни ҳам тирик етим қилиб ташлаб кетмайсизларми?
Адажон, ишдан кеч келаверсангиз, мастликда сўкаверсангиз, ҳатто уриб қолсангиз, “онаси ўпмаган” янги хотинингиз индамайдими, сизни севиб яшайверадими? Мени хор қилганингиз учун Худо сизларни тирноққа зор қилиб қўймайдими? Сиз-чи, аяжон? Янги эрингизни ҳурмат қиласизми? Кийимларини вақтида дазмоллайсизми? Бесўроқ кўчага чиқмайсизми? Чўнтакларидаги пулни бесўроқ олмайсизми?..
Суд мени икковингизга эмас, етимхонага яшашга ҳукм қилса, руҳингиз пораланиб кетмайдими? Ё “Тақдири шу экан-да”, деб қўя қоласизми? Аслида менга шуниси яхшироқ. Чунки аяжоним билан яшасам, сиз – адажон, мени кўргани келмайсиз. Адажоним билан яшасам, сиз – аяжон соғинсангиз ҳам, кўз ёшлари тўксангиз ҳам, сизни яқинлаштиришмаслиги мумкин. Етимхонада яшасам, ҳеч бўлмаса, йилда бир келарсиз? Сизлардан фақат бир илтимос:
етимхонага келганингизда, сиз – адажоним, аяжонимни ёмонлаб гапирманг. Сиз учун ёмон бўлсалар, мен учун яхшилар, бебаҳолар. Аяжон, етимхонада учрашганимизда яхши кунларни эсланг, адажонимни ёмонлаб гапирманг. Адажоним сизга ёмон бўлсалар, мен учун яхшилар, бебаҳолар. Улғайиб тўйга етишганимда икковингизни тўйга айтаман. Домла никоҳ ўқиётганида адажонимнинг исмларини тилга олади. Вақти келиб вафот этганимда, жаноза ўқилаётганда ҳам отам кимлиги эсланади. Шунинг учун адажонимдан сира-сира воз кеча олмайман.
Ажрашиб кетганингиздан кейин тўсатдан ўлиб қолсам, иккалангиз ҳам йиғлайсиз, ҳатто фарёдлар қиласиз. Мендан ажраганингизга шунчалар ғам чекар экансиз, оилани бузмай, қон ёшлари тўкиш ўрнига биргаликда шоду ҳуррам яшашимизга нима тўсиқлик қилади?
Аяжоним билан яшайдиган бўлсам, адажонимни соғинаман, яширинча бўлса ҳам кўргани бориб тураман. Адажоним билан қолсам, аяжонимни жуда-жуда соғинаман. Сизларни кўргани борганимда мендан фақат яхши гапларни сўранг. “Аянг қандай юрибди, кимлар билан кўришади?” деганга ўхшаган саволлар билан мени қийнаманг, мен бечорани бир-бирларингизга гап ташувчи чақимчига айлантириб олманглар.
Шу кичик ёшимда аросатда қоляпман. Бундан кейин не-не изтиробларга дуч келаман. Сизнинг ажрашганингиз туфайли кўтара олишимдан оғирроқ ғам юкларини елкамга олдим. Мен сизларни соғинганимда нон ёки ширинлик сўраб бормайман. Менга сизнинг ширин сўзларингиз керак. Мен сизларнинг иссиқ юзларингизни соғинаман. Маслаҳатларингизга, насиҳатларингизга муҳтож бўлиб яшайман.
Сизлар ажраганингиздан кейин менга ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Байрамлардаги, туғилган кунлардаги шодликлар йўқликка сингиб кетади.
Адажон, аяжонимни айблаб, гуноҳлари бор учун ажрашдингиз.
Аяжон, адажонимнинг гуноҳларини кечиролмай ажрашдингиз.
Менинг гуноҳим нима эди? Бу саволимга қай бирингиз жавоб берасиз…”
Азиз биродарим, қайнотажон, агар шу сатрлар сизнинг қалбингизни озгина бўлса-да, титратган бўлса, демак, ёшларга ҳам таъсир этиши мумкин. Бир тажриба қилиб кўрайлик: уй деворларига ҳар турли суратларни осишни ёқтирамиз. Тирик етимлик остонасида турган гўдакнинг юрагини эзган, лекин тилидан учмаган бу сўзларни кўчириб, чиройли рамкага солиб, уй тўрига осиб қўйсак, бу сатрларга ёшларнинг назари тушса, дийдалари сал юмшармикин, виждонлари уйғонармикин? Агар ёшлар ширин турмуш кечираётган бўлсалар ҳам, шу ишни қилиш керак. Шунда шайтоннинг васваса қилишига йўл бермайдилар.
* * *
Баъзан ёшлар, баъзан катталар у ёки бу масалада маслаҳатлар сўрайдилар, кимгадир насиҳат қилиб қўйишимни илтимос қиладилар. Сизга ҳам шундай илтимослар билан мурожаат этишса керак. Шундай бўлса, оддий ва осон бўлиб кўринган бу илтимосларни бажариш қанчалик мушкул эканини тушунасиз. Бир муштипар жувон ҳасратини айтиб: “Эримга насиҳат қилиб қўйинг, эрим сизни жуда ҳурмат қиладилар, гапингизни икки қилмайдилар”, деб кетади. Ўша заҳотиёқ эрни чақириб, “Хотинингни ранжитма, бу-бу хато ишларни қилма”, дейишдан осони йўқ. Вазифанинг мураккаблиги шундаки, эрнинг айблари тилга олингани ҳамон у: “Буларни қаердан билдингиз, хотиним шикоят қилиб келдими?” – деб савол бериши аниқ. Савол бермаган тақдирда ҳам, гапингизни бўлмай эшитганда ҳам, уйга боргач, шикоятчи хотинни сиқувга олмайдими? Шикоятчи хотин бошига бало тошлари ёғилмайдими? Ҳатто ота ва онанинг илтимоси билан ўсмир ёшидаги шўх болага насиҳат қилсангиз ҳам, акс таъсир бериш эҳтимоли бор.
Кейинги пайтларда ёшларнинг қалбларига, туйғуларига доир масалаларга аралашишдан чўчиб қолганман. Чўчишимнинг сабаби: яхшилик тилайман деб, нозик туйғуни тирнаб қўйишда.
Бир дўстимизнинг ёлғиз ўғли бошига муҳаббат савдоси тушибди. Бир қизда кўнгли бор экан, вақтида совчи бормагани учун унга етишолмабди. Кейинроқ бошқа қизни севиб қолибди. Ота унинг бу туйғусига ҳам етарли эътибор бермаган. Севги эмас, шунчаки ёшликнинг ўткинчи ҳаваси деб ўйлаган. Бу орада қиз бошқа йигит билан фотиҳа қилинган, аммо тез кунда бу фотиҳа бузилган. Отага бу ҳолат ўғилнинг истагини рад этиш учун асосий сабаб бўлган. “Фотиҳаси бузилган қизни келин қилмайман”, деб ўжарлик қилиб туриб олган. Ота бир томонда, она, буви, амакилар – ўғил томонда. Шунда ота ўғилга насиҳат қилишни мендан илтимос қилди. Отанинг гапларига дарров кўна қолдим. Мен шу ўринда нодонлик қилиб, ёлғиз ўғилнинг эркалиги, қайсарлигини енгмоқчи бўлдим. Суҳбатлашиб, “Ота рози – Худо рози” қабилида насиҳат қилдим. Йигит эътироз билдирмади. Бу сукутни мен ризолик аломати, деб қабул қилдим. Аслида ундай бўлиб чиқмади. Йигит ўз аҳдида қаттиқ турди. Бу ўжарлик эмас, муҳаббат эканини ота ҳам, мен ҳам англамабмиз. Мен аввалига йигитнинг қайсарлигидан ранжиган бўлсам, кейинроқ унинг ирода кучига тан бердим. Тўй бўлди, ҳозир улар ширин ўғилчаларини тарбия қиляптилар. Улар бахтли яшаяптилар, мен эсам бу воқеани ҳар эслаганимда, айниқса йигитни ҳар кўрганимда хижолат бўламан. Айбимни ювиш учун уларга саодатли умр беришини сўраб, Аллоҳга муножот қиламан.
Ҳозир бу сатрларни ёзиш ҳам менга оғир туюляпти. Ҳар қолда айбга иқрор бўлиш осонмас. Буларни баён қилишдан мақсад, катта ёшдаги китобхон биродаларимизга: “Ёшларга насиҳат қилишдан олдин уларнинг руҳий оламини яхшироқ ўрганайлик”, демоқчиман.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?