Текст книги "Тенг-тенги билан бахтлидир"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]
Тарихда Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий исмли зот ўтган. Бу киши юқори мартабаларда хизмат қилган, хусусан Ироқ волийси бўлган. Эллик тўрт йил умр кўрган бу одам тарихда «Ҳажжожи золим» номи билан қолган. У «Кескин иродали ҳукуматнинг жуда оз кишига зарари тегади, лекин заиф ҳукуматнинг зарари ҳаммага тегади», деган ақидани маъқул кўргани учун, айрим маълумотларга қараганда, 120 минг одамни ўлимга ҳукм қилган, неча юз минг одамни, ҳатто аёлларни зиндонбанд этган. Шу одам Бағдодда дуоси ижобат бўлаётган дарвеш чиққанини эшитиб, уни ҳузурига олдириб келди-да: “Мени хайрли дуо қил”, деди. Дарвеш: “Ё Раббий! Ҳажожнинг жонини ол!” деди.
Ҳажжож: “Эй дарвеш, бу қанақа дуо бўлди?” – деб ғазабланди. Дарвеш:
– Бу сенга ҳам хайрли, барча мусулмонлар учун ҳам хайрли дуодир, – деб жавоб берди ва давом этди: – Эй Ҳажжож! Қачонгача зулм этасан? Сенинг ўлиминг инсонларга зулм этишдан хайрлидир. Шунда сен ҳам гуноҳдан қутуласан, мусулмонлар ҳам сенинг зулмингдан қутуладилар.
Аслида одамзод бир-бирини фақат хайрли дуо қилмоққа буюрилган, “дуойи бад” – ёмон тилакдан қайтарилган. Дуойи бад қилмоқ, яъни бандага Аллоҳ таолодан ёмонлик соғиниш мусулмон фарзандига хос эмас. Дуойи бад кўпинча қарғиш кўринишида бўлади. Баъзан қарғишларни эшитиб қоламиз: банда кўзларининг кўр ёки оёқ-қўлларининг шол бўлиб қолиши сўралади Аллоҳ таолодан. Бу каби қарғишларда икки хил нодонлик мавжуд: агар банда айбдор бўлса, унга қандай жазо беришни Яратганнинг Ўзи билади. Жазо тури банда томонидан белгиланмайди. Фараз қилайликки, қарғиш тегиб, ўша одам кўр бўлди. Хўш, бундан дуойи бад қилган кимсага бирон наф борми? Фақат кўнгил қувончи бордир. Бу кўнгил қувончининг эгаси эса иблисдир.
Баъзилар ўзлари ёмон деб фараз қилувчи кишиларнинг ўлимини ҳам истайдилар. Аввало ўлим дуо билан келмайди. Бу тақдир ёзуғидир. Хўш, ўша одам дунёни тарк этса, дуойи бад қилувчининг ҳаёти чиройлироқ бўлиб қоладими? Одам бировга дўзах оташини тилаганидан кўра, ўзига жаннат роҳатини тилагани афзал эмасми?
Тоифдаги мушриклар Расулуллоҳга (с.а.в.) заҳмат-азият етказдилар. Саҳобалар уларни дуойи бад қилишни Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрадилар. Аллоҳ элчисининг бу бандаларга ғазаб қилмаганлари, ёмон тилак тиламаганлари, аксинча, хайрли дуо қилганлари аҳли муслим учун ўрнакдир.
Дарвешнинг дуосига келсак, уни дуойи бад деб бўлмайди. Чунки унда чиндан ҳам хайрли ният бор. Ҳажжож узоқ яшагани сайин гуноҳини кўпайтириб бораверади. Дунёни тезроқ тарк этса, камроқ гуноҳ билан кетади. Ҳаётлик чоғида ўзгаларга зулм қилган золимнинг гуноҳи Қиёмат куни бир неча баробар кўпайиши айтилган. Бу дунёда инсонларга зулм қилганлар охиратда жаҳаннам оташида жазоларини оладилар. Каттами-кичикми – ҳеч бир зулм жазосиз қолмайди. Зулмкор албатта жазосини топади, жаҳаннам оташида ёнади. “Қиёмат куни шохсиз қўчқор шохли қўчқордан ҳақини олади”, деган ҳикматнинг маъносига тушуниб етиш керак. Аллоҳнинг ҳеч бир дўсти зулм ва зулмкорни севмайди. Сиз Аллоҳнинг дўстларидан бўлинг.
“Токи киши ўзгаларга зулм қилмаса, даврон кишига ортиқча зулм қилмайди. Киши зулм билан халқни забун қила олмагай, зулм унинг ўзини оғир аҳволга солиб қўяди. Золим олам йўқ бўлишини хоҳласа, мазлумларнинг фарёди золимнинг ниятини йўққа чиқаради. Мазлумни агар ғам қийнаса, унга келган ғамнинг ҳам бир сабаби бор. Золимнинг иши зулму жафо бўлса, кўнгли ҳамиша зулм этишга мойил бўлса, қилган ишига пушаймон бўлмаса, ўз зулмидан ўзига ҳалокат қайтади”, дейдилар ҳазрати Алишер Навоий. Мазкур ҳикматдаги “золим” ва “мазлум” атамаларига эътибор қилинг. Агар хотинингизни, фарзандларингизни, айниқса келинингизни ҳуда-беҳудага ранжитаверсангиз, сиз золимлардансиз, сизнинг тилингиз ёки қўлингиздан азият чекканлар эса мазлумдирлар. Мазлумларнинг ноласи кўкларга учганда, уларни эшитадиган, ҳимоя қиладиган меҳрибон Раббилари бор. Мазлумларнинг ноласи Тингловчига етиб боргач, сиз ҳимоясиз қоласиз…
* * *
Кимгаки бир ришта етурдинг зиён,
Қатлингга ул риштани билгил йилон (Алишер Навоий).
* * *
Ҳаётда, тушунибми ё тушунмайми, бемаъни, ҳатто уятли сўзларни бемалол айтиб юрувчиларни ҳам учратиб қоламиз. “Қизиғар”, “Энағар”, “Баччағар”, “Қизталоқ” каби сўзларни эркалаш ўрнида айтувчилар ҳам бор. Агар бу камчилик сизда ҳам бўлса, дарров тилингизни ислоҳ қилинг. Айниқса, келинингиз тожикчани биладиган бўлса, жуда уятли ҳолат юзага чиқади. Чунки “Қизиғар” – қизи фоҳиша, “Энағар” – онаси фоҳиша, “Баччағар” – боласи фоҳиша, “Қизталоқ” – қизи талоқ бўлсин, демакдир. Буларнинг ўрнига “Барака топгур”, “Бой бўлгур”, деганингиз яхшироқ эмасми?
Тўйга айтишда “Қизимни чиқаряпман”, дейилади. “Чиқариш”нинг маъноси хунук – ўлик чиқарилади. Қиз эса куёвга (турмушга) узатилади. “Бу тўйим охиргиси, болалардан қутулдим, Худога шукр” (ёки “Болаларингдан қутулдингми?” – деб ҳам сўралади), деган гапни эшитиб қоламиз. Ғалати-а? “Боладан қутулиш”нинг маъноси хунук-ку? Бунинг ўрнига “Худога шукр, барча фарзандларимнинг тўйини кўрдим, оилали, уйли-жойли қилдим”, дейилгани гўзал эмасми? Дўстимиз набира кўрса: “Янги меҳмон муборак бўлсин”, деб табриклаймиз. Ўйламаймизки, меҳмон – келиб-кетувчи одам. Тўғри, барчамиз бу ёруғ дунёга меҳмонмиз. Лекин чақалоқ дунёга келганида уни “меҳмон” демаганимиз дурустмикин. Бунинг ўрнига: “Аллоҳ сизга набира неъматини берибди, Ўзига шукр! Қадамини қутлуғ ва муборак қилсин, Ўзи берган фарзандни Ўз паноҳида иймон-эътиқод билан, соғлиқомонлик билан вояга етказиб, бахтли-саодатли қилсин”, деб дуо қилганимиз яхшироқ эмасми?
* * *
Аллоҳ сизга набира берган куни қувончингиз чексиз бўлади. Ақиқа маросими ўтказишга тайёрлана бошлайсиз. Моддий томондан имкони борлар қилаверишсин. Имконсизлар “Ақиқа қилиш шарт экан”, деб қарз олишмасин. Эҳсон энг аввал ўз оила аъзоларига қилинади. Ортиб қолса, ташқаридагиларга. Қарз олиб, бошқаларга ош бериш ўрнига оила дастурхонини ўйлаш керак. Биринчи галда келинни тўйимли ва мазали таом билан таъминлаш керак. Ширин сўзлар билан қувонтириш керак. Билиш шартки, келин наслингизнинг давом эттирувчисидир. Унга бўлган ҳурматингиз шундан келиб чиқиши керак.
* * *
Одамлар бир-бирларидан ибрат олиб яшайдилар. Агар мамлакат подшоҳи адолатли бўлса, пастроқдагилар ҳам шундай бўлишга интилишади, ишхонадаги раҳбар порахўр бўлса, ходимлар ҳам шу йўлдан юришади. Оилада қайнота раҳбар – у қандай бўлса, фарзандлар ҳам шундай. Агар қайнота овқатдан олдин “иштаҳа очиш учун” ярим пиёла ароқ ичса, ўғли шишани бўшатади, ҳовлида сигарет тутатса, ўғли ҳожатхонада беркитиб чекади. Онадан сўкса, ўғли бувисини ҳам ёнига қўшиб сўкади.
Тарихда Нўширавон деган подшоҳ ўтган. Инсофли ва адолатли бўлгани учун “Нўширавони одил” деб аталган. Унинг тарихи бизга ҳам шу исмда етиб келган. Бир куни у овга чиқди, ов гўштидан кабоб қилмоқчи бўлдилар. Туз олишни унутган эканлар. Йигитлардан бири туз топиб келиш учун қишлоққа отланганида Нўширавони одил: “Тузни пулга сотиб ол”, деб тайинлади. Ўша даврларда давлатнинг қишлоқдан туз олиш одати бор эди. Қишлоқ аҳли азият чекмасин, малол олмасин, деб подшоҳ тузни пулга сотиб олишни буюрган эди. Ёнидагилар бу амрга тушунмай: “Озгина тузни текинга олса, нима қиларди”, деб сўрашди
– Зулм, ҳақсизлик аслида қадим замонларда жуда кам бўлган, – деб изоҳ берди Нўширавони одил. – Вақт ўтиши билан ҳар янги келганлар озгинадан кўпайтириб, бугунги даражага келтирганлар. Агар подшоҳ аҳолининг боғидан бир олма узса, хизматчилари олма дарахтини илдизи билан суғурадилар. Агар подшоҳ бир одамдан битта тухум олса, аскарлари минг тухумни пиширмасданоқ ютадилар.
* * *
Бир масжиднинг имоми кўнгилни хира қилувчи воеқеани сўзлаб берган эдилар. Намоздан сўнг биродарлари билан айвонда суҳбатлашиб туришганда, бир одам салом-алик ҳам қилмай, шошилганича ҳовлидан ўтиб, мозор томонга йўналибди. Унинг қилиғига тушунмай бир оз кутишибди. Аввалига “Кимнингдир қабрини зиёратига ўтгандир”, деб ўйлашибди. Вақт ўтаверибди, ундан эса дарак бўлмабди. Шунда хавотирланиб, унинг изидан юришибди. Бориб қарашсаки, сиртмоқ ясаб, ўзини осишга тайёрланаётган экан. “Ҳай-ҳай”лаб, уни бу оғир гуноҳдан тўхтатишибди. У киши бир оз бошини эгиб, жим ўтиргач, ҳўнграб йиғлай бошлабди. Йиғлай туриб, “Яшаш жонимга тегди, тўртта ўғлим, тўртта келиним бор, биронтаси менга қарамайди, ҳаммаларига оғирлигим тушиб қолган”, дебди. Осишдан олиб қолган одамлар унинг бадхулқ эканини, чойхонага чиқиб ўтирса, бемаъни гаплари билан улфатларининг ҳам жонларига тегишини билардилар. Шунга қарамай, уни етаклаб, фарзандларига насиҳат қилиш, танбеҳ бериш мақсадида уйига боришибди. Ҳолат улар кутгандай эди: отанинг ҳасратидан кўра, ўғиллар ва келинларнинг ноласи кучлироқ эди. Қайнота онадан сўкаверса, келин бечора қанча чидаши керак? Келинга қўшиб ўғилни ҳақоратлайверса, у нима қилсин? Жавобингиз тўғри: ҳар қандай ҳолатда ҳам улар сабр қилишлари керак. Ёмон хулқли ота ва бемаъни қайнота ёшлар учун Аллоҳ томонидан берилган бир синовдир. Аниқроқ айтсам, жаннат йўлидаги синовдир. Агар бу отада озгинагина ақл бўлса, “Болаларим нима учун менга меҳрибонлик қилишмаётир?” деган саволга ўзининг хулқидан жавоб излаган бўларди.
Икки дўст бир мадрасада, бир устозда таълим олдилар. Хатми кутубдан сўнг ўз ота шаҳарларига жўнадилар. Орадан кўп йиллар ўтиб учрашдилар. Бирлари шоҳона кийимда, бирлари камтарингина либосда эди. Шоҳона либосдаги киши юзида кибр мавжуд эди. Аммо нимадандир чўчиётгандай кўзлари атрофга бежо боқарди. Худди қандайдир хатардан хавотирда экани сезилиб турарди. Иккинчи киши юзида иймон нури жилваланарди. Кўз боқишлари ҳаловатли турмушидан дарак берарди.
– Сен билан хайрлашгач, шаҳар бекига хизматга кирдим. Сўнг подшоҳ саройига таклиф этдилар. Ўн йилдан бери шу ердаман, – деди бири.
Дўст унинг қарашларидаги беҳаловатлик сабабини энди англади. Дўстининг “Ўтган йиллар ичи сен нима ишлар қилдинг?” – деган саволига:
– Аввал подачилик қилдим, сўнг қозиликни бўйнимга олдим, кейинги йиллар ичи подшоҳлик тахтида ўтирибман,-деб жавоб берди.
Беҳаловат дўст: “Қайси подшоҳлик, қанақа тахт? – деб кулди. – Қозилик қилганингга ҳам ишонмайман, уст-бошингга қараганда подачилигинг ростга ўхшайди.” Дўст бу пичингга жавобан жилмайиб қўйди-да, изоҳ берди:
– Уйга қайтганимдан кейин уйландим, Аллоҳ менга ширин-ширин ва ақлли-ақлли фарзандлар берди. Уларни боқиб-тарбия этишимни подачиликка ўхшатдим. Фарзандлар улғайишгани сайин ораларида каттами-кичикми келишмовчиликлар чиқди. Уларни аҳил-иноқ турмуш кечиришларини назорат қилиш – қозилигим эди. Фарзандларим вояга етиб, уйли-жойли бўлишди, ҳаётнинг паст-баландини англаб етишди. Худога шукр, ораларида нифоқ йўқ, демак, қозиликка муҳтожлик ҳам йўқ. Улар қўлимни совуқ сувга урдиришмайди, гўё мени тахтга ўтқизиб қўйишган. Гўё мен подшоҳман-у, улар эса менга тобе. Сенинг подшоҳинг билан менинг фарқим шундаки, мен тахт атрофидаги фитналардан безовта эмасман. Худо менга ҳаловатли тахт насиб этган. Бу тахтни мендан ҳеч ким тортиб ололмайди.
Қиссадан ҳисса шуки, у бахтиёр одам “подачилик”, “қозилик” вазифасини ақл билан уддалагани учун оддий подшоҳлик эмас, балки саодат тахтига эришди. Бу ривоятдан ҳар бир ота-қайнота ибрат олиши керак. Ўзини осмоқчи бўлган ота эса дастлабки вазифаларини бажармагани учун ҳам хорланди. Бундай оқибатдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
* * *
Азиз биродарим, эндиги гапларни ёзсамми ё ёзмасамми, деб кўп ўйладим. Оила ҳаётига доир бу даҳшатли фожиани ёзишгина эмас, тилга олиш ҳам оғир. Аммо, начора, ҳамонки бу фожиа учраб турар экан, мавзуни четлаб ўтолмайман. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида чоғгина боғим бор. Шаҳар шовқини ва ташвишларидан нари, деб ижодга лозим ҳаловатни излаб, чиқиб турар эдим. Авваллари чиндан ҳам ҳаловатли, осуда жойлар эди. Кейинги йилларда “дача”лар кўпайди, шунга яраша шаҳар шовқини бу томонларга ҳам кўчгач, боғимга боришни истамай қолдим. Шовқинга чидаш мумкин. Аммо шаҳарнинг бузуқликлари ҳам етиб келди, шунисига чидаш қийин. Ёшларнинг бузуқликларини ёшлик бебошлигига йўйиб, чидаш мумкиндир. Аммо ёши ўтиб қолган бедаволарнинг қизлари тенги фоҳишалар билан чиқиб маишат қилишларига чидаш мумкинми? Ерлик аҳоли “Дача” деб аталувчи уйлар қуриб, атрофини баланд деворлар билан ўраб, бу бузуқларга ижарага беришади. Қандай қабоҳат! Пул топиш учун гуноҳга шерик бўлишдан ҳам қайтишмайди. Уйини фоҳишахонага айлантирган хонадонда тарбия топаётган болалар нимани ўрганишади? Қизлари-чи? Фарзандларига фаҳшдан топилган луқмани едириб, булар нимага эришадилар?
Боғимнинг орқа томонига ҳам бир ноинсоф шундай “дача” қурди. Девор манзарани тўсса ҳам, овозларни тўсолмайди-ку? Айниқса тоғда паст овоз ҳам жаранглаб эшитилади. Хуллас, бир одам ўйнаши билан чиқиб, тунги базмдан кейин пешингача ухлади шекилли, овози чиқмай турди. Пешиндан ўтгач, унинг телефони жиринглади. Гапининг мазмунига кўра, хотини телефон қилди шекилли. Ишлари кўплигини баҳона қилиб, оқшомда етиб боражагини билдирди. Маълум бўлдики, бу бузуқ “Хизмат сафарига кетяпман”, деб уйидан чиққан экан. Хотини билан телефонда меҳрибон эр овозида гаплашди. Болаларининг аҳволи билан ҳам қизиқди. Во ажаб! Нопок ҳолдаги бу бузуқ болаларини тилга олса!? Дуруст, болалари ёдида экан. Лекин шу бузуқлиги учун ўзи жазо олиш билан бир қаторда болалари ҳам жабр кўриши мумкинлигини наҳот ўйламаса? “Отанинг нопоклиги, бузуқлиги болаларига уради”, деган гапни эшитмаганмикин? Бу ҳам майли. Виждонсизлигининг яна бир кўриниши – ўша оқшом улфатларига “гап” бериши керак экан. Бу ердан қайтгач, уйда меҳмон кутар экан. “Фалон-фалон нарсаларни дастурхонга қўйдингми, ошпаз вақтида келсин”, деб хотинига топшириқ беряпти. Бунга нима дейсиз?! “Рўзғорига файз кирмоқни ақли расо ёр келтирар, ёрнинг ори бўлмаганда оилага зор келтирар”, деб шунга айтадилар-да.
Эртасига бу “дача” деб аталмиш бузуқхонага ёшлар келишди. Қизларнинг ҳам овозлари эшитилди. Беҳаё гап-сўзлардан маълум бўлдики, йигитлар маишат қилиш учун фоҳишаларни бошлаб чиқишган.
– Фалончихонга биринчи Пистончижон киради. Фалончихон, оғайнимиз бир ойдан кейин уйланяпти. Яхшилаб кўзини очиб қўйинг! – деган гапга барчалари қийқириб кулдилар.
Оқшомга яқин қимизлари тугаб қолгани учун Пистончижонга “Қимизнинг додахўжасини топиб кел”, деб топшириқ беришиб, ўзлари маишатларини давом эттиришди. Орадан ярим соатча вақт ўтгач, катта кўча томонда кучли зарба товуши келди. Сўнг одамларнинг қий-чуви эшитилди. Икки автомашина катта тезликда келиб бир-бирига урилганини англаш қийин эмасди. Бузуқ йигитлардан бир нечаси қизиққанлари учун кўча томон юришди. “Эҳтимол ёрдам зарурдир”, деган фикрда мен ҳам бордим. Пачоқланган “Спарк” ёнаётган эди. Йигитлар Пистончижон дўстларининг машинасини таниб, шошиб қолишди. Машинага яқинлашишга, дўстларига ёрдамлашишга юракларни дов бермади, қўрққанларича довдираб тураверишди. Рўпарадаги ресторанда ўтирганлар ёрдамга шошишмаганида йигит куйиб кул бўларди.
Ҳали ҳаёт аломати сезилиб турган танани ўтдан олиб, ерга ётқизишди. Жон талвасасидаги йигит “Олов! Олов!” деганича алаҳсирай бошлади. Кейин “Энди нима дейман унга! Нима дейман унга!” деб ҳайқирди. “Кимга?” деб ажабланиб сўрашди. Йигит: “Аллоҳга! Аллоҳга!” деди-ю, жон берди.
Милиция ва “Тез ёрдам” келиб, ўликни олиб кетишди. Йигитлар милициянинг терговидан қутулиш учун фоҳишаларини ҳам ташлаб, қочиб қолишди…
Бир неча йил муқаддам содир бўлган бу воқеани ҳар эслаганимда: “Қани эди, бошқалар ҳам “Унга нима дейман?!” деб яшасалар. Фаҳш сари қадам босганларида ўша машинада ёнаётган йигитни кўз олдиларига келтирсалар. Машинада ёниш – ҳолва, ҳали дўзахда ёниш бор…” деган фикр хаёлимни ёритиб ўтади.
Баён этилган воқеалар сиз учун янгилик эмасдир, бундан баттарларини ҳам эшитган ёки кўрган бўлсангиз керак. Энди қаламга олинадиган фожиа янада даҳшатлироқдир. Янглишмасам, қирқ йилча олдин Чирчиқ дарёсидан бир эркак ва аёлнинг ўлиги чиқди. Одамларнинг сувга чўкиши янгилик эмас. Лекин бу ҳол тилдан-тилга кўчиб, қалбларни титратган эди: чўкканларнинг бири қайнота, иккинчиси келин эди! Қайнота ва келин “дам олгани” чиққанларида гуноҳларига яраша жазоланганлар. Европа томонларда бунақанги ҳолатлар фожиа саналмайди: Бир қиз йигитни севиб турмуш қуради. Орадан ойлар ўтиб, қайнотасини севиб қолади. Покиза руҳда тарбия топган жамият учун эса бундай ҳолат ақл бовар қилмас даражадаги фожиадир. Мен қирқ йил олдинги фожиани тилга олдим. Бунга ўхшаган қабоҳат ҳозир ҳам учраб турибди. Бир танишим афсус билан айтиб берган эди. Эрталаб зарур юмиш билан қўшнисиникига чиқибди. Қўшнининг хотини касалхонада, тижоратчи ўғли сафарда экан. Беихтиёр кўзи ҳовлидаги ёғоч сўрига тушибди. Икки тўшак ёнма-ён тўшалган. Четда бешик… “Келиним кечаси бир нимадан қўрқди, шунинг учун ёнимга олиб ётдим”, деб изоҳ берибди қўшни. Бу гапга ишондик, ҳам дейлик. Лекин “Фаросат қани, уят қани?” – деган саволдан тийилиш қийин.
Бундайлар-ку, озгина бўлса-да уялиб ёки Худодан қўрқиб, гуноҳини яширишга ҳаракат қиларкан. Бу гуноҳлар оламига тобе яна бошқа тоифани шу кунлардаги ҳаётимизда ҳам учратдик. Менга айтиб беришларича, бир одам хотини вафот этиб, бева қолган. Уйлантиришмоқчи бўлишганда рад этган. Сабаби… келинида кўнгли бор экан. Ўғли тирикчилик ташвиши билан Россияга кетганида келинига шилқимлик қила бошлабди. Сўнг очиқдан-очиқ талабга ўтган. Келин ор-номусли аёл экан, қайнотасининг қилиқларини овоза қилмай, болаларини олиб, онасиникига кетибди. Шайтон васвасасидаги қайнота шунда ҳам тинчимабди. “Агар уйга қайтиб мен билан бирга бўлмасанг, сени “бузуқ” деб гап тарқатаман”, деб дағдаға қилибди. Кескин рад жавоби олгач, бу фитнасини амалга оширибди: ўғли нодонроқ экан, ҳақиқатнинг тагига етишга уринмай, бу туҳматга ишониб, хотинини талоқ қилибди.
Бунақа воқеа кўп учрайди, деган фикрдан узоқман. Лекин орада шайтон бор. Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавий: “Шайтон ғолиб, жон чиқарда шошдим мано”, деб бекорга ёзмаганлар. Шайтон иймони кучли одамларни ҳам васвасага солади. Иймони заифларни енгиши эса жуда осон. Шу сабабли қайнота уйда келин билан ёлғиз қолишдан сақлангани дуруст. Айниқса, тунда ёлғиз қолмаслик керак. Шундай ҳолат юзага келганида келиннинг синглисиними ё оилага яқин бирон аёлними чақириш керак. Ёки келинни онасиникига юбориш мақсадга мувофиқ.
Агар автомашинада бирон жойга бориш лозим бўлса, келин ҳайдовчи–қайнота ёнида эмас, орқа ўриндиқда ўтириши шарт. Халқимизнинг ардоқли санъаткори айтиб берган эдилар: “Волга” автомашинаси олган кезлари қизлари ёлғиз ўзи машинага ўтирмас экан. Ота “Ўқишга олиб бориб қўяй”, деса ҳам қиз кўнмас экан. Қизни куёвга узатишибди. Куёвнинг эски “Москвич” автомашинаси бор экан. Бир кун қизи шу машинада уйига келганда ота: “Қизим, “Волга”га ўтирмас эдинг, эски машинага ўтирибсан-ку?” – деб ҳазиллашганда қизи: “Адажон кечиринг, нега машинангизга ўтирмаганимнинг сабабини билмасмидингиз? – деб изоҳ берибди. – Кўчада кўрганлар сизни танишади. Мени эса танишмайди. Машинангизга ўтирсам, “Бу артист ёш ўйнашини олиб юрибди”, деган миш-миш тарқалиши мумкин. Мен сизнинг номингизни иснодга қўйишни истамадим”. Қизнинг бу донолиги барчага ўрнак бўлиши керак. Тасаввур қилинг: қиз отасининг машинасига ўтирди. Кўчада кимдир кўрди ва хаёлига шум фикр келди. Бу фитнани кимгадир айтди. Гап айлана-айлана хотинининг қулоғига етди. Хотин дарров ишонмаган тақдирда ҳам кўнглида шубҳа уйғонади…
Шунга ўхшаган воқеа ўзимнинг ҳаётимда ҳам бўлган эди. Ишхонадаги ҳамкасбим бозорга бормоқчи экан, бозор йўлида бўлгани учун машинага таклиф қилдим. Ҳамкасбим машинадан тушаётган пайтда бир аёл яқинлашиб, талабалар шаҳарчасига олиб бориб қўйишимни илтимос қилди. Ҳамкасбим “Бу киракаш эмас”, деса ҳам “Вой, илтимос, бола билан қийналиб кетдим”, деб ялинди. Қарасам, 3-4 ёшли болани етаклаб олган, бир қўлида оғир сумка. У айтган манзил уйимдан бир чақирим нарида. Савоб олиш мақсадида “Ўтиринг”, дедим. Очиғи, унга эмас, мўлтиллаб турган гўдакка раҳмим келди. Она-болани манзилига олиб бориб қўйгач, уйга қайтдим. Хоним афандим менга ғалати қараб қўйдилар. Кийимимни алмаштириб чиққач, аям: “Машинангда қанақа хотинларни олиб юрибсан?” – деб сўрадилар. “Во, ажаб! – дедим, – жосуслар шу даражада тез ишлайдиган бўлиб кетишганми? Йўловчи хотин машинамга ўтирганига ярим соат ҳам бўлмади-я! Маълум бўлишича, хотиннинг машинамга ўтираётганини қўшнимиз кўриб қолган, кўча супураётган хоним афандига “Эрингиз бир жонон билан машинасида юрибди”, деб ҳазиллашган экан. Хотинларга шунақа ҳазил қилиб бўларканми?
Демоқчиманки, сизу биз миш-миш тўқишга уста одамлар қуршовида яшаймиз. Истаймизми-истамаймизми, улар отган ўқларни даф қилиб туришга мажбурмиз. Уларнинг миш-миш ўқларини отишларига сабаб бўлувчи ҳолатлардан ўзимизни пана қилсак янада яхши.
* * *
“Одам боласи қарийди-ю, бироқ унинг икки нарсаси ўз ҳолича қолади: ҳирси ва узун орзу”.
Мазкур шарафли ҳадисни ҳазрат Алишер Навоий “Арбаин”даги шеърий сатрларда бундай ифода этганлар:
Одамида агарчи воқеъ эрур
Қариғон сори барча ишда халал.
Икки феъли вале йигитрак ўлур:
Бири ҳирсу, бириси тули амал.
(Қариган сари одамда барча ишда халаллик пайдо бўлса-да, унинг икки феъли ёшариб боради. Улардан бири – ҳирс, иккинчиси – узун орзудир.)
Қарики эрур, кўнглига синмоқ ҳасрат,
Жониға йигитликни қилинмоқ ҳасрат,
Ҳар ишда йигитларга ёлинмоқ ҳасрат,
Сўз ичра йигитликни соғинмоқ ҳасрат.
(Қариянинг кўнгли синмоғлиги ҳасрат, яна ўзини ёш қилиб кўрсатиш ҳам ҳасрат. Ҳар ишда йигитларга ялинмоқ ҳасрат, сўз ичида йигитликни эслаш ҳам ҳасрат.)
* * *
Дунёда барча тирикчилик, рўзғор ташвишида юради. Биров борига шукр қилади, биров камига сабр этади, биров эса юзни минг, мингни эса туман қилиш ҳаракатида юради. Буни “Дунёни унутиш, бойликка берилиш”, деб атайдилар. Ҳамманинг бой бўлгиси келади. Афсуски, бунинг иложи йўқ. Аллоҳ бандаларини синамоқ учун бирини бой, иккинчисини камбағал қилиб қўйган. Мазкур китобдаги сатрларни ўқиётган биродаларимизнинг бири бойроқ, яна бири ўрта ҳол. Шунга кўра, дунё молига муносабатлари ҳам турлича. Ўтмиш жамиятида бойлар ёмонланар эди. Ҳозир ҳам бойларни ёқтирмайдиганлар бор. Насронийларнинг китобида бойларнинг жаннатга тушмаслиги ҳақида хабар мавжуд. Бу нотўғри хулоса. Агар бойлик ҳалол йўл билан топилса, бойлик эгаси Аллоҳнинг барча амрларини сидқидилдан адо этса, бойлигини ҳалол йўлда сарф этса, сахий бўлса, закотни тўла берса, етимларнинг бошини силаса… нега жаннат насиб этмасин? Албатта, Аллоҳ билгувчидир. Агар бутун умрини бойлик тўплаш учун сарфласа, ҳаром йўлдан ҳам тоймаса, бойлигини янада кўпайтириш учун амал талашса, фитналар қилса, бир сўм устида минг думалайдиган хасис бўлса, закот тугул, сариқ чақа садақа бермаса… шундайлар учун Жаннат йўли берк. Албатта, билгувчи Аллоҳдир.
Бойлик бахт келтиради, деб ўйловчилар янглишадилар. Агар шу фикр ҳақиқат бўлганида эди, дунёдаги барча бойлар бахтли, камбағаллар эса бахтсиз бўлар эдилар. Ҳолбуки, ҳаёт бу фикрнинг аксини кўрсатиб турибди. Бойларнинг пули бор, аммо ҳаловати йўқ. Камбағалларнинг пули кам, аммо ҳаловати бор!
Бир бадавлат одам тузалмас оғир хасталикка учради. Кунлари саноқли қолганини англаб, фарзандларини тўплаб, темир сандиғини очтирди. Сандиқ бойликка тўла эди. “Тиллаю жавоҳирни олларинг-у, энг зўр дўхтирларни топиб келтирларинг”, деб буюрди. Дунё дунё бўлганидан бери ҳали бирон марта ҳам тиллаю жавоҳир беморни ўлимдан қутқариб қололмаган.
Бошқалар билан бойлик талашиб яшаш бир кўнгилсиз ҳол. Саломатлигини исроф қилиб бойлик тўплаш эса фожиали ҳол. Тиллаю жавоҳир эмас, саломатлик энг катта бойлик эканини билмай яшаётганлар эса нодондирлар. Сўнгги пушаймонларидан фойда йўқ.
Бир подшоҳ қабзиятга йўлиқиб, таҳорат олишга қийналибди. “Ким мени бу касалликдан қутқарса, салтанатимни ўшанга бераман”, деб ваъда қилибди. Бу ваъдани эшитган валийлардан бири келиб, подшоҳнинг қорнини силабди. Каромат юз бериб, подшоҳ тузалибди-да:
– Ваъдамга хилоф қилмайман, сен бу тахтга ўтир, – дебди.
– Йўқ, сен ўз мақомингда ўтир, – дебди у киши. – Фақат унинг қийматини, ҳаддини бил. Бу дунёнинг зарра қадар қиймати йўқ. Бир кўза сув каби тугайди. Агар уни ича олмасанг, салтанатингни берасан. Ичиб чиқаролмасанг ҳам салтанатингни берасан. Шунинг учун у бир кўза сув кабидир.
Донишмандлар қайта-қайта таъкидлаганларидек, Ер юзида энг буюк неъмат сиҳатдир. Бир одам подшоҳ бўла олар, бир мамлакат мол-мулкига эга чиқа олар. Аммо сиҳати бўлмаса, бу барча модий салтанат ҳеч қандай ҳузур бермайди. Бирор одамнинг бир дунё мол-мулки бўлса ҳам, бир пиёла сув ичиб, уни чиқара олмаса, унда нима бўлади?! Ҳа, шу бир пиёла сувнинг чиқиб кетиши учун барча мол-мулкини беришга рози бўлади. Шундай экан, мол-мулк, баланд мартаба билан керилиш ақлли одамнинг иши эмас. Бир пиёла сувчалик қадри бўлмаган дунё мол-мулкига боғланиб қолиш эса аҳмоқликнинг ўзгинасидир.
Дуруст, сиз бойликка берилмагансиз, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борасиз. Ортингизга бир қаранг-чи, ўғлингиз ҳам изингиздан қадам-бақадам келяптимикин? Балки шайтон безаб қўйган йўлларга бежо қараётгандир? Хонадонингизга қуёшдай чарақлаб келган келинингиз-чи? Қимматбаҳо безакларга берилмаганми? Шундай бўлса (Аллоҳ сақласин!) уни қандай тарбиялайсиз? Бизга ёқадими ё йўқми, ёшларда бойликка муҳаббат мавжуд. Фақат яхши тарбия кўрганларида бу муҳаббат кучи заиф, вақт ўтиши билан сўниши мумкин. Эркатойлик беланчагида улғайганлар эса вақт ўтгани сайин бу муҳаббатнинг қулига айланаверадилар. Тан олайлик, уларни бу хатарли йўлдан қайтаришга кўпам уринмаймиз. Нари борса, қуруқ огоҳлантириш билан чекланамиз. Ҳолбуки, тарбиянинг бу йўналишига доир ҳикматлар жуда кўп. Шулардан бирини тавсия қилай, шояд фойдаси тегса. Ҳазрат Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да (Яхшиларни ҳайратлантирсин, деб достоннинг отини шундай атаганлар) Искандарнинг сўнгги армонини гўзал сатрларда ифода этганлар. Унинг насрий баёни бундай:
Иқлимларни фатҳ этувчи Искандар жаҳон мулкининг тождори бўлди.
Унинг тасарруфига кирмаган ер қолмади. Денгизу қуруқлик, ҳўлу қуруқ унинг фармонида эди. Осмон гумбази устида хутба ўқиб, адолат муҳрини юлдузларга урди.
Унга қуллуқ қилишни шоҳлар орзу қилиб, шу билан фахрланар эдилар. Ҳам шоҳ эди, ҳам авлиё, ҳам набий эди. Хулқ-атвори ҳикмат билан зийнатланган эди. Зотида Жамшидлик нишонаси бўлиб, жаҳонни кўрсатувчи жом унинг кўзгуси эди. Етти иқлимни забт этган ва етти осмонга ҳукми ўтар эди. Шундай саодатманд шоҳ оламдан ўтар вақтида шундай бир ожизлик ва бечораликка учрадики, на ҳакимларнинг ва на табибларнинг тадбири фойда берди. Барчалари бу яшил дунё боғида қолиб, у қора тупроқ сари кетди. У ўзининг бу ҳолатидан ичидан ўртаниб, бундай сўз айтди:
– Мен хору залиллик билан бу оламдан кетар эканман, мен учун сафар ноғораси чалинар экан, кимки ор-номус шартини сақламоқчи бўлса, унга менинг шундай васиятим бор: вақтики мендаги муқаддас бўстон қуши муқаддас маскан айвони сари учса, яъни жоним узилса, оҳу фарёд билан оламни қора қилиб, хобгоҳимга тобутимни солсангиз ва қабр томон юрсангиз, тобутнинг ёнидан бир қўлимни чиқариб қўйинг. Токи одамлар бу қўлимга ибрат кўзи билан қарасинлар. Билсинларки, етти иқлимнинг шоҳи, етти осмон сирларининг огоҳи жисмида жон йўқ ҳолда бу дунёдан бўш қўл билан бормоқдаман. Кимки жаҳон мулкига эга бўлишни ҳавас қилса, шу бўш қўл унга ибрат бўлсин!
Бу баён сўнгидаги шоирнинг “Эй Навоий, бу дунёдан қўлингни торт”, деган хитоблари бизларга ҳам қаратилгандир. Дунёдан қўлни тортиш шоирнинг шунчаки баландпарвоз сўзлари эмас. Ҳазрат Навоийнинг бадавлат оилада туғилганлари, кейинчалик ўзлари ҳам жуда катта мол-мулкка эга бўлганлари маълум. 1481 йили шоир бор мол-дунёсидан воз кечиб, хайрия, яъни вақф мулкини ташкил қилганлар. Бу мулкдан тушган даромаднинг катта қисми таълим муассасалари, мусофирхоналар ва дарвешлар, қаландарлар, камбағаллар, муҳтожлар, етим-есирларнинг эҳтиёжини қоплашга қаратилган. Бошқа бири қисми эса илм-фан ва адабиётни ривожлантиришга сарфланган. Ҳиротда ва бошқа шаҳарларда ҳазрат Алишер Навоийнинг шахсий ташаббуслари ва маблағлари билан мадрасалар қурилган ва моддий томондан таъминланган. Машҳур тарихчи Хондамирнинг маълумотига кўра, 40 работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирганлар. Булар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия” ва “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тиббиёт муассасаси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Орул-ҳуффоз” хайрия биноси каби иншоотларни қурдирганлар (“Ихлосия” ва “Низомия” 19-асрда Англия ва Россиянинг Ҳирот учун олиб борган жанглари пайтида бузиб ташланган).
Эгалланган илм ва амал бирлиги, сўз ва иш бирлиги деб шунга айтадилар. Бундай олиймақом фазилат ўз-ўзидан насиб этмайди. Маълумингизки, ҳазрат Алишер Навоий болалик чоқларида Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (Қуш нутқи) достонини ёд олганлар. Умрларининг охирида эса мазкур асарга жавобан “Лисон ут-тайр” (Қуш тили) тасаввуфий-фалсафий асарини ёзганлар. Улуғ шоирнинг дунё мол-мулкидан воз кечиш воқеасини “Насойим ул-муҳаббат” (Муҳаббат шабадалари) асарида шундай баён қиладилар: “Дебдурларки, алар андоқки, отлари машҳурдир, Аттор экандурлар. Тавбалариға сабаб бу бўлғондурки, бир куни атторлиғ дўконида муомалаға машғул ва машъуф эмишлар. Дарвеше дўкон эшигига етар ва неча қатла “Аллоҳ учун бирор нарса бер!”дер. Анга парво қилмаслар. Ул дарвеш дерки: “Эй хожа, не нав ўлгунгдир?” (Қандай ўласан?) Алар (Аттор) дебдурларки: “Андоқки, сен ўлгунгдир” (Сен қандай ўлсанг, мен ҳам шундай ўларман). Дарвеш дебдурки: “Сен мендек ўла олмассан”. Алар дебдурларки: “Нечук?” Дарвеш дебдурки: “Мундоқ!” Яғоч аёғин бошин остига қўюбдур “валлоҳ!” дебдур ва жонни Ҳаққа таслим қилибдур. Аларнинг ҳоли мутағаййир бўлибдур ва дўкон ва анда дағи ҳар не бор экандур, барҳам урубдурлар ва бу тариққа кирибдурлар”. Молу дунёга ҳирс қўйган одам ўлим билан юзма-юз келганда даҳшатга тушади, дейдилар. Не азоблар билан тўплаган бойлигини ташлаб кетишдан қийналса керак-да.
Кумайл ибн Зиёд ривоят қиладиларки: «Ҳазрати Али (р.а.) билан бирга юрар эдик. Жаббон қабристони ёнидан ўтаётганимизда, мозор томон қараб:
– Эй қабрда ётганлар, эй суяклари чириб, тупроққа қоришганлар, эй қоронғуликларда ёлғиз қолганлар, сизларда нима гап? Биздан сўрасангиз, молларингиз тақсимланди, болаларингиз ўксиз ва етим қолди, хотинларингиз бошқа турмуш қуришди. Бизда ана шундай хабарлар. Сизларда қандай хабарлар бор?– деб сўрадилар. Сўнгра мен томон бурилиб:
– Эй Кумайл, агар уларга жавоб қилиш учун изн берилганида: «Озуқнинг энг яхшиси тақводир», деб айтишган бўлар эди, – дедилар. Бир оздан кейин эса йиғлаб, бундай дедилар:
– Эй Кумайл, қабр – амаллар сандиғидир. Буни фақат ўлганингдан кейин биласан…
Ҳазрат Алининг бу хитоблари асоссиз эмас. Қудсий ҳадисда марҳамат этиладики: «Эй Одам фарзанди, билгилки, бу дунёда тўплаган бойлигинг меросхўрларга қолади. Ундан емоқ ва ҳузурини кўрмоқ кўпинча бошқаларга насиб бўлур. Унинг ҳисоб-китоби ва надомати эса сенинг бўйнингга тушгай. Қабрда сенга фақат ҳаётлик вақтингда қилган яхши амалларинггина ёрдам бергай».
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?