Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 15


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 50 страниц) [доступный отрывок для чтения: 16 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Боқинди ейдиган таом миннатли ошдир. Тўғри, ота-она “Мен сени боқяпман”, деб миннат қилмайди. Лекин йиллар боқиндилик билан ўтаверса, “Аввал ўзингни боқдим, кейин хотинингни қўшиб боқдим, энди болаларингни ҳам боқяпман”, деган гап чиқиб қолиши эҳтимоли бор. Ота-она айтмаса ҳам амаки ёки аммами, тоға ёки холами “Қачонгача боқинди бўлиб юрасан?” деб таъна қилиб қолиши аниқроқ. Мана шу миннат, таъна кундузни тунга айлантириб юборади.

Боқиндилик вақтида муолажа қилинмаса, янада хатарлироқ бўлган тамагирлик хасталигига айланади.

 
Ҳар кимки, тамаъдурур гирифторлиғи,
Не суд анга аҳли сахо ёрлиғи,
Иззат бермас нақду дирам борлиғи –
Ким, бўлди тамаъдин кишининг хорлиғи.
 

(Кимки тамагирликка йўлиқса, унга саховат аҳли билан дўстлашиш фойда бермайди. Пул ва олтин борлиги иззат бермайди. Тамагирлик кишини охири хор қилади.)

Куёвтўра, сиз Ҳотами Тойи деган одамнинг номини эшитгандирсиз. Ҳиммат ва саховат аҳлининг пешвоси сифатида ном қозонган бу зот Той қабиласининг подшоҳи бўлган. Шу одамдан бир куни: “Эй ҳиммат ва саховатда беназир инсон, сен ўзингдан ҳам саховатлироқ кишини кўрганмисан?” – деб сўрадилар. Ҳотами Той жавоб берди:

“Бир куни саҳро халқини зиёфатга чақирган эдим. Юзта туя ва сон-саноқсиз қўю қўзи сўйдирган эдим. Базм асносида даштга чиқиб, бир оз ҳаво алмаштириб келай, дедим. Сайр қилиб юриб, ёши улуғ қариянинг орқасига бир боғ тиканли ўтин ортиб келаётганини кўрдим. Ўтин унинг гавдасини букиб қўйган. Ҳар замон ҳассани кўкрагига тираб, ҳар қадамда бир тўхтаб, нафасини ростлаб олар эди. Чолнинг қийналганини кўриб, кўнглимга ўт тушди. Раҳмим келиб дедимки:

– Эй қаддини меҳнат юки эзиб қўйган, жисмини ғам тиканлари илма-тешик қилган зот! Ҳеч нарсадан хабаринг йўқми? Ҳотамнинг уйида нима бўлаётганини билмадингми? Тўкин дастурхон ёзиб, яхшию ёмонни чорлаб меҳмон қилмоқда. Тиканни ташлаб, кўп машаққат чекмай, унинг иззат гулшанига бор.

Чол бошини кўтариб, менинг бунчалик изтироб чекаётганимни кўриб кулди-ю, шундай жавоб берди:

– Эй ҳирсу ҳавас оёғига банд солган, тама бўйнингга сиртмоқ солган киши. Ҳайрат водийсига қадам урмаган, ҳиммат гумбазига байроқ тикмаган. Сен Ҳотами Тойи миннатини эшитгунча, шу тиканнинг азобини чеккин. Меҳнат билан топилган биргина танга биров берган олтиндан афзалдир.

Шу сўзларни айтган ўша чолнинг ҳиммати меникидан баланд эди”.

Ўша тикан орқалаган чол қиёфаси ҳар оила қурган ёшнинг кўз олдида турса, унинг ҳикматли сўзлари онгига муҳрланса, боқиндилик балосидан тезроқ қутулишига ёрдам беради. Бу борада қуйидаги масал ҳам ёрдам бериши мумкин:

Бир куни нодон пашша асаларига жаҳл қилиб, бундай деди:

– Сен шундай бир аҳмоқсанки, асал йиғаман, деб қирларни, водийларни кезиб, овқат тўплайсан. Шунча машаққатинг эвазига йиққан болингни ярмини ўзинг еганингда ҳам майли эди. Мана мен ҳамма вақт катта зиёфатларда, ҳаттоки подшоҳ саройида бўламан, ширин овқатлар ейман, ажойиб шарбатлар ичаман, маза қилиб яшайман, ўзимга қарайман.

Доно асалари унга бундай жавоб берди:

– Ана холос! Аслида аҳмоқ сенсан, аммо буни идрок қилиб тушуна олмайсан. Борган жойларингда одамлар сендан ирганиб қўлларига нима тушса, ўша нарса билан урадилар, ҳайдайдилар, сендан нафратланадилар. Сенинг эса фаҳминг етмайди. Ўзингга ўхшаган пашшаларнинг мингларчаси ўлдирилаётганини кўриб турасан-у, “Мени ҳам бир куни шундай ўлдиришлари мумкин”, деган фикр ақлингга келмайди, ибрат олмайсан. Мен қирлар, водийларни кезиб, йиққан асалимни ўзим емайман, аммо еганларда меҳр-муҳаббат, эъзоз, ҳурмат кўраман. Бундан ифтихор этаман, қувонаман.

Қиссадан ҳисса: инсон учун ўз ҳунари, меҳнати маҳсулидан бошқа қувонадиган, фахрланадиган бир нарса йўқ. Инсон ўз қўли кучи, меҳнати билан ажойиб нарсаларни яратади. Ишламаган танбал одам бенасиблик билан бошқаларга юк бўлади. Қилган ишидан бошқаларга наф тегмайди. Унга бирор иш топширганлар ҳам мамнун бўлмайдилар, аксинча, ҳатто дуойи бад қилишгача борадилар. Унинг бири икки бўлмайди, бўлса ҳам, ҳузурлана олмайди.

Ривоят: Бир одамнинг битта оти ва икки ити бор эди. Итлар оч қолишиб, зорланиб ўтиришганида от: “Нега бунча қайғули кўринасиз?” деб улардан ҳол сўради. Итлар отга маъюс боққанларича ҳасратларини бошладилар:

– Аҳволимиз чатоқ, очлик туфайли ўлар ҳолга келдик. Хўжайинимиз бизга яхши илтифот қилмайди, берган сарқитига қорнимиз тўймайди. Овқат талабида ёнига яқинлашамиз десак, болалари тепиб ҳайдашади. Бундан алам қилиб, тоққа чиқиб кетган эдик. Йўлда ҳаво айниб, селга дуч келдик. Мана, титрабқақшаб, аввалгидан ҳам баттар ҳолда жойимизга қайтдик. Бахтсиз эканмиз, энди зорланишдан бўлак иложимиз қолмади.

От уларнинг сўзларини тинглагач, деди:

– Э дўстларим! Иззат ва саодатни фақат бахт-толедан кутиб, ишламасдан ялқовланиб ётиш аҳмоқликдир. Сизлар кунда бир эринибгина ҳуриб қўйиш билан чекланмай, менга ўхшаб ишлаганингизда эди, хўжайинимиз мени яхши тўйдиргани каби сизларни ҳам сийлаган бўларди. Ҳеч ишламай, ялқов бўлиб ётиш ва ўтган-кетганга акиллашнинг фойдаси йўқ. Дунё иши – меҳнат уйидир.

Баъзи ёшлар ўзларини ўзлари имтиҳон қилиб: “Мен ҳеч нима қила олмайман, қўлимдан ҳеч нима келмайди”, деган фикрда ўзларига ишонмаган ҳолда юрадилар. Бу хато тушунчадир. Одам шундай яралганки, у ҳеч нима қилмай туролмайди. Одамнинг онги бекорчиликни қабул қила олмайди, туғён кўтаради. Ана шунда одам ҳалокатга учрайди. Ҳа, одам айни бекорчиликдан ҳалок бўлади. “Ҳалок бўлишни” ҳам рамзий, ҳам айни маънода тушунавериш керак.

* * *

Никоҳ одамзод авлодлари давомийлигини таъмин этувчи заруратдир. “Бўйдоқ – такомилга етмаган мавжудот, у иккинчи ярми йўқ қайчига ўхшайди”, дейдилар. Шунга кўра, никоҳ қайчини бир бутун қилиш, десак ҳам бўлар. Уйланиш ўз ҳуқуқингизни икки баравар камайтириб, зиммангизга тушадиган мажбуриятни эса икки ҳисса оширишингиз демакдир. Тутун алангадан пайдо бўлганидек, никоҳ ҳам муҳаббатга уйғунлашиб кетади. Ҳар қандай киши модомики, никоҳдан ўтган экан, никоҳ қонунларига бўйсунишга мажбурдир. Агар бу мажбуриятдан бўйин товласа, катталар томонидан аввал яхши сўзлар билан тушунтириш, бу ҳам таъсир қилмаса, мажбур қилиниши лозим. Чунки дилдаги ишончдан келиб чиқадиган, иштирок этаётган кишиларнинг ихтиёрий, оқилона иноқликларига асосланган оилавий ва ижтимоий муносабатларгина мустаҳкам бўлиши мумкин.

Никоҳ муҳаббатнинг қарор топишидир. Том маъноси билан пишиб етилган юраккина чинакамига сева олади ва шундагина муҳаббат никоҳ мисолида ўзига ҳадя этилган энг олий мукофотни кўради ва ҳар қандай шуҳрат қаршисида ҳам хираланмайди, балки офтоб нуридан ўзининг хушбўй исли гулларини барқ уриб очилтиради. Никоҳ дабдабали эркинлик муҳитида бўлса, муҳаббат сўнади. Никоҳнинг шундай хусусияти борки, ундан кейин санамга тавоф этиш барҳам топади. Бинобарин, эркак киши ўз маъбудасига яқиндан туриб боқса, у қайтадан оддий аёлга айланади.

“Омадли никоҳ ҳар куни таъмир этиб турилиши керак бўлган бинодир”, дейилганда кундалик турмушда учраб турадиган каттами-кичикми камчиликларга зўр бардош ва ақл-идрок билан қадам-бақадам барҳам бериб бориш назарда тутилади. Аввалига фақат шоду хуррамликни бахш этган никоҳ аслида баҳсу мунозаралар билан бўлиниб турувчи узундан-узоқ суҳбатларнинг бошланишидир. Никоҳ мустақиллик жиҳатидан теппа-тенг бўлган эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларнинг ифодасидир, бунда мутелик ҳам бир хил, мажбурият ҳам бир хил. Никоҳ тўйдан кейин кўп ташвиш туғдира бошлайди. Аммо никоҳсиз турмушда ҳам ҳеч қандай шодлик йўқ. Никоҳсиз турмуш ахлоқсизлик оқибатидир. Ҳар иккала жинс ҳам ўзларини яхши одамлар қаторига қўшадиган қовушувдан қочиб, аксинча, хароб қиладиган қовушув исканжасига тушадилар. Қиз ҳам, йигит ҳам ҳали оила қуриш ёшига етмасларидан анча илгари бу ҳикматни тушуниб етишлари ва покиза турмуш йўлида собит бўлишга ўзларини руҳан ва маънавий жиҳатдан тайёрлашлари керак.

* * *

Донишмандлар: “Тамагирлик билан қилинган никоҳ – қабиҳ никоҳдир”, деб ёшларни эҳтиёткорликка чақирганлар. Яна: “Хотинни ўзингга тенгларидан ол, ўзингдан юқорилардан олсанг, унинг қариндошлари устингдан хўжайинлик қилишади”, деб огоҳлантирганлар.

Муҳаббатсиз никоҳ никоҳсиз муҳаббатни келтириб чиқаради. Фақат севиб уйланишнинг гашти бор, холос; бирор қизга унинг қадди-қомати келишганлиги учунгина уйланиш худди бозордан кераксиз бўлса ҳам кўзга кўринган буюмни сотиб олиш билан баробар.

* * *

Эр аёл бахти хусусидаги маънавий масъулиятни зиммасига олгани ҳолда унинг қалбига, ҳаттоки билмай туриб озор берса, бундан ортиқроқ бахтсизлик бўлмайди. Эрига муҳаббат боғлаган аёл тўккан ҳар томчи кўз ёшида эрга қарши оғир айбнома бор. Аёл ишончини суиистеъмол этиб, муҳаббатини оёқости қилган, ожизгина вужудини қийнаб, кўзидан алам ёшларини оқизган эрни ҳикмат аҳли аблаҳлик ва разилликда айблаган. Айримлари эса: “Хотиннинг хўрланишига йўл қўйган эркак – эркак ҳам эмас, аёл ҳам эмас, демак, шунчаки ҳеч нима!” – деган хулосага келганлар.

Севги худбинликдан кучлироқ: аёлни ҳатто у сиздан нафратланганда ҳам севиш мумкин. Аёлга муносабат – номус, шарм-ҳаё, одоб, олийжанобликнинг энг нозик ўлчови, раҳмдилликни тарбиялашнинг олий мактабидир. Қиз-жувонларга ҳаёсизларча муносабатда бўла олувчи шахс инсон сифатида ҳам ишончни оқламайди; у умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча муносабат қилади, унга бошдан-оёқ ишониш мумкин эмаслиги ҳам таъкидланган. Чунки фақат тубан, қўполдан-қўпол, ифлос миягина қачон қараса аёл бадани гўзаллиги билан банд бўлади ва ўзининг ҳар нарсага бош суқаверадиган фикрларини фақат ўша нарсага бураверади.

Ўтмиш донишмандлари: “Қиз болани ҳурмат қил, унинг номуси ва шарафини, инсоний ғурурини авайла. Сенга ёққан қиз – сенинг бўлажак рафиқанг, болаларингнинг онаси. У – барҳаётлигингнинг гарови, у сени болаларинг қиёфасида яна қайта дунёга келтиради”, деган ҳикматни сизу бизга мерос қилиб қолдирганлар. Бу ҳикмат меросининг қадрига етишингиз керак. Қадрига етиш– қай даражада амал қилишингиз билан белгиланади.

* * *

Ўзаро муносабатларингизда охири бир-бирингизга бегона қилиб қўядиган қусурлар пайдо бўлиб қолишини эр ҳам, хотин ҳам кузатиб бориши керак. Бунинг учун энг аввало инсоннинг инсонга бўлган ҳурматини йўқотмаслиги керак (Лев Толстой).

* * *

Севган аёл ҳамма нарсани кечиради, аммо ҳеч нарсани унутмайди (Халил Жуброн).

* * *

Эрнинг хотинга қиладиган одоблари:

Аввалги адаб – уйланмоқчи бўлган кимса солиҳа ва эр кўрмаган қизни олади. Имом Шофеъий мазҳабларида никоҳдан илгари хотинни бир назар кўриш мустаҳабдур. Хотин тўрт нарсада эрдан паст ва тўрт нарсада эрдан баланд бўлади: умрда, қоматда, молда, насабда паст; жамолда, чиройли хулқда, адабда, иффатда баланд.

Иккинчи адаб – олти турли хотинни олинмайди: аввал пуштсиз, яъни бола туғмайдиган. Иккинчи – илгариги эрининг фарзандларига ва яна ўз хешларига сўнгги эрининг молини барбод қилувчи бўлса. Учинчи – ҳамиша эрига ўз мулки ва насаби билан миннат қилувчи хотинга. Тўртинчи – илгариги эридан кўрган роҳатларини йўқотганига нола ва фарёд қилувчи хотинга. Бешинчи – нопоклиги ва ёмон атворлари жиҳатидан ҳар кимнинг ва эрининг орқасидан сўзлагувчи хотинга. Олтинчи – кўринишда тару тоза ва манзиратли, аммо асли нопок бўлган хотинга. Ундай хотин ёмон одатли ва бадфеъл бўлади ҳамда тўда тезак устида унган майсага ўхшайди.

Учинчи адаб – эр хотинга яхши муомала қилади. Юзини очиқ тутади, мурувват ва саховат кўрсатади, беҳуда ғазаб қилмайди.

Тўртинчи адаб – агар хотин тезлик ва қўполлик қилса ҳам у билан имкон қадар келишади, ёрдам ва ҳикмат билан муомалада бўлади, хотинининг жафосига сабр қилинади.

Бешинчи адаб – аёл ва тобеларига ҳалол молидан нафақани бемалол, кенг тутади. Агар баногоҳ зарурият жиҳатидан шубҳадор молга гирифтор ва мубтало бўлса, ҳалол молни таомга, шубҳадорини либосга сарф қилади.

Олтинчи адаб – чиройли хулқни ўрнига қўйишлик ҳамда мулойим таъб билан хотиннинг ҳавойи нафсига кўп ҳам тобе бўлмайди.

Еттинчи адаб – аҳли аёл борасида ғайратли бўлади ва ғайратнинг шарти шудирки, номаҳрамни ҳарамига киришига рози бўлмайди....

Саккизинчи адаб – хотин такаббурчилик қиладиган бўлса ё эрни тоқати йўқ нарсага таклиф этса, унга адаб берилади. Адаб шуки, аввал насиҳат қилинади. Агар фойда бермаса, бир ойгача жойига ётмайди. Ҳар вақтки ўнгланса, гуноҳини афв қилиб, яна илгаригидек шафқат ва марҳаматда бўлади (Муҳаммад Содиқ Қошғарийнинг “Одоб ас-солиҳин” китобидан).

* * *

“Яхши хотин билан яшаш – ҳаёт бўронларида сенга бир паноҳдай хизмат қилса, ёмон хотин билан яшаш эса – кулбангда кўтарилган бўрондай гап”, деган ҳикмат бор.

Куёвтўра, қошу кўзлари гўзал, қалби гўзал, ақли гўзал, одоби гўзал, ҳаёси гўзал бир қизни Аллоҳ сизга насиб этди. Муборак бўлсин! Саволим шундай: аёл ҳақида нималарни биласиз? Ёшингизга яраша озми-кўпми нималарнидир биласиз. Шу билганларингиз қаторига ўтмиш донишмандларининг фикрларини ҳам қўшиб қўйинг:

Аёл киши эркакка манзур бўлиш учун яратилган. Аёлнинг қудрати – унинг жозибасида. Аёл ўзининг латофатию таровати билан эркакни унга хос бўлган кучни ҳис қилишга ва уни ишга солишга мажбур қилади. Бу кучни уйғотишдаги энг синалган санъат шундаки, қаршилик кўрсатиш йўли билан бу кучга ҳаёт бахш этилади.

Яхши аёл – ҳеч кимнинг нигоҳи тушмаган бир хазина, уни топган киши ақлли бўлса, бу ҳақда ҳеч кимга мақтанмайди. Севимли аёлнинг ҳаттоки қаҳри ҳам биз бахтли дамларимизда бошқа аёллардан топишимиз маҳол бўлган чексиз жозиба билан тўлиб-тошгандир. Аёлларга хос ўлмас назокат яхши эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келган.

Деярли ҳар бир аёл севги бобида энг юксак жасоратларга ҳам қодирдир. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Аёлсиз ҳаёт тонги ва оқшоми заиф, кундузи эса – ғамгин бўлиб қолар эди.

Аёлнинг энг биринчи ва энг муҳим фазилати – беозорлик. Аёллар асабларимизни, ортиқча шахсиятпарастлигимизни юмшатади; улар бизга қайдан бунёд бўлганимизни эслатиб туришади.

Эркак ва аёл – бамисоли икки майин товушки, инсон қалбидаги торлар уларсиз ҳақиқий ва тўлақонли оҳанг беролмайди. Аёлларни севинг ва иззат қилинг; улардан фақат юпанч эмас, балки илҳомингизга куч, маънавий ва ақлий қобилиятларингизни икки баравар оширувчи қудрат ахтаринг.

Аёл – буюк сўз. Унда қизлик мусаффолиги, дўстга хос фидойилик, она жасорати мужассамлашган. Аёл севгисидан мусаффо бўлмаган, унинг мардлигидан мадад олмаган ҳамда камтарона йўриғига юрмаган одам ҳақиқий ҳаёт кечирмаган ҳисоб.

Аёл қалбини очадиган нозик калит камдан-кам эркакларда бўлади. Аксарият эркаклар аёл қалбини темир лом билан очишади.

Икки нарса киши қўлида бўлса увол: гўзалликка мағрур бўлган кишига берилган ҳусн, иккинчиси – гўзаллик қадрини билмайдиган кишига тушиб қолган хотин.

* * *

Бир-бирига ўхшамаган, бошқа-бошқа йўсинда тарбия топган, ўзгача муҳитларда улғайган икки кишининг кўп йиллар мобайнида биргаликда яшаши, бир мақсад йўлида интилиши, бир-бири билан муроса қилиши уларнинг ҳис-туйғу ва феъл-атворларини қаттиқ синовдан ўтказади.

Тасаввур қилинг: зерикарли қиш оқшомларида болаларини ухлатиб, эрхотин танҳо қолишди. Эр газета ўқишдан зерикди, телевизордаги севимли сериалини эндигина якунлаган хотин эса қаҳрамонларининг қисматидан таъсирланганича ўтирибди. Мана шундай пайтда иккала томон ҳам ширин суҳбат қуришни, бир-бирларига меҳр, муҳаббат изҳор қилишни, фарзандлари келажаги ҳақида ширин орзулар суришни қўмсаб қолади. Ёки иккови ишхонасидаги янгиликлар билан ўртоқлашишни, дам олиш кунлари учун режалар тузишни истайди.

Лекин амалда иш бошқача тус олади: “Итдай чарчабман, жойни солмайсанми!” – дейди эр. “Мен пашша қўриб ўтирганим йўқ. Ҳали идиш-товоқларни ювишим керак. Ўзингизнинг ҳам қўлингиз бор, битта чойшабни олиб солиш шунчалик қийинми!” – деб жавоб қилади хотин ва ширин суҳбат ўрнига буниси тилга кўчади:

“Сан қачон бир иш буюрганимда “хўп” дейдиган бўласан!”

“Ҳозир ҳамманинг ҳуқуқи тенг, ман сизга хизматкор эмасман!”

Ўзаро таъна-маломатлар, “ҳуқуқ талашиш”лар бора-бора икковининг ҳаётларини заҳарга айлантиради. Латвиялик тадқиқотчилар эр-хотиннинг ўзаро суҳбати 27 дақиқадан сўнг албатта можаро-жанжалга айланади, деб ҳисоблашганида нимани назарда тутишгани барчага яхши аёндир.

Бундай пайтларда оддийгина муроса санъатининг етишмай қолиши, “Мен сендан камманми” қабилидаги худбинларча обрў талашишлар иккала томонга ҳам яхшилик келтирмаслиги аниқ. Тарозининг бир палласи кўтарилганида иккинчи томон албатта пастлайди. Эр “ёна бошладими”, унинг ўтини ўчириш учун аёли дарров сув тўла челагини кўтариб ҳаракатга тушиши керак (Ҳаётда аксинча, жанжалкаш аёл сув ўрнига бензин сепади. Т.М.). Хотиннинг юрагига қил сиғмай, ҳеч нарсага тоқати етмай турибдими, эр унинг сочларини силаб, икки оғиз ширин сўзини дариғ тутмасин. Икковларига тааллуқли дилхиралик ёки мусибат оилага сўроқсиз кирдими, бир-бирларини юпатиб, сабрга чақириш билан уни унутиш йўлларини бирга ахтаришсин. Ана шунда озорлар унут бўлади, ғамлар чекинади, мусибат-қайғулар ўрнини хуррамлик ва масъудлик эгаллайди (Аҳмад Муҳаммад).

* * *

Бу ўткинчи имтиҳон дунёсида бахт кишига ҳадеб кулиб боқавермайди. Бировнинг оти бўлса, араваси йўқ, араваси борнинг оти йўқ. Оила бахти ҳам шундай. Бугун эр-хотин икковингиз ўзларингизни бағоят бахтиёр хис этасиз, эртага эса акси. Оила бахтини бир дарахтга қиёс этсак, унинг икки ўқ илдизи бўлади. Бири эрнинг фазилатидан, иккинчиси хотиннинг хислатларидан сув ичади. Агар бу баробарлик йўқолса, масъудлик дарахтининг умри қисқа бўлиб қолиши мумкин. Шу боис оила бахтини таъминлашда эрнинг масъулиятини таъкидлаб, бу ривоятни эътиборингизга ҳавола этаман:

Бир йигит гўзал ва оқила қизга ошиқ бўлиб қолди. Қизнинг ҳам унда кўнгли бор эди, унаштириб қўйилдилар. Аммо тўйдан аввал қиз хасталикка чалинди, юзларига чечакка ўхшаган нимадир тошиб кетди, табиблар унинг чорасини қила олмадилар. Оқибатда қиз аввалги гўзаллигини йўқотди ва йигитга турмушга чиқиш аҳдидан қайтди, ўзини дунёдан ёлғиз ўтишга ҳукм қилди. Иттифоқо йигит ҳам касалликка чалиниб, бир неча кун қимирламай ётди. Кейин оёққа турди-ю, бироқ кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йигит қизга уйланиш аҳдидан қайтмади. Қиз ҳам ноилож кўнди. Икковлари шу тарзда анча йил бахтиёр умр кўрдилар. Вақти-соати келиб, аёл вафот этди. Унинг жанозасидан кейин эрнинг кўзлари кўр эмаслиги маълум бўлди. Бу ривоятдан мурод – оила бахти учун эр ҳам фидойи бўлмоғи керак.

* * *

– Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир? – деб сўралди.

– Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани,– дедилар.

Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига: “Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг”, дедилар. Асҳоб: “Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулуллоҳ?” – деб сўрадилар.

– Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл, – деб жавоб бердилар.

* * *

Яхши хотин эрнинг тинчлиги, уйнинг ободлиги ва яхшилик қилишга ёрдамлашгувчидир.

* * *

…дўст бўлмағон хотиндин қочғил, нединким, дебдурлар: «Кадбону (ишчан уй бекаси) бўлмағон тезроқ банд бўлур, аммо у масобада (ҳолатда) эрмак. Бунингдек хотин сенинг молингни қўлингдин олиб, сўнгра сени унга молик бўлурға қўймағай, ундин сўнг сен унинг хотини бўлурсан, лекин у сенга хотин бўлмас.

* * *

Хотин пок ниҳод (тоза табиатли) ва пок дил бўлсун; кадбону эрига дўст бўлғай. Ҳаёлиғ, тақводор, тили қисқа, молни яхши сақлағувчи бўлсин. Дебдурларки, яхши хотин эрнинг ва умрнинг роҳати бўлур. Агар хотининг хўбрўй, меҳрибон ва мақбул бўлса ҳам ихтиёрингни унга буткул бермағил ва унинг ҳукми остиға кирмағил. Нединким, Искандарга дебдурлар: “Доронинг қизин нима учун олиб хотин қилмассан, бағоят хушрўйдир?” Искандар деди: “Жаҳон халқиға ғолибман, энди бир хотинга мағлуб бўлсам, кўп ёмон кўринур”.

* * *

Хотин олсанг улуғ салоҳлиғ (яхши) хонадондин хотин талаб қилғил. Ҳар турлик авбошнинг қизин олмағил, нединким, хотинни уйнинг кадбонлиғи учун олурлар, шаҳват учун олмаслар. Хотин камолга етғон, оқила бўлғон, онасининг кадбонлиғин (сариштали уй бекаси эканлигини), отасининг кадхудолиғин (оила хўжаси эканини) кўрғон ва билғон бўлсун. Агар бундай нозанин қўлингга тушса, уни асло қўлдин чиқармағил ва жаҳд қилиб уни олғил (“Қобуснома”дан).

* * *

Аёлни кафтингда кўтар, аммо бошингга чиқарма. Истасанг келинни биринчи кунданоқ елкангда кўтар. Бошингга ўзи чиқиб олади. Абулқосим Замаҳшарийнинг: “Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқалайди”, деган ҳикматини унутмаган дуруст.

* * *

Хотин билан муроса қилиш осон эмас. Бобур Мирзо дейдики: Агарчи сенсиз сабр айламак, эй ёр, мушкулдур,

Сенинг бирла чиқишмоқлик доғи бисёр мушкулдур.

* * *

Аёл эридан кўп нарсани талаб қилмайди: эри ташқаридаги ҳар қандай аёл олдида кучли бўлса-да, ўзи олдида заиф бўлишини истайди. Сиз буни англаганингиз ҳамон ожиз томонларингиз ҳақида ўйлаб кўринг ва аёлингизнинг сиздан устун бўлишига йўл қўйманг. “Ёмон хотин мисоли гўзал кийинган чаённинг ўзгинасидир”, деган араб мақоли бор. Хотин асалари каби чақса чиданг, аммо чаёндек нишини кўрсатса, эҳтиёт бўлинг. Ниш уришига сира-сира йўл қўйманг. Сиз аёлингизга пулингизни, вужудингизни, ҳатто қалбингизни беришингиз мумкин. Аммо ақлингизни бериб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.

* * *

Ота пули билан уйланган киши, хотин қадрин билмас (Мақол).

* * *

Аёл соя кабидир; қувсанг – қочади, қочсанг – қувлайди. Тегирмон ва аёл ҳамиша ва тўхтовсиз ниманидир истайди. Истакларининг чегараси бўлмайди.

* * *

Бир чўпоннинг солиҳа, фаросатли хотинига ҳамма ҳавас қиларди. Ҳамма шу чўпонни «энг бахтли одам» деб таърифларди. Қишлоқда кимки хотини билан келишолмай қолса: «Бор, чўпоннинг хотинидан ибрат олиб кел», дерди.

Бир куни хотини билан жанжаллашиб қолган қишлоқ оғаси ҳам шундай деди. Хотин «Мен кимману чўпоннинг хотини ким! Ундан нимани ўрганардим!» деди. Кейин «Бу хотинни ҳамма мақтайди бир бориб кўрайин-чи», деб қизиқиб йўлга чиқди. Борса, чўпон хотини ҳовлидаги идишда турган сувдан олиб ичаётган экан. Қишлоқ оғасининг хотини чанқаган эди, «Шу сувдан ичайин», деб сўради. «Хўп, – деди чўпон хотини, – сизга ҳозир ичкаридан муздай сув олиб чиқаман, бу илиб қолган».

– Ичкарида муздай сув бўлса, ўзингиз нима учун бу илиган сувдан ичяпсиз? – деб ажабланди оғанинг хотини.

– Хоним, эрим бу онларда далада, жазирамада юрибдилар. Мешларидаги сув қуёш нурида илиб қолгандир. Эрим у ёқда илиган сув ичсалару мен бу ерда муздек роҳатбаш сув ичсам, меҳрибон хотинлигим қаерда қолди!

Бундай фаросат эгасини ҳар бир эркак орзу қилади. Бу бахтиёрликдир. Бундай бахт мол-мулк, бойлик, давлатмандлик, хонлик, беклик ёки ўқиган, катта мартаба соҳиби бўлиш билан қўлга киритиладиган давлат эмас. Баъзан икки карра иккининг тўртлигини билмайдиган одам илмли, фаросатли, оқила аёлга эр бўлади. Худди шу ҳикоядаги чўпон каби! Инсон мол-мулк топа олади. Қўлидан ҳар нарса келади. Аммо яхши аёл қўлда ясаб оладиган неъмат эмас. Аллоҳ кимга солиҳа бир хотин берган бўлса, ул одамга, ул қулига барча эзгуликларни, хайрли нарсаларни ўзида мужассам қилган неъматни берганидир. Агар кимгадир кўнглидаги бир аёлни бермаган экан, у қанчалик бадавлат бўлмасин, қандай мартабага эришмасин ва мақсадига етмасин, бу одам барибир фақир ва заволлидир. Чунки унинг кўнглидаги хоними йўқдир. Демоқчиманким, яхши хотинни истаган эр аввало ўзи яхши бўлсин, бу неъматга арзийдиган солиҳ одам мартабасига етсин. Оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрайлик: ёмонликлари туфайли дўзахга лойиқ бандасига Аллоҳ бу дунёнинг жаннатини раво кўрармикин?

* * *

Яхшининг кетидан қолма, ёмоннинг қизини олма (Мақол).

* * *

Куёвтўра, тўйдан кейин ота-онангизга бўлган меҳр-муҳаббатингизни, эътиборингизни янада оширинг. Бўйдоқлик пайтингизда онангизнинг бошлари оғриса, ўтиб кетадиган касаллик, деб эътибор бермаган бўлсангиз, энди онангизнинг дардларига шерик бўлинг. Аввал эътиборсиз бўлганингизга онангиз ҳам аҳамият бермаганлар. Уйланганингиздан кейин онангиз эрталаб “Бошим оғрияпти”, десалар-у, сиз индамай ишга жўнаб қолсангиз, “Болам уйланиб, менга бемеҳр бўлиб қолди”, деб ранжишлари мумкин. Агар ранжисалар, сизнинг бемеҳрлигингизга асосий сабабчи деб, келин айбланади. Оқибатда келин билан бўладиган муносабатларда ҳам салбий ўзгариш бошланади.

* * *

Қуръони каримнинг «Абаса» сурасида таъкид этилганки, айрим инсонлар Қиёматда ота-онасидан қочар экан. «Уларга муносиб хизмат қилмадим, энди ҳақларини талаб қиладилар», деб қўрқиб, изтиробга тушар экан. Ана шу изтиробнинг олдини олиш учун киши ҳаётлик даврида ҳаракатини қилиб қолиши керак. Уламоларимиз бу мавзуда суҳбат юритганларида Исро сурасидаги ояти каримани тилга оладилар. Биз ҳам бу анъанадан четда қолмайлик:

«Раббинг фақат Унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».

Бу амр Аллоҳнинг қатъий ва ўзгармас буйруғи. Бу буйруқни бажариш ихтиёрий эмас, балки ҳар бир банданинг бурчи. «Уфф» сўзига боғлиқ икки маъно бор: 1. Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилмаслик. Мисол учун: ота-она иш буюрганда «уфф, тинч қўймас экансиз-да», ёки «уфф, шу гапларингиз ҳам жонимга тегди» ёки «уфф, сизга ҳеч гап тушунтириб бўлмас экан-да» каби норизоликни ифода этишни Яратган сизу бизга ман этяпти. Айниқса, келиннинг олдида шу қилиқни қилманг. Бирон-бир масалада отангиз ёки онангиз ноҳақ бўлишлари мумкин. Ҳақлигингизга ишонтириш учун улар билан узоқ баҳслашманг. Айниқса, келиннинг олдида гап талашманг, “Ада, сиз буни тушунмайсиз”, деганга ўхшаш гапларни сира тилингизга олманг. 2. Ишдан чарчаб қайтдингиз, ёки кўнглингиз бир нимадан ғаш. Ўзингизча «уфф» деб қўйдингиз. Билмайсизки, шу «уфф»ингиз билан ота-онангиз қалбини тилиб юбордингиз. Уларнинг «Болам оғир синовга тушибди», деб озорланганларини англамадингиз. Энди улар кунлаб, балки ойлаб кўзларингизга термилиб, паришонлик булутининг кўтарилишини кутадилар. Сиз ўзингизга учраган пашшадай ташвишни биргина «уфф» билан фил ҳолатида катталаштириб, ота-онангизга узатдингиз. Демак, сиз ота-онангизни ташвишингизга шерик қилмаслигингиз керак экан. Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунча яхши. Буни келинга албатта тушунтириб қўйишингиз шарт. Агар келин уйида бу борада яхши тарбия олган бўлса, нур аъло нур, унга битта гапингиз кифоя. Агар бу ҳикматдан бебаҳра бўлса, қайта-қайта насиҳат қилишингиз лозим. Насиҳат таъсир этмаса, қаттиқ талаб қилишингизга тўғри келади.

* * *

Аллоҳ буюрадики, «…ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар». Эҳсонга лойиқлар орасида ота-она бекорга биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Кишининг ўзидан кейинги ҳақдори ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга эҳсон қилишдан нима фойда бор? Қишлоқлардан бирида бу воқеага гувоҳ бўлган эдим. Биродаримизникида меҳмонда эдим. Қўшниси эҳсонга таклиф этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса, унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим «У ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар», деб изоҳ берди. Мен «Меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир», деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан: «Доим шу уйда яшайдиларми?» – деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан хижолат бўлибми, аста «ҳа», деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Мен ҳам ваҳима қилмоқчи эмасман. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан “даҳшат”, айнан “ёвузлик” дейман) кўз юма олмайман. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми?

Шу воқеага гувоҳ бўлгач, бир шарафли ҳадисни эсладим, сиз ҳам танишинг:

Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:

– Ё, Расулуллоҳ! Онам жуда кексайиб, боладек бўлиб қолди. Гўдакларга ўхшаган ишларни қилади. Ўрнидан тура олмайди. Унга ўз қўлим билан овқат бераман. Сувни ҳам ўз қўлим билан ичираман. Таҳоратига ёрдам бераман, сўнгра сажжодага (намоз ўқиш, сажда қилиш жойи) опичиб олиб бораман. Айтган ерларига кўтариб бораман. Ё, Расулуллоҳ! Онамнинг ҳақини ўтай олдимми, рози қила олдимми ё йўқми? – деб сўради.

Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Волидангнинг ҳақини юздан бирини ҳам ўтай олмагансан”, – дедилар. У одам: “Нега, ё, Расулуллоҳ?! Мен онамнинг бир айтганларини сира икки қилмай бажараман”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга дедилар:

– Онанг “Ўғлим ўсиб-улғайсин, буюк одам бўлсин, умри узун бўлсин”, деб хизмат қилиб, сени опичиб юрарди. Онангга хизмат қилаётганингда хаёлингдан “Қачон ўлади, ўлса – қутулардим”, деган фикр ўтади. Бу икки хизмат орасида тоғдек, Ер билан осмончалик фарқ бор. Онанг сени боққанида “Ўғлим қачон улғайиб катта бўлади?” – дерди. Сен эса: “Онам қачон ўларкин?” – дейсан. Сизларнинг бу ниятларингиз ўртасида катта фарқнинг яна бир жиҳати бор:

Сен онангга ҳар қанча хизмат қилсанг ҳам, унинг ҳақини адо эта олмайсан.

Буни яхшилаб билиб ол. Ҳеч бир фарзанд ота ва она ҳақини тўла ўтай олмайди.

Шуни яхши билгинки, онангга хизмат қилсанг, Жаноби Ҳақ сенга буюк савоблар беради. Ота ва онанинг розилигини олган, ризосига ноил бўлган одам Жаноби Ҳақ ризосига ноил бўлади, розилигини олади.

Бир биродаримиз кўзида ёш билан айтиб эди: отаси хаста экан. Катта акаси ақиқа маросимига тайёрланаётган экан. Бизда бунақа одат кўп учрайди. «Отам (ёки онам) кўриб қолсинлар», деб тўй ёки бошқа маросимни тезлатамиз. Бу, албатта, яхши ният. Аммо бу ният ортида “отам (ёки онам) ўлса, тўйим қолиб кетади (ёки тўйга атаганларим азага ишлатилиб кетадими)” деган ҳадик ҳам бўлади, буни яширмайлик. Хуллас, биродаримизнинг акаси ақиқа дастурхонига олинажак неъматларни рўйхат қилиб ўтирганида хаста ота «Қуюлтирилган ширин сут ҳам олиб келгин», деб илтимос қилибди. Шунда нодон ўғил ўйламай-нетмай «Бунақа сут ҳозир отлиққа йўқ, қаердан топаман», дебди. Хаста ота индамабди. Ўша пайтда бу нарсанинг топилиши чиндан ҳам қийин эди. Аммо ўғил отанинг кўнгли учун «албатта топамиз», деса кифоя эди. «Худонинг марҳаматини қарангки, – дейди биродаримиз, – акамнинг бу гапларидан ранжиб турганимда бир дўстим дадамни йўқлаб, иккита нон билан ўша сўралган ширин сутдан олиб келди. «Мана, дада, сўраганингиз, очиб берайми?» деб сўрадим. Дадам банкани қўлларига олиб, худди гўдак бошини силагандай силадилар-да, «кейин очасан», дедилар. Ақиқадан сўнг дадам ҳушларини йўқотдилар ва кўп ўтмай бу фоний дунёни тарк этдилар. Аёллар дадам истаган қуюлтирилган ширин сутни очиб, ширинликлар пишириб, маърака дастурхонига қўйдилар…»


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации