Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]
XV
Ҳарбийлар ва ҳакамлар
Шу воқеалар кечгандан сўнг келаси куни д’Артаньян билан Портос Атоснинг дараги йўқлигини кўриб, унинг ғойиб бўлганини жаноб де Тревилга хабар қилдилар.
Арамисга келсак, у одамларнинг гапларига кўра, беш кунлик ҳордиққа ижозат олиб, оилавий юмушлар билан Руанга кетиб қолган эди.
Жаноб де Тревиль ўз аскарларининг падари эди. Мушкетёрлик сарпосини кияр-киймас уларнинг энг кўримсиз ва бетайини ҳам ўз оғасига ишонгандек, капитаннинг нусратидан кўнгли тўқ бўлиши мумкин эди.
Шу боисдан де Тревиль дафъатан жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ҳузурига йўл олди. Қизил Крест тагидаги посбонлар саркорини чақиришди ва олинган маълумотларни таққослаб кўриб, Атоснинг Фор-Левекка жойлаштирилганини бир амаллаб аниқлашди.
Гувоҳ бўлганимиздек, Бонасе йўлиққан барча синовларни Атос ҳам бошидан кечирди.
Иккала ҳибсга олинганлар юзлаштирилганидан хабаримиз бор. Д’Артаньянни безовта қилиб уни зарур ҳаракат эркидан маҳрум этишларидан чўчиб, шу дамгача индамай келган Атос энди менинг номим д’Артаньян эмас, Атос деб таъкидламоқда эди.
Бундан ташқари у, на жаноб Бонасе, на хонимни танимаслигини маълум қилди. Кечқурун соат ўнлар чамаси у ўз дўсти жаноб д’Артаньяндан хабар олгани кирган, лекин ўша соатгача жаноб де Тревиль ҳузурида тамадди қилган. Бу жиҳатни кам деганда йигирма киши тасдиқлаб бериши мумкин. Кейин у талай казоказоларнинг номларини, шулар қаторида герсог де Ла Тремулнинг номини ҳам санаб берди.
Иккинчи комиссар худди биринчиси сингари бу мушкетёрнинг содда ва аниқ кўрсатмаларидан хижолат чекса-да, аслида, ҳакам мутасаддилари ҳарбий кишилар билан курашда ҳамиша ҳавас қилганларидек устун келишга ташна эди. Лекин, жаноб де Тревил ва герсог де Ла Тремулнинг номлари уни мулзам қилиб қўйди.
Атосни ҳам кардинал ҳузурига олиб бордилар, лекин, бахтга қарши, кардинал Луврда, қирол ҳузурида экан.
Бу айни жаноб де Тревиль жиноий ишлар бўйича бош ҳакам ва Фор-Левек нозири олдидан Атосни кўролмай чиқиб, қирол ҳузурига етиб келган пайт эди.
Қиролнинг қироличадан шубҳалари: фитналар бобида эркак кишилардан кўра аёллардан кўпроқ ҳадиксирагувчи кардинал моҳирлик билан авжига миндириб келаётган шубҳалари нақадар кучлилигини биз биламиз. Унинг Анна Австрийскаяга қарши адоватининг асосий сабабларидан бири қироличанинг де Шеврез хоним билан қалинлиги эди. Бу икки аёл уни Испания билан урушлар, Англия билан муросасизлик ва маблағларнинг чигал аҳволидан кўра кўпроқ хавотирга солмоқда эди. Унинг чуқур эътиқоди ва фикрича, де Шеврез хоним қироличага нафақат сиёсий фитналар – уни янада бадтарроқ чўчитаётган нарса – ишқий фитналарда ҳам ёрдам берарди.
Турга бадарға этилган ва ўша ерда деб гумон қилинаётган де Шеврез хоним махфий суратда Парижга келгани ҳамда беш кун туриб, миршабларни чалғитиб кетгани хусусидаги кардиналнинг дастлабки сўзлариданоқ қирол тутақиб кетди. Инжиқ ва беқарор бўлгани ҳолда у ўзини Одил Людовик ва Маъсум Людовик деб аташларини истарди. Саноқсиз омиллар келтириб, лекин мулоҳазалардан қочиб тарих изоҳлаб беришга ҳаракат қилаётган бу феъл-атворнинг тагига авлодлар машаққат билан етишар.
Кардинал де Шеврез хоним Парижга ёлғиз ўзи келмаганини, балки қиролича у билан алоқани ўша маҳаллар каббалиотик деб аталмиш шифр ёрдамида тиклаганини илова қилганда у, кардинал, бу фитнанинг ғоят нозик ришталари учини топай-топай деб, бор далилу исботлар билан қуролланган ҳолда қувғинди билан қиролича ўртасидаги воситачи аёлни жиноят устида ҳибсга олай деб турган бир пайтда аллақандай бир мушкетёр терговни узиб қўйишга журъат этган ва ҳаммасини қиролга етказиш учун зиммасига бу ишни холисона текшириш юкланган ҳалол мутасаддиларга қилич яланғочлаб ҳужум қилган, деб таъкидлай бошлаганда Людовик XIII ўзини сира идора қилолмай қолди. Тошиб кетган кезлар бу ҳокимни ўта шафқатсиз ишлар қилишга ундагувчи унсиз қаҳр алангасида ранги ўчиб, у қироличанинг кўшки томон бир қадам ташлади. Кардинал эса бу орада Бэкингемнинг номини ҳали тилга олиб улгурмаган эди.
Айни шу дақиқада бошдан-оёқ вазмин, одобли, беками кўст де Тревиль пайдо бўлган эди. Бу ерда кардинални кўриб, қиролнинг буришган чеҳрасига кўз қирини ташлаб, де Тревиль нима гап ўтганини фаҳмлади-ю, ўзини филистимлар қошида турган Самсон сингари дадил ҳис этди.
Людовик XIII эшик тутқичидан тутиб бўлган эди. Де Тревилнинг қадам товушлари уни ўгирилишга мажбур этди.
– Сиз ўз вақтида ташриф буюрдингиз, – деди ҳисларига эрк берганда ичида гап сақлаш лаёқатини йўқотиб қўядиган қирол. – Мушкетёрларингиз ҳақида менга зап нарсаларни ҳикоя қиляптилар!
– Менда эса, – совуққина жавоб берди де Тревиль, – уларнинг ҳакамлари ҳақида ҳазрат олийларига сўзлагудек анча-мунча дуруст гаплар топилади.
– Гапингизга тушунмадим, – такаббур оҳангда гапирди қирол.
– Ҳазрат олийларига маълум қилишга мушаррафманки, – аввалгидек хотиржам давом этди де Тревиль, – бир тўп мутасадди, комиссар ва миршаблар, ғоят эътиборли, лекин, афтидан ҳарбий кишиларга нисбатан ўта адоватли кишилар мушкетёрларимдан ёки, тўғрироғи, сизнинг мушкетёрларингиздан бирини, феъли-хулқи бенуқсон, довруғи достон бўлган, қолаверса, ҳазрат олийларига энг яхши жиҳатдан таниш кишини – жаноб Атосни бир уйда ҳибсга олиб, кўчалардан рўй-рост олиб ўтишни ва Фор-Левекка қамаб қўйишни ўзларига эп кўрганлар, ҳазрат олийлари – бунинг ҳаммасига менга кўрсатишга розилик беришмаган буйруқ баҳона.
– Атосни-я? – беихтиёр такрорлади қирол. – Ҳа, менга бу исм танишга ўхшайди…
– Малол келмаса, ҳазрат олийлари бир эслаб кўрсинлар, – деди де Тревиль, – жаноб Атос – бу сизга маълум муборазада жаноб де Каюзакни оғир жароҳатлаб қўйган мушкетёрнинг ўзгинаси бўлади… Ҳа, дарвоқе, падари бузруквор, – кардиналга юзланиб деди де Тревиль, – жаноб де Каюзак соғайиб қолгандир, тўғрими?
– Ҳа, ташаккур, – ғазабдан лабини тишлаб гапирди кардинал.
– Шундай қилиб, жаноб Атос ҳазрат олийларининг кадет гвардияси Дезессара ротасидаги ўз дўсти беарнлик йигитдан хабар олгани кирган. Ёш йигит уйида бўлмаган. Жаноб Атос дўстини кутиш ниятида стулга ўтириб, қўлига китоб олгунча бўлмай, бир тўда изқувар ва аскарлар аралаш-қуралаш бўлиб, бинони қуршаб олган, бир неча эшикларни синдирган…
Кардинал қиролга имо билан изоҳ берди: «Бу ўша мен айтган иш юзасидан…».
– Буларнинг ҳаммасидан хабаримиз бор, – деди қирол. – Негаки, ҳаммаси бизнинг манфаатимиз йўлида қилинган.
– Демак, – гапида давом этди де Тревиль, – сизнинг манфаатингиз учун мушкетёрларимдан бирини, бегуноҳ кишини ушлаганлар, сизнинг манфаатингиз учун у икки аскарнинг соқчилигида ҳазрат олийлари йўлида ўнлаб марта қонини тўккан ва ҳар дақиқа яна тўкишга тайёр бу ўктам киши шаънига ҳақоратлар ёғдиргувчи оломон орасидан, кўча-кўйлардан олиб ўтилган.
– Шундай денг! – иккиланиб деди қирол… – Наинки воқеа шундай кечган бўлса?
– Жаноб де Тревиль, – пинагини бузмай гапирди кардинал, – ўша бегуноҳ мушкетёр, ўша ўктам киши қўлга олинишидан бир соат илгари мен фавқулодда аҳамиятга эга бир ишни текшириш учун юборган тўрт нафар комиссарга қилич яланғочлаб, ҳамла қилганини сизга айтмади.
– Падари бузруквор буни исботлаб берсинлар! – ғирт гасконча самимият ва ғирт ҳарбийча қўполлик билан хитоб қилди де Тревиль. – Гап шундаки, ундан бир соат илгари жаноб Атос, сиз ҳазрат олийларига маълум қилишга журъат этсам, бағоят нажиб насабли киши уйимда тамадди қилиш шарафига мени ноил этиб, меҳмонхонамда герсог де Ла Тремул ва граф де Шалю билан суҳбатлашиб ўтирган.
Қирол кардиналга қараб қўйди.
– Мен неки деган бўлсам, – қиролнинг унсиз саволига жавобан деди кардинал, – жабр кўрганлар тузган қарорда баён этилган. Уни ҳазрат олийларига топширишга мушаррафман.
– Ҳарбий кишининг лафзи ҳакамларнинг протоколига арзимайдими ҳали? – мағрур сўради де Тревиль.
– Бас, бас, Тревиль, – деди қирол, – жим бўлинг.
– Мабодо падари бузрукворнинг мушкетёрларимнинг бирортасидан шубҳаси бўлса, – жавоб берди де Тревиль, – мен ўзим тергов қилишни илтимос қиламан, жаноб кардиналнинг адолати ҳаммага барибир маълум-ку ахир.
– Тафтиш ўтказилган уйда, – ҳамон сир бой бермай давом этди кардинал, – ўша мушкетёрнинг дўсти, янглишмасам, аллақандай беарнлик йигит истиқомат қилади, а?
– Падари бузруквор д’Артаньянни назарда тутяптиларми?
– Мен сиз валинеъматлик қилиб келаётган ёш йигитни назарда тутяпман.
– Ҳа, падари бузруквор мутлақо ҳақлар.
– Сизнингча, эҳтимолга яқин эмасми, ўша ёш йигит ёмон таъсир қилаётган…
– …жаноб Атосга, ўзидан ёши икки ҳисса улуғ одамгами? – гапни бўлди де Тревиль. – Йўқ, зоти олийлари, эҳтимолга яқин эмас. Бундан ташқари, жаноб д’Артаньян ҳам оқшомни менинг уйимда ўтказган.
– Ана холос! – хитоб қилди кардинал. – Оқшомни ёппасига ҳамма сизникида ўтказганми дейман!
– Падари бузруквор сўзларимдан шубҳа қилмаяптиларми? – чеҳраси ғазаб оташида ёниб сўради де Тревиль.
– Йўғ-эй, худо сақласин! – деди кардинал. – Лекин, д’Артаньян қай маҳалда сизникида бўлди?
– О, буни падари бузрукворга мутлақо аниқ маълум қилишим мумкин: у кириб келганда соат тўққиз яримни кўрсатаётганига кўзим тушган эди, гарчанд, менга анча кечроқ туюлган эди.
– Уйингиздан қай соатда чиқиб кетди?
– Ўн яримда. Шу воқеалардан бир соат кейин.
– Лекин, пировардида, – деди де Тревиль сўзларининг чинлигига бир зум ҳам шубҳаланмай, ғалаба қўлдан чиқиб кетаётганига фаҳми етиб турган кардинал, – пировардида, Атосни Гўрковлар кўчасидаги ўша уйнинг ўзида қўлга олишган-ку ахир.
– Ёр-биродарларнинг бир-бирларини йўқлаб туриши, менинг ротам мушкетёрларининг жаноб Дезессара ротасининг гвардиячиси билан қардошларча дўст тутиниши тақиқ этилганми ҳали?
– Агар у дўсти билан мулоқот қилаётган уй шубҳали бўлса, ҳа.
– Ахир гап ўша уйнинг шубҳалилигида-да, Тревиль, – луқма ташлади қирол. – сизнинг бундан хабарингиз бўлмагандир.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, дарҳақиқат, бундан хабарим йўқ эди. Лекин, бу нарсанинг жаноб д’Артаньян эгаллаб турган бўлагига алоқаси йўқлигига аминман, зеро, сизни ишонтириб айтишим мумкинки, сиз ҳазрат олийларининг ундан фидойироқ қароли ва жаноб кардиналининг ундан ўткирроқ мухлиси йўқдир.
– Монастир ёнидаги машъум олишувда де Жюссакни худди шу д’Артаньян жароҳатлаганмиди? – аламидан қизариб кетган кардиналга кўз ташлаб сўради қирол.
– Келаси куни эса Бернажуни шикастлаган эди, – илова қилишга шошди де Тревиль. – Ҳа, ҳазрат олийлари, худди ўзи; ҳазрат олийларининг хотиралари аъло экан.
– Хўш, нима қарорга келдик ўзи?– сўради қирол.
– Бу мендан кўра кўпроқ сизнинг ишингиз, сиз ҳазрат олийларининг иши, – деди кардинал, – мен ўша Атос гуноҳкор деган гапимда тураман.
– Мен эсам буни инкор этаман! – хитоб қилди де Тревиль. – Лекин, ҳазрат олийларининг ҳакамлари бор-ку, бу ишни ўшалар ҳал қиладилар.
– Тўппа-тўғри, – деди қирол. – бу ишнинг ҳаммасини ҳакамларга қўйиб берайлик. Ҳукм чиқармоқ уларнинг иши, ўшалар бир ёқли қиладилар.
– Ҳар қалай, ачинасан киши, – яна сўз бошлади де Тревиль, – бизники сингари аросат замонда энг беғубор ҳаёт, энг шаксиз тийнат одамни иснод ва таъқиблардан сақлаёлмайди. Армия ҳам миршабларнинг аллақандай ғалвалари важҳидан шафқатсиз таъқиблар нишонига айланаётганидан унчалик мамнун бўлмаса керак, деб сизни ишонтиришга журъат этаман.
Сўзлар қалтис эди. Лекин, Тревиль уларнинг қадрини билиб айтган эди. У портлаш қўзғамоқчи эди, портлаш эса бутун теварак-атрофни равшан қилгувчи алангани эргаштириб келади.
– Миршабларнинг ғалвалари! – де Тревилнинг сўзларига ёпишиб қичқирди қирол. – Миршабларнинг ғалвалари! Буларнинг ҳаммаси тўғрисида ўзи нима тушунчангиз бор, тақсир? Мушкетёрларингиз билан шуғулланинг, мени бошимни қотирманг! Гапларингизни эшитган одам битта мушкетёр ҳибсга олинса борми, Франция хавф остида қолади, деб ўйлаши мумкин. Мен уларнинг ўнтасини ҳибсга олишни амр қиламан, азбаройи шифо! Юзтасини! Бутун ротасини! Ҳамда ҳеч кимсанинг миқ этишига йўл қўймайман!
– Башарти ҳазрат олийларининг мушкетёрлардан кўнгли тўқ эмас экан, демак, улар гуноҳкордирлар, – деди де Тревиль. – Шу боисдан мен сизга қиличимни топширишга тайёрман, ҳазрат олийлари. Зеро, жаноб кардинал аскарларимни айблар экан, бориб-бориб менга қарши ҳам айб тақашига шубҳа қилмайман. Шунинг учун бу нарса аллақачон бошига тушган жаноб Атос ва яқин орада бошига тушиши эҳтимол жаноб д’Артаньян билан ўзимни ҳибсга олинган, деб тан олсам дурустроқ бўлади.
– Гасконлик ўжар, жим бўлсангиз-чи, ниҳоят! – деди қирол.
– Ҳазрат олийлари, – овозини сира пасайтирмасдан жавоб берди де Тревиль, – мушкетёримни қайтариб беришсин ёки уни суд қилишсин.
– Уни суд қиладилар, – деди кардинал.
– Унда – яна яхши. У ҳолда ҳазрат олийларидан уни ҳимоя қилишга ижозат беришларини сўрайман.
Қирол ўт чиқишидан қўрқди.
– Мабодо падари бузрукворнинг, – деди у, – шахсий сифатдаги сабаблари бўлмаганда эди…
Кардинал қирол гапни қаёққа бураётганини пайқаб, унинг олдини олди.
– Узр сўрайман, – сўзлади у, – агар ҳазрат олийлари мени ғарази бор деб ўйласалар, судда иштирок этишдан бош тортаман.
– Гап бундай, – деди қирол, – шу воқеалар кечган пайтда Атос сизникида бўлганига ва бу ишда қатнашмаганига отам номи билан қасамёд қилинг.
– Сизнинг шавкатли отангиз ва мен учун оламда ҳаммадан ортиқ табаррук ҳамда севимли бўлмиш сизнинг номингиз билан қасамёд қиламан.
– Бир ўйлаб кўринг, ҳазрат олийлари, – деди кардинал, – агар маҳбусни озод қилиб юборсак, унда ҳеч қачон ҳақиқатни билолмаймиз.
– Жаноб Атос ҳамиша жойида қолади ва ҳакам жаноблар уни сўроқ қилишни лозим кўрган замон у жавоб беришга ҳозир бўлади, – деди де Тревиль. – У ҳеч қаерга ғойиб бўлмайди, жаноб кардинал, хотиржам бўлинг. Унинг учун масъулиятни мен бўйнимга оламан.
– Зотан, у қочиб кетмайди, – рози бўлди қирол. – Жаноб де Тревиль айтганидек, уни ҳар вақт топса бўлади. Бундан ташқари, – товушини пасайтириб ва кардиналга илтижоли назар ташлаб қўшиб қўйди у, – уларда хавотир уйғотмайлик, бу энг яхши сиёсат.
Людовик XIII нинг бу сиёсати кардинални кулимсираб қўйишга мажбур қилди:
– Амр қилинг, ҳазрат олийлари. Сиз гуноҳидан ўтиш ҳуқуқига моликсиз.
– Фақат айбдор кишининг гуноҳидан ўтиш мумкин, – сўнгги сўз ўзида қолишини истаб, деди де Тревиль. – Менинг мушкетёрим эса бегуноҳдир. Шу сабабдан унга шафқат эмас, адолат қилинг.
– У Фор-Левекдами? – сўради қирол.
– Ҳа, ҳазрат олийлари, ташқи муҳит билан алоқа қилиш ҳуқуқисиз, ашаддий жиноятчи сингари, якка камерада.
– Азбаройи шифо! Энди нима қилиш лозим?
– Уни озод қилиш тўғрисидаги буйруққа имзо чекиш билан ора очиқ бўлади-қолади, – деди кардинал. – мен ҳам ҳазрат олийлари сингари фикрдаман, жаноб де Тревилнинг кафолати етиб ортади, деб ҳисоблайман.
Тревил салгина хавотир қўшилган қувончи ичига сиғмай таъзим қилди. Унинг учун кардиналнинг бу ногаҳон кўнгилчанлигидан кўра қаттиқ қаршилиги афзалроқ эди.
Қирол озод қилиш тўғрисидаги буйруққа имзо чекди-ю, де Тревиль уни ўзи билан олиб кетишга шошиб қолди.
У эшикдан чиқиб кетаётган дақиқада кардинал унга мулойим жилмайиб қўйиб, қиролга юзланди:
– Мушкетёрларингиз сардори билан аскарлари хўп ҳамжиҳат-да, ҳазрат олийлари! Бу хизмат учун ҳам бисёр манфаатли, бутун рота шаънига ҳам яхши гап.
«У яқин орада менга бирор ножўя ҳазил қилишига шубҳа қилмаса бўлади, – хаёлидан ўтказди де Тревиль, – ичида нима гап ётганини сира билиб бўлмайди. Бироқ, шошилмоқ керак. Қирол ҳар дақиқа қароридан айниб қолиши мумкин, кейин Бастилияга у ердан ҳозиргина бўшатилган одамни қайта ташлаш у ерда ўтирган бандини қамоққа олиб қолишдан кўра мушкулроқ».
Жаноб де Тревиль Фор-Левекка дабдаба билан кириб борди ва вазмин лоқайдлигини тарк этмаган Атосни халос қилди.
Де Тревиль д’Артаньян билан биринчи мулоқотдаёқ деди:
– Бу гал омадингиз келибди. Сиз билан де Жюссак учун ҳисоб-китоб қилишди. Ҳали Бернажунинг мағлубияти узилмай турибди. Ҳушёр бўлинг.
Де Тревиль кардиналга ишонмай ҳамда ишни чала ҳисоблаб, ҳақ эди. Мушкетёрларнинг капитани эшикни ёпиб улгурмай падари бузруквор қиролга ўгирилди.
– Энди ёлғиз қолганимизда, – деди у, – ҳазрат олийлари мақбул кўрсалар, муҳим нарсалар хусусида сўз юритсак. Ҳазрат олийлари! Герсог Бэкингем Парижда беш кун туриб, фақат бугун саҳарда жўнаб кетди.
XVI
Канцлер Сегенинг ўз одатича чалгани қўнғироқ тополмай қолгани ҳақида
Бу сўзларнинг Людовик XIII га қандай ботгани ҳатто тасаввурга сиғиши қийин. У лов этиб қизарди-ю, лекин шу заҳоти рангидан қони қочди. Кардинал қўлдан кетган имкониятларни бир забт билан тортиб олганини дарров тушунди.
– Герсог Бэкингем Парижда! – нидо қилди қирол. – Бу ерга у нима мақсадда келибди?
– Душманларингиз – испанлар ва гугенотлар билан фитнага қўшилиш мақсадида деб тахмин қилмоқ керак.
– Йўқ! Онт ичаманки, йўқ! Де Шеврез хоним, де Лонгвил хоним ва Конделарнинг барчаси билан бирга бўлиб, менинг ор-номусимга тажовуз қилмоқ учун!
– Ҳазрат олийлари, бундай гапга қандай тилингиз борди! Қиролича бирам андишали, энг асосийси эса ҳазрат олийларини бирам севади.
– Аёл киши заиф нарса, жаноб кардинал. Улкан муҳаббатга келсак, бу борада менинг ўз фикрим бор.
– Шунга қарамасдан, – деди кардинал, – мен герсог Парижга чин сиёсий мақсадлар билан келган деб таъкидлайман.
– Мен эса тамоман бошқа ниятлар билан келганига аминман. Лекин қироличанинг гуноҳи бўлса, унинг ҳолига вой!
– Дарҳақиқат, – деди кардинал, – бундай эҳтимолни ҳатто гумон қилишим нечоғлик оғир бўлса-да… Ҳазрат олийлари бир нарсани ёдимга солдилар: сиз, ҳазрат олийларининг амрингизга биноан мен бир-икки маротаба сўроқ қилган де Ланнуа хоним бугун эрталаб менга маълум қилдики, тунов кеча қиролича жуда кеч ётган, бугун эрталаб кўп йиғлаган ва кун бўйи ёзиб ўтирган.
– Ҳаммаси равшан! – хитоб қилди қирол. – Ўшанга ёзган, албатта! Кардинал, менга қироличанинг ҳамма қоғозларини топиб келинг.
– Қандай топиб бўлади ахир, ҳазрат олийлари? Назаримда на мен, на сиз ҳазрат олийлари бу нарсани зиммамизга ололмаймиз.
– Маршал д’Анкрнинг рафиқасини нима қилганлар? – беҳудуд ғазаб тутқаноғида хитоб қилди қирол. – Унинг жононларини, пировардида, ўзини ҳам тинтиб чиққанлар.
– Маршал д’Анкрнинг рафиқаси – бор-йўғи маршал д’Анкрнинг рафиқаси, Флоренциядан келган бир саргузашт ишқибозидир, сиз ҳазрат олийларининг хумоюн рафиқалари эса – Анна Австрийская, Франциянинг қироличаси, яъни жаҳондаги энг улуғ мулкдор зотларнинг бири бўладилар.
– Унинг гуноҳи шунинг учун даҳшатлироқ-да, герсог! У маснадининг юксаклигини нақадар осон унутган бўлса, шармисорлиги шу қадар тубан. Бундан ташқари мен аллақачонлар бу фитналарнинг ҳаммасига – сиёсийга ҳам ишқийсига ҳам барҳам беришга қарор қилганман… Янглишмасам, унинг қошида Ла Порт деган кимса бор.
– Иқрор бўлишим керак, мен ўшани бу ишнинг асосий мурвати деб ҳисоблайман.
– Демак, сиз ҳам мен сингари, у алдаб юрибди деб ўйлайсизми?
– Мен қиролича қирол ҳокимиятига қарши фитна қиляпти, деб ўйлайман ва такрорлайман, лекин, мен унинг номусига қарши деганим йўқ.
– Мен бўлсам сизга, унисига ҳам, бунисига ҳам қарши фитна-да, деяпман. Мен сизга қиролича мени севмайди, у бошқа кишини севади, деяпман. Мен сизга у ўша номард Бэкингемни севади деяпман. Парижда юрганда нега сиз уни ҳибсга олмадингиз?
– Герсогни ҳибсга олиш? Қирол Карл Бирнинг биринчи министрини ҳибсга олиш? Нималар деяпсиз ўзи, ҳазрат олийлари! Мабодо – бунга аввалгидек ишонмайман-у – мабодо ҳазрат олийларининг шубҳалари заррача тасдиқ бўлган тақдирда қандай даҳшатли овоза, қандай қулоқ эшитмаган шармандалик!
– Бироқ, бирор дайди ёки ўғри сингари ўзини-ўзи хавф остида қолдириб юргандан кейин, лозим эди…
– Лозим эдими?..
– Ҳечқиси йўқ, – деди қирол, – ҳечқиси йўқ… Бироқ, Парижда бўлган вақт асносида уни назардан қочирмагандирсиз?
– Йўқ, ҳазрат олийлари.
– У қаерда истиқомат қилди?
– Лагарп кўчасида, етмиш бешинчи уйда.
– Бу қаерда?
– Люксембург саройи яқинида.
– Сиз ҳам у қиролича билан кўришмаганига аминмисиз?
– Мен қироличани ўз бурчига ҳаддан ортиқ содиқ деб ҳисоблайман.
– Бироқ, уларнинг мухобараси бор. Кун бўйи қиролича ўшанга ёзган. Герсог, ўша мактубларни мен қўлга олишим керак.
– Ҳазрат олийлари, ахир…
– Герсог! Нима бўлса бўлсин, мен ўша мактубларни қўлга олишни истайман.
– Бироқ, мен ҳазрат олийларига айтишим зарур…
– Наҳотки сиз ҳам менга хиёнат қилсангиз, жаноб кардинал? Сиз нуқул истакларимга қаршилик қилаётирсиз. Наҳотки сизнинг ҳам испан ва инглиз, де Шеврез хоним ва қироличалар билан тилингиз бир бўлса?
– Ҳазрат олийлари, – хўрсиниб гапирди кардинал, – мен ўзимни бундай шубҳалардан панада, деб ўйлардим.
– Жаноб кардинал гапимни эшитдингиз: мен ўша мактубларга эга бўлишни истайман.
– Фақат бир йўли бор…
– Қандай?
– Бу ваколатни канцлер, жаноб Сегега топшириш. Бу иш бус-бутунича унинг соҳаси.
– Унга зудлик билан одам юборилсин!
– У меникида бўлса керак. Айни Луврга жўнаш олдидан уни чақиртириб, келса мени кута турсин, деб фармойиш берган эдим.
– Унга зудлик билан одам юборилсин.
– Ҳазрат олийларининг амрлари бажо келтирилади, лекин…
– «Лекин»ингиз нимаси?
– Бироқ, эҳтимол, қиролича итоат қилишдан бош тортар.
– Менинг амримга итоат қилишданми?
– Ҳа, мабодо амр қиролдан чиққанига унинг ишончи комил бўлмаса.
– Хўп, майли, у шубҳаланмаслиги учун уни ўзим огоҳлантириб қўяман.
– Ҳазрат олийлари, нифоқнинг олдини олиш учун бор иложни қилганимни хотирдан чиқармассиз, деган умиддаман.
– Ҳа, герсог, қироличага нисбатан ўта мурувват қилишингизни биламан… Ҳатто, эҳтимол, қуюшқондан ташқари мурувват қилиб юборасиз. Бунга ҳали яна қайтамиз, сизни огоҳ этиб қўяй.
– Ҳазрат олийлари мақбул кўрган маҳал. Бироқ, сиз билан Франция қироличасининг тинч-тотувлиги ҳақи, ўзимни қурбон қилишдан ҳамиша мағрур ва масъуд бўламан.
– Жуда соз, кардинал, жуда соз. Ҳозирча жаноб канцлерга одам юборинг. Мен қиролича ҳузурига ўтаман.
Шундан кейин Людовик XIII эшикни очиб, ўз бўлмаси билан Анна Австрийскаянинг кўшкини туташтириб турувчи йўлакка чиқди.
Қиролича ўзининг сарой хонимлари – де Гито хоним, де Сабле хоним, де Монбазон хоним ва де Гемене хонимлар даврасида ўтирган эди. Қиролича билан Мадриддан бирга келган чўри доня Эстефания ҳам кунжакда ўрнашиб олган эди.
Де Гемене хоним овоз чиқариб, қироат қилар, бу қироатни фақат ўзини тинглаганга солиб, хаёлларга берилиш имкониятига эга бўлиш учун ўйлаб чиқарган қироличадан мустасно ҳамма диққат билан тинглаб ўтирарди.
Бу хаёллар, гарчи, муҳаббатнинг сўнгги шуълалари билан чўчитилган бўлса-да, ҳарҳолда, ғуссага тўлиқ эди. Ўз умрдошининг ишончидан маҳрум бўлган, нозик туйғулари рад қилинганини кечиролмай юрган, кардиналнинг таъқиби остида қолган Анна Австрийскаянинг кўз ўнгида ўша ғазаб умр бўйи азоблаган она-қироличанинг тимсоли турарди, гарчанд, ўша замон мемуарларига қараганда, Мария Медичи2929
Мария Медичи – француз қироли Генрих IV нинг хотини ва Людовик XIII нинг онаси.
[Закрыть] ўша Анна Австрийская дариғ тутган бахтни дастлаб кардиналга ато этган ҳам эди. Анна Австрийская ўзининг энг содиқ мулозимлари, энг ишончли дўстлари, қалбига энг яқин арзандалари қулаётганини кўриб турарди. Офат келтириш лаёқатига эга ўша пешанаси шўрлар сингари у нимагаки қўл урса, ҳаммасига бахтсизлик келтирарди. Унинг дўстлиги машъум бўлиб, таъқибларни эргаштириб келарди. Де Шеврез хоним билан де Варне хоним бадарға қилинди, ҳатто, Ла Порт ҳам ҳар дақиқа ҳибсга олинишни кутаётганини соҳибасидан яширмасди.
Ногоҳ эшик очилиб, хонага қирол кириб келган пайтда қиролича шу хомуш мулоҳазаларга боши билан ғарқ бўлиб ўтирарди.
Мутолаа дарров тиниб, ҳамма хонимлар ўрнидан қўзғалдилар-у, ўртага ўлик сукунат чўкди.
Саломлашишни раво кўрмай, қирол бир-икки қадам ташлади-ю, қиролича рўпарасида тўхтади.
– Хоним, – ўзгарган товуш билан гапирди у, – ҳозир ҳузурингизга жаноб канцлер киради. Мен сизни воқиф этиб қўйишни топширган бир гапни у сизга маълум қилади.
Қўйди-чиқди, бадарға ва ҳатто судни пеш қилиб, мудом таҳдид этилаётган шўрлик қироличанинг тетиклигига қарамасдан ранги ўчиб кетди.
– Бироқ, бу ташрифнинг сабаби нима, ҳазрат олийлари? – ўзини босишга қурби етмай сўради у. – Жаноб канцлер ўзингизнинг тилингиз бормайдиган нима гапни айтади?
Қирол жавоб бермасдан пошналарида кескин бурилди ва деярли шу дақиқа навбатчи гвардиячи капитан Гито канцлернинг келганини хабар қилди.
Канцлер кириб келганда қирол хонада йўқ: у бошқа эшикдан чиқиб кетишга улгурган эди.
Канцлер хижолатдан қизариб, лекин лабларида табассум билан кириб келди. Ҳикоямиз давомида ҳали учрашиб қолиш эҳтимоли борлиги сабабли китобхонларимиз у билан ҳозирдан танишиб қўйишса зарар қилмас.
Канцлер хийла қизиқ шахс бўлган. Бир вақтлар кардиналнинг маҳрами – Париж ибодатхонасининг канониги де Рош Ле Мал жаноб Сегени падари бузрукворга буткул садоқатли одам сифатида тавсия қилган. Кардинал бу тавсияномага ишониб, кейин афсусланмаган.
Жаноб Сеге ҳақида жуда хилма-хил миш-мишлар юрарди. Шу жумладан, қуйидаги воқеани ҳикоя қилардилар.
Жўшқин ўтган ёшликдан сўнг у ёшлик бебошликларини бирон муддат ичида ювмоқ учун монастирга улоққан.
Аммо бу табаррук даргоҳга қадам қўя туриб, бечора гуноҳкор банда эшикни етарлича тез ёпишга, ўзи қочган эҳтиросларнинг кетидан қувиб киришига тўсқинлик қилишга улгуролмади. У муттасил васвасага тушгани-тушган эди, ўз дардини нозирга очганда эса у васваса қилгувчи шайтонни қувиш учун бундай дақиқаларда қўнғироқнинг арқонига ёпишиб, уни жони борича чалишни маслаҳат берди. Бу садоларни эшитиб, роҳиблар оғаларидан бирини шаҳват ўз домига тортаётганини тушунадилар-да, бутун ихват дуога қўл очади.
Бўлажак канцлерга бу маслаҳат манзур бўлди. У ёвуз жинларни бошқа роҳиблар ўқиётган дуолар силсиласи ёрдамида афсун қиладиган бўлди. Лекин, шайтон осонликча жон беравермайди. Афсунлар кучайган сайин шайтон шаҳватни авжига миндирар, оқибатда қўнғироқ тавба қилгувчининг таркиодат қилишга муштоқлигидан дарак бериб, кечаю кундуз жаранглаб қулоқларни қоматга келтирарди.
Роҳибларнинг тин олишига бирон дақиқа қолмасди. Кундузлари улар бутхона зинасидан дам чиқиб, дам тушиб, югургани-югурган эдилар; тунлари кундалик тоат-ибодатларидан ташқари, кам деганда йигирма марта ўринларидан сапчиб туриб, ўз ҳужралари полига мук тушардилар.
Шайтон чекиндими ёки бу ҳунар роҳибларнинг жонига тегдими, лекин уч ой ўтгач, учига чиққан ашаддий телба деб донғи кетган тавба қилгувчи яна оламда намоён бўлди.
Монастирдан чиққач, у ҳакамлик унвонини қабул қилди, парламентда президент бўлиб, ўз тоғасининг ўрнини эгаллади – унинг ноёб заковатининг исботи – кардинал томонга ўтди, канцлер қилиб тайинланди, падари бузруквор қўлида унинг она-қироличага бўлган нафратининг, Анна Австрийскаяга қарши найрангларининг ишончли қуроли бўлиб хизмат қилди; Шаленинг бутун иши давомида ҳакамларни гиж-гижлаб турди, улуғ иқтисодчи Лафемнинг ҳамма ташаббусларида уни қўллаб-қувватлади ва пировардида, кардиналнинг ишончини қозонгач, у зиммасига ғайриоддий топшириқ олиб, уни адо этиш учун ҳозир қироличанинг ҳузурига ташриф буюрди.
У кириб келганда қиролича ҳамон тик турарди, лекин унга кўзи тушгач, имо билан хонимларга болиш ва юмшоқ ўриндиқлардаги жойларни эгаллашни буюриб, креслога ўтирди. Сўнгра унга мағрур ўгирилди.
– Нима ишингиз бор, тақсир? – сўради Анна Австрийская. – Нима мақсад билан бу ерга қадам ранжида қилдингиз?
– Сиз ҳазрат олияларини чуқур ҳурмат қилишга мушаррафлигимни юз-хотир қилмасдан қиролнинг топшириғи билан мен қоғозларингизни синчиклаб тинтув қилишга мажбурман.
– Қандай, тақсир? – хитоб қилди қиролича. – Меникида тинтув?.. Меникида-я?.. Қандай мислсиз разолат!
– Мени афв этишингизни илтимос қиламан, ҳазрат олиялари, бироқ, мен шу тобда қирол қўлидаги қуролман, холос. Ахир, ҳазрат олийлари боягина шу ерда бўлмадиларми, сизнинг бу ташрифга ҳозир бўлишингизни сўрамадиларми?
– Майли, қидираверинг, тақсир. Мен жиноятчи бўлдим чоғи… Эстафания, ҳамма стол ва бюроларимнинг калитини олиб беринг.
Гарчанд, эрталаб ёзилган мактубни қиролича у ерда сақламаслигига ишончи комил бўлса-да, канцлер расмият учун ғаладонларни титкилаган бўлди.
Бюроларнинг ғаладонларини йигирма карра чиқариб, яна суриб қўйгандан кейин, ўзининг бир мунча журъатсизлигини енгиб, канцлернинг бу ишда сўнгги қадам босишига, яъни қироличани тинтишига тўғри келди.
Канцлер Анна Австрийскаяга ўгирилди.
– Ҳозир, – хижолат ва саросима сезилиб турган товуш билан гапирди у, – тинтувнинг асосий қисмига киришиш қолди.
– Қай қисмига? – сўради канцлернинг ниятини тушунмаган ёки тушунишни истамаётган қиролича.
– Бугун эрталаб қироличанинг мактуб ёзганидан ҳазрат олийларининг хабарлари бор. Ўша мактуб тайин жойга ҳали жўнатилмаганидан ҳазрат олийлари воқифлар. Ўша мактуб на бюродан, на столингиздан чиқди. Аслида эса у бирон жойга яширилган.
– Сизнинг ўз қироличангизга қўл тегизишга ҳаддингиз сиғадими? – қаддини ростлаб ва нигоҳида ғазаб чақнаб гапирди Анна Австрийская.
– Мен қирол измидаги чокарман, ҳазрат олийлари неки амр қилсалар, ҳаммасини адо қиламан.
– На илож, бу тўғри! – деди Анна Австрийская. – Жаноб кардиналнинг жосуслари унга зап яхшилик қилибдилар. Мен ҳақиқатан ҳам бугун мактуб ёзганман, мактуб ҳали жўнатилмаган. Мактуб мана бу ерда.
Кейин қиролича ўзининг гўзал қўлини сийнасига босди.
– У ҳолда ўша мактубни менга беринг, ҳазрат олиялари, – деди канцлер.
– Мен уни ёлғиз қиролга бераман, тақсир, – жавоб қилди Анна.
– Мактубни ҳазрат олияларидан қирол шахсан олишни ихтиёр қилган тақдирда, у кишининг ўзи сиздан сўраган бўлурди. Бироқ, мен такрор айтаман: мактубни сиздан талаб қилишни у киши менга топширди, башарти, сиз бош тортсангиз…
– Давом этинг!
– …Уни сиздан олишни ҳам менга топширди.
– Нима? Сиз нима демоқчисиз?
– Менинг ваколатларим ҳаддан ошиқ, ўша қоғозларни топиш учун, ҳатто, ҳазрат олияларининг шахсан ўзларини тинтув қилишга изн берилган.
– Қандай даҳшат! – қичқириб юборди қиролича.
– Шунинг учун таранг қилмаслигингизни илтимос қиламан, хоним.
– Сизнинг қилиғингиз мислсиз даражада қўпол, бунга фаросатингиз етадими ўзи, тақсир?
– Қирол амр қиляпти, ҳазрат олиялари. Мени афв этишингизни сўрайман.
– Мен бунга тоқат қилолмайман. Йўқ, йўқ бундан ўлганим яхши! – томирларида Испания ва Австрия султонларининг мағрур қони қайнаб қичқирди қиролича.
Канцлер чуқур таъзим қилди, сўнгра айнан асоратдаги жаллод сингари зиммасига тушган вазифа ижросида бир қадам ҳам чекинмасликка ошкора қасд қилиб, шу замон кўзларидан алам ёшлари сачраб кетган Анна Австрийскаяга яқинлашди.
Қиролича, айтганимиздек, жуда келишган эди. Шу сабабдан бу хил топшириқни бирор кимсага бериш хатарли эди, лекин қирол борлиғи билан герсог Бэкингемга бўлган рашки домида ўртаниб, энди ортиқ ҳеч кимсага кунчиламай қўйган эди.
Шу дақиқада канцлер Сеге машҳур қўнғироқнинг боғини кўзлари билан қидирган бўлса бордир, бироқ, уни тополмай, қироличанинг шахсий эътирофича, мактуб яширилган жойга қўлини чўзди.
Анна Австрийская гўё ажали етгандай ранги чунон оқариб кетдики, беихтиёр бир қадам тисарилди. Қулаб тушмаслик учун у чап қўли билан орқасида турган столга таяниб, ўнг қўли билан корсажи остидан мактубни чиқариб, уни канцлерга узатди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?