Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]
XII
Жорж Виллерс, Герсог Бэкингемский
Бонасе хоним билан герсог ортиқча мушкулотсиз Луврга кириб олдилар. Бонасе хонимни қироличанинг штатига мансуб аёл сифатида танишар, герсог эса ўша оқшом, биз зикр қилгандек, саройда посбонлик қилгувчи жаноб де Тревилнинг мушкетёрлари либосида эди. Дарвоқе, Жермен қироличага кўр-кўрона содиқ бўлиб, бирор гап кечган тақдирда ҳам Луврга ўз хушторини олиб киргани учун Бонасе хонимни айблаган бўлардилар, холос. Ҳаммасига шу билан хотима бериларди. Айбни у ўз бўйнига олган бўларди, гарчи, унинг пок номи булғанса-да, лекин, жаҳон зўравонлари учун аллақандай ғариб аттор аёлининг пок номи нима бўпти!
Ҳовлига киргач, герсог билан Бонасе хоним йигирма қадамча тош девор бўйлаб юрдилар. Сўнгра, Бонасе хоним кундузлари очиқ, лекин тунлари одатда беркилгувчи чоққина хизмат эшигининг дастагини босди. Эшик сурилди. Улар ичкарига кирдилар. Атроф қопқоронғи, лекин Луврнинг сарой хизматчилари учун ажратилган бу қисмидаги ҳамма йўлкалар Бонасе хонимга яхши таниш эди. Эшикни ортидан беркитиб, у герсогнинг қўлидан ушлади, оҳиста бир-икки қадам ташлади, панжарани тутиб, оёғини зинага тегизди-да, тепага чиқа бошлади. Герсог унга эргашиб бормоқда эди. Улар учинчи қаватга етиб олдилар. Шу ерда Бонасе хоним ўнгга бурилди, ҳамроҳини узун йўлакдан ўтказиб, қуйи қаватга тушди, яна бир-икки қадам юргач, калитни қулфга солиб, эшикни очди ва герсогни тунги чироқ билан ёритилган хонага киритиб қўйди.
– Шу ерда тура туринг, милорд, – шивирлади у. – Ҳозир келадилар.
Шу гапни айтиб, у ўша эшикнинг ўзидан қайтиб чиқди, уни қулфлаб, герсогни шу сўзнинг том маъноси билан асир қилиб қўйди.
Ўзи батамом танҳо қолганига қарамай, герсог Бэкингемнинг ваҳимага тушмаганини қайд этмаслик мумкин эмас. Унинг табиатидаги энг ажойиб жиҳатларидан бири саргузаштларга ташналик, бутун романтик нарсаларга ишқибозлик эди. Жасур, мард бўлгани ҳолда шу хил шароитда унинг биринчи дафъа ҳаётини хавф остида қолдириши эмасди. Парижга учиб келишга ундаган Анна Австрийскаянинг номаси сохталиги уни алдаб қўлга тушириши кераклиги унга аллақачон маълум бўлган эди. Лекин, Лондонга қайтиш ўрнига у воқе бўлган нарсалардан фойдаланиб, қиролича билан дийдор кўришмасдан кетмаслигини, буни унга етказишларини илтимос қилди. Қиролича аввалига қатъиян рад этди, сўнгра ўзининг рад жавобидан дилабгор бўлиб, герсог бирор ножўя иш қилиб қўйишидан ҳадиксираб, жўнаб кетишга кўндириш ниятида уни қабул қилишга қарор қилди. Лекин, у худди шу қарорга келган оқшом герсогни Луврга олиб кириш топширилган Бонасе хонимни олиб қочишди. Икки кун ҳеч ким унинг дарагини топмади, ҳамма иш тўхтаб қолди. Бироқ, Бонасе хоним қутулиб чиқиб, де Ла Порт билан кўришган ҳамоно ҳаммаси яна ҳаракатга келди-ю, у ўзи олиб қочилмаган тақдирда уч кун илгарироқ амалга ошгувчи қалтис ташаббусни ниҳоясига етказди.
Ёлғиз қолиб, герсог кўзгуга яқинлашди. Мушкетёрлик либоси унга жуда ярашган эди.
У ўттиз беш ёшда бўлиб, бутун Франция сингари Англияда ҳам унинг энг гўзал кибор киши ва энг бежирим жазман деб донг чиқаргани бежиз эмасди.
Ўзи мислсиз ҳокимиятни истифода қилган мамлакатни фақат ўз таъбига бўйин эгиб, ҳали титратиб, ҳали тинчитиб турган, икки қиролнинг арзандаси, талай миллионларнинг эгаси Жорж Виллерс, герсог Бэкингемский, ҳатто, асрлар ўтгач ҳам авлодларни лол қолдиришга қодир афсонавий ҳаёт кечирарди.
Ўзига бино қўйиб, бошқа кишиларни идора қилгувчи қонунларнинг ўзига дахлдор эмаслигига ишониб, ўз қудратига эътиқод қилиб, у олдига қўйган мақсади сари тик бормоқда эди, гарчанд ўша мақсад шу қадар ёрқин ва улуғ эдики, ўзга ҳар кишига уни хаёл қилишнинг ўзи телбалик бўлиб туюлган бўларди. Шулардан ҳаммаси жамланиб, гўзал, қўл етмас Астрийскаянинг висолига етиш, мафтун этиб, унда муҳаббат уйғотиш учун журъат берди.
Шундай қилиб, Жорж Виллерс, айтганимиздек, кўзгу олдида тўхтади. Ўзининг мушкетёр шляпаси бир оз тўзғитган олтинсимон сочларини тузатиб, мўйловларини бураб қўйиб, қувончи ичига сиғмай, ўзи зоринтизор бўлган дамнинг яқинлигидан маъсуд ва мағрур бўлиб, у ўзининг кўзгудаги аксига умид ва ифтихор барқ уриб турган табассум билан жилмайиб қўйди.
Худди шу нафас девор сирмасига яширилган эшик очилди ва хонага аёл кириб келди. Герсог уни кўзгудан кўриб, қичқириб юборди – бу қиролича эди.
Ўша маҳаллар Анна Австрийская йигирма олти ёки йигирма етти ёшда бўлиб, у ўзининг ҳусни жамолининг авжи очилган палласида эди.
У фаришталардек хиром этарди. Мовий товлангувчи кўзлари ҳусннинг фазлу камолидай туюлар, улар латофат, шу билан бирга малоҳатга тўлиқ эди.
Кичкина лаъли даҳанини, ҳатто, Австриянинг бутун қирол наслига хос сал чўччайган пастки дудоғи ҳам бузмасди, жилмайганда у дилрабо кўринар, лекин, чуқур истиғно ҳам ифодалай оларди.
Унинг эти ўзининг нафис бахмалсимон майинлиги билан машҳур бўлиб, қўл ва елкаларининг гўзал шакли ҳайратда қолдирар, даврнинг жамики шоирлари ўз шеърларида уларни тараннум этгандилар. Ниҳоят, энг жиддий мунаққид бор-йўғи камроқ таровату энг талабчан ҳайкалтарош эса бурун бичимининг бежиримроқ бўлишини тилай оладиган рухсорини ёшлигида сарғиш бўлиб, бора-бора қўнғир тусга кирган сочлари фусун бериб ўраб турарди.
Герсог Бэкингем кўзлари қамашиб, бир зум қотиб қолди: зиёфат, тўй-томоша, кўнгилочар базмларда унга Анна Австрийская ўзининг испан оқсочлари орасида қирол рашки ва кардинал Ришелье найрангларининг қурбони бўлмаган ёлғиз киши – доня Эстефания ҳамроҳлигида оддий оқ шоҳи кўйлакда хонага кириб келган ҳозирги сингари гўзал кўринмаганди.
Анна Австрийская герсогга пешвоз бир қадам юрди. Бэкингем унинг пойига йиқилиб, қиролича унга халал беришга улгурмай кўйлагининг баридан тутиб, лабларига тегизди.
– Герсог, ўша мактубни мен ёздирмаганимни сиз энди биласиз.
– Ҳа, албатта, хоним, ҳа, ҳазрат олиялари! – хитоб қилди герсог. – Мармарга жон кириши, қор иссиқ чиқариши мумкин деб ишониб, мен аҳмоқ, телба бўлиб юрганимни биламан. Бироқ, иложим қанча: ошиқ бўлгандан кейин маъшуқанинг муҳаббатига ишониб кетиш бирам осон. Кейин эса дийдорингизни кўриш, ҳар қалай насиб қилган экан, мен бу саёҳатга бежиз чиқмабман.
– Ҳа, – жавоб берди Анна Австрийская, – лекин, сиз билан кўришишга нега кўнганим сизга маълум. Менинг барча азиятларимга раҳмингиз келмай, сиз бу шаҳарни тарк этишдан ўжарлик билан бош тортаётирсиз, гарчи, бу ерда қолиш билан ҳаётингизни хавф остида қолдираётирсиз, мени ҳам номусимни таҳликага солишга мажбур этаётирсиз. Денгиз тублари, қиролликларимиз орасидаги нифоқ, ичилган қасамларнинг муқаддаслиги – ҳаммаси бизни ажратиб турганини сизга айтиб қўйиш учун сиз билан кўришишга рози бўлдим. Буларнинг ҳаммасига қарши курашиш – шаккоклик бўлурди, милорд! Ниҳоят, биз ортиқ учрашмаслигимиз керак, деб айтиб қўйиш учун сиз билан кўришишга рози бўлдим.
– Давом этинг, хоним, давом этаверинг, қиролича! – сўзлади Бэкингем. – Товушингиз нафосати сўзларингиз қаҳрини юмшатаётир… Сиз шаккоклик хусусида сўзлаётирсиз. Бироқ, тангри бир-бири учун яратган қалбларни жудо қилиш – шаккокликдир.
– Милорд, – хитоб қилди қиролича, – сиз хотирингиздан чиқараётирсиз: мен ҳеч қачон сизни севаман деган эмасман!
– Бироқ, сиз ҳеч қачон мени севмаслигингизни ҳам айтмагансиз-да. Аслида, бундай сўзларни айтиш – сиз ҳазрат олиялари томонидан ўта шафқатсизлик бўлурди. Зеро, менга айтинг-чи, меники сингари муҳаббатни – на ҳижрон, на вақт, на руҳий тушкунлик сўндиришга ожизлик қилган муҳаббатни қайдан топасиз? Тушиб қолган тасма, ўйчан нигоҳ, нохос айтилган калом билан таскин топишга рози муҳаббатни? Мен сизни илк бор кўрганимга уч йил бўлди, хоним, мана уч йилдирки, мен сизни шунчалар севаман. Ихтиёр қиласизми, дастлаб кўрганимда қандай либосда бўлганингизни сўзлаб бераман? Ихтиёр қиласизми, кўйлагингизнинг ҳар бир безагини муфассал таърифлаб бераман?.. Мен сизни худди ҳозир кўраётгандайман. Сиз болишларда испан таомили бўйича ўтирган эдингиз. Эгнингизда симу зар тикилган яшил атлас кўйлак, унинг чиройли қўлларингизни, мана шу ажиб қўлларни очиқ қолдириб тирсаккача шимарилган сербар енгларига олмослар қадалган. Бошингизда худди кўйлак рангидаги мўъжаз қалпоқча, қалпоқчада эса – қарқара пати… О, ҳа, ҳа, кўзларимни юмаманда – ўша дамда қандай бўлсангиз сизни шу тахлитда кўраман, очганимда эса, сизни ҳозиргидек, яъни юз карра гўзалроқ қиёфада кўраман.
– Қандай телбалик! – унинг сиймосини ўз қалбида шу қадар ардоқлаб асрагани учун герсогга жаҳл қилмоққа бардоши етмай шивирлади Анна Австрийская. – Бу хил хотиралар билан беҳуда эҳтиросни қўзғаб юриш қандай телбалик!
– Қандай кун кечирай бўлмаса? Ахир менинг хотиралардан бўлак ҳеч нимам йўқ! Улар менинг саодатим, менинг ганжинам, менинг армоним. Сиз билан бўлган ҳар мулоқот – бу қалб ганжинамга яшириб юрган олмосдир. Бугунги мулоқот сиз тушириб қўйган-у мен териб олган тўртинчи гавҳардир. Ахир уч йилда мен сизни атиги уч дафъа кўрдим, хоним: биринчи мулоқот хусусида сизга боягина гапирдим, иккинчи дафъа, мен сизни де Шеврез хонимникида кўрган эдим, учинчи дафъа амен боғларида…
– Герсог, – қизариб кетиб, шивирлади қиролича, – ўша оқшомни эсламанг!
– Йўғ-э, аксинча: уни бир ёд этайлик, хоним! У ҳаётимдаги энг масъуд, энг қувончли оқшомдир. Оқшом қандай эди, ёдингиздами? Ҳаво майин, муаттар бўйга тўйинган эди. Нилий осмонда юлдузлар жимирларди. О, ўша дафъа сиз билан қисқа муддатга холи қолиш менга насиб қилди. Ўшанда бор гапни – ёлғизлигингиз, қалбингиз изтироблари ҳақида менга сўзлаб беришга майлингиз бор эди. Сиз менинг қўлимга таянардингиз… худди мана шу қўлнинг ўзига. Эгилаётганда сеҳрли сочларингиз юзимга тегиб турганини сезардим-у, бошимдан оёғимгача титроқ босарди. Қиролича, о, қироличам! Бундай онда қандай илоҳий бахт, қандай жаннатий лаззат жо қилинганидан сиз бехабарсиз. Бор мулкимни, давлатимни, шуҳратимни, умримнинг боқий кунларининг ҳаммасини шундай он учун, шундай оқшом учун беришга тайёрман. Зеро, ўша оқшом, хоним, онт ичаман сизга, ўша оқшом, сиз мени севгансиз!..
– Милорд, эҳтимол… ҳа, жойнинг таровати, ўша ғаройиб оқшомнинг сўлимлиги, нигоҳингизнинг таъсири, гоҳи маҳаллар аёл кишини хароб қилиш учун жам бўлгувчи саноқсиз жиҳатлар ўша машъум оқшомда менга қарши тил бириктирдилар. Лекин, сиз кўрдингиз, милорд, бўшашиб бораётган аёлга қиролича мадад берди: оғиз очишга журъат этганингиз, жавобимни тақозо этгувчи ҳаракат қилганингиз маҳал мен чўрини чақирдим.
– Ҳа, албатта, бу рост. Меникидан бўлак ҳар қандай муҳаббат бундай синовга дош беролмасди. Лекин, менинг муҳаббатим уни енгиб, бадтарроқ алангаланди, қалбимни бир умрга асир этиб қўйди. Сиз Парижга қайтиб келгач, мендан қутулдим, деб ўйладингиз, сиз мени султони қўриқлаш учун топширган хазинани ташлаб келишга ҳадди сиғмайди, деб ўйладингиз. Лекин, менинг бутун ер юзидаги барча хазиналар, жамики қироллар билан нима ишим бор! Бир ҳафта ҳам ўтмасдан мен қайтиб келдим, хоним. Бу дафъа сиз мендан ҳеч важдан гина қилолмасдингиз. Лоақал бир зум дийдорингизни кўриш учун мен қиролимнинг лутфикарамини тикдим, ҳаётимни таҳлика остида қолдирдим, мен, ҳатто, қўлингизни ҳам ушламадим ҳамда сиз менинг тавба қилганимни, бўйин эгиб турганимни кўриб, мени кечирдингиз.
– Ҳа, бироқ, бу телбаликларнинг ҳаммасидан ғийбат истифода қилди, менинг буларда гуноҳим йўқ эди. Буни сиз ўзингиз биласиз, милорд. Жаноб кардиналнинг иғволарига учган қирол ёмон қаҳрланди. Де Верне хоним четлатилди. Пютанж Франциядан бадарға қилинди, де Шеврез хоним ғазабга дучор бўлди. Сиз элчи сифатида Францияга қайтишни тилаганингизда қирол шахсан ўзи – буни хотирга олинг, милорд – қирол шахсан ўзи қарши чиқди.
– Ҳа, қиролининг рад жавоби учун Франция ҳам уруш билан товон тўлайди. Мен сизни кўриш имконидан маҳрумман, хоним – начора, менинг тўғримда ҳар кун эшитиб туришингизни орзу қиламан. Биласизми, Ре оролига қилинган экспедициянинг ва мен кўнглимга тугиб юрган Ларошел протестантлари билан тузилажак иттифоқнинг мақсади нима? Сизни кўриш иштиёқи. Мен қўлда қурол билан Парижни босиб олишни хаёл қила олмайман, буни биламан. Лекин, бу уруш кетидан сулҳ тузилади, сулҳ эса, музокараларни талаб этади, музокараларни олиб бориш менга топширилади. Унда энди мени қабул этмасликка журъат этолмайдилар, мен сизни лоақал бир нафас кўраман, бахтиёр бўламан. Рост, минглаб кишилар бу бахт учун ҳаётини қурбон қиладилар. Лекин, менинг бу билан сира ишим бўлмайди, сизни кўрсам бўлгани! Буларнинг ҳаммаси телба-тескари гаплардир, лекин, айтингиз-чи, қай бир аёлнинг бундан эҳтирослироқ шайдоси бўлган? Қай қироличанинг бундан фидойироқ хизматчиси бўлган?
– Милорд, милорд, ўзингизни оқлаш учун сиз иснодга қолдиргувчи баҳоналар қилаётирсиз. Сиз айтаётган севги далиллари – ахир улар деярли жиноят-ку, милорд.
– Сиз мени севмаслигингиз боисидан шундай, холос, хоним. Борди-ю, менда кўнглингиз бўлганда эди, буларнинг ҳаммаси сизга ўзгача кўринган бўларди. Лекин, мени севганингизда борми… мени севганингизда борми, бахтимни ҳазм қилолмасдим, мен ақлдан озган бўлурдим. Ҳа, де Шеврез хоним, сиз боя тилга олган де Шеврез хоним шафқатлироқ эди: Голланд уни севган, у ҳам кўнгил берган.
– Де Шеврез хоним қиролича эмасди, – бундай теран туйғулар ифодаси қаршисида ўзини эплашга қурби етмай шивирлади Анна Австрийская.
– Демак, қиролича бўлмаган тақдирда мени севаркансиз-да, хоним? Айтинг, севаркансиз-да? Ёлғиз мансабгина сизни шу қадар қатъий қиляпти, деб ишонишга журъат этсам бўладими? Сиз де Шеврез хоним бўлганингизда шўрлик Бэкингем рижо қилиши мумкин эди, деб ишонсам бўладими?.. Шу ширин сўзларингиз учун ташаккур, соҳибжамол қироличам, минг бор ташаккур!
– Милорд, милорд, сиз мени тўғри тушунмадингиз, сўзларимни тўғри шарҳламадингиз. Мен айтмоқчи эмас эдим…
– Қўйинг, гапирманг! – деди герсог. – Менга хато бахт ато этган бўлса, уни тузатиб, шафқатсизлик қилманг. Ўзингиз айтдингиз: мени алдаб, тузоққа туширганлар. Бу нарса менинг бошимни емасайди… Бирам қизиқ: сўнгги маҳаллар ажал яқинлигини кўнглим сезиб турибди… – герсог мийиғида кулиб қўйди.
– Ё раббий! – хитоб қилди Анна Австрийская, унинг товушида янграган даҳшат, герогга бўлган ҳисларининг ўзи билдиришни хоҳлаганидан нечоғлиқ кучлилигини ҳар қандай сўзлардан равшанроқ фош этиб турарди.
– Мен бу гапни асти сизни қўрқитиш ниятида айтганим йўқ, хоним. Йўғ-э! Мен айтган нарса, шунчаки кулгили, ишонинг, тасаввурнинг бундай ўйини менга қилча малол келмайди. Бироқ, ҳозиргина оғзингиздан чиққан сўзлар, менга берилган умид учқуни ҳалитдан ҳаммасини, ҳатто, менинг ҳалокатимни ҳам оқлаб юборди.
– Энди мен ҳам иқрор бўлай, герсог, – гапирди Анна. – Менинг ҳам кўнглим ғаш, тушлар ором бермайди. Тушимда сизни кўрибман: сиз ерда қонга беланиб, жароҳатланиб ётганмишсиз.
– Чап биқинимга ханжар билан яраланиб-а? – унинг сўзини бўлди герсог.
– Ҳа, худди шундай, милорд: чап биқинга ханжар билан. Менинг бундай туш кўрганимни сизга ким айтдийкин? Мен уларни ёлғиз худога ибодат пайти ошкор қилганман, холос.
– Шуниси кифоя, хоним. Сиз мени севасиз, вассалом.
– Мен сизни севаманми? Мен-а?
– Ҳа, сиз. Ахир мени севмаганингизда худойим сизга ҳам меники сингари тушларни юборармиди? Ахир қалбларимиз ҳаётимизни боғлаб турмаса, бизни бир хил васваса босармиди? Сиз мени севасиз, менинг қироличам. Менга аза тутасизми?
– Ё раббий, ё раббий? – нидо қилди Анна Австрийская. – Буниси менинг бардошимдан ортиқ. Герсог, ялинаман сизга, авлиёлар ҳаққи, мени ҳоли қолдиринг, кетинг! Мен сизни севаманми ёки йўқми, билмайман, лекин ўз қасамларимни бузмаслигимни аниқ биламан. Менга раҳм қилинг, жўнаб кетинг! Агар сизни Францияда жароҳатласалар, агар сиз Францияда жон берсангиз, агар менга бўлган муҳаббат ҳалокатингизга сабаб бўлди, деган фикр ақалли хаёлимга келса, мен бунга чидаёлмайман, мен ақлдан озаман. Жўнаб кетсангиз-чи, ахир, жўнаб кетинг, илтижо қиламан!
– О, сиз нақадар гўзалсиз-а, ҳозир! Мен сизни нақадар севаман! – деди Бэкингем.
– Жўнаб кетинг! Жўнаб кетинг! Ялинаман сизга! Кейинроқ қайтасиз. Бу ерга элчи сифатида, министр сифатида қайтиб келинг, сизни ҳимоя қилишга шай соқчилар, сизни қўриқлашга мажбур мулозимлар ҳамроҳлигида қайтиб келинг. Ўшанда ҳаётингиз учун титраб-қақшаб турмайман, сизни кўришдан бахтиёр бўламан.
– Ажабо, сиз айтаётган гаплар ростми?
– Ҳа…
– Унда… Унда авф этганингиз белгиси ўрнида бирор нарсангизни, шуларнинг ҳаммаси тушим эмаслигини исбот этгувчи ўзингизга қарашли бирор арзимаган нарсангизни беринг. Ўзингиз тақиб юрган, мен ҳам тақсам бўлгудай бирор нарса… узукми, занжирми…
– Агар илтимосингизни бажо келтирсам, сиз кетасизми, жўнаб кетасизми?
– Ҳа.
– Шу тобда-я?
– Ҳа.
– Сиз Францияни тарк этасизми? Англияга қайтасизми?
– Ҳа, қасам ичаман.
– Унда сабр қилинг, сабр қилинг.
Анна Австрийская ўз хонасига кириб кетди ва қарийб шу лаҳзада қайтиб, қўлида монограммаси нусхасида олтин нақш солинган, қизғиш ёғочдан ясалган қутича кўтариб келди.
– Шуни олинг, милорд, – деди у, – олинг-да, мендан эсдалик учун асраб юринг.
Герсог Бэкингем қутичани олди-ю, яна унинг пойига йиқилди.
– Сиз кетишни ваъда қилиб эдингиз.
– Лафзим устидан чиқаман ҳам. Қўлингизни беринг, хоним, қўлингизни беринг, кейин кетаман.
Қиролича Анна кўзларини юмган ва бир қўли билан Эстефанияга суянган кўйи бошқа қўлини унга узатди, негаки, дармони қуриётганини ўзи сезиб турарди.
Бэкингем бу гўзал қўлга эҳтирос билан лабларини босди.
– Ярим йил ўтмасдан, – ўрнидан тураркан деди у, – гарчи, бунинг учун еру осмонни остин-устун қилишимга тўғри келса ҳам, мен сизни кўраман, хоним.
Кейин у лафзида туриб, хонадан чопиб чиқиб кетди.
Даҳлизда у Бонасе хонимни топди, у илгариги эҳтиёт чоралари ва ўша муваффақият билан уни Луврдан ташқарига чиқариб қўйди.
XIII
Жаноб Бонасе
Китобхон пайқаган бўлса керак, бу воқеанинг ҳаммасида бир киши бор эдики, мушкул аҳволига қарамасдан, у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Бу киши рицарлик қаҳрамонликларга ва айни замонда ишқий саргузаштларга бой ўша даврда чамбарчас боғланиб кетган сиёсий ва ишқий фитналарнинг муҳтарам қурбони жаноб Бонасе эди.
Хайриятки, китобхон уни эсласа-эсламаса ҳам, биз уни назардан қочирмасликни ваъда қилган эдик.
Ҳибсга олган изқуварлар уни тўппа-тўғри Бастилияга жўнатишди ва у ерда мушкетларини ўқлаб турган бир взвод аскарлар ёнидан уни зириллатиб етаклаб ўтдилар.
Сўнгра ним ертўла узун даҳлизга тушиб қолиб, у ўз кузатувчиларининг шафқатсиз муомаласига йўлиқди, шаънига энг қўпол сўкишлар ёғилди. Изқуварлар паст насабли кишига ишлари тушганини кўриб, у билан энг хароб гадой сингари муносабатда бўлдилар.
Ярим соат ўтгач, мирза келди, уни тергов хонасига олиб боришга фармойиш бериб, тутқуннинг хавотирларига эмас-у, азобларига барҳам берди. Одатда ҳибсга олинганлар ўз камераларида тергов қилинарди, бироқ, жаноб Бонасе билан муомалада тортиниб ўтиришни лозим ҳисобламасдилар. Икки соқчи шўрпешона атторни ушлаб олиб, ҳовлидан ўтишга мажбур этдилар, уч посбон турган даҳлизга олиб кириб, аллақандай эшикни очдилар-да, уни гумбазсимон шифтли, фақат стол, стули бор комиссар ўтирган хонага туртиб киргизиб қўйдилар. Комиссар стулда ўтириб, стол устида алланималарни ёзмоқда эди.
Соқчилар маҳбусни стол ёнига келтирдилар ва комиссарнинг ишораси билан унинг овози етмайдиганроқ жойга бориб турдилар.
Шу пайтгача қоғозлари устида бошини эгиб ўтирган комиссар, қаршисида ким турганини текшириб кўргиси келгандай тўсатдан киприкларини кўтариб, қаради. Комиссарнинг чеҳраси тунд эди – учли бурун, туртиб чиққан заъфарон ёноқлар, кўзлар кичкина, лекин тийран ва ўткир. Унинг юзида ҳам сувсарнинг, ҳам тулкининг истараси бор эди. Совути остидан чўзилиб чиққан тошбақанинг калласига монанд боши қора ҳакамлик ридонинг ичидан чиқиб турган узун, ҳаракатчан гарданида чайқалиб турарди.
Комиссар, аввало, жаноб Бонасенинг исму шарифи, касби кори, тураржойини суриштирди.
Сўроқ бергувчи, номим Жак-Мишел Бонасе, ёшим эллик бирда, ҳозирда савдо-сотиқ ишларини ташлаган, атторлик дўконининг собиқ эгаси бўламан. Гўрковлар кўчасидаги ўн биринчи уйда истиқомат қиламан, деб жавоб берди.
Шундан сўнг сўроқни давом этиш ўрнига комиссар сиёсатга суқилишга журъат этган кичкина одам бошидаги хавф-хатар хусусида узоқ ваъз ўқиди. Бундан ташқари, у, жаноб кардиналнинг ҳокимияти ва хаттиҳаракатларига жазосини тортмасдан тўсқинлик қилиш ҳеч кимсанинг қўлидан келмайдиган жаноб кардиналнинг, бу тенги йўқ министрнинг, бўлажак министрлар учун ёрқин тимсол бўлган бу собиқ министрлар фотиҳининг куч-қудрати борасида эзмаланиб ҳикоя бошлади.
Нутқининг бу қисми ниҳоясига етгач, комиссар шўрлик Бонасега ёв қараш қилиб, ўз аҳволи ҳақида бош қотириб кўришни маслаҳат берди.
Атторнинг мулоҳазалари мураккаб эмасди: жаноб де Ла Порт уни ўзининг чўқинтирган қизига уйлантиришни хаёл қилган кун ва соатга, хусусан, ўша чўқинтирган қиз қироличанинг кийимхонасига олинган соатга у лаънат ўқирди.
Ўта кетган номардлик аралаш ўлгудек зиқналиги билан муштарак чуқур худбинлиги жаноб Бонасе табиатининг негизи эди. Ёш рафиқасига бўлган муҳаббати қўшимча туйғу бўлиб, ҳозиргина зикр этилган туғма хусусиятлар билан беллашолмасди.
Бонасе ўзига айтилган гапни жиддий ўйлаб кўрди.
– Лекин, жаноб комиссар, – дея пинагини бузмай сўз бошлади у, – ишонинг, лутф айлаб, бизни бошқариб турган падари бузрукворнинг ҳамма фазилатларини ҳар кимдан ортиқ биламан ва қадрлайман.
– Ажабо? – ишонқирамай сўради комиссар. – Агар гап ростдан шундай бўлса, унда сиз қандай қилиб Бастилияга тушиб қолдингиз?
– Қандай қилиб, ёки, тўғрироғи, нима сабабдан мен шу ердаман – мана шунисини сизга ҳеч айтиб беролмайман, зеро, бу нарса ўзимга ҳам маълум эмас. Жаноб кардиналнинг таъбига ёқмаган бирор қилиқ учун бўлса керак-да.
– Лекин, сизни давлат хоини деб айблаётганларидан кейин, бирор жиноят қилган бўлишингиз керак.
– Давлат хоини деб? – даҳшат ичида қичқириб юборди Бонасе. – Давлат хоини деб? Ахир испанларни ёмон кўрадиган, гугенотларни кўрарга кўзи йўқ бир бечора аттор қандай қилиб давлат хоини деб айбланиши мумкин? Ўзингиз ўйлаб кўринг, жаноб комиссар. Ахир бу, мутлақо ақлга сиғмайдиган гап-ку!
– Жаноб Бонасе, – гўё юрак қаъридагини ўқиш лаёқатига эга бит кўзларини айбланувчига тикиб сўради комиссар. – Жаноб Бонасе, рафиқангиз борми?
– Ҳа, тақсир, – чигал энди бошланишини сезиб, титраб жавоб берди аттор. – Менинг… менинг рафиқам бўлган.
– Бўлган деганингиз нимаси? Бўлган бўлса уни қаёққа йўқотдингиз?
– Уни ўғирлаб кетганлар, тақсир.
– Ўғирлаб кетганлар? – қайта сўради комиссар. – Шундай денг!
Ана шу «шундай денг»дан Бонасе иш бадтар чалкашаётганини тушунди.
– Демак, уни ўғирлаб кетганлар, – давом этди комиссар. – Хўш, айнан ким ўғирлаган, биласизми?
– Назаримда, биламан.
– Ким экан у?
– Мен ҳеч нимани таъкидлаётганим йўқ, жаноб комиссар, шунисига эътибор қилсангиз. Фақат шубҳа қиляпман.
– Кимдан шубҳа қиляпсиз? Хўш, очиғини айтинг.
Жаноб Бонасе довдираб қолди: унинг ҳаммасидан тониши керакми ёки бор гапни тўкиб солсинми? Мабодо ҳаммасини инкор этаверса, у ҳаддан кўп нарсани билади-ю, иқрор бўлишга ботинмаяпти, деб ўйлашлари мумкин. Тан олган ҳолда у ўзининг ҳалол ниятини исбот этган бўлади. Шу боисдан у ҳаммасини айтиб беришга қарор қилди.
– Мен кибор мансабдорга ўхшаш салобатли, қора соч, қорамағиз кишидан шубҳа қиляпман. Бир-икки марта мен Лувр олдида рафиқамни кутиб олиб, уни уйга олиб кетаётганимда ўша киши кетимиздан эргашгандек туюлганди менга.
Комиссар хиёл бесаранжом бўлиб қолди.
– Исми нима эди? – сўради у.
– Унинг исмини билмайман. Лекин, у билан учрашиб қолиш насиб қилгудай бўлса, бошқа кишиларнинг мингтаси ичидан ҳам таниб олар эдим, бунга кафилман.
Комиссар қовоғини солди.
– Бошқа кишиларнинг мингтаси ичидан ҳам уни таниб олар эдим, дедингизми? – такрор сўради у.
– Мен айтмоқчи эдимки… – ноўрин жавоб қилганини пайқаб, тўнғиллади Бонасе. – Мен айтмоқчи эдимки…
– Сиз уни танир эдим, дедингиз, – деди комиссар, – яхши. Бугунга етар. Ушбу суҳбатимизни давом этишдан илгари рафиқангизнинг ўғриси сизга танишлигидан баъзи бировларни огоҳ этиб қўйиш зарур.
– Лекин, сизга уни танийман деганим йўқ-ку ахир! – алам билан хитоб қилди Бонасе. – Мен сизга аксини айтиб эдим…
– Маҳбусни олиб кетинг! – икки соқчига юзланиб буюрди комиссар.
– Қаерга элтиб қўйишни буюрасиз? – сўради мирза.
– Камерага.
– Қайси бирига.
– Оббо, қайсига бўлса, майли. Маҳкамроқ қулфланса бўлди, – шўрлик Бонасенинг жон-понини чиқариб юборган лоқайд товуш билан деди комиссар.
«Э, парвардигор! – хаёл сурарди у. – Бошимга кулфат тушди. Хотиним бирор ёмон жиноят қилган бўлса керак. Мени шериги деб ҳисоблаб, унга қўшиб жазолашса керак. У ҳамма гапдан мени хабардор қилиб юрганини айтган, айбини бўйнига олган бўлса керак. Аёллар заифа махлуқлар-да, ахир! Камерага, дуч келганига! Ҳа, албатта! Тун қисқа… Эртага бўлса – чархпалак, дор… Э, парвардигор! Менга раҳм-шафқат қил!»
Жаноб Бонасенинг ҳасрату нолаларига, улар бу хил ҳасратларга кўникиб ҳам қолиши лозим эди, заррача парво қилмай, соқчилар икки ёндан қўлтиқлаб, маҳбусни камерага олиб кетдилар. Комиссар аллақандай ошиғич мактуб ёзишга тутинди. Мирза маҳтал бўлиб, унинг ёнида турарди.
Бу кеча Бонасе мижжа қоқмади – камерасининг ғоят ноқулайлиги эмас, балки даҳшатли ваҳима уйқу бермади. Тиқ этган товушдан сесканиб, у тун бўйи курсида ўтириб чиқди. Куннинг дастлабки шуълалари дераза панжараси орасидан мўралаганда эса унга қуёшнинг ўзи ҳам мотам тусига киргандай кўриниб кетди.
Тўсатдан у эшик тамбаси сурилаётганини эшитиб қолди-ю, қўрқувдан, ҳатто, сапчиб тушди. У мени дор остига элтиш учун келишди, деб хаёл қилди. Шунинг учун эшикда жаллод ўрнига кечаги комиссар билан мирза кўринганида уларнинг бўйнига осилиб олишига сал қолди.
– Кечаги кундан бери сизнинг ишингиз жуда чалкашиб кетди, азизим, – деди комиссар, – мен сизга ҳақиқатни айтишни маслаҳат бераман. Фақат самимий тавба-тазарруингиз кардиналнинг қаҳрини юмшатиши мумкин.
– Мен ҳаммасини айтиб беришга тайёрман! – хитоб қилди Бонасе. – Лоақал ўзим билганларимнинг ҳаммасини. Илтимос қиламан, сўрайверинг.
– Энг аввало: рафиқангиз қаерда?
– Мен сизга айтдим-ку, у ўғирланган.
– Ҳа, лекин, кеча кундузи соат бешдан кейин у сизнинг шарофатингиз билан қочган.
– Менинг рафиқам қочдими? – нидо қилди Бонасе. – Шўринг қурғур! Лекин, у қочган бўлса, менинг айбим билан эмас, тақсир, қасам ичаман!
– Сиз кундузи ўзингиз алланималар ҳақида узоқ кенгашган жаноб д’Артаньяннинг олдига нима учун кирган эдингиз?
– Ҳа, бу рост гап, жаноб комиссар, бунга иқрорман, бунинг хатолигини тан оламан. Чиндан ҳам д’Артаньянникида бўлдим.
– Уникига нима мақсадда кирган эдингиз?
– Рафиқамни қидириб, топиб беришини илтимос қилиш мақсадида. Уни қайтариб беришни талаб қилишга ҳаққим бор, деб ўйлабман. Хато қилибман, шекилли, мени авф этишингизни ўтиниб сўрайман.
– Жаноб д’Артаньян сизга нима жавоб қилди ўзи?
– Жаноб д’Артаньян менга ёрдам қилишни ваъда берди. Лекин, кўп ўтмай, мени лақиллатганига ишонч ҳосил қилдим.
– Сиз судни чалғитишга уриняпсиз! Д’Артаньян сиз билан тил бириктирган, шунга кўра рафиқангизни ҳибсга олган миршабларни ҳайдаб юборган, уни таъқибдан яширган.
– Жаноб д’Артаньян рафиқамни ўғирлабдими? Сиз менга нималар деяпсиз ўзи?
– Хайриятки, жаноб д’Артаньян қўлимизда, сизларни қамти қиламиз.
– Жуда яхши, рости, мен бундан хурсандман! – хитоб қилди жаноб Бонасе. – Бирор таниш чеҳрани кўргим бор.
– Жаноб д’Артаньянни олиб киринг! – соқчиларга мурожаат қилиб, буюрди комиссар.
Соқчилар Атосни олиб кирдилар.
– Жаноб д’Артаньян. – Атосга юзланиб гапирди комиссар, – сиз билан мана бу жаноб ўртасида нима гап ўтди, сўзлаб беринг.
– Бироқ, бу киши асло жаноб д’Артаньян эмас! – бақириб юборди Бонасе.
– Қанақасига жаноб д’Артаньян эмас? – ўз навбатида қичқирди комиссар.
– Албатта, у эмас-да! – деди Бонасе.
– Бўлмаса бу жанобнинг исми нима? – сўради комиссар.
– Айтолмайман, мен у кишини танимайман.
– Сиз у билан танишмасмисиз?
– Йўқ.
– Сиз уни ҳеч қачон кўрмаганмисиз?
– Кўрганман, лекин, исмини билмайман.
– Исмингиз нима?
– Атос.
– Бироқ, бу инсон исми эмас-ку, ахир, бу бирорта тоғнинг номи! – сўради гангий бошлаган комиссар.
– Менинг исмим шу, – хотиржам деди Атос.
– Бироқ, сиз исмим д’Артаньян дегансиз.
– Бу гапни мен айтганмидим?
– Ҳа, сиз.
– Рухсат этинг! Мендан: «Сиз жаноб д’Артаньянмисиз?», деб сўрадилар, бунга мен «Сиз шу фикрдамисиз?» – деб сўрадим. Миршаблар бунга ишончимиз комил, деб бақирдилар. Мен улар билан тортишиб ўтирмадим. Бундан ташқари, янглишган бўлишим мумкин, ахир.
– Тақсир, сиз суднинг обрўсини тўкяпсиз.
– Асло, – хотиржам деди Атос.
– Сиз жаноб д’Артаньянсиз!
– Кўрдингизми, сиз яна шу гапни таъкидлаётирсиз.
– Лекин, жаноб комиссар, – бақирди Бонасе, – сизни ишонтириб айтаман, бунда шак-шубҳага ўрин йўқ! Жаноб д’Артаньян – менинг ижарадорим ва, бинобарин, у ижара ҳақини тўламаса ҳам ёки, худди шу сабабдан мен уни танишим шарт-ку, ахир. Жаноб д’Артаньян ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги йигит, бу жаноб эса кам деганда ўттиз ёшда. Жаноб д’Артаньян жаноб Дезессаранинг гвардия ротасидан, бу жаноб эса жаноб де Тревил ротасининг мушкетёри. Унинг усти-бошига бир қаранг, жаноб комиссар, усти-бошига қаранг!
– Тўғри! – тўнғиллади комиссар. – Буниси тўғри, азбаройи шифо!
Шу дақиқа эшик ланг очилди ва Бастилия нозирларидан бири бошлаб кирган чопар комиссарга бир мактуб узатди.
– Оҳ, ярамас-эй! – хитоб қилди комиссар.
– Нима? Нима дедингиз? Кимни айтяпсиз? Ишқилиб, менинг рафиқамнимасми?
– Йўқ, худди ўшани. Ишларингиз жойида, нима ҳам дердик!
– Бу нима кўргулик ўзи? – ичидан зил кетиб, хитоб қилди аттор. – Малол келмаса тушунтириб берсангиз, жаноб комиссар, мен қамоқда ўтирган бир пайтда рафиқам қилиб юрган ишлардан қандай қилиб менинг ишим чатоқлашади.
– Чунки, рафиқангиз бажараётган ишлар – биргаликда тузилган режанинг давоми, холос! Қабиҳ режанинг!
– Қасам ичаманки, сиз жуда хато фикрдасиз, жаноб комиссар, рафиқам амалга оширмоқчи ишлар тасаввуримда ҳам йўқ, у қилган ишларга заррача алоқам йўқ, агар у номаъқул ишлар қилган бўлса, мен унинг баҳридан ўтаман, ундан юз ўгираман, унга лаънат ўқийман!
– Гап бундай, жаноб комиссар, – деди бирдан Атос. – Ортиқ заруратим бўлмаса, мени бирор жойга элтиб қўйишни буюрсангиз. Анча жонимга тегди бу жаноб Бонасенгиз.
– Маҳбусларни камераларга элтиб қўйинг, – бир ҳаракат билан Атос ҳамда Бонасени кўрсатиб деди комиссар, – уларни мумкин қадар қаттиқ қўриқласинлар.
– Агар жаноб д’Артаньянга даъвонгиз бўлса, – одатдаги хотиржамлик билан гапирди Атос, – мен қай даражада унинг ўрнини босишимга унчалик ақлим етмай турибди.
– Буюрилган нарсани қилинг! – қичқириб юборди комиссар. – Ташқи дунё билан алоқа-палоқаси ҳам йўқ! Эшитдингизми?
Атос елкаларини қисиб, соқчиларга эргашди. Бонасе эса йўл бўйи шу қадар кўз ёши тўкиб, оҳ-воҳ чекиб бордики, йўлбарснинг раҳмини келтириши мумкин эди.
Атторни ўзи тунаган камерага элтиб, кун бўйи ўша ерда қолдирдилар. Кун бўйи Бонасе чинакам аттор сингари йиғлаб ўтирди: ахир ўзининг сўзларига қараганда унда ҳарбий руҳ деган гапдан соя ҳам йўқ эдида.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?