Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Яқинроқ келинглар, – деди кардинал, – cиз менга рост гапирган экансиз, жаноб мушкетёрлар, – дея мурожаат қилди у уч ошнага, – модомики, бу ёғи менга боғлиқ экан, бугунги мулоқотимизнинг сизларга нафи тегади. Ҳозирча эса ортимдан юринглар.

Кардинал отдан тушди, мушкетёрлар ҳам худди шундай қилдилар; кардинал тизгинни ҳамроҳига ташлади, уч мушкетёр ўз отларини дарчаларга боғлаб қўйдилар.

Саройбон бўсағада турарди – унинг учун кардинал шунчаки хоним билан дийдор кўришгани келган бир офицер эди.

– Пастда бирор хонангиз йўқми, бу жаноблар камин ёнида исиниб мени кута турсалар? – сўради кардинал.

Саройбон яқин орада илгариги бўлмағур печкача ўрнига катта кўркам камин ўрнатилган кенг хонанинг эшигини очди.

– Мана шу, – деди у.

– Яхши, – деди кардинал. – Шу ерга киринглар, жаноблар ҳамда малол олмай мени кутинглар – мен сизларни ярим соатдан ортиқ ушламайман.

Уч мушкетёр пастки қаватдаги хонага киришгунча кардинал бўлак ҳеч қандай савол бермасдан жадал юриб зинадан чиқа бошлади. Афтидан, у йўлни жуда яхши биларди.

ХIV
Печ мўриларининг фойдаси хусусида

Кўнгилларида ҳеч гап йўқ уч дўстимиз фақат рицарлик туйғулари ва жасорати етаклаган кўйи, кардинал ўзининг олий шарофатига ноил қилган аллақандай хонимга яхшилик қилиб қўйганлари равшан эди.

Бироқ у хоним ўзи ким? Мушкетёрлар энг аввало ўзларига бераётган савол мана шу эди. Сўнгра ўзлари минг тахмин қилмасин, улардан бирортаси ҳам қониқарли чиқмаслигини кўргач, Портос соҳибни чақирди-да, ўйин соққаларини келтиришни буюрди.

Портос билан Арамис стол ёнига ўтириб олдиларда, ўйинга киришиб кетдилар. Атос ўйланиб, оҳиста хонада юрарди.

Хаёлчан айланиб юриб, Атос ярим бузилган печка мўриси ёнидан у ён-бу ёнга ўтмоқчи эди; бу мўрининг нариги учи юқори қаватдаги бир хонага чиқарилган эди. Ҳар гал ёнидан ўтаётганда кимларнингдир босиқ товушлари ниҳоят унинг диққатини жалб қилди. Атос яқинроқ йўлади-ю, диққатини жалб этган бир-иккита сўз унга шу қадар қизиқарли туюлдики, у ўртоқларига жим бўлишни имо қилиб, ўзи эса эгилган ва қулоғини мўрининг пастки тешигига текизган кўйи жойида қотиб қолди.

– Қулоқ солинг, миледи, – деярди кардинал, – бу муҳим иш. Мана бу ерга ўтиринг, келинг, бир суҳбатлашиб олайлик.

– Миледи! – шивирлади Атос.

– Мен ғоят зўр диққат билан тингламоқдаман, падари бузруквор, – дея жавоб берган аёл овозидан мушкетёр сесканиб тушди.

– Капитани менга содиқ, командаси инглизлардан иборат бир кичикроқ кема Шаранта этагида, Ла Пуант форти ёнида сизга мунтазир турипти. У эртага саҳарда лангар кўтаради.

– Бундан чиқди мен у ерга шу бугун оқшомда жўнаб кетишим лозим экан-да.

– Шу тобда, яъни менинг дастурларимни олиб бўлганингиз он. Шу ердан чиқишда эшик тагида икки кишини кўрасиз, сизни улар қўриқлаб боради. Биринчи мен чиқаман. Ярим соат кутиб тургач, сўнгра сиз ҳам чиқасиз.

– Яхши, зоти олийлари. Лекин менга беришни ихтиёр этган топшириғингизга қайтайлик. Мен келгусида ҳам сиз падари бузрукворнинг ишончингизга муносиб қолишни истайман, шу важдан эса лутф айлаб менга шу топшириқни аниқ ва равшан қилиб баён этсангиз, токи бирор ножўя иш қилиб қўймасам.

Бир зумга икки ҳамсуҳбат ўртасида чуқур сукунат чўкди; кардиналнинг ўз ибораларини олдиндан салмоқлаб тургани, миледининг эса у айтажак гапларни англаб олиш ва хотирасида сақлаб қолиш учун хаёлини бир жойга тўплашга уринаётгани аён эди.

Шу дақиқадан фойдаланиб, Атос ўз ўртоқларидан эшикни ичкаридан беркитиб қўйишни илтимос қилди ва уларни имлаб чақириб олди-да, ўзи билан бирга қулоқ солишга таклиф этди.

Қулайликни ёқтиргувчи иккала мушкетёр ўзларига биттадан курси ҳамда Атосга ҳам бир курси келтириб қўйишди. Учовлон бошларини бир қилиб, қулоқларини динг қилиб ўтириб олдилар.

– Сиз Лондонга жўнайсиз, – гапида давом этарди кардинал. – Лондонда Бэкингемни зиёрат қиласиз…

– Сиз падари бузрукворга айтиб қўяй, – гап қистирди миледи, – герсог бир гапида туриб олиб, мени шерик деб ҳисоблаб юрган олмос шокилалар воқеасидан сўнг зоти олийларининг мендан кўнгли қолган.

– Аммо бу гал, – эътироз қилди кардинал, – гап асло унинг кўнглини топишингиз ҳақида эмас, балки унинг ҳузурига соф виждон билан очиқ-ойдин кириб боришингиз хусусида бораётир.

– Соф виждон билан очиқ-ойдин… – билинар-билинмас киноя аралаш такрорлади миледи.

– Ҳа, соф виждон билан очиқ-ойдин, – худди шу оҳангда тасдиқлади кардинал. – Бу музокараларнинг ҳаммаси очиқчасига олиб борилмоғи лозим.

– Мен кўрсатмаларингизни аниқ ижро этаман, уларни шай бўлиб кутмоқдаман.

– Сиз Бэкингем ҳузурига менинг номимдан ташриф буюрасиз ҳамда унинг барча тадорикларидан менинг хабардорлигим, лекин улардан кам хавотирланаётганимни унга айтасиз: у биринчи қадамга журъат қилгани замон мен қироличани нобуд қиламан.

– Сиз, падари бузруквор, ўз пўписангизни амалга оширишга қодирлигингизга у ишонармикан?

– Ҳа, зеро қўлимда далил-исботлар бор.

– Мен унга ўша далил-исботларни кўрсатсам ҳамда у уларнинг қадр-қимматига муносиб баҳо бера олса бўларди.

– Албатта. Унга айтиб қўйингки, мен Руа-Робер ва маркиз де Ботрюнинг ўша коннетаблнинг рафиқаси маскарад-базм берган оқшом герсог билан қироличанинг коннетаблнинг рафиқасиникида бўлиб ўтган мулоқоти ҳақидаги хабарни эълон қиламан. Унда шакшубҳа қолмаслиги учун эса айтасизки, герсог у ерга кавалер де Гиз киймоқчи бўлган ҳамда ўзи де Гиздан уч минг пистолга сотиб олган Улуғ Мўғул либосида келган…

– Яхши, зоти олийлари.

– Ўзи итальян фолбини уст-бошида тушган саройга унинг қандай киргани ва тунда қандай чиқиб кетгани менга майда-чуйда тафсилотларигача маълум. Маълумотларимнинг инобатлигига тўла ишонч ҳосил қилсин учун унга айтингки, унинг эгнидаги ридоси остидан ялтироқ қора безаклар, бош суяги-ю, чалишган суяклар нусхаси билан қопланган кенг оқ кўйлак кийилган эди, негаки бир кор-ҳол бўлган тақдирда у ўзини бирор муҳим воқеа олдидан Луврда ҳамиша намоён бўлиб туриши ҳаммага маълум Оқ Хоним арвоҳи қилиб кўрсатмоқчи эди…

– Бори шуми, зоти олийлари?

– Унга айтингки, мен унинг Амен саргузаштининг барча икир-чикирларини биламан, уларни боғ манзараси ва бу тунги саҳнанинг бош иштирокчилари суратлари билан бирга бир кичикроқ мароқли роман тарзида баён этишни буюраман.

– Мен бу гапларни унга айтаман.

– Унга яна айтиб қўйингки, Монтегю менинг қўлимда, Монтегю Бастилияда, рост, гарчи ундан бирор мактубни қўлга туширолмаган бўлсак-да, лекин қийноқ уни ўзи билган гапларни ва.. ҳатто ўзи билмаган гапларни ҳам айтишга мажбур этиб қўйиши мумкин.

– Жуда соз.

– Ва ниҳоят, шуни ҳам қўшиб қўйингки, герсог Ре оролидан кетишга шошилиб, ўз хонадонида де Шеврез хонимнинг бир мактубини унутиб қолдирган, у қироличани ёмон иснодга дучор қилади, зеро, у ҳазрат олияларининг қирол душманларини севиши мумкинлиги тугул Франция душманлари билан тили ҳам бирлигини исбот этади. Менинг ҳамма гапларимни дилингизга яхшилаб тугиб олдингиз, шундай эмасми?

– Ўзингиз ҳукм чиқаринг, падари бузруквор: коннетабл рафиқасиникидаги базм, Луврдаги тун, Амендаги оқшом, Монтегюнинг ҳисобга олингани, де Шеврез хонимнинг мактуби.

– Тўғри, тўппа-тўғри. Хотирангиз ажойиб-да, миледи.

– Лекин борди-ю, бу баҳоналарнинг ҳаммасига қарамасдан, – эътироз билдирди кардиналнинг бу хушомад гапига дахлдор кимса, – герсог ён бермасдан, аввалгидек Францияга таҳдид солаверса-чи?

– Герсог бир мажнун сингари ёки, тўғрироғи бир тентак сингари ошиқ бўлиб қолган, – аччиқ алам билан жавоб берди Ришелье, – эски замон паладинлари мисол, бу урушни у ёлғизгина ўз хониминингина илтифотли нигоҳига сазовор бўлмоқ учун қўзғаган. Агар у урушнинг, унинг таъбири билан айтганда, орзу-армонлари соҳибасининг обрўсини тўкишини, балки, эҳтимол, эркига ҳам зомин бўлишини билса, сизга кафолат бераманки, бу урушни яна давом эттиришдан илгари ўйланиб қолади.

– Бироқ, – дея ўз зиммасига юкланаётган топшириқни охиригача аниқлаб олиш истагини исбот этгувчи субут билан гапида давом этди миледи, – мабодо, у барибир қаттиқ туриб олса-чи?

– Мабодо, қаттиқ туриб олсами? – такрорлади кардинал. – Бу эҳтимол йироқ.

– Бу эҳтимол.

– Мабодо, у қаттиқ туриб олса… – кардинал сукут сақлаб, сўнгра яна тилга кирди. – Мабодо, у қаттиқ туриб олса, унда мен ўша давлат юзини ўзгартириб юборадиган воқеалардан бирига умид боғлайман.

– Агарда малол келмаса, сиз падари бузруквор, шу хил воқеаларнинг тарихий мисолларини келтирганингизда эди, – деди миледи, – мен балким сизнинг ишончингизга шерик бўлармидим.

– Ҳа, мана сизга мисол, – жавоб берди Ришелье. –1610 йилда раҳматли қирол Генрих Тўртинчи герсогни ҳаракатга келтиргувчи ниятларга амал қилиб, Австрияга бирдан икки томондан зарба бермоқ учун Франция ва Италияга бир йўла бостириб киришга шайланиб турган пайтда, Австрияни қутқариб қолган воқеа содир бўлмабмиди? Нега энди худди император сингари Франция қиролининг ҳам омади келмасин?

– Падари бузрукворим Мисгарлар кўчасида урилган ханжар хусусида гапиряптиларми?

– Тўппа-тўғри.

– Равалякнинг5252
  Раваляк (1578-1610) – католицизмнинг мутаассиб мухлиси. 1610 йилда Француз қироли Генрих IV ни ўлдиришни амалга оширган.


[Закрыть]
қатли унга эргашишни лоақал бир зум хаёл қилганларни қўрқитиб турганидан падари бузрукворим хавфсирамайдиларми?

– Барча замонларда жамики давлатларда, хусусан, ўша давлатларни диний хусумат тилкалаётган тақдирда жафокаш бўлишдан ўзга армони йўқ мутаассиблар топилиб туради. Биласизми, пуританларнинг герсогдан ниҳоятда аламзада экани, уларнинг воизлари эса уни антихрист деб атаб юришлари эсимга тушиб кетди.

– Хўш, нима қипти? – сўради миледи.

– Гап шуки, – бепарво овоз билан гапида давом этди кардинал, – масалан, эндиликда ўзи учун герсогдан, ёш, гўзал ва уддабурон герсогдан қасдини олишни истагувчи бир жувонни топиш кифоя қиларди. Бундай аёлнинг топилиши ҳеч гап эмас: аёллар ичида герсогнинг обрўси катта, агар у мангу вафодорлик қасамларила кўп қалбларни муҳаббат дардига мубтало қилган бўлса, ўзининг доимий бевафоликлари билан ўзига нисбатан кўп нафрат ҳам қўзғатган.

– Албатта, – совуққина қилиб тасдиқлади миледи, – бундай аёл топилиб қолса ажаб эмас.

– Шундай бўлгач, шу тахлит аёл бирор мутаассибнинг қўлига Жак Клемен ёки Равалякнинг ханжарини бериб, Францияни халос этган бўлурди.

– Ҳа, лекин у қотилнинг шериги бўлиб қоларди.

– Раваляк ёки Жак Клемен шерикларининг номлари ошкор бўлганмиди, ахир?

– Йўқ. Эҳтимол бунинг боиси шуки, кишиларнинг мансаби ғоят юксак бўлган, кошки уларни фош этишга журъат қилсалар. Ҳар ким учун ҳам ҳакамлар палатасини ёқиб юборишавермайди-да, ахир, зоти олийлари.

– Сиз ҳакамлар палатасининг ёнғини тасодиф эмас деб ўйларкансиз-да? – дея Ришелье шундай бир оҳангда суриштирган бўлдики, гўё у сира аҳамияти йўқ савол бергандай эди.

– Шахсан мен ҳеч нима деб ўйлаётганим йўқ, зоти олийлари, – деди миледи, – ўтган бир гапни айтдимқўйдим-да. Борди-ю, мен мадмуазел Монпансе ёки қиролича Мария Медичи бўлганимда эди, шунчаки леди Кларик бўлиб кўраётганларимдан камроқ эҳтиёт чораларини кўрган бўлардим деяпман, холос.

– Сиз ҳақсиз, – маъқуллади Ришелье, – хўш, сиз ўзи нимани истардингиз?

– Мен Франция бахт-саодати учун не қилишни лозим топсам, ҳаммасини ҳалитдан тасдиқлаб бергувчи фармон олишни истардим.

– Лекин аввал мен айтгандек герсогдан қасдини олишни истаган аёлни топмоқ лозим.

– У топилди.

– Сўнгра эса илоҳий адолат қуроли бўлиб хизмат қилажак ўша манфур мутаассибни топмоқ лозим.

– У топилади.

– Ана ўшанда сиз боя ўтинган фармонни олиш фурсати келади.

– Сиз ҳақсиз, падари бузрукворим, – сўзлади миледи, – мен ҳам мени арзитган топшириғингиз унинг асл маъноси билан чекланмайди, деб ўйлаб янглишибман. Хуллас, мен зоти олийлари ахборига етказишим керакки, сизга коннетаблнинг рафиқаси базмда уюштирган ниқоб воситасида қироличани ёнига йўлаш насиб қилган, ўша либос алмаштиришга оид барча тафсилотлар маълум; қўлингизда Луврда содир бўлган, аслида Бэкингемнинг ўзгинаси бўлмиш итальян астрологи билан қиролича мулоқотининг барча далилисботлари бор; сиз Амендаги саргузашт мавзусида у бўлган боғ манзараси ва иштирокчиларининг суратлари билан кичикроқ мароқли роман ёзишни буюргансиз; Монтегюнинг Бастилияда тортган қийноқлари унинг хотирасида турган ва ҳаттоки хотиридан чиқиб кетган нарсаларни балким айтишга мажбур қилиб қўйиши мумкин ва, ниҳоят, зоти олийларининг хонадонидан топилган, уни ёзган тугул номидан ёзилган хонимни ҳам иснодга қолдиргувчи де Шеврез хонимнинг мактуби қўлингизга тушиб қолган. Сўнгра, агар герсог шуларнинг ҳаммасини юз-хотир қилмасдан аввалгидек ўжарлик қилаверса, модомики, топшириғим ўзим зикр этган нарсалар билан чекланар экан, менинг Францияни халос этадиган бирор мўъжиза яратишимни худодан тилашим қолади, холос. Ҳаммаси шундай-а, падари бузруквор, менинг ортиқ қиладиган ишим йўқми?

– Ҳа, шундай, – совуқ тасдиқлади кардинал.

– Энди эса, – дея гўё кардинал ўзи билан бошқача йўсинда гаплаша бошлаганини пайқамагандай гапида давом этди миледи, – энди падари бузрукворнинг ўз душманларига оид дастурларини олиб бўлганимдан сўнг, меникилар хусусида сизга икки оғиз гапиришга ижозат бермайсизми?

– Сизнинг душманларингиз борми ҳали?

– Ҳа, зоти олийлари. Уларга қарши сиз мени ҳар йўл билан қўллаб-қувватламоғингиз шарт, негаки мен уларни сиз падари бузруквор хизматингизда орттирганман.

– Улар ким?

– Авваламбор, Бонасе деган бир арзимаган фитначи аёл.

– У Мант қамоқхонасида.

– Тўғриси, у ўша ерда эди, – эътироз билдирди миледи, – лекин қиролича қиролдан фармон олиб, унинг ёрдами билан Бонасени монастирга ўтказиб қўйган.

– Монастиргами?

– Ҳа, монастирга.

– Қайсисига?

– Қайдам, буниси қаттиқ сир тутилади.

– Мен бу сирни билиб оламан!

– У аёлнинг қай монастирдалигини менга ҳам айтасизми, падари бузрукворим?

– Чамамда, бунинг иложсиз жойи йўқ.

– Яхши… Лекин менинг бу ярамас Бонаседан анча хавфлироқ бошқа душманим бор.

– Ким?

– Унинг хуштори.

– Унинг исми нима?

– О, падари бузрукворим уни яхши танийдилар! – ғазаби қайнаб қичқириб юборди миледи. – Бу сиз билан иккимизнинг бошимизга битган бало: худди шу одам касофатига қирол мушкетёрларининг сиз падари бузрукворим гвардиячилари билан тўқнашувида устун келганлар, элчингиз де Вардга уч марта қилич уриб, олмос шокилалар ишини чалкаштириб юборган одам худди шу; ниҳоят, бу ўша менинг Бонасе хонимни ўғирлаб кетганим дарагини билиб, мени ўлдиришга қасам ичган одам.

– Ҳа-а… – чўзди кардинал. – Кимни айтаётганингизни билиб турибман.

– Мен ўша лаънати д’Артаньянни айтаяпман.

– У мард одам.

– Худди ана шу сабабдан ҳам ундан хавфсирамоқ лозим.

– Унинг Бэкингем билан махфий алоқаларининг исботи қўлда бўлганда эди.

– Исботи! – қичқирди миледи. – Мен исботидан ўнтасини топиб бераман.

– Хўп, у ҳолда бундан жўн иш йўқ: менга шу исботларни келтириб берсангиз, мен уни шу замон Бастилияга ўтқизиб қўяман.

– Яхши, зоти олийлари, кейин-чи?

– Бастилияга тушганлар учун «кейин-пейини» бўлмайди, – бўғиқ товуш билан жавоб берди кардинал. – Оҳ, азбаройи шифо, – давом этди у, – кошки эди менинг душманимдан қутулишим худди сизни сизникилардан халос қилишдек осон бўлса, кошки эди шу қабилидаги одамларга қарши мендан ҳаракат эркини сўраб турган бўлсангиз!

– Зоти олийлари, – таклиф этди миледи, – келинг, айирбош қиламиз – жонга жон, одамга одам: менга бунисини беринг, мен сизга ўша наригисини бераман.

– Билмадим, нима демоқчисиз, – жавоб берди кардинал, – буни билишни истайман ҳам, лекин мен сизга бир илтифот қилмоқчиман, зотан, нечун арзимас бир жонзотга оид илтимосингизни бажармай, устига-устак ўша д’Артаньян сиз таъкидлаганингиздек ахлоқсиз, уришқоқ ва хоин бўлар экан гар.

– Номард одам, зоти олийлари, номард!

– Менга қоғоз, пат ва сиёҳ олиб беринг.

– Мана. Ҳаммаси, зоти олийлари.

Ўртага чўккан бир зумлик сукунат кардиналнинг ўзи битмоқ тараддудида турган ёки аллақачон уни ёзмоқда бўлган номага хаёлан жумлалар танлаётганидан далолат берарди.

Бутун суҳбатни оқизмай-томизмай эшитган Атос ўз ўртоқларининг қўлларидан ушлаб, хонанинг бошқа томонига судраб элтиб қўйди.

– Хўш, сенга ўзи нима керак, нега охирини эшитгани қўймайсан? – аччиқланди Портос.

– Секинроқ! – шивирлади Атос. – Биз ўзимизга зарур бўлган ҳамма нарсани билиб олдик. Дарвоқе, суҳбатни ниҳоясигача эшитишингизга мен ҳалал бераётганим йўқ, лекин менинг кетишим зарур.

– Кетишинг зарурми? – такрорлади Портос. – Борди-ю, кардинал сени сўраб қолса-чи, унга нима деб жавоб берамиз?

– Унинг мени сўраб қолишини кутиб ўтирманглар, унга ўзингиз менинг дозорга жўнаб кетганимни айтинг, чунки соҳибимизнинг баъзи бир гаплари мени йўл унчалик бехатар эмас деган шубҳага солиб қўйди. Бунинг устига ўзим ҳам кардиналнинг яроғбардорига бу ҳақда гап ташлаб қўяман. Энди қолганлари эса менинг ишим, сен бу ҳақда ташвиш тортма.

– Эҳтиёт бўлинг, Атос! – деди Арамис.

– Хотирингиз жам бўлсин, – жавоб берди Атос, – сизларга маълумки, мен ўзимни тута биламан.

Портос билан Арамис яна мўри олдига ўтириб олдилар.

Атосга келганда, у ҳамманинг кўз ўнгида чиқди, дўстларининг отлари ёнида дарча лўкидонига боғлиқ турган отини ечди, гапни кўп чўзмай, кардиналнинг яроғбардорига ўзининг дозорга бориши зарурлигини ишонтирди, сўнгра эса ясама диққат билан пистолетини кўздан кечириб, қиличини ташлаб олди-да, қалтис муаммони ўз ихтиёри билан ҳал қилаётган аскар сингари қароргоҳ тарафга кетган йўлдан жўнади.

ХV
Эр-хотин можароси

Атос гумон қилганидек, кардинал пайсалга солмай пастга тушди; у мушкетёрлар кириб кетган хонанинг эшигини очди-да, Портос билан Арамиснинг бағоят берилиб соққа ўйнаётганини кўрди. Бутун хонага наридан-бери кўз югуртириб чиқиб, у ўз соқчиларининг бири камлигига ишонч ҳосил қилди.

– Жаноб Атос қаёққа йўқолди? – сўради у.

– Зоти олийлари, – жавоб қилди Портос, – у дозор бўлиб илгарироқ кетди. Соҳибимизнинг баъзи бир гаплари унинг кўнглига йўл унчалик бехатар эмас деган шубҳа солиб қўйди.

– Сиз-чи, нима қилиб ўтирдингиз жаноб Портос?

– Мен Арамисдан беш пистол ютиб олдим.

– Хўп майли, энди мен билан изингизга қайтаверинглар.

– Бош устига, падари бузруквор.

– Қани отларга, жаноблар, вақт алламаҳал бўлиб қолди.

Яроғбардор кардиналнинг отини тизгинидан ушлаган ҳолда эшик тагида мунтазир эди. Сал нарироқда қоронғида икки киши билан уч от кўзга ташланарди; булар ўша миледини Ла Пуант фортигача кузатиб бориб, уни у ерда кемага ўтқазиб қўйишлари лозим одамлар эдилар.

Яроғбардор кардиналга икки мушкетёрнинг Атос борасидаги ҳамма гапини тасдиқлаб берди. Кардинал маъқуллаб бош ирғади-да, худди харобатга келишдаги каби этҳиёт чораларини кўриб қайтиб кетди.

Яроғбардор ва икки мушкетёр қоровуллиги остида қароргоҳга боришни унинг ўзига ҳавола қилиб, Атосга қайтайлик.

Атос ҳамон ўша маромда шошмасдан юз қадамча юриб борди, лекин ўзига ҳеч кимнинг кўзи тушмаётганлигига ишонч ҳосил қилган замон ўнгга бурилди, айланма йўл билан отини чоптириб орқага қайтди, йўлдан йигирма қадамча четдаги тўқайда писиб, йўловчиларнинг ўтиб кетишини кута бошлади. Ўз дўстларининг кенг соябонли шляпалари ҳамда кардинал ридосининг зарбоф шокилаларини кўргач, у суворийлар йўл муюлишида ғойиб бўлгунча кутиб турди ҳамда отини ўйнатиб, ўзини бехархаша киргизишган хароботга қайтди.

Соҳиб уни таниди.

– Менинг сардорим, – деди Атос, – иккинчи қаватда истиқомат қилгувчи аёлга бир муҳим нарсани маълум қилишни хаёлдан чиқарибди. Ўз хатосини тузатгани у киши мени юборди.

– Юқорига чиқинг, – таклиф қилди соҳиб, – у ҳалиям ўз хонасида.

Атос ижозатдан фойдаланди ва зинага, иложи борича, оҳиста оёқ қўйиб супага чиқди. Қия очиқ эшик тирқишидан у миледининг ўз шляпаси ленталарини боғлаётганини кўрди.

У хонага кириб борди-да, ортидан эшикни қулфлади.

Сурилаётган лўкидоннинг тарақлаганини эшитиб, миледи ўгирилиб қаради.

Атос ридога бурканиб шляпасини кўзларига бостириб эшик тагида турарди. Бу қотиб турган унсиз қоматни кўриб миледи чўчиб тушди.

– Кимсиз? Сизга нима керак? – деди у ҳадиксираб.

«Ҳа, айтдим-а, бу ўша!» – деди ўзича Атос.

Ридосини очиб ташлаб ва шляпасини пешонасидан суриб қўйиб, у миледининг ёнига борди.

– Мени танияпсизми, хоним? – сўради у.

Миледи олға талпинди-ю, бирдан гўё илонни кўриб қолгандай орқага ташланди.

– Хўп, яхши… – деди Атос. – Мени таниганингизни кўриб турибман.

– Граф де Ла Фер! – Деворга тақалгунча – нуқул чекинган кўйи ранги ўчиб шивирлади миледи.

– Ҳа, миледи, – жавоб берди Атос, – граф де Ла Фернинг шахсан ўзи сизни бир кўриб ҳузур қилмоқ учун атайлаб нариги дунёдан ташриф буюрди. Қани, ўтирайлик ва кардинал айтмоқчи, бир суҳбатлашайлик.

Таърифга сиғмас даҳшат оғушида миледи чурқ этмасдан ўтирди.

– Сиз ерга юборилган азроилсиз! – гап бошлади Атос. – Биламан, қўлингиз баланд, лекин худо ёрлақаб кўпинча ҳатто энг ваҳимали азроилларни ҳам енгиб келгансиз. Сиз бир қур менинг йўлимда пайдо бўлдингиз. Мен сизни ер юзидан ўчириб ташладим деб ўйлаб юрган эдим, хоним, лекин мен янглишибман ёки дўзах сизни тирилтирибди…

Ўзи даҳшатли хотиротларни қўзғатган бу сўзлардан миледи бошини қуйи солиб, бўғиқ нола қилиб қўйди.

– Ҳа, сизни дўзах тирилтирибди, – сўзида давом этди Атос, – дўзах сизга бойлик ато этибди, дўзах сизга бошқа ном берибди, дўзах юзингизни қарийб таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборибди, лекин у кўнглингизнинг қораси-ю, баданингизнинг тамғасига қўл урмабди.

Миледи нақ пружина отиб ташлагандай сапчиб тушди, унинг кўзлари чақнаб кетди. Атос ўтирганича ўтирарди.

– Сиз мени оламдан ўтди деб ўйлаб юргансиз шундай эмасми? Мен ҳам сизни ўлиб кетди, деб ўйлаганман. Атос номи эса миледи Кларик номи Анна де Бейлни яширгани каби граф де Ла Фер номини яширган! Муҳтарам оғангиз бизни никоҳлаб қўйганда номингиз шундай эмасмиди?.. Рост иккимизнинг ҳам аҳволимиз ғалати, – кулимсираб давом этди Атос, – иккимиз ҳам шу тобгача фақат бир-биримизни ўлиб кетган деб ҳисоблаганимиз сабабли яшаб келганмиз: хотиротлар гоҳо қалбга азоб бергани билан тирик жондай ғаш қилмайди, ахир!

– Сизни ўзи ҳузуримга нима келтирди? – овози бўғилиб гапирди миледи. – Мендан нима истайсиз?

– Мен сизга айтиб қўймоқчиманки, сабот билан сиздан панада юрсам-да, сизни назардан қочирганим йўқ!

– Нималар қилганим сизга маълумми?

– Ўша кардинал хизматига кирган пайтингиздан тортиб то шу бугунги оқшомгача нималар қилганингизни мен кунма-кун санаб беришим мумкин.

Миледининг бўзарган лаблари ишонқирамай, кулимсираб қўйди.

– Қулоқ солинг: сиз икки олмос шокилани герсог Бэкингем кифтидан кесиб олдингиз; сиз Бонасе хонимни ўғирлаб қочдингиз; сиз граф де Вардни севиб қолиб ҳамда у билан тун айшини суришни орзу қилиб ёнингизга жаноб д’Артаньянни киргизиб қўйдингиз; де Вард панд бериб кетди деган хаёлда сиз де Варднинг рақибини уни ўлдиришга мажбур қилмоқчи бўлдингиз; ўша рақиб қалтис сирингизни фош қилиб қўйганда, сиз унинг изига икки ёлланма қотилни солиб, уларга уни отиб ташлашни топширгансиз; ўқлар мўлжалга тегмаганидан хабар топгач, сиз унга заҳарланган шаробни: «бу шароб дўстларнинг совғаси», – деб ишонтириш истагида сохта мактуб қўшиб, унга юборгансиз ва, ниҳоят, сиз шу ерда, шу хонада, мен ҳозир ўтирган курсининг худди ўзида боягина кардинал Ришелье олдида герсог Бэкингем ёнига қотил юбориш тўғрисида мажбурият олдингиз, бунинг эвазига у сизга д’Артаньянни ўлдирмоққа изн беришни ваъда қилди.

Миледининг ранги бўздай оқариб кетди.

– Сиз шайтоннинг ўзисиз! – шивирлади у.

– Бўлса бордир, лекин ҳар қалай, бир нарсани дилингизга тугиб олинг: герсог Бэкингемни ўлдирасизми ёки ўлдиришни битта-яримтасига топширасизми – бу билан менинг ишим йўқ: мен уни танимайман, бунинг устига у инглиз, лекин менинг севикли ва ардоқли содиқ дўстим д’Артаньяннинг бошидаги тукига ҳам қўл тегиза кўрманг ёки отам хотираси билан қасам ичаманки, сиз қиладиган бу жиноят ҳаётингиздаги сўнггиси бўлади.

– Д’Артаньян мени ёмон ҳақорат қилди, – бўғиқ товуш билан деди миледи, – д’Артаньян ўлади.

– Зотан, сизни ҳақорат қилишнинг иложи борми экан, хоним? – мийиғида кулиб қўйди Атос. – У сизни ҳақорат қилибди-ю, ўладими?

– У ўлади, – гапини қайтарди миледи, – аввал у аёл, кейин унинг ўзи.

Атоснинг кўзлари тиниб кетди. Аёлга хос зарра хислати бўлмаган бу махлуқнинг турқи унда дилини ўртагувчи хотираларни тирилтирди. У ҳозиргидан анча бехатарроқ шароитда бир бор миледини ўзининг ориятига қурбон қилмоқчи бўлганини эслади; Атосда уни ўлдириш истаги яна бош кўтарди-ю, енгиб бўлмас даражада қамраб олди. У ўрнидан туриб, ёнидан пистолетини юлқиб олиб, тепкисини кўтарди.

Рангида ранг қолмаган миледи додламоқчи бўлди-ю, лекин тили калимага келмади, карахт даҳанидан эса инсон тилига сира ўхшамаган, кўпроқ ёввойи ҳайвоннинг ириллашини эслатгувчи хирилдоқ товуш чиқди, холос; сочлари ёйилиб кетган ҳолда деворга қапишиб, у даҳшатнинг тажассуми бўлиб кўринарди.

Атос шошмасдан пистолетни кўтариб қўлини шундай узатдики, унинг оғзи миледининг манглайига қарийб тегиб қолди ва овози хотиржамликдан ва устувор қатъиятдан янада ваҳимали янграб деди:

– Хоним, сиз кардинал имзо чеккан қоғозни дарҳол менга берасиз ёки ҳаётим билан онт ичаманки, пешонангизга ўқ узаман.

Бу бўлак одам бўлганда эди, унинг ўз ниятини амалга оширишига миледи гумон қилган бўларди, лекин у Атосни биларди; шунга қарамасдан у қилт этмай тураверди.

– Мулоҳаза учун сизга бир нафас бераман, – гапини давом эттирди у.

Унинг афти буришиб кетганидан миледи ҳозир ўқ отилишини фаҳмлади. У қўлини шартта кўксига олиб бориб, корсажи остидан қоғозни олди-да, уни Атосга узатди:

– Олинг-да, қуриб кетинг!

Атос қоғозни олгач, пистолетни ёнига солиб қўйди, бу ўша қоғозлигига қаноат ҳосил қилмоқ учун чироқ ёнига борди-да, уни очиб ўқиди:

«Ушбуни кўрсатгувчи амалга оширган иш менинг фармойишимга биноан давлат бахт-саодати йўлида қилинди.

3 декабрь 1627 йил.

Ришелье».

– Энди бўлса, – ридосига бурканган ва шляпасини кийган кўйи деди Атос, – энди тишларингни суғуриб олганимдан кейин қўлингдан келса тишлайвер, ёсуман!

У хонадан чиқиб кетди-да, ҳатто орқасига ўгирилиб ҳам қўймади.

Харобат эшиги тагида у яна бир отни жиловидан ушлаб турган икки кишини кўрди.

– Жаноблар, – дея уларга юзланди Атос, – маълумингиздек, жаноб кардинал вақтни зое кеткизмасдан бу аёлни Ла Пуант фортига элтиб қўйишни ва у кемага ўтирмагунча унинг ёнидан қимирламасликни буюрди.

Унинг сўзлари бу одамлар олган фармойишлар билан тўла мувофиқ келгани сабабли улар фармойишни ижро этмоққа шай турганлари маъносида таъзим қилдилар.

Атосга келганда, у енгил сакраб отга минди-да, жон-жаҳди билан елиб кетди, лекин йўлдан бориш ўрнига отини зўр бериб ниқтаган ва қулоқ солиш учун ҳар-ҳар замонда тўхтаган кўйи тиккасига даладан от қўйди.

Шу тўхташларнинг бирида у йўлдаги от дупур-дупурини эшитиб қолди. Бу кардинал билан унинг соқчилари деб ишонган Атос яна сал нарироққача от чоптириб борди-да, қароргоҳга йигирма қадамлар қолганда йўлга чиқиб турди.

– Келаётган ким? – суворийларни кўргач сўради у.

– Бу бизнинг мард мушкетёримиз шекилли? – деди кардинал.

– Ҳа, зоти олийлари, – жавоб берди Атос, – ўшанинг ўзи.

– Жаноб Атос бизни шундай яхши қўриқлаганингиз учун менинг ташаккуримни қабул этинг. Мана келиб ҳам олдик, жаноблар. Чап заставага қараб бораверинглар, пароли: «Қирол ва Ре».

Шу гапни айтгач, кардинал бош ирғаб уч оғайни билан хўшлашди-да, яроғбардор ҳамроҳлигида ўнгга бурилди, чунки қароргоҳда тунаб қолмоқчи эди.

– Гап бундай, – кардинал эшитмагудай масофага бориб қолгандан кейин бир овоздан гапиришди Портос ва Арамис, – у талаб этган қоғозга кардинал имзо қўйиб берди!

– Биламан, – бамайлихотир гапирди Атос. – Мана у қоғоз.

Қоровулларга паролни айтганларини ҳисобга олмаганда, уч дўст то ўз турар жойига етгунча ортиқ бир оғиз ҳам сўзлашмадилар.

Лекин улар унинг соҳиби қоровулликдан бўшаганда зудлик билан мушкетёрлар турар жойига етиб келишини илтимос қиляптилар, деб Планшега тайинлагани Мушкетонни юбордилар.

Миледига келганда, у худди Атос ўйлагандек, харобот эшиги тагида ўзига мунтазир одамларни топиб, ҳеч бир эътирозсиз улар кетидан тушди. Рост, унда бир зумга изига қайтиш ва кардинал ҳузурига бориб унга ҳамма гапни айтиб бериш истаги туғилди, лекин унинг сирни очиб ташлаши Атоснинг фош этишини эргаштириб келган бўларди; айтайлик, у бир замон мени Атос осиб қўйган дерди, лекин унда Атос унинг тамғаланганлигини айтган бўларди. У индамай қўя қолиш, махфий жўнаб кетиш, ўзига хос эпчиллик билан зиммасига олган мушкул топшириқни адо этиш, сўнгра эса ҳаммаси бир ёқли бўлиб, кардиналнинг кўнгли тўлгандан кейин унинг ҳузурига бориб, ўзи учун интиқом олишига ёрдам қилишини талаб этиш маъқулроқ, деган мулоҳазага бориб қолди.

Хуллас, бутун тунни эгарда ўтказиб, у саҳар соат еттида Ла Пуант фортига етиб келди, соат тўққизда эса кардинал имзо чеккан капер гувоҳнома билан таъминланган ва гўёки Баёнага сузиб кетмоққа шай турган кема лангарини кўтариб, Англия соҳиллари томон йўл олди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации