Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 33

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 33 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ХVI
Сен-Жерве бастиони

Дўстлари ҳузурига ташриф буюриб д’Артаньян уларнинг ҳаммасини бир хонада жам топди: Атос алланима ҳақида бош қотирмоқда; Портос мўйловларини бурамоқда; Арамис мовий бахмал муқовали кўркам дуо тўпламидан ибодат қилмоқда эди.

– Азбаройи шифо, жаноблар! – деди д’Артаньян. – Умид қиламанки, менга эътиборга лойиқ бирор зарур гапингиз бордир, огоҳ этиб қўяй, акс ҳолда шу бугунги тундан кейин – бастионни босиб яксон қилганимдан сўнг, мени дам олгани қўймай, келишга мажбур этганларингизни кечирмайман. Минг аттанг, жаноблар, ўша ерда бўлмадингизлар-да! Ишлар хўп қайнади-да!

– Биз бўлак жойга тушиб қолдик, у ерлар ҳам совуқ бўлмади, – мўйлабларини муқом билан бир тарзда қайириб туриб деди Портос.

– Тсс! – қистирди Атос.

– Э-ҳа! – мушкетёрнинг нега қовоғини уйиб олганини фаҳмлаб деди д’Артаньян. – Сизларда бир янги гап борга ўхшаб қолди.

– Арамис, сиз тунов «Касофат»нинг калвинистлар қовоқхонасида тамадди қилгандингиз, шекилли? – сўради Атос.

– Ҳа.

– У ер қалай экан?

– Мен-ку дуруст овқатланмадим: рўза куни эди, у ердаги овқатлар нуқул ёвғон экан.

– Ана холос! – ҳайрон бўлди Атос. – Денгиз гаванида турганга балиқ қаҳат бўлибди-да?

– Улар кардинал барпо қилаётган тўғон бор балиқни очиқ денгизга қуваяпти, дейишяпти, – яна ўзининг тавфиқли машғулотига киришиб изоҳ берди Арамис.

– Э, мен сиздан буни сўраганим йўқ, Арамис! Мен сиздан у ерда ўзингизни бемалол ҳис қилдингизми, сизни битта-яримтаси безовта қилгани йўқми, деб сўрадим.

– Шилқим хўрандалар у ерда кам эди, шекилли… Ҳа, дарҳақиқат, сиз сўзламоқчи гаплар учун «Касофат» бизга мос келади.

– Бўлмаса юринглар «Касофат»га, – гапни якунлади Атос, – бу ердаги деворлар худди қоғозга ўхшайди.

Ўз дўстининг юриш-туришларига ўрганиб қолган, унинг биргина сўзи, ишораси ёки имосидан вазиятнинг жиддийлигини дарров уқадиган д’Артаньян Атосни қўлтиғидан олди-да, ортиқ ҳеч нимани суриштирмасдан у билан ташқарига чиқди. Портос билан Арамис дўстона гурунглашган кўйи уларга эргашдилар.

Йўл-йўлакай улар Гримони учратиб қолдилар. Атос унга ўзлари билан юришни имо қилди; Гримо одатига кўра индамай итоат қилди; бояқиш шу даражага етган эдики, гапиришни деярли эсидан чиқариб юбораёзганди.

Дўстлар тамаддихонага келишди. Эрталаб соат етти бўлиб тонг ёриша бошлаган эди. Улар нонушта буюртирдилар-да, хўжайиннинг таъкидлашича, уларни ҳеч ким безовта қилолмайдиган залга кирдилар.

Таассуфки, махфий кенгаш учун вақт нобоп танланган эди: боягина саҳар бонги урилган бўлиб, талай кишилар уйқусини тарқатиш ва тонготар рутубатидан исиниб олиш истагида йўл-йўлакай бир стакан шароб ичиб ўтгани тамаддихонага оралаб турардилар. Драгунлар, швейцарияликлар, гвардиячилар ва отлиқ лашкарлар ҳадеб алмашиниб турардиларки, бу нарса соҳиб учун жуда қўл келарди, лекин тўрт улфатнинг ниятларига мутлақо мувофиқ эмас эди. Шу боисдан улар ўз жанговар ўртоқларининг саломлари, қадаҳлари-ю, ҳазил-мутойибаларига жуда тунд жавоб қилардилар.

– Бас, жаноблар! – деди Атос. – Бунақада бу ерда биз бирортаси билан айтишиб ҳам қолишимиз мумкин, ҳозир эса бунинг мавриди эмас. Д’Артаньян, бизга шу тунни қандай кечирганингизни гапириб беринг, кейин эса биз ўзимизникини сўзлаб берамиз.

– Дарҳақиқат, – қўлидаги бир қадаҳ ароқни шошмасдан симириб, кайф қилаётган бир кавалерист гапга аралашди чайқалган ҳолатда, – дарҳақиқат, сизлар бугун тунда зовурларда бўлгансизлар, жаноб гвардиячилар назаримда ларошелчилар билан ҳисоб-китобни тўғрилаган ҳам чиқарсизлар-а?

Д’Артаньян чақирилмаган ҳамсуҳбатга жавоб қилайми-йўқми деб сўрагандай Атосга қараб қўйди.

– Нима, жаноб де Бюзини лутф айлаб сенга мурожаат қилаётганини эшитмаяпсанми? – сўради Атос. – Бу жаноблари иш қандай кечганини билишни истаганларидан кейин бугун кечаси нималар рўй берганини сўзлаб бер.

– Сислар пастионни посиб олтингисми? – деб сўради пиво кружкасидан ром ичиб ўтирган швейцариялик.

– Ҳа, тақсир, – таъзим қилиб жавоб берди д’Артаньян, – биз шу шарафга ноил бўлдик. Эҳтимол, ўзингиз эшитгандирсиз, биз ҳатто унинг бир муюлиши остига бир бочка милтиқ дори кўмиб қўйдик, дори портлаганда эса бинойидай раҳна ҳосил бўлди, терилган ғиштларнинг қолганлари ҳам омонат бўлиб қолди. Бастион ахир янги эмас-ку!

– Бу қайси бастион? – сўради қовуриш учун олиб келган ғозни қовурғасидан шамширга қадаб ушлаб турган драгун.

– Сен-Жерве бастиони, – жавоб берди д’Артаньян, – унинг панасида ларошелликлар бизнинг ер қазувчиларимизни безовта қилиб қўйишди.

– Иш роса қайнагандир-а?

– Ҳа, нимасини айтасиз! Биз беш кишини бой бердик, ларошелликлар эса тўққизта ё ўнтасини.

– Асбағойи шифо! – дея хитоб қилди немис тилида кетворган сўкишлар мавжудлигига қарамасдан французча сўкиниш одатини ўзлаштириб олган швейцариялик.

– Аммо, балким улар, бастионни эпақага келтириш учун бугун ер қазиш командасини юборишар?

– Ҳа, балким, – тасдиқлади д’Артаньян.

– Жаноблар, гаров бойлашаман! – эълон қилди Атос.

– Ҳа-ҳа, кароф! – гапни илиб кетди швейцариялик.

– Қандай гаров? – қизиқсинди отлиқ аскар.

– Сабр қилинг, – илтимос қилди драгун ва остида лахча чўғ сақлангувчи иккита каттакон темир уч оёққа ўз шамширини сихга ўхшатиб қўйди, – мен иштирок этишни истайман. Ҳой, шўринг қурғур саройбон, бу қимматбаҳо ғознинг бир қатра ҳам мойини исроф қилмаслик учун дарров тагига това келтириб қўйинг.

– У ҳақ, – деди швейцариялик, – ғос мойи мураппо пилан шута масали пўлати.

– Ана шундай! – енгилгина уф тортди драгун. – Энди эса гаровимизга ўтамиз. Қулоғимиз сизда, жаноб Атос.

– Ҳа, қандай гаров экан ўзи? – суриштириб қолди отлиқ аскар.

– Гап бундай, жаноб де Бюзини, мен сиз билан гаров бойлашаманки, – гап очди Атос, – уч ўртоғим – Портос, Арамис ва д’Артаньян жаноблар ва мен Сен-Жерве бастионида нонушта қиламиз ҳамда душман бизни у ердан чиқариб ташлашга қанчалик уринмасин, биз у ерда роппа-роса бир соат бўламиз.

Портос билан Арамис кўз уриштириб олдилар: гап қаёқдалигига уларнинг ақли ета бошлаган эди.

– Инсоф қил, – шивирлади д’Артаньян Атоснинг қулоғига, – бизни у ерда ўлдириб қўйишади-ку, ахир!

– Агар биз у ерга бормасак, бизни ўлдириши тайин, – жавоб берди Атос.

– Худо ҳаққи, жаноблар, мана бу қойилмақом гаров бўпти! – дея ўзини курси суянчиғига ташлаб ва мўйлабларини бураб-бураб гапира кетди Портос.

– Ҳа, мен ҳам уни қабул этаман, – деди де Бюзини. – Нима гаровга қўйилишини шартлашиб олиш қолди, холос.

– Сизлар тўрт кишисиз, жаноблар, бизлар ҳам тўрт кишимиз. Саккиз кишилик зиёфат, ҳар кимнинг таъбига кўра, – таклиф этди Атос. – Бунга нима дейсизлар?

– Жуда соз! – деди де Бюзени.

– Жуда яхши! – таъкидлади драгун.

– Майли! – кўнди швейцариялик.

– Бу саҳнанинг бошдан-охири унсиз роль ўйнаган тўртинчи иштирокчи маъқул маъносида бош ирғаб қўйди.

– Нонуштангиз тайёр, жаноблар, – ахборот берди соҳиб.

– Келтиринг-да бўлмаса! – фармойиш қилди Атос.

Соҳиб итоат этди. Атос Гримони чақириб олиб, унга кунжакда ётган катта саватни кўрсатди-да, гўё келтирилган қовурмани дастрўмолларга ўраётгандай имоишора қилди.

Гримо табиат қўйнидаги нонушта хусусида гап кетаётганини дарров тушуниб, саватни олди-да, унга таомларни жойлади, сўнг эса ёнига шишаларни қўйиб, саватни қўлига илиб олди.

– Сизлар ўзи қаерда нонушта қилмоқчи бўляпсизлар? – сўради соҳиб.

– Барибир эмасми? – жавоб берди Атос. – Сизга нонушта ҳақини тўлаб қўйсалар бўлди-да!

Сўнг Атос виқорли бир ҳаракат билан столга икки пистол ташлади.

– Қайтимини беришни буюрасизми, жаноби офицер? – сўради соҳиб.

– Йўқ. Икки шиша шампан қўшиб қўйсанг бўлади, қолганлари дастрўмоллар учун.

Иш саройбон дастлаб ўйлагандек даромадли бўлиб чиқмади, у нонуштанинг тўрт иштирокчисига шампан ўрнига икки шиша анжуй шаробини қистириб юбориб, қусуридан чиқди.

– Жаноб де Бюзини, – деди Атос, – соатингизни меникига тўғрилаб олишни маъқул кўрасизми ёки менга ўзингизникига қараб тўғрилаб олишни буюрасизми?

– Жуда яхши, муҳтарам афандим! – чўнтагидан олмослар билан нақшланган кетворган соатни олган кўйи жавоб берди отлиқ аскар. – Етти ярим.

– Соат етти-ю ўттиз беш дақиқа, – деди Атос, – менинг соатим сизникидан беш дақиқа олдин юраётганини билиб турамиз, муҳтарам афандим.

Хароботдаги оғзи очилиб қолган одамларга таъзим бажо келтириб, тўрт йигит қаёққалигини ўзи ҳам билмай, саватни кўтариб кетгувчи Гримо ҳамроҳлигида – у гап қайтармасдан Атосга бўйсунишга шу қадар одатланиб кетган эдики, буни сўраб кўриш унинг хаёлига ҳам келмасди, Сен-Жерве бастионига равона бўлдилар.

Тўрт биродар қароргоҳ бўйлаб кетаркан, оғиз очмасдан бордилар; бунинг устига гаров бойлангани қулоғига етиб, дўстларимизнинг бу аҳволдан қандай қилиб қутулиб кетишларини кўриш истагидаги ҳангоматалаб кишилар улар кетидан изма-из эргашиб борардилар.

Лекин улар қароргоҳ истеҳкомлари чизиғидан ўтиб далага бориб қолганлари ҳамон, шу пайтгача камоли ғофилликда юрган д’Артаньян изоҳлар сўраш фурсати келди деб қарор қилди.

– Энди бўлса, муҳтарам Атос, – гап бошлади у, – сиздан ўтинаман, менга қаёққа кетаётганимизни айтинг.

– Кўриб турибсизки, – жавоб берди Атос, – биз бастионга кетяпмиз.

– Хўш, у ерда биз нима қиламиз.

– Ўзингизга маълумки, бу ерда нонушта қиламиз.

– Бўлмаса, нега биз «Касофат»да нонушта қилиб қўя қолмадик?

– Шунинг учунки, биз муҳим нарсалар хусусида гаплашиб олмоғимиз керак, бу қовоқхонада эса ҳадеб келаётган, кетаётган, таъзим қилаётган, ўз гаплари билан жонга тегаётган хира одамлар дастидан беш дақиқа ҳам суҳбатлашишнинг иложи йўқ… Ҳар қалай, бу ерга, – дея бастионни кўрсатиб гапини давом эттирди Атос, – ҳеч ким бизга халал бергани келмайди.

– Менимча, биз бирор хилват жой топсак бўларди, қум тепалар орасида, денгиз бўйида… – ўзининг чексиз жасорати билан жуда соз, табиий бир тарзда уйғунлашиб кетган тадбиркорлигини намоён этиб сўз ташлаб қўйди д’Артаньян.

– …У ерда биз тўртовлон гаплашиб туришимизни ҳамма кўриб қолсин-да, чорак соат ўтар-ўтмас кардиналнинг жосуслари бизнинг кенгашаётганимизни унга етказсин.

– Ҳа, – гапни илиб олди Арамис. – Атос ҳақ: «Animad vertuntur in desertus»5353
  Чўлда уларни кўриб қоладилар (лот.).


[Закрыть]
.

– Чўл-пўлга бориб олсак чакки бўлмасди, – гап қистирди Портос, – лекин бутун гап уни қандай қилиб топишда.

– Шундай бир яланглик йўқки, унда бошинг устидан зоғ учиб ўтмасин, сувдан балиқ бош кўтармасин, қуён инидан сакраб чиқмасин. Менга эса қушлар ҳам, балиқлар ҳам, қуёнлар ҳам – ҳаммаси кардинал жосуси бўлиб қолгандай туюляпти. Ундан кўра, бошлаб қўйган сафаримизни давом эттираверганимиз дуруст, дарвоқе, ундан энди ўзимизни иснодга қолдирмасдан чекинолмаймиз ҳам. Биз гаров бойлашдик, унинг олдиндан уюштирилган бўлиши мумкин эмас эди, менинг ишончим комилки, ҳеч ким унинг асл сабаблари тагига етолмайди. Гаровимизни ютмоқ учун биз бастионда бир соат чидаб турамиз. Ё бизга ҳужум қилишади, ёки бу нарса рўй бермайди. Мабодо бизга ҳужум қилишмаса, гаплашиб олмоқ учун вақт етиб ортади: ҳеч ким гапимизни эшитиб ҳам қолмайди: мен кафилманки, бу бастион деворларининг қулоқлари йўқ. Борди-ю, бизга ҳужум қилиб қолсалар, биз барибир ишларимиз юзасидан гаплашиб олишнинг эвини топамиз, яна бунинг устига ўзларимизни шарафларга буркаймиз. Ўзингиз кўриб турибсиз, қанақасига олманг, ҳаммаси бизнинг фойдамизга бўлиб чиқяпти.

– Ҳа, – рози бўлди д’Артаньян, – лекин ўқдан қочиб қутулиб бўпмиз.

– Э, азизим, – эътироз қилди Атос, – сиз жуда яхши биласиз: энг хатарли ўқлар ғаним отадиганлари эмас.

– Лекин назаримда, – гапга аралашди Портос, – бу хил сафарга ҳеч бўлмаганда мушкетларимизни олиб келсак бўларди.

– Сиз калтафаҳмсиз, дўстим Портос: ўзимизни бефойда юк билан уринтиришимизнинг нима ҳожати бор!

– Мен ғаним билан бақамти турган пайтимда менга дуруст мушкет ва ўн-ўн бешта ўқ билан дори халта ортиқчалик қилмайди.

– Д’Артаньяннинг гапларини эшитмадингизми, ахир?

– Хўш, д’Артаньян нималар деди?

– У айтдики, тунги ҳужум пайти тўққиз-ўн француз-у, худди шунча ларошелликлар ўлдирилди, деди.

– Хўш, у ёғи?

– Уларни қоқлаб кетишга улгурмаганлар, шундай эмасми? Ахир у пайтда ҳамманинг муҳимроқ ташвишлари бўлган.

– Хўш, нима қипти?

– Гап шуки, биз у ерда уларнинг мушкетларини, дори халтаю ўқларини топамиз ҳамда тўрт мушкетёр-у ўн бештача ўқ ўрнига ихтиёримизда ўн бешга яқин милтиқ ва юзта ғамланган ўқ бўлади.

– О, Атос, сен чинданам улуғ инсонсан! – хитоб қилди Арамис.

Портос бу фикрга қўшилаётгани маъносида бошини эгди.

Сиёқидан ёлғиз д’Артаньянни Атоснинг важ-карсонлари ишонтирмади.

Гримо, чамаси, йигитнинг ҳадикларига шерик эди: ҳамма бастион сари юришда давом этаётганини кўриб, бунга аввал унинг ақли бовар қилмаган эди, у ўз соҳибининг баридан тортди.

«Биз қаёққа кетяпмиз», – сўради унинг илтижоли имоси.

Атос унга бастионни кўрсатди.

«Лекин бизни у ерда ўлдириб қўйишади-ку», – ҳамон ўша имо-ишоралар тилида давом этарди унсиз Гримо.

Атос кўзларини кўкка қадаб, қўлларини самога кўтарди.

Гримо саватни ерга қўйди-да, бошини «йўқ» маъносида чайқаб ўтириб олди.

Атос белбоғига қистирилган пистолетини олиб, яхши ўқланганми-йўқми кўриб қўйгач, тепкисини кўтарди-да, оғзини Гримонинг қулоғига тутди. Гримо дарров сапчиб оёққа турди. Атос имо билан саватни олишни ва олға юришни буюрди.

Гримо итоат этди.

Бу бир дақиқалик имо-ишора можаросидан Гримонинг ютган бирдан-бир нарсаси унинг арергарддан авангардга ўтиб олгани бўлди.

Бастионга чиқиб олиб, тўрт оғайни ўгирилиб қарадилар.

Қароргоҳ заставаси олдига уч юздан зиёд ҳар турдаги лашкарлар йиғилиб турар, булар ҳаммасидан сал нарироқда эса жаноб де Бюзини, драгун, швейцариялик ва гаровнинг тўртинчи иштирокчисини илғаб олиш мумкин эди.

Атос шляпасини ечиб қиличнинг учига қўндирдида, уни ҳавода ўйнатиб қўйди.

Томошабинлар унинг қутловига таъзимлар билан ва бу одоб ифодасига тўрт довюрагимиз қулоқларигача етиб борган қаттиқ «ура» садолари билан жавоб бердилар.

Шундан сўнг тўрт қадрдон Гримо аллақачон лип этиб кўздан йўқолган бастионда ғойиб бўлдилар.

XVI
Мушкетёрлар кенгаши

Ҳаммаси худди Атос тахмин қилгандай бўлиб чиқди; бастионда ўн икки чоғли ўлдирилган француз ва ларошелликлардан бўлак ҳеч ким йўқ экан.

– Жаноблар, – деди сафар қўмондонлигини ўз гарданига олган Атос, – Гримо дастурхон ёзгунча ишни шундан бошлаймизки, милтиқлар билан ўқ-дориларни териб чиқамиз. Устига-устак уларни йиғиб юриб беғалва гаплашсак ҳам бўлаверади: бу жаноблар, – ўлдирилганларга ишора қилиб илова қилди у, – бизни эшитмайдилар.

– Ундан кўра уларни зовурга ағанатиб юборсак яхши эмасми? – таклиф этди Портос. – Лекин, албатта уларнинг чўнтаклари қуруқлигига қаноат ҳосил қилмасдан илгари эмас.

– Ҳа, – деб қўйди Атос, – энди бу ёғи Гримонинг иши.

– Унда Гримо уларни бир тинтиб кўрсин-да, деворлардан ошириб ташласин, – деди д’Артаньян.

– Зинҳор, – эътироз билдирди Атос. – Улар бизга асқотиб қолиши мумкин.

– Бу мурдалар бизга асқотиб қолиши мумкинми? – таажжубланди Портос. – Сен ақлдан оза бошлабсан, муҳтарам дўстим!

– «Енгил-елпи ҳукм чиқарманг», – дейди инжил ва жаноб кардинал, – жавоб берди Атос, – милтиқлар нечта, жаноблар?

– Ўн иккита, – жавоб берди Арамис.

– Ғамланган ўқлар қанча?

– Юзтача.

– Бизга даркор бор нарса шу. Милтиқларни ўқлаб олайлик.

Тўрт оғайни ишга киришиб кетди.

Гримо имо-ишора билан нонуштанинг тайёрлигини маълум қилганда улар охирги милтиқни ўқлаб бўлган эдилар.

Атос маъқуллагувчи ишора билан жавоб қилди-да, унга соқчи минорани кўрсатди. Гримонинг фаҳмлашича у ўша ерда пойлоқчилик қилиши зарур эди.

Гримо посбонликда туриб зерикиб қолмаслиги учун эса Атос битта нон, иккита котлет ва бир шиша шароб ола кетишга ижозат берди.

– Энди дастурхонга қарайлик! – таклиф этди Атос.

Тўрт оғайни турклар ёки тикувчилар сингари ерга чордана қуриб ўтириб олишди.

– Қани, энди, бизни эшитиб қолишадими, деб қўрқишимизга ҳожат қолмагандан кейин, – деди д’Артаньян, – бизга сирингни ошкор этарсан деб умид қиламан.

– Чамамда, жаноблар, мен сизларга ҳам томоша, ҳам шараф келтираман, – сўз очди Атос, – мен сизларни кўнгилли сайр қилишга мажбур этдим. Мана сизларга мазали нонушта, ана у ёқда эса ўзингиз ҳам шинаклардан бир қараб боқсангиз бўлади, бизни тентаклар ёки қаҳрамонлар – нодонларнинг бир-бирига жуда ўхшаш икки тури, деб санагувчи томошабинлардан беш юзтаси.

– Хўш, сиринг-чи? – сўради д’Артаньян.

– Менинг сирим шундан иборатки, – жавоб берди Атос, – кеча кечқурун мен миледини кўрдим.

Д’Артаньян шу дамда стаканни оғзига олиб келаётган эди, лекин миледи тилга олинганда унинг қўли бирам қаттиқ қалтираб кетдики, унинг шаробни чайқалтириб тўкиб юбормаслик учун стаканни ерга қўйиб қўйишига тўғри келди.

– Сен ўзингни…

– Тсс! – унинг гапини кесди Атос. – Бу жаноблар сен сингари менинг оилавий ишларимдан воқиф эмасликларини хаёлдан чиқараётирсан, муҳтарам дўстим. Хуллас, мен миледини кўрдим.

– Бироқ қаерда? – сўради д’Артаньян.

– Шу ердан тахминан икки лерлар нарида. «Қизил Каптархона» меҳмонхонасида.

– У ҳолда менинг ҳолим хароб, – деди д’Артаньян.

– Йўқ, ҳали бутунлай эмас, – эътироз қилди Атос, – нега деганда, миледи аллақачон Франция соҳилларини тарк этиб бўлди, эҳтимол.

Д’Артаньян енгил тортиб энтикиб қўйди.

– Бу миледи деганингиз ким ўзи, ахир? – қизиқиб қолди Портос.

– Дилбар аёл, – жавоб берди Атос ва кўпикланган шаробдан ҳўплаб кўрди. – Оббо саройбон қурғур-эй! – хитоб қилди у. – Қўлимизга шампан ўрнига анжуй шаробини тутқазиб бизни лақиллатиб бўлади деб хаёл қиляпти!… Ҳа, – гапини давом эттирди у, – дилбар аёл, у дўстимиз д’Артаньянга иноят кўрсатган, лекин бу унга хунук қилиқ қилган, у эса қасос олишга уринган: бир ой муқаддам унинг ёнига қотиллар юборган, бир ҳафта бурун уни заҳарлаб кўрган, кеча эса кардиналдан унинг бошини сўраб олган.

– Астағфурулло! Кардиналдан менинг бошимни сўраб олдими? – қўрқувдан қути учиб деди д’Артаньян.

– Бу гап чин ҳақиқат, – тасдиқлади Портос, – мен ўзим, ўз қулоғим билан эшитдим.

– Мен ҳам, – гап қистирди Арамис.

– Ундай бўлса курашни давом эттириб ўтириш беҳуда, – саросимада қўлларини шалвиратиб гапирди д’Артаньян, – ундан кўра мен манглайимга ўқ узаманда, ҳаммасига бир йўла чек қўяман.

– Бу тентакчиликни қилиш қочиб кетмайди, – гап ташлади Атос, – фақатгина шуни қайта тузатиб бўлмайди.

– Лекин бундай қудратли душманларим бўлгандан кейин бошқа чорам йўқ, – эътироз билдирди д’Артаньян. – Авваламбор Менглик нотаниш киши, сўнгра мен уч қилич зарби билан сийлаган де Вард, сўнгра сирини иттифоқо фош этиб қўйганим – миледи ва, провардида, қасдини олишига мен тўғаноқ бўлган кардинал.

– Улар шунча кўпчиликми? Атиги тўрт киши! – деди Атос. – Биз ҳам ахир тўрт кишимиз. Демак, яккамаякка. Азбаройи шифо! Гримо бераётган ишораларга қараганда ҳозир анча-мунча одам билан ҳисоблашишга тўғри келади… Нима бўлди, Гримо? Вазиятнинг жиддиятини эътиборга олиб гапиришингизга ижозат бераман, лекин илтимос, камсухан бўлинг! Нимани кўряпсиз?

– Отрядни.

– Неча киши?

– Йигирмата.

– Улар ким экан?

– Ер қазиш командасидан ўн олти киши ва тўртта аскар.

– Бу ердан неча қадамда?

– Беш юзча.

– Яхши, биз ҳали товуқни еб тугатишга ва сенинг саломатлигинг учун бир стакандан шароб ичиб юборишга улгурамиз, д’Артаньян.

– Сенинг саломатлигинг учун! – унга жўр бўлишди Портос билан Арамис.

– Хўп майли, менинг саломатлигим учун! Бироқ тилакларингиз ҳозир менга кор қилмаса керак, деб ўйлайман.

– Кўнглингни кенг қил! – деди Атос. – Муҳаммаднинг издошлари айтгандай, оллоҳу акбар, келажак ҳам унинг қўлида.

Ўз стаканини бўшатиб ва уни ёнига қўйиб Атос эриниб қўзғалди-да, қўлига илинган биринчи милтиқни олиб шинакка яқинлашди.

Портос, Арамис ва д’Артаньян унга таассуб қилдилар. Гримо бўлса тўрт оғайни орқасига ўтиб, милтиқларни қайта ўқлаб туришга фармойиш олди.

Бир дақиқа кечгач, отряд кўринди. У бастион билан шаҳар ўртасидаги алоқа йўли хизматини ўтагувчи энсиз зовурни ёқалаб келмоқда эди.

– Азбаройи шифо! Чўкич, темир кураг-у белкураклар билан қуролланган йигирма шаҳарликни деб овора бўлишимиз шартмиди! – луқма ташлади Атос. – Уларнинг даф бўлиши учун Гримо бир ишора қилса кифоя эди, ишончим комилки, улар бизни ўз ҳолимизга қўйган бўлардилар.

– Шубҳам бор, – деди д’Артаньян, – улар бизга қараб жуда астойдил келишяпти. Бунинг устига шаҳарликларга бригадир ва мушкетлар билан қуролланган тўрт аскар ҳамроҳ бўлиб келяпти.

– Уларнинг бунчалик дадиллигининг боиси шуки, ҳали-бери улар бизни кўрганлари йўқ, – эътироф қилди Атос.

– Эътироф қиламан, худо ҳаққи мен бу шўрлик шаҳарликларга отишдан ҳазар қиламан, – луқма ташлади Арамис.

– Шаккокларга раҳм қиладиган руҳоний руҳоний эмас! – деб қўйди Портос.

– Зотан, Арамис ҳақ, – кўнди Атос, – мен ҳозир бориб уларни огоҳ этиб қўяй.

– Қандай жин чалди сизни! – дея уни тўхтатишга уринди д’Артаньян. – Сизни отиб ташлашади, дўстим!

Аммо Атос бу огоҳлантиришга сира парво қилмади, у деворга солинган рахнага тирмашиб чиқди. Бир қўлида милтиқни, бошқасида эса шляпасини ушлаб, унинг ногаҳон пайдо бўлганидан ҳайрон бўлиб бастиондан эллик қадамлар нарида тўхтаб қолган лашкар ва ер қазувчиларга мурожаат этди ҳамда тавозе билан таъзим қилиб, уларни қутлаган кўйи деди:

– Жаноблар, мен билан бир-иккита дўстларим ҳозир шу бастионда нонушта қилмоқдамиз! Ўзингиздан қолар гап йўқ, нонушта пайтида безовта қилиниш нақадар кўнгилсиз нарса. Шу боисдан сизлардан илтимос, агар шу ерда бўлишингиз мутлақо зарур бўлса, биз нонуштамизни тугатгунимизгача сабр қила турсангиз ёки кейин бошқа бир келсангиз… ёки бўлмаса ақлни йиғиб олиб, исёнчиларни тарк этиб, бизнинг ёнимизга француз қироли саломатлиги учун шароб ичгани қадам ранжида қилсангиз жуда соз бўлади.

– Эҳтиёт бўл, Атос! – бақирди д’Артаньян. – Кўрмаяпсанми ахир, улар сени нишонга олишяпти?

– Кўриб турибман, кўриб турибман, – жавоб берди Атос, – лекин бу мешчанлар отишга жуда нўноқ, менга тегизишиб бўпти.

Дарҳақиқат, худди шу дамда тўрт ўқ янгради, лекин ўқлар Атосга тегмасдан унинг теварагидаги тошларга урилиб чилпарчин бўлиб кетди.

Шу замон жавобан тўрт ўқ гумбурлади; улар ҳужумкорлар ўқларидан тайинлироқ йўналган эди: уч лашкар шартта жон бериб йиқилди, ер қазувчилардан бири эса шикастланди.

– Гримо, бўлак мушкет! – рахнадан тушмасдан буюрди Атос.

Гримо шу заҳоти итоат қилди. Атоснинг уч дўсти милтиқларни қайтадан ўқлаб олдилар. Биринчи навбат ўқлардан кейин иккинчи навбати узилди: бригадир билан икки ер қазувчи турган жойида ўлдирилди, қолганлари эса жуфтакни ростлаб қолдилар.

– Олға, жаноблар, хуружга! – команда берди Атос.

Тўрт оғайни ўзларини форт деворлари ташқарисига уришди, жанг майдонигача чопиб бордилар, тўрт мушкет билан бригадирнинг найзасини териб олдилар-да, шаҳарга етгунча қочоқлар тўхтамасликларига кўнгиллари тўқ бўлиб, бастионга қайтиб келдилар.

– Гримо, милтиқларни қайта ўқлаб қўйинг, – фармойиш берди Атос. – Биз бўлсак, жаноблар, яна овқатга қараймиз-да, суҳбатимизни давом эттирамиз Нимада тўхтаб эдик?

– Буниси яхши эсимда турибди, – деди миледи қайга бориши кераклигидан қаттиқ хавотирга тушиб қолган д’Артанян, – сен миледи Франция соҳилларини тарк этди деб эдинг.

– У Англияга жўнаб кетди, уқтирди Атос.

– Қандай ниятда?

– Бэкингемни ўзи ўлдириш ёки ёнига қотил юбориш ниятида.

Д’Артаньян таажжуб ва қаҳр билан нидо қилди.

– Қандай разолат! – ҳайқирди у.

– Бу ёғи мени унча ташвишлантирмайди! – деди Атос. – Энди Гримо, милтиқларни бир ёқли қилганингиздан кейин, – гапида давом этди у. – Бригадирнинг найзасини олиб, унга дастрўмолини танғинг-да бастионимизнинг минорасига санчиб қўйинг, тоинки бу исёнчи ларошелликлар қиролнинг жасур ва содиқ лашкарларига иши тушганини кўриб-билиб қўйсинлар.

Гримо сўз қайтармасдан итоат қилди. Бир зум ўтгач, тўрт дўстимиз бошлари узра оқ байроқ ҳилпиради. Бунга жавобан гулдурос қарсаклар олқиши янгради: кўтармада қароргоҳнинг ярми тўпланиб турган эди.

– Ие! – яна тилга кирди д’Артаньян. – Агар у Бэкингемни ўлдириб қўйса ёки ёнига уни ўлдиргани одам юборса, бу сени ҳеч бир ташвишга солмайдими? Ахир герсог – бизнинг дўстимиз-ку!

– Герсог – инглиз, герсог бизга қарши жанг қиляпти. У герсогни нима қилса ҳам майли, бу мана шу бўш шиша сингари парвойимга ҳам келмайди.

Атос шаробнинг сўнгги қатрасини ҳам қолдирмасдан ўз стаканига қуйиб олиб, шишани узоқ кунжакка улоқтириб ташлади.

– Йўқ, тўхтаб тур, – деди д’Артаньян, – мен Бэкингемни ўз ҳолига ташлаб қўймайман! У бизга ажойиб отларни туҳфа қилган.

– Ажойиб эгарларни айтмайсизми, – сўз қистирди шу тобда ридосида унинг эгаридан қолган заррин уқалар товланиб турган Портос.

– Ҳам бунинг устига худо гуноҳкор банданинг ўлимини эмас, инсофга келишини хоҳлайди.

– Омин, – якунлади Атос, – сизларга мақбул бўлса бу нарсага кейин қайтамиз. Ўша дақиқада эса мен ҳаммадан ҳам кўра – сен, д’Артаньян мени тушунарсан деб ишончим комил – бу аёлнинг қўлидан у кардиналдан тилаб олган ва унинг воситасида бемалол сендан, эҳтимолки, бизларнинг ҳаммамиздан ҳам қутулишга чоғланган ўзига хос очиқ ёрлиқни тортиб олиш ғамида эдим.

– Нима бало у азройил-пазроилми ўзи! – қовурмани тўғраётган Арамисга ликобчасини узатган кўйи аччиқланди Портос.

– Ўша ёрлиқ-чи, – сўради д’Артаньян, – ўша ёрлиқ унинг қўлида қолдими?

– Йўқ, у менга ўтиб қолди, лекин у қўлимга осонликча тушди демайман.

– Қимматли Атос, – кўнгли бузилиб гапирди д’Артаньян. – Мен жоним учун сиздан неча бор қарздор бўлганимнинг ҳисобини йўқотиб қўйдим.

– Сен бизни унинг ёнига кириш учун ташлаб кетган экансан-да? – сўради Арамис.

– Балли.

– Ўша кардинал берган қоғоз ҳам сендами? – суриштиришда давом этарди д’Артаньян.

– Мана у, – жавоб берди Атос ва ридоси чўнтагидан қимматбаҳо қоғозни чиқарди

Д’Артаньян ўзининг қалт-қалт титраётганини яширишга ҳам уринмасдан титроқ қўли билан қоғозни ёзди-да, ўқиб чиқди:

«Ушбуни кўрсатгувчи амалга оширган иш менинг амрим билан давлат бахт-саодати йўлида қилинди.

3 декабрь 1627 йил.

Ришелье».

– Ҳа, дарҳақиқат, деди Арамис, бу барча исми-расмига мувофиқ гуноҳлардан фориғ этиш деган гап.

– Бу қоғозни йиртиб ташламоқ керак, – деди ўзининг ўлим ҳукмномасини ўқигандай бўлиб кетган д’Артаньян.

– Йўқ, аксинча, уни кўз қорачиғидай асрамоқ керак, – эътироз қилди Атос, – бошимдан олтин сочганда ҳам, мен бу қоғозни бермасман.

– Энди миледи нима қиларкин? – сўради йигит.

– У кардиналга ёзиб юборса керак, – парвойи фалак бир йўсинда жавоб берди Атос, – Атос номли бир ланати мушкетёр зўрлик билан мендан ҳимоя варақасини тортиб олди деб. Худди шу мактубида у ўша мушкетёрнинг икки оғайниси – Портос ва Арамисдан ҳам қутулиб олишни кардиналга маслаҳат беради. Булар ўша мудом ўзининг йўлида тўғаноқ бўлиб тургувчи кишиларлиги кардиналнинг эсига тушиб кетади-ю, бир кун қарабсизки, у д’Артаньянни ҳибсга олишни буюради, у ёлғиз зерикиб қолмаслиги учун эса унга улфат қилиб Бастилияга бизни жўнатади.

– Ҳазилингни қара-ю, муҳтарам дўстим, – луқма ташлади Портос.

– Асло ҳазил эмас бу, – эътироз билдирди Атос.

– Биласанми, – деди Портос, – ахир, ўша лаънати миледининг бўйнини узиб ташлаш бор жиноятлари – биз лотинча ўқиётган дуоларни французча айтишдан иборат шўринг қурғур гугенотларни ўлдиришдан камроқ гуноҳ бўлади.

– Бу хусусда аббатимиз нима деркин? – хотиржам қизиқсинди Атос.

– Менми, мен Портоснинг фикрига қўшиламан, – жавоб берди Арамис.

– Мен-ку, шундоқ ҳам! – деди д’Артаньян.

– Хайриятки, у энди олисда, – гапида давом этди Портос. – Эътироф қиламан, бу ерда у менга кўп малол келган бўларди.

– У Англияда бўлса ҳам худди Францияда сингари мени барибир ғаш қилаверади, – деди Атос.

– У мени қаерда бўлмасин таъқиб этаверади, – хулоса чиқарди д’Артаньян.

– У сенинг қўлингга тушиб қолган экан нега уни йўқ қилиб қўя қолмадинг, бўғиб ташламадинг, нега осиб қўймадинг? – сўради Портос. – Ахир ўликлар изингдан эргашмайди-ку.

– Шундай денг Портос? – маъноси ёлғиз д’Артаньянга аён тунд табассум билан сўради Атос.

– Миямга зўр фикр келиб қолди! – деди д’Артаньян.

– Гапиринг, – дейишди мушкетёрлар.

– Қуролланинг! – бақирди Гримо.

Йигитлар сапчиб туриб милтиқларига ёпишдилар.

Бу дафъа кичикроқ отряд, йигирма ёки йигирма беш киши яқинлашиб келмоқда, лекин энди булар ер қазувчилар эмас, балки гарнизон лашкарлари эдилар.

– Қароргоҳга қайтиб кетсакмикан? – таклиф этди Портос. – Назаримда, кучлар тенг эмас.

– Уч сабабга кўра бунинг иложи йўқ, – жавоб берди Атос, – биринчиси шуки, биз нонуштани тугатганимизча йўқ; иккинчиси биз ҳали муҳим ишлар хусусида гаплашиб олмоғимиз даркор; учинчи сабаб эса белгиланган соатгача яна ўн дақиқа вақт бор.

– Бироқ жангнинг режасини тузиб олмоқ зарур, – луқма ташлади Арамис.

– Бу жуда жўн, – деди Атос, – душман ўқ етгудек ерга келган замон ўт очамиз: агар у бостириб келаверса, биз тағин отамиз-да, то милтиқларда ўқ қолмагунча шу тариқа давом эттираверамиз. Мабодо, омон қолганлари ҳужумга жазм қилсалар биз тажовузкорларнинг зовурга тушишига йўл қўямиз-да, бир мўъжиза билан илиниб турган девор бўлагини уларнинг бошларига ағдариб юборамиз.

– Офарин! – қичқириб юборди Портос. – Сен аслида лашкарбоши бўлиш учун яратилгансан, Атос, гарчи кардинал ўзини ҳарбий даҳо деб гумон қилиб юрган бўлса ҳам сенинг олдингда у ип эшолмайди.

– Жаноблар, илтимос, икки киши бир нишонга отманглар, – огоҳлантириб қўйди Атос. – Ҳар ким ўз рақибини аниқ мўлжалга олсин.

– Мен ўзимникини нишонга олдим, – овоз берди д’Артаньян.

– Мен бўлсам ўзимникини, – деди Портос.

– Мен ҳам, – садо берди Арамис.

– Ўт очинг!

Тўрт ўқ қўшилиб бирдай узилди-ю, тўрт лашкар йиқилди.

Шу замон ноғоралар чалинди ҳамда отряд бесаранжом одимлаб ҳужумга ўтди.

Ҳамон ўшандай бехато ўқлар бири-бирини қувиб узилиб турди. Лекин ларошелликлар гўё дўстларимизнинг сон жиҳатидан заифлигини билгандай, энди сочилган ҳолда олға силжишда давом этардилар.

Уч ўқдан яна икки киши йиқилди, лекин барибир омон қолганлар қадамини бўшаштирмасдилар.

Бастионгача ўн икки ёки ўн беш киши чопиб борди; уларни сўнгги навбат ўқлар қарши олди, лекин уларни бу ўқлар тўхтата олмади, улар ўзларини зовурга отдилар-да, энди рахнага тирмашиб чиқмоққа ҳозирлик кўра бошладилар.

– Қани, дўстлар, – деди Атос, – бир зарб билан уларни бир ёқлик қилайлик. Деворга! Деворга!

Тўрт оғайни ҳамда уларга кўмаклашгувчи Гримо милтиқ қўндоқлари билан деворнинг каттакон бўлагини жойидан силжитишга киришдилар. У худди шамол қўзғатгансимон қийшайди-ю, заминидан кўчиб, қулоқни кар қилгудай гумбур-гумбур билан зовурга қулади. Даҳшатли дод-фарёд кўтарилди, еру кўкни чанг тўзон қоплади-ю, ҳаммаси барҳам топди.

– Нима бало барини битта қўймай эзиб ташладикми? – сўради Атос.

– Ҳа, жин урсин, ҳаммасини шекилли, – тасдиқлади д’Артаньян.

– Йўқ, – эътироз қилди Портос, – ҳў ана икки ё учтаси тамом мажруҳ бўлиб қочиб кетишяпти.

Зотан, бу бахтиқароларнинг уч ёки тўрттаси ифлос, қонга беланган ҳолда шаҳар алоқа йўлидан тирақайлаб қочмоқда эди. Юборилган отряднинг қолган-қутганининг ҳаммаси шу эди.

Атос соатига кўз ташлаб қўйди.

– Жаноблар, – деди у, – бу ерга келганимизга бир соат бўлиб қолипти, энди гаровда ютдик. Лекин устаси фаранг қиморбоз бўлмоқ керак, устига-устак ҳали д’Артаньян фикрини бизга айтиб улгурганича йўқ.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации