Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 45 (всего у книги 47 страниц)
XXXIV
Қизил ридолик одам
Атоснинг алами унинг заковатининг ёрқин жиҳатларини янада кучайтириб юборгувчи пинҳона ғусса билан алмашинди.
Ўзи бериб қўйган ваъда ва ўз зиммасига олган масъулият хусусидаги хаёллар билан банд бўлиб, у ўз хонасига энг пировардида кетди, меҳмонхона соҳибидан бу вилоятнинг харитасини топиб беришни сўради, унга туширилган чизиқларни ўрганиб чиқди, унинг устида энгашди-да, Бетюндан Армантерга бошқа-бошқа тўрт йўл элтишини аниқлаб олди ва хизматкорларни ҳузурига чақиришни буюрди.
Планше, Гримо, Мушкетон ва Базенлар Атос ҳузурига келишди ва ундан равшан, аниқ, пухта фармойишлар олишди.
Улар ҳар бири ўз йўлидан тонготарда Армантерга жўнамоғи зарур эди. Планше тўрталасининг ҳаммаси ичида энг уддабурони сифатида тўрт дўст ўқ узган ва китобхонларнинг хотираларида бўлса, Рошфорнинг хизматкори ҳамроҳ бўлган извош кетган йўлдан бориши зарур эди.
Атос хизматкорларни энг аввало шу важдан ишга солдики, ўзи ва ўз дўстлари қўлидаги хизмати асносида уларнинг ҳар бирида у хийла аҳамиятли фазилатларни пайқаган эди. Бундан кейин, ўтган-кетганларни сўроққа тутгувчи хизматкорлар ўз соҳибларидан камроқ шубҳа уйғотади ва ўзлари мурожаат қилган кишиларда кўпроқ хайрихоҳлик учратадилар. Ва ниҳоят, миледи соҳибларни биларди-ю, лекин хизматкорларини билмасди. Хизматкорлар эса аксинча, уни жуда яхши танирдилар.
Тўрт хизматкор келаси куннинг соат ўн бирида тайин жойда йиғилиши зарур эди. Агар миледи беркинган жойни фош этиш уларга насиб қилса, учтаси уни қўриқлаб қолади, тўртинчиси бўлса Атосга хабар қилмоқ, тўрт ёру биродарга кузатувчи бўлиб хизмат қилмоқ учун Бетюнга қайтиб келади.
Бу фармойишларни қулоғига қуйиб олиб хизматкорлар йироқлашишди.
Атос стулдан туриб қиличини белига тақди, ридосига ўралиб олди-да, меҳмонхонадан чиқди. Кеч соат ўнлар эди. Маълумки, кеч соат ўнда вилоят шаҳарининг кўчалари камқатнов бўлади, бироқ Атос ўзи савол билан мурожаат этгудай бирор одамни очиқ-ойдин қидирмоқда эди. Ниҳоят, у бемаҳалда қолган бир йўловчига дуч келиб, унинг ёнига борди ва бир-икки оғиз гап қотди. У мурожаат қилган киши қути учиб орқага тисарилди, лекин ҳар қалай мушкетёрнинг сўзларига жавобан бир тарафга қўли билан ишора қилди. Атос у одамга ўзини кузатиб қўйиши эвазига ярим пистол таклиф қилди, лекин йўловчи бош тортди.
Атос йўловчи қўлини бигиз қилиб кўрсатган кўчадан ичкарироққа кириб борди, лекин чорраҳага етгач, афтидан, нари ёғига қай тарафга юришга қийналиб яна тўхтаб қолди. Лекин чорраҳада унинг биттаяримта одамни учратиб қолиши тайинроқ бўлгани сабабли у ўша ерда тураверди. Дарҳақиқат, кўп ўтмай тунги қоровул ўтиб қолди. Атос йўловчига бир қур берган ўша саволининг ўзи билан мурожаат қилди, қоровул ҳам худди у каби қўрқиб кетди, у ҳам Атосни кузатиб қўйишдан бош тортди ва қўли билан йўлни кўрсатиб қўйди.
Атос кўрсатилган тарафга кетди ва шаҳар теварагидаги шаҳарнинг ўзи билан ўртоқлари кириб келган тарафига қарама-қарши чеккасидаги жойга етиб олди. Бу ерда у, афтидан, яна мушкул аҳволга тушиб қолди ва учинчи дафъа тўхтаб қолди.
Хайриятки, бир гадой ўтиб кетаётган бўлиб, у эҳсон сўрагани Атоснинг ёнига келди. Атос ўзи йўл тутган жойга гадой кузатиб қўйиши учун бир экю таклиф қилди. Гадой аввал тараддудланиб турди, лекин қоронғида йилтираб турган кумуш тангани кўриб бир қарорга келди-ю, Атоснинг олдига тушиб юриб кетди.
Бир кўчанинг муюлишигача етиб, у Атосга узоқдан алоҳида кўриниб турган кичикроқ холи ва ғариб иморатни кўрсатиб қўйди. Атос у томон йўл олди, ўз ҳақини олиб бўлган гадой эса оёғини қўлга олиб нари қочиб қолди.
Деворларнинг тўқ-қизил бўёғи манзарасида эшикни илғаб олгунча Атоснинг уйни бир айланиб чиқишига тўғри келди; дарчалар тирқишидан нурнинг бирор шуъласи ташқарига чиқмас, бу уйда тирик жон бор деб гумон қилишга имкон бергудай тиқ этган товуш эшитилмас эди: у қабр сингари қоронғи ва унсиз эди.
Атос уч сидра тақиллатди, лекин ҳеч ким унга жавоб қилмади. Бироқ учинчисидан кейин ичкаридан яқинлашиб келаётган қадамлар товуши эшитилди; ниҳоят эшик қия очилди-ю, рангпар юзли қора соч, қора соқол дароз одам кўринди.
Атос билан номаълум киши бир оғиз гаплашишди, шундан кейин дароз одам мушкетёрга кириш мумкин деган ишора қилди. Атос бу рухсатдан дарров фойдаланди-ю, унинг ортидан эшик ёпилди.
Атос қидира-қидира шу қадар хилватга келиб қолган ва шу қадар машаққат билан топган одами Атосни кабинетига бошлаб кирди, шундан илгари у бу ерда скелетнинг шалдираб ётган суякларини сим билан маҳкамлаётган эди. Бутун асоси йиғиб бўлинган, фақат бош суяги ҳали столда алоҳида ётарди.
Хонанинг қолган барча жиҳозлари унинг соҳиби тиббий илмлар билан машғуллигини кўрсатиб турарди: зотлари ёзилган патталари кўзга ташланиб турган банкаларда турли илонлар; катта-катта қора ёғоч рамаларга солинган қуритилган калтакесаклар зумрад мисол товланарди; хушбўй ва, афтидан, бехабар одамларга номаълум хусусиятларга молик ёввойи ўт-ўланларнинг боғламлари шифтга илиб қўйилган ва хонанинг бурчак-бурчакларидан осилиб турарди.
Оила ва хизматкорларнинг йўқлиги кўзга ташланарди: дароз одам бу уйда сўққабош истиқомат қиларди.
Атос биз тавсиф этган нарсаларнинг ҳаммасига совуққон ва лоқайд назар солиб чиқди ҳамда ўзи йўқлаб келган кишининг таклифига биноан унинг ёнидан жой олди.
Сўнгра у ўз ташрифининг сабабини ва ўзи сўраб мурожаат қилаётган хизматни унга уқтирди. Лекин Атос ўз илтимосини баён қилар-қилмас, номаълум киши даҳшат ичида тисланди-да, бош тортди. Шунда Атос икки энлик хат ёзилган, имзо ва муҳр билан тасдиқланган қоғозни чўнтагидан олиб, уни нафрат ҳазарини билдиришга ўта шошган кимсага кўрсатди. Дароз одам бу икки сатрни ўқиган, имзони кўрган ва муҳрни таниган замон ўзининг ортиқ эътирози йўқлиги ва итоат этишга тайёрлиги маъносида дарҳол таъзим қилди.
Атосга шу керак эди, холос. У ўрнидан туриб хўшлашди, ташқарига чиқиб ўзи келган йўлдан орқага қайтди, меҳмонхонага келиб, ўз хонасини қулфлаб олди.
Саҳарда унинг ҳузурига д’Артаньян кирди ва нима қилмоқ керак, деб сўради.
Бир-икки дақиқа ўтгач, монастир нозираси кўмиш маросими тушда бўлишини мушкетёрларга хабар қилди. Заҳарлаган аёлга келганда у борасида ҳеч қандай маълумот йўқ эди; фақат уни боғ орқали қочган деб тахмин қилардилар: у ерда қумда унинг изларини топишган ҳамда боғ дарчаси қулф бўлиб чиққан, калити эса ғойиб бўлган эди.
Тайин соатда лорд Винтер билан тўрт оғайни монастирга ташриф буюрдилар; у ерда барча қўнғироқлар жаранглаб, бутхонанинг эшиклари очиқ турар, лекин клирос панжараси ёпиқлигича қолганди. Клирос ўртасида ёвузлик қурбонининг роҳиби либосига чулғанган жасади солинган тобут турарди. Клироснинг икки тарафида монастирдан тўппа-тўғри кирилгувчи панжара орқасида ҳаммаси жам бўлиб кармелиткалар турарди; улар ўша ерда туриб мотам куйини тинглашар ва фано одамларини кўрмаган ва ўзлари ҳам уларга кўриниш бермаган ҳолда ўз хонишларини руҳонийларнинг муножотларига жўр этардилар.
Бутхона эшиги ёнига бориб д’Артаньян матонати яна ўзини тарк этаётганини ҳис қилди; у кўзлари билан Атосни ахтарганича орқасига ўгирилди, лекин Атос ғойиб бўлган эди.
Ўз зиммасига олган қасос масаласига вафо қилиб, Атос ўзини боққа кузатиб қўйишни буюрди; у ерда қадами текканки жойда орқасидан қонли из солиб кетгувчи бу аёлнинг қум устидан чўзилиб кетган енгил оёқ изларидан бориб, у ўрмон чеккасига чиқадиган дарчагача етди ва уни очишни буюриб ўрмонга кириб кетди.
Бу ерда унинг барча тахминлари тасдиқланди: извош бурилган йўл ўрмонни айланиб ўтар эди. Атос бирмунча вақт шу йўлдан кўзларини ерга қадаб борди; у ҳар замонда ё извошга ҳамроҳ отдаги одамга, ё отларнинг бирига етказилган жароҳатдан далолат бергувчи майдароқ қон доғларини илғаб қолар эди. Монастирдан тахминан чорак ле нарида, Фестюбердан эллик қадамча берида каттароқ доғ кўзга ташланар, унинг теварагидаги ерни ҳам отлар тепалаб ташлаган эди. Ўрмон билан шу фош этгувчи жой ўртасидаги туёқлар кавлаб ташлаган жойдан сал нарироқда худди боғдаги ўша майда одимлар изи чўзилиб кетган эди; афтидан, извош бу ерда тўхтаб турган.
Шу жойда миледи ўрмондан чиқиб извошга минган.
Ўзининг барча тахминларини тасдиқлагувчи бу кашфиётдан мамнун бўлиб, Атос меҳмонхонага қайтди ва у ерда бетоқат бўлиб ўзига кўз тутаётган Планшени топди.
Ҳаммаси худди Атос гумон қилгандек бўлиб чиқди.
Йўлдан юриб бориб Планше худди Атос сингари қонли доғларни кўриб қолган ва отлар тўхтаган жойни топган; лекин ўша ердан Атос орқага бурилган, Планше эса ичкари кетган ва Фестюбер қишлоғидаги харобатда қўниб ва шароб ичиб ўтириб, у ҳатто ҳеч кимдан суриштирмасдан ҳам кеча кеч соат саккиз яримларда почта извошида саёҳат қилиб юрган хонимга ҳамроҳ бир ярадор киши тўхташга мажбур бўлгани, негаки, ортиқ юролмаганини билиб олган. Йўловчилар бу жароҳатни гўё ўрмонда извошни тўхтатган қароқчиларнинг ҳужуми билан изоҳлаганлар. Ярадор қишлоқда қолган, аёл эса отларни алмаштириб олиб йўлида давом этган.
Планше шу извошнинг почтасини ахтаришга киришди ва уни топди. Почтачи хонимни Фромелгача элтиб қўйган, Фромелдан эса у Армантерга кетган эди. Планше қишлоқ йўлидан тиккасига кесиб борди ва саҳар соат еттида Армантерга етиб олди.
У ерда почта бекати қошида биттагина меҳмонхона бор экан. Планше у ерга жойсиз қолиб хизмат қидириб юрган хизматкор бўлиб кириб борди. У меҳмонхона хизматчиси билан ўн дақиқа ҳам гаплашмасдан аллақандай аёл ҳеч ким томонидан кузатилмай кеча кеч соат ўн бирда келганини, бир хонани банд қилиб, меҳмонхона назоратчисини ҳузурига чақиртиргани ва унга бирор муддат Армантер атрофида яшаш истаги борлигини айтганларини билиб олди.
Планше ўзига зарур ҳамма нарсани билиб олди. У мулоқот учун тайинланган жойга югуриб кетди, у ерда шартлашилгандек қолган уч хизматкор билан учрашди ва меҳмонхонанинг барча чиқиш эшикларини пойлаб туришни уларга топшириб, Атос ҳузурига ошиқди.
Атоснинг дўстлари кўмиш маросимидан қайтиб, унинг хонасига кириб борганларида Планше ҳали ўзи тўплаган маълумотларни унга ахборот бериб турган эди.
Ҳамманинг юзи, ҳатто ювош Арамиснинг ҳам юзи тўниқ ва хомуш эди.
– Нима қилмоқ керак? – сўради д’Артаньян.
– Кутиш, – жавоб берди Атос.
Кеч соат саккизда Атос отларни эгарлашни ҳамда лорд Винтер билан ўз дўстларига йўл тараддудини кўришларини айтиб қўйишни буюрди. Ҳаш-паш дегунча бешовлон ҳам тахт бўлди. Уларнинг ҳар бири ўз қуролини кўздан кечириб, эпақага келтириб олди. Атос пастга энг сўнггида тушди. Д’Артаньян аллақачон отида ўтирар ва жўнаб кетишга кўзи тўрт эди.
– Бир оз сабр қилинг, – деди Атос, – ичимизда бир одам кам.
Тўрт бирдай суворий таажжуб ичида атрофга аланглаб қараб қўйдилар; уларнинг ҳар бири ўз хаёлида кимкимлигини топиб олишга беҳуда уринарди.
Бу ўртада Планше Атоснинг отини етаклаб келди; мушкетёр енгил сакраб отга минди.
– Мени кутиб туринглар, мен тезда келаман, – деди у ва отини чоптириб кетди.
Чорак соатдан кейин у чинданам узун қизил ридога бурканган, юзига ниқоб тутган одамни эргаштириб қайтиб келди.
Лорд Винтер билан уч мушкетёр бир-бирига савол назарини ташлашди. Уларнинг бирортаси ҳам бошқасига маълумот бера олмасди: бу одамнинг кимлиги ҳеч кимга маълум эмас эди. Лекин хаёлан улар бу Атосдан чиққан экан, шундай бўлиши керакдир, деган фикрга келиб қўйишди.
Соат тўққизда Планше раҳбарлигидаги кичик тўда худди извош ўтган йўлнинг ўзидан равона бўлди.
Ўз хаёлларига ғарқ бўлиб – дард-алам каби ғамгин, қасос каби ваҳимали бўлиб индамай кетаётган бу олти киши қайғули манзара касб этган эди.
ХХХV
Суд
Тун қоронғи ва суронли эди, оғир-оғир булутлар юлдузларни тўсиб осмон бўйлаб изғиб юрарди; ой фақат ярим кечада чиқиши керак эди.
Гоҳида осмоннинг бир чеккасида чақнаётган чақмоқ ёғдусида олис-олисларга қараб кетган хилват йўл оқариб кўриниб қоларди-ю, сўнгра эса борлиқ яна зулматга чўмар эди.
Атос ҳадеб кичик отряддан ўзиб кетиб қолаётган д’Артаньянни ҳар дақиқа чақириб олар, лекин зум ўтгач, д’Артаньян ғизиллаб яна олдинга ўтиб кетар эди; унинг фикри-ёдида бир нарса бор эди, холос: олға учиш – у учиб бормоқда эди.
Суворийлар сукут ичида ярадор хизматкор қолган Фестюбер қишлоғидан ўтиб кетишди, кейин Ришбург ўрмонини четлаб ўтдилар. Эрлийега етганда тўрда аввалгидек йўл кўрсатиб бораётган Планше чапга бурилди.
Бир-икки марта дам лорд Винтер, дам Портос, дам Арамис қизил ридолик киши билан гап очишга уриниб кўрдилар, лекин у берилаётган саволларга унсиз таъзим билан жавоб қиларди. Сайёҳлар номаълум кишининг сукути бесабаб эмаслигини фаҳмладилар-да, уни гапга аралаштирмай қўйдилар.
Бу ўртада ҳаво айниб борар, чақмоқ чақинлари бирбирини қувиб келар, момақалдироқ гумбурлар ва бўрон даракчиси бўлмиш шамол суворийларнинг сочларини-ю, шляпалари патларини тўзғитарди.
Тўда отларини йўрттириб кетди.
Улар Фромелдан ўтиб олганларидан кейин кўп ўтмай ҳаво айниди. Суворийлар ридоларига бурканиб олишди; уларнинг уч лелик йўли қолган бўлиб, уни шаррос ёмғир остида босиб ўтишди.
Д’Артаньян шляпасини ечиб, плашчини очиб юборди: у лов-лов ёнаётган пешанасини, безгаксимон титроқдан ларзага келаётган гавдасини ҳузур қилиб жалага тутарди.
Тўда Госкални ортда қолдириб, почта бекатига яқинлашиб қолганда дарахт тагида ёмғирдан пана бўлиб турган бир одам қоронғида ўзи бирлашиб кўринаётган танадан ажралиб йўлнинг ўртасига чиқди ва бармоғини лабларига босди.
Атос Гримони таниди.
– Нима бўлди? – сўради д’Артаньян. – Наинки у Армантердан кетиб қолган бўлса?
Гримо тасдиқлаб бошини ирғаб қўйди. Д’Артаньян тишларини ғижирлатиб қўйди.
– Жим бўл, д’Артаньян! – буюрди Атос. – Ҳаммасини мен гарданимга олганман, Гримони сўроқ қилишни менга қўйиб бер.
– У қаерда? – сўради Атос.
Гримо қўлини Лис дарёси тарафга узатди.
– Бу ердан олисми? – сўради Атос.
Гримо ўз соҳибига букилган кўрсаткич бармоғини кўрсатди.
– Ёлғизми? – сўради Атос.
Гримо тасдиқловчи ишора қилди.
– Жаноблар, – деди Атос, – шу ердан ярим ле нарида дарё тарафда, у ёлғиз.
– Яхши, – садо берди д’Артаньян, – бизни бошла Гримо.
Гримо даладан юриб кетди, тўда унга эргашди.
Эллик қадамлардан кейин суворийлар ариққа дуч келдилар ва уни саёз еридан кечиб ўтдилар. Чақмоқ яллиғида улар бир зум ёришган Ангемгем қишлоғини кўриб қолишди.
– Ўша ердами, Гримо? – сўради Атос.
Гримо бошини ирғаб қўйди.
– Секинроқ, жаноблар! – деди Атос.
Отряд йўлида давом этарди.
Яна чақмоқ чақди; Гримо қўлини узатди ва илангбилан илон изи чизиқнинг кўкиш нурида суворийлар паромдан юз қадам нарида дарё бўйида танҳо турган кулбани илғадилар.
Бир деразаси ёруғ эди.
– Биз муддао олдидамиз, – деди Атос.
Шу нафас зовурда ётган аллақандай одам сапчиб оёққа турди. Бу Мушкетон эди. У бармоғи билан ўқталиб, ёруғ деразани ишора қилди-да, деди:
– У ўша ерда.
– Базен-чи? – сўради Атос.
– Мен деразани пойлаб ётибман, у бўлса эшикни қўриқлаб турибди.
– Яхши, – мақтаб қўйди Атос, – сизлар ҳаммангиз садоқатли хизматкорларсиз.
Атос сакраб отдан тушди, тизгинни Гримога берди ва қолган ҳаммага уйни айланиб ўтиб, эшик тагига келишни ишора қилиб, ўзи дераза сари йўналди.
Уй бир-икки фут баландликдаги яшил иҳота билан қуршалган эди. Атос ундан ҳатлаб ўтди-да, дераза ёнига борди: у дарчасиз, лекин ярмигача етиб турган дарпардалари зич суриб қўйилган эди.
Атос тош дўнгликка чиқди ва дарпардалар оша хонага мўралади.
Чироқ нурида у қорамтир мантиляга ўралиб олган аёлни кўрди; у сўниб бораётган ўчоқ олдида курсида ўтирар ва тирсакларини пачоқ столга тираб оппоқ, гўё фил суягидан йўнилгандай қўллари билан бошини чангаллаб олганди.
Унинг рухсорини тузукроқ кўриб бўлмасди: лекин Атоснинг лабларида қаҳрли табассум пайдо бўлди: у янглишмаган, ҳа, бу ўша, ахтариб юрган аёлнинг ўзгинаси эди.
Ногаҳон от кишнади. Миледи бошини кўтарди, Атоснинг ойнага ёпишган рангпар юзини кўрди-ю, додлаб юборди.
Атос унинг ўзини таниганини тушунди ва деразани қўли-ю, тиззаси билан итарди; дераза сурилди, ойналари чил-чил бўлиб сочилиб кетди.
Атос ирғиб хонага кирди ва қасос шарпасидай миледи қаршисида ҳозир бўлди.
Миледи эшик томон отилиб, уни очиб юборди – бўсағада Атосдан ҳам бадтар ранги ўчган ва ҳайбатли д’Артаньян турарди.
Миледи дод солиб, ўзини орқага ташлади. Д’Артаньян унинг ҳали қочиб кетиш имкони бор деб ўйлаб ва яна уларнинг қўлидан чиқиб кетишидан қўрқиб, ёнидан пистолетини чиқарди, лекин Атос қўлини кўтарди.
– Қуролни жойига қўйинг, д’Артаньян, – деди у, – бу аёлни ўлдириш эмас, суд қилмоқ керак. Бир оз мушоҳада қилинг, д’Артаньян, кўнглингиз жойига тушади.
Д’Артаньян итоат этди: Атоснинг овози тантанавор, имо-ишоралари парвардигорнинг ўзи юборган ҳакамники эди гўё. Д’Артаньян кетидан Портос, Арамис, лорд Винтер ва қизил ридолик киши кириб келишди.
Хизматкорлар эшик ва деразаларни қўриқлаб туришди.
Миледи стулга чўкди-да, бу мудҳиш манзарани афсун қилаётгандай қўлларини ёйди; қайнағасини кўриб, у даҳшатли фарёд кўтарди.
– Сизларга нима керак? – қичқирди миледи.
– Бизга, – жавоб берди Атос, – аввал графиня де Ле Фер, кейин эса леди Винтер, баронесса Шеффилд бўлган Шарлотта Баксон керак.
– Бу мен, бу мен! – даҳшатдан эсанкираб ғўлдиради миледи. – Мендан нима истайсизлар?
– Биз сизни қилган жиноятларингиз учун суд қилмоқчимиз, – деди Атос, – ўзингизни ҳимоя қилсангиз ихтиёрингиз, қўлингиздан келса, ўзингизни оқланг. Жаноб д’Артаньян, биринчи сиз айблайсиз.
Д’Артаньян олдинга чиқди.
– Худо ва бандалар олдида, – сўз бошлади у,– бу аёлни мен кеча кечқурун қазо қилган Констанция Бонасени заҳарлашда айблайман.
У Портос билан Арамис томонга ўгирилди.
– Биз бунга гувоҳлик берамиз, – деб баравар гапирди иккала мушкетёр.
Д’Артаньян сўзида давом этди:
– Худо ва бандалар олдида мен бу аёлни шаробга заҳар солиб, менинг ўзимни заҳарлашга қасд қилишда айблайман, шаробни у менга Виллеруадан дўстлар туҳфаси деб ишонтириш истагида хат билан қўшиб юборган. Худо мени сақлаб қолди, лекин менинг ўрнимга Бризмон номли бошқа одам ўлиб кетди.
– Биз бунга гувоҳлик берамиз, – деди Портос билан Арамис.
– Худо ва бандалар олдида бу аёлни мени граф де Вардни ўлдиришга ундашда айблайман ва бу айбнинг чинлигига гувоҳлик бера олгувчи ҳеч ким йўқлиги сабабли мен ўзим бунга гувоҳлик бераман. Мен тугатдим.
Д’Артаньян Портос ва Арамис билан бирга хонанинг нариги чеккасига ўтиб турди.
– Сизнинг навбатингиз, милорд! – деди Атос.
Барон олдинга чиқди.
– Худо ва бандалар олдида, – гап бошлади у, – бу аёлни унинг гижгижлаши оқибатида герсог Бэкингем ўлдирилганлигида айблайман.
– Герсог Бэкингем ўлдирилганми? – бир овоздан хитоб қилди шу ердагиларнинг ҳаммаси.
– Ҳа, – деди барон, – ўлдирилди! Сизларнинг огоҳлантиргувчи мактубингизни олгач, мен бу аёлни ҳибсга олишни буюрдим ва уни қўриқлашни менга энг содиқ ва фидойи бир одамимга топширдим. Бу уни йўлдан урди, қўлига ханжар тутқазди. Герсогни ўлдиришга уни кўндирди ва айни шу тобда бу манжалақининг жинояти учун Фельтон боши билан товон тўлаган бўлса керак.
Ҳукм этувчилар бу ўзларига ҳали номаълум ёвузликлар фош этилганда беихтиёр ларзага келишди.
– Ҳали бу ҳаммаси эмас, – сўзида давом этди лорд Винтер, – cизни ўзининг меросхўри қилиб кетган акам атиги уч соат касал бўлиб, одамнинг бутун баданига кўкимтир доғлар тошадиган ғалати дарддан вафот этди. Синглим, эрингиз нимадан қазо қилди?
– Қандай даҳшат! – қичқириб юборди Портос билан Арамис.
– Бэкингемнинг қотили, Фельтоннинг қотили, менинг акамнинг қотили, мен адолат талаб қиламан ва маълум қиламанки, унга етиша олмасам уни ўзим бажо келтираман.
Лорд Винтер четга чиқди-да, д’Артаньян билан ёнмаён турди.
Миледи бошини қўлларига тираб азбаройи қўрққанидан чувалашиб кетган фикрларини йиғиб олишга уринарди.
– Энди навбат менга, – деди Атос ва илонни кўриб қолган арслон қалтираганидай титраб кетди, – навбат менга. Мен бу аёлга у ҳали жуда ёш қиз бўлган пайтлари бутун оиламнинг раъйига қарши уйланиб қўйган эдим. Мен унга давлат бердим, мен унга ўз номимни бердим ва бир кун бу аёлнинг тамғаланганлигини кўриб қолдим: унинг чап кифтига нилуфар шаклидаги тамға босилган.
– О, – хитоб қилди миледи ва ўрнидан туриб кетди, – кафилманки, менинг устимдан бу разил ҳукмни чиқарган суд топилмас. Кафилманки, уни бажо қилган кимса топилмас.
– Унингизни ўчиринг! – деди аллакимнинг товуши. – Бунга мен жавоб бераман!
Қизил ридолик киши олдинга чиқди.
– Бу ким, бу ким? – қўрқувдан нафаси ичига тушиб бақириб юборди миледи; унинг сочлари ёйилиб, ўлимтик юзи устида бамисоли жони бордай тебрана бошлади.
Ҳамманинг кўзи шу кишига қадалди; Атосдан бўлак ҳеч ким уни танимасди. Атоснинг ўзи ҳам худди қолганлар сингари таажжуб билан қай йўсинда шу дамда хотимаси ясалмоқда бўлган бу мудҳиш драмага бу одам алоқадор бўлиб чиқиб қолганидан ҳангу манг бўлиб унга қараб турарди.
Салмоқли тантанали қадам билан миледининг ёнига, фақат ўртада стол ажратиб турган масофага яқинлашиб, номаълум киши юзидан ниқобни олиб ташлади.
Миледи лоқайд совуқ хотиржамлигини сақлаб турган қора соч ва чакка соқол билан ўралган рангпар юзга тобора даҳшати ортиб бирмунча вақт тикилиб турди, кейин бирдан девор томонга сапчиб тушди.
– Йўқ, йўқ! – оғзидан чиқиб кетди унинг. – Йўқ! Бу дўзах шарпаси! Бу у эмас!.. Ёрдам беринг! Ёрдам беринг! – овози хириллаб фиғон қилди у ва қўллари билан суриб ташлаб, ичида бекинмоқчидай ўгирилди.
– Кимсиз ўзи? – хитоб қилишди бу кўринишининг барча шоҳидлари.
– Бу аёлдан сўраб кўринг, – деди қизил ридолик одам, – ўзингиз кўриб турибсиз, у мени таниди.
– Лиллик жаллоди, лиллик жаллод! – қўрқувдан эси оғиб ва йиқилиб кетмаслик учун қўллари билан деворга тирмашиб бақириб-чақирарди миледи.
Ҳамма чекинди ва қизил ридолик киши хонанинг ўртасида ёлғиз қолди.
– О, шафқат қилинг, шафқат қилинг, мени афу этинг! – тиз чўкиб ёлворарди касофат хотин.
Номаълум киши сукунат чўккунича кутиб турди.
– Мен сизга айтдим-ку, у мени таниди деб! – деди у. – Ҳа, мен Лилл шаҳрининг жаллодиман ва мана менинг тарихим.
Ҳамма бесаранжом сабрсизлик билан унинг оғзини пойлаб, бу одамга кўз узмасдан қараб турарди.
– Бу ёш жувон бир маҳаллар худди шундай гўзал ёш қиз бўлган эди. У бенедиктинкалар тамплемар монастирининг роҳибаси эди. Соддадил ва жуда диндор ёш руҳоний шу монастир ибодатхонасида хизмат ўтарди. Бу уни йўлдан оздиришни дилига тугди, бунинг уддасидан чиқди ҳам: бу авлиёни йўлдан уриши мумкин эди.
У қабул қилган роҳиблик қасамлари муқаддас ва бузилмас эди. Уларнинг алоқалари узоқ чўзилиши мумкин эмас эди, эртами-кечми уларнинг бошини ейиши керак эди. Ёш роҳиба ўз хушторини авраб, ўша ўлкаларни тарк этишга кўндирди, лекин у ердан кетмоқ учун, икки кишилашиб беркинмоқ учун улар тинч тирикчилик қилгудай жойга Франциянинг уларни ҳеч бир жон танимайдиган бошқа чеккасига кўчиб ўтиш учун пул зарур эди, лекин на унисида, на бунисида у йўқ эди. Руҳоний табаррук идишларни ўғирлаб сотган, лекин ошиқ-маъшуқлар бирга жўнаб кетишга чоғланиб турган дақиқада уларни тутиб олганлар.
Бу ҳафта ўтгач, у қамоқ назоратчисининг ўғлини йўлдан уриб, қочиб кетган. Руҳоний кишан билан ўн йил қамоқ ва тамға жазосига ҳукм қилинган. Мен бу аёл таъкидлаётганидай Лилл шаҳри жаллоди эдим. Айбдорни тамғалаш менинг мажбуриятим эди, айбдор эса менинг укам эди, жаноблар!
Шунда мен уни жувонмарг қилган, унга шерикдан ортиқ бўлган, зеро, уни жиноятга шу ундаган эди, бу аёл ҳеч бўлмаганда унинг жазосини баҳам кўради, деб қасам ичиб қўйдим. Мен унинг қаерда яшириниб юрганини фаҳмлаб турар эдим, уни излаб топдим, ушлаб олдим ва боғлаб чирмадим, худди ўзимнинг укамга босгандай тамғани босдим.
Мен Лиллга қайтиб келганимдан кейин эртасига укамга қамоқдан қочиб кетиш насиб қилган. Мени кўмак беришда айблаб то қочоқ ўзини ҳукумат қўлига топширмагунча қамоқ жазосига ҳукм қилдилар: укам бу ҳукмдан бехабар эди. У яна бу аёл билан топишиб кетган, улар бирга Беррига қочишган ва укам бир амаллаб у ердан кичикроқ қавм олган. Бу аёл ўзини унинг синглиси деб танитган.
Қавм ибодатхонаси бир мансабдор тасарруфида жойлашган бўлиб, у бу сохта сингилни кўриб, уни севиб қолган, шу даражада севиб қолганки, унга ўз рафиқаси бўлишни таклиф этган. Шунда жувонмарг қилиши зарур кишини деб у ўзи жувонмарг қилиб бўлган кишини тарк этган-да, графиня де Ла Фер бўлиб олган…
Ҳамма нигоҳини ҳақиқий исми граф де Ла Фер бўлмиш Атосга кўчирди, Атос ҳам бош ирғаб жаллоднинг ҳамма гаплари тўғрилигини тасдиқлади.
– Шунда, – давом этарди жаллод, – менинг бечора укам фиғони фалакка чиқиб, бу аёл номусидан ҳам, бахтидан ҳам маҳрум қилган ҳаётдан кечиб қўя қолишга қасд қилиб Лиллга қайтиб келган. Мени унинг ўрнига қамоқда ётганимдан хабар топиб, у ўз ихтиёри билан келиб ўша оқшомдаёқ зиндон мўриси табақасига ўзини-ўзи осган.
Дарвоқе, тан бермоқ керак, мени ҳукм қилган ҳокимлар сўзининг устидан чиқишди. Ўз-ўзини ўлдирган кишининг шахси аниқланган замон менга озодликни қайтариб беришди.
Мана, мен уни айблайдиган жиноят, мана нима учун у тамғаланган!
– Жаноб д’Артаньян, – сўз бошлади Атос, – сиз бу аёл учун қандай жазо талаб қиласиз?
– Ўлим жазосини, – жавоб берди д’Артаньян.
– Милорд Винтер, сиз бу аёл учун қандай жазони талаб қиласиз?
– Ўлим жазосини, – жавоб берди лорд Винтер.
– Жаноб Портос ва жаноб Арамис, сизлар, бу аёлнинг ҳукм этувчилари, сизлар уни қандай жазога ҳукм қиласизлар?
– Ўлим жазосига, – бўғиқ овоз билан жавоб берди иккала мушкетёр.
Миледи жон ҳолатда фарёд кўтарди, ўз ҳакамлари сари бир-икки қадам судралиб борди.
Атос қўлини кўтарди.
– Шарлотта Баксон, графиня де Ла Фер, леди Винтер, – гапирди у, – сизнинг ёвуз қилмишларингиз ер юзидаги бандаларни ва фалакдаги худонинг сабр косасини тўлдириб юборди. Бирор дуони билсангиз ўқиб олинг, зеро, сиз ҳукм этилгансиз ва ўласиз.
Ўзида заррача умид қолдирмайдиган бу сўзларни эшитиб миледи ўрнидан турди-да, қаддини ростлади ва бир нима демоқчи бўлди-ю, унинг дармони етмади; у пайқадики, шум қисмат одамни домига тортгани каби иқтидорли ва қатъий қўл унинг сочларидан чангаллаб узил-кесил судраб кетмоқда. У қаршилик қилишга ҳатто уриниб ҳам қўймади ва кулбадан чиқди.
Лорд Винтер, д’Артаньян, Атос, Портос ва Арамис унинг ортидан чиқишди. Хизматкорлар ўз соҳибларига эргашдилар. Ҳувиллаб қолган, деразалари синиб кетган, эшиклари ланг очиқ, хонадаги столда тутаб ётган чироқ ҳазин ёнишини тугатмоқда эди.