Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

У қироличанинг очиқ турган эшик олдига ҳали яқин келиб, ҳали нари кетаётган шарпасини эшитиб турар, бир-икки марта, ҳатто, ёруғликни тўсиб қўйган аллақандай қорани ҳам кўрди.

Нохос кимнингдир ажиб шаклдаги оппоқ қўли дарпарда орасидан чўзилди. Д’Артаньян бу ўзининг мукофоти эканини тушунди; у тиз чўкиб, бу қўлни тутдида, эҳтиром билан унга лабларини тегизди. Кейин қўл унинг кафтида бир нарсани қолдириб, ғойиб бўлди, бу узук эди.

Эшик дарҳол ёпилиб, д’Артаньян яна тамом зулматда қолди.

Д’Артаньян узукни қўлига тақиб, яна кута бошлади; бу ҳали хотима эмаслигига унинг ақли етарди. Садоқат учун мукофотдан кейин муҳаббат мукофоти келмоғи лозим эди.

Бунинг устига, гарчи, балет тугаган бўлса-да, кеча эндигина бошланмоқда эди; кечки овқат соат учга тайин этилган, авлиё Иоанн минорасидаги соат боягина чорак кам учга занг урган эди.

Дарҳақиқат, қўшни хонадаги ғала-ғовур аста-секин босилиб, йироқлашди, сўнгра д’Артаньян турган кабинетнинг эшиги яна очилди-ю, ундан югуриб Бонасе хоним кирди.

– Сиз-а! Хайрият-эй! – қичқириб юборди д’Артаньян.

– Жим бўлинг, – унинг оғзини қўли билан беркитиб гапирди жувон. – Келган йўлингиздан индамай қайтиб кетинг.

– Аммо, сизни қачон ва қаерда кўраман? – қичқирди д’Артаньян.

– Буни ўз уйингиздан топажак номадан биласиз. Борсангиз-чи, боринг!

Шу сўзларни айтиб, у йўлак эшигини очди-да, д’Артаньянни кабинетдан чиқариб юборди.

Д’Артаньян қаршиликсиз, бирон оғиз эътирозсиз, худди бола сингари итоат қилди, бу унинг чинакам ошиқ бўлганини исботлаб турарди.

XXIII
Висол

Д’Артаньян уйига югуриб қайтиб келди ва саҳар – соат учдан ҳам ошиб кетганига қарамасдан, у эса Парижнинг энг хавфли даҳаларидан ўтган эди, у бирорта ҳам кўнгилсиз тўқнашувга йўлиқмади. Ширакайф ва ошиқ кишиларни фариштаси қўриқлаб юриши ҳаммага маълум.

Кўча эшиги қия очиқ турарди; у зинапоядан чиқиб, фақат ўзи ва хизматкорига маълум шартли зарблар билан оҳиста тақиллатди. Уйда кутиб ўтиришини тайинлаб, икки соат илгари ўзи ратушадан жўнатиб юборган Планше унга эшикни очди.

– Менга мактуб олиб келишмадими? – дарров сўради д’Артаньян.

– Йўқ, тақсир, ҳеч ким олиб келмади, – дея жавоб берди Планше, – лекин ўзи келган мактуб бор.

– Бу нима деганинг, овсар?

– Бу деганимки, уйга келгач, ётоқхонангизнинг столи устидан бир мактуб топиб олдим, гарчи, уйнинг калити чўнтагимда, ундан бир зум ҳам ажралмаган эдим.

– Қани ўша мактуб?

– Мен уни қаерда турган бўлса ўша ерда қолдирдим, тақсир. Гапни қаранг-а, мактублар одамларникига шу зайл тушиб турса! Борди-ю, дераза очиқ ёки лоақал қия турганда ҳам майли эди – ҳеч нима деб ўтирмасдим, лекин йўқ-да, ахир у зич берк эди. Ҳазир бўлинг, тақсир, бу ерда жинларсиз иш битмаган.

Унинг гапини охиригача эшитмай йигит хонага интилди-ю, мактубни очди; у Бонасе хонимдан бўлиб, тубандаги сатрларни қамраган эди:

«Сизга ўз номидан ҳамда бошқа кишининг номидан қизғин миннатдорлик билдирмоқчилар. Бугун кечқурун соат тўққизда Сен-Клуда жаноб д’Естренинг уйига туташган шийпоннинг қаршисида бўлсангиз.

К. Б.»

Бу мактубни ўқиркан, д’Артаньян ошиқларни ҳам тилкалаб, ҳам эркалагувчи ширин титроқдан юраги гоҳ қисилиб, гоҳ кўксига сиғмай кетаётганини ҳис қиларди.

Бу – у олган илк нома, унга тайинланган илк висол эди. Унинг севинчдан ошифта қалби муҳаббат аталмиш замин жаннатининг остонасида тўхтаб қоладигандай эди.

– Хўш, қалай, тақсир! – соҳибининг дам қизариб, дам бўзараётганини кўриб, деди Планше. – Нима? Мен топдим-у, бу бир чатоқ воқеа шекилли, а?

– Хато қиляпсан, Планше, – жавоб берди д’Артаньян, – исботига эса мана сенга экю, менинг саломатлигим учун ичарсан.

– Экю учун ташаккур, тақсир, топшириғингизни аниқ бажаришга ваъда бераман, лекин, барибир, шуниси ҳам тўғрики, берк уйларга шу йўсин тушадиган мактублар…

– Осмондан тушади, дўстим, осмондан тушади.

– Демак, сиз мамнунсиз, тақсир? – сўради Планше.

– Бандаларнинг энг бахтлисиман, азизим Планше!

– Мен сизнинг бахтингиздан ётиб бир мизғиб олиш учун фойдалансам ҳам бўладими?

– Ҳа, ҳа, ётавер.

– Илоё барака топинг, тақсир, лекин, шуниси ҳам тўғрики, бу мактуб…

Планше д’Артаньяннинг саховатлари унинг гумонларини батамом тарқатолмаганини билдирувчи бир алфозда бошларини сарак-сарак қилганча чиқиб кетди.

Ёлғиз қолгач, д’Артаньян номани яна ва яна қайта ўқиб, гўзал маъшуқасининг қўли билан битилган сатрларни йигирма карра ўпиб чиқди. Ниҳоят, у ўрнига ётиб, уйқуга кетди-ю, олтин хаёлларга ғарқ бўлди.

Эрталаб соат еттида туриб, у иккинчи овоз беришда эшикни очган, лекин кечаги ташвишларнинг излари чеҳрасидан аримаган Планшени чақирди.

– Планше, – деди унга д’Артаньян, – мен кетяпман, кун бўйи бўлса керак. Хуллас, кеч соат еттигача сен бўшсан, аммо соат еттида икки от билан тахт тургин.

– Шунақа денг! – деди Планше. – Биз яна этимизни илма-тешик қилгани кетаяпмиз, шекилли.

– Мушкет билан пистолетларни қўшиб ол.

– Ана, айтмадимми? – қичқирди Планше. – Мен билганман лаънати мактуб!

– Ҳовлиқмасанг-чи, каллаварам, гап шунчаки сайр тўғрисида кетяпти.

– Бўлмасам-чи, ҳалиги ўқлардан ёмғир ёғиб, ердан қопқонлар униб чиққан кўнгилочар сафар қабилида.

– Дарвоқе жаноб Планше, – сўзида давом этди д’Артаньян, – агар қўрқаётган бўлсангиз, мен сизсиз кетаман. Қўрқиб, титраб қақшаётган ҳамроҳ олгандан кўра ёлғиз кетган маъқулроқ.

– Сиз мени хафа қиляпсиз, тақсир, – эътироз қилди Планше. – Мени ишда кўрдингиз, шекилли.

– Ҳа, лекин, чамамда, бор мардлигингни бир мартада сарфлаб қўйибсан.

– Пайти келганда менда ҳали унча-бунчаси қолганига ишонч ҳосил қиларсиз, лекин, агар ўша мардликдан кўпроқ қолсин десангиз, ҳаддан ортиқ исроф қилаверманг.

– Хўш, назарингда қандай, шу бугунги оқшомга етадими?

– Умид қиламан.

– Жуда соз! Унда сенга ишонаман.

– Мен тайин вақтда тахт тураман. Лекин, мен гвардия табласида фақат битта отингиз бор деб юрардим, тақсир?

– Эҳтимол, шу тобда фақат биттадир, лекин кечгача тўртта бўлади.

– Бундан чиқди, биз отлар харид қилгани борибмизда?

– Худди шундай, – жавоб берди д’Артаньян.

Кетиш олдидан Планшега бармоқ ўқталиб, у уйдан чиқди.

Бўсағада жаноб Бонасе турарди. Д’Артаньян муҳтарам атторнинг ёнидан гаплашмасдан ўтиб кетиш ниятида эди, лекин у бирам мулойим ва ялхак таъзим қилдики, ижарадорнинг таъзимига жавоб қилиши тугул суҳбат бошлашга ҳам тўғри келди.

Рафиқаси худди шу оқшомга Сен-Клуда жаноб д’Естренинг шийпони қаршисида мулоқот тайинлаган бўлса-ю эрга нисбатан сал риоя қилмай бўлармиди! Д’Артаньян қўлидан келган энг хуш бир қиёфада унинг ёнига борди.

Табиийки, бечоранинг қамоқда бўлишидан гап очилди. Менгдаги нотаниш киши билан ўзи ўртасидаги суҳбатни д’Артаньян эшитиб қолганидан бехабар жаноб Бонасе ўз баёни давомида нуқул кардиналнинг жаллоди деб тилга олган ўша рўдапо Лафемнинг золимлиги ҳақида ёш ижарадорига ҳикоя қилиб, унга Бастилияни, тамбаларни, қамоқнинг дарчаларини, туйнукларини, панжара ва қийноқ асбобларини эзмаланиб тасвирлаб берди.

Д’Артаньян уни киройи эътибор билан тингларди.

– Айтинг-чи, ўшанда Бонасе хонимни ким ўғирлаганини билдингизми? – у гапини тугатгандан кейин ахири сўради д’Артаньян. – Негаки сиз билан танишиш бахти ўша қайғули ҳодиса туфайли менга насиб қилгани ҳали-ҳали эсимда.

– Оҳ, – хўрсиниб қўйди жаноб Бонасе, – турган гап, буни улар менга айтмадилар, рафиқам ҳам билмайман, деб тантанавор қасам ичди. Хўш, сизчи, – энг соддадил бир оҳангда сўзини давом этди жаноб Бонасе, – сўнгги бир-икки кунлар қаерга бедарак бўлиб кетдингиз? Мен на сизни, на ошналарингизни кўрмадим, кеча Планше тозалатган этигингизнинг гардлари Париж тош кўчаларидан йиғилмаган бўлса керак.

– Сиз ҳақсиз, азизим, жаноб Бонасе, биз оғайнилар билан кичкина саёҳат қилдик.

– Олисгами?

– Йўғ-эй, қирқ леча нарига. Биз жаноб Атосни Фарж сувларига кузатиб қўйдик, дўстларим ўша ерда қолишди.

– Хўш, сиз-чи, сиз, албатта, қайтдингиз, – башарасига энг қув ифодани югуртиб, сўзини давом этди жаноб Бонасе, – сиздай барно йигитларга маъшуқалари узоқ жавоб беришмайди, Парижда сизни интизор бўлиб кутишгандир, шундайми?

– Рост, азизим, жаноб Бонасе, – кулиб жавоб берди йигит, – буни сизга эътироф қилишим керак, сиздан ҳеч нарса қочиб қутилмайдиганга ўхшаб қолди. Ҳа, мени кутишган, жуда интизор бўлишган деб сизни ишонтирсам бўлади.

Бонасенинг манглайига билинар-билинмас соя тушгандай бўлди-ю, д’Артаньян буни пайқамай қолди.

– Шошқалоқлигимиз учун тақдирланамиз денг? – бу ҳурматли кишининг манглайини хиралаштирган оний булутчани пайқамаган каби д’Артаньян яна сезмаган ўзгарган товуш билан гапида давом этди аттор.

– О, ишқилиб, айтганингиз келсин! – кула-кула деди д’Артаньян.

– Мен бу гапларнинг ҳаммасини, – жавоб берди аттор, – сиз кеч қайтасизми, йўқми, билиш учун айтаяпман, холос.

– Бу саволнинг маъноси нима, азиз хўжайин? – сўради д’Артаньян. – Мени кутмоқчи бўлманг тағин?

– Йўқ, аммо, ўзим ҳибс қилиниб, уйимга ўғри тушгандан бери ҳар гал эшик очилганда, айниқса, тунлари қўрқаман. На чора, мен ахир аскар эмасман-да.

– Майли, башарти кечаси соат бирда, иккида ёки учда қайтсам, қўрқманг. Башарти бутунлай қайтмасам, ҳатто у ҳолда ҳам қўрқманг.

Бу дафъа Бонасе шундай қаттиқ бўзариб кетдики, д’Артаньяннинг буни пайқамай қолиши мумкин эмасди, у нима бўлди, деб сўради.

– Ҳеч нарса, – жавоб берди Бонасе, – ҳеч нарса. Бошимга кулфатлар тушгандан бери қўққис тутиб қоладиган ғалати беҳузурлик дардига гирифтор бўлиб қолдим, мана шу тобда бутун баданим жунжикиб кетаётганини ҳис қилдим. Менга эътибор берманг, сизнинг ахир бўлак машғулотингиз – бахтингиз нашидасини суришингиз бор-ку.

– У ҳолда бандман, чунки, чиндан ҳам бахтиёрман.

– Ҳали-бери эмас, сабр қилинг – ахир сиз бу нарса кечқурун бўлади, дедингиз-ку.

– Нима бўпти, худога шукурки, бу оқшом келажак! Эҳтимол, сиз ҳам уни худди мен каби сабрсизлик билан кутаётгандирсиз. Эҳтимол, бугун кечқурун Бонасе хоним эри даргоҳига қадам ранжида қилар.

– Бугун кечқурун Бонасе хоним банд бўлади, – гердайиб эътироз билдирди эр, – мажбуриятлари уни Луврда тутиб қолади.

– Сизга увол бўлипти-да, муҳтарам хўжайин, сизга увол бўлипти. Масъуд пайтларим бутун атрофда ҳамма бахтли бўлишини истайман, аммо бунинг иложи йўқ кўринади.

Кейин ёш йигит назарида ёлғиз ўзи учунгина тушунарли бўлган ҳазилига овозини баралла қўйиб, хохолаганича кетди.

– Кайфу сафо қилишингизни тилайман! – ўлимтик товуш билан жавоб берди Бонасе.

Бироқ д’Артаньян бу сўзларни эшитолмади. У ўта олислаб қолган эди, борди-ю, эшитган ҳолда ҳам ўзининг ҳозирги кайфиятида уларга парво қилмаган бўларди.

У жаноб де Тревилнинг ўйига равона бўлди; унинг кечаги ташрифи хотирлашимизча, ғоят қисқа бўлган, у ҳеч нимани тузук-қуруқ сўзлаб беришга улгуролмаган эди.

Жаноб де Тревилни унинг қувончлари тўлиб-тошиб ётган бир вазиятда топди. Қирол билан қиролича базмда у билан сермулозамат бўлган эдилар. Аммо, кардинал ўта совуқ муомала қилди.

Кечаси соат бирда хасталигини баҳона қилиб, у кетиб қолган эди. Ҳазрат олийларига келсак, улар Луврга фақат эрталаб соат олтида қайтган эдилар.

– Энди эса, – товушини пасайтириб ва ўзларининг танҳолигига амин бўлмоқчидай, хонанинг бор кунжакларини синчиклаб кўздан кечиргач, гапирди жаноб де Тревиль, – энди, ёш дўстим, сиз тўғрингизда сўзлашайлик, зеро, сизнинг қутлуғ қайтишингиз қиролнинг қувончи, қироличанинг тантанаси ва падари бузрукворнинг назардан қолиши билан аллақандай вобасталиги мутлақо равшан. Энди сиз ҳушёр бўлмоғингиз зарур.

– Ҳазрат олийларининг лутфи-карамини истифода қилиш бахтига ноил бўлгунимча нимадан ҳадиксирашим мумкин? – сўради д’Артаньян.

– Ҳамма нарсадан, гапимга ишонинг. Кардинал ҳазилкаш билан ҳисоб-китобни тўғриламай туриб қалтис ҳазилни унутадиганлардан эмас, менинг эса, ўша ҳазилкаш – менга таниш бир гасконлик деган қаттиқ шубҳам бор.

– Ҳали кардинал худди ўзингиз сингари яхши бохабар-у, Лондонга айни менинг борганимни билади деб ўйлаяпсизми?

– Азбаройи шифо! Сиз Лондонда бўлибсиз-да? Қўлингизда ёнаётган ажойиб олмосни Лондондан олиб келган бўлманг тағин? Эҳтиёт бўлинг, қадрли д’Артаньян, ёвнинг тортиғи – хунук нарса. Бу хусусда бир лотинча шеър бор… Тўхтанг-а.

– Ҳа, ҳа албатта, – жавоб берди лотинчанинг ҳатто ибтидосини ҳам сира миясига киргизолмай муаллимларни жонига ташна қилиб келган д’Артаньян, – ҳа-ҳа, албатта, бир шеър бўлиши керак…

– Албатта у мавжуд, – деди адабиётга тамойиллиги бўлган жаноб де Тревиль, – яқинда жаноб де Бенсерад уни менга ўқиб берган эди… Тўхтанг… Аҳа, эсладим!

Timeo Danaos et dona ferentes3030
  Ҳатто, эҳсон қилгувчи данайликлардан қўрқаман (лот.).


[Закрыть]
.

Бунинг маъноси: эҳсон қилгувчи ёвдан эҳтиёт бўлинглар.

– Бу олмосни менга ёв тортиқ қилгани йўқ, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян, – уни менга қиролича ҳадя қилди.

– Қиролича! Войбўй! – деди де Тревиль. – Ҳа, бу чиндан ҳам шоҳона туҳфа. Бу узук кам деганда минг пистол туради. Қиролича буни сизга ким орқали топширди?

– Буни менга ўзи берди.

– Қаерда?

– У уст-бошини алмаштирадиган хонага туташ кабинетда.

– Қай йўсинда?

– Бўса учун қўлини узатиб.

– Сиз қироличанинг қўлини ўпдингизми? – д’Артаньянга ҳайрон тикилиб, қичқирди жаноб де Тревиль.

– Ҳазрат олиялари мени бу шарафга ноил қилдилар.

– Бу нарса гувоҳлар олдида содир бўлдими? О, эҳтиётсиз, уч карра эҳтиётсиз-эй!

– Йўқ, тақсир, хотиржам бўлинг, буни ҳеч ким кўргани йўқ, – жавоб берди д’Артаньян.

Кейин у ҳаммаси қандай содир бўлганини жаноб де Тревилга сўзлаб берди.

– О, аёллар, аёллар! – ҳайқирди кекса аскар. – Уларни романтик тасаввуридан таниб турибман. Неки сир таралса, уларни жазб этади… Демак, сиз қўлини кўрдингиз бор гап шу. Сиз қироличани учратасиз-у – ўзини танимайсиз, сизни қиролича учратади-ю – кимлигингиздан бехабар қолаверади.

– Ҳа, аммо бу олмосдан… – эътироз билдирди йигит.

– Қулоқ солинг, – деди жаноб де Тревиль, – сизга маслаҳат берайми, яхши маслаҳат, дўстнинг маслаҳатини?

– Менга илтифот қилган бўласиз, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян.

– Гап бундай, ҳозир биринчи дуч келган заршуноснинг олдига жўнанг, унга бу олмосни ўзи таклиф этган ҳар қандай нархда сотиб юборинг. У нақадар тирриқ бўлмасин, сиз барибир, эвазига саккиз юз пистолдан кам пул олмайсиз. Пистолларни номи бўлмайди, йигитча, бу узукнинг эса номи бор, даҳшатли номи, уни тақиб юрган кимсани у жувонмарг қилиши мумкин.

– Бу узукни сотиш! Маликам тортиқ қилган узукни-я! Ҳеч қачон! – қичқирди д’Артаньян.

– Унда кўзини ичига қаратиб олинг, шўрлик мажнун, чунки, фақир гаскон дворяни онасининг сандиғидан бу хил зийнатларни тополмаслигини ҳамма билади.

– Мени аллақандай хавф остида қолади, деб ўйлаяпсизми? – сўради д’Артаньян.

– Пилтасига ўт туташган минада ухлагувчи одам сизга нисбатан ўзини камоли хатарсиз деб ҳисоблаши мумкин, деяпман, йигитча.

– Азбаройи шифо! – де Тревилнинг дадил оҳанги юрагига ғулғула сола бошлаб, деди д’Артаньян. – Азбаройи шифо, нима қилсам экан-а?

– Ҳар қаерда ва ҳар вақт ҳушёр бўлиш. Кардиналнинг хотираси ўткир, қўли узун. Гапимга ишонинг, у ҳали сизга бирор ҳунар ишлатади.

– Қандай ахир?

– Бе! Мен буни билармишманми ? Ахир шайтоннинг барча мақомлари унинг қўлида эмасми? Энг камида сизни ҳибсга олишлари мумкин.

– Қандай! Ажабо, ҳазрат олийларининг хизматидаги аскарни ҳибсга олишга кимнинг ҳадди сиғаркин?

– Азбаройи шифо! Ахир улар Атосни ҳибсга олишга андиша қилишдими? Хуллас, ёш дўстим, сарой қошида ўттиз йил бўлган кишининг гапларига ишонинг: қуюшқондан ташқари тинчиб кетманг, йўқса нобуд бўласиз. Аксинча – буни сизга мен айтаяпман – сиз ҳамма жойда душманларни кўришингиз шарт. Башарти, бирор кимса сиз билан жанжал қўзиса сабабчи, гарчанд, ўн яшар гўдак бўлган тақдирда ҳам чап беришга ҳаракат қилинг. Агар, сизга ҳужум қилсалар, кечасими, кундузими – чекининг-да бундан орият қилманг. Борди-ю, кўприкдан ўтсангиз – тахталарини яхшилаб пайпаслаб кўринг, негаки, уларнинг бири оёғингиз остида узилиб тушиши мумкин. Башарти, қурилаётган иморатнинг ёнидан ўтишингизга тўғри келиб қолса – тепага қаранг, чунки, бошингизга тош қулаши мумкин. Агар, уйингизга бемаҳал қайтар бўлсангиз – хизматкорингиз изингиздан эргашиб юрсин ва хизматкорингиз тиш-тирноғигача қуролланган бўлсин, албатта, ундан батамом кўнглингиз тўқ бўлган тақдирда. Ҳаммадан эҳтиёт бўлинг: дўстдан, акаукадан, маъшуқадан… хусусан маъшуқадан.

Д’Артаньян қизариб кетди.

– Маъшуқаданми?.. – беихтиёр такрорлади у. – Нега энди маъшуқадан бошқа бирор кимсадан кўра кўпроқ эҳтиёт бўлишим керак?

– Шу сабабданки, маъшуқа – кардиналнинг, айниқса, тез таъсир қиладиган энг севимли қуролларидан бири: аёл сизни ўн пистолга сотиб юбориши мумкин. Далилани эслаб кўринг. Сиз муқаддас китобни биласизми?

Д’Артаньян Бонасе хоним худди шу бугунги оқшомга тайинланган мулоқотни эслади, лекин унинг шаънига шуни айтишимиз керакки, жаноб де Тревилнинг аёллар хусусидаги ёмон фикри хушрўй бекаси борасида унда заррача гумон уйғотмади.

– Айтгандек, – сўзида давом этди жаноб де Тревиль, – уч ҳамроҳингиз қаерда қолди?..

– Мен худди шуни сиздан сўрамоқчи бўлиб турган эдим, уларнинг дарагини топмадингизми?

– Ҳеч қандай.

– Мен уларни йўлда қолдириб кетган эдим: Портосни Шантилияда пешанасида мубораза билан, Арамисни Кревкерда кифтида ўқ билан ва Атосни – Аменда бошида қалбаки пул тўлади деган даъво билан.

– Шундай денг! – деди жаноб де Тревиль. – Хўш, ўзингизчи, қандай ўтиб олдингиз?

– Мўъжиза билан деб иқрор бўлишим керак, тақсир, мўъжиза билан. Кўксимга бир қилич зарбини еб ва граф де Вардни худди капалакни гул қоғозга қадагандай Кале йўлига парчин қилиб.

– Шуниси кам эди! Кардиналнинг мухлиси, Рошфорнинг қариндоши де Вардни-я! Қулоқ солинг, жон дўстим, миямга бир фикр келиб қолди.

– Нима фикр, тақсир?

– Сизнинг ўрнингизда мен бир иш қилган бўлардим.

– Хўш-хўш?

– Падари бузруквор мени Парижда қидиргунча ҳеч кимга овоза қилмай, ими-жимида яна Ликардияга жўнаб қолардим-да, уч оғайнимнинг аҳволи нима кечганини суриштириб, билардим. Рост-да, улар шу кичкина эътибор рамзига арзирли иш қилдилар.

– Маслаҳат дуруст, тақсир, мен эртагаёқ жўнайман.

– Эртага! Нима сабабдан шу бугун кечқурун эмас?

– Бугун мени Парижда қисталанг иш тутиб қолади.

– Оббо, йигити тушмагур-эй! Бирор ўткинчи ҳавасдир-да? Сизга такрор айтаман, эҳтиёт бўлинг: аёл ҳаммамизни ўтмишда хароб қилиб келган, келгусида ҳам хароб қилади. Гапимга қулоқ солинг, бугуноқ кечқурун жўнаб кетинг.

– Тақсир, бунинг иложи йўқ.

– Бундан чиқди, сиз сўз бериб қўйибсиз-да?

– Ҳа, тақсир.

– Бу энди бошқа гап. Бироқ, агар бугун тунда сизни ўлдириб кетишмаса, эртага жўнаб кетишингизга ваъда беринг.

– Ваъда бераман.

– Сизга пул керак эмасми?

– Менда яна эллик пистол бор. Кифоя қилса керак, деб ўйлайман.

– Ҳамроҳларингизда-чи?

– Уларнинг пули бўлса керак. Биз Париждан жўнаганда ҳар биримизнинг чўнтагимизда етмиш беш пистолдан бор эди.

– Жўнашингизга қадар сизни кўраманми?

– Кўрмасангиз керак, деб ўйлайман, тақсир, башарти бирон янги гап чиқиб қолмаса.

– Ундай бўлса оқ йўл.

– Сизга ташаккур, тақсир.

Д’Артаньян жаноб де Тревиль билан унинг мушкетёрлар ҳақидаги оталарча ғамхўрлигидан ҳар қачонгидан кўпроқ кўнгли бузилиб хўшлашди.

– У Атос, Портос ва Арамисларнинг уйларидан бирма-бир хабар олди. Аммо, уларнинг биттаси ҳам қайтмаган эди. Уларнинг хизматкорлари ҳам қайтмаган, на улардан, на булардан ҳеч қандай дарак бўлмаган эди.

Д’Артаньян йигитлар хусусида уларнинг маъшуқаларини йўқлаб хабар топган бўларди, лекин у на Портоснинг маъшуқасини, на Арамиснинг машъуқасини танимасди. Атосга келганда эса, унинг маъшуқаси йўқ эди.

Гвардия казармалари ёнидан ўтаётган пайтда у таблаларга бош суқиб кўрди: тўрт отнинг учтаси келтириб қўйилган эди. Оғзи очилиб қолган Планше уларни тозаламоқда, иккитаси аллақачон тахт.

– Оҳ, тақсир, – д’Артаньянга кўзи тушиб, деди Планше, – сизни кўрганимдан бирам хурсандман!

– Ўзи нима гап, Планше? – сўради йигит.

– Сиз хўжайинимиз жаноб Бонасега ишонасизми?

– Менми? Қилча ҳам-да.

– Мана шуниси яхши, тақсир.

– Аммо, сен нега буни суриштириб қолдинг?

– Шунинг учунки, сиз у билан сўзлашаётганингизда мен, гарчи, сўзларингизни эшитмасам ҳам, сизларни кузатиб турган эдим, биласизми нима, тақсир: унинг уч ёки тўрт марта юзи ўзгариб кетди.

– Йўғ-э?

– Сиз буни пайқамадингиз, чунки, мактуб тўғрисидаги хаёлларингиз билан овора эдингиз. Мен бўлсам, бу мактуб уйимизга тушиб қолган ғаройиб йўлдан безовта эдим ва унинг башарасидан бир зум ҳам кўзимни узмадим.

– Хўш, у сенга қандай бўлиб кўринди?

– Муртаднинг башараси бўлиб.

– Наҳотки?

– Бунинг устига, тақсир, сиз билан хайр-маъзур қилиб, муюлишда ғойиб бўлишингиз билан Бонасе шляпасини олиб, эшигини қулфлади-да, кўчадан қарши томонга югуриб кетди.

– Дарҳақиқат гапинг тўғри, Планше, бу нарсаларнинг ҳаммаси бисёр шубҳали кўринади, аммо сен хотиржам бўл, ҳаммаси энг қатъий суратда аниқланмагунча биз унга ижара ҳақини тўламаймиз.

– Сиз ҳазиллашганингиз-ҳазиллашган, тақсир, бироқ, сабр қилинг – ўзингиз кўрасиз ҳам.

– На чора, Планше, майли, таваккал.

– Кечки сайрни қолдирмайман денг, тақсир?

– Аксинча, Планше, Бонаседан қанча кўп аччиғлансам сени безовта қилаётган мактубда тайинланган мулоқотга шунча ҳафсала билан бораман.

– Майли, тақсир, агар қарорингиз…

– Қатъий, дўстим. Хуллас, соат тўққизда шу ерда, казармада шай тур. Мен олдингга кираман.

Хўжайинини кўзланган иқдомдан айнитишга сира умид қолмаганини кўриб, Планше чуқур хўрсиниб қўйди-да, учинчи отни тозалашга киришди.

Аслини олганда, ғоят ҳушёр йигит бўлмиш д’Артаньянга келсак, у уйига қайтиш ўрнига тўрт оғайни учун мушкул дамда уларни шоколад нонушта билан сийлаган ўша гасконлик руҳонийникига тамадди қилгани жўнади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации