Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 40

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 40 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бу уйқу вақтида нелар кечгани хусусида ва у қанча вақт чўзилгани хусусида менда бирон-бир хотира қолмади. Шоҳона жиҳозланган, нур шифтдаги туйнукдан тушиб турган аллақандай юмалоқ хонада ўрин тўшакда ётган ҳолда уйғонганим эсимда, холос. Устига-устак унда бирорта ҳам эшик йўқдай туюлади. Бу ҳашаматли зиндон деган хаёлга бориш мумкин эди.

Ўзимнинг қаердалигимга анчагача ақлим етмай, сизга боягина сўзлаб берган тафсилотларнинг маънисини англамай турдим: менинг миям мен тарқатиш иложини қила олмаётган бу уйқунинг оғир зулматини қочиролмай гаранг эди. Мен ўзимни элас-элас извошда кетаётгандай ҳис қилар ва тинка-мадоримни қуритиб ташлаган аллақандай даҳшатли туш кўраётгандай эдим. Лекин буларнинг ҳаммаси шундай узуқ-юлуқ, шундай мужмал намоён бўлардики, гўёки бу воқеаларнинг ичида мен эмас, ўзга бир кимса юргандай, лекин жисмимнинг иккиланиши туфайли барибир менинг ҳаётимга ўралашиб кетганди.

Бирмунча вақт ўзим тушиб қолган аҳвол менга шу даражада ғалати бўлиб туюлиб турдики, худди буларнинг ҳаммасини тушимда кўраётгандай эдим… Гандираклаб ўрнимдан турдим. Менинг уст-бошларим ёнимдаги стулда ётар, лекин қандай ечинганим, қандай ётганим эсимда йўқ эди. Шунда оз-оздан ҳақиқат ўзининг бор даҳшатлари билан менга аён бўла бошлади ҳамда мен ўзимнинг уйимда эмаслигимга фаҳмим етди. Хонага тушиб турган қуёш нурларидан чиқарган хулосамга қараганда кун ботишига яқин қолган, мен бўлсам ўтган кечқурун уйқуга кетган эдим – демак, менинг уйқум қарийб бир кеча-кундуз чамаси давом этган эди! Бу узоқ уйқу пайтида нималар содир бўлмаган?

Мен дармоним етганча тез кийиниб олдим. Менинг ҳаракатларимнинг ҳаммаси суст ва ланж бўлиб, ухлатгувчи дорининг таъсири ҳамон тарқалмаётганлигидан далолат берарди. Бу хона жиҳозларига қараганда аёл кишини қабул қилишга мўлжалланган ҳамда таннозларнинг таннози ҳам хонага назар солиб ўзининг барча истаги кўзда тутилганига ишонч ҳосил қилган бўларди.

Мен бу ҳашаматли қамоққа беркилиб қолган биринчи асира эмаслигимга шак-шубҳа йўқ эди, лекин ўзингизнинг ақлингиз етади, Фельтон, бу зиндоннинг бутун дабдабаси кўзимга ташлангани сайин мени тобора қўрқув қамраб бормоқда эди. Ҳа, бу чинакам зиндон эди, зеро ундан чиқишга бекор овора бўлдим. Мен эшик топишга ҳаракат қилиб деворларни текшириб чиқдим, лекин уларнинг ҳаммаси тақиллатганда оғир товуш чиқарарди.

Мен бирор тешик жой қидириб, хонани йигирма мартача айланиб чиққандирман, ҳеч қандай чиқиш жойи йўқ бўлиб чиқди. Даҳшат ва чарчоқдан эзилиб креслога йиқилдим. Мен ўтирган жойимдан қимирлашга қўрқардим: назаримда ҳамма тарафда мени хавфхатар пойлаб тургандай, бир қадам боссам борми, мен унга йўлиқадигандай эдим. Гарчи кечаги кундан бери туз тотмаган бўлсам-да, қўрқув очлик ҳиссини бўғиб қўйган эди.

Ташқаридан мен вақтни аниқлаб олгудай, қилт этган товуш келмасди. Мен фақат кеч соат олти-еттилар бўлса керакдир деб тахмин қилардим: бу октябрнинг охирлари бўлиб, аллақачон қоронғи тушиб бўлган эди.

Тўсатдан эшик ғийчиллаб кетди-ю, мен сесканиб тушдим. Шифтнинг ойнаванд туйнуги устида чўғдай соққа шаклида ёниқ чироқ кўринди. У хонани чароғон қилиб юборди. Мен ҳам қутим ўчиб, бир-икки қадам нарида бир одам турганини кўриб қолдим.

Кечки тамаддига икки кишини кўзлаб тузалган дастурхон гўё сеҳр билан хонанинг ўртасида пайдо бўлди.

Бу ўша мени бир йилдан бери таъқиб этиб юрган, менинг номусимга тегишга қасам ичган одамнинг ўзгинаси эди, унинг дастлабки сўзлариданоқ мен ўтган кеча у ўз ниятига етганини тушундим…

– Номард! – шивирлади Фельтон.

– Албатта, номард-да! – ёш офицернинг бутун вужуди қулоққа айланиб бу аломат воқеани қандай ҳамдардлик билан тинглаб ўтирганини кўриб деди миледи. – Албатта номард-да! У буни уйқусида енгса бўлди, ҳаммаси ҳал бўлади деб ўйлаган эди. У бўлар иш бўлгандан кейин ўз шармисорлигини тан олмай иложи йўқ, деган илинжда келган эди. У менинг муҳаббатим эвазига ўзининг давлатини тақдим этгани келган эди.

Мен аёл қалби сиғдира олиши мумкин бўлган бутун нафратни, бутун қаҳру ғазабни бу одамга тўкиб солдим. У бу хил таъналарга ўрганиб кетган шекилли: менинг гапларимни қўлларини қовуштириб, илжайиб, пинагини бузмасдан тинглади; сўнгра гапини тугатди деб ўйлаб, менга яқин кела бошлади. Мен ўзимни столга отиб пичоқни олдим-да, уни кўксимга тирадим.

«Яна бир қадам боссангиз, – дедим мен, – сиз нафақат номусимни, лекин жонимнинг ҳам уволига қоласиз!»

Менинг кўз қарашим, овозим ва бутун қадди-қоматим энг ахлоқсиз одамларни қониқтирадиган ўша чинакам самимиятга тўла бўлса керакми, у тўхтаб қолди.

«Сизнинг жонингизними? – қайта сўради у. – Йўғэй! Сиз ўта кетган офатижон маъшуқасиз, токи мен васлингизга восил бўлиш бахтидан атиги бир марта баҳра олиб, сизни шу тариқа йўқотишга розилик берсам. Хуш қолинг, гўзалим! Мен кута тураман ва кайфиятингиз дурустроқ бўлган пайти сиздан хабар оламан».

Шу гапни айтиб у ҳуштак чалди. Хонани ёритгувчи ловуллаб турган соққа шифт узра янада баландроқ кўтарилди-ю, ғойиб бўлди. Мен яна зулматда қолдим. Бир зум ўтгач эса очилгувчи ҳамда яна ёпилгувчи эшикнинг ўша ғийчиллаши такрорланди, ловуллаган соққа пастга тушди ҳамда мен яна танҳо қолдим.

Бу дақиқа даҳшатли эди. Башарти, ўзимнинг мусибатим борасида бўлса ҳам, энди бу шубҳалар тарқаб кетди ҳамда мен даҳшатли ҳақиқатдан воқиф бўлдим: мен ўзим нафақат ёмон кўрган, лекин ўзим нафратланган одам қўлида, ҳеч нарсадан тоймайдиган ва аллақачон қўлидан нималар келишини менга машъум тарзда исботлаб бўлган одамнинг қўлида эдим…

– Лекин ўша одам ким эди? – сўради Фельтон.

– Мен тунни стулда ўтириб сал шовқиндан ҳам чўчиб ўтказдим, негаки ярим кечаларда чироқ ўчди-ю, мен яна зулматда қолдим. Лекин тун менинг таъқибчимнинг янги хуружларисиз ўтиб кетди. Кун ёришгач, стол ғойиб бўлди, фақат пичоқ ҳамон менинг қўлимда қисилган ҳолда эди.

Бирдан-бир умидим шу пичоқда эди.

Менинг чарчоқдан тинка-мадорим қолмаганди, кўзларим уйқусизликдан ўт бўлиб ёнар эди, бир нафас мизғиб олишга журъат қилолмасдим. Кун ёруғи мени тинчитди, мен болиш тагига яшириб қўйган нажотбахш пичоғимни қўйиб юбормасдан ўзимни каравотга ташладим.

Уйғонганимда яна тузоғлик стол келтирилган эди.

Бу гал ўзимнинг бутун қўрқувларимга, дилгирлигимга қарамасдан ўлгудек оч қолганимни ҳис қилдим: менинг туз тотмаганимга икки кун бўлиб қолган эди. Мен нондан, мевалардан оз-моз еган бўлдим. Сўнгра ичган сувимга ухлатувчи дори қўшилгани эсимга тушиб, мен столдагисига қўл тегизмадим-да, стаканимни бетқўл ювиш жойида девор ичига ўрнатилган мармар фавворадан тўлғазиб олдим.

Бу эҳтиёт чорасига қарамасдан мен дастлаб жуда ёмон ҳадиксираб турдим, лекин бу гал менинг хавотирларим асоссиз эди: кун ўтиб кетди, мен ўзим чўчиб турган нарсага ўхшаш ҳеч нимани сезмадим. Менинг шубҳаланганим кўзга чалинмай қолсин, деб тадбиркорлик билан графиндаги сувни ярмигача тўкиб қўйдим.

Кеч кирди, у билан эса қоронғи ҳам тушди. Бироқ менинг кўзларим унга ўргана бошлаган эди; мен столнинг пастга тушиб кетганини ва чорак соатдан сўнг менга тортилган кечки таом билан кўтарилганини кўриб турдим, бир дақиқа ўтгач эса ўша чироқнинг ўзи пайдо бўлди-ю, хонани нурга кўмди.

Мен ухлатувчи дори қўшиб бўлмайдиган нарсалардан бошқа ҳеч нима емасликка қарор қилдим. Иккита тухум билан бир оз мева менинг кечки овқатимни ташкил қилди. Сўнгра мен ўзимнинг роҳатбахш фавворамдан бир стакан сув қуйиб ичиб олдим.

Дастлабки қултумларданоқ сувнинг таъми эрталабки сингари эмасдек туюлди. Дарров кўнглимда шубҳа қўзғалди-ю, мен у ёғини ичиб ўтирмадим, лекин ярим стаканчасини ичиб бўлган эдим.

Мен ҳазар қилиб қолган-қутган сувни сочиб ташладим-да, совуқ терга ботиб оқибатини кута бошладим.

Шак-шубҳасиз аллақандай кўринмас шоҳид менинг фавворадан сув олганимни кўриб қолган ва совуққонларча илгаридан ҳал этилган ҳамда шафқатсизларча амалга оширилаётган менинг ҳалокатимга муқаррар етишмоқ учун соддадиллигимдан истифода қилган эди.

Ярим соат ҳам ўтмасдан, худди ўша биринчи галдаги аломатлар пайдо бўлди. Лекин бу сафар ҳаммаси бўлиб ярим стакан ичганим сабабли узоқроқ курашганимдан кўзим илинмади, балки мени теварак атрофда кечаётган нарсаларни идрок этишдан маҳрум қилмаган, лекин ўзимни ҳимоя қилиш ёки қочиб кетиш лаёқатини олиб қўйган аллақандай мудроқ элитди.

Мен қўлимда қолган ягона мудофаа воситаси – нажотбахш пичоғимни болиш тагидан оламан деб судралиб каравотгача етиб олишга уринардим, лекин аранг бош томонига етдим-у, жон ҳолатда каравотнинг оёғига тирмашганимча тиз чўкиб қолдим. Шунда фаҳмладимки, хароб бўлибман…

Фельтоннинг ранги оқариб кетди ҳамда унинг бутун аъзойи-баданини титроқ ларзага келтирди.

– Ҳаммадан даҳшатлиси шу эдики, – гўё ўша даҳшатли дақиқадаги оғир хавотирни ҳануз бошидан кечираётгандай овози ўзгариб давом этди миледи, – бу гал ўзимга таҳдид солаётган хатарни мен яққол англаб турардим: таъкидлаб айтаман, ухлаб қолган бўлсам ҳам эс-ҳушим жойида эди, шу сабабдан ҳам ҳаммасини кўриб ва эшитиб ётардим. Рост, ҳаммаси гўё тушдаги каби кечарди, лекин бутун даҳшати шунда эди.

Мен чироқнинг юқорига кўтарилаётгани, ўзимнинг бора-бора зулматга чўкаётганимни кўриб турдим. Сўнгра мен эшикнинг яхши таниш бўлиб қолган ғийчиллашини эшитдим, гарчи эшик атиги икки мартагина очилган эди, холос.

Мен ғайришуурий равишда ёнимга биров яқинлашиб келаётганини ҳис қилдим. Американинг дашту биёбонларида адашиб қолган бахти қора одам илоннинг яқинлашаётганини шу тариқа билиб туради дейишади.

Мен ўз гунглигимни енгиб, додлашга уринардим. Ироданинг ақлга сиғмас зўр шарофати билан ўрнимдан қўзғалдим ҳам, лекин шу замон яна йиқилиш учун… менинг таъқибчимнинг қучоғига йиқилиш учун…

– Айтсангиз-чи, менга, ўша одам ким эди? – сўраб қолди ёш офицер.

Миледи ўз ҳикоясининг барча тафсилотларида тўхталиш билан Фельтонга қанча азоб бераётганини бир қарашда кўрди, лекин миледи уни битта ҳам қийноқдан халос қилмоқ истагида эмас эди. Ништарини унинг қалбига нақадар чуқур санчиб олса унинг миледи учун интиқом олишига ишонч шу қадар кўп бўлади. Шу важдан у гўё унинг нидосини эшитмагандай ёки унга жавоб бериш фурсати келмади деган мулоҳазага боргандай гапини давом эттираверди:

– Фақат бу гал аблаҳнинг иши иродасиз, ҳиссиз жасад тимсолига тушмаган эди. Сизга айтиб эдим: ўзимнинг жисмоний ва маънавий уқувларимни так-таслим қўлга олишга қурбим етмагани ҳолда, мен ҳар қалай ўзимга таҳдид солгувчи хатар сезгисини сақлаб қолган эдим. Мен жоним борича олишдим ва афтидан қаттиқ қаршилик кўрсатдим, негаки қулоғимда унинг хитоби турибди;

«Бу ярамас пуританлар-эй! Уларнинг ўз жаллодларини тинкасини қуритишини билардим, лекин ўз ўйнашларига шундай ёмон қаршилик кўрсатишади, деб ўйламагандим».

Эвоҳ, жон ҳолатдаги бу қаршилик кўп чўзилолмасди. Мен ҳолдан толаётганимни ҳис қилдим ҳамда бу гал номард менинг уйқумдан эмас, беҳушлигимдан фойдаланди…

Фельтон бир оғиз гапирмасдан фақатгина бўғиқ оҳ чекиб тингларди; унинг мармар манглайидан дув-дув совуқ тер оқарди, қўли ҳам талвасада кўксига босилган эди.

– Ҳушимга келганимдан кейин қилган биринчи ҳаракатим ўзим олдин судралиб етолмаган болиш остидаги пичоқни пайпаслаб кўриш бўлди: у менинг ҳимоямга хизмат қилолмаган бўлса-да, ҳеч бўлмаганда ўзимни ҳалоллаб олишимга қўл келиб қолиши мумкин эди.

Лекин бу пичоқни қўлимга олганимдан кейин, Фельтон, миямга даҳшатли фикр келиб қолди. Мен бор гапни айтаман деб қасам ичдим, ҳамма гапни айтаман ҳам. Мен сизга ҳақиқатни ошкор қиламан деб ваъда қилдим, уни ошкор қиламан, бу билан ўзимни хароб қилсам ҳам майли.

– Миянгизга ўзингиз учун бу одамдан қасос олиш фикри келдими? – сўради Фельтон.

– Эвоҳ, ҳа! – жавоб берди миледи. – Биламан бундай фикр христианга муносиб эмас. Шак-шубҳасиз мени руҳимизнинг ўша азалий душмани, ўша шайтон васвасага солган. Ишқилиб, эътироф қиламан сизга, Фельтон, – ўзини жиноятда айблагувчи аёл оҳангида гапини давом эттирди миледи, – бу фикр кўнглимга бир келди-ю, ҳеч миямдан нари бўлмади. Шу гуноҳ фикрим учун мен шу тобда таъзиримни еб ўтирибманда.

– Давом этинг, давом этинг! – ўтинарди Фельтон. – Қандай қилиб сиз қасосингизни олганингизни билишга муштоқман.

– Мен илож борича тезроқ қасдимни олишга аҳд қилдим, унинг янаги тун келишига менинг ишончим комил эди. Кундузлари мен қўрқадиган ҳеч нарса йўқ эди.

Шунинг учун нонушта вақти бўлганда мен ўйланиб ўтирмасдан еб-ичавердим: мен кечки тамадди маҳали ўзимни тановул қилганга солиб, лекин ҳеч нимага қўл урмасликка қарор қилдим ва кечқурун очликни сезмаслик учун эрталаб ўзимни тўқлаб олишим зарур эди.

Мен нонуштадан фақат бир стакан сувни яшириб қўйдим, негаки икки кеча-кундуз егулик-ичкиликсиз қолиб кетганимда мен ҳаммадан ҳам ташналикдан қийналган эдим.

Кун давомида кўнглимда кечган гапларнинг ҳаммаси қилган аҳдимни янада мустаҳкамлади. Мен кузатаётганларига шубҳа қилмаган ҳолда мен авзойим пинҳона ўйларимни ошкор этиб қўймаслигига интилардим, бир-икки марта ҳатто ўзимнинг кулимсираётганимни пайқаб қолдим. Фельтон, қандай ўй-хаёлларимга кулимсираганимни сизга эътироф қилишга юрагим дов бермайди, сиз мендан ҳазар қилиб қолардингиз…

– Давом этинг, давом этинг! – ёлворарди Фельтон. – Кўриб турибсиз, қулоғим сизда – бунинг ҳаммаси нима билан тугаганини тезроқ билмоқчиман.

– Кеч кирди, ҳамма нарса жорий этилган тартиб билан ўтиб борарди. Одатларига кўра менга қоронғида кечки таом келтирдилар, сўнгра чироқ ёнди, мен ҳам стол ёнига ўтирдим.

Мен мевалардан едим, ўзимни графиндан сув қуяётганга солдим, лекин ўша нонуштадан қолдирганимни ичдим, холос. Айтганча бу айирбош бирам усталик билан қилинган эдики, менинг жосусларим, борди-ю, улар бўлган тақдирда ҳеч шубҳага бормаган бўлардилар.

Кечки тамаддидан кейин мен ўзимни худди ўтган кундаги сингари довдираб қолганга солдим, лекин бу гал гўё чарчаб ҳолдан тойган ёки хавф-хатарга кўникиб қолган бўлиб, мен каравотгача судралиб бордимда, кўйлагимни ечиб ташлаб, ётдим.

Мен болиш остидаги пичоқни пайпаслаб топдим ва ўзимни ухлаганга солиб бармоқларим билан унинг сопини жон-жаҳдим билан қисиб олдим.

Ҳеч қандай янги гапдан дарак бермай, икки соат ўтиб кетди-ю, ўлай агар ҳатто кечаги кун бунга ҳаргиз ақлим бовар қилмаган бўларди – мен у келмай қоладими деб қўрқардим.

Ниҳоят, чироқнинг аста-секин кўтарилганини ҳамда шифт тепасида унинг кўздан йўқолганини кўрдим. Хона зулматга кўмилди, бирмунча зўр билан бу зимистонга нигоҳим сингди.

Ўн дақиқа кечди. Қилча товуш қулоғимга чалинмас, ўз қалбимнинг уришини эшитардим, холос.

Мен ўша одам келсайди деб худодан тилардим.

Ниҳоят, бирам таниш очилган ва қайта ёпилган эшикнинг менга шунчалар таниш садоси келди-да, гарчи қалин гилам тўшалган бўлса-да, аллакимнинг оёқ товушлари остида пол қисирлагани эшитилди. Қоронғида менинг тўшагим томон яқинлашиб келгувчи аллақандай қора кўзимга чалинди…

– Тезроқ, тезроқ! – қистарди Фельтон. – Кўрмаяпсизми ахир, ҳар сўзингиз қўрғошин қуйгандек ўртаяпти мени.

– Шунда, – давом этди миледи, – мен бор кучимни тўпладим, ўзимга-ўзим қасос ёки адолат соати келди дердим, мен ўзимга янги Юдиф деб қарамоқда эдим. Мен дадил бўлиб олдим, қўлимдаги пичоқни маҳкам қисдим ҳамда у ёнимга келганда ва қоронғида тимирскиланиб ўз қурбонига қўлини чўзганда алам ва қайғу фарёди билан унинг кўксига урдим.

Номард, у ҳаммасини олдиндан билиб турган экан: унинг кўкраги совут билан муҳофаза қилинган экан, пичоқ ҳам унга текканда тўмтоқ бўлиб қолди.

«Аҳа, шунақами! – қўлимдан тутиб ҳамда менга шундай расво хизмат қилган пичоқни қўлимдан юлқиб олиб бақирди у. – Менинг ҳаётимга суиқасд қиладиган бўлдингизми, жонона пуритан қиз? Нафрат катфи гапми, бу очиқдан-очиқ нонкўрлик-ку! Хўп, қани ўзингизни босинг тасаддуқ… Мен сизни аллақачон юмшаган деб юрибман. Мен аёлни зўрлаб ушлаб турадиган золимлардан эмасман. Сиз мени севмайсиз, мен ўзимнинг ўзбилармонлигимни қилиб бунга ишонмаган эдим. Бунга энди амин бўлдим, эртага сиз эркинликда бўласиз».

Менинг истагим битта эди – мени ўлдириб қўя қолсайди, дердим.

«Эҳтиёт бўлинг, – дедим унга мен, – менинг озодлигим бошингизга иснод балосини солади».

«Очиқроқ гапиринг, менинг дилбар сивиллам»5959
  Сивиллалар – қадим Грециядаги афсонавий фолбинлар.


[Закрыть]
.

«Яхши. Шу ердан чиққаним замон мен ҳаммасини айтиб бераман – менга зўрлик қилганингизни, мени асоратда ушлаб турганингизни айтиб бераман. Мен шундай қабоҳатларга макон бўлган бу сарой тўғрисида жар соламан. Сизнинг мартабангиз баланд, милорд, лекин зир титранг: тепангизда – қирол, қиролнинг тепасида эса худо бор!»

Таъқибчим нечоғлик вазминлик қилмасин, қаҳрли ҳаракатини босолмади. Унинг юзига разм сола олмадим, лекин устида менинг қўлим турган қўли қалтираб кетганини сездим.

«У ҳолда сиз бу ердан чиқмайсиз!»

«Жуда яхши! Менинг қийноқ жойим менга қабр бўлиб қўя қолади. Жуда соз! Мен шу ерда жон бераман, шунда сиз айблагувчи арвоҳ тирик жон дўқ-пўписаларидан даҳшатлироқлигини кўриб қўясиз».

«Сизда қурол-пурол қолдирмайдилар».

«Менда биттаси бор, уни дарду алам мардликдан камчилиги йўқ ҳар бандага таянсин деб бериб қўйипти: мен ўзимни очликдан нобуд қиламан».

«Менга қаранг, бундай урушдан кўра яраш яхшимасми? – таклиф қилди номард. – Мен сизга эркингизни ошиғич қайтариб бераман, сизни фазлу камолнинг тажассуми деб эълон қиламан ва сизни Англия Лукрецияси деб овоза қиламан».

«Мен бўлсам сизни унинг Сексти деб эълон қиламан, мен сизни худо олдида фош қилганимдек, одамлар олдида фош қилиб ташлайман, борди-ю, Лукреция сингари айбномамни қон билан тасдиқлаш лозим бўлса, мен буни қиламан».

«Оббо, шунақами ҳали! – кесатиб гапирди душманим. – Унда бошқа гап. Худо ҳаққи, пироварди оқибат бу ердаги тирикчилигингиз яхши ўтяпти, ҳеч нимадан камчилигингиз йўқ, борди-ю, ўзингизни очликдан нобуд қилганингизда ҳам уволи ўзингизга бўлади».

У сўзининг устидан чиқди. Бир кун ўтди, яна тун ўтди ва мен уни кўрмадим. Лекин мен ҳам сўзимда турдим ва ҳеч нима емадим-ичмадим. Мен унга маълум қилиб қўйганимдек, ўзимни очликдан нобуд қилишга жазм этдим.

Мен бутун кунни ва бутун кечани тоат-ибодатда ўтказдим: ўзимни ўлдириб қўйсам худо мени кечирар, деб умид қилардим.

Эртаси куни эшик очилди. Мен полда сулайиб ётардим, куч-қувватим мени тарк этмоқда эди.

Эшикнинг ғийчиллашини эшитгач, мен қўлимга таяниб сал кўтарилдим.

«Хўш, қалай, сал юмшадингизми-йўқми? – деб сўраган овоз қулоғимга бирам совуқ эшитилдики, уни танимасдан иложим йўқ эди. – Биргина жим юриш ваъдасининг ўзи бадалига озодликни сотиб олишга розисизми-йўқми? Қулоқ солинг, мен кўнгилчан одамман, – қўшиб қўйди у, – ва гарчи пуританларни хуш кўрмасам-да, уларга тан бераман, пуритан қизларига ҳам, айниқса, хушрўйларига. Қани, хоч устида бир қасам ичиб юборинг-чи, сиздан ортиқ ҳеч нима талаб қилмайман».

«Хоч устида қасам ичайми? – ўрнимдан қўзғалиб дедим мен: бу манфур овоз товушидан кучга тўлиб кетдим. – Хоч устида! Ҳеч қандай ваъдалар, ҳеч қандай тазйиқлар, ҳеч қандай қийноқлар оғзимни юмолмайди деб қасамёд қиламан!.. Хоч устида қасам ичармишман!.. Сизни қотил деб, номус ўғриси деб, муттаҳам деб ҳамма ерда фош қилавераман!.. Хоч устида-я!.. Бир кун келиб бу ердан чиқиш насиб бўлса, бутун одамзоддан сиздан қасос олишини тавалло қиламан!»

«Эҳтиёт бўлинг! – деб мен унда ҳали ҳеч эшитмаган таҳдидли бир тарзда гапирди у. – Менда бир нақд чора борки, уни мен фақат ноилож қолганда ишга соламан – сизнинг оғзингизни юмиш ёки зўр келганда одамларнинг сизнинг бирор оғиз гапингизга ҳам ишонишига йўл қўймаслик».

Мен қолган-қутган кучимни тўпладим-да, унинг дўқига жавобан хахолаб кулиб юбордим.

У англадики, келгусида бизнинг орамизда ҳаёт-мамот жанги кетади.

«Менга қаранг, сизга мулоҳаза учун шу кечанинг қолганини ва эртанги кунни бераман, – таклиф этди у. – Агар жим юришни ваъда қилсангиз сизни давлат, иззат-ҳурмат ва ҳатто обрў-эътибор кутади; агар бундай даъво қилаверсангиз, сизни сазойи қиламан».

«Сиз-а! – сўрадим мен. – Сиз-а!»

«Бир умрлик ўчмас иснодга қолдираман!»

«Сиз-а!..» – такрорлардим мен.

– О, гапимга ишонинг, Фельтон, мен уни ақлдан озган деб ҳисобламоқда эдим!

«Ҳа, мен!» – жавоб берди у.

«Оҳ, мени холи қолдиринг, – дедим унга мен, – агар кўзингизда бошимни деворга уриб ёришимни истамасангиз даф бўлинг!»

«Яхши, – деди у, – ихтиёрингиз. Келаси оқшомгача».

«Келаси оқшомгача!» – полга йиқилиб жон аччиғида гиламни тишлаган кўйи жавоб бердим мен…

Фельтон креслога тиралиб олган эди, миледи ҳам иблисона қувонч билан у ҳикояни охиригача тинглаши учун қурби етиши даргумонлигини кўриб турарди.

XXVII
Классик трагедиянинг синалган усули

Асносида миледи ўзини тинглаб ўтирган ёш йигитга зимдан разм солган бир дақиқалик сукунатдан кейин гапини давом эттирди:

– Қарийб уч кун мен ҳеч нима емадим-ичмадим ҳам. Мен жуда қаттиқ азобда қолган эдим: гоҳида пешанамни аллақандай булут босиб келарди-да, кўзларимни тўсиб қўярди – бу алаҳлай бошлаганим эди.

Кеч кирди. Мен шундай ҳолдан тойган эдимки, ҳар дақиқа ҳушимдан кетиб турардим ва ҳар ўзимдан кетганимда жон беряпман, деган хаёлда худога шукур қилардим.

Бир шундай беҳуш пайтимда мен эшик очилганини эшитиб қолдим. Қўрққанимдан мен ўзимга келдим.

У ҳузуримга юзига ниқоб тутилган бир кишини эргаштириб кириб келди; унинг ўзи ҳам ниқобда эди, лекин мен унинг қадам товушларини танидим, унинг овозини танидим, инсоният шўрига унга дўзах ато қилган шукуҳли келбатини танидим.

«Хўш қалай, – деб сўради у мендан, – мен талаб қилган ваъдани беришга розимисиз?»

«Ўзингиз айтдингиз-ку, пуританларнинг лафзи ҳалол деб. Мен сўз берганман – сиз ҳам уни эшитгансиз – бу дунёда сизни бандалар ҳукмига, у дунёда эса худо ҳукмига топшираман деганман».

«Демак, ўжарлик қилиб турибсизми?»

«Мени эшитиб турган худо олдида қасамёд қилиб айтаманки, мен сизнинг жиноятингиз шоҳидлигига бутун оламни даъват этаман, қачонки бир қасоскор топмагунимча чорлайвераман».

«Сиз фоҳиша аёлсиз, – гулдираган овоз билан маълум қилди у, – ҳамда шу хил аёлларга бериладиган жазога тортиласиз! Ўзингиз додингизни айтаётган олам назарида тамғаланган ҳолингизда ўша оламга ўзингизнинг жиноятчи ҳам, телба ҳам эмаслигингизни исботлаб кўринг-чи!»

Кейин у ниқобли кишига юзланди.

«Ишингни қилавер жаллод!» – амр қилди у.

– О! Унинг номи! Номи! – сўради Фельтон. – Менга унинг номини айтинг!

– Шундай қилиб, менинг нола-афғонларимга қарамасдан, менинг қаршилигимга қарамасдан – ажалдан бадтарроқ бир фалокат тушганига менинг ақлим ета бошлаган эди, – жаллод мени тутиб олиб, полга йиқитди-да, қўли билан босиб турди. Менинг фарёдлардан нафасим қисиларди, ҳушимдан кетай-кетай деб қолган эдим, илтижоларимга парво қилмаётган худога муножот қилардим… тўсатдан мен оғриқ ва уятдан жоним борича додлаб юбордим – чўғда тобланган темир, жаллоднинг темири менинг кифтимга қадалган эди…

Фельтон тақдид солиб нидо қилиб қўйди.

– Қаранг, – деди миледи ва қиролича алфозида савлат тўкиб ўрнидан турди, – қаранг, Фельтон, золим зулмининг қурбони бўлган ёш бегуноҳ қиз учун қандай янги жафони ўйлаб топганлар. Одамлар қалбини билишни ўрганинг ва келгусида шундай бемулоҳаза, уларнинг ноҳақ қасосининг қуролига айланиб юрманг.

Миледи кўйлагини шартта очиб ташлади-да, кўкрагини ёпиб турган батисни йиртиб юборди ва ясама ғазаб, ҳам уятдан қизариб ёш йигитга бу чиройли кифтни булғаб турган ўчмас нишонни кўрсатди.

– Лекин мен бу ерда нилуфарни кўряпман! – ҳайрон бўлди Фельтон.

– Бутун тубанлик ҳам шунда-да! – жавоб берди миледи. – Бу инглиз тамғаси бўлганда борми!.. Мени бу жазога қандай ҳакам тортганини исбот қилиш лозим бўларди, мен ҳам давлатнинг барча ҳакамликларига арз қилсам бўларди. Француз тамғаси бўлса… О, мен у билан пухта тамғаланган эдим!

Бу Фельтон учун ҳаддан ортиқ эди.

Миледининг мудҳиш изҳори дилидан дами ичига тушиб, ранги ўчиб, карахт бўлиб ўзи алоҳида улуғворлик деб қабул қилган беҳаёлик билан ўз баданини кўрсатган бу аёлнинг мислсиз жамолидан кўзлари қамашиб, у христианларнинг золимлари бўлмиш императорлар қонхўр омиларга эрмак қилиб топширган табаррук, пок жафокашлар қошида турган илк христианларга ўхшаб унинг пойига тиз чўкди. Унинг учун тамға мавжудлигини йўқотди, ёлғиз ҳусн қолди, холос.

– Кечиринг! Кечиринг! – нидо қиларди Фельтон. – О, мени кечиринг!

Миледи унинг кўзларидан, севаман, севаман деган қарашни ўқиди!

– Кечирайми – нимани? – сўради у.

– Сизни таъқиб этгувчиларга қўшилиб кетганим учун мени кечиринг.

Миледи унга қўлини узатди.

– Шунчалар гўзал, шунчалар ёш! – унинг қўлларидан бўса олиб хитоб қилди Фельтон.

Миледи унга ҳатто қулни қирол қилгувчи нигоҳларидан бирини сийлов қилди.

Фельтон пуритан эди – у бу аёлнинг қўлини қўйиб юборди-да, унинг оёқларини ўпа кетди.

Энди Фельтон уни севмасди – унга сиғинарди.

Бу руҳий шавқ они ўтиб кетганда, миледининг у бир нафас ҳам йўқотмаган вазминлиги қайтиб келгандай туюлди шекилли, Фельтон ўзини бадтар зор этиш учунгина ҳафсала билан унинг кўзидан асралгувчи муҳаббат ганжиналарини ҳаё пардаси яна яшириб қўйганини кўргандан кейин у деди:

– Энди менинг сиздан фақат бир нарсани сўраб олишим қолди, холос: сизнинг ҳақиқий жаллодингизнинг номи нима? Назаримда фақат биттаси жаллод бўлган, бошқаси унинг қўлидаги қурол бўлган, холос.

– Нечук, оғагинам, – деди миледи, – сенга ҳали унинг номини ҳам айтиб беришим борми! Ўзингни-чи, фаросатинг етмадими?

– Қандай, – сўради Фельтон, – бу ўшами?.. Яна ўша!.. Ҳамон ўша… Қандай! Ҳақиқий айбдор…

– Ҳақиқий айбдор – Англиянинг бузғунчиси, ҳақиқий диндорлар таъқибчиси, шунча аёллар номусининг разил ўғриси, ким ўз ишратпараст қалбининг кўйига кириб, шунча инглизларнинг қонини тўкмоқ ниятида бўлса, ким бугун протестантларга ҳомийлик қилиб эрта уларга хиёнат қилса, ўша…

– Бэкингем! Бу Бэкингем денг! – дарғазаб бўлиб сўради Фельтон.

Миледи гўё қалбида бу ном қўзғаган расво хотиротга бардош беришга ўзининг қурби етмагандан юзини қўллари билан тўсиб олди.

– Бэкингем – шу фариштадек вужуднинг жаллоди! – нидо қиларди Фельтон. – Сен ҳам унинг бошида момақалдироқни гумбирлатмадингми, парвардигор! Сен ҳам ҳаммамизнинг бошимизга бало қилиб уни нажиб, обрўли, иқтидорли бўлиб қолишига йўл қўйдингми!

– Кимки ўз баҳридан ўзи ўтиб турса, ундан худо ҳам юз ўгирар экан? – деди миледи.

– Бундан чиқди у ўзини ғариблар йўлиқадиган жазога мубтало қилмоқчидир! – ҳаяжони тобора ошиб давом этди Фельтон. – Инсон қасоси фалак ҳукмидан олдинроқ бошига тушишини истар!

– Одамлар ундан қўрқишади ҳам унга шафқат қилишади.

– Э, мен ундан қўрқмайман, унга шафқат ҳам қилмайман! – эътироз қилди Фельтон.

Миледи кўнгли иблисона қувончга тўлиб кетаётганини сезди.

– Лекин қай йўсинда менинг валийнеъматим, менинг падарим лорд Винтер бу нарсаларнинг ҳаммасига алоқадор бўлиб чиқмоқда? – сўради Фельтон.

– Қулоқ солинг, Фельтон, ахир пасткаш ва разил одамлар қатори оламда олижаноб ва олиҳиммат тийнатлар ҳам бор. Менинг бир қайлиғим бор эди, мен севган, у менга ҳам кўнгил берган киши эди… сиз сингари шер юрак, Фельтон, худди сизга ўхшаган одам. Мен унинг ҳузурига бордим-да, унга ҳамма гапни айтиб бердим. У мени танирди ва бир зум ҳам иккиланиб турмади. Бу бир кибор мансабдор ҳар жиҳатдан Бэкингемга тенг киши эди. У ҳеч нима демади, қиличини тақди, ридосига бурканди ва Бэкингем саройига равона бўлди…

– Ҳа, ҳа, тушуниб турибман, – луқма ташлади Фельтон, – гарчи бу хил одамларга ишинг тушганда қилич эмас ханжар қўл келади.

– Бэкингем бир кун аввал ўша маҳаллар ҳали шаҳзода Уелский бўлмиш қирол Карл I га Инфантанинг қўлини сўрагани фавқулодда элчи бўлиб Испанияга жўнаб кетган эди. Менинг қайлиғим қуруқ қайтди. «Менга қаранг, – деди у менга, – бу одам кетиб қолибди, мен ҳам ҳали-бери қасос олмайман. У келгунча аҳд қилганимиздек, никоҳдан ўтиб турайлик, сўнгра эса Лорд Винтерга ишонаверинг, у ўзининг ҳам, хотинининг ҳам номусини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқади».

– Лорд Винтерга! – қичқириб юборди Фельтон.

– Ҳа, лорд Винтерга, – тасдиқлади миледи. – Энди ҳаммаси сизга аён бўлгандир, шундай эмасми? Бэкингем бир йил атрофида хорижда бўлди. У қайтишидан бир ҳафта илгари лорд Винтер мени ёлғиз меросхўр қилиб қолдириб, тўсатдан вафот этди. Бу зарбани ким берган? Бу ёлғиз худога маълум, мен ҳеч кимни айбламайман…

– О, тубанлик ҳам шунчалик бўладими! Шунчалик бўладими! – даҳшатга келди Фельтон.

– Лорд Винтер ўз укасига ҳеч нима демасдан вафот этди. Даҳшатли сир момақалдироқ сингари айбдорнинг бошини емагунча ҳаммадан пинҳон қолиши керак эди. Сизнинг валинеъматингиз учун акасининг бисотисиз бир ёш қизга уйланиб олгани қайғули ҳол эди. Мен фаҳмладимки, ўзининг мерос олиш илинжида панд еган одамни мадад беради деб умидвор бўлишимнинг ҳожати йўқ. Мен қолган умримни ўша ерда ўтказишга қатъий қарор қилиб Францияга кетиб қолдим. Лекин менинг бутун мулким Англияда. Уруш туфайли икки давлат ўртасидаги алоқа узилиб қолди, мен риёзат чека бошладим ҳамда гоҳ-гоҳ бу ерга қайтиб келишимга тўғри келиб қолди. Олти кун муқаддам мен Портсмутга тушдим.

– У ёғи-чи? – сўради Фельтон.

– У ёғими? Бэкингем менинг қайтганим тўғрисида хабар топиб қолган шекилли, усиз ҳам менга қарши ғаразда юрган лорд Винтер билан менинг хусусимда гапни бир жойга қўйганда, унга келинининг тамғаланган жиноятчи фоҳиша аёллигини айтган. Менинг эрим ўлиб кетган, токи мени ёқлаб у ўзининг софдил олижаноб овозини кўтарса. Лорд Винтер ўзига айтилган гапларнинг ҳаммасига лаққа тушган, яна бажонидил ишонганки, бундан у манфаатдор. У мени ҳибсга олиш учун шу ерга келтиришни ва сиз қўриқлашингизни буюрган. Қолгани сизга маълум: индинга у мени бадарға қиляпти, сургунга жўнатяпти, индинга у мени бир умрга назардан қолганлар ичига киритиб қўяяпти. О, гапимга ишонинг, шум ният жуда пухта ўйланган! Тўр усталик билан тўқилган, менинг ор-номусим барбод бўлади! Ўзингиз кўриб турибсиз, Фельтон, ўлмай иложим йўқ. Фельтон, менга пичоқни беринг!

Шу сўзлар билан миледи гўё бор кучи тамом бўлгандай, ҳолсизланиб муҳаббату ғазаб ва ўзи шу тобгача бехабар келган нашъада сархуш ёш офицер пинжига суқилди: йигит завқланиб уни суяб қолди-да, бу келишган, ўймоқдек даҳан нафасидан зириллаб, бу кўтарилиб турган сийнанинг тегишидан ҳуши учиб уни бағрига босди.

– Йўқ, йўқ! – хитоб қилди у. – Йўқ, сен ғуборлардан холи бўлиб иззат-ҳурматда яшайсан, сен ўз душманларинг устидан тантана қилмоқ учун яшайсан!

Миледи айни пайтда нигоҳи билан уни ўзига жалб этган кўйи уни астагина итариб юборди; лекин Фельтон уни қайтадан оғушига олди, кўзлари эса маъбудага боққандай илтижо билан жавдираб турарди.

– Оҳ, ажал! Ажал! – ўз товушига нозли оҳанг бериб ва кўзларини юмиб деди у. – Оҳ, шарманда бўлиб юргандан кўра ўлиб кетган маъқул! Фельтон, жонажон оғам, дўстим, сенга ёлвораман!

– Йўқ! – хитоб қилди Фельтон. – Йўқ, сен яшайсан, қасосингни олиб яшайсан!

– Фельтон, мен атрофимдаги одамларнинг ҳаммасига офат келтираман! Мени тарк эт, Фельтон! Қўйиб бер, ўлиб қўя қолай!

– Ундай бўлса бирга ўламиз! – асиранинг дудоғидан бўса олиб хитоб қилди Фельтон.

Эшик устма-уст тарақлай бошлади. Бу гал миледи Фельтонни чинакамига итариб юборди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации