Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Афв этасиз, азизим, мен сизни ташлаб кетишим зарур, – деди у, – сизни бугун келиб қолишингизни билмасдан, мен бир ошнамга мулоқот тайинлаб қўйибман. Мен кўп тутилиб қолмайман, агар сиз мени бир нафас кута турсангиз, мен ошнам билан гаплашиб бўлиб, дарҳол ёнингизга қайтаман ва қош қорая бошлагани сабабли сизни Луврга кузатиб қўяман.

– Сизга ташаккур билдираман, тақсир, – жавоб берди Бонасе хоним, – менга бирор ёрдам кўрсатиш учун сиз етарли даражада мард эмассиз. Мен Луврга ёлғиз ўзим қайта оламан.

– Ихтиёрингиз, Бонасе хоним, – деди собиқ аттор, – сизни яқин орада яна кўраманми?

– Балки, келаси ҳафта хизматимдан бир оз бўшашга имкон топарман, шундан нарсаларимизни тартибга келтириш учун фойдаланарман, уларга анча зиён етган кўринади.

– Яхши, мен сизга кўз тутаман. Мендан жаҳлингиз чиқмаяптими?

– Меними? Сира ҳам.

– Демак, тез кунда дийдор кўришгунча, а?

– Тез кунда дийдор кўришгунча.

Бонасе рафиқасининг қўлини ўпиб қўйди-да, шошапиша йироқлашди.

– Ҳа, – эрининг ортидан кўча эшиги ёпилиб, ўзи ёлғиз қолгач деди Бонасе хоним, – бу овсарнинг кардиналчи бўлиши кам эди, холос. Мен бўлсам, қироличага кафолат бериб ўтирибман, мен бўлсам, бахти қаро соҳибамга ваъда бериб ўтирибман… Ё тавба, тавба! У мени сарой гиж-гиж тўлиб ётган, унинг кетидан жосуслик қилиш учун жойлаштирилган ўша разил махлуқларнинг бири деб ўйлайди… Оҳ, жаноб Бонасе! Мен ҳеч қачон сизни унчалик хуш кўрмаган эдим, энди эса иш янаям пачава: мен сиздан нафратланаман ва сиз билан орани очиқ қиламан, деб сўз бераман.

Бу сўзларни у айтиб улгурмасдан шифт тақиллаб қолди-ю, уни бош кўтаришга мажбур этди.

– Қадрли Бонасе хоним, – эшитилди шифт орқасидан аллакимнинг товуши, – зинага чиқиладиган дарчани очинг, мен ёнингизга тушаман!

XVIII
Хуштор ва эр

– Ҳа, хоним, – жувон очган эшикдан кира туриб деди д’Артаньян, – айтсам кўнглингизга олманг-у, бенаво эрингиз бор экан.

– Демак, бизнинг гапларимизни эшитибсиз-да? – д’Артаньянга хавотир билан термилиб, сўради Бонасе хоним.

– Бошдан-оёқ.

– Бироқ, қандай қилиб, вой шўрим?

– Кардинал айғоқчилари билан сиз ўртангиздаги жонлироқ суҳбатни қандай эшитган бўлсам худди шундай.

– Хўш, гапларимиздан нималарни уқтингиз? – Минг-минг ҳар хил нарсаларни? Аввало эрингизнинг, яхшиямки, бефаросат ва аҳмоқлигини; сўнгра, сиз мушкул аҳволда экансиз, модомики, бу менга сизга ёрдам қилиш имконини берар экан, бундан беҳад хурсандман, худо шоҳид, сизни деб ўзимни ўтга отишга ҳам тайёрман: ва, ниҳоят, қироличага у кишининг топшириғи билан Лондонга боришга шай жасур, уддабуррон ва садоқатли киши зарур. Мен талаб этилган хислатларнинг лоақал баъзиларига эгаман, мана, фармойишларингизга мунтазирман.

Бонасе хоним бирдан жавоб бермади, лекин унинг юраги қувончдан гупиллаб ура бошлади, кўзлари эса умиддан порлаб кетди.

– Башарти бу вазифани ишониб, сизга топширишга журъат этсам, – сўради у, – менга нима кафолат бўлади?

– Сизга бўлган муҳаббатим кафолат хизматини ўтасин. Қани, гапиринг ахир, буюринг! Мен нима қилишим керак?

– Э парвардигор, – шивирлади жувон, – шундай сирни сизга ишониб айтсам бўлармикан! Ахир сиз ҳали гўдак ҳисоб!

– Кўриб турибман, мен учун сизга кимдир кафил бўлиши керак экан.

– Тан оламан, бу нарса мени жуда тинчитган бўлурди.

– Сиз Атосни танийсизми?

– Йўқ.

– Портосни-чи?

– Йўқ.

– Арамисни-чи?

– Йўқ. Бу жанобларнинг ҳаммаси кимлар?

– Ҳазрат олийларининг мушкетёрлари. Уларнинг капитани жаноб де Тревилни танийсизми?

– О, албатта! У кишини мен танийман, шахсан эмас, орқаворатдан: қиролича у кишини тийнатли ва виждонли дворян сифатида кўп тилга оладилар.

– Умид қиламанки, кардиналнинг кўнглини овлаб, у кишининг хиёнат қилиши мумкинлигини имкон хорижида ҳисобламайсиз?

– Ҳа, албатта.

– Шундай экан, сирингизни у кишига очинг, ўша сир нечоғлик муҳим, қимматли ва даҳшатли бўлмасин, менга ишониш мумкинми, йўқми, сўраб кўринг.

– Бироқ, сир меники эмас ахир, уни очишга ҳаққим йўқ!

– Ахир уни жаноб Бонасега ишониб айтмоқчи бўлдингиз-ку! – ранжиб гапирди д’Артаньян.

– Мактубни дарахтнинг ковагига, каптарнинг қанотига, итнинг бўйинбоғига ишонгандай.

– Аммо, сизни қандай севишимни кўриб турибсизку, ахир.

– Ҳа, сиз шундай деяпсиз.

– Мен виждонли одамман.

– Шундай деб ўйлайман.

– Мен жасурман.

– О, бунга ишончим комил.

– Унда мени синаб кўринг.

Бонасе хоним сўнгги ўйлари билан олишиб, ёш йигитга қаради. Лекин, унинг кўзлари оташ бўлиб ёнар, овози бирам ишонч билан янграр эдики, у ўзида унга ишонишга майл борлигини ҳис қилди. Бундан ташқари, ўзга чора ҳам йўқ эди. Таваккал қилишга тўғри келарди. Ўта эҳтиёткорлик, худди ўта лақмалик каби, қиролича учун бирдай хавфли эди. Сўнгра – биз буни эътироф этишга мажбурмиз – шу йигитга нисбатан ўзи ҳис қилаётган ғайришуурий туйғу ҳам уни тилга киргизди.

– Менга қаранг, – деди у, – мен қистовларингизга ён бериб, сизга суянаман. Бироқ, бизни эшитиб турган худо қаршисида қасам ичиб айтаманки, мабодо менга хиёнат қилсангиз, гарчи, душманларим менга шафқат қилган тақдирда ҳам, сизни ўз ҳалокатимда айблаб, ўзимни ўлдираман.

– Мен бўлсам, – дея гапирди д’Артаньян, – худо олдида қасам ичиб айтаманки, агар топшириғингизни адо этишда қўлга тушсам, бирор кимсанинг шаънига доғ туширгудай бирон сўз айтгандан, бирон ҳаракат қилгандан кўра ўлганим яхши.

Шунда Самарит аёли ҳайкали қаршисидаги кўприкда тасодиф унга сал-пал очиб қўйган сирдан жувон уни огоҳ этди.

Бу уларнинг изҳори дили эди.

Д’Артаньян бахт ва ифтихордан яйраб кетганди. Ўзи молик бўлган бу сир, ўзи севган бу аёл унга улкан қудрат бахш этарди.

– Мен жўнайман, – деди у. – Шу нафас жўнайман!

– Мен жўнайман деганингиз нимаси? – хитоб қилди Бонасе хоним. – Полк-чи, сардор-чи?

– Чин қалбимдан қасам ичаманки, сиз мени ҳаммасини унутишга мажбур этиб қўйдингиз, азизим Констанция! Сиз ҳақсиз, менга рухсат даркор.

– Яна тўғаноқ! – эзилиб шивирлади Бонасе хоним.

– О, бу тўғаноқнинг, – бир зумлик мулоҳазадан сўнг сўзлади д’Артаньян, – эви осон, хавотирланманг.

– Қандай?

– Мен шу бугуноқ кечқурун жаноб де Тревилнинг ҳузурига йўл оламан ва у кишидан ўз қайниси жаноб Дезессарадан шу марҳаматни сўраб беришини ўтинаман.

– Бироқ, бу ҳали ҳаммаси эмас…

– Хўш, сизни яна нима хижолат қиляпти? – Бонасе хоним сўзини давом этишга ботинолмай турганини кўриб, сўради д’Артаньян.

– Сизнинг, эҳтимол, пулингиз йўқдир?

– «Эҳтимол-пеҳтимоли» бу ерда ортиқча, – жилмайиб жавоб берди д’Артаньян.

– Ундай бўлса, – жовонни очиб, бундан ярим соат илгари умрдоши меҳр билан силаб-сийпаган халтани олган кўйи деди Бонасе хоним, – мана бу халтани олинг.

– Кардиналнинг халтаси! – қаҳ-қаҳ уриб кулиб, деди д’Артаньян. Бизнинг эса хотиримиздаки, полни кўчириш туфайли у эр-хотинларнинг гапларини сўзма-сўз эшитиб олган эди.

– Ҳа, кардиналнинг халтаси, – тасдиқлади Бонасе хоним, – кўриб турибсизки, унинг кўриниши хийла салобатли.

– Минг лаънат! – хитоб қилди д’Артаньян. – Бу икки карра қизиқроқ бўлади-ку: қиролича падари бузрукворнинг пуллари ёрдамида халос этилса.

– Сиз дилкаш ва хушфеъл йигитсиз, – деди Бонасе хоним, – сўзимга ишонинг, ҳазрат олиялари қарздор бўлиб қолмайди.

– О, мен аллақачон тўлиқ мукофотланиб бўлдим! – хитоб қилди д’Артаньян. – Мен сизни севаман, сиз бу тўғрида гапиришимга изн беряпсиз. Мен шундай бахтни орзу қила олармидим!

– Секинроқ! – бирдан қалтироқ босиб, шивирлади Бонасе хоним.

– Нима гап?

– Кўчада гаплашяптилар…

– Овози?..

– Менинг эримники. Ҳа, мен уни танияпман!

Д’Артаньян югуриб бориб, эшикни тамбалаб қўйди.

– Мен чиқиб кетмагунча у кирмайди. Мен чиқиб кетгандан кейин эса сиз унга очасиз.

– Бироқ менинг ҳам кетишим лозим бўлади-ку. Тағин шу ерда қолсам, пул йўқолганини қандай ҳам изоҳлаб бўларди?

– Сиз ҳақсиз, бу ердан чиқиб олмоқ керак.

– Чиқиб олмоқ? Бироқ, қандай қилиб? Агар чиқсак, улар бизни кўриб қолишади.

– Унда меникига чиқмоқ керак.

– Оҳ! – қичқириб юборди Бонасе хоним. – Сиз шундай товуш билан гапиряпсизки, мен қўрқиб кетяпман.

Шу сўзларни айтаётганда Бонасе хонимнинг нигоҳида бир қатра ёш ялтираб кетди. Ўша қатрага д’Артаньяннинг кўзи тушди-ю, кўнгли бузилиб, изза бўлиб, унинг пойига йиқилди.

– Меникида, – деди у, – худди қасрда сингари хатарлардан холи бўласиз, чин дворянлик сўзим.

– Кетдик, – деди у, – ўзимни қўлингизга топширдим, дўстим.

Д’Артаньян тамбани оҳиста суриб қўйди, кейин иккаласи худди соялардай шарпасиз лип этиб, супачага ўтиб олдилар, товуш чиқармай зинадан юриб, д’Артаньяннинг хонасига кирдилар.

Ўз хонасига ўтиб, йигит ўта хавфсизлик учун эшикни тўсиб қўйди. Сўнгра улар дераза ёнига бориб, ридога бурканган нотаниш киши билан сўзлашиб турган жаноб Бонасени кўриб қолдилар.

Ридолик кишига кўзи тушгач, д’Артаньян сесканиб кетди ва қиличини ним яланғочлаб, эшик томонга отилди.

Бу Менгдаги нотаниш киши эди.

– Сиз нима қилмоқчи бўляпсиз? – қичқириб юборди Бонасе хоним. – Сиз бизни ҳалок қиласиз!

– Аммо, мен бу одамни ўлдираман, деб қасам ичганман! – хитоб қилди д’Артаньян.

– Сизнинг ҳаётингиз ҳозирги вазифангизга бағишланган, у ўзингизга тегишли эмас. Қиролича номи билан сизга ўзингизни сафардагилардан бўлак бирор хавф-хатар остида қолдиришингизни ман этаман.

– Ўзингиз номингиздан-чи, менга ҳеч нима буюрмайсизми?

– Менинг номимданми… – қаттиқ ҳаяжонда гапирди Бонасе хоним, – Менинг номимдан худди ўша нарсани илтижо қиламан. Бироқ, қулоқ солайлик – назаримда, менинг тўғримда гапиряптилар.

Д’Артаньян дераза ёнига қайтиб, қулоқ солди.

Бонасе аллақачон уйининг эшигини очган ва унинг бўшлигини кўргач, ўзи бир нафас ёлғиз қолдирган ридолик киши ёнига қайтган эди.

– У кетипти, – деди Бонасе. – Луврга қайтган бўлса керак.

– Нега қайтганингизни у пайқамаганлигига аминмисиз, – сўради ридолик киши.

– Йўқ, – ҳаволаниб жавоб берди Бонасе. – Бунинг учун у ҳаддан ташқари енгилтак аёл.

– Ёш гвардиячи уйидами?

– Бўлмаса керак. Кўриб турибсиз, дарчалари берк, ёриқларидан ёруғликнинг бирор шуъласи тушмаяпти.

– Барибир, бир текшириб кўрилса, зарар қилмайди.

– Қандай қилиб?

– Эшигини тақиллатиб кўриш керак.

– Мен хизматкоридан суриштириб кўраман.

– Боринг.

Бонасе дарвозахонага кириб, ғойиб бўлди, ҳозиргина қочоқлар билинтирмай ўтган эшикдан кирди, д’Артаньяннинг саҳнигача чиқиб, эшикни қоқди.

Ҳеч ким садо бермади: Портос киройи ҳашам учун шу оқшомга Планшени беришни илтимос қилган, д’Артаньянга келсак, у ҳаёт нишонаси беришни хаёлига ҳам келтирмасди.

Бонасе эшикни тарақлатиб ура бошлаганда ёшлар юраклари гупиллаб кетганини ҳис қилдилар.

– У ерда ҳеч ким йўқ, – деди Бонасе.

– Барибир, яхшиси, сизникига кира қолайлик. У ер кўчадан тинчроқ бўлади.

– Вой! – хитоб қилди Бонасе хоним. – Энди ҳеч нарсани эшитмай қоламиз.

– Аксинча, – дея уни тинчлантирди д’Артаньян, – энди биз қайтага яхшироқ эшитамиз.

Д’Артаньян бир-икки мурабба паркетни кўчириб, хонасининг полини Дионисий қулоғи мисол бир нарсага айлантириб, унга гилам ёйди, ўзи чўккалаб ўтириб, имо билан Бонасе хонимга ўзидан ибрат олишни ва тешикка энгашишни таклиф этди.

– Уйда ҳеч ким йўқлигига сиз аминмисиз? – сўради нотаниш киши.

– Бунга кафилман, – жавоб берди Бонасе.

– Сиз ўйлайсизки, рафиқангиз…

– Саройга қайтиб кетган.

– Ҳеч ким билан гаплашиб олмасдан-а?

– Бунга ишончим комил.

– Буни аниқ билиш жуда зарур, тушунасизми?

– Демак, мен хабар қилган маълумотларни қимматли деб ҳисоблаш мумкинми?

– Жуда қимматли, сиздан яшириб ўтирмайман, азизим Бонасе.

– Кардинал мендан мамнун бўлади денг?

– Шубҳа қилмайман.

– Улуғ кардинал!

– Рафиқангиз сиз билан суҳбатда ҳеч қандай номларни тилга олмаганини яхши эслайсизми?

– Йўқ, шекилли.

– У де Шеврез хонимними, ёки Герсог Бэкингемними, ёки де Варне хонимними тилга олмадими?

– Йўқ, жуда олий насабли бир шахсга хизмат қилиш учун мени Лондонга юбормоқчилигини айтди, холос.

– Сотқин! – шивирлади Бонасе хоним.

– Секинроқ, – дея уни қўлидан ушлаб гапирди д’Артаньян, хаёлга ботиб, у қўлини тортиб олмади.

– Барибирда, – гапида давом этарди ридолик киши, – сиз ўзингизни кўнганга солмасдан аҳмоқлик қилгансиз. Мактуб ҳозир қўлингизда бўларди, хавф солинаётган давлат қутқарилган бўларди, сиз бўлсангиз…

– Мен бўлсам?..

– Сиз бўлсангиз, дворянлик унвони билан сийланган бўлардингиз.

– У киши сизга айтибмиди…

– Ҳа, менинг хабарим бор, у киши бехосдан айтиб, сизни хурсанд қилмоқчи эди.

– Хотирингизни жам қилинг, – деди Бонасе, – рафиқам мени жуда севади, ҳали фурсат ўтгани йўқ.

– Аҳмоқ! – шивирлади Бонасе хоним.

– Секинроқ! – унинг қўлини қаттиқ қисиб, эшитилар-эшитилмас гапирди д’Артаньян.

– «Фурсат ўтгани йўқ» деганингиз нимаси? – сўради ридолик киши.

– Мен Луврга жўнайман, Бонасе хонимни чақиртириб, фикримдан қайтдим, мен ҳаммасини бажараман, дейман, мактубни олиб, кардинал ҳузурига чопаман.

– Яхши. Шошилинг. Мен сиз ниманинг уддасидан чиққанингизни билиш учун бирпасда изимга қайтаман.

Нотаниш киши чиқиб кетди.

– Номард! – бу танбеҳ билан умрдошини сийлаб деди Бонасе хоним.

– Секинроқ! – унинг қўлини қаттиқроқ қисиб такрорлади д’Артаньян.

Лекин шу онда ёввойиларча фарёд д’Артаньян билан Бонасе хонимнинг фикрларини бўлиб қўйди. Пул тўла халтанинг йўқолганини пайқаган унинг эри нажот сўраб, додламоқда эди.

– Эй, парвардигор, парвардигор! – хитоб қилди Бонасе хоним. – У бутун даҳани оёққа турғизади!

Бонасе узоқ бақирди. Лекин, Гўрковлар кўчасида тез-тез эшитилиб тургувчи бу хил дод-войлар ҳеч кимни кўчага мўралашга мажбур этолмасди, устига-устак, атторнинг хонадони яқин орадан бери ёмон отлиқ бўлганди. Бонасе ҳеч кимнинг дараги йўқлигини кўргач, бақириб-чақирганча югуриб уйдан чиқди. Унинг Дюбак кўчаси томон йироқлашаётган фиғонлари яна алламаҳалгача эшитилиб турди.

– Энди эса, – деди Бонасе хоним, – у гумдон бўлгандан кейин навбат сизники – кетинг. Мард, хусусан, эҳтиёткор бўлинг. Сиз қироличанинг измида эканлигингизни хотирингизда сақланг.

– У кишининг ва сизнинг! – хитоб қилди д’Артаньян. – Кўнглингиз тўқ бўлсин, дилбар Констанция. Мен унинг миннатдорлигига сазовор бўлиб, қайтаман, аммо сизнинг муҳаббатингизга ҳам муяссар бўлармиканман?

Жувоннинг юзларига ёйилган қирмизи ранг жавоб бўлди. Бир-икки дақиқа ўтгач, бир чеккасини узун қиличнинг қини жанговар кўтариб турган ридога бурканиб, д’Артаньян ўз навбатида кўчага чиқди.

Бонасе хоним аёл ўзида муҳаббат уйғотолган кишини кузатгувчи ўша узоқ ва меҳрибон назар билан унинг орқасидан қараб қолди.

Лекин, у кўча муюлишида ғойиб бўлгандан кейин тиз чўкди.

– О, худойим! – қўлларини букиб шивирлади у. – Қироличадан нусратингни дариғ тутма, мендан дариғ тутма!

XIX
Ширкат режаси

Д’Артаньян аввало жаноб де Тревиль ҳузурига равона бўлди. Бир-икки дақиқа ўтмай, кардинал, шубҳасиз ўзининг ишончли одами бўлган лаънати, нотаниш киши орқали ҳамма гапдан огоҳ бўлишини у биларди. Шу учун у жуда асосли равишда, ҳар дақиқани ғанимат деб ҳисобларди.

Ёш йигитнинг қалби қувончларга лиммо-лим тўлган эди. Унга ҳам шуҳрат, ҳам пул берадиган тасодиф дуч келган, энг аломат жиҳати эса, бу тасодиф уни ўзи мафтун бўлган аёл билан ҳам яқинлаштирган эди.

Қисмат бир зарб билан унга ўзи қачон бўлса-да, орзу қилишга ботингандан зиёдроқ нарсаларни ато этаётган эди.

Жаноб де Тревиль ўз меҳмонхонасида кибор дўстларининг одатий даврасида ўтирган эди. Бутун уй ичи таниган д’Артаньян тўппа-тўғри кабинетга ўтди-да, капитан билан бир муҳим иш юзасидан гаплашиб олиш истагини етказишни мулозимдан илтимос қилди.

Мунтазирликнинг беш дақиқаси ўтар-ўтмас жаноб де Тревиль кириб келди. Ёш йигитнинг қувонч балқиб турган чеҳрасига бир кўз ташлаш кифоя қилди – муҳтарам капитан бир янги гап рўй берганини фаҳмлади.

Бутун йўл давомида д’Артаньян ўз-ўзига савол бериб келганди: жавоб де Тревилга бор гапни очсинми ёки фақат бир муҳим ишга ҳаракат эркинлигини сўраб олсинми? Лекин, жаноб де Тревил унга нисбатан бирам олий ҳиммат муносабатда бўлиб келган, қирол билан қироличага бўлган ихлоси шунчалар теран, кардиналга нафрати эса шунча самимий эдики, йигит ҳаммасини баён этишга қарор қилди.

– Сиз қабул қилишимни ўтинибсиз, ёш дўстим, – деди де Тревиль.

– Ҳа, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян, – гап қандай муҳим иш ҳақида бораётганидан воқиф бўлганингиздан кейин мени авф этасиз.

– Гапиринг бўлмаса. Қулоғим сизда.

– Гап, – товушини пасайтириб деди д’Артаньян, – бори-йўғи қироличанинг обрўси, балки, эҳтимол, ҳаёти ҳақида ҳам бораётир.

– Нималар деяпсиз! – ҳеч ким эшитмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун атрофга аланглаб олиб, хитоб қилди де Тревиль ва сўроқ назарини яна суҳбатдошининг юзида тўхтатди.

– Мен айтаяпманки, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян, – тасодиф мени бир сирга аралаштириб қўйди…

– Уни сиз жонингизни қурбон қилган тақдирда ҳам ошкор этмайсиз, йигитча.

– Ҳа, аммо, мен сизни ундан воқиф этишим лозим, тақсир, зеро ҳазрат олиялари зиммамга юклаган вазифани адо этишда менга мадад бериш ёлғиз сизнинг қўлингиздан келади.

– Ўша сир – сизникими?

– Йўқ, тақсир. Бу сир ҳазрат олиялариники.

– Ўша сирни менга очишга ҳазрат олиялари изн берганми?

– Йўқ, тақсир, ҳатто, аксинча: менга уни қаттиқ қўриқлаш буюрилган.

– Нега энди уни менга ошкор қилмоқчи бўляпсиз?

– Чунки, айтганимдек, сизнинг ёрдамингизсиз ҳеч нима қилолмайман, агар нима сабабдан илтимос қилаётганимни билмасангиз, сўрамоқчи бўлган марҳаматни мендан дариғ тутасизми деб қўрқаман.

– Сизга ишонилган сирни сақлаб қолинг, қани айтингчи, сиз нима истайсиз?

– Мен жаноб Дезессарадан икки ҳафталик жавоб олиб беришингизни истардим.

– Қачон?

– Шу бугунги тундан.

– Сиз Парижни тарк этяпсизми?

– Мен топшириқни адо этиш учун жўнаб кетяпман.

– Қаерга жўнаб кетаётганингизни маълум қилишингиз мумкинми?

– Лондонга.

– Манзилингизга етмаслигингиздан бирор кимса манфаатдорми?

– Назаримда, кардинал менга ҳалал бериш учун жамики кучини сарфлайди.

– Тағин сиз ёлғиз жўнаяпсизми?

– Мен ёлғиз жўнаяпман.

– У ҳолда сиз Бондидан нарига ўтолмайсиз, Тревиль сўзи билан кафил бўламан.

– Нега?

– Ёнингизга қотил юборишади.

– Мен бурчимни адо этишда жон бераман.

– Бироқ, топшириғингиз бажарилмай қолаверади.

– Бу рост… – деди д’Артаньян.

– Гапимга ишонинг, – сўзида давом этди де Тревиль – бу хил иқдомга манзилга биттаси етиб бориши учун тўрт кишилашиб чиқмоқ лозим.

– Ҳа, сиз ҳақсиз, тақсир, – деди д’Артаньян, – аммо, сиз Атос, Портос ва Арамисларни танийсиз ва уларнинг ихтиёримда бўлиши мумкинлигидан ҳам хабарингиз бор.

– Мен билишни истамаган сирни уларга очмасданми?

– Биз бир-биримизга кўр-кўрона ишонишга ва бирбиримизга садоқатимизни мудом сақлашга узил-кесил қасам ичганмиз. Бундан ташқари, менга батамом ишонишингизни айтишингиз мумкин, улар ҳам худди сиз сингари мендан кўнгли тўқ бўлади.

– Мен уларнинг ҳар бирига икки ҳафталик жавоб беришим мумкин: ҳалиям жароҳати безовта қилаётган Атосга – форж сувларига жўнаши учун; Портос ва Арамисга – ўз дўстларини оғир аҳволда ёлғиз ташлаб қўймай, ҳамроҳ бўлиб боришлари учун. Рухсат гувоҳномалари сафар менинг розилигим билан ўтказилаётганининг исботи бўлиб хизмат қилади.

– Ташаккур сизга, тақсир. Умрингиздан барака топинг.

– Дарҳол уларнинг ёнига боринг. Бугун тундаёқ йўлга чиқиш шарт… Ҳа, бироқ, сиз ҳозир жаноб Дезессаранинг номига илтимоснома ёзинг. Сизни аллақачон жосус изма-из таъқиб этаётгандир, у ҳолда, сизнинг ташрифингиз кардиналнинг қулоғига етган чоғда ҳам узрли бўлади.

Д’Артаньян илтимоснома ёзди, уни гасконлик йигитнинг қўлидан қабул қила туриб, де Тревиль кам деганда икки соат ўтгач, тўртала рухсат гувоҳнома ҳам сафар иштирокчиларнинг ҳар бири уйида бўлажагини унга маълум қилди.

– Малол келмаса, менинг гувоҳномамни Атоснинг уйига жўнатсангиз, – илтимос қилди д’Артаньян, – уйга қайтгач, бирор нохуш тасодифга йўлиқмасам, деб қўрқаман.

– Хавотирланманг. Хайр ва оқ йўл… Ҳа, сабр қилинг! – д’Артаньянни тўхтатиб, қичқирди де Тревиль.

Д’Артаньян қайтиб келди.

– Пулингиз борми?

Д’Артаньян чўнтагида турган танга тўла картмонни бармоғи билан чертиб қўйди.

– Етадими? – сўради де Тревиль.

Уч юз пистол.

– Жуда соз. Бу пул билан дунёнинг нариги бурчига етса бўлади.

Д’Артаньян ўзига қўлини узатган жаноб де Тревилга таъзим қилди. Гасконлик йигит бу қўлни эҳтиром ва миннатдорлик билан қисди. Ўзи Парижга келган кундан эътиборан ҳамиша ўктам, ҳалол ва валламат бу ажойиб инсонни у мақтаб тўймасди.

Д’Артаньян дастлаб уйига бориб, учраган кишиси Арамис бўлди. Бонасе хонимни пойлаган ўша унутилмас оқшомдан бери у дўстиникига келмаган эди. Устига-устак, у сўнгги маҳаллар ёш мушкетёр билан ҳатто, кам учрашадиган бўлиб қолган, уни кўрган кезлар ҳам дўстининг юзида аллақандай чуқур дард изларини кўргандай бўларди.

Бу оқшом Арамис ҳам ҳали ётмаган, тунд ва ўйчан ўтирарди. Д’Артаньян унинг ғуссаси сабабларини суриштиришга уриниб кўрди. Арамис келаси ҳафтага ўзи лотин тилида ёзиши зарур, гўё, ўзини анча уринтирган Авлиё Августиннинг ўн саккизинчи бобига шарҳни баҳона қилиб қўя қолди.

Икки дўстнинг суҳбати бир-икки дақиқа давом этган эдики, тўсатдан де Тревиль мулозимларидан бири пайдо бўлиб, Арамисга муҳрланган номани узатди.

– Бу нима? – сўради мушкетёр.

– Сиз илтимос қилган рухсатнома, – жавоб берди мулозим.

– Бироқ, мен ҳеч рухсат сўраган эмасман! – хитоб қилди Арамис.

– Индамай олаверинг, – шипшиди унга д’Артаньян, – мана сизга, меҳнатингиз эвазига, ярим пистол, дўстим, – мулозимга юзланиб қўшиб қўйди у. – Жаноб де Тревилга жаноб Арамис у кишига самимий ташаккур айтаётганини етказинг.

– Қуюқ таъзим қилиб, мулозим чиқиб кетди.

– Бу нима гап? – сўради Арамис.

– Сизга икки ҳафталик сафар учун зарур бўлиши мумкин ҳамма нарсангизни йиғиштиринг-у, орқамдан юринг.

– Бироқ, мен ҳозир Париждан кетолмайман, хабар топмасдан туриб…

Арамис жимиб қолди.

– …унга нима бўлганидан, тўғрими? – унинг гапини давом этди д’Артаньян.

– Кимга? – сўради Арамис.

– Шу ерга келган аёлга. Кашталик рўмолчаси бор аёлга.

– Бу ерга аёл киши келган деб сизга ким айтди? – ранги қув учиб, хитоб қилди Арамис.

– Мен уни кўрган эдим.

– Кимлигини ҳам биласизми?

– Фаҳмим етиб турибди, ҳар қалай.

– Қулоқ солинг, – деди Арамис. – Модомики, сиз шунча кўп ҳар хил нарсаларни биларкансиз, ўша аёлга нима бўлганидан хабарингиз бордир?

– У Турга қайтган деб ўйлайман.

– Тургами?.. Ҳа, эҳтимол. Сиз уни танийсиз. Бироқ, у менга лом-мим демай Турга қандай қилиб қайтдийкин?

– У ҳибсга олинишдан чўчиган.

– Нега менга ёзмаган?

– Бошингизга кулфат солишдан қўрққан.

– Д’Артаньян! Сиз менга жон киргизаётирсиз! – хитоб қилди Арамис. – Мендан нафратланишади, мени лақиллатишяпти, деб ўйлаб юрибман. Унинг мени деб ўз эркини тикаётганини тасаввур қилолмасдим, бироқ, гапнинг бошқа томони қандай сабаб уни Парижга қайтиб келишга мажбур қилдийкин?

– Ўша биз Лондонга кетаётган сабабнинг худди ўзи.

– У қандай сабаб экан? – сўради Арамис.

– Бир куни келиб у сизга аён бўлар, Арамис. Аммо, мен ақоидшуноснинг жиянини хотирга олиб, ҳозирча ортиқча гапдан ўзимни тияман.

Арамис ўзи бир вақтлар дўстларига айтиб берган чўпчакни эслаб, жилмайиб қўйди.

– На чора, у Париждан кетган бўлса, бунга ишончингиз комил бўлса, энди мени бу ерда ҳеч нима тутмайди, сиз билан жўнаб кетишга тайёрман. Сиз айтдингизки, биз…

– Аввало, Атосникига борамиз, агарда мен билан кетиш ниятингиз бўлса, шошилишни маслаҳат бераман, чунки, биз кўп вақтни бой бериб қўйдик. Ҳа, дарвоқе, Базенни огоҳлантириб қўйинг.

– Базен биз билан борадими?

– Эҳтимол. Ҳарҳолда у ҳам Атосникига келса, дуруст бўлади.

Арамис Базенни чақирди-да, унга ўзларининг кетидан Атосникига боришни буюрди.

– Шундай қилиб, кетдик, – ридо, қилични олиб ва камарига учта пистолетни қистириб қўйиб, деди Арамис. Тасодифан беркиниб қолган бирор тангани қидириб, у бир-иккита ғаладонни чиқариб, яна қайта суриб қўйди. Қидирувларнинг беҳудалигига ишонч ҳосил қилгач, ёш гвардиячи меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлган аёлнинг кимлигини қаердан билиши мумкин ва ўша аёл қайга ғойиб бўлганидан қандай қилиб яхшироқ хабардор бўлиши мумкин деган саволни ўзўзига хаёлан берганича у д’Артаньяннинг изидан эшик томон йўналди.

Бўсағага етиб қолганда Арамис д’Артаньяннинг кифтига қўлини қўйди.

– Ўша аёл ҳақида ҳеч кимга гапирганингиз йўқмиди? – сўради у.

– Зинҳор ҳеч кимга.

– Атос билан Портос ҳам истисно эмас-а?

– Лом-мим деганим йўқ.

– Худога шукур.

Бу борада кўнгли тинчиб, Арамис д’Артаньян билан бирга йўлида давом этди. Ҳадемай, улар Атос истиқомат қилгувчи уйга етиб қолдилар.

Улар кириб борганда, Атос бир қўлида рухсатномани, бошқасида – жаноб де Тревилнинг мактубини ушлаб турган эди.

– Бу рухсатнома ва мактубнинг маъноси нималигини изоҳлаб беролмайсизми? – таажжубланиб сўради у.

«Азизим Атос, модомики, соғлиғингиз учун жуда зарур экан, мен сизга икки ҳафталик жавоб беришга розиман. Форж сувларигами ёки бошқаларигами, ўз азму ихтиёрингизга кўра жўнаб кетаверишингиз мумкин. Тезроқ соғайинг.

Сизга илтифот билан Тревиль».

– Бу мактуб ва бу рухсатноманинг маъноси шуки, сиз мен билан юришингиз лозим, Атос.

– Форж сувларигами?

– У ерга ёки бўлак жойга.

– Қирол хизмати биланми?

– Қирол ва қиролича. Биз ҳазрат олийларининг хизматкорлари эмасмизки, ахир?

Айни шу нафас Портос пайдо бўлди.

– Минг лаънат! – кириб кела туриб хитоб қилди у. – Қачондан бери мушкетёрларга ўзлари сўрамаган жавоб берила бошлади?

– Буни улар учун сўраб қўядиган дўстлари пайдо бўлгандан бери.

– Аҳ-а… – чўзиб гапирди Портос. – Бу ерда аллақандай янгиликлар борга ўхшайди.

– Ҳа, биз жўнаб кетяпмиз, – жавоб берди Арамис.

– Қай ўлкаларга, – сўради Портос.

– Рости, тузук-қуруқ билмайман, – жавоб берди Атос. – Д’Артаньяндан сўраб кўр.

– Биз Лондонга жўнаяпмиз, жаноблар, – деди д’Артаньян.

– Лондонга! – хитоб қилди Портос. – Лондонда биз нима қиламиз ўзи?

– Мана шунисини сизларга айтишга ҳаққим йўқ, жаноблар. Менга ишонишларингга тўғри келади.

– Бироқ, Лондонга саёҳат қилиш учун пул керак, – илова қилди Портос, – менда эса йўқ.

– Менда ҳам.

– Менда ҳам.

– Менда бор, – ўз хазинасини чўнтагидан чиқариб ҳамда уни столга ташлаб, деди д’Артаньян. – Бу халтада уч юз пистол бор. Ҳар қайсимиз ундан етмиш беш пистолдан олайлик – Лондонга бориб, қайтиш учун шу кифоя. Айтганча, хотирингиз жам бўлсин: Лондонгача биз ҳаммамиз етмаймиз.

– Нега энди?

– Чунки, биздан баъзиларимиз йўлда қолиб кетишимиз эҳтимолдан холи эмас.

– Бу нима деган гап ўзи – биз юриш бошлаяпмизми?

– Ҳаттоки, жудаям қалтисини, сизларни огоҳлантириб қўймоғим шарт.

– Азбаройи шифо! – хитоб қилди Портос. – Лекин, агар ҳалок бўлишимиз хавфи бўлса, мен лоақал билишни истардим, нима ҳаққи.

– Бундан таскин топармидинг? – сўради Атос.

– Эътироф қилишим керакки, – деди Арамис, – мен Портоснинг фикрига қўшиламан.

– Ахир қиролнинг бизга ҳисоб бериш одати бормиди? Йўқ. У шунчаки айтади: жаноблар Гасконда ёки Фландрияда уришмоқдалар – боринг, уришинг. Сиз ҳам кетаверасиз. Нима ҳаққи? Бу тўғрисида сиз бош қотириб ҳам ўтирмайсиз.

– Д’Артаньян ҳақ, – деди Атос, – мана, жаноб де Тревиль юборган учта рухсат гувоҳномамиз, мана, ким берганининг тайини йўқ уч юз пистол. Жўнатган жойга ўлгани кетаверамиз-да. Ҳаёт шунча кўп суриштиришга арзирмиди! Д’Артаньян, мен орқангдан юришга тайёрман.

– Мен ҳам! – деди Портос.

– Мен ҳам! – деди Арамис. – Дарвоқе, мен ҳозир Париждан жон деб кетаман. Мен бир оз ёзилишим лозим.

– Мириқиб яйрайсизлар, жаноблар, хотиржам бўлинг, – илова қилди д’Артаньян.

– Жуда соз. Қачон жўнаймиз? – сўради Атос.

– Ҳозироқ, – жавоб берди д’Артаньян, – ҳар дақиқа ғанимат.

– Ҳой, Гримо, Планше, Мушкетон, Базен! – дея ҳар тўрталаси ўз қаролларини чақирдилар. – Ботфортларимизни мойлаб, отларимизни келтиринг.

У йиллар худди казармада сингари ҳар мушкетёрнинг ўз оти ва қаролининг отини асосий уйида тутиши расм бўлган эди. Планше, Гримо, Мушкетон ва Базен елиб-югуриб, соҳибларининг фармойишларини бажаришга отилдилар.

– Энди эса, – деди Портос, – ширкат режасини тузиб олайлик. Дастлаб, биз қай томонга йўл оламиз?

– Кале, – деди д’Артаньян. – Бу Лондонга энг қисқа йўл.

– У ҳолда, мана менинг фикрим… – сўз бошлади Портос.

– Гапир.

– Бирон ёққа бирга кетаётган тўрт киши шубҳа туғдириши мумкин. Д’Артаньян ҳар биримизга зарур дастурларни беради. Мен йўлни текшириш учун илгарироқ Булондан чиқаман. Атос икки соат ҳаял билан Амендан жўнайди. Арамис орқамиздан Нуаёнга қараб юради. Д’Артаньянга келсак, у истаган йўлдан кетиши мумкин, бироқ, Планшенинг либоси, Планше эса гвардиячи усти-бошида д’Артаньянни эслатиб, ортимиздан боради.

– Жаноблар, – деди Атос, – мен бундай ишда хизматкорларни сирдош қилмаслик керак, деб ҳисоблайман. Дворян киши тасодифан сирни очиб қўйиши мумкин, лекин, қарол қарийб ҳар вақт уни сотиб юборади.

– Портоснинг режаси менга нобоп бўлиб туюляпти, – деди д’Артаньян, – аввало, сизларга қандай дастурлар беришим зарурлигини мен ўзим ҳам билмайман. Мен бир мактубни олиб кетяпман. Бор гап шу. Мен бу мактубдан уч нусха кўчиролмайман, зеро, у муҳрланган. Шу сабабдан, назаримда, биргаликда силжишимиз лозим. Мактуб мана бу ерда, шу чўнтакда турибди. Мабодо мен ҳалок бўлсам, сизлардан бирингиз мактубни оласиз-да, йўлингизда давом этасиз. Мабодо, уни ўлдиришса, учинчи кишининг навбати етади ва ҳоказо. Бир киши етса, бас. Шуниси кифоя қилади.

– Баракалло, д’Артаньян! Мен ҳам худди сендек фикрдаман, – деди Атос. – Бунинг устига субутли бўлмоқ керак. Мен сувга кетяпман, сизлар менга ҳамроҳсиз. Форж сувларининг ўрнига мен денгизга жўнаяпман – ахир ихтиёр ўзимда-ку. Бизни тўхтатмоқчи бўлишади. Мен жаноб де Тревилнинг мактубини кўрсатаман. Сизлар эса – гувоҳномаларингизни. Бизга ҳужум қилишади. Биз ўзимизни мудофаа қиламиз. Бизни суд қилишади, бор қатъият билан денгизга бирикки шўнғимоқчи эдик, холос, деб таъкидлайверамиз. Якка-якка саёҳат қилаётган тўрт кишини уддалаш ҳеч гап эмас, ваҳоланки, ҳамжиҳат тўрт киши – бир отряддир. Биз тўртала хизматкорларимизни пистолет ва мушкетлар билан қуроллантириб қўямиз. Агар бизга қарши армия юборишса, биз жангни қабул қиламиз, – кимки, омон қолса, д’Артаньян айтмоқчи, мактубни элтиб топширади.

– Жуда соз, – деди Арамис, – сен Атос кам гапирасан-у, аммо лекин, тилга кирганингдан кейин Иоанн Златоусдан қолишмайсан. Мен Атоснинг режасини қабул қилдим. Сен-чи, Портос?

– Мен ҳам, – деди Портос, – агар д’Артаньян уни маъқулласа. Табиийки, мактубга мутасадди қилинган д’Артаньян иқдом сардори бўлади. У ҳал қилсин, биз унинг фармойишларини бажараверамиз.

– Гап бундай, – деди д’Артаньян, – мен қарор қилдим: биз Атоснинг режасини қабул қилиб, ярим соатдан кейин жўнаймиз.

– Маъқул! – уч мушкетёрнинг ҳаммаси жўр бўлиб гапирдилар.

Сўнгра уларнинг ҳар бири халтага қўл узатиб, етмиш беш пистолни олди-да, ярим соатдан кейин сафарга шай туриш учун тадорик кўра бошлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации