Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]
Кечки соат тўққизларда у ухламоқчи бўлиб турганда йўлакдан оёқ шарпаларини эшитиб қолди. Шарпалар унинг эшиги томон яқинлашди-ю, эшик очилиб, соқчи аскарлар кириб келдилар.
– Ортимиздан юринг, – деди аскарлар билан бирга кирган миршабхона мутасаддиси.
– Ортингиздан юрай? – хитоб қилди Бонасе. – Шундай бемаҳалда ортингиздан юрайми? Қаерга экан, худо паноҳингда асра!
– Сизни қаерга элтиш амр қилинган бўлса, ўша ерга.
– Бу жавоб эмас-да, энди!
– Биз сизга айта оладиган бирдан-бир гап шу.
– Э, парвардигор, парвардигор! – шивирлади шўрпешана аттор. – Бу гал хароб бўлдим!
У кўнгли тамом вайрон бўлиб, қаршилик қилиб ўтирмасдан соқчиларга эргашди.
Уни ўзи илгари ўтган ҳовлидан етакладилар, сўнгра улар бир ҳовлини кесиб, бошқа бинонинг ичидан юриб ўтдилар ва ниҳоят, тўрт суворий қуршовидаги извош турган бош ҳовли дарвозасига етиб олдилар. Бонасени извошга ўтқазишди, миршабхона мутасаддиси унинг ёнига ўрнашиб ўтирди, эшиклар калит билан қулфланиб, икковлон кўчма қамоққа тушиб қолгандай бўлдилар.
Извош мотам маҳобаси сингари оҳиста илгари юриб кетди. Деразани тўсиб турган панжарадан маҳбус фақат иморатлар-у, тош йўлни кўра оларди. Лекин, туб парижлик киши сифатида Бонасе ҳар бир кўчани устун, ёзув лавҳалар ва фонуслардан таниб оларди. Бастилия тутқунлари қатл этилгувчи авлиё Павел ибодатхонасига яқинлашиб қолганда ҳушидан кетай-кетай, деб икки марта чўқиниб олди. У извош шу ерда тўхтайди деб ўйлаган эди. Лекин, извош ўтиб кетди. Бирпасдан кейин, у яна беҳудуд даҳшатни бошидан кечирди. Улар давлат жиноятчилари дафн этилгувчи авлиё Яков қабристони ёқалаб бормоқда эдилар. Ёлғиз бир нарса сал унинг жонига ора кирди: дафн этишдан аввал уларнинг боши олинарди, унинг боши эса ҳали елкасида турибди. Бироқ, извош Грев майдонига бурилаётганини кўргандан, шаҳар ратушасининг найзадор томига кўзи тушгандан ва извош пештоқлар остига кириб боргандан кейин у куним битди, деган қарорга келди-ю, миршабхона мутасаддисига тавба-тазарруларини айтишга уриниб кўрди. Мутасадди уни тинглашни рад этганидан кейин у бирам мунгли фарёд кўтардики, агар овозини ўчирмаса, оғзига сўлиқ тиқиб қўйишини айтиб, мутасадди пўписа қилиб қўйди.
Бу пўписа Бонасега анча таскин берди. Грев майдонида қатл этишга қасд қилинган ҳолда унинг оғзини ёпишга ҳожат қолмасди: улар қатл жойига деярли етиб қолишган эди-да. Дарҳақиқат, извош машъум майдондан тўхтамасдан ўтиб кетди. Энди Мотам Крестидан ҳадиксираш қолди. Извош эса худди ўша ерга бурилди.
Бу дафъа шубҳага ўрин қолмаган эди: Мотам Крести майдонида паст табақадан бўлган маҳкумлар қатл қилинар эди. Бонасе ўзини авлиё Павел ёки Грев майдонларига муносиб кўриб, ўзини беҳуда овутган эди. Унинг сафари ва умри Мотам Крести остида тугайди. У ҳали машъум крестни кўрмасди, лекин, бу крест унга пешвоз сурилиб келишини ҳис қиларди. Мудҳиш жойдан йигирма қадамча берида у қўққисдан оломоннинг шовқин-суронини эшитиб қолди, извош ҳам таққа тўхтади. Кечирган ҳаяжонларидан жигар-бағри хун бўлган шўрлик Бонасенинг бунга бардош беришга мадори етмасди. Ажали етган кишининг сўнгги сасига ўхшаш заиф нола билан у ҳушидан кетди.
XIV
Менглик номаълум киши
Майдондаги халойиқ осилиши лозим кишига илҳақ бўлиб эмас, осилган кишини кўриш учун йиғилиб қолган эди.
Шу боисдан извош бир зум ҳаяллаб, нари қўзғалди, оломонни оралаб ўтиб, Сент-Оноре кўчасидан кетди, Беозор Гўдаклар кўчасига бурилиб, пастак дарвоза олдида тўхтади.
Эшиклар ланг очилиб, миршаблар суяб турган Бонасени икки гвардиячи қўлтиқлаб олди. Уни турта-турта катта даҳлизга киргизиб, аллақандай зинадан юқорига олиб чиқдилар-да, кираверишдаги бир хонада қолдирдилар. Ўзидан талаб этилган ҳамма ҳаракатларни у беҳушларча ижро этарди.
У уйқуда сингари юрар, теварак-атрофни гўё туман ичида кўрарди. Сезгилари аллақандай товушларни илғарди-ю, лекин, маъносига етмасди. Шу дақиқаларда уни қатл этишган тақдирда ўзини ҳимоя қилиш учун у бирор ҳаракат қилмаган, гуноҳидан ўтишларини сўраб, бирор садо чиқармаган бўларди.
У соқчилар ўтқазиб қўйган жойнинг ўзида қўлларини туширган ва деворга суянган ҳолича ўтираверди.
Лекин, аста-секин атрофга аланглаб, ҳаётига хавф солгувчи ҳеч қандай нарсага, таҳлика туғдиргувчи ҳеч нимага кўзи тушмагач, деворлар юмшоқ сахтиён чарм билан қопланганини, оғир алвон шоҳи дарпардалар олтин боғичлар билан боғланганини, ўзи ўтирган курси анча юмшоқ ва қулайлигини кўриб, хавотирлари беҳудалигига унинг ақли етди ва бошини дам ўнгга-ю сўлга буриб, дам кўтариб, тушира бошлади. Ҳеч ким халал бермаган бу ҳаракатлар уни бир қадар дадиллантирди ва юрак бетлаб, дастлаб бир оёғини, сўнгра бошқасини букиб кўрди. Пировардида, у қўлларини суянчиққа тираб, хиёл қўзғалди-ю, оёққа турди.
Шу пайт салобатли бир офицер қўшни хонада аллаким билан сўзлашишда давом этган кўйи дарпардани кўтарди. Сўнгра маҳбусга ўгирилди.
– Бонасе сизмисиз? – сўради у.
– Ҳа, жаноб офицер, – қўрқувдан қути ўчиб минғирлади аттор, – мен бўламан, хизматингизга тайёрман.
– Киринг, – деди офицер.
Маҳбусга йўл бериб, у четланиб турди. Бонасе сўзсиз итоат қилиб, афтидан, ўзига кўз тутилмоқда бўлган хонага кирди.
Бу – деворларига ҳар турли яроқ-аслаҳа осиғлик кенг кабинет эди; ташқаридан бирор товуш бу ерга келмасди. Гарчи ҳали сентябрнинг охири бўлса-да, каминда олов ёнарди. Хонанинг бутун ўртасини банд этган мурабба шаклли столда қоғоз ва китоблар устидан Ларошел шаҳрининг каттакон харитасини ёзиб ташланган эди.
Камин ёнида мағрур, такаббур, нигоҳи тийрак, манглайи кенг, ўрта бўйли киши турарди. Унинг қотма юзини шоп мўйловлар остидаги учли соқол янада чўзинчоқ кўрсатарди. Бу кишининг ёши ўттиз олтиўттиз еттидан ошгани даргумон, лекин, соч ва соқолларига оқ оралаб қолган эди. Ёнида қиличи бўлмаса ҳам, ҳарҳолда, у ҳарбий кишига ўхшарди, этикларининг гарди эса бугун унинг от минганидан далолат берарди.
Бу киши Арман Жан дю Плесси, Кардинал де Ришелье, бизда тавсиф этиш расм бўлганидек, яъни оғир дарддан азоб чекгувчи бўшашган, товуши хиралашган, бевақт қабр сингари чуқур креслога ботган, ёлғиз ақлу фаросатининг қудрати билан яшаб, биргина заковатининг зўри билан Европа билан курашни тутиб турган нуроний мўйсафид эмас, у кезлар аслида қандай бўлса шундай: ўша пайти ҳам жисмонан заиф-у, иродасининг уни ўз замонасининг энг атоқли кишиларининг бири қилиб қўйган беқиёс тафти билан тетик юрган эпчил ва назокатли йигит эди. Герсог Неверскийни унинг мантуан мулкларида қўллаб-қувватлаб, Ним, Кастр ва Юзесни истило қилиб, инглизларни Ре оролидан қувиб чиқаришга, Ларошелни қамал қилишга ҳозирлик кўрмоқда эди.
Шу зайл унинг кардиналлигини бир қарашда ҳеч нима фош этмасди, уни юзидан танимаган киши учун қаршисида ким турганини пайқаб олиш мушкул эди.
Шўрпешана аттор остонада тўхтаб қолди, биз ҳозиргина таърифини келтирган кишининг нигоҳи гўё ўтмиши тагига етмоқчи бўлиб, унга қадалди.
– Бу ўша Бонасеми? – бир оз сукутдан сўнг сўради у.
– Ҳа, зоти олийлари, – жавоб берди офицер.
– Яхши. Менга унинг қоғозларини олиб беринг-да, бизни холи қолдиринг.
Офицер талаб этилган қоғозларни столдан олиб узатди ва чуқур таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Бонасе бу қоғозлар ўзининг Бастилиядаги сўроқлари протоколлари эканини пайқади. Камин ёнидаги киши аҳён-аҳёнда кўзларини қоғозлардан узиб, маҳбусга тикиларди, шунда бояқишга икки ништар бориб, қоқ юрагига санчилаётгандай туюларди.
Ўн дақиқа мутолаа ва ўн сония мушоҳададан сўнг кардиналга ҳаммаси равшан бўлганди.
– Бу махлуқ фитнада ҳеч қачон иштирок этмаган, – шивирлади у. – ҳар қалай, кўрамиз.
– Сиз давлатга хиёнатда айбланасиз, – оҳиста сўзлади кардинал.
– Менга буни етказишди, зоти олийлари! – ҳамсуҳбатини бояги офицер сингари унвон билан атаб, хитоб қилди Бонасе. – Лекин, онт ичаман, менинг ҳеч гапдан хабарим йўқ.
Кардинал мийиғида кулиб қўйди.
– Сиз рафиқангиз, де Шеврез хоним ва герсог Бэкингемлар билан тил бириктиргансиз.
– Рост, зоти олийлари, – деди Бонасе, – рафиқам менинг ҳузуримда бу номларни тилга олган эди.
– Нима важҳидан?
– У кардинал де Ришелье герсог Бэкингемни, унга қўшиб қироличани ҳам ҳалок қилиш учун уни Парижга алдаб чақирган деб эди.
– У шундай дедими ҳали? – қаҳр билан қичқирди кардинал.
– Ҳа, зоти олийлари, лекин мен унга уқтирган эдим, бунақа гапларни айтиб юриш ярамайди, падари бузруквор қўлларидан…
– Жим бўлсангиз-чи, овсар! – деди кардинал.
– Рафиқам ҳам худди шу гапни айтиб эди, зоти олийлари.
– Рафиқангизни ким олиб қочгани сизга маълумми?
– Йўқ, зоти олийлари.
– Бироқ, сизнинг аллакимдан шубҳангиз бор эди?
– Ҳа, зоти олийлари. Лекин ўша шубҳалар жаноб комиссарнинг кайфини бузгандай бўлди, мен улардан воз кечдим.
– Сизнинг рафиқангиз қочган. Бундан хабарингиз бўлганми?
– Йўқ, зоти олийлари. Мен буни жаноб комиссар орқали билиб олдим. У киши жуда сулукатли одам эканлар.
Кардинал иккинчи дафъа мийиғида кулиб қўйди.
– Демак, рафиқангиз қаёққа ғойиб бўлгани сизга маълум эмас экан-да?
– Мутлақо, зоти олийлари. Луврга қайтган бўлса керак-да.
– Соат бирда у ерда йўқ эди.
– Худоё худовандо! Унга нима бўлди экан-а?
– Бу маълум бўлади, хавотирланманг. Кардиналдан ҳеч гап қочиб қутулмайди. Кардинал ҳамма нарсани билади.
– Ундай бўлса сиз нима дейсиз, зоти олийлари, рафиқам қаёққа ғойиб бўлганини менга билдиришга кардинал рози бўлмасмиканлар?
– Бўлиши мумкин. Лекин, аввал сиз рафиқангиз билан де Шеврез хоним ўртасидаги муносабатлар ҳақида билганларингизни сўзлаб беришингиз лозим.
– Лекин, зоти олийлари, мен тамом ҳеч нима билмайман. Мен ҳеч қачон бу хонимни кўрмаганман.
– Рафиқангизни олиб кетиш учун Луврга борганингизда у тўғри уйга қайтармиди?
– Йўқ ҳисоб. Унинг аллақандай баззозларда иши бўларди, уни ўша ерга кузатиб қўярдим.
– Ўша баззозлар неча киши эди.
– Икки киши, зоти олийлари.
– Улар қаерда истиқомат қилишарди.
– Биттаси Вожирар кўчасида, иккинчиси Лагарп кўчасида.
– Сиз ҳам у билан бирга кирармидингиз?
– Ҳеч қачон. Мен уни ташқарида кутиб турардим.
– Ўзининг ёлғиз кириш истагини у қандай изоҳлар эди?
– Ҳеч қандай изоҳлаб ўтирмасди. Кутиб туринг, дерди – мен кутиб тураверардим.
– Сиз жуда ҳам ройиш эр экансиз, муҳтарам жаноб Бонасе! – деди кардинал.
«У мени «муҳтарам жаноб Бонасе» деб атаяпти, кўнглидан ўтказди аттор, ишлар чаккимас, азбаройи шифо!»
– У кириб юрган эшикларни таний олармидингиз?
– Ҳа.
– Рақами хотирингиздами?
– Ҳа.
– Айтиб беринг.
– Вожирар кўчасида йигирма бешинчи сон, Лагапр кўчасида етмиш бешинчи.
– Яхши, – деди кардинал. Кейин столдан кумуш қўнғироқчани олиб, чалди.
Яна бояги офицер кирди.
– Рошфорни айтиб келинг, – ним товушда буюрди Ришеле, – қайтган бўлса, дарҳол етиб келсин.
– Граф шу ерда, – деди офицер. – Падари бузруквордан қабул қилишни ўтиниб илтимос қиляпти.
– Майли, кирсин! – хитоб қилди кардинал. – Кираверсин.
Офицер кардиналнинг амрини ўринлатишга интилгувчи жамики мулозимларига хос зудлик билан югуриб чиқиб кетди.
– Оҳ, «Падари буриквор»! – даҳшатдан кўзлари олакула бўлиб, шивирлади Бонасе.
Офицер чиқиб кетгач, беш дақиқа ўтар-ўтмас эшик очилди-ю, янги киши кириб келди.
– Бу ўша! – бақириб юборди Бонасе.
– Ўшаси ким? – сўради кардинал.
– Рафиқамнинг ўғриси!
Кардинал яна қўнғироқ қилди. Офицер кириб келди.
– Бу одамни олиб бориб, уни келтирган аскарларга топширинг. Мен қайта чақиришимга қадар кутиб турсин.
– Йўқ, зоти олийлари: йўқ, бу ўша эмас! – бўкира бошлади Бонасе. – Мен янглишдим! Уни олиб қочган бўлак одам, бу кишига сира ўхшамайди! Бу жаноб – ҳалол одам!
– Бу овсарни олиб кетинг! – деди кардинал.
Офицер уни тирсагидан тутиб, соқчилар кутиб турган даҳлизга чиқариб қўйди.
Кардинал ҳузурига эндигина кириб келган киши Бонасени бетоқат назар билан кузатди-да, унинг кетидан эшик ёпилган замон шахдам юриб, Ришельега яқинлашди.
– Улар кўришдилар, – деди у.
– Кимлар? – сўради кардинал.
– Хоним билан у.
– Қиролича билан герсогми? – хитоб қилди Ришелье.
– Ҳа.
– Хўш, қаерда?
– Луврда.
– Аминмисиз?
– Мутлақо аминман.
– Сизга ким айтди?
– Де Ланнуа хоним, у кишининг падари бузрукворга астойдил ихлоси ўзингизга маълум.
– Нега буни эртароқ маълум қилмабди?
– Тасодифанми, гумонсирабми, де Сюржи хонимга қиролича ўзининг ётоқхонасида тунаб қолишни буюрган, кейин ҳам кун бўйи жавоб бермаган.
– Хўш… Биз мағлубиятга учрадик. Ўч қайтаришга уриниб кўрамиз.
– Зоти олийларига мадад бериш учун бор кучимни ишга соламан. Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Бу қачон содир бўлган?
– Тун ярмидан оғганда қиролича сарой хонимлари даврасида ўтирган эди…
– Баайни қаерда?
– Ўз ётоқхонасида.
– Хўш.
– Тўсатдан унга кийим-кечаклар бекаси юборган рўмолчани бериб қолишган…
– Ундан кейин!
– Қиролича қаттиқ ҳаяжонга тушиб, упа-элигига қарамай, хийла ранги ўчган…
– Ундан кейин! Ундан кейин!
– Қўзғалиб, ўзгарган товуш билан: «Мени ўн дақиқа кутинглар, бирпасда қайтаман» деган-у, эшикни очиб, чиқиб кетган.
– Нега де Ланнуа хоним ҳамма гапни бизга дарров маълум қилмабди?
– Унинг ҳали тўла ишончи бўлмаган. Бунинг устига қиролича «Мени кутиб туринглар» деган-да, ахир. Ўзбошимчалик қилишга журъат этолмаган.
– Қироличанинг қанча вақт дараги бўлмаган?
– Чорак кам бир соат.
– Сарой хонимларидан ҳеч ким уни кузатиб бормаганми?
– Ёлғиз доня Эстефания, холос.
– Кейин қиролича қайтганми?
– Ҳа, лекин фақат ўзининг монограммаси билан нақшланган қизғиш ёғочдан қилинган қутичани олиш учунгина. Уни олгач, чиқиб кетган.
– Қайтган пайтида-чи, қутича ўзида бўлганми?
– Йўқ.
– Қутичада нима бўлганидан де Ланнуа хонимнинг хабари борми?
– Ҳа. Ҳазрат олийлари қироличага тортиқ қилган олмос тақинчоқлар.
– У ўша қутичасиз қайтиб келдими?
– Ҳа.
– Бинобарин, де Ланнуа хоним қиролича қутичани герсог Бэкингемга бериб юборган, деб гумон қиляптими?
– Бунга унинг ишончи комил.
– Нега?
– Кундузи қироличанинг камер-фрейлинаси де Ланнуа хоним қутичани қидирмаган жойи қолмаган, ўзини унинг йўқолганидан хавотирланганга солган, охири, қаерга йўқолганини билмайсизми, деб қироличадан сўраган.
– Хўш, қиролича-чи?..
– Қиролича қип-қизариб, арафада тақинчоқларнинг бирини синдириб қўйиб, заргарга созлатгани юборганини айтган.
– Қирол заргари ҳузурига кириб, бу гап ростмийўқми, билиш керак.
– Мен у ерда бўлдим.
– Хўш, нима гап? Заргар нима деди?
– Заргарнинг ҳеч гапдан хабари йўқ.
– Жуда соз! Жуда соз, Рошфор! Ҳали ҳаммаси қўлдан кетмабди, яна ким билсин, ким билсин… қайтага ҳаммаси яхшироқ бўлаётгандир.
– Мен заррача шубҳа қилмайман, падари бузрукворимнинг даҳолари…
– …Ўз жосусининг хатоларини тузатишига, шундай эмасми?
– Падари бузрукворим гапимни тугатишга ижозат берганларида мен худди шу гапни айтмоқчи бўлиб тургандим.
– Энди… герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингем қаерга яширинганидан воқифмисиз?
– Йўқ, зоти олийлари. Жосусларим бу борада ҳеч қандай аниқ маълумот беролмадилар.
– Мен бўлсам биламан.
– Зоти олийлари, сиз-а?
– Ҳа, Ҳар қалай, кўнглим сезяпти.
– Падари бузрукворим иккаласини ҳибсга олишга фармойиш беришимни истайдиларми?
– Фурсат ўтди. Улар жўнаб кетгандир.
– Мумкин. Ҳарҳолда, ишонч ҳосил қилиш мумкин…
– Ўзингиз билан ўн нафар гвардиячимни олинг-да, иккала уйда тафтиш ўтказинг.
– Бош устига, падари бузрукворим.
Рошфор шошиб чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал бир зумлик мулоҳазадан сўнг учинчи дафъа қўнғироқ қилди.
Эшикда яна ўша офицер пайдо бўлди.
– Маҳбусни олиб киринг! – деди кардинал.
Жаноб Бонасени яна кабинетга олиб кирдилар. Офицер кардиналнинг ишораси билан чиқиб кетди.
– Сиз менга панд берибсиз, – жиддий гапирди кардинал.
– Мен-а? – қичқириб юборди Бонасе. – Мен падари бузрукворимга панд берсам-а!..
– Рафиқангиз Вожирар кўчасига ва Лагарп кўчасига борганда асло баззозлар ҳузурига кирмаган.
– Кимникига кирибди экан, тавба?
– У герсогиня де Шеврез билан герсог Бэкингемнинг олдига кирган.
– Ҳа, – хотираларга ғарқ бўлиб сўзлади Бонасе, – ҳа, тўғри, падари бузрукворим ҳақлар. Рафиқамга бирикки бор айтиб эдим, баззозлар шундай иморатларда – ёзув лавҳаларисиз уйларда яшаши қизиқ деб. Ҳар сафар рафиқам қотиб-қотиб кула бошларди. Оҳ, зоти олийлари, – падари бузрукворнинг пойига йиқилиб, давом этди Бонасе, – сиз ростдан ҳам кардиналсиз, улуғ кардиналсиз, ҳамма топингувчи даҳосиз!
Бонасе сингари аянч махлуқ устидан қилинган тантана нечоғлиқ ғариб бўлмасин, кардинал, барибир, бир нафас роҳатланди.
Сўнгра гўё хаёлига лоп этиб бир фикр келди-ю, лабларига қўнган хиёл табассум билан атторга қўлини чўзди.
– Ўрнингиздан туринг, дўстим, – деди у, – сиз ҳалол одамсиз.
– Кардинал қўлимни ушлади, мен улуғ инсоннинг қўлини ушладим! – қичқириб юборди Бонасе. – Улуғ инсон мени дўстим деди!..
– Ҳа, дўстим, ҳа! – оталарча оҳанг билан, Ришельени тузук билмаган кишиларнигина ғафлатда қолдириши мумкин оҳанг билан деди кардинал. – Сизни беҳуда айблашибди, шунинг учун сизни рози қилиш лозим. Мана бу кармонни олинг, ичида юз пистол бор ва мени авфу этинг.
– Мен сизни авфу этсам, зоти олийлари! – афтидан, буларнинг ҳаммаси ҳазил деган ҳадик билан пул тўла қопчиққа қўл тегизишга ботинолмай деди Бонасе. – Мени ҳибсга олиш, қийноққа солиш, дорга осиш сизнинг ихтиёрингизда эди, сиз бизнинг ҳукмдоримизсиз, мен бўлсам миқ этолмасдим. Сизни авфу этсам-а, зоти олийлари! Қандай даҳшат!
– Оҳ, муҳтарам жаноб Бонасе, сиз ажаб валламат одам экансиз! Кўриб турибман ва ташаккур билдираман. Демак, сиз бу кармонни олиб, унча ранжимай кетасиз-а.
– Мен роса қойил бўлиб кетяпман.
– Демак, хайр. Ёки – яхшиси – кўришгунча, зеро, мен яна кўришармиз, деган умиддаман.
– Падари бузрукворимнинг кўнгли истаган пайти! Мен падари бузрукворимнинг хизматларига тайёрман.
– Биз бот-бот кўришиб турамиз, хотиржам бўлинг. Сиз билан суҳбат менга бағоят манзур бўлди.
– О, падари бузрукворим!..
– Кўришгунча, жаноб Бонасе, кўришгунча!
Кардинал қўли билан ишора қилди, бунга жавобан Бонасе чуқур таъзим бажо келтирди. Сўнгра, орқасига тисарилганича у хонадан чиқиб кетди, кардинал даҳлизда унинг жони борича: «Яшасин зоти олийлари! Яшасин падари бузруквор! Яшасин улуғ кардинал!» дея бўкирганини эшитди.
Кардинал метр Бонасенинг жўшқин туйғуларининг бу суронли ифодасига жилмайиб, бир оз қулоқ солди.
– Мана шу топдан эътиборан мени деб жонини ҳам берадиган одам, – Бонасенинг бақириқ-чақириқлари олисда сўнгандан кейин, деди у.
Шундан кейин кардинал, айтиб ўтганимиздек, столи устида ёзиғлик Ларошел харитаси устига зўр диққат билан энгашиб, унга бир ярим йил ўтгач, қамалда қолган шаҳар кўрфазига йўлни тўсиб қўйган машҳур кўтарманинг чизиғини қалам билан тортишга киришди. У ўзининг стратегик режаларига боши билан шўнғиб ўтирганда тўсатдан эшик яна очилиб, Рошфор кириб келди.
– Хўш, қалай? – дарров сўради кардинал, унинг ўрнидан туришдаги чаққонлиги эса ўзи графга берган топшириққа нақадар катта аҳамият берганини кўрсатиб турарди.
– Вазият бундай экан, – жавоб берди граф. – Падари бузрукворим кўрсатган уйларда ҳақиқатан ҳам йигирма олти-йигирма саккиз ёшлардаги жувон билан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги эркак киши истиқомат қилишган. Эркак киши у ерда тўрт кун турган, аёл – беш кун. Аёл бугун тунда, эркак эса – саҳарда жўнаб кетишган.
– Ўшалар! – хитоб қилди кардинал ва девор соатига бир кўз югуртиб қўшиб қўйди: – Ҳозир улар кетидан қувишга фурсат ўтди – герсогиня Турга, герсог Бэкингем эса Булонга етиб бўлишди. Уни Лондонгача қувиб боришга тўғри келади.
– Падари бузрукворимнинг қандай фармойишлари бор?
– Содир бўлган воқеа ҳақида лом-мим демайсиз. Қиролича ҳеч нарсани пайқамай турсин, сирларининг тагига етганимиздан ғофил қолсин. Бизларни аллақандай фитнани очиш билан машғул деб ўйлайверсин… Ҳузуримга канцлер Сегени чақириб юборинг.
– Падари бузрукворим ҳалиги одамни нима қилдилар?
– Қайси одамни? – сўради кардинал.
– Ўша Бонасени-да?
– Уни нимаики қилиш мумкин бўлса, шуни қилдим. Мен уни жосус қилиб қўйдим, у ўз-ўзини, рафиқасини кузатиб юради.
Граф Рошфор ўз ҳукмдорининг қўл етмас даражада юксаклигига тан берган киши қиёфасида таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган кардинал креслога чўкди, бир мактубни қоралаб, уни ўзининг шахсий тамғаси билан сурғичлагач, қўнғироқ қилди. Яна ўша офицернинг ўзи кирди.
– Ҳузуримга Витрени чақириб юборинг, – деди кардинал, – унга олис сафарга чиқишга шай туражагини айтинг.
Бир-икки дақиқадан сўнг йўқлаган кишиси қўнжи баланд шпорли ботфорт кийиб, сафарга чиқишга тахт ҳолда унинг ҳузурида турарди.
– Витре, – деди Ришелье, – сиз зудлик билан Лондонга учасиз. Йўлнинг ҳеч қаерида бир нафас ҳам тўхтамайсиз. Сиз шу мактубни миледининг қўлига топширасиз. Мана, икки юз пистол учун буйруқ. Хазиначимнинг ҳузурига боринг, у сизга нақд топширади. Борди-ю, топшириғимни яхши бажариб, олти кун ичида қайтсангиз, яна шунча оласиз.
Бирор сўз демасдан чопар таъзим қилди, мактубни ва икки юз пистолга чекни олиб чиқиб кетди.
Мактубда мана нималар ёзилган эди:
«Миледи! Бэкингем кўринадиган биринчи базмдаёқ ҳозир бўлинг. Унинг камзулида ўн иккита олмос тақинчоқларни кўрасиз; унга яқинлашиб, иккитасини қирқиб олинг.
Тақинчоқлар қўлингизга тушган заҳоти менга хабар қилинг».
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?