Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 25

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 25 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +
II
Прокурорникида зиёфат

Бу орада ўзи шу қадар ёрқин роль ўйнаган мубораза прокурор хонимнинг уйидаги зиёфатни Портоснинг хаёлидан ҳаргиз кўтаролмади. Келаси куни соат ўн иккидан кейин Мушкетон унинг либосига чўткани сўнгги бор урди-ю, Портос ҳар жиҳатдан омади келган кишининг сиёқи билан Айиқ кўчасига равона бўлди.

Унинг юраги гупиллаб урар, бироқ бетоқат севги билан ёнган д’Артаньяннинг ёш қалби сингари эмасди. Йўқ, унинг қонини бўлак, анча ғаразлироқ ташвишлар қизитмоқда эди: оқибат ҳозир у шу сирли бўсағадан ҳатлаб ўтадиган, метр Кокнарнинг сийқаси чиққан экюлари бирин-кетин чиқиб турган ўша нотаниш зинадан кўтариладиган бўлди.

Прокурор хонимнинг бирмунча қуруқшаброқ қолган, лекин маълум нафосатини ҳали тарк этмаган қўлчалари унинг кўзларини ўйнатиб очиб беражак узун ва чуқур осма қулф билан берк, занглаб полга қапишиб кетган, ўзи хўп таърифини эшитган сандиқни, ўз орзу-хаёлларида, йигирма бор тасаввурида гавдалантирган ўша армон сандиқни у ўнгида кўрадиган бўлди.

Бундан ташқари у, бошпанасиз бир мусофир, на оиласи, на бисоти бор сўққабош киши, карвонсарой ва хароботларга, қовоқхонаю майхоналарга одатланиб кетган аскар, яхши еб-ичишга ўч, аксар ҳолларда дуч келган луқмага қаноат қилишга мажбур хўра бир одам – ниҳоят қўлбола зиёфатларнинг мазасини тотадиган, оилавий файздан баҳра оладиган ва кекса қиличбозлар айтмоқчи, тирикчилик оғирлашгани сайин нашъаси ортгувчи беканинг ўша майда-чуйда ғамхўрликларига ўзини ҳавола қиладиган бўлди.

Бўла сифатида ташриф буюриб туриш ва кунда тўкин дастурхон атрофига ўтириш, кекса прокурорнинг захил манглайидаги ажинларни ёзиш, ёш мирзаларга бассет галбик ва ландскнехтларнинг энг нозик усулларини ўргатган ва улар бутун ой мобайнида жамғарган нарсаларни бир соатлик сабоқ бадалига гонорар сифатида ютган кўйи уларнинг сал-пал патини териш – буларнинг ҳаммаси Портосга манзур эди.

Рост, ўша маҳаллардаёқ прокурорлар ҳақида кезиб юрган, улардан кўра умри узоқ бўлиб чиққан хунук овозаларни – уларнинг хасислиги, қурумсоқлиги, назари пастлиги ҳақидаги миш-мишларни мушкетёр хотирларди. Бироқ Портос мудом ўта ноўрин деб ҳисоблаб келган ўз прокурор хонимининг баъзи тежамкорлик тутқаноқларини истисно этганда, у одатда анчагина сахий эди – турган гап прокурор хоним учун – ҳамда Портос унинг рўзғори бадастур деган умидда эди.

Бироқ эшик тагида уни бир қадар шубҳалар қамраб олди. Уйнинг дарвозахонаси анча кўримсиз эди: ифлос қўланса даҳлиз, қўшни ҳовлидан хира ёруғ ўтказгувчи панжарадор деразалик нимқоронғи зинапоя; иккинчи қаватда катта темир михлар шода-шода қилиб қоқиб ташланган кичкина эшик Гран-Шатли қамоқхонаси катта дарвозасининг худди ўзи.

Портос тақиллатди. Ҳурпайган паҳмоқ сочлари юзларига тушиб турган дароз, рангпар мирза эшикни очди – қудратини ошкор этгувчи алпқомат, жамиятдаги маълум мавқеини кўрсатувчи ҳарбий уст-бош-у, тўқ турмушдан дарак бергувчи навқирон келбатни ҳурмат қилиш одатини яққол англатиб турган бир алфозда таъзим берди.

Биринчисининг орқасида бўйи сал пастроқ иккинчи мирза кўринди: иккинчисининг орқасидан – сал баландроқ учинчиси, учинчисининг орқасидан ўн икки ёшлардаги ўсмир кириб келди.

Учала мирза у замонлар бўйича идорада кўп сонли муштарийлар мавжудлигидан далолат бергувчи эди.

Гарчанд мушкетёр кундуз соат бирда келиши керак бўлса-да, прокурор хоним ўз маҳбубини қалби, балким, ошқозони ҳам тайин муддатдан илгарироқ етаклаб келар деган илинжда нақ пешинданоқ уни пойлаб ўтирарди.

Хуллас, Кокнар хоним уйдан зина супасига меҳмони худди эшик тагига етганда чиқиб қолди-ю, муҳтарам беканинг зоҳир бўлиши уни ғоят танг аҳволдан халос этди. Мирзалар унга қизиқсиниб қараб туришган ва бу юқорилагувчи ва пастлагувчи товуш қаторга нима дейишни тузук-қуруқ билмасдан у тилини тишлаганча турган эди.

– Бу менинг бўлам-ку! – қийқириб юборди прокурор хоним. – Киринг, кираверинг, жаноб Портос.

Портоснинг номи одатдагидек таъсир қилди-ю, ҳамма кулиб юборди, лекин Портос орқасига ўгирилиб қўйган эди, ҳамма юзлар қайтадан жиддий тусга кирди.

Прокурорнинг кабинетига кириш учун ҳозир мирзалар турган даҳлиздан улар кейин туражак идора – қоғозлар қалаштириб ташланган тунд хона орқали ўтиларди. Идорадан чиққач ва ошхонани ўнгда қолдиргач, меҳмон билан бека қабулхонага кириб қолишди.

Бир-бири билан туташ бу хоналарнинг ҳаммаси Портосни ҳаргиз хуш хаёлларга солмасди. Ланг очиқ эшиклардан талаффуз этилган ҳар каломни эшитиш мумкин эди, бундан ташқари йўл-йўлакай ошхонага синчков кўз қирини ташлаб, прокурор хонимнинг хижолати-ю, ўзининг зўр таассуфига у қаноат ҳосил қилдики, дуруст зиёфат олдидан бу юхолик кошонасида ҳукм суриши шарт ўша ёрқин аланга, ўша тараддудлар, ўша гавжумликдан дарак йўқ эди. Прокурор чамаси ташрифдан огоҳ этилганди, зеро, тап тортмай яқин келиб, тавозе билан таъзим қилган Портос пайдо бўлганида унда ҳеч қандай таажжуб аломати кўринмади.

– Қариндош эканмиз, шекилли, жаноб Портос? – дея сўради прокурор ва ўз қамиш креслосининг суянчиғига тиралган кўйи сал қўзғалиб қўйди.

У заиф жуссасини тамоман беркитиб қўйган кенг қора камзулга чулғанган, қотиб кетган, мункиллаган чол эди; унинг кичкина кулранг кўзлари икки ҳуснбузар сингари йилтириб турар, шу кўзлар-у, буришиб турган оғизгина унинг юзининг ҳали жон илиб турган бирдан-бир бўлакларидай туюларди. Бахтга қарши оёқлар бу бир халта устихонга хизмат қилишдан энди бош торта бошлаган ва беш ёки олти ой муқаддам аҳволи оғирлашиб қолгандан бери муҳтарам прокурор, очиғини айтганда, ўз рафиқасининг қули бўлиб қолганди.

Бўла мутелик билан қабул қилинди, атиги шу. Оёқларида дадил турган тақдирда метр Кокнар жаноб Портоснинг ўзи билан ҳар қандай қариндошлик даволарини рад этган бўлурди.

– Ҳа, тақсир, қариндошмиз, – хижолат чекмасдан жавоб берди Портос, дарвоқе, у ҳеч қачон эр рўйхуш беради, деб ўйламаган ҳам эди.

– Яна аёл томондан, шекилли? – кесатиб сўради поркурор.

Портос истеҳзонинг маъносига етмади ва буни гўлликка йўйиб, қуюқ мўйловлари остидан кулимсираб қўйди. Лақма прокурор нодир ҳодисалигини билган Кокнар хоним хиёл жилмайди-ю, қип-қизариб кетди.

Портос кириб келди дегунча метр Кокнар ўзининг баланд эман столи қаршисида турган каттакон жавонга жонсарак нигоҳ ташлай бошлаган эди. Бу жавон шаклан фарқ қилса-да, Портос ўз ширин хаёлларида қўмсаган сандиқлигини фаҳмлади-ю, ҳақиқат орзудан олти фут ортиқроқ чиққани билан мамнун бўлиб қўйди.

Метр Кокнар ўзининг шажара тадқиқотларини чуқурлаштириб ўтирмади ва бесаранжом нигоҳини жавондан Портосга кўчириб:

– Сафар олдидан бўламиз лутф айлаб биз билан лоақал бир марта тамадди қилар деб умид қиламан. Шундай эмасми, Кокнар хоним? – деб қўйди.

Бу гал гап нақ ошқозонга тегди, Портос ҳам буни азобланиб ҳис қилди; афтидан Кокнар хоним ҳам буни пайқадими, зеро у деди:

– Агар қабулимиз манзур бўлмаса, бўлам бизникига ортиқ келмайди. Лекин бундай ҳол рўй бермаса, жўнагунча ихтиёрида бўлган қарийб ҳамма бўш дақиқаларини бизга бағишлашини ундан илтимос қиламиз: ахир у Парижда шунчалар оз муддат турадики ва бизникига жуда кам ташриф буюра олади.

– О оёқларим, менинг шўрлик оёқларим, қаердасиз? – ғўлдираб қўйди Кокнар ва илжайишга уриниб кўрди.

Ўзининг озиқ-овқат борасидаги ниятларига жиддий хавф таҳдид солаётган онда етиб келган бу мададдан мушкетёрнинг прокурор хонимга меҳри товланиб кетди.

Ҳадемай тамадди вақти ҳам бўлиб қолди. Ҳамма емакхонага, ошхона қаршисида жойлашган залга ўтди.

Афтидан, хонадондаги одатдан ташқари исларни илғаб қолган мирзалар ҳарбий пухталик билан айни вақтида етиб келишди ва курсиларини қўлларида тутган ҳолда шай туришарди. Уларнинг лунжлари ҳалитдан ҳаракатга келиб таҳдид солмоқда эди.

«Ана холос! – уч оч башарага кўз ташлаб, кўнглидан кечирди Портос, зеро ўспирин, турган гап, умумий дастурхонга йўлатилмади. – Ана холос! Бўламнинг ўрнида бўлганимда бундай мечкайларни ушлаб турмасдим. Уларни ҳалокатга учраган-у, роса олти ҳафта егулик кўрмаган кишилар деб ўйлаш мумкин».

Метр Кокнар пайдо бўлди; уни ғилдиракли креслода Кокнар хоним олиб келарди. Портос ҳам эрини стол ёнига ғилдиратиб қўйишида унга кўмак бермоққа шошилди.

Прокурор емакхонада пайдо бўлган замон унинг лунж ва бурун катаклари ҳам айни мирзаларники сингари қимирлай кетди.

– Вой-бў – деди у. – Шўрвадан бирам хушхўр ис келяптики!

«Улар бу шўрвада нима бало топа олишди экан, азбаройи шифо?» – Мўл-у, лекин бир қатра ҳам жири йўқ, аммо архипелаг ороллари каби ўлда-жўлда, бирикки луқма хамир сузиб юрган нимтатир шўрвани кўргач, ўйлади Портос.

Кокнар хоним жилмайиб қўйди-ю, унинг ишораси билан ҳамма жой-жойига ўтирди.

Дастлаб метр Кокнарга, кейин Портосга сузиб бердилар, сўнгра Кокнар хоним ўз ликобига қуйди ва хамирни сувисиз бетоқат бўлиб кутиб ўтирган мирзаларга бўлишиб берди.

Шу пайт емакхона эшиги ғичирлаб очилди-да, қия табақалар орасидан Портос кичик мирзани кўриб қолди; базмда иштирок этиш имконидан маҳрум бўлган ҳолда, у ўз нонини ошхона иси-ю, емакхона исидан ҳузур қилиб емоқда эди.

Шўрвадан кейин оқсоч қайнатилган товуқ келтириб қўйдики, бу тансиқ таомни кўриб ўтирганларнинг ҳаммасининг кўзлари чаноғидан чиқиб кетаёзди.

– Қариндошларингизни яхши кўришингиз дарров кўриниб турибди, Кокнар хоним, – аянчли табассум билан деди прокурор. – Шубҳасиз, буларнинг ҳаммаси ёлғиз бўлангиз шарофатидан.

Шўрлик товуқ ориқ бўлиб, бор уринишларга қарамай, ҳеч қандай устухон тешиб ўтолмайдиган ўша қил босган қалин тери билан қопланган эди; кексаликдан осойишта жон бермоқ учун писиб олган қўноқдан провардида топгунча уни узоқ ахтарган бўлсалар ажаб эмас.

«Азбаройи шифо! – кўнглидан кечирди Портос. – Нақадар қайғули ҳол! Мен кексаликни ҳурмат қиламан, лекин қайнатилган ҳам, қовурилган ҳам хилида эмас».

Ўзининг фикрига ҳамма шерикми-йўқми қаноат ҳосил қилиш учун у атрофга кўз ташлади. Қаёқда дейсиз – у бу кетворган товуқни, у шунчалар истиғно билан қараган ўша товуқни ҳалитдан еб ташламоқчи бўлиб очликдан ёниб турган кўзларни кўрди.

Кокнар хоним таомни олдига суриб олди-да, иккита катта қора оёқни қоидасини келиштириб ажратиб, эрининг ликобига қўйди, бўйнини кесиб, уни бош билан бирга четга ўзи учун олиб қўйди, қанотини Портосга қўйди-да, товуқни қарийб қўл тегмаган ҳолда оқсочга бериб юборди, хуллас, ҳафсаласи пир бўлган кишилар юзида уларнинг таъби ва мижозига қараб ифода этилгувчи хилма-хил ўзгаришларни мушкетёр илғаб улгурмасдан илгари таом ғойиб бўлди. Товуқнинг ўрнига катта лаганда ичида бир қарашда сергўшт кўрингувчи бир-иккита қўй суяги кўзга ташланиб турган ловия пайдо бўлди. Бироқ мирзалар бу алдовга учмадилар ҳамда уларнинг авзойидаги тундлик тақдирга тан бериш ифодаси билан алмашинди. Кокнар хоним бу таомни яхши бекага хос расамад билан бўлиштириб берди. Шаробга ҳам навбат етди. Метр Кокнар жуда кичкина чинни идишдан йигитларнинг ҳар бирига учдан бир стакандан қуйиб берди, ўзига ҳам қарийб шунча қуйди-да, шишани шу заҳоти Портос билан Кокнар хоним томонга ўтказди.

Йигитлар стаканларни сув билан тўлдириб олишди, сўнгра ярим стакандан ичишгач, яна сув тўлдирдилар, шу тариқа бориб-бориб тамадди ниҳоясида улар ютаётган ичимлик ёқут ранг ўрнига кул ранг топазни эслата бошлади.

Портос кўнгли тортмайгина ўзига тегишли товуқ қанотини еди-ю, стол остида тиззасига прокурор хонимнинг тиззаси суйкалганини сезиб сесканиб тушди. У ҳам бу ерда шунчалар қадрлангувчи ушбу шаробдан ярим стакан ичиб кўрди-ю, таъби нозик кишиларнинг жон-понини чиқаргувчи бадхўр монрейл ичимлигини таниди.

Метр Кокнар унинг бу суюлтирилмаган шаробни отишига қараб хўрсиниб қўйди.

– Ловияга қаранг, Портос бўла, – деб Кокнар хоним шундай бир оҳангда гапирдики, унинг: «Гапимга ишонинг, емай қўя қолинг», – деган маъноси равшан эди.

– Астағфурулло, қўл ҳам тегизмасман ўша ловияга! – аста тўнғиллаб қўйди Портос.

Ҳамда баралла илова қилди:

– Ташаккур сизга, бўла, тўйиб қолдим.

Ўртага сукут чўкди. Портос бу ёғига нима қиларини билмас эди. Прокурор бир неча бор такрорлади:

– Оҳ, Кокнар хоним, ташаккур сизга, сиз бизга чинакам зиёфат бердингиз. Ё тавба, бирам тўйиб кетдимки!

Бутун тамадди асносида метр Кокнар бир коса шўрва, иккита қора товуқ оёғи-ю оз-моз гўшти мавжуд бирдан-бир қўй устихонини тановул қилди.

Портос буни масхара деб ўйлаб, энди мўйловларини бураб, қовоқларини уя бошлаган эди ҳамки, бироқ Кокнар хонимнинг тиззаси унга астагина сабр-қаноат қилишни маслаҳат берди.

Портос учун мутлақо мавҳум бу сукут-у, тамадди орасидаги танаффуснинг мирзалар учун аксинча ёмон маъноси бор эди: улар прокурорнинг Кокнар хоним табассуми билан чўчитилган нигоҳига бўйсуниб, шошмасдан столдан қўзғалдилар, янаям имиллаб дастмолларини тахладилар-да, таъзим қилиб эшик сари юрдилар.

– Боринглар, йигитлар, ишлагани боринглар, иш овқатнинг ҳазм бўлишига фойдаси бор, – дея уларга салобат билан гапирди прокурор.

Мирзалар кетган замон Кокнар хоним турди-да, жовондан бир парча пишлоқ, беҳи мураббоси ва шахсан ўз қўли билан тайёрлаган асаллик бодом пирогни олди.

Бунча ноз-неъматни кўриб метр Кокнар беихтиёр тумтайди, бу ноз-неъматни кўриб Портос тушликсиз қолганини фаҳмлаб, тилини тишлаб қолди.

У ловия ҳали столда турибдими-йўқми, деб қараб қўйди, лекин ловия лагани билан ғойиб бўлганди.

– Ахир, бу чинданам зиёфат-ку! – креслосида ғимирлаб қичқирди метр Кокнар. – Зиёфатнинг ўзи, эпулае эпуларум. Лукулл Лукуллникида зиёфат-да.

Портос бир амаллаб шароб, нон ва пишлоқ билан овқатланиб оларман, деган умидда ёнида турган шишага кўз ташлади, аммо шароб жойида йўқ – шиша бўш эди. Жаноб Кокнар билан хоним ўзларини буни пайқамаганга солиб ўтиравердилар.

«Жуда соз, – кўнглидан кечирди Портос, – лоақал огоҳ этилдим…»

У мураббодан бир қошиқча оғзига солди ва Кокнар хонимнинг ёпишқоқ хамирига тишларини ботириб олди.

«Қурбон берилди, – деди у ўз-ўзига. – О, кошки эди Кокнар хоним билан унинг эрининг жавонини бир кўриш илинжим бўлмаса!»

Жаноб Кокнар ўзи маишат деб атаган шоҳона зиёфатдан ҳузур қилиб, истироҳатга эҳтиёж сезиб қолди. Портос бу истироҳат дарҳол ва шу ернинг ўзида юз беради деб умид қилган эди, лекин лаънати прокурор бу ҳақда эшитишни ҳам истамасди; уни кабинетига элтиб қўйишга тўғри келди ҳамда ўз жовонининг ёнида зоҳир бўлиб, ўта хотиржамлик учун то унинг чеккасига оёғини қўйиб олмагунча бақираверди.

Прокурор хоним Портосни қўшни хонага бошлаб кетди ва бу ерда яраш учун замин ҳозирлаш ҳаракатлари бошланди.

– Сиз ҳафтада уч марта овқатлангани келишингиз мумкин, – деди Кокнар хоним.

– Қуллуқ, – жавоб қилди Портос, – лекин мен бирор нарсани суиистеъмол қилишни ёқтирмайман. Бунинг устига мен аслаҳа-анжом хусусида бош қотиришим лозим.

– Ҳа-я, – инграб юборди прокурор хоним, – ўша лаънати аслаҳа-анжом хусусида.

– Таассуфки, гап шунақа, – таъкидлади Портос, – аслаҳа-анжом хусусида.

– Хўш, полкингизда аслаҳа-анжом нималардан иборат бўлади, жаноб Портос?

– О, кўп нарсалардан, – деди Портос. – Маълумингиздек, мушкетёрлар сара лашкарлардир, бинобарин уларга на гвардиячилар ва на швейцарияликларга даркор бўлмаган талай нарсалар талаб этилади.

– Қандай нарсалар, ахир? Менга уларни санаб беринг.

– Хўш, буни пулга чаққанда… – гап бошлади таркибий қисмлардан кўра яхлит ҳаммаси ҳақида тортишишни афзал кўрган Портос.

Прокурор хоним титраб-қақшаб давомини кутарди.

– Қанча пулга? – сўради у. – Умид қиламанки пули…

У тўхтаб қолди, унинг дами чиқмай қолган эди.

– Йўғ-эй, – деди Портос, – пули икки ярим минг ливрдан ошмайди. Ҳаттоки, бирмунча иқтисод қилиб, икки минг ливрни эпларман деб ўйлайман.

– Вой, шўрим! – қичқириб юборди у. – Ахир, бу бутун бошли бисот-ку!

Портос афтини маънодор қилиб буриштирди, Кокнар хоним ҳам буни фаҳмлади.

– Мен аслаҳа-анжомларингиз нималардан иборатлигини шу важдан суриштиряпманки, – изоҳ берди у, – менинг савдо оламида қариндошлару мижозларим кўп, сизга зарур нарсаларни сизнинг ўзингиздан икки баравар арзон қўлга киритишим мумкинлигига ишончим бор.

– Э, гап бу ёқда денг! – деди Портос. – Бу бошқа гап.

– Бўлмасам-чи, азизим жаноб Портос! Демак, биринчи галда сизга от талаб этилади, шундай эмасми?

– Ҳа, от.

– Жуда соз! Менда худди кўнглингиздаги нарсанинг ўзи бор.

– Шундай денг! – гул-гул очилиб деди Портос. – Демак, от масаласи бир ёқли бўлди. Сўнгра менга яна тўла жабдуқ даркор, лекин у шундай нарсалардан иборатки, уларни фақат мушкетёрнинг ўзи харид қилиши мумкин. Дарвоқе, булар уч юз ливрдан қимматга тушмайди.

– Уч юз ливрдан-а! Илож қанча, майли уч юз ливр бўлса бўла қолсин, хўрсиниб гапирди прокурор хоним.

Портос кулимсираб қўйди. Китобхоннинг ёдидаки, унда герсог Бэкингем томонидан тортиқ этилган эгар бор эди, хуллас, у кўнглида бу уч юз ливрни шунчаки чўнтагига солиб қўя қолишни чўтламоқда эди.

– Бундан кейин, – гапини давом эттирди у, – хизматкорим учун от, мен учун эса – чамадон кетади. Қуроляроғга келганда, сиз бу ҳақда хавотирланмасангиз ҳам бўлаверади, у менда бор.

– Хизматкорга отми? – иккиланиб такрорлади прокурор хоним. – Биласизми, дўстим, буниси ортиқча даҳмаза.

– Шундайми, ҳали хоним! – кеккайиб гапирди Портос. – Мени бирор гадой деб ўйлаётган бўлманг тағин?

– Йўғ-эй! Мен фақат айтмоқчи эдимки, гоҳи маҳаллар келишган хачир отдан қолишмайди, назаримда, мушкетёрга чиройли бирор хачирнинг эвини қилсак…

– Бўлди, чиройли хачир бўла қолсин, – деди Портос, – гапингиз тўғри, бутун маияти хачир миниб юрган жуда кибор испан аслзодаларини мен ўзим кўрганман. Лекин унда ўзингизни ҳам ақлингиз етади, Кокнар хоним, бу хачир жиға ва шақилдоқлар билан ясатилмоғи шарт.

– Кўнглингиз тўқ бўлсин, – деди прокурор хоним.

– Энди чамадон масаласи қолди, – гапини давом этди Портос.

– О, бу ҳам сизни ташвишга солмаслиги керак! – деди баланд овоз билан Кокнар хоним. – Эримнинг беш ё олтита чамадони бор, энг яхшисини танлаб олаверинг. Саёҳат қилганда у биттасини олиб юришни айниқса яхши кўрарди: у шундай каттаки, унга оламдаги ҳамма нарса бемалол сиғади.

– Бундан чиқди, ўша чамадон бўш экан-да?– соддадиллик билан сўради Портос.

– Албатта, бўш-да, – худди шундай гўллик билан жавоб берди прокурор хоним.

– Азизам, ахир менга чамадон бутун ичидаги нарсалари билан керак-да! – қичқирди Портос.

Кокнар хоним яна оҳ-воҳларини бошлади. У пайтлар Молер ўз «Хасис»ини ҳали ёзганича йўқ эди. Шу йўсин Кокнар хоним Гарпагоннинг ўтмишдоши бўлиб қолди.

Хулласи калом, аслаҳа-анжомнинг қолган қисми худди шундай муҳокамадан ўтди ва кенгаш натижасида прокурор хоним пул билан саккиз юз ливр тўлашни ҳамда шон-шараф йўлида Портос билан мушкетонларни олиб юриш шарафига ноил бўлажак от билан хачирни таъминлашни ўз зиммасига олди.

Шу шартларни ишлаб чиққач, Портос Кокнар хоним билан хайр-маъзур қилди. Рост, буниси унга нозу карашмалар қилиб, олиб қолишга уриниб кўрди, лекин Портос хизмат юмушларини баҳона қилди-ю, прокурор хоним ноилож унинг қиролга ён беришига тўғри келди.

Мушкетёр уйга оч ва таъби хира бўлиб қайтди.

III
Каниз ва соҳиба

Бу орада биз юқорида айтиб ўтганимиздек, д’Артаньян виждон азоби-ю, Атоснинг оқилона маслаҳатларини юз-хотир қилмасдан соат сайин миледига тобора кўпроқ ошиғу беқарор бўлиб борди. Шу боисдан уникига ҳар кун қатнар экан, мард гасконлик йигит эртами-кечми рўйхуш беришига комил ишонч билан унинг кўнглини овлайверди.

Кунлардан бир кун ҳар нарсага қодир кишининг сиёқида жуда аъло кайфиятда ташриф буюриб, у дарвозахонада каниз билан тўқнашиб қолди; бироқ бу дафъа хушрўйгина Кетти йўл-йўлакай унга суркалиб ўтиш билан чекланиб қолмади, у меҳр билан йигитнинг қўлидан ушлади.

«Жуда яхши! – хаёлидан кечирди д’Артаньян. – У соҳибасининг бирор топшириғини менга етказмоқчи бўлса керак… Ҳозир у миледи ўзининг тили бормаган мулоқотга мени мукаллаф этади».

Ҳамда у гўзал қизга ғолибона бир алфозда қараб қўйди.

– Тақсир, сизга бир гапни айтиб қўймоқчи эдим… – ғўлдиради каниз.

– Гапир, бўтам, гапир, – деди д’Артаньян. – қулоғим сенда.

– Йўқ, фақат бу ердамас: сизга айтмоқчи бўлган гапим ҳаддан ташқари узун, асосийси эса ҳаддан ташқари махфий.

– Нима қиламиз бўлмаса?

– Агарда жаноб кавалер мен билан юришга рози бўлсайди… – деб қўрқа-писа гапирди Кетти.

– Қаёққа десалар майли, гўзал қиз.

– Ундай бўлса, юринг.

Д’Артаньяннинг қўлини қўймай, Кетти уни қоронғи айланма зинадан бошлаб кетди, сўнгра ўн беш чоғли пиллапоядан чиқиб, у аллақандай эшикни очди.

– Киринг, тақсир, – деди у, – бу ер холи, гаплашиб олсак бўлади.

– Бу хона кимники ўзи, паризод? – сўради д’Артаньян.

– Меники, тақсир. Мана бу эшик орқали соҳибамнинг ётоғи билан туташ, лекин миледи бизни эшита олмайди, хотиржам бўлинг, у киши тун ярмидан оғмагунча ҳеч ётмайди.

Д’Артаньян атрофга разм солди. Чоққина, шинам хона дид билан безатилган, ниҳоятда озода, лекин у ғайриихтиёрий равишда, Кеттининг сўзларича, миледи ётоғига олиб киргувчи эшикдан кўз узолмай қолди.

Кетти йигитнинг кўнглида кечаётган гапларни сезди-ю, хўрсиниб қўйди.

– Бекамни жудаям севар экансиз-да, а, тақсир? – сўради у.

– Нимасини айтасиз, Кетти, буни ифода қилишга тилим ожиз, мажнунман!

Кетти яна хўрсиниб қўйди.

– Буниси жуда чакки бўлипти, тақсир! – деди у.

– Не учун буниси шу қадар чатоқ бўларкан, азбаройи шифо? – сўради у.

– Шу учунки, тақсир, – жавоб берди Кетти, – бекам сизни қилча ҳам севмайди.

– Ҳимм… – деди д’Артаньян. – Сен бу гапни унинг топшириғи билан айтяпсанми менга?

– Йўғ-э, тақсир, йўқ! Мен ўзим сизга раҳмим келганидан бу гапни айтиб қўйишга жазм қилдим.

– Сенга ташаккур, қимматли Кетти, лекин хайрли ниятинг учун, холос, негаки маълумотинг у қадар ёқимли эмас, ўзинг жуда яхши тушунсанг керак.

– Бошқача қилиб айтганда, гапларимга ишонмаяпсиз, шундай эмасми?

– Ақалли ориятдан бундай нарсаларга ишониш мушкул гап, гўзалим.

– Демак, гапимга ишонмаяпсизми?

– Иқрорман, лутф айлаб сўзларингнинг бирор далилини кўрсатмасанг…

– Хўш бунга нима дейсиз?

Кетти корсажи остидан кичкина мактубчани олди.

– Менгами бу?

– Йўқ, ўзга кишига.

– Ўзга кишига?

– Ҳа.

– Унинг номи, номи? – бақириб юборди д’Артаньян.

– Адресига бир қаранг.

– Граф де Вардга.

Ўзбилармон йигитнинг хаёлидан шу замон лип этиб Сен-Жермендаги можаро хотираси кечди. Яшиндай тез ҳаракат билан у қилмоқчи бўлаётган, ёки, тўғрироғи қилиб қўйган ишини кўриб, Кетти фарёд қилганига парво қилмасдан, д’Артаньян мактубни очди.

– Вой шўрим, нима қилганингиз бу, тақсир! – хитоб қилди у.

– Ҳеч нима! – деб жавоб берди д’Артаньян ва мактубни ўқиб чиқди:

«Сиз менинг биринчи хатимга жавоб қилмадингиз. Сизга нима бўлди – тобингиз йўқми ёки де Гиз хонимнинг базмида менга қандай тикилганларингизни фаромуш этдингизми? Мана сизга ғанимат фурсат! Ғафлатда қолманг».

Д’Артаньяннинг ранги ўчиб кетди. Унинг иззат-нафси таҳқирланган эди; у муҳаббат ҳақорат этилган деб қарор қилди.

– Бечора, азизим жаноб д’Артаньян! – камоли дардкаш овоз билан йигитнинг қўлини яна қисган кўйи гапирди Кетти.

– Менга раҳминг келяптими, шафқатли гўдак? – сўради д’Артаньян.

– Ҳа, албатта, жону дилим билан! Мен-ку севги нималигини биламан-а!

– Севги нималигини биласанми? – унга илк бор озмоз эътибор билан кўз ташлаб сўради д’Артаньян.

– Ҳа, пешонамнинг шўрига!

– У ҳолда менга раҳм қилиш ўрнига бекангдан қасос олиш учун менга кўмаклашиб юборсанг дурустроқ бўларди.

– Ундан қандай қилиб қасос олмоқчи эдингиз?

– Мен ўзимнинг зўрлигимни исботлаб, рақибимнинг ўрнини эгалламоқни истардим.

– Йўқ, тақсир, мен бунга зинҳор кўмаклашмасман! – жон кириб эътироз билдирди Кетти.

– Не сабабдан?

– Икки сабабдан.

– Чунончи?

– Биринчидан, шу сабабданки, бекам сизни сира севмайди…

– Сен буни қаёқдан билардинг?

– Сиз у кишини ўлгудек ёмон ранжитгансиз.

– Мен-а? Танишган дақиқадан тортиб унинг оёқлари остида бир мўмин қул сингари кун кечираётган бўлсам-у, мен уни қандай ранжитишим мумкин? Қани айт-чи менга, сендан ўтинаман.

– Мен буни ёлғиз бир кишига… кўнглимга қўл солиб кўрган кишига ошкор этаман.

Д’Артаньян Кеттига яна бир карра кўз ташлади. Қиз бирам тароватли, бирам кўҳлик эдики, ман-ман деган герсогинялар шу ҳусн-у шу кўрк эвазига ўз тожларидан кечган бўлардилар.

– Кетти, – деди у, – қачон десанг майли, кўнглингга қўл солиб кўравераман, бу нарса қочиб кетмайди, тасаддуқ.

Сўнг йигит уни ўпиб олган эди, бундан қиз анордай қип-қизариб кетди.

– Йўқ! – қичқирди Кетти. – Сиз мени севмайсиз! Сиз бекамни севасиз, менга боягина шу гапни айтиб эдингиз.

– Иккинчи сабабни ошкор этишингга ҳали шу гап ҳалал беряптими?

– Иккинчи сабаб, тақсир… – бўсадан сўнг ўзини тутиб олиб ҳамда йигитнинг кўзлари маъносидан дадилланиб гапирди Кетти, – иккинчи сабаб шуки, муҳаббат борасида ҳар ким ўзи учун жон куйдиради.

Ана шундагина, даҳлиз, зина, йўлакдаги тўқнашувлар, ҳар гал Кеттига дуч келганда унинг қўлини суйкалиши, унинг хумор боқишлари, пинҳона оҳу зорлари д’Артаньяннинг ёдига тушди. Кибор хоним кўнглини овлаш орзуси билан бўлиб, у канизни назарига илмаган эди: бургутни кўзлаган киши чумчуққа парво қилармиди.

Бироқ бу дафъа у шунча гўллик ёки худди шунча беҳаёлик билан билдириб қўйган Кеттининг муҳаббатидан ўзи нима манфаат чиқариши мумкинлигига д’Артаньяннинг дарров фаҳми етди: граф де Вардга йўлланган мактубларни қўлга олиш, миледини кузатиш, истаган маҳал бека ётоғи билан туташ Кетти хонасига кириш имконияти. Кўриб турибмизки, бу нарса хоҳ ихтиёрий равишда бўлсин, хоҳ зўрлик билан бўлсин миледининг висолига етмоқ учун инсофсиз йигит ўз хаёлида шўрлик қизни аллақачон қурбон қилди.

– Шундай қилиб, азизим Кетти, – деди у қизга, – менинг муҳаббатимдан гумондасан-у, уни исботлаб беришимни истайсан-а?

– Қайси муҳаббатни айтяпсиз?

– Ўша мен сенга қўймоққа тайёр муҳаббатни-да.

– Хўш, уни қандай қилиб исботлаб берасиз?

– Истайсанми – одатда беканг билан ўтказадиган соатларимни мен бугун сен билан ўтказаман?

– О, албатта, жуда истайман, – деб чапак чалиб юборди Кетти.

– Ундай экан бу ёққа келгин-а, тасаддуқ, – креслога ўрнашиб ўтириб олиб деди д’Артаньян. – Сенга ўзим кўрган-билган чўриларнинг ичида энг сулуви эканлигингни айтиб бераман, – ва бу ҳақда у бирам маъноли қилиб илҳомланиб гапирдики, унга ишонишга жуда ташна қиз лаққа тушди-қолди. Дарвоқе, д’Артаньянни танг қолдириб хушрўйгина Кетти аввал бир қадар қатъий турди ва ҳеч бўш келишни истамади.

Ҳужум ва мудофаада вақт билинмай ўтиб кетади.

Ярим кечага занг урилди ва деярли бир пайтда миледининг хонасида ҳам қўнғироқ чалинди.

– Вой ўлмасам! – қичқириб юборди Кетти. – Мени бекам чорлаётир.

– Жўна! Тезроқ жўна!

Д’Артаньян гўё итоаткорона жойидан қўзғалиб, шляпасини олди, лекин зина эшикка йўналиш ўрнига шартта катта жовон эшигини очди-ю, миледининг кўйлак ва тунги либослари орасига беркиниб олди.

– Бу нима қилганингиз? – қичқирди Кетти.

Калитни олишга улгурган д’Артаньян ичидан қулфлаб олди-да, ҳеч қандай жавоб қилмади.

– Хўш! – чинқироқ товуш билан бақирди миледи. – Ухлаб қолдингизми нима бало? Нимага қўнғироқ қилганимда чиқмайсиз?

Д’Артаньян миледи хонасининг эшиги очилганини эшитди.

– Кетяпман, миледи, кетяпман! – бекасининг истиқболига отиларкан қичқирди Кетти.

Улар биргалашиб ётоқхонага кирдилар ва эшик очиқ қолгани сабабли д’Артаньян миледининг ўз чўрисини койишда давом этаётганини эшитди; ниҳоят у тинчиди-ю, Кетти унга қарашиб бўлгунча у хусусида – д’Артаньян хусусида гап очилди.

– Негадир бугун оқшом гасконлигимиз кўзимга чалинмади, – деди миледи.

– Вой, хоним, – таажжубланди Кетти, – наҳотки келмаган бўлса? Ҳали иши юришмасдан туриб ҳовлиқиб кетиши ақлга сиғмайди-ку!

– Йўғ-эй! Уни жаноб де Тревилми, ёки жаноб Дезессарми ушлаб қолган чоғи. Мен ўз иқтидоримни биламан: буниси мендан қочиб қутулиб бўпти.

– Уни ўзи нима қилмоқчисиз, хоним?

– Нима қиламан?.. Хотиржам бўл, Кетти, мен билан бу одамнинг ўртасида шундай бир нарса борми, бундан унинг ўзи ҳам бехабар. Ўшанинг касофатига мен падари бузрукворнинг ишончини йўқотиб қўйишимга сал қолди. О, мен ундан қасос оламан!

– Мен бўлсам уни севасиз, деб ўйлаб юрибман.

– Уни севаман?.. Уни кўрарга кўзим йўғ-у! Лорд Винтернинг жонини қўлига олиб туриб, уни ўлдирмаган-а, овсар, ўшани деб мен уч минг ливр рентадан қуруқ қолдим.

– Рост-а, – деди Кетти, – ўғлингиз ўз амакисининг бирдан-бир меросхўри-ку, у балоғат ёшига етгунча унинг бисоти ихтиёрингизда бўларди.

Бу фариштадек нарса ўзининг дўстона илтифот нишоналари билан кўмиб юборувчи одамни ўлдирмаганидан унга айб тақаётганини эшитиб ва одатда кибор суҳбатда усталик билан юмшатилгувчи бу чинқироқ товушдан д’Артаньян типирчилаб қолди.

– Кардинал уни аяшни менга амр қилмаганда борми, бунинг сабабини ўзим ҳам билмайман, – гапида давом этди миледи, – мен ундан аллақачон ўчимни олган бўлардим…

– Ҳа! Бироқ у ошиқ бўлган атторнинг ёшгина хотинига шафқат қилмадингиз-ку, хоним.

– Ҳа, ҳалиги Гўрковлар кўчасидаги аттор аёлни-да. Бироқ гап аёлнинг бор-йўқлиги аллақачон унинг хаёлидан чиқиб кетди-ку. Рости гап, ажабтовур қасос бўлди бу!

Д’Артаньяннинг манглайи жиққа терга ботиб кетди: чинанам антиқа эди бу аёл.

У тинглашда давом этарди, лекин бахтга қарши пардоз тугаб қолди.

– Энди, – деди миледи, – ўз бўлмангизга жўнанг-да, эртага сизга берган мактубимга, ниҳоят, жавоб олишга ҳаракат қилинг.

– Жаноб де Вардданми? – сўради Кетти.

– Бўлмасам-чи, жаноб де Варддан-да.

– Мана, уни шўрлик жаноб д’Артаньянга асло ўхшамайдиган киши деса бўлади, – деди Кетти.

– Киришинг, азизим, – қувватлади миледи, – мен ортиқча мулоҳазаларни ёмон кўраман.

Д’Артаньян эшикни қарсиллаб ёпилгани, икки илгак шарақлаганини эшитди – ичкаридан миледи ёпиб олган эди; Кетти ҳам иложи борича камроқ шовқин чиқаришга тиришиб эшикни калит билан қулфлади; д’Артаньян шундагина жовоннинг эшигини очди.

– Вой ўлай! – шивирлади Кетти. – Сизга нима бўлди? Бирам оқариб кетибсизки!

– Пасткаш махлуқ! – тўнғиллади д’Артаньян.

– Секинроқ, секинроқ! Кетинг! – деди Кетти. – Менинг хонам миледининг ётоғидан юпқа тўсиқ билан ажратилган, холос, ҳар бир сўз у ерда эшитилиб туради!

– Мана шунинг учун ҳам кетмайман-да, – деди д’Артаньян.

– Яъни бу нима деганингиз? – қизариб сўради Кетти.

– Ёки кетаман, лекин… кейинроқ.

У Кеттини оғушига тортди. Қаршилик қилишнинг иложи йўқ эди, олишганда тўс-тўполон кўтарилиши турган гап. Кетти ён беришга мажбур бўлди.

Бу миледига қарши қаратилган интиқом жазаваси эди. Қасоснинг лаззати бўлади дейишади, д’Артаньян ҳам бунга ишонч ҳосил қилди. Борди-ю, унда ҳақиқий ҳис-туйғудан ақалли оз-моз бўлганда эди, у бу янги ғалаба билан қаноатланиб қўя қоларди, лекин уни фақат орияту иззатталаблик идора қилмоқда эди.

Бироқ буни д’Артаньяннинг шаънига айтиб ўтмоқ лозим – ўзининг Кеттига таъсирини у даставвал Бонасе хонимнинг ҳоли не кечганини суриштириб билмоқ учун ишлатди. Шўрлик қиз хочни ўртага солиб бу хусусда ҳеч нима билмайман, деб қасам ичди. Ҳақиқатда ҳам бекаси унга ўз сир-асрорининг учини чиқарарди, холос; лекин у Бонасе хонимни ҳаёт деб қатъий ишонч билдирди.

Шунингдек, Кетти не сабабдан миледи кардиналнинг ишончидан маҳрум бўлиб қолаёзганидан ҳам хабари йўқ эди, лекин бу борада д’Артаньян ундан кўра дурустроқ воқиф эди: ўзи Англияни тарк этаётган дақиқада тўхтатилган кемаларнинг бирида унинг миледига кўзи тушган бўлиб, гап олмос шокилалар хусусида бораётганига у шубҳа қилмаганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации