Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 37

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 37 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Мутлақо тўғри, зоти олийлари, – тасдиқлади Атос, – сиз падари бузруквор ўзингиз бир кун эрталаб қаноат ҳосил қилганингиздек, биз чиндан ҳам иғво қиляпмиз, фақат ларошелликларга қарши.

– Э, жаноб сиёсатчилар, – ўз навбатида қовоғини уйиб эътироз билдирди кардинал, – сизларнинг мияларингизда, ўша мени кўриб яшириб қўйган мактуб сингари уларни ҳам ўқиш осон бўлганда эди, анчамунча сир-асрорнинг ечими топилиб қоларди.

Атоснинг юзлари қизариб, кардинал сари бир қадам босди.

– Биздан ҳақиқатан шубҳангиз бор, бизни сўроққа ҳам тутяпсиз, деган ўйга бормоқ мумкин, зоти олийлари. Агар шундай бўлса, падари бузруквор, лутф айлаб изоҳ берсинлар, биз ҳам лоақал нима йўл тутишни билиб оламиз.

– Хўш, бу ҳақиқатда ҳам сўроқ бўлса-чи? – эътироз билдирди кардинал. – Манман деган одамларнинг бошига ҳам сўроқ тушган, жавоб ҳам беришган, жаноб мушкетёр.

– Мен падари бузрукворга бизни сўроқ қилсангиз ихтиёрингиз деб айтганимнинг боиси ҳам шу-да, биз жавоб беришга тайёрмиз.

– Сиз ўқиётган, сўнгра эса яшириб қўйганингиз қандай мактуб, жаноб Арамис?

– Аёл кишидан бу мактуб, зоти олийлари.

– О, мен тушунаман, – деди кардинал, – бу йўриғдаги мактублар хусусида оғиз очмаган маъқул. Бироқ уларни пирга кўрсатса бўлади, менинг маълумингиздек, диний рутбам бор, ахир.

– Зоти олийлари, – шу йўсин гапираётгани ҳолда бошини хавф остига қўяётгани учун янада даҳшатлироқ сиполик билан гап бошлади Атос, – бу мактуб аёл кишидан, лекин унга на Марион Делорм, на д’Егилон хоним имзо чеккан.

Кардиналнинг ранги бўздай оқарди-ю, кўзлари беомон ўтдан чақнаб кетди. У гўё Каюзак билан Ла Удинерга фармойиш бермоқчидай ўгирилди. Атос бу ҳаракатни илғаб қолди ва ўзларини ҳибсга олдириб ўтиришга сира рағбати йўқ уч дўстининг кўзлари қадалиб турган мушкетлар томон бир қадам ташлади. Кардинал тарафда уни ўзи ҳам қўшилиб уч киши, мушкетёрлар эса хизматкорлари билан бирга етти киши эдилар. Кардинал Атос билан унинг ўртоқлари ҳақиқатан ҳам алланима хусусида пинҳона тил бириктираётганлари важҳидан ўйин яна қайта тенгсиз бўлади, деган мулоҳазага бориб қолди-да, ўзи ҳамиша шай тутгувчи кутилмаган бурилишларнинг бирига мурожаат этди: унинг бор-йўқ ғазаби табассумда эриди-кетди.

– Майли, бас, бас! – деди у. – Сизлар мард йигитларсиз: кун ёруғида мағрур, тун зулматида содиқ. Бировларни жуда ўринлатиб эҳтиёт қилганингдан кейин ўзингни ҳам авайлашнинг ёмони йўқ. Жаноблар, ўша сизлар мени «Қизил каптархона» йўлида қўриқлаган тун ҳаргиз ёдимдан чиққани йўқ. Агар ўша мен ҳозир кетажак йўлда менга бирор хавф-хатар таҳдид солганда эди, менга ҳамроҳ бўлиб боришингизни сизлардан ўтинган бўлардим, лекин ҳеч қандай хатарнинг дараги йўқлиги сабабли шу ерда қолаверинг, шишаларингизни, ўйинингизни ва мактубингизни давом эттираверинг. Хуш қолинг, жаноблар!

Каюзак келтирган отга миниб, кардинал улар билан қўл силкиб хўшлашди-да, елдек учиб кетди.

Тўрт йигит то у ғойиб бўлгунча, чурқ этмасдан турган жойида қотиб, ундан кўз узмай турди.

Сўнгра улар кўз уриштириб олишди.

Ҳаммасининг ҳафсаласи пир: дўстона хайр-маъзурга қарамасдан кардинал тутақиб кетганини улар тушуниб турардилар.

Ёлғиз Атосгина ўзининг истиғноли, нуфузли табассуми билан жилмайиб турарди. Кардинал уларни эшитолмайдиган, кўролмайдиган масофага йироқлашганидан кейин бирор кимсадан аламини олгиси келиб, жиғибийрон бўлиб турган Портос бақирди:

– Бу каллаварам Гримо кеч ўзига келди!

Гримо ўзини оқламоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди ҳамки, Атос бармоғини кўтариб қўйди-ю, Гримонинг дами ичида қолди.

– Сиз мактубни берган бўлармидингиз, Арамис? – сўради д’Артаньян.

– Мен бундай қарорга келиб тургандим, – ўзининг энг майин хуш товуши билан жавоб берди Арамис, – агар у талаб қилиб қолганда мен бир қўлим билан мактубни топширардим, бошқаси билан эса кардиналга қиличимни санчган бўлардим.

– Мен ҳам шундай деб тургандим, – деди Атос, – суҳбатга аралашганимнинг боиси мана шу. Рости гап, бу одам эркак кишилар билан шу йўсин гаплашиб, жуда эҳтиётсизлик қилади. Уни фақат аёллар-у, гўдаклар билан муомала қилиб юрган деб ўйлаш мумкин.

– Муҳтарам Атос, мен сизга қойилман, лекин пироварди-оқибат биз барибир ҳақ эмасмиз, – эътироз билдирди д’Артаньян.

– Қанақасига ҳақ эмасмиз! – дея аччиқланди Атос. – Биз нафас олаётган ҳаво кимга қарайди? Биз нигоҳларимизни қаратгувчи океан-чи? Биз ётган қум-чи? Сизнинг маъшуқангизнинг мактуби кимга тегишли? Наҳотки кардиналга бўлса? Виждоним ҳаққи онт ичаманки, бу одам бутун жаҳон менинг измимда деб хаёл қилиб юрибди. Сиз унинг қошида туриб гарангсиб, кайфингиз учиб алланималар деб ғўлдирардингиз… Кўзингизга аллақачон Бастилия кўриняпти-ю, улкан Медуза сизни тошга айлантирмоққа шай турипти, деган фикрга бориш мумкин эди. Хўш, айтинг-чи, ошиқ бўлиш – иғво қилиш деган гапми, ахир? Сиз кардинал қамоқхонага гумдон қилган аёлга ошиқсиз ҳамда уни кардинал қўлидан қутқариб олмоқчисиз. Сиз падари бузруквор билан ўйин олиб бормоқдасиз, бу мактуб – сизнинг кузирингиз. Карталарингизни рақибга кўрсатиш на ҳожат? – Бу – одатдан эмас. Буни у топиб олаверсин, бош устига! Биз унинг ўйинини топяпмиз-ку, ахир!

– Дарҳақиқат, – маъқуллади д’Артаньян, – ҳамма гапларингиз мутлақо тўғри.

– Ундай бўлса, ўтган нарсалар тўғрисида оғиз очилмасин, Арамис ҳам бўласининг мактубини кардинал узиб қўйган жойидан ўқишда давом этаверсин.

Арамис чўнтагидан мактубни олгач, уч дўсти унга яқинроқ сурилди, хизматкорлар эса яна шиша атрофида уймаланишиб қолишди.

– Сиз бир ё икки сатрини ўқидингиз, холос, – луқма ташлади д’Артаньян, – бошидан бошлай қолинг.

– Бажону дил, – жавоб берди Арамис.

«Муҳтарам бўла, мен Стенага жўнаб кетишга журъат қиламан, шекилли, опам ўша ердаги маҳаллий кармелиткалар монастирига ёшгина чўри қизимизни жойлаштириб қўйган. Бояқиш тақдирига тан берди, ўз жонига жабр қилмасдан бўлак жойда яшай олмаслигини у билади. Бироқ оилавий ишларимиз кўнглимиздагидек юришиб кетса, у бошига лаънат тошини ёғдириб ўзи қўмсаётган одамлар бағрига қайтади, шекилли, устига-устак уни доимо ўйлайди, буни ўзи ҳам билади. Ҳозирча эса у унча бебахт эмас: унинг бирданбир истаги маҳбубидан мактуб олмоқ. Мен бу хил ашёнинг монастир панжараларидан ўтиб кетиши осон эмаслигини биламан, лекин муҳтарам бўла, сизга исбот этганимдек мен анойилардан эмасман, бу юмушга бел боғлайман. Опам ўзи ҳақидаги садоқатли хайрли хотираларингиз учун сизга миннатдорчилик билдиради. Бир пайт у жуда хавотирда эди, лекин энди тағин бирор кор-ҳол бўлмасин деб у ерга ўз маҳрамини жўнатгач, кўнгли бирмунча таскин топди.

Хайр муҳтарам бўла, ўзингиз ҳақингизда иложи борича тез-тез, яъни ҳар замон бизга хат-хабар юбориш имкони туғилган пайтда ёзиб туринг. Сизни ғойибона ўпиб,

Мари Мишон».

– О, бирам миннатдорман сиздан, Арамис! – бақириб юборди д’Артаньян. – Азизим Констанция! Ахийри мен унинг дарагини топдим-а! У тирик, монастир девори ичида, хавф-хатар хорижида, у Стенеда! Сизнингча, Атос бу қаерда экан?

– Лотарингияда, Элзас чегарасидан бир-икки ле ичкарида. Қамал тугаши билан биз у томонларга бир бориб келсак бўлади.

– Бу ёғи оз қолди деб умид қилмоқ керак, – гап қистирди Портос, – бугун эрталаб бир жосусни осишди, у ларошелликлар этикларининг кўнини еб кун кўряпти, деб сўроқ берди. Агар кўнни еб тугатгач, тагчармига ўтишади деб фараз қилинса, бундан кейин уларнинг куни нимага қолишини мен биламан… бир-бирини ямлаб ютиш қолади, холос.

– Бечора нодонлар! – у маҳаллар ҳозирги сингари машҳур бўлмаса-да, лекин ҳозиргисидан қолишадиган жойи кам бир стакан ажойиб бордос шаробини бўшатган кўйи деб қўйди Атос. – Бечора нодонлар! Гўёки католик мазҳаби барча динлар ичида энг қулай ва энг маъқули эмасдай!.. Лекин, ҳар қалай, – шаробни ичиб бўлгач томоқ қириб қўйиб хулоса чиқарди у, – улар барака топсинлар… Бироқ, азбаройи шифо, бу нима қилганингиз, Арамис? – давом этди у. – Сиз бу мактубни чўнтагингизга яширяпсиз-ку?

– Ҳа, – уни қувватлади д’Артаньян, – Атос ҳақ; уни куйдириб юбормоқ керак. Дарвоқе, ким билсин, кардинал кукунни ҳам тилга киргизиш қудратига моликдир.

– Молик бўлса бордир-да, – деди Атос.

– Хўш, сиз ўзи бу мактубни нима қилмоқчисиз?сўради Портос.

– Бу ёққа келинг, Гримо, – буюрди Атос.

Гримо ўрнидан турди-да, итоат қилди.

– Беижозат гапга тушганингизнинг жазосига, дўстим, сиз мана шу бир парча қоғозни еб юборасиз. Сўнгра бизга қилажак яхшилигингизнинг мукофотига сиз мана шу бир стакан шаробни ичиб қўясиз. Аввал, мана, сизга мактуб, уни яхшилаб чайнаб юборинг.

Гримо илжайиб қўйди ҳамда Атос лим-лим тўлдирган стаканга кўзларини қадаган ҳолда қоғозни чайнаб ютиб юборди.

– Баракалло! Қандингни ур, Гримо! – дея уни мақтаб қўйди Атос. – Энди эса стаканни олинг. Яхши, ташаккур айтмасангиз ҳам бўлаверади.

Гримо унини чиқармай бир стакан бордос шаробини ютиб юборди, лекин унинг самога тикилган кўзлари бу хуш машғулот асносида гарчи гунг бўлса ҳам жуда ифодали тил билан гапириб турарди.

– Хўш энди, – деди Атос, – фақат мабодо кардиналнинг миясига Гримонинг қорнини ёриш фикри келиб қолмаса, биз ўзимизни ҳарна хотиржам тутиб юрсак бўлаверади.

Бу орада падари бузруквор ўзининг ғамгин сайрини давом эттирмоқда ва мўйлаблари ортидан тўнғилламоқда эди:

– Бу тўрт оғайнининг менинг хизматимга ўтиши мутлақо зарур.

XXII
Тутқунликнинг биринчи куни

Франция соҳилларига назар ташлагач, бир зумга кўздан йўқотган миледимизга қайтайлик.

Биз уни тубсиз хомуш мулоҳазаларга, дарвозаси тагида деярли ҳар қандай умидларини узиб тўхтаб қолган, жаҳаннамга ботган ҳолда қандай тарк этган бўлсак, худди ана шундай ноилож аҳволда топамиз: у илк бор иккиланяпти, илк бор ваҳимага тушиб турибди.

Икки дафъа иқбол унга бевафолик қилди, икки дафъа ниятларини билиб қолиб унга хиёнат қилдилар, иккала ҳолда ҳам унинг муваффақиятсизлигининг сабабчиси, олло-таоло томонидан юборилган бўлса керакми, ёвуз руҳ бўлди: д’Артаньян уни – бу енгиб бўлмас ёвуз кучни енгди.

Унинг муҳаббатини хўрлади, унинг ғурурини поймол қилди, унинг иззатталаб ниятларига панд берди, мана энди унинг бахтига зомин бўлиб турибди, эркига тажовуз қиляпти ва ҳаттоки жонига таҳдид соляпти. Булар етмагандай, у унинг паналаб юрган ниқоби ва уни шунчалар қудратли қилиб турган ҳимоя пардасининг бир бурчини кўтариб қўйди.

Д’Артаньян Бэкингемдан – уни эса ўзи илгарилари севган жамики нарсаларни ёмон кўрганидек кўрарга кўзи йўқ – қироличага тажовуз қилиб Ришелье бошига солаётган тўфон балосини нари қилди. У бирпасга умуман шу тоифа аёлларнинг эҳтироси сингари тийиқсиз йўлбарс ҳирси билан д’Артаньян ўзини де Вард деб танитди. Д’Артаньянга унинг даҳшатли сири маълум, у бўлса бу сирни кимки билиб қолса, ўша ҳаёти билан товон тўлайди, деб қасам ичиб қўйган. Ва, ниҳоят, ҳимоя ёрлиғи олиш насиб қилганда ҳамда унинг воситасида душмандан ўч олишга чоғланиб турганда эса бу ҳимоя ёрлиғини унинг қўлидан юлқиб олишди. Яна ўша д’Артаньяннинг ўзгинаси уни тутқунликда ушлаб турибди ва бирорта нахс босган Ботанибейга, Ҳинд океаннинг бирорта жирканч Тайбернига жўнатиб юборади.

Шак-шубҳа йўқ, буларнинг ҳаммаси д’Артаньяннинг шарофати билан унинг бошига тушди, бўлак ким уни шунчалар шарманда қила оларди! Ўзи бирин-кетин ифшо этган шу даҳшатли сирларнинг ҳаммасини лорд Винтерга ёлғиз ўша маълум қилиши мумкин эди. Унинг қайноғасини д’Артаньян танийди ва унга ёлғиз ўша ёзган бўлиши керак.

Миледининг ичида қанчалар нафрат жўш уриб ётибди!

У ўтли нигоҳини ҳувиллаб ётган хонанинг ичкарисига тикиб, қимир этмай ўтирибди; туриб-туриб нафасига қўшилиб кўксидан бўғиқ фарёдлар отилиб чиқади-да, кўтарилиб, пишқириб, мангу ва ночор алам сингари ўкириб устида кеккайиб турган шу хомуш қаср барпо этилган қояларга урилиб, парчаланиб ётган тўлқинларнинг шов-шувига жўр бўлади.

Шиддатли ғазаб яллиғидан ёришган унинг идроки Бонасе хонимга қарши, Бэкингемга қарши, айниқса эса д’Артаньянга қарши қандай ажойиб, истиқбол уфқига сингиб бораётган қасос режаларини топиб ётибди. Ҳа, лекин қасос олмоқ учун эркин бўлмоқ лозим, тутқунликда туриб қасос олиб бўлмайди. Эркин бўлиб олмоқ учун эса деворни ўпирмоқ, панжарани арраламоқ, полни кўчирмоқ лозим. Бу хил хуружларни сабр-тўзимли бақувват эркак киши ниҳоясига етказиши мумкин, лекин аёл нарса, яна безгаксимон ҳаяжон босган ҳолида муваффақиятсизликка маҳкумдир. Устига-устак бу нарсаларнинг ҳаммаси учун фурсатга – ойлар, йилларга эга бўлмоқ керак, унинг бўлса… унинг олдида ўзининг ҳайбатли оғаси ва мирғазаби, айтмоқчи ўн ёки ўн икки кун вақти бор.

Лекин барибир, у эркак киши бўлганда эди, бир уриниб кўрган бўларди, омади келиб қолса ажаб эмас эди. Нега фалак матонатли қалбни мўртгина нозик ниҳол танга жойлаб, бундай хато қилди экан!

Хуллас, тутқунликнинг дастлабки дақиқалари даҳшатли эди: миледи асабий қаҳру ғазаб жазавасини боса олмасди, аёл ожизлиги табиатга сийлов берди. Лекин аста-секин у телбаларча ғазаб тутқаноғини жиловлаб олди, унинг бутун танасини ларзага солаётган асабий титроқ тинди, у кулча бўлиб ётди-да, ҳордиқ чиқаргувчи тинкаси қуриган илон каби куч йиға бошлади.

– Бўлди бас, бас-э! Мен ақлдан озибманки бунча жаҳлим чиқади, – назарида ўзини ҳам сўроқлаётгандай оташ нигоҳини акс эттирган кўзгуга ўзини солиб деди у, – шайтонга ҳай бермоқ керак: жазава заифлик аломати. Бунинг устига бу восита ҳеч қачон қўлимдан келмаган. Балким аёлларга муомала қилганда кучни ишга солсам, менга бахт кулиб боққан, мен ғалаба қилишим ҳам мумкин бўлармиди. Лекин мен эркаклар билан кураш олиб бормоқдаман ҳамда улар учун мен ҳаммаси бўлиб атиги ожиза аёлман. Аёл қуроли билан кураша қолайлик: менинг қудратим – менинг ожизлигимда.

Сўнг гўё ўзининг сермаъно ва серҳаракат рухсорига қандай ўзгаришлар бериши мумкинлигига қаноат ҳосил қилмоқчидай, миледи афтини буриштириб юборгувчи ғазабдан тортиб то энг беозор, энг назокатли ва энг жозибали табассумгача бўлган барча ифодаларга галма-гал киришга мажбур қилди. Сўнгра юзининг латофатини оширмоқ учун унинг моҳир қўллари сочларининг турмагини ўзгартира бошлади. Ниҳоят ўзидан тамоман кўнгли тўлиб, у шивирлади:

– Ҳали ҳеч нима қўлдан кетгани йўқ, мен ҳамон боягидай гўзалман.

Кеч соат саккизлар эди. Миледининг кўзи хонада турган каравотга тушди; бирмунча ҳордиқ нафақат мия билан фикрларни, балки ранг-рўйни ҳам жойига келтиради деб ўйлаб қолди. Кечки тамадди ҳақида айтилган гаплар унинг қулоғига чалинган эди. Унинг бу хонада турганига бир соатдан ошиб қолди ва чамаси ҳадемай таом келтиришлари лозим.

Асира вақтни зое кетказишни истамасди ва шу бугуноқ, кечқурун ўзини қўриқлаш топширилган одамларнинг феъл-атворларини ўрганишга киришиб, бир ўсмоқчилаб кўришга қарор қилди.

Эшик тагида нур кўринди; у қамоқ назоратчилари келганидан дарак берарди. Эндигина ўрнидан турган миледи шоша-пиша яна креслога ўрнашиб олди; унинг боши орқага ташланган, чиройли сочлари елкаларига ёйилган, ғижим тўрлар остида кўкраги сал очилиб қолган, бир қўл сийнада, бошқаси эса шалвираб креслодан осилиб турарди.

Лўкидонлар тарақлади, эшик ошиқ-мошиқларида ғичиллади-ю, оёқ шарпалари хонада эшитилди.

– Столни у ерга қўйинг, – деди кимдир.

Миледи Фельтоннинг овозини таниб олди.

Фармойиш бажо келтирилди.

– Шам келтиринг-да посбонни алмаштиринг, – давом этарди Фельтон.

Бу бир шахснинг ўзига икки марта берилган фармойиш миледини ўзини қўриқлагувчи кишилар, яъни аскарлар қарашиб турганига ишонтирди.

Бунинг устига Фельтоннинг фармойишлари у ўз қўл остидаги кишиларни бенуқсон итоатда тутишидан далолат бергувчи унсиз бир шитоблик билан ижро этиларди.

Ниҳоят миледига ҳали бирор марта ҳам кўз ташламаган Фельтон у томон ўгирилди.

– Э-э! У ухлаяпти, – деди Фельтон, – яхши, уйғонганда тамадди қилиб олади.

Фельтон эшик томон бир-икки қадам босди.

– Йўғе-эй, жаноб лейтенант, – дея Фельтонни тўхтатди миледи ёнига борган, саботи сардоричалик бўлмаган аскар, – бу аёл ухлаётгани йўқ.

– Қанақаси… ухлаётгани йўқ? – сўради Фельтон. – Хўш, у нима қиляпти?

– У беҳуш. Ранги жуда ўчган ҳам қанча қулоқ солмайин нафасини эшитмаяпман.

– Сиз ҳақсиз, – турган жойидан миледига бир қараб қўйиб ва унга бир қадам ҳам яқин келмай деди Фельтон. – Асирасининг беҳушланганини лорд Винтерга хабар қилинг. Бу ҳол кўзда тутилмаган, мен нима йўл тутишни билмайман!

Аскар ўз офицерининг фармойишини бажо келтириш учун чиқиб кетди. Фельтон тасодифан эшик олдида турган креслога ўтирди-да, лом-мим демасдан, қимир этмасдан кута бошлади. Миледи аёллар томонидан пухта ўрганилган улуғ санъат – кўзни очмаган кўйи узун-узун киприклари остидан боқиш санъатини эгаллаган эди. У ўзига орқа ўгириб ўтирган Фельтонни кўрди: кўзини узмасдан ўн дақиқача унга қараб турди ҳамда бутун шу вақт асносида совуққон посбон бирор марта қайрилиб қўймади.

У ҳозир лорд Винтернинг келишини эслади-да, унинг ҳозирлиги ўз мирғазабига янги куч бахш этишига фаҳми етди. Унинг биринчи тажрибаси ўнгидан келмади, у бунга ҳали қўлида талай чоралари мавжуд аёл сингари тан бериб қўя қолди, бошини кўтарди ва аста энтикиб қўйди.

Бу хўрсинишни эшитган Фельтон ниҳоят қайрилиб қаради.

– Ие, ана уйғониб ҳам қолдингиз хоним! – деди у. – Хўп, демак бу ерда ортиқ ишим қолмади. Бирор нарса зарур бўлиб қолса, қўнғироқ қилинг.

– Вой, худоё тавба-эй, бирам ёмон бўлдимки! – деб ўзи жувонмарг қилишга қасд қилган жамики кишиларнинг ҳаммасини ҳушини олгувчи қадим сеҳргарлариникисимон ширали овози билан шивирлади миледи.

У креслода қаддини ростлаб, ўзининг илгариги ҳолатидан ҳам жозибалироқ ва бемалолроқ бир тарзда ўтириб олди.

Фельтон ўрнидан турди.

– Сизга кунига уч маҳал емиш келтириб туришади, хоним, – деди у, – эрталаб соат ўнда, сўнгра кундуз соат бирда ҳамда кечқурун соат саккизда. Мабодо бу тартиб сизга маъқул келмаса, мен сизга таклиф этганларим ўрнига сиз ўзингизнинг соатларингизни белгилашингиз мумкин, биз ҳам сизнинг раъйингизга қараб иш тутамиз.

– Лекин наҳотки шундай катта қоронғи хонада мен ҳамиша ёлғиз ўтирсам? сўради миледи.

– Шу атрофда истиқомат қилгувчи бир аёл чақиртирилган. Эртага у қасрга ташриф буюради ҳамда ҳузурингизда бўлишини хоҳлаган пайтингизда у ёнингизга кириб туради.

– Ташаккур сизга, – бўйин эгиб жавоб берди асира.

Фельтон хиёл таъзим қилди-да, эшик сари юрди. Айни у бўсағадан ҳатламоққа тараддудланиб турган дақиқада миледининг беҳушлигини хабар қилиш учун юборилган аскарни эргаштириб даҳлизда лорд Винтер пайдо бўлди. У қўлида бурунаки туз солинган шиша ушлаб турарди.

– Хўш, нима гап? Бу ерда нималар бўляпти? – асиранинг аллақачон турганини, Фельтоннинг эса кетишга чоғланганини кўриб, кесатиб сўради у. – Бундан чиқди марҳума тирилиб бўлипти-да? Азбаройи шифо, Фельтон, бўтам, сени ғўр деб санаб комедиянинг биринчи пардасини намойиш қилаётганларини тушунмадингми ҳали, унинг ҳаммасини охиригача кўриш роҳатига биз шаксиз ноил бўламиз!

– Мен худди шундай деб ўйлаб эдим, милорд, – жавоб берди Фельтон. – Лекин ҳар қалай асира аёл бўлгани важҳидан унинг учун бўлмаса-да, ўз иззат-нафси учун ҳар бир сулукатли киши аёлга кўрсатиш шарт илтифотни кўрсатмоқчи эдим.

Миледи ларзага келди. Фельтоннинг сўзлари унинг қонини музлатмоқда эди.

– Хуллас, – кула-кула гапга тушди лорд Винтер, – бу усталик билан ёйиб ташланган чиройли сочлар, бу оппоқ бадан-у хумор қарашлар сени ҳали мафтун қилмадими, тош юрак?

– Йўқ, милорд, – деб лоқайд жавоб берди йигит, – гапимга ишонинг, мени йўлдан оздирмоқ учун аёл ҳийлалари-ю, аёллар таманносидан ортиқроқ бир нима даркор.

– Ундай бўлса, жасур лейтенантим, қўйиб берайлик миледи бўлак восита ахтариб кўрсин, ўзимиз эса бориб кечки тамаддимизни қилайлик. О, хотиржам бўл унинг ҳунари мўл, комедиянинг иккинчи пардаси биринчисидан кейин кўп пайсалга солинмайди.

Шу сўзлар билан лорд Винтер Фельтонни қўлтиқлаб олди-да, кула-кула уни бошлаб кетди.

– О, сенга даркор нарсани мен топаман, – тишлари орасидан шивирлади миледи, – кўнглингни тўқ қилавер, шўринг қурғур ношуд роҳиб, энди тухумдан чиққан бадбахт аскар! Сен ўзи ҳарбий сарупода эмас, жуббада юрсанг бўларди!

– Дарвоқе, – бўсағада тўхтаб деди лорд Винтер, – эҳтиёт бўлинг, бу муваффақиятсизлик иштаҳангизни бўғиб қўймасин: жўжа билан балиқдан тотиб кўринг. Виждоним ҳаққи онт ичаманки, мен уни заҳарлашни буюрмаганман. Мен ўзимнинг ошпазимдан мамнунман ҳамда у менинг кетимдан мерос пойламаётгани сабабли унга бўлган ишончим тўла ва чексиз. Хуш қолинг, муҳтарама синглим! Сизнинг яна беҳушлангунингизча!

Буниси миледининг бардошидан ортиқ эди; у жон ҳолатда креслони қўллари билан чангаллаб қолди, тишларини ғижирлатди ҳамда лорд Винтер билан Фельтон ортидан ёпилаётган эшикнинг ҳаракатини кўзлари билан кузатиб турди. Танҳо қолганда эса уни яна ҳасрат қамраб олди. У столга қаради ва ялтираб турган пичоққа кўзи тушиб, стол сари отилди-ю, пичоққа маҳкам ёпишди; лекин қаттиқ панд еб қолди: пичоқнинг тиғи эгилувчан кумушдан бўлиб учи тўмтоқ эди.

Зич ёпилмаган эшик орқасида қаттиқ қаҳқаҳа янгради-да, эшик яна очилди.

– Ха-ха! – хитоб қилди лорд Винтер. – Ха-ха-ха! Кўряпсанми, жон Фельтон, кўряпсанми, мен сенга нима деб эдим: бу пичоқ сенга аталган эди, у сени ўлдириб қўйган бўларди. Биласанми, бу унинг зийнатларидан бири: у ёки бу йўл билан ўзига ҳалал бераётган одамлардан қутулиш. Борди-ю, сенинг гапингга кирганимда, унга ўткир пўлат пичоқ беришга йўл қўйганимда борми, Фельтоннинг куни битарди: у сени сўйиб қўйган бўларди, сендан кейин эса бизларнинг ҳаммамизни. Бир қарагин-а, Джон, у пичоқни ишлатишга қандай уста.

Ҳақиқатан ҳам миледи жон ҳолатда қисилган қўлида бу ҳужум қуролини ҳали ушлаб турарди, лекин бу ёмон ҳақорат унинг қўлини бўшатишга мажбур қилди, унинг кучини ва ҳатто иродасини олиб қўйди.

Пичоқ полга тушиб кетди.

– Сиз ҳақсиз, милорд, – миледининг юрак-юрагидан ўтиб кетган чуқур нафрат оҳанги билан гапирди Фельтон, – сиз ҳақсиз, мен янглишган эканман.

Икковлон яна чиқиб кетишди.

Бу дафъа миледи биринчи галгидан кўпроқ диққат билан қулоқ тутиб турди ҳамда улар йироқлашмагунча ва қадам товушлари даҳлиз ичкарисида тинмагунча пойлаб турди.

– Мен хароб бўлдим! – шивирлади у. – Худди бронза ёки гранит ҳайкал каби менинг ҳийлаларим кор қилмайдиган одамлар ҳукмидаман. Улар мени ёддан билишади ҳамда менинг ҳеч қандай қуролим уларга ўтмайди. Лекин барибир бу ишларнинг ҳаммаси улар қарор қилгандай барҳам топишига йўл қўймаслик керак.

Ҳақиқатан ҳам миледининг сўнгги мулоҳазаси ҳамда унинг ғайришуурий равишда яна умидворликка қайтиши кўрсатиб турганидек на ваҳима, на тушкунлик бу мустаҳкам қалбни узоқ банд этмасди. Миледи стол ёнига ўтириб ҳар турли таомлардан татиб кўрди ва пича испан шаробидан ичди-да, ўзининг бутун қатъияти қайтиб келганини ҳис этди.

Ётиш олдидан у ўз ҳамсуҳбатларининг сўзлари, хатти-ҳаракатлари, имо-ишоралари, заррача ҳаракати ва ҳатто уларнинг сукутини ҳам ҳаммасини ҳар томонлама таҳлил қилиб, мулоҳаза қилиб, шарҳлаб ҳамда ўрганиб бўлди; бу моҳирона ва пухта тадқиқотларнинг натижаси шу бўлдики, унинг икки жафокоридан Фельтоннинг ҳар қалай кўнгли бўшроқ деган ишонч туғилди. Хусусан, бир жумла ҳадеб асиранинг хотирасига қайта-қайта келарди: «Борди-ю, сенинг гапингга кирганимда…» – деб айтди Фельтонга лорд Винтер.

Модомики лорд Винтер унинг гапига кирмаптими, демак, Фельтон миледини ёқлаб гапирибди.

«Бинобарин бу одамда менга нисбатан раҳм-шафқатнинг ақалли хира учқуни бор, – таъкидларди миледи, – бу учқундан мен унинг ичини ловуллатиб, олов қалайман. Хўш, лорд Винтер бўлса мени билади, у мендан қўрқади ҳам, башарти бир кун келиб унинг қўлидан қутулиб кетиш насиб қилса, мендан нима умид қилиши мумкинлигига унинг ақли етади, шу боисдан уни таслим қилишга уринишнинг ўзи беҳуда гап… Мана Фельтон – бутунлай бошқа гап – у гул йигит, кўнгли пок, тавфиқли ҳам кўринади, уни йўлдан урса бўлади».

Сўнг миледи ётди-ю дудоқларида табассум билан уйқуга кетди: уни уйқуда ётганда кўриб қолган киши бу ёшгина қиз-у, тушига кутилажак байрамда унга оро бергувчи гулчамбар киряпти, деган хаёлга бориши мумкин эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации