Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]
Учала мушкетёрлар ҳам ўзларининг ёш дўстини бағоят севардилар. Бу тўрт одамни боғлаб турган дўстлик ва ҳар куни бир-икки маротаба – гоҳ бирор олишув баҳонасида, гоҳ иш юзасидан, гоҳ бирор маишат туфайли бир-бирини кўришга бўлган доимий эҳтиёж уларни кун бўйи бир-бирини қувиб юришга мажбур этарди. Люксембургдан Сен-Сюлпис майдонига ёки Эски Каптархона кўчасидан Люксембурггача бир-бирини қидириб қатнаётган бу ажралмасларни ҳар вақт учратиб қолиш мумкин эди.
Де Тревиль берган ваъдалар шу аснода тадрижан амалга ошиб бормоқда эди. Бир кун келиб, қирол кавалер Дезессарага ўз гвардия ротасида д’Артаньянни кадет қилиб олишни буюрди. Д’Артаньян хўрсиниб, гвардия сарпосини кийди: мушкетёрлик ридосига мавоза қилиш учун у умрининг ўн йилидан кечган бўлурди. Лекин, жаноб де Тревиль икки йиллик синовдан илгари бу марҳаматни дариғ тутажагини айтган эди – дарвоқе, фалакнинг гардиши билан д’Артаньян қиролга хизмат кўрсатолса ёки бошқача йўсинда ўзини алоҳида кўрсатолса, бу муддат қисқарилиши мумкин эди. Бу ваъдани олгач, д’Артаньян йироқлашди ва келгуси куниёқ ўз хизматини ўташга киришди.
Энди у посбонликда турган чоғда д’Артаньян билан биргаликда соқчиликка бориш навбати Атос, Портос ва Арамисларга келди. Шу зайл жаноб Дезессара ротаси унга д’Артаньян қўшилган куни бир эмас, тўрт кишини ўз сафларига қабул қилди.
VIII
Сарой фитнаси
Бу орада ёруғ дунёдаги ибтидога молик жамики нарсалар сингари қирол Людовик XIII нинг қирқ пистолининг куни битди. Шу пайтдан эътиборан тўрт ўртоқ учун мушкул кунлар бошланди. Дастлаб бутун тўпни ўз маблағига Атос боқиб юрди. Сўнгра навбат Портосга ўтди ва ҳамма кўникиб қолган бедарак кетишларининг бири туфайли у яна икки ҳафтача уларнинг ризқрўзини таъминлай олди. Ниҳоят, ўзининг айтишича, диний китобларини сотиб, бир-икки пистол жамғарган Арамиснинг ҳам гали келди.
Сўнгра ҳар доимгидек ўзларига тегишли маошдан озроқ бўнак берган жаноб де Тревилнинг ёрдамига таянишга тўғри келди. Лекин, тўланмаган қарзлари анча йиғилиб қолган уч мушкетёр билан ҳали буткул қарзи йўқ бир гвардиячи бу пулларга узоқ тирикчилик қилолмасдилар.
Ахийри тез орада энг зарур нарсаларга риёзат чекилиши аён бўлгач, улар қоқиб-суқиб зўрға саккиз ёки ўн пистол тўпладилар-да, Портос қимор ўйнагани жўнади. Лекин, унинг бу кун омади келмади: у бор пулни бой бериб, насияга яна йигирма беш пистол ҳам ютқазиб қўйди.
Шунда танг аҳвол чинакам муҳтожликка айланди. Бирор дўсти меҳмон қилиб қолишидан умидвор бўлиб, хизматкорларини эргаштириб, кўча-кўйларда изғиб юрган, очиққан мушкетёрларни учратиш мумкин эди. Зеро, Арамиснинг гапларига қараганда, мусибат кунлари аҳён-аҳёнда бўлса ҳамки, натижасидан баҳра олиш учун равнақ кунлари зиёфатларни ўнгу сўлга сочиш лозим эди.
Атос тўрт марта муқаллаф бўлиб, ҳар сафар ҳам ўз дўстларини хизматкорлари билан бирга олиб борди. Портос олти марта таклиф этилиб, ўз дўстларини улардан баҳраманд қилди. Арамис саккиз марта чорланди. Пайқаш мумкинки, бу киши шовқинни кам қилиб, ишни дўндириб қўярди.
Д’Артаньянга келсак, унинг пойтахтда сира танишбилиши йўқ бўлиб, унга фақат таги гасконлик руҳонийникида шоколад билан нонушта қилиш – гвардия корнетникига бир марта зиёфатга мукаллаф бўлиш насиб қилди. Улар ғамланган икки ойлик озуқасини паққос тушириб қўйишган руҳонийникига ҳам, мислсиз ҳотамтойлик қилган корнетникига ҳам у ўзининг бутун армиясини бошлаб борди. Лекин Планше айтгандек, қанча емагин, барибир, бир марта ейсан, холос-да.
Д’Артаньян фақат бир яримта зиёфат ундира олганидан хижолатда эди. Атос, Портос ва Арамислар сийлаган базмлар шукронасига руҳонийникидаги нонушта ўтса, фақат ярим зиёфатнинг ўрнига ўтарди. Ўспиринларча соддадиллик қилиб у бутун тўпни бир ой мобайнида боққанини унутиб, бошқаларга дардисар бўляпман, деб ҳисобларди. Унинг жонсарак ақли фаол ишлаб кетди. У тўрт нафар ёш, жасур, топқир ва қатъий ижодкор кишилар иттиҳоди ўз олдиларига сармаст алфозда сайр қилишлар, қиличбозлик машғулотлари-ю, бир нав ўткир ҳазиллардан бўлак мақсад қўйиши лозим эди, деган хулосага келди.
Дарҳақиқат, улар сингари тўрт киши, бир-бири учун ҳамёнидан тортиб, жонигача фидо қилишга тайёр, бир-бирини ҳамиша қўллаб-қувватлагувчи, ҳеч қачон чекинмасдан ҳамжиҳат чиқарилган ҳар қандай қарорни бирга ёки тарқоқ амалга оширгувчи тўрт киши, ҳар қандай душманга бирга ёки тарқоқ таҳдид қилувчи тўрт муштум ошкор ёки пинҳонми, тик ёки эгри йўл биланми, ҳийла ёки куч биланми, мўлжалланган ният сари у нечоғлик олис бўлмасин, у нечоғлик устувор қўриқланмасин, муқаррар йўл очиши лозим эди. Д’Артаньянни фақат бу нарса аллақачонлар дўстларининг ақлига келмагани таажжубга соларди.
У Архимед ричагига таянгандай дунёни остин-устун қилиш мумкин бўлган восита бўлмиш – бунга у шубҳа қилмасди – бу ғаройиб, тўрт карра зўрайган куч қай йўлга солиниши зарурлиги устида бош қотириб, бу ҳақда, ҳатто жуда астойдил мулоҳаза қилиб турган эди, қўққис эшик журъатсиз тақиллаётгани эшитилиб қолди. Д’Артаньян Планшени уйғотиб, эшикни очишни буюрди.
Китобхон бу – «Планшени уйғотиб» – деган сўзлардан тун бўлибди-ю, ҳали тонг отмабди, деб хулоса чиқармасин тағин. Бўлмағур гап. Соат эндигина тўртга занг урган. Икки соат илгари соҳибининг ҳузурига овқат беришини илтимос қилиб келганда унга «Ухлаганинг – овқат еганинг» деб мақол билан жавоб қилган эди. Планше ҳам овқатнинг ўрнини уйқу билан босган эди.
Планше хонага кўримсиз кийинган, афтидан, шаҳарлик кишини олиб кирди.
Планшенинг десерт ўрнида гап нима устида кетишини жуда билгиси келарди, лекин, меҳмон сир сақлашни талаб этадиган муҳим масала юзасидан гаплашиб олиши зарурлигини маълум қилди.
Д’Артаньян Планшени чиқариб юборди-да, меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Ўртага сукут чўкди. Мезбон ва меҳмон гўё бир-бири ҳақида олдиндан тасаввур ҳосил қилмоқчидай бир-бирига тикилишарди. Ниҳоят, д’Артаньян эшитишга тайёрлигини билдириб, таъзим қилди.
– Менга жаноб д’Артаньян ҳақида мард йигит сифатида гапиришган эди, – деди меҳмон. – У муносиб равишда қозонган бу шуҳрат мени унга ўз сиримни ишонишга ундади.
– Гапиринг, тақсир, гапиринг, – ишдан аллақандай фойдаларнинг дараги келаётганини илғаб, деди д’Артаньян.
Меҳмон яна бир зум жим қолди-ю, сўнгра давом этди:
– Рафиқам қироличада кийим-кечаклар бошқарувчиси бўлиб хизмат қилади. У гўзал ва оқила аёл. Мени унга уйлантириб қўйганларига мана уч йилча бўляпти. Гарчи, сепи катта бўлмаса ҳам, қироличанинг маҳрами жаноб де Ла Порт унинг чўқинтирган отаси бўлади, ҳам унга валинеъматлик қилади.
– У ёғи-чи, тақсир, у ёғи нима? – шоширди д’Артаньян.
– У ёғи эса… – деди меҳмон, – у ёғи шуки, рафиқамни кеча эрталаб кийим-кечак омборидан чиқаётган пайтда ўғирлаб кетишибди.
– Рафиқангизни ким ўғирлабди?
– Мен, турган гап, даъво қилолмайман, лекин бир кишидан шубҳам бор.
– Кимдан экан у шубҳангиз?
– Анчадан бери унинг пайида юрган кишидан.
– Азбаройи шифо!
– Лекин, тақсир, назаримда, бу ишга муҳаббатдан кўра сиёсат аралашганга ўхшаб қолди…
– Муҳаббатдан кўра сиёсат… – ўйчан такрорлади д’Артаньян. – Хўш, нима тахмин қилаяпсиз?
– Қайдам, нима тахмин қилаётганимни сизга айта олармикинман…
– Тақсир, эътиборга олингки, мен сиздан ҳеч нарсани сўраганим йўқ. Сиз ўзингиз меникига ташриф буюрдингиз. Сиз ўзингиз ишониб, сизга махфий гап айтмоқчиман, дедингиз. Кўнглингиз нима тусаса, шуни қилаверинг. Сиз ҳали менга ҳеч нимани ошкор этмасдан жўнаб қолишингиз ҳам мумкин.
– Йўқ, тақсир, йўқ! Сиз менга виждонли йигит бўлиб кўринасиз, сизга ишонаман. Назаримда, бунга сабаб – рафиқамнинг шахсий кўнгил ишларимас-у, ундан мартабаси кўп улуғ бир хонимнинг кўнгил ишлари бўлса керак.
– Шундоқ! Де Буа-Траси хонимнинг кўнгил ишлари бўлмасин тағин? – меҳмонига ўзини сарой ҳаётидан яхши воқиф қилиб кўрсатгиси келиб, хитоб қилди д’Артаньян.
– Улуғроқ, тақсир, кўп улуғроқ.
– Д’Егилён хонимнингми?
– Яна улуғроқ.
– Де Шеврез хонимнингми?
– Улуғроқ, кўп улуғроқ.
– Ахир бу…
– Ҳа, тақсир, худди шундай, – даҳшат ичида зўрға эшиттириб шивирлади меҳмон.
– Ким билан?
– Ким билан бўларди, герсог билан-да…
– Герсог билан?..
– Ҳа, тақсир, – янаям мужмал қилиб ғўлдиради меҳмон.
– Лекин, буларнинг ҳаммаси сизга қайдан маълум?
– Ҳаҳ… қайдан маълум-а!
– Ҳа, қайдан? Тўла ишонч, ёки… ўзингиз тушунасиз…
– Мен буларни рафиқамдан биламан, тақсир, ўзимнинг рафиқамдан.
– Унинг ўзи-чи, қайдан билади?
– Жаноб де Ла Портдан. Ахир қироличанинг ишончли кишиси бўлмиш жаноб де Ла Портнинг у чўқинтирган қизи бўлади, деб айтмабмидим сизга. Хўш, шўрлик қироличамизнинг, қирол тарк этган, кардинал таъқиб этаётган, ҳамма хиёнат қилган бу бечоранинг ёнида ўзи ишона оладиган бирор кимса бўлиши учун жаноб де Ла Порт рафиқамни ҳазрат олияларининг олдига жойлаштириб қўйган.
– Хўш, хўш, аҳвол равшанлашяптими?
– Рафиқам тўрт кун бурун меникига келган эди, тақсир – ҳафтада икки марта мендан хабар олишга рухсат унинг хизмати шартларидан бири эди. Сизга уқтиришга мушарраф бўлганимдек, рафиқам мени жуда севади, шундай қилиб, у меникига келиб, қироличанинг ҳозир жуда ташвишда юрганини зимдан айтиб берди.
– Ростдан-а?
– Ҳа. Рафиқамнинг сўзларига қараганда жаноб кардинал қироличани ҳар қачонгидан кўпроқ таъқиб этиб, зулм ўтказаётганмиш. У сарабанда воқеаси учун уни кечиролмай юрибди. Сарабанда воқеасидан хабарингиз борми ўзи?
– Бўлмасам-чи! Менинг хабарим бўлмасмишми? – жавоб қилди ҳеч нарсадан хабарсиз, лекин ўзини ҳамма гапдан бохабардай кўрсатмоқчи бўлган д’Артаньян.
– Шундай қилиб, ҳозир бу адоват эмас – қасос!
– Ажабо?
– Қиролича ҳам гумон қилмоқдаки…
– Қиролича нима гумон қилмоқда?
– У герсог Бэкингемга ўзининг номидан мактуб юборилмаганмикан деб гумон қилмоқда.
– Қироличанинг номиданми?
– Ҳа, уни Парижга чақириб олиб, келгандан сўнг эса бирор тузоққа илинтириш пайида.
– Азбаройи шифо!.. Лекин, рафиқангиз-чи, тақсирим, буларнинг ҳаммасига сизнинг рафиқангизнинг нима алоқаси бор?
– Унинг қироличага садоқати ҳаммага маълум. Уни ё бекачидан нари қилишмоқчи, ё қўрқитиб, ҳазрат олияларининг сир-асрорини билиб олишмоқчи, ёинки, уни пулга қизиқтириб, жосус қилиб олишмоқчи.
– Эҳтимол, – деди д’Артаньян. – Лекин уни ўғирлаган киши сизга танишми?
– Сизга ҳали айтдим-ку, уни танисам керак деб.
– Унинг номи?
– Номини билмайман. Менга у, кардиналнинг итдай содиқ арзандаси экани маълум.
– Лекин, бирор пайт уни кўришингизга тўғри келганми?
– Ҳа, бир кун рафиқам уни менга кўрсатган эди.
– Унинг таниса бўладиган ҳеч қандай нишоналари йўқмиди?
– О, албатта! Бу басавлат, буғдойранг, қора соч, нигоҳи ўткир ва тишлари оппоқ жаноб. Чаккасида чандиғи ҳам бор.
– Чаккасида чандиғи! – хитоб қилди д’Артаньян. – Яна бунинг устига тишлари оппоқ, нигоҳи ўткир, ўзи буғдойранг, қорасоч, басавлат. Бу ўша, Менгдаги нотаниш киши!
– Менгдаги нотаниш киши дедингизми?
– Ҳа, ҳа! Лекин, бунинг ишга алоқаси йўқ. Яъни, мен адашиб кетдим: бу уни жуда осонлаштиради. Сизнинг душманингиз бир йўла меники ҳам эканми, мен иккаламиз учун ҳам ўч оламан, вассалом. Лекин, бу одамни қайдан топаман?
– Бунисини билмайман.
– Унинг яшаш жойи борасида ҳеч маълумотингиз йўқми?
– Мутлақо. Бир куни рафиқамни Луврга қайтариб, кузатиб қўяётганимда, худди рафиқам кираётган дамда у ичкаридан чиқиб қолиб, рафиқам уни кўрсатиб қўйган эди.
– Иблис! иблис! – тўнғиллади д’Артаньян. – Буларнинг ҳаммаси жуда мубҳам. Рафиқангизнинг ўғирланишини сизга ким хабар қилди?
– Жаноб де Ла Порт.
– У бирон бир тафсилотларини ҳам сизга маълум қилдими?
– Булар унга маълум эмасди.
– Сиз бошқа манбалардан ҳам ҳеч нима билолмадингизми?
– Баъзи нарсаларни билиб олдим. Мен олган…
– Нимани олгансиз?
– Қайдам… Эҳтимол, бу мен томондан роса эҳтиётсизлик бўлар…
– Сиз яна ўша гапга қайтяпсиз. Лекин, қайд қилиб ўтишим шартки, энди орқага ташлашга фурсат ўтди.
– Мен орқага ташлаётганим ҳам йўқ, минг лаънат! – қарғишлар воситаси билан журъатини тиклашга уриниб, хитоб қилди меҳмон. – Бонасе шаънига онт ичаман…
– Исми шарифингиз Бонасеми?
– Ҳа, бу менинг фамилиям.
– Демак, сиз «Бонасе шаънига онт ичаман»… дедингиз. Гапингизни бўлганим учун, узр. Лекин, мен аллақаерда исмингизни эшитгандай бўлдим.
– Бўлса бордир, тақсир. Мен шу уйнинг эгаси бўламан.
– Ие, шундай денг! – сал қўзғалиб таъзим қилган кўйи деди д’Артаньян. – Сиз шу уйнинг эгасимисиз?
– Ҳа, тақсир, ҳа. Ундан кейин сиз менинг уйимда мана уч ой истиқомат қиляпсиз ва муҳим ишларингиз кўплигидан бўлса керак, ижара ҳақини тўлаб қўйишни унутаётибсиз, мен бўлсам сизни бирон марта безовта қилмаганим важҳидан илтифотимни инобатга оларсиз, деб ўйладим…
– Бўлмасам-чи, албатта, жаноб Бонасе! – деди д’Артаньян. – Гапимга ишонинг, бунақа манзират учун мен хўп миннатдорман, башарти бирор нарса билан нафим тегса, ўз бурчим деб билгайман…
– Мен сизга ишонаман, ишонаман, тақсир! Сизга худди шундай демоқчи эдим. Бонасе шаънига онт ичаманки, мен сизга тўла ишонаман.
– Бу ҳолда давом этинг-да, ҳамма гапни охиригача сўзлаб беринг.
Меҳмон чўнтагидан бир варақ қоғоз олиб, уни д’Артаньянга узатди.
– Мактуб! – хитоб қилди ёш йигит.
– Бугун эрталаб олинган.
Д’Артаньян уни очди-да, қош қорая бошлагани сабабли деразага яқинлашди, Меҳмон унга эргашди.
«Рафиқангизни қидирманг, – деб ўқиди д’Артаньян. – ҳожати қолмагандан кейин уни сизга қайтарадилар. Қидиришга заррача уринган ҳолда хароб бўласиз».
– Лоақал шуниси равшан бўлди, – деди д’Артаньян. – лекин, бу пўписа, холос-ку, ахир.
– Ҳа, лекин, бу пўписа мени даҳшатга солмоқда. Мен ахир ҳарбий одам эмасман, тақсир, ҳам Бастилиядан қўрқаман.
– Ҳим… Мен ҳам Бастилияни сиздан ортиқ ёқтирмайман. Гап қилични ишга солиш ҳақида борганда – бошқа гап эди.
– Мен бўлсам бу ишда сизга роса ишониб ўтирибман!
– Наинки?
– Сизни доим шундай шукуҳли мушкетёрлар даврасида кўриб, улар жаноб де Тревилнинг мушкетёрлари, бинобарин, жаноб кардиналнинг душманлари бўлишини билганим ҳолда, мен сиз билан дўстларингиз шўрлик қироличамизнинг ёнини олади, шу билан бузрукворга қалтис ҳазил қилиб, кайфи чоғ бўлади, деб ўйлабман.
– Албатта.
– Сўнгра мен ўйладимки, модомики, сиз уч ойлик ижара ҳақига қарздор бўлсангиз мен ҳам сизга буни миннат қилмаган эканман…
– Ҳа, ҳа, сиз бу баҳонани кўрсатиб бўлдингиз, мен уни асосли топдим.
– Бундан ташқари, марҳамат қилиб, уйимда қанча истиқомат қилсангиз-да, келгусида ҳам ижара ҳақи тўғрисида оғиз очмасликни кўзлаб…
– Жуда яхши.
– Мен бундан ташқари, эҳтимолга хилоф равишда, андак камхарж бўлсангиз, сизга бирон эллик пистол тақдим этиш ниятидаман…
– Жуда соз! Демак, сиз бадавлат экансиз-да, жаноб Бонасе?
– Мен ўзимга тўқ одамман, десам ҳақиқатга яқинроқ. Атторлик моллари билан савдо қилиб, йилига бир-икки минг экю даромад бергудек сармоя жамғардим. Бундан ташқари, машҳур денгиз сайёҳи Жан Мокенинг сўнгги сафарига бир мунча пул қўшдим. Хуллас, ўзингиздан қолар гап йўқ, тақсир… Лекин, бу нима гап? – ногоҳ қичқириб юборди жаноб Бонасе.
– Нима? – сўради д’Артаньян.
– У ёқда, у ёқда…
– Қаёқда?
– Кўчада, деразангиз қаршисида, кираверишда! Ридога бурканган киши.
– Бу ўша! – ҳар бири ўз душманини таниб, д’Артаньян билан Бонасе иккиси баб-баравар қичқириб юборишди.
– А, бу дафъа, – хитоб қилди д’Артанян, – бу дафъа мендан қутулиб бўпти!
Кейин у қиличини суғуриб, хонадан югуриб чиқиб кетди.
Зинада у ўзиникига келаётган Атос ва Портос билан тўқнашиб кетди. Улар ўзларини четга олиб, йўл бергач, д’Артаньян уларнинг орасидан ўқ мисол ўтиб кетди.
– Қаёққа чопиб кетяпсан? – деб изидан қичқириб қолди иккала мушкетёр.
– Менгдаги нотаниш киши! – қичқирди жавобан д’Артаньян ва ғойиб бўлди.
Д’Артаньян ўз дўстларига нотаниш киши билан учрашуви ҳамда ўша киши бир муҳим номани ишониб топширишга журъат этган соҳибжамол сайёҳ хонимнинг намоён бўлиши ҳақида кўп ҳикоя қилган эди.
Атос ота мактубини д’Артаньян тўс-тўполонда йўқотиб қўйган, деб ҳисобларди. Унинг наздида дворян, д’Артаньяннинг тавсифи бўйича эса, у нотаниш киши, шубҳасиз, дворян деган хулоса чиқарган эди – дворян мактуб ўғирлашдай пасткашликка боролмасди.
Портос бу воқеанинг ҳаммасида хоним маҳбубига ёки маҳбуби хонимга тайинланган шунчаки ишқий мулоқот, д’Артаньян билан унинг малла оти тўғаноқ бўлишган мулоқот деб йўйишга мойил эди.
Арамис эса, бу воқеа аллақандай сирга ўралган, яхшиси бунақа нарсаларни ечишга уринмаслик керак, деб айтди.
Шунинг учун дафъатан д’Артаньяннинг оғзидан чиққан сўзлардан улар гап ким ҳақидалигини фаҳмлаб олдилар. Д’Артаньян нотаниш кишига етиб ёки уни назардан қочириб, ахийри уйга қайтади, деб ҳисоблаб зинада чиқишда давом этдилар.
Улар кириб келган пайтда д’Артаньяннинг хонаси бўм-бўш эди: уй эгаси ижорадори билан нотаниш киши ўртасида содир бўлажак тўқнашувнинг оқибатларидан чўчиб ҳамда д’Артаньяннинг ўзи зикр этган фазилатларига асосланиб, жуфтакни ростлаганим дуруст, деб қарор қилган эди.
IX
Д’Артаньяннинг табиати равшанлашмоқда
Ярим соат ўтгач, худди Атос билан Портос ўйлаганларидек, д’Артаньян уйига қайтиб келди. Бу дафъа ҳам у гўё сеҳр билан ғойиб бўлган нотаниш кишини яна қўлдан чиқариб юборган эди. Д’Артаньян қўлда қиличи билан яқин-орадаги ҳамма кўчаларни кезиб чиқди, лекин у қидираётган кишини эслатувчи ҳеч кимга дуч келмади. Пировардида, у эҳтимол бошда қилиниши зарур нарсагача етди: у нотаниш киши суяниб турган эшикни қоқди. Лекин, у болға билан эшикни сидрасига ўн-ўн икки марта беҳуда урган эди – ҳеч ким садо бермади. Шовқинга қизиқиб, уйларининг бўсағаларида кўринган ёки деразалардан мўралаган қўни-қўшнилар эшиклари зич беркитилган бу бино мана олти ойдирки, кимсасиз ҳувиллаб ётибди, деб уни ишонтирдилар.
Д’Артаньян эшикларни қоқиб, кўчама-кўча чопиб юрган пайтда Арамис келиб, иккала ўртоғига қўшилишга улгурди, шунинг учун д’Артаньян қайтиб келгач, бутун тўп жам бўлганининг устидан чиқди.
– Хўш, нима гап? – деб жиққа терга ботиб, афти ғазабдан буришиб кирган д’Артаньянга кўз ташлаб, бир овоздан сўрашди учала мушкетёр.
– Нима гап бўларди! – шляпасини каравотга улоқтириб хитоб қилди йигит. – Бу одам иблиснинг ўзи бўлса керак. У соядай, шарпадай, арвоҳдай ғойиб бўлди.
– Сиз арвоҳларга ишонасизми? – деб Атос Портосдан сўради.
– Мен фақат кўрган нарсаларимга ишонаман, лекин арвоҳларни, модомики кўрмаган эканман, уларга ишонмайман, – жавоб берди Портос.
– Библия, – дея гапирди Арамис, – уларга ишонишни тақозо қилади: Самуилнинг сояси Саулга намоён бўлган, бу эътиқод ақидаси, ундан шубҳага боришнинг иложи йўқ, деб ҳисоблайман.
– Нима бўлганда ҳам инсонми ёки иблисми, жисмоний мавжудот ёки соями, хомхаёлми ёки ҳақиқатми, лекин бу одам менинг бошимни ейиш учун яратилган. Унинг қочиб кетиши мени юз пистол ҳатто, ундан ҳам кўпроқ пул топиб берадиган ишни бой беришга мажбур қилиб қўйди.
– Қандай қилиб? – бир овоздан хитоб қилишди Портос билан Арамис.
– Атос ҳар қачонгидай ортиқча сўзлардан қочиб, д’Артаньянга савол назарини ташлади, холос.
– Планше, – эшикни қия очганича узуқ-юлуқ бўлсада, суҳбат маъносига етиш учун бошини суқиб турган хизматкорига юзланиб деди д’Артаньян, – пастга, шу уйнинг эгаси жаноб Бонасенинг олдига тушинг ҳамда бизга олти шиша Божанси шаробидан чиқариб юборишни сўранг. Мен буни бўлак ҳаммасидан афзал кўраман.
– Ана холос! – хитоб қилди Портос. – Хўжайинингизда чексиз ҳаддингиз борга ўхшайдими?
– Ҳа, – жавоб берди д’Артаньян. – Бугунги кундан эътиборан. Кўнглингиз тўқ бўлсин: шароб тузук чиқмаса, бошқасига юборамиз.
– Истеъмол қилиш керак, суиистеъмол эмас, – насиҳатомуз оҳангда илова қилди Арамис.
– Мен ҳамиша тўртовимизнинг орамизда энг доноси д’Артаньян деб юрардим, – деди Атос ва д’Артаньян таъзим билан жавоб қилган бу сўзларни айтиб, ўзининг одатий скунатига ғарқ бўлди.
– Лекин, ҳарҳолда, ўзи нима бўлди? – сўради Портос.
– Ҳа, бу сирдан бизни воқиф этинг, азиз дўстим, – гапни илиб кетди Арамис. – Фақат бу воқеага аёл кишининг номуси аралашмаган бўлса: башарти шундай бўлса, сирингизни ўзингизда қолдирганингиз маъқул.
– Хотиржам бўлинг, – деди д’Артаньян, – мен маълум қилишим зарур гапдан ҳеч кимнинг номусига путур етмайди.
Сўнгра у ўзининг уй эгаси билан бўлган суҳбатини, бу ҳурматли шаҳарлик киши рафиқасининг ўғриси ўзи «Озод тегирмончи» меҳмонхонасида тўқнашиб қолган кишининг худди ўзи бўлиб чиққанининг ҳаммасини муфассал гапириб берди.
– Иш чакки эмас, – шинаванда алфозда шаробдан ҳўплаб кўриб ва бош ирғаш билан унинг яхшилигини маъқуллаб деди Атос. – Бу соддадил кишидан элликолтмиш пистол ундирса бўлади. Олтмиш пистолни деб тўрт бошни тикса арзийдими-йўқми, шуни мулоҳаза қилиб олиш қолди, холос.
– Хотирингиздан чиқмасин, – хитоб қилди д’Артаньян, – бу ерда гап аёл киши ҳақида, ўғирланган, дўқпўписа, эҳтимол, азоб-уқубатларга дучор қилиниши шаксиз аёл киши ҳақида бораётир, яна буларнинг ҳаммаси фақат азбаройи соҳибасига садоқати учун-а!
– Секинроқ д’Артаньян, секинроқ! – деди Арамис. – Менимча, сиз Бонасе хонимнинг тақдирини кўнглингизга жуда яқин олиб юборяпсиз. Аёл киши бошимизни балога гирифтор қилиш учун яратилган, ҳамма фалокатларимизнинг уяси ҳам ўша.
Атос Арамиснинг бу сўзларидан лабини тишлаб, қовоғини солиб олди.
– Мен Бонасе хоним тўғрисида жон куйдираётганим йўқ, – хитоб қилди д’Артаньян, – балки, қирол тарк этган, кардинал таъқиб қилаётган, мухлислари ҳаммасининг бошлари бирин-сирин қулашини кўриб турган қиролича ҳақида!
– Нега у биз кимни энг ёмон кўрсак, ўшаларни – испан ё инглизларни севади?
– Испания унинг ватани, – жавоб берди д’Артаньян, – она тупроғининг фарзандларини севиши жуда табиий ҳол. Иккинчи таънангизга келсак, менга айтишларича, у инглизларни эмас, бир инглизни севади.
– Эътироф қилишим керакки, – илова қилди Атос, – ўша инглиз муҳаббатга шоёндир. Сиймоси ундан ўктамроқ кишини умрим бино бўлиб учратмаганман.
– Унинг беқиёс кийинишини айтмайсизми, – гап қўшди Портос. – У дурларини сочганда мен Луврда эдим ва худо ҳаққи, икки марваридни териб олиб, кейин донасини ўн пистолдан сотдим. Сен-чи, Арамис, уни танийсанми?
– Худди сизлар сингари яхши танийман, жаноблар. Мен уни амен боғида тутганларнинг бири бўлганман, мени у ерга қироличанинг отбоқари жаноб Пютанж олиб кирган эди. Бу воқеа, назаримда, қиролни ранжитган.
– Барибир-да, – деди д’Артаньян, – башарти герсог Бэкингемнинг қаердалигини билганимда эди, ақалли кардиналнинг жонига тегиш учун унинг қўлларидан ушлаб, қироличанинг ҳузурига элтиб қўйган бўлурдим. Ахир бизнинг энг ашаддий душманимиз – кардиналку, башарти, унга бирор қалтис ҳазил қилишга баҳона топилганда эди, мен ҳатто, бошимни тикишга тайёр бўлардим.
– Аттор ҳам, – сўради Атос, – Бэкингемни бу ёққа сохта мактуб билан чақирганлар, деб қиролича чўчиётганини рамз қилдими сизга, д’Артаньян.
– У шундан қўрқаётир.
– Сабр қилинг, – деди Арамис.
– Нима гап? – сўради Портос.
– Ҳеч нима, давом этаверинг. Мен баъзи жиҳатларини эслашга уриняпман.
– Ҳозир эса ишончим комилки, – деб давом этди д’Артаньян, – ишончим комилки, бу аёлнинг ўғирланиши биз гапирган воқеалар билан, эҳтимол, герсог Бэкингемнинг Парижга келиши билан ҳам вобаста.
– Бу гасконликнинг зеҳни ғоят ўткир-да! – қойил бўлиб хитоб қилди Портос.
– Мен уни тинглашни жуда севаман, – деди Атос. – Унинг талаффузи кўнглимни очади.
– Қулоқ солинг, муҳтарам жаноблар! – дея гап бошлади Арамис.
– Арамисни эшитайлик! – хитоб қилишди дўстлар.
– Кеча мен овлоқ даҳада бир ақоидшунос олимникида эдим, илмий ишларим талаб этганда у билан маслаҳатлашиб тураман…
Атос жилмайиб қўйди.
– Машғулотлар йўсини ва ўз ҳавасларига мувофиқ, – давом этди Арамис, – у йироқ даҳада истиқомат қилади. Шундай қилиб, мен уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Шу ерда Арамиснинг нафаси ичига тушиб кетди.
– Хўш, нима бўлди? Сиз уникидан чиқиб кетаётган пайтда…
Арамис ёлғон гапира-гапира ногоҳ тўсиққа қоқилиб кетган киши сингари тараддудланиб қолди. Лекин, тингловчиларнинг кўзлари унга қадалган, ҳамма зориқиб, ҳикоянинг давомини кутар ҳамда чекиниш учун фурсат ўтган эди.
– Ўша ақоидшуноснинг жияни бор… – давом этди Арамис.
– Шундай денг! Унинг жияни бор денг! – деб унинг сўзини бўлди Портос.
– Жуда ҳурматли хоним, – изоҳ берди Арамис.
Учала дўст кулиб юборди.
– Агар сўзларимдан шубҳа қилиб кулаётган бўлсангиз, – деди Арамис, – ортиқча ҳеч нарса билмайсиз.
– Биз мусулмонлар каби мўминмиз ва катафалк2727
Катафалк – мурдани мозорга олиб борадиган темир арава.
[Закрыть] каби гунгмиз, – деди Атос.
– Демак, мен давом этяпман, – яна сўз бошлади Арамис. – Ўша жиян аҳён-аҳёнда тоғасидан хабар олиб туради. Кеча иттифоқо у мен билан бир вақтда бориб қолиб, уни извошгача кузатиб қўйишимга тўғри келди…
– Э, шунақа денг ҳали! Извош бор эканми, ўша ақоидшуноснинг жиянида? – деб асосий қусури тилни тишлаб тура билмасликдан иборат бўлган Портос яна унинг сўзини бўлди. – Ажойиб танишлик, дўстим.
– Портос, – деди Арамис, – етарли даражада камтар эмассиз, бу аёллар назарида сизни камситади, деб сизга бир қур айтиб ўтган эдим.
– Жаноблар, жаноблар, – бутун воқеанинг тагидаги гапга фаҳми етиб, хитоб қилди д’Артаньян, – иш жиддий! Иложи бўлса ҳазиллашмасликка ҳаракат қилсак. Давом этинг, Арамис, давом этинг!
– Туйқусдан баланд бўйли, қорасоч, қилиқлари дворянга хос, сизнинг нотаниш кишингизни эслатгувчи бир киши, д’Артаньян.
– Эҳтимол, ўшанинг ўзидир, – луқма ташлади д’Артаньян.
– …Ўн одим орқароқда келаётган беш ё олти чоғлик кишининг ҳамроҳлигида ёнимга келиб, деди: «Жаноб герсог», сўнгра эса энди қўлимга суяниб турган хонимга юзланиб давом этди: «Сиз ҳам хоним»…
– Ақоидшуноснинг жиянигами?
– Жим бўлсангиз-чи, ахир, Портос! – уни жеркиб ташлади Атос. – Ҳеч тутуруғингиз йўқ.
– «Илтифот қилиб извошга ўтиринг ва қаршилик кўрсатишга ёки заррача шовқин чиқаришга уринманг», – ўша киши шундай деди.
– У сизни Бэкингем деб ўйлапти! – хитоб қилди д’Артаньян.
– Шундай гумон қиляпман, – жавоб берди Арамис.
– Хонимни-чи? – сўради Портос.
– Уни қиролича деб ўйлаган! – деди д’Артаньян.
– Мутлақо тўғри, – тасдиқлади Арамис.
– Бу гасконлик шайтоннинг нақ ўзи! – хитоб қилди Атос. – Ундан ҳеч нарса қочиб қутулмайди.
– Дарҳақиқат, деди Портос, бўй-басти ва рафтори билан Арамис гўзал герсогни эслатади. Лекин, назаримда, мушкетёрлик либоси…
– Эгнимда узун ридо эди, – деди Арамис.
– Июль ойида-я! – хитоб қилди Портос. – Наҳотки, олиминг танилиб қолишингдан чўчиса?
– Жосусга қадди-қомати панд берган бўлишига бовар қиламан, лекин, юзи…
– Мен кенг соябонли шляпада эдим, – тушунтирди Арамис…
– Ё алҳазар! – хитоб қилди Портос, – ақоидни ўрганиш учун қанча эҳтиёт чоралар!
– Жаноблар, жаноблар! – уларнинг сўзини бўлди д’Артаньян. – Ҳазил-ҳузулга вақтни йўқотмайлик. Ҳар тарафга тарқаб, атторнинг рафиқасини қидиришга киришайлик – бутун фитнанинг калити шунда.
– Насаби шунча паст аёлда-я! Наҳотки сиз шундай деб ўйласангиз, д’Артаньян? – истиғно билан пастки лабини чўччайтириб сўради Портос.
– У қироличанинг ишончли маҳрами де Ла Портнинг чўқинтирган қизи бўлади. Мен бу гапни сизларга айтмабмидим, жаноблар? Бундан ташқари, шунча пастдан мадад излаш бу дафъа ҳазрат олияларининг айни мўлжали бўлса, ажаб эмас. Улуғ кишиларнинг бошлари йироқдан назарга тушади, кардиналнинг эса кўзлари иттик.
– Хўш, майли, – деди Портос, – аттор билан гапни бир жойга қўяверинг, фақат баҳоси дуруст бўлсин.
– Бунинг ҳожати йўқ, – деди д’Артаньян. – Назаримда, ҳақини у бермаган тақдирда бошқалар яхшилаб тўлаб қўядилар.
Шу чоқ зинада шошилинч қадамлар эшитилди, эшик тарақлаб очилиб, оғайнилар кенгашаётган хонага шўрпешана аттор отилиб кирди.
– Жаноблар, – дея фарёд қилди у. – Авлиёлар ҳақи мени қутқаринг! Пастда тўрт соқчи турибди, улар мени қамоққа олгани келишган. Мени қутқаринглар! Қутқаринглар!
Портос билан Арамис ўрнидан туриб кетишди.
– Бир зумгина сабр қилинг! – уларга ярим яланғоч қиличларни қинига қайта солиб қўйишни ишора қилиб, хитоб қилди д’Артаньян. – Бу ерда жасорат эмас, эҳтиёткорлик даркор.
– Ахир йўл қўйишимиз… – эътироз билдирди Портос.
– Д’Артаньянни ўз ихтиёрига қўйинг, – деди Атос. – Сизларга такрор айтаман: у ҳаммамиздан ақлли. Мен, зўр келса, унга итоат қилажагимни маълум қиламан. Билганингни қил, д’Артаньян.
Шу дақиқа даҳлиз эшигида тўрт аскар пайдо бўлди. Лекин, қиличларини таққан тўрт мушкетёрни кўриб, ундан нари юришга юраклари дов бермай, тўхтаб қолдилар.
– Кираверинг, жаноблар, кираверинг! – қичқирди уларга д’Артаньян. – Бу ерда сизлар меникидасиз, биз ҳаммамиз эса қирол ва жаноб кардиналнинг содиқ чокарларимиз.
– Ундай бўлса, олган буйруқларни адо этишимизга тўсқинлик қилмассизлар, муҳтарам жаноблар? – сўради улардан бири, афтидан отряд саркори бўлса керак.
– Аксинча, жаноблар, агар зарурати чиқиб қолса, сизларга ҳатто, қарашишга тайёрмиз.
– Нималар деяпти бу ўзи?– тўнғиллади Портос.
– Сен овсарсан, – шивирлади Атос, – жим бўл!
– Лекин, сиз менга ваъда бериб эдингиз ахир… – товуши зўрға чиқиб, минғирлади бечора аттор.
– Биз сизни фақат эркинликда қолиб, халос қилишимиз мумкин, – деб шивирлади унга д’Артаньян, – мабодо сизга ён босишга уринсак, ҳаммамизни сизга қўшиб қамоққа олиб кетишади.
– Лекин, назаримда…
– Марҳамат, жаноблар, марҳамат, – баланд овоз билан гапирди д’Артаньян. – Бу кишини ҳимоя қилишга ҳеч қандай асосларим йўқ. Мен уни бугун биринчи бор кўрдим, яна қанақанги шароитда денг, сизларга ўзи айтиб беради: у мендан ижара ҳақини қистагани келибди! Гапим тўғрими, жаноб Бонасе! Жавоб беринг.
– Тўппа-тўғри, – ғўлдиради аттор. – Лекин, жаноб мушкетёр айтмадиларки…
– На мен ҳақимда, на дўстларим ҳақида, на хусусан қиролича ҳақида оғиз очманг, йўқса, ҳаммани хароб қиласиз! – деб шивирлади д’Артаньян. – Ҳаракат қилинг, жаноблар, ҳаракат қилинг! Бу кишини олиб кетинг.
Шундан кейин д’Артаньян тамом гангиб қолган атторни итариб, соқчиларнинг қўлларига солиб қўйди.
– Сиз беодоб экансиз, азизим. Пул қистагани келасиз… мендан-а, мушкетёрдан! Қамоққа! Сизларга такрор айтаман, жаноблар, уни қамоққа олиб кетинг-да, қамоқда мумкин қадар кўпроқ қулфлаб туринг, токи, мен тўловга пул тўплагани улгурай.
Миршаблар ташаккур сўзларини қуюқ айтиб, қурбонни олиб кетишди.
Д’Артаньян саркорнинг елкасига қўққис шап этиб урганда, улар аллақачон зинадан туша бошлаган эдилар.
– Мен сизнинг саломатлигингиз учун, сиз эса менинг соғлиғим учун бир ичсакмикин? – икки қадаҳни жаноб Бонаседан олинган Божанси шароби билан тўлата туриб, таклиф қилди у.
– Менга ортиқча марҳамат бўлиб кетади, – тўнғиллади миршабларнинг саркори. – Жуда миннатдорман.
– Демак, саломатлигингиз учун, жаноб… исму шарифингиз нима?
– Буаренар.
– Жаноб Буаренар!
– Сизники учун, муҳтарам афанди! Ҳурматли номингиз нима, сўрашга ижозат бергайсиз энди?
– Д’Артаньян.
– Саломатлигингиз учун, жаноб д’Артаньян!
– Энг асосийси эса – мана, кимнинг саломатлиги учун! – гўё завқи жўшиб қичқирди д’Артаньян. – Қирол ва кардинал саломатлиги учун!
Шароб ёмон бўлганда миршаблар саркори эҳтимол, д’Артаньяннинг самимийлигидан шубҳа қилган бўларди, лекин, шароб яхши эди, у ҳам ишона қолди.
– Қандай қабоҳат қилдингиз бу ерда? – миршабларнинг саркори қўл остидаги кишиларнинг изидан йироқлашиб, тўрт оғайни ёлғиз қолишгандан сўнг деди Портос. – Уялмайсизми! Тўрт бошлиқ мушкетёр улардан мадад сўраган бечорани қамоққа олинишига йўл қўйиб ўтирса! Дворян изқувар билан ичса!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?