Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]
– Олинг, тақсир, ўша мактубни! – ҳаяжондан тутила-тутила хитоб қилди қиролича. – Уни олинг-да, жирканч пойқадамингиздан мени халос этинг.
Канцлер жуда тушунарли ҳаяжондан титрабқақшаган ҳолда мактубни олди-ю, чуқур таъзим қилиб чиқиб кетди.
Унинг орқасидан эшик ёпилиб ҳам улгурмасдан қиролича ҳушидан кетай-кетай деб хонимларнинг қўлларига йиқилди.
Канцлер мактубга назар солмасдан қиролга элтиб берди. Қиролнинг мактубга узатилган қўли қалтирарди У бўлмаган адресни қидира бошлади, ранги бўздай оқариб, мактубни шошмасдан ёйди-да, бошдаги сўзлариданоқ унинг испан қиролига қарата ёзилганини кўриб, охиригача тез-тез кўз югуртириб чиқди.
Бу кардиналга ҳужум қилишнинг тўкис режаси эди Қиролича Австрия қирол саройининг обрўсини туширишга мудом уриниб келган Ришельенинг сиёсатидан нафси койиб юрган ўз акаси ва Австрия қиролига уруш эълон қилиш билан Францияга пўписа қилиб, тинчликни сақлаш учун кардиналнинг бўшатилишини писанда қилишни таклиф этган эди. Муҳаббат ҳақида бу мактубда бир сўз ҳам йўқ эди.
Қиролнинг дарров кўнгли кўтарилиб, кардинал саройдами, йўқми, ундан хабар олгани одам юборди. Унга падари бузруквор кабинетда ва ҳазрат олийларининг фармойишларига мунтазирлар деб жавоб қилдилар.
Қирол дафъатан унинг ҳузурига йўл олди.
– Буни қаранг-а, герсог, – деди қирол, – мен эмас-у сиз ҳақ бўлиб чиқдингиз. Бутун фитна ҳақиқатан ҳам сиёсий тусда экан, севги ҳақида бу мактубда гап ҳам йўқ. Аммо-лекин, унда сиз тўғрингизда кўп сўз юритилган.
Кардинал мактубни олди ва уни зўр диққат билан ўқиб чиқди. Ниҳоясига етгач, яна қайта ўқиди.
– На чора, ҳазрат олийлари, – деди у, – сиз ўзингиз кўриб турибсиз, душманларим не куйга тушяпти: мабодо мени даф қилмасангиз, сизга иккита уруш билан сиёсат қиляптилар. Рост, сизнинг ўрнингизда мен бу қадар муқтадир қистовларга ён берардим, ҳазрат олийлари. Менга қолса юмушлардан фориғ бўлсам беҳад бахтиёр бўлардим.
– Нималар деяпсиз, герсог!
– Мен бу ўта кескин кураш ва тинимсиз заҳматлардан саломатлигим нураб бормоқда деяпман ҳазрат олийлари. Мен Ларошелени қамал қилиш ташвишларига дош беришга қурбим етмаса керак, у ерда майли йўқ нарсалар билан машғул бўлишга мажбур этилиб, ўзини истеъдодга бағишлашга йўл қўйилмаётган ибодатхона чокари – мени эмас, уруш олиб бориш тўғридан-тўғри иш бўлмиш жаноб Кондени қўйсангиз мақбулроқ бўлурди, деяпман. Бу оилавий ҳайтингиздаги бахтингизни таъмин этади ва ишончим комилки, хориждаги шон-шуҳратингизни ҳам мустаҳкамлайди. – Кўнглингиз тўқ бўлсин, герсог, – жавоб берди қирол, – мен ҳаммасини тушуниб турибман. Бу мактубда номи зикр этилган барча шахслар тегишли жазосини тортажак. – Уҳ, нималар деяпсиз, ҳазрат олийлари! Мени деб қироличанинг заррача заҳмат чекишидан худо асрасин! Қиролича ҳамиша мени душман деб ҳисоблаб келди, гарчанд, ҳатто, сизнинг олдингизда ҳам, унга мудом қизғин шафелик қилиб келишимни сиз ҳазрат олийларининг ўзлари ҳам тасдиқлаб беришингиз мумкин. О, мабодо у хиёнат билан ҳазрат олийларининг номусларини таҳқир этганда, унда бошқа гап эди, мен биринчи бўлиб: «Гуноҳкорга шафқат йўқ» – деган бўлардим. Хайриятки, бу тўғрида сўз ҳам йўқ, ҳазрат олийлари яна бир карра бунга амин бўлишлари мумкин эди. – Бу рост, жаноб кардинал, – деди қирол. – Сиз ҳар доимгидай ҳақсиз. Бироқ қиролича, барибир, ғазабимга йўлиқди. – Унинг олдида сиз ўзингиз гуноҳкорсиз, ҳазрат олийлари. Унинг сиздан жаҳли чиққан ҳолда ҳам жуда узрли бўлурди. Сиз, ҳазрат олийлари унга қуюшқондан ташқари қаттиқ муомала қилдилар. – Ўзимнинг, шунингдек, сизнинг ҳам ғанимларингизга, улар нечоғлиқ юксак ўрин тутмасин, бундай қатъийлик қилиб, ўзимни қандай хатарга солмайин, айни шундай муомалада бўламан. – Қиролича менга душман, сизга эмас ҳазрат олийлари. Аксинча, у вафодор рафиқа, итоаткор ва беками-кўст Сиз, ҳазрат олийлари олдида уни ёқлашга ижозат берасиз-да энди.
– Хўп, у ўзи ён берсин, алоқани ўзи бошласин.
– Аксинча, ҳазрат олийлари, сиз хайрли тимсол кўрсатинг. Ахир, қироличадан шубҳага бориб, ўзингиз гуноҳга ботдингиз.
– Алоқани мен бошлайми! – хитоб қилди қирол. – Ҳаргиз!
– Ҳазрат олийлари, ўтинаман!
– Ҳа, бундан ташқари, жўяли баҳона қандай топилади?
– Унга манзур бўлгудек бирор нарса қилиб.
– Хўш, нима?
– Катта базм беринг. Қиролича рақсларни қандай севишини биласиз. Унинг ғазаби эътиборнинг бу ифодаси қаршисида дош беролмаслигига кафилман.
– Жаноб кардинал, кибор ишратларга ҳушим йўқлигидан хабарингиз бор-ку.
– Модомики сизнинг бу хил эрмаклардан жирканишингизни билар эканми, у яна қайта миннатдор бўлади. Ундан ташқари, яқинда сиз мавлуд кунига туҳфа қилган, у ҳали ҳеч қаерга тақиб чиқишга улгурмаган ажойиб олмос шокилаларни тўғнашга қулай баҳона бўлади.
– Кўрамиз, жаноб кардинал, кўрамиз, – ўзи кам ғам еган жиноятда қиролича гуноҳкор, ўзи энг чўчиб турган нарсада бегуноҳ чиққанидан ҳузур қилиб ва шу боисдан у билан ярашишга рози бўлиб гапирди қирол, – кўрамиз. Бироқ, номусим билан онт ичаманки, ўта мурувват қиляпсиз.
– Ҳазрат олийлари, – жавоб берди кардинал, – қаттиққўлликни министрларга қўйиб беринг. Мурувват – қиролларнинг эзгу фазилатидир, унга таяниб кўринг, нафи тегишини ўзингиз кўрасиз.
Шу гапдан кейин соат ўн бирга занг урганини эшитиб, кардинал кетишга рухсат сўради-ю, қиролга қиролича билан ярашиб олишга илтижо қилиб, у билан хўшлашди.
Мактубни тортиб олганларидан сўнг таъналар кутган Анна Австрийская эртаси куни қирол ярашишга уринаётганини кўриб, ғоят таажжубда қолди. Дастлабки дақиқаларда у рад этар аҳволда эди: аёл кишининг ғурури, қироличанинг орияти шунчалик қаттиқ лат еган эдики, у аламини бирдан унутолмасди. Лекин, сарой хонимлари қистовларига кўниб у хуллас, ўзини рўй берган воқеани унутаётганга солишга ҳаракат қила бошлади. Қирол бу табаддулдан фойдаланиб, унга энг яқин орада катта базм бериш нияти борлигини маълум қилди.
Базм шўрлик Анна Австрийская учун бир турфа нарса эдики, бу муждадан, худди кардинал тахмин қилгандек, ранжнинг сўнгги излари унинг қалбидан бўлмаса ҳамки, чеҳрасидан тарқалди. У сайилнинг қай кунга тайин этилганини сўради, лекин қирол ҳали бу хусусда кардинал билан келишиб олмоқ даркор, деб жавоб қилди.
Дарҳақиқат, қирол ҳар кун кардиналдан бу сайил қачон уюштирилади, деб суриштирар ва ҳар кун кардинал бирор баҳона билан аниқ кунни айтишдан бўйин товларди.
Орадан бир ҳафта ўтди.
Биз тавсиф этган воқеаларнинг саккизинчи куни кардинал Лондондан юборилган ва қуйидаги сатрлар битилган мактубни олди:
«Мен уларни олдим. Лондондан жўнаб кетолмаяпман, чунки пулим етмайди. Менга беш юз пистол юборинг, уларни олгач, мен тўрт ё беш кун ичида Парижда бўламан».
Кардинал бу мактубни олган куни қирол ўзининг одатий саволи билан унга мурожаат қилди:
Ришелье бармоқларида санаб кўриб, ўз-ўзига деди:
«У пулни олгандан кейин тўрт ё беш кунда келаман, деб ёзибди. Пул Лондонга боргунча беш кунлар ўтиб кетади, у бу ерга етгунча – беш кун. Жами, демак, ўн кун. Тескари шамол, ҳар хил кўнгилсиз тасодифу хасталикларни ҳисобга олмоқ зарур. Айтайлик, ўн икки кун…».
– Хўш, қалай, герсог, ҳисоблаб чиқдингизми? – сўради қирол.
– Ҳа, ҳазрат олийлари. Бугун йигирманчи сентябрь. Шаҳар ҳокимлари учинчи октябрь куни зиёфат беришмоқчи. Ҳаммаси жуда соз амаллаяпти. Ҳеч ким сизни қироличага бўй беряпти деб ўйламайди.
Жим қолиб, кардинал илова қилди:
– Дарвоқе, байрам арафасида олмос шокилалар қандай ярашганини кўрмоқчилигингизни қироличага айтишни унутманг.
XVII
Эр-хотин Бонаселар
Кардинал қирол билан суҳбатда олмос шокилаларни иккинчи дафъа тилга олмоқда эди. Людовик XIII ни бундай сурлик таажжублантирди-ю, у бу маслаҳат тагида сир бор деган қарорга келди.
У ўзини бир марта аламзада ҳис қилаётгани йўқ эди, боиси, гарчи, давримизнинг такомилига етмасада, аъло миршабларга эга бўлган кардинал қиролнинг оилавий ишлари хусусида қиролнинг ўзидан яхшироқ воқиф бўлиб чиқарди. Бу гал қирол Анна Австрийская билан суҳбат ўзи учун аллақандай мубҳам жиҳатни ойдинлаштириши шарт деган қарорга келди. Сўнгра кардиналга маълум ёки номаълум сирларнинг тагига етиб, у падари бузруквор ҳузурига қайтиш умидида эди. Унисида ҳам, бунисида ҳам бу нарса министр назарида қиролнинг обрўсини кўтармоғи лозим эди.
Людовик XIII қиролича ёнига бориб, гапни ўз одатича, унинг муқаррибларига оид дағдағалардан бошлади. Анна Австрийская бошини қуйи солиб, ниҳояси бордир-ку, деган умидда шаҳдини қайтармасди. Лекин қиролнинг истаги бу эмасди. Қирол жанжални қўмсарди, унинг авжида бирор ёруғлик тушиши шарт – қандайлигининг аҳамияти йўқ эди. Кардиналнинг аллақандай пинҳона ўйи борлигига, ўзи тенги йўқ устаси бўлмиш даҳшатли фалокатларидан бирини ҳозирлаб юрганига у шак-шубҳа қилмасди. Унинг қатъий таъналари истаган тилагига етказди.
– Ҳазрат олийлари, – дея хитоб қилди унинг хира шаъмаларидан тоқати тоқ бўлган Анна Австрийская, – нега кўнглингиздаги гапингизни очиқ айтиб қўя қолмайсиз? Мен нима қилдим? Нима жиноят қилдим? Сиз, ҳазрат олийларининг бу тўполонни азбаройи мен акамга ёзган мактуб учун кўтараётганингизга ақл бовар қилмайди.
Қирол дабдурустдан берилган бундай саволга дарров жавоб тополмай, шошиб қолди. У байрам арафасида айтилиши зарур ўша сўзларнинг ҳозир айни фурсати деб хаёлидан ўтказди.
– Хоним, – гердайиб гапирди у, – яқин кунларда ратушада базм берилади. Мен шавкатли пешволаримизга ҳурмат юзасидан сиз бу базмда байрам либосида ва мен таваллуд кунингизга туҳфа қилган олмос шокилалар билан зоҳир бўлишингизни зарур деб ҳисоблайман. Мана менинг жавобим.
Бу жавоб даҳшатли эди. Анна Австрийская ҳамма гап қиролга маълум-у, фақат кардиналнинг қистови билан у шу ҳафта ичида сир бой бермай юрган деб ўйлади. Аммо бу хил писмиқлик қиролнинг табиатига хос эди. Қиролича ранги қув ўчиб, ҳозир мисоли мумдан ясалган кўҳлик қўли билан мўъжаз столчага таяниб олди. Қиролича даҳшат тўла кўзлари билан қиролга термилганича лом-мим демади.
– Эшитяпсизми, хоним, – гарчи, сабабини фаҳмламаса-да, унинг саросимасидан ҳузур қилиб сўради қирол. – Эшитяпсизми?
– Эшитяпман, тақсир, – ғўлдиради қиролича.
– Сиз бу базмда бўласизми?
– Ҳа.
– Олмос шокилаларингиз ҳам эгнингизда бўладими?
– Ҳа.
Қиролича баттарроқ оқариб кетди. Қирол буни пайқади-ю, унинг даҳшатидан мириқиб, ўз табиатининг энг нохуш жиҳатларидан бирини ташкил этган совуқ бағритошлик билан сўзлади:
– Демак, ҳал бўлди! Сизга айтмоқчи бўлган бор гапим шу.
– Бироқ, базм қай кунга тайин этилган? – сўради Анна Австрийская.
Людовик XIII бу саволга жавоб бермаслиги кераклигини сезди: қироличанинг товуши жон бераётган кишиникига ўхшарди.
– Тез кунда, хоним, – жавоб берди қирол, – аммо куни аниқ эсимда йўқ, кардиналдан сўраб кўришга тўғри келади.
– Бундан чиқди, базм беришни сизга падари бузруквор маслаҳат берган экан-да? – хитоб қилди қиролича.
– Ҳа, хоним. Бироқ бу саволнинг боиси нима? – ҳайрон бўлиб сўради қирол.
– Олмос шокилаларни менга эслатишни ҳам ўшанинг ўзи маслаҳат берган-а?
– Нима десам экан-а…
– Бу ўша, ҳазрат олийлари, ўша!
– Бунинг нима фарқи бор – уми, менми? Бу илтимосни сиз жиноий деб ҳисоблаётган бўлманг тағин?
– Йўқ, тақсир.
– Демак, сиз бўласиз-а?
– Ҳа.
– Жуда соз, – эшик сари юриб, деди қирол, – ваъдангиз устидан чиқасиз, деган умиддаман.
Қиролича одоб қоидаларига риоя қилишдан кўра бўғинлари бўшашиб кетаётгани сабабли тиз букиб, таъзим қилди.
Қирол жуда мамнун бўлиб, чиқиб кетди.
– Мен ҳалок бўлдим! – шивирлади қиролича. – Мен ҳалок бўлдим! Кардинал ҳаммасини билади. Қиролни менга ўчакиштираётган ўша экан, унинг ҳали-бери ҳеч нимадан хабари йўқ; лекин ҳадемай хабар топади. Мен ҳалок бўлдим! Ё раббий! Ё раббий!..
У тиз чўкди ва юзини титроқ қўллари билан беркитганича тоат-ибодатга ғарқ бўлди.
Вазият чиндан ҳам мудҳиш эди. Герсог Бэкингем Лондонга қайтиб бўлган, де Шеврез хоним Турда эди. Ўзини ҳар қачонгидан қаттиқроқ кузатишаётганини сезгани ҳолда қиролича сарой хонимларидан бири сотқинлик қилаётганини сал-пал фаҳмларди-ю, қайсилигини билмасди. Ла Портнинг Луврдан ташқарига чиқиш имкони йўқ эди; у жаҳонда ҳеч кимсага дардини очолмасди.
Ўзига таҳдид қилаётган мусибатнинг нақадар зўрлиги ва унинг аҳволини яққол тасаввур этиб олгач, қиролича ўзини тутолмай ўкириб йиғлаб юборди.
– Ҳазрат олияларига бирор ёрдамим тегмасмикан? – дея қўққис сўзлади майин, дардкаш овоз.
Қиролича шартта ўгирилди; бу овозни эшитгач, адашиш мумкин эмасди: фақат ҳамроз киши шундай гапира оларди.
Дарҳақиқат, қироличанинг хонасига кириладиган эшикларнинг бирида хушрўй Бонасе хоним турарди. У қўшни хонада қироличанинг кийим-кечакларини саришта қилиш билан андармон бўлиб, қирол кириб келганда чиқиб кетишга улгурмаган эди. Шу зайл у ҳамма гапни эшитган эди.
Қиролича ўзи ёлғиз эмаслигини кўриб, қаттиқ қичқириб юборди. Фаромушхотирлигидан Ла Порт жойлаштириб қўйган ёш жувонни у бирдан таниёлмади.
– Оҳ, чўчиманг, ҳазрат олиялари! – ўз соҳибасининг ҳасратини кўргач, қўлларини букиб йиғлаб хитоб қилди ёш жувон. – Мен сиз ҳазрат олияларига жону таним билан содиқман, мен сиздан нечоғлик йироқ бўлмайин, амалим нечоғлик ғариб бўлмасин, ҳазрат олияларига нажот бериш йўлини топганга ўхшайман.
– Сиз! О, фалак! Сиз-а! – қичқириб юборди қиролича. – Бироқ кўзларимга боқинг. Мени сотқинлар қуршаб олганлар. Сизга ишонсам бўлармикан?
– Ҳазрат олиялари, – хитоб қилди жувон, тиз чўкиб, – виждонан қасам ичаманки, мен сиз, ҳазрат олиялари учун жонимни беришга тайёрман!
Бу нидо унинг юраги қаъридан отилиб чиқиб, ўзининг самимийлиги борасида шак-шубҳага ўрин қолдирмасди.
– Ҳа, – давом этди Бонасе хоним, – ҳа, бу ерда сотқинлар бор. Муқаддас маъбуда ҳаққи қасам ичаманки, ҳазрат олияларига мендан садоқатлироқ киши йўқ. Ўша қирол сўраган шокилалар… сиз уларни герсог Бэкингемга бериб юборгансиз, тўғрими? Ўша шокилалар у киши олиб кетган қизғиш ёғоч қутичада турарди, а? Ёки мен янглишдимми, ёки ножўя гапиряпманми?
– Ё раббий, ё раббий! – шивирлади қўрқувдан тишлари такирлаётган қиролича.
– Хўш, – деб давом этди Бонасе хоним, – ўша шокилаларни қайтариш лозим.
– Ҳа, албатта, лозим. Бироқ, қандай, қандай қилиб? – нола қилди қиролича.
– Бирор кишини герсогнинг ҳузурига юбормоқ зарур.
– Бироқ кимни? Кимни? Кимга ишониб бўларди?
– Менга қўйиб беринг, ҳазрат олиялари. Мени шу шарафга ноил қилинг, қироличам, мен чопарни топаман.
– Бироқ ёзиб беришга тўғри келади-да?
– Бу зарур. Ҳазрат олиялари қораланган лоақал икки калима сўз ва сизнинг шахсий муҳрингиз.
– Бироқ бу икки калима сўз – менинг ҳукмим, талоқ хатим, сургуним.
– Башарти, муттаҳам одамнинг қўлига тушиб қолгудай бўлса, ҳа. Аммо мен у калом тайин жойга етади, деб кафолат бераман.
– Э, парвардигор! Ҳаётимни, номусимни, пок номимни сизнинг қўлингизга топширишимга тўғри келяпти!
– Ҳа, хоним, тўғри келади. Мен ҳам сизни қутқараман.
– Бироқ қандай? Ақалли тушунтириб беринг менга.
– Менинг эримни икки-уч кун муқаддам озод қилдилар. Мен ҳали у билан кўришганимча йўқ. Бу нафратга ҳам, муҳаббатга ҳам бирдай бегона, содда, кўнгилчан киши. Мен неки истасам, у бажо келтиради. У нима олиб кетаётганидан бехабар сафарга чиқади, ҳазрат олияларининг мактубини, ҳазрат олиялариникилигидан бехабарлигича уни манзил бўйича етказади.
Қиролича ёш жувоннинг қалбида пинҳон ётган ҳамма нарсани уқиб олмоқчидай, кўзларига тикилганича унинг иккала қўлини қисиб қўйди. Лекин жоду кўзларида фақат самимиятни кўргач, уни ўпиб қўйди.
– Шундай қил, – хитоб қилди у, – шунда сен менинг ҳаётимни сақлаб қоласан, номусимни сақлаб қоласан!
– О, мен мушарраф бўлиб сизга қилаётган хизматимни муболаға қилманг! Мен қутқазадиган ҳеч нима йўқ: ахир ҳазрат олиялари қабиҳ найрангларнинг қурбонидирлар, холос.
– Бу гап тўғри, бўтам, – дея гапирди қиролича. – Сен ҳам янглишмаяпсан.
– Энди мактубни беринг, ҳазрат олиялари. Вақт ғанимат.
Қиролича сиёҳ, қоғоз ва патлар турган мўъжаз столча ёнига чопиб бориб, икки энлик мактубни қоралади, ўз муҳрини босиб, уни Бонасе хонимга узатди.
– Ҳа, – деди қиролича, – бироқ жуда муҳим бир нарсани хаёлдан қочирибмиз.
– Нимани?
– Пулни.
Бонасе хоним қизариб кетди.
– Ҳа, рост, – дея гапирди у, – мен ҳам тан олишим керакки, эрим…
– Эрингнинг пули йўқми? Сен шуни айтмоқчи эдингми?
– Йўқ, унинг пули бор. У жуда хасис – бу унинг энг ёмон иллати. Аммо, ҳазрат олиялари безовта бўлмасинлар, бирор йўлини топамиз…
– Гап шундаки, менда ҳам пул йўқ, – сўзлади қиролича (Де Моттвил хонимнинг мемуарларини ўқиган кишини бу хил жавоб ҳайрон қолдирмайди.) – Бироқ, сабр қил…
Анна Австрийская ўз сандиқчаси ёнига борди.
– Шу узукни ол, – деди у, – жуда қиммат туради дейишади. Уни менга ўз акам, испан қироли туҳфа қилган. У шахсан ўзимга тегишли, мен уни истифода қилишим мумкин. Узукни ол, уни пуллагинда, эринг жўнаб кетаверсин.
– Бир соатдан сўнг истагингиз бажо келтирилади.
– Манзилни кўряпсанми, – дея қиролича шундай секин шивирладики, сўзларини аранг ажратиб бўларди: – «Милорд герсог Бэкингемга, Лондон».
– Мактуб унинг қўлига топширилади.
– Танти гўдак! – хитоб қилди қиролича.
Бонасе хоним қироличанинг қўлини ўпиб, мактубни корсажига яшириб қўйди-да, қушдай енгил ғизиллаб кетди.
Ўн дақиқа ўтгач, у аллақачон уйига етган эди. Зотан у, қироличага айтганидек, эрини озод бўлгандан сўнг ҳали кўрмаган эди. Унинг кардиналга бўлган муносабатида юз берган ўзгаришдан ҳам, хусусан Бонасенинг қалин дўсти бўлиб олган граф Рошфорнинг бирикки ташрифи таъсир қилган табаддулдан ҳам хабари йўқ эди.
Граф унинг рафиқаси ёмон ниятда ўғирланилгани, фақат сиёсий эҳтиёт чораси бўлганини ишонишга уни осонгина мажбур этди.
У жаноб Бонасени ёлғиз топди: бояқиш уйни зўрға тартибга келтирмоқда эди. Жиҳозларнинг қарийб ҳаммасининг абжағи чиққан, жавонлар деярли бўшаб қолган экан: адолат афтидан Соломон подшо ном-нишон қолдирмай кетади деган ўша уч нарсага мансуб бўлмаса керак. Оқсочга келсак, у хўжайини ҳибсга олинган замон жуфтакни ростлаган эди. Шўрлик қиз чунон қўрқиб кетган эдики, Париждан то ўз юрти Бургундиягача тин олмай юриб борди.
Муҳтарам аттор уйга келгач, дарҳол рафиқасига омон-эсон қайтганини хабар қилди, рафиқаси ҳам табрик билан жавоб йўллаб, ёстиқдоши билан дийдор кўришиш учун хизматидан соқит бўлган дастлабки дақиқадан фойдаланажагини маълум қилди.
Ўша дастлабки дақиқани роса беш кун кутишга тўғри келди, бўлак шароитда бу нарса жаноб Бонасега ўта узоқ муддат бўлиб туюлган бўларди. Лекин кардинал билан суҳбат ва граф Рошфорнинг ташрифлари унга мулоҳазалар учун мўл озиқа бўлган, вақтни ҳеч нима мулоҳазалар сингари қисқартиролмаслиги маълум.
Бунинг устига Бонасенинг мулоҳазалари энг нурафшон тусда эди. Рошфор уни дўстим деб, ўзимнинг муҳтарам Бонасеим деб атар ва кардинал унинг ҳақида энг дуруст фикрдалигини таъкидлашдан тинмас эди. Аттор аллақачон ўзини бойлик ва шарафлар йўлида кўрмоқда эди.
Бонасе хоним ҳам кўп фикр юритган, лекин, тан олмоқ керакки, унинг хаёллари иззат-нафсга бегона эди. Унинг ўйлари ғайриихтиёрий равишда нуқул гўзал ва жасур, афтидан, ўзига хўп ошиқи беқарор бўлган йигитга қайтаверар эди. Жаноб Бонасега ўн саккиз ёшида турмушга чиққач, ўзининг мавқеидаги аёлдан лозим бўлгандан анча нозикроқ қалбли ёш жувонда бирор туйғу қўзғатишга ноқобил эрининг улфатлари даврасида кун кечириб, Бонасе хоним арзон-гаров ҳавасларга учмас эди. Лекин у кезлар дворянлик унвони оддий шаҳарликларда ҳар қачонгидан кучлироқ таассурот қолдирар, д’Артаньян эса дворян эди. Бундан ташқари, у мушкетёрлик либосидан кейин хонимлар томонидан ҳамма нарсадан ортиқ қадрланадиган гвардиячи либосида юрар эди. Такрор айтамизки, у гўзал, ёш ва уддабуррон эди, у севги хусусида ошиқ бўлган ва муҳаббат қозонишга ташна одам сингари сўзлар эди. Буларнинг ҳаммаси йигирма уч яшар бошчани айлантириб қўйиш учун кифоя қиларди, Бонасе хоним эса ҳаётининг шу қутлуғ айёмига қадам қўйган эди.
Эр-хотин иккаласи шунинг учун, гарчи бутун бир ҳафта кўришмаган бўлсалар-да – бу ҳафта ичида эса улар анча-мунча воқеаларни бошдан кечирдилар – ҳар бири ўз хаёллари билан овора бўлиб дийдор кўришдилар. Ҳар қалай, жаноб Бонасе самимий қувонч намоён этди ва қучоқ очиб, рафиқасининг истиқболига юрди.
Бонасе хоним бўса учун унга пешанасини тутди.
– Биз гаплашиб олишимиз керак, – деди у.
– Нима тўғрисида? – ҳайрон бўлиб сўради Бонасе.
– Мен сизга жуда муҳим бир гапни айтишим керак, – сўз бошлади Бонасе хоним.
– Ҳа, дарвоқе, мен ҳам сизга бир-иккита жиддий саволлар беришим зарур, – деб унинг сўзини бўлди Бонасе. – Марҳамат қилиб менга изоҳлаб беринг, сизни нега олиб қочишди?
– Ҳозир гап бу ҳақда эмас, – жавоб берди Бонасе хоним.
– Нима ҳақда бўлмаса? Менинг қамалганим ҳақидами?
– Мен буни ўша куниёқ эшитдим. Бироқ орқангизда ҳеч қандай жиноятингиз йўқ эди, сиз ҳеч бир фитнада аралашмаган эдингиз, ниҳоят сиз ёки бўлак бир кимсанинг шаънига тегадиган ҳеч нимадан хабарингиз йўқ эди, – мен ҳам бу воқеага ўзи арзийдиган аҳамиятни бериб қўя қолдим.
– Сизга айтиш осон, хоним! – рафиқаси ифода этган эътиборнинг камлигидан ранжиб гапирди Бонасе. – Лекин мен бир кеча-ю бир кундузни Бастилияда ўтказганимдан хабарингиз борми ўзи?
– Бир кеча-кундуз ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Сизнинг қамалганингиз ҳақида гапириб ўтирмайлик, мени бу ерга келтирган нарсага қайтайлик.
– Мени бу ерга келтирган нарса деганингиз нимаси? Ҳали сизни бу ерга бутун бир ҳафта жудо бўлган эрингиз билан дийдор кўришиш истаги келтирмаганмиди? – нафси койиб сўради аттор.
– Аввало шу, албатта. Бироқ бундан ташқари, бошқа нарса ҳам.
– Гапиринг.
– Бу – фавқулодда аҳамиятга эга бир иш, бизнинг бутун келажак тақдиримиз шунга боғлиқ бўлса, ажаб эмас.
– Сизни кўрмаганимдан бери бизнинг аҳволимиз жуда ўзгариб кетган, Бонасе хоним, бир-икки ойдан кейин у жуда кўп кишиларнинг ҳасадини келтирса, мен ҳайрон бўлмайман.
– Ҳа, хусусан, агар мен сизга кўрсатадиган нарсаларни аниқ бажо қилсангиз.
– Менга-я?
– Ҳа, сизга. Хайрли, савоб бир ишни ижро этиш керак, шу билан бирга кўп пул ишлаб олиш имкони бўлади.
Бонасе хоним пулни тилга олиш билан эрининг бўш жойига тегишини биларди.
Лекин ҳар қандай киши, гарчи, у аттор бўлса ҳам, кардинал Ришелье билан ўн дақиқа суҳбатлашгач, тубдан бошқача бўлиб кетарди.
– Кўп пулми? – пастки лабини чўччайтириб, қайта сўради Бонасе.
– Ҳа, кўп.
– Қанча чамаси.
– Минг пистол ҳам бўлиши мумкин.
– Бундан чиқди, сиз мендан илтимос қилмоқчи бўлган нарса жуда муҳим экан-да.
– Ҳа.
– Хўш, нима қилиш керак бўлади?
– Сиз тезда сафарга жўнайсиз. Мен сизга бир мактуб бераман, сиз уни кўз қорачиғингиздай сақлайсиз ва тайинланган кишининг шахсан ўз қўлига топширасиз.
– Мен ўзи қаёққа жўнайман?
– Лондонга.
– Мен-а? Лондонга-я? Сиз ҳазил қиляпсиз! Менинг Лондонда сира ишим йўқ.
– Бироқ бошқалар учун сизнинг Лондонга жўнашингиз керак.
– Бошқалар деганингиз ким? Сизни огоҳлантириб қўяй, мен ортиқ кўр-кўрона ҳеч нима қилмайман, мен нафақат қандай хатарга қолаётганимни, балки кимлар учун хавф остида қолаётганимни ҳам билишни истайман.
– Кибор хоним сизни жўнатяпти ҳамда кибор хоним сизга кўз тутяпти. Мукофоти сизнинг ҳамма истакларингиздан аъло бўлади – мен сизга ваъда қила оладиган бор нарса шу.
– Яна фитна! Умр бўйи фитналар! Ташаккур! Энди мени лақиллатиб бўпсан: кардинал менга у-бу нарсаларни ундириб қўйди.
– Кардинал! – қичқириб юборди Бонасе хоним. – Сиз кардинал билан кўришдингизми?
– Ҳа, у киши мени чақиртирган эди, – керилиб маълум қилди аттор.
– Сиз ҳам шу таклифга лаққа тушдингизми, эҳтиётсиз одам?
– Иқрор бўлишим керакки, мен борайми ёки бормайми, деб танлаб ўтирадиган аҳволда эмас эдим: мени икки соқчи етаклаб борди. Яна иқрор бўлишим керакки, у пайтда ҳали мен падари бузрукворни билмаганим сабабли ўша зиёратга чап бериш иложини қилолганимда хурсанд бўлардим.
– У сизга қўпол муомала қилдими, пўписа қилдими?
– У киши менга қўлини бериб, дўстим, дўстим деб атади! Эшитяпсизми, хоним? Мен – улуғ кардиналнинг дўсти бўламан!
– Улуғ кардиналнинг?
– У кишининг бу унвонига қарши чиқмоқчи бўлманг тағин?
– Мен ҳеч нарсага қарши чиқаётганим йўқ, бироқ мен сизга министрнинг марҳамати омонат нарса, фақат ақлдан озган кишигина ўз тақдирини министр билан боғлайди, деяпман. Унинг қудратидан юқори турадиган ҳокимият – одамнинг нозлари ёки бирор ҳодисанинг якунлари замирида турмаган ҳокимият бор. Шундай ҳокимиятга хизмат қилмоқ керак.
– Мен жуда афсусдаман, хоним, лекин мен учун ўзим хизматида бўлишга мушарраф бўлган улуғ кишининг ҳокимиятидан ташқари бўлак ҳокимият йўқ.
– Сиз кардиналга хизмат қиляпсизми?
– Ҳа, хоним. У кишининг хизматкори сифатида сизнинг давлат хавфсизлигига қарши фитналарга аралашувингизга, франциялик бўлмагани ўлароқ қалбан Испанияга молик аёлнинг фитналарини қувватлашингизга йўл қўймайман. Хайриятки, бизда улуғ кардинал бор; унинг бедор дийдаси ҳамма нарсани кузатиб туради, қалблар қаърига ҳам ўтади.
Бонасе граф Рошфордан эшитган жумлани сўзма-сўз такрорлади. Уни хотирида сақлаб, кези келганда қистириб ўтишга пайт пойлаганди, холос. Лекин, эрига ишонган ва шу илинжда унинг учун қироличага кафолат бериб қўйган шўрлик жувон ҳам ўз бошига солишига сал қолган кулфатдан, ҳам ўзининг ночорлигини тушунганидан ларзага келди. Ҳар қалай, эрининг заиф томонларини, хусусан эса, унинг очофатлигини билгани ҳолда у ўз измини ўтказишдан умидини узмаган эди.
– Ҳо, демак, кардиналистман денг, тақсир! – хитоб қилди у. – Ҳо, рафиқангизни қийнайдиган, қироличангизни таҳқирлайдиган кишиларга хизмат қиламан денг!
– Бир кишининг манфаати умум бахт-саодати олдида ҳеч гап эмас. Мен давлатни қутқараётганлар тарафидаман! – тумтароқли гапирди Бонасе.
Бу ҳам граф Рошфорнинг жумласи бўлиб, Бонасе уни эслаб қолиб, қистиришга пайт топган эди.
– Гапираётган давлатингиз нималиги тўғрисида сизнинг тушунчангиз борми ўзи? – елкасини қисиб, сўради Бонасе хоним. – Яхшиси, ҳар хил ҳийла-найрангларсиз, оддий мешчанлигингизча қолинг-да, ким энг кўп фойда ваъда қилса, ўша томонга ўтингқўйинг.
– Кўрамиз-да… – ёнида ётган лиқ тўла халтани уриб-уриб қўйиб, кумуш жарангини чиқариб, чайналиб гапирди Бонасе. – Бунга нима дейсиз, муҳтарам насиҳатгўй?
– Бу пуллар қайдан келди?
– Пайқамаяпсизми?
– Кардиналданми?
– У кишидан ва менинг дўстим граф Рошфордан.
– Граф Рошфордан? Бироқ, ахир ўша-ку мени олиб қочган!
– Жуда ҳам бўлиши мумкин.
– Сиз ҳам ўша кишининг қўлидан пул олиб ўтирибсизми?
– Ўзингиз айтмабмидингиз, бу олиб қочиш соф сиёсий сабабга эга деб?
– Бироқ, бу олиб қочишнинг мақсади – соҳибамга мени сотқинлик қилишга мажбур этиш, қийноқлар остида ҳумоюн соҳибамнинг номусига, эҳтимолки, ҳаётига ҳам таҳдид солгувчи эътирофларни мендан юлиб олиш эди!
– Хоним, – деди Бонасе, – сизнинг ҳумоюн соҳибангиз – доғули испан аёли, кардинал неки қилса, ҳаммаси ҳақли равишда қилинади.
– Тақсир, – қичқириб юборди ёш жувон, – мен сизнинг қўрқоқ, очкўз ва овсарлигингизни билардим, лекин номардлигингиздан бехабар эдим!
– Хоним, – сўзлади рафиқасининг бундай қаҳрини илк бор кўриб, оилавий муноқашадан чўчиб кетган Бонасе, – хоним, нималар деяпсиз?
– Мен сизни ярамас одам деяпман! – ўз эрига яна таъсирини ўтказа бошлаганини пайқаб, давом этди Бонасе хоним. – Демак, сиёсат билан шуғуллана бошладим, яна, бунинг устига, кардиналнинг тарафдори бўлиб олдим денг? Демак, жону таним билан шайтонга сотилдим, яна пулга денг?
– Шайтонга эмас, кардиналга.
– Бунинг фарқи йўқ! – хитоб қилди ёш жувон. – Кимки «Ришелье» дер экан, бу «иблис» дегани.
– Жим бўлинг, хоним, жим бўлинг! Сизни эшитиб қолишлари мумкин!
– Ҳа, сиз ҳақсиз, мен ҳам сизнинг қўрқоқлигингиздан номусларга қоламан.
– Бироқ, сиз ўзи мендан нимани талаб қиляпсиз?
– Мен сизга айтиб бўлдим: мен сизнинг ҳозироқ сафарга жўнашингизни ва мен мушарраф этган топшириқни ҳалол бажаришингизни талаб қиламан. Шу шартлар билан мен ҳамма гапни унутишга ва сизни кечиришга тайёрман. Бунинг устига, – у қўлини узатди: – мен дўстона муносабатимни қайтараман.
Бонасе қўрқоқ ва очкўз эди, лекин ўз рафиқасини севарди: у ийиб кетди. Эллик ёшлик эрнинг йигирма уч яшар рафиқадан узоқ аразлаши мушкул гап. Бонасе хоним унинг иккиланиб қолганини кўрди.
– Хўш, қалай? Сиз қарор қилдингизми?
– Бироқ, азизим, ўзингиз бир ўйлаб қаранг: мендан нималарни талаб қиляпсиз? Лондон олис, Париждан жуда йироқ бўлса, яна сизнинг топшириғингиз хавфхатарлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
– Барибир эмасми, сиз уларга чап берасиз-да!
– Биласизми нима, Бонасе хоним? – деди аттор. – Биласизми нима: мен қатъиян бош тортаман. Фитналар мени қўрқитади. Мен Бастилияни кўрдим-да, ахир! Вой-бўй! Даҳшатнинг ўзи бу Бастилияси! Эсимга тушса бўлди – бутун этим жимирлаб кетади. Қийноққа соламиз, деб менга пўписа қилдилар. Биласизми, ўзи қийноқ нима? Ёғоч поналарни оёқ панжалари орасига суяк қарсиллаб ёрилмагунча қоқишаверади… Йўқ, қатъиян йўқ! Мен бормайман. Менга қаранг, ўзингиз жўнасангиз, қандоқ бўларкин, азбаройи шифо? Умуман, менга сиз хусусингизда ўзим ҳанузгача ғафлатда қолиб келганга ўхшаб кўрина бошлади: назаримда сиз эркаксиз, яна энг тап тортмас хилидан.
– Сиз бўлсангиз… сиз – аёлсиз, нотавон аёлсиз, овсар ва ландавур! Аҳ-а! Сиз қўрқяпсизми? Яхши. У ҳолда мен шу заҳоти қироличанинг номи билан сизни ҳибсга олдираман, ўша сиз шунчалар қўрқадиган Бастилиянинг ўзгинасига ўтқазиб қўйишади.
Бонасе чуқур ўйга ботиб қолди. У ўз миясида қай томондан – кардинал ёки қиролича томондан кўпроқ хавф таҳдид солинаётганини чамалаб чиқди. Кардинал ғазабининг ўлса ўлиги ортиқ эди.
– Қироличанинг номи билан мени ҳибсга олишни буюрасизми? – сўради у ниҳоят. – Мен бўлсам, падари бузрукворни дастак қиламан.
Шундагина Бонасе хоним ишни қуюшқондан ошириб юборганини тушунди-ю, ваҳимага тушди. Қўрқаписа у ҳаддидан ошиб кетган аҳмоқнинг устувор қатъияти ифодаланиб турган анқов башарасига тикиларди.
– Яхши, – деди у, – хуллас, сиз ҳақ бўлсангиз бордир. Эркак киши сиёсатнинг маъносига тузукроқ етади, айниқса сиз, жаноб Бонасе, модомики, кардинал билан суҳбат қилиш сизга насиб қилган экан. Лекин, барибир, – илова қилиб қўйди у, – менинг эрим, назаримда, муҳаббатидан кўнглим тўқ бўлса бўлгудай киши, менинг бир арзимаган ҳавасимга бажо келтиришни истамагани жудаям алам қилади.
– Ҳавасларингиз меъёридан ортиб кетиши мумкин, – нуфузли оҳангда сўзлади Бонасе. – Мен улардан ҳайиқаман.
– Ниятимдан воз кечишга тўғри келади, – хўрсиниб гапирди ёш жувон. – Хўп, майли. Бу ҳақда ортиқ гапирмайлик.
– Лондонда нима қилишим зарурлигини ётиғи билан тушунтириб берганингизда ҳам бир нав эди, – деб сал жим қолгач, гап бошлади рафиқасининг сирларини ўғирлашини Рошфор буюрганини бир оз ҳаяллаб эслаган Бонасе.
– Буни билиб ўтиришнинг кераги йўқ, – энди уни ишончсизлик тийиб жавоб берди жувон, – гап гоҳи маҳаллар аёл кишининг кўнгли тусаб қоладиган арзимаган бир нарса, бир безак тўғрисида, анча пул ишлаб қолиш мумкин бир харид тўғрисида эди.
Лекин, ёш жувон ўз хаёлларини қаттиқ туриб яширишга уринган сари, айтишдан бош тортаётган сирнинг муҳим аҳамиятга моликлигига Бонасенинг ишончи орта борарди. Шу сабабдан у зудлик билан граф Рошфорнинг ҳузурига чопишга ва қироличанинг Лондонга юбориш учун чопар қидираётганидан уни огоҳ этиб қўйишга қарор қилди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?