Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 47 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ХХ
Саёҳат

Тунги соат иккида тўрт саргузашт ишқибози Париждан Сен-Дени дарвозаси орқали чиқиб кетдилар. Чор-атроф зулматга чўмган, улар жимгина борардилар; ғайри ихтиёрий равишда қоронғилик уларга таъсир қилар – ҳар ёқда пистирмалар қўйилгандай туюларди.

Қуёшнинг илк тиғлари уларни тилга киргизди, қуёш билан эса уларнинг одатий қувноқлиги ҳам қайтиб келди. Жанг арафасида сингари уларнинг қалблари қаттиқроқ урар, кўзлари кулимсирарди. Видолашишлари эҳтимол ҳаётнинг жуда ҳам дуруст нарсалиги алланечук сезилиб турарди.

Дарвоқе, колоннанинг кўриниши ғоят салобатли эди: мушкетёрларнинг қора отлари, эскадронда одат қилиб олинган ва бу ўктам ўртоқларни бир маромда юришга мажбур этгувчи уларнинг қатъий рафтори – бу нарсаларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан ҳам энг махфий яширин ниятни фош этиб қўйиши мумкин эди.

Тўрт оғайниларнинг орқасида тиш-тирноғигача қуролланган хизматкорлар борардилар.

Дўстлар эрталабки соат саккизда Шантилияга етиб олгунча тинч бордилар. Нонушта қилиб олиш керак эди. Ёзув тахтасига гадойга ёрти ридосини бериб турган авлиё Мартин тасвирланган хароботнинг ёнида улар отларидан сакраб тушдилар. Сафарни ошиғич давом этиш ниятида хизматкорларга отларнинг эгарларини ечмай, шай туриш буюрилди.

Оғайнилар умумий хонага кириб, столга ўтирдилар.

Боягина Даммартен йўлидан келган бир дворян ўша столнинг ўзида ўтириб, нонушта қилмоқда эди. У обҳаво мавзусида гап очди. Сайёҳларимиз жавоб бердилар. У буларнинг саломатлиги учун қадаҳ кўтарди. Булар унинг учун ичиб юбордилар.

Лекин Мушкетон отлар тайёр деб маълумот билан кириб, ёронлар столдан қўзғалганларида нотаниш киши Портосга кардинал саломатлиги учун қадаҳ кўтаришни таклиф этиб қолди. Портос агар нотаниш киши ўз навбатида қирол саломатлиги учун қадаҳ кўтарса, ўзи ҳам шундай қилишга тайёрлигини айтиб, жавоб қилди. Нотаниш киши падари бузруквордан ўзга қиролни танимайман, деб ҳайқирди. Портос уни бадмаст деб атади. Нотаниш киши қиличига ёпишди.

– Сиз хатога йўл қўйдингиз, – деди Атос. – Бироқ, иложимиз йўқ: энди чекиниб бўлмайди. Бу кишини ўлдиринг-да, мумкин қадар тезроқ бизга етиб олинг.

Кейин уч ошна отларига сакраб миниб, елдай учиб кетдилар, Портос бу орада рақибини қиличбозлик санъатида бор усуллар билан илма-тешик қилиб ташлашга унга қасамнамо ваъдалар бериб қолаверди.

– Шундай қилиб, бу биринчиси, – беш юз қадамча нарига етганларидан сўнг илова қилди Атос.

– Бироқ, нима сабабдан бу одам бизларнинг бошқа бировимизга эмас-у, айни Портосга ёпишиб олди? – сўради Арамис.

– Шу сабабданки, Портос ҳаммамиздан қаттиқроқ гаплашди, бу одам уни бошлиқ деб ўйлади.

– Мен ҳамиша бу гасконлик йигит ақл-фаросатнинг кони деб юрганман, – ғўлдираб қўйди Атос.

Сайёҳлар яна йўлга равона бўлдилар.

Бовада улар отларни тин олдириш ва қисман Портосни кутиш мақсадида икки соат тўхтадилар. Икки соат ўтиб кетгач, Портосдан дарак бўлмагани, ундан ном-нишон йўқлигини кўриб, улар жўнаб кетавердилар.

Бовадан бир чақирим нарида, йўл икки адирнинг орасида қисилган жойда, йўлнинг бу бўлаги фарш қилинмаганидан фойдаланиб, уни хўжа кўрсинга тузатгувчи саккиз ёки ўн чоғлик киши уларга йўлиқди. Аслида, улар хандақлар кавлар ва чакса лой изларни ҳафсала билан ўймоқда эдилар.

Бу сунъий балчиқда ботфортларини булғашдан қўрқиб, Арамис уларга қўпол гапириб юборди. Атос уни тўхтатишга уринди-ю, лекин фурсат ўтган эди. Ишчилар сайёҳларни масхара қила бошладилар, уларнинг сурлиги, ҳатто, вазмин Атосни ҳам ўзини унутиб, уларнинг бирига қаратиб, тиккасига от солишга мажбур этди.

Шунда, бу одамларнинг ҳаммаси зовур томонга чекиниб, у ерда яширилган мушкетлар билан қуролланиб олдилар. Бизнинг етти саёҳатчимиз том маъноси билан саф орасидан ўтишга мажбур бўлиб қолдилар. Арамис ўқ билан кифтидан яраланди, Мушкетоннинг эса белидан пастроқда, сергўшт жойида ўқ ўтириб қолди. Лекин, ёлғиз Мушкетон отдан тушиб қолди, холос: жароҳатини кўриш имкони бўлмаганидан уни аслидан оғирроқ деб ҳисоблади, шекилли.

– Бу пистирма, – деди д’Артаньян. – Ўқ отиб қаршилик қилмаймиз! Олға!

Арамис, гарчи, жароҳатланган бўлса-да, отининг ёлига ёпишганича бошқалар кетидан ғизиллаб кетди. Мушкетоннинг оти уларга етиб олди ва суворийсиз ўзининг сафдаги ўрнида турди.

– Бизнинг қўшимча отимиз бўлади, – деди Атос.

– Менга шляпа маъқулроқ эди, – жавоб берди д’Артаньян, – меникини ўқ учириб кетди. Хайриятки, олиб кетаётган мактубим унга яширилмаган экан!

– Ҳаммаси шундай, – илова қилди Арамис, – бироқ, улар бечора Портосни ёнларидан ўтаётганида ўлдириб қўйишади.

– Портос оёқда турганда аллақачон бизга етиб олишга улгурган бўларди, – деди Атос. – Позицияга тургандан кейин майхўр ўзига келган деб ўйлайман.

Улар яна икки соат чамаси от қўйиб бордилар, гарчанд, отлари шундай қийналиб кетган эдики, ҳадемай улар ишдан чиқиб қолмаса, деб ҳадиксирашга тўғри келарди.

Сайёҳлар тўқнашувларга чап бериш осонроқ бўлади, деган умидда, сўқмоққа бурилдилар. Лекин, Крекверда Арамис ортиқ қимирлаёлмаслигини айтди. Дарҳақиқат, шу ергача келиш учун у ташқи назокат ва олифтагарчилиги замирида яшириб юрган бор матонати талаб этилган эди. Дақиқа сайин унинг ранги бадтарроқ оқарар, уни эгарда суяб боришга тўғри келарди. Уни бир хароботнинг кираверишида отдан тушириб, қуролли тўқнашувларда мадад тугул тушов бўлиб юрган Базенни ёнида қолдирдилар. Сўнгра Аменда тунаш ниятида яна жўнаб кетдилар.

– Шайтон! – гапирди Атос энди фақат икки соҳибу икки хизматкор – Гримо ва Планшедан иборат отряд яна йўлда елиб бораётганда. – Энди мен уларнинг қармоғига илиниб бўлибман. Шу ердан то Калегача улар оғзимни ҳам очишолмайди. Қасам ичаман…

– Қасам ичманг, – унинг сўзини бўлди д’Артаньян, – ундан кўра, отларимиз чидаса, тезроқ юрайлик.

Шундан кейин саёҳатчилар ўз отларининг буюрларига шпорларини санчдилар, бу уларга янги куч ва янги ғайрат қўшгандай бўлди.

Улар Аменгача етиб олиб, ярим кечада «Олтин Нилуфар» мусофирхонасининг олдида отдан тушдилар.

Мезбон оламдаги энг сермулозамат киши бўлиб туюларди. У мусофирларни бир қўлида шамдон, бошқасида тунги қалпоғини тутган ҳолда қарши олди. У икки меҳмоннинг ҳар бирига айрим, биттадан ажойиб хона ажратиш ниятини билдирди. Таассуфки, бу хоналар меҳмонхонанинг қарама-қарши чеккаларида экан. Д’Артаньян билан Атос рад этдилар. Хўжайин ўзида уларнинг лутфи-карамига арзигулик бўлак бошпана йўқлигини айтиб, жавоб қилди. Лекин, сайёҳлар тунни умумий хонада, ерга ёзиш мумкин тўшакларда ўтказамиз деб жавоб бердилар. Хўжайин гапида туриб олишга уриниб кўрди – сайёҳлар бўш келмадилар. Уларнинг истакларига бўйсунишга тўғри келди.

Улар кўрпаларини тўшаб, эшикни беркитиб ҳам улгурмай ҳовли томондан дарча тақиллаб қолди. Улар бу ким деб сўраб, хизматкорларининг овозларини танидилар-да, деразани очдилар.

Бу ҳақиқатан ҳам Планше билан Гримо эди.

– Отларни қўриқлаш учун ёлғиз Гримо етиб ортади, – деди Планше, – агар жаноблар ижозат берсалар, мен шу ерда эшикни тўсиб ётаман. Шу зайл жаноблар ёнларига ҳеч ким ўтолмаслигига амин бўлишлари мумкин.

– Нимада ётасан ўзи? – сўради д’Артаньян.

– Мана менинг кўрпа-тўшагим, – бир қучоқ похолни кўрсатиб жавоб берди Планше.

– Гапинг тўғри, бу ёққа кел, – деди д’Артаньян. – Хўжайиннинг башараси менга ҳам хуш келмай турибди: жудаям чучмал.

– Менга ҳам манзур эмас, – қўшиб қўйди Атос.

Планше деразадан ошиб, эшикни тўсиб ётиб олди. Гримо эртанги саҳар соат бешда тўртала от ҳам шай туражагини ваъда қилиб, ухлагани отхонага жўнади.

Тун анча тинч ўтди. Рост, соат икки атрофида аллаким эшикни очишга уриниб кўрди, лекин, Планше уйғониб кетиб: «Ким келяпти» – деб бақириб берди. Унга эшикни чалкаштириб юборибмиз, деб жавоб бердилар.

Саҳар соат тўртда отхонадан тўс-тўполон эшитилиб қолди. Маълум бўлишича, Гримо отбоқарларни уйғотмоқчи бўлганда отбоқарлар унга ёпирилиб, дўппослабдилар. Деразани очиб, дўстлар ҳовлида шўрлик Гримонинг беҳуш ётганини кўрдилар. Унинг боши паншаха дастаси билан ёрилган эди.

Планше отларни эгарлаш мақсадида ҳовлига тушди. Лекин отларнинг оёқлари шикастланган эди. Ёлғиз Мушкетоннинг беш ё олти соат суворийсиз чопган отигина йўлни давом эттирса бўларди, лекин, гўё чақиртирилган ўтарчи мубҳам янглишга кўра хўжайин отларидан бирининг ўрнига Мушкетоннинг отидан қон олган эди.

Вазият хавотир уйғота бошлаган: пешма-пеш келаётган бу фалокатларнинг ҳаммаси тасодиф бўлиши мумкин, бироқ, худди шундай эҳтимол фитна натижаси ҳам бўлиши мумкин эди. Атос билан д’Артаньян кўчага чиқдилар, Планше эса шу атрофдан уч от харид қилишнинг иложи бор-йўқлигини суриштириб кўргани кетди. Харобот эшиги олдида эгарланган ва жиловланган тетик, бақувват от турар эди. Бу ҳожатдаги нарсанинг худди ўзи эди. Планше отларнинг эгаларини суриштирди. Унга эгалари шу ерда, меҳмонхонада тунаган ва ҳозир харобот эгаси билан ҳисобкитоб қилмоқда, деган жавобни қилдилар.

Атос бошпана ҳақини тўлагани пастга тушди, д’Артаньян ва Планше эса кираверишда қолдилар.

Харобот эгаси уйнинг ичкарисида жойлашган паст шифтлик хонада эди. Атосни ўша ерга ўтишини таклиф этдилар.

Кўнглида ҳеч гап йўқ, хонага кириб борар экан, Атос икки пистол чиқариб, уларни хўжайинга узатди. Харобот эгаси ғаладонларидан бири чиқариб қўйилган баланд ёзув столининг олдида ўтирарди. У тангаларни олди, қўлларида айлантириб туриб, бирдан тангалар сохта-ю, дарҳол Атос билан унинг шерикларини қалбаки пул ясовчилар сифатида ҳибсга олишни буюражагини айтиб, бақира бошлади.

– Аблаҳ! – унга тажовуз қилиб, ҳайқирди Атос. – Мен сенинг қулоғингни қирқиб оламан!

Худди шу нафас тиш-тирноғигача қуролланган тўрт эркак ён эшикдан бостириб кириб, Атосга ташландилар.

– Мен қопқондаман! – жони борича қичқирди Атос. – Отингни чоптир, д’Артаньян! Шиға! – кейин у пистолетидан икки карра ўқ узди.

Д’Артаньян билан Планше ўзларини қистатиб ўтирмадилар. Кираверишда тайёр турган отларни ечиб, уларга сакраб миндилар-да, шпорларини санчиб, йўлдан тарақлатиб елиб кетдилар.

– Атосга нима бўлганини кўрмадингми? – сўради д’Артаньян Планшедан.

– Оҳ, тақсир, – деди Планше, – ҳужум қилгувчиларнинг иккитасини икки ўқ билан узала туширганини кўриб қолдим, эшик ойналаридан қолганлари билан чопишаётгандай кўринди менга.

– Қандингни ур, Атос! – шивирлади д’Артаньян. – Уни ташлаб кетишга тўғри келганини қаранг-а! Дарвоқе, бизни ҳам бир неча қадам нарида худди шундай қисмат кутаётгандир, эҳтимол. Олға, Планше, олға! Сен дуруст йигитсан.

– Мен айтдим-ку сизга, тақсир, – жавоб берди Планше, – пикардиялик кишини фақат бора-бора билса бўлади. Бунинг устига бу ерлар туғилган жойларим, бу менга далда беряпти.

Шундан кейин икковлон, отларига бадтарроқ шиғов бериб, тин олмай, Сент-Омерагача от қўйиб бордилар. Сент-Омерада улар отларига дам бердилар-у, янги тасодифлардан чўчиб, отнинг тизгинини бўшатмадилар ва шу ернинг ўзида, кўчада наридан бери тамадди қилиб олгач, нарига елиб кетдилар.

Кале дарвозасидан юз қадам берида д’Артаньяннинг оти гуппа йиқилди, уни туришга мажбур этишнинг иложи йўқ эди! Унинг бурун катаклари-ю, кўзларидан тирқираб қон оқмоқда эди. Энди Планшенинг оти қолган бўлиб, уни ҳам ўрнидан қўзғаб бўлмасди.

Хайриятки, айтганимиздек, улар шаҳардан атиги юз қадам берида турардилар, холос. Отларни қатнов йўлда қолдириб, улар югуриб кўрфаз тарафга кетдилар. Планше д’Артаньяннинг диққатини афтидан хизматкори билан ҳозиргина етиб келган ва бор-йўғи эллик қадамгагина ўзиб, худди ўша тарафга кетаётган аллақандай дворянга жалб қилди.

Улар кўринишидан қайгадир интиқиб кетаётган ўша одамга етиб олишга ошиқдилар. Унинг ботфортлари роса чангга ботган, у ҳам ошиғич, Англияга ўтиш иложи бор-йўқлигини суриштириб юрарди.

– Бундан осон нарса йўқ, – деб жавоб берди сузиб кетишга шай кемалардан бирининг эгаси, – бироқ, бугун эрталаб кардиналнинг махсус рухсатномасисиз ҳеч кимни чиқармаслик тўғрисида фармойиш келган.

– Менда бундай рухсатнома бор, – чўнтагидан қоғоз чиқара туриб, деди дворян. – Мана у.

– Унга порт бошлиғи белги қўйиб берсин, – деди кема эгаси, – кейин меникидан бўлак шхунани қидириб юрманг.

– Бошлиқни қаердан топаман?

– У ўзининг шаҳар хорижидаги уйида.

– У уй қаерда?..

– Ораси шаҳардан чорак чақирим келади. У мана шу ердан кўриниб турибди, ҳув анави адирнинг этагида.

– Яхши, – деди мусофир.

Кейин у қаролини эргаштириб, порт бошлиғининг уйи томон йўналди.

Беш юз қадам олдинга ўтказиб юбориб, д’Артаньян билан Планше уларнинг кетидан юрдилар.

Шаҳар чизиғидан чиқиб олиб, д’Артаньян қадамини жадаллатди ва кичик бир чакалакнинг чеккасида мусофир-дворянга етиб олди.

– Тақсир, – сўз бошлади д’Артаньян, – сиз жуда шошилаётган кўринасиз.

– Жуда шошяпман, тақсир.

– Мен бағоят таассуф қиламан, – гапини давом эттирди д’Артаньян, – аммо, мен ҳам жуда шошиб турганим важҳидан бир яхшилик қилишингизни ўтинмоқчи эдим.

– Хўш, қандай?

– Мени олдинга ўтказиб юборишингизни илтимос қилмоқчи эдим.

– Иложи йўқ, тақсир, – дея жавоб берди дворян, – мен олтмиш чақирим йўлни қирқ тўрт соатда босиб ўтдим ва эртага пешинда Лондонда бўлмоғим зарур.

– Мен худди ўша масофани қирқ соатда босиб ўтдим ва эрталаб соат ўнда Лондонда бўлмоғим зарур.

– Бисёр ачинаман, тақсир, бироқ, мен биринчи келдим, иккинчи бўлиб ўтмайман.

– Бисёр ачинаман, тақсир, аммо мен иккинчи келдим, биринчи бўлиб ўтаман.

– Қиролнинг амри билан! – қичқирди дворян.

– Ўз ихтиёрим билан! – деди д’Артаньян.

– Сиз жанжал чиқармоқчисиз, шекилли?

– Бўлмасам-чи?

– Сиз нима истайсиз?

– Билмоқчимисиз?

– Албатта.

– Гап бундай: менга ўта зарур бўлган ўзимда йўғу сизда бор фармон керак.

– Ҳазиллашяпсизми дейман?

– Мен сира ҳазиллашмайман.

– Мени ўтказиб юборинг!

– Сиз ўтмайсиз!

– Жасур йигитчам, бошингизни пачақлаб ташлайман. Любен, пистолетларни бер!

– Планше, – деди д’Артаньян, – хизматкорнинг таъзирини бериб қўй, мен соҳибини бир ёқли қиламан.

Дастлабки жасоратларидан кейин анча юрагини тутиб олган Планше Любенга ташланди ҳамда ўзининг кучи ва чаққонлиги туфайли уни чалқанча йиқитиб, тиззаларини кўксига тиради.

– Ишингизни қилаверинг, тақсир, – бақирди Планше, – мен ўзимникини тугатдим!

Буни кўриб, дворян қиличини суғурди-да, д’Артаньянга отилди. Лекин у кучли рақибга йўлиққан эди.

Уч сония ичида ҳар зарб берганда:

– Мана буниси Атос учун! Мана буниси Портос учун! Мана буниси Арамис учун! – дея жовраганича д’Артаньян уни уч марта жароҳатлаб қўйди.

Учинчи зарбдан кейин мусофир гуп этиб қулади.

Уни ўлган ёки лоақал беҳуш деб хаёл қилиб д’Артаньян фармонни олмоқ ниятида унга яқинлашди. Лекин, тинтиб кўрмоқ учун қўл чўзганида қиличини қўлдан чиқармаган ярадор учини унинг кўксига санчиб олди.

– Мана буниси шахсан ўзингизга! – деди у.

– Буниси эса мен учун! Сўнггиси газагига! – қоринга урилган тўртинчи зарб билан уни ерга парчин қилиб, қутуриб бўкирди д’Артаньян.

Бу гал дворян кўзларини юмди-ю, ҳушидан кетди.

Жўнаш рухсатномасини мусофир яшириб қўйган чўнтакни пайпаслаб кўриб, д’Артаньян уни олди. Рухсатнома граф де Вард номига ёзилган эди.

Ўзи бу ерда беҳуш, эҳтимолки, жонсиз бир аҳволда ташлаб кетаётган, ёши йигирма бешлардан ошгани даргумон гўзал йигитга сўнгги бор кўз ташлаб, д’Артаньян ўзларига мутлақо бегона, уларнинг мавжудлиги ҳақида кўпинча, ҳатто тасаввурга ҳам эга бўлмаган учинчи шахслар манфаати ҳақи одамларнинг бир-бирларини нобуд қилишини тақозо этгувчи тақдирнинг ғалати ўйини ҳақидаги андишадан хўрсиниб қўйди.

Лекин, ҳаял ўтмай, нажот сўраб, жонининг борича додлаётган Любен уни бу фикрларидан чалғитиб юборди.

Планше уни бўғзидан тутиб, кучининг борича эзди.

– Тақсир, – деди у, – мана шундай ушлаб тураверсам, у индамайди. Аммо, қўйиб юборсам, бас, у яна додлайди. Мен уни нормандлик эканини билдим, нормандликлар ўзи шунақа саркаш бўлишади.

Зотан, Планше нечоғлик қаттиқ бўғмасин, Любен ҳалиям аллақандай товушлар чиқаришга уринарди.

– Сабр қил, – деди д’Артаньян.

Кейин у рўмолчасини чиқариб, саркашнинг оғзига тиқиб қўйди.

– Энди бўлса, – таклиф этди Планше, – уни дарахтга боғлаб қўяйлик.

Улар буни ғоятда ҳафсала билан бажардилар. Сўнгра граф де Вардни хизматкори ёнига яқинроқ суриб қўйдилар.

Қош қорая бошлаган эди. Ярадор билан унинг қўлоёғи чирмаб ташланган хизматкори йўлдан четда, чакалакда бўлиб, уларнинг саҳаргача шу ерда қолиб кетишлари равшан эди.

– Энди бўлса, – деди д’Артаньян, – порт бошлиғи ҳузурига.

– Аммо, сиз жароҳатланибсиз, шекилли, – илова қилди Планше.

– Ҳечқиси йўқ! Энг қисталанг нарса билан андармон бўлайлик, жароҳатимга кейин қайтармиз: айтганча, у менимча хавфли эмас.

Шундан кейин улар муҳтарам амалдор уйи сари жадал юриб кетдилар.

Унга граф де Варднинг келганини хабар қилдилар.

Д’Артаньянни кабинетга олиб кирдилар.

– Кардинал имзо чеккан рухсатномангиз борми? – сўради бошлиқ.

– Ҳа, тақсир, – жавоб берди д’Артаньян, – мана у.

– Хўш, у жойида. Ҳатто, сизга кўмаклашиш хусусида фармойиш бор.

– Жуда табиий, – деди д’Артаньян, – мен падари бузрукворнинг муқаррибларидан бириман.

– Падари бузруквор афтидан аллакимнинг Англияга ўтишига тўсқинлик қилмоқчи.

– Ҳа, Лондонга ўтмоқчи бўлиб, Париждан уч ошнасини ҳамроҳ қилиб жўнаган бир д’Артаньян деган беарнлик дворянга.

– Уни танийсизми?

– Кимни?

– Ўша д’Артаньянни.

– Жуда яхши танийман.

– Унинг ҳамма нишоналарини айтиб беринг.

– Бундан осон нарса йўқ.

Д’Артаньян граф де Варднинг тасвирини майда-чуйдасигача қоралаб берди.

– Унга ким ҳамроҳ?

– Любен исмли қарол.

– Уларни пойлаб топамиз, борди-ю, қўлга туширсак, падари бузрукворнинг кўнгли тўқ бўлиши мумкин: уни тегишли соқчилар билан Парижга жўнатиб юборамиз.

– Ҳамда бу билан, – деди д’Артаньян, – сиз кардиналнинг илтифотига муяссар бўласиз.

– Қайтганингиздан кейин сиз у кишини кўрасизми, граф?

– Шак-шубҳасиз.

– Марҳамат қилиб, у кишига айтиб қўйсангиз, мен унинг содиқ хизматкори бўламан.

– Албатта айтиб қўяман.

Бу ваъдадан хурсанд бўлиб, порт бошлиғи белги қўйиб, рухсатномасини д’Артаньянга қайтариб берди.

Д’Артаньян ортиқча мулозаматга вақтни исроф қилиб ўтирмади. Порт бошлиғига таъзим қилиб ва ташаккур айтиб, у йироқлашди.

Йўлга чиқиб олгач, у ҳам, Планше ҳам қадамини тезлатдилар ва ўрмон теварагидаги йўлдан айланиб ўтиб, шаҳарга бошқа дарвозадан кириб бордилар.

Шхуна аввалгидек, сузиб кетишга шай ҳолда турарди. Эгаси соҳилда кутмоқда эди.

– Ишлар қалай? – д’Артаньянга кўзи тушиб, сўради у.

– Мана менинг ҳужжатим, порт бошлиғи имзо чеккан.

– Бошқа жаноб-чи?

– У бугун кетмайди, – маълум қилди д’Артаньян. – Аммо, хавотирланманг, мен йўл кирасини иккимиз учун ҳам тўлайман.

– Унда – жўнадик! – деди хўжайин.

– Жўнадик! – такрорлади д’Артаньян.

У билан Планше сакраб қайиққа чиқиб олдилар. Беш дақиқадан кейин улар кемада ҳозир бўлдилар.

Айни мавриди эди. Д’Артаньяннинг соҳилдаги портлашга кўзи тушиб, сўнгра эса, гумбирлаган залп товуш ҳам келганда, улар соҳилдан ярим чақирим нарида эдилар.

Бу портнинг ёпилганидан дарак бергувчи тўп садоси эди.

Энди жароҳат билан машғул бўлиш пайти келган эди. Бахтига, худди д’Артаньян гумон қилганидек, у унчалик хавфли эмас эди. Қиличнинг учи қабурғага тегиб, суякдан бир сирпаниб ўтган эди. Кўйлак ўша замон жароҳатга ёпишиб қолиб, жами бир-икки қатра қон тўкилган эди, холос.

Д’Артаньян дармони қуриб, сулайиб қолган эди. Унга палубага қалин тўшак солиб бердилар, у ўзини ўринга ташлади-ю, уйқуга кетди.

Эртаси куни тонгда улар аллақачон Англия соҳилларидан уч ёки тўрт чақирим берида эдилар. Тун бўйи суст шамол эсган, кема жуда имиллаб ҳаракат қилган эди.

Соат ўнда кема Лувр портида лангар ташлади.

Соат ўн яримда д’Артаньян Англия тупроғига оёқ қўйди-ю, қичқириб юборди:

– Ахири мақсадимга етдим-а!

Лекин, бу ҳали кам: ҳали Лондонга етмоқ лозим эди.

Англияда почта жуда яхши йўлга қўйилганди. Д’Артаньян билан Планшенинг ҳар қайсиси ўзига биттадан от олди. Почтачи олдинда от қўйиб борди. Тўрт соатда улар пойтахт дарвозасига етдилар.

Д’Артаньян Лондонни билмас, бирор инглизча сўздан хабари йўқ эди, лекин, у бир парча қоғозга герсог Бэкингемнинг номини ёзиб берган замон унга дарров герсог саройини кўрсатиб бердилар.

Герсог қирол билан бирга шикорда, Виндзорда эди.

Д’Артаньян барча саёҳатларда соҳибига ҳамроҳ бўлиб юргувчи ва французчани аъло билгувчи герсогнинг ишончли маҳрамини чақиртирди. Гасконлик йигит ҳозиргина ғоят муҳим иш юзасидан Париждан етиб келгани ва герсог билан сўзлашиши зарурлигини унга уқтирди.

Д’Артаньян гапларидаги ишонч Патрикни – министр мулозимининг номи шундай эди – қаноатлантирди. У икки отни эгарлашни буюрди ва ёш гвардиячини кузатишга ўзи бел боғлади. Планшега келсак, отдан туширишганда у карахт бўлиб қолган ва чарчоқдан чалажон кўринарди. Д’Артаньян метин мавжудот эди гўё.

Виндзор қасрига етиб келгач, улар герсогни йўқладилар. Қирол билан герсог Бэкингем шу ердан иккиуч чақирим нарида қайсидир бир ботқоқликда лочин ови билан машғул эдилар.

Йигирма дақиқа деганда д’Артаньян билан ҳамроҳи от чоптириб, кўрсатилган жойга етдилар. Ҳаял ўтмай, Патрик лочинини чақираётган герсогнинг овозини эшитди.

– Милорд, герсогга ким тўғрисида хабар қилишни буюрасиз? – сўради Патрик.

– Айтингизки, Самарит аёл ҳайкали қаршисида, Янги кўприкда у киши билан жанжал қўзиган йигит.

– Ғалати тавсиянома.

– Унинг ҳар қандай бошқасидан афзаллигини кўрасиз.

Патрик отини чоптириб кетди, герсогга етиб, биз зикр этган ибораларда уни чопар кутаётганини хабар қилди.

Герсог бирдан гап д’Артаньян ҳақида бораётганини тушунди-ю, Францияда, эҳтимол, ўзига хабар қилишни лозим кўришган бир гап содир бўлганини фаҳмлаб, янги ахборотларни келтирган киши қани, деб сўради, холос. Гвардия усти-бошини йироқдан таниб, у отини чоптириб, тиккасига д’Артаньян томонга елди.

– Қироличанинг бошига кулфат тушмадими? – хитоб қилди герсог. Бу нидосидан унинг бутун меҳру муҳаббати аён бўлди.

– Йўқ, деб ўйлайман, аммо жуда катта хатар унга таҳдид солмоқда, ёлғиз сизнинг лутфи-карамингиз унинг жонига аро кириши мумкин.

– Мени-я? – хитоб қилди герсог. – Ажабо, менинг бирор нафим тегиш бахтига муяссар бўламанми? Гапиринг! Тезроқ гапиринг!

– Мана мактуб, – деди д’Артаньян.

– Мактуб? Кимдан?

– Ҳазрат олияларидан бўлса керак.

– Ҳазрат олиялариданми? – герсог чунон ранги ўчиб сўрадики, д’Артаньян унинг кўнгли беҳузур бўлди деган хаёлга борди.

Герсог конвертни очди.

– Бу нима? – мактубдаги паррон тешикни кўрсатиб сўради у д’Артаньяндан.

– Уҳ, – деди д’Артаньян, – мен пайқамабман ҳам. Граф де Варднинг қиличи кўксимга санчилганда тешиб қўйган бўлса керак.

– Сиз шикастландингизми? – мактубни оча туриб сўради герсог.

– Ҳечқиси йўқ, – деди д’Артаньян, – тирналиб кетди.

– О, фалак! Нималарни биляпман! – нидо қилди герсог. – Патрик, шу ерда қолинг… йўқ, ундан кўра қиролга, у қаерда бўлмасин етгин ва мени авф этишларини эҳтиром билан ўтинишимни ҳазрат олийларига етказ, мени ғоят муҳим бир иш Лондонга чорлаётир. Кетдик, тақсир, кетдик!

Кейин иккаласи пойтахт сари елиб кетдилар.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации