Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 24 (всего у книги 47 страниц)
ХХХ
Миледи
Д’Артаньян билдирмай Миледининг кетидан эргашди; унинг извошга ўтирганини кўрди ва извошчига Сен-Жерменга жўнашни буюрганини эшитди.
Қўш бақувват отлар учириб кетаётган извошни яёв таъқиб қилишга уриниш беҳуда гап эди. Шу сабабдан д’Артаньян Феру кўчасига равона бўлди.
Сена кўчасида у Планшега йўлиқди; у қандолатхона кўргазмаси ёнида туриб, кўриниши энг хушхўр, ширин кулчани ҳавас билан томоша қиларди.
Д’Артаньян унга жаноб де Тревилнинг табласидан икки отни: бирини унга, д’Артаньянга, бошқасини Планшенинг ўзига эгарлаб, унинг ёнига, Атосникига учрашни буюрди. Жаноб де Тревиль ўз таблаларини бутунлай д’Артаньяннинг ихтиёрига қўйиб берган эди.
Планше Эски каптархона кўчасига, д’Артаньян эса Феру кўчасига йўналдилар. Атос уйда ўтирар ва ўзи билан Пикардиядан олиб келган аъло испан шаробидан бир шишасини ҳўплаб, тугатаётган эди. У имо билан Гримога д’Артаньян учун қадаҳ келтиришни буюрди. Гримо одатдагидай, оғиз очмай бўйсунди.
Д’Артаньян черковда Портос билан прокурор хоним ўртасида ўтган гапларнинг ҳаммасини Атосга сўзлаб бериб, ўртоқлари аллақачон аслаҳа-анжом харид қилиш йўлида деган тахминини ҳам айтди.
– Менга қолса, – деди бунга Атос, – менинг тамоман кўнглим тўқ: ишқилиб, менинг аслаҳа-анжомларим харажатларини аёллар кўтармайди-ку.
– Аслида эса, муҳтарам Атос, сизнинг ҳуснингиз, сизнинг сулукатингиз, кибор насабингиз, ҳар қандай малика ёки қироличанинг қалбини ишқ дардига мубтало қилиши мумкин эди.
– Ҳали жуда ғўрда бу д’Артаньян! – елкаларини қисиб деди Атос. Кейин у имо билан Гримога яна бир шиша келтиришни буюрди.
Шу пайт қия эшикдан камтарона бошини суққан Планше соҳибига отлар тахтлигини хабар қилди.
– Қандай отлар? – сўради Атос.
– Жаноб де Тревилнинг иккита омонат оти, улардан Сен-Жерменга бориб келмоқчиман.
– Сен-Жерменда нима қиласиз? – яна сўради Атос.
Шу ерда д’Артаньян унга черковдаги учрашувни ҳамда чеккасида чандиғи бор қора ридолик киши сингари мудом хаёлини банд этиб келган аёлни яна топиб олганини сўзлаб берди.
– Бошқача қилиб айтганда, сиз илгари Бонасе хонимни севгандай, бу аёлга ҳам ошиқ бўлгансиз, – деди Атос ва инсон заифлигидан афсуслангандай истиғно билан елкаларини қисиб қўйди.
– Мен-а? Сира ҳам-да! – қичқирди д’Артаньян. – Мен шунчаки, у билан боғлиқ сирни очишга қизиқяпман. Сабабини билмадим-у, аммо, назаримда, худди мен унга таниш бўлмаганимдан, менга ҳам мутлақо нотаниш бу аёлнинг ҳаётимга аллақандай таъсири бор.
– Аслини олганда, сиз ҳақсиз, – деди Атос. – Мен ғойиб бўлгандан сўнг кетидан қидириб юришга арзийдиган аёлни билмайман. Бонасе хоним йўқолдими – бадтар бўлсин, майли, у топилсин.
– Йўқ, Атос, сиз хато қиляпсиз, – эътироз қилди д’Артаньян. – Мен шўрлик Констанциямни ҳар қачонгидан ортиқроқ севаман, зора мен унинг қаердалигини билсам, бу дунёнинг нариги бурчида бўлган тақдирда ҳам бориб, ғанимлар қўлидан уни халос қилардим, аммо мен буни билмайман – ахир бутун қидиришларим зое кетди-ку. Иложим қанча, кўнгил очишга тўғри келяпти!
– Қани-қани, миледи билан кўнгил очаверинг, азизим д’Артаньян, агар шу нарса сизни юпатса, буни сизга чин қалбимдан тилайман.
– Қулоқ солинг Атос, – таклиф этди д’Артаньян, – худди ҳибсга олингандек, уйда қамалиб ўтиргунча отга минсангизчи, келинг, Сен-Жермен тарафни айланиб келамиз.
– Азизим, – эътироз билдирди Атос, – мен отларни ўзимда бўлган пайтлари миниб юраман, улар менда йўқ бўлса, яёв юраман.
– Оббо, мен бўлсам, – бошқа ҳар кимсада ўзини ранжитиш шубҳасиз, Атоснинг субутига кулимсираб жавоб берди д’Артаньян, – мен сизчалик мағрур эмасман, нима тўғри келса, миниб кетавераман. Кўришгунча, муҳтарам Атос.
– Кўришгунча, – келтирган шишасини Гримога очишга имо қилиб, деди мушкетёр.
Д’Артаньян билан Планше отларга миниб, Сен-Жерменга юз тутдилар.
Йўл бўйи Атоснинг Бонасе хоним хусусидаги сўзлари д’Артаньяннинг хаёлида турди. Ёш йигит алоҳида туйғунлиги билан фарқ қилмасди, лекин атторнинг ёшгина рафиқаси унинг қалбида чуқур из қолдириб кетган эди: уни қидириб топмоқ учун у чиндан ҳам дунёнинг нариги бурчига ҳам жўнашга тайёр эди, лекин, ер – курра, унда ўлкалар саноқсиз, у қай тарафга боришни билмас эди.
Ҳозирча эса у ўша миледининг кимлигини билишга уриниб кўрмоқчи эди. Миледи қора ридолик киши билан сўзлашган, бинобарин, унинг кимлигини билади. Ҳолбуки, Бонасе хонимни биринчи гал ўғирлагандек иккинчи дафъа ҳам айнан қора ридолик кишининг ўзи олиб қочганига д’Артаньянда ишонч ҳосил бўлган эди. Хуллас, ўзига-ўзи миледини ахтариш, бу айни вақтда, Констанцияни излаш деганда д’Артаньян ярим-ёрти ёлғон гапирарди, бу эса энди ёлғон эмасди.
Шу нарсаларнинг ҳаммаси ҳақида хаёл суриб ва аҳён-аҳёнда отига шиғов бериб, зарур масофани босиб қўйгани ва Сен-Жерменга бориб қолганини д’Артаньян билмай қолди. Ўн йил кечроқ, Людовик XIV га таваллуд топиш насиб қилажак шийпонни айланиб ўтиб, у кимсасиз кўчадан соҳибжамол инглиз хонимдан бирор нишона топиш илинжида ўнгу сўлга аланглаб кетаётган эди, тўсатдан ўша замоннинг расми бўйича кўча тарафда бирор деразаси йўқ, кўркам уйнинг биринчи қаватига ёндош, гуллар билан безатилган равонда у ёқ-бу ёққа айланиб юрган одамни кўриб қолди. Уни дастлаб Планше таниди.
– Тақсир, – деди у, – сиз анави болани танийсизми? Мана бу, бизга оғзини очиб, бақрайиб турганни?
– Йўқ, – деди д’Артаньян, – бироқ, аминманки, бу башарани биринчи марта кўраётганим эмас.
– Бўлмасам-чи! – деди Планше. – Ахир бу бояқиш Любен-ку, ўша сиз бир ой илгари Каледа, порт бошлиғи уйининг йўлида боплаб адабини берган граф де Варднинг қароли-ку.
– Э ҳа, – деди д’Артаньян, – энди мен ҳам уни танидим. Сенинг фикринг қандай, сени у танийдими?
– Рости, тақсир, у бирам қути ўчиб кетган эдики, мени яққол эслаб олгани даргумон.
– Ундай бўлса, боргин-да, у билан гурунглашиб кўр, – деди д’Артаньян, – унинг соҳиби ўлдими, йўқми, суҳбатда билиб ол.
Планше сакраб отдан тушди-да тўппа-тўғри Любеннинг олдига борди, у ҳақиқатан ҳам буни танимади-ю икки қарол уринишлар нуқталарини жуда тез топиб, сўзлаша кетдилар. Д’Артаньян бу орада отларни тор кўчага буриб, уйни айланиб ўтди-да суҳбатдан қолмаслик ниятида ёнғоқ шаббаларининг орқасига яширинди.
У бир-икки дақиқа кузатиб тургандан кейин ғилдирак товушларини эшитиб қолди-ю, унинг рўбарўсида миледига қарашли файтон тўхтади. Шак-шубҳа йўқ, файтонда миледининг ўзи ўтирарди. Д’Артаньян ўзи кўзга чалинмаган ҳолда ҳамма нарсани кўра олиш учун отининг бўйнига эгилиб олди.
Миледининг оқ-сариқдан келган кўркам бошчаси файтон деразасидан мўралаб ёш жувон чўрига аллақандай фармойиш берди.
Чўри йигирма-йигирма икки ёшлардаги чаққон, серҳаракат, кўҳлик қиз, кибор хонимнинг асл канизи, ўша замон таомили бўйича, ўзи ўтирган зинадан сакраб тушди-ю д’Артаньян Любенни кўриб қолган равонга қараб юрди.
Д’Артаньян кўзлари билан канизни кузатиб туриб, унинг равонга кетаётганини кўрди. Лекин, шундай бўлдики, бундан бир дақиқа илгари кимдир ичкаридан Любенни чақирди-ю равонда хўжайинининг қаёққа йўқолганини англашга уриниб, чор-атрофга кўз ташлаб турган Планше ёлғиз қолди. Чўри Планшенинг ёнига борди-да уни Любен деб қабул қилиб, унга нома узатди.
– Сизнинг соҳибингизга, – деди у.
– Менинг соҳибимгами? – таажжуб билан қайта сўради Планше.
– Ҳа, жуда қисталанг иш юзасидан. Тезроқ олсангиз-чи.
Шу созлар билан у орқага бурилишга улгурган файтоннинг ёнига чопиб бориб, зинага сакраб чиқди-ю файтон кетиб қолди.
Планше номани қўлида айлантириб турди-да кейин ўзининг бемулоҳаза итоат қилиш одатига вафо қилиб, равондан сакраб тушди, тор кўчага бурилиб, ўн қадамча юрганда ҳаммасини кўрган ва энди ўзига пешвоз келаётган д’Артаньянга тўқнашиб кетди.
– Сизга, тақсир, – номани йигитга узатиб деди Планше.
– Менгами? – сўради д’Артаньян. – Аминмисан?
– Азбаройи шифо, аминманми-я! Оқсоч «Сенинг соҳибинга» деди. Менинг сиздан бўлак соҳибим йўқ, демак… Зап кетворган қиз эканда ўша оқсоч!
Д’Артаньян мактубни очиб, қуйидаги сўзларни ўқиди:
«Сизга ифода эта олганидан ортиқ ишқивоз бўлган хоним, қай вақт ўрмонга сайр қилар аҳволда бўлишингизни билишни истарди. Эртага «Олтин дала» меҳмонхонасида қора-қизил либос кийган мулозим сизнинг жавобингизга кўз тутади».
«Ана холос! – кўнглидан кечирди д’Артаньян. – Қандай ўхшашлик! Назаримда, мен ҳам, миледи ҳам бир шахснинг саломатлигига қизиқиб қолибмиз».
– Ҳой Планше, жаноб де Вард қалай экан? Афтидан, у ҳали қазо қилмаяптими?
– Йўқ, тақсир тўрт жароҳати билан илож борича ўзини яхши ҳис қиляпти экан. Ахир сиз, кўнглингизга оғир ботмасин-у, бу йигит тушгурни тўрт қилич зарби билан сийладингиз, у ҳали жуда заиф, негаки, ўзининг қарийб бор қонини йўқотган. Худди ўзим ўйлагандек, Любен мени танимади ҳамда менга ўзимизнинг саргузаштимизни бошдан оёқ сўзлаб берди.
– Жуда яхши Планше, сен қаролларнинг султонисан. Энди эса отга мин, кел, файтонни қувиб етайлик.
Бу кўп вақт олмади. Беш дақиқадан сўнг улар йўлнинг чеккасида тўхтаб турган файтонни кўрдилар; башанг кийинган чавандоз эшикчанинг ёнида отини ўйнатиб турарди.
Миледи билан суворий шу қадар гапга берилиб кетган эдиларки, д’Артаньян келиб, файтоннинг бошқа томонида тўхтаганида унинг шу ердалигини хушрўй каниздан бўлак ҳеч ким пайқамади.
Суҳбат д’Артаньян билмайдиган инглиз тилида борарди, лекин унинг оҳангидан инглиз санамнинг қаттиқ жаҳли чиққанини йигит фаҳмлади; унинг хотима ишораси суҳбат мавзуси борасида шак-шубҳага ўрин қолдирмасди: у елпиғичини жон-жаҳли билан чунон эздики, бу майда аёл безаги чил-чил бўлиб, сочилиб кетди.
Суворий қаҳ-қаҳ уриб, кулиб юборди, бу, афтидан, миледининг бадтарроқ ғазабини келтирди.
Д’Артаньян аралашиш мавриди келди, деб қарор қилди; у бошқа эшикчага яқин йўлаб, эҳтиром билан шляпасини ечди.
– Хоним, – деди у, – хизматларимни таклиф этишга ижозат бергайсиз. Назаримда, бу чавандоз қаҳрингизни келтирди. Бир оғиз гапингиз кифоя, мен илтифоти камлиги учун унинг адабини бериб қўйишни зиммамга оламан.
Д’Артаньяннинг дастлабки сўзлариданоқ миледи ажабланиб, бу томонга ўгирилди.
– Тақсир, – соф француз тилида жавоб берди у, йигит гапини тугатгандан кейин, – уни бажонидил сизнинг шафелигингизга топширган бўлардим, мабодо мен билан тортишаётган киши акам бўлмаганда.
– О, у ҳолда мени авф этинг, – деди д’Артаньян. – Тушуниб турибсиз, хоним, бундан хабарим йўқ эди.
– Нега энди бу енгилтак бировнинг ишига аралашади? – эшикка эгилиб, миледи қариндошим деб атаган суворий. – Нима сабабдан ўз йўлидан кетавермайди?
– Сизнинг ўзингиз енгилтак! – ўз навбатига отининг бўйнига энгашиб ва ўзи ёнида турган эшикчадан жавоб берди д’Артаньян. – Мен шу сабабдан ўз йўлимдан кетмаяпманки, шу ерда тўхташни лозим топдим.
Суворий синглисига бир-иккита инглизча сўз айтди
– Мен сизга француз тилида гапиряпман, – деди д’Артаньян, – марҳамат қилиб, шу тилда жавоб қилсангиз. Сиз бу хонимнинг акаси экансиз жуда яхши, майли, шундай бўлсин, аммо хайриятки менга ака эмассиз.
Миледи ўзининг жинсига хос ҳуркаклик билан бошланиб келаётган жанжалнинг олдини олиш ва уни авж олишига имкон бермаслик учун аралашади, деб кутиш мумкин эди, лекин у аксинча ўзини файтоннинг тўрига олдида извошчига пинагини бузмай деди:
– Уйга.
Хушрўй канизак афтидан, чиройли афти-ангори ўзига манзур бўлган д’Артаньянга ташвишли нигоҳ ташлаб кетди.
Файтон ғириллаб кетиб қолди-ю, эркакларни бирбирининг қаршисида қолдирди: ҳеч қандай моддий нарса энди уларни ажратмас эди.
Суворий файтонга эргашмоқ учун ҳаракат қилган бўлди-ю, лекин нотаниш киши ўша Аменда ўзининг Отини ютиб олган ва сал бўлмаса, Атосдан олмосни ютиб олаёзган инглизлигини танигандан кейин ғазаби янги куч билан аланга олган д’Артаньян уни тизгинидан тортиб тўхтатиб қўйди
– Ҳой, тақсир, деди у, сиз мендан ҳам ўта енгилтаксиз шекилли: орамизда андак жанжал чиққанини фаромуш олмадингизми, ишқилиб.
– Оҳ, бу сизмисиз, тақсир, деди инглиз. Сиз ҳамиша ўйнаганингиз ўйнаган шекилли, бири бўлмаса иккинчисини?
– Ҳа. Сиз ҳам мен ҳали қарзимни узишим кераклигини эсимга солиб қўйдингиз, оғайни. Кўрамиз, сиз қилич тутишда ҳам ошиқ ўйинида сингари моҳирмикансиз.
– Сиз ёнимда қиличим йўқлигини жуда яхши кўриб турибсиз. Ёки қуролсиз кишининг қаршисида мардлигингизни пеша қилишни эп кўрасизми?
– Уйингизда қиличингиз бордир, деб умид қиламан, – эътироз қилди д’Артаньян. – Ҳарҳолда, менда иккита бор, истасангиз, биттасини сизга ютқазиб қўйишим мумкин.
– Буниси ортиқча, – деди инглиз, – менда бу хил нарсалар тўлиб-тошиб ётибди.
– Жуда соз, мўътабар кавалер! – жавоб берди д’Артаньян. – Энг узунини танлаб олинг-да, бугун кечқурун менга кўрсатинг.
– Қаерда кўришни лозим кўрадилар?
– Люксембург саройининг орқасида. Бу шу хил сайрлар учун боп жой.
– Яхши, мен ўша ерда бўламан.
– Қачон?
– Соат олтида.
– Дарвоқе, сизнинг бир ёки икки дўстингиз топилмайдими?
– Менда улар учта, ҳаммаси ҳам мен билан келишни шараф деб билгайлар.
– Учтами? Ажабо! Қандай ўхшашлик! – деди д’Артаньян. – Менда ҳам роппа-роса шунча бор.
– Энди менга айтинг, сиз кимсиз? – сўради инглиз.
– Мен д’Артаньянман, гасконлик, дворян, жаноб Дезессара ротасининг гвардиячиси. Сиз-чи?
– Мен лорд Винтер, барон Шеффилдман.
– Жуда яхши! Каминангизман жаноб барон, – деди д’Артаньян, – гарчанд номингиз жуда қийин бўлса ҳам.
Сўнгра шиғов бериб, отини йўртиб солди-да Парижга қайтиб кетди.
Шундай аҳволда ҳамишагидай у тўппа-тўғри Атосникига кирди.
Атос юмшоқ курсида ётар ва агар унинг ўз иборасини истифода қилинса – аслаҳа-анжомларнинг ўзи келишини кутарди.
Д’Артаньян фақат де Вардга ёзилган мактубни тушириб қолдириб, содир бўлган ишларнинг ҳаммасини Атосга сўзлаб берди.
Атос хусусан инглиз билан уришмоғини билгандан завқда. Унинг мудом шуни орзу қилиб юрганини биз эслашган эдик.
Дўстлар шу замон хизматкорларни Портос билан Арамисга жўнатиб, уларни содир бўлган воқеадан воқиф этдилар.
Портос қиличини қинидан чиқариб, ҳар замон орқага сапчиб, раққос сингари муқом қилган кўйи деворга зарбалар тушира бошлади. Ҳамон достони устида заҳмат чекаётган Арамис Атоснинг кабинетини ичидан қулфлаб олди-да, мубораза соатигача уни безовта қилмасликни илтимос қилди.
Атос имо билан Гримодан шишани талаб қилди.
Д’Артаньянга келсак, у амалга ошишини биз келажакда кўрадиган ва унинг лабларига қўниб, ўйчан чеҳрасини ёриштириб юбораётган табассумига қараганда, афтидан аллақандай кўнгилли саргузашт ваъда қилгувчи кичик режани ўзича пухталаб ўтирарди.
Биринчи қисм тугади
ИККИНЧИ ҚИСМ
I
Инглизлар ва французлар
Тайинланган пайтда оғайнилар тўрт хизматкори билан биргаликда Люксембург саройи орқасидаги эчкилар ўтлаб юрган, тевараги тўсиқ харобазорга етиб келдилар. Атос бир оз чойчақа бергач, чўпон жўнаб қолди. Хизматкорларга посбонликда туриш топширилди.
Ҳадемай худди ўша харобазорга бир тўп камсухан одамлар келиб, ичкари киришди-да, мушкетёрларга қўшиб кетишди. Сўнгра, инглиз удумига кўра, ўзаро танишишди.
Энг кибор насабли инглизлар ўз рақибларининг ғаройиб номларини эшитгандан сўнг таажжубланиш тугул ҳатто хавотирга ҳам тушиб қолишди.
– Бу бизга ҳеч нимадан далолат бермайди, – уч биродар ўзини танитгандан сўнг, деди лорд Винтер. – Сизларнинг кимлигингизни биз барибир билмай турибмиз, бу хил номлар билан аталиб юрган одамлар билан урушиб ўтирмаймиз. Бу аллақандай чўпонларнинг номлари-ку.
– Булар уйдирма номлар, ўзингизнинг ҳам фаҳмингиз етиб тургандир, милорд, – деди Атос.
– Бу эса ҳақиқийсини билишга бизни баттарроқ орзуманд этади, – жавоб берди инглиз.
– Бироқ қиморни номларимизни билмаган ҳолда ўйнагансиз, – деб қўйди Атос, – ва ҳатто, биздан икки от ҳам ютиб олгансиз.
– Сиз ҳақсиз, лекин унда биз пулларимизни тикканмиз, холос. Бу гал эса ҳаётимизни тикмоқдамиз: қимор ҳар ким билан ўйналаверади, урушни – тенг-тенги билан қилади.
– Ҳақ гап, – деди Атос ва тўрт инглизнинг ичидан ўзи урушмоғи лозим бўлганини четга чақириб, унга астагина ўз номини айтади.
Портос билан Арамис ҳам худди шундай қилдилар.
– Кўнглингиз тўлдими? – сўради Атос ўз рақибидан, – Мени ўзингиз билан қиличлашиш шарафига ноил этмоққа етарли даражада кибор деб ҳисоблайсизми?
– Ҳа, тақсир, – таъзим билан жавоб берди инглиз.
– Яхши! Энди эса сизга бир нарсани айтиб қўяй, – гапини совуққина давом эттирди Атос.
– Нимани? – ҳайрон бўлди инглиз.
– Мендан номимни ошкор этишимни талаб қилмаганингиз мақбулроқ бўларди.
– Нега энди?
– Нега десангиз, мени оламдан ўтган деб ҳисоблайдилар; нега десангиз, мени барҳаётлигимдан ҳеч кимса хабар топмаслигини истамоқ учун важ-карсоним бор; нега десангиз, сирим оламга овоза бўлмаслиги учун энди сизни ўлдиришга мажбур бўлиб қоламан.
Инглиз, ҳазиллашаяпти деб Атосга қараб қўйди, аммо ҳазиллашиш унинг хаёлида ҳам йўқ эди.
– Тайёрмисиз, жаноблар? – бери йўлаб, ҳам ўртоқларига, ҳам рақибларга мурожаат этиб сўради Атос.
– Ҳа, – бир овоздан жавоб беришди инглиз ва французлар.
– Ундай бўлса, бошлайлик!
Айни шу чоғ ботаётган қуёш ёғдусида саккиз қилич ялтираб кетди; мубораза икки карра душман бўлмиш кишилар учун тамоман табиий шиддат билан бошланди.
Атос шу қадар хотиржам ва шу қадар моҳирона уришмоқда эдики, гўё у қиличбозлик машқида эди.
Афтидан, Шантилиядаги саргузашт ортиқча манманлигига кор қилган Портос ўз партиясини ғоят усталик ва ҳушёрлик билан ўйнарди.
Достоннинг учинчи қўшиғини тугаллаши зарур бўлган Арамис вақти жуда тиғиз одам сингари шошилар эди.
Биринчи бўлиб рақибини Атос ўлдирди; у биргина зарба берди, холос, лекин ўзи огоҳлантирганидай бу зарб ажал келтирди: қилич юракка паррон санчилган эди.
Ундан сўнг Портос ўз рақибининг сонини ташиб, кўкатга ағанатди. Инглиз ортиқ қаршилик қилишга уринмасдан қиличини топширди, Портос эса уни извошга элтиб қўйди.
Арамис ўз рақибини чунонам қисиб қўйган эдики, провардида у эллик қадамча чекиниб туриб, оёғини қўлига олиб қочиб қолди ва қаролларнниг ҳай-ҳуйлари остида ғойиб бўлди.
Д’Артаньянга келганда у қойилмақом ва жўнгина мудофаа ўйинини олиб бормоқда эди; рақибининг тинкасини қуритгач, кучли бир зарб билан унинг қўлидан қиличини уриб туширди. Ўзини қуролсизланган ҳолда кўриб, барон бир-икки одим тисарилди, аммо сирғалиб кетиб, чалқанчасига йиқилиб тушди.
Д’Артаньян бир сапчиб рақибининг ёнида пайдо бўлди-да, қиличини унинг бўғзига тақади.
– Жонингизни олсам бўларди, тақсир, – деди у инглизга, – сиз қўлимдасиз, аммо мен азбаройи синглингиз учун сизга ҳаёт ато қиламан.
Д’Артаньяннинг қувончи ичига сиғмасди: у илгаридан кўнглига тугиб қўйган, бир неча соат муқаддам чеҳрасида қувноқ табассумлар балқитган режани амалга оширган эди.
Шундай ройиш одамга йўлиққанидан завқи жўшган инглиз д’Артаньянни бағрига босди, уч мушкетёрга хушомад гаплар айтди. Портоснинг рақиби извошга ўтқазилгани, Арамиснинг рақиби жуфтакни ростлагани сабабли улар ўлдирилган рақиб билан андармон бўлишди.
Жароҳат ўлдирар даражада эмасдир, деган умидда Портос билан Арамис уни ечинтира бошладилар; шу пайт унинг камари остидан лиқ тўла ҳамён тушиб кетди. Д’Артаньян уни олиб, лорд Винтерга узатди.
– Уни бошимга урармидим, азбаройи шифо? – сўради инглиз.
– Марҳумнинг оиласига қайтарасиз, – дея жавоб берди Д’Артаньян.
– Унинг оиласига шундай арзимас нарса жуда зарур бўпти-да! У меросга ўн беш минг луидор рента5050
Рента – ишлатиш учун бериб қўйилган пул, мулкдан келадиган даромад.
[Закрыть] олади. Бу ҳамённи хизматкорларингизга олиб қолинг.
Д’Артаньян ҳамённи чўнтагига солиб қўйди.
– Энди эса ёш дўстим, зеро, сизни дўстим деб атасам раъйимни қайтармассиз, деган умиддаман, – деди лорд Винтер, – мақбул кўрсангиз мен сизни шу бугуноқ кечқурун ўз синглим Леди Кларикка таништираман. У ҳам сиздан ўз лутф-карамини дариғ тутмаслигини истайман ҳамда сарой қошида дурустгина қабул қилинганлиги сабабли келгусида унинг бир оғиз сўзи сизнинг манфаатингизга хизмат қилса ажаб эмас.
Д’Артаньян хушнудликдан қип-қизариб кетиб, розилик маъносида таъзим қилди.
Шу дам Д’Артаньяннинг ёнига Атос келди.
– Бу ҳамённи нима қилмоқчисиз? – шивирлаб сўради у ёш йигитдан.
– Мен уни сизга бермоқчи бўлиб тургандим, муҳтарам Атос.
– Менгами? Нега энди?
– Унинг эгасини сиз ўлдирдингиз, шунга-да. Бу ғолибнинг ўлжаси.
– Мен душманнинг меросхўри бўлсам-а! Сиз ўзи мени ким деб ўйлаяпсиз?
– Ҳарбий удум шундай, – деди д’Артаньян. – Муборазада ҳам худди шундай одат бўлса нима қипти?
– Мен ҳатто жанг майдонида ҳам бундай йўл тутмаганман, – эътироз қилди Атос.
Портос елкасини қисиб қўйди. Арамис маъқуллаб жилмайди.
– Ундай бўлса, – деди д’Артаньян, – лорд Винтер таклиф қилганидек, бу пулларни қаролларга бериб юборамиз.
– Яхши, – рози бўлди Атос, – фақат уни бизларникига эмас, уларнинг қаролларига берамиз. Уни инглизларнинг қаролларига берамиз.
Атос ҳамённи олди-да, уни извошчига ташлади:
– Ўзингиз ва ошналарингизга!
Сира маблағи бўлмаган бир кишидан чиққан бу мардлик ҳатто Портосни ҳам қойил қолдирди ва лорд Винтер билан унинг дўсти кейинчалик оғиздан туширмай ҳикоя қилиб юришган французча ҳотамтойлик, Гримо, Мушкетон, Планше ва Базенларни ҳисобга қўшмаганда мутлақо ҳаммани завқлантириб юборди.
Д’Артаньян хўшлаша туриб лорд Винтер унга ўз синглисининг турар жойини маълум қилди: у Қирол майдонида, ўша маҳаллар учун машҳур даҳада, 6-уйда истиқомат қиларди. Дарвоқе, у ёш йигитни ўзи таништириши учун унга учраб ўтишни таклиф қилди. Д’Артаньян унга соат саккизда Атоснинг уйида мулоқот тайинлади.
Миледининг ҳузурига бўлажак ташриф гасконлигимизнинг ақлу ҳушини қаттиқ ҳаяжонга солмоқда эди. У ўз тақдирида бу аёлнинг ҳанузгача қандай ғалати роль ўйнаб келганини эсларди. Миледининг кардинал агентларидан бўлишига унинг ишончи комил эди, лекин барибир унга нисбатан ўша ўзинг ҳам тагига етолмайдиган туйғуларнинг бирига, аллақандай енгиб бўлмас мойиллик ҳис этарди. У Миледи ўзининг Менг ва Луврдаги одамлигини таниб қолмасайди, деб ёлғиз шу нарсадан чўчирди холос. У ҳолда унинг жаноб де Тревилнинг дўстилиги ва, бинобарин, жон тани билан қиролга содиқлигини у фаҳмлаб қолган бўларди-ю, бу нарса миледи назарида уни айрим имтиёзлардан маҳрум этарди, ҳолбуки ҳозир миледи уни у ўзини билганидан ортиқ билмасди, уларнинг ўйиндаги имкониятлари баравар эди. Миледининг граф де Вард билан бошланиб келаётган ишқий фитнасига келганда, бу ўзбилармон йигитни айтарли хавотирлантирмасди, гарчанд граф ёш, гўзал, бадавлат бўлиб кардиналнинг улкан иноятидан баҳраманд эди. Йигирма ёш, йигирма ёш-да, хусусан, Тарбда туғилган бўлсангиз.
Даставвал д’Артаньян уйига йўл олди ва ўта ҳафсала билан ўзига оро бериш-ла машғул бўлди; сўнгра Атосникига қайтиб борди-да, одатича унга бор гапни айтиб берди. Атос унинг режаларини тинглаб, бошини чайқаб қўйди ва куйиниб, унга ҳушёр бўлишни маслаҳат берди.
– Ана, холос! – деди у. – Сиз, сўзларингизга қараганда раҳмдил, дилбар, бекаму кўст бўлган аёлдан эндигина жудо бўлгансиз, мана энди сиз аллақачон бошқасининг пайида юрибсиз!
Д’Артаньян таънада жон борлигини сезди.
– Бонасе хонимни мен қалбим билан севганман, – эътироз билдирди у, – миледини эса, идроким билан севаман. Мен асосан унинг сарой қошида роли қандайлигининг тагига етмоқ учунгина унинг хонадонига киришга уринмоқдаман.
– Роли қандай эмиш! Ахир менга айтган гапларингизга қараганда буни пайқаб олиш мушкул иш эмаску. У – кардиналнинг махфий агенти, сизни алдаб қўлга тушириб, бошингизни ейдиган аёл, вассалом.
– Ҳим… Рости гап, сиз нарсаларни ўта мудҳиш тусда кўрасиз-да, азизим Атос.
– Илож қанча дўстим, аёлларга ишончим йўқ, бунга менинг ўз важларим бор, айниқса, оқ-сариқдан келган аёлларга ишонмайман. Сиз менга миледи оқ-сариқдан келган деб эдингиз, шекилли?
– Мен кўрган-билганки сарғиш сочларнинг энг гўзали уники!
– Шўрлик д’Артаньян! – хўрсиниб гапирди Атос.
– Менга қаранг, мен гап нимадалигини аниқламоқчиман. Сўнгра, ўзимга зарур ҳамма нарсани билиб олганимдан кейин мен кетаман.
– Аниқлайверинг, – лоқайдлик билан деди Атос.
Лорд Винтер тайинланган соатда ташриф буюрди, бироқ илгарироқ огоҳ этилган Атос бўлак хонага ўтиб турди. Хуллас, инглиз д’Артаньянни ёлғиз топди-ю, дарҳол олиб кетди, чунки вақт аллақачон саккизга бориб қолган эди.
Пастда бир жуфт кетворган отлар қўшилган серҳашам извош кутарди, у йигитларни бир зумда Қирол майдонига элтиб қўйди.
Леди Кларик д’Артаньянни сиполик билан қабул қилди. Унинг иморати дабдабаси билан ажралиб турарди; уруш туфайли келиб қолган аксар инглизлар Франциядан жўнаётган ёки жўнаш арафасида турганлигидан қатъи назар, миледи иморатнинг пардозига жуда катта харажат қилди, бу эса инглизларни чиқариб юбориш хусусидаги умумий фармойиш унга дахлдор эмаслигини исбот этарди.
– Қаршингизда, – Д’Артаньянни синглисига таништираркан деди лорд Винтер, – жонимни қўлида ушлаб турган, лекин бу имтиёздан фойдаланишни истамаган ёш дворян турибди, гарчанд биз икки карра душманмиз, негаки, мен уни биринчи ҳақорат қилдим, ҳам негаки мен инглизман. Менга нисбатан қилча меҳру оқибатингиз бўлса, унга ташаккур айтинг, хоним.
Миледи хиёл қовоғини солди, манглайи билинарбилинмас хира тортди, дудоқларида эса шундай ғалати табассум пайдо бўлдики, унинг чеҳрасининг бу чигал ўйинидан д’Артаньян беихтиёр сесканиб тушди.
Оғаси ҳеч нимани пайқамади: у камзулига осилган миледининг севимли маймунини эркалатмоқ учун ўгирилган эди.
– Хуш келибсиз, тақсир, – товуши боягина д’Артаньян илғаган нохуш кайфият нишоналарига зид ғалати мулойим овоз билан гапирди миледи, – бу кун сиз бир умрлик миннат ҳуқуқларига молик бўлдингиз.
Шу ерда инглиз яна улар томон ўгирилди-да, зарра тафсилотини қочирмасдан мубораза хусусида ҳикоя бошлади. Миледи уни зўр диққат билан тингларди ва ўз ҳисларини пинҳон сақлашга нечоғлик уринмасин, бу ҳикоя унга малол келаётгани шундоққина билиниб турарди. У дам қизарар, дам бўзарар ва бетоқат бўлиб жажжи оёқчасини ҳар замонда полга уриб-уриб қўярди.
Лорд Винтер ҳеч нимани пайқамасди. Ҳикоясини тугатиб у устида патнисда бир шиша испан шароби ва стаканлар турган стол ёнига борди. У икки стаканни тўлатди-да, имо билан д’Артаньянни ичишга таклиф этди.
Инглиз саломатлиги учун ичишдан бош тортиш унинг дилини қаттиқ оғритиш демаклигини д’Артаньян биларди. Шу учун у стол ёнига бориб иккинчи стаканни олди. Бироқ у миледини кузатишда давом этаверди ва кўзгуда унинг чеҳраси ўзгариб кетганини кўрди. Энди, у ўзига ортиқ ҳеч ким қарамаяпти деб ўйлаган чоғда аллақандай ваҳшиёна ифода афтини бужмайтириб ташлади. У жон-жаҳди билан рўмолчани тишламоқда эди.
Шу пайт хонага д’Артаньян илгари ҳам кўрган ёшгина ва хушрўйгина каниз кириб келди, у лорд Винтерга инглизчалаб бир гап айтди, у киши қисталанг бир юмушни баҳона қилиб ва ўзи учун яна бир қур узр сўрашни синглисига ҳавола этиб, д’Артаньяндан уни тарк этишга ижозат сўради.
Д’Артаньян у билан қўл қисишиб қолди-ю, яна миледининг ёнига борди. Унинг рухсори лол қоларли зудлик билан ўзининг аввалги хуш қиёфасига кирди, аммо рўмолчада қолган бир неча қизил доғчалар у тишлай-тишлай лабларини қонатиб олганидан далолат бериб турарди.
Унинг дудоқлари латиф ҳақиқдай қип-қизил эди.
Суҳбат қизиб кетди. Сиёқидан, миледи ўзини тамоман ўнглаб олган эди. У д’Артаньянга лорд Винтернинг ўз акаси эмас, бор-йўғи эрининг акаси бўлишини сўзлаб берди: у оиланинг кенжа ўғли хасмида бўлган ва қўлида бола билан бева қолган ҳамда шу бола мабодо лорд Винтер уйланмаган тақдирда, ягона меросхўридир. Бу гапларнинг ҳаммаси д’Артаньянга, орқасида аллақандай сир-асрор, пинҳон бир парда мавжудлигини айтиб турарди, бироқ бу пардани очиш унинг ҳали қўлидан келмасди.
Ярим соатлик суҳбатдан сўнг д’Артаньян миледини ўзининг ватандошлигига ишонч ҳосил қилди: у французчалаб бирам тўғри, бирам фасоҳат билан сўзлардики, бу борада шак-шубҳага ўрин қолмасди.
Д’Артаньян суҳбатдошига садоқатини таъкидлаганича бир талай илтифотли, манзур гапларни дўндириб ташлади. Гасконлигимиз сотаётган бу сафсатани тинглаган кўйи миледи илтифот билан кулимсирарди. Ниҳоят чиқиб кетар пайт келди. Д’Артаньян хайрмаъзур қилди-ю, меҳмонхонадан бандаларнинг энг бахтлиси бўлиб чиқиб кетди.
Зинада унга пешвоз хушрўйгина каниз учради. Ўтиб кета туриб, у д’Артаньянга сал тегиб кетди-да, қулоқларигача қизариб, бирам майин овоз билан узр сўрадики, у шу заҳоти авф этиб юборилди.
Эртаси куни д’Артаньян тағин ташриф буюрди ва уни арафадагидан ҳам дурустроқ манзират қилдилар. Лорд Винтер бу гал йўқ эди, оқшом бўйи меҳмонни ёлғиз миледи банд этди. Афтидан, у ёш йигитга жуда қизиқарди: унинг таги қаердан, дўсту биродарлари кимлар, кардиналга хизматга кириш нияти бўлган-бўлмаганини суриштирди. Йигирма ёшида ғоят зийраклиги маълум д’Артаньян ўзининг миледига олд шубҳаларини эслади; у падари бузрукворни жуда мақтаб гапирди ва де Кавуани ҳам жаноб де Тревилни билгандай яхши таниган тақдирда қирол гвардиясига эмас, кардинал гвардиясига киришдан тоймаган бўлардим, деди.
Миледи жуда табиий равишда суҳбатни буриб юборди ва ғоят бепарво оҳангда д’Артаньяннинг Англияда бўлган-бўлмаганини сўради.
Д’Артаньян у ерга жаноб де Тревилнинг топшириғига биноан отлар хариди хусусидаги музокаралар учун борганини ва ҳатто отларнинг тўрттасини намунага олиб келганини айтиб берди.
Бу суҳбат асносида миледи бир ёки икки марта тилини тишлаб қолди: бу гасконлик пухта ўйин олиб бормоқда эди.
Худди арафадаги соатда д’Артаньян йироқлашди. Йўлакда унга яна хушрўйгина Кетти дуч келди – канизнинг номи шундай эди. У унга шундай бир қараш қилдики, унинг маънисига етмасликнинг иложи йўқ эди, аммо д’Артаньян буткул соҳиба билан овора бўлиб унга алоқадор нарсаларнинг фарқига борарди, холос.
Д’Артаньян миледи ёнига эртаси куни ҳам, учинчи куни ҳам қатнади, ҳар оқшом миледи унга тобора очилиброқ манзират қилаверди.
Ҳар оқшом – гоҳ йўлакда, гоҳ даҳлизда, гоҳ зинада унга пешвоз хушрўй каниз йўлиқиб турарди.
Бироқ, айтиб ўтганимиздек, боёқиш Кеттининг бу саботига д’Артаньян сира парво қилмасди.