Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 46 (всего у книги 47 страниц)
ХХХVI
Қатл
Ярим кеча эди, момақалдироқнинг сўнгги яллиғларидан қизил тортган кемтик ой Армантер шаҳри орқасидан чиқмоқда эди ва унинг хира нурида уйларнинг қора чизиқлари, жимжимадор қўнғироқхонанинг пойдевори яққол кўриниб турарди. Олдинда Лис ўзининг эритилган чўян оқими мисол сувларини оқизиб борар, дарёнинг нариги томонида эса дарахтларнинг қора шох-шаббалари кўзга ташланар, улар мудҳиш тунга ғира-шира тусини бериб турган катта-катта жигарранг булутлар билан тўсиқ бесаранжом осмондан ажралиб турарди. Чапда қанотлари ҳаракатсиз ташландиқ тегирмон қаққайиб турар, унинг харобаларидан дамбадам бойқушнинг бир маромдаги чинқироқ овози эшитиларди. Йўлнинг ўнгу сўлида қайғули намойиш кетаётган текисликда бу шум соатда чўккалаб ўтириб олиб одамларнинг йўлини пойлаётган бадбуруш митти одамлар бўлиб туюлаётган пастак бақувват дарахтлар онда-сонда қоронғиликдан сурилиб чиқарди.
Аҳён-аҳёнда энли чақмоқ осмоннинг бир чеккасини нурафшон қилиб юборар, дарахтларнинг қора шарпалари устидан илон изи солар ва баҳайбат эгри қилич сингари осмон билан сувни иккига бўлиб ташларди. Дим ҳавода қилт этган шамол сезилмас эди. Сўлғин сукунат табиат устида ҳукмрон, ер яқинда ўтган ёмғирдан нам ва сирпанчиқ, тароват олган ўт-ўланларнинг хушбўй иси янада кучли тараларди.
Гримо билан Мушкетон миледининг қўлларидан тутиб олға судраб боришарди; жаллод уларнинг орқасидан: лорд Винтер, д’Артаньян, Атос, Портос ва Арамис эса жаллоднинг кетидан борардилар. Планше ва Базен намойишнинг охирида эдилар.
Хизматкорлар миледини дарё лабига етаклардилар. Унинг оғзидан садо чиқмас, лекин у нигоҳини кимга қадаса, кўзлари ҳар бирига галма-гал тавалло қилиб тагига етиб бўлмайдиган ўзига хос бир фасоҳат билан сўзларди.
Ўзи бошқалардан бир-икки одим илгари чиқиб қолганидан фойдаланиб, у хизматкорларга деди:
– Агар қочишимга ёрдам қилсангиз ҳар бирингизга минг пистолдан ваъда қиламан. Лекин борди-ю, мени соҳибларингиз қўлларига топшириб юборсангиз билиб қўйинг: шу яқин орада менинг қасоскорларим бор, улар менинг ҳаётим учун жуда қиммат товон тўлашга сизларни мажбур қиладилар.
Гримо иккиланарди. Мушкетон бутун вужуди билан қалт-қалт титрарди.
Миледининг овозини эшитиб қолган Атос дарров яқин борди; лорд Винтер ундан намуна олди.
– Бу хизматкорларни йўқотинг, – таклиф этди у, – уларга у алланима деган, уларга энди ишониб бўлмайди.
Атос Планше билан Базенни чақириб олди ва улар Гримо билан Мушкетоннинг ўрнини олишди.
Ҳамма дарё бўйига келганда жаллод миледининг олдига борди-да, унинг қўл-оёғини боғлади. Шунда у сукутни бузди-да, нидо қилди:
– Сизлар олчоқларсиз, сизлар аянч қотилларисиз! Бир аёлни ўлдирмоқ учун ўн киши бўлиб йиғилиб олибсиз. Қараб туринглар! Агар менга мададга келмасалар ҳам мен учун қасос оладилар!
– Сиз аёл эмас, – совуқ гапирди Атос, – сиз одам эмас – сиз дўзахдан қутулиб чиққан азроилсиз ва биз сизни у ерга қайтишга мажбур қиламиз!
– О, саховатли жаноблар, – деди миледи, – шуни назарда тутингларки, кимки менинг бошимдаги бир тола сочимга қўл теккизса, у ўз навбатида қотил бўлади!
– Жаллод ўлдириши ва бу билан қотил бўлмай қолиши мумкин, хоним, – энли шамширига уриб-уриб эътироз билдирди қизил ридолик киши, – у охирги ҳакамдир, вассалом. Қўшнимиз немислар айтганидек – nachrechter.
Шу сўзларни айта туриб у миледини боғлаётгани сабабли миледи ёввойиларча бўкириб юборди, тун сукунатида бу бежо ва совуқ янграб ўрмон ичкарисида тинди.
– Лекин агар мен айбдор бўлсам, агар менга сиз тўнкаётган жиноятларни қилган бўлсам, – ирилларди миледи, – мени судга олиб боринг. Ахир сизлар ҳакам эмассизки, мени суд қилсанглар, менга ҳукм чиқарсанглар!
– Мен сизга Тайбернни таклиф этгандим, – деди лорд Винтер, – нега бўлмаса рад қилдингиз?
– Чунки менинг ўлгим келмайди! – хитоб қилди миледи, жаллод қўлидан чиқиб кетишга уриниб. – Чунки мен ўлиб кетмоқ учун ҳаддан ташқари ёшман.
– Сиз Бетюнда заҳарлаган аёл сиздан ҳам ёш эди, хоним, бироқ у ўлиб кетди, – деди д’Артаньян.
– Мен монастирга кираман, мен роҳиба бўлиб оламан… – давом этарди миледи.
– Сиз монастирда бўлгансиз, – эътироз билдирди жаллод, – ҳамда у ердан менинг укамнинг бошини егани кетдингиз.
Миледи даҳшат ичида қичқириб юборди-да, тиз чўкиб қолди.
Жаллод уни сал кўтарди-да, қайин ёнига олиб бормоқчи бўлди.
– О, ё раббий! – бақириб юборди у. – Ё раббий! Наинки мен чўктириб юборсангиз?
Бу фиғонлар одамнинг юрак-бағрини шу даражада эзиб юборар эдики, шу тобгача миледининг энг ашаддий таъқибсичи бўлган д’Артаньян яқинроқ турган тўнкага чўкди, бошини эгди-да, қулоқларини кафтлари билан беркитиб олди; лекин бундан қатъи назар, у барибир миледининг нола-афғонларини ва пўписаларини эшитаверди.
Д’Артаньян ҳаммадан ёши эди ва у тоқат қилолмади:
– Мен бу мудҳиш манзарага қараб туролмайман! Мен бу аёлнинг шу зайл ўлиб кетишига йўл қўя олмайман!
Миледи унинг сўзларини эшитиб қолди ва унда йилт этиб умид учқуни пайдо бўлди.
– Д’Артаньян! Д’Артаньян! – бақирди у. – Хотирга ол, мен сени севганман!
Йигит ўрнидан туриб, унга томон бир қадам босди.
Лекин Атос унинг йўлини тўсди.
– Яна бир қадам боссангиз д’Артаньян, – деди у, – биз қиличларимизни чалиштирамиз.
Д’Артаньян мук тушди-ю, дуо ўқий бошлади.
– Қани, жаллод, ишингни қил, – деди Атос.
– Бажонидил, зоти олийлари, – деди жаллод, – зеро, мен мўмин католикман ва бу аёлга нисбатан ўз бурчимни бажаришим билан ҳақ иш қилаётганимга ишончим комил.
– Яхши.
Атос миледининг ёнига борди.
– Сизнинг, – деди у, – менга қилган барча ёмонлигингизни афу этдим. Мен сиз абгор қилган ҳаётимни афу этдим, ерга букилган номусимни, хўрланган муҳаббатимни ва сиз етказган ҳасрату надоматдан бир умрга вайрон бўлган кўнглимни афу этдим. Рози бўлиб кетинг!
Лорд Винтер ҳам унинг ёнига борди.
– Мен сизга, – деди у, – акамнинг заҳарланганини ва герсог Бэкингем зоти олийларининг ўлимини афу этдим, бечора Фельтоннинг ўлимини афу этдим, менинг ҳаётимга қилган суиқасдларингизни афу этдим. Рози бўлиб кетинг!
– Мен бўлсам, – деди д’Артаньян, – дворянга номуносиб алдов билан қаҳрингизни келтирганим учун мени кечиришингизни илтимос қиламан, хоним. Мен ўзим бахтиқаро маъшуқамнинг ўлимини ва сизнинг беомон қасосингизни афу этаман, мен сизни афу этаман-да, сизнинг қисматингизга йиғлайман. Рози бўлиб кетинг!
– J am loste6060
Мен хароб бўлдим (инглизча).
[Закрыть] – инглизчалаб шивирлади миледи. – J must die!6161
Менинг ўлмоғим керак! (инглизча)
[Закрыть]
Ва ҳечкимнинг ёрдамисиз ўрнидан турди ҳамда ўз теварагидаги ҳамма нарсага ўша гўё аланга олгандай ёнгувчи ўткир назарини солиб кўрди.
У ҳеч нимани кўрмади.
У қулоқ солди, лекин ҳеч нимани илғамади.
Ёнида унинг душманларидан ўзга ҳеч ким йўқ эди.
– Мен қаерда ўламан? – сўради у.
– Нариги қирғоқда, – жавоб берди жаллод.
У миледини қайиққа солди ва ўзи ҳам ичига оёғини қўйганда, Атос унга бир халта олтин узатди.
– Олинг, – деди у, – мана сизга ҳукмнинг ижроси учун ҳақ. Бизнинг ҳакамлар сингари иш тутаётганимизни ҳамма кўриб қўйсин.
– Яхши, – жавоб берди жаллод, – энди бўлса бу аёл ҳам билиб қўйсинки, мен ҳунаримни эмас, бурчимни адо этяпман.
У олтинни дарёга улоқтириб ташлади.
Қайиқ қирғоқдан ажралиб, жиноятчи билан жаллодни олиб кетган кўйи Лиснинг чап қирғоғига сузиб кетди. Бошқа ҳамма ўнг қирғоқда қолиб тиз чўкди.
Қайиқ сув узра осилиб турган оқиш булутнинг нурида паром учун тортилган дор ёқалаб секин сирғалиб борарди. Унинг нариги қирғоққа бориб урилгани кўриниб турарди; жаллод билан миледининг қоралари жигарранг булутлар манзарасида яққол кўринарди.
Ўтиш пайти миледи оёқларини боғлаб турган чилвирни бўшатишни эплади, қайиқ қирғоққа етганда миледи енгил ҳаракат билан ерга сакради-да, қочиб қолди.
Лекин ер нам эди; қияликка чиққач, миледи сирпаниб кетди-да, чўккалаб йиқилди.
Хурофий бир фикр уни донг қотириб қўйди; у фалак ёрдамини дариғ тутяпти деб қарор қилди-ю, қандай йиқилган бўлса, худди ўша ҳолда бошини хам қилиб ва қўлларини қовуштириб қотиб қолди.
Шунда нариги қирғоқда турганлар жаллоднинг иккала қўлини оҳиста кўтарганини кўрдилар; ой нурида унинг энли шамширининг тиғи ялтираб кетди-ю, қўллар пастга интилди: шамширнинг чийиллагани ва қурбоннинг ноласи эшитилди, сўнгра бошсиз қолган тана зарб зўридан қулаб тушди.
Жаллод ўзининг қизил ридосини ечиб, уни ерга ёзди ва унга танани қўйди, бошни ўша ернинг ўзида қолдириб, ридони учма-уч қилиб боғлаб елкасига ортмоқлади-да, яна қайиққа кирди.
Лиснинг ўртасига чиқиб олиб, у қайиқни тўхтатди ва ўз юкини дарё устида кўтариб туриб баланд овоз билан қичқирди:
– Илоё, худонинг айтгани бўлсин!
У жасадни дарров кўмиб кетган сувлар қарига туширди.
Уч кун ўтгач мушкетёрлар Парижга қайтиб келдилар; улар ўзларининг жавоб муддатини ўтказиб юбормадилар ва ўша оқшомдаёқ, жаноб де Тревилни зиёрат қилдилар.
– Хўш, жаноблар, – улардан сўради мард капитан, – росаям яхши яйрадингизми?
– Ниҳоятда! ўзи ва дўстлари учун жавоб берди Атос.
ХОТИМА
Келаси ойнинг олтинчи куни қирол кардиналга бериб қўйган ваъдани бажо келтириб, Бэкингемнинг қазо қилгани ҳақидаги ҳамманинг қулоғига етган хабардан тамом эсанкираб пойтахтдан чиқди.
Гарчанд қиролича ўзи севган кишига хавф-хатар таҳдид солиб турганидан огоҳ этилган бўлса-да, шунга қарамасдан унинг ўлимини маълум қилганларида ишонишни истамай турди; у ҳатто эҳтиётсизлик қилиб хитоб қилди:
– Бу нотўғри! У яқиндагина менга мактуб юборган.
Лекин эртаси куни шум хабарга ҳар қалай ишонишига тўғри келди: ҳамма йўлга отланганлар каби қирол Калр I нинг фармонига мувофиқ Англияда тўхтатилган Ла Порт Бэкингем қироличага юборган сўнгги ажал олди туҳфани олиб келди.
Қиролнинг қувончи жуда зўр эди, буни яширишга у уринмасди ҳам ва ҳатто қиролича ҳузурида унга эрк берарди. Людовик XIII барча иродаси бўш одамлар сингари олий ҳиммати билан фарқ қилмас эди.
Лекин кўп ўтмай, қирол яна зерикадиган ва қовоғини соладиган бўлиб қолди: унинг манглайи узоқ муддатга ёришадиганлардан эмас эди; у қароргоҳга қайтиб боргач, яна аросатга тушиб қолажагини сезиб турарди. Лекин барибир у ўша ерга қайтиб кетмоқда эди.
Кардинал унинг учун сеҳрловчи илон-у, унинг ўзи шохдан шохга сакраб, лекин илондан қочиб қутулолмайдиган қушча эди.
Шу боисдан Ларошелга қайтиш ғамгин бўлди. Хусусан, бизнинг тўрт дўстимиз ўз ўртоқларини ҳайрон қилардилар: улар ҳаммаси бошларини солинтириб хомуш тикилганча ёнма-ён боришарди. Фақат Атос дамбадам улуғсифат манглайини кўтариб қўяр, кўзларида ўт чақнаб кетар, лабларига дардли табассум қўнар, сўнгра эса ўз ўртоқларига ўхшаб ўй-хаёлларига ғарқ бўларди.
Бирор шаҳарга етиб боргач, қиролни тунаш учун унга ажратилган бинога кузатиб қўйиб, дарҳол ўз хоналарига йўналардилар ёки тупканинг тагидаги бир қовоқхонага кетиб қолардилар. У ерда бироқ улар соққа ўйнамасдилар, ичмасдилар, фақат битта-яримтаси қулоқ солмаяптими деб аланглаб олиб, шивир-шивир гаплашардилар, холос.
Бир кун қирол ов қилиш истагида тўхтаб, тўрт оғайни бўлса ўз одатига кўра қатнов йўлдаги харобатга равона бўлганларида Ларошелдан жони борича от қўйиб келаётган аллақандай одам бир стакан шароб ичмоқчи бўлиб, отини шу харобот эшиги тагида тўхтатди, стол ёнида тўрт мушкетёр ўтирган хонага бош суқиб қаради-да, бақирди:
– Ҳой, жаноб д’Артаньян! Шу ерда мен сизни кўряпманми?
Д’Артаньян бошини кўтарди-ю, қувонч билан нидо қилди. Бу ўша у ўз арвоҳим деб юрган кишининг ўзгинаси эди, бу Менгдаги, Гўрковлар кўчасидаги ва Аррасдаги номаълум киши эди.
Д’Артаньян қиличини юлқиб олди-да, эшик томон отилди.
Лекин бу дафъа номаълум киши жуфтакни ростлаб қолмади, балки отдан сакраб тушиб д’Артаньянга пешвоз юрди.
– Ҳа-а, ахири сизни топиб олдим-а, муҳтарам афандим! – деди йигит. – Бу гал сиз мендан қутулиб бўпсиз!
– Менинг ниятим ҳаргиз бу эмас, бу гал мен ўзим сизни қидирган эдим. Қирол номи билан мен сизни ҳибсга оламан. Қиличингизни менга топширишингизни талаб қиламан, муҳтарам афандим. Қаршилик қилишни хаёлингизга келтирманг: сизни огоҳ этиб қўяй, гап сизнинг ҳаётингиз хусусида кетяпти.
– Сиз ўзи ким бўласиз? – қиличини тушириб, лекин ҳали уни топширмасдан сўради д’Артаньян.
– Мен – шевале де Рошформан! – жавоб берди номаълум киши. – Жаноб Кардинал де Ришельенинг отбоқари бўламан. Мен сизни падари бузруквор ҳузурига элтиб қўйиш хусусида фармойиш олдим.
– Биз падари бузруквор ҳузурига қайтиб кетяпмиз, жаноб шевале, – гапга аралашди Атос ва яқинроқ келди, – ва сиз жаноб д’Артаньяннинг тўппа-тўғри Ларошелга йўл оламан деган сўзига ишонасиз, албатта.
– Мен уни соқчилар қўлига топширишим шарт, улар д’Артаньянни қароргоҳга олиб кетадилар.
– Биз унга соқчи бўлиб хизмат қиламиз, муҳтарам афандим, сизга дворянлик сўзимни бераман. Лекин сизга ўзимнинг сўзимни ҳам бераманки – қовоғини солиб қўшиб қўйди Атос, – жаноб д’Артаньян бизсиз кетмайди.
Шевале де Рошфор ўгирилиб қаради ва Портос ҳамда Арамиснинг ўзи билан эшик ўртасида туриб олганларини кўрди; у ўзининг так-таслим шу тўрт киши ихтиёридалигини фаҳмлади.
– Жаноблар, – юзланди уларга у, – агар жаноб д’Артаньян қиличини менга топширишга рози бўлса ва сизлар сингари сўз берса, мен сизларнинг жаноб д’Артаньянни кардинал боргоҳига элтиб қўямиз, деган ваъдангиз билан қаноатланаман.
– Сизга сўз бераман, муҳтарам афандим, – деди д’Артаньян, – мана қиличим ҳам сизга.
– Бу менга қайтага қўл келади, – илова қилди Рошфор, – мен йўлимда давом этишим лозим.
– Агар миледи билан учрашиш учун бўлса – совуқ луқма ташлади Атос, бунинг ҳожати йўқ; сиз уни энди кўрмайсиз.
– Унга нима бўлди? – дарров сўради Рошфор.
– Қароргоҳга қайтаверинг, ҳамма гапни ўша ерда биласиз.
Рошфор бир зум ўйланиб қолди, сўнгра эса кардинал қиролга муқобил келиши лозим Сюржердан ораси бир кунлик йўлда турганлари сабабли у Атоснинг маслаҳатига амал қилишга ва мушкетёрлар билан бирга қайтишга қарор қилди. Устига-устак Рошфорнинг қайтиши унга шу афзалликни берардики, маҳбусни унинг ўзи назорат қилиши мумкин бўларди.
Ҳамма яна йўлга равона бўлди.
Эртаси куни пешин соат учда улар Сюржерга етиб келдилар. Кардинал у ерда Людовик ХIII га мунтазир эди. Министр билан қирол бир талай мулозаматли гапларни бир-бирига ҳадя этдилар ва Франциянинг унга қарши бутун Европани оёққа тургизувчи собит душманидан халос қилган бахтли тасодиф билан бир-бирини қутладилар. Шундан сўнг Рошфор томонидан д’Артаньяннинг ҳибсга олинганлиги хусусида огоҳ этилган ва уни тезроқ кўрмоқчи бўлган кардинал қирол билан хайр-маъзур қилди-да, уни келаси куни барпо этилган янги тўғонни кўздан кечиришга таклиф этди.
Кечқурун Тош кўприк олдидаги ўзининг даргоҳига қайтиб келгач, кардинал ўзи истиқомат қилгувчи уй эшиги тагида қуролланган мушкетёрларни кўрди.
Бу дафъа куч ўз томонида бўлгани сабабли у мушкетёрларга сиёсат билан қараб қўйди ва қўл ҳаракати билан ҳам, нигоҳи билан ҳам д’Артаньянга орқасидан юришни буюрди.
Д’Артаньян итоат қилди.
– Биз сени кутиб турамиз, д’Артаньян, – кардинал эшитсин учун атай қаттиқ гапирди Атос.
Падари бузруквор қошларини чимириб тўхтаб қолди, лекин лом-мим демасдан уйга кириб кетди.
Д’Артаньян кардинал кетидан изма-из кирди, эшик орқасида эса унинг дўстлари посбонликда қолишди.
Кардинал тўппа-тўғри ўзига кабинет бўлиб хизмат қилгувчи хонага йўл олди-да, Рошфорга ёш мушкетёрни олиб киришни имо қилди.
Рошфор унинг фармойишини бажо келтирди-ю, йироқлашди.
Д’Артаньян кардинал билан танҳо қолди; бу Ришелье билан иккинчи мулоқот бўлиб, д’Артаньян ўзи кейинчалик иқрор бўлганидек сўнгги мулоқот деб қаттиқ ишонган эди.
Ришелье каминга суяниб тураверди; хонадаги стол уни д’Артаньяндан ажратиб турарди.
– Муҳтарам афандим, – гап бошлади кардинал, – сиз менинг фармойишимга биноан ҳибсга олингансиз.
– Менга буни айтишди, зоти олийлари.
– Нима учун, сиз биласизми?
– Йўқ, зоти олийлари. Ахир, мен ҳибсга олинишим мумкин бўлган бирдан-бир нарса сиз падари бузрукворга ҳали маълум эмас.
Ришелье йигитга тикилиб қараб қўйди:
– Шундай денг! Бунинг маъноси нима?
– Агар зоти олийлари, олдин қайси жиноятлар менинг бўйнимга қўйилаётганини айтишни мақбул кўрсалар, мен сўнгра ҳақиқатда қилган ишларимни сўзлаб бераман.
– Сизнинг бўйнингизга шундай жиноятлар қўйиляптики, булар учун сиздан киборроқ одамларнинг бошлари кетган, муҳтарам афандим! – жавоб берди Ришелье.
– Қандай жиноятлар экан, зоти олийлари? – кардинални лол қолдирган хотиржамлик билан сўради д’Артаньян.
– Сизни давлат душманлари билан муҳобара қилишда айбламоқдалар, сизни давлат сирларини ўғирлашда айбламоқдалар, сизни ўз лашкарбошингиз режаларининг белига тепганингизда айбламоқдалар.
– Хўш, бу айбларни ким менинг бўйнимга қўяяпти, зоти олийлари? – бу миледининг ишилигига фаҳми етиб деди д’Артаньян. – Давлат адолати томонидан тамғаланган аёл, Францияда бир кишига ҳамда Англияда бошқасига эрга теккан аёл, ўзининг иккинчи эрини заҳарлаб ўлдирган, мени ҳам заҳарлашга қасд қилган аёл!
– Нималар деяпсиз, муҳтарам афандим! – таажжуб билан хитоб қилди кардинал. – Сиз қайси аёлни гапиряпсиз?
– Леди Винтерни, – жавоб берди д’Артаньян, – ҳа, леди Винтерни ўз ишончингизга ноил қилганингизда унинг жиноятларининг ҳаммаси сиз падари бузрукворга маълум бўлмаган чоғи.
– Агар леди Винтер сиз гапираётган жиноятларни қилган бўлса, муҳтарам афандим, у жазога тортилажак.
– У жазога тортилиб бўлди, зоти олийлари.
– Хўш, уни ким жазога тортди?
– Биз.
– У қамоқдами?
– У қазо қилди.
– Қазо қилди? – қулоқларига ишонмасдан такрорлади кардинал. – Қазо қилди? Шундай дедингизми?
– У мени ўлдиришга уч марта уриниб кўрди, буни мен кечирдим, лекин у мен севган аёлни заҳарлаб ўлдирди. Шунда дўстларим билан мен уни тутиб олдик, суд қилдик ва ўлимга ҳукм этдик.
Д’Артаньян Бетюн кармелиткалар монастирида Бонасе хонимнинг заҳарланиши, хилват кулбадаги суд, Лис бўйидаги қатлни сўзлаб берди.
Кардиналнинг аъзойи-баданидан титроқ югуриб ўтди, унинг ларзага келиши камдан-кам учрайдиган ҳол эди.
Лекин бирдан гўё қандайдир пинҳон фикр таъсирида кардиналнинг шу тобгача тўниқ чеҳраси астасекин ёришди ва пировардида мутлақо осойишта ифодага кирди.
– Демак, – ўз сўзларининг заҳрига зид мулойим овоз билан гап бошлади у, – жазо беришга мутасадди бўлмай, барибир жазо бераверадиган шахслар қотил бўлишини ўйлаб ўтирмасдан сизлар ҳакамларнинг ҳуқуқларини ўзлаштириб олгансиз.
– Зоти олийлари, Сизга онт ичиб айтаманки, кўнглимда ўзимни сизнинг олдингизда оқлаш нияти бир зум ҳам бўлмаган. Сиз падари бузрукворга мени қандай жазога тортиш мақбул бўлса, ўша жазони олишга тайёрман. Мен ҳаётни ҳаддан ташқари кам қадрлайман, наинки ўлимдан қўрқсам.
– Ҳа, биламан, сиз жасур одамсиз, – деди кардинал қарийб меҳрибон овоз билан. – Шу важдан сизга ҳалитдан айтиб қўйсам бўлаверади, сизни суд қиладилар ва ҳатто жазога ҳам ҳукм қиладилар.
– Бошқа одам бўлганда сиз падари бузрукворга авф этишингиз чўнтагимда турибди, деб жавоб бериши мумкин эди, мен бўлсам сизга фақат амр қилинг, зоти олийлари, мен ҳаммасига тайёрман деб айтаман.
– Сизнинг авфингиз? – ҳайрон бўлди Ришелье.
– Ҳа, зоти олийлари, – жавоб берди д’Артаньян.
– Хўш, унга ким имзо қўйган Қиролми?
Кардинал бу сўзларни алоҳида бир нафрат аралаш айтди.
– Йўқ, сиз падари бузруквор.
– Менми? Сиз, нима, ақлдан озганмисиз?
– Сиз, албатта, ўз қўлингизни танийсиз, зоти олийлари.
Д’Артаньян, Атос миледидан тортиб олиб ҳимоя варақаси бўлиб хизмат қилсин учун д’Артаньянга берган қимматбаҳо қоғозни падари бузрукворга узатди.
Кардинал қоғозни олди ва шошмасдан ҳар сўзига урғу бериб ўқиди:
«Ушбуни кўрсатувчи амалга оширган иш, менинг фармойишим ва давлат бахт-саодати йўлида қилинди.
5 август 1628 йил.
Ришелье».
Бу икки сатрни ўқиб бўлиб, кардинал чуқур ўйга толиб қолди-ю, лекин д’Артаньянга қоғозни қайтариб бермади.
«У мени қандай ўлим билан қатл қилишни мулоҳаза қилмоқда, – хаёлан қарор қилди д’Артаньян, – лекин онт ичаманки, дворяннинг қандай ўлишини кўриб қўяди!»
Ёш мушкетёр аъло кайфиятда бўлиб, ўзга дунёга қаҳрамонона ўтиб кетишга ҳозирлик кўрарди.
Ришелье ўйланиб қоғозни қўлида ўрар, яна очиб қарарди. Ниҳоят у ўзининг бургут нигоҳини д’Артаньяннинг доно, очиқ ва ўткам юзига тикиб, бошини кўтарди, кўз ёшлар асарини ҳали сақлаб турган бу чеҳрада д’Артаньяннинг сўнгги ой ичида тортган барча азоб-уқубатларини ўқиди ва бор-йўғи йигирма бир ёшга кирган бу йигитнинг истиқболи нақадар порлоқлиги ҳамда унинг ғайрати, ақлу фаросати ва шижоатидан донишманд ҳукмрон нақадар муваффақиятли истифода қилиши мумкинлигини, учинчи ёки тўртинчи марта хаёлига келтириб кўрди.
Бошқа томондан қараганда, миледининг жиноятлари, қудрати ва дўзахи даҳоси уни бир неча бор даҳшатга солган эди. У ўзининг хавфли шеригидан абадул-абад қутулиб олганини ўйлаганида, у аллақандай хуфия қувонч ҳис қиларди.
Кардинал д’Артаньян очиқкўнгиллик қилиб қайтариб берган қоғозни шошмасдан йиртиб ташлади.
«Мен ҳалок бўлдим!» – кўнглидан кечирди д’Артаньян.
У гўё:
«Парвардигор, илоё айтганинг бўлсин!» – деяётгандай кардинал қошида бошини эгди.
Кардинал стол ёнига борди ва ўтирган кўйи учдан икки қисми тўлғазиб қўйилган юпқа қоғозга бир-икки сатр ёзди; сўнгра ўз муҳрини босди.
«Бу менинг ҳукмим, – ўзича қарор қилиб қўйди д’Артаньян, – кардинал мени зерикарли Бастилия балосидан ва ҳакамларнинг текшир-текшир оворагарчиликларидан қутқариб қоляпти. Бу ҳам бўлса унинг тантилиги».
– Олинг! – деди йигитга кардинал. – Мен сиздан битта очиқ қоғозни олдим, ўрнига бошқасини беряпман. Бу номада ном қўйилмаган, уни ўзингиз ёзиб қўйинг.
Д’Артаньян юраги бетламай қоғозни олди-да, унга кўз ташлади.
Бу уни мушкетёрлар лейтенанти лавозимига кўтариш хусусидаги фармон эди.
Д’Артаньян кардиналнинг пойига йиқилди.
– Зоти олийлари, – деди у, – менинг ҳаётим сизнинг қўлингизда, шу тобдан эътиборан уни истифода қилаверинг. Лекин менга кўрсатган марҳаматингизга лойиқ эмасман: кўрсатган хизматлари кўпроқ ва мендан кўра муносиброқ уч дўстим бор…
– Сиз ажойиб одамсиз, д’Артаньян, – унинг гапини бўлди кардинал ва бу саркаш тийнатни таслим қилишни уддалаганидан кўнгли тўлиб, унинг кифтига дўстона уриб-уриб қўйди. – Бу номани кўнглингизга келган тарзда истифода қилинг. Фақат ёдингизда бўлсин, гарчи унга ном ёзилмаган бўлса-да, мен уни сизга беряпман.
– Мен буни ҳеч қачон унутмайман, – жавоб берди д’Артаньян, – cиз, падари бузруквор, бунга амин бўлишингиз мумкин.
Кардинал ўгирилди-да, қаттиқ гапирди:
– Рошфор!
Чамаси эшик орқасида турган кавалер шу заҳоти кириб келди.
– Рошфор, – деди кардинал, – қаршингизда жаноб д’Артаньян, турибди. Мен уни ўз дўстларим сафига қабул қилдим, шу боисдан эса иккалангиз бир ўпишинглар-да, агар бошларингиздан умидингиз бўлса, бамаъни юринглар.
Рошфор билан д’Артаньян лабларини сал-пал тегизиб ўпишишди; кардинал шу ернинг ўзида турар ва ҳушёр бўлиб улардан кўзини узмасди.
Улар хонадан бирга чиқишди.
– Биз ҳали кўришамиз, шундай эмасми, муҳтарам афандим?
– Сиз истаган маҳал, – тасдиқлади д’Артаньян.
– Тасодиф пайсалга солмай келиб қолади, – жавоб берди Рошфор.
– Нима гап? – эшикни очиб сўради Ришелье.
Йигитлар шу замон бир-бирига илжайиб, қўл қисишди ва падари бузрукворга таъзим бажо келтирдилар.
– Тоқатимиз тоқ бўла бошлаган эди, – деди Атос.
– Мана мен ҳам, дўстларим! – жавоб берди д’Артаньян. – Мен озод бўлиш тугул, марҳаматга ҳам чалиниб қолдим.
– Бизга сўзлаб берасизми?
– Шу бугуноқ кечқурун.
Дарҳақиқат, ўша оқшомдаёқ д’Артаньян Атос ҳузурига йўл олди ва уни Атос ҳар кеч канда қилмай берилиб кетгувчи машғулот – бир шиша испан шароби устида топди.
Д’Артаньян ўзи билан кардинал ўртасида ўтган ҳамма гапларни унга айтиб берди ва чўнтагидан номани олиб деди:
– Олинг, уни муҳтарам Атос, у сизнинг ҳаққингиз.
Атос ўзининг меҳрибон ва жозибали табассуми билан жилмайиб қўйди.
– Дўстим, Атос учун бу – ҳаддан ташқари кўп, граф де Ла Фер учун эса ҳаддан ташқари оз, – жавоб берди у. – Бу номани ўзингизга қолдиринг, у сизники. Минг афсуски, у сизга жуда қимматга тушди.
Д’Артаньян Атоснинг ҳузуридан чиқиб, Портоснинг хонасига кирди.
У уни кўзгу олдида топди; шоҳона серҳашам камзулни елкасига ташлаб Портос ўзига ҳавас билан боқарди.
– Э-ҳа, бу сизмисиз, муҳтарам дўстим! – қутлади у д’Артаньянни. – Назарингизда қалай, бу либос менга ярашиптими?
– Бундан зиёда бўлмайди, – жавоб берди д’Артаньян, – лекин мен сизга яна ҳам ярашадиган бошқа либосни таклиф қилиб келдим.
– Хўш, қандайини?
– Мушкетёрлар лейтенанти сарпосини.
Д’Артаньян Портосга ўзининг кардинал билан мулоқоти тўғрисида сўзлаб берди ва чўнтагидан номани чиқариб деди:
– Олинг, муҳтарам дўстим, унга номингизни қўйингда, менга яхши сардор бўлинг.
Портос номага кўз ташлади-ю, д’Артаньянни таажжубга солиб, уни қайтариб берди.
– Ҳа, бу менга жуда манзур бўларди, – деди у, – лекин бу марҳаматдан узоқ фойдаланиш менга насиб қилмаган бўларди. Бизнинг Бетюн сафаримиз пайтида герсогинямнинг эри қазо қилган, шу боисдан эса марҳумнинг сандиғи қўлимга кираман деб турипти, мен ҳам, муҳтарам дўстим, бевага уйланиб оламан. Кўряпсизми, мен тўй либосимни ўлчаб турган эдим. Лейтенантлик унвонини ўзингизга қолдиринг, дўстим, қолдиринг.
У номани д’Артаньянга қайтариб берди.
Йигит Арамис ҳузурига кетди.
У уни аналой олдида топди; Арамис очиқ дуолар китоби устида бошини қуйи солиб, тиз чўкиб турарди.
Д’Артаньян унга ўзининг кардинал билан бўлган мулоқотини сўзлаб берди ва учинчи марта чўнтагидан номани чиқариб деди:
– Сиз – бизнинг дўстимиз, бизнинг чароғбонимиз, бизнинг кўринмас ҳомийимиз, шу номани қабул этинг. Сизнинг донишмандлигингиз бизни муттасил омадга етаклаган, маслаҳатларингиз билан унга ҳар кимдан кўпроқ сазовор бўлдингиз.
– Ҳайҳот, муҳтарам дўстим! – хўрсиниб қўйди Арамис. – Бизнинг сўнгги саргузаштларимиз фоний ҳаётдан ва ҳарбий унвондан менинг тамоман кўнглимни қолдирди. Бу гал мен узил-кесил қарорга келдим:
қамал тугагач, мен лазаристлар қардошлигига кираман. Бу номани ўзингизга қолдиринг, д’Артаньян: ҳарбий хизмат сизга жуда ҳам мос келади, сиз жасур ва тадбирли сардор бўласиз.
Д’Артаньян кўзларида миннатдорлик ёшлари ва нигоҳида қувонч билан Атос ҳузурига қайтди ва аввалгидек уни стол ёнидан топди; Атос шаробнинг сўнгги стаканини чироқ нурига солиб кўздан кечирмоқда эди.
– Мана энди улар ҳам рад қилишди! – деди д’Артаньян.
– Бунинг боиси шуки, жон дўстим, ҳеч ким унга сизчалик муносиб эмас.
У патни олди, д’Артаньяннинг номини ёзиб қўйдида, унга номани узатди.
– Демак, менинг энди дўстларим бўлмайди, – деди йигит, – ва минг афсуски, аччиқ хотиралардан бўлак ҳеч нима қолмади!
У бошини қуйи солди ва йирик-йирик икки қатра ёш унинг юзларидан думалаб тушди.
– Сиз ёшсиз, – жавоб берди Атос, – аччиқ хотираларингиз ҳам хушнудларига алмашишга улгуради ҳали!