Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 47 страниц)
XXI
Графиня Винтер
Йўл-йўлакай герсог д’Артаньянни гапга солиб, рўй берган нарсаларнинг ҳаммасини бўлмаса-да, ҳар қалай д’Артаньян воқиф бўлганларини билиб олди. Йигитдан эшитганларини ўзининг хотиралари билан қиёслаб кўриб, вазиятнинг жиддийлиги борасида герсог унча-мунча аниқ тасаввур ҳосил қилиши мумкин, дарвоқе буни жуда ихчам ва мужмаллиги ҳолда қироличанинг мактуби ҳам кўрсатиб турарди. Лекин, бу йигитнинг инглиз соҳилига қадам қўймаслиги ўзи учун ниҳоятда аҳамиятли бўлган кардиналнинг барибир унинг йўлини тўсолмагани герсогни айниқса лол қолдирди. Герсогнинг таажжубига жавобан, д’Артаньян ўзи кўрган эҳтиёт чоралари ва яраланган, қонга беланган ҳолда йўлларда ташлаб кетишга мажбур бўлган уч дўстининг фидокорлиги туфайли ўзи қироличанинг мактубини йиртган қилич зарби билан, эвазига граф де Вард боплаб таъзирини еган зарб билан, қутулиб кетганларини сўзлаб берди. Бу гапларнинг ҳаммасини ғоят камтаринлик билан сўзлаб берган д’Артаньянни тингларкан, герсог ёши йигирмага етгани даргумон бир ўспириннинг қиёфасида шу қадар тадбиркорлик, шу қадар жасорат ва фидойилик мужассамланиши мумкинлигига гўё иштибоҳ қилгандай аҳён-аҳёнда йигитга кўз қирини ташлаб қўярди.
Отлар қуюндай учиб борарди, улар бир неча дақиқада Лондон дарвозасига етиб қолдилар. Д’Артаньян шаҳарга киргандан кейин герсогнинг шахти пасаяди деб ўйлаган эди, лекин, у аввалгидай шиддатли тарақатуруқ билан, ўзи қулатаётган ҳардамхаёл йўловчиларга кам парво қилиб елиб кетаверди. Ички шаҳардан ўтишда бир неча марта шундай ҳол рўй берди, лекин ўзи уриб йиқитганларнинг аҳволига Бэкингем, ҳатто қиё боқиб қўймади. Д’Артаньян орқада қолмай борарди, гарчи, теварак-атрофдан жуда ҳам қарғишга ўхшаш фарёдлар ёғилмоқда эди.
Ўз дарборига кириб боргач, герсог сакраб отдан тушди ва ортиқ у тўғрида қайғурмай, тизгинни ташлаб, шоша-пиша пешайвонга югуриб чиқди. Д’Артаньян фазилатларига тан бериб улгурган асл ҳайвонлар учун ҳарна хавотирланган ҳолда унга эргашди. Хайриятки, ошхона ва таблалардан чопиб чиқиб, отларга ташланган ва уларни етаклаб кетган уч ё тўрт чоғлик қаролларга кўзи тушиб қолди.
Герсог шу қадар тез юрардики, д’Артаньян унга аранг етиб борарди. У Франциянинг энг кибор, манман деган аслзодалари хаёл ҳам қилолмайдиган зийнат билан жиҳозланган бир-иккита меҳмонхоналардан ўтиб, дид ва давлатнинг дурдонаси бўлмиш ётоқхонага кирди. Тўрда девор сирмаси билан нимпана эшик кўзга ташланарди. Герсог уни бўйнида олтин занжирда осиб юргувчи олтин калит билан очди.
Д’Артаньян ийманиб, нарироқда қолди, лекин, табаррук хонанинг бўсағасида герсог ёш гвардиячига ўгирилиб қараб, унинг тараддудланиб қолганини пайқади-да, деди:
– Юринг, башарти ҳазрат олиялари ҳузурида бўлиш бахти сизга насиб қилса, кўрганларингизнинг ҳаммасини сўзлаб берурсиз.
Бу таклифдан дадилланиб, д’Артаньян герсогнинг изидан юрди, уларнинг ортидан эшик ёпилди.
Улар зар тикилган эрон шоҳиси билан сирилган, саноқсиз шамлардан чароғон мўъжаз хонақоҳга кириб қолдилар.
Оқ ва алвон патлар билан ясоғлик мовий бахмал соябон остида аллақандай меҳроб мисол нарса устида Анна Австрийскаянинг бор бўйи билан тушган портрети турган бўлиб, у аслига бирам яқин эдики, д’Артаньян бехос қичқириб юбораёзди: қиролича гапириб юборадигандай туюларди.
Меҳробда, портретнинг остгинасида олмос шокилалар сақлангувчи қутича турарди.
Герсог меҳробга яқинлашди-да, Исонинг ҳочи қаршисида турган руҳоний сингари тиз чўкди. Сўнгра қутичани очди.
– Олинг, – олмослари ёниб турган ҳаво ранг бантни қўлга олиб деди у. – Мана улар – ўша бебаҳо шокилалар. Мен шулар билан қабрга кираман деб қасам ичиб қўйган эдим. Уларни менга қиролича берган эди – уларни ўзи қайтариб олаётир. Илоё умрбод ҳамма нарсада, худди олло таолло сингари изму ихтиёр ўшанда бўлсин.
Шундай дея у ўзининг қўлидан ўтаётган шокилаларни бирин-сирин ўпа бошлади.
Тўсатдан қўрқинчли нола унинг кўксидан отилиб чиқди.
– Нима бўлди? – хавотирланиб сўради д’Артаньян. – Сизга нима бўлди, милорд?
– Ҳаммаси барбод бўлди! – ранги қув ўчиб, нидо қилди герсог. – Шокилаларнинг икки донаси камайиб қолипти. Ўнта қолипти.
– Милорд уларни йўқотиб қўйдиларми ёки ўғирланган, деб гумон қиляптиларми?
– Мендан уларни ўғирлаганлар, бу ўғирлик – кардиналнинг найранги. Қаранг – уларни тутиб турган ленталар қайчи билан қирқилган.
– Бу ўғирликни ким қилганини милорд тахмин қилолганларида эди… Эҳтимол, шокилалар ҳали ўша шахснинг қўлидадир.
– Шошманг! Шошманг! – хитоб қилди герсог. – Мен уларни бор-йўғи бир марта таққанман, бунга бир ҳафта бўлди, қирол базмида, Виндзорда. Унгача мен билан аразлашиб юрган графиня Винтер ошкора кўнглимни овлаб қолган эди. Бу яраш кунчи аёлнинг ўчи эди, холос. Ўша кундан бери у ортиқ кўзимга чалинмади. Бу аёл – кардиналнинг жосуси.
– Наҳотки, бу жосуслар бутун дунёга сочилган бўлса? – сўради д’Артаньян.
– Э, ҳа, ҳа! – ғазабдан тишларини қисиб гапирди герсог. – Ҳа, бу даҳшатли рақиб. Бироқ, базм қай кунга тайин этилган.
– Келаси душанбага.
– Келаси душанбага! Яна беш кун, вақт етиб ортади… Патрик! – дея хонақоҳнинг эшигини қия очиб, қичқирди герсог.
Бўсағада герсогнинг маҳрами пайдо бўлди.
– Заргарим билан котибимни чақиринг!
Маҳрам оғиз очмай шундай тез чиқиб кетдики, бу унинг кўр-кўрона ва сўзсиз итоатини фош қилиб қўйган эди.
Бироқ, гарчи, дастлаб заргар айтилган бўлса-да, котиб илгарироқ етиб келишга улгурди. Бу жуда табиий ҳол эди. Чунки, у шу уйнинг ўзида истиқомат қилгувчи эди. У Бэкингемнинг ётоқхонада, стол ёнида ўтиргани устига келди: герсог кўз қўли билан аллақандай фармойишларни битмоқда эди.
– Жаноб Джексон, – кириб келган кишига мурожаат этди герсог, – сиз шу тобда лорд-канцлер ҳузурига жўнайсиз ҳамда бу фармойишлар ижросини шахсан у кишига юклаганимни айтасиз. Мен уларнинг ошиғич эълон қилинишини истайман.
– Бироқ, зоти олийлари, – ёзилган нарсаларга тез кўз югуртиб чиқиб, илова қилди котиб, – лорд-канцлер бундай фавқулодда чораларнинг боиси нима деб сўраб қолса, қандай жавоб қилайин.
– Менинг истагим шундай, ҳаракатларим борасида ҳеч кимга ҳисоб бериш шарт эмаслигини жавоб қиласиз.
– Мабодо ҳазрат олийлари ҳозирдан эътиборан кемалар Великобритания портларини тарк этолмаслигининг боисини билишни тасодифан ихтиёр қилиб қолсалар лорд-канцлер шу жавобни айтиши керакми? – жилмайиб сўради котиб.
– Сиз ҳақсиз, тақсир, – жавоб берди Бэкингем. – Лорд-канцлер қиролга айтсинки, мен Францияга уруш эълон қилишга қарор қилдим ва бу тадбир – менинг Францияга қарши биринчи душманлик ҳаракатим.
Котиб таъзим қилиб, чиқиб кетди.
– Бу жиҳатдан кўнглимизни тўқ қилишимиз мумкин, – д’Артаньянга ўгирилиб деди герсог, – башарти, шокилалар ҳали Францияга жўнатилмаган бўлса, улар фақат сиз қайтиб борганингиздан кейин у ерга етади.
– Қандай қилиб?
– Мен боягина ҳазрат олийларининг портларида ҳозир турган кемаларнинг денгизга чиқишини қатағон қилдим, махсус рухсатномасиз улардан бирортаси лангарини бўшатишга журъат этолмайди.
Д’Артаньян қирол ишончи ато этган чексиз ҳокимиятни ўз муҳаббатига хизмат қилдираётган бу одамга эси оғиб қараб турарди. Гасконлик йигитнинг чеҳрасидаги ифодадан герсог унинг кўнглидаги гапларни англади-да, жилмайиб қўйди.
– Ҳа, – деди у, – рост! Анна Австрийская – менинг ҳақиқий қироличам; битта сўз айтса бас – мен ўз ватанимга хиёнат қилишга ўз қиролимга хиёнат қилишга, худога хиёнат қилишга тайёрман. У Ларошел протестантларига мен ваъда этган ёрдамни кўрсатмаслигимни илтимос қилди – итоат қилдим. Ўзим берган сўзимнинг устидан чиқолмадим – лекин барибир эмасми – мен унинг истагини бажо келтирдим. Мана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бу итоатим учун ортиғи билан тақдирланмадимми? Ахир унинг портрети учун шу итоатдан миннатдор бўлмоғим лозим!
Д’Артаньяннинг оғзи очилиб қолди – баъзи ҳолларда халқнинг тақдири, кўп кишиларнинг ҳаёти қандай билинар-билинмас, ғоят нозик ришталарда илиниб туради!
У шу хаёлларга ғарқ бўлиб турганида заргар келиб қолди. Бу ўз ҳунарининг ғоят омилкор устаси бўлмиш ирландиялик киши эди, герсог Бэкингемнинг буюртмаларидан йилига юз минг фунтдан даромад қилишини унинг ўзи эътироф этарди.
– Жаноб Ў’Рейли, – уни хонақоҳга олиб кириб, деди герсог, – мана бу олмос шокилаларга бир қаранг-да, уларнинг ҳар донасининг баҳосини менга айтиб беринг.
Заргар бир назар билан гардишларининг нафислигини баҳолади-да, олмосларнинг қимматини ҳисоблаб чиқиб, иккиланмасдан жавоб берди:
– Ҳар донаси бир ярим минг пистолдан, милорд.
– Икки дона шундай шокилани тайёрлаш учун неча кун кетади? Бу ерда икки донаси камлигини кўриб турибсиз.
– Бир ҳафта, милорд.
– Мен ҳар донасига уч мингдан тўлайман – менга улар индинга зарур.
– Милорд уларга эга бўладилар.
– Сиз бебаҳо одамсиз, жаноб Ў’Рейли! Бироқ, бу билан гапим тугагани йўқ: бу шокилалар бирор кимсага ишониб топширилиши мумкин эмас – уларни шу ерда, саройда ясамоқ лозим.
– Иложи йўқ, милорд. Ишни эскиси билан янгисининг фарқи мутлақо сезилмайдиган қилиб, ёлғиз мен бажароламан.
– Гап бундай, жаноб Ў’Рейли: сиз менинг тутқунимсиз. Борди-ю, саройимдан ташқарига чиқишни истаганингизда ҳам қўлингиздан келмаган бўлурди. Бинобарин, бунга кўника қолинг. Ўзингизга керак бўлиши мумкин шогирдларингиз номларини айтинг, улар қандай асбобларни олиб келиши лозимлигини билдиринг.
Заргар герсогни яхши биларди ва шу сабабдан гап қайтариб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини тушунарди. У муқаррар нарсага дарров бўйин эгиб қўя қолди.
– Рафиқамга хабар қилишга рухсат бериладими? – сўради у.
– О, сизга, ҳатто, у билан кўришишга ҳам рухсат берилади, азизим, жаноб Ў’Рейли. Сизнинг қамоғингиз унча қаттиқ бўлмайди, ташвишланманг. Бироқ, ҳар қандай бесаранжомлик тақдирлашни тақозо этади. Безовта қилинганингиз сизга малол келмаслиги учун мана сизга, олмосларга белгиланган пулнинг устига яна минг пистолга чек.
Д’Артаньян инсон ва миллионларни бемалол бошқараётган бу министрга лол қолиб, ўнгланолмай турарди.
Заргар бу орада минг пистолга чекни қўшиб ва ўрнига ўз шогирдларининг энг ўткирини, аниқ вазни ва сифатларини ўзи кўрсатган олмосларни, шунингдек, зарур ускуналарни юборишни илтимос қилиб, рафиқасига мактуб ёзиб берди.
Бэкингем заргарнинг ўзига ажратилиб, ярим соат ичида устахонага айлантирилган хонага уни кузатиб қўйди. Сўнгра хонага герсог маҳрами Патрикдан истисно ҳеч кимни қўймаслик хусусидаги қатъий буйруқ билан ҳар эшикка соқчи қўйишни амр қилди. Заргар Ў’Рейли ва унинг шогирдига ҳар қандай баҳона билан хонадан чиқиш ман этилганлигини айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ҳамма топшириқларни бериб бўлиб, герсог д’Артаньяннинг ёнига қайтди.
– Энди ёш дўстим, – деди у, – Англия иккаламизники бўлиб қолди. Сизга нима керак, қандай истакларингиз бор?
– Кўрпа-тўшак, – жавоб берди д’Артаньян, – бу ҳозир менга ҳамма нарсадан кўра зарурроқлигини тан олишим керак.
Герсог ўзининг ётоқхонаси ёнидан д’Артаньянга хона ажратилишини буюрди. У ёш йигитнинг доим ўз ёнида бўлишини истади – унга ишонмагани важҳидан эмас, азбаройи қиролича хусусида узлуксиз гаплашиши мумкин суҳбатдош бўлиши учун.
Бир соат ўтгач, Лондонда Францияга аталган юки бор кемаларнинг денгизга чиқишини қатағон қилувчи фармон эълон қилинди. Ҳатто, почта пакетботи ҳам мустасно этилмади. Ҳамманинг фикрича, бу икки давлат ўртасида уруш эълон қилинди, деган гап эди.
Учинчи куни эрталаб соат ўн бирда шокилалар тайёр бўлиб, шу қадар ўхшатиб, қойилмақом қилиб ясалган эдики, герсогнинг ўзи ҳам эскилари билан янгиларининг фарқига боролмай қолди, бу хил ишларда энг шинаванда кишилар ҳам худди унингдек ожизлик қилган бўлурдилар.
Герсог шу замон д’Артаньянни чақиртирди.
– Мана, – деди герсог, – сиз олгани келган олмос шокилалар, инсон қурби етадиган ҳамма нарсани қилганимга сиз шоҳид бўлинг.
– Хотирингиз жам бўлсин, милорд, мен кўрганларимнинг ҳаммасини сўзлаб бераман. Аммо, зоти олийлари, шокилаларни қутисиз беряптилар-ку.
– Қутича сизга йўлда халал беради. Кейин эса – бу қутича энди қуруқ ўзи қолаётгани билан мен учун янада азизроқ бўлиб қолди. Уни менда қолганини айтарсиз.
– Мен топшириғингизни оқизмай-томизмай етказаман, милорд.
– Энди эса, – йигитга тикилиб гапирди герсог, – қачон бўлса ҳам сиздан қарзимни қандай узсам экан?
Д’Артаньян лов этиб қизариб кетди. Уни бирор туҳфа олишга мажбур этиш учун герсог баҳона қидираётганини тушунди-ю, ўзининг ва дўстларининг қони учун инглиз олтинлари тўланиши тўғрисидаги хаёл унда чуқур нафрат ҳиссини уйғотди.
– Очиқчасига гаплашиб олайлик, милорд, – жавоб берди д’Артаньян, – бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, ўртада англашилмовчилик қолмасин. Мен Франция қироли билан қироличага хизмат қиламан, жаноб Дезессаранинг гвардия ротасиданман, у кишининг ҳам худди қайноғаси жаноб де Тревиль сингари ҳазрат олийларига ихлоси айниқса баланд. Бу ҳам кам: эҳтимол, сиз зоти олийлари учун қиролича азиз бўлгани каби мен учун ҳам азиз бир хоним бўлмаганида буларни бажармасмидим.
– Ҳа, – жилмайиб деди герсог, – мен ҳам ўша хонимни танисам керак. Унинг номи…
– Милорд, мен унинг номини айтганим йўқ! – шошиб гапни бўлди ёш гвардиячи.
– Тўғри, – деди герсог. – Бинобарин, сизнинг фидокорлигингиз учун мен ўша хонимдан миннатдор бўлишим керак экан-да.
– Ана шундай зоти олийлари. Зеро, ҳозир уруш бошланай деб турган пайтда мен сизга инглиз, демакки, ўзим Виндзор боғи ёки Лувр йўлакларидан кўра жанг майдонида учрашишни афзалроқ кўрадиган душман сифатида қараётганимни тан олишим лозим. Аммо, бу нарса топшириғингизни аниқ ижро этишимга, зарур келиб қолса, жонимни ҳам беришимга қилча ҳам монелик қилмайди, у адо этилса, бас. Аммо такрор айтаман: худди биринчи мулоқотимизда қилганларим сингари иккинчи мулоқотимиздаги ишларим учун ҳам зоти олийларининг қарзлари кам.
– Биз «шотланд сингари мағрур» деймиз, – ним товушда деди герсог.
– Биз эса «гасконлик сингари мағрур» деймиз, – жавоб берди д’Артаньян, – гасконликлар – бу Франция шотландлари.
Д’Артаньян герсогга таъзим қилиб, кетишга чоқланди.
– Қандай? Сиз кетмоқчи бўляпсизми? Бироқ, қай йўл билан кетмоқчисиз? Англиядан қандай қилиб чиқиб оласиз?
– Ҳа, рост…
– Ўлай агар! Бу французлар ҳеч нарсадан тап тортмайдилар-а!
– Англия орол-у, сиз унинг хоқонилигингиз хаёлимдан кўтарилибди.
– Портга боринг, «Зунд» деган бригни сўранг, капитанига шу хатни беринг. У сизни бир кичик француз кўрфазига элтиб қўяди, одатда, у ерга балиқ овловчи кемалардан бўлак ҳеч ким йўламайди.
– Кўрфазнинг номи нима?
– Сен-Валери. Бироқ, сабр қилинг. У ерга етгач, денгизчиларнинг ҳақиқий ётар қўноғи бўлмиш номсиз, ёзув тахтасиз кўримсиз бир хароботга кирасиз. Хато қилишингиз мумкин эмас, у ерда бунақаси фақат битта.
– Кейин?..
– Эгасини сўрайсиз-да унга: «Forward» – дейсиз.
– Бунинг маъноси…
– …«олға». Бу парол. Шунда эгаси сизнинг ихтиёрингизга эгарланган от топширади, сиз кетадиган йўлни кўрсатиб қўяди. Йўлингизда сизни тўртта алмаш от кутади. Агар истасангиз, ҳар бекатда ўзингизнинг Париждаги адресингизни қолдиришингиз мумкин, тўрт отнинг ҳаммаси изингиздан жўнатилади. Улардан иккиси сизга таниш, сиз синчи сифатида уларнинг қадрига етган ҳам бўлсангиз керак – улар сиз билан Виндзордан чоптириб келганларимизнинг ўзгинаси. Қолганлари ҳам улардан қолишмайди, гапимга ишонаверинг. Бу отлар сафарга мос шайланган. Ориятингиз қаттиқлиги ҳолда улардан бирини ўзингизга олишдан ва дўстларингиздан ҳам биттадан олишни илтимос қилишдан бош тортмайсиз. Дарвоқе, улар бизга қарши урушда асқотиб қолишлари мумкин. Мақсад воситасини босиб кетади, сизларда шундай дейишади-ку.
– Яхши, милорд, мен розиман, – деди д’Артаньян. – Худо хоҳласа, тортиғингиздан фойдаланиш уддасидан чиқамиз.
– Энди эса – қўлингизни беринг, йигитча. Ҳадемай, сиз билан жанг майдонида учрашиб қолсак, ажаб эмас. Бироқ, ҳозирча, яхшигина дўстлар сифатида ажраляпмиз, деб ўйлайман.
– Ҳа, милорд, аммо, тез орада душманларга айланиш умиди билан.
– Хотиржам бўлинг, сизга буни ваъда қиламан.
– Сўзингизга ишонаман, милорд.
Д’Артаньян герсогга таъзим қилди-да, жадал одимлар билан портга йўл олди.
Лондон минораси қаршисида айтилган кемани ахтариб топди ва мактубни унинг капитанига топширди, капитан уни порт бошлиғига белгилатиб олиб, дарҳол елканларини кўтарди.
Сузиб кетишга шай эллик кема маҳтал бўлиб турарди.
«Зунд» бриги уларнинг бири ёнидан қарийб суркалиб ўтиб кетди, шунда д’Артаньянга ўша нотаниш киши «миледи» деб атаган ва д’Артаньяннинг кўзига бирам гўзал кўриниб кетган Менгдаги аёл рўпарасидан лип этиб ўтгандай туюлди. Лекин, кучли оқим ва шамол бригни шу қадар тез суриб кетдики, лангарда турган кемалар қарийб дарров кўздан йўқолдилар.
Келаси саҳар, соат тўққизларда Сен-Валерида лангар ташладилар.
Д’Артаньян зудлик билан тайинланган хароботга равона бўлиб, келаётган шовқин-сурондан у ерни таниб олди. Англия билан Франция ўртасидаги уруш ҳақида муқаррар ва яқин нарса сифатида гап кетар, денгизчилар шовқин солиб, улфатчилик қилмоқда эдилар.
Д’Артаньян тиқинни ёриб ўтиб, эгасининг ёнига борди-да, «Forward» деган сўзни айтди. Харобот эгаси дарров ўзига эргашишни имо қилиб, ҳовли эшигидан чиқиб, йигитни отхонага олиб борди, у ерда эгарланган от уни кутиб турарди, яна нима керак, деб сўради у.
– Қай йўлдан жўнашни билиб олишим керак, – деди д’Артаньян.
– Шу ердан Бланжега боринг, Бланжедан эса Нефшателга. Нефшателда «Олтин ўроқ» хароботига киринг, эгасига паролни айтинг, шу ердаги сингари от оласиз.
– Сизга қанча тўлашим керак? – сўради д’Артаньян.
– Ҳаммасига ҳақ тўланган, – деди мезбон, – ҳатто ҳиммати билан тўланган. Бораверинг, сизни худо паноҳида асрасин.
– Омин! – отини шиғаб, жавоб берди йигит.
Тўрт соатдан кейин у Нефшателга етиб борди.
Олган йўл-йўриқларини жуда пухта бажарди.
Нефшателда ҳам худди Сен-Валери сингари уни эгарланган от кутиб турарди. У пистолетларини аввалги эгардан олиб, янгисига солмоқчи бўлганда ундан ҳам худди шундай пистолетлар чиқди.
– Париждаги адресингиз нима?
– Гвардиячиларнинг уйи, Дезессара ротаси.
– Яхши, – деди хўжайин.
– Қайси йўлдан кетай?
– Руан йўлидан. Бироқ, сиз шаҳарни чап томондан айланиб ўтасиз. Сиз Экуи деган кичкина қишлоқнинг этагида тўхтайсиз. У ерда бор-йўғи битта харобот бор – «Франция қалқони». Уни сиртига қараб баҳо берманг. Отхонасида бунисидан қолишмайдиган от топилади.
– Парол ўшами?
– Худди ўша.
– Алвидо, соҳиб!
– Алвидо, жаноб гвардиячи! Сизга ҳеч нима керак эмасми?
Д’Артаньян бошини йўқ маъносида чайқаб қўйиб отини елдай учириб кетди.
Экуида ўша нарсалар такрорланди: жонкуяр мезбон, дамини олган, бардам от. Олдинги бекатлар каби ўз адресини қолдириб, у ўша юришда Понтуазга от солди. Понтуазда сўнгги дафъа от алмаштириб олдида, соат тўққизда жаноб де Тревиль уйининг ҳовлисига отини чоптириб кириб борди.
Ўн икки соат ичида у олтмиш чақиримдан зиёдроқ йўл босиб ўтган эди.
Жаноб де Тревиль уни гўё эрталаб кўргандай қарши олди. Фақат унинг қўлини одатдагидан қаттиқроқ қисиб, ёш гвардиячига жаноб Дезессаранинг ротаси Луврда соқчилик қилаётгани, ўз постига боравериши мумкинлигини маълум қилди.
XXII
Мерлезон балети
Эртаси куни шаҳар ҳокимлари қирол билан қироличанинг шарафига беражак базм, қиролнинг севимли балети бўлмиш Мерлезон балетига ҳазрат олийлари рақс тушажаги ҳақида бутун Париж дув-дув гап қиларди.
Дарҳақиқат, бир ҳафта илгари бу тантанали кечага турли тадориклар бошланиб кетган эди. Шаҳар дурадгори мукаллаф бўлган хонимлар ўтириши лозим чорпоялар ясади; шаҳар баққоли зални икки юзта оппоқ шам билан безади, бу нарса ўша маҳаллар қулоқ эшитмаган исрофгарчилик бўларди; ниҳоят, йигирмата скрипкачи таклиф этилган, уларга одатдагидан кўра икки ҳисса зиёд ҳақ ваъда этилган, зеро, ҳисоботда баён этилишича, улар тун бўйи чалишлари лозим эди.
Эрталаб қирол гвардиясининг лейтенанти жаноб де Ла Кост икки миршаб офицер ва бир-икки ўқчилар ҳамроҳлигида шаҳар котиби Клеман ҳузурига келиб, ундан ратушанинг жамики дарвоза, хона ва хизмат жойларининг калитларини талаб қилди. Калитлар шу замон унинг қўлига топширилди; ҳар биридаги патта туфайли уларни калитлардан фарқлаб олиш мумкин бўлиб, шу дақиқадан эътиборан ратушага элтгувчи барча дарвоза ва йўлакларни қўриқлаш жаноб де Ла Костнинг зиммасига тушди.
Соат ўн бирда гвардия капитани жаноб Дюале эллик ўқчи билан ҳозир бўлиб, улар ҳар бири дарров ўзига ажратилган эшик ёнига қўйилиб ратушада тарқатилди.
Соат учда бири француз, иккинчиси швецар – иккита гвардия ротаси етиб келди. Француз гвардиячилари ротасининг ярми жаноб Дюаленинг аскарларидан, ярми жаноб Дезессаранинг аскарларидан ташкил топган эди.
Кеч соат олтида мукаллаф бўлган кишилар ташриф буюра бошладилар. Уларнинг келганини келганда катта залга, ўзларига атаб ҳозирланган чорпояларга жойлаштирардилар.
Соат тўққизда коннетаблнинг рафиқаси ташриф буюрди. У қироличадан кейинги энг юқори мартабали хоним бўлгани сабабли жаноб шаҳар ҳокимлари унинг истиқболига чиқиб, қироличага ажратилган ложанинг рўпарасига кузатиб қўйдилар.
Соат ўнда авлиё Иоанн ибодатхонасига қараган кичик залда кумуш идиш-товоқлар солинган, тўрт нафар ўқчи томонидан қўриқлангувчи жовон ёнида қирол учун енгил тамадди ҳозирланди.
Ярим кечада баланд хитоблар ва олқишлар янгради – қирол Луврдан ратушага элтгувчи, рангли фонуслар билан нурафшон кўчалардан ўтиб бормоқда эди.
Шунда мовут ридоларга чўлғанган шаҳар ҳокимлари машъал тутган олти сержант билан қиролни қарши олгани зинапояга чиқдилар, савдо тармоғининг ҳокими эса, табрик нутқи сўзлади: ҳазрат олийлари ҳаяллаб қолгани учун узр сўраб, ўзини оқлаш учун давлат ишлари мавзусидаги суҳбати билан уни тутиб қолган жаноб кардинални баҳона қилди.
Қирол байрам либосида эди; унга ҳамроҳ бўлиб, герсог Орлеанский қирол ҳазратлари, граф де Суассон, улуғ приор, герсог де Лонгевил, герсог д’Елбеф, граф д’Аркур, граф де Ла Рош-Гюён, жаноб де Лианкур, жаноб де Барада, граф де Крамайл ва кавалер де Суврелар келгандилар.
Ҳамма қиролнинг маъюслигини ва алланарсадан кўнгли ғашлигини пайқади.
Бир хона қирол учун, бошқаси – унинг укаси герсог Орлеанский учун ҳозирлаб қўйилган эди. Уларнинг ҳар бирида маскарад либослари ётарди. Айни шу тараддудлар қиролича билан коннетаблнинг рафиқаси учун ҳам кўрилган эди. Ҳазрат олийлари маиятидан бўлган кавалер ва хонимлар шу мақсадда ажратилган хоналарда икки-иккитадан бўлиб, кийинишлари лозим эди.
Хонага киришдан аввал қирол кардинал келиши билан ўзига ошиғич хабар қилишларини фармойиш берди.
Қирол зоҳир бўлгандан ярим соат кейин янги олқишлар янгради; улар қироличанинг ташриф буюрганидан дарак берарди. Ҳокимлар худди боягидек ҳаракат қилдилар: олдинда сержантлар билан улар олий меҳмон истиқболига ошиқдилар.
Қиролича залга кириб келди. Ҳамма унинг ҳам қирол сингари чеҳраси ғамгин, энг муҳими, ҳорғинлигини пайқади.
У кириб келаётган нафасда кичик ложанинг шу зумгача ёпиқ турган сарпардаси хиёл очилиб, ҳосил бўлган тешикда испан гранди бўлиб кийинган кардиналнинг заъфарон юзи кўринди. Унинг кўзлари қироличанинг кўзларига қадилди-ю, лабларидан иблисона табассум сирпаниб ўтди: қироличада олмос шокилалар йўқ эди.
Қиролича шаҳар ҳокимлари табрикларини қабул этиб ва хонимлар таъзимларига жавоб қилиб, бир муддат туриб қолди.
Тўсатдан зал эшикларидан бири олдида кардинал билан бирга қирол пайдо бўлди. Кардинал унга астагина алланима дерди; қиролнинг ранги бир аҳволда эди.
Қирол камзулининг боғичлари пала-партиш боғланган, ниқобсиз ҳолда оломонни ёриб ўтиб, қироличага яқинлашди.
– Хоним, – ҳаяжондан ўзгарган товуш билан деди у, – сўрашга ижозат этгайсиз, нега энди олмос шокилаларни тақмадингиз?
Қиролича ўгирилиб, орқада заҳарханда илжайиб турган кардинални кўриб қолди.
– Ҳазрат олийлари, – тўлқинланиб жавоб берди қиролича, – бу тиқинда уларга бирор нарса бўладими, деб қўрққан эдим.
– Хато қилгансиз. Мен сизга безакни тақиб юриш учун туҳфа қилганман. Такрор айтаман, хоним, сиз хато қилгансиз.
Қиролнинг овози ғазабдан қалтирарди; ҳамма нималар бўлаётганига ақли етмай, қулоқ солиб қараб турарди.
– Султоним, – деди қиролича, – шокилалар Луврда эди, мен уларга одам юборишим мумкин, шунда ҳазрат олийларининг истаклари бажо келтирилади.
– Юборинг, хоним, юборинг, мумкин қадар тезроқ, ахир ярим соатдан кейин балет бошланади.
Қиролича итоатини билдириб, бошини қуйи солди ва ўзи учун ажратилган хонага кузатиши лозим хонимлар кетидан юрди.
Қирол ҳам ўз хонасига ўтиб кетди.
Залда бир дақиқа саросима ва бесаранжомлик ҳукм суриб қолди.
Қирол билан қироличанинг ўртасига совуқчилик тушганини пайқаш қийин эмасди, лекин ҳамма ҳурмат юзасидан бир-икки қадам чекинган бўлди, улар эса шунчалик секин гапирган эдиларки, ҳеч ким бирон сўзни илғамади. Скрипкачилар зўр бериб чалар, лекин ҳеч ким уларга қулоқ солмас эди.
Қирол залга кириб келди; у ғоят бежирим ов либосида эди. Герсог Орлеанский аъло ҳазратлари ва бўлак акобир зотлар худди унингдек кийинган эдилар. Бу либос қиролга бағоят ярашган, бу уст-бошида у чинакамига ўз қироллигининг энг кибор дворяни бўлиб кўринарди.
Кардинал қиролга яқинлашиб, унга бир қутичани узатди. Қирол уни очди-ю, икки дона олмос шокилани кўрди.
– Бу қандай гап? – сўради у кардиналдан.
– Ҳеч гап эмас, – жавоб берди у, – бироқ, қиролича шокилаларни тақиб келса, бунга ишонмайман-у, уларни санаб кўринг, султоним, агар ўнта чиқса, мана бу икки донасини ким ўғирлаши мумкин эди, деб сўранг.
Қирол кардиналга савол назарини ташлади, лекин унга савол билан мурожаат этишга улгуролмади: бир оғиздан олқишлар янгради. Агар қирол ўз қироллигининг энг кибор дворянларидан кўринса, қиролича ҳам, шубҳасиз, Франциянинг энг соҳибжамол аёлларидан эди.
Ростдан ҳам ов либоси унга бирам ярашган: эгнида ҳаво ранг патли фетр шляпа, тугмалари олмосдан қилинган инжу ранг бахмал нимча ва бошдан-оёқ сим тикилган ҳаво ранг атлас кўйлак. Чап кифтида пат ва кўйлак рангидаги лента билан боғланган олмос шокилалар ёниб турарди.
Қирол қувончдан, кардинал бўлса – ғазабдан ларзага келдилар; бироқ шокилаларни санаб кўрмоқ учун улар қироличадан анча йироқда эдилар; қиролича уларни таққан, лекин улар нечта – ўнтами ёки ўн иккитами?
Шу пайт скрипкачилар базмнинг бошланганини тантанавор эълон қилдилар. Қирол ўзи бирга рақс тушиши лозим бўлган коннетаблнинг рафиқаси ёнига, герсог Орлеанский аъло ҳазратлари эса қиролича ҳузурига бордилар. Ҳамма ўрнидан туриб, балет бошланди.
Қирол қиролича қаршисида рақс тушарди ва ҳар гал унинг ёнидан ўтганда ўзи санаб саноғига етолмаётган тақинчоқларга еб қўйгудай тикиларди. Кардиналнинг манглайи совуқ тер билан қопланган эди.
Балет бир соат давом этди: у ўн олти қисмдан иборат эди.
У ниҳоясига етгач, ҳар бир кавалер бутун залнинг қарсаклари остида хонимларини жой-жойига элтиб қўйди, лекин қирол ўз имтиёзидан фойдаланиб, хонимни қолдирди-да, шоша-пиша қиролича томон юрди.
– Истакларимга эътибор қилганингиз учун сизга ташаккур, хоним, – деди у, – бироқ, назаримда, икки дона шокилангиз кам, мана мен уларни сизга қайтариб бераман.
– Нима, тақсир! – ясама таажжуб билан қийқириб юборди ёш қиролича. – Сиз менга яна иккита туҳфа қиляпсизми? Аммо, унда менда ўн тўртта бўлиб кетади-ку!
Қирол санаб кўрди: чиндан ҳам ўн икки шокиланинг ҳаммаси ҳазрат олияларининг елкасида экан.
Қирол кардинални чақирди.
– Хў-ў-ш, жаноб кардинал, бу қандай гап? – қовоғини солиб сўради қирол.
– Бу шундай гапки, султоним, – жавоб берди кардинал, – мен шу икки дона шокилани ҳазрат олияларига туҳфа қилмоқчи эдим, аммо ўзим таклиф этишга истиҳола қилиб шу йўлни тутдим.
– Падари бузруквордан хўп миннатдорман, – кардиналнинг топқир илтифоти ўзини ҳаргиз лақиллата олмаганини билдириб турган табассум билан жавоб берди қиролича, – ҳазрат олийларига ўн иккитасининг ҳаммаси қанчага тушган бўлса сизга бу икки дона тақинчоқ шунчага тушган бўлса керак.
Сўнгра қирол билан кардиналга таъзим қилиб, қиролича ўзи либосини кийган ва уст-бошини алмаштириш лозим хонага қараб юриб кетди.
Шу бобнинг бошида ўзимиз тасвирини берган мўътабар зотларга қаратишга мажбур бўлиб қолган диққат-эътибор бизни д’Артаньяндан хийла чалғитиб қўйди. Анна Австрийская ўзи кардинал устидан қозонган мислсиз ғалабаси учун миннатдор бўлиши лозим кимса энди ҳеч кимга номаълум саросимага тушган ҳолда оломонга аралашиб, фақат тўрт киши: қирол, қиролича, кардинал ҳамда ўзига тушунарли кўринишни кузатиб турарди.
Қиролича ўз хонасига кирди.
Д’Артаньян энди кетмоққа шайланиб турганда, кимдир елкасига оҳиста суйканганини сезди; у орқасига ўгирилиб, имо-ишора билан изидан юришни таклиф этаётган ёш жувонни кўрди. Жувоннинг рухсори қора бахмал – ёрти ниқоб билан тўсилган, лекин, бу кўпроқ ўзгалар учун кўрилган эҳтиёт чора бўлиб, шунга қарамасдан, у дарров ўзининг мунтазам йўл бошловчиси – тийрак ва бийрон Бонасе хонимни таниди.
Арафада д’Артаньян уни чақиртирган дарвозабон Жерменникида улар бирровгина дийдор кўришган эдилар. Ёш жувон чопари эсон-омон қайтиб келгани ҳақидаги муждани қироличага етказишга шунча интиққан эдики, ошиқ-маъшуқлар бир-икки оғиз гап ташлашга аранг улгурган эдилар. Шу сабабдан д’Артаньян Бонасе хонимга икки туйғуга – муҳаббат ва синчковликка бўйсуниб эргашган эди. Кета туриб, йўлаклар ҳувиллаб боргани сайин д’Артаньян жувонни тўхтатишга, унинг қўлидан ушлашга, лоақал бир зумгина уни томоша қилишга уринарди, лекин ҳар гал у қушчадай осонгина қўлидан чиқиб кетар, гапирмоққа оғиз жуфтлаганда эса нуфузли, камоли фусунли бир ишора билан лабларига босган бармоқчаси тепасида ўзи кўр-кўрона итоат этмоғи шарт, заррача арзиҳолни ман этгувчи салтанат ҳукмронлигини эслатиб турарди. Оқибат, саноқсиз йўлка ва йўлакларни ортда қолдириб, Бонасе хоним аллақандай эшикни очдида, йигитни тимқоронғи бир хонага олиб кирди. Сўнгра у оғиз очмасликни қайтадан уқтирувчи бир ишора қилиб дарпарда ортида яширинган, орқасидан бир олам ёп-ёруғ нур ёғилиб кирган бошқа эшикни очиб, ғойиб бўлди.
Д’Артаньян қаердаман, дея ўзидан ўзи сўраганича бир зум қимир этмай турди, лекин хиёл ўтмай, қўшни хонадан тушиб турган ёруғлик, у ердан келаётган илиқ хушбўй ҳаво, эҳтиром ва айни замонда фасоҳат билан сўзлаётган бир-икки аёлнинг гаплари, бир-икки марта такрорланган «ҳазрат олиялари» деган мурожаат – буларнинг ҳаммаси ўзи қироличанинг хонасига туташ кабинетда турганини бехато аниқлаб берди.
Ёш йигит ўзини сояга урди-ю, кута бошлади.
Қиролича шод ва масъуд кўринарди, бу ҳол, афтидан, уни деярли мудом ғамгин, бесаранжом кўришга одатланган атрофидаги хонимларни жуда таажжубга солган эди. Қиролича ўз қувончини сайил кўрки – балетдан олган баҳраси билан изоҳларди, қиролича хоҳ йиғласин, хоҳ кулсин унга сўз қайтариш жоиз бўлмагани сабабли Париж шаҳрининг ҳоким жаноблари илтифотларини ҳамма кўкларга кўтариб мақтарди.
Д’Артаньян қироличани танимасди, лекин, ҳадемай унинг овозини бошқалардан дастлаб билинар-билинмас чет эл талаффузидан, сўнгра эса, олий мартаба зотларнинг ҳар сўзида беихтиёр сезилиб турадиган нуфузли оҳангдан ажратиб олди.