Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 36

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 36 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ХХ
Ака-сингил суҳбати

Лорд Винтер эшикни қулфлаб, дарчаларни беркитиб ва ўз курсисини келинининг креслоси ёнига сургунча миледи чуқур ўйга толиб, ҳар турли тахминларни хаёлидан ўтказарди ва, ниҳоят, ўзининг кимнинг қўлига тушганлигини англай олмай турган чоғида ҳатто ўйига ҳам келмаган бу ўзига қарши қаратилган махфий режани тушуниб олди.

Миледи ўз қайнағаси билан танишлиги асносида у – асл дворян, учига чиққан товламачи, устаси фаранг қиморбоз, аёллар кетидан судралиб юришни ёқтиради, лекин фитна олиб бориш уқуви йўқроқ деган хулоса чиқарди. Ахир қандай қилиб миледининг келишидан хабар топиши ва уни тутиб олиши мумкин? Уни қулф остида олиб ўтиришининг боиси нима?

Тўғри, Атос гап орасида бир-икки сўз айтган бўлиб, ундан миледи, ўзининг кардинал билан суҳбатини бегоналар эшитиб қолган, деган қарорга келган эди. Лекин Атоснинг шу қадар шитоб ва дадил муқобил чоралар кўришнинг уддасидан чиқишига миледининг ҳаргиз кўзи етмасди.

Миледи кўпроқ ўзининг Англиядаги эски қилмишлари юзага чиқиб қолдимикан деб хавфсирарди. Бэкингем икки олмос шокилани унинг қирқиб олганини фаҳмлаб қолган бўлиши ва ўша хиёнати учун ундан қасос олиши мумкин эди; лекин аёл кишига нисбатан зўравонлик қилиш, хусусан, агар уни ўзи рашк таъсирида ҳаракат қилган деб ҳисоблаган тақдирда, Бэкингемнинг қўлидан келмасди.

Бу тахмин миледига эҳтимолга энг яқин бўлиб туюлди: у келажакнинг олдини олиш эмас, балки ўтмиш учун ўзидан қасос олиш истагидалар, деб хаёл қилди.

Нима бўлганда ҳам у ҳақиқий доно душманнинг қўлига эмас, балки ўз қайнағасининг қўлига тушганига қувонарди ва ундан осонгина қутулиб кетишга умид боғларди.

– Ҳа, гаплашиб олайлик, муҳтарам оға, – деди миледи, лорд Винтер нечоғли писмиқлик қилмасин, ўзининг келгуси хатти-ҳаракати учун зарур ҳамма нарсани шу суҳбатдан билиб олишни чўтлаб хийла қувноқ алфозда.

– Хуллас, сиз, – гап бошлади лорд Винтер. – Англияга қадам босмаганим бўлсин, деб менга кўп бора билдирган қарорингизда хилоф равишда барибир Англияга қайтиб келибсиз-да?

Миледи саволга савол билан жавоб қилди:

– Энг аввало менга изоҳлаб беринг, қандай қилиб сиз устимдан шундай қаттиқ назорат ўрната олдингизки, нафақат менинг ташрифимдан, балки, қай кун ва қай соатда, қай гаванга келишимдан ҳам олдиндан воқиф эдингиз?

Лорд Винтер келинининг суҳбат усулини кўриб, энг дурусти шу бўлса керак деган тахмин билан худди миледи тутган йўлни танлади.

– Аввал сиз Англияга нега қадам ранжида қилганингизни гапириб беринг, муҳтарама синглим? – эътироз билдирди у.

– Мен сиз билан дийдор кўришгани келдим, – бу жавоби билан қайнағасининг кўнглидаги д’Артаньяннинг мактуби туғдирган шубҳаларни беихтиёр кучайтириб юбораётганидан бехабар ва бу фириб билан ўз ҳамсуҳбатининг илтифотини қозониш илинжида жавоб берди миледи.

– Шундай денг, мен билан дийдор кўришганими? – қовоғи солиниб қайта сўради лорд Винтер.

– Ҳа, албатта, сиз билан дийдор кўришгани. Бунинг нимаси ажабланарли?

– Бундан чиқди сизни Англияга ёлғиз мен билан дийдор кўришиш истаги келтирибди-да, ҳеч қандай бошқа мақсадингиз йўқмиди?

– Йўқ.

– Бундан чиқди ёлғиз мени деб сиз Ламаншдан сузиб ўтишдек оворагарчиликни бўйнингизга олибсиз-да?

– Ёлғиз сизни деб.

– Азбаройи шифо! Ана оқибат-у, мана оқибат, синглим!

– Мен сизнинг энг яқин қариндошингиз эмасманми, ахир? – товушида сел қилгувчи соддаликни ифодалаб сўради миледи.

– Ҳам ҳатто менинг бирдан-бир меросхўрим ҳам-а, шундай эмасми? – миледига тик қараб ўз навбатида сўради лорд Винтер.

Ўзининг бор иродасига қарамасдан миледи беихтиёр қалтираб кетди ва шу сўзларни айта туриб лорд Винтер қўлини келини кифтига қўйганлиги сабабли бу титроқ унинг диққатидан четда қолмади.

Зарба ҳақиқатан ҳам мўлжалга бориб тегди-ю, жонжонидан ўтиб кетди.

Миледи дастлаб ўзини Кетти сотган, деб ўйлади, сўнгра эса миледи эҳтиётсизлик қилиб канизи олдида фош қилиб қўйган унга нисбатан таъмагирли ва шу боисдан ғаразли муносабатни баронга Кетти айтиб берган деган фикр келди; у яна қайнағасининг ҳаётини сақлаб қолгандан кейин ўзининг д’Артаньянга қилган қаҳрли ва эҳтиётсиз ҳамласини эсга олди.

– Мен тушунмай турибман, милорд, – деб фурсат ютмоқ ва ўз рақибининг ичидаги гапини айтишга мажбур этмоқ учун ўсмоқчилади у, – сиз нима демоқчи бўляпсиз? Гапингизнинг тагида гап бор бўлмасин яна?

– Албатта, йўқ, – ясама кўнгилчанлик билан деди лорд Винтер. – Сизда мени бир кўриб кетиш истаги туғилади ҳамда сиз Англияга келасиз. Мен бу истакдан хабар топиб қоламан ёки гапнинг очиғи кўнглим сезади, тунда келишнинг барча дилсиёҳликларидан ва тушишнинг барча мушкулотларидан сизни фориғ этгани офицерларимдан бирини истиқболингизга юбораман. Мен яна унинг ихтиёрига извош бериб қўяман ҳамда у шу ерга – мен қатнаб турадиган, мен сизга хона ҳозирлашни буюрган, мен нозири бўлмиш шу қалъага сизни ўзларининг икки томонлама дийдор кўришиш истагини қондирсинлар деб келтириб қўяди. Буларнинг ҳаммаси сизнинг менга айтган гапларингиздан ҳам бадтар ажабланарли бўлиб туюляптими ҳали сизга?

– Йўқ, мен фақат сизнинг менинг келишим борасида огоҳ этилганингизни ажабланарли деб топяпман.

– Э, бунисининг изоҳи жуда жўн, муҳтарама синглим: портга киришга рухсат олиш учун кемангизнинг капитани рейдга туришдан олдин кема журнали ҳамда команда аъзолари билан йўловчиларнинг рўйхатини кичикроқ қайиқ орқали илгарироқ юборганини пайқамадингизми, ахир? Мен порт бошлиғиман, ўша рўйхатни менга келтириб беришди ҳамда мен ундан сизнинг номингизни ўқиб қолдим. Юрагим менга ҳозир тилингиз тасдиқлаб берган нарсаларни айтди: нимани деб сиз эндиликда кўп мушкул бўлиб қолган денгиздан ошиш, хавф-хатарларга ўзингизни дучор қилганингизни тушуниб олдим-да, сизга пешвоз ўз катеримни юбордим. Қолганлари сизга маълум.

Миледи лорд Винтернинг ёлғон гапираётганини фаҳмлади ҳамда бу уни баттар қўрқитиб юборди.

– Муҳтарам оға, – тилга кирди у яна, – бугун кечқурун гаванга кираётганимизда тўлқинтўсар устида кўрганим милорд Бэкингем эмасмиди?

– Ҳа, ўша. Ҳа-а, тушуниб турибман! Уни кўриб қолиб сиз ҳаяжонга тушгансиз: сиз унинг хаёли, афтидан, ҳаммани ташвишга солиб қўйган мамлакатдан келгансиз, унинг уруш тадориклари дўстингиз кардинални жуда овора қилиб қўйганидан ҳам хабарим бор.

– Менинг дўстим кардинални?! – қичқириб юборди миледи бу жиҳатдан ҳам лорд Винтер сиёқидан яхши огоҳлигига амин бўлиб деди.

– У киши сизнинг дўстингиз эмасми, ахир? – парвойи фалак бир тарзда сўради барон. – Агар янглишган бўлсам узр: менга шундай туюлар эди. Лекин милорд герсогга кейин қайтармиз, ҳозир эса ўша суҳбатимиз кирган ўта таъсирли йўналишдан чекинмайлик. Гапингизга қараганда, мени бир кўриб ўтай деб келибсиз-да?

– Ҳа.

– Илож қанча, мен сизга ҳаммаси хоҳишингизга мувофиқ, ташкил этилган ҳамда биз ҳар кун кўришиб турамиз, деб жавоб қилдим.

– Нима энди, мен шу ерда умрбод қолиб кетишим керакми? – даҳшат аралаш сўради миледи.

– Эҳтимол, бу ердаги баъзи нарсалар сизга малол келаётгандир, синглим! Нима камчилик бўлса талаб қилаверинг, мен ҳаммасини муҳайё қилишга уринаман.

– Менда на чўрилар, на қароллар бор…

– Буларнинг ҳаммаси сизда бўлади, хоним. Менга айтинг-чи, биринчи эрингиз даврида рўзғорингиз қандай эди, гарчи мен атиги қайнаға бўлсам-да, ҳаммасини ўша мақомга солиб бераман.

– Биринчи эрим даврида? – лорд Винтерга паришон кўзларини бақрайтириб деди миледи.

– Ҳа, француз эрингиз даврида, мен ўз акам хусусида гапирмаяпман… Дарвоқе, мабодо буни фаромуш қилган бўлсангиз, у ҳали барҳаётлиги важҳидан мен унга ёзиб юборишим мумкин, у киши зарур маълумотларни менга хабар қилади.

Миледининг манглайидан совуқ тер чиқиб кетди.

– Сиз ҳазил қиляпсиз! – овози бўғилиб гапирди у.

– Нима, мен ҳазилкашга ўхшайманми? – ўрнидан турган ва бир қадам тисарилган кўйи сўради барон.

– Ёки очиғи мени ҳақорат қиляпсиз, – бармоқларини кресло суянчиғига жон ҳолатда қадаб ва қўзғалиб қўйиб давом этди миледи.

– Сизни ҳақорат қиляпманми? – ижирғаниб кулимсиради лорд Винтер. – Наинки бунинг иложи бор деб ўйласангиз, хоним?

– Муҳтарам афандим, сиз ё мастсиз, ё ақлдан озгансиз, – деди миледи, – йўқолинг бу ердан ва менга хизмат қилиш учун бирорта аёл юборинг.

– Аёллар маҳмадона бўлади, синглим! Мен сизга оқсоч ўрнини боса олмайманми? Шу зайл оилавий сирларимизнинг ҳаммаси ошкор бўлмайди.

– Имонсиз! – ғазаби қайнаб қичқирди миледи ва қўлларини қовуштириб, лекин ҳар тугил биттасини қилич сопига қўйиб шай турган баронга ташланди.

– Ие! – деди у. – Мен одамларни ўлдириш одатингиз борлигини биламан, лекин огоҳ этаман, мен сизга қарши бўлса ҳам ўзимни ҳимоя қила оламан.

– О, нимасини айтасиз, – деди миледи, – аёл нарсага қўл кўтаришдан сиз ор қилмассиз.

– Ҳа, балким. Бунинг устига бирор дастак топиб қоларман: менинг қўлим, чамамда, сизга кўтарилгувчи биринчи эркак қўли бўлмас.

Лорд Винтер айбловчи оҳиста ишора билан деярли қўлини тегизиб, миледининг чап кифтини кўрсатди.

Миледи ириллашга ўхшаш бўғиқ нола қилди-да, худди сакрашга чоғланган қоплон сингари хонанинг энг ичкари кунжагига тисарилди.

– Кўнглингиз тусаганича ириллайверинг, – деди босиқлик билан лорд Винтер, – лекин тишлашга урина кўрманг! Зеро, огоҳ этиб қўяй, сиз учун бунинг оқибати ёмон бўлади: бу ерда мерос ҳуқуқларини аниқлаб бергувчи прокурорлар йўқ, дарвеш валламатлар йўқки, мен тутқун этган гўзал хоним касофатига мени муборазага чақирсалар, лекин шай турган ҳакамларим бор, зарур келиб қолган тақдирда улар беҳаёлиги, бошида тирик эри туриб, менинг акам лорд Винтернинг қўйнига кириб олишгача бориб етган аёлнинг жазосини беришади ҳамда огоҳ этаманки, бу ҳакамлар сизнинг бир кифтингизни иккинчисига ўхшатиб қўяжак жаллодлар қўлига топширадилар.

Миледининг кўзлари ғазабдан бирам чақнаб кетдики, лорд Винтер гарчи эркак киши бўлса-да ҳамда қуролсиз аёл қаршисида қуролланган ҳолда турган бўлса-да, кўнглида ваҳима қўзғалганини ҳис қилди. Лекин барибир у энди ғазаби авж олиб гапиришда давом этарди:

– Ҳа, тушуниб турибман, акамнинг меросидан кейин менинг мол-мулкимга ҳам ворис бўлиб олсангиз жон дердингиз. Лекин олдиндан билиб қўйинг: мени ўлдиришингиз мумкин, ёнимга қотил юборишингиз мумкин – мен бу ҳолни кўзда тутиб эҳтиёт чораларини кўриб қўйдим: мулкимдаги нарсалардан бирор пенниси сизнинг қўлингизга ўтмайди. Пулингиз миллионга яқин бўлса-ю, давлатингиз етмайдими, ахир? Мудом ёвузлик қилавериб, қониқмаган бўлсангиз ҳам бу ҳалокатли йўлингизда тўхташ пайти келмадимикан? О, гапимга ишонинг, агарда акам хотираси мен учун муқаддас бўлмаганда эди, мен сизни бирорта давлат қамоқхонасида чиритиб юборган ёки оломонга эрмак қилиб Тайбернга5757
  Тайберн – эски Лондондаги очиқ жазо амалга ошириладиган гузар.


[Закрыть]
жўнатиб юборган бўлардим. Мен тек юраман, лекин сиз ҳам ҳибсдан нолимасдан бардош беришга мажбурсиз. Ўн беш-йигирма кунлардан кейин мен армия билан Ларошелга жўнаб кетаман, лекин жўнашим арафасида сизга кема келади, у менинг кўз ўнгимда жўнаб, сизни жанубий мустамлакаларимизга элтиб қўяди. Мен ёнингизга одам тайинлаб қўяман ва хотиржам бўлингки, Англияга ёки қитъага қайтишга дастлабки уринишингиздаёқ у манглайингиздан дарча очиб қўяди.

Миледи зеҳн қўйиб, диққат билан тинглаганидан унинг чақноқ кўзларининг қорачиғлари кенгайиб кетган эди.

– Ҳа, энди сиз шу қалъада кун кечирасиз, – дея давом этарди лорд Винтер. – Унинг деворлари қалин, эшиклари жуда вазмин, деразадаги панжаралари пухта: бунинг устига деразангиз денгизнинг нақ устигинасида жойлашган. Экипажимдаги менга садоқати чексиз одамлар шу хона тагида посбонлик қилишмоқда ҳамда ҳовлига элтгувчи барча йўлларни қўриқлашмоқда. Борди-ю, сиз у ерга чиқиб олганингизда ҳам яна учта темир панжаралардан ўтиб олишингизга тўғри келган бўларди. Қатъий фармойиш берилган: қочишга уринишдан далолат бергувчи бирор қадам, бирор ҳаракат, бирор сўз зоҳир этсангиз кифоя – сизга қараб отадилар. Башарти, сизни ўлдириб қўйсалар, ишонаманки, адолатли инглиз ҳакам аҳли оворагарчиликдан халос қилганим учун мендан миннатдор бўлади… афтингизда аввалги хотиржамлик ва манманлик аломати пайдо бўлди-ку! Сиз ўзингизча мулоҳаза қиляпсиз: «Ўн беш-йигирма кун… Ҳечқиси йўқ, менинг ақлим топқир, у пайтга бориб бирор нарса ўйлаб топарман!

Мен ўлгудек ақллиман, битта-яримта қурбон топарман. Ўн беш кундан кейин мен бу ерда бўлмайман»… – деяпсиз сиз ўзингиз… Майли, бир уриниб кўринг!

Миледи, лорд Винтер фикрларини пайқаб қолганини кўриб руҳиятининг ўз чеҳрасига ҳасратли ғам ифодасидан бўлак бирор маъно бериши мумкин бўлган заррача қўзғалишини ҳам босишга уриниб, тирноқларини кафтларига санчганча ўтирарди.

Лорд Винтер давом этарди:

– Мен йўғимда бу ерда бошлиқ бўлиб қолажак офицерни кўриб қўйдингиз ва, бинобарин, уни таниб олдингиз. У ўзингиз қаноат ҳосил қилганингиздек фармойишларни ижро этишни билади: Портсмутдан бу ерга келишда сиз, албатта мен сизни биламан-ку, уни гапга аралаштиришга уриниб кўргансиз. Хўш, нима дейсиз? Мармар ҳайкал ундан камсуханроқ ва лоқайдроқ бўлиши мумкинми? Сиз ўз фусунларингиз ҳукмини кўпларда синаб кўргансиз ва таассуфки, муттасил муваффақият билан. Уни шу одамда ҳам бир синаб кўринг-а ва, азбаройи шифо, ўйларингиз устидан чиқсангиз, сиз азроилнинг ўзисиз деб кафил бўлишга тайёрман!

Лорд Винтер эшик тагига борди-да, уни кескин ҳаракат билан очди.

– Ҳузуримга жаноб Фельтон чақирилсин? – фармойиш берди у ва миледига мурожаат этиб деди: – Ҳозир мен уни сизга таништираман.

Бу икки зот ўртасида оғир сукунат ҳукм суриб қолди; сўнгра чўккан сукунат ичида хона томон яқинлашиб келгувчи оҳиста ва бир маромдаги қадамлар эшитилди. Ҳадемай даҳлизнинг нимқоронғисида одам қомати кўзга чалинди ҳамда биз танишиб бўлган ёш лейтенант барон буйруқларини кутиб, бўсағада тўхтади.

– Киринг, азизим Джон, – гап бошлади Лорд Винтер, – киринг-да, эшикни ёпиб қўйинг.

Офицер кирди.

– Энди эса, – гапида давом этди барон, – мана бу аёлга қаранг. У ёш, у гўзал, у барча фоний фусунларга моликдир. Хўш! Бу атиги йигирма беш яшар дўзахи шунча жиноятлар қилиб қўйганки, бундай саноққа сиз ҳакамларимизнинг бир йиллик архивини титиб ҳам ета олмайсиз. Овози у фойдасига мойил этади, ҳусни эса қурбон учун хўраклик қилади, тани у ваъда этган нарсани тўлайди – бу жиҳатдан унга тан бермоқ керак. У сизни ром қилишга, балки ҳатто ўлдиришга уриниб кўради. Мен сизни муҳтожликдан чиқариб олдим, мен сизга лейтенантлик рутбасини бердим, мен бир қур сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолдим – қандай шароитдалиги эсингизда. Мен нафақат ҳомий, балки дўст ҳам бўламан, нафақат валинеъмат, балки ота ҳам бўламан. Бу аёл менинг ҳаётимга суиқасд этгани Англияга қайтиб келди. Мен бу илонни қўлимда ушлаб турибман, мана энди сизни чақириб олиб илтимос қиляпман: дўстгинам, Фельтон, Джон бўтам, мени эҳтиёт қил, хусусан эса ўзинг бу аёлдан ҳазар қил. Уни лойиқ жазо учун сақлаб қолишга имонинг ҳаққи қасам ич. Джон Фельтон, мен сенинг сўзингга ишонаман! Джон Фельтон, мен сенинг виждонингга ишонаман!

– Милорд, – миледига ташлаган назарига ўз қалбидан топа олган бор нафратини жо этиб жавоб берди ёш офицер, – милорд, сизга қасам ичиб айтаманки, ҳаммаси кўнглингиздагидек бўлади.

Миледи ожиза бир қурбон сиёқида бу нигоҳга чидаш берди; унинг гўзал юзида чизилгандан итоатлироқ ва беозорроқ ифодани тасаввурга сиғдиришнинг иложи йўқ эди. Лорд Винтер бундан бир дақиқа бурун ўзи олишишга чоғланган арслонни унинг сиймосида базўр таниди.

– У бу хонадан чиқмаслиги шарт, эшитяпсизми, Джон? – гапини давом эттирарди лорд Винтер. – У ҳеч ким билан мухобарада бўлмаслиги шарт, уни сўзлашиш шарафига ноил этсангиз, сиздан бўлак ҳеч ким билан гаплашмаслиги шарт.

– Мен қасам ичдим, милорд, шу кифоя.

– Энди бўлса, хоним олло-таоло билан муроса қилишга ҳаракат қилинг, зеро инсон ҳукми бошингизга тушди.

Миледи бўйнини эгиб, мулзам туриб қолди.

Лорд Винтер қўл имоси билан Фельтонни ортидан юришга таклиф қилди-да, хонадан чиқиб кетди. Фельтон унинг изидан чиқди-ю, эшикни қулфлади.

Бир зум ўтгач, даҳлизда белида ойболта, қўлида мушкет билан эшик тагида қоровулликда тургувчи денгиз пиёда аскарининг вазмин қадамлари эшитилди.

Миледи, ўзини калит тешигидан кузатишяпти, деган хаёлда бир-икки дақиқа ўша ҳолатида қолди, кейин у секин бошини кўтарди-ю, юзига қайтадан ваҳимали таҳлика ва қаршилик ифодаси югурди. У эшик ёнига чопиб борди-да, қулоқ солиб турди, сўнгра деразага қараб қўйди, ундан нари кетиб, каттакон креслога чўкиб, ўйга толди.

XXI
Офицер

Бу ўртада кардинал Англиядан бирор хабар кутар, лекин кўнгилсиз ва таҳдидли хабарлардан бўлак ҳеч қандай дарак келмасди.

Гарчи Ларошел ҳалқада қисилиб қолган, гарчи қамал муваффақияти кўрилган тадбирлар шарофати, хусусан эса қайиқларнинг қамалдаги шаҳарга киришига тўсқинлик қилиб турган тўғон шарофати билан муқаррар туюлса-да, шунга қарамасдан, Людовик XIII билан Анна Австрийскаяни уриштиришга ортиқ ҳожат қолмаган эди, лекин герсог Ангулемский билан айтишиб қолган жаноб де Бассомперни яраштириши лозим бўлган кардиналнинг кайфини бузиб, қирол лашкарларини зўр иснодга қолдириб, қамал ҳали яна кўп чўзилиши эҳтимоли бор эди.

Қиролнинг укасига келганда, у қамални бошлаб берди, холос, уни тугатиш ғамини эса кардиналга ташлаб қўйди.

Шаҳар ўз мерининг фавқулодда саботини юзхотир қилмасдан таслим бўлмоқчи эди ва шу боисдан ғалаён кўтаришга уриниб кўрди, лекин мер исёнчиларни осишга буюрди. Бу қатл энг қизиққон бошларни ҳам совутди-ю, улар ундан кўра очликдан сулайиб қолган маъқул деб аҳд қилдилар: уларга бу хил ҳалокат дордаги ажалдан анча давомли ва анча бетайинроқ бўлиб туюларди.

Қамал этгувчилар ҳар замонда ларошелликлар Бэкингем ҳузурига жўнатган чопарларни ёки Бэкингем ларошелликлар ёнига юборган жосусларни тутиб олардилар. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам ҳукм қисқа бўлиб, кардинал «Осилсин», – деган биргина сўзни айтар эди. Қатлни томоша қилишга қиролни таклиф этардилар. Қирол истар-истамас юриб келар ва маросимни батафсил кўриш учун қулай жойга туриб оларди. Бу нарса унинг зерикишига ва ҳар дақиқа Парижга қайтиши мавзусида сўз юритишга монелик қилмаса-да, лекин барибир бу нарса ҳарна унинг кўнглини очар, кўпроқ бардош билан аламини ичига ютишга мажбур этардики, хуллас, чопарлару жосуслар бўлмаган ҳолда падари бузруквор ўзининг бор топқирлигидан қатъи назар жуда мушкул аҳволда қолган бўларди.

Бироқ вақт ўтиб борар, ларошелликлар эса бўш келмасдилар. Ҳужумкорлар қўлга туширган сўнгги чопар Бэкингемга мактуб олиб кетмоқда эди. Рост, мактубда шаҳар ниҳоятда ночор аҳволга тушиб қолгани маълум қилинарди, лекин унинг охирида: «Агар сизнинг кўмагингиз икки ҳафта ичида етиб келмаса, биз таслим бўламиз», – деган гап йўқ, балки шунчаки: «Агар сизнинг кўмагингиз икки ҳафта ичида етиб келмаса, то у етиб келар пайтга бориб биз ҳаммамиз очлигимиздан ўлиб кетамиз» – дейилган эди.

Хуллас, ларошелликлар ёлғиз Бэкингемга умид боғламоқда эдилар. Бэкингем уларнинг нажот фариштаси эди. Борди-ю, Бэкингемга умид боғлашга ҳожат қолмагани уларга аниқ маълум бўлиб қолганда эди, улар умидларига қўшиб матонатини ҳам бой бериб қўйиши турган гап эди.

Шу боисдан кардинал Англиядан Бэкингемнинг Ларошелга етиб келмаслиги хусусида хабарларни тоқати тоқ бўлиб кутарди.

Шаҳарни бир забт билан биратўла босиб олиш масаласи қирол кенгашларида тез-тез муҳокама қилиниб турарди, лекин уни ҳамиша рад этардилар: биринчидан, Ларошел мустаҳкам кўринар, иккинчидан эса кардинал ўзи нималар деб юрганда ҳам французларнинг французларга қарши жанг қилишига тўғри келадиган бу хил хунрезлик сиёсатда олтмиш йил орқага чекиниш бўлишига жуда яхши фаҳми етарди, кардинал эса, ҳозир таъбир қилишларича, ўз замонаси учун илғор киши бўлганди. Дарҳақиқат, Ларошелни тор-мор келтириш ва таслим бўлишга кўнгандан кўра ўлимига рози уч ёки тўрт минг гугенотларни ўлдириш 1628 йилнинг ўзида 1572 йилнинг Варфоломеев тунига ҳаддан ташқари ўхшаб кетган бўларди ҳамда оқибат натижада ашаддий католик сифатида қиролнинг ўзи ҳам ҳаргиз ҳазар қилмаётган бу ноилож чора қуйидаги Ларошелни очликдан ўзгача йўл билан қўлга киритиб бўлмайди, деган дастакни рўкач қилгувчи қамалчи генераллар томонидан мудом рад этилиб келинарди.

Кардинал ўзининг даҳшатли вакиласи солаётган юрагидаги беихтиёр ғулғулани фориғ қилолмасди: у ҳам ҳали илон, ҳали арслон бўлиб туюлгувчи бу аёлнинг ғалати хусусиятларини пайқаб қолган эди. Унга вакиласи хиёнат қилмадимикан? Ўлиб қолмадимикин? Нима бўлганда ҳам кардинал уни етарли даражада яхши ўрганиб олган ҳамда билардики, у ўзининг манфаати учун ёки ўзига қарши ҳаракат қилиб юрибдими, унга дўст ёки душманми бундан қатъи назар фақат агар бунга уни катта ғовлар мажбур қилиб қўйган бўлса, у бекор юрмаяпти. Бироқ бундай ғовлар қайдан ҳам пайдо бўлсин? Кардинал мана шунинг тагига етолмай доғда эди.

Дарвоқе, у миледига қаттиқ ишонарди, бунга асос ҳам йўқ эмас эди: бу аёлнинг ўтмиши фақат ўзининг алвон ридосигина ёпиб қолиши мумкин даҳшатли нарсаларни пинҳон тутишига унинг фаҳми етиб турарди ҳамда у ё бу сабабга кўра бу аёл унга содиқлигини сезиб турарди, зеро, ўзига таҳдид солаётган хавф-хатарга қарши ёлғиз кардиналдан паноҳ ва мадад топа олиши мумкин.

Хуллас, у урушни танҳо ўзи олиб боришга ва четдан мададни – бахтли тасодифни кутганларидек кутишга жазм қилди. У Ларошел аҳолисини очликдан нобуд қилиши лозим машҳур тўғонни барпо этишда давом этарди. Шу нарса илинжида шунча даҳшатли фалокатларни ва шунча қаҳрамонона эзгуликларни ўз ичида жо этган бахтиқора шаҳарни томоша қилган кўйи у ўзи Робеспернинг ўтмишдоши бўлгани каби ўзига ўтмишдош бўлмиш Людовик XI нинг сўзларини хотирга олди. Тристан5858
  Тристан – Людовик XI даврининг давлат арбоби (XV аср).


[Закрыть]
нинг ҳомийсининг қоидасини хотирга олди: «Ҳукмронлик қилмоқ учун бўлиб ташла».

Парижни қамал қилишда Генрих IV шаҳар деворларидан ошириб нон ва бошқа егулик озуқалар ташлашни буюрган эди; кардинал эса сардорларининг хатти-ҳаракатлари нақадар ноҳақ, худбин ва шафқатсизлигини ларошелликларга уқтириб, шахсан ўзи битган мактубларни ташлаб туришга фармойиш берди. Бу сардорларда нон сероб бўлса ҳам, лекин улар аҳолига улашиб бермас эдилар; улар амал қилган қоида (уларнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бўлган) шу эдики – аёллар, чоллар ва ёш болалар ўлиб кетса фарқи йўқ, шаҳар деворларини мудофаа қилиш бурчи бўлмиш эркаклар соғлом ва бақувват қолсалар бас. Тўғри, у пайтга бориб бу қоида ҳали оммавий равишда татбиқ қилинмаганди, лекин аҳолининг унга қарши туришга ожизлиги оқибатидами, уларнинг фидойилиги оқибатидами у назариядан амалга ўтиб бўлган эди; кардиналнинг хуфия мактублари унинг шаксизлигига, ишончга путур етказди, мактублар эркакларга ўлимга маҳкум ёш болалар, аёллар ва мўйсафидлар, уларнинг ўғиллари, хотинлари ва оталари бўлишини, умумий офатни ҳамма кўрган тақдирдагина адолатлироқ бўлишини ҳамда у ҳолда бошга тушган умумий кулфат аҳолини якдил қарорларга олиб келажагини эслатиб турарди.

Бу хуфия мактублар худди уларни битган киши кутган таъсирини ўтказди: талай фуқароларни қирол армияси билан бир томонлама музокараларга бош қўшишга мойил қилди.

Лекин сўнг кардинал ўзи синовдан ўтказган воситанинг самараларини кўрган ва уни ишга солганидан қувониб турган бир пайтда Ларошел фуқароларидан бири қирол лашкарлари чизиғидан ўтишнинг уддасидан чиқиб – ёлғиз худо билади, ўз навбатида кардиналнинг сергак назорати остида бўлган Бассомпер, Шомберг ва герсог Ангулемскийларнинг эс-ҳушини у қандай қилиб ўғирлади экан, Ларошел фуқароларидан бирини айтяпмиз, шаҳарга тўппа-тўғри Портсмутдан кириб борди-да, у ерда нари борса бир ҳафтадан кейин сузиб кетишга шай турган ҳайбатли флотни кўрганини маълум қилди. Устига-устак: Бэкингем шаҳар ҳокимини Францияга қарши улуғ иттифоқ ниҳоят тузилажагидан ҳамда инглиз, империя ва испан қўшинлари Францияга бир йўла бостириб киражагидан воқиф этган эди. Бу мактуб шаҳарнинг жамики майдонларида оммавий равишда ўқилган, унинг нусхалари чорраҳаларда осиб ташланган ҳамда ҳаттоки ўша қирол армияси билан музокаралар бошлаганлар ҳам бу қадар тантанавор ваъда этилган мадад келгунча кута туришга қарор қилиб, уни узиб қўйган эди.

Бу ногаҳоний ҳол Ришельеда илгариги хавотирларни қўзғатди-да, уни беихтиёр яна кўзларини денгизнинг нариги томонига тикишга ундади.

Бу орада ўзининг ягона ва чинакам раҳнамоси ташвишларидан узоқда бўлган қирол армияси шод-хуррам кун кечирмоқда эди. Егулик озуқа ҳам, пул ҳам қароргоҳда мўл-кўл эди; барча қисмлар бир-бирлари билан шўхлик ва турли эрмакларда рақобат қилардилар. Жосусларни тутиб олиб уларни осмоқ, тўғонга ва денгизга қалтис сафарлар уюштирмоқ, энг бемулоҳаза хуружлар қўзғамоқ ва уларни совуққонлик билан ижро этмоқ – мана армияни банд этган, очлик ва уқубатли мунтазирлик азобидаги ларошелликлар тугул уларни сабр-тўзим билан безор қилгувчи кардинал учун ҳам узоқ кечган кунлар уларни андармон этган ишлар.

Кардинал бир оддий отлиқ сингари нуқул от миниб юргани-юрган бўлиб, ўзи Франциянинг ҳамма тарафидан чақиртириб олган муҳандислар томонидан ўзининг бевосита раҳбарлиги остида барпо этилгувчи, унинг назарида ёмон сусткашлик билан тикланаётган истеҳкомларга ўйчан назар ташларди. Агар кезиб юрган пайтлари де Тревиль полкининг битта-яримта мушкетёрига дуч келиб қолгудай бўлса, у гоҳида унга яқинроқ йўлар, диққат билан разм солар ва бизнинг тўрт дўстимизнинг бирортасини ундан таниб олмагач, ўзининг зукко назарини ва теран идрокини бўлак нарсаларга қаратарди.

Кунлардан бир кун шаҳар билан музокаралардан ортиқ умид қилмасдан ҳамда Англиядан ҳамон ҳеч хатхабар олмасдан ўлгудай хуноб бўлиб, кардинал ёлғиз Каюзак ва Ла Удинер ҳамроҳлигида бирон-бир мақсадсиз, фақат бир оз айланиб келмоқ учун уйдан чиқди. У қумлоқ соҳил бўйлаб сўнгсиз орзу-хаёлларга ғарқ бўлиб, поёни йўқ океанни томоша қилиб борарди. У шошмасдан адирга ўрлаб, нарироқда, иҳота қорасида бу мавсумда аҳёнда-аҳёнда мўралагувчи қуёш нурларида исиниб ётган теварагида эса бўш шишалар сочилган етти кишига кўзи тушди. Бу одамларнинг тўрттасидан бири боягина олган мактубни эшитишга тараддудланиб турган бизнинг мушкетёримиз эди. Бу мактуб чунонам муҳим эдики, улар шу мактубни деб ноғорага терилган карта ва соққаларга қарамай қўйишганди.

Қолган учтаси похолга ўроғлик каттакон колиур шароби шишасининг оғзидан сақичини кўчириш билан овора эди: булар йигитларимизнинг хизматкорлари эдилар.

Кардиналнинг, айтиб ўтганимиздек, авзойи бузуқ эди, шу кайфиятида эса ҳеч нима унинг тундлигини ўзгаларнинг вақтичоғлигичалик оширолмасди. Устига-устак унинг қизиқ феъли бор эди: у мудом бошқаларнинг хурсандчилигига сабаб айни ўзини қайғуга солиб турган нарса деб хаёл қиларди. Каюзак билан Ла Удинбергга тўхташни ишора қилиб, кардинал отдан тушди-да, қадам товушларини ўчиргувчи қум ва ўзини пана қилиб тургувчи иҳота туфайли ўзига ғоят қизиқарли туюлаётган суҳбатдан бир-икки оғиз гап эшитиб қоларман, деган умидда шубҳали улфатлар сари йўналди. У иҳотадан ўн қадам берида пайдо бўлиб, гасконликнинг талаффузини таниди, бундан ҳам илгарироқ, буларнинг мушкетёрларлигини кўриб қолгани сабабли эса у қолган учтаси ўша ажралмас ошналар деб аталмишлар, яъни Атос, Портос ва Арамисларлигига ортиқ шубҳа қилмади.

Бу кашфиётдан унинг уларнинг суҳбатини эшитиб олиш истаги нақадар кучайиб кетганини тасаввур қилмоқ осон; унинг кўзлари ғалати тусга кирди-ю, у мушук юриш қилиб, иҳота ёнига писиб борди. Лекин ҳеч бир аниқ маъноси йўқ бир-иккита мубҳам товушларни илғагунча бўлмай, тўсатдан баланд қўпол хитоб уни сескантириб юборди ва мушкетёрларнинг диққатини унга жалб қилди.

– Офицер! – бақирди Гримо.

– Оғзингизни очдингиз шекилли, ярамас! – тирсакларига суянган ва Гримога ғазабдан чақнаб кетган нигоҳини қадаган кўйи деди Атос.

Гримо ортиқ бир сўз ҳам қўшмади, фақат қўлини бигиз қилиб, бу ишора билан кардинал ва унинг маиятининг келганидан дарак бериб, иҳота тарафга узатди, холос.

Бир сапчиб мушкетёрлар тикка турдилар-да, эҳтиром билан таъзим қилдилар.

Кардиналнинг сиёқидан, жон-пони чиқиб кетган эди.

– Жаноб мушкетёрлар ўзларини пойлашни буюряптилар чоғи! – гап ташлади у. – Қуруқликдан инглизлар келмаяптими ишқилиб? Ёким мушкетёрлар ўзларини катта офицер деб гумон қиляптиларми?

– Зоти олийлари, – деб Атос жавоб берди, негаки умумий саросима ичида фақат у ўзини ҳеч қачон тарк этмайдиган ўша асл кибор сиполигию совуққонлигини сақлаб қолган эди, – зоти олийлари, мушкетёрлар хизмат ўтамаган ёки хизмати тугаган пайтлари ичишади ва соққа ўйнашади, улар ҳам ўзларининг хизматкорлари учун жуда юқори мартабали офицердирлар!

– Хизматкорлармиш! – тўнғиллади кардинал. – Бирор киши ўтиб кетаётганидан ўз соҳибларини огоҳ этиш буюрилган хизматкорлар хизматкор эмас, соқчи бўладилар.

– Падари бузрукворимиз, бироқ ўзингиз кўриб турибсиз, агар биз бу эҳтиёт чорасини кўрмаганимизда сизга ўз эҳтиромимизни билдириш ва бизга қилган иноятингиз учун, ҳаммамизни бирга қўшиб қўйганингиз учун ташаккурларимизни изҳор этиш фурсатини бой бериб қўйган бўлармидик. Д’Артаньян, – гапини давом эттирди Атос, – сиз боягина зоти олийларига фурсатини топиб, миннатдорчилигингизни билдириш истагингиз хусусида гапириб эдингиз: фурсати келди, ундан истифода қилиб қолинг.

Бу гап таҳликали дамларда Атосни ажратиб тургувчи вазмин совуққонлик билан ҳамда гоҳи дақиқалар уни туғма қироллардан ҳам шукуҳлироқ қилиб юборгувчи ўта тавозе билан айтилди.

Д’Артаньян яқин йўлаб, бир-иккита ташаккурли сўзларни ғўлдиради, лекин бирпасда кардиналнинг хомуш нигоҳи остида гапи оғзида қолиб кетди.

– Барибир, жаноблар, – дея тилга кирди Ришелье афтидан, Атоснинг луқмаси унинг дастлабки ниятидан ҳаргиз айнитолмаганди. – Барибир жаноблар, оддий аскарларнинг ёлғиз имтиёзли қисмда хизмат ўташ афзаллигига моликлиги важҳидан ўзларини кибор мансабдорлар қилиб кўрсатиб юришларини ёқтирмайман: улар ҳамма қатори интизомга риоя қилмоқлари шарт.

Атос, кардинал гапини охиригача гапириб олишига қўйиб берди-да, маъқул маъносида таъзим қилгач, жавоб қилди:

– Биз ҳеч нима билан интизомни бузмадик, деб умид қиламан, зоти олийлари. Биз шу тобда хизмат ўтаётганимиз йўқ ҳамда ўз вақтимизни ўз майлимизча ўтказишимиз мумкин деб ўйлабмиз. Мабодо, сиз, падари бузруквор бирор махсус фармойиш бериб бизни бахтиёр этишни мақбул кўрсангиз, биз итоат этишга тайёрмиз. Ўзингиз кўриб турибсиз, зоти олийлари, – бу сўроқ тоқатини тоқ қила бошлаганлиги сабабли қовоғини солиб давом этарди мушкетёр, – биз салгина хавфу хатарга ҳам шай турмоқ учун ўзимиз билан яроғларимизни ҳам ола келганмиз.

У кардиналга устида карта ва соққалар ётган ноғора олдида чорпоя қилиб тикланган тўрт мушкетга ишора қилди.

– Кўнглингиз тўқ бўлсин, падари бузруквор, агар сизни шундай кам сонли маият билан яқин йўлашингизни гумон қила олганимизда эди, – қўшимча қилди д’Артаньян, – биз истиқболингизга чиққан бўлардик.

Кардинал мўйлаб ва лабларини тишлаб турарди.

– Биласизларми, қуролланган ва хизматкорлар томонидан қўриқланган ҳолда шу тобдагидек жамулжам бўлган пайтларда кимга ўхшайсизлар? – сўради кардинал. – Сизлар тўрт иғвогарга ўхшайсизлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации