Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 18

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXIV Шийпон

Соат тўққизда д’Артаньян казарманинг олдида ҳозир бўлиб, Планшени тамом тап-тайёр ҳолда топди. Тўртинчи от етиб келган эди.

Планше мушкет ва пистолетлар билан қуролланганди.

Д’Артаньяннинг ёнида қилич билан камарига қистирилган икки пистолет бор эди. Улар отларига миниб, товуш чиқармай жўнаб кетдилар. Қоп-қоронғи бўлгани учун уларнинг кетаётгани сезилмай қолди. Планше орқада, соҳибидан ўн қадамча берида борарди.

Д’Артаньян соҳил кўчаларидан ўтиб, Конферанс дарвозасидан чиқди-да, у маҳаллар ҳозиргидан хийла гўзалроқ бўлган Сен-Клуга элтувчи йўлдан равона бўлди.

Улар шаҳар ичидалигида Планше ўзи белгилаб олган оралиққа риоя қилиб юрди, лекин йўл хилватлашгани, қоронғилашгани сайин у нуқул ўз соҳиби сари сурила борди ва Булон ўрмонининг этагида у табиий равишда йигитнинг ёнида пайдо бўлди. Баланд-баланд дарахтларнинг чайқалиши ва зулмат чўккан чангалзордаги ой яллиғи Планшенинг жонсарак юрагига ғулғула солишини биз гапириб ўтирмаймиз. Д’Артаньян хизматкорининг ҳоли чатоқлигини пайқади.

– Х-ў-ўш, жаноб Планше, сизга нима бўлди? – сўради у.

– Ўрмон ибодатхонага ўхшайди, деб ҳисобламайсизми, тақсир?

– Хўш, нимаси билан, Планше?

– Шуниси биланки, бу ерда ҳам, у ерда ҳам қаттиқ-қаттиқ гапиришга ботинолмайсан киши.

– Нима сабабдан қаттиқ гапиришга ботинолмайсан, Планше? Қўрққанинг учунми?

– Ҳа, бизни битта-яримтаси эшитиб қолади, деб қўрқаман, тақсир.

– Бизни битта-яримтаси эшитиб қолади деб! Аммо, бизнинг гапларимизда ахлоқсиз ҳеч нима йўқ-ку, азизим Планше, ҳеч ким ундан макруҳлик тополмаган бўларди.

– Оҳ, тақсир! – ўзининг асосий фикрига қайтиб, гапини давом эттирди Планше. – Биласизми, шу Бонасенинг қошларида аллақандай маккор нарса бор, кейин у лабларини бирам хунук қимирлатадики!

– Қандай жин чалиб, сен ҳозир Бонасени эслаб қолдинг?

– Тақсир, одам эплаган нарсасини эслайди, хоҳлаганини эмас.

– Сен қўрқоқ бўлганинг учун шундай, Планше.

– Эҳтиёткорликни қўрқоқлик билан аралаштириш ярамайди тақсир. Эҳтиёткорлик – эзгу хосият.

– Сен ҳам хосиятлисан-а, – шундайми, Планше?

– Тақсир, ҳў, у ерда нима йилтиллаяпти? Мушкетнинг оғзига ўхшайди. Ҳар эҳтимолга қарши бошимизни эгсакмикан?

– Дарҳақиқат, – тўнғиллади де Тревилнинг насиҳатлари ёдига тушган д’Артаньян, – дарҳақиқат, бориб-бориб бу ҳайвон мени ҳам ваҳимага солади.

У отини йўртиб кетди.

Планше соҳибининг ҳаракатларини, гўё ўзи унинг шарпаси каби айнан такрорлаб, шу заҳоти унинг ёнида пайдо бўлди.

– Нима, тақсир тун бўйи юраверамизми? – сўради у.

– Йўқ, Планше, чунки, сен етиб келдинг.

– Етиб келдинг деганингиз нимаси? Сиз-чи, тақсир?

– Мен эсам яна бир-икки қадам юраман.

– Мени бу ерда ёлғиз ташлаб кетасизми?

– Қўрқаяпсанми, Планше?

– Йўқ, тақсир, лекин фақат айтмоқчи эдимки, тун жуда салқин бўлади, совуқ бодга йўлиқтиради, бод дардига чалинган хизматкор, хусусан, сиздек абжир соҳиб учун ёмон дастёр бўлади.

– Хўп, яхши, Планше, агар совуқ есанг, ҳў кўриниб турган майхоналарнинг бирига кирақол, эртага саҳар соат олтида мени эшик тагида кут.

– Тақсир, сиз эрталаб берган экюни ҳурмат тариқасида еб-ичиб бўлдим, хуллас, совқотиб қолган тақдирда чўнтагимда ҳемири ҳам йўқ.

– Мана сенга ярим пистол. Хўп, эртагача.

Д’Артаньян отдан тушиб, тизгинни Планшега ташлади-да, ридога бурканиб, бирпасда узоқлашиб кетди.

– Ё раббий, бирам совқотяпманки! – хўжайини кўздан ғойиб бўлгани ҳамон бақириб юборди Планше. У исинишга интиқиб, дарров шаҳар чеккаси қовоқхонасига хос ҳамма ташқи нишонлар билан безатилган бир уйнинг эшигини қоқди.

Бу орада камбар сўқмоққа бурилган д’Артаньян йўлида давом этиб, Сен-Клуга бориб қолди; бироқ, бу ерда у бош кўчадан юрмади, балки, қасрни айланиб ўтиб, кичик хилват тор кўчага етиб олди-да ҳаял ўтмай мактубда кўрсатилган шийпоннинг қаршисида ҳозир бўлди. Шийпон жуда овлоқ жойда турарди. Тор кўчанинг бир томонида баланд девор қаққайиб, шийпон унинг ёнбошида жойлашган, бошқа томонида ичкарисида ғариб кулба кўзга чалиниб турган кичик чорбоғни четан девор йўловчилардан муҳофаза қиларди.

Д’Артаньян мулоқот жойига ташриф буюрди ва ўзининг шу ердалигини бирор белги билан хабар қилиш ўзига айтилмагани сабабли кута бошлади.

Камоли сукунат ҳукм сурар, пойтахтдан юз ле наридаман деган хаёлга бориш мумкин эди. Чор-атрофни кўздан кечиргач, д’Артаньян четан деворга суянди. Шу четан девор, чорбоғ, шу кулба орқасида бириккита ёруғ нуқта, бу дўзахнинг тиниқ юлдузлари милтиллаб турган тубсиз ўпқон – Париж, бўм-бўш Париж, ҳувуллаб уйқуда ётган сўнгсиз фазо қуюқ туман қатлари орасига кўмилган эди.

Лекин, д’Артаньян учун у кўрганки нарса жозибали шаклга чулғанар, унинг бутун фикру хаёллари табассум қилар, ҳар қандай зулмат шаффоф кўринар: висол онлари яқин қолган эди.

Дарҳақиқат, бир неча лаҳзадан кейин Сен-Клу минорасининг қўнғироғи ўзининг ланг очиқ ғувиллаган даҳанидан ўнта суст зарбни чиқарди.

Тун ичида бўғиқ нола қилаётган бу бронзасимон товушда мудҳиш ваҳима бор эди.

Лекин, бу зарбларнинг ҳар биттаси йигитнинг қалбига ҳамоҳанг уриларди, ахир – уларнинг ҳар бири интизор соатнинг бир зарраси эди-да.

Унинг кўзлари иккинчи қаватдаги биттадан бўлак ҳамма деразалар дарчалари билан берк кичкина шийпонга қадалган эди.

Бу деразадан четан девор ташқарисида сада бўлиб ғовлаб кетган бир-икки туп арғувон дарахтининг титроқ шаббаларига симобий тус бериб, майин нур таралмоқда эди. Шунча файз билан ёришиб турган бу деразанинг орқасида хушрўй Бонасе хонимнинг унга кўз тутиб ўтиргани аён эди.

Бу ширин хаёллардан сархуш бўлиб, д’Артаньян файзли мўъжаз масканга нигоҳини тикканича, сира тоқатсизланмай яна ярим соат кутди; зарҳал берилган пирамонли шифтнинг бир парчаси ташқаридан кўриниб қолган жиҳозларнинг бежиримлигидан далолат берарди.

Сен-Клу минорасидаги қўнғироқ ўн яримга занг урди.

Бу дафъа д’Артаньян ўзи ҳам изоҳлашга ожиз ғалати титроқ томирларини жимирлатиб ўтганини ҳис қилди. Эҳтимол, у жунжика бошлагандир ва соф жисмоний ҳиссиётини маънавий деб ўйлагандир.

Кейин кўнглига номани ўқиганда ўзи хато қилган-у, мулоқот атиги соат ўн бирга тайинланган деган фикр келди.

У деразага яқин йўлаб, нур оқимига турди-да, чўнтагидан мактубни чиқариб, уни қайта ўқиб чиқди; йўқ у янглишмаган: мулоқот чиндан ҳам соат тўққизга тайинланган эди.

У аввалги жойига қайтиб борди; сукунат ва танҳолик унда бир мунча ваҳима қўзғата бошлаган эди.

Соат ўн бирга занг урди.

Д’Артаньян энди ҳадиксирай бошлади: рости билан Бонасе хонимга бирор кор-ҳол бўлганмикан-а.

У ошиқ-маъшуқлар учун расм бўлган белгини қилиб, уч марта чапак чалди: бироқ ҳеч нарса, лоақал акссадо ҳам унга жавоб қилмади.

У деворга яқинлашиб, унга тирмашиб чиқишга уриниб кўрди, лекин девор янги шувоқдан чиққан бўлиб, д’Артаньяннинг тирноқларини синдириб олгани қолди, холос.

Шу нафас у аввалгидек, шаббаларига нур симобий тус бериб турган дарахтларга диққатини қаратди-ю, улардан бири йўл узра осилиб тургани сабабли ўша шохга чиқсам шийпон ичкарисига қарашнинг иложи бўлади, деб қарор қилди.

Дарахтга чиқиш мушкул иш эмасди. Бунинг устига д’Артаньян атиги йигирма ёшда бўлиб, бинобарин, ўзининг болалик машқларини ҳали унутганича йўқ эди. Бир зумда у шохлар орасида пайдо бўлди ва тиниқ ойналар орқали унинг назари хона ичкарисига тушди.

Д’Артаньяннинг кўз ўнгида мудҳиш манзара намоён бўлди-ю, унинг бадани жимирлаб кетди. Бу майин нур, бу шинам чироқ даҳшатли қирғин манзарани ёритиб турган эди: дераза ойналаридан бири чил-парчин қилинган, эшик синдирилиб, табақалари илмоғида осилиб қолган; афтидан, устига танқис таомлар ҳозирланган стол тўнтарилиб, полда ётарди; шиша синиқлари, эзилган мева-чевалар паркетда сочилиб ётарди; бу хонадаги жамики нарса аёвсиз ва мардона курашдан далолат бериб турарди; ҳатто, д’Артаньян бу ғайриоддий тартибсизлик орасида кийимларнинг парчаларини, дастурхон ва дарпардалардаги талай қонли доғларни кўргандай бўлиб кетди.

Юраги ҳаприқиб урган ҳолда у ерга тушишга шошилди; у зўровонликнинг яна бирор нишоналари кўчада бор-йўқлигини кўрмоқчи эди.

Хира зиё тун сукунатида ҳамон милтиллаб турарди. Шунда ҳозиргача астойдил текширувга ўзини ҳеч нима ундамагани сабабли ўзи дарров илғамаган алла нарсаларга д’Артаньяннинг кўзи тушди: бир жойи тепаланган, бошқа жойи титкиланган ерда одам ва от туёқларининг излари мавжуд эди. Бундан ташқари, афтидан, Париждан келган извошнинг ғилдираклари юмшоқ тупроқда шийпонгача келиб, яна Париж тарафга бурилиб кетган чуқур изларни қолдирган эди.

Тадқиқотларини давом эттираётган д’Артаньян пировардида девор тагида йиртилган аёл қўлқопини топиб олди. Бу қўлпоқнинг лой чапланмаган жойлари беғубор покизалиги билан ажралиб турарди. Бу ўша жазманлар ажиб қўлчадан жон деб юлқиб олгувчи, атир сепилган қўлқоплардан бири эди.

Мушоҳадаларини давом эттиргани сайин унинг манглайи жиққа терга ботар, юраги ёмон хавотирдан қисилар, нафаси тезлашар эди; бироқ эҳтимол, бу шийпоннинг Бонасе хонимга сира алоқаси йўқдир, жувон мулоқотни шийпон ичкарисида эмас, балки, ёнида тайинлагандир, уни Парижда юмушлари, балки, эҳтимол, эрининг рашки ҳам тутиб қолган бўлиши мумкин деб ўзига ўзи тасалли берарди.

Лекин, унинг барча далилларини баъзан бизнинг бутун вужудимизни қамраб олиб, дод солгувчи, ёмон фалокат рўй берди, дея қаттиқ чинқирувчи ички изтироб туйғуси парчалаб ташлар, яксон этар, остин-устун қилиб юборарди.

Д’Артаньяннинг гўё эс-ҳуши оғиб қолди; у катта йўлга отилди, шу ерга келган йўлидан юриб кетди, паромгача югуриб бориб, киракашни гапга солди.

Шом соат еттиларда киракаш қора ёпинчиққа бурканган, афтидан, танилиб қолишни ҳаргиз истамаган аёлни дарёдан ўтказиб қўйган эди; бироқ, айни шу эҳтиёт тадбирлари киракашни унга эътибор қилишга ундади-ю, у, аёлнинг ёш ва гўзаллигини пайқади.

У маҳаллар худди ҳозирги каби аксар ёш ва соҳибжамол аёллар Сен-Клуга танилиб қолмасликни истаган ҳолда оралаб турардилар, лекин, барибир, киракаш айни Бонасе хонимни кўрганига д’Артаньян бир зум ҳам гумон қилмади.

Киракашнинг ҳужрасида ёниб турган чироқ нурида йигит Бонасе хонимнинг номасини яна бир карра ўқиб чиқиб, ўзининг хато қилмагани, мулоқот бўлак жойдамас, Сен-Клуда, бўлак кўчада эмас, жаноб д’Естренинг шийпони ёнида тайинланганлигига қаноат ҳосил қилди.

Кўнгли панд бермагани, катта фалокат содир бўлганини д’Артаньянга исбот этмоқ учун ҳамма нарса тил бириктирган эди.

У орқасига қайтиб югурди; назарида, у йўқ пайти шийпонда бирор янги гап ўтган-у уни аллақандай маълумотлар кутаётгандай туюларди.

Тор кўча аввалгидек ҳувиллаб ётар ва ўша-ўша осойишта майин нур ҳамон деразадан таралиб турарди.

Қўққис д’Артаньяннинг эсига бир нима кўргани, шубҳасиз, эҳтимол, лаб-даҳани ҳам бўлган ўша басир ва гунг ҳужра тушди.

Дарча берк эди, лекин у четан девордан ошиб ўтдида, занжирбанд итнинг ҳуришига парво қилмай, кулбага яқинлашди.

У тақиллатди. Дастлаб ҳеч ким жавоб қилмади. Кулбада худди шийпондаги сингари ўлик сукунат ҳукм сурарди; бироқ кулба унинг сўнгги илинжи бўлиб, тақиллатишда давом этарди.

Ҳадемай, ичкаридан енгил шарпа, ҳуркак сас эшитилди.

Шунда д’Артаньян тарақлатишдан тўхтаб, ёлвора бошлади, унинг товушида шунча хавотир ва ваъда, шунча қўрқув ва илтижо бор эдики, бу товуш энг юраксиз одамни ҳам тинчитишга қодир эди. Ахийри, ярим чириган кўҳна дарча очилди ёки, тўғрироғи, қия бўлди-ю, кунжакда ёниб турган кичкина чироқнинг хира нури д’Артаньяннинг тасмаси, қилич дастаси ва пистолетларининг сопларига шуъла ташлаши ҳамон яна дарров қарсиллаб ёпилди. Бироқ, бу нарсаларнинг ҳаммаси нечоғлик оний бўлмасин, д’Артаньян мўйсафиднинг бошини илғаб қолишга улгурди.

– Худо ҳаққи, менга қулоқ беринг! – деди у. – Мен бир кишига кўз тутган эдим, аммо у йўқ. Хавотирланганимдан ўлар ҳолатга келдим. Айтинг, шу яқин орада бирор бахтсизлик содир бўлмадими?

Дераза аста-секин очилиб, унда аввалги чеҳра тағин кўринди, фақат у ҳозир илгаригидан ҳам бўзарган эди.

Д’Артаньян бор гапни, фақат номларини тилга олмай, самимий сўзлаб берди: шу шийпон ёнида унга бир ёш жувон билан мулоқот тайинлангани, унинг дараги бўлмагач, арвуғонга чиққани ва чироқ нурида у ерда ҳукм суриб ётган қиёматни кўрганларини сўзлаб берди.

Чол бошини сарак-сарак қилиб, таъкидлаганича, уни диққат билан тинглади: кейин д’Артаньян гапини тугатганда у яхшилик чиқмайдиган бир алфозда бошини чайқаб қўйди.

– Сиз нима демоқчисиз? – бақириб юборди д’Артаньян. – Худо ҳаққи, тушунтириб беринг, бу нима деган гап?!

– Оҳ, тақсир, – жавоб берди чол, – мендан ҳеч нимани сўраманг, чунки, кўрганларимни сизга айтиб қўйсам бошим балога қолиши аниқ.

– Демак, алланима кўрибсиз-да? – сўради д’Артаньян. – Ундай бўлса, – унга бир пистол ташлаб, сўзида давом этди у, – кўрганларингизни сўзлаб беринг, худо ҳаққи сўзлаб беринг, ҳар сўзингизни сир тутаман, деб чин дворянлик сўзимни бераман.

Чол д’Артаньяннинг юзида шунча самимият ва шунча уқубат ўқидики, унга тинглашни ишора қилиб, аста ҳикоясини бошлади:

– Соат тўққизда кўчадан аллақандай шовқинни эшитиб қолдим. Нима гаплигини билиш истагида эшикка яқинлашиб, бирдан-бир кимсанинг боғимга кирмоқчи бўлаётганига кўзим тушди. Мен қашшоқман, ўзимни ўғри уришидан қўрқмайман, шунинг учун эшикни очдим ва бир-икки қадам нарида уч кишини кўрдим. Қоронғиликда от қўшилган извош ва салт отлар турарди. Отлар, афтидан, дворянлар сингари кийинган шу эркак кишиларга қарашли эди.

«Мендан нима истайсиз, яхши жаноблар?» – сўрадим мен.

«Сенда нарвон бўлиши керак», – деди ўша менга сардор бўлиб кўринган киши.

«Ҳа, тақсир, ҳа, унда мева тераман».

«Уни бизга бериб, уйингга жўна. Мана сенга, безовта қилганимиз учун экю. Фақат ёдингда бўлсин: кўрганэшитганларинг тўғрисида лоақал бир сўз оғзингдан чиқиб кетса – ахир сенга қанча пўписа қилма, барибир қараб, эшитиб тураверишингга ишончим комил – тамом бўласан!»

Шу сўзларни айтиб, у менга, ерга экю ташлаб, нарвонни олди.

Унинг орқасидан дарчани беркитиб, ўзимни уйга кетаётганга солдим, аслида эса, шу заҳоти орқа эшикдан чиқдим-у, қоронғида пусиб, ҳув анави каракатнинг бутасигача бордим, у ердан кўзга чалинмасдан ҳамма нарсани кўришим мумкин эди.

Уч эркак извошни шовқин чиқармасдан яқинроқ келтиришди-да, ундан бақалоқ, пакана, сочлари мошгуруч, эгнидаги қора уст-боши эски бир одамчани туширишди. У ҳадик билан атрофга аланглаб олгач, нарвонга чиқди, эҳтиёткорлик билан хонага мўралаб, астагина пастга тушди-да, шивирлади:

«Бу ўша».

Мен билан гаплашган киши дарров шийпон эшиги олдига бориб, чўнтагидан олган калити билан уни очди-да, орқасидан эшикни ёпиб ғойиб бўлди; бу орада қолган иккитаси нарвонга чиқишди. Чол извош эшикчаси ёнида қолди, извошчи қўшилган отларни, хизматкор эса салт отларни ушлаб туришарди.

Бирдан шийпондан қаттиқ фарёдлар эшитилиб, аллақандай аёл югуриб, деразанинг олдига келди-да, гўё ўзини пастга ташламоқчидай, уни очиб юборди. Бироқ, икки эркакка кўзи тушгач, у сапчиб орқага чекинди, эркаклар эса бир сакраб, хонага кириб кетишди.

Мен ортиқ ҳеч нима кўрмадим, аммо синдирилаётган жиҳозларнинг қасир-қусурини эшитиб қолдим. Аёл додлар ва ёрдамга чақирарди, лекин кўп ўтмай, унинг фарёдлари сўнди. Уч эркак деразанинг олдига келишди. Уларнинг иккиси аёлни кўтарган кўйи нарвондан тушиб, уни извошга ўтқиздилар; бақалоқ чол унинг орқасидан извошга кирди. Шийпонда қолган киши деразани ёпиб, бир дақиқа ўтгач, ҳовлидан чиқди. Икки ҳамроҳи эса аллақачон отларга миниб, уни кутишмоқда эди. Аёлнинг извошдалигига ишонч ҳосил қилгач, у ҳам сапчиб эгарга минди, хизматкор извошчининг ёнидан жой олди, извош уч суворий соқчилигида жўнаб кетди, шу билан ҳаммасига хотима ясалди.

Бу даҳшатли хабардан эсанкираб д’Артаньян карахт бўлиб унсиз тураверди: қаҳру ғазаб ва рашкнинг жамики жинлари унинг қалбида туғён кўтарарди.

– Жаноб, – афтидан, бу унсиз алам ҳар қандай нола ва кўз ёшларидан кўпроқ таъсир этиб деди чол, – рост гап, кўп қайғураверманг. Ахир улар дилбарингизни ўлдиришгани йўқ-ку, энг муҳими шу.

– Бу мудҳиш хуружни қандай одам бошқарганини лоақал тусмолдан биласизми? – сўради д’Артаньян.

– Йўқ, мен уни танимайман.

– Аммо, у билан гаплашгандан кейин, демак, уни кўра олгансиз.

– Э, сиз унинг нишоналарини сўраяпсизми?

– Ҳа.

– Новча, қотма, қорамағиздан келган, қора мўйлов, қора кўз, афти-ангоридан – дворян.

– Ана холос, – қичқирди д’Артаньян, – бу ўша! Бу яна ўша! Бу менинг ёвуз арвоҳим бўлса керак! Бошқаси-чи?

– Қайси?

– Бақалоғи.

– О, униси кибор одаммас, бунга кафилман. Унинг ёнида қиличи йўқ эди, бошқалар ҳам унга эҳтиромсиз муомала қилишарди.

– Бирор малай, – ғўлдиради д’Артаньян, – вой, шўрлик, шўрлик! Уни не куйга солишипти-я?

– Сиз мени фош қилмайман деб ваъда бериб эдингиз, – деди чол.

– Ўз ваъдамни сизга такрорлайман. Кўнглингиз тўқ бўлсин, мен дворянман. Дворяннинг лафзи битта бўлади, мен ваъдамни бериб қўйдим.

Юраги эзилиб д’Артаньян яна паромга йўл олди. Гоҳи дақиқалар у чол ҳикоя қилган аёл Бонасе хонимлигига ишонмай қолар, ҳамда эртагаёқ уни Луврда кўришга умид боғлар эди; гоҳи дақиқалар эҳтимол, бўлак бирор кимса билан унинг алоқаси бўлган-у, кунчи маъшуқ уни тутиб олиб, қочган, деган фикр миясига келиб қоларди. Хаёллардан боши қотиб, у азоб чекар, ғамга ботарди.

– О, кошкийди дўстларим мен билан бўлса! – нидо қилди у. – Менда жуда бўлмаганда уни топишга лоақал бирор умид бўларди. Аммо, ким билади, уларнинг ҳоли нима кечди экан!

Вақт ярим кеча эди; энди Планшени ахтариб топмоқ лозим эди. Д’Артаньян ақалли хира шуъласи кўзга чалинганки, бор хароботларнинг эшигини қоқиб чиқди. – Планше уларнинг бирортасида йўқ эди.

Хароботларнинг олтинчи саноғида д’Артаньян қидиришларим қарийб пуч деган мулоҳазага бориб қолди. У хизматкорига фақат эрталаб соат олтида ўзини кутишни буюрган бўлиб, у ҳозир қаерда бўлмасин, бунга тамоман ҳақли эди.

Бунинг устига йигит синоат жойининг яқинида қолгач, бу сирли ҳодиса хусусида бирор маълумотни тезроқ топаман, деб ўйлаб қолди. Хуллас, биз айтиб ўтганимиздек, олтинчи қовоқхонада д’Артаньян ҳаяллаб қолди-ю, дурустроқ шаробдан бир шиша сўраб, энг қоронғи кунжакка ўрнашиб олди-да, шу ерда тонг отишини кутишга қарор қилди; бироқ, бу дафъа ҳам унинг умидлари чиппакка чиқди, у гарчи, ғоят диққат билан тинглаган бўлса-да, ўзи ўтирган жойнинг муҳтарам даврасини ташкил этгувчи мастеровой, малай ва аравакашлар ўртасидаги ўзаро қарғанишлар, ҳазил-мутойиба ва сўкинишлардан у шўрлик ўғирланган аёлнинг изига солишга яроқли ҳеч нима эшитолмади. Хуллас, бекорчиликдан ва шубҳа туғилишини истамаганидан шишасини тугатиб, у ўз кунжагида қулайроқ ўтириб, бир амаллаб уйқуга кетишга мажбур бўлди. Хотирлашимизча, д’Артаньян йигирма ёшда эди, бу ёшда уйқу муқаррар ҳуқуқларга молик бўлади, уларни ҳатто, энг аламзада қалбларга ҳам ўтказади.

Эрталаб соат олтиларда д’Артаньян тутуриқсиз ўтган тундан кейин, кун бошида йўлдош бўладиган нохуш кайфият билан уйғонди. Унинг тараддудлари кўп чўзилмади; уйқу орасида ҳеч ким қоқлаб кетмаганига ишонч ҳосил қилиш учун у ўзини пайпаслаб кўрди ва узугини қўлда, ҳамёнини чўнтакда ва пистолетларини ёнда топиб, ўрнидан қўзғалди, шароб ҳақини тўлаб, хизматкорни эрталаб қидириш тундагидан ўнгроқ деган умид билан ташқарига чиқди. Чиндан ҳам, рутубатли кулранг туман орасидан у дастлаб разм солгани арафада д’Артаньян ҳатто, мавжудлигини ҳам пайқамай ёнидан ўтиб кетган кўримсиз, ғариб харобот эшиги тагида икки отнинг тизгинини ушлаган ҳолда уни кутаётган ҳалол Планше бўлди.

XXV
Портос

Тўғри ўзиникига бориш ўрнига д’Артаньян жаноб де Тревиль эшиги тагида отидан тушиб, шошганича зинапоядан югуриб чиқди. Бу дафъа у содир бўлган нарсаларнинг ҳаммасини унга сўзлаб беришга қарор қилди. Бу воқеа борасида жаноб де Тревилнинг жўяли маслаҳат бера олиши шубҳасиз эди; бундан ташқари, жаноб де Тревиль қиролича билан кунда юз кўришиб турар ва ўз соҳибасига садоқати учун таъзирини еяётгани шак-шубҳасиз шўрлик аёлнинг бирор дарагини ҳазрат олияларидан сўраб билиш унинг қўлидан келса, ажаб эмас эди.

Жаноб де Тревиль йигитнинг ҳикоясини бу саргузаштда ишқий фитнадан ортиқроқ нарса кўраётганини билдиргувчи жиддият билан тинглади.

– Ҳм… – деди у д’Артаньян гапини тугатгандан сўнг. – Бу нарса падари бузрукворсиз битмагани мутлақо аён.

– Аммо, нима қилмоқ керак? – сўради д’Артаньян.

– Ҳеч нима, ҳозирча мутлақо ҳеч нима, мумкин қадар тез Париждан жўнаб кетишдан ўзга чора йўқ. Мен буни сизга аллақачон айтганман. Мен қироличага учрайман, у кишига бечора аёлнинг йўқолиш тафсилотларини сўзлаб бераман – унинг бундан хабари йўқ, албатта.

Жаноб де Тревилнинг, гарчи, у гасконлик бўлса-да, ваъда бериш одати йўқлигини д’Артаньян биларди, лекин ваъда қилишига тўғри келган тақдирда ҳам у ваъдасини ўзи айтганидан зиёда қилиб, дўндириб қўярди. Шундай қилиб, йигит унга ўтмиш ва келажак учун миннатдорликка тўлиқ таъзим қилди, бу диловор, азмкор йигитга ўз навбатида астойдил жонкуярлик қилиб келаётган муҳтарам капитан эса унинг қўлини дўстона қисиб, оқ йўл тилади.

Жаноб де Тревилнинг насиҳатларини зудлик билан амалга ошириш қасдида д’Артаньян чамадонлар тахланишини назорат қилмоқ учун Гўрковлар кўчасига жўнади. Уйга етганда у халат кийиб, эшик бўсағасида турган жаноб Бонасени кўрди. Хўжайинларининг маккор хусусиятлари борасида зийрак Планше айтган ҳамма гаплар ҳозир д’Артаньяннинг ёдига тушди-ю, ҳар қачонгидан кўпроқ диққат билан унга синчиклаб қаради. Дарҳақиқат, сафрони тарқаганидан дарак берувчи, эҳтимол, тасодифий сабабга ҳам молик рангининг заъфарон заҳиллигидан ташқари, д’Артаньян унинг юзидаги ажинлар тузилишида алланечук маккор ва муғомбирлик пайқади. Фирибгар ҳалол одамдай кулмайди; риёкорнинг кўз ёшлари самимий одамникидан фарқ қилади. Ҳар қандай сохтагарчилик – бу ниқобдир ҳамда бу ниқоб нечоқлик моҳирона ясалган бўлмасин, диққат билан разм солинса, уни ҳамиша чинакам қиёфадан фарқлаб олмоқ мумкин.

Д’Артаньянга ҳам Бонасе ниқоб тутиб юргандай, тутганда ҳам жуда бачканасидан тутиб юргандай кўринди.

Ўзи бу одамдан ҳазар қилиши таъсирида, Д’Артаньян унинг ёнидан сўз қотмай ўтиб кетмоқчи бўлган эди, жаноб Бонасенинг ўзи уни чақириб қолди.

– Оббо, йигитча-эй, – деди у, – тунларни дурустгина ўтказяпсиз, шекилли? Эрталаб соат етти бўлиб қолди, азбаройи шифо! Расм-русумга андак ўзгартиш киритган кўринасиз, бошқалар энди уйдан чиқаётган маҳал сиз уйга қайтяпсиз.

– Мана, сизга, бу хил таъна қилиб бўлмайди, метр Бонасе, – жавоб берди йигит, – сиз сипоҳликнинг намунасисиз. Тўғри, ёш ва гўзал рафиқанг бўлгандан кейин бахт кетидан қувиб юришга ҳожат қолмайди: бахт ўз оёғи билан уйга кириб келади. Шундаймасми, жаноб Бонасе?

Бонасе ранги бўздай оқариб, тиржайиб қўйди.

– Ҳа ҳа, сиз жуда ҳазилкаш экансиз, – деди у, – бироқ, ёш дўстим, бугун кечаси қаерларда санқиб юрдингиз, азбаройи шифо? Сўқмоқ йўллар сайр учун унчалик боп эмас, шекилли.

Д’Артаньян тепасигача балчиққа ботган ўз этикларига қаради, лекин шунда унинг нигоҳи иттифоқо атторнинг кавуш ва пайпоқларига тушди, улар худди бир ҳалқобга кириб чиққандай туюларди: уларнинг ҳам, буларнинг ҳам шалтоғи мутлақо бир хил эди.

Шунда қўққис Д’Артаньяннинг кўнглига лоп этиб бир фикр келди. Бу бақалоқ одамча, пакана, сочлари мош-гуруч, извошга ҳамроҳ қуролли суворийлар менсимай муомала қилишган бу малаймисол қора устибошлик чол Бонасенинг ўзи эди. Эр рафиқанинг олиб қочилишига бош-қош бўлган

Д’Артаньяннинг уни гирибонидан тутиб, жуда бўғиб қўйгиси келди-ю, лекин айтиб ўтганимиздек, у ғоят эҳтиёткор йигит бўлиб, ўз шахтини қайтарди. Бироқ, унинг юзи шунча яққол ўзгариб кетдики, Бонасе чўчиб, орқага тисарилди, лекин у эшикнинг айни ёпиқ турган табақаси олдида турарди ҳамда бу ғов уни жойидан қимирламасликка мажбур эди.

– Ҳазил қиляптиларми, азизим, – деди д Артанян. – Лекин, назаримда, агар менинг этикларим тозалашга муҳтож бўлса унда сизнинг пайпоқ ва кавушларингиз ҳам чўтка талаб бўлиб турибди. Наҳот сиз ҳам саргузашт овлаб, бирор ерда изғиб юрган бўлсангиз, метр Бонасе? Қўйинг-э, биласизми, сизнинг ёшингиздаги, бунинг устига ёш ва соҳибжамол рафиқаси бор одамга бу ярашмаган қилиқ.

– Йўғ-э, худо асрасин, – жавоб қилди Бонасе, – мен кеча бир оқсочни суриштириб боқиш учун Сен-Манденга бориб эдим – у менга мутлақо зарур, йўллари ёмонлигидан мен шу балчиқни илаштириб келдим, ҳали тозалаганимча йўқ.

Бонасе ўз сафарининг мақсади қилиб кўрсатган жой д’Артаньяннинг шубҳаларини тасдиқловчи қўшимча далил эди. Бонасе Сен-Мандени кўрсатишининг сабаби, Сен-Манде билан Сен-Клу тамоман қарама-қарши томонларда эди.

Бу тахмин д’Артаньян учун дастлабки юпанч бўлди. Башарти Бонасе рафиқасининг қаердалигини билган тақдирда, демак, баъзи бир воситаларни ишга солиб, атторни тилга киргизиш ва сирини ошкор этишга мажбур қилиш мумкин бўларди. Гап шу тахминни ишончга айлантиришда қолган эди, холос.

– Бир оз бетакаллуфлик қилсам, мени авф этгайсиз, жаноб Бонасе, – деди д’Артаньян, – аммо биласизми, ҳеч нарса одамни бедор тунлари сингари ташна қилмайди, мен ҳам чўллаб кетяпман. Сизникида бир стакан сув ичиб олишга ижозат бергайсиз. Шундай арзимаган нарсани қўшнидан дариғ тутиш ярамайди ахир.

Хўжайиннинг ижозатини кутиб ўтирмасдан д’Артаньян лип этиб уйга ўтиб кетди-ю, ўрин-тўшакка кўз югуртирди. Ўрин эзилмаган эди. Бонасе ётмаганди. Демак, у уйига шу яқин орада, бир ёки икки соат муқаддам қайтган; демак, у рафиқасини олиб кетган жойгача ёки лоақал биринчи почта бекатигача кузатиб борган.

– Сизга ташаккур, метр Бонасе, – стаканни бўшатиб деди йигит, – менга сиздан фақат шу нарса даркор эди. Энди мен ўзимникига бораман-да, Планшега этигимни тозалашни буюраман, у тугатгандан кейин эса, агар хоҳишингиз бўлса сизнинг кавушларингизни тозалаб бериши учун ёнингизга юбораман.

У атторни бу ғаройиб хайр-маъзурдан тамом гангиган ва ўз бўҳтонларимга ўзим ўралашган бўлмай тағин, дея ўз-ўзидан сўраган ҳолда ташлаб кетди.

Зинапоянинг юқори супасида д’Артаньян қути ўчган Планшега дуч келди.

– Оҳ, тақсир! – соҳибини кўргани ҳамон қичқирди у. – Яна янгилик! Сизни кутавериб, кўзларим тўрт бўлди.

– Ўзи нима гап? – сўради д’Артаньян.

– Гаров боғлашга тайёрман, сиз йўғингизда бизникига ким келганини тополмайсиз.

– Қачон?

– Ярим соат илгари, сиз жаноб де Тревилникидалигингизда.

– Ким келди ўзи? Тезроқ гапирсанг-чи.

– Жаноб де Кавуа.

– Жаноб де Кавуами?

– Шахсан ўзлари.

– Падари бузрукворнинг гвардия капитани-я?

– Худди ўзи.

– У мени ҳибсга олмоқ учун келдими?

– Унинг чучук қиёфасига қарамасдан менга шундай туюлди.

– Унинг кўриниши чучукмиди?

– Энди, биласизми, нақ асал дейсиз.

– Ажабо?

– Падари бузруквор сизга яхшилик раво кўришини ва Па-ле-Роялга қадам ранжида қилишингизни илтимос қилаётганини айтди.

– Хўш, сен унга нима жавоб бердинг?

– Бунинг иложи йўқ, чунки, уйда йўқлар деб. Бунга у ишонч ҳосил қилиши мумкин эди.

– У-чи, бунга нима деди?

– Кун мобайнида, албатта, унинг ҳузурига кираркансиз. Сўнгра у шивирлаб, қўшиб қўйди: «Соҳибингга айтгинки, падари бузруквор унга хайрихоҳлар, ва эҳтимол, унинг тақдирини шу мулоқот ҳал қилар».

– Кардинал учун бу қопқон анча нўноқ, – мийиғида кулиб деди йигит.

– Шунинг учун мен буни пайқаб қолдим-да ва Сизни қайтганда жуда таассуф қилади, деб жавоб бердим. «У қаёққа кетган? – деб сўради жаноб де Кавуа, «Труага, Шампанга» – деб жавоб бердим мен. «Қачон?» – «Кеча шомда»…

– Планше, дўстим, – дея унинг гапини бўлди д’Артаньян, – рости гап, сен бебаҳо одамсан!

– Биласизми, тақсир, агар сиз жаноб де Кавуани кўрмоқчи бўлсангиз, гапларимни инкор этишга ҳеч қаерга кетмаган эдим дейишга ҳар қачон улгураверасиз, деб қарор қилдим. Бу ҳолда мен ёлғон гапирган бўлиб чиқардим, лекин мен дворянмасман ахир, менга ёлғон гапириш ярашаверади.

– Хотиржам бўл, Планше, сенинг софдил кишилик обрўйингга путур етмайди: чорак соатдан кейин биз жўнаб кетяпмиз.

– Мен боягина сизга шу маслаҳатни бермоқчи бўлиб тургандим. Аммо, агар сир бўлмаса, қаёққа жўнаб кетяпмиз?

– Албатта сен жаноб де Кавуага кўрсатган тарафнинг қарама-қаршисига-да дарвоқе, мен Атос, Портос ва Арамисларнинг ҳоли не кечганини билишга ошиққаним сингари сен ҳам Гримо, Мушкетон ва Базенларнинг бирор дарагини топишга шошилаётгандирсан.

– Албатта, тақсир, – деди Планше, – мен ҳозир десангиз ҳам жўнашга тайёрман. Чамамда, вилоятнинг ҳавоси бизга шу тобда Парижникидан фойдалироқ, шу сабабдан…

– Шу… шу сабабдан эса тараддудингни кўравер Планше, жўнаймиз. Мен ҳеч бир шубҳа уйғотмаслик учун олдинда қўлларим қуруқ ҳолда, яёв кетаман. Биз сен билан гвардия казармасида учрашамиз. Айтганча, Планше, хўжайинимиз хусусида гапларинг тўғрига ўхшаб қолди – ростданам у ёмон доғули экан.

– Ана! Мен битта-яримтаси тўғрисида гапирганимда ишонаверинг, тақсир; мен одамни юзидан билиб оламан.

Худди келишилгандек, д’Артаньян пастга биринчи тушди. Сўнгра ўз-ўзидан ҳеч қандай гина қолмаслиги учун уч ошнасининг уйларига сўнгги дафъа учради: улардан ҳеч қандай дарак йўқ эди, фақат Арамиснинг номига атир сепилган келишган реза ҳуснихат билан битилган мактуб келган эди. Д’Артаньян уни тайин жойига элтишга бел боғлади. Ўн дақиқа ўтгач, унинг ёнига, гвардия казармалари табласига Планше келди. Вақтни зое кетказмаслик учун д’Артаньян отини ўзи эгарлаб қўйган эди.

– Балли, – деди у Планше чамадонни боғлаб бўлгандан кейин, – энди қолган уч отни эгарлагин-да – жўнадик.

– Ҳар биримизда иккитадан от бўлса, тезроқ кетамиз, деб ўйлаяпсизми? – қув алфозда сўради Планше.

– Йўқ, жаноб ҳазилкаш, – эътироз билдирди д’Артаньян, – бироқ, тўрт от билан биз уч ошнамизни, агар уларни ҳаёт топсак, олиб қайтишимиз мумкин.

– Жуда катта омад бўларди-да, – жавоб берди Планше. – Аммо, худонинг марҳаматига сира шак келтирмаслик керак.

– Омин! – отига миниб деди д’Артаньян.

Гвардия казармаларини тарк этиб, улар бошқа-бошқа тарафларга жўнаб кетдилар: Сен-Денида қўшилиш мақсадида бири Лавилет дарвозасидан, бошқаси эса, Монмартр дарвозасидан чиқиб кетиши лозим эди. Бу стратегик ҳийла иккаласи томонидан бирдай аниқлик билан адо этилиб, муваффақият билан якунланди: д’Артаньян билан Планше Перфитга бирга етиб келдилар.

Шуни айтиш керакки, кундузи Планше тундагидан ботирроқ бўларди.

Бироқ, туғма эҳтиёткорлик уни бир зум ҳам тарк этмасди; у биринчи сафарнинг бирор фалокатини унутмаган ва барча муқобил кишиларни душман деб қабул қиларди. Бунинг натижасида у ҳадеб шляпасини ечар, бу нарса азбаройи одоби мўллигидан Планшени бирор жўн кишининг хизматкори деб қабул қилинишидан чўчиган д’Артаньяннинг жиддий танбеҳларига дучор қилар эди.

Лекин, ҳамма йўловчилар чиндан ҳам Планшенинг назокатидан таъсирланган эдими ёки бу дафъа ҳеч кимса д’Артаньяннинг йўлини тўсмоқ ниятида уларни пойламасмиди, улар ҳеч қандай саргузаштсиз Шантилияга етиб, биринчи саёҳат пайти тўхтаган Гран-Сен-Мартен мусофирхонасининг олдига бордилар.

Мезбон орқасидан иккита қўшимча от билан хизматкори эргашиб келаётган йигитни кўриб, уни бўсағада иззат-ҳурмат билан қарши олди. Ўн бир ле йўлни босиб қўйган д’Артаньян Портоснинг мусофирхонада туриш-турмаслигидан қатъи назар, шу ерда қўнишини мавридли деб топди. Бундан ташқари, дарров мушкетёрнинг дарагини суриштириш, балки эҳтиёсизлик бўлармиди. Бу мулоҳазаларининг якунида д’Артаньян ҳеч кимни йўқламай отдан тушди, отларни хизматкорнинг оталигига топшириб, умумий залда ўтиришни эп кўрмаган меҳмонларга аталган чоққина хонага кирди-да, хўжайиндан бир шиша энг яхши шароб, илож борича, дуруст нонушта талаб қилди, бу нарса харобот эгасининг ўз меҳмонига нисбатан бир қарашда ўзи ҳис қилган ҳурматини янада мустаҳкамлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации