Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 27 (всего у книги 47 страниц)
V
Тунда мушукларнинг туси бир хил бўлади
Портос билан д’Артаньян тоқати тоқ бўлиб кутган оқшом ҳам кирди.
Д’Артаньян милединикига ҳамишагидек соат тўққизларда ташриф буюрди. Йигит уни жуда хуш кайфиятда учратди; у ҳеч вақт унга бу қадар мулойим манзират қилмаганди, Гасконлигимиз ўзининг номачаси топширилганлиги ҳамда ўз таъсирини ўтказганлигини дарров тушунди.
Кетти кирди ва шарбат узатди. Бека эса унга меҳрла кўз ташлаб, ўзининг энг дилбар табассуми билан жилмайиб қўйди, лекин шўрлик қиз қаттиқ ғамга чўкканидан, миледининг илтифотини пайқамади ҳам.
Д’Артаньян бу икки аёлга галма-гал боқиб, табиат уларни яратганда хатога йўл қўйганлигини кўнглида тан олишга мажбур бўлди: кибор хонимга у сотқин ва тубан қалбни, канизга эса герсогиня қалбини ато этган эди.
Соат ўнда миледида бесаранжомлик аломатлари зоҳир бўла бошлади. Д’Артаньян ҳам бунинг маъносини уқди. У соатига қараб-қараб қўяр, ўрнидан турар, яна ўтирар ва д’Артаньянга: «Сиз албатта жуда ёқимтойсиз, аммо кетсангиз тобора маҳлиё этган бўлардингиз!» – деб турган бир алфозда жилмайиб қўярди.
Д’Артаньян ўрнидан туриб шляпасини олди. Миледи унга бўса учун қўлини узатди; йигит қўлини қисиб қўйилганини сезди ва бу нарса таманнодан эмас, балки унинг чиқиб кетаётганидан миннатдорлик юзасидан қилинаётганини фаҳмлади.
– Уни телбаларча севади, – шивирлади у ва чиқиб кетди.
Бу дафъа Кетти уни кутиб олмади, у на даҳлизда, на йўлакда, на дарвозахонада йўқ эди. Д’Артаньяннинг зинани ва мўъжаз бўлмани ўзи қидириб топишига тўғри келди.
Кетти юзини қўллари билан беркитиб олиб юм-юм йиғлаб ўтирарди.
У д’Артаньяннинг кириб келганини пайқади, лекин бошини кўтармади. Йигит унинг ёнига бориб, қўлларини кафтларига олди; шунда у ҳўнграб юборди.
Худди д’Артаньян тахмин қилганидек миледи мактубни олгач, қувончи ичига сиғмай, ҳамма гапни хизматкорига айтиб берганди; сўнгра бу сафар Кетти топшириқни ўринлатиб адо этгани шукронасига унга ҳамён туҳфа қилганди. Ўз хонасига киргач Кетти ҳамённи кунжакка улоқтириб ташлади, ўша ерда у очиқ ташланганича қолди; уч-тўртта олтин танга гиламга сочилиб ётарди.
Йигитнинг оҳиста силаганига жавобан қиз шўрлик бошини кўтарди. Унинг важоҳати д’Артаньянни қўрқитиб юборди; у илтижо билан унга томон қўлларини узатди-ю, лекин оғзини очишга ботинмади.
Д’Артаньяннинг қалбида раҳму шафқат нақадар кам бўлмасин, бу унсиз изтиробдан унинг юраги эзилиб кетди; бироқ ўзи илгаридан чизиб олган ҳаракат тартибининг лоақал бир жойини бузмоқ учун у ўзининг режаларига, хусусан эса сўнгги режасига ҳаддан ташқари ортиқ ёпишиб олган эди. Шу сабабдан у Кеттини ўз фикридан қайтариш қўлидан келишига сира умид боғламади, балки ўз қилиғини шунчаки бир қасос йўли деб тасвирлаб берди.
Дарвоқе, бу қасоснинг унинг учун шу жиҳатдан анчагина енгиллиги бор эдики, миледи хушторидан ўз ранги-рўйини яшириш истагида бўлса керак, хонадондаги ва ҳатто ўз ётоғидаги жамики чироқларни ўчиришни буюриб қўйган эди. Жаноб де Вард тонг отмасдан туриб, қуюқ зулмат пайти чиқиб кетиши лозим эди.
Бир дақиқадан сўнг улар миледининг ўз ётоқхонасига кирганини сездилар. Д’Артаньян дарров жовонга отилди. У, яширинишга аранг улгурган эди ҳамки, қўнғироқ товуши келди.
Кетти бекаси ҳузурига кириб, ортидан эшикни ёпиб қўйди, лекин тўсиқ шу қадар юпқа бўлганидан, икки аёл ўзаро гапларининг қарийб ҳаммаси эшитилиб турарди.
Сиёқидан миледининг қувончи чексиз эди; у ҳадеб Кеттини де Вард билан канизнинг сохта мулоқоти тафсилотларини майда-чуйдасигача такрорлашга қистар, у мактубни қандай олгани, жавобни қандай ёзгани, авзойи қандай бўлгани, чинакам ошиққа ўхшаганўхшамаганларини суриштирар, хотиржам кўринишга мажбур шўрлик Кетти ҳам бу саволларнинг ҳаммасига тутила-тутила жавоб берар эди, товушининг ҳазин оҳанги эса бекасининг сезги доирасидан тамоман четда қолаверди – худбинона бахт эди бу.
Бироқ графнинг ташриф соати сурилиб келмоқда эди, миледи Кеттига де Вардни келгани ҳамон ҳузурига олиб киришни буюриб, уни ётоғидаги чироқни ўчиришга мажбур этди.
Кеттининг кўп кўз тутишига тўғри келмади. Д’Артаньян жовоннинг калит тирқишидан бутун уйнинг зулматга чўкканни кўриши биланоқ, ундан сакраб чиқди; бу айни Кетти хонасининг миледи ётоғи томондаги эшигини ёпаётган дақиқада рўй берди.
– Нима шовқин? – сўради миледи.
– Бу мен, – нимтовушда жавоб берди д’Артаньян, – мен, граф де Вардман.
– Ё раббий, – дея ғудурлади Кетти, – у ҳатто ўзи тайин қилган соатгача ҳам тоқат қилолмади-я!
– Хўш? – овози қалтираб сўради миледи. – У нега кирмаяпти? Граф, граф, – илова қилди у. – Сизга нигоронлигимни биласиз-ку, ахир.
Бу даъватни эшитиб д’Артаньян Кеттини оҳиста нари суриб қўйди-да, дарҳол ётоққа йўналди.
Ўзини ўзга бир киши деб танитиб, бахтли рақибига қарата айтилган кўнгил дардларини қабул қилаётган хуштор қалбини тилкалагувчи алам-ситамдан уқубатлироқ қайғу-алам бўлмас.
Д’Артаньян ўзи назарда тутмаган ўша оғир аҳволга тушиб қолди: рашк ўти унинг бағрини қон қилар, у ҳам шу тобда қўшни хонада бўзлаб ётган Кеттичалик азоб чекарди.
– Ҳа, граф, – унинг қўлларини ўз қўлларида сиққан кўйи меҳри товланиб дерди миледи, – ҳа, сиз билан учрашган кезлар ҳар сафар нигоҳларингиз, сўзларингиз фош этиб турадиган муҳаббатингиздан бахтиёрман. Мен ҳам сизни севаман. Оҳ, эртага, эртага сиздан мени ўйлаб юришингизнинг бирорта далилини олишни истайман, мени фаромуш этмаслигингиз учун эса – манг, буни олиб қўйинг.
У қўлидан узугини ечиб, уни д’Артаньянга узатди.
Д’Артаньян бу узукни миледининг қўлида илгари кўрганини эслади: бу гардиши олмосдан иборат ажойиб ёқут эди.
Д’Артаньяннинг дастлаб хаёлига келган нарса, узукни қайтариб бериш бўлди, лекин миледи уни олмади.
– Йўқ, йўқ, – деди у, – менга муҳаббатингиз нишонаси сифатида уни олиб қолинг… Бунинг устига уни қабул қилиш билан, – ҳаяжонли овозда қўшимча қилди у, – сиз, ўзингиз билмаган ҳолда, менга кўп яхшилик қиляпсиз.
«Бу аёлнинг турган-битгани сир-асрор», – хаёлидан ўтказди д’Артаньян.
Шу дақиқа у ўзида бор ҳақиқатни миледига айтиш хуруши туғилганини ҳис этди. У кимлиги-ю ва қандай интиқомли ниятлар билан бу ерга ташриф буюрганига иқрор бўлмоқ учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, шу дақиқада миледи гапида давом этиб қолди:
– Бечора дўстим, бу рўдапо гасконлик сизни ўлдириб қўяёзди-я.
Рўдапо дегани, у – д’Артаньян эди.
– Жароҳатларингиз сизга ҳалиям азоб беряптими? – сўради миледи.
– Ҳа, ёмон азоб беряпти, – тузукроқ жавоб беришни билмасдан деди д’Артаньян.
– Хотирингиз жам бўлсин, – шивирлади миледи, – мен сиз учун қасос оламан, қасосим ҳам аёвсиз бўлади!
«Йўқ! – кўнглидан ўтказди д’Артаньян – Орани очиқ қилишга ҳали эрта».
Д’Артаньян бу қисқа савол-жавобдан сўнг ўзини бирдан ўнглаёлмади, лекин унинг ўзи билан келган қасос хусусидаги ниятлари асар қолдирмай тарқалди-кетди. Бу аёлнинг д’Артаньян устидан ажиб бир ҳукмронлиги бор эди, бундан у нафратланар ва айни пайтида унга сажда ҳам қиларди; шу тариқа зид икки ҳиссиётнинг бир қалбдан жой олиши ва омихта бўлиб, аллақандай ғалати, иблисона муҳаббатга айланиши мумкинлигини илгарилари у сира хаёлига келтирмаганди.
Бу ўртада соат занг уриб қолди, ажралиш пайти бўлиб қолганди.
Миледининг ҳузуридан чиқиб кетишда д’Артаньяннинг уни тарк этаётганига афсусланаётганлигидан бўлак ҳисси йўқ эди ва улар бир-бирига лутф этган бўсалар орасида келаси ҳафтага янги висол тайин этилди. Шўрлик Кетти хонасидан д’Артаньян ўтар чоғида унга ақалли бир-икки оғиз гап айтиб қолишнинг эви бўлар деб умид қилган эди, аммо миледи уни қоронғида ўзи кузатиб чиқди-да, у билан зинада туриб хайрмаъзур қилди.
Эрта билан д’Артаньян Атосникига ғизиллаб қолди. У шундай ғаройиб бир воқеага гирифтор бўлгандики, Атоснниг маслаҳатига муҳтож эди. У ҳамма гапни сўзлаб берди: унинг ҳикояси асносида Атос бир неча бор қошларини чимириб қўйди.
– Миледингиз, – деди у, – менга жирканч нарса бўлиб туюляпти, лекин барибир уни алдаб, сиз хатога йўл қўйгансиз: ишқилиб, ёвуз душман орттириб олгансиз.
Бу гапни айтар экан, Атос д’Артаньяннинг бармоғидаги, эндиликда қутичада авайлаб сақлангувчи, қиролича узугининг ўрнини олган олмос гардишли ёқут узукка разм соларди.
– Бу узукка қараяпсизми? – оғайнилари олдида бундай шоҳона туҳфани кўз-кўз қилиш имконидан боши кўкка етиб сўради гасконлик йигит.
– Ҳа, – деди Атос, – у менга бир васият зийнатни эслатяпти.
– Ажойиб узуг-а, шундай эмасми? – сўради д’Артаньян.
– Жуда зўр! – жавоб берди Атос. – Мен шу даражада тиниқ ёқут оламда иккита деб ўйламаган эдим. Ҳойнаҳой, уни олмосингизга алмаштирган бўлсангиз керак?
– Йўқ, – деди д’Артаньян, – бу соҳибжамол инглиз хонимнинг туҳфаси ёки аниқроғи француз хонимини, зеро гарчи ундан буни суриштириб кўрмаган бўлсам-да, унинг Францияда таваллуд топганига ишончим комил.
– Сиз бу узукни миледининг қўлидан олдингизми? – қичқириб юборди Атос, овозида эса қаттиқ таҳлика бор эди.
– Топдингиз. Буни менга бугун тунда инъом қилди.
– Менга шу узукни бир кўрсатинг-а,– деди Атос.
– Мана кўринг, – деди д’Артаньян узукни бармоғидан ечаркан.
Атос уни синчиклаб кўздан кечирди-ю, ранги ўчиб кетди; сўнгра чап қўлининг кичик бармоғига тақиб кўрди; узук худди шу бармоққа атаб буюртма қилингандай лоппа-лойиқ келди. Атоснинг одатдаги ниҳоятда осойишта чеҳрасини ғазаб ва интиқом ифодаси тундлаштириб юборди.
– Бу ўша узукни ўзи бўлиши мумкин эмас, – деди у, – у қандай қилиб леди Кларикнинг қўлига тушиб қолиши мумкин? Шу билан бирга икки узук шунчалик ўхшаш бўлиши тасаввурга сиғмайди.
– Сизга бу узук танишми? – сўради д’Артаньян.
– Мен уни таниганга ўхшаб кетдим, – жавоб берди Атос, – лекин янглишган бўлишим керак.
Узукни, ундан кўзини узмай д’Артаньянга қайтариб берди.
– Гап бундай, д’Артаньян, – деди у бир зум ўтгач, – бу узукни қўлингиздан ечиб қўйинг ёки тошини ичкарига қаратиб олинг: у менга шу қадар изтиробли хотиротларни қўзғатяптики, йўқса мен сиз билан бемалол гаплашолмайман… Сиз бир нарса хусусида мен билан маслаҳатлашмоқчи эдингиз, шекилли, қандай йўл тутишни билмайман деб эдингиз… тўхтанг… менга шу узукни яна бир марта кўрсатинг. Мен айтган узун қирраларининг бири тирналган эди, бир воқеа сабабли…
Д’Артаньян узукни бармоғидан қайта ечиб, уни Атосга узатди.
Атос сесканиб тушди.
– Бир қаранг, – деди у, – хўш, қизиқ эмасми бу?
У ҳозиргина ёдига тушган тирналган жойни д’Артаньянга кўрсатди.
– Бу ёқут сизга кимдан қолган, Атос?
– Волидамдан, у эса онасидан ёдгорликка олган. Мен сизга айтиб ўтганимдек, бу қадимий оила бисоти эди… Бу узук ҳеч қачон оиламиз доирасидан чиқиб кетмаслиги шарт эди.
– Сиз бўлсангиз… сиз уни сотиб юбордингизми? – иккиланиб сўради д’Артаньян.
– Йўқ, – ғалати кулимсираб жавоб берди Атос, – мен уни худди сизга бугун тортиқ қилганларидек, муҳаббат тунида туҳфа қилган эдим.
Д’Артаньян ўйга толиб қолди; миледининг қалби унга аллақандай тубсиз ва мудҳиш ўпқон бўлиб туюлиб кетди.
У узукни тақмади, балки чўнтагига солиб қўйди.
– Менга қаранг, – унинг қўлидан тутиб деди Атос, – сизни яхши кўришимни ўзингиз биласиз д’Артаньян. Ўғлим бўлса, уни сиздан ортиқ кўрмасдим. Гапимга ишонинг, бу аёлнинг баҳридан ўтинг. Мен уни танимайман, лекин алланечук ички садо менга унинг жувонмарг бўлган мавжудотлигини, унинг бир касофати борлигини менга айтиб турипти.
– Сиз ҳақсиз, – жавоб берди д’Артаньян. – Мен ундан ажраламан. Сизга очиғини айтсам, бу аёл менинг ўзимни ҳам чўчитмоқда.
– Азму саботингиз етармикан? – сўради Атос.
– Етади, – жавоб берди д’Артаньян, – мен буни пайсалга ҳам солиб ўтирмайман.
– Яхши, ўғлим. Сиз тўғри йўл тутган бўласиз, – деярли оталарча меҳр билан гасконлик йигитнинг қўлини қисиб деди Атос. – Парвардигор, ҳаётингизга эндигина раҳна солган бу аёл унда даҳшатли асар қолдириб кетишини илоё раво кўрмасин.
Сўнг Атос д’Артаньянга ўз ўй-хаёллари билан танҳо қолиш истагида эканлигини билдириб ишора қилди.
Уйида д’Артаньян ўзига маҳтал Кеттини топди. Роса бир ойлик безгакдан сўнг ҳам у шу бугунги бедор ва машаққатли тундан кейинги сингари рангини олдирмаган бўларди.
Бекаси уни сохта де Варднинг ҳузурига жўнатган эди. Миледи ишқдан девона, бахтдан мастона бўлиб қолганди: у хуштори қачон иккинчи тунни ато этишини билмоқчи эди.
Бояқиш Кетти ҳам безиллаб, ранги ўчиб д’Артаньяннинг жавобига илҳақ турарди.
Атоснинг йигитга нуфузи зўр бўлиб, энди нафсонияти ва қасос иштиёқи қониққандан кейин, дўстнинг насиҳати ўз қалби садосига қўшилиб кетиб, миледидан воз кечишга жазм қилиш борасида д’Артаньянга куч бахш этди. У патни олиб қуйидагиларни ёзиб берди:
«Хоним, яқин бир-икки кун ичида менинг васлим умидини қилманг; тузалганимдан бери баъзи ишларим бирам кўпайиб кетдики, уларга бир мунча тартиб киритишимга тўғри келиб қолди. Галингиз келганда сизга буни хабар қилиш шарафига ноил бўламан.
Қўлчаларингизни ўпиб қоламан. Граф де Вард».
Ёқут тўғрисида бир сўз ҳам дейилмади. Гасконлик йигит қўлида миледига қарши қурол сақлаб қолмоқчи эдими ёки бўлмасам – очиғини айтиб қўя қолайлик – у бу ёқутни аслаҳа-анжом харид қилиш учун сўнгги восита сифатида ёнда қолдирдими экан?
Дарвоқе, бир даврнинг юриш-туришлари борасида бошқаси нуқтайи назаридан ҳукм чиқариш нотўғри бўлурди. Ҳар бир номусли киши бизнинг кунларда ўзи учун ор деб санаши мумкин нарса у маҳаллар жуда жўн ва жуда табиий бўлиб кўринарди ҳамда энг дуруст оилалардан чиққан йигитлар, одатда, ўз маъшуқаларига қарам бўлардилар.
Д’Артаньян Кеттига мактубни елимламай берди; уни ўқиб чиқиб дастлаб, у ҳеч балони тушунмади, лекин кейин қайта ўқиб чиққач, қувончдан эси оғиб қолаёзди.
У бундай бахтга ишона олмасди; д’Артаньян оғзаки равишда мактубда айтилган гапларни уқтиришга мажбур бўлиб қолди, мактубни топшириш пайти бечора қизгинага таҳдид солгувчи миледининг жиззаки феълини юз-хотир қилмасдан Кетти Қирол майдонига оёқларини қўлга олиб чопиб кетди. Аёллар сарасининг қалби рақибасининг азиятларига шафқат қилмайди.
Мактубни Кетти қай тариқа келтирган бўлса, миледи худди шундай шошқалоқлик билан очди. Бироқ дастлабки ўқиган жумлаларданоқ унинг ранги қув ўчиб кетди, кейин қоғозни ғижимлаб ташлади. Кеттига ўгирилиб қаради, унинг кўзларидан ўт чақнарди.
– Бу қандай мактуб? – сўради у.
– Бу жавоб, хоним, – қалтираб жавоб берди Кетти.
– Бўлиши мумкин эмас! – бақириб юборди миледи. – Бўлиши мумкин эмас! Аёл кишига бундай мактуб ёзишга дворяннинг қўли бормайди.
Бирдан у сесканиб тушди.
– Ё раббий, – шивирлади у, – наинки билиб қолган бўлса?
Ва у таққа тўхтади.
У тишларини ғижирлата бошлади, ранги бўздай оқариб кетди. Тоза ҳаводан ютиниш учун у дераза ёнига бормоқчи бўлди-ю, лекин фақат қўлларини узата олди, холос, оёқлари қалтираб, креслога йиқилди.
Кетти, миледи ҳушидан кетди деб қарор қилиб, унинг корсажини ечмоқ учун югуриб борди, лекин миледи тезда ўрнидан турди.
– Сизга нима даркор? – сўради у. – Менга қўл тегизишга қандай журъат қилдингиз!
– Мен сизни ҳушдан кетди деб ўйлаб, ёрдам бермоқчи бўлдим, – миледининг юзида пайдо бўлган қўрқинчли ифодадан қути учиб жавоб берди оқсоч.
– Ҳушимдан кетдим? Мен? Мен-а? Сиз мени бирорта асаби бўш жинни деб ўйлаётган бўлманг, тағин? Мени хўрлаганларида мен ҳушимдан кетмайман – мен ўч оламан, эшитяпсизми?
У имо қилиб, Кеттига чиқиб кетишни буюрди.
VI
Қасос иштиёқи
Кечқурун миледи д’Артаньянни у келган замон ҳузурига олиб киришни буюрди. Аммо унинг дараги бўлмади.
Эрта билан Кетти яна д’Артаньяннинг ҳузурига келди-да, кечаги кун нелар кечган бўлса, ҳаммасини сўзлаб берди. Д’Артаньян мийиғида кулиб қўйди: миледининг рашкли нафрати – унинг қасосдан муддаоси ҳам шу эди.
Кечқурун миледи кечагидан ҳам баттар ғаш бўлиб, гасконлик йигитга оид фармойишини қайта такрорлади, лекин худди кечагидаги сингари унга беҳуда кўз тутгани қолди.
Келаси куни қиз д’Артаньяннинг ҳузурига ташриф буюрди, лекин у энди аввалги икки кунги сингари қувноқ ва дилкаш эмас, балки, аксинча, ўлгудек ғамгин эди. Д’Артаньян шўрлик қиздан унга нима бўлганини сўради. Жавоб ўрнига у чўнтагидан мактуб чиқарди-да, унга узатди.
Бу мактуб миледининг қўли билан битилган, аммо бу дафъа граф де Вардга эмас, балки д’Артаньяннинг ўзига йўлланган эди.
У мактубни очиб, ўқиб чиқди:
«Муҳтарам жаноб д’Артаньян, дўст-биродарларни, хусусан, олдинда узоқ ҳижрон турган пайтда фаромуш этиш яхши эмас. Лорд Винтер билан мен кеча ва тунов куни сизни кута-кута кўзларимиз тўрт бўлди. Наинки бугун ҳам шу аҳвол такрорланса?
Сиздан миннатдор Леди Кларик».
– Ҳаммаси бутунлай равшан, – деди д’Артаньян, – мен ҳам шу мактубни кутган эдим. Граф де Варднинг қадри тушган сайин, меники ортиб боряпти.
– Бораман денг ҳали? – сўради Кетти.
– Менга қара, азизам, – Атосга берган сўзидан қайтиш ниятини ўз назарида оқлашга уриниб деди д’Артаньян, – шундай тайин таклифга ташриф буюрмаслик инсофдан бўлмаслигини тушунгин. Мен бормасам ташрифларимни узиб қўйганим сабабларини миледи тушунмайди, бирор гапни фаҳмлаб ҳам қолиши мумкин, ким билади дейсан, бу тоифа аёлнинг қасоси нималар қилмайди.
– О, худойимей! – хўрсиниб қўйди Кетти. – Сиз ҳамма нарсани шундай тусда кўрсата биласизки, ўзингиз мудом ҳақ бўлиб чиқасиз, аммо, ҳойнаҳой, сиз яна ишқибозлик қиляпсиз, мабодо бу сафар сиз унга ўз ҳақиқий номингиз билан ёқиб қолсангиз, унга сизнинг ҳақиқий қиёфангиз манзур бўлса, бу нарса биринчи галгидан беш бадтар ёмон бўлади-ку!
Бундан кейин нималар рўй беришини шўрлик қизнинг кўнгли қисман сезиб турарди.
Д’Артаньян қўлидан келганча қизни юпатиб, миледининг фусунларига учмасликка ваъда берди.
У Леди Кларикка лутфкорлиги учун ўзининг ниҳоятда миннатдорлиги ҳамда ўзини унинг изму ихтиёрига ҳавола этажагини айтиб қўйишни Кеттига топширди. Бироқ ўз ҳуснихатини миледининг зийрак кўзлари таниб қолмас даражада ўзгартиришни эплаёлмаслигидан чўчиб, унга ёзиб беришга журъат қилмади.
Роппа-роса соат тўққизда д’Артаньян Қирол майдонида ҳозир бўлди. Даҳлиздаги мунтазир хизматкорлар огоҳлантирилганмиди, зеро, д’Артаньян уйга кирган заҳоти уларнинг бири у ҳақда миледига зудлик билан ахборот бергани чопқиллаб кетди, гарчанд мушкетёр ҳали унинг қабул қилиш-қилмаслигини ҳатто сўраб улгурмаган эди.
– Таклиф этинг, – дея лўнда қилиб бирам овози чинғиллаб гапирдики миледи, д’Артаньян уни даҳлиздаёқ эшитди.
Қарол уни меҳмонхонага кузатиб қўйди.
– Мени сўраганларга уйда йўқман, – деди миледи, – эшитяпсизми, ҳеч ким учун.
Қарол чиқиб кетди.
Д’Артаньян қизиқиб миледига кўз ташлади: унинг ранглари синиққан, кўзлари эса – кўз ёшларданми, бедор тунларданми – ҳорғин кўринарди. Хона одатдагича ёруғ эмасди, лекин бу атайин ғира-ширага қарамасдан сўнгги икки кун мобайнида кемиргувчи безгаксимон ҳаяжон изларини яшириш жувоннинг қўлидан келмади.
Д’Артаньян худди одатдагидек назокатли алфозда миледининг ёнига йўлади. У ўзига-ўзи ақлга сиғмайдиган зўрлик қилиб, очиқ юз билан жилмайиб қўйди, лекин бу табассум унинг ҳаяжондан буришиб кетган чеҳраси билан кам қовушарди.
Д’Артаньян миледидан ҳол-аҳволини суриштирган бўлди.
– Чатоқ, – жавоб берди у, – жуда чатоқ.
– Ундай бўлса, – деди д’Артаньян, – мен ҳалал бердим. Сиз, албатта, оромга муҳтожсиз, мен дарҳол кетаман.
– Йўғ-эй! – деди миледи. – Аксинча, қолинг, жаноб д’Артаньян, сиздек улфат йигит билан ўтириш мени овутади.
«Ўҳ-ҳў! – хаёлидан ўтказди д’Артаньян. – У мен билан ҳеч бундай хушмуомалада бўлмаган, шай турмоқ керак».
Миледи ўзининг уқуви етган даражада дўстона оҳангга ўтди-да, суҳбатга ажиб файз беришга уринди. Уни бир зумгинага тарк этган ҳаяжон яна қайтди-ю, кўзлари тағин чақнаб кетди, ёноқларига ранг кирди, дудоқлари қизаринқиради. Д’Артаньянни ўз фусунлари билан аллақачонлар мафтун этган Сирсея яна унинг қошида эди, ўзи сўнган деб ҳисоблаб юрган муҳаббат фақат мудроқда бўлиб, мана энди унинг қалбида қайтадан куртак ёзди. Миледи жилмаярди, д’Артаньян эса шу табассум учун ўз жонини жувонмарг қилишга тайёрлигини ҳис қилиб турарди.
Бу орада миледи сўзамолроқ бўла борди. У д’Артаньяндан унинг маъшуқаси бор-йўқлигини сўради.
– Оҳ! – қўлидан келган энг назокатли тарзда гапирди д’Артаньян. – Менга бу хил саволларни бериб, намунча бағритошлик қилмасангиз? Ахир, сизни кўрган дамдан бери ёлғиз сиз билан нафас олиб, биргина сизнинг кўйингизда ўртанаман-ку!
Миледи ғалати бир табассум қилди.
– Мени севаракансиз-да, а? – сўради у.
– Наинки буни гапириб ўтиришим шарт бўлса, наинки буни ўзингиз пайқамаган бўлсангиз?
– Ҳа, деяйлик, лекин ўзингиз биласиз, қалбдаги ғурур қанчалик кучли бўлса, уни таслим қилиш шунчалик мушкул.
– О, машаққатлар мени чўчитмайди, – деди д’Артаньян, – мени иложи йўқ нарсалар даҳшатга солади, холос.
– Чин муҳаббат учун ҳеч иложи йўқ нарса бўлмайди, – эътироз қилди миледи.
– Ҳеч-а, хоним?
– Ҳеч, – такрорлади миледи.
«Азбаройи шифо! – ўз-ўзича ўйлади д’Артаньян. – Муомаласи тубдан ўзгарди. Борди-ю, бу инжиқ аёлнинг менга ишқи тушиб қолган бўлса-ю, менга, менинг ўзимга – ўша граф де Вардга тортиқ қилган узук қабилидаги бир узук туҳфа қилмоқчи бўлса-я».
Д’Артаньян шоша-пиша курсисини миледининг креслосига яқинроқ сурди.
– Менга қаранг, – деди у, – айтаётган муҳаббатингизни исбот этмоқ учун нималар қилган бўлардингиз?
– Мендан нимаки талаб этсангиз – ҳаммасини. Амр қилинг – мен тайёрман.
– Ҳаммасиними?
– Ҳаммасини! – қичқирди д’Артаньян, бу хил мажбуриятни зиммага оларкан, бунга ўзи кўп нарса тикмаётганини олдиндан билиб турган ҳолда.
– Яхши! Унда гаплашиб олайлик, – ўз навбатида креслосини д’Артаньяннинг курсисига яқинроқ суриб деди миледи.
– Қулоғим сизда, хоним, – жавоб берди у.
Миледи ўйга толиб ва гўё тараддудлангандай бўлиб бир дақиқача жим қолди; сўнгра, афтидан, бир қарорга келди.
– Менинг душманим бор, – деди у.
– Сизнинг-а, хоним? – ўзини ҳайрон бўлганга солиб деди д’Артаньян. – Ё раббий, сиз бирам гўзал, бирам кўнгилчансиз, ахир шундай бўлиши мумкинми?
– Ашаддий душман.
– Ростданми?
– Мени шундай инсофсизларча ҳақорат қилган душманки, у билан менинг ўртамизда энди ҳаёт-мамот жанги туғилди. Шерик сифатида сизга ишонсам бўладими?
Бу қасоскор мавжудот ўзидан нима исташини д’Артаньян дарров фаҳмлади.
– Бўлади, хоним, – тумтароқли қилиб гапирди у, – менинг қиличим ва жоним муҳаббатим-ла биргаликда сизнинг ихтиёрингизда.
– Ундай бўлса, – деди миледи, – агар ошиқлигингизга яраша мард ҳам бўлсангиз…
У индамай қолди.
– Хўш, унда нима? – сўради д’Артаньян.
– Унда, – бир дақиқалик сукутдан сўнг гапида давом этди миледи, – унда сиз шу бугундан эътиборан иложи йўқ нарсадан қўрқмасангиз бўлаверади.
– Йўқ, мен бундай бахтга бардош беролмайман! – ўзини миледининг пойига ташлаб ва унинг қўлларини бўсалар билан кўмиб деди, энтикиб д’Артаньян.
«Сен ўша номард де Варддан мен учун қасос ол – тишларини қисиб ўйларди миледи, – кейин эса сендан қутулиб олиш қўлимдан келади, эй ўзига ишонган тентак, эй менинг интиқомимнинг кўр-кўрона қуроли».
«Ўз ихтиёринг билан оғушимга кел, риёкор ва шум аёл, – ўйларди д’Артаньян, – ёнимга кел! Шунда илгариги мени хўрлаганларинг учун, ўша сен менинг қўлим билан ўлдирмоқчи бўлаётган кишинг билан бирга устингдан бир кулай».
Д’Артаньян бошини кўтарди.
– Мен тайёрман, – деди у.
– Бундан чиқди, мени тушунибсиз-да, жоним д’Артаньян? – сўради миледи.
– Мен истагингизни бир қиё боқишингизданоқ ўқиб олган бўлардим.
– Демак, қилинчингизни – аллақачон шунчалар донг чиқарган қиличингизни мен учун яланғочлашга розимисиз?
– Истаган дақиқангизда.
– Аммо бундай яхшилигингизни мен қандай узарканман? – деди миледи. – Мен ошиқ аҳлини биламан: бу одамлар текинга ҳеч нима қилишмайди.
– Мен қандай мукофотни орзу қилишимни биласиз, – жавоб берди д’Артаньян, – сиз билан менга муносиб ягона мукофотни!
У миледини оҳиста ўзига тортди.
– Таъмагир! – табассум билан деди миледи.
– Оҳ! – дея бу аёл унинг қалбида ўт олдириш уқувига молик шаҳват домига чинакамига илиниб, қичқириб юборди д’Артаньян. – Бахтим менга хомхаёл бўлиб туюлмоқда, у туш каби учиб кетмасайди деб мен мудом қўрқувда юрибман, мана, нима важдан уни ҳақиқатга айлантирмоққа ошиқмоқдаман.
– Ўша хаёлий бахтга етишинг-да, бўлмаса.
– Мен сизнинг ихтиёрингиздаман, – деди д’Артаньян.
– Гапингиз ростми? – шубҳанинг сўнгги кўлкасини қувиб сўзлади миледи.
– Мана шу жоду кўзларни ёшлатишга ботинган ўша муттаҳамнинг номини айтинг.
– Мени йиғлаган деб сизга ким айтди?
– Менга шундай…
– Мен сингари аёллар йиғламайдилар, – деди миледи.
– Яна яхши! Хуллас, менга унинг номини айта қолинг.
– Лекин ўйлаб кўринг, менинг сир-асроримнинг бариси унинг номидан иборат ахир!
– Бироқ бу номни мен билишим шарт-да.
– Ҳа, шарт. Мана кўрдингизми, мен сизга нақадар ишонаман!
– Мен бахтиёрман. Унинг номи?
– Сиз у одамни танийсиз.
– Танийманми?
– Ҳа.
– У менинг дўстларимдан битта-яримтасимасми ишқилиб? – миледини ўзининг ҳеч нимадан хабари йўқлигига ишонтирмоқ учун иккиланган бўлиб сўради д’Артаньян.
– Бундан чиқди, борди-ю, у дўстларингиздан бири бўлганда, сиз иккиланар экансиз-да? – қичқирди миледи ва кўзларидан таҳдид солгувчи ўт чақнаб кетди.
– Йўқ, менга деса туғишган акам бўлмайдими! – гўё ҳаяжонини босолмай қичқирди д’Артаньян.
Гасконлик йигитимиз таваккалчилик қилмаётганди, у ишга дангал киришган эди.
– Садоқатингиз менга манзур, – деди миледи.
– Эвоҳ! Наҳотки, мендаги сизга манзур бўлган бор нарса шугина бўлса? – сўради д’Артаньян.
– Йўқ, мен ўзингизни ҳам севаман, ўзингизни! – унинг қўлидан тутиб деди миледи.
Д’Артаньян қўлини миледи қисганини сезди-ю, бундан гўё ундаги тафтли қалтироқ ўзига ҳам юққандай аъзойи бадани зирқираб кетди.
– Демак, мени севасиз! – ҳаприқиб деди у. – Оҳ, назаримда телба бўлиб қолаётганга ўхшайман.
Йигит миледини бағрига олди. Миледи унинг бўсасига чап беришга уринмади, лекин унга жавоб эҳтирос ҳам қилмади.
Унинг лаблари муздек эди: д’Артаньянга худди ҳайкални ўпгандай туюлиб кетди.
Барибир у ўзида йўқ шод – ишқ ўтида ёнарди; у миледининг нозик ҳисларига ишонишига, унинг де Варднинг жиноятига ишонишига сал қолди. Башарти де Вард шу тобда, шу ерда унинг ёнида бўлганида борми, уни ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмас эди.
Миледи шу фурсатдан фойдаланди.
– Унинг номи… – оғиз очди у.
– Де Вард, мен биламан! – қичқириб юборди д’Артаньян.
– Бундан қандай хабар топдингиз? – йигит қўлига ёпишган кўйи унинг дил қаърига кўз ташлашга уриниб сўради миледи.
Д’Артаньян қизишиб кетиб, хатога йўл қўйганини тушунди.
– Гапиринг, гапиринг! Гапирсангиз-чи, ахир! – дея такрорларди миледи. – Бундан қандай хабар топдингиз?
– Қандай хабар топдимми? – қайта сўради д’Артаньян.
– Ҳа, қандай?
– Кеча мен бир хонадонда де Вард билан учрашиб қолган эдим, у менга, гапларига қараганда, унга сиз туҳфа қилган узукни кўрсатди.
– Номард! – қичқириб юборди миледи.
Бу сўз жуда тушунарли сабабга кўра, унинг қоқ юрагига тегди.
– Хуллас? – савол оҳангида деди миледи.
– Хуллас, мен ўша номарддан сиз учун қасос оламан, – камоли жанговар алфозда жавоб берди д’Артаньян.
– Ташаккур, менинг жасур дўстим! – қичқирди миледи. – Хўш, қасосим қачон олинади?
– Эртага, шу тобда, қачон истасангиз.
Миледи: «Шу тобда!» деб юбораёзди, лекин у бу хил шошқалоқлик д’Артаньянга нисбатан унча илтифотли бўлмайди, деган андишага борди.
Устига-устак унинг минг-минг эҳтиёт чораларини кўриб қўймоғи ва ўз шафесига ҳакамлар ҳузурида графга изоҳ беришдан қай йўсин бўйин товлашга оид минг-минг маслаҳатлар бермоғи зарур эди. Д’Артаньян унинг барча гумонларига бир оғиз гап билан барҳам берди.
– Эртага қасосингиз олинади, – деди у, – ёки мен ўламан.
– Йўқ! – жавоб берди у. – Сиз мен учун қасос оласиз, лекин ўлмайсиз. У қўрқоқ.
– Аёллар билан бўлса бордир, лекин эркаклар билан эмас. Бошқа бировлар билмаса ҳам, у хусусидаги у-бу гапдан хабарим бор-ку.
– Бироқ, янглишмасам, у билан тўқнашганда тақдирдан нолишингизга ўрин қолмаган.
– Тақдир дегани – суюқоёқ хотиндай гап, бугун у сенга ёр бўлади, эрта эса терс қараб кетаверади.
– Бошқача қилиб айтганда, сиз иккиланиб қолдингиз.
– Йўқ, худо сақласин, мен иккиланаётганим йўқ, аммо менга атиги умид-у, ундан ортиқ ҳеч нимани инъом қилмасдан, мени тўппа-тўғри ажалга йўллаш инсофдан бўлармикан?
Миледи: «Вой, ҳамма гап шунда-да, дадилроқ бўлинг!», – деб турган нигоҳ билан жавоб қилди.
У ўз нигоҳини мулойим гап билан изоҳлаб берди:
– Сиз ҳақсиз.
– О, сиз фариштасиз! – қичқириб юборди д’Артаньян.
– Демак, биз гапни бир жойга қўйдик-а? – сўради у.
– Мен сиздан ўтинаётган нарса истисно, азизам.
– Агар хўп десам, муҳаббатимга шунда амин бўласизми?
– Менинг эртанги куним йўқ, кутишга имконим ҳам йўқ.
– Секинроқ! Мен акамнинг оёқ шарпасини эшитяпман. У сизни бу ерда кўрмаслиги керак.
У қўнғироқ қилди. Кетти пайдо бўлди.
– Мана бу эшикдан чиқинг, – кичкина яширин эшикни очиб деди миледи, – ва соат ўн бирда қайтиб келинг. Бу суҳбатни тугатамиз. Кетти сизни ҳузуримга ўтказиб қўяди.
Бу сўзлардан қиз бояқишнинг ҳушидан кетишига сал қолди.
– Хўш, хоним! Нега энди ҳайкал сингари жойингизда қаққайиб қолдингиз? Эшитдингизми? Соат ўн бирда жаноб д’Артаньянни ҳузуримга олиб кирасиз.
«Унинг ҳамма мулоқотлари соат ўн бирга тайинланса керак, – кўнглидан ўтказди д’Артаньян. – Бу одат тусига кириб қолибди».
У миледининг узатилган қўлини назокат билан ўпиб қўйди.
«Бироқ, – кета туриб Кеттининг таъналарига жавоб берган кўйи ўйларди у, – бироқ мот бўлиб қолмай тағин! Бу аёлнинг ҳар қандай жиноятга қодирлигига шак-шубҳа йўқ. Эҳтиёт бўлайлик».