Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Хуллас, д’Артаньяннинг фармойишлари фавқулодда тезлик билан ўталди.

Гвардия полки энг кўзга кўринган дворянлардан терилгувчи эди ва хизматкор ҳамроҳлигида тўрт шоҳона от билан саёҳат қилиб юрган д’Артаньян уст-бошининг соддалигига қарамай, бу ерда кучли таассурот қолдириши керак эди. Соҳиб шахсан ўзи унга қарашишни ихтиёр қилди; буни кўргач, д’Артаньян икки стакан келтиришни буюрди-да, гап очди.

– Хў-ўш, муҳтарам хўжайин, – иккала стаканга қуйиб гап бошлади у, – мен сиздан энг соз шароб сўрадим, борди-ю менга панд берган бўлсангиз, бу билан ўзингизни жазолаган бўласиз, чин сўзим. Негаки, ёлғиз ичишга менинг тоқатим йўқ, сиз ҳам мен билан бирга ичасиз. Шундай қилиб стаканни олинг-да, ичайлик. Нима учун ичсак экан, токи ҳеч кимнинг кўнгли қолмаса?! Келинг, муассасангизнинг равнақи учун ичамиз.

– Обрўйим ошиб кетади, зоти олийлари, – деди хўжайин, – хайрли истагингиз учун хокисор ташаккуримни билдираман.

– Бироқ, бу борада панд еб қолманг яна, – эътироз қилди д’Артаньян, – менинг қадаҳимда сиз ўйлагандан кўра кўпроқ худбинлик яширилган. Фақат омад бўлган мусофирхоналарда яхши манзират қилишади; нураётганларида эса сайёҳ хўжайиннинг риёзатлари қурбони бўлиб қолади. Мен бўлса, кўп саёҳатда юраман ва асосан шу йўлдан, шу сабабдан барча хароботларнинг муваффақиятларига тилакдошман.

– Ўзим ҳам айтдим-а, тақсир, сизни кўриш шарафига биринчи марта ноил бўлмаяпман деб, – деди хўжайин.

– Бўлмасам-чи! Мен Шантилиядан фаҳмимча ўн мартача ўтганман, шу ўн мартадан кам деганда уч ёки тўрт дафъа сизникида қўнганман. Тўхтанг… ҳа, мен бу ерда атиги ўн ёки ўн икки кун илгари бўлганман. Мен ўз мушкетёр ошналаримни кузатмоқда эдим, истасангиз уларнинг бири аллақандай нотаниш киши билан, аввал ўзи хиралик қилган одам билан ғижиллашиб қолганини сизга эслатишим мумкин.

– Ҳа, ҳа, бу рост! – деди хўжайин. – Бу воқеа жуда яхши эсимда. Зоти олийлари жаноб Портосни айтяптилар, шундайми?

– Ҳа, ҳамроҳимнинг номи худди шундай. Худоё тавба! Унга бирор фалокат бўлмаганми ишқилиб, муҳтарам соҳиб?

– Бироқ, сиз ўзингиз ҳам унинг йўлини давом эттиролмаслигини кўришингиз керак эди, зоти олийлари.

– Бу тўғри, етиб оламан деб ваъда бериб эди, аммо биз уни шу-шу кўрмадик.

– У шу ерда қолиш шарафига ноил этди бизни.

– Нима! Шу ерда қолиш?

– Ҳа, тақсир, шу мусофирхонада. Ундан кейин икки ўртада биз жуда ташвишда қолдик.

– Нимадан?

– Унинг баъзи чиқимларидан.

– Бунинг нимаси ташвиш! У орттирган қарзларининг ҳаммасини узади.

– О, тақсир, сиз чинакамига менинг дардларимга малҳам бўляпсиз! Биз унга кўп насия қилдик, яна бугун эрталаб табиб, агар жаноб Портос унга ҳақини тўламаса, мендан ундириб олишини маълум қилди, негаки, уни мен чақиртирган эдим.

– Нима, Портос жароҳатланганми ҳали?

– Бунисини айтолмайман, тақсир.

– Айтолмаслигингиз нимаси! Ахир сиз у ҳақида ҳар кимдан дурустроқ воқиф бўлмоғингиз лозим.

– Бу тўғрику-я, лекин, шу аҳволимизда биз билганларимизни айтмаймиз, айниқса, тилимиз учун қулоқларимиздан қуруқ қолишимизни огоҳлантириб қўйишгандан кейин.

– Хўш, мен Портосни кўришим мумкинми?

– Албатта, тақсир. Зинапоядан иккинчи қаватга чиқиб, биринчи сон эшикни тақиллатинг. Фақат бу менман деб огоҳлантириб қўйинг.

– Бу менман деб огоҳлантириб қўяйми?

– Ҳа, ҳа, акс ҳолда бирор балога қолишингиз мумкин.

– Хўш, сизнингча, менга нима бало бўлиши мумкин?

– Жаноб Портос сизни менинг уй-ичимдагиларнинг битта-яримтаси деб қабул қилиб, зардаси қайнаб, сизни қилич билан чавақлаб қўйиши ёки бошингизни тиғи паррон қилиши мумкин.

– Унга ўзи нима қилдингиз?

– Биз ундан пул сўраган эдик.

– Уҳ, азбаройи шифо, энди тушундим! Бу шундай илтимоски, уни Портос қўпол қарши олади, хусусан камхарж пайтлари, аммо, билишимча, унинг пули бор.

– Биз ҳам шундай деб ўйлаган эдик-да, тақсир. Муассасамиз жуда батартиб сақлангани сабабли ҳар ҳафта биз якунларини чиқариб турамиз, биз унга ҳам ҳафта охирида ҳисоб-китобни берган эдик, бироқ номувофиқ пайтга тўғри келибмиз, шекилли, чунки биз пул тўғрисида ҳали оғиз очмасимиздан бизни жинлар маконига равона қилди. Рост, у арафада қимор ўйнаган эди.

– Э-э, у қимор ўйнаганмиди?! Хўш, ким билан?

– Э, тавба, ким билади дейсиз! Ўзи бир давра ландскнехт таклиф этган бир йўловчи жаноб билан.

– Ҳамма гап шунда. Бечора ютқазиб қўйган бўлса керак-да.

– Нақ отигача, тақсир, чунки, нотаниш киши жўнашга отланаётган пайти унинг хизматкори жаноб Портоснинг отини эгарлаётганига кўзимиз тушиб қолди. Биз унга шу гапни айтдик, аммо у, бировнинг ишига бош суқяпсизлар, от ўзимизники деб жавоб берди. Биз шу заҳоти жаноб Портосни огоҳлантирдик, аммо у, бизга дворяннинг лафзига шак келтиргандан кейин пасткаш одамсанлар, у от меники дептими, демак, худди шундай, деб айтди…

– Портосни танияпман! – тўнғиллади д’Артаньян.

– Шунда, – дея сўзида давом этди хўжайин, – мен унга, афтидан, ижара ҳақи борасида тил топишимиз насиб бўлмаслиги сабабли унинг илтифот қилиб лоақал менинг ҳамкасабам «Олти Бургут»нинг эгасиникига ўтишига умидворлигимни айтдим. Бироқ, жаноб Портос менинг мусофирхонамнинг ундан яхшироқлигини маълум қилди. Бу жавоб мен учун ўта манзур бўлиб, ортиқ қистаб ўтирмадим. Шу сабабдан мен мусофирхонадаги энг яхши бўлмиш ўзи банд этган хонани бўшатиб, тўртинчи қаватдаги шинам ҳужра билан қаноатланишини илтимос қилиш билан чекланиб қўя қолдим. Аммо, жаноб Портос бунга ўзининг маъшуқаси, юқори мартабали сарой хонимларидан бирига ҳар дақиқа кўз тутаётганини ва, бинобарин, ҳатто, у ўзи мушарраф этиб истиқомат қилаётган хона ҳам бундай зот учун ҳаддан ташқари ғариблигини тушунишингиз лозим деб жавоб берди. Бироқ, унинг сўзлари тўғрилигини тўкис тан олганим ҳолда мен ўзимни гапимда туриб олишга мажбур деб ҳисобладим; шу ерда, ҳатто, мен билан ғиди-биди қилиш ҳам малол келиб, у пистолетини чиқариб, уни тунги столчага қўйди-да, қаерга бўлмасин – бўлак хонагами ёки бўлак меҳмонхонагами – кўчиш тўғрисида оғиз очилган ҳамон эҳтиётсизлик қилиб, ўзининг ишига аралашган ҳар кимнинг бошини пачақлашини маълум қилди. Шу сабабдан ўшандан бери уникига ўзининг хизматкоридан бўлак ҳеч ким кирмайди.

– Мушкетон шу ердами ҳали?

– Ҳа, тақсир, жўнаб кетганидан кейин беш кун ўтгач, у ҳам ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келди. Унинг ҳам йўлида кўнгилсизликлар бўлганга ўхшайди. Бахтга қарши, у ўз соҳибидан эпчилроқ, уни деб ҳаммаёқни остин-устун қилади: бирор илтимос қилсам, рад этишлари мумкин деб қарор қилиб, у ҳамма нарсани бесўроқ олаверади.

– Ҳа, – садо берди д’Артаньян, – Мушкетонда ноёб садоқат билан ноёб уқув борлигини мен ҳар доим пайқардим.

– Жуда эҳтимол, тақсир, бироқ, мен бундай садоқату уқув билан ақалли йилига тўрт марта тўқнашсам борми – кулим кўкка соврилади.

– Йўқ, бундай эмас, чунки, Портос сизга тўлайди.

– Ҳим… – ишонқирамай гапирди харобот эгаси.

– У лутфи карамидан истифода қиладиган бир кибор хоним ўша сизга қарз бўлган арзимас нарса учун уни танг аҳволда ташлаб қўймайди.

– Қани энди кўнглимдаги гапни сизга айтишга ботинсам…

– Кўнглингиздаги гапними?

– Очиқроқ айтсам – мен биладиган гапни…

– Сиз биладиган гапними?

– Бундан ҳам аниғи – мен амин бўлган гапни…

– Хўш, сиз нимага аминсиз? Сўзлаб беринг.

– Мен сизга ўша кибор хоним кимлигини биламан деган бўлардим.

– Сиз-а?

– Ҳа, мен.

– Хўш, сиз буни қай йўсинда билиб олдингиз?

– О, тақсир, кошки эди камтарлигингиздан кўнглим тўқ бўлса…

– Гапираверинг, чин двораянлик сўзи бераман, менга ишонганингиздан пушаймон қилмайсиз.

– Гап бундай, тақсир, ўзингиздан қолар гап йўқ, хавотир кўп ишларни қилишга мажбур этиб қўяди.

– Хўш, сиз нима қилдингиз?

– О, қарз берган кишининг ҳуқуқларидан ташқари ҳеч нима.

– Хуллас?

– Жаноб Портос герсогиня учун бир мактубча бериб, почтадан йўллашни буюрди. Ўша маҳалда унинг хизматкори ҳали келмаган эди. Ўзининг хонадан чиқолмаслигини назарга олиб, бу топшириқни ноилож бизга беришига тўғри келди…

– Кейин.

– Мактубни почтадан йўллаш ўрнига, бу ҳеч қачон тўла ишончли бўлмайди, мен одамларимизнинг бири Парижга жўнаши зарурлигидан фойдаландим ва унга мактубни шахсан ўша герсогиняга топширишни буюрдим. Ахир бу мактуб тўғрисида қаттиқ хавотирланаётган жаноб Портоснинг истагини бажо келтириш деган гап эди-да, шундайми?

– Шундай дейилса бўлади.

– Шундай қилиб тақсир, ўша кибор хонимнинг кимлиги сизга маълумми?

– Йўқ, мен у тўғрисида Портосдан эшитганман, бор гап шу.

– Ўша хаёлий герсогинянинг кимлиги сизга маълумми?

– Сизга такрор айтаман, мен уни танимайман.

– Бу Шатледаги кекса прокурор хоним, кам деганда элликка борган, яна олифтагарчилик қилиб кунчилаб ҳам турадиган Кокнар хоним экан, тақсир. Ҳатто, менга ҳам ғалати туюлган эди-я: кибор хоним Айиқ кўчасида истиқомат қилса!

– Буларнинг ҳаммасини қаёқдан биласиз?

– Шу ёқданки, жаноб Портос – енгилтак одам, ўша қилич зарбини битта-яримта аёл учун егандир, деб унинг аччиғи чиққан.

– У қилич зарбини еганмиди ҳали?

– Э тавба, мен нима деб қўйдим-а?

– Сиз Портос қилич зарбини еган, деб қўйдингиз.

– Шундайку-я, бироқ, бу ҳақда гапириб юришни у менга қатъиян ман этган-да!

– Нега энди?

– Нега! Шунгаки, тақсир, сизлар келаётган пайти у ўша ўзи ғижиллашиб қолган нотаниш кишини паррон тешиб қўяман деб мақтанган эди, акси бўлиб чиқди – чиранишига қарамай, нотаниш киши уни узала қилиб қўйди. Мана энди, саргузашт дафтари билан раҳмини келтирмоқчи бўлган ўша герсогинядан ташқари ҳаммага керилгувчи жаноб Портос қилич зарбини еганига иқрор бўлгиси келмаяпти.

– Бундан чиқди, ўша қилич зарби уни ўриндан турғизмаяпти экан-да?

– Ҳа, ўзиям зарбамисан-зарба, сизни ишонтиришим мумкин. Ошнангизни жони сабил бўлса керак.

– Сиз ҳам шунда бормидингиз?

– Мен қизиқсиниб уларнинг ортидан бордим ва уришаётганларнинг кўзига чалинмасдан муборазани кўрдим.

– Хўш, қандай содир бўлди?

– О, кўп чўзилмади, сизни ишонтиришим мумкин. Улар позицияга турдилар. Нотаниш киши шундай тез ҳамла қилдики, жаноб Портос уни қайтармоқчи бўлганда уч дюйм темир унинг кўксига қадалиб бўлган эди. У чалқанчасига йиқилди. Нотаниш киши шу заҳоти қиличининг учини унинг кўксига тиради, жаноб Портос ҳам ўзини буткул рақибнинг ҳукмида кўриб, мағлуб бўлганини тан олди. Шундай кейин нотаниш киши унинг исмини сўради, номи д’Артаньян эмас, Портослигини билгач, ўзининг қўлига суяниб олишни таклиф этди-да, мусофирхонагача олиб бориб, сакраб отга минди-ю, ғойиб бўлди.

– Демак, бу нотаниш киши д’Артаньян билан жанжаллашмоқчи экан-да?

– Шундай, шекилли.

– Унга кейин нима бўлганини билмайсизми?

– Йўқ. Мен уни на бундан илгари, на кейин, сира кўрмадим.

– Жуда соз. Менга зарур ҳамма нарсани билиб олдим. Шундай қилиб, Портоснинг хонаси иккинчи қаватда биринчи эшик деяпсизми?

– Ҳа, тақсир, мусофирхонадаги энг яхши хона. Мен уни аллақачон ўн мартача ўтказган бўлардим.

– Қўйинг, тинчланинг, – деди д’Артаньян кулиб, – Портос герсогиня Кокнарнинг пуллари билан тўлайди.

– О, тақсир, у ким бўлса-бўлсин – прокурор хонимми ёки герсогинями – ишқилиб, ҳамёнини ечса, бас. Йўқ, у жаноб Портоснинг талаблари ва хиёнатлари жонига текканини ва бирон су ҳам жўнатмаслигини маълум қилган.

– Сиз ҳам бу жавобни меҳмонимизга етказдингизми?

– Йўғ-эй, биз бундан ўзимизни тийдик: унга биз топшириқни қай йўсинда бажарганимизни у пайқаб қоларди-да.

– Демак, у ҳалиям пулни кутяпти денг?

– Бутун гап шунда-да, кутяпти! Кечагина у иккинчи марта ёзди, фақат бу гал мактубни почтадан хизматкори йўллади.

– Сиз прокурор хоним қари ва хунук деяпсизми?

– Кам деганда эллик ёшда, тақсир. Партонинг сўзларига қараганда, унча чиройли эмас.

– У ҳолда кўнглингизни тўқ қилинг, ахийри у юмшайди. Бунинг устига Портос сиздан у қадар кўп қарз бўлмагандир.

– Бўлмагандир деганингиз нимаси? Табибни ҳисобга олмаганда йигирма пистолча. Э-ҳе! У ўзини ҳеч нимадан камситмайди, мўл-кўл яшашга одатлангани дарров кўриниб турибди.

– Ҳа, агар уни маъшуқаси тарк этса, дўстлари топилади, бунга кафил бўлишим мумкин. Хуллас, муҳтарам хўжайин, ташвишланманг ва унинг мавқеи талаб этган эътибор билан муомала қилаверинг.

– Тақсир, сиз прокурор хонимни тилга олмасликни ва жароҳат хусусида оғиз очмасликни ваъда бердингиз.

– Менга буни эслатишингизнинг ҳожати йўқ, сизга сўз бердим.

– Агар билиб қолса, мени ўлдириб қўяди-я!

– Қўрқманг, у амалда ўзи кўрингандай қўрқинчли эмас.

Шу сўзлар билан хўжайинни, афтидан у жуда қадрлаган икки нарса – ҳамёни ва жони хусусида бир оз хотиржам қолдириб, д’Артаньян зинапоядан чиқа бошлади.

Юқорида, бутун даҳлизда энг кўзга кўринган эшикда қора сиёҳ билан баҳайбат 1 рақами чизилган эди; д’Артаньян тақиллатди ва ичкаридан эшитилган йўлингдан қолма, деган таклифга жавобан хонага кирди.

Портос ўринда ётар ва қўлини ўрганиш учун Мушкетон билан ландскнехт ўйнарди, бу орада каклик қўндирилган сих ўчоқ бошида гир айланар, катта каминнинг ҳар иккала бурчидаги икки манқалда вақирлаб ётган икки қозондан эса қуён қовурма билан қайласига вино қўшилган балиқнинг омухта ҳиди анқиб, димоғни ёқимли қитиқларди. Бутун стол ва жовончанинг мармар тахтаси бўш шишалар билан тўлиб кетган эди.

Дўстини кўриб, Портос севинганидан қийқириб юборди, Мушкетон эса ҳурмат билан қўзғалиб, ўрнини д’Артаньянга бўшатди-да, афтидан, ўзининг махсус назорати остида бўлган қозонлардан хабар олгани кетди.

– Оҳ, бу сизмисиз азбаройи шифо, – деди Портос д’Артаньянга, – қадамларингизга ҳасанот? Турмаётганим учун узр сўрайман. Дарвоқе, – хиёл хавотир билан д’Артаньянга кўз ташлаб қўшиб қўйди у, – менга нима бўлгани сизга маълумми?

– Йўқ.

– Хўжайин сизга ҳеч нима демадими?

– Мен ундан сизнинг қаердалигингизни сўрадим-у, шу замон юқорига чиқдим.

Портос анча енгил тортди, чоғи.

– Хўш, сизга ўзи нима бўлди, муҳтарам Портос? – сўради д’Артаньян.

– Шуки, ўзим уч қилич зарби билан сийлаган рақибимни тўртинчиси билан бир ёқли қилишга чоғланиб, унга ҳамла қилган пайтда тошга қоқилиб, тиззамни чиқариб олдим.

– Нималар деяпсиз?

– Виждонан онт ичаман! Бу ландовурнинг хати бор экан, бўлмаса, жойида тугатиб қўя қолардим, бунга кафилман.

– У қаёққа гумдон бўлди?

– Тўғриси, билмайман. У боплаб ҳиссасини олди ва қайтимини сўрамасдан жўнаб қолди. Хўш, сизчи, жон д’Артаньян, ўзингизга нималар бўлди?

– Демак, бу оёғингиз экан-да, – гапини давом этди д’Артаньян, – сизни кўрпадан турғизмаётган?

– Нимасини айтасиз, шундай арзимас нарса! Айтганча, бир-икки кундан кейин оёққа тураман.

– Аммо нима сабабдан ўзингизни Парижга кўчиришни буюрмадингиз? Ахир сиз бу ерда роса зерикаётгандирсиз?

– Мен ҳам айни шундай қилмоқчи бўлиб тургандим, бироқ, сизга баъзи бир эътирофлар қилмоғим зарур, муҳтарам дўстим.

– Хўш нималарни?

– Мана нималарни. Худди ўзингиз айтгандек, бу ерда роса зерикканим ва чўнтагимда сиздан олинган етмиш беш пистол бўлгани сабабли мен бир кўнгил очиш ниятида шу ерда йўл-йўлакай қўнган бир дворянни юқорига чиқишини илтимос қилиб, бир давра ошиқ ўйнашни таклиф этдим. У рози бўлди, мана шунда етмиш беш пистолим менинг чўнтагимдан уникига ўтиб қолди, у сийловига олиб кетган отни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Хўш, ўзингиз қалайсиз, муҳтарам д’Артаньян.

– На чора, муҳтарам Портос, ҳамма иш ўнгида бўлмайди, – деди д’Артаньян. – Бир мақолни биласизми: «Кимники ўйинда омади келмаса, муҳаббатда унга омад ёр бўлади». Сиз муҳаббатда ўта ёлчигансиз, наинки ўйин бунинг қасдини олмаса. Бироқ, тақдирнинг бевафолиги сизга нима эди! Ахир, бахти чопган йигити тушкур, сизнинг ҳаяллатмай ёрдамга келиши шубҳасиз герсогинянгиз йўқми?

– Айни ўзим омадсиз ўйинчи бўлганим сабабли, – пинагини бузмай жавоб берди Портос, – мен унга ёзиб юбордим, бирор эллик луидор жўнатсин, улар ҳозирги аҳволимда менга мутлақо зарур.

– Хўш, қалай?

– Қалай бўларди! У ўзининг бирор мулкида бўлса керакми – жавобини олмадим.

– Нималар деяпсиз?

– Ҳа, жавоби йўқ. Кеча эса унга аввалгисидан ҳам қатъий қилиб, иккинчи номани йўлладим. бироқ, сиз шу ердасиз, жон дўстим, сиз тўғрингизда гаплаша қолайлик. Эътироф қиламанки, тақдирингиз учун салпал хавотирга туша бошлаган эдим.

– Бироқ, бундай қараганда, хўжайиннинг сизга манзирати дуруст, муҳтарам Портос, – беморга тўла қозон ва бўш шишаларни кўрсатиб, деди д’Артаньян.

– Йўғ-эй! – жавоб берди Портос. – Уч ёки тўрт кун муқаддам бу сурбет менга ҳисоб-китобни кўтариб келибди, мен ҳам уни ҳисоб-китобига қўшиб, эшикдан ташқарига чиқариб қўйдим. Шунинг учун ҳозир бу ерда худди фотиҳ, ўзига хос истилочи сингари ўтирибман, шу сабабдан, ҳужумдан хавфсираб, тиш-тирноғимгача қуролланиб олганман.

– Аммо, сизлар гоҳида хуруж қилиб турибсизлар, шекилли, – кулги билан эътироз билдирди д’Артаньян ҳамда бармоғи билан шиша ва қозонларни кўрсатди.

– Бахтга қарши, мен эмас! – жавоб берди Портос. – Лаънати оёқ мени ўриндан турғизмаяпти. Атроф жойларни кўздан кечириб, озиқ-овқат топиб келаётган – Мушкетон… Мушкетон, дўстим, – гапини давом этди Портос, – кўриб турибсизки, кўпайишиб қолдик, қўшимча озиқ-овқат ғамлашимизга тўғри келади.

– Мушкетон, – деди д’Артаньян, – сиз менга бир яхшилик қилишингиз лозим.

– Қандай, тақсир?

– Ўз услубингизни Планшега ўргатсангиз. Мен ҳам қамал ҳолатига тушиб қолишим мумкин, у менга худди сиз соҳибингизга инъом қилаётган қулайликларни яратолса, ҳаргиз зарар қилмасди.

– Э тавба, – камтаринлик билан деди Мушкетон, – бундан осон нарса йўқ, тақсир! Чаққон бўлиш керак – вассалом. Мен қишлоқда улғайганман, отам бўш пайтлари хуфиёна ов билан сал-пал шуғулланиб турарди.

– Бошқа пайтлари-чи, у нима иш қиларди?

– Менинг назаримда, доим анча сердаромад ҳисобланиб келган ҳунар билан машғул бўларди.

– Қандай ҳунар билан.

– Бу католиклар билан гугенотлар ўртасидаги уруш пайти бўлган. Католиклар гугенотларнинг қиронини келтираётганини, гугенотлар эса, католикларни қираётганини, яна буларнинг ҳаммаси эътиқод учун бўлаётганини кўргач, отам ўзи учун дам католик, дам гугенот бўлиб юришга имкон берадиган омухта эътиқод ихтиро қилди. Ана шундан кейин у елкасига милтиқни осиб олиб, йўлларни иҳота қилиб турган чавралар орқасида айланиб юрар ва ёлғиз судралиб келаётган католикка кўзи тушганда, қалбида дарров протестант эътиқод устун кела қоларди. У милтиғини йўловчига ўқталарди, кейин эса ўн қадамча яқинлашганда у билан суҳбат бошларди, бунинг натижасида қарийб ҳар вақт йўловчи жонини қутқариш учун ҳамёнини чиқариб берарди. Ўз-ўзидан маълумки, отам гугенотга дуч келганда, шу замон уни католик ибодатхонасига нисбатан шундай муҳаббат қамраб олардики, чорак соат илгари ўзимизнинг муқаддас динимизнинг аълолиги борасида қандай қилиб ўзида шубҳа туғилиши мумкин бўлганига унинг асти ақли етмай қоларди. Сизга шуни айтиш керакки, мен католикман, негаки, отам ўзининг маслагига вафо қилиб, акамни гугенот қилган.

– Аммо, ўша ҳурматли киши умрини қай тарзда тугатди? – сўради д’Артаньян.

– О, тақсир, энг хароб тарзда. Кунлардан бир кун у ўзининг иши тушиб юрган гугенот ва католиклар орасидаги тор сўқмоққа кириб қолган-у улар буни таниб қолишган. Шунда улар уюшиб, уни дарахтга осиб қўйишган. Шундан сўнг улар ўзларининг шонли қаҳрамонликларини мақташ учун дуч келган биринчи майхонага келишган, худди ўша ерда биз акам билан ичишиб ўтирган эдик…

– Хўш, сизлар нима қилдиларинг? – сўради д’Артаньян.

– Биз уларни тингладик, – жавоб берди Мушкетон, – кейин эса улар майхонадан чиқиб, ҳар тарафга тарқалгач акам католик йўлини, мен эса гугенот йўлини пойлаб ўтирдик. Икки соат ўтгач, ҳаммаси барҳам топди: эҳтиёткорликдан бизни ҳар хил маслакда тарбиялаган шўрлик отамизнинг тадбирлигига қойил қолган ҳолда ҳар биримиз ўз ишимизни бажариб қўйдик.

– Рост, Мушкетон, отангизнинг зеҳни ўткир бўлганлиги кўриниб турибди. Шундай қилиб, бу инсофли одам бўш пайтлари хуфиёна ов билан шуғулланиб турарди, дедингизми?

– Ҳа, тақсир, қопқон қўйиш ва қармоқ ташлашларни менга ўшанинг ўзи ўргатган. Шунинг учун ярамас хўжайинимиз бизни бирор давангирга тўғри келадиган-у, бизники сингари нозик ошқозонларга тўғри келмайдиган, мўл, лекин дағал таом билан боқа бошлангандан кейин мен астагина эски ҳунаримга қайтдим. Шаҳзоданинг ўрмонларида айланиб юрганда мен буғуларнинг йўлларига қопқонлар қўярдим, аъло ҳазратларининг ҳовузлари бўйида ётиб, қармоқ ташлардим, энди эса худога шукур, каклигу қуён дейсизми зоғорабалиғу илонбалиқ дейсизми, бу бемор кишиларга мос енгил ва фойдали таомларнинг ҳаммасидан камчилигимиз йўқ.

– Хўш, шаробчи? – сўради д’Артаньян. – Сизларни шароб билан ким таъминлаяпти? Хўжайинми?

– Нима десак экан? Ҳам, ҳа, ҳам йўқ.

– «Ҳам ҳа, ҳам йўқ» деганингиз нимаси?

– Рост, у бизни таъминлаб турибди, бироқ бундай мушаррафлигидан ўзининг ҳам хабари йўқ.

– Аниқроқ тушунтирсангиз, Мушкетон, сиз билан суҳбат бағоят ибратли бўляпти.

– Марҳамат, тақсир. Ўз саёҳатларим пайтлари мен иттифоқо кўп мамлакатларни, жумладан, Янги Дунёни ҳам кўрган бир испан билан танишиб қолдим.

– Янги Дунёнинг ёзув столи ва жовончада турган шишаларга қандай алоқаси бор?

– Сабр-қаноат, тақсир, ҳар нарсанинг вақти-соати бор.

– Тўғри, Мушкетон, гапингга кириб, тинглаяпман.

– Ўша испаннинг Мексика саёҳатида унга ҳамроҳ бўлиб борган хизматкори бор эди. Ўша хизматкор менинг юртдошим бўлиб, биз у билан тезда иноқлашиб кетдик, устига-устак табиатимиз билан ҳам бир-биримизга жуда ўхшардик. Биз иккаламиз бутун оламда ҳаммадан ҳам овни севардик ва пампасларга туб аҳоли йўлбарс ва ёввойи ҳўкизларни – бу даҳшатли жониворлар бўйнига ташланадиган оддий бўғма ҳалқа ёрдами билан қандай ов қилишини у менга ҳикоя қиларди. Аввал бошда арқонни йигирма-ўттиз қадам нарига ташлаб, исталган жойга тушириш даражасига чаққонликни етказиш мумкинлигига ишонгим келмасди, лекин кўп ўтмай, бунинг ҳақиқатлигини тан олишимга тўғри келди. Ошнам ўттиз қадам нарига шишани қўярди-да, ҳар гал оғзини бўғма ҳалқа билан илиб оларди. Мен зўр бериб машқ қила бошладим ва табиат менга унча-мунча уқув бергани сабабли ҳозир камандни ҳар қандай мексикаликдан қолишмасдан отаман. Мана, тушуняпсизми? Хўжайинимизнинг ертўлада бой шароб омбори бор, лекин у ҳеч қачон калитдан ажралмайди. Бироқ, ертўланинг туйнуги бор. Мен худди шу туйнукдан каманд ташлайман. Энди ёғли жой қаердалигини биламан ва озиқ-овқатни ўша ердан олиб, жамғараман. Мана, тақсир, Янги Дунёнинг ёзув столи ва жовончада турган шишаларга қандай алоқаси бор. Энди эса шаробимиздан тотиб кўриб, у ҳақида нималар ўйлаётганингизни беғараз айтишни истамайсизми?

– Ташаккур, дўстим, ташаккур, таассуфки, мен боягина нонушта қилган эдим.

– На чора, Мушкетон, – деди Портос, – дастурхонни ёзгин-да нонушта қилгунимизга қадар д’Артаньян биз кўришмаган ўн кун ичида нималарни бошидан кечирганини бизларга сўзлаб беради.

– Бажонидил, – жавоб берди д’Артаньян.

Портос билан Мушкетон дармонга кираётган одамларнинг иштаҳаси ва мусибатда одамларни яқинлаштирувчи самимият билан нонушта қилгунларигача д’Артаньян Арамис жароҳатлангани ўлароқ Кревкерда қолишга мажбур бўлгани, қалбаки пул ўтказишда айблаган кишиларнинг ҳаммасини қайтарган кўйи Атос Аменда қолган ва ўзи, д’Артаньян Англияга етиб олмоқ учун граф де Варднинг қорнини чавақлашга мажбур бўлганларини уларга сўзлаб берди.

Бироқ, д’Артаньяннинг ростгўйлиги шу билан узилди; у фақат Улуғ Британиядан бири ўзига, қолганлари дўстларига тўртта жуда чиройли от олиб келганини ҳикоя қилди ва унга аталган от аллақачон мусофирхона табласида турганини Портосга маълум қилди.

Шу нафас Планше кириб келиб, ўз соҳибига отлар дамини олди, Клермонда тунаса бўлади, деб маълум қилди.

Д’Артаньян энди Портосдан хотиржам бўлгани ва қолган икки ўртоғининг ҳоли нима кечганини тезроқ билишга ошиқаётгани сабабли беморнинг қўлини қисиб, қидирувларни давом этишга жўнаб кетаётганини айтди. Дарвоқе, у шу йўлнинг ўзидан қайтмоқчи ва бирор ҳафтадан кейин, агар ўша вақтга бориб, мушкетёр Гран-Сен Мартен мусофирхонасини ҳали тарк этмаган чиқса, уни ўзи билан ола кетмоқ ниятида эди.

Портос унга, эҳтимол, чиққан оёқ вақтлироқ жўнаш имконини бермаса керак, деб жавоб қилди. Бунинг устига у ўз герсогинясининг жавоби келгунча Шантиляда қолиши лозим эди.

Д’Артаньян унинг тез ва манзур жавоб олажагини тилаб, сўнгра эса, Портосга ғамхўрлик қилишни Мушкетонга яна бир карра тайинлаб, хўжайиннинг ҳақини тўлаб, салт отларнинг биридан қутулиб олган Планше билан бирга сафарга равона бўлди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации