Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 47 страниц)
Хўжайин қўрқа-пуса яқинроқ йўлади.
– Сенга айтаяпман, келавер, қўрқма, – давом этди Атос. – Мен сенга ҳақ тўламоқчи бўлган пайтда столга ҳамён қўйганман.
– Тўппа-тўғри, зоти олийлари.
– Ўша ҳамёнда олтмиш пистол бор эди. У қани?
– Суд маҳкамасига топшириб юборилган, зоти олийлари: ахир менга уни қалбаки пул дейишган-да.
– Гап бундай, ҳамённи қайтариб олиб, ўша олтмиш пистолни ўзингга қолдир.
– Бироқ, сизга жуда яхши маълум, зоти олийлари, суд мутасаддилари қўлига тушган нарсани қайтаришмайди. Улар қалбаки танга бўлганда ҳам майли эди, умид қилса бўларди, аммо бахтга қарши пуллар ҳақиқий эди.
– Суд билан билганингча келишавер, бунинг менга алоқаси йўқ, бунинг устига, менда бирор ливр қолмади.
– Гап бундай, – аралашди д’Артаньян, – Атоснинг оти ҳозир қаерда?
– Таблада.
– У қанчага арзийди.
– Олтмиш пистолга, бундан ошмайди.
– Уни саксон пистол туради ҳам дейлик. Уни олгин-у бу ишга барҳам берайлик.
– Нима! Сен менинг отимни сотяпсанми? Менинг Баязетимни-я? – таажжубланди Атос. – Менчи, сафарга нимани миниб чиқаман, Гримоними?
– Мен бошқасини олиб келдим, жавоб берди д’Артаньян.
– Бошқасини?
– Яна бирам зўрини! – қичқирди хўжайин.
– Майли, дурустроқ ва ёшроқ бошқаси бўлса, ўзингга қарисини олда, шароб келтир.
– Қандайидан? – тамом кўнгли тинчиб, сўради хўжайин.
– Ертўланинг тўрида, панжаранинг олдида турганидан. У ерда йигирма шиша қолди, қолганлари мен йиқилганда синиб кетди. Олтита келтир.
– Ахир бу одам эмас, тубсиз бочканинг ўзи-ку! – тўнғилади хўжайин. – Агар бу ерда у икки ҳафта қолиб ичганларининг ҳаммасига тўласа, мен ишларимни ўнглаб оламан.
– Ўша шаробнинг ўзидан инглизларга ҳам тўрт шиша элтишни унутма, – илова қилди д’Артаньян.
– Энди эса, – гапини давом эттирди Атос, – шаробга кўз тутгунимизча бошқаларнинг ҳоли нима кечганини менга сўзлаб беринг, д’Артаньян.
Д’Артаньян унга Портосни оёғи чиққан ҳолда тўшакда, Арамисни эса икки ақоидшунос даврасида стол ёнида топганларини ҳикоя қилди. У ҳикоясини тугатганда буюртирилган шишалар ва хайриятки ертўла хорижида қолган сон гўшт кўтариб, хўжайин кириб келди.
– Жуда яхши, – ўзи ва д’Артаньяннинг қадаҳига қуя туриб деди Атос, – бу Портос ва Арамислар хусусида. Хўш, сизчи, дўстим, ишларингиз қалай, ўзингизга нима қилди? Чамамда, кўринишингиз жуда тўниқ.
– Таассуфки, шундай, – жавоб берди д’Артаньян, – бунинг боиси – мен ҳаммамизнинг ичимизда энг бахти қаролигим.
– Сенинг бахтинг қароми, д’Артаньян! – қичқириб юборди Атос. – Нима бўлди? Менга сўзлаб бер.
– Кейинроқ, – жавоб берди д’Артаньян.
– Кейинроқ! Нега энди ҳозир эмас? Мени маст деб ўйлаяпсанми? Яхшилаб дилингга тугиб қўй, дўстим: менинг бошим ҳеч қачон шароб ичгандаги сингари равшан бўлмайди. Гапирсанг-чи, мен борлиғим билан қулоққа айландим.
Д’Артаньян унга Бонасе хоним билан содир бўлган воқеани сўзлаб берди.
Атос уни хотиржам ўтириб танглади.
– Бунинг ҳаммаси арзимаган нарса, – деди у д’Артаньян ҳикоясини тугатгандан сўнг, – арзимаган нарса, холос.
«Арзимаган нарса» – Атоснинг севимли ибораси эди.
– Сиз ҳамма нарсани арзимаган дейсиз, муҳтарам Атос, – эътироз қилди д’Артаньян, – бу севгини сира бошидан кечирмаган киши учун унча асосли кўринмайди.
Атоснинг сўниқ нигоҳи дарров ёришиб кетди, лекин бу фақат бир дақиқалик ёлқин бўлиб, унинг кўзлари яна аввалги хира ва мужмал аслига қайтди.
– Бу рост, – хотиржам тасдиқлади у, – мен сира севмаганман.
– У ҳолда биз хассос қалбли кишиларни айблаганда сиз ноҳақлигингизни ўзингиз кўриб турибсиз, бағритош.
– Ҳассос қалб – абгор қалб, – деди Атос.
– Бу билан нима демоқчисиз?
– Мен айтмоқчиманки, муҳаббат – лоторея, унда ютган кишига ўлим насиб қилади! Гапимга ишонинг, муҳтарам д’Артаньян, омадингиз келиб, ютқазибсиз. Ҳамиша ютқазаверинг, менинг маслаҳатим шу.
– Доим у мени бирам севадиган туюларди.
– Сизга шундай туюлган, холос.
– Йўғ-э, у мени ҳақиқатан севарди.
– Гўдак! Шундай эркак йўқки, сизга ўхшаб маъшуқаси ўзини севишига ишонмаса, шундай ҳам эркак йўқки, ўз маъшуқасидан панд емаган бўлса.
– Сиздан истисно, Атос: ахир сизнинг ҳеч қачон маъшуқангиз бўлмаган-ку.
– Бу рост, – бир зумлик сукутдан сўнг деди Атос. – Менинг ҳеч қачон маъшуқам бўлмаган. Ичайлик!
– Ундай бўлса, менга ўргатинг файласуф, менга таскин беринг – мен маслаҳат ва тасалли излаяпман.
– Тасалли? Нимага?
– Ўз бахтсизлигимга.
– Сизнинг бахтсизлигингиз шунчаки кулгили, – елкаларини қисиб деди Атос. – Мен сизга бир ишқ дафтарини очсам, нима дер экансиз – билгим келади.
– Ўзингизникиними?
– Ёки, дўстларимдан бириники, барибир эмасми?
– Сўзлаб беринг, Атос, сўзлаб беринг.
– Ичайлик, шунда яхшироқ бўлади.
– Ичиб гапираверинг.
– Бу ҳақиқатан ҳам тўла эш бўлгудек нарсалар, – стаканини бўшатиб, унга яна қуйиб деди Атос.
– Қулоғим сизда, – деди д’Артаньян.
Атос ўйланиб қолди ва хаёллари чуқурлашгани сайин д’Артаньяннинг кўз ўнгида унинг ранги оқара борди. Атос кайфнинг расмона маст киши йиқилиб, учиб қоладиган босқичида эди. У гўё ўнгида алаҳлар эди. Кайфнинг бу сомнамбулизмида аллақандай ваҳшатли нарса бор эди.
– Сиз шуни албатта истайсизми? – сўради у.
– Сиздан ўтинаман, – жавоб берди д’Артаньян.
– Яхши, майли, сизнингча бўлсин… Менинг дўстларимдан бири… дўстларимдан бири, мен эмас, буни яхшилаб дилингизга тугиб қўйинг, – ғамгин табассум билан деди Атос, – таги мен туғилган вилоятдан, яъни, Беррилик, Дандоло ёки Монморанси сингари бадавлат бир граф йигирма беш ёшида муҳаббатнинг ўзидай дилбар ўн олти яшар қизни севиб қолди. Унинг ёшига хос соддалик орасидан жўшқин ақл, аёл ақли эмас, шоирона ақл сизиб кўринарди. У шунчаки ёқмасди – у ошифта қиларди. У кичкина жойда руҳоний акаси билан истиқомат қиларди. Иккаласи ҳам бу ўлкаларда келгинди эди; уларнинг қаердан келиб қолганини ҳеч ким билмас, аммо унинг ҳусни, акасининг тавфиқлиги шарофати билан бу нарсаларни суриштириш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Дарвоқе, миш-мишларга қараганда, улар тузуккина насабдан эдилар. Менинг дўстим – ўша жойларнинг эгаси уни осонгина йўлдан уриши ёки зўрлик билан олиши мумкин эди – тўла-тўкис хўжайин эди, ундан ташқари, бегона, ҳеч кимга нотаниш одамларга ким ҳам ён босарди дейсиз! Бахтга қарши, у виждонли киши бўлиб, унга уйланиб қўйди. Эси паст каллаварам, эшак!
– Бироқ, нега энди, агар уни севган бўлса? – сўради д’Артаньян.
– Сабр қилинг, – деди Атос. – У қизни ўз саройига олиб кетди, уни вилоятнинг биринчи хоними қилиб қўйди. Унга тан бериш ҳам керак, у ўзининг ролини жуда яхши уддаларди…
– Хўш, нима бўпти? – сўради д’Артаньян.
– Нима бўларди! Кунлардан бир кун графиня эри билан бирга бўлган шикор маҳали, – овозини пасайтириб, лекин, жуда тез давом этарди Атос, – у отдан йиқилиб, хушидан кетди. Граф унга ташланиб, қисиб тургани сабабли кўйлагини ханжари билан тилиб, иттифоқо кифтини очиб қўйди. Топинг-чи, д’Артаньян, унинг кифтида нима бор эди! – бирдан қаттиқ кулиб деди Атос.
– Буни мен қаердан билай? – эътироз қилди д’Артаньян.
– Нилуфар гули, – деди Атос. – У тамғаланган эди.
Атос қўлида ушлаб турган бир стакан шаробни нафас олмасдан ичиб юборди.
– Қандай даҳшат! – бақирди д’Артаньян. – Бўлиши мумкин эмас.
– Бу тўғри, азизим. Фаришта шайтон чиқди. Маъсум қиз ўғри эди.
– Хўш, граф нима қилди?
– Граф ўз мулкида тўлақонли ҳукмдор эди, фуқароларини қатл этиш ёки уларга шафқат қилиш ҳуқуқига молик эди. У графинянинг кўйлагини буткул йиртиб ташлади-да қўлини орқасига боғлаб, уни дарахтга осиб қўйди.
– Ё раббий, Атос! Бу қотиллик-ку ахир! – бақирди д’Артаньян.
– Ҳа, атиги қотиллик, холос… – ранги мурдадай ўчиб деди Атос. – Бироқ, нима бу? Менинг шаробим тугабди шекилли.
Кейин Атос сўнгги шишага ёпишиб, унинг бўғзини лабларига босди-да гўё у оддий стакан бўлганидек бир кўтаришда ичиб юборди. Сўнгра бошини қуйи солди. Д’Артаньян даҳшат ичида унинг қаршисида турарди.
– Бу мени бир умрга гўзал, шоирона, маъшуқа аёллардан кўнглимни қолдирди, – қаддини ростлаб, афтидан граф ҳақидаги масалини тугатмоққа чоғланмай деди Атос, – сизга ҳам шуни тилайман. Ичайлик!
– У ўлганми? – ғўлдиради д’Артаньян.
– Бўлмасам-чи! – деди Атос. – Стаканингизни берсангиз-чи… Чўчқа гўшти, ялқов! – бақирди у. – Биз яна ичишга қурбимиз етмайди!
– Унинг акаси-чи? – юраги бетламасдан сўради д’Артаньян.
– Акасими? – қайтарди Атос.
– Ҳа, руҳоний.
– Хаҳ, руҳоний! Мен уни осишларини амр қилмоқчи эдим, лекин у олдини олиб, қавмини ташлаб қочишга улгурибди.
– Шундай қилиб, у ярамаснинг кимлигини кейин билмадингизми?
– Жононнинг биринчи ёри ва шериги бўлса керак, афтидан, фақат маъшуқасини турмушга чиқариш учун, унинг насибасини бут қилиш учун ўзини руҳонийга солган шоён одам.
– Ё раббий, раббий! – даҳшатли ҳикоядан ҳангу манг бўлиб гапирди д’Артаньян.
– Нимага чўчқа гўштидан емаяпсиз, д’Артаньян? У жуда хушхўр! – бир тилим кесиб, йигитнинг ликобчасига қўйган кўйи деди Атос. – Аттанг-а, ертўлада лоақал тўртта шундай сон гўшти бўлмайдими? Мен эллик шишадан ошиқроқ ичган бўлардим.
Д’Артаньяннинг бу суҳбатни давом эттиришга тоқати қолмаган эди: у мияси айниётганини ҳис қиларди. У бошини қўлларига ташлади-да ўзини ухлаганга солди.
– Ёшлар ичишдан қолишди, – унга таассуф билан боқиб деди Атос, – яна буниси энг дурустларидан-а!
XXVIII
Қайтиш
Д’Артаньян Атоснинг даҳшатли ҳикоясидан ҳангу манг бўлиб қолган, лекин бу ёрти иқрорда унга ҳали кўп нарса мавҳум эди. Аввало, у мутлақо маст киши томонидан, чаламаст одамга айтилган эди; шундай бўлса-да бир-икки шиша бургунд шаробидан сўнг, бошда сузиб юргувчи туманга қарамасдан, д’Артаньян эртасига саҳарда уйғонганда кечаги изҳори дилнинг ҳар сўзи хотирасида шу қадар аниқ турардики, гўё ўша сўзлар бирин-сирин унинг миясига ўрнашиб қолгандай. Мавҳумлик унинг тўлиқ ишонч ҳосил қилиш истагини янада ўт олдирди-ю, у кечаги суҳбатни янгилашга қатъий жазм қилиб, дўстининг ҳузурига равона бўлди, лекин, Атос ўзини тамом ўнглаб олган, яъни оламдаги энг зийрак ва энг вазмин одам бўлиб қолганди. Айтгандек, у билан қўл қисишгач, мушкетёрнинг ўзи унинг фикрларининг олдини олди.
– Мен кеча ўлгудек маст эдим, азиз дўстим, – гап бошлади у, – буни мен бугун эрталаб тилим айланмаётганини ва томир уришим ҳамон тезлигини сезгач, англадим. Гаров бойлашга тайёрман, мен сизга сон минг ақлга сиғмайдиган нарсаларни алжиган бўлсам керак.
Шу гапни айтгач, у ошнасига чунон қаттиқ тикилдики, униси хижолат чекиб қолди.
– Асло йўқ, – эътироз қилди д’Артаньян, – менинг хотирлашимча, сиз айтарлик ҳеч нима деганингиз йўқ.
– Шундайми? Бу қизиқ. Менга эса гўё ўзим бир мунгли ҳодисани ҳикоя қилгандай туюлганди.
Кейин у юрагига қўл солиб кўрмоқчидай йигитга қараб қўйди.
– Рост, – деди д’Артаньян, – мен сиздан ҳам баттар маст бўлсам керак: ҳеч нима эсимда йўқ.
Бироқ, бу сўзлар Атосни қилча ҳам қаноатлантирмади-ю, у гапида давом этди:
– Сиз пайқагансиз, албатта, муҳтарам дўстим, ҳар кимса ўз ҳолича кайф қилади: бир хиллари ғамга ботишади, бошқа хиллари шўхлик қилишади. Масалан, мен ичган пайтларимда ғамгин бўлиб кетаман ва бир маҳаллар эси паст энагам миямга қуйган қўрқинчли воқеаларни ҳикоя қилишни яхши кўраман. Бу менинг нуқсоним, эътироф қиламан, муҳим нуқсоним, аммо уни истисно қилганда, ичишни биламан.
Атос шу қадар табиий гапирардики, д’Артаньяннинг ишончи дарз кетди.
– Ҳа-я, дарҳақиқат, – сирғалиб чиқиб кетаётган ҳақиқатни қайта тутиб қолишга уриниб деди йигит. – Гўё иккаламиз осилганлар ҳақида гаплашганимиз элас-элас эсимга келаётгани шунинг учун экан-да!
– Ана! Кўрдингизми! – ранги оқариб кетса ҳам илжайишга ҳаракат қилиб деди Атос. – Билганман-да: осилганлар менинг доимий офатим.
– Ҳа, ҳа, – давом этди д’Артаньян, – энди эслай бошладим… ҳа, гап… бир нафас хотирга олинг… гап аёл хусусида борган эди.
– Айтмадимми, – энди рангида қони қолмай жавоб берди Атос, – бу менинг оқ-сариқдан келган аёл ҳақидаги севимли ҳикоям, мабодо уни ҳикоя қилсам, демак, ғирт мастман.
– Тўғри, – тасдиқлади д’Артаньян, – оқ-сариқдан келган, ўрта бўйли, мовий кўзли соҳибжамол жувон ҳақида.
– Ҳа, бунинг устига осилган…
– … ўзининг эри, сизнинг танишларингиздан бўлмиш бир кибор жаноб томонидан, – Атосга синчиклаб тикилиб, илова қилди д’Артаньян.
– Мана, кўрдингизми, нима деяётганингни ўзинг ҳам билмасанг, одамга доғ тегизиб қўйиш қандай осон, – елкаларини қисиб ва гўё ўз-ўзидан ўкингандай бўлиб гапирди Атос. – Ҳал бўлди, д’Артаньян: энди кўп ичмайман, бу ўта хунук одат.
Д’Артаньян ҳеч нима деб жавоб бермади.
– Ҳа, айтгандек, – тўсатдан суҳбат мавзусини ўзгартириб деди Атос, – сиз менга олиб келган от учун ташаккур билдираман.
– У сизга манзур бўлдими? – сўради д’Артаньян.
– Ҳа, аммо, у қадар чидамли эмас.
– Янглишяпсиз. Мен унда ўн лени бир ярим соатдан кам вақтда босдим-у, кўриниши худди Сен-Сюлпис майдонини бир айланиб чиққан каби эди.
– Шунақа денг! У ҳолда мен пушаймон бўламан, шекилли.
– Пушаймон?
– Ҳа. Мен уни қўлдан чиқариб юбордим.
– Қай йўсинда?
– Иш бундай бўлди. Мен бугун тонг соат олтида уйғондим, сиз қотиб ухлаб ётардингиз, мен бўлсам нима билан машғул бўлишимга ҳайрон эдим: кечаги базмдан кейин ҳали ўзимга келмагандим. Хуллас, мен залга тушиб, жаллоб билан отни савдолашиб турган инглизларимизнинг бирини кўриб қолдим: негаки, унинг оти кеча ҳаром ўлган экан. Мен унга яқин йўлаб, қора тўриқ ахта учун юз пистол таклиф қилаётганини эшитиб қолдим. «Биласизми, нима, тақсир, – дедим унга, – менда ҳам сотиладиган от бор», «Агар у кеча ошнангиз хизматкори тизгинидан тутиб тургани бўлса, – жавоб берди, у, – жуда ажойиб от», – «Чамангизда қалай, у юз пистолга арзийдими?» – «Арзийди. Нима, сиз менга шу нархга бермоқчимисиз?» – «Йўқ, аммо, у қимор ўйинимизда гаров бўлади» – «Қимор ўйинимизда?» – «Ошиқ ўйинимизда». Гап бир жойга қўйилди-ю, мен отимни ютқазиб қўйдим. Лекин, кейин эгарини қайтариб ютиб олдим.
Д’Артаньян норози бўлиб, афтини буриштирди.
– Бу сизнинг кўнглингизни оғритяптими? – сўради Атос.
– Очиғини айтсам, ҳа, – жавоб берди д’Артаньян, – бу отлардан бизни жанг куни таниб олишлари лозим эди. Бу туҳфа, эътибор рамзи эди. Сиз бекор бундай қилибсиз, Атос.
– Қўйинг, муҳтарам дўстим! Ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг, – эътироз билдирди мушкетёр, – мен ўлгудек зориқаётган эдим, кейин эса, гапнинг рости, мен инглиз отларини хушламайман. Агар бутун гап бизни кимдир таниб олиши лозимлигида бўлса, эгарнинг ўзи ҳам етиб ортади, у хийла кўзга яқин. Отга келсак, унинг йўқолишига баҳона бўлгудек гап топармиз. Отлар оддий жонзод-ку, ниҳоят! Меники манқадан ёки харишдан ҳаром ўлди деб фараз қилайлик.
Д’Артаньян қовоғини уйганча турарди.
– Аттанг! – давом этди Атос, – афтидан, сиз бу жониворларни жуда қадрлар экансиз, мен бўлсам, ҳали ҳикоямни тугатганим ҳам йўқ.
– Хўш, сиз яна нималар қилдингиз?
– Мен ўз отимни ютқазиб қўйгач – ўн-у тўққиз ҳисобида, қалай, а? – хаёлимга сизнинг отингизга ўйнаб кўриш фикри келиб қолди.
– Бироқ, мен бу ниятингизни амалга оширмагансиз, деб умид қиламан?
– Аксинча, мен уни дарҳол бажо келтирдим.
– Хўш, нима бўлди? – қичқириб юборди хавотирга тушган д’Артаньян.
– Мен ўйнаб, уни ютқазиб қўйдим.
– Менинг отимни-я?
– Сизнинг отингизни. Саккиз-у етти ҳисобида – бир очкони деб… Мақолни биласизми?
– Атос, сиз ақлдан озибсиз, онт ичаман!
– Жон д’Артаньян, биласизми, буни менга кеча бемаъни воқеаларни ҳикоя қилган пайтимда айтиш керак эди, асло бугун эмас. Мен уни ақлга сиғадиганки жабдуқларининг ҳаммаси билан бирга ютқазиб қўйдим.
– Бу даҳшат-ку ахир!
– Сабр қилинг, сиз ҳали ҳамма гапни билмайсиз. Мен агар меъёридан ошириб юбормасам, бинойидай қиморбоз бўлишим мумкин, аммо ичган пайтларим қандай бўлса худди шундай муккамдан кетаман, мана энди…
– Бироқ, сиз яна нимани тикишингиз мумкин эди? Сизда ортиқ ҳеч нима қолмаганди-ку?
– Нотўғри, дўстим, нотўғри, бизда яна шу кеча кўзим тушган қўлингизда чарақлаб турган олмос қолган эди.
– Бу олмос! – шоша-пиша узукни пайпаслаб қичқирди д’Артаньян.
– Ҳамда бир маҳаллар менинг ўзимда олмослар бўлгани ва мен уларнинг фарқига боришим сабабли мен уни минг пистолга баҳоладим.
– Умид қиламанки, – қовоғидан қор ёғилиб деди қўрқувдан жони халқумига келган д’Артаньян, – сиз лом-мим деб, олмосимга тил тегизмагандирсиз?
– Аксинча, муҳтарам дўстим. Тушунинг, бу олмос бизнинг бирдан-бир илинжимиз бўлиб қолди, уни тикиб, мен жабдуқларимизни, отларимизни қайтариб олишим ва бунинг устига йўл харажатларига пул ютиб олишим мумкин эди…
– Атос, мен ларзага келаяпман! – бақириб юборди д’Артаньян.
– Хуллас, шеригимга сизнинг олмосингизни айтдим. У ҳам унга эътибор қилган экан. Дарҳақиқат, азизим, бу қандай гап! Қўлингизда осмондаги юлдузни тақиб юрибсиз-у яна уни ҳеч ким кўрмаслигини истайсиз! Бунинг иложи йўқ!
– Тугатинг, жон дўстим, тугатинг, – деди д’Артаньян. – Сизнинг совуққонлигингиз жонимни оляпти, чин сўзим.
– Хуллас, биз олмосни ўн довга, ҳар бирида юз пистолдан қилиб бўлдик.
– Хаҳ, гап бу ёқда денг, ҳазил қилиб, мени синаб кўриш керакми сизга? – деди «Илиада»даги Ахил сингари аллақачон ғазаб чангалига тушган д’Артаньян.
– Йўқ, мен ҳазил қилмаяпман, азбаройи шифо! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз, билсам эди! Икки ҳафта инсон юзини кўрмадим, шишалар билан улфатчилик қилавериб, тамом ёввойилашиб кетдим.
– Бу ҳали менинг олмосимни тикиш учун сабаб эмас, – талвасада қўлини қисиб, эътироз билдирди д’Артаньян.
– Охирини эшитсангиз-чи. Ҳар бирида юз пистолдан ўн юришга ўн дов, қайтариб ютиш ҳуқуқисиз. Ўн учинчи юришда мен ҳаммасини бой бердим. Ўн учинчи юришда – ўн уч рақами ҳамиша мен учун машъум бўлиб келган. Худди ўн учинчи июлда…
– Оббо! – бақирди д’Артаньян стол ёнидан туриб. Бугунги воқеа уни кечасини унутишга мажбур қилган эди.
– Сабр-қаноат, – деди Атос, – менинг ўз режам бор эди. Инглиз – аломат киши экан. Эрталаб унинг Гримо билан сўзлашиб турганини кўрган эдим, Гримо инглиз ўзига хизматга киришини унга таклиф этганини менга маълум қилганди. Шундай қилиб, у билан Гримони, ўн довга бўлинган унсиз Гримони тикиб ўйнаяпман.
– Ана холос! – беихтиёр шарақлаб кулиб деди д’Артаньян.
– Гримога, Гримонинг ўзига, эшитяпсизми? Шундай қилиб, ўзи бутун боши билан бир мирига арзимайдиган Гримонинг ўн дови шарофати билан мен олмосни қайтариб ютиб олдим. Шундан кейин ўжарлик фазилат эмас деб кўринг!
– Виждонан онт ичаман, ажабтовур гаплар! – кулгидан биқинларини чангаллаганча енгил тортиб қичқирди д’Артаньян.
– Мен қизишиб, дарров яна олмосни тикиб ўйнай бошлаганимни сиз, албатта тушунасиз.
– Э, шундай денг! – юзи яна қоронғилашиб деди д’Артаньян.
– Мен сизнинг эгарингизни, кейин эса отингизни, кейин ўзимнинг эгаримни, кейин ўзимнинг отимни ютиб олиб, кейин яна ютқазиб қўйдим. Қисқаси, мен яна сизнинг эгарингизни, кейин ўзимникини тутиб қолдим. Мана иш қандай содир бўлди. Бу жуда зўр юриш эди, мен унда тўхтаб қўя қолдим.
Д’Артаньян гўё елкасидан бутун харобот ағдарилган каби хўрсиниб қўйди.
– Демак, олмос менинг ихтиёримда қоларкан-да? – юраги дов бермайгина сўради у.
– Так-таслим ихтиёрингизда, муҳтарам дўстим, қўшимчасига Бетсефалларимизнинг эгарлари ҳам.
– Қуруқ эгарларни бошимизга урармидик?
– Бу борада менинг бир ўйим бор.
– Атос, сиз мени қўрқитяпсиз.
– Қулоқ солинг, сизнинг ўйнамаганингизга анча бўлди шекилли, д’Артаньян.
– Ўйнашга заррача рағбатим йўқ.
– Қасам ичманг. Хуллас, мен ўйнамаганингизга анча бўлиб қолди, деяпман, бинобарин, омадингиз келиши керак.
– Фараз қилайлик! У ёғи нима?
– У ёғими? Инглиз у ҳамроҳлари билан ҳали шу ерда. Мен унинг эгарларга жуда кўзи ўйнаётганини пайқадим. Сиз бўлсангиз, афтидан, ўз отингизни жуда қадрлайсиз. Сизнинг ўрнингизда мен отга эгарни тиккан бўлардим.
– Бироқ, у бир эгарга ўйнашга рози бўлмайди.
– Иккаласини тикинг, азбаройи шифо! Мен сизга ўхшаган худбин эмасман.
– Сиз шунга рози бўлармидингиз? – ғайриихтиёрий равишда унинг ишончи таъсирига берилиб, дудмал гапирди д’Артаньян.
– Виждонан онт ичаман, биттаю битта юришга.
– Бироқ, билсангиз, отларни бой бергач, лоақал эгарларни сақлаб қолиш мен учун ниҳоятда муҳим.
– У ҳолда олмосингизни тикинг.
– О, бу бошқа гап. Минбаъд, ҳеч қачон!
– Азбаройи шифо! – деди Атос! – Мен сизга Планшени тикишни таклиф этардим, аммо шунга ўхшаш ҳол бўлгани сабабли инглиз кўнмайдими дейман.
– Биласизми нима, муҳтарам Атос? – деди д’Артаньян, – Мен бирор нарсани таваккал қилишдан қатъиян бош тортаман.
– Афсус, – совуққина деди Атос, – инглизда пистоллар битиб ётибди. Ё тавба, ахир бир юришга журъат қилсангиз-чи! Бир юриш – бу бир нафаслик иш.
– Мен ютқазиб қўйсам-чи?
– Сиз ютасиз.
– Хўш, ютқазиб қўйсам-чи?
– На чора, эгарларни бериб юборасиз.
– Майли, таваккал бир юриш бўла қолсин! – деди д’Артаньян.
Атос инглизни излаб кетиб, уни табладан топди: у ҳавас билан эгарларни кўздан кечирмоқда эди. Фурсат қулай эди. Атос ўз шартларини таклиф этди: бир от ёки юз пистолга қарши икки эгар ихтиёрига қараб. Инглиз ҳисоблаб кўрди: икки эгар бирга уч юз пистол турарди. У жон деб рози бўлди.
Д’Артаньян титраб ошиқларни ташлади – уч очко тушди; унинг рангпарлиги Атосни қўрқитиб юборди-ю у фақат:
– Тузук юриш бўлмади, ошна. Сиз, тақсир, отларни тўкис жабдуғи билан оладиган бўлдингиз, – дейиш билан чекланди.
Шодмон инглиз ҳатто, ошиқларни аралаштириб овора ҳам бўлмади: унинг ғалабадан шу қадар кўнгли тўқ эдики, уларни столга қарамасдан отди. Д’Артаньян аламини яшириш учун тескари қараб олди.
– Ана юриш-у мана юриш, – ҳар доимгидай хотиржам гапирди Атос. Ажаб юриш бўлдими! Мен умрим бино бўлиб бунақасини атиги тўрт марта кўрганман: икки очко!
Инглиз ўгрилди-ю ҳайратдан қотиб қолди: д’Артаньян ўгирилди-ю қувончдан лол қолди.
– Ҳа, – давом этди Атос, – атиги тўрт марта: бир гал жаноб де Крекиникида, бошқа сафар менинг саройим… хуллас, саройим бўлган маҳаллар; учинчи гал жаноб де Тревилникида, у бизнинг ҳаммамизни таажжуб қолдирганда; ва, ниҳоят, тўртинчи гал қовоқхонада ўзим отиб, юз луидор-у бир зиёфатга тушганимда.
– Хуллас, жаноб д’Артаньян, сиз отни қайтариб оласизми? – сўради инглиз.
– Албатта, – жавоб берди д’Артаньян.
– Демак, қайтариб ютишнинг иложи йўқми?
– Биз қайта ўйнамасликка келишган эдик, хотирга олинг.
– Бу тўғри, от хизматкорингизга топширилади.
– Бир нафас, – деди Атос. – Ижозатингиз билан мен ошнамга бир-икки оғиз гап айтмоқчиман.
– Марҳамат.
Атос д’Артаньянни четга олиб чиқди.
– Хўш, йўлдан оздирувчи, – деди д’Артаньян, – яна нима истайсан? Ўйинни давом эттиришимни, шундайми?
– Йўқ, мен бир ўйлаб кўришингизни истайман.
– Нимани?
– Сиз отни қайтариб олмоқчисиз, шундай, а?
– Албатта.
– Хато қиласиз. Мен юз пистолни олган бўлардим. Эгарларни отга ёки юз пистолга қарши ихтиёрга қараб тикканингиз сизга маълум-ку?
– Ҳа.
– Мен юз пистолни олган бўлардим.
– Майли, мен бўлсам отни оламан.
– Такрор айтаман: сиз хато қиласиз. Бир отни икки кишига олиб нима қиламиз? Мен сизнинг орқангиздан мингашиб ололмайман-ку, унда биз Эймоннинг оғаларини йўқотган икки ўғлига ўхшаб қолган бўлардик. Менинг ёнимда ажойиб жанговар отни гижинглатиб, мени ўкситишни ҳам истамайсиз. Мен иккиланмасдан юз пистолни олган бўлардим. Парижга етиб олмоқ учун бизга пул зарур.
– Мен бу отни қадрлайман, Атос.
– Бекор қиласиз: от қоқилиб кетиб, оёғини чиқариб олиши мумкин, у манқа от теккан охурдан еб қўйса, тиззалари қўтир бўлиб қолиши мумкин, шу билан унинг куни битди, унга қўшилиб, юз пистол ҳам тамом. Хўжайин деган отни боқиши керак, юз пистол эса аксинча, ўзи хўжайинни боқади.
– Бироқ, уйга нимани миниб кетамиз?
– Қаролларимизнинг отларини-да, азбаройи шифо! Бизнинг афт-ангоримиздан оддий одаммаслигимизни ҳар ким шундай ҳам тушуниб олаверади.
– Тулпорларини миниб савлат тўккан Арамис билан Портосларнинг ёнида бу қирчанғиларда кўринишимиз зап аломат бўлади-да!
– Арамис билан Портосларми! – қичқирди Атос ва хохолаб кулиб юборди.
– Нима гап? – сўради дўстининг шодлигини тушунмай турган д’Артаньян.
– Йўқ, ҳеч нима, суҳбатимизни давом эттирайлик, – деди Атос.
– Бундан чиқди, сизнингча…
– Юз пистолни олмоқ керак, д’Артаньян. – Юз пистолга биз ойнинг охиригача кайфу сафо қиламиз. Ҳаммамиз жуда чарчадик, ҳордиқ чиқарсак, чакки бўлмайди.
– Ҳордиқ чиқарсак?.. Йўғ-эй Атос, Парижга қайтган замон мен ошиғич ўша шўрлик аёлни ахтаришга киришаман.
– Яна яхши. Наинки сиз бунда от жарақ-жарақ олтин тангалар сингари дармон бўлади, деб ўйласангиз? Юз пистолни олаверинг, дўстим, юз пистолни олаверинг.
Д’Артаньянга фақат бир баҳона камлик қилиб турган эди. Сўнггиси унга жуда асосли кўринди. Бунинг устига, тиралиб туриб олиб, у, Атоснинг назарида, худбин кўриниб қолишдан қўрқарди. Хуллас, у ён бериб, юз пистолни олишга қарор қилди-ю, инглиз шу ернинг ўзида унга пулни санаб берди.
Энди дўстларимизни жўнаш тўғрисидаги хаёллардан ҳеч нима чалғитмасди. Хўжайин билан яраш уларга Атоснинг эски отидан ташқари, яна олти пистолга тушди. Д’Артаньян билан Атос Планше билан Гримоларнинг отларига миндилар, хизматкорлар эса эгарларни бошларига қўйиб, яёв жўнадилар.
Отлар нечоғлик расво бўлмасин, ҳар қалай, соҳиблар ҳаш-паш дегунча қаролларидан ўзиб кетиб, Кревкерга биринчи бўлиб етиб бордилар. Анча йироқданоқ улар дераза ёнида «Анна эгачи» сингари уфқни қоплаган паға-паға чангга ғамгин термилиб ўтирган Арамисни кўрдилар.
– Ҳой, Арамис! Нима бало, бу ерда қаққайиб, турибсиз? – дея қичқирди иккала дўст.
– Оҳ, бу сизмисиз, д’Артаньян, бу сизмисиз Атос, – деди йигит, – мен бу дунёнинг нашидаларининг ўткинчилиги ҳақида мулоҳаза қилиб ўтирган эдим, боягина чанг қуюнида кўздан йўқолган менинг инглиз отим ҳам менга фоний нарсалар омонатлигининг жонли тимсоли бўлиб кўринди. Бизнинг бутун ҳаётимиз учтагина сўз билан ифодаланмоғи мумкин: erat, est, fuit4747
Бўлган, бор, бўлади (лот.).
[Закрыть].
– Бошқача қилиб айтганда-чи? – сўради аллақачон гапнинг тагига етган д’Артаньян.
– Бошқача қилиб айтганда, мени лақиллатиб кетишди. Юришига қараганда, йўртишда соатига беш ле босадиган отга олтмиш луидор-а!
Д’Артаньян билан Атос ичаклари узилгудай кулдилар.
– Илтимос қиламан, мендан жаҳлингиз чиқмасин, жон д’Артаньян, – деди Арамис. – Риёзат қонун-қоидаларни билмайди. Бунинг устига мен ҳаммадан ортиқ зиён кўрдим, негаки, виждонсиз жаллоб, мендан кам деганда эллик луидорни ўмариб кетди. Мана сизлар режали хўжайинсизлар! Ўзларингиз қаролларнинг отларига миниб келяпсизлар-да, тулпорларингизни эса аста-секин уринтирмай, етаклаб келишни буюргансизлар.
Шу дақиқа бундан бир-икки сония илгари Амен йўлида пайдо бўлган аллақандай соябон арава харобот ёнига келиб тўхтади-ю ундан эгарларни бошларига қўйган Планше билан Гримо тушишди. Арава Парижга бўш қайтаётган бўлиб, қароллар кира пули эвазига аравакашни йўл бўйи ичимлик билан таъминлаб боришни бўйнига олган эдилар.
– Бу нимаси? – уларни кўриб ҳайрон бўлди Арамис. – Эгарларнинг ўзими?
– Энди тушуняпсизми? – сўради Атос.
– Дўстларим, сизлар ҳам худди мендай йўл тутибсизлар. Мен ҳам эгарни сақлаб қолдим, сабабини ўзим ҳам билмайман… Ҳой, Базен! Менинг янги эгаримни олинг-да, бу жанобларнинг эгарлари ёнига қўйинг.
– Хўш, руҳонийларингиздан қандай қутулдингиз? – сўради д’Артаньян.
– Эртаси куни мен уларни зиёфатга таклиф этдимда, – айтгандек, бу ерда жуда зўр шароб бор – уларга шундай ичирдимки, кюре ҳарбий усти-бошдан ажралишни менга ман этди, иезуит бўлса, уни мушкетёрликка қабул қилишларига кўмаклашиб юборишимни илтимос қилиб қолди.
– Аммо, фақат бедиссертация! – бақирди д’Артаньян. – Бедиссертация! Мен диссертацияни бекор қилинишини талаб этаман!
– Шундан бери, – гапида давом этди Арамис, – ҳаётим хушнудлик билан ўтяпти. Мен бир ҳижолик шеър билан достон ёзмоқдаман. Бу жуда мураккаб, бироқ, ҳар қандай нарсанинг асосий фазилати айни мураккаблигида. Мавзуси ишқий. Мен сизларга биринчи қўшиғини ўқиб бераман, унда тўрт юзта шеър бўлиб, бир дақиқада ўқилади.
– Биласизми, нима, жон Арамис? – деди шеърларни худди лотинча сингари қаттиқ ёмон кўрадиган д’Артаньян. – Мураккаблик фазилатига яна муҳтасарлик фазилатини қўшиб қўйинг, шунда достонингиз молик бўлган фазилатлар иккитадан сира кам эмаслигига кўнглингизни тўқ қилсангиз бўлаверади.
– Бундан ташқари, – гапини давом этди Арамис, – у олижаноб эҳтиросларни уфуриб туради, бунга ўзларингиз ишонч ҳосил қиласиз. Хуллас, дўстларим, бундан чиқди, биз Парижга қайтарканмиз-да? Офарин! Мен тайёр! Биз яна ёқимтой Портосимизни кўрамиз. Мен хурсандман. Менга бу кўнгилчан паҳлавоннинг қандай ўрни билинганини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз! Мана у, гарчи, унга бутун бошлик подшоликни таклиф этишган тақдирда ҳам отини сотиб ўтирмайди. У ўз тулпорида, яна янги эгарда қандай савлат тўкишини тезроқ кўргим бор. У Улуғ Мўғулга ўхшаб қолади, бунга аминман.
Оғайнилар отларга дам бериш учун бир соат тўхтадилар. Арамис хўжайин билан ҳисоб-китоб қилиб Базенни соябон аравага, ўртоқларининг ёнига ўтқазди-да ҳаммалари йўлга, Портоснинг ёнига равона бўлдилар.
Портос соғайиб кетган, д’Артаньян йўқлаган пайтдагидан ранги-рўйи ҳам тузукроқ бўлиб, гарчи, ўзи ёлғиз бўлса-да тўрт кишига мўлжаллаб дастурхон ёзилган стол ёнида ўтирарди! Зиёфат аъло даражада тайёрланган гўшт таомлар, тансиқ шароблар, ажойиб мева-чевалардан иборат эди.
– Қадамларингизга ҳасанот, жаноблар! – деди Портос ўрнидан қўзғалиб. – Сизлар айни мавридида етиб келдингиз, мен ҳозиргина столга ўтирган эдим, сизлар мен билан тамадди қиласиз.
– Оҳо! – деди д’Артаньян. – Бу шишалар Мушкетон каманд билан илиб тортганлардан эмас, шекилли. Мана бузоқ гўшти, мана биқин гўшт…
– Мен қувватга киряпман, – деди Портос, – кўриб турибсиз, қувватга киряпман. Ҳеч нима одамнинг тинка-мадорини бу лаънати чиқиқдай қуритмайди. Сизнинг бирон вақт оёғингиз чиққанми, Атос?
– Йўқ, аммо, Феру кўчасидаги тўқнашувда қилич билан яраланганимда, жароҳатнинг икки-икки ярим ҳафтасида ўзимни худди сиздай ҳис қилганим эсимда.
– Бироқ, бу зиёфат ёлғиз ўзингиз учун мўлжалланмаган, шекилли, муҳтарам Портос? – сўради Арамис.
– Йўқ, – деди Портос, – мен шу атрофда истиқомат қилувчи бир-иккита дворянга кўз тутган эдим, аммо улар келмасликларини айттириб юборишибди. Сизлар уларнинг ўрнини босасизлар, мен бу ўзгаришдан сира зарар кўрмайман… Ҳой, Мушкетон! Стуллар келтир, шишаларни кўпайтир.
– Нимани тановул қилаётганимизни биласизларми? – бир неча дақиқа ўтгач, сўради Атос.
– Бўлмасам-чи! – деди д’Артаньян. – Менга қолса, мен артишок4848
Артишок – сабзавотнинг бир тури.
[Закрыть] ва иликлик бузоқ гўштини тановул қиляпман.
– Мен эса – қўй биқинини, – деди Портос.
– Мен эса – товуқ тўшини, – деди Арамис.
– Ҳаммангиз янглишмоқдасиз, жаноблар, – жиддий эътироз қилди Атос, – сизлар от гўштини тановул қиляпсиз.
– Қўйинг-э! – деди д’Артаньян.
– От гўшти! – ижирғаниб такрорлади Арамис.
Ёлғиз Портосгина ҳеч нима демади.
– Ҳа, от гўштини. Тўғрими, Портос, биз от гўштини тановул қиляпмиз-ку? Эҳтимол, ҳатто, эгар-пегари биландир?
– Йўқ жаноблар, мен жабдуқларни сақлаб қўйдим, – деди Портос.
– Рости, ҳаммамиз ҳам дурустмиз! – деди Арамис. – Худди келишиб олгандаймиз.
– Илож қанча? – деди Портос. – Бу от меҳмонларимни ноқулай аҳволга солаётганди, мен уларни камситгим келмасди.