Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 47 (всего у книги 47 страниц)
ЭПИЛОГ
Ларошел инглиз флоти ва лашкарларининг Бэкингем ваъда этган мададини олмагани ҳолда бир йиллик қамалдан сўнг таслим бўлди. 1628 йил 28 октябрда таслим бўлиш ҳақидаги варақага имзо чекилди.
Қирол Парижга ўша йили 23 декабрда кирди. У худди французлар устидан эмас, балки душман устидан ғалаба қилгандай унга тантанали учрашув уюштирдилар. У Сен-Жак чеккасида барпо қилинган гул ва яшил ўсимликлар билан ўралган арклар ичидан кириб борди.
Д’Артаньян ўзига инъом қилинган лейтенантлик унвонини қабул қилди. Портос хизматни тарк этди ва келаси йили Кокнар хонимга уйланди: армон қилинган сандиқдан саккиз юз минг ливр пул чиқди.
Мушкетон кетворган уқалик либосларда олифтагарчилик қила бошлади ва ўзи умри бўйи орзу қилган нарсага восил бўлди: зарҳалланган извошнинг супасида юра бошлади.
Арамис Лотарингияга сафар қилгач, тўсатдан ғойиб бўлди, ўзи ёру биродарларига ҳам ёзмай қўйди. Кейинчалик ўзининг бир-иккита хушторига айтиб қўйган де Шеврез хоним орқали маълум бўлдики, у Нансидаги монастирлардан бирида роҳибликни қабул қилган.
Базен монастир қошида қолган.
Атос Туренга бориб келгач, Русилонда озроқ мерос қолдириш баҳонасида у ҳам хизматни тарк этмагунча – то 1631 йилгача д’Артаньяннинг қўли остида мушкетёр бўлиб хизмат қилди.
Гримо Атосга қўшилиб кетди.
Д’Артаньян Рошфор билан уч марта мубораза қилди ва учала дафъа ҳам уни шикастлади.
– Тўртинчи сафар мен сизни ўлдирсам керак, – турғизиб қўйиш учун Рошфорга қўлини чўзиб деди у.
– У ҳолда биз шу билан барҳам бериб қўя қолсак, сиз учун ҳам, мен учун ҳам яхшироқ бўлади, – жавоб берди ярадор. – Азбаройи шифо, мен сизга ўзингиз ўйлагандан ортиқроқ хайрихоҳман! Ахир, ўша биринчи мулоқотдан кейиноқ сизнинг бошингизни олдирсам бўларди: кардиналга бир оғиз айтсам кифоя қиларди.
Улар ўпишишди, лекин бу гал сидқидилдан ва ҳеч бир ғаразсиз ўпишишди.
Планше Рошфорнинг воситачилигида гвардия сержанти унвонини олди.
Жаноб Бонасе рафиқасининг ҳоли нима кечганидан бехабар ва у ҳақда сира қайғурмай тинч кун кечирарди. Кунлардан бир кун у эҳтиётсизлик қилиб ўзини кардиналнинг эсига солиб қўйди, кардинал ўзи ҳозирдан эътиборан жаноб Бонасе ҳеч нимага зориқмаслигининг ғамини еяжагини унга жавоб қилиб юборишни буюрди.
Дарҳақиқат, эртаси куни у кеч соат еттида Луврга равона бўлиш ниятида уйдан чиқиб кетиб Гўрковлар кўчасига ҳеч қайтиб келмади; афтидан, яхши воқиф одамларнинг фикрига қараганда, у қасрларнинг бирида падари бузруквор ҳимматидан ризқи рўз ва бошпана олган эди.