Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 47 страниц)
– Хайрият-э, мана у! – деди д’Артаньян.
У чўнтагидан мактубни чиқарди.
Арамис сапчиб туриб, мактубни юлқиб олди-да, ўқиди ёки, тўғрироғи, ютиб юборди; унинг юзидан нур ёғиларди.
– Афтидан, оқсочнинг каломи ширин шекилли, – бепарво сўз қотди вакил.
– Миннатдорман, д’Артаньян! – тамом жазаваси тутиб қичқирди Арамис. – Унинг Турга қайтиши лозим бўлиб қолибди. У хиёнат қилмабди, у мени аввалгидек севади. Бу ёққа кел, дўстим, бу ёққа кел, кел бир қучай, мен бахтимдан бўғилиб кетяпман!
Кейин икки дўст муҳтарам Иоанн Златоуст теварагида, полда сочилиб ётган диссертация варақларини дадил дўппослаб, ўйинга тушиб кетдилар.
Шу дақиқада исмалоқ билан қовурилган тухум кўтарган Базен кириб келди.
– Югур, шўрлик! – тақясини унинг юзига улоқтириб, қичқирди Арамис. – Қаёқдан келган бўлсанг, ўша ерга жўна, бу жирканч сабзавотлар билан бадхўр тухумингни олиб кет! Шпигланган қуён, семиз хўроз, саримсоқ қўшилган қўй гўшти қовурмаси ва тўрт шиша эски бургунд шаробидан сўра.
Соҳибига қараб, бу табаддулдан ҳеч нарсани тушунмай турган Базен, азбаройи хафа бўлганидан қовурилган тухумни исмалоққа, исмалоқни эса паркетга тушириб юборди.
– Мана, ҳаётингизни подшоларнинг подшосига бахшида қиладиган фурсат, – деди д’Артаньян, – агар унга манзур иш қилишни истасангиз: «Non inutile desiderium in oblatio».
– Сизни лотинчангиз билан жин урсин! Келинг, ичайлик, жон д’Артаньян, келинг, ичайлик, қуриб кетсин, келинг, кўп-кўп ичайлик, у ёқда нималар бўлаётганини ҳаммасини менга сўзлаб беринг.
XXVII
Атоснинг рафиқаси
– Энди Атоснинг аҳволини билиш қолди, холос, – деди д’Артаньян сарафроз бўлган Арамисни ўзлари жўнагандан сўнг пойтахтда кечган янгиликлардан воқиф этгач ва бирининг диссертациясини, бошқасининг эса чарчоғини хаёлдан кўтарган жуда соз тушлик қилгач.
– Наинки сиз унга бирор кор-ҳол бўлган деб ўйласангиз? – сўради Арамис. – Атос бирам совуққон, бирам жасур, қилич тутишга бирам моҳир.
– Ҳа, шубҳасиз, мен ҳам Атоснинг мардлиги ва чаққонлигига ҳар кимдан ортиқроқ тан берганман, аммо, менга қолса қилични таёқдан кўра найзага чалиштирган маъқулроқ, мен бўлсам, Атосни малайлар калтакламадимикан, деб қўрқаман: бу тоифа уришганда қаттиқ ёпишади, уришни тезда тўхтатмайди. Мана шу сабабдан, эътироф қилсам, мумкин қадар тезроқ сафарга чиқишни истар эдим.
– Сиз билан жўнашга уриниб кўраман, – деди Арамис, – гарчи, отга минишга мадорим етмаслигини сезиб турган бўлсам ҳам. Кеча сиз деворда кўрган қамчини ишга солиб кўрдим, бироқ, оғриқ бу тавфиқли машқларимни давом эттиришимга монелик қилди.
– Бунинг сабаби шуки, жон дўстим, ҳали ҳеч ким ўқ жароҳатини қамчи билан даволашга уринган эмас, аммо сиз хаста бўлгансиз, хатсалик эса, ақлий қобилиятларни пасайтиради, шунинг учун мен сизни авф этаман.
– Хўш, сиз қачон жўнайсиз?
– Эртага тонгда. Тунда мириқиб ухлашга ҳаракат қилинг, эртага эса, агар уддаласангиз, бирга кетамиз.
– У ҳолда эртагача, – деди Арамис, – ҳатто сиз метиндан бўлганингизда ҳам уйқуга эҳтиёж сезишингиз керакми, йўқми ахир.
Эрталаб д’Артаньян Арамиснинг хонасига кирганда у хона деразаси ёнида турарди.
– У ерда нимани кўздан кечиряпсиз? – сўради д’Артаньян.
– Э-э, мана бу отбоқарлар тизгинидан ушлаб турган ажойиб тулпорларни томоша қиляпман. Бундай отларни миниб юриш роҳати фақат шаҳзодаларга насиб қилса керак.
– Ундай бўлса, азизим Арамис, шу роҳатга етишасиз, негаки, отларнинг бири сизники.
– Қўйсангиз-чи! Қайси бири?
– Сизга қайси кўпроқ ёқиб қолса, ўшаниси. Мен қай бирини бўлса ҳам олавераман.
– Устидаги ҳашаматли эгар ҳам меникими?
– Ҳа.
– Сиз мени калака қиляпсиз д’Артаньян.
– Сиз французча гапира бошлаганингиздан бери мен ортиқ кулмай қўйдим.
– Бу зарҳал берилган ғилоф бахмал ёпқич, симу зарлар тикилган эгар – буларнинг ҳаммаси меникими?
– Сизники. Ҳув анави туёғини тепаётган от меники, гижинглаб тургани эса Атосники.
– Азбаройи шифо, ҳар учаласи ҳам жуда кетворган-ку!
– Улар дидингизга ўтирганидан бошим осмонга етди.
– Сизга бундай тортиқни қирол қилган бўлса керак?
– Ҳар қалай, кардинал эмас. Айтганча, бу отлар қаердан келиб қолганининг ташвишини қилиб ўтирманг, фақат уларнинг бири сизники эканини хотирингизда тутинг.
– Мен ўша малла хизматкор тутиб турганини оламан.
– Жуда яхши.
– Худо ҳаққи, – қичқирди Арамис, – бутун оғриқ шундан таққа босилганга ўхшаяпти! Бундай отга танимда ўттиз ўқ билан ҳам минган бўлардим. О, узангиларининг ажойиблигини!.. Ҳой, Базен, бу ёққа келинг, тезроқ қимирланг!
Базен бўсағада уйқусираган, хомуш ҳолда пайдо бўлди.
– Қиличимга жило беринг, шляпамни тартибга келтиринг, ридомни тозалаб пистолетларни ўқлаб қўйинг, – деди Арамис.
– Сўнгги буйруқ ортиқча, – унинг гапини бўлди д’Артаньян: – ғилофларингизда ўқланган пистолетлар бор.
Базен хўрсиниб қўйди.
– Қўйинг, метр Базен – ўзингизни босинг, – деди д’Артаньян, – жаннатдаги жойга ҳар унвонда ҳам етишса бўлади.
– Соҳибим бирам яхши ақоидшунос бўлиб қолганди! – йиғламоқдан бери бўлиб деди Базен, – у епископ бўлиши мумкин эди, эҳтимол, кардинал ҳам бўлиб кетармиди.
– Қулоқ сол, азизим Базен, яхшилаб фикр юритиб кўриб, ўзинг айтгин: руҳоний бўлишнинг нима кераги бор. Ахир бу нарса уришиш заруратидан халос этмайди-ку. Мана кўрасан, кардинал бошида шлем, қўлида протазан билан дастлабки юришдаёқ иштирок этади. Жаноб Ногаре де Лавалет-чи? У ҳам кардинал, малайидан сўраб кўр-чи, унинг корпиясини4444
К о р п и я – илгарилари пахта ўрнида ишлатиладиган титилган иплар.
[Закрыть] неча марта титган экан.
– Ҳа… – хўрсиниб қўйди Базен. – Биламан, тақсир, дунёдаги ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди.
– Узангимни ушлаб тур, Базен, – деди Арамис.
Кейин у ўзига хос назокат ва енгиллик билан сакраб, отга минди. Бироқ, асл жониворнинг бир неча волт ва курбет4545
Волт ва курбет – чавандозлик машқларининг турлари.
[Закрыть] ларидан кейин чавандоз шу қадар кучли оғриқ ҳис қилдики, ранги оқариб, эгарда чайқалиб кетди. Шунга ақли етиб, кўз узмай ўтирган д’Артаньян у томон отилиб, уни кўтариб туширди-да, хонага элтиб қўйди.
– Мана бундай, муҳтарам Арамис, – деди у, – сиз шифо ола туринг, мен Атосни қидиришга ёлғиз жўнайман.
– Сиз гўё бронзадан қуйилгансиз! – жавоб берди Арамис.
– Йўқ, менга омад ёр, вассалом! Бироқ, айтинг, менсиз бу ерда қандай кун кечирасиз? Даст-у дуолар хусусида ҳеч қандай мулоҳазасиз, а?
Арамис жилмайиб қўйди.
– Мен шеърлар ёзаман, – деди у.
– Ҳа, ҳа, худди де Шеврез хоним оқсочининг номаларидаги атир сепилган шеърлардай. Базенга шеъриятнинг қоидаларини ўргатиб қўйинг, бу нарса уни овутади. Отга келсак, уни ҳар кун оз-оздан миниб туринг, бу сизни қайта эгарга ўргатади.
– О, бу хусусда ташвишланманг, – деди Арамис, – қайтишингизга сизга ҳамроҳ бўлишга шай тураман.
Улар хайр-маъзур қилдилар, ўн дақиқа ўтгач эса у аввал Арамисни Базен билан беканинг меҳрибонлигига ҳавола қилгач, аллақачон Амен йўлида йўртиб борарди.
У Атосни қай аҳволда топади, умуман, ўзи уни топадими, йўқми?
Д’Артаньян уни ташлаб кетганда вазият жуда танг эди; Атос ҳалок бўлган чиқиши жуда эҳтимол. Бу хаёл д’Артаньянни қайғуга солди; у бир-икки марта хўрсиниб, ўз-ўзига қасос оламан деб қасам ичди.
Д’Артаньяннинг барча дўстлари орасида Атоснинг ёши каттароқ бўлиб, у ўзининг дид ва ҳаваслари бўйича унга бошқаларидан яқин бўлиши мумкин эмасди. Шунга қарамасдан, д’Артаньян қолганларига нисбатан уни ошкора афзал кўрарди. Атоснинг ўктам, бежирим сумбати, ўзини тортиб юрган сояни гоҳи маҳаллар ёриштириб юборадиган маънавий улуғворлик ёлқинлари, ўзини бутун оламдаги энг дилкаш улфат қилгувчи, муттасил бир маромда сақланадиган кайфияти, унинг заҳарханда вақтичоғлиги, агар гўё, ноёб вазминлигининг оқибати бўлмаган тақдирда кўр-кўрона деб аталиши мумкин жасорати – бу хислатларнинг бариси д’Артаньянда ҳурматдан кўра ортиқроқ, дўстона илтифотдан кўра кўпроқ нарсани уйғотар, улар д’Артаньянни қойил қолдирар эди.
Дарҳақиқат, ҳатто, назокатли ва тийнатли сарой кишиси бўлмиш жаноб де Тревилнинг ёнида ҳам руҳи тетик кезлар бу қиёсга у муваффақият билан дош бериши мумкин эди; у ўрта бўйли, лекин, бирам сарвқомат, бирам қадди-басти келишган эдики, бир неча марта Портос билан курашда жисмоний кучи аллақачон мушкетёрлар ўртасида мақолга айланиб кетган бу паҳлавонни енгган эди; унинг ўткир нигоҳли, адил бурунли, Брутники сингари иякли чеҳраси нуфуз ва самимиятнинг билинар-билинмас изларини сақлаб турарди, ўзи сира эътибор қилмайдиган қўллари эса бир талай бодом совуни-ю хушбўй мойлар ёрдамида ўзиникини муттасил парваришлаб юргувчи Арамисни куйдирарди; унинг овоз оҳанги теран, шу билан бирга ширали эди. Лекин, ҳамиша кўзга ташланмасдан камтарин юришга ҳаракат қиладиган Атосдаги мутлақо ақл бовар қилмас туюлган нарса – унинг кибор доирани, энг ёрқин жамиятнинг расм-русумларини билиши, унинг ҳар қилиғида ғайришуурий равишда сезилиб турган ўша яхши тарбиянинг излари эди.
Хоҳ гап зиёфат хусусида кетаётган бўлсин, Атос ҳар меҳмонни аждодлари ёки ўзи яратган мавқеига мос тарзда, ўзига муносиб жойга ўтқазиб, уни ҳар қандай кибордан ошириб уюштирарди. Хоҳ гап гералдика4646
Гералдика – герблар ва уларнинг тарихи ҳақидаги фан.
[Закрыть] хусусида бўлсин, Атос қиролликнинг жамики дворян номларини, уларнинг қаробатларини, уларнинг гербларини, гербларининг келиб чиқиш тарихларини биларди. Одоб-ахлоқнинг бирор икирчикири йўқ эдики, у Атосга таниш бўлмаса; у йирик ер мулкдорлари қандай ҳуқуқлардан истифода қилишларини биларди, у ит ва лочин овларида ўта билимдон бўлиб, бир кун, ҳатто, бу борада шинаванда сифатида машҳур қирол Людовик XIII нинг ўзини ҳам ажаблантирган эди.
Замоннинг ҳамма киборлари сингари у моҳирона қиличбозлик қилар, чавандоз эди. Булар етмагандай ҳатто у маҳаллар дворянлар кам шуғулланадиган қуруқ илмлар соҳасида ҳам унинг маълумоти шу қадар серқирра эдики, Арамис олифтагарчилик қилиб қистириб турадиган ва Портос гўё маъносига етадиган лотин ибораларини эшитганда, у мийиғида кулиб қўярди, холос; икки ёки уч дафъа Арамис бирор грамматик хатога йўл қўйганда, ҳатто у дўстларни ғоят лол қолдириб, феълни керакли замонга, отни эса зарур келишикка қўйган ҳоллар бўлган. Ниҳоят, унинг виждони бенуқсон эди, яна бу – ўша ҳарбийлар эътиқод ва имон билан, маҳбублар – бизнинг замонамизга хос тақводорлик билан; фақирлар эса – таолонинг еттинчи васияти билан осонгина тил топиб кетаверадиган асрда. Хуллас, Атос ғоят ажойиб киши эди.
Аслида эса бу нозик мижоз, бу гўзал зот, бу нодир зако, кексалар аста-секин жисмоний ва маънавий ожизликка чўка бошлагани каби, тадрижан жўнлик ҳукмида қола борарди. Атоснинг нохуш соатларида – бундай соатлар эса кўп бўлиб турарди – ундаги бор нурафшон нарсалар сўнар ва унинг ёрқин хислатлари гўё чуқур зулматга чўлғангандай йўқоларди.
Ярим худо ғойиб бўлиб, инсон қоларди. Бошини ҳам қилиб, айрим жумлаларни зўрға талаффуз этиб, узун соатлар давомида сўниқ нигоҳини ҳали шиша билан стаканга, ҳали ўзининг ҳар ишорасига итоат қилишга одатланган, соҳибининг зарра истагини унинг руҳсиз қарашидан уқиб, дарров бажо келтирадиган Гримога тикиб қоларди. Агар тўрт оғайни йиғини шундай дамларнинг бирида содир бўлса, Атоснинг умумий суҳбатдаги ҳиссаси базўр айтилган бир-икки каломдан иборат бўларди. Аммо, у ёлғиз тўрт киши учун ичар, лекин бу қилча ҳам акс этмасди – фақат қошларини чимиради-ю одатдагидан ҳам ғамгинроқ бўлиб кетарди.
Синчков ва ўткир идроки яхши маълум бўлган д’Артаньян ўз қизиқишларини қондириш, чуқур ҳафсаласизликнинг бирор сабабини топиш, ёки унга эш жиҳатларни илғаб олиш истагига қарамай бунинг уддасидан чиқолмаётганди. Атос ҳеч қачон мактуб олмас эди, ҳеч қачон дўстларининг ҳаммасига маълум бўлмаган бирор иш қилмасди.
Бу хазинликни шароб туғдиради деб бўлмасди, зеро у фақат шу ғуссани енгиш учун ичарди, гарчи, бу дори, биз айтиб ўтганимиздек, уни янада чуқурлаштириб юборарди. Бу ҳасрат тутқаноқларини қиморга ҳам йўйиб бўлмасди, зеро, тақдирнинг бевафолигини қўшиқ ёки сўкишлар билан кузатадиган Портосдан фарқли ўлароқ, Атос ютган пайтлари ютқизганда қандай бўлса, худди шундай лоқайд қолаверарди. Кунлардан бир кун у мушкетёрларнинг даврасида ўтириб, бир оқшомнинг ўзида минг пистол ютиб олди, уларни зарбоф байрам тасмасига қўшиб, ютқазиб қўйди, буларнинг ҳаммасини яна юз луидор қўшиб қайта ютиб олди – лекин, унинг қора қошлари бирон марта қилт этиб қўймади, қўллари ўзининг садаф тусини тарк этмади, ўша оқшом файзли бўлган гурунг ўзининг дилкушо осойишталигини канда қилмади.
Шунингдек, унинг юзидаги кўланка ҳамсояларимиз инглизларда бўлгани каби ёғингарчилик билан ҳам изоҳланмасди, зеро, бу ғусса одатда йилнинг энг яхши фаслларида яна ҳам кучаярди; июнь билан июль Атос учун энг машаққатли ойлар бўларди.
Ҳозирги пайтда унинг дардлари йўқ эди, у билан истиқбол хусусида гап очилган кезлар у елкасини қисиб қўя қоларди; бинобарин, д’Артаньяннинг қулоғига етган мубҳам миш-мишларга қараганда бу ғуссанинг сабаблари ўтмишга яширилган эди.
Атосни чулғаб турган сир-асрор асорати, ҳатто, кайфи тарақ дақиқаларда ҳам берилган саволларнинг бутун нозиклигига қармасдан уни на кўзлари, на тили бирор гал ошкор этиб қўймаган бу кишини ғоят жозибали қилиб қўярди.
– Эсиз! – овозини чиқариб, хаёл сурарди д’Артаньян. – Эҳтимол, ҳозир бечора Атос жонсиздир, бунга мен гуноҳкор бўламан. Ахир, ёлғиз мени деб у бу воқеага на бошини, на учини билмаган ҳолда, лоақал зарра манфаат чиқариш илинжисиз аралашиб қолди.
– Шуни айтинг, тақсир, – илова қилди Планше, – кўриниб турибдики, биз омон қолганимиз учун Атосдан миннатдор бўлишимиз лозим. Унинг «Олға, д’Артаньян! Мен қопқондаман!» деб қичқиргани эсингиздами. Кейин эса иккала пистолети ўқини бўшатиб, қиличини қандай ваҳимали жаранглатиб кетди-я! Бамисоли йигирма киши, ёки йигирмата қутурган девдай деган маъқулроқ!
Бу сўзлар д’Артаньяннинг аламини икки қилди-ю у шусиз ҳам елиб кетаётган отини ниқтади.
Эрталабки соат ўн бирлар чамасида сайёҳларнинг кўзи Аменга тушди, соат ўн бир яримда эса улар лаънати хароботга етдилар.
Д’Артаньян маккор хўжайинга атаб, бирор кетворган қасос йўлини, олдиндан тасалли берадиган қасос йўлини кўнглига тугиб борган эди. Хуллас, у хароботга шляпасини пешанасига бостириб, чап қўлини қиличининг сопига қўйиб, ўнг қўлида тутиб турган хивични силтаб-силтаб кириб борди.
– Мени танияпсизми? – сўради у таъзим билан пешвоз чиққан хўжайиндан.
– Мушарраф эмасман, зоти олийлари, – д’Артаньяннинг шукуҳли яроқ-аслаҳаларидан кўзлари қамашиб, жавоб берди у.
– Ҳаҳ, мени танимаяпсизми!
– Йўқ, зоти олийлари!
– Оббо, унда бир-икки оғизгина қилиб, эслатиб қўяман. Икки ҳафтача муқаддам қалбаки пул ўтказди, деб сиз даъво қилган дворянни нима қилдингиз?
Харобот эгасининг ранги оқариб кетди, зеро, д’Артаньян энг дағдағали қиёфага кирган, Планше эса уни қуйиб қуйгандек такрорлаган эди.
– Оҳ, зоти олийлари, бу ҳақда оғиз очманг! – энг аянч бир оҳангда қичқирди харобот эгаси. – Э парвардигор, бу хатоим менга қандай қимматга тушди-я! Шўрим қурсин-эй!
– Мен сиздан сўраяпман: ўша дворяннинг ҳоли нима кечди?
– Лутф айлаб қулоқ беринг, зоти олийлари, шафқат қилинг. Қани, ўтиринг, марҳаматингизни дариғ тутманг.
Ғазаб ва хавотирдан уни чиқмай д’Артаньян ҳакам янглиғ ваҳшат билан ўтирди. Планше виқор билан кресло суянчиғининг орқасида туриб олди.
– Иш бундай бўлганди, зоти олийлари… – қўрқувдан дағ-дағ қалтираб, гапини давом эттирди харобот эгаси. – Энди сизни танидим. Ахир ўша дворян билан сиз айтган машъум жанжал бошланганда жўнаб кетган киши сизмисиз?
– Ҳа, мен. Агар бор ҳақиқатни айтмасангиз, шафқат кутишнинг ҳожати йўқлигини жуда яхши кўриб турибсиз.
– Гап бундай, илтифот қилиб тингласангиз, мен ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб бераман.
– Қулоғим сизда.
– Бошлиқлар хароботимда машҳур қалбаки пул ясовчи бир-иккита ўртоқлари билан қўнишини, аммо уларнинг ҳаммаси гвардиячи ёки мушкетёрлар усти бошида бўлишади, деб менга хабар қилишди. Сизнинг отларингиз, хизматкорларингиз, сиз зоти олийларнинг ташқи кўринишлари – ҳаммаси менга аниқ тасвирланган эди…
– Кейин, кейин! – бу аниқ нишоналар қаердан чиққанини дарров фаҳмлаб деди д’Артаньян.
– Шу важдан мадад учун олти киши юборган бошлиқларнинг буйруғига амал қилиб, қалбаки пул ясовчиларни тутиш учун ўзим лозим топган ҳамма чораларни кўриб қўйдим…
– Яна! – деди «қалбаки пул ясовчилар» деган сўзлар қулоғига ўқдай санчилаётган д’Артаньян.
– Бундай нарсаларни гапираётганим учун узр сўрайман, зоти олийлари, аммо мени оқлайдиган дадиллар шулардан иборат. Бошлиқлар менга пўписа қилишди, ўзингиз биласиз-ку, харобот эгаси ўз бошлиқлари билан муросада яшаши зарур.
– Мен яна бир марта сўраяпман: ўша дворян қани? Унга нима бўлди? Қазо қилдими ёки ҳаётми?
– Сабр-тоқат, зоти олийлари, ҳозир бунга ҳам етамиз. Демак, ўзингизга маълум ишлар содир бўлди… сизнинг ошиғич жўнаб қолганингизни улар оқлаётгандай эди, – д’Артаньян назаридан қочмаган муғомбирлик билан илова қилди хўжайин. – Ўша дворян, сизнинг дўстингиз ўзини жон-жаҳди билан мудофаа қилди. Фалокат босиб, отбоқар кийимида юборилган, аскарлар билан тўполон кўтарган унинг хизматкори…
– Хаҳ, сен ярамас! – қичқирди д’Артаньян. – Ҳаммангни тилинг бир экан-да, ўзим ҳам билмайман ҳаммангни қириб ташлашимга нима тўсқинлик қиляпти!
– Йўқ, зоти олийлари, ҳаммамизни ҳам тилимиз бир эмас эди, бунга ҳозир ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз. Сизнинг ошнангиз – ўз исму шарифлари билан атамаётганим учун авф этгайсиз, аммо ўша исм бизга номаълум, – демак, сизнинг ошнангиз икки аскарни икки пистолет ўқи билан узала тушириб, ўзини қилич билан мудофаа қилган кўйи одамларимдан бирини майиб қилиб, мени эса ўша қиличининг ясси томони билан уриб гангитиб, чекинди…
– Гапинг тугайдими сени, йўқми, жаллод? – бақирди д’Артаньян, – Атос қани? Атосга нима бўлди?
– Чекина туриб – мен сизга айтиб ўтганимдек, зоти олийлари – у ертўлага кириладиган зинага бориб қолди ва эшик очиқ турганлиги сабабдан у калитни суғуриб, ичкаридан қулфлаб олди. У ердан кетолмаслилига ҳамманинг ишончи комил эди, шу сабабдан ҳеч ким унинг бу ишига тўсқинлик қилмади…
– Албатта-да, – деди д’Артаньян, – сиз уни ўлдирмоқчи эмасдингиз, уни фақат қамаб қўйишингиз керак эди!
– Қамаб қўйиш, тавба-эй! Сизга қасам ичиб айтаман, зоти олийлари, у ўзини ўзи қамаб қўйди. Айтганча, у бундан олдин озмунча иш қилмади: бир аскар дарров ўлди, иккитаси эса оғир жароҳатланди. Ҳалок бўлган билан икки ярадорни ўртоқлари олиб кетишди, на улар, на булар тўғрисида ортиқ хабар топмадим. Менга келсак, ҳушимга келгач, жаноб губернатор ҳузурига равона бўлдим, унга содир бўлган нарсаларнинг ҳаммасини сўзлаб бердим, бандини нима қилай деб сўрадим. Губернатор гўё осмондан тушгандай эди: у гап нима хусусида бораётганини мутлақо тушунмаслиги, менга келган буйруқлар ундан чиқмагани, агар шўрим қуриб, бирор кимсага бу чатоқ иқдомга губернаторнинг қандайдир алоқаси бор деб қўйган бўлсам, мени осишга амр қилажагини айтди. Афтидан адашган эканман, тақсир, бир шахснинг ўрнига бошқасини тутибман-у, тутиш лозим бўлгани ғойиб бўлибди.
– Бироқ, Атос қани? – бақирди ҳокимият тепасидагилари бу ишга қай муносабатда бўлганликларини билгач, янаям тутоқиб кетган д’Артаньян. – Атосга нима бўлди?
– Мен бандининг олдида ўз гуноҳимни ювишга кўзим тўрт эди, – гапини давом эттирди харобот эгаси, – уни чиқариб юбориш ниятида ертўлага яқинлашдим. Оҳ, тақсир, бу иблиснинг ўзгинаси эди. Озодлик таклифига жавобан у бу қопқону шартлар қўймасдан туриб, у ердан чиқмаслигини эълон қилди. Мен унга камтаринлик билан жавоб бердим – ахир, ҳазрат олийларининг мушкетёрига қўл кўтариб, ўзимни не кўйга солиб қўйганимга ақлим етиб турарди-да – хуллас, мен унга шартларини қабул қилишга тайёрлигимни жавоб қилдим. «Аввало, – деди у, – мен хизматкоримни беками-кўст, қуролланган ҳолда қайтаришни талаб этаман». Бу буйруқ шошилинч бажо келтирилди: ўзингиздан қолар гап йўқ, тақсир, биз дўстингиз нимаики истаса ҳаммасини қилишга хайрихоҳ эдик. Демак, жаноб Гримо – буниси, гарчи, жуда камсухан бўлса-да, номини маълум қилди – жаноб Гримо жароҳатига қарамасдан ертўлага туширилди. Соҳиби уни қабул қилиб, эшикни тўсиб олди, бизга эса жойимизда қолаверишимизни буюрди.
– Бироқ, қани у оқибат? – бақирди д’Артаньян. – Атос қани?
– Ертўлада, тақсир.
– Бу қанақаси, ярамас, сен ҳали ҳам уни ертўлада ушлаб турибсанми?
– Худо сақласин! Йўқ, тақсир. Биз уни ертўлада ушлаб турардик-а! Кошки эди сиз унинг ўша ерда, ўша ертўлада нималар қилаётганини билсангиз! Оҳ, тақсир, агар у ердан чиқишга уни мажбур қилиш қўлингиздан келса, умримнинг то охиригача сиздан миннатдор бўлардим, сизга нажот фариштаси сингари сиғинардим.
– У ўша ерда дегин? Мен уни ўша ердан топаманми?
– Албатта, тақсир. У қайсарлик қилиб туриб олди ва чиқишни истамаяпти. Биз ҳар кун туйнукдан паншахада нон, у талаб қилган пайтларда эса гўшт ҳам узатиб турамиз, аммо – эвоҳ! – унинг асосий емиши на нон, на гўштдан иборат. Бир кун мен икки шоввоз билан пастга тушишга ҳаракат қилган эдим, унинг чунон ғазаби қайнаб кетдики, мен ўзи пистолетларини, хизматкори эса мушкети тепкисини кўтараётганини эшитиб қолдим. Биз нима қилмоқчисизлар, деб сўраганимизда эса, ошнангиз ўттизта ўқимиз бор, бирортангизни ертўлага туширишдан илгари ҳаммасини битта қолдирмай бўшатамиз, деб жавоб берди. Шунда, тақсир, мен губернаторнинг ҳузурига арзга бордим, бироқ, у қилмишингга яраша бўлибди, бу хароботингга қўнгувчи нажиб жанобларни ҳақорат қилиш қандай бўлишини сенга ўргатиб қўяди, деб жавоб берди.
– Шундай қилиб, худди ўша пайтдан бери… – харобот эгасининг забун башарасини кўриб, ўзини кулгидан тиёлмай гап бошлади д’Артаньян.
– Худди ўша пайтдан бери, – давом этди буниси, – аҳволимиз танг, тақсир, негаки, бор жамғарган озуқаларимиз ертўлада сақланади. Шишаларда шароблар, бочкаларда шароблар, май, ўсимлик мойи ва зираворлар, чўчқа ёғи ва хасиплар – ҳаммаси ўша ерда. Пастга тушиш тақиқланганлиги сабабли бизникига қўнгувчи ҳамма сайёҳларга таом ва ичимликларни йўқ дейишга тўғри келяпти ва бизнинг карвонсаройимиз кун сайин таназзулга юз тутмоқда. Агар дўстингиз ертўлада яна бир ҳафта ўтирса, биз тамоман хонавайрон бўламиз.
– Бадтар бўл, қаллоб! Ахир, афти-ангоримиздан бизнинг қалбаки пул ясовчилар эмас, дуруст одамлар эканимизни фаҳмлаб бўлмасмиди?
– Ҳа, тақсир, ҳа, сиз ҳақсиз, – жавоб берди хўжайин, – бироқ, қулоқ солинг-а, у яна тўс-тўполон кўтаряпти.
– Уни безовта қилишган бўлса керак, – қичқирди д’Артаньян.
– Иложимиз қанча, ахир? – эътироз қилди хўжайин. – Ахир бизникига иккита кибор инглиз келиб тушган.
– Хўш, нима бўпти?
– Нима бўпти деганингиз нимаси? Ўзингиз биласиз, тақсир, инглизлар яхши шаробни ёқтиришади, булар эса энг яхшисини сўрашди. Хотиним бу жанобларга зарур нарсаларни бериш учун жаноб Атосдан киришга ижозат сўраган, у эса ўз одатича, рад этган бўлса керак… Худоё бокарам, яна шовқин-сурон бошланди.
Дарҳақиқат, ертўла томондан қаттиқ шовқин эшитилди. Д’Артаньян ўрнидан турди ва олдинда умидсизланиб, қўлларини букиб бораётган хўжайин, орқада мушкетини шайлаган Планшени эргаштириб, ҳаракат жойига яқинлашди.
Инглизларнинг зардаси қайнаган: улар олис йўлдан келиб, очлик ва ташналикдан ҳол-жони қолмаган эди.
– Ахир бу зўравонлик-ку! – соф француз тилида, лекин хорижий талаффуз билан қичқирарди улар. – Бу савдойи туппа-тузук одамларнинг ўз шахсий шаробини ишлатишига изн бермаяпти. Биз эшикни синдирамиз, агарда у тамом ақлдан озган бўлса – илож қанча, унда ўлдирамиз-қўямиз.
– Секинроқ, жаноблар! – камари орқасидан пистолетларини чиқара туриб деди д’Артаньян. – Авф этишингизни сўрайман, лекин сизлар ҳеч кимни ўлдирмайсиз.
– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, – эшик орқасидан Атоснинг хотиржам товуши эшитилди, – қани, бу мақтанчоқларни киритиб юборинг, шунда кўрамиз.
Инглизлар, афтидан, анча мард кишилар, ҳар қалай, журъатсизлик билан кўз уриштириб олдилар. Ертўлада аллақандай оч одамхўр, аллақандай афсонавий алп қаҳрамон пусиб олган-у ҳеч ким жазосини тортмасдан бу ғорга киролмайдиган туюларди.
Бир нафас ҳамма жимиб кетди, лекин провардида, инглизлар чекинишга истиҳола қилиб қолдилар-у уларнинг кўпроқ аччиқлангани поғоналари беш ёки олтита бўлган зинапоядан тушиб, эшикни чунонам қаттиқ тепдики, тош деворни тешадигандай кўринарди.
– Планше, – деди д’Артаньян пистолетларининг тепкиларини кўтарган кўйи, – мен анави тепасидагисини ўзимга оламан, сен бўлсанг, пастдагиси билан овора бўл… Шундай қилиб уришишни истайсизларми, жаноблар! Жуда яхши, келинглар, уришайлик!
– Худоё тавба! – пастдан Атоснинг бўғиқ товуши эшитилди. – Назаримда, д’Артаньяннинг овозини эшитяпман.
– Сен янглишмадинг, дўстим, – қаттиқроқ гапиришга уриниб, жавоб берди д’Артаньян, – бу мен, шахсан ўзимман, дўстим.
– Жуда соз! – деди Атос. – Ундай бўлса, биз бу ботирларни роса адабини берамиз.
Инглизлар қиличларига ёпишдилар, лекин улар икки ўт орасида қолган эди. Яна бир зум улар тараддудланиб қолдилар, бироқ, биринчи галдаги орият устун келди-ю иккинчи зарбда эшик бор бўйига ёрилиб кетди.
– Четлан, д’Артаньян, четлан! – қичқирди Атос. – Мен ҳозир отаман.
– Жаноблар! – деди ҳеч қачон фикр юритиш қобилиятини йўқотмайдиган д’Артаньян. – Ўз аҳволингизни бир ўйлаб кўринг. Бир дақиқа қаноат, Атос… Жаноблар, сизлар хунук воқеага аралашяпсиз, ўқлардан илма-тешик бўлиб кетасиз. Мен билан хизматкорим сизларни учта ўқ билан сийлаймиз, ертўладан ҳам худди шунча оласиз. Бундан ташқари, бизда қиличлар бор, уларни биз – мен билан дўстим – жуда дуруст ишлатамиз, сизларни ишонтиришим мумкин. Менга халақит берманг, сизларнинг ишларингизни ҳам, ўзимникини ҳам амаллайман. Ҳозир сизларга ичимлик беришади, сўз бераман.
– Ҳали шароб қолган бўлса, – Атоснинг истеҳзоли товуши эшитилди.
Харобот эгаси орқасидан совуқ тер чиқиб кетганини сезди.
– Яъни, қандай – «ҳали шароб қолган бўлса?» – шивирлади у.
– Қолади, азбаройи шифо! – деди д’Артаньян. – Ўпкангизни босинг, бутун ертўлани ичиб қўйишолмагандир-ку. Жаноблар, қиличларни қинига солинг.
– Яхши! Бироқ, сиз ҳам пистолетларингизни камарингизга қистиринг.
– Бажонидил.
Д’Артаньян тимсол кўрсатди. Сўнгра, Планшега ўгирилиб, имо билан мушкетининг ўқини бўшатишни буюрди.
Бу жиҳатдан ишонч ҳосил қилиб, инглизлар тўнғиллаб олдилар-у, лекин қиличларини қинига солиб қўйдилар. Д’Артаньян уларга Атоснинг қамалиш тарихини ҳикоя қилиб берди ва улар ҳақиқий жентелмен бўлганлари сабабли ҳамма ишда харобот эгасини айбладилар.
– Энди эса жаноблар, – деди д’Артаньян, – хоналарингизга чиқинглар ва ўн дақиқадан кейин кўнглингиз тусаган ҳамма нарсани муҳайё қилишади деб кафолат бераман.
Инглизлар таъзим қилиб, кетдилар.
– Энди мен якка ўзимман, жон Атос, – деди д’Артаньян. – Илтимос қиламан, эшикни очинг.
– Шу заҳоти, – жавоб берди Атос.
Қулаётган шох-шабба боғларининг товуши, ғўлаларнинг ғичирлаши эшитилди: булар қамалдаги Атоснинг ўзи яксон қилаётган ғов ва истеҳкомлари эди.
Бир сониядан сўнг эшик сурилиб, тирқишида Атоснинг рангпар рухсори кўринди; у атроф-жойни енгилелпи кўздан кечириб чиқди.
Д’Артаньян ўзини дўстига отиб, уни меҳрибонлик билан қучди; сўнгра уни етаклаб, бу зах бошпанадан нари олиб кета бошлади-ю, фақат шундагина унинг тебраниб кетаётганини пайқади.
– Сиз жароҳатландингизми? – сўради у.
– Менми? Ҳеч-да. Мен ўлгудек мастман, вассалом. Бунга эришмоқ учун мен ҳали ҳеч қачон бу қадар зўр бериб тер тўкмаганман. Худо ҳаққи, хўжайин, танимга бир юз эллик шишадан кам тушмагандир.
– Шафқат қилинг! – бақириб юборди хўжайин. – Агар хизматкор ҳам соҳиби ичганнинг лоақал ярмини ичган бўлса, мен хонавайрон бўлдим.
– Гримо интизомга қаттиқ ўргатилган, мен ичган шаробдан ичишга у ўзига эп кўрмаган бўларди. У фақат бочкадан ичди. Айтганча, у тиқинини беркитиб қўйишни унутибди, шекилли. Эшитяпсизми, бир нарса оқяпти?
Д’Артаньян хохолаб кулиб юборди, жунжикиб турган хўжайиннинг бундан алангаси чиқиб кетди.
Шу пайт Атоснинг орқасида елкасига мушкет илган Гримо пайдо бўлди; худди Рубенснинг маст сатирлари сингари унинг боши силкинарди. Унинг олди-ю орқасига аллақандай мойли суюқлик тўкилган бўлиб, хўжайин уни ўзининг энг яхши зайтун мойи деб топди.
Улар катта залдан ўтиб, д’Артаньян мусофирхонанинг ўзбошимчалик билан банд қилган энг яхши хонасига кўчиб кирди.
Бу орада хўжайин ва рафиқаси чироқлар билан ўзларини киришлари шунча узоқ тақиқ этилиб келган ертўлага урдилар; у ерда уларни даҳшатли манзара кутарди.
Чиқар пайти Атос йўл очган шох-шабба боғлари, тахталар ва бўш бочкалардан стратегик санъатнинг барча қоидаларига риоя қилиниб тикланган истеҳкомларнинг орқасида, унда-бунда мой ва шаробларнинг халқобларида сузиб юрган сон гўштларининг суяклари кўзга ташланарди, ертўланинг бутун чап кунжагида эса синиқ шишалар уюми қалашиб ётарди; жўмраги очиқ қолган бочка қонининг сўнгги қатраларини оқизиб ётарди. Қадим шоирнинг таъбири билан ифода қилинганда, бу ерда майдони ҳарб сингари ўлим ва вайроналик ҳукм сурарди.
Шифт тўсинларига осиғлик эллик ҳасипдан ортиғи билан ўнта қолган эди.
Хўжайин билан беканинг нолон фарёдлари ертўла тоқисидан ўтиб, ҳатто, д’Артаньяннинг ҳам кўнглини бузди. Атос эса, ҳатто, бошини ўгириб ҳам қўймади.
Бироқ, ҳадемай, ғурбат ғазабга айланди. Жизғанак бўлиб, ўзини унутган хўжайин сих билан қуролланиб, икки дўст ҳоли ўтирган хонага отилиб кирди.
– Шароб! – уни кўриб деди Атос.
– Шароб-а! – бақирди оғзи очилиб қолган хўжайин. – Шароб-а! Ахир сиз юз пистолдан ҳам ортиққа ичиб бўпсиз-ку. Ахир мен хонавайрон бўлдим-ку, хароб бўлдим-ку, йўқ бўлдим-ку!
– Бас! – деди Атос. – Биз, ҳатто, чанқоғимизни тузук-қуруқ босолганимиз ҳам йўқ.
– Агар сизлар фақат ичганингизда ҳам бир нав эди, лекин бор шишаларни синдириб ташлагансиз!
– Сиз мени ўша уюмга туртиб юбордингиз, у қулаб тушди. Айб ўзингизда.
– Менинг бор мойим нобуд бўлган!
– Мой – жароҳатлар учун ажойиб малҳам. Ўзингиздан орттирган яраларни бечора Гримо тузатиши керакмиди-йўқмиди?
– Менинг ҳамма ҳасипларим кемириб ташланган!
– Бу ертўлада каламушлар тўлиб ётибди.
– Сиз ҳаммасининг товонини тўлайсиз! – бақирди тоқати тоқ бўлган хўжайин.
– Уч карра ярамас! – жавоб берди Атос ўрнидан қўзғалган кўйи, лекин шу замон у курсига қайта қулади: унинг дармони қолмаган эди.
Д’Артаньян унга ёрдамга келиб, хивичини дўлайди.
Хўжайин орқага тисарилиб кўзига ёш олди.
– Бу сизга, – деди д’Артаньян, – худо юборган мусофирларга дуруст манзират қилишни ўргатиб қўяди.
– Худомиш! Ундан кўра иблис денг!
– Гап бундай, азизим, – унга пўписа қилди д’Артаньян, – агар қулоғимизни қоматга келтиришингни бас қилмасанг, ертўлангга тўрт кишилашиб қамалиб оламиз-да, зиён чиндан сен айтаётгандай каттами, йўқми, кўриб қўямиз.
– Розиман, жаноблар, розиман, – қўрқиб кетди хўжайин, – тан оламан, айб ўзимда, бирор гуноҳ йўқки, уни кечириб бўлмаса. Сизлар аслзода жанобсизлар, мен бўлсам бир нотавон харобот эгасиман, менга раҳмингиз келиши керак-да.
– Ҳа, мана буниси бошқа гап, – деди Атос, – бунақада кўнглимни сел қилиб юборасан, шекилли, кўзларимдан бочкангдаги шароб сингари ёшларим ҳам оқиб кетади. Биз сен ўйлаганча қўрқинчли эмасмиз. Яқинроқ кел, гаплашиб кўрамиз.