Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 31 (всего у книги 47 страниц)
XII
Анжуй шароби
Бетоб қиролнинг тузалиб кетишига қарийб умид йўқлиги ҳақидаги хабарлардан сўнг қароргоҳда унинг шифо топаётгани тўғрисидаги миш-мишлар тарқала бошлади ва қиролнинг қамалда шахсан иштирок этмоққа ошиқаётгани сабабли ҳамманинг оғзида, у от минишга дармони етган замон йўлга чиқади, деган гап эди.
Бу ўртада ўзини армия қўмондонлиги лавозимидан бугун-эрта бўшатишларини ва ўз ўрнига бу лавозимни бир-бирлари билан талашиб ётган герсог Ангулемскийними, Бассомерними, Шомбергними қўйишларини билган герсог Орлеанский фақат рақибнинг кучларини ўсмоқчилаб суст ҳаракат қилар, вақтни зое кеткизар ва французлар ўз навбатида Ларошелни қамал қилаётган бир пайтда ҳамон Сен-Шартен қўрғони-ю, Ла Пре портига бостириб бораётган инглизларни Ре оролидан қувиб чиқаргудай ҳеч бир йирик операцияга қунт қилмасди.
Д’Артаньянга келганда, биз айтиб ўтганимиздек, у сал беғамроқ бўлиб қолди, хавф ўтиб кетгач, уни номавжуд деб ҳисоблай бошлаганимизда ўзи ҳамиша шундай бўлади; унинг бир ғами қолган эди холос – у ўз дўстларидан ҳеч қандай хат-хабар олмаётган эди.
Бироқ ноябрнинг бошларида бир кун эрталаб Виллеруадан олинган тубандаги мактуб шарофати билан ҳаммаси ойдин бўлди-қолди:
«Жаноб д’Артаньян!
Атос, Портос ва Арамис жаноблар меникида ўтириш уюштириб, бир боплаб кайф-чоғлик қилдилар, лекин шунда бирам тўс-тўполон кўтардиларки, қаттиққўл киши бўлмиш комендант уларни бир-икки кунга қамоққа солиб қўйди. Шунга қарамасдан, мен улар томонидан берилган фармойишни бажо келтириб, уларга ғоят манзур бўлган ажойиб анжуй шаробимдан сизларга ўн икки шиша жўнатмоқдаман.
Сизнинг каминайи муҳтарамангизман, тақсир.
Годо, жаноб мушкетёрларнинг саройбони».
– Ахийри-я! – хитоб қилди д’Артаньян. – Демак, мен уларни ҳасрат соатларимда ёд этганим каби улар ҳам кайф сафо соатларида мени хотирлар экан-да! Мен уларнинг саломатлиги учун албатта ичаман, жон деб ичаман, лекин ёлғиз ўзим эмас.
Д’Артаньян бошқаларидан кўра кўпроқ иноқлашиб қолган икки гвардиячи ҳузурига уларни Виллеруадан юборилган ажойиб анжуй шаробини ўзи билан ичгани таклиф этмоқ учун чопиб кетди. Бироқ гвардиячиларнинг бири шу оқшомга, бошқаси эса янаги оқшомга аллаким томонидан таклиф этилган экан-у, шу боисдан ўтиришни индинга тайин қилдилар.
Уйга келгач, д’Артаньян авайлаб сақлашни буюриб, ўн икки шиша шаробнинг ҳаммасини гвардиянинг сафар буфетига жўнатиб юборди, тантана куни эса зиёфат тайин этилган соат ўн иккига ҳамма нарсани тахт қилиб турсин учун у ерга Планшени ҳам эрталаб соат тўққизда жўнатди.
Ўзининг янги фахрли кайвонилик унвонидан боши кўкка етиб Планше хижолатда қолмасликка жазм қилди, шу боисдан эса у таклиф этилганлардан бирининг Фурро исмли хизматкорини ҳамда ҳалиги д’Артаньянни ўлдирмоқчи бўлган ва ҳеч бир қисмга мансуб бўлмагани ўлароқ, д’Артаньянга ёки гапнинг тўғриси Планшега хизматга кирган сохта аскарни ўзига кўмакчи қилиб олди.
Базм соати бўлгач, иккала меҳмон ташриф буюрди: улар жой-жойига ўтиргач, столга бир қатор таомлар тизиб ташланди. Планше қўлига дастрўмол ташлаб олиб хизмат қилди. Фурро шишаларни очди, Бризмон эса – касалдан тузалаётган кишининг номи шундай эди – шаробни шиша графинларга қайта қуярди, ўнқир-чўнқир йўл кор қилган бўлса керак, унда аллақандай қуйқум бор эди. Бу шаробнинг биринчи шишасининг таги лойқа чиқди. Бризмон унинг қуйқасини стаканга қуйди, д’Артаньян эса уни ичишга ижозат берди, чунки шўрлик ҳали жуда дармонсиз эди.
Меҳмонлар шўрвани ичиб бўлиб, биринчи стаканларни энди лабларига тегизган ҳам эдиларки, тўсатдан Людовик форти билан Янги форт тарафдан тўп садолари янгради. Ё қамалдагилар томондан, ё инглизлар томондан бирор ногаҳон ҳужум содир бўлган деган хаёлда гвардиячилар дарров қиличларига ёпишдилар; д’Артаньян чаққонликда улардан қолишмасдан худди шундай йўл тутди-да, ҳар учаласи ўз постлари томон югуриб кетдилар.
Бироқ тамаддихонадан отилиб чиқар-чиқмас улар шовқин-сурон сабабларини бирпасда тушуниб олдилар. «Яшасин қирол! Яшасин кардинал!» – деб қичқирардилар ҳар ёқдан, ҳаммаёқни ноғора садолари тутиб кетган эди.
Дарҳақиқат, биз айтиб ўтганимиздек, тоқати тоқ бўлган қирол тин олмасдан икки манзилни босиб ўтиб, боягина ўз маияти ва ўн минг лашкардан иборат ёрдамчи куч билан етиб келган эди, унинг олди-ю орқасида мушкетёрлар келардилар.
Икки чеккада саф тортиб тургувчи ўз ротасида бўлмиш д’Артаньян ўзидан кўзларини узмай турган оғайнилари ва унга дарров кўзи тушган жаноб де Тревилни маънодор ишора билан қутлади.
Кириш маросими ниҳоясига етгач, оғайнилар қизғин қучоқлашдилар.
– Азбаройи шифо, – деди д’Артаньян, – сизлар ажаб мавридида етиб келдингиз! Чамамда биронта ҳам таом ҳали совуганича йўқ! Шундай эмасми, жаноблар? – икки гвардиячига юзланган ва уларни ўз дўстларига таништирган кўйи илова қилиб қўйди йигит.
– Ўҳ-ҳў! Базм қиляпсиз, шекилли! – севиниб кетди Портос.
– Зиёфатингизда хонимлар бўлмас деган умиддаман! – деди Арамис.
– Бу тупканинг тагида тузук-қуруқ шароб борми ўзи? – сўради Атос.
– Яъни бу нима деганингиз, азбаройи шифо! Ахир менда сизнинг шаробингиз бор-ку, муҳтарам дўстим, – жавоб берди д’Артаньян.
– Бизнинг шаробимиз-а? – таажжуб билан сўради Атос.
– Ҳа-да, ўша сиз менга жўнатиб юборган-чи.
– Биз сизга шароб юбордикми?
– Эсингиздан чиқардингизми, ахир? Биласизми, анжуй узумзорларидан чиққан бўшгина шароб.
– Ҳа, қайси шаробни назарда тутаётганингизни тушуниб турибман.
– Сиз қолган ҳаммасидан аъло кўрадиган шароб.
– Турган гап, қўлимда на шампан, на шамбертен бўлмаганда.
– Илож қанча! Шампан билан шамбертен бўлмагандан кейин анжуйи билан қаноатланишингизга тўғри келади.
– Бундан чиқди сиз анжуй шаробини топдирибсизда? Ўзиям хўп ширинтомоқсиз-да, д’Артаньян! – деди Портос.
– Йўқ, ахир! Бу менга сизларнинг номингиздан юборилган шароб.
– Бизнинг номимизданми? – жўр бўлиб хитоб қилишди мушкетёрлар.
– Айтинг-чи, Арамис, сизми шаробни юборган? – сўради Атос.
– Йўқ. Сиз-чи, Портос?
– Йўқ. Сиз-чи, Атос?
– Йўқ.
– Агар юборган сизлар бўлмасангиз, – деди д’Артаньян, – унда саройбонингиз.
– Бизнинг саройбонимизни?
– Ҳа-да! Сизнинг саройбонингиз Годо, мушкетёрлар саройбони.
– Оқибат натижада бу шаробнинг қаердан келиб қолгани билан нима ишимиз бор! – деди Портос. – Тотиб кўрайлик, агар дуруст бўлса, ичайлик.
– Аксинча, – эътироз қилди Атос, – қайдан келганининг тайини йўқ шаробни ичмаймиз.
– Сиз ҳақсиз, Атос, – маъқуллади д’Артаньян, – демак, бундан чиқди ҳеч кимингиз саройбон Годога менга шароб юборишни топширмаганмисиз?
– Йўқ. Лекин у барибир бизнинг номимиздан шароб юборган-а?
– Мана мактуб! – деди д’Артаньян.
У ўртоғига хатни узатди.
– Бу унинг қўли эмас! – деди Атос. – Мен унинг қўлини танийман, баайни жўнаш олдидан бутун даврамиз учун ҳисоб-китоб қилганман.
– Мактуб қалбаки, – деди Портос, – бизни ҳеч ким ҳибсга олган эмас.
– Д’Артаньян, – гинахонлик қилиб деди Арамис. – Наинки бизни тўполон қилди деб ишонган бўлсангиз?
Д’Артаньяннинг ранги ўчиб, аъзойи бадани титроқдан жимирлаб кетди.
– Сен мени қўрқитяпсан, – деди фақат фавқулодда ҳоллардагина уни сенсираб гапиргувчи Атос. – Нима бўлди?
– Қочайлик, қочайлик, дўстларим! – қичқириб юборди д’Артаньян. – Менда даҳшатли шубҳа туғилди! Наинки бу яна ўша аёлнинг қасоси бўлса?
Энди Атоснинг ҳам ранги оқариб кетди.
Д’Артаньян тамаддихона сари ғизиллаб кетди, уч мушкетёр билан икки гвардиячи унга эргашдилар.
Ошхонага кириб боргач, д’Артаньяннинг дастлаб кўргани ерда чангак бўлиб буралиб ётган Бризмон бўлди.
Рангида ранг қолмаган Планше билан Фурро унинг азоб-уқубатларини енгиллатишга ҳаракат қилишмоқда, лекин ёрдам-пордамнинг кор қилмаслиги равшан: ўлаётганнинг афти ажал талвасасидан бужмайиб кетган эди.
– Ҳа, бу сизмисиз! – д’Артаньянни кўриб қолиб деди у. – Сиз ўзингизни менга ҳаёт ато этганга солдингиз, аммо мени ўзингиз заҳарладингиз! О, бу даҳшат!
– Мен-а! – бақириб юборди д’Артаньян. – Бадбахт, нималар деб валдираяпсан?
– Ҳа, ҳа, бу шаробни менга сиз бердингиз, уни ичиб юборишни менга сиз буюрдингиз, мендан қасдингизни олмоқчи бўлдингиз, бу даҳшат-ку!
– Сиз янглишмоқдасиз, Бризмон, – деди д’Артаньян, – сиз янглишмоқдасиз. Сизни ишонтириб айтаманки… сизга онт ичаманки…
– Лекин худо бор, у сизни жазойингизни беради! Худоё худовандо, мен ҳозир тортаётган азобларни унга ҳам юбор!
– Инжил билан қасам ичаман, – ўлаётганга ташланиб деди д’Артаньян, – шаробнинг заҳарланганидан менинг хабарим йўқ эди, уни ўзим ҳам ичмоқчи бўлиб тургандим!
– Мен сизга ишонмайман, – деди аскар.
Даҳшатли азоблар ичида у жон берди.
– Даҳшат, даҳшат!.. – шивирлади Атос, бу орада Портос шишаларни синдирди, Арамис эса сал фурсати ўтган бўлса-да, руҳонийни айтиб келишга фармойиш берди.
– О, дўстларим, – деди д’Артаньян, – сиз яна бир қур менинг ҳаётимни, нафақат менинг, мана бу жанобларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолдингиз. Жаноблар, – гвардиячиларга юзланиб сўзида давом этди у, – мен кўрган нарсаларингиз хусусида сукут сақлашингизни илтимос қилардим. Ғоят нажиб зотлар бу воқеага аралашган чиқса ажаб эмас, унда бутун оқибатлари бизнинг бошимизга бало бўлиб қолади.
– Оҳ, тақсир, – ғўлдиради қўрқувдан ўлар ҳолатга тушган Планше, – оҳ, тақсир, бундан чиқди мен осон қутулибман-да!
– Нима, ялқов, демак, сен шаробимдан ичмоқчи экансан-да? – қичқирди д’Артаньян.
– Қирол саломатлиги учун, тақсир. Мен қирол саломатлиги учун қиттаккина энди ичмоқчи бўлиб турганимда, Фурро мени чақиришаётганини айтиб қолди.
– Рост, – тавба қилди қўрқувдан тишларини тақирлатиб Фурро, – мен бемалол ичай деб уни жўнатиб юбормоқчи бўлган эдим.
– Жаноблар, – гвардиячиларга мурожаат қилиб гапирди д’Артаньян, – ўзингиздан қолар гап йўқ, бўлиб ўтган гаплардан кейин бизнинг базмимиз жуда ўринсиздир. Шу сабабдан мени маъзур тутинг-у, келинглар уни бошқа сафарга қолдирайлик.
Иккала гвардиячи д’Артаньяннинг узрларини тавозе билан қабул қилдилар ҳамда тўрт оғайнининг холи қолгиси борлигини тушунган ҳолда йироқлашдилар.
Шоҳидларсиз қолгач, ёш гвардиячи билан тўрт мушкетёр шундай, бир алфозда кўз уриштириб олдиларки, бу уларнинг ҳар бири вазиятнинг бутун жиддиятини англаб етганидан яққол дарак берарди.
– Энг аввало, – дея таклиф этди Атос, – келинглар, бу хонадан кетайлик. Зўрлик ажал билан нобуд қилинган кишининг жасади хунук ҳамхона.
– Планше, – деди д’Артаньян, – бу бечоранинг жасадини сенга топшираман. Уни муқаддас тупроққа кўмсинлар. Рост, у жиноят қилган, лекин қилмишига кейин пушаймон бўлди.
Тўрт дўст Бризмоннинг кўмиш ташвишларини Планше билан Фуррога ҳавола қилиб хонадан чиқиб кетдилар.
Соҳиб уларга бўлак хона ажратиб берди ҳамда чала пишган тухум билан Атос ўзи қудуқдан олган сувни келтириб қўйди. Портос ва Арамисга ишнинг моҳиятини икки оғизгина қилиб айтиб беришди.
– Кўриб турибсизки, азиз дўстим, – деди д’Артаньян Атосга, – бу ҳаёт-мамот уруши.
Атос бошини чайқаб қўйди.
– Ҳа, ҳа, – жавоб берди у, – мен буни кўриб турибман. Лекин, сиз бу аёл ўша деб ўйлаяпсизми?
– Мен бунга аминман.
– Мен бўлсам иқрор бўлишим керакки, ҳамон иккиланиб турибман.
– Бироқ кифтидаги бу нилуфар-чи?
– Бу Францияда бирор жиноят қилиб, шу туфайли тамғаланган инглиз аёл.
– Атос, Атос, сизни ишонтириб айтаманки, бу сизнинг рафиқангиз! – дея такрорлади д’Артаньян. – Наинки ҳамма нишоналар қандай мос келганини фаромуш қилган бўлсангиз?
– Барибир-да, ўша бошқаси ўлган деб ўйлайман, мен уни жуда яхшилаб осган эдим.
Бу гал энди д’Артаньяннинг бош чайқашига тўғри келди.
– Бироқ нима қилмоқ керак? – сўради у.
– Доимо дамокл қиличи остида яшаб бўлмайди, – деди Атос, – бу аҳволдан нажот топмоқ керак.
– Қандай ахир?
– У билан кўришиб, гаплашишга ҳаракат қилинг. Унга шундай денг: «Уруш ё тинчлик! Мен чин дворянлик сўзимни бераманки, сиз тўғрингизда минбаъд оғиз очмайман, сизга қарши ҳеч нарса қўзғамайман. Ўз томонингиздан сиз ҳам менга зиён етказмасликка тантанавор қасам ичмоғингиз лозим. Акс ҳолда, мен канцлергача бораман, қиролгача бораман, жаллод топаман, мен саройни сизга қарши қилиб қўяман, сизнинг тамғангиз борлигини фош қиламан, мен сизни ҳакамлар қўлига топшираман ва, борди-ю, сизни оқлаб юборишса… хўш, унда чин дворянлик сўзимни бераманки, сизни бирор девор тагида бир кучукдек ўлдириб ташлайман!»
– Бу услубга қарши эътирозим йўқ, – деди д’Артаньян, – лекин қандай қилиб у билан кўришса бўлади?
– Вақт, жон дўстим, ғанимат фурсатни икки қўллаб вақт тутқизади, фурсат эса одамга қўша имкониятларни беради: қанча кўп таваккал қилсангиз, ютуқларингиз ҳам шунча катта бўлади. Кута билсангиз, бас.
– Шундайликка шундайку-я, лекин қотиллар-у, заҳарловчилар билан қуршалганингдан кейин…
– Ҳечқиси йўқ! – деди Атос. – Худо бизни ҳанузгача паноҳида сақлаб келган, бизни келгусида ҳам ўзи асрайди.
– Ҳа, бизни! Биз эркаклармиз, албатта ва, сирасини айтганда, жонни таҳлика остида қолдириш бизлар учун жуда табиий гап, лекин у-чи!.. – товушини пасайтириб илова қилди у.
– У деганингиз ким? – сўради Атос.
– Констанция.
– Бонасе хоним! Ҳа-я, ростдан ҳам, сизнинг ошиқлигингиз мутлақо хаёлимдан кўтарилибди, бечора дўстим!
– Лекин ўша ўлдирилган аблаҳнинг мактубидан сиз унинг монастирдалигини билиб олгансиз-ку, – деди Арамис, – монастирлар у қадар ёмон эмас, мен ҳам ваъда бераманки, Ларошел қамали тугаган замон, мен шахсан…
– Ҳа, ҳа, муҳтарам Арамис, – унинг гапини бўлди Атос, – сизнинг ўй-ниятларингиз динга қаратилганлигини биламиз.
– Мен мушкетёрликда омонатман, – мўминлик билан деди Арамис.
– Кўпдан бери маъшуқасидан хабар йўқ, шекиллик, – деб шивирлади Атос. – Парво қилманг, буниси бизга таниш ҳол.
– Мана нима! – деди Портос. – Менимча, бу ерда оддий бир чора бор.
– Қандай экан? – сўради д’Артаньян.
– Сиз уни монастирда деяпсизми?
– Ҳа.
– Бўлмаса гап нимада? Қамал тугаши билан биз уни монастирдан олиб қочамиз, вассалом.
– Лекин аввал унинг қайси монастирда турганини билмоқ керак, ахир.
– Тўғри гап, – рози бўлди Портос.
– Бироқ монастирни унга қироличанинг ўзи танлаган деб айтмабмидингиз, азизим д’Артаньян? – сўради Атос.
– Ҳа, ҳар қалай, шундайдир деб турибман.
– Жуда соз! Унда Портос бизга бу ишда ёрдамлашиб юборади.
– Қандай қилиб экан, сўрасак бўладими?
– Сизнинг маркизангиз, герсогинянгиз, маликангиз орқали-да. Унинг таниш-билишлари кўп бўлиши керак.
– Тсс! – бармоғини лабларига босиб шивирлади Портос. – Мен уни кардиналчи деб ўйлайман, у ҳеч нимани билмаслиги лозим.
– Ундай бўлса Бонасе хоним хусусида дараклашни мен зиммамга оламан, – деди Арамис.
– Сизми, Арамис? – жўр бўлиб қичқирди уч дўст. – Хўш, қай йўл билан?
– Қироличанинг руҳонийси орқали, мен у билан жуда иноқман, – қизариб жавоб берди Арамис.
Ўзларининг жўнгина тушлигини қилиб бўлишган тўрт оғайни шу кечнинг ўзида қайта учрашмоққа келишиб олгач, шу ваъда билан ажралдилар. Д’Артаньян Франциск монастирига қайтиб кетди, уч мушкетёр эса ҳали бошпана ғамини ейишлари лозим, улар қирол ўрдасига равона бўлдилар.
ХIII
«Қизил каптархона» майхонаси
Бу орада душман билан тезроқ бақамти келишга шунчалар интилувчи ва кардиналнинг Бэкингемга бўлган нафратига, бунга сўнггисидан кўра кўпроқ асосларга молик ҳолда шерик бўлган қирол энг аввало инглизларни Ре оролидан қувиб чиқариш, сўнгра эса Ларошел қамалини тезлатиш учун барча фармойишларни ошиғич бериб юборишни истарди. Бироқ бир томондан – де Бассомпер ва Шомберг, иккинчи томондан – герсог Ангулемский ўртасида вужудга келган низолар уни ушлаб қолди.
Бассомпер ва Шомберг жаноблар Франциянинг маршаллари эдилар ҳамда қиролнинг бевосита бошчилигидаги армияга қўмондонликка ўз ҳуқуқларини даъво қилардилар; кўнглида гугенот бўлмиш Бассомпердан, эътиқод бўйича унинг оғалари саналган инглизлар ва ларошелликларга қарши бўш ҳаракат қилармикан, деган ҳадикда бўлган кардинал, бу лавозимга қирол бош қўмондон ўринбосари қилиб тайин этгани герсог Ангулемскийни унинг ўз қистови билан таклиф қилмоқда эди. Натижада, Бассомпер ва Шомбергларнинг армияни тарк этишларининг олдини олмоқ учун уларнинг ҳар бирига мустақил отряднинг қўмондонлигини топширишга тўғри келди: Бассомпер ўзига Лаледан Ломпергача – шимолий, герсог Ангулемский Домпердан Перинегача – ғарбий, Шомберг эса Перинедан Ангутангача – жанубий қисмни олдилар.
Герсог Орлеанскийнинг ўрдаси Домперда эди.
Қиролнинг ўрдаси дам Этре, дам Лажжарида бўларди.
Ва ниҳоят кардиналнинг ўрдаси Тош кўприк тагида ҳеч қандай истеҳкомлари билан муҳофаза қилинмаган расмона уйда эди.
Шу зайл герсог Орлеанский Бассомперни, қирол – герсог Ангулемскийни, кардинал эса – Шомбергни назорат қилардилар.
Сўнгра кучларни жойлаштириш ниҳоясига етгандан сўнг, қўмондонлик инглизларни оролдан қувиб чиқариш чораларини кўра бошлади.
Шароит бунга қўл келган: инглизлар дуруст егулик бўлганда яхши лашкарлардир, аслида эса эндиликда уларнинг куни фақат тузланган нарсалар-у, бўлмағур қотган-қутган нонларга қолган, шу туфайли қароргоҳда кўплаб беморлар пайдо бўлган эди. Устига-устак бутун океан бўйида йилнинг бу фаслида довулли бўлмиш денгиз ҳар куни бирор кичикроқ кемани вайрон қилиб кетар ҳамда Эгилон бурунидан тортиб нақ зовургача ҳар гал тўлқин келиб урганда соҳилни қайиқлар, фелюгалар ва бошқа кемаларнинг парчалари, синиқ-пиниқлари босиб кетарди. Буларнинг ҳаммаси ҳатто қирол лашкарлари ўз қароргоҳида қолаверган тақдирда ҳам оролда фақат ўжарлигидан ўтириб олган Бэкингемнинг бугун-эрта қамални олиб ташлашга мажбур бўлиб қолажагини очиқ-ойдин билдириб турарди.
Бироқ жаноб де Туарак душман қароргоҳида янги ҳамлага тадориклар бораётганини маълум қилгач, қирол бунга чек қўйиш керак, деб қарор қилди-ю, ҳал қилгувчи жанг хусусида фармон берди.
Қамални батафсил тавсия этиш ниятида эмаслигимиз ҳамда биз ҳикоя қилаётган воқеага бевосита алоқаси бўлган ҳодисаларнигина тилга олганимиз ҳолда қисқача қилиб қиролни зўр таажжубда қолдириб ҳамда кардиналнинг довруғини чиқариб, бу иқдом бароридан келганини айтиб ўтамиз. Қадам-бақадам қисиб борилган, ҳар тўқнашувда мағлубиятга учраётган ва Луа оролидан ўтишда узил-кесил тор-мор этилган инглизлар жанг майдонида икки минг кишини ва шулар жумласидан: беш полковник, уч подполковник, икки юз эллик капитан билан йигирма нафар кибор дворянни, бундан ташқари, тўрт тўп билан Клод де Сен-Симон томонидан Парижга келтирилиб Париж ибодатхонаси пештоқларига тантанавор осиб қўйилган олтмиш байроқни қолдириб, ўз кемаларига қайтадан минишга мажбур бўлиб қолдилар.
Аввал қароргоҳда, кейин эса бутун Франция бўйлаб дуохонлик бўлди.
Хуллас, энди кардинал, ҳеч бўлмаганда, вақтинча инглизлар томонидан ҳеч нимадан хавфсирамасдан қамални бемалол давом эттириш имкониятига эга бўлди.
Лекин, боя айтганимиздек, бу осойишталик отонат бўлиб чиқди.
Герсог Бэкингемнинг чопарларидан бир Монтегю исмлиси асирга олдинди-ю, у орқали Австрия, Испания, Англия ва Лотарингия ўртасида иттифоқ мавжудлиги маълум бўлиб қолди.
Бу иттифоқ Францияга қарши қаратилган эди.
Бу ҳам кам, Бэкингемнинг ўзи тахмин қилгандан шошилиброқ тарк этишига тўғри келган ўрдасида шундай иттифоқнинг мавжудлигини яна бир карра тасдиқловчи ҳужжатлар топилган эди ва бу қоғозлар кардиналнинг ўз «Мемуарлар»ида таъкидлашича де Шеврез хоним ва, бинобарин, қиролича шаънига доғ туширарди.
Бутун масъулият кардинал гарданига тушди, зеро зиммага масъулият олмаган ҳолда тўлақонли ҳоким бўлмоқ мушкул гап. Шу боисдан ўз заковатининг бор кучларига зўр бериб у кунни кун, тунни тун демай Европа улуғ давлатларидан бирортасида кечмиш зарра ўзгаришларни кузатарди.
Бэкингемнинг ғайрати, энг асосийси унинг кучли нафрати кардиналга маълум эди. Францияга таҳдид солаётган иттифоқ ғалаба қозонган тақдирда кардиналнинг бутун нуфузи йўққа чиқарди; ҳозирча, атиги тарафдорлари бўлган лувр кабинетида, унда испания ва австрия сиёсати ўзининг доимий вакилларига эга бўларди ҳамда у, Ришелье, Франция министри, асос эътибори билан миллий бўлмиш министр барбод бўларди Унга гўдак боладай итоат этгувчи ҳамда бола ўз муаллимини ёмон кўргани каби уни кўрарга кўзи йўқ қирол шахсий интиқом пайида юрган ўз оғаси билан қиролича қўлларига уни топшириб юборган бўларди, хуллас, у ҳалок бўлар ва, ажаб эмаски, Франция ҳам у билан бирга ҳалокатга учрарди Бу нарсаларнинг ҳаммасини олдини олмоқ зарур эди.
Шу боисдан кардинал ўзи резиденция қилиб танлаган Тош кўприк ёнидаги кичик уйда кечаю кундуз чопарлар алмашиниб турар ҳам уларнинг сони кун сайин тобора ортиб борарди.
Булар – жуббаларини бирам эпсизлик билан кийилганидан уларнинг черковга мансублигини, лекин жанговар черковга мансублигини дарров пайқаб олмоқ мумкин роҳиблар, ғуломлик уст-боши бирмунча қисиб-қимтиб қўйган ҳамда дуркун сағрилари ҳатто кенг шалворлар остидан ҳам кўзга ташланиб турган аёллар ва, ниҳоят, қўллари чиркин-у қадди-басти келишган деҳқонлар, бир чақирим наридан ҳам кибор насабли кишиларлигини таниб олса бўладиган деҳқонлар эдилар.
Бошқа манзур жиҳати камроқ ташрифлар ҳам бўлиб турарди, зеро, икки ёки уч дафъа кардинал ҳаётига суиқасд этилди, деб миш-мишлар тарқалган эди.
Рост, падари бузрукворнинг душманлари гўё эҳтиёж туғилган ҳолларда ўз навбатида зўравонлик чораларини қўллаш имконига эга бўлмоқ учун бу нўноқ қотилларни унинг ўзи ёллаган деб гапириб юришарди, лекин на министрларнинг гапларига, на уларнинг душманларининг гапларига ишонмаслик лозим.
Бироқ, буларнинг ҳаммаси кардиналнинг ҳатто энг ашаддий ғийбатчилари томонидан ҳам шахсий жасорати ҳеч қачон инкор этилмаган кишининг герсог Ангулемскийга аллақандай муҳим фармойишлар бериш, қирол билан алланарсалар хусусида маслаҳатлашиб олиш ёки унинг уйига келиши бирор сабабга кўра номақбул элчилар билан музокаралар учун учрашиш мақсадида тунги сайрлар қилиб туришига халал бермасди.
Мушкетёрларга келганда, қамал пайтлари айтарли банд бўлмаганлари ўлароқ улар у қадар қаттиқ сақланмасдилар ҳамда шод-хуррам кун кечирардилар. Уларга, хусусан эса уч улфатимизга бунинг эви шу билан осонлашардики, жаноб де Тревиль билан дўстона муносабатда бўлганлари ҳолда улар у кишидан қароргоҳга кечикиш ҳамда у ерга чироқлар ўчирилгандан сўнг кириб боришга тез-тез махсус рухсатнома олиб турардилар.
Нима бўлди-ю, бир кун кечқурун зовурда қоровуллик хизматини ўташи сабабли д’Артаньян уларга ҳамроҳ бўла олмаган пайтда Атос, Портос ва Арамис сафар ридоларига бурканган ҳамда пистолетларини шай тутган ҳолда бундан икки кун муқаддам Лажжарри йўлида Атос фош этган «Қизил каптархона» номли қовоқхонадан учовлон ўз жанговар отларида қайтиб келмоқда эдилар. Хуллас, улар ҳар дақиқа бирор пистирмага дуч келишга шай бўлиб бораётганларида, тўсатдан Буанар қишлоғидан тахминан чорак ле берида от дукур-дукури эшитилгандай бўлди. Ҳар учаласи шу заҳоти йўлнинг қоқ ўртасида зич ҳалқа ҳосил қилиб тўхтаб қолдилар. Дақиқа ўтгач, булут ортидан сузиб чиққан ой шуъласида муюлишда уларга пешвоз келгувчиларга кўзи тушгач, тўхтаб, афтидан йўлда давом этавериш маъқулми ёки орқага қайтишми деб орқага бир оз шубҳали тикилди-ю, Атос бир-икки одим олдинга чиқиб, ўзининг нуфузли овози билан деди:
– Келаётган ким?
– Ўзингиз кимсиз? – ўз навбатида сўради суворийлардан бири.
– Бу жавоб эмас! – эътироз қилди Атос. – Келаётган ким? Жавоб беринг, йўқса отамиз.
– Маслаҳат бермайман, жаноблар! – деди ширали, афтидан буйруқ бериб одатланган овоз.
– Бу тунги текширувга чиққан бирорта катта офицер, – деди астагина Атос, – нима қиламиз, жаноблар?
– Кимсиз? – сўради ўша амирона товуш. – Жавоб беринг, йўқса фармонбардор эмаслигингизга пушаймон еб қоласиз.
– Қирол мушкетёрлари, – деди Атос саволларни бергувчи одамнинг бунга ҳаққи борлигига тобора ишончи ортиб.
– Қай ротадан?
– Де Тревиль ротасидан.
– Белгиланган жойга яқинлашинг-да, бемаҳалда бу ерларда нима қилиб юрганингизни менга маълум қилинг.
Уч ўртоқ шаштидан қайтиброқ яқин йўладилар, зеро, ҳар учаласи ҳам ўзларидан кучлироқ одам билан муомала қилаётганига энди ишонч ҳосил қилган эди; музокараларни Атос олиб бормоғи лозим эди.
Икки суворийдан бири, ўша иккинчи бўлиб сўз бошлагани, ўз ҳамроҳидан ўн одимлар олдинда турарди. Атос ҳам Портос ва Арамисга орқада қолишни имо билан таклиф этди-да, ёлғиз ўзи яқин борди.
– Афв этгайсиз, жаноб офицер, – деди Атос, – лекин кўриб турибсизки, биз ким билан муомала қилаётганимизни билмасдан ҳушёр турган эдик.
– Номингиз? – деди юзи ридо билан ним тўсиқ офицер.
– Ҳар қалай, тақсир, – дея жавоб берди бу сўроқ ғашига тега бошлаган Атос, – менга саволлар бермоққа ҳаққингиз борлигига далил келтиришингизни сўрайман.
– Номингиз? – ёпинчисини кўтарган ва шу тариқа юзини очган кўйи яна бир бор такрорлади суворий.
– Жаноб кардинал! – ҳанг-манг бўлиб деди мушкетёр.
– Номингиз? – учинчи бор такрорлади кардинал.
– Атос, – деди мушкетёр.
Кардинал шошиб яқин келган ҳамроҳини имлаб чақирди.
– Бу уч мушкетёр бизга ҳамроҳ бўлиб борадилар, – нимтовушда гапирди у, – қароргоҳда у ердан кетганимдан хабар топишларини истамайман, агарда булар биз билан борсалар, уларнинг сукут сақлашидан кўнглимизни тўқ қилсак бўлади.
– Биз дворянмиз, зоти олийлари, – деди Атос, – сўзимизни олинг-да, ҳеч нима хусусида хавотирланманг. Худога шукурки, сир сақлашга уқувимиз бор.
Кардинал ўзининг зол назарини мард ҳамсуҳбатига қадади.
– Қулоғингиз ўткир экан, жаноб Атос, – деди кардинал, – лекин энди гапларимга қулоқ солинг. Мен ҳамроҳ бўлишларингизни сўрашимнинг боиси сизларга ишонмаслигим эмас, мен азбаройи ўзимнинг хавфсизлигим учун буни илтимос қиляпман. Ҳамроҳларингиз, ҳойнаҳой, жаноб Портос ва жаноб Арамислардир?
– Ҳа, падари бузруквор, – жавоб берди Атос.
Бу борада шу тобгача орқароқда турган иккала мушкетёр қўлларида шляпалари билан яқинроқ келдилар.
– Мен сизларни танийман, жаноблар, – деди кардинал, – мен сизларни танийман. Менинг ёр-биродарларим жумласида сизлар йўқлигингиз менга маълум, бу мени жуда ранжитади. Лекин мен хабардорманки, сизлар мард ва софдил дворянларсиз ва сизларга ишонса бўлади. Хуллас, ўзингизнинг икки ҳамроҳингиз билан кузатиш шарафига мени ноил этинг, жаноб Атос, ана шунда менинг муҳофазам ҳатто ҳазрат олийларининг ҳам мабодо у кишини учратиб қолсак, ҳаваси келса келгудек бўлади.
Мушкетёрлар бошларини нақ отларининг ёлигача эгиб турдилар.
– Номусим билан онт ичаманки, падари бузруквор, – деди Атос, – бизни ўзингиз билан бирга олиб яхши иш қилмоқдасиз: биз йўлда бир нечта хавфли шахсларга дуч келдик, улардан тўрттаси билан «Қизил каптархона»да ғижиллашиб ҳам қолдик.
– Ғижиллашибми? Хўш нима тўғрисида, жаноблар? – сўради кардинал. – Биласизми, мен жанжалларни ёмон кўраман.
– Худди шу боисдан журъат қилиб сиз падари бузрукворни содир бўлган нарсалар хусусида огоҳ этиб қўймоқдаман-да. Акс ҳолда, сиз буни ўзга шахслардан эшитишингиз ҳамда воқеаларнинг нотўғри ёритилиши туфайли бизни айбдор санаган бўлардингиз.
– Аммо бу жанжал оқибатлари қандай бўлди? – қовоғини уйиб сўради кардинал.
– Мана шу қаршингизда турган дўстим Арамис қўлини қиличга тегизиб, сал шикастлаб олди, мабодо сиз падари бузруквор ҳужумга фармон берсангиз, бу нарса унинг эртагаёқ бемалол ҳамла қилишига халал бермайди, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин бўлади, падари бузруквор.
– Аммо-лекин сизлар жазосини бермасдан ўзингизга қилич урдириб ўтирадиган одамлардан эмассизлар, – эътироз қилди кардинал. – Менга қаранг, жаноблар, очиғини айтиб қўя қолинглар – калтакларнинг баъзиларини қайтарган бўлсангиз керак? Менга тавба-тазарру қилиб қўя қолинглар ахир, хабарингиз бор, мен истиғфор бериш ҳуқуқига моликман.
– Мен, зоти олийлари, – деди Атос, – қиличга қўлимни тегизиб ҳам қўйганим йўқ, мен шундоқ рақибимни даст кўтардим-у, деразадан улоқтириб ташладим. Йиқилишда, – сал иккиланиб гапида давом этди Атос, – у оёғини синдириб олди, шекилли.
– Аҳа! – деди кардинал. – Сиз-чи, жаноб Портос?
– Мен муборазалар тақиқланганлигини биламан, зоти олийлари, шу учун мен узун курсини олдим-да, зарб билан ўша қароқчиларнинг биттасини солдим, шунда унинг елкаси мажақланган бўлса, эҳтимол.
– Хўш… – деди кардинал. – Сиз-чи, жаноб Арамис?
– Менинг энг беозор феълим бор, зоти олийлари, ҳам бунинг устига мен ўзимни роҳибликка бағишлаш ниятим бор, бундан сиз падари бузруквор бехабар бўлсангиз керак. Шу сабабдан мен ҳар йўл билан ўртоқларимни тийиб туриб эдим, тўсатдан бу аблаҳларнинг бири даб-дурустдан қиличи билан қўлимга урса бўладими. Шу ерда сабр косам тўлиб кетди-ю, мен қиличимни суғуриб олдим ва у менга яна ташланганда қиличим учига бор бўйи билан санчилиб қолгандай туюлди. Шундайми-йўқми, аниқ билмайман, лекин унинг қулаб тушгани жуда яхши эсимда, уни бошқа иккитаси билан олиб кетишди чоғи.
– Азбаройи шифо, – деди кардинал, – бир харобот жанжали касофатига уч киши сафдан чиқиб турибди!.. Ҳа, жаноблар, сизлар ҳазил-ҳузулни ёмон кўрасизлар. Хўш, жанжал ўзи нимадан чиқди?
– Бу аблаҳлар маст эдилар, – деди Атос. – Улар кечқурун меҳмонхонага бир аёл келиб тушганининг дарагини билиб қолибдилар-да, унинг ёнига бостириб кирмоқчи бўлибдилар.
– Ёнига бостириб кирмоқчи? – такрорлади кардинал. – Нима мақсадда, ахир?
– Зўрлаш ниятида бўлса керак-да, албатта, – жавоб берди Атос, – сиз падари бузрукворга ўша аблаҳларнинг маст бўлганлигини маълум қилиш шарафига ноил бўлдим-ку.
– Ўша аёл ёш ва гўзалмиди? – бирмунча хавотир билан сўради кардинал.
– Биз уни кўрганимиз йўқ, зоти олийлари, – жавоб берди Атос.
– Ие, уни кўрганингиз йўқми? Майли, жуда соз! – жонланиб гапирди кардинал. – Аёл кишининг номусини ёқлаб, яхши иш қилибсизлар, ўзим ҳозир «Қизил каптархона»га кетаётганим сабабли менга айтган гапларингизнинг рост-ёлғонлигини билиб оламан.
– Зоти олийлари, – мағрур туриб деди Атос, – биз дворянлармиз ва азбаройи жонимизни қутқармоқ учун ҳам ёлғон гапирмаган бўлурдик.
– Мен сўзларингизнинг чинлигидан гумонсираганим ҳам йўқ, жаноб Атос, қилча гумонсираётганим йўқ… Бироқ айтинг-чи, – суҳбатни буриш учун илова қилди у, – нима, ўша хоним ёлғизмиди?
– Хонада хоним билан бирга эркак киши бор эди, – деди Атос, – лекин шовқин-тўполонга қарамасдан чиқмади у, демак, қўрқоқ деб ўйламоқ керак.
– «Енгил-елпи ҳукм чиқарманг», – дейилган инжилда, – эътироз билдирди кардинал.
Атос таъзим қилди.
– Энди бўлди, жаноблар, – гапида давом этди кардинал.
– Мен билмоқчи бўлган ҳамма гапни билиб олдим. Ортимдан юринглар.
Уч мушкетёр кардинални олдинга ўтказиб юборди; у юзини яна ёпинчиқ билан беркитиб олиб, отини ниқтади-да, ўзининг тўрт бирдай ҳамроҳидан тўққиз, ўн одим олдинда йўлга тушди.
Ҳадемай отряд бўм-бўш ва жимжитдай туюлган тамаддихонага етиб борди: чамаси, соҳиб ўзиникига қандай таниқли меҳмон келишидан огоҳ эди, у ўзининг хира хўрандаларини барвақт гумдон қилганди.
Эшикдан ўн қадамлар берида кардинал ўз ҳамроҳи билан уч мушкетёрга тўхташни ишора қилди. Кимнингдир эгарланган оти дарчага боғлиқ турарди; кардинал шартли тарзда уч марта тақиллатди.
Уйдан дарров аллақандай ридога бурканган киши чиқиб келди, кардинал билан бир-икки оғиз гап ташлашди-ю, отига миниб Сюржер тарафга кетган Парижга ҳам элтгувчи йўлдан елиб кетди.