Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XXVI
Арамиснинг диссертацияси

Д’Артаньян Портосга на унинг жароҳати, на прокурор хоним хусусида лом-мим демади. Ўзининг ёшлигига қарамасдан, бизнинг гасконлик бағоят зийрак йигит эди. У ўзини гўё мақтанчоқ мушкетёрнинг ҳамма гапларига ишонганга солди, чунки ҳар қандай дўстлик сир-асрорнинг, хусусан, ўша сир-асрор одамнинг иззат-нафсига қаттиқ ботадиган бўлса, фош этилишга дош беролмаслигига унинг ишончи комил эди; бунинг устига, бизга ҳаёти кафтимизда тургандай аён кишилардан ҳамиша маълум маънавий устунлигимиз бор. Шу сабабдан келгуси фитналар режасини тузиб ҳамда Атос, Портос ва Арамисларни ўз шахсий муваффақиятининг қуроли қилишга жазм этиб, у олдиндан ўзи уч дўсти воситасида бошқаришни мўлжаллаган кўринмас ришталарни қўлга олиб қўйишга сира қаршимас эди.

Бироқ, бутун йўл бўйи кучли ғусса унинг юрагини исканжага олиб борди; садоқати учун уни тақдирлашга тараддудланган ёш ва гўзал Бонасе хоним тўғрисида хаёл сурди; дарвоқе, пайсалга солмай шуни айтиб қўяйликки, йигитнинг бу ғуссаси қўлдан кетган бахтига ачинишдан кўра шўрлик аёлга бирор фалокат бўлмадими, деган ҳадикдан келиб чиққан эди. Унинг кардинал қасосининг қурбони бўлганига д’Артаньянда шубҳа қолмаган, маълумки, унинг қасоси жуда даҳшатли бўларди. Қай йўсинда унинг ўзи министрнинг илтифотини қозонди, буни д’Артаньян билмасди ва эҳтимол, гвардия капитани жаноб де Кавуа уни топган тақдирда буни очган бўларди.

Ҳеч нима шиддатли, борлиқни ютиб кетгувчи хаёл сингари вақтни ўтказа олмайди, йўлни қисқартирмайди. Инсоннинг юзаки мавжудлиги унда мудроғ-у фикр эса гўёки, тушга ўхшаб қолади. Унинг таъсирида вақт саноғидан адашади, масофа эса – узоқлигидан. Сиз бир жойдан чиқасиз ва бошқа жойга келасиз – вассалом. Босиб ўтилган йўл бўлагидан ичида минглаб ғира-шира тасвирлар – дарахтлар, тоғ ва водийлар парвоз қилиб юрган хира тумандан бўлак хотирангизда ҳеч нима қолмайди. Ўша Шантилияни Кревкердан ажратиб турган олти ёки етти лени д’Артаньян ана шундай васвасалар ҳукмида, юриш измини отига қўйиб бериб, босиб ўтди ва бу қишлоққа кириб келгач, йўлда учратган ҳамма нарсаларни шу замон унутиб қўйди.

Фақат шу ердагина у ҳушига келди, бошини бир силкитиб, Арамисни қолдириб кетган майхонани кўрди-ю, отини йўрттириб бориб, эшик тагида тўхтади.

Бу дафъа уни хўжайин эмас, бека қарши олди. Д’Артаньян қиёфалар шарҳчиси эди; у саройбон хотинининг тўла, мамнун чеҳрасига кўз югуртириб, у билан муғомбирлик қилишнинг ҳожати йўқлигини тушунди: бундай соддадил сиёқли аёлдан ҳеч қандай хунук нарса кутиб бўлмасди.

– Азиз бекажон, – деди д’Артаньян, – ўн кун муқаддам шу ерда ошналаримдан бирини қолдириб кетишга тўғри келган эди, унинг қаердалигини айтиб беролмайсизми?

– Йигирма уч-йигирма тўрт ёшлардаги келишган йигитми, ювош, хушмуомала, сарвқомат?

– Ҳа, бундан ташқари, кифтидан жароҳатланган.

– Ҳа, ҳа.

– Демак?..

– У ҳалиям шу ерда-ку, тақсир!

– Наҳотки! – отидан тушиб ва тизгинни Планшега ташлаб, қичқирди д’Артаньян. – Бекажон, сиз менга жон киргиздингиз! Қани ахир у, менинг азиз Арамисим? Мен уни бир қучай. Сизга эътироф қилай, уни кўришга муштоқман.

– Мени авф этгайсиз, тақсир, лекин, шу тобда у сизни қабул қила олишига ишончим йўқ.

– Нега? Уникида аёл киши борми ҳали?

– Худоё тавба, нималар деяпсиз ўзи? Бечора йигит! Йўқ, тақсир, уникидаги киши аёл эмас.

– Бўлмаса ким?

– Мондиделик руҳоний ва Амен иезуитлар монастирининг нозири.

– Ё, алҳазар! – қичқириб юборди д’Артаньян. – Шўрликнинг аҳволи оғирлашдими ҳали?

– Йўқ, тақсир, аксинча. Аммо, хасталикдан сўнг у таважжуҳ қилиб, диний рутба қабул қилишга қарор қилди.

– Ҳа-я, – деди д’Артаньян, – унинг муваққат мушкетёр бўлиб юриши хотиримдан ҳам кўтарилибди.

– Шундай қилиб, уни, албатта, кўрмоқчимисиз, тақсир?

– Ҳар қачонгидан ортиқ.

– Унда ҳовлининг ўнг тарафидаги зинадан чиқинг, учинчи қават, бешинчи хона.

Д’Артаньян кўрсатилган томонга отилиб, зинапояни – ўша эски ошхоналарда ҳали-ҳали баъзан учраб турадиган ташқи зинапояларнинг бирини топди. Бироқ, бўлғуси аббатнинг ёнига кириш унчалик осон бўлмади. Арамис хонасининг остоналари Армида боғидан кам қўриқланмасди. Йўлакда Базен посбонликда турган бўлиб, кўп йиллик синовлардан сўнг бечоранинг оқибат орзу қилган муродига етиши яқин қолгани сабабли янада дадил бўлиб унинг йўлини тўсди.

Дарҳақиқат, Базен ҳамиша руҳоний хизматкори бўлиш орзусини ардоқлаб келган ва мудом тасаввурида намоён бўлган – ахийри Арамис ридосини ташлаб, жубба киядиган дамни тоқати-тоқ бўлиб кутмоқда эди. Фақат йигитнинг ўша дақиқа яқин деб кун сайин ваъдалар бериб келиши уни мушкетёрнинг хизматида, Базеннинг таъбирича муқаррар охиратини куйдирадиган хизматда ушлаб турарди.

Хуллас, Базен ҳозир роҳат-фароғатнинг чўққисида эди. Афтидан, бу гал соҳиби сўзидан қайтиши мумкин эмасди. Жисмоний ва маънавий азобнинг бирикмаси орзиқиб кутилган таъсирини ўтказди; бир вақтда ҳам қалби, ҳам тани билан изтироб чеккан Арамис бошига тушган қўш фалокат – маъшуқасининг тўсатдан ғойиб бўлиши ва кифтидаги жароҳатини таолонинг огоҳи деб ҳисоблаб, динга таважжуҳ қилди.

Кайфиятнинг бу ҳолатида соҳибини шунча узоқ муддат жазб этиб келган мажозий ҳаваслар гирдобига тортиши эҳтимол д’Артаньяннинг пайдо бўлишидан кўнгилсизроқ нарса бўлиши мумкин эмасди. У эшикни мардонавор мудофаа қилишга аҳд қилди ва бека фош этиб қўйгани, Арамисни ўзи уйда йўқ деб айтолмаслиги сабабли у янги меҳмонга, соҳибнинг эрталаб бошланган ва Базеннинг гапига қараганда шомдан илгари тугаши маҳол мушкул-кушод мажлиси пайти унга халал бермоқ – бориб турган одобсизлик бўлади, деб ётиғи билан уқтиришга уриниб кўрди.

Бироқ, д’Артаньян метр Базеннинг фасоҳатли ваъзига заррача эътибор бермади ва ўз дўстининг хизматкори билан тортишиб ўтиришни эп кўрмай, у бир қўли билан уни суриб қўйиб, бошқаси билан эса «¹ 5» деган ёзувли эшикнинг дастасини айлантирди.

Эшик очилиб, д’Артаньян хонага кирди.

Арамис сербар қора либос, юмалоқ тайпоқ тақяда, устида қоғоз ўрамлари ва баҳайбат китоблар қалаштириб ташланган узунчоқ стол ёнида ўтирарди; унинг ўнг томонида иезуит монастирининг нозири, чап ёғида эса – мондиделик руҳоний ўтирарди. Ним туширилган дарпардалар тавфиқли мулоҳазалар учун қулай сирли нур ўтказарди. Ёш йигитнинг хонасида, хусусан, ўша йигит мушкетёр бўлган ҳолда, кўзга ташланишига қодир ҳамма мажозий нарсалар гўё сеҳр билан гумдон бўлганди: бу хил нарсаларнинг кўриниши соҳибини бу дунё хаёлларига қайтариб қўйишидан қўрқиб бўлса керак, Базен қилич, пистолетлар, қушпарлик шляпа, кашта ва тўрларининг барча нав ва барча турларини кўздан нарироққа яширган эди.

Бунинг ўрнига кунжакда д’Артаньяннинг кўзига жисмни азобловчи қамчи сифат бўлиб туюлган аллақандай нарса михга осиғлик турарди.

Эшик очилганда Арамис товушга бошини кўтариб, дўстини таниди, лекин, д’Артаньянни ўта танг қолдириб, афтидан, унинг ташрифи мушкетёрга айтарлик таъсир этмади, унинг ўй-хаёллари жамики мажозий нарсалардан шу қадар олисда эди.

– Хайрли кун, муҳтарам д’Артаньян, – деди Арамис, – гапимга ишонинг, сизни кўриб турганимдан мен жуда хурсандман.

– Мен ҳам, – деди д’Артаньян, – гарчанд, ҳали қаршимда менинг Арамисим турганига тўла ишонганимча йўқ.

– Ўшанинг ўзи, дўстим, ўшанинг ўзи! Бироқ, бу хил иштибоҳларингизнинг боиси нима бўлиши мумкин-а?

– Мен хонани чалкаштириб юбордим, деб қўрқиб кетдим ва бирор руҳоний шахснинг ҳужрасига кириб қолдимми деб ҳам ўйладим, кейин эса сизни бу жаноблар даврасида кўргач, бошқа гумонга ботдим: сиз менга оғир хастадек кўриндингиз.

Иккала қора киши д’Артаньяннинг шамасини фаҳмлаб, унга сиёсат билан кўз ташлаб қўйдилар, лекин, д’Артаньян хижолат бўлмади.

– Эҳтимол, мен сизга халал бераётгандирман, азизим Арамис? – гапини давом эттирди д’Артаньян. – Сиз бу жанобларга тавба-тазарру қиляпсиз, чоғи.

Арамис хиёл қизариб кетди.

– Менга халал беряпсиз? Э, йўқ, аксинча, муҳтарам дўстим, онт ичаман. Сўзларимнинг исботига сизни омон-эсон кўриб турганимдан шодлигимни ифода қилишга ижозат бергайсиз.

«Ахийри фаросати етди-я! – кўнглидан кечирди д’Артаньян. – На чора – бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин эди».

– Зеро, менинг дўстим, яқиндагина улуғ хавф-хатардан қутулиб қолди, – икки руҳоний зотга д’Артаньянни кўрсатган ҳолда меҳри товланиб давом этди Арамис.

– Худога қуллуғ қилинг, тақсир, – д’Артаньянга қўша таъзим қилган кўйи жавоб бердилар улар.

– Мен буни пайсалга солмадим, мукаррам падарлар, – таъзимларини қайтариб жавоб берди ёш йигит.

– Сиз айни мавридида келиб қолдингиз муҳтарам д’Артаньян, – деди Арамис, – агар бизнинг мубоҳасамизда иштирок қилсангиз, сиз ўз билимларингиз билан бизга ёрдам берасиз. Амен монастирининг жаноб нозири, жаноб мондиделик кюре ва мен – биз анчадан буён диққатимизни жалб қилиб келаётган баъзи ақоид масалаларини ҳал қилмоқдамиз – мен ҳам сизнинг фикрингизни билишдан жуда бахтиёр бўлардим.

– Ҳарбий кишининг фикри ҳеч бир салмоққа молик эмас, – суҳбат кираётган тусдан сал хавотирга тушиб деди д’Артаньян, – сиз бу жанобларнинг илмига бемалол суянаверишингиз мумкин, гапимга ишонинг.

Иккала қора одам яна таъзим бажо келтирдилар.

– Аксинча, – эътироз билдирди Арамис, – сизнинг фикрингиз биз учун жуда қимматли бўлади. Гап мана нима хусусида бормоқда: жаноб нозир менинг диссертациямни ақидавий, насиҳатомуз руҳда бўлиши лозим деган фикрда.

– Сизнинг диссертациянгиз! Сиз диссертация ёзяпсизми ҳали?

– Албатта, – жавоб берди иезуит. – Диний рутбадан олдин синов тариқасида диссертация бўлмоғи шарт.

– Диний рутбадан! – дея қичқирди аввал қовоқхона эгасининг, кейин эса Базеннинг ҳам гапларига ишонмаган д’Артаньян. – Диний рутба3131
  Рутба – мартаба, унвон.


[Закрыть]
дан!

У ҳайратдан ҳангу манг бўлиб, қаршисида ўтирган одамларга кўз югуртириб чиқди.

– Хуллас, – гўё кибор хонимнинг эрталабки қабулида ўтиргандек, креслога назокат билан ўрнашиб олиб ва қонини қочириш учун юқорига бир кўтариб олган аёлники сингари оппоқ ва лўппи қўлини томоша қилиб, давом этди Арамис, – хуллас, д’Артаньян, эшитганингиздек жаноб нозир диссертациямнинг ақидавий бўлишига тарафдор, мен бўлсам унинг далил-исботли бўлишини истайман. Мана шу сабабдан жаноб нозир менга бир мавзуни таклиф этдики, унга ҳали ҳеч ким қўл урмаган ва – мен буни тўла тан оламан – талқинлар учун кенг масоҳа беради: «Utradue manus in benedicendo clericis inferorbus necessasi est»…

Донишмандлиги бизга маълум д’Артаньян туҳфалар хусусида улар Бэкингемдан қабул қилинган деган хаёлда жаноб де Тревиль келтирган парчани қандай бўлса буни ҳам худди ўшандай бепарво тинглади.

– … бунинг маъноси, – дея унинг вазифасини енгиллатиш истагида давом этди Арамис: «Қуйи рутбадаги дин чокарларига дуо учун икки қўл даркор».

– Жуда зўр мавзу! – қичқирди иезуит.

– Жуда зўр ва ақидавий! – таъкидлади лотинчада уқуви тахминан д’Артаньянники сингари бўлиб, изидан бориш ва акс-садодай уни такрорлаш имконига эга бўлмоқ учун иезуитни диққат билан кузатиб турган руҳоний.

Д’Артаньянга келсак, қора кийган икки кишининг завқу шавқлари уни мутлақо бепарво қолдирди.

– Ҳа, жуда зўр, prorsus admiradile3232
  Бирам соз (лот.).


[Закрыть]
– сўзида давом этди Арамис, – бироқ, ибодатхона падарларини ва муқаддас китобларни чуқур ўрганишни тақозо этади. Аслида – буни мен ибодатхонанинг фузало чокарлари олдида ҳокисорона тан оламан – тунги посбонлик ва қирол хизмати мени машғулотларни бир оз сусайтиришга мажбур этди. Худди шу сабабдан метафизика ва фалсафа учун ахлоқ қандай бўлса, ақоиднинг бу мушкул муаммолар учун айни шундай бўлиб қолажак мавзуни ўзим танлаб олсам, менга facilius natans3333
  Сўзлаётганга осон (лот.).


[Закрыть]
осонроқ бўлади.

Д’Артаньян бағоят зерикарли, кюре ҳам.

– Буни қаранг-а, қандай муқаддима! – қичқирди иезуит.

– Муқаддима, – бирор нима дейиш учун такрорлади кюре.

– Quemadmodum inter coelorum immensitaten3434
  Фалакнинг бепоёнлигига монанд (лот.).


[Закрыть]
.

Арамис д’Артаньян томонга кўз ташлаб, дўстининг чакагини чиқариб олиш хавфи остида эснаётганини кўрди.

– Келинглар, французча сўлашайлик, падарим, – деди у иезуитга, – шунда жаноб д’Артаньян суҳбатимиз қадрига дурустроқ ета билади.

– Ҳа, – тасдиқлади д’Артаньян, – мен йўлдан ҳориб келдим, бу лотинчанинг ҳаммаси идрокимга тутқич бермаяпти.

– Яхши, – бир оз фикридан чалғиб деди иезуит, бу орада кюре эса қувончи ичига сиғмай д’Артаньянга миннатдорлик билан қараб қўйди. – Демак, бу талқиндан нима маъно чиқариш мумкинлигини кўрайлик. Моисей, худонинг чокари… у атиги чокар, холос, буни идрок этинг… Моисей иккала қўли билан дуо қилади. Яҳудийлар ўз ғанимларини енгганда ўзининг иккала қўлини тутиб туришни амр этади – бинобарин, у икки қўли билан дуо қилади. Бунинг устига инжилда ҳам «imponite manus» дейилган, «manum» эмас – «қўлларни қўйинг, «қўлни» эмас.

– Қўлларни қўйинг, – тегишли ишорани қилиб, такрорлади кюре.

– Папалар анинг ноиби бўлмиш авлиё Пётрга эса, – давом этди иезуит, – аксинча, «porrige digitos» – «дастларингни узатгил» дейилган. Энди тушундингизми?

– Албатта, – суҳбатдан ҳузур қилиб деди Арамис, – аммо, бу ғоят нозик.

– Дастларни! – такрорлади иезуит. – Авлиё Пётр дастлари билан дуо қилади. Бинобарин, папа ҳам дастлари билан дуо қилади. Хўш, у нечта дасти билан дуо қилади? Учта билан: ота, ўғил ва муқаддас руҳ ҳаққи.

Ҳамма чўқиниб олди; д’Артаньян умумдан ибрат олишни лозим топди.

– Авлё Пётрнинг ноиби – папа, у учта илоҳий қобилиятни тажассум этади; қолганлари, диний иерархия «ordines inferiorec»3535
  ?уйи рутбалар (лот.).


[Закрыть]
си архангел ва фаришиталар номи билан дуо этади, энг қуйи черков чокарлари эса, масалан, бизнинг ёрдамчи руҳоний ва мутаваллиларимиз кабилар дуо қилгувчи дастларининг саноқсиз ҳисобини тасвирлагувчи пуркагичлар билан дуо қилишади. Соддалашган тусда мавзу шундай. Argumentum omni ddenudatum ornamento3636
  Ҳар қандай жимжимадан ҳоли исбот (лот.).


[Закрыть]
Мен ундан мана шунга ўхшаш жилд китоб қилган бўлардим, – илова қилиб қўйди иезуит.

Кейин у илҳомининг авжида вазнидан стол эгилиб турган каттакон авлиё Иоанн Златоуст китобига кафтини уриб-уриб қўйди.

Д’Артаньян ларзага келди.

– Албатта, – гап бошлади Арамис, – мен бу мавзунинг гўзалликларига тан бераман, бироқ, шу билан бирга уни уддалаб бўлмайдиган, деб ҳисоблашимни ҳам эътироф қиламан. Мен бўлак қўлёзмани танладим. Айтингчи, азизим д’Артаньян, у сизга манзурми: «Non inutile est desiderium in oblatione» яъни: «Таолога назр қилган бандага андак ўкинч жоиздир».

– Мушоҳада қилинг! – қичқирди иезуит. – Мушоҳада қилинг, бу қўлёзма бидъатга тарқалади! Қарийб айни шундай фикр эртами, кечми, жаллод қўли билан ёқиб ташлагувчи эресиарх Янсенийнинг китоби «Augustinus»да ҳам мавжуд. Ҳушёр бўлинг, ёш дўстим, сиз сохта таълимотга яқин турибсиз! Сиз ўзингизни жувонмарг қиласиз, ёш дўстим!

– Сиз ўзингизни жувонмарг қиласиз, – бошини мотамсаро чайқаб такрорлади кюре.

– Сиз шайтон васвасаси бўлмиш ўша ихтиёр эрки тўғрисидаги ёмон отлиқ бўлган масалани қўзғадингиз. Сиз пелагиан билан чалапелагианларнинг бидъатига жиддий яқинлашиб қолдингиз.

– Бироқ, мукаррам падар… – бошига дўлдек ёғилаётган далиллар остида хиёл эсанкираб, гап бошлаган бўлди Арамис.

– Ўзингни таолога қурбон қилаётганда, – унинг гапини бўлди иезуит, – фано олами ҳақида ўкиниш жоизлигини сиз қандай исбот этасиз? Бундай дилеммани эшитинг: худо худодир, олам эса шайтондир. Фано оламига ўкинмоқ – шайтонга ўкинмоқ демакдир: менинг хулосам шундай.

– Меники ҳам, – деди кюре.

– Шафқат қилинг! – яна сўз бошлади Арамис.

– Desideras diabolum3737
  Шайтонга ўкиняпсан (лот.).


[Закрыть]
шўрпешона! – қичқирди иезуит.

– У шайтонга ўкинармиш! О, ёш дўстим, шайтонга ўкинманг, шуни тавалло қиламан! – нола қилди кюре.

Д’Артаньян мияси айниётганини ҳис қиларди; унга ўзи ақлдан озганлар уйига тушиб қолган-у шу тобда қаршисида ўтирганлар жинни бўлгандай унинг ўзи ҳам ақлдан озадигандай туюларди. Бироқ, у жим туришга мажбур, негаки, гап нима хусусида бораётганини мутлақо англамасди.

– Бироқ, гапимга қулоқ солсангиз-чи, – назокат билан, лекин энди салгина ғаши келиб деди Арамис. – Мен ўкинаман, деяётганим йўқ. Йўқ, йўқ, мен зинҳор бундай сўзларни айтмайман, зеро, улар чин эътиқод руҳига ётдир…

Иезуит қўлларини самога чўзди, кюре ҳам шундай қилди.

– Бироқ, ақалли ўзингизнинг тамом жонингизга теккан нарсани таолога қурбон қилиш макруҳлигига рози бўлинг. Айтинг, д’Артаньян, мен ҳақ эмасманми, ахир?

– Албатта, ҳақсиз-да, азбаройи шифо! – бақирди д’Артаньян.

Кюре билан иезуит курсиларидан сапчиб тушдилар.

– Мана, мана шу менинг нуқтам – бу sillogizm:3838
  Sillogizm – чиқарилган хулоса.


[Закрыть]
олам жозибадан ҳоли эмас; мен оламни тарк этяпман – бинобарин, ўзимни қурбон қиляпман! Ахир китобда аниқ айтилган: «Таолога қурбон қилинг».

– Бу тўғри, – дедилар мухолифлар.

– Кейин яна, – илгари оқартириш учун қўлини кўтариб-кўтариб қўйганидек, энди қизартириш учун қулоқ солинчоқларини чимчилаб давом этди Арамис, – кейин эса мен шу мавзуга rondo3939
  Рондо – француз услубидаги кичик шеър.


[Закрыть]
ёздим. Мен уни ўтган йили жаноб Буатюрга кўрсатдим, бу улуғ инсон менга бир талай таҳсинлар ўқиди.

– Rondo! – истиғно билан деди иезуит.

– Rondo! – беихтиёр такрорлади кюре.

– Ўқиб беринг, уни бизларга ўқиб беринг! – қичқирди д’Артаньян. – Бу бизни бир оз овутади.

– Йўқ, у диний мавзуда-да, – жавоб берди Арамис, – бу шеърий ақоид.

– Бу қандай бемазагарчилик! – деди д’Артаньян.

– Мана у, – ғоят камтарин, бироқ, хиёл риёкорлик аралаш алфозда деди Арамис:

 
Нега қайғурасан, аза тутиб хаёлларингга,
Ва толесиз тақдирингга нега қулсан бу қадар.
Чек қўйилгай сенинг барча қайғу-аламларингга,
Халлоққа кўз ёшларингни бериб юборсанг агар,
Сен, нега қайғурасан.
 

Д’Артаньян билан кюре хўп қойил қолган эдилар. Иезуит ўз фикрида қаттиқ туриб олди:

– Ақоид каломида руҳи мажозийдан эҳтиёт бўлинг. Авлиё Августин нима дейди? Severus sit clericorum Sermo4040
  Клирикларнинг сўзи, илоҳи кескин бўлгай (лот.).


[Закрыть]
.

– Ҳа, тоинки ваъз тушунарли бўлсин! – деди кюре.

– Демак, – шериги адашиб кетганини кўриб, аралашишга шошилди иезуит, – демак, сизнинг диссертациянгиз аёлларга манзур бўлади – вассалом. У худди жаноб Патрюнинг бирор ҳимоя нутқи сингари муваффақият қозонади.

– Худо берсайди! – иштиёқ билан деди Арамис.

– Мана, кўрдингизми! – хитоб қилди иезуит. – Фано олами ҳали сизнинг ичингизда ўзидан баралла дарак бераётир, altissima voce4141
  Энг баланд товуш билан (лот.).


[Закрыть]
деяётир. Сиз ҳали бу дунё одамисиз, ёш дўстим, мени титроқ тутмоқда: таважжуҳ сизга кор қилмаслиги мумкин.

– Хотиржам бўлинг, мукаррам падар, мен бунинг учун жавоб бераман.

– Бу дунёнинг манманлиги.

– Мен ўзимни биламан, падарим, менинг қарорим қатъий.

– Демак, ўжарлик билан сиз шу мавзу устида иш олиб бориш фикрингизда турибсизми?

– Мен ўзимда айни шу мавзуга ҳавас борлигини ҳис қиляпман, зинҳор бошқасига эмас. Шу сабабдан мен ишимни давом эттиравераман ва сизларнинг йўлйўриқларингизга биноан киритадиган тузатишларимдан эртага қаноат ҳосил қилгайсизлар, деган умиддаман.

– Шошилмасдан ишланг, – деди кюре, – биз сизни қулинг ўргилсин кайфиятда қолдириб кетяпмиз.

– Ҳа, – деди иезуит, – дон сочилган уруғларнинг бир қисми тошга тўкилди ёхуд йўлларга сочилиб кетди, қолган қисмини самовий қушлар чўқилаб кетади, aves coeli comederunt illam, деб ҳадиксирашимизга ҳожат йўқ.

«Лотинчангни қўшиб, сенга тезроқ ўлат тексайди!» – тамом ҳолдан тояётганини сезиб, кўнглидан кечирди д’Артаньян.

– Хайр, ўғлим, – деди кюре, – эртага кўришгунча.

– Эртага кўришгунча, диловар йигит, – деди иезуит. – сизнинг черков машъалларидан бири бўлиб қоладиган афтингиз бор. Илоё фалак бу машъалнинг борлиқни ютиб кетгувчи алангага айланишини раво кўрмасин!

Тоқати тоқ бўлиб, роса бир соатдан бери тирноқларини тишлаётган д’Артаньян энди бармоқларини ғажишга тушди.

Иккала қора жуббали киши ўрнидан туриб, Арамис ва д’Артаньянга таъзим қилдилар-да, эшикка йўналдилар. Тавфиқли бу илмий мунозарани мароқ билан шу ерда тинглаб турган Базен уларнинг истиқболига отилди, руҳонийнинг дуолар китобини ва иезуитнинг диний тўпламини қўлдан олди-да уларга йўл солиб, эҳтиром билан олдинда юрди.

Арамис уларни кузатиб, зинапоядан бирга тушди-ю, лекин шу заҳоти ҳамон аллақандай алаҳсиб ўтирган д’Артаньяннинг ёнига қайтди.

Ёлғиз қолгач, дўстлар бир муддат ноқулай сукут сақладилар; бироқ, кимдир уни бузиши лозим эди, д’Артаньян бу шарафни Арамисга қўйиб беришга қарор қилди, шекилли, у биринчи гап очди.

– Кўриб турибсиз, – деди у, – мен ўз эзгу фикрларимга қайтдим.

– Ҳа, боягина ўша жаноб айтганидай, таважжу сизга кор қилибди.

– О, тарки дунё қилиш нияти менда туғилганига жуда кўп бўлиб кетди, сиз ҳам буни мендан кўп эшитгансиз, шундайми, дўстим?

– Албатта, бироқ, ростини айтсам, мен ҳамиша сизни ҳазиллашаяпти, деб ўйлаганман.

– Бундай нарсалар билан ҳазиллашиб бўладими! Нималар деяпсиз, д’Артаньян!

– Азбаройи шифо! Ўлим билан ҳазиллашяпмиз-ку.

– Бекор гап, д’Артаньян, зеро, ўлим – бу ҳалокат ёки омонликка элтгувчи дарвозадир.

– Қўшиламан, аммо, худо ҳаққи, ақоид мунозаралари қилиб ўтирмайлик, Арамис. Ҳозирги олган сабоқ сизга бугунликка етиб ортади, деб ўйлайман. Менга келсак, лотинчанинг ўша оз-мози қарийб хотиримдан чиқиб кетган, дарвоқе, мен ҳеч қачон уни билган ҳам эмасман ва бундан ташқари, сизга очиқ айтиб қўя қолай, эрталабки соат ўндан бери туз тотган эмасман ва ўлгудек очман.

– Ҳозир тамадди қиламиз, муҳтарам дўстим; фақат бугун жумалиги хотирингиздан чиқмасин, бу кунларда эса мен гўштни нафақат тановул қилмайман, балки, унга қарашга ҳам юрагим бетламайди. Агар менинг пешинлигим билан қаноатланишга рози бўлсангиз, у пиширилган тетрагон билан мевадан иборат бўлади.

– Тетрагон деб нимани айтяпсиз? – ташвишланиб сўради д’Артаньян.

– Мен исмалоқни назарда тутяпман, – жавоб берди Арамис, – лекин, сизга таомга тухум қўшиб бераман, бу қоидаларни хийла бузиш ҳисобланади, зеро, тухум жўжани вужудга келтиради ва бинобарин, гўшт бўлади.

– Зиёфат унчалик қуюқ эмас, аммо сизни деб бунга кўнаман.

– Бу фидокорлигингиз учун сиздан миннатдорман, – деди Арамис, – агар у танингизга фойда қилса, шубҳасиз, руҳингизга ҳам фойда келтиради.

– Демак, сиз диний рутбани қатъий қабул қиляпсизми, Арамис? Оғайниларимиз нима дейишади, жаноб де Тревиль нима дейди? Улар сизни қочоқ деб ҳисоблашади, бу ҳақда сизни огоҳлантириб қўяй.

– Мен диний рутбани қабул қилаётганим йўқ, унга қайтяпман. Мабодо қочоқ бўлганимда ҳам худди ўзим бу дунёни деб тарк қилган черковга нисбатанман. Ахир биласиз-ку, мушкетёрлик ридосини кийганимда мен ўзимга-ўзим зўравонлик қилганман.

– Йўқ, мен бу ҳақда ҳеч нима билмайман.

– Мен қандай қилиб семинарияни ташлаб кетиб қолганимдан хабарингиз йўқми?

– Мутлақо хабарим йўқ.

– Мана менинг тарихим. Ҳатто, муқаддас китобда ҳам айтилганку: «бир-бирингизга тавба-тазарру қилинг» деб, мана, мен ҳам сизга тавба-тазарру қилмоқдаман, д’Артаньян.

– Мен бўлсам, ҳалитдан сизнинг гуноҳларингиздан ўтиб қўяман. Кўрдингизми, қандай кўнглим юмшоқ!

– Муқаддас нарсалар билан ҳазиллашманг, дўстим.

– Қани, қани, гапиринг, қулоғим сизда.

– Тўққиз ёшимдан семинарияда тарбияландим. Уч кундан кейин йигирма ёшга тўлиб, руҳоний бўлардим-у, ҳаммаси бости-бости бўлиб кетарди. Шундай қилиб, кунлардан бир кун, одатимча, ўзим бажонидил вақт ўтказадиган бир хонадонда эдим – иложим қанча, мен ёш, заиф томонлардан холи эмас эдим! – уй бекасига авлиёларнинг кўрган-кечирганларини ўқиб беришимни ғайирлик билан кузатиб юргувчи бир офицер хонага кутилмаганда сўроқсиз кириб қолди. Худди шу оқшом мен Юдиф4242
  Юдиф – библия қаҳрамони. У яҳудийларнинг душмани Олофернинг қароргоҳига кириб, қамал этилган Иерусалимни ҳалокатдан қутқариш учун уни ўлдирган.


[Закрыть]
тарихини таржима қилиб, уни хонимимга ўқиб тургандим, у ҳам таҳсинларни кам қилмай бошини елкамга суяб, шу шеърларни мен билан бирга қайта ўқиб ўтирган эди. Очиғини айтсам, бир мунча бемалолроқ бу ҳолат офицерга хуш келмади. У лом-мим демади, аммо, мен қўзғалганимдан кейин ортимдан чиқди.

«Жаноб аббат, – менга етиб олиб деди у, – сиз калтак ейишни ёқтирасизми?»

«Бу саволингизга жавоб беролмайман, тақсир, – эътироз билдирдим мен, – негаки, ҳалига довур ҳеч ким ҳеч қачон мени уришга журъат қилмаган».

«Гап бундай жаноб аббат: агар яна бир марта мен бугун сиз билан учрашган даргоҳга келсангиз, мен бу нарсани қилишга журъат этаман».

Мен қўрқиб кетдим, шекилли. Рангим қув ўчиб оёқларим бўшашаётганини сездим, жавоб ахтарардим, аммо, тополмасдан индамай қўя қолдим.

Офицер жавобни кутмоқда, менинг индамаётганимни кўргач, қаҳ-қаҳ уриб, кулиб юборди-да уйга кириб кетди. Мен семинарияга қайтиб келдим.

Мен асл дворянман, қоним тез, сиз буни пайқаган бўлсангиз керак, азизим, д’Артаньян: ҳақорат даҳшатли эди, ундан ҳеч кимнинг хабари йўқлигига қарамасдан унинг дилимда ўрнашиб, ўртаётганини ҳис қилардим. Табаррук падарларга рутбани қабул қилмоқ учун мен ўзимни етарли даражада тайёр ҳис қилмаяпман, деб маълум қилдим ва илтимосим билан рутба бериш маросими бир йил кечиктирилди.

Мен Парижнинг энг зўр қиличбозлик устозининг ҳузурига равона бўлдим, ундан ҳар кун сабоқ олиб туришни у билан шартлашдим ва бир йил мобайнида канда қилмай қатнадим. Сўнгра, ҳақорат қилинган кунимнинг йилида жуббамни қозиққа осдим, дворянга хос кийиндим ва бир таниш хоним бераётган, рақибим ҳам бўлиши тайин зиёфатга жўнадим. Бу форс қамоқхонасининг яқинида, Фран-Буржуа кўчасида эди.

Офицер чиндан ҳам ўша ерда эди. У бир хонимга меҳр билан термилиб, унга ишқий қўшиқ хиргойи қилаётган пайти ёнига яқинлашиб, ашуласини иккинчи бандининг ўртасида бўлиб қўйдим.

«Тақсир, – дедим унга, – айтинг, агар Пайен кўчасидаги сизга маълум уйга борсам, ҳали ҳам эътироз қиласизми? Агар гапингизни икки қилсам, ҳали ҳам мени калтак билан сийлаш ниятидамисиз?»

Офицер менга таажжуб билан тикилиб деди:

«Мендан нима керак сизга, тақсир? Мен сизни танимайман».

«Мен авлиёларнинг кўрган-кечирганларини ўқийдиган ва «Юдифни шеър билан таржима қиладиган ўша ёшгина аббатман».– жавоб бердим мен.

«Э, ҳа! Эслаяпман, – истеҳзо билан илжайиб деди офицер. – Хўш, нима истайсиз?»

«Истайманки, мен билан айланиб келишга фурсат топсангиз».

«Агар сиз шуни қатъий истасангиз, эртага эрталаб, бунинг устига жони дилим билан».

«Йўқ, эртага эрталаб эмас, шу тобда».

«Агар сиз қатъий талаб этсангиз…»

«Ҳа, талаб қиламан».

«У ҳолда юринг… Хонимлар, – дея хонимларга юзланди у, – хавотирланманг: мен фақат шу жанобни ўлдираман-у, қайтиб келиб, сўнгги бандини куйлаб бераман».

Биз чиқдик. Мен уни Пайен кўчасига роса бир йил муқаддам, худди шу соатда, мен сизга айтган илтифотли сўзларни айтган жойнинг худди ўзига олиб келдим. Ажойиб ойдин тун эди. Биз қиличларимизни яланғочладик ва дастлабки ҳамладаёқ мен уни жойидан қимирлатмай ўлдирдим…

– Азбарой шифо! – деди д’Артаньян.

– Хонимлар қўшиқчисига кўз тута-тута унга етишолмагани сабабли, – гапида давом этди Арамис, – ва у Пайен кўчасида қилич билан паррон қилинган ҳолда топилганлиги сабабли бу менинг ишимлигини ҳамма тушунди, бу машмаша кўп шов-шувларга сабаб бўлди. Шу туфайли мен бирмунча вақтга жуббадан воз кечишга мажбур бўлдим. Мен ўша маҳаллар танишиб қолган Атос билан қиличбозлик сабоқларимга қўшимча равишда баъзи бир соз усулларни ўргатиб қўйган Портос мушкетёрлик ридосини илтимос қилиб, мурожаат қилишга мени кўндиришди. Қирол Аррасни қамал қилишда ҳалок бўлган отамни жуда севарди, менга мушкетёрлик ридоси инъом қилинди. Ўзингиз тушунасиз, ҳозир черков бағрига қайтишимнинг айни мавриди келди.

– Нега энди айни ҳозир, илгарироқ ҳам, кейинроқ ҳам эмас? Сизга нима бўлди, нима сизни бундай хунук фикрларга соляпти?

– Бу жароҳат, азизим д’Артаньян, мен учун таолонинг огоҳи бўлди.

– Бу жароҳатми? Қандай бемаънилик! У қарийб битиб кетган, мен аминманки, сиз ҳозир кўпроқ бу жароҳатдан изтироб чекмаяпсиз.

– Бўлмаса қайсидан? – қизариб сўради Арамис.

– Сизнинг кўнгил жароҳатингиз бор, Арамис, аёл киши етказган анча азоблироқ, лахта қон жароҳат.

Арамиснинг нигоҳи беихтиёр порлаб кетди.

– Бас, – ҳаяжонини парвосизлик ниқоби остида яшириб, деди у, – садқайи гап бу нарсаларга! Мен ишқий дилсиёҳликлардан азоб чекиб ўтирармишманми? Vanitas vamitatum4343
  Ана машмаша (лот.).


[Закрыть]
. Нима, сизнингча мен ақлдан озибманми? Яна кимларни деб? Гарнизондалигимда кетидан судралиб юрган бирор чўри ёки оқсочни дебми… Қандай разолат?

– Авф этинг, азизим, Арамис, лекин назаримда, сизнинг мўлжалингиз юқорироқ эди.

– Юқорироқ эмиш! Мен ўзи ким бўлибманки, бундай иззат-талаблик қилсам? Бечора мушкетёр, фақир ва ғариб, тобеликни кўрарга кўзи йўқ, киборларнинг ичида қовушмай турадиган одам!

– Арамис, Арамис! – дўстига шубҳаланиб қараб, қичқирди д’Артаньян.

– Хокман, хоклигимга қайтаяпман. Ҳаёт хўрлик ва қайғу-аламларга тўлиб-тошиб ётибди, – тундланиб давом этди Арамис, – уни бахтга боғлаб турган барча ришталар инсон қўлида бирин-кетин узилаверади ва аввало, олтин ришталар. О, азизим д’Артаньян, – товушида хиёл алам билан деди Арамис, – гапимга қулоқ солинг, ўзингизда ҳам бўлиб қолса жароҳатларингизни пинҳон тутинг. Сукут – бу бахти қароларнинг сўнгги қувончидир: ҳеч кимсага ўз дардингизни ошкор этманг. Синчковлар бизнинг кўз ёшларимизни яраланган оҳунинг қонини пашшалар ичгандай симиришади.

– Эвоҳ, азизим Арамис, – деди д’Артаньян ўз навбатида чуқур оҳ тортиб, – сиз менга ўз-ўзимнинг тарихимни ҳикоя қиляпсиз.

– Қандай!

– Ҳа! Яқиндагина мен севган, жон-дилим билан кўнгил қўйган аёлни ўғирлаб кетишди. Мен унинг қаердалигини, уни қаёққа олиб кетишганини билмайман: эҳтимол – у қамоқдадир, эҳтимол – у ўлгандир.

– Бироқ, лоақал у ўз ихтиёрига хилоф равишда сизни тарк этгани ўзингизни юпатади, мабодо ундан хатхабар келмаса, бунга сабаб сиз билан робитада бўлиш тақиқланганлигини сиз биласиз, ваҳоланки…

– Ваҳоланки?

– Йўқ, ҳеч нима,– деди Арамис,– ҳеч нима.

– Демак, сиз бу дунёдан қатъий ва узил-кесил юз ўгиряпсизми?

– Умрбод. Бугун ҳали сиз менинг дўстимсиз, эртага фақат бир шарпага айланасиз ёки мен учун мавжудлигингизни тамом йўқотасиз, дунё дегани – бу даҳма, ортиқ ҳеч нимамас.

– Азбаройи шифо! Гапларингизнинг ҳаммаси қандай ҳазин!

– На чора! Ҳавасларим мени тортмоқда, мени меърож қилдирмоқда.

Д’Артаньян жилмайиб қўйди-ю ҳеч нима демади.

– Шунга қарамасдан, – сўзида давом этди Арамис, – мен ҳали ерда эканман, сиз билан ўзингиз ва дўстларимиз ҳақида суҳбатлашгим бор.

– Менинг эса, – жавоб берди д’Артаньян, – сизнинг ўзингиз ҳақда сўзлашгим бор, аммо сиз аллақачон бу нарсалардан кўп йироқдасиз. Муҳаббат сизда истиғно қўзғатади, дўстларингиз сиз учун шарпа, дунё – даҳма.

– Ҳайҳот! Сиз бу нарсаларга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз, – хўрсиниб гапирди Арамис.

– Хуллас, бу суҳбатни тугатайлик-да, келинг, сизнинг каниз ёки чўрингизнинг, эҳтимол янги хиёнатини хабар қилгувчи мактубини куйдириб ташлайлик.

– Қандай мактубни? – дарров сўради Арамис.

– Сизнинг йўғингизда келган, менга бериб юборишган мактубни.

– У кимдан экан?

– Билмайман. Битта-яримта йиғлаб, хун бўлган оқсочдан ёки куйиб кул бўлган каниздандир, эҳтимол, де Шеврез хонимнинг чўрисидандир, соҳибаси билан Турга қайтишига тўғри келиб, у ўта ҳашам учун атир сепилган қоғозни олиб, уни герсог тожи билан муҳрлабди.

– Нималар деяпсиз ўзи?

– Буни қаранг-а! Мен уни йўқотиб қўйибман, шекилли, – ўзини мактуб қидираётганга солиб, қувлик билан деди йигит. – Ҳалиям, хайриятки, – дунё – даҳма, одамлар, бинобарин, аёллар ҳам шарпалар, муҳаббат – сиз «Қандай қабоҳат!» дейдиган туйғу.

– Оҳ, д’Артаньян, д’Артаньян, – бақирди Арамис,мени жонимни суғуряпсан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации