Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 42 (всего у книги 47 страниц)
Шу пайт герсог ҳушидан кетди.
Бу орада лорд Винтер, Ларошел вакиллари, экспедицион аскарларнинг сардорлари ва Бэкингем маиятининг офицерлари ёпирилиб хонага киришди; ҳар ёқдан алам, фарёдлари эшитиларди. Саройни нолафиғонлар-у ҳасратли фарёдларга тўлғазиб юборган қайғули хабар кўп ўтмай унинг хорижига тошиб чиқди-да, шаҳар бўйлаб тарқалди.
Тўп садоси фавқулодда бир муҳим гап ўтганидан дарак берди.
Лорд Винтер ўзининг сочларини юлмоқда эди.
– Бир зум кеч фаҳмласам-а! – нидо қиларди у. – Бир зум кеч! Ё раббий, ё раббий, қандай кулфат!
Дарҳақиқат, эрталаб соат еттида қаср деразаларининг бири тагида арқон нарвон осилиб турганини унга хабар қилишди. У шу заҳоти миледининг хонасига отилиб кирди-да, хонанинг бўшлигини, деразанинг очиқлигини, панжара симларининг арраланганини кўрди; у д’Артаньян ўз чопаридан оғзаки айттириб юборган огоҳномани эслади-ю, герсог учун қўрқиб ларзага келди-да, югурганича таблага отилди, от эгарлаб беришгунча қараб турмасдан биринчи дуч келганига сакраб минди-да, жон борича елиб адмиралтействога келди, ҳовлида ўзини ерга отиб, зинада югуриб чиқди-ю, айтиб ўтганимиздек, юқори поғонада Фельтон билан тўқнашиб кетди.
Бироқ герсог ҳали тирик эди: у ҳушига келиб, кўзларини очди ва уни қуршаб турган кишиларнинг ҳаммаси қалбида умид пайдо бўлди.
– Жаноблар, – деди у, – мени Ла Порт ва Патрик билан холи қолдиринглар… Э, бу сизмисиз Винтер! Сиз бугун эрталаб ҳузуримга аллақандай телбани юборган экансиз. Қаранг, у мени нима қилиб қўйди!
– О, милорд! – қичқириб юборди барон. – Мен тоабад таскин тополмайман!
– Ҳам хато қиласан, жон Винтер, – унга қўлини узатиб эътироз билдирди герсог. – Мен орқасидан бошқа биров умри бўйи аза тутишига арзийдиган бирор одамни билмайман… Лекин бизни холи қолдир, сендан илтимос қиламан.
Барон ўкириб йиғлаганича чиқиб кетди.
Хонада фақат ярадор герсог, Ла Порт ва Патрик қолишди.
Герсогнинг маиятидагилар табибни ахтаришар ва уни тез орада топиша олмасди.
– Сиз яшайсиз, милорд, яшайсиз! – диван олдида тиз чўкиб ҳадеб таъкидларди Анна Австрийскаянинг содиқ хизматкори.
– У менга нима деб ёзибди? – заиф овоз билан сўради Бэкингем: қонга беланган ҳолда у ўша ўзи севган кимса ҳақида сўзлаш учун шафқатсиз оғриқни енгмоқда эди, – у менга нима деб ёзибди? Менга унинг мактубини ўқиб бер.
– Нималар деяпсиз, милорд! – қўрқиб кетди Ла Порт.
– Итоат қил, Ла Порт. Кўрмаяпсанми ахир вақт ғанимат бўлиб қолди.
Ла Порт муҳрни синдирди ва пергаментни герсогнинг кўзларига тутди, лекин Бэкингем ёзувни ажратиб олишга беҳуда уринарди.
– Ўқисанг-чи, – амр қилди у, – ўқи, мен кўрмай қолдим. Ўқи! Ахир, ҳадемай мен эшитмай қолишим ва унинг менга нима ёзганини билмай ўлиб кетишим мумкин.
Ла Порт ортиқ эътироз қилмай, хатни ўқиб берди:
«Милорд!
Сизни таниганимдан буён азбаройи сизни деб ва сиз ҳақингизга тортган барча азоб-уқубатларим ҳаққи тавалло қиламан – агар менинг осойишталигимни аясангиз, ўзингизнинг Францияга қарши кенг кўламли қуролланишингизни бас қилинг ва урушга чек қўйинг. Ахир, дин – унинг юзаки сабаби холос деб рўйи рост гапирмоқдалар, хуфиёна эса унинг асл сабаби – сизнинг менга бўлган муҳаббатингиз деб таъкидламоқдалар. Бу уруш нафақат Франция ва Англияга фалокат келтиради, лекин сизга ҳам бахтсизлик келтирадики, милорд, бу мени изтиробда қолдиради.
Хавф-хатар остида қолган ва сизнинг сиймонгизда душманни кўришга мажбур бўлмайдиган дақиқадан бошлаб, мен учун қимматбаҳо бўлиб қолажак ҳаётингизни эҳтиёт қилинг. Лутфан
Анна».
Бэкингем ҳаммасини охиригача эшитиб олмоқ учун қолган бор кучини тўплади. Сўнгра мактуб ўқиб бўлинган пайтда у овозидан ҳафсаласи пир бўлгани сезилиб сўради:
– Наинки, менга оғзаки айтадиган ҳеч гапингиз бўлмаса, Ла Порт?
– Ҳа, бўлмасам-чи, зоти олийлари! Қиролича сизга эҳтиёт бўлишингизни айтиб қўйишни топширди: сизни ўлдириш пайида юрганларидан у кишини огоҳ этишган.
– Ҳаммаси шуми? Ҳаммаси-я? – бетоқат бўлиб сўради Бэкингем.
– У яна сизни аввалгидек севишини айтиб қўйишимни топширди.
– Оҳ!.. Худога шукур! – хитоб қилди Бэкингем. – Демак, менинг ўлимим унинг учун бефарқ бўлмайди!
Патрик кўз ёши тўка бошлади.
– Патрик, – деди герсог, – менга олмос шокилалар турган қутичани келтириб беринг.
Патрик уни олиб келди ҳамда Ла Порт қироличага тегишли қутичани таниди.
– Энди унинг вензели дур билан тикилган оқ атлас халтачани келтиринг.
Патрик бу фармойишни ҳам бажо келтирди.
– Олинг, Ла Порт, – деди Бэкингем, – мана, мен қўлидан олган, унинг лутфи карамининг бирдан-бир нишоналари: бу қутича ва шу икки мактуб. Уларни ҳазрат олияларига мендан сўнгги хотира сифатида бериб қўйинг… – У кўзлари билан ўзининг атрофида бирор қимматбаҳо нарса қидириб кўрди, – уларга қўшиб қўясиз…
У яна кўзлари билан алланимани қидира бошлади, лекин унинг яқин ажалдан хира тортган кўзлари Фельтоннинг қўлидан тушиб қолган ва тиғига ёйилган қипқизил қон ҳалиям қотмаган пичоқни илғаб олди, холос.
– … шу пичоқни ҳам қўшиб олинг, – Ла Портнинг қўлини қисиб гапини тугатди герсог.
У яна Ла Портга ортиқ гапира олмаслигини имоишора билан кўрсатган кўйи халтачани қутичанинг тагига қўйишни ва у ерга пичоқни солишни эплади.
Сўнгра ўзи бу гал енгишга қурби етмаган ажал талвасасида типирчилаб, дивандан паркетга юмалаб тушиб кетди.
Патрик қаттиқ бақириб юборди.
Бэкингем сўнгги марта жилмайиб қўймоқчи бўлганди, лекин ажал унинг фикрини таққа тўхтатиб қўйди-ю, у унинг манглайида сўнгги муҳаббат бўсаси сингари асар қолдирди.
Шу дақиқа ҳовлиқиб герсогнинг табиби келиб қолди; у аллақачон адмираллик кемасида бўлиб, унинг учун у ерга одам юборишга тўғри келганди.
У герсогнинг олдига бориб, унинг қўлини бир оз ушлаб турди-да, сўнг астагина ўз жойига қўйиб қўйди.
– Ҳаммаси беҳуда, – деди у, – герсог қазо қилди.
– Қазо қилди, қазо қилди! – додлаб юборди Патрик.
Унинг фарёдига бутун оломон хонага ёпирилиб кирди ва ҳаммаёқни ҳасрату надомат, аччиқ таажжуб ва саросима тутиб кетди.
Лорд Винтер Бэкингемнинг жони чиққанини кўрган замон посбонлар ҳамон сарой равонида қўриқлаб туришган Фельтонга ташланди.
– Аблаҳ! – деди у афтидан, уни бутунлай тарк этмаган совуққонлиги ва хотиржамлиги Бэкингемнинг вафотидан кейин қайтиб келган йигитга. – Аблаҳ! Нима қилиб қўйдинг!
– Мен ўзимнинг қасосимни олдим, – жавоб берди Фельтон.
– Ўзининг эмиш! – такрорлади барон. – Ундан кўра мен ўша лаънати аёлнинг қуроли бўлиб хизмат қилдим дея қол. Лекин қасамёд қилиб айтаманки, буниси унинг охирги ёвуз иши бўлади!
– Нима демоқчи бўлаётганингизни мен тушунмай турибман, – хотиржам жавоб берди Фельтон, – кимни гапираётганингизни ҳам билмайман, милорд. Мен герсог Бэкингемни шунинг учун ўлдирдимки, у сизнинг мени капитан даражасига кўтариш борасидаги илтимосингизни рад қилган эди. Мен уни адолатсизлиги учун жазоладим, вассалом!
Винтер ҳангу манг бўлиб, Фельтонни боғлаётган аскарларга қараб турар ва бу тариқа ҳиссизликка ҳайрон қоларди.
Фельтоннинг осойишта чеҳрасини биргина фикр қоронғилаштириб турарди. Тиқ этган товуш қулоғига чалинганда содда пуританга ўзини унинг оғушига отишга, айбини бўйнига олишга ва у билан бирга ҳалок бўлишга келган миледининг қадам товуши ва овози эшитилаётгандай бўларди.
Бирдан у сесканиб кетди ва икки кўзини ўзи турган равондан кўриниб турган бепоён денгиздаги аллақандай бир нуқтага қадади.
Денгизчининг бургут қараши Франция соҳиллари томон сузиб кетаётган кема елканини илғаб олдики, бошқа одам бўлганда шундай оралиқдан уни тўлқинлар узра чайқалиб турган балиқчи қуш деб қабул қилган бўларди.
У оқариб кетиб, ёрилиб кетишига сал қолган юрагини чангаллаб қолди-да, миледининг бутун хиёнатини фаҳмлади.
– Сўнгги марҳаматингизни дариғ тутмаслигингизни сўрайман, милорд! – деб баронга юзланди у.
– Нимани? – сўради лорд Винтер.
– Айтинг-чи, соат неча бўлди?
Барон соатини чиқарди.
– Ўн дақиқаси кам тўққиз, – жавоб берди у.
Миледи ўзининг жўнашини бир ярим соатга тезлаштирган эди; машъум воқеадан дарак бергувчи замбарак садосини эшитган замон у лангарни кўтаришга буюрди.
Кема мусаффо осмон остида соҳилдан узоқ масофада сузиб борарди.
– Худонинг айтгани шу экан, – мутаассибнинг итоати билан деди Фельтон, бироқ палубасида ўзи учун жонини фидо қилиши лозим бўлиб турган аёлнинг оппоқ шарпаси кўринаётган митти кемадан кўзини узолмасди.
Лорд Винтер Фельтоннинг нигоҳини кузатиб туриб, синовчан кўзларини унинг изтиробли юзига кўчирдида, ҳаммасини пайқаб олди.
– Аввал сен ўзинг жазога тортиласан, аблаҳ, – деди у ҳадеб денгизга термилган кўйи, ўзини олиб кетгувчи аскарларга итоат билан бўйин эгган Фельтонга, – лекин ўзим жони-дилимдан севган акам хотираси билан қасамёд қиламанки, шеригинг қочиб қутулолмайди.
Фельтон бошини хам қилди-да, чурқ этмади.
Лорд Винтер эса югуриб зинадан тушди ва кўрфазга ошиқди.
ХХХ
Франция
Инглиз қироли Шарль I Бэкингемнинг вафотидан воқиф бўлганда унинг дастлабки ва энг катта хавотири бу даҳшатли хабар ларошелликларнинг руҳий бардамлигидан маҳрум қилиб қўймасайди деган бўлди. Шу боисдан Ришелье ўз ёдномаларида баён этгандай, у иложи борича узоқ вақт улардан буни яшириш пайида бўлди. У ўз давлатининг барча кўрфазларини беркитишга ва Бэкингем шайлаган, унинг вафотидан сўнг жўнашига қиролнинг ўзи бош-қош бўлиб туришга бел боғлаган армия сузиб кетмасдан туриб, бирорта ҳам кема очиқ денгизга чиқмаслигига пухта риоя қилишни амр этди.
У бу қатағоннинг жиддиятини шу даражага етказдики, ҳатто ўзига хайр-маъзур қилиб бўлган Дания элчиларини ва Карл I томонидан Қўшма Нидерландларга қайтариб берилган ост-ҳинд кемаларини Флиссингенга элтиши лозим голланд элчисини Англияда ушлаб қолган эди.
Лекин у бу фармонни бериш ғамини қайғули воқеадан беш соат кейин, яъни кундуз соат иккида егани важҳидан икки кема кўрфаздан чиқиб кетишга улгурди. Бири, биз билганимиздек, аллақачон нималар рўй берганига фаҳми етган ва адмираллик кемаси мачтаси устида қора байроқ кўтарилгандан кейин ўз тахминларига ишончи янада ортган миледини олиб кетмоқда эди. Иккинчи кемага келганда унда ким бўлгани ва унинг қай йўсинда жўнаб кетганини биз кейин ҳикоя қиламиз.
Дарвоқе, бу орада Ларошел остонасидаги қароргоҳда янги ҳеч гап ўтмади; фақат ҳар вақтдагидек зерикиб юрган Қирол қароргоҳда бўлак жойлардан кўра ҳам кўпроқ сиқилиб, авлиё Людовик кунини ўтказиб келгани ими-жимида Сен-Жерменга жўнаб кетишга қарор қилди-ю, кардиналдан ҳаммаси бўлиб йигирма мушкетёрдан иборат соқчилар тўдасини шайлаб беришни сўради. Қиролнинг дилгирлигини гоҳи маҳаллар яхши тушунгувчи кардинал жуда катта мамнуният билан 15 сентябрга қайтиб келишни ваъда қилиб турган ўзининг виқорли ёрдамчисига бу ҳордиқни тақдим қилди.
Падари бузруквор томонидан огоҳ этилган жаноб де Тревиль йўлга отланди ва дўстларининг ўзига номаълум сабабга кўра Парижга қайтишга жуда катта хоҳиши ва ҳатто қисталанг эҳтиёжи борлигини билган ҳолда уларни рўйхатга қўшиб қўйди, албатта.
Тўртала ёш йигитлар бу янгилик хусусида жаноб де Тревилдан чорак соат кейин хабар топдилар, негаки у биринчи бўлиб уларга маълум қилди. Д’Артаньян ўзининг мушкетёрликка ўтишига изн бериб кардинал кўрсатган марҳаматнинг қадрига ниҳоят энди етди. Агар шу жиҳат бўлмаганда д’Артаньяннинг қароргоҳда қолиб кетишига тўғри келар, унинг дўстлари эса усиз жўнаб кетган бўлардилар.
Уларни Парижга қайтмоққа Бетюн монастирида ашаддий душмани миледи билан мулоқот пайти Бонасе хонимга таҳдид солгувчи хатар ундаётганлигини гапириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Шу боисдан айтиб ўтганимиздек, Арамис ўша нуфузли таниш-билишлари бўлган турлик чеварнинг ўзига Бонасе хоним учун монастирдан чиқиб, Лотарингия ёки Белгияга жўнашга қироличадан рухсатнома сўраб кўринг деб зудлик билан ёзиб юборди. Жавоб кўп маҳтал қилмади ва тўққиз-ўн кундан сўнг Арамис қуйидаги мактубни олди:
«Муҳтарам бўла!
Мана, сизга Бетюн монастиридан, фикрингизча, ҳавоси зарар қилаётган ёшгина чўримизни чиқариб олишга рухсатнома. Менинг опам катта мамнуният билан сизга ўз рухсатномасини йўллайди, негаки, у бу ажойиб қизни яхши кўради ва эҳтиёж туғилган чоғда келгусида ҳам оқибат қилиш умидида.
Сизни ўпиб қоламан Анна».
Бу мактубга қуйидаги ибораларда битилган рухсатнома илова қилинган эди:
«Бетюн монастири нозираси менинг тавсияномамга биноан монастирга тушган ва менинг шафоатимда бўлган жувонни шу мактубни топширгувчи шахс ихтиёрига қўшиб юбормоғи лозим.
Лувр, 10 август 1628 йил.
Мари Мишон».
Арамиснинг қироличани опа деб атагувчи бу чевар билан бўлган қариндошлик муносабатлари ёш йигитларнинг шўх аскияларига қандай хўрак бўлиб берганини тасаввур қилиш мумкин. Лекин Арамис бир-икки дафъа Портоснинг қўполроқ ҳазилларига жавобан қип-қизариб олиб, келгусида бу мавзуга қайтмасликларини дўстларидан илтимос қилди ва шу борада ақалли бир сўз айтсалар шу йўриғдаги ишларда бўласининг воситачилигига ортиқ таянмай қўйишини эълон қилди.
Шу боисдан тўрт мушкетёр гап-сўзларида Мари Мишон тилга олинмай қўйди ҳам бунинг устига улар ниятларига етган: Бетюндаги монастирдан Бонасе хонимни чиқаришга рухсат олган эдилар. Рост, улар Ларошел остонасидаги қароргоҳда, бошқача қилиб айтганда – Франциянинг нариги чеккасида турган пайтда бу рухсатномадан наф кам эди. Шу важдан эса д’Артаньян ўзининг жўнаб кетиши не сабабдан зарур бўлиб қолганини жаноб де Тревилга очиқ эътироф этиб ундан жавоб сўрашга ҳозирланиб турганда тўсатдан жаноб де Тревиль унга ва уч дўстига қиролнинг йигирма мушкетёрдан иборат соқчилар тўдаси билан Парижга жўнаб кетаётгани ва улар соқчилар жумласига тайинланганлигини айтиб қолди.
Жўралар жуда қувониб кетдилар. Улар хизматкорларни юк билан илгари жўнатиб юбордилар-да, эрталаб эса ўзлари ҳам йўлга чиқишди.
Кардинал ҳазрат олийларини Сюжердан Мозегача кузатиб қўйди ва ўша ерда қирол ва унинг министри ўзаро дўстона мулозаматлар билан хўшлашдилар.
Парижга йигирма учинчи куни етиб бориш истагида қирол мумкин қадар тезроқ олға суриларди. Бироқ у бир кўнгил очиш илинжида бир замонлар герсог де Люин ишқибоз қилиб қўйган ўзининг севимли эрмаги лочин овига аҳён-аҳёнда тўхтаб қоларди. Шундай ҳол бўлган кезларда йигирма нафар мушкетёрдан ўн олтитаси бундай вақтхушликка жуда қувонишар, қолган тўрттаси, хусусан, д’Артаньян эса оламдаги жамики нарсага лаънат ўқирди; унинг мудом қулоғи шанғиллагани-шанғиллаган, бунга Портос қуйидаги йўсинда изоҳ берарди:
– Менга жуда бир кибор хоним айтганидек, бунинг маъноси шуки, сизни бирор жойда йўқлаяптилар.
Ниҳоят, йигирма учинчига ўтар кечаси соқчилар Париждан ўтиб бориб манзилга етишди. Қирол жаноб де Тревилга ташаккур айтди ва соқчиларга тўрт кунтўрт кундан галма-гал жавоб бериб туришга изн берди, лекин бахтиёрларнинг ҳеч бири Бастилияга ҳибс қилиниш хавфи остида исловот жойларида қорасини кўрсатмасликларини шарт қилиб қўйди.
Пайқаб олиш осонки, дастлабки тўрт жавоб бизнинг тўрт дўстимизга берилди; бунинг устига Атос жаноб де Тревилдан тўрт кун ўрнига олти кун сўраб олди, унга икки тунни ҳам қўйди. – Улар йигирма тўртинчи куни кеч соат бешда жўнаб кетишди, жаноб де Тревиль бўлса илтифот қилиб рухсатномага йигирма бешинчи кунни қайд қилиб берди.
– Э тавба, менимча арзимаган нарсаларни деб биз ўзимизни кўп овора қилиб қўяяпмиз! – деди ҳеч қачон ҳеч нимадан иккиланмаслиги маълум д’Артаньян. – Икки кунда икки-уч отнинг силласини қуритиш – бу менга писанд эмас, ёнимда пулим бор – мен Бетюнгача етиб оламан, нозирага қироличанинг мактубини тутқазаман-да, дилбаримни Лотарингияга ҳам эмас, Белгияга ҳам эмас, Парижга олиб келаман, бу ерда у, хусусан, кардинал Ларошел остонасида турган аснода энг яхши беркитилган бўлади. Биз юришдан қайтганимиздан кейин эса унда биз қироличадан – қисман унинг бўласининг валинеъматлигини истифода қилиб, қисман қилган яхшиликларимиз бадалига – не истасак ҳаммасини ундириб оламиз. Шу ерда қолаверинглар, бекорга кучингизни исроф қилманглар! Шундай жўн иқдомга мен билан Планше бемалол кифоя қиламиз.
Бунга Атос пинагини бузмай жавоб берди:
– Бизнинг ёнимизда ҳам пулимиз бор – мен узук пулидан олган ўз ҳиссамни ҳали ичиб бўлганим йўқ, Портос билан Арамис бўла ҳали ҳаммасини еб бўлганлари йўқ. Шундай экан биз бемалол битта тугул тўрттасининг силласини қуритсак бўлаверади. Лекин фаромуш этмангки, д’Артаньян, – деб у бирам тўниқ овоз билан илова қилиб қўйдики, йигит беихтиёр сесканиб кетди, – фаромуш этмангки, Бетюн – бу ўша кардиналнинг қадами етганки жойга касофати тегадиган аёл билан мулоқот тайин этган шаҳарининг ўзгинаси. Мабодо фақат тўрт эркак кишига ишингиз тушганда эди д’Артаньян, мен сизнинг ёлғиз ўзингизни қўйиб юборган бўлардим. Сиз бу аёл билан иш кўрасиз – келинглар, тўртовлон борайлик-чи, шояд худодан бўлиб бизнинг ҳаммамиз ва тўрт бирдай хизматкор бас келиб қолсак!
– Сиз мени қўрқитмоқдасиз, Атос! – қичқириб юборди д’Артаньян. – Сиз ўзи нимадан чўчийсиз, азбаройи шифо?
– Ҳамма нарсадан! – жавоб берди Атос.
Д’Артаньян юзлари худди Атоснинг чеҳрасидай чуқур хавотирни ифодалаб турган ўз дўстларига диққат билан термилди; оғиз очмасдан улар отларига шиғов беришди-да, йўлига равона бўлишди.
Йигирма бешинчи куни кечки пайт улар Аррасга кириб борганларида ва шу меҳмонхонадан бир стакан шароб ичиб олмоқ учун д’Артаньян «Олтин Мола»нинг ёнида отдан тушганда аллақандай суворий ўз отини алмаштирган почта қўрасидан чиқди-да, бардам тулпорини чоптириб Париж йўлидан елдек учиб кетди.
У дарвозадан кўчага чиқаётган дақиқада шамол туриб эгнидаги уни буркаб турган ридосини очиб ташлади, гарчи бу гаплар августда ўтган бўлса ҳам шляпаси учиб кетишига сал қолди, лекин йўловчи уни ўз вақтида ушлаб қолди-ю, чаққонлик билан кўзларигача бостириб олди.
Бу одамга зеҳн солиб қараб турган д’Артаньяннинг ранги қув ўчиб кетиб, стаканни қўлидан тушириб юборди.
– Сизга нима бўлди, тақсир?– ташвишга тушиб қолди Планше. – Ҳой жаноблар, ёрдамга келинглар, менинг соҳибимнинг ҳоли чатоқ!
Уч дўст югуриб келишди-ю, ҳушдан кетиш д’Артаньяннинг хаёлига ҳам келмагани ва унинг оти томон ташланганини кўрдилар. Улар унинг йўлини тўсишди.
– Оёғингни қўлга олиб қаёққа учиб кетяпсан, азбаройи шифо! – деди Атос.
– Бу ўша! – қичқирди д’Артаньян. – Бу ўша! Қўйинглар, мен унга етиб олай!
– «Ўша» деганинг ким ўзи? – сўради Атос.
– Ўша, ҳалиги одам!
– Қайси одам?
– Ҳалиги лаънати одам – менинг ёвуз офатим қачон бирор фалокат таҳдид солиб турган бўлса, ҳар гал пешанамдан чиқиб туради! Ҳалиги, ўша шум аёлни илк бор учратганимда унга ҳамроҳ бўлиб юрган, дўстимиз Атосни муборазага чақирганимда мен ахтарган, Бонасе хонимни ўғирлаб кетишган куни эрталаб мен кўриб қолган киши! Мен уни пайқаб қолдим, бу ўша! Мен уни танидим!
– Азбаройи шифо… – ўйчан гапирди Атос.
– Отларга, жаноблар, отларга! Унинг изидан от қўяйлик, унга биз етиб оламиз.
– Азизим, шуни эътиборга олингки, – уни ушлаб қолди Арамис, – у биз юз тутган йўлнинг қарши тарафига кетяпти; унинг оти бардам, бизникилар эса ҳориб қолди ва бинобарин биз ҳатто унга етиш умидисиз отларимизнинг силласини қуритганимиз қолади. Эркакни қўйиб турайлик, д’Артаньян, аёлни қутқарайлик.
– Ҳой, тақсир! – дарвозадан чопиб чиқиб, ва номаълум киши орқасидан югуриб бақирди отбоқар. – Ҳой тақсир! Мана шляпангиздан тушиб қолган қоғоз, мана… Ҳой, тақсир! Ҳой!
– Дўстим, – уни тўхтатди д’Артаньян, – шу қоғозча учун ярим пистол берайми?
– Марҳамат қилинг, тақсир бажонидил! Мана у!
Отбоқар ўнг келиб қолган бу битимдан шод бўлиб, почта саройига кириб кетди… д’Артаньян бўлса қоғоз варағини ёзди.
– Унда нима экан? – сўрашди уни ўраб олган дўстлари.
– Атиги битта сўз! – жавоб берди д’Артаньян.
– Ҳа, – тасдиқлади Арамис, – лекин бу сўз – шаҳар ёки қишлоқнинг номи.
– «Армантер», – ўқиди Портос. – Армантер… Бунақа жойни эшитган эмасман.
– Ҳамда бу шаҳар ёки қишлоқнинг номи унинг қўли билан ёзилган! – луқма ташлади Атос.
– Ундай бўлса бу қоғозчани яхшилаб беркитиб қўяйлик, шояд охирги пистолимни бекорга бериб юбормаган бўлсам, – якунлади д’Артаньян. – Отларга, дўстлар, отларга!
Тўрт ўртоқ Бетюн йўлидан от чоптириб кетишди.
XXXI
Бетюн кармелиткалар монастири
Улкан жиноятчилар пешанасига маълум ҳаёт йўли битилган бўлиб, то уларнинг ёвуз қилмишларидан безор бўлган тақдир тақозоси билан уларнинг қонунга хилоф осойишталигига хотима ясалди демагунча улар бу йўлда барча тўсиқларни енгаверадилар ва барча хатарлардан қутулиб кетаверадилар.
Миледи ҳам шундай бўлди: у икки давлатнинг қўриқчи кемалари орасидан кўзни шамғалат қилиб осонгина ўтиб кетди ва ҳеч бир саргузаштсиз Бетюнга етиб келди.
Портсмутда тушаркан, миледи инглизман, французларнинг таъқиблари Ларошелни тарк этишга мажбур қилиб қўйди, деб таъкидлаган эди; икки кунлик денгиз саёҳатидан сўнг Булонда тушгач, у ўзини Францияга бўлган адовати орқасидан Портсмутда инглизлар зулм ўтказган французман деб танитди.
Миледи бунинг устига энг ишончли паспортга; ҳусн, салобат ва пистолларни ўнгу сўлга сочганда саховатга молик эди. Порт бошлиғи бўлмиш чолнинг илтифоти ва назокатли қилиқлари шарофати билан одатдаги расмиятлардан қутулиб олиб, у почта орқали тубандаги мазмунда мактуб юбориш учун қанча вақт талаб этилса, Булонда шунча вақт бўлди, холос:
«Падари бузрукворимиз, монсенёр кардинал де Ришельега, Ларошел остонасидаги қароргоҳга.
Хотиржам бўлишингиз мумкин, падари бузруквор: герсог Бэкингем зоти олийлари Францияга бормайдилар.
Булон, 25 август оқшоми. Миледи.
Р. С. Сиз падари бузрукворнинг истагингизга мувофиқ, мен Бетюн кармелиткалар монастирига йўл олмоқдаман, у ерда фармойишларингизга мунтазир бўламан».
Дарҳақиқат ўша оқшомдаёқ миледи йўлга равона бўлди. Тун бўйи йўл босди; у тунаш учун меҳмонхонада тўхтади, саҳар соат бешда яна йўлга чиқди-да, уч соат ўтгач Бетюнга келди.
У кармелиткалар монастири қаердалигини суриштириб билди ва шу замон у ерга ташриф буюрди.
Нозира унга пешвоз чиқди. Миледи кардиналнинг фармонини кўрсатди; аббатиса мусофирга хона ажратишни ва нонушта узатишни буюрди.
Ўтмиш миледининг хотирасидан ўчиб бўлди: ўз нигоҳини буткул истиқболга қаратар экан, олдинда у бу қонли ишга сира номини аралаштирмасдан ўзи боплаб хизматини қилиб берган кардиналнинг улуғ марҳаматларини кўрарди, холос.
Уни жизғанак қилаётган янгидан-янги эҳтирослар унинг ҳаётини ўша гоҳ ложувардни, гоҳ алангани, гоҳ бўроннинг зим-зиё зулматини акс эттириб осмонда сузиб юрган ва ерда фақат вайроналиг-у, ажал изларини қолдириб кетадиган булутларга ўхшатиб қўйган эди.
Нонуштадан сўнг аббатиса унинг ҳузурига зиёрат қилиб келди, монастирда эрмаклар кам бўлиб, кўнгилчан нозири ўзининг янги меҳмони билан танишишга муштоқ эди.
Миледи аббатисага ёқиб қолишни истардики, бу нарса ёрқин идрок ва жозибали қадди-бастга молик бу аёл учун мушкул иш эмасди; у хушмуомала бўлишга ҳаракат қилди ва мароқли суҳбати ҳамда унинг вужуди-вужудига сингиб кетган малоҳати билан соддадил нозирани ром қилиб қўйди.
Аббатиса кибор насабли аёл эди ва қиролликнинг олис гўшалари кам ҳолларда ётадиган бўсағасида фано ташвишлари таққа тингувчи монастир деворларидан ундан ҳам ноёб ҳолларда ошиб ўтадиган сарой ҳангомаларини жуда яхши кўрарди.
Миледи бўлса, ўзи ичида беш ёки олти йил давомида муқим яшаган барча сарой фитналаридан жуда яхши хабардор эди; шу боисдан француз саройининг қиролнинг муболағали художўйлиги билан тинчгина муроса қилиб келаётган енгил табиати ҳақидаги ҳикоялари билан соддадил аббатисанинг кўнглини оча бошлади; сарой қошидаги номлари аббатисага яхши маълум хоним ва мансабдорларнинг расво саргузаштлари билан таништирди, қиролича билан Бэкингемнинг муҳаббатига сал-пал тил тегизиб ўтди ва суҳбатдошининг оғзини очиш учун бир дунё ҳар турли нарсаларни жавраб ташлади.
Лекин аббатиса бир оғиз жавоб қилмасдан тингларди-ю, кулимсирарди, холос. Шунга қарамасдан шу қабилидаги ҳикоялар унга нашъа қилаётганини кўриб, миледи шу руҳда давом этаверди-ю, лекин суҳбатни кардиналга кўчирди.
Шу ерда у жуда танг аҳволга тушиб қолди: у аббатисанинг роялчи ё кардиналчилигини билмасди, шу сабабдан эса ўртароқда туришга ҳаракат қиларди; лекин аббатиса бадтар ҳушёр бўлиб олди ва ҳар гал мусофир хоним падари бузруквор номини тилга олганда бошини қуйи солиб оларди, холос.
Миледи монастирда зерикиб қоламан деган хаёлга бора бошлади; шу боисдан ўзини қандай тутишни бир йўла аниқлаб олмоқ учун қалтис қадамга журъат қилди. Соддадил аббатисанинг оғир-босиқлиги қай даражага етишини бир кўриб қўйиш истагида у аввал мажозий қилиб, сўнгра эса рўй-рост кардинал тўғрисида ғийбат бошлади ва министрнинг д’Eгилон хоним, Марион Делорм ва бўлак таннозлар билан ишқий робиталарини ҳикоя қилишга тутинди.
Аббатиса астойдил тинглашга киришди, секин-секин жонланиб, жилмая бошлади.
«Яхши, – кўнглидан кечирди миледи, – у мазасига тушуниб қолди. Гарчанд кардиналчи бўлса ҳам, ҳарҳолда фидойилик зоҳир этмаяпти».
Миледи кардиналнинг ўз душманларини таъқибга дучор қилишларига ўтди.
Аббатиса на маъқуллагани, на қоралаганини билдирмасдан чўқиниб олди, холос.
Бу миледини роҳиба кардиналчидан кўра роялчимикан деган фикрида мустаҳкамлади. Миледи тобора бўёқларни қуюқлаштириб ҳикояларини давом этаверди.
– Мен бу нарсаларнинг ҳаммасининг ҳеч фарқига бормайман, – деди ниҳоят аббатиса, – лекин биз саройдан, барча фоний ишлардан нечоғлик йироқ бўлмайлик, сиз ҳикоя қилаётган нарсаларнинг жуда қайғули мисоллари бизда мавжуд. Бизнинг мўмин қулларимиздан бири кардиналдан кўп жабр тортган: кардинал ундан қасос олган ва уни таъқиб этган.
– Мўмин қулларингиздан бирими? – такрорлади миледи. – Ё тавба-эй, бояқиш аёл, менинг унга раҳмим келади!
– Сиз ҳақсиз, ҳам у таассуфга арзийди. У нималарни бошидан кечирмаган дейсиз: қамоқни ҳам, ҳар турли дўқ-пўписаларни ҳам, шафқатсиз муомалани ҳам… Дарвоқе, – илова қилди аббатиса, – балким жаноб кардиналнинг қўлида шундай йўл тутиш учун жуда кескин асослари бўлгандир, гарчи у сиртидан фариштанинг ўзи бўлса ҳам лекин ҳамма вақт ҳам одамлар тўғрисида афт-ангорига қараб ҳукм чиқариб бўлмайди.
«Яхши! – кўнглидан кечирди миледи. – Ким билади, эҳтимол бу ерда мен бирор гапни кавлаб топарман, омадим келипти!»
У ўз чеҳрасига энг самимий бир ифода югуртиришга ҳаракат қилди-да, деди:
– Ҳа, аттанг, буни биламан. Кўплар одамнинг рухсорига ишонмоқ керак дейишади. Лекин тангрининг энг гўзал махлуқига ишонмай, нимага ҳам ишонардинг! Мен балким умрим бўйи панд еб юрсам керак, лекин чеҳраси менга манзур бўлган аёлга ҳамиша ишонаман.
– Демак, сиз бу ёш жувоннинг ҳеч айби йўқ деб ўйлашга тамойилмисиз? – сўради аббатиса.
– Жаноб кардинал нуқул жиноятларнигина таъқиб этмайди, – жавоб берди миледи, – эзгу фазилатлар борки, уларни кардинал баъзи ёвуз қилмишлардан ҳам кўра қаттиқ таъқиб этади.
– Сизга ўз таажжубимни ифода этишга ижозат беринг, хоним! – деди аббатиса.
– Хўш, не важдан? – ўзини гўлликка солиб сўради миледи.
– Шундай гапларни айтаётганингиз важҳидан.
– Менинг гапларимдан нима қизиқ нарса топдингиз? – кулимсираб сўради миледи.
– Сизни кардинал бу ерга жўнатган экан, демак, сиз у кишининг дўсти бўласиз, ҳолбуки…
– Ҳолбуки, мен унинг шаънига ёмон гаплар қиляпман, – нозиранинг фикрини поёнига етказиб, гапни илиб кетди миледи.
– Ҳар тугил у киши шаънига яхши гап айтганингиз йўқ.
– Бунинг боиси, мен унинг дўсти эмас, қурбони эканлигим, – хўрсиниб қўйди миледи.
– Бироқ бу мактуб орқали у киши сизни менинг ғамхўрлигимга ҳавола қилган…
– …У мен учун то кардинал ўз югурдакларидан бирига мени бу ердан чиқариб юборишни буюрмагунча қамоқдаги сингари шу ерда туришимга фармондир.
– Лекин не сабабдан сиз қочиб кетмадингиз?
– Қаёққа? Наинки сизнингча ер юзида шундай жой борки, агар у ерга малол келмай кардинал қўл чўзса-ю, мени тополмаса? Мен эркак киши бўлганимда эди, бунинг иложи бўларди, лекин аёл… аёлнинг қўлидан нима келарди!.. Хўш, сизникида истиқомат қилгувчи мўмин қул-чи, қочиб кетишга уринганмиди, ахир?
– Йўқ, уринмаган? Лекин у – бошқа гап. Менинг фикримча, уни Францияда бир одамга муҳаббати тутиб турибди.
– Агар у севса, – уф тортиб деди миледи, – демак, унчалик бахтсиз эмас экан.
– Хуллас, – миледига тобора қизиқиши ортиб, тикилиб гапира кетди аббатиса, – мен қаршимда яна битта бечора қувғин аёлни кўриб турибман экан-да?
– Эсиз, ҳа! – тасдиқлади миледи.
Аббатисанинг кўзларида гўё миясида янги бир фикр туғилган каби хавотир акс этди.
– Сиз муқаддас динимизнинг душмани эмасмисиз? – тутила-тутила сўради у.
– Менми? – сўради миледи. – Мен – протестантми?! Йўқ, бизни эшитиб турган худони шоҳид қилиб туриб айтаманки, аксинча, мен ашаддий католикман!
– Ундай эса, ўзингизни босинг, хоним, – жилмайиб деди аббатиса, – сиз турган хона сиз учун мудҳиш қамоқ бўлмайди, тутқунлигингизни ўзингиз ҳам севиб қолишингиз учун биз ҳеч нарсани аямаймиз. Бу ҳам майли: сиз бу ерда бирор сарой фитнаси оқибатида бўлса керакми қувғинга учраган ёш аёлни кўрасиз. У дилбар ва хушмуомала.
– Унинг номи нима?
– Бир жуда юқори мартабали хоним уни менинг оталиғимга Кетти номи билан топширган. Мен унинг ҳақиқий номини билишга ҳаракат қилганим йўқ.
– Кетти? – қичқириб юборди миледи. – Қандай, сизнинг бунга ишончингиз комилми?
– Ўзини шундай деб атаганигами? Ҳа, хоним. Сизчи, уни танийсизми?
Миледи мийиғида кулиб қўйди – унинг миясига, балки бу собиқ канизимдир, деган фикр келди. Ёш қиз хусусидаги хотира миледининг кўнглидаги ғазаб туйғусини қўзғатди, интиқом хумори унинг афтини буриштириб юборди; лекин қарийб шу замон унинг чеҳраси бу иккиюзламачи аёл бир зумгина йўқотган осойишта ва хайрихоҳ ифодасига қайтди.
– Хўш, мени ҳалитдан жуда меҳрим тушиб қолган ўша ёш хонимни қачон кўрсам бўлади? – сўради миледи.
– Бугун кечқурун, – жавоб берди аббатиса, – ҳатто мақбул кўрсангиз кундузи. Лекин ўзингиз айтганингиздек, сиз тўрт кун йўлда бўлгансиз, бугун сиз эрталаб соат бешда тургансиз ва дам олмоқчи бўлсангиз керак. Ётиб бир мизғиб олинг, пешинда биз сизни уйғотамиз.
Ўзининг фитналарга ўч қалбини орзиқтириб юборган янги саргузашт дарагини эшитиб, ҳовлиқиб кетган миледи уйқусиз ҳам қаноат қилса бўларди, лекин шунга қарамасдан у нозиранинг маслаҳатига амал қилди; сўнгги икки ҳафта мобайнида шунчалар ҳар турли ҳаяжонларни бошидан кечирган эдики, гарчи унинг метин тани толиқишга бардош бера олса ҳам руҳи оромга муҳтож эди.
У аббатиса билан хўшлашди-да, Кеттининг номи беихтиёр қўзғатиб қўйган қасос хусусидаги хуш хаёллар билан овуниб ётди. У ўз иқдомини муваффақиятли ижро этган тақдирда унга ҳаракат эркини бериб қўйиш хусусидаги кардиналнинг қарийб узил-кесил ваъдасини эслади. У муваффақиятга эришди ва шундай экан, д’Артаньян унинг ихтиёрида!
Фақат бир нарса – эри граф де Ла Фер хусусидаги хотиралар миледини изтиробга солмоқда эди. Уни дунёдан ўтган ёки Францияни тарк этган деб юрган эди, кутилмаганда эса уни Атос сиймосида – д’Артаньяннинг энг яхши дўсти сиймосида таниб қолди.
Лекин у агар д’Артаньяннинг дўсти бўлса, қироличанинг падари бузруквор режаларини бузиб юборишига ёрдам берган унинг барча кирдикорларида унга кўмаклашган чиқади, агар у д’Артаньяннинг дўсти бўлса, демак, у кардиналнинг душмани ҳамда ўзи қўяжак ва умид қилмоқ керакки, ёш мушкетёрни ичида бўғиб қўяжак қасос тўрига уни алдаб туширишнинг уддасидан чиқади.