Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 26 (всего у книги 47 страниц)
Аммо ҳамма нарсадан ҳам шуниси равшан эдики, миледининг унга д’Артаньянга нисбатан томир отган ҳақиқий чуқур нафрати унинг лорд Винтерни ўлдирмаганидан келиб чиққан эди.
Келаси куни д’Артаньян яна миледи ҳузурига ташриф буюрди. Миледи бағоят бузуқ кайфиятда эди, д’Артаньян бунинг боиси жаноб де Вард жавобининг ҳамон дараги йўқлигидан деб билди. Кетти кириб келди, лекин миледи унга жуда қўпол муомалада бўлди. Кеттининг д’Артаньянга ташлаган нигоҳи: «Мана кўрдингизми, сизни деб мен нималарга дош беряпман!» – деб турарди.
Бироқ оқшом пировардида арслонфеъл соҳибжамол юмшади: у д’Артаньяннинг назокатли изҳори-дилларини табассум билан тинглаб ўтирди ва ҳатто қўлидан бўса олишга изн берди.
Д’Артаньян унинг ҳузуридан нима ўйларини билмасдан чиқди, лекин бу йигит салга бошини йўқотиб қўядиганлар хилидан эмасди ва миледи кўнглини овлаб юрган кўйи у хаёлида бир кичик режа чизиб қўйди.
Эшик тагида у Кеттига дуч келди ва худди кечаги кундаги сингари унинг бўлмасига кўтарилди. У миледининг Кеттини қаттиқ койигани ва тепса-тебранмаслиги учун унга дакки берганидан хабар топди. Миледи граф де Вард сукутининг тагига етолмасдан қизга эрталаб соат саккизда учинчи мактубни олгани ҳузурига киришни буюрди.
Д’Артаньян Кеттидан ўша мактубни индинига ўзига келтириб бериш учун сўз олди, бояқиш хуштори неки талаб этган бўлса, ҳаммасига рози бўлди: унинг тамоман боши айланиб қолган эди.
Бари худди кечагидаги сингари кечди: д’Артаньян жовонда яшириниб олди, миледи Кеттини чақирди, пардоз-андоз қилиб бўлиб, Кеттини чиқариб юбордида, эшикни қулфлаб олди. Д’Артаньян уйига ўтган сафардаги сингари саҳар соат бешда қайтиб келди.
Соат ўн бирда унинг уйига Кетти келди; қўлида миледининг янги хати. Бу дафъа бояқиш лом-лим демасдан уни д’Артаньянга топширди. Ва нима қилса-қилсин деб уни ўз ҳолига қўйди: энди у жон-тани билан ром этган хушсурат аскари ҳукмида эди.
Д’Артаньян мактубни очиб, қуйидаги сатрларни ўқиб чиқди:
«Шу билан сизни севаман деб учинчи дафъа ёзишим. Эҳтиёт бўлинг, тўртинчи дафъа сизни ёмон кўраман деб ёзиб қўймай тағин.
Агар хатти-ҳаракатингиздан пушаймонда бўлсангиз, сизга тарбия кўрган одам қай тарзда гуноҳини ювиши мумкинлигини шу мактубни топширажак қиз айтиб қўяди».
Д’Артаньян бу мактубни ўқир экан, дам қизариб, дам бўзарар эди.
– О, сиз ҳалиям уни севасиз! – қичқииб юборди бир зум ҳам йигитдан кўзини узмаган Кетти.
– Йўқ, Кетти, сен янглишяпсан, мен уни ортиқ севмайман, лекин мени менсимагани учун ундан қасос олмоқчиман.
– Ҳа, биламан, қасосингиз қандай бўлишини, буни менга айтган эдингиз.
– Сенга барибир эмасми, Кетти! Ёлғиз сени севишимни ўзинг биласан-ку, ахир.
– Бу нарсани билиб бўлармишми?
– Унга қандай муомала қилишимни кўрганингдан кейин билиб оласан.
Кетти хўрсиниб қўйди.
Д’Артаньян пат қаламни олди-да, ёзиб берди:
«Хоним, шу тобгача сизнинг дастлабки икки мактубингиз ҳақиқатан менга аталганига шубҳам бор эди, негаки, ўзимни бу тариқа шарафга мутлақо номуносиб деб ҳисоблардим; бунинг устига бирам бетоб эдимки, сизга жавоб ёзишга барибир жазм қилолмасдим.
Бироқ бугун сизнинг лутфи карамингизга ишонишга мажбурман, негаки, мактубингиз тугул чўрингиз ҳам севилиш бахтига ноиллигимни таъкидлаб турибди.
Тарбия кўрган киши қай тарзда ўз гуноҳини ювиши мумкинлигини унинг менга ўргатишига ҳожат йўқ. Хуллас, шу бугун соат ўн бирда мен ўзим гуноҳимдан ўтишингизни тавалло қилгани бораман. Ташрифни лоақал бир кун пайсалга солиш – энди наздимда сизнинг шаънингизга янги ҳақорат бўларди.
Бандаларнинг энг бахтиёри
Граф де Вард».
Бу мактуб аввало сохта эди, сўнгра у қўпол эди, бизнинг замонамиз юриш-туришлар нуқтайи назаридан эса, шунчаки, таҳқирли эди, лекин у даврда одамлар ҳозиргидан анча кам такаллуф қилардилар. Бунинг устига д’Артаньян миледининг шахсий эътирофларидан анча муҳимроқ ишларда унинг хоинликка қодирлигини билар ва унга бўлган ҳурмати ғоят юзаки эди. Лекин шунга қарамасдан аллақандай телбаларча бир эҳтирос – ошуфта қилгувчи нафрат билан омухта бир иштиёқ, лекин барибир эҳтирос ёки истасангиз унинг васлига ташналик уни шу аёл сари суриб борарди.
Д’Артаньяннинг режаси жўн эди: Кеттининг бўлмасидан унинг бекаси хонасига кириш ва дастлабки таажжуб, андиша ва саросима дақиқасидан ғалаба қозониш учун фойдаланиб қолиш. Унинг омади келмаслиги ҳам мумкин эди, лекин… жондан кечмасанг, жонона қайда. Бир ҳафтадан сўнг юриш бошланиши керак, жўнаб кетиш зарур эди – хуллас, ишқий можорони чўзиб ўтиришга д’Артаньяннинг вақти йўқ эди.
– Ол, – елимланган мактубни Кеттига узатаркан деди д’Артаньян, – бу мактубни миледига бериб қўй: бу жаноб де Варднинг жавоби.
Шўрлик Кеттининг ранги қув ўчиб кетди: номадаги гапларга унинг ақли етиб турарди.
– Қулоқ сол, жоним, – деди унга д’Артаньян, – ўзингдан қолар гап йўқ, шу тарздами ёки ўзгачами – бу ишнинг ҳаммаси барҳам топиши керак. Биринчи мактубни граф де Варднинг хизматкорига эмас, менинг хизматкоримга бериб юборганингдан, миледи жаноб де Вард очиши лозим бошқа мактубларни мен очганимдан хабар топиб қолиши мумкин. Унда миледи сени ҳайдаб юборади, уни ўзинг биласан-ку, ахир, – у қасосини шу билан чеклайдиган аёл эмас.
– Аттанг! – жавоб берди Кетти. – Кимни деб буларнинг ҳаммасига рози бўлдим?
– Мени деб, буни жуда яхши биламан, гўзалим, – жавоб қилди йигит, – амин бўлки, мен сендан жуда миннатдорман.
– Мактубингизда ўзи нималар ёзилган?
– Буни сенга миледи айтиб беради.
– О, сиз мени севмайсиз! – қичқириб юборди Кетти. – Нақадар бадбахтман-а!
Бу таънага шундай бир жавоб борки, бу ҳамиша аёлларга панд бериб келади. Д’Артаньян ҳам шу тахлит жавоб қилдики, Кетти ҳақиқатан жуда йироқлашиб кетди.
Рост, мактубни миледига беришга қарор қилгунча у узоқ йиғи-сиғи қилди, лекин оқибат бир қарорга келиб кўнди. Д’Артаньян талаб этган бор нарса ҳам шу эди, холос.
Шундан сўнг, д’Артаньян беканинг ҳузуридан эрта кетишга, бека ҳузуридан қайта туриб эса, қизнинг олдига келишига ваъда қилди.
Бу ваъда эса бечора Кеттига тамоман тасалли берди.
IV
Бунда Арамис ва Портоснинг аслаҳа-анжоми хусусида сўз юритилади
Тўрт оғайни аслаҳа-анжом қидириш ҳаракатига тушган пайтдан бери мунтазам йиғилиб туришларини канда қилиб қўйган эдилар. Уларнинг ҳар бири ўз ҳолича дуч келган жойда ёки тўғрироғи қулай келган жойда тамадди қилардилар. Хизмат юмушлари ҳам тутқич бермай ўтиб кетаётган ғанимат фурсатларнинг бир қисмини банд қилиб қўярди. Бироқ ҳафтада бир марта соат бирларда Атоснинг хонадонида учрашиб туриш шартлашилган эди, негаки у ўз қасамига вафо қилиб уйдан чиқмасди.
Ўша, Кетти д’Артаньянникига келган кун айни оғайнилар йиғини куни эди.
Кетти кетган замон д’Артаньян Феру кўчасига йўл олди.
У Атос билан Арамиснинг файласуфона суҳбати устидан чиқиб қолди. Арамис яна жуббани кийишни ўйлаб қолган эди. Атос одатича уни айнитмас, лекин рағбатлантирмас ҳам эди. У ҳар кимсанинг ҳаракат эрки ўзида, деган фикрда турарди. У ўз маслаҳатларини фақат илтимос қилишган пайтларда ва яна ҳолжонига қўймаганларидагина берарди.
– Одатда, одамлар маслаҳат сўраб, – деб юради Атос, – фақат унга амал қилмаслик учун мурожаат этишади, борди-ю, битта-яримтаси маслаҳатга риоя қилган тақдирда ҳам кейинчалик таъна қилгудек бўлсин учун шундай қилишади.
Д’Артаньян кетидан Портос келди. Шундай қилиб, тўрт оғайни жам бўлди.
Тўрт чеҳра тўрт хил турли ҳис-туйғуни: Портоснинг юзи хотиржамликни, д’Артаньяннинг юзи – умидворликни, Арамиснинг юзи – хавотирни, Атоснинг юзи беғамликни ифодалаб турарди.
Бу пайт Портос фалон юқори мартабали хоним уни мушкул аҳволдан қутқаришни ихтиёр этиб қолганини шаъма қилиб улгурган бир дақиқалик суҳбатдан сўнг Мушкетон кириб келди.
У Портосни уйга чорлаб келганди, унинг аянч қиёфада маълум қилишича, у ерда соҳибининг ҳозир бўлиши ошиғич зарур эди.
– Бу менинг яроғ-аслаҳам важҳидами? – сўради Портос.
– Ҳаям, йўғам, – жавоб берди Мушкетон.
– Ахир, айта қолсанг бўлмайдими?
– Юринг, тақсир юра қолинг.
Портос ўрнидан турди, дўстлари билан хушлашиб, Мушкетонга эргашди. Орадан бир дақиқа ўтгач, бўсағада Базен пайдо бўлди.
– Тақсир уйда сизга бир одам кўз тутиб ўтирибди.
– Сизга нима керак, дўстим? – ҳар сафар хаёл черковга қайта таважжуҳ қилганда пайдо бўлгувчи ўша мулойим товуш билан сўради Арамис.
– Тақсир, уйда сизга бир киши мунтазир, – жавоб берди Базен.
– Бир киши?.. Қандай киши?
– Қандайдир гадой.
– Унга садақа қилинг, Базен ва айтингки, бечора гуноҳкор банда ҳақига дуо ўқиб қўйсин.
– Бу гадой сиз билан албатта гаплашмоқчи, мени кўрса хурсанд бўлади, деб ишонтирмоқда.
– Менга бирор гапни айтиб қўйишни сўрамадими?
– Ҳа, «Мабодо жаноб Арамис мен билан кўришгани келишни хоҳламаса, – деди, – у кишига менинг Турдан келганимни маълум қилинг».
– Турдан! – қичқириб юборди Арамис. – Минг бор узр жаноблар, аммо, афтидан, бу киши мен кутган хабарларни келтирган кўринади.
У стулдан дик этиб туриб, шоша-пиша хонадан чиқиб кетди.
Атос билан д’Артаньян икковлон қолдилар.
– Бу шоввозлар ишларини бир ёқли қилдилар, шекилли. Нима дейсиз, д’Артаньян? – сўради Атос.
– Портоснниг ҳамма ишлари соз кетаётгани менга маълум, – деди д’Артаньян, – Арамисга келганда эса, ростини айтсам, мен ҳеч қачон у хусусида чинакамига хавотирланган эмасман. Аммоки сиз, азизим Атос… инглизнинг пистолларини саховат билан улашиб юбордингиз, у сизнинг ҳаққингиз эди, хўш энди нима қиласиз?
– Дўстим, мен ўша такасалтангни ўлдирганимдан мамнунман, негаки, инглизни ўлдирмоқ – савоб иш, лекин унинг пистолларини чўнтагимга урганим-да борми, минбаъд кечирмасдим ўзимни.
– Қўйинг-э, муҳтарам Атос! Гапнинг очиғи, тушунчаларингиз алланечук, ақлга тўғри келмайдиган.
– Майли, бас бу хусусда!.. Кеча лутф айлаб мени йўқлаган жаноб де Тревиль сизни кардинал шафеълик қилгувчи аллақандай инглизларникида бот-бот бўлиб туради деб айтди. Шу гап ростми?
– Ростлиги шундан иборатки, мен бир инглиз аёлникида бўламан, у хусусида мен сизга аллақачонлар гапириб берганман.
– Ҳа-я, сарғишдан келган аёлникида, унинг борасида мен сизга қатор маслаҳатлар берувдим ва, албатта, бекор қилдим, негаки уларга амал қилишни сиз хаёлингизга ҳам келтириб қўймадингиз.
– Мен сизга ўз дастакларимни айтдим.
– Ҳа, ҳа. Бу нарса аслаҳа-анжом харид қилишингизда сизга ёрдам беришини айтгандингиз, шекилли.
– Бўлмаган гап! Мен бу аёл Бонасе хонимни ўғирлашда иштирок этганини тасдиқлаб олдим.
– Тушунаман. Бир аёлни излаб топиш учун сиз бошқа бирига ишқибозлик қиласиз: бу йўл энг узуни-ю, лекин шу билан бирга энг кўнгиллиси ҳам.
Д’Артаньяннинг Атосга бор гапни тўкиб солишига сал қолди, аммо бир жиҳат уни жиловлади: Атос орият масалаларида инжиқ эди, бизнинг ошиқ чўтлаган ва миледига қарши қаратилган кичик режада эса шундай икир-чикирлар мавжуд эдики, улар бу порсо томонидан рад этилган бўлурди, д’Артаньяннинг илгаридан бунга ишончи комил эди; мана шу сабабдан у индамай қўя қолишни афзал кўрди. Атос эса оламда энг бефарқ одам бўлгани учун д’Артаньяннинг ростгўйлиги бундан нарига ўтмади.
Хуллас, бир-бирига айтгудек унчалик муҳим ҳеч гапи бўлмаган икки дўстни биз тарк этайлик-да, Арамис кетидан эргашайлик.
Ўзи билан сўзлашмоқчи бўлган киши Турдан келганини эшитгач, йигит қандай шошқалоқлик билан Базеннинг кетидан отилганини ёки тўғрироғи унинг олдига тушиб олганини биз кўрдик; бир ҳатлашда у Феру кўчасидан Вожирар кўчасига ошиб ўтди.
Уйга киргач, у чиндан ҳам нигоҳлари маъноли, устбоши эса чувринди, дуварак кишини топди.
– Мени сўраган сизмисиз? – деди мушкетёр.
– Мен жаноб Арамисни сўраган эдим. Ўша киши сизмисиз?
– Ўзгинасиман. Сиз менга бирор нарса топширишингиз зарурми?
– Ҳа, аввало сиз менга бир кашталик рўмолчани кўрсатсангиз.
– Мана у, – ички чўнтагидан калит олиб ва садаф нақшли қора ёғочдан ясалган қутичани очиб гапирди Арамис. – Мана у, қаранг.
– Яхши, – деди гадой, – хизматкорингизни чиқариб юборинг.
Дарҳақиқат, бу гадойнинг ўз соҳибида нима иши борлигини билишга ошиққан Базен Арамис изидан шошиб, у билан қарийб бир вақтда уйга келган эди, лекин бу зудликнинг унга нафи бўлмади: гадой таклифига биноан соҳиби унга имо билан чиқиб туришни буюрди. Базен ҳам итоат қилишга мажбур бўлиб қолди.
У чиқиб кетгани ҳамон гадой ҳеч ким кўрмаётгани ва эшитмаётганига қаноат ҳосил қилиш истагида атрофга тез кўз югуртириб чиқди-да, чарм фўта билан пала-партиш боғланган чувриндиларини очди ва камзулининг юқори қисмини озгина сўкиб мактуб олди.
Муҳрни кўргач, Арамис севиниб қичқириб юборди, ёзувни ўпиб қўйди ва эҳтиром туйғусидан титроқ босиб, ичида қуйидаги сатрлар баён этилган мактубни очди:
«Биродар, яна бирмунча муддат айрилиқда юриш тақдирда бор экан, лекин фараҳли ёшлик кунлари узил-кесил қўлдан кетгани йўқ. Ўз бурчингизни қароргоҳда ўтайверинг, мен эса бўлак жойда ўтаб турибман. Ушбу мактубни топширгувчи киши беражак нарсани қабул этинг, олижаноб ва довюрак дворянга шоён тарзда жанг қилинг ва мени ёдингизда сақланг. Сизнинг қора кўзларингизни меҳр билан ўпиб қоламан.
Алвидо, ёки, тўғрироғи дийдор кўришгунча!»
Бу орада гадой камзулини сўкишда давом этмоқда эди; у имиллаб, ўзининг чиркин увадалари ичидан бир юз элликта иккитали испан пистолини чиқарди-да, уларни стол устига тўкди, эшикни очиб, таъзим қилдида, карахт турган Арамис унга ақалли бир оғиз сўз билан мурожаат этишга улгурмасдан ғойиб бўлди.
Шунда йигит мактубни қайта ўқиб чиқиб, унда илова борлигига кўзи тушди:
«Р. С. мактубни топширгувчига муносиб манзират қилинг – бу киши граф ва испан гранди бўлади».
– О, олтин орзулар! – бақирди Арамис. – Ҳа, ҳаёт ширин! Ҳа, ўн гулимиздан бир гулимиз ҳали очилгани йўқ! Ҳа, биз учун ҳали масъуд кунлар келажак! Менинг муҳаббатим, менинг жону жаҳоним, ҳаммаси, ҳаммаси сенга, соҳибжамол маъшуқам – сенга, ёлғиз сенга!
У стол устида ялтираб ётган олтинга қиё ҳам боқмасдан мактубни эҳтирос билан ўпа кетди.
Базен қўрқа-писа эшикни тақиллатди; уни хона ташқарисида тутиб туришга Арамиснинг ортиқ баҳонаси йўқ эди, унинг киришига ижозат берди.
Олтинни кўриб, Базен таажжубдан анқайиб қолди. Атосникидан кета туриб, ўша гадой дегани қандай одам экан деб билишга қизиқсиниб, йўл-йўлакай Арамисникига учраган д’Артаньяннинг ташрифини хабар қилгани киргани ҳам паққос хаёлидан чиқиб кетди.
Бироқ д’Артаньян хусусида Базен хабар қилишни унутиб қўйганини кўриб, Арамис билан ортиқча мулозамат қилиб ўтирмасдан у ўзи ҳақида ўзи ахборот бериб қўя қолди.
– Ўҳ-ҳў! Азбаройи шифо! – деди д’Артаньян – Мабодо сизга бу олхўрилар Турдан юборилган бўлса, сиздан илтимос, азизим Арамис, уларни етиштирган соҳибкорга менинг таҳсинларимни айтиб қўйинг.
– Сиз янглишяпсиз, дўстим, – эътироз қилди ҳар вақтдагидай писмиқ Арамис, – ҳув саёҳатимиз пайти бошлаб қўйган бир ҳижоли достоним учун ноширим юборган гонорар бу.
– Э, гап бу ёқда денг! – деди д’Артаньян. – Нима ҳам дердим, ноширингиз жуда валламат экан, азизим Арамис. Мен сизга айта оладиган бор гапим шу.
– Нима, тақсир, – қичқириб юборди Базен, – ёпирай, достон учун шунча пул тўлашадими? Бўлиши мумкин эмас! О, тақсир, бундан чиқди хоҳлаган нарсангизни уддасидан чиқар экансиз. Сиз худди жаноб де Вуатюр ёки жаноб де Бенсераб сингари машҳур бўлиб кетишингиз ҳам мумкин экан. Буниси ҳам менга маъқул. Шоир дегани бу руҳонийдан сал-пал ёмон, холос. Эҳ, жаноб Арамис, сиздан ўтинаман, шоир бўлиб қўя қолинг!
– Базен, – деди Арамис, – назаримда, суҳбатга аралашяпсиз, дўстим.
Базен айбини тушунди; у бошини хам қилиб хонадан чиқиб кетди.
– Балли, балли, – табассум билан гапирди д’Артаньян. – Сиз ижод маҳсулингизни олтин баҳосига сотасиз – жуда омадлисиз, дўстим. Фақат эҳтиёт бўлинг, чўнтагингиздан чиқиб турган мактубни йўқотиб қўйманг. У ҳам ноширингиздан бўлса керак.
Арамис қип-қизариб кетди, мактубни ичкарироқ тиқиб қўйди-да, камзулининг тугмаларини қадаб олди.
– Азизим д’Артаньян, – деди у, – келинг дўстларимиз ҳузурига борайлик. Энди мен бойман, бойиш гали сизга келгунча биз ўзимизнинг умумий зиёфатларимизни қайта бошлаймиз.
– Бажонидил! – жавоб берди д’Артаньян. – Кўпдан бери тузук-қуруқ дастурхон юзини кўрмадик. Устигаустак бугун кечқурун анча қалтис хуружим бор, очиғини айтсам, бир-икки шиша эски бургунд шароби билан ўзимни андак қизитиб олсам чакки бўлмайди.
– Эски бургунд шароби ҳам бўлаверади. Мен ҳам унга қарши эмасман, – деди Арамис. Олтинни кўриши билан унинг бу дунёни тарк этиш борасидаги барча хаёллари асар қолдирмай учиб кетганди.
У тириклик ҳожатларга уч ёки тўртта иккиталик пистолни чўнтакка солиб, қолганларини тилсим хизматини ўтагувчи машҳур дастрўмолча ётган садаф нақшли тўқ ранг қутичага қулфлаб қўйди.
Оғайнилар иштиёқ билан Атосникига равона бўлдилар. Ичган қасамига содиқ қолиб Атос зиёфат таомларини уйига келтириб бериладиган қилиб уюштиришга бел боғлади; д’Артаньян билан Арамис унинг пазандачилик икир-чикирларига улкан шинавандалигини билганлари ҳолда, бу муҳим иш ташвишларини бажонидил унинг ўзига қўйиб бердилар.
Улар Портосникига йўл олишди, туйқусдан Бак кўчаси муюлишида тарвузи қўлтиғидан тушиб, хачир билан отни олдига солиб кетаётган Мушкетонни учратиб қолдилар.
– Бу менинг саман тойчоғим-ку! – бир нав қувонч аралаш таажжуб билан қичқирди д’Артаньян. – Арамис, мана бу отга бир қаранг-а!
– О, нақадар расво қирчанғи! – деди Арамис.
– Биласизми, азизим, – гапида давом этди д’Артаньян, – сизга маълум қилишим мумкинки, бу мен Парижга миниб келган отнинг ўзгинаси.
– Ие, тақсир, сиз бу отни танийсизми? – ҳайрон қолди Мушкетон.
– Унинг туси жуда ғалати экан, – гап қистирди Арамис, – умрим бино бўлиб бунақасини биринчи кўришим.
– Бўлмасам-чи! – севиниб кетди д’Артаньян. – Агар мен уни уч экюга сотган бўлсам, худди туси учун-да, негаки қолган-қутгани учун менга ўн саккиз ливр ҳам тўламаган бўлардилар. Бироқ, Мушкетон, қандай қилиб бу от сенинг қўлингга тушиб қолди?
– Оҳ, сўраб нима қиласиз, тақсир, герсогинямизнинг эри бизга шу хунук ҳазилни қилиб ўтирибди!
– Қандай қилиб ахир, Мушкетон?
– Биласизми, бизга бир кибор хоним хайрихоҳ, герсогиня де… Айтганча, афу этгайсиз, соҳибим номини айтишни менга тақиқлаб қўйган. У арзимаган бир совға – қулинг ўргилсин испан йўрғаси билан қараб кўз тўймайдиган андалуз хачирини қабул этишга бизни мажбур этди. Бундан эри хабар топиб қолиб, бизга олиб келаётганларида иккала ажойиб жониворни тортиб олиб, йўлда мана шу жирканч ҳайвонлар билан алмаштириб қўйипти.
– Шуларни қайтариб ҳайдаб кетяпман дегин? – сўради д’Артаньян.
– Барака топинг, – жавоб берди Мушкетон, – танангизга ўйлаб қаранг, ваъда этилганларнинг ўрнига биз буларни қабул этолмаймиз-да, ахир.
– Йўқ, албатта, азбаройи шифо, гарчанд Портосни менинг саман айғиримни минган ҳолда жуда кўргим бор эди; бу, Парижга келган пайти мен ўзим кимга ўхшаганим хусусида ўзимга бир мунча тасаввур берган бўлурди. Бироқ биз сени тутиб ўтирмаймиз, Мушкетон. Бор, соҳибингнинг фармойишини бажаравер. У уйдами?
– Уйда, тақсир, – жавоб берди Мушкетон, – лекин жуда дарғазаб, ўзингиздан қолар гап йўқ.
У Улуғ Августинлар соҳили томон юриб кетди, оғайнилар эса ношуд Портоснинг остонасида қўнғироқ қилдилар. Лекин Портос уларнинг ҳовлини кесиб ўтганларини кўриб турган бўлсаям, эшикни очишни хоҳламади. Уларнинг уриниши натижасиз қолди.
Бу орада Мушкетон иккала қирчанғини олдига солиб йўлида кетаверди ҳамда Янги кўприкдан ўтгач, Айиқ кўчасига етди. Бу ерда соҳибиниг фармойишларига амал қилиб, у от билан хачирни прокурор уйининг эшик болғачасига боғлаб қўйди-да, уларнинг эндиги қисмати тўғрисида бош қотирмасдан Портос ҳузурига қайтиб, унга топшириқ адо этилганини маълум қилди.
Орадан бирмунча вақт ўтгач, нақ саҳардан бери қантарилган шўрлик ҳайвонлар эшик болғачасини тортиб, бирам шовқин сола бошладиларки, прокурор кичик мирзага кўчага чиқишни ва қўни-қўшнилардан бу от билан хачир кимга қарашли эканлигини суриштиришни топширди.
Кокнар хоним ўз тортиғини таниди-ю, дастлаб уларнинг қайтарилишининг маъносига етмади, лекин ҳадемай Портоснинг ташрифи унга ҳаммасини изоҳлаб берди. Йигит ўзини қўлга олишни ҳар қанча истаса-да, кўзларида ғазаб чақнаб, таъсирчан маҳбубасининг қутини ўчириб юборди. Гап шундаки, Мушкетон ўз соҳибидан д’Артаньян ва Арамис билан учрашганини яширмаган ҳамда д’Артаньян малла отни ўзи Парижга миниб келган ва уч экюга сотиб юборган беарн айғирлигини таниб қолганини унга сўзлаб берган эди.
Прокурор хонимга Сен-Маглуар монастири ёнида мулоқот тайинлаб, Портос хайр-маъзур қилди. Унинг кетаётганини кўриб, прокурор уни тушликка таклиф этди, лекин мушкетёр энг маҳобатли бир алфозда бу таклифни рад қилди.
Кокнар хоним Сен-Маглуар монастири ёнига юраги дов бермай ташриф буюрди. Ўзини у ерда таъналар кутажагини у олдиндан билиб турарди, лекин Портоснинг кибор қилиқлари унга жуда кучли таъсир қилди.
Орияти келган эркак киши аёл бошига неки лаънату таъналарни ёғдириши мумкин бўлса, ҳаммасини Портос прокурор хонимнинг эгик бошига тўкиб солди.
– Тавба-ей! – деди прокурор хоним. – Қўлимдан нима келса, мен ҳаммасини қилдим. Мижозларимиздан бири от олиб сотади. Унинг идорамиздан пул қарзи бор эди-ю, тўлашни истамасди. Мен бу хачир билан отни ўша қарз эвазига олувдим. У менга нақ қиролга муносиб отларни ваъда қилиб эди.
– Билиб қўйингки, хоним, – деди Портос, – башарти ўша қаллобнинг сиздан беш экюдан зиёд қарзи бор экан, у ўғрининг ўзи.
– Арзонроқ нарсани қидириш ҳеч кимга тақиқланмаган-ку, ахир, жаноб Портос, – ўзини оқлашга уриниб эътироз билдирди прокурор хоним.
– Бу гап рост, хоним, лекин кимки арзон-гаров нарсанинг пайига тушган экан, у бошқа бировларнинг ҳам саховатли дўстлар қидиришига изн бериши керак.
Портос кетишга чоғланиб тескари ўгирилиб олди.
– Жаноб Портос! Жаноб Портос! – қичқирди прокурор хоним. Мен гуноҳкорман, буни тан оламан Сиз сингари келишган йигитнинг аслаҳа-анжоми ҳақида гап кетгандан кейин мен савдолашиб ўтирмаслигим лозим эди!
Бир оғиз гапирмасдан Портос яна бир қадам йироқлашди.
Прокурор хонимнинг кўзига у аллақандай ялтироқ булутга ўраб чулғангандай, герсогиняю маликаларнинг бутун бир тўпи унинг оёқлари остига қоп-қоп олтинларни ташлаётгандай кўриниб кетди.
– Тўхтанг, жаноб Портос, – қичқириб юборди у. – Худо хаққи, тўхтанг, гаплашиб олишимиз керак!
– Сиз билан суҳбат мени бахтсизликка дучор қилади, – деди Портос.
– Бироқ менга айтсангиз-чи, талабингиз нима?
– Ҳеч нима, чунки сиздан бир нима талаб қилишу қилмаслик – барибир.
Прокурор хоним Портоснинг қўлига осилиб олдида, дард билан хитоб қилди:
– О, жаноб Портос, мен бу нарсаларнинг фаҳмига етмайман! Мен от нималигини билармидим? Жабдуқ нималигини мен билармидим?
– Бу ишни менга – бунинг фарқига борадиган одамга қўйиб бериш керак эди, хоним. Лекин сиз арзимаган тийинларни тежаб қолмоқчи бўлдингиз.
– Бу менинг хатойим бўлди, жаноб Портос, лекин мен уни тузатаман, ўлай агар, тузатаман.
– Хўш, қандай қилиб? – сўради мушкетёр.
– Менга қаранг. Шу бугун кечқурун жаноб Кокнар бир маслаҳат учун уйига чақиртирган, герсог де Шонникига боради. У ердан у икки соатсиз қайтмайди. Келинг, биз ёлғиз бўламиз ва ўзимизга зарур ҳамма нарсани ҳисоблаб чиқамиз.
– Бош устига, азизам! Мана буниси бошқа гап!
– Шундай қилиб, мени кечирасизми?
– Кўрамиз, – салобат билан деди Портос.
Улар бир-бирига «оқшомгача», дея хайрлашиб ажралдилар. «Азбаройи шифо! – кўнглидан кечирди Портос кета туриб. – Бу гал, ниҳоят метр Кокнарнинг сандиғига етишадиганга ўхшайман!»