Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 34

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 34 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Сўнг мушкетёр ўзига хос совуққонлик билан нонуштани тугатгани ўтириб олди.

– Менинг фикримними? – қайтариб сўради д’Артаньян.

– Ҳа, миямга бир боп фикр келиб қолди, деб эдингиз, – жавоб берди Атос.

– Э-ҳа эсимга тушди: мен иккинчи марта Англияга жўнайман-да, Бэкингем ҳузурига ташриф буюраман.

– Сиз буни қилмайсиз, д’Артаньян, – совуқ эътироз билдирди Атос.

– Нега? Ахир мен у ерда бир марта бўлганман.

– Ҳа, лекин у кезлар бизда уруш бўлмаган, у кезлар Бэкингем бизнинг душманимиз эмас, иттифоқчимиз эди. Сиз қилмоқчи бўлаётган ишни хиёнат деб санайдилар.

Д’Артаньян бу баҳонада жуда жон борлигини тушунди-ю, индамай қўя қолди.

– Менинг миямга ҳам дурустгина фикр келди чоғи, – эълон қилди Портос.

– Эшитайлик, Портос нима ўйлаб топди экан! – таклиф этди Арамис.

– Мен жаноб де Тревилдан бирор важ билан – сизлар тўқиб бермасангиз, мен бунақа нарсаларга йўқман, жавоб сўрайман. Миледи мени танимайди, мен ҳам унда шубҳа туғдирмасдан унинг ёнига бир амаллаб кираман. Дўндиқчани топиб олганимдан кейин эса мен уни бўғиб ўлдираман.

– Ҳа майли, ўзи ҳам Портоснинг таклифини қабул этишга рози бўлишимга сал-пал қолди, холос, – деди Атос.

– Бе, аёлни ўлдирармиш! – норози бўлди Арамис. – Йўқ, мана менда чиндан тўғри фикр пайдо бўлди.

– Гапиринг, Арамис, сиз нима ўйлаб топдингиз! – деди ёш мушкетёрга ҳурмати жуда баланд бўлган Атос.

– Қироличани огоҳ этмоқ лозим.

– Ҳа-я, дарҳақиқат! – хитоб қилишди Портос билан д’Артаньян.

Сўнггиси эса қўшимча қилди:

– Менимча, биз тўғри чорани топдик.

– Қироличани огоҳ этмоқ! – такрорлади Атос. – Хўш бунинг иложи бўлармикин? Сарой қошида бизнинг алоқаларимиз борми ўзи? Бирпасда бутун қароргоҳга тарқалмайдиган қилиб биз битта-яримтасини Парижга жўната олармидик? Бу ердан Парижнинг ораси бир юз қирқ ле келади. Мактубимиз Анжергача етиб улгурмасдан бизни аллақачон қамоққа солиб бўлишади!

– Мактубни ишончли йўл билан ҳазрат олияларига етказиб беришга келганда, – қизариб сўз бошлади Арамис, – буни мен ўз зиммамга оламан. Мен Турда бир эпчил хонимни танийман…

Атоснинг чеҳрасидаги табассумга кўзи тушиб Арамис жимиб қолди.

– Ана, холос! Сиз бу таклифга қаршимисиз, Атос? – таажжубланди д’Артаньян.

– Мен уни буткул рад этмайман-у, – жавоб берди Атос, – лекин фақат Арамисга унинг қароргоҳини тарк этолмаслигини айтиб қўймоқчи эдим, ўзимиздан бўлак ҳеч кимсага эса ишониб бўлмайди: чопаримиз жўнаб кетгандан икки соат ўтгандан кейин кардиналнинг жамики капутсинлари, жамики жосуслари, жамики югурдаклари бизнинг мактубимизни ёддан билиб олишади-да, сизни ҳам, эпчил хонимингизни ҳам ҳибсга олишади.

– Яна шуниси ҳам борки, – луқма қистирди Портос, – қиролича Бэкингемни қутқариб қолади, лекин бизни қутқармайди.

– Жаноблар, Портоснинг гаплари мантиқдан холи эмас, – маъқуллади д’Артаньян.

– Ие! Шаҳарда нималар бўляпти ўзи? – сўради Атос.

– Жар соляптилар.

Дўстлар қулоқ солишди: чиндан ҳам ноғора садолари эшитилмоқда эди.

– Мана кўрасизлар, улар устимизга бутун бир полкни юборишади, – деб қўйди Атос.

– Бутун бир полкка бас келмоқчи бўлманг тағин? – сўради Портос.

– Нега энди бас келмас эканман? – жавоб берди Атос. – Руҳим кўтаринки, яна бир ўн-ўн беш шиша ғамлаб олишга фаҳмимиз етганда борми, мен бутун бошли армияга ҳам бас келган бўлардим.

– Худо ҳаққи, ноғора садолари яқинлашиб келяпти, – огоҳ этди д’Артаньян.

– Келса келавермайдими, – жавоб берди Атос, – бу ердан шаҳар нақ чорак соатлик йўл. Бинобарин, шаҳардан бу ергача ҳам шунча вақт даркор. Бу вақт бирор қарорга келмоқ учун бизга етиб ортади. Агар бу ердан кетиб қолсак, бўлак ҳеч қаерда суҳбат учун бундай қулай жойни тополмаймиз. Биласизми, жаноблар, айни шу тобда миямга ажойиб фикр келиб турибди.

– Гапиринг, ахир!

– Аввал Гримога тегишли йўл-йўриқлар беришга ижозат этинг.

Атос қўл ҳаракати билан қаролини чақириб олдида, бастионда ётган мурдаларга ишора қилган кўйи буюрди:

– Гримо, бу жанобларни олиб деворга суяб қўйинг, бошларига шляпаларини кийгизинг-да, қўлларига мушкетларини солиб қўйинг.

– О, улуғ зот! – хитоб қилди д’Артаньян. – Сени тушуниб турибман.

– Тушуниб турибсизми? – қайта сўради Портос.

– Сен-чи, Гримо тушуняпсанми? – сўради Атос.

Гримо тасдиқловчи ишора қилди.

– Бор талаб этилган нарса шу, – якунлади Атос, – менинг фикримга қайтайлик.

– Аммо мен бунинг моҳиятини жуда билгим бор, – ўз гапида туришда давом этди Портос.

– Бунинг ҳожати йўқ.

– Ҳа, ҳа, Атосни тинглайлик! – деб бирга гапирдилар д’Артаньян билан Арамис.

– Ўша миледининг, ўша аёлнинг, ўша касофат нусханинг, ўша шайтоннинг қайноғаси бор дегандай бўлиб эдингиз, д’Артаньян.

– Ҳа, мен уни яхши танийман, менинг фикримча, унинг келинига хуши йўқроқ.

– Буниси чакки эмас, – деди Атос, – агар уни кўрарга кўзи бўлмаганда эди, ундан ҳам яхши бўларди.

– У ҳолда шароит муддаомизга жуда қўл келади.

– Бироқ Гримонинг нима қилаётганини жуда тушунгим келяпти, – деб такрорлади Портос.

– Жим туринг, Портос! – уни тўхтатди Арамис.

– Унинг қайноғасининг номи нима эди?

– Лорд Винтер.

– У ҳозир қаерда?

– Уруш хусусида миш-мишлар тарқаган замон у Лондонга қайтиб кетган.

– Бизга худди ана шундай одам керак-да, – гапида давом этди Атос. – Ана шу кишини огоҳ этиб қўймоқ керак. Биз, келини фалончини ўлдириш пайида юрганини билдириб қўямиз-да, уни назардан қочирмасликни илтимос қиламиз. Лондонда авлиё Магдалина етимхонаси ёки тавба қилгучи бузуқлар уйи қабилида бирор ахлоқ тузатиш муассасаси мавжуддир деган умиддаман. У келинини ўша ерга гумдон қилишни буюради, ана унда биз бамайлихотир юришимиз мумкин бўлади.

– Ҳа, – кўнди д’Артаньян, – у ердан чиқиб олгунча.

– Гапнинг очиғи, менга даъволаринг меъёридан ошиб кетяпти, д’Артаньян, – деб қўйди Атос, – мен ўзимнинг ақлим етган ҳамма гапни тўкиб солдим. Ихтиёримда бўлак ҳеч нима йўқ, билиб қўйинг.

– Мен бўлсам, – деб ўз фикрини ифода этди Арамис, – қироличани ҳам, Лорд Винтерни ҳам огоҳ этсак, мақсадга мувофиқ бўлади дейман.

– Ҳа, лекин Тур билан Лондонга мактубларни кимдан юборамиз?

– Мен Базенга кафилман, – деди Арамис.

– Мен бўлсам Планшега, – маълум қилди д’Артаньян.

– Дарҳақиқат, – гапни илиб кетди Портос, – бизлар қароргоҳни тарк этолмаганда ҳам, хизматкорларимизга бу нарса ман этилмаган.

– Тўппа-тўғри, – маъқуллади Арамис. – Биз шу бугуноқ мактубларни ёзамиз, улар биздан пулни олгач жўнаб кетишади.

– Уларга пул берамиз? – қайта сўради Атос. – Ҳали пулим бор денг?

Тўрт оғайни кўз уриштириб олишди, уларнинг эндигина ёришган чеҳралари яна қоронғилашиб кетди.

– Қаранглар! – бақирди д’Артаньян. – Мен қора ва қизил нуқталарни кўряпман… ана улар силжиб келяпти. Сиз бўлсангиз полк деб ўтирибсиз, Атос! Ахир, бу бутун бошли армия-ку!

– Ҳа, сиз ҳақсиз, ана улар! – деди Атос. – Бу муғомбирларни қаранглар-а? Ими-жимида келишяпти, ноғора ҳам, карнай ҳам чалишмаяпти… Ҳа, Гримо сен эплаб бўлдингми?

Гримо тасдиқловчи ишора қилди-да, ўзи девор бўйлаб энг манзарали тахлитда жойлаштириб чиққан ўн икки чоғли мурдани кўрсатди: бир хиллари милтиқни елкага олиб туришар, бошқа бировлари нишонга олар, баъзилари эса қўлида яланғоч қилични тутиб турарди.

– Қойил! – маъқуллади Атос. – Тасаввурингга балли!

– Лекин барибир, – яна гап бошлади Портос, – мен бунинг моҳиятини жуда билгим бор.

– Келинглар, аввал бу ердан жўнаб қолайлик, – таклиф этди д’Артаньян, – кейин эса тушуниб олаверасан.

– Бир зум шошманг, жаноблар, бир зум! Гримо дастурхонни йиғиштириб олсин.

– Ўҳў! – деди Арамис. – Қора ва қизил нуқталар анча катталашиб қолди, мен ҳам д’Артаньяннинг фикрига қўшиламан: назаримда, вақтни зое кетказишнинг ҳожати йўқ, тезроқ қароргоҳга қайтмоқ керак.

– Ҳа, чекинишга менинг ҳам энди ҳеч қаршилигим йўқ, – деди Атос, – биз бир соатга гаров бойлашган эдик, бу ерда бир ярим соат бўлдик. Энди ҳеч ким қилдан қийиқ ахтармайди. Юринглар, жаноблар, юринглар.

Гримо савату нонушта сарқитлари билан ғизиллаб аллақачон олдинга тушиб бўлганди.

Тўрт оғайни унинг орқасидан чиқиб, энди ўн қадамлар юрганда, тўсатдан Атос хитоб қилиб қолди:

– Э, азбаройи шифо, биз ўзи нима қиляпмиз жаноблар!

– Сен бирор нарсани унутиб қолдирибсанми? – сўради Арамис.

– Байроқ-чи, азбаройи шифо! Байроқни, гарчи у шунчаки дастрўмол бўлганда ҳам ёвга қолдириб кетиш ярамайди.

Атос бастионга отилди, ҳавозага чиқди-да, байроқни ечиб олди, лекин ларошелликлар ўқ тегарли масофага келиб қолганлари сабабли гўё азбаройи эрмак учун ўзини ўққа тутиб бераётган одамга ўт очдилар.

Бироқ Атос худди сеҳрлангандай эди: улар унинг ёнверидан чийиллаб учиб ўтарди-ю, лекин бирортаси унга тегмасди.

Атос шаҳар мудофаачиларига орқа ўгирди-да, қароргоҳ, мудофаачиларини қутлаган кўйи байроқни силкитиб қўйди. Икки тарафдан ҳам қаттиқ ғулу кўтарилди: бир тарафдан қаҳру ғазаб фиғонлари, иккинчи тарафда завқу шавқ суронлари.

Биринчи навбат ўқлар кетидан иккинчиси узилди-ю, уч ўқ дастрўмолни тешиб ўтиб, уни чинакам байроққа айлантириб қўйди.

Бутун қароргоҳ:

– Тушинг! Тушинг! – дея бақирарди.

Атос пастга тушди; юракларига ғулғула тушиб илҳақ бўлиб турган ўртоқлари унинг зоҳир бўлишини зўр қувонч билан қарши олдилар.

– Юринг, Атос, юринг, – дея уни қистарди д’Артаньян, – қадамни тезлаштирайлик, тезлаштирайлик! Энди қайдан пул олишдан бўлак ҳамма нарсага ақлимиз етган пайтда бизни ўлдириб қўйсалар аҳмоқона гап бўлади.

Лекин Атос ўртоқларининг панд-насиҳатларига қарамай, улуғвор одим ташлаб боришда давом этарди. Барча қистовлари беҳудалигини кўргач, улар ҳам у билан баравар оёқ ола бошладилар.

Гримо ва унинг савати улардан анча ўзиб кетган, аллақачон ўқ етмас жойга бориб олган эди.

Бир дақиқа ўтгач, шиддатли отишма эшитилди.

– Бу нимаси? Улар кимга отишяпти? – эсанкирарди Портос. – Мен жавоб ўқларнинг чийиллашини эшитмаяпман, ҳеч кимни кўрмаяпман ҳам.

– Улар бизнинг мурдаларимизга отишяпти, – изоҳ берди Атос.

– Аммо бизнинг мурдаларимиз уларга жавоб қилишмайди.

– Баракалло. Шунда улар пистирма қўйишган деб хаёл қиладилар-да, кенгаша бошлайдилар, элчи юборадилар, ахири-оқибат гапнинг тагига тушуниб етганларида эса улар бизга ўқни тегизишолмайдилар. Мана нима сабабдан шошилишимизга, биқинимизда санчиқ орттиришимизга ҳожат йўқ.

– Ҳа, энди тушуняпман! – қойил қолди Портос.

– Худога шукур! – елкасини қисган кўйи деб қўйди Атос.

Французлар тўрт оғайнининг бир маромда одим ташлаб қайтиб келишини кўриб, завқу шавқ билан бақиришарди.

Яна ўқлар гумбурлай бошлади, лекин бу гал ўқлар дўстларимиз теварагида, йўлнинг чекка-чеккаларида ётган харсангларга келиб урилиб парчаланарди, уларнинг қулоқлари остида мудҳиш чийилларди. Ларошелликлар ниҳоят бастионни қўлга олган эдилар.

– Зап нўноқ мерганлар-да! – деди Атос. – Улардан нечтасини узала қилдик? Ўн иккитами?

– Ўн бешта денг.

– Нечтасини бостириб юбордик?

– Саккиз ё ўнтасини.

– Бунинг ҳаммаси эвазига бирор жойимиз тирналмаса! Йўқ, нима десангиз денг… қўлингиздаги нима, д’Артаньян? Қон эмасми ишқилиб?

– Арзимаган нарса, – жавоб берди д’Артаньян.

– Дайди ўқми?

– Ҳатто ўқ ҳам эмас.

– Бўлмаса нима?

Атос д’Артаньянни худди ўз ўғлидай севишини биз айтиб ўтган эдик: бу тунд, қаттиққўл киши гоҳи маҳаллар йигитга нисбатан чин оталарча ғамхўрлик қиларди.

– Шилиниб кетди, – тушунтирди д’Артаньян, – девор қўлимни қисиб қолди, узукнинг кўзи эса этимни шилиб кетди.

– Мана, олмос тақиб юришнинг оқибати, муҳтарам афандим! – истеҳзоли тарзда гапирди Атос.

– Ҳа-я, дарвоқе, узукда олмос бор-ку! – қичқириб юборди Портос. – Нега энди биз пулимиз йўқ деб нолияпмиз, азбаройи шифо?

– Ҳа, рост! – гапни илиб кетди Арамис.

– Офарин, Портос! Бу, ҳақиқатан қутлуғ фикр!

– Албатта, – Атоснинг мақтовидан ифтихор қилиб деди Портос, – олмос бўлгандан кейин уни сотса бўлади-да.

– Лекин бу қироличанинг туҳфаси-ку, – эътироз билдирди д’Артаньян.

– Уни ишга солишга қайтанга асос бу, – мулоҳаза қилди Атос. – Қироличанинг туҳфаси Бэкингемни, унинг маҳбубини халос этиши ниҳоятда адолатдан бўлади, бизни – унинг дўстларини сақлаб қолиши эса ниҳоятда савоб иш бўлади, шу важдан ҳам биз уни сотиб юборамиз. Бу борада аббатимиз нима дейди? Портоснинг фикрини сўраб ўтирмайман, у бизга маълум.

– Чамамда, – қизариб гапира кетди Арамис, – модомики, бу узук маъшуқадан олинмаган экан ва, бинобарин, муҳаббат рамзи эмас экан, д’Артаньян уни сотса бўлади.

– Муҳтарам дўстим, сиз тажассум ақоид каби гапирасиз. Хуллас, сизнинг фикрингизча…

– … Олмосни сотмоқ керак.

– Хўп яхши! – хушнудлик билан рози бўлди д’Артаньян. – Олмосни сотамиз, садқаи ортиқча гап бунга.

Отишма давом этар, лекин дўстларимиз аллақачон ўқ етмас масофада боришар, ларошелликлар фақат номус кучи ўқ узмоқда эдилар.

– Рости гап, бу фикр Портоснинг миясига айни мавридида чалиниб қолди: мана келиб ҳам олдик. Хуллас, жаноблар бу ишнинг ҳаммаси хусусида ортиқ лом-мим дейилмасин. Бизга қараб турибдилар, бизга пешвоз келяптилар ҳамда бизга тантанали қабул уюштирадилар.

Ҳақиқатан ҳам, биз айтиб ўтганимиздек, бутун қароргоҳ ҳаяжонга келган эди: икки мингдан зиёд одам бамисоли спектаклдаги сингари тўрт оғайнининг омон-эсон тугаган мардона қилиғини томоша қилган эдилар; унинг жангга ундагувчи асл сабабини ҳеч ким пайқамасди, албатта.

Қароргоҳни олқишлар сурони тутиб кетганди:

– Яшасин гвардиячилар! Яшасин мушкетёрлар!

Жаноб де Бюзини Атоснинг ёнига биринчи бўлиб келди-да, унинг қўлини қисиб гаров ютқизилганлигини тан олди. Де Бюзини кетидан драгун билан швейцариялик келиб қутлашди, улардан кейин эса қароргоҳдаги барча ўртоқлари ҳам табриклашди. Олқишлар, қўл қисишлар, қучоқлашишлар-у ларошелликлар устидан бошланган ҳазил-мазахларнинг ниҳояси йўқ эди. Шунақа тўс-тўполон бўлиб кетдики, кардинал исён бошланди деб гумон қилиб, қароргоҳда нима рўй берганидан хабар олгани ўз гвардияси капитани Ла Удинерни юборди.

Вакилга воқеани бошдан-оёқ энг ҳаяжонли ибораларда сўзлаб бердилар.

– Хўш, нима гап? – Ла Удинер қайтиб келгандан кейин сўради кардинал.

– Гап шуки, зоти олийлари, уч мушкетёр билан бир гвардиячи жаноб де Бюзини билан Сен-Жерве бастионида нонушта қиламиз деб гаров бойлашипти ва шу нонушта устида ёвга басма-бас келишипти, ҳам бир дунё ларошелликларни ер тишлатишипти.

– Ўша уч мушкетёрнинг номларини билдингизми?

– Ҳа, зоти олийлари.

– Айтинг-чи?

– Булар Атос, Портос ва Арамис жаноблар.

«Ўша уч довюрак!» – ўзича деди кардинал.

– Гвардиячи-чи?

– Жаноб д’Артаньян.

– Яна ўша навқирон муғомбир! Бу тўрт оғайнининг менинг хизматимга ўтиши шарт.

Кечқурун жаноб де Тревиль билан суҳбатлашаркан, кардинал бутун қароргоҳда дув-дув гап бўлмиш эрталабки қаҳрамонликни тилга олди. Бу саргузашт ҳикоясини иштирокчиларнинг ўз оғзидан эшитган жаноб де Тревиль уни падари бузрукворга бутун тафсилотлари билан дастрўмол эпизодини ҳам фаромуш қилмай қайтадан сўзлаб берди.

– Жуда яхши, жаноб де Тревиль! – деди кардинал. – Бу тўрт баҳодир бир-бирини шу қадар яхши кўргандан кейин адолат юзасидан биргаликда хизмат ўтамоғи лозим.

Ўша оқшомдаёқ жаноб де Тревиль бу хушхабарни уч мушкетёр билан д’Артаньянга маълум қилди-да, шу пайтнинг ўзида тўрталасини ҳам ўзиникига келаси кунга нонуштага таклиф этди.

Д’Артаньяннинг қувончи ичига сиғмасди. Маълумки, мушкетёр бўлиш унинг бутун ҳаётининг орзу-армони эди.

Унинг уч дўсти ҳам жуда қувониб кетди.

– Худо ҳаққи, фикринг қойилмақом экан, – деди д’Артаньян Атосга, – сен ҳақ бўлиб чиқдинг: биз у ерда шон-шараф топдик, ҳам ўзимиз учун жуда аҳамиятли суҳбатни бошладикки…

– …уни энди биз ҳеч кимнинг кўнглига шубҳа солмасдан давом эттиришимиз мумкин: ахир худо хоҳласа, ҳозирдан эътиборан биз кардиналчилар деб таниламиз-да.

Ўша оқшомдаёқ д’Артаньян ўз эҳтиромини ифода этмоқ ҳамда кардинал кўрсатган иноятни маълум қилмоқ учун жаноб Дезессара ҳузурига равона бўлди.

Д’Артаньянни жуда севгувчи Дезессара бундан хабар топгач, унга ўз хизматларини таклиф қилди: бошқа полкка ўтиш жуда катта уст-бош ва аслаҳа-анжом харажатлари билан боғлиқ эди.

Д’Артаньян унинг ёрдамидан бош тортди, лекин ғанимат фурсатдан фойдаланиб, Дезессерадан у олмосни баҳолашни илтимос қилди ва пулга чақишини сўраб, унга узукни бериб қўйди.

Келаси куни эрталаб соат саккизда Дезессаранинг қароли д’Артаньян ҳузурига ташриф буюрди-да, унга ичида етти минг ливр пули бор бир халта олтин топширди.

Бу қиролича олмос узугининг баҳоси эди.

XVIII
Оилавий иш

Атос муносиб ном топди: оилавий иш. Оилавий иш кардинал измида эмас эди; оилавий ишнинг ҳеч кимга дахли йўқ эди; оилавий иш билан ҳамманинг кўз ўнгида шуғулланмоқ мумкин эди.

Демак, Атос ном топди: оилавий иш.

Арамис йўлини топди: қаролларни юбормоқ.

Портос воситасини топди: олмосни сотмоқ.

Одатда, ҳар тўрталаси ичида энг топқири бўлмиш ёлғиз д’Артаньянгина ҳеч нима ўйлаб топмади, лекин сирасини айтганда, миледи номининг ўзи унинг барча ўй-хаёлларини карахт қилиб қўйган эди.

Йўғ-эй, биз янглишиб кетдик: у олмосга харидор топди.

Жаноб де Тревилникидаги нонуштада фараҳли файз ҳукм суради. Д’Артаньян аллақачон янги уст-бошда ташриф буюрган эди: унинг бўйи тахминан Арамис билан тенг, китобхонлар хотирлашича, ношири достонига жуда саховат билан ҳақ тўлаганлиги важҳидан ўзига ҳамма нарсани икки сидра миқдорда буюртган Арамис эса бош-оёқ саруполарининг бирини ўз дўстига инъом қилган эди.

Башарти хаёли уфқида қора булут сингари кетмай турган миледи бўлмаганда эди, д’Артаньян ўзини роҳату фароғатнинг чўққисида ҳис қилган бўларди.

Бу нонуштадан сўнг дўстлар кечқурун Атосникида тўпланиб, у ерда кўзланган ишни ниҳоясига етказишга келишиб олдилар.

Д’Артаньян кун бўйи қароргоҳ кўчаларида ўзининг мушкетёрлик сарполарини кўз-кўз қилиб айланиб юрди.

Оқшом тайин соатда тўрт оғайни учрашдилар; яна уч нарсани ҳал қилиб олмоқ керак эди:

Миледининг оғасига нима ёзишни;

Турдаги эпчил хонимга нима ёзишни;

Ҳамда хизматкорлардан қай бирига мактубларни элтиб беришни топширишни.

Ҳар ким ўзиникини таклиф этарди: Атос қачонки соҳиби изн берса, шундагина оғзини очгувчи Гримонинг камтарлигини қайд қиларди; Портос қадди-басти забардаст бўлган росмана бўйли тўрт кишини бемалол дўппослаб бериши мумкин Мушкетон кучининг таърифини келтирарди; Базеннинг уддабуронлигидан кўнгли тўқ Арамис ўз номзоди шаънига дабдабали олқишлар ёғдирарди; Планшенинг мардлигига батамом ишонган д’Артаньян эса унинг нозик булон ишидаги хатти-ҳаракатини пеш қиларди.

Бу тўрт фазилат биринчиликни олиш учун ўзаро узоқ талашди, шу муносабат билан ёрқин нутқлар сўзланди, уларни биз ҳаддан ташқари узун туюлар деган андиша билан келтириб ўтирмаймиз.

– Таассуфки, – луқма солди Атос, – вакилимиз шу сифатларнинг ҳар тўрттасини ўзида жо қилмоғи даркор.

– Лекин бундай хизматкорни қандай топиб бўларди?

– Унақасини топиб бўлмайди, – тасдиқлади Атос, – ўзимдан қиёс. Шу боисдан эса Гримони олинг.

– Йўқ. Мушкетонни.

– Ундан кўра Базенни.

– Менимча эса Планшени. У мард ва чаққон: мана сизларга тўрт сифатдан иккитаси.

– Жаноблар, – гап бошлади Арамис, – биз билиб олишимиз зарур энг асосий нарса – бу асло тўрт хизматкоримиздан қай бири камтарроқ, кучлироқ, уддабуронроқ ва мардроқлиги эмас; энг асосийси – уларнинг қай бири ҳаммасидан пулга ўчлиги.

– Ғоят Оқилона мулоҳаза, – деди Атос, – одамларнинг фазилатларини эмас, уларнинг қусурларини ҳисобга олмоқ керак. Жаноб аббат сиз улуғ маслаҳатгўй экансиз!

– Турган гап, асосий нарса шу, – гапини давом эттирди Арамис. – Бизга топшириқларимизнинг ишончли ижрочилари нафақат муваффақиятга эришмоқ, балки яна муваффақиятсизликка учрамаслик учун ҳам зарур. Ахир, иш ўнгидан келмаган тақдирда боши билан жавоб берадиган хизматкор эмас…

– Секинроқ гапиринг, Арамис! – уни тўхтатди Атос.

– Сиз ҳақсиз… Хизматкор эмас, балки соҳиб, ҳаттоки соҳиблар! Хизматкорларимиз бизга шу даражада содиқмики, токи азбаройи бизни деб жонини таҳлика остида қолдирса? Йўқ.

– Худо ҳақи, мен Планше учун кафилман ҳисоб, – эътироз қилди д’Артаньян.

– Ана энди жон дўстим, унинг беминнат садоқатига мўмайгина пул қўшинг, – бу унинг рўзғорини ҳарна таъминлайди, ана шунда сиз унинг учун икки карра кафолат берсангиз бўлади.

– Лекин, барибир сизга панд беришади, – деди гап нарсалар хусусида кетганда, ҳаётга ишонч билан боқувчи, гап одамлар хусусида кетганда кайфияти тушиб кетадиган Атос, – улар пулни олиш учун истаган нарсангизни ваъда қилишаверади, йўлда эса қўрқув уларнинг ҳаракатига монелик қилади. Уларни тутиб олишгач, исканжага олишади. Бу чорасиз ҳолатда эса улар ҳамма нарсага иқрор бўлишади. Биз болалар эмасмиз ахир, азбаройи шифо! Англияга етиб олмоқ учун, – Атос овозини пасайтирди, – кардиналнинг жосуслари-ю, гумашталари бўлиб гиж-гижлаб турган бутун Францияни босиб ўтмоқ лозим. Кемага ўтирмоқ учун рухсатномага эга бўлмоқ лозим. Лондонга йўл топмоқ учун эса инглизча гапиришнинг уддасидан чиқмоқ керак. Назаримда бу жуда мушкул иш.

– Йўғ-э, асло, – эътироз билдирди ўзларининг режалари амалга оширилишини жуда истагувчи д’Артаньян, – менимча, бу жуда осон. Энди, албатта, агар лорд Винтерга ҳар қандай даҳшатни, кардиналнинг бутун расвогарчиликларини…

– Секинроқ! – огоҳлантирди Атос.

– …бутун фитналар-у, давлат сирларининг таърифини келтириб ёзилса, – дея Атоснинг маслаҳатига кириб нимтовушда гапида давом этди д’Артаньян, – турган гап, бизнинг ҳаммамизни тириклай чархпалакка тортадилар. Лекин, азбаройи худо, шуни хотирдан чиқармангки, Атос, биз унга ўзингиз айтганингиздек оилавий иш юзасидан ёзамиз, биз унга ёлғиз шу мақсадда ёзамизки, миледи Лондонга борганда у бизга зиён етказиш имконидан уни маҳрум этсин. Мен унга тахминан мана шу мазмундаги мактуб ёзаман…

– Қулоқ солайлик, – ҳалитдан ўз чеҳрасига танқидий ифода бериб деди Арамис.

– «Муҳтарам афандим ва ҳурматли дўстим…»

– Ана холос, инглизга «ҳурматли дўстим» деб ёзилса! – унинг гапини кесди Атос. – Нима ҳам дердик, боши дуруст! Баракалло, д’Артаньян! Шу мурожаатнинг ўзи учун сизни чархпалакка тортиш қаёқда, тилка-пора қилишар.

– Хўп яхши, сиз ҳақсиз деяйлик. Мен жўнгина қилиб: «Муҳтарам афандим» – деб ёзаман қўяман.

– Сиз ҳатто «милорд» деб ёзишингиз ҳам мумкин, – деб луқма ташлади ҳамиша қабул этилган одоб қоидаларига риоя этишни зарурий деб ҳисоблагувчи Атос.

– «Милорд, Люксембург орқасидаги кичик тақир ер ёдингиздами?»

– Жуда яхши! Энди яна Люксембург ҳам денг! Буни она-қироличага шама деб санайдилар. Зап топибсизда! – мийиғида кулиб қўйди Атос.

– Хўп яхши, шунчаки: «Милорд, сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолишган ўша кичик тақир жой ёдингиздами?..» – деб ёзамиз.

– Жон д’Артаньян, сиз доим худо урган ёзувчи бўласиз, – деди Атос. – «Ҳаётингизни сақлаб қолишган» эмиш! Бе! Бу ношоён гап! Бу хил яхшиликларни орномусли одамга миннат қилмайдилар. Савоб ишни иддаҳо қилиш – ҳақорат қилиш демакдир.

– Оҳ, дўстим, феълингиз ёмон-да! – арз қилди д’Артаньян. – Агар сизнинг назоратингиз остида ёзиш лозим бўлса, мен қатъиян бош тортаман.

– Яхши қиласиз ҳам. Мушкет билан қиличингизни ишлатаверинг, азизим, бу икки машғулотда сиз катта маҳорат кўрсатасиз, қаламни эса жаноб аббатга қўйиб беринг, бу нарса унинг соҳаси.

– Дарҳақиқат, қаламни Арамисга қўйиб беринг, – маъқуллади Портос, – у ҳатто лотин диссертацияларини ёзади-ку, ахир.

– Хўп яхши, розиман! – таслим бўлди д’Артаньян. Бизга шу мактубни ёзиб беринг, Арамис. Бироқ авлиёларнинг авлиёси бўлмиш падаримиз – папани ўртага солиб ўтинаманки, эҳтиёт бўлиб ёзинг. Мен ҳам сиздан ғализ жумлалар қидираман, сизни огоҳлантириб қўяй.

– Бажонудил розиман, – шоирларга хос соддадиллик билан, билағонлик қилиб жавоб берди Арамис, – лекин мени ҳамма жиҳатлари билан таништириб қўйинг. Мен, рости гап, милорднинг келини ёмон шум деб кўп эшитганман, унинг кардинал билан суҳбатини эшитиб, ўзим ҳам бунга ишонч ҳосил қилдим.

– Секинроғ-эй, азбаройи шифо! – гапни бўлди Атос.

– … Лекин тафсилотлари менга номаълум, – гапини тугатди Арамис.

Д’Артаньян билан Атос бирмунча вақт индамай бирбирига қараб қолишди. Ниҳоят, Атос фикрларини жамлаб ва ранги одатдагидан кўра оқариб, бош ирғаш билан розилик билдирди-ю, д’Артаньян ўзига гапиришга изн берилганини фаҳмлади.

– Мана, нима хусусда ёзмоқ керак, – сўз бошлади у. – «Милорд, сизнинг келинингиз – жинояткор аёл, у сизнинг мулкингизни мерос қилиб олиш пайида ёнингизга қотил юборишга уринган. Лекин сизнинг акангизга тегишга унинг ҳаққи йўқ эди, негаки у Францияда турмуш қурган эди ҳамда…»

Д’Артаньян худди мувофиқ сўз қидираётгандай бўлиб тутилиб қолди-да, Атосга кўз ташлади.

– «… ҳамда эри уни ҳайдаб юборган», – гап қистирди Атос.

– «… боиси у тамғаланган эди», – гапида давом этди д’Артаньян.

– Бўлмаган гап! – деди Портос. – У ўз қайноғаси ёнига қотил юборишга уринганми?

– Ҳа.

– У турмуш қурган эдими? – қайтадан сўради Арамис.

– Ҳа.

– Эри унинг кифтидаги нилуфар тусидаги тамғани кўриб қолганмиди? – сўради Портос.

– Ҳа.

Бу учта «ҳа» Атос томонидан айтилган бўлиб, ҳар бири илгаригисидан тундроқ чиқарди.

– Унинг ўша тамғасини ўзи ким кўрган? – суриштирди Арамис.

– Д’Артаньян билан мен ёки, тўғрироғи, тадрижий тартибга амал қилинса, мен билан д’Артаньян, – жавоб берди Атос.

– Бу расво мавжудотнинг эри-чи, ҳали ҳаётми? – сўради Арамис.

– У ҳали ҳаёт.

– Сиз бунга аминмисиз?

– Ҳа, аминман.

Бир нафасга зўрма-зўраки сукунат чўкди, унинг асносида оғайниларнинг ҳар бири ҳозирги гаплар қолдирган таассуротлар билан бўлиб қолди.

– Бу гал, – биринчи бўлиб тилга кирди Атос, – д’Артаньян бизга мактубнинг ажойиб хомаки нусхасини қоралаб берди, номамизни худди шу гаплардан бошламоқ лозим.

– Азбаройи шифо, сиз ҳақсиз Атос! – деди Арамис. – Бундай мактубни тўқиш – жуда нозик масала. Жаноб канцлернинг ўзи бу қадар маънодор мактубни тузишда қийналиб қолган бўларди, гарчи жаноб канцлер протоколларни қуйиб ташлайди. Хўп майли! Жим тура туринглар, мен ёзай.

Арамис патни олди, бир оз ўйланиб турди, бежирим аёл ҳуснихати билан тўққиз-ўн сатр ёзиб чиқдида, сўнгра шошмасдан паст овоз билан, гўё ҳар сўзни салмоқлаб кўраётгандай қилиб, қуйидагиларни ўқиб берди:

«Милорд, сизга ушбу сатрларни ёзгувчи киши Ада кўчасидаги кичик тақир жойда сиз билан қиличлашиш шарафига ноил бўлган эди. Шундан сўнг кўп маротаба ўша кишини дўстим деб аташни раво кўрганингиз сабабли у ҳам яхши маслаҳат билан ўз дўстлигини сизга исбот этмоқни ўз бурчи деб билади. Икки дафъа сиз ўзингизга меросхўр деб ҳисоблаганингиз яқин қариндошингизнинг қурбони бўлаёздингиз, негаки унинг аллақачон Францияда эрга чиққани ўлароқ, Англияда никоҳдан ўтганидан сиз бехабарсиз. Лекин учинчи дафъа, яъни ҳозир сиз ҳалок бўлишингиз мумкин. Қариндошингиз шу бугун тунда Ларошелдан Англияга жўнаб кетди. Унинг келишига кўз-қулоқ бўлиб туринг, зеро унинг дилидаги ниятлари жуда даҳшатли. Агар унинг қўлидан нималар келишини муқаррар билмоқни истасангиз, ўтмишини унинг чап кифтидан ўқиб кўринг».

– Мана буниси жуда зўр! – маъқуллади Атос. – Сиз давлат котиби сингари ёзасиз, азизим Арамис. Энди лорд Винтер, бу огоҳномани олса бўлди. У қаттиқ назорат таъсис қилади, борди-ю, мактуб кардиналнинг қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам бизга зиён қилмаган бўларди. Лекин юборажак хизматкоримиз Шателродан нарига ўтмай, кейин эса бизни Лондонга бориб келдим деб ишонтириб туриши мумкин. Шу боисдан пулнинг ярмини у жавобни келтиргандан сўнг беришни ваъда этиб, ярмини мактубга қўшиб берамиз. Олмос ёнингиздами? – дея д’Артаньянга юзланди Атос.

– Ёнимда ундан дурустроқ нарса бор – менда пул бор.

Д’Артаньян столга халтани чиқариб ташлади.

Олтин жарангидан Арамис кўзларини кўтарди. Портос бир сесканиб тушди, Атос эса пинагини ҳам бузмади.

– Бу халтачадаги пул қанча? – сўради у.

– Ўн икки франкли луидорлар билан етти минг ливр.

– Етти минг ливр-а! – қичқириб юборди Портос. – Шу расво олмос узукча етти минг ливр турадими?

– Чамаси шундай, – деди Атос, стол устидаги пулдан кўз узмай. – Дўстимиз д’Артаньян уларга ўз пулларини қўшган деб гумон қилишга майлим йўқ.

– Лекин ҳамма нарсаларни муҳокама қилиб олдиг-у, қиролича хусусида ўйламаяпмиз, жаноблар, – ўз фикрига қайтди д’Артаньян, – унинг қалбининг арзандаси Бэкингемнинг саломатлигига оз-моз парво қилайлик. Шу арзимаган хизматимизни ундан дариғ тутсак бўлмайди.

– Ҳаққи рост гап, – кўнди Атос, – лекин бу ёғи Арамиснинг соҳаси.

– Хўш, мендан нима талаб этилади? – қизариб овоз берди Арамис.

– Энг жўн бир нарса: ўша Турда истиқомат қилгувчи эпчил хонимга мактуб битиш.

Арамис яна патни қўлига олди, яна озгина ўйланди-да, дарҳол ўз оғайнилари ҳукмига ҳавола этган қуйидаги сатрларни ёзиб ташлади:

– «Азиз бўла!..»

– Эҳа-а, ўша эпчил хоним қариндошингиз экан-да? – гап қистирди Атос.

– Холаваччам бўлади, – деди Арамис.

– Майли, холавачча бўлса бўла қолсин!

Арамис сўзида давом этди:

«Азиз бўла!

Падари бузрукворимиз жаноб кардинал илоё қиролликнинг душманлари юзини қора қилиб, Франция бахтига уни худо асрасин, Ларошелнинг исёнкор шаккокларини бир ёқли қилиб бўлди ҳисоб. Уларга мадад бергани келаётган инглиз флоти қалъага ҳатто яқин ҳам йўлолмаса ажаб эмас. Бирор муҳим воқеа жаноб Бэкингемнинг Англиядан жўнаб кетишига халал берса керак, деб ишонч билдиришга журъат қиламан. Падари бузруквор ўтмишнинг, ҳозирги куннинг ва эҳтимол келажакнинг энг атоқли арбобидир. Ғашига тегса борми, у қуёшни ҳам доғда қолдирган бўларди. Бу қувончли янгиликларни синглингизга маълум қилиб қўйинг, азиз бўла. Тушимда ўша лаънати инглиз ўлиб қолганмиш. Ханжар ебми, заҳар ичибми, эсимда йўқ, – бир нарсани ишонч билан айтишим мумкинки, тушимда у ўлганмиш, ўзингиз биласиз тушларим ҳеч вақт менга панд бермаган. Ишончингиз комил бўлсинким, тез орада дийдоримни кўрасиз».

– Жуда зўр! – хитоб қилди Атос. – Сиз шоирларнинг султонисиз, азизим Арамис! Сиз апокалипсис сингари сўз юритасиз, ҳақиқатни худди инжилдагидай ҳикматли қилиб гапирасиз. Энди шу мактубга адресни ёзиб қўйиш қолди холос.

– Буниси жуда осон, – деди Арамис.

У такаллуф билан мактубни буклади-да, устига ёзиб қўйди:

«Турдаги чевар қиз Мишонга».

Уч оғайни кула-кула кўз уриштириб олдилар: уларнинг ҳийласидан натижа чиқмаган эди.

– Энди тушуняпсизки, жаноблар, – гапира кетди Арамис, – биргина Базен бу мактубни Турга етказиши мумкин: менинг холаваччам ёлғиз Базенни танийди ҳамда ёлғиз унга ишонади, ўзга ҳар кимса ишни пачава қилади. Устига-устак Базен саводли ва ориятли, Базен тарихни билади, жаноблар, у Сикст Бешинчи папа бўлишдан илгари чўчқабоқар бўлганини билади. Базеннинг мен билан бирга диний рутба қабул қилиш нияти борлиги сабабли эса ўзи ҳам папа бўлиш ёки лоақал кардинал бўлишдан умидини узгани йўқ. Ўзингиздан қолар гап йўқ, мўлжални бу қадар юқори олган киши ўзини тутқизиб ўтирмайди, борди-ю қўлга тушганда ҳам азоб-уқубатларга рози бўлса бўладики, лекин ҳеч нимани бўйнига олмайди.

– Яхши, яхши, – рози бўлди д’Артаньян, – мен сиз учун бажонудил Базенни қўллаб-қувватлайман, лекин менга Планшени қўйиб беринг. Миледи бир қур уни дўппослашни буюрган, уйидан ҳам ҳайдаб чиқарган, Планшенинг эса хотираси яхши, мен сизларга кафилманки, мабодо қасдини олишга имконият туғилиб қолгудай бўлса, у бундай ҳузурдан кечгандан кўра ўлимига рози бўлади. Агар Турдаги ишлар сизга тегишли бўлса, Лондондаги ишлар шахсан менга тааллуқли. Шу важдан эса Лондонга ҳам мен билан бориб келган ва «London, sir, if you please»5454
  Марҳамат қилиб, менга Лондон йўлини кўрсатиб қўйсангиз, сер (инглизча).


[Закрыть]
ва «My master lord d’Artagnan»5555
  Менинг соҳибим лорд д’Артаньян (инглизча).


[Закрыть]
деган гапларни мутлақо тўғри айта биладиган Планшени танлашингизни илтимос қиламан. Хотирингизни жам қилингки, бундай билимлар билан у ёққа ҳам, бу ёққа ҳам йўлни у жуда яхши топади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации