Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 38 (всего у книги 47 страниц)
XXIII
Тутқунликнинг иккинчи куни
Миледининг тушига д’Артаньяннинг ахийри унинг қўлига тушгани ва ўзи унинг қатл маросимида иштирок этаётгани кириб ҳамда лабларидаги бу ширин табассумга жаллод ойболтаси остидан сачраб чиққан ирганч қон туси сабаб бўлган эди.
У илк бор пайдо бўлган илинждан аллаланган банди сингари ухларди.
Эрталаб унинг хонасига кирганларида у ҳали ўринда эди. Фельтон даҳлизда қолди; у ўзи кечаги кун айтган ва боягина етиб келган аёлни бошлаб келган эди. Бу аёл хонага кирди-да, миледининг ёнига йўлаб ўз хизматларини таклиф этди.
Миледи асли жуда рангпар эди ҳамда ранг-рўйи уни биринчи бор кўриб турган одамга панд бериши мумкин эди.
– Мени безгак тутяпти, – деди у, – шу узун тун бўйи бир зум ҳам кўзим илинмади, мен ёмон азобда қолдим. Бу ерда кеча қилган муомалаларидан кўра яхшироқ одамга ўхшаб манзират қиласизми-йўқми менга? Дарвоқе: бор-йўқ ўтинчим – ўрнимдан қўзғалмасликка ижозат берсалар бўлди.
– Табиб чақирсак нима дейсиз? – сўради аёл.
Фельтон чурқ этмасдан бу суҳбатни тинглаб турарди.
Миледи ўз атрофида одам қанча кўп бўлса, раҳмини келтириши мумкин кишилар сони ҳам шунча кўпаяди, лорд Винтернинг назорати ҳам шунча кучаяди, деган андишага бориб қолди; ҳам бунинг устига табиб унинг касалини сохта деб эълон қилиши мумкин, миледи эса биринчи ўйинни ютқазиб қўйгач, иккинчисини ҳам ютқазишни истамасди.
– Табибга одам юборишми? – деб айтди у. – Нечун? Бу жаноблар менинг касалимни майнавозлик деб эълон қилдилар. Бугун ҳам шубҳасиз ўша гап бўларди: ахир, кечаги кундан бери улар табибни ҳам огоҳ этишга улгурганлар.
– Ундай бўлса, – дея гапга аралашди тоқати тоқ бўлган Фельтон, – ўзингиз айтинг, хоним, қандай даволанмоқчисиз?
– Вой тавба-эй, қандайлигини мен билармишманми? Мен тобим йўқлигини ҳис қиляпман, вассалом. Менга нима берсалар ҳам майли, менга барибир.
– Боринг, бу ерга лорд Винтерни таклиф этинг, – буюрди бу туганмас шикоятлардан зерикиб кетган Фельтон.
– Йўқ, йўғ-эй! – қичқириб юборди миледи. – Йўқ, уни чақирманг, ёлвораман сизга. Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман, менга ҳеч ниманинг кераги йўқ, уни чақирмасангиз бўлди!
Бу хитобга у шунча ҳарорат, шунча ўтинч жо қилдики, Фельтон беихтиёр бўсағадан ҳатлаб ўтиб бирикки қадам босди.
«У ҳузуримга кирди», – кўнглидан кечирди миледи.
– Бироқ, хоним, – деди Фельтон, – агар чиндан тобингиз бўлмаса биз табибга одам юборамиз, борди-ю, бизни лақиллатаётган бўлсангиз, илож қанча ўзингизга қийин, лекин ҳеч бўлмаганда ўзимиздан гинамиз қолмайди-ку.
Миледи ҳеч нима деб жавоб қилмади ва мўъжаз бошини болишга тиқиб, кўз ёши қила бошлади.
Фельтон ўзининг одатдаги бепарволиги билан бир нафас унга қараб турди; сўнгра дарднинг чўзилиб кетиш хавфи борлигини кўриб чиқиб кетди. Аёл унинг изидан чиқди. Лорд Винтердан дарак йўқ эди:
«Ақлим ета бошлаётганга ўхшайди!» – беҳудуд қувонч билан ўзича гапирди миледи ва ўзини кузатиб турганлар бўлишини эҳтимол қилиб уларнинг ҳаммасидан бу ички мамнуният ҳовурини яширмоқ учун кўрпага бурканиб олди.
Икки соат ўтди.
«Энди касалликнинг тугаш пайти келди, – қарор қилди миледи, – ўрнимиздан турайлик-да, шу бугуноқ бирор нарсага эришишга ҳаракат қилайлик. Менинг фақат ўн куним бор, уларнинг иккинчиси ҳам бугун кечқурун тугайди».
Эрталаб миледининг хонасига киришганда унга нонушта келтирдилар; тез орада дастурхонни йиғиштиргани келишларига ҳамда шунда миледи яна Фельтонни фаҳм этди.
Миледи янглишмади: Фельтон тағин ташриф буюрди ва миледи овқатга қўл тегиздими-йўқми, бунга заррача парво қилмасдан одатда тузатилган ҳолда келтирилгувчи столни хонадан олиб чиқиб кетмоққа фармойиш берди.
Аскарлар чиқиб кетаётганида Фельтон уларни олдинга ўтказиб юборди-да, ўзи хонада ҳаяллаб қолди; унинг қўлида китоб бор эди. Соҳибжамол, рангпар маъсума бўлиб камин ёнидаги креслога ёнбошлаган миледи бу ҳолатида машаққатли ўлимини кутаётган мўътабар ҳур қиз эди бамисоли.
Фельтон унинг ёнига борди.
– Лорд Винтер – у худди сиз сингари католик, хоним, сизга ўз черковингиз расм-русумларини фош қилиш ва унинг ибодатларига қатнаш имкониятидан маҳрумлигингиз сизга малол келиши мумкин деб ўйлаб қолди. Шу боисдан кунда ўз дуоларингизни ўқиб туришингизга у киши розилик билдирди. Уларни шу китобдан топасиз.
Фельтоннинг миледи ёнидаги столчага китобни қай алфозда қўйганини, «Ўз дуоларингиз» сўзларини қай йўсинда гапирганини ҳамда уларга қандай истиғноли табассумини илова қилганини кўриб, миледи бошини кўтарди-да офицерга кўпроқ эътибор билан термилди.
У шу пайт унинг сочларининг сипо оройишидан, устбошларининг меъёрдан ортиқ соддалигидан унинг мармардай силлиқ, лекин шунингдек, жиддий маънодан холи манглайдан, унинг сиймосида у ўша ўзи қирол Яков саройида каби Варфоломеев туни хотирасидан ҳам тап тортмасдан гоҳи пайтлар паноҳ ахтариб борган француз қироли саройида ҳам ўзи учратиб юрган ўша сўхтаси совуқ пуританларнинг бирини таниб қолди. Унга лоп этиб, фақат доҳиёна кишиларга хос табаддул онларида, уларнинг тақдири уларнинг ҳаёти ҳал бўлаётган танг дақиқаларда бўладиган ногаҳон илҳом келди.
Бу иккита – «ўз дуоларингиз» деган сўз ва Фельтонга ташланган юзаки назар миледига у шу тобда айтажак сўзларнинг бутун аҳамиятини миледига бирдан ойдинлаштириб берди.
Ўзига хос ўткир зеҳн шарофати билан ўша сўзлар бирпасда унинг миясига келди.
– Менми? – ўзи ёш офицер товушида пайқаган истиғнога ҳамоҳанг истеҳзо билан деди у. – Мен, тақсир… менинг дуоларим? Лорд Винтер бу ахлоқсиз католик, менинг у билан бир мазҳабда эмаслигимни жуда яхши билади. У менга қўймоқчи бўлаётган тузоқ бу.
– Хўш, сиз қай мазҳабдасиз, хоним? – ўзини идора қилиш уқувига қарамасдан таажжубини тўла яширишни эплаёлмай сўради Фельтон.
– Мен уни, – ясама шавқ билан деди миледи, – ўз эътиқодим жабрини хўп тортиб бўлган куни айтаман.
Фельтоннинг нигоҳи миледига шу биргина жумласи билан у ўз уринишларида нақадар илгари сурилиб олганини ошкор этди.
Бироқ ёш офицер бир сўз ҳам қотмади, қилт этган ҳаракат ҳам қилмади, ёлғиз нигоҳигина фасоҳат билан гапириб турарди, холос.
– Мен душманларим қўлидаман! – ўша ўзи пуританларда кўриб қолган кўтаринки руҳда гапини давом эттирди миледи. – Ўзимни тангрига топшириб қўйганман! Тангрим мени ё омон қолдиради, ё унинг йўлида ҳалок бўламан. Менинг жавобим шу, уни лорд Винтерга етказишингизни мен илтимос қиламан. Бу китобни эса, – дея дуолар китобига бармоғи билан ишора қилиб, лекин гўё тегиб кетса ҳаром бўлиб қолишдан қўрққандай, унга қўл урмасдан қўшимча қилди у, – қайтариб олиб кетишингиз ҳамда уни ўзингиз истифода қилишингиз мумкин, сиз, шак-шубҳа йўқки, лорд Винтерга икки карра шериксиз, зеро, зулм борасида шерик, шаккоклик борасида ҳам шерикдир.
Фельтон ҳеч нима деб жавоб бермади, китобни ўша ўзи намоён қилган ижирғаниш туйғуси билан олдида, ўйга чўмиб йироқлашди.
Кеч соат бешларда лорд Винтер келди. Миледининг бутун кун бўйи ўзининг кейинги хатти-ҳаракатини пухталаб ўйлаб олмоқ учун етиб ортгудай вақти бор эди. У қайнағасини ўзини батамом тутиб олган аёл сингари қабул қилди.
– Чамаси, – миледининг қаршисидаги креслога ёзилиб ўтириб олиб ва оёқларини камин олдидаги гиламга бемалол узатиб юбориб, гап бошлади барон, – чамаси, сал муртадлик қилиб қўйибмизми?
– Бу билан нима демоқчи бўляпсиз, муҳтарам афандим?
– Мен айтмоқчиманки, ўша сиз билан сўнгги дафъа кўришганимдан бери маслагингизни алмаштириб юборибсиз. Учинчи – протестант эрга теккан бўлманг тағин?
– Гапингизга изоҳ беринг, милорд, – нуфузли бир тарзда гапирди асира, – сизга маълум қилиб қўяйки, сўзларингизни эшитяпман-у, лекин маънисига етмаяпман.
– Хўп, демак, сиз бутунлай динсиз экансиз, бу менга ҳатто кўпроқ манзур, – кесатиб эътироз билдирди лорд Винтер.
– Албатта, сизнинг қонун-қоидаларингизга шу кўпроқ мос келади, – совуққина гап ташлади миледи.
– Э, сизга эътироф қилсам, бунисини менга мутлақо фарқи йўқ!
– Борди-ю, сиз ҳатто ўзингизнинг эътиқод масалаларига лоқайдлигингизни тан олмаганингизда ҳам ишратпарастлигингиз ва ўзбошимчалигингиз сизни фош этиб қўйган бўларди.
– Ҳим… ишратпарастликни гапириб қолдингизми, Мессалини хоним, леди Макбет! Ё мен тузук-қуруқ эшитолмадим, ё азбаройи шифо, сиз безбетларнинг ноёб хилидансиз!
– Бу гапларингизнинг боиси шуки, бизни тинглаб турганларини биласиз, – совуққина гапирди миледи, – ҳамда ўз назоратчи ва жаллодларингизни менга қарши ўчакиштириб қўймоқчисиз.
– Назоратчиларними? Жаллодларними?.. Ана холос, хоним! Сизнинг авжингиз баланд-ку, кечаги комедия бугун трагедияга айланиб боряпти. Дарвоқе, бир ҳафтадан сўнг қаерда бўлишингиз лозим бўлса, ўша ерда бўласиз ҳамда мен ниятимга етаман.
– Шармандали ният! Бетавфиқ ният! – ўз ҳакамини бетидан олаётган бир қурбон талвасасида гапирди миледи.
– Худо ҳаққи назаримда бу бузуқ ақлдан озяпти! – деди лорд Винтер ва ўрнидан турди. – Хўп, етар, бир ўзингизни босиб олинг-чи, пуритан хоним ёки мен сизни қамоққа солишни буюраман. Онт ичишга тайёрман, бу миянгизни айнитаётган менинг испан шаробим бўлса керак. Дарвоқе, хавотирланманг: бундай кайфнинг хавфи йўқ ҳамда фалокатли оқибатларга олиб бормайди.
Лорд Винтер у даврда ҳатто олий жамият кишиларига ҳам юққан расмни қилиб сўкина-сўкина чиқиб кетди.
Фельтон ҳақиқатан ҳам эшик орқасида бутун суҳбатни оқизмай-томизмай тинглаб турарди.
Миледи буни фаҳмлади.
– Ҳа, жўна, жўна тезроқ! – қайнағасининг изидан шивирлади миледи. – Сен учун фалокатли оқибатлар ҳаяллаб қолмайди, лекин сен нодон буни фақат уларга чап беришнинг иложи қолмагандан кейин пайқайсан!
Яна жимжит бўлиб қолди. Орадан икки соат ўтди. Аскарлар кечки овқат келтиришди-да миледининг дуо ўқиётганини, унинг иккинчи эрининг хизматкори ашаддий пуритан ўргатиб қўйган дуоларни айтиб баланд овоз билан ибодат қилаётганини кўрдилар. У худди жазава тутгандай ўзининг ён-верида кечаётган нарсаларга ҳатто эътибор ҳам қилмасди. Фельтон унга халал бермасликни ишора қилди ва ҳамма нарса тахт қилингандан сўнг аскарлар билан бирга шовқинсиз чиқиб кетди.
Миледи ўзини дарчадан кузатишлари мумкинлигини биларди, у шу боисдан ўз дуоларини охиригача ўқиди-ю, унга эшиги тагида юрган соқчининг юришлари ўзгачароқ эшитилди ва гўё у қулоқ солаётгандай туюлиб кетди.
Бу кеч унга ортиқ ҳеч нима даркор ҳам эмас эди, у ўрнидан туриб стол ёнига ўтирди-да, бир оз овқатланган бўлди-ю, фақат сувдан ичди.
Бир соатдан сўнг аскарлар столни олиб чиқиб кетгани келишди, лекин миледи бу гал уларга Фельтон ҳамроҳ эмаслигини пайқади.
Бундан чиқди у миледини бот-бот кўриб туришдан чўчиб қолган эди.
Миледи деворга ўгирилиб олди-да, кулимсираб қўйди: бу табассум шундай бир тантанани ифода қилиб турардики, уни фош қилиб қўйиши мумкин эди.
У яна ярим соат кутди. Кўҳна қасрда сукунат ҳукм сурар, фақат қирғоққа урилиб ётган тўлқинларнинг азалий шовқинидан океаннинг поёнсиз нафаси эшитилиб турарди. Ўзининг соф ва ширали қўнғироқдек овози билан у пуританларнинг севимли псалмининг биринчи бандини куйлай кетди:
Кулфатларга йўллайсан, тангри,
Синамоқ-чун иродамизни.
Сўнг самовий бахт ато этгунг
Ким бардошда тобласа ўзни.
Бу шеърлар такомилидан жуда йироқ эди, лекин маълумки, пуританлар поэтик маҳоратлари билан мақтана олмасдилар.
Миледи куйларди ва қулоқ соларди. Соқчи унинг эшиги тагида таққа тўхтаб қолди: бундан миледи ўзининг хониши қандай таъсир қилгани тўғрисида хулоса чиқариб олмоғи мумкин эди.
У таърифдан ташқари ҳарорат ва иштиёқ билан куйлашда давом этарди; унинг назарида товушлар пештоқлар остида йироқларга таралаётгандай ва сеҳру жоду сингари мирғазабларининг юрагини сел қилаётгандай эди. Бироқ ашаддий католиклиги бегумон соқчи бу жодуни ўзидан қоқиб ташлади-да, эшик оша бақириб берди:
– Жим бўлсангиз-чи, хоним! Сизнинг ашулангиз худди мотам куйи сингари юракни сиқиб юборди, агар гарнизонда туриш роҳатидан ташқари бу хил нарсаларни ҳам эшитишга тўғри келса, бунга сира тоқат қилиб бўлмайди.
– Жим! – жеркиб буюрди аллаким, миледи эса Фельтоннинг овозини таниди. – Нега ўзингизга дахли йўқ ишга суқиляпсиз, сурбет? Сизга бу аёлнинг куйлашига ҳалал бериш буюрилганми, ахир? Йўқ, сизга уни қўриқлаш топширилган, агар у қочишни хаёл қилса, уни отиш тайинланган. Уни қўриқланг; агар у қочиб кетмоқчи бўлса, ўлдиринг, лекин сизга берилган фармойишдан чекинманг.
Худди чақмоқ чақини мисол таърифга сиғмайдиган оний қувонч ифодаси миледининг чеҳрасини ёриштириб юборди-ю, ўзи бир сўзини ҳам қочирмаган бу суҳбатни гўё эшитмагандай, асира шу замон ўз овозига товушнинг бор фазлу камолини, унга иблис ато этган бутун жозибани ва бутун дилрабо нафосатни жо қилиб куйлаб кетди:
Тоқат қанча бўлса-да душвор,
Тутқунлиг-у, занжирбандликда,
Навқирон қалб, дуо сеҳри бор –
Ситамларга юзма-юз, якка.
Миледининг фавқулодда баркамол ва жўшқин эҳтирос билан суғорилган овози псалмнинг қўполроқ, қовушмаган шеърларига шундай сеҳрли қудрат ва шундай фасоҳат бахш этардики, бундайини энг ҳовлиқма пуританлар ҳам ўз оғаларининг хонишларида камдан-кам топардилар. Улар ўз тасаввурининг бутун ҳовури билан қўшиқларига пардоз берсалар-да, Фельтон гўё лахча чўғ печдаги уч яҳудий ўсмирни овутаётган малакнинг хонишини эшитаётгандай бўлмоқда эди.
Миледи давом этарди:
Масъуд кунлар яқиндир, тангри,
Ишончимиз эмас омонат.
У чоқ сабот алдаса ҳамки,
Ўлим, шараф тожи этмас хиёнат.
Мафтунгар фусун соҳибаси бутун қалбини жойлашга ҳаракат қилган бу шеър ёш офицер кўнглидаги саросимани поёнига етказди; у эшикни шартта очди-да, миледи қаршисида ранги ўчган, лекин кўзлари доимгидек бежо, ёниб турган ҳолда намоён бўлди.
– Нега сиз бундай куйлайсиз, – дея гапирди у, – яна бундай овоз билан?
– Кечирасиз, – мулойим жавоб берди миледи, – менинг хонишларим бу хонадонда ўринсизлиги хаёлимдан кўтарилибди. Мен сизнинг имонингизга тил теккизган бўлишим мумкин, лекин сизга қасамёд қилиб айтаманки, мен буни қасддан қилганим йўқ. Балким катта бўлса ҳам ихтиёрсиз гуноҳимдан ўтинг.
Шу дақиқада миледи бирам гўзал эдики, ундаги сохта тавфиқли ҳаяжон унинг юзига бирам илоҳий истара бериб турардики, унинг жамолидан кўзлари қамашган Фельтонга боягина ўзи хонишини эшитган хаёлий фариштани кўриб тургандай туюлиб кетди.
– Ҳа, ҳа, – жавоб берди у, – ҳа, сиз қалъада истиқомат қилгувчиларни хижолат қилиб қўяётирсиз, ҳаяжонга солаётирсиз.
Шўрлик мажнун ўз сўзларининг пойма-пойлигини ўзи пайқамасди, миледи эса бу орада унинг қалбининг туб-тубларига назар солишга уринарди.
– Мен ортиқ куйламайман, – товушига қўлидан келган энг беозор ифода бериб, қадди-бастига қўлидан келган энг итоаткор тус бериб, кўзларини ерга тиккан кўйи деди миледи.
– Йўқ, йўқ, хоним, – эътироз қилди Фельтон, – фақат секинроқ куйланг, айниқса тунлари.
У шу сўзлар билан асирага нисбатан совуққонлигини узоқ сақлаб туришга ўзининг қурби етмаслигини сезиб, хона ташқарисига отилди.
– Яхши қилдингиз, жаноб лейтенант! – деди аскар. – Унинг хониши кўнглингни алғов-далғов қилиб ташлайди. Дарвоқе, бунга тез кўникиб қоларкансан – унинг овози бирам ажойиб!
XXIV
Тутқунликнинг учинчи куни
Фельтон ташриф буюрди, лекин олдинда яна бир қадам босиш турарди: уни тутиб қолиш ёки тўғрироғи шунга эришмоқ керак эдики, токи унинг ўзи қолишни ихтиёр этсин, миледи эса бунга қандай восил бўлишни ҳам жуда мужмал тасаввур қиларди.
Бундан кўпроқ нарсаларга етишмоқ лозим эди: у билан гаплашиш имконига эга бўлмоқ учун уни тилга киришга мажбур этмоқ зарур эди – ўзининг энг катта жодулари инсон тилидан тортиб то фаришталарча хонишгача бўлган барча оҳангларга жуда усталик билан киргувчи ўз товушида пинҳонлигини миледи жуда яхши биларди.
Бироқ бу фусунларнинг ҳаммасига қарамасдан миледи муваффақиятсизликка учраши мумкин эди, зеро Фельтон зарра тасодифга қарши огоҳ этиб қўйилган эди. Шу боисдан у ўзининг юриш-туриши, ўзининг ҳар бир каломи, ўзининг энг расмана қараши-ю, ишораси ва ҳаттоки, хўрсиниш деб шарҳланиши мумкин нафасига ҳам зеҳн сола бошлади. Хуллас, янги одатдан ташқари ролни эндигина беришган моҳир актёр қилганидек у ҳамма нарсани ўргана бошлади.
Унинг лорд Винтерга оид хатти-ҳаракатининг алоҳида мушкул томони йўқ эди, шу боисдан у буни арафада ўйлаб, пухталаб қўйган ва қайнағаси борлигида камгап бўлишга ва ҳар замонда атайин менсимасдан унинг жиғига тегишга ва бирор истиғноли сўз билан ўз итоаткорлигига қарши уни пўписа ҳамда зўравонлик қилишга қистаб, ўзининг қадр-қимматини туширмасликка аҳд қилди.
Фельтон буларнинг ҳаммасини шоҳиди бўлади; у балким лом-мим демас, лекин ҳаммасини кўриб туради.
Эрта билан Фельтон одатдаги соатда ташриф буюрди, лекин унинг нонушта тадорикларини бошқариб турган вақт асносида миледи унга сўз қотмади. Аммо чиқиб кетишга чоғланган дақиқада миледига гапирмоқчи бўлаётгандай туюлди ва миледи кўнглида ярқ этиб умид учқуни пайдо бўлди. Бироқ унинг лаблари қимирлади-ю, садо чиқармади: у ўзига зўрлик қилиб оғзидан чиқиб кетишига сал қолган сўзларни ичига ютди-да, ундан йироқлашди.
Пешинларда лорд Винтер келди.
Анча дуруст қиш куни эди, ёритиб турса ҳам лекин иситмайдиган Англиянинг нурсиз қуёши тиғи панжара орасидан миледи қамоғига шуъла ташларди.
У деразадан қараб турар ва ўзини эшикнинг очилганини эшитмаганга солиб қўя қолди.
– Ана, холос, – мийиғида кулиб қўйди лорд Винтер, – биз аввал комедия, сўнгра трагедия кўрсатиб берганимиздан кейин энди тушкунликка берилиб кетибмиз.
Асира ҳеч нима жавоб қилмади.
– Ҳа, ҳа, тушуниб турибман, – гапида давом этди лорд Винтер. – Сизнинг бу соҳилда, эркинликда юргингиз бор эди, шу денгизнинг зумрад тўлқинларини ишончли кемада ёриб боргингиз бор эди, менга сувда ёки қуруқликда ўша ўзингиз устаси фаранг бўлмиш пистирмаларингиздан бирини қўйгингиз бор эди. Сабр қилинг! Сал сабр қила туринг! Тўрт кундан сўнг қирғоқ сизга қўлингиз етадиган бўлиб қолади, денгиз сиз учун очиқ бўлади, ҳатто ўзингиз истаганингиздан ҳам ортиқроқ очиқ бўлади, зеро, тўрт кундан кейин Англия сиздан қутулиб қолади.
Миледи қўлларини қовуштириб олди-да, чиройли кўзларини самога тикиб, овоз ва ҳаракатларида киройи мутелик билан гапирди:
– Худоё худовандо! Мен афу этганимдек бу одамнинг гуноҳини ўзинг кечир!
– Ҳа, дуойингни ўқийвер, лаънати! – бақирди барон. – Сенинг ибодатларинг шу билан янада мурувватлики, сен, бунга қасамёд қиламан, сени минбаъд афу этмайдиган одамнинг қўлидасан!
У чиқди.
У хонадан чиқиб кетаётган онда бировнинг синчков кўзлари қия очиқ эшикдан мўралади ва миледи унга кўзи тушишини истамасдан ўзини дарров четга олган Фельтонни кўриб қолди.
Шунда у мук тушди-да, баралла ибодат қила бошлади.
– Парвардигори олам! О, худойим! – дерди у. – Қандай муқаддас иш учун азият чекаётганимни биласан, менга азоб-уқубатларга бардош бериш учун куч-қувват бер…
Эшик оҳиста очилди. Соҳибжамол муножотгўй ўзини эшикнинг ғийчиллаганини эшитмаганга солди-ю, овози нолон бўлиб давом этаверди:
– Парвардигори олам, э парвардигор! Наинки шу одамнинг мудҳиш ниятларига етишини раво кўрсанг!..
Шундан кейингина у ўзини Фельтоннинг оёқ шарпаларини пайқаганга солиб, бирпасда сапчиб ўрнидан турди-да, гўё у тиз чўкиб турган ва ибодат қилаётган дақиқада ҳузурига кириб қолишганидан изза бўлгандай қизариб кетди.
– Мен ибодат қилаётганларга ҳалал беришни ёқтирмайман, хоним, – жиддий гапирди Фельтон, – шу боисдан эса мен сиздан ўтиниб сўрайман – мени деб хавотир тортманг.
– Нега сиз мени ибодат қилаётган эди деб ўйлаяпсиз? – кўз ёшлардан бўғилган товуш билан сўради миледи. – Сиз янглишяпсиз, мен ибодат қилаётганим йўқ эди.
– Ажабо, хоним, – ҳамон ўша жиддият билан, лекин энди хийла юмшаб жавоб берди Фельтон, – мени банданинг халлоҳ қаршисида юзтубан бўлиб ётишига тўсқинлик қилишга ўзини ҳақли ҳисоблайди деб ўйлайсизми ҳали? Худо асрасин! Бунинг устига гуноҳкорларга тавба қилмоқ жоиздир. Жиноят қандай бўлмасин, халлоҳ пойига бош урган жиноятчи менинг учун муқаддасдир.
– Гуноҳкорман, мен гуноҳкорман-а! – ҳатто маҳшарда ҳам фариштанинг эс-ҳушини олиб қўйгудай табассум билан гапирди миледи. – Парвардигор, сен биласан шундайми-йўқми! Мени маҳкум деб айтинг, бу рост гап, лекин ўзингизга маълумки, худойи таоло жафокашларни яхши кўради ва баъзи ҳолда бегуноҳларнинг ҳукм этилишини раво кўради.
– Сиз жиноятчимисиз ёки жафокашмисиз – у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам ибодат қилмоғингиз лозим, мен ўзим сизнинг ҳаққингизга дуо ўқийман.
– О, сиз авлиёсиз! – қичқириб юборди миледи ва унинг пойига йиқилди. – Қулоқ беринг, сиздан ортиқ сир тутолмайман, мен курашга дош беришим керак бўлган ва эътиқодимни рўйи рост тан олишим зарур бўлиб қолган дақиқада кучим етмай қолмасайди, деб қўрқаман. Жонидан тўйган бир муштипарнинг илтижоларига қулоқ беринг, ахир! Сизни ғафлатга солмоқдалар, лекин гап бунда эмас – мен сиздан биргина марҳаматингизни ўтинаман, агар уни мендан дариғ тутмасангиз, мен сизни у дунё-ю бу дунё дуо қилиб юраман!
– Менинг бошлиғим билан гаплашиб кўринг, хоним, – жавоб берди Фельтон, – минг шукурки, менга на афу этиш, на жазо бериш ҳуқуқи берилмаган, бу масъулиятни худо ўша мендан юқорироқ кўрган кишисига юкланган.
– Йўқ, сизга, ёлғиз сизга! Менинг ҳалокатимга, менинг шармисорлигимга бош қўшгандан кўра гапларимга қулоқ солганингиз маъқул.
– Шу иснодни орттирган бўлсангиз, хоним, шу шармисорлик балосига йўлиққан бўлсангиз, худога солиб қўйиб унга чидаш бермоқ зарур.
– Нималар деяпсиз? Вой, сиз мени тушунмаяпсиз! Сиз шармисорлик деганимда мени бирор жазо, қамоқ ёки ўлимни назарда тутяпти деб ўйлаяпсиз? Кошки шундай бўлса эди! Мен учун ўлим ёки қамоқ ҳам гапми!
– Мен сизни тушунмай қолдим, хоним.
– Ёки тушунмай қолганга соляпсиз ўзингизни, – шубҳали табассум билан сўз қотди асира.
– Йўқ, хоним, аскарлик ор-номусим, христианлик имоним билан қасамёд қиламан, ишонинг.
– Айтинг-чи, лорд Винтернинг менга оид ниятлари сизга маълум эмасми?
– Йўқ, маълум эмас.
– Бўлиши мумкин эмас, ахир сиз унинг маҳрамисизку!
– Мен ҳеч қачон ёлғон сўзламайман, хоним.
– Уф, у ўз ниятларини сир тутмайди ҳисоб, уларни пайқаб олмоқ мушкул иш эмас.
– Мен ҳеч нарсани пайқаб олишга уринмайман, хоним, мен ўзимга ишониб айтишларини кутаман, лорд Винтер эса сизнинг ҳузурингизда айтган гапидан бўлак ортиқ ҳеч нимани менга ишониб айтмаган.
– Бундан чиқди сиз унинг шериги эмас экансиз-да? – товушида бениҳоя самимият билан деди миледи. – Бундан чиқди менга жамики ер юзидаги жазолар олдида ип эшолмайдиган шармандагарчилик ҳозирлаб юрганидан бехабар экансиз-да?
– Сиз янглишмоқдасиз, хоним, – қизариб эътироз қилди Фельтон. – Лорд Винтернинг қўлидан бундай ёвузлик келмайди.
«Жуда соз! – кўнглидан кечирди миледи. – Ҳали гап нима хусусида кетаётганини билмасдан туриб, у буни ёвузлик деб атаяпти».
У овозини чиқариб давом эта бошлади:
– Разил одамнинг қўлидан ҳар бало келади.
– Сиз кимни разил одам деяпсиз? – сўради Фельтон.
– Англияда шундай деб атаса бўладиган бўлак одам ҳам борми ҳали?
– Сиз айтаётганингиз Джордж Виллерсми?.. – деб Фельтон қайта сўради-ю, бирдан кўзлари порлаб кетди.
– …маъжусийлар ва шаккоклар герсог Бэкингем дейишадиган кишини айтаяпман, – гапни тугатди миледи, – кимни гапираётганимни шунчалар узоқ уқтиришим керак бўладиган Англияда бирор инглиз топилади деб, ўйламаган эдим.
– Бошида худо бор-ку! – деди Фельтон, – у ўзи лойиқ бўлган жазодан қочиб қутула олмайди.
Фельтон ҳатто католиклар ҳам таъмагир, хунрез ва ахлоқсиз деб атагувчи, пуританлар эса нақ иблиснинг ўзи деб юргувчи герсогга нисбатан барча инглизларнинг нафратланиш ҳиссини ифодаламоқда эди, холос.
– Ё парвардигор! Ё тангрим! – хитоб қилди миледи. – Мен сенга шу одамнинг жазосини бер деб тавалло қилганимда, ўзинг биласанки, мен шахсий қасдим борлигидан бундай қилмайман, балки бутун бошли халқнинг халос бўлишини тилайман!
– Сиз уни танийсизми ҳали? – сўради Фельтон.
«Ахийри у менга савол билан мурожаат қиляпти-я!» – дея шундай салмоқли натижага шу қадар тез эришганидан қувончи ичига сиғмай кўнглида қайд қилиб қўйди миледи.
– Мен уни танимайманми-я! Эҳа! Бахтсизлигимга! Пешанамнинг шўрига!
Миледи гўё теран дарду алам тутқаноғида сингари қўлларини бука бошлади. Фельтон, афтидан, саботи ўзини тарк этаётганини сезиб қолди шекилли, эшик сари бир-икки қадам ташлади; ундан кўзини узмай турган асира сапчиб турди-да, унинг изидан отилиб тўхтатди.
– Жаноб Фельтон, худо хайрингизни берсин, шафқат қилинг, менинг ўтинчимга қулоқ беринг! – ялинди у. – Машъум эҳтиёткорлик юзасидан барон тортиб олган пичоқни беринг, йўқса уни нимага ишлатишимни биларди-да… О, гапларимни охиригача эшитинг! Бир нафасга пичоқни қайтариб беринг, менга қилган марҳаматингиз, раҳм-шафқатингиз бўлсин бу! Қаранг, мен оёқларингиз остидаман! Гапимга ишонинг, менинг сизга ёмонлигим йўқ. Ё раббий! Сизни ёмон кўриш… сизни, ўзим учратган биттаю битта одил, кўнгилчан, ҳамдард кишини-я! Сизни, ўз халоскоримни бўлса ажаб эмас!.. Бир нафасга холос, биргина нафасга! Ҳамда мен сизга уни эшик дарчасидан қайтариб бераман. Атиги бир нафасга холос, шу билан сиз менинг номусимни сақлаб қолган бўласиз!
– Сиз ўзингизни ҳаётдан жудо қилмоқчи бўляпсизми? – даҳшат ичида ўз қўлларини асира қўлларидан бўшатиб олишни фаромуш этиб деди Фельтон.
– Мен ўзимни фош қилиб қўйдим! – шивирлади миледи ва гўё ҳолдан тойгандай полга чўкди. – Мен ўзимни фош қилиб қўйдим! Энди у ҳаммасини билади… Ё раббий, мен хароб бўлдим!
Фельтон қимир этмасдан ва нима қарорга келишга ҳайрон бўлиб турарди.
«У ҳали иккиланяпти, – хаёлидан ўтказди миледи, – мен етарли даражада табиий бўла олмадим».
Улар даҳлиздан бировнинг келаётганини эшитиб қолдилар. Миледи лодр Винтернинг қадамларини таниди; Фельтон ҳам бу қадам товушини таниди-ю, эшик сари бир қадам босди.
Миледи унга томон отилди.
– Бир оғиз ҳам гапирманг, – деди у овози бўғилиб, – сизга айтган ҳамма гапларимдан бир оғизини бу одамга айтманг, йўқса мен хароб бўлдим, яна бу сиз, сиз…
Қадамлар яқинлашиб келмоқда эди. Товушларини эшитиб қолишларидан қўрқиб, улар жимиб қолди ва чексиз даҳшат ишораси билан чиройли қўлини Фельтоннинг лабларига босди. Фельтон мулойимлик билан унинг қўлини суриб қўйди, у эса нарироқ кетдида, креслога йиқилди.
Лорд Винтер тўхтамасдан эшик ёнидан ўтиб кетди, унинг оёқ шарпалари эса йироқлашди.
Фельтон баттол гезариб бир-икки дақиқа зўр бериб тинглаб турди, сўнгра қадам садолари тингандан кейин уйқудан уйғонган киши сингари уҳ тортди-да, хона хорижига отилди.
– Ҳа-а! – ўз навбатида қулоқ солиб кўриб ҳамда Фельтоннинг қадамлари лорд Винтер кетган томоннинг қарши томонидан келаётганига ишонч ҳосил қилгач деди миледи, – ниҳоят меники бўлдинг-а!
Сўнгра унинг руҳсори яна қоронғилашиб кетди.
«Агар у баронга айтиб қўйса, – хаёлидан ўтказди у, – мен хароб бўлдим: барон менинг ўзимни ўлдирмаслигимни билади, унинг олдида қўлимга пичоқни тутқизиб қўяди ҳамда Фельтон бу даҳшатли ҳасратнинг сохталигига амин бўлади.
У кўзгуга қараб қўйди: ҳеч қачон у шунчалик соҳибжамол бўлмаган эди.
– Йўғ-эй! – жилмайиб деди у. – Албатта, у унга ҳеч нима демайди.
Шомда кечки овқат келтирилган пайтда лорд Винтер ташриф буюрди.
– Муҳтарам афандим, – унга юзланди миледи, – сизнинг пойқадамларингиз асоратимнинг муқаррар шартини ташкил қиладими ҳали? Мени азоб-уқубатлардан халос қилолмайсизми, сизнинг ташрифингиз мени азоб-уқубатга дучор қиляпти.
– Қандай азоб-уқубатга, муҳтарама синглим! – деди лорд Винтер. – Ахир, бугун бундай шафқатсиз гаплар чиқиб турган келишган оғзингиз билан кўнгилни бузиб ўзингиз эълон қилдингиз-ку: Англияга ёлғиз менинг дийдоримни кўриш роҳатидан баҳраманд бўлмоқ учун келганингизни. Сўзларингизга қараганда, бу роҳатдан бенасиблик сизни шу кўйга солганки, азбаройи шуни деб ҳар нарсага; денгиз хасталигига, довулга, асоратга рози бўлгансиз! Хўш, мана, мен қаршингиздаман, кўнглингиз тўлсин. Устига-устак бу гал менинг зиёратимнинг аниқ муддаоси бор.
Миледи сесканиб тушди: у Фельтон ўзини фош қилиб қўйган деб ўйлади: шунчалар кучли ва энг зид ҳаяжонларни бошидан кечирган бу аёлнинг юраги умри бино бўлиб ҳеч қачон бунчалар ҳапқириб урмаган бўлса керак.
У карахт ўтирарди. Лорд Винтер креслони яқинроқ сурди-да, миледининг ёнига ўтирди, кейин чўнтагидан аллақандай қоғозни чиқариб, уни эзмаланиб очди.
– Бир қаранг! – гап бошлади у. – Мен сизга шу ҳужжатни кўрсатмоқчи эдим, уни мен ўзим туздим ва келгувсида у сизга ўзига хос гувоҳнома бўлиб хизмат қилади, негаки, мен сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолишга розиман.
У нигоҳини миледидан қоғозга кўчирди-да, овозини чиқариб ўқиб берди:
– «… га айни қаергалиги бўш қолдирилган, – ўзининг гапини ўзи бўлди Винтер. – Агар сиз битта-яримта бўлак жойни афзал кўрсангиз, уни менга кўрсатинг, унинг ораси Лондондан камида минг мил бўлса бас, мен илтимосингизни ўринлатаман». Хуллас, бошқатдан ўқийман: «… га Франция қироллиги суди томонидан тамғаланган, лекин жазодан сўнг озод этилган Шарлотта Баксон номли аёлни элтиб қўйиш хусусида фармон; у шу жойда ҳеч қачон ундан уч милдан нарига узоқлашмаган ҳолда истиқомат қилади. Борди-ю, қочишга уринган тақдирда ўлим жазосига тортилажак. Бошпана ва озиқ-овқат ҳақига кунига беш шиллингдан пул ажратилади».
– Бу фармоннинг менга дахли йўқ, – совуқ жавоб берди миледи, – унда қўйилган ном меники эмас.
– Номми! У сизда бор эмишми?
– Мен сизнинг акангиз номидаман.
– Сиз янглишмоқдасиз: менинг акам сизнинг иккинчи эрингиз бўлган, биринчи эрингиз эса ҳали барҳаёт. Унинг номини айтинг, мен ҳам уни Шарлотта Баксон номи ўрнига тиркаб қўяман. Истамайсизми? Йўқми? Жимсиз-а? Яхши. Сиз маҳбуслик рўйхатига Шарлотта Баксон номи билан қайд этиласиз.
Миледи сукут сақлашда давом этар, лекин бу дафъа мулоҳазали муғомбирликдан эмас, балки даҳшатдан: у фармон дарҳол ижро этилади, деб хаёл қилди. У ўзининг жўнатилишини лорд Винтер тезлаштирган деб ўйлади; шу бугуноқ оқшом ўзининг жўнаб кетиши кутилади деб ўйлади. Бир зумга гўё ҳамма нарса барбод бўлгандай туюлиб эди ҳамки, тўсатдан фармонга имзо чекилмаганига унинг кўзи тушиб қолди.
Бу кашфиёт қувончи шу қадар зўр эдики, уни миледи яшириб тура олмади.
– Ҳа, ҳа, – деди унинг нима кўйга тушганини пайқаган лорд Винтер, – ҳа, сиз имзони ахтаряпсиз-да, ўзингизга ўзингиз айтаяпсиз: «Бу фармоннинг имзоси бўлмаганидан кейин ҳали ҳаммаси бой берилмаган; фақат мени бир қўрқитиб қўйиш учун уни менга кўрсатаяптилар». Сиз янглишмоқдасиз, эртага бу фармон лорд Бэкингемга жўнатилади, индинга у шахсан унинг қўли қўйилган ва муҳри босилган ҳолда қайтиб келади, яна йигирма тўрт соат ўтгач эса, сизга кафолат бераман, у ижро этилади. Хуш қолинг, хоним, сизга маълум қилмоқчи бўлган бор гапим шу.
– Мен бўлсам сизга бу ҳокимиятни суиистеъмол қилиш билан бу уйдирма ном остидаги бадарға разолатдир, деб жавоб бераман, муҳтарам афандим.
– Сизга ўзингизнинг ҳақиқий номингиз билан осилиб ўлиш афзалми, миледи? Инглиз қонунлари никоҳга зид жиноятларни шафқатсиз жазолашидан хабарингиз бор-ку, ахир. Очиқчасига гаплашиб олайлик: гарчи менинг номим ёки тўғриси акамнинг номи бу расво воқеага аралашиб қолган бўлса-да, мен сиздан узил-кесил қутулиб олганимга камоли ишонч ҳосил қилиш учун ошкора жанжалдан тоймайман.