Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 29

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 29 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Яхшилаб ўйлаб кўринг, Атос.

– Бизнинг замонда нақд пуллар азиз, қурбон беришни ҳам уддаламоқ керак. Боринг, д’Артаньян, боринг. Гримо ўз мушкети билан сизни кузатиб қўяди.

Ярим соат ўтгач йўлида саргузашт-паргузаштга йўлиқмасдан д’Артаньян ёнида икки минг ливр пул билан қайтиб келди.

Мана, қай тарзда Атос ўз рўзғоридан ўзи асло кўзда тутмаган пул маблағини топиб олди.

IX
Шарпа

Демак, соат тўртда тўрт дўст Атосникида жам бўлишди. Аслаҳа-анжом ташвишлари барҳам еган, энди уларнинг ҳар қайсиси чеҳрасида фақат шахсий пинҳоний ташвишлари акс этмоқда, зеро ҳар бир қутлуғ дақиқа замирида истиқболдаги хавотирлар ётади.

Туйқусдан д’Артаньян номига йўлланган икки мактуб билан Планше кириб қолди.

Бири муҳрига тумшуғида кўм-кўк новдани илиб кетгувчи каптарнинг босма тасвири туширилган, кичкина, узунчоқ, нафис эди.

Иккинчиси квадрат шаклли каттакон бўлиб, унда падари бузруквор герсог-кардиналнинг совуқ герби кўз-кўз бўлиб турарди.

Жимит мактубчани кўриши билан д’Артаньяннинг юраги қувончдан орзиқиб кетди: у ҳуснихатни танигандай бўлди.

Рост, у бу ҳуснихатни атиги бир қур кўрган эди, холос. Лекин бу унинг хотираси қалбида чуқур жой олган эди.

Демак, у кичик мактубни олди-ю, уни апил-тапил очди.

«Яқин чоршанба куни, – дейилган эди мактубда, – шом соат олти ва етти ўрталарида Шаё йўлида сайр қилиб туринг ва қатнаб турган извошларга диққат билан разм солинг, лекин башарти ўзингизнинг ҳаётингизни ва сизни севгувчилар ҳаётини қадрласангиз лом-мим деманг, ақалли бир нафас дийдорингизни кўрай деб ўзини ғоят улкан хатарга дучор қилгувчи хонимни таниганингизни фош этгудек бирор ҳаракат қилманг».

Имзо йўқ эди.

– Бу тузоқ, д’Артаньян, – деди Атос, – у ерга борманг.

– Лекин мен ҳуснихатни таниётгандайман, – эътироз қилди д’Артаньян.

– Ҳуснихат қалбаки бўлиши мумкин, – гапида давом этди Атос, – йилнинг бу палласида кеч соат олти-еттиларда Шаё йўли тамомила хилват бўлади. Бу Бонди ўрмонига сайрга бориш деган гап.

– Борди-ю, у ерга ҳаммамиз бирга борсакчи? – таклиф этди д’Артаньян. – Сабил қолсин! Улар бир йўла тўрталамизни, яна тўрт бирдай, хизматкор, отлару қуролларни қўшиб ютиб юборишмас-ку!

– Устига-устак бу аслаҳа-анжомларимизни кўрсатишга қулай баҳона бўлади, – илова қилди Портос. – Аммо аёл киши ёзган бўлса, – эътироз билдирди Арамис, – ҳамда мабодо аёл ўзини кўриб қолишларини истамаса, сиз унинг обрўсини тўкиб қўясиз, д’Артаньян, бу хусусда ўйлаб боқинг. Дворян кишига номуносиб қилиқ бўлади бу.

– Биз орқада қоламиз, – таклиф қилди Портос. – Д’Артаньян эса извош ёнига ёлғиз боради.

– Шундайликка шундайку-я, лекин елдек учиб бораётган извошда туриб, пистолетдан ўқ узиш ҳеч гап эмас.

– Бе! – деди д’Артаньян. – Ўқ тегмай ўтиб кетади. Биз бўлсак извошга қувиб етамиз-да, унинг ичидан кимки чиқса, ҳаммасини қириб ташлаймиз. Ҳар қалай, бир нечта душман кам бўлади-ку!

– У ҳақ, – маъқуллади Портос, – мен муштлашишга тарафдорман. Қуролларимизни синаб кўриш ҳам керак-ку, ахир!

– Майли, шу роҳатдан ўзимизни бир баҳраманд қилайлик, – ўзининг одатдаги енгилтак ва бепарво тарзида гапирди Арамис.

– Нима десангиз шу, – деди Атос.

– Жаноблар, – деди д’Артаньян, – соат аллақачон тўрт ярим бўлди, Шаё йўлига соат олтигача базўр етиб оламиз.

– Ҳам яна ҳаддан ортиқ кеч чиқсак, – илова қилди Портос, – бизни ҳеч ким кўролмайди, буниси эса жуда алам қилади-да. Демак, йўлга ҳозирлик кўргани кетдик, жаноблар.

– Бироқ, сиз иккинчи мактубни фаромуш қилдингиз, – деди Атос. – Ҳолбуки, у муҳрига қараганда, чамамда, очишга арзийди. Сизга эътироф қиламан, муҳтарам д’Артаньян, у мени ўша меҳрингиз товланиб, қўйнингизга яшириб қўйган ёзувингиздан кўра кўпроқ безовта қилмоқда.

Д’Артаньян қизариб кетди.

– Яхши, – деди йигит, – келинглар, жаноблар, падари бузруквор мендан нима исташини кўрайлик.

Д’Артаньян мактубни очди-да, ўқиб берди:

«Ж-б д’Артаньян, қирол гвардияси Дезессара ротасидан бугун кеч соат саккизга кардинал саройига таклиф этилади.

Ла Удинир, гвардия капитани».

– Азбаройи шифо! – деб қўйди Атос. – Мана бу мулоқот ўша, наригисидан хатарлироқ бўлади.

– Мен иккинчисига биринчисига бориб келгандан сўнг бораман, – деди д’Артаньян, – бири соат еттига тайинланган, иккинчиси эса саккизга. Иккаласига ҳам вақт бемалол етади.

– Ҳм… Мен бормаган бўлардим, – луқма ташлади Арамис. – Одобли кавалернинг хоним тайин қилган мулоқотдан бўйин товлашининг иложи йўқ, лекин мулоҳазали дворян киши падари бузруквор ҳузурига ташриф буюрмасдан ўзини оқлагудек баҳона топиши мумкин, хусусан, ҳаргиз илтифот юзасидан таклиф этишмаган деган тахмин учун сабаблари мавжуд тақдирда.

– Мен Арамиснинг фикрига қўшиламан, – деди Портос.

– Жаноблар, – жавоб берди д’Артаньян, – мен жаноб де Кавуа орқали падари бузруквордан бу хил таклифномани бир қур олганман. Мен уни писанд қилмадим, келаси куни эса катта фалокат рўй берди: Констанция ғойиб бўлди. Таваккал, лекин мен бораман.

– Агар қарорингиз қатъий бўлса – боринг, – деди Атос.

– Бастилия-чи? – сўради Арамис.

– Ана холос! Мени у ердан чиқариб оласизларда, – деди д’Артаньян.

– Бўлмасам-чи, – дея Арамис билан Портос ўзларига хос киройи ишонч билан бир овоздан шундай бир тарзда жавоб бердиларки, гўё бундан жўн иш йўқдай, – бўлмасамчи, биз сизни у ердан чиқариб оламиз, лекин индинга жўнаб кетишимиз лозимлиги важҳидан, ҳали ҳозирча ўша Бастилияга тиқилмай турганингиз мақбулроқ эди.

– Келинглар, бундай қиламиз, – деди Атос, – уни бугун оқшом бўйи ёлғиз қолдирмаймиз, у кардинал саройига кетган пайти эса ҳар биримиз орқамизда уч мушкетёр билан дарвозаларнинг бирини пойлаб турамиз. Мабодо, биз у ердан чиқиб келгувчи лоақал салгина шубҳали тусдаги бирор ёпиқ извошни кўриб қолсак, биз унга ҳужум қиламиз. Анча вақтлардан бери биз қирол гвардиячилари билан тўқнашганимиз йўқ, жаноб де Тревиль ҳам бизларни мурдаларга қўшиб юрган бўлса ажаб эмас.

– Рости гап, Атос, сиз лашкарбоши бўлмоқ учун яралгансиз, – деди Арамис. – Бу режа борасида сизлар нима дейсизлар, жаноблар?

– Жуда соз режа! – ҳаммаси жўр бўлиб такрорлади йигитлар.

– Демак, – деди Портос, – мен казармаларга ғизиллайман-да, ўртоқларимизни соат саккизга шай туринглар, деб огоҳ этиб қўяман. Учрашиш жойини кардинал саройи қошидаги майдонда деб тайинлаймиз. Сизлар эса хизматкорларга отларни эгарлашни буюринглар.

– Лекин менда от йўқ, – эътироз қилди д’Артаньян. – Рост, мен от учун жаноб де Тревиль ҳузурига одам юборишим мумкин.

– Ҳожати йўқ, – деди Арамис, – меникилардан бирини ола қолинг.

– Сизда улар нечта ўзи? – сўради д’Артаньян.

– Учта, – жилмайиб жавоб берди Арамис.

– Азизим, – деди Атос, – ишончим комилки, сиз отлар билан Франция ва Наварранинг жамики шоирларидан тузукроқ таъминлангансиз.

– Қулоқ солинг, жон Арамис, уч отни нима қилишни билмай, ўзингиз ҳам довдираб қолсангиз керак. Нега бир йўла учтасини харид қилганингизни сира англаёлмаяпман.

– Гап шундаки, учинчи отни худди шу бугун саҳарда аллақандай уқасиз либос кийган қарол келтириб берди, у кимнинг қўлида хизмат қилишини айтишни истамади ҳамда маълум қилдики, соҳибидан эмиш…

– Ёки ўз хонимидан, – унинг гапини бўлди д’Артаньян.

– Бунинг аҳамияти йўқ, – деди Арамис қизариб, – ҳамда маълум қилдики, ўз соҳибидан отни менинг табламга келтириб қўйиш, лекин ким томонидан юборилганини айтмасликка фармойиш олган.

– Йўқ, бу хил гаплар фақат шоирларда бўлади! – жиддий туриб луқма ташлади Атос.

– Ундай бўлса, бошқача йўл тутамиз, – деди д’Артаньян. – Сиз ўзингиз қайси отни миниб кетасиз? Харид қилганингизними ёки туҳфа қилинганиними?

– Турган гап, ўша, менга туҳфа қилинганини-да. Ўзингиздан қолар гап йўқ, д’Артаньян, мен ахир ранжитолмайман…

– … Туҳфа номаълум соҳибини, – гапни давом эттирди д’Артаньян.

– Ёинки сирли туҳфа соҳибасини, – унинг гапига тузатиш киритди Атос.

– Бинобарин, харид қилган отингизнинг энди сизга кераги йўғ-а?

– Шундай деса бўлади.

– Уни ўзингиз танлаганмисиз?

Танлаганда ҳам синчиклаб. Ўзингизга маълум, суворийнинг омонлиги ҳамиша унинг отига боғлиқ!

– Уни ўзингиз тўлаган нархда менга бериб қўя қолинг, бўлмаса.

– Мен ўзим ҳам арзимас пулини истаган пайтингиз қайтарарсиз деб, уни сизга таклиф этмоқчи бўлиб тургандим, муҳтарам д’Артаньян.

– У сизга қанчага тушди?

– Саккиз юз ливрга.

– Мана қирқта иккиталик пистол, азиз дўстим. Достонларингизга худди шундай танга билан ҳақ тўлашларини мен биламан.

– Сиз шунча боймисиз? – ҳайрон бўлди Арамис.

– Бойман, Крез сингари бойман, азизим!

Д’Артаньян чўнтагидаги пистолларнинг қолган-қутганларини жиринглатиб қўйди.

– Эгарингизни мушкетёр казармаларига жўнатиб юборинг, отингизни сизга бошқалари билан бирга келтириб беришади.

– Жуда соз. Бироқ соат беш бўлай деб қолди, шошилишимиз лозим.

Чорак соатдан сўнг Феру кўчасининг пировардида гўзал испан тойини минган Портос кўринди. Унинг орқасида кичкина, лекин буниси ҳам жуда чиройли оверн тойида Мушкетон келарди. Портос қувончу ифтихор тимсоли мужассам кишидай кўринар эди.

У билан айни пайтда кўчанинг бошқа чеккасида жуда ажойиб инглиз тулпорини минган Арамис кўринди. Унинг орқасида забардаст мекленбург отини тизгинидан етаклаб Базен келарди: у д’Артаньяннинг оти эди.

Иккала мушкетёр ҳам дарвоза тагига келиб қолишди; Атос билан д’Артаньян уларга деразадан қараб туришган эди.

– Азбаройи шифо! – деди Арамис. – Отингиз ажойиб экан, муҳтарам Портос.

– Ҳа, – жавоб берди Портос. – Менга аввал бошда жўнатишлари зарури шу эди. Эрнинг аҳмоқона ҳазилини деб уни бошқасига алмаштириб қўйганлар, лекин кейин эр таъзирини еди-ю, ҳаммаси худди менинг кўнглимдагидек якунланди.

Тез орада Планше, у билан эса соҳибининг отини етаклаган кўйи Гримо пайдо бўлди. Д’Артаньян билан Атос уйдан чиқишди-да, Атос рафиқасидан, Арамис – маъшуқасидан, Портос – прокурор хонимдан, д’Артаньян эса барча маъшуқалардан соз – омадидан қарздор отларга миниб, тўрт ўртоқ йўлга равона бўлди.

Хизматкорлар уларнинг ортидан боришарди.

Худди Портос башорат қилганидек, суворийлар тўдаси кучли таассурот қолдирарди, мабодо Кокнар хоним ўз хушторининг гўзал испан айғирида қандай савлат тўкиб ўтиришини кўрганда борми, эрининг пул сандиғидан қон чиқарганига афсус емаган бўларди.

Лувр яқинида тўрт оғайни Сен-Жермендан қайтиб келгувчи жаноб де Тревилни учратиб қолдилар; у киши шукуҳли аслаҳа-анжомларни томоша қилмоқ учун уларни тўхтатди-ю, ҳаш-паш дегунча бир тўп бекорчилар уларни ўраб олди.

Д’Артаньян бундан фойдаланиб, каттакон қизил муҳрли герсог гербли мактубни жаноб де Тревилга айтиб берди; унинг иккинчи мактуб хусусида оғиз очмагани ўз-ўзидан маълум.

Жаноб де Тревиль дўстлар қабул қилган қарорни маъқул деб топди ва, борди-ю, келаси куни д’Артаньян унинг ҳузурига қадам ранжида қилмаса, қаердан бўлмасин уни ахтариб топиш воситаларини топажагини айтиб, уларни ишонтирди.

Шу дақиқада Самарит аёли устидаги соат олтига занг урди. Оғайнилар қисталанг мулоқотни баҳона қилиб, узрини айтдилар-у, жаноб де Тревиль билан хайр-маъзур қилишди. Отларини елдек елдириб, улар Шаё йўлига чиқиб олдилар. Қош қорая бошлаган бўлиб, извошлар у ёқ-бу ёққа қатнаб турмоқда эди. Д’Артаньян бир-икки одим нарида турган биродарлари муҳофазасида извошларнинг ичкарисига тикилар, лекин бирорта таниш чеҳрага кўзи тушмасди.

Ниҳоят ўн беш дақиқалик мунтазирликдан сўнг қуюқ ғира-ширада Севр тарафдан тез елиб келгувчи извош пайдо бўлди. Ўзига мулоқот тайин этган хоним худди шу извошда ўтирганини д’Артаньяннинг кўнгли олдиндан сезди ва юраги ҳаприқиб ура бошлаганини ҳис қилиб, унинг ўзи ҳам ҳайрон қолди. Қарийб шу нафас извош деразасидан бир аёл мўралади: унинг дудоқларга босилган икки бармоғи гўё сукутга даъват этар ёхуд бўса йўлларди. Д’Артаньян севиниб аста нидо қилди: бу аёл ёки, тўғрироғи, бу шарпа – зеро, извош барқ суръати билан учиб ўтиб кетди – Бонасе хоним эди.

Огоҳ этилганига қарамасдан д’Артаньян ғайриихтиёрий ҳаракат билан отини елдириб кетди-да, бирикки сония ичида извошга етиб олди, лекин унинг деразалари парда билан аллақачон зич тўсилганди. Шарпа ғойиб бўлган эди.

Фақат шу ерда ўзининг огоҳ этилгани д’Артаньяннинг ёдига тушди: «… башарти ўзингизнинг ҳаётингизни ва сизни севгувчилар ҳаётини қадрласангиз, бирор ҳаракат қилманг ҳамда ўзингизни ҳеч нима кўрмаганга солинг».

У ўзига эмас, шўрпешона аёлга жони ачиб тўхтаб қолди: унга бу мулоқотни тайинлаш билан у ўзини улкан хавф-хатар остида қолдираётгани аён эди.

Извош ўша-ўша тезликда олға қараб елиб кетмоқда эди; сўнгра у Парижга учиб кирди-ю, кўздан йўқолди.

Д’Артаньян саросимада нима ўйларини билмасдан турган жойида қотиб қолди. Борди-ю, бу Бонасе хоним бўлиб, агар у Парижга қайтиб кетаётган бўлса, унда бу оний висол, бу наридан бери кўз уриштиришлар, бу хуфиёна бўса нечун? Агар бу ўша аёл бўлмаса – бу ҳам жуда эҳтимол гап, зеро ғира-ширада янглишиб кетиш осон – унда бу ишларнинг ҳаммаси унга қарши кузатилган фитнанинг боши эмасмикан, унинг душманлари, севишини у ҳеч кимдан сир тутмаган аёлдан хўрак сифатида истифода қилган эмасмикан?

Д’Артаньян ёнига ҳамроҳлари келишди. Уларнинг учаласи ҳам извошдан мўралаган аёл бошгинасини яққол кўрган, лекин Атосни истисно этганда, улардан ҳеч бири Бонасе хонимнинг юзини танимасди. Атоснинг фикрича, бу ўшанинг ўзи эди, у бу хушрўй рухсорга д’Артаньян сингари тикилиб қарамаган, шу сабабдан эса извош тўғрисидаги иккинчи бош – эркак бошини ҳам кўриб қолган эди.

– Ундай бўлса, – деди д’Артаньян, – унда, уни бир қамоқдан бошқасига ўтказишаётган бўлсалар керак. Аммо бу бояқишни улар нима қилмоқчи экан? У билан қачон бўлса-да учрашиш менга насиб қилармикан?

– Биродар, – жиддий сўз бошлади Атос, – хотирингизда бўлсин, шу ерда, ер юзида мурдалар билан учрашиб бўлмайди, холос. Биз сиз билан бу борада у-бу нарсани биламиз, шундай эмасми? Хўш, агар маъшуқангиз қазо қилмаган бўлса, бугун биз худди ўшанинг ўзини кўрган бўлсак, уни эртами-кечми ахтариб топасиз. Ҳам ажаб эмаски, – ўзига хос тунд тарзда илова қилиб қўйди у, – ажаб эмаски, бу нарса ҳатто ўзингиз истагандан ҳам вақтлироқ рўёбга чиқса.

Соат етти яримга занг урди, извош номачада кўрсатилган муддатдан йигирма дақиқа кечроқ ўтган эди. Оғайнилар д’Артаньянга олдида яна бир ташриф турганини эслатдилар ҳамда ундан воз кечишга ҳали ҳам фурсат борлигини ҳам илова қилдилар.

Аммо д’Артаньян бир йўла ҳам ўжар, ҳам синчков эди. У кардинал саройига бораман ва ўзига падари бузруквор айтмоқчи бўлган гапларни биламан, деб миясига қуйиб олган эди. Уни бу қароридан ҳеч нима қайтара олмасди.

Улар Сентя-Оноре кўчасига етиб келдилар ва кардинал саройи майдонида ўртоқлари йўлини пойлаб турган – улар чорлаган ўн икки нафар мушкетёрни топдилар. Фақат шундагина уларга нима гаплигини изоҳлаб бердилар.

Д’Артаньян қирол мушкетёрларининг шавкатли ротасида кенг танилган эди; унинг мавриди билан ўз ўрнини эгаллашини ҳамма билар ва ҳалитдан уни бир дўстдек кўрардилар. Шу важдан уларнинг ҳар бири ўзи муқаллаф этилган ишга бош қўшмоққа жон деб розилик берди; устига-устак, гап кардинал ва унинг одамларининг жиғига тегиш имконияти хусусида борар, бу нажиб дворянларнинг эса шу қабилидаги иқдомларга суяги йўқ эди.

Атос уларни уч отрядга бўлди, улардан бирининг сардорлигини ўз зиммасига олди, иккинчисига – Арамисни, учинчисига – Портосни мутасадди қилди, сўнгра ҳар отряд дарвозаларнинг бири қаршисида сарой яқинида ўрнашиб олди. Д’Артаньянга келсак, у бош дарвозадан мардона кириб борди.

Ёш йигит ортида кучли мадад борлигини ҳис қилиб турса-да, кенг пиллапоя зиналаридан чиқа туриб буткул хотиржам эмасди. Унинг миледига қилган қилиғи жуда хоинликка ўхшаб кетарди, аслида эса бу аёлни кардинал билан боғлаб тургувчи сиёсий йўриғдаги аллақандай робиталар мавжудлигига унинг ақли етиб турарди; ундан ташқари у шафқатсизларча таъзирини берган де Вард падари бузруквор мухлисларидан бири эди, д’Артаньян эса яхши билардики, падари бузруквор ғаним учун қўрқинчли бўлса ҳам, ўз дўст-биродарларига нисбатан меҳр-оқибати зўр эди.

«Мабодо де Вард тўқнашувимизни кардиналга ҳикоя қилиб берган бўлса, бунга шак-шубҳа йўқ ҳамда мабодо у менинг кимлигимдан хабар топган бўлса, бу жуда эҳтимол гап, унда ҳукмим чиқди ҳисоб, – бошини чайқаб хаёл сурарди д’Артаньян. – лекин не сабабдан кардинал шу кунгача тоқат қилиб келди экан-а? Не сабабдан бўларди, миледи ўзига бирам ярашиқ ўша риёкор маъюс алфозда устимдан унга арз қилган, бу сўнгги жиноят унинг сабр косасини тўлдириб юборган.

Хайриятки, – хаёлан қўшимча қилиб қўйди д’Артаньян, – менинг меҳрибон дўстларим пастда туришипти ҳамда мени тортиб олишга уриниб кўрмасдан туриб, олиб кетишларига йўл қўймайдилар. Бироқ бутун Франция лашкарларини истифода қилгувчи – қаршисида қиролича ожиз, қирол эса иродасиз бўлган кардинал билан жаноб де Тревиль мушкетёрлари ротаси ёлғиз ўзи жанг қилолмайди. Д’Артаньян дўстим, сен мардсан, сенинг жуда аъло сифатларинг бор, лекин аёллар сенинг бошингни ейди!»

Даҳлизга кириб чокарга мактубни узатган пайтда унинг чиқарган ҳазин хулосаси шу бўлди. У уни қабул залигача кузатиб қўйди-да, сарой ичкарисида ғойиб бўлди.

Қабул залида беш ёки олти чоғли кардинал гвардиячилари ҳозир эди; ўзларининг эшитишича, Жюссакни шикастлаган д’Артаньянни кўриб, улар алланечук ғалати илжайиб, унга кўз ташлаб қўйдилар.

Бу табассум д’Артаньянга хунук аломат бўлиб туюлди; бироқ гасконлигимизни чўчитмоқ у қадар осон эмас ёки, тўғрироғи, ўз вилояти аҳлига хос улкан орияти туфайли у кўнглидаги гапларни, ўша кечаётган гаплар қўрқувни эслатган тақдирда одамларга кўрсатишни хуш кўрмасди; у такаббур алфозда жаноб гвардиячилар ёнидан ўтди-да, виқордан холи бўлмаган мунтазир ҳолатда қўлларини белига тираб тўхтади.

Чокар қайтиб келди ва имо билан д’Артаньянга эргашишни таклиф этди. Ёш йигитга орқасида гвардиячилар шивир-шивир сўзлашиб қолгандай туюлди.

У даҳлизни ортда қолдириб, катта зални кесиб ўтгач, кутубхонага кирди-ю, ёзув столида ёзиб ўтирган бир киши қаршисида зоҳир бўлди.

Чокар уни киритиб қўйди-да, чурқ этмасдан йироқлашди. Д’Артаньян тик турар ҳамда бу одамни кўздан кечирарди.

Дастлаб унга қаршисида аллақандай ишни ўрганиб, ҳакам ўтиргандай бўлиб кўринди, лекин ҳадемай у стол ёнида ўтирган одам ёзаётганини ёки тўғриси ҳижоларини бармоқда санаб, узун-қисқа сатрларни тузаётганини пайқади. У қаршисида шоир ўтирганини фаҳмлади. Бир дақиқа кечгач, шоир муқовасида «Мирам, беш пардали фожиа» деган ёзувли қўлёзмасини ёпди-да, бошини кўтарди.

Д’Артаньян кардинални таниди.

Х
Ҳайбатли кўланка

Кардинал тирсагини қўлёзмага суяб, юзларини эса қўлига тираб, йигитга бир нафас тикилиб қолди. Ҳеч бир кишининг назари кардинал Ришельеники сингари ўткир синовчан эмас эди, д’Артаньян ҳам аъзойи бадани безгак тутгандай увишиб кетганини ҳис қилди. Бироқ у сир бой бермади ва шляпасини қўлида тутганича ортиқча кибрсиз, лекин ортиқча мутавозеликсиз ҳам падари бузруквор унга сўз қотишни лозим кўргунча кутиб турарди.

– Тақсир, – деди унга кардинал, – Бернлик д’Артаньян сиз бўласизми?

– Ҳа, зоти олийлари, – дея жавоб берди йигит.

– Тарб билан унинг атрофларида д’Артаньянлар шажарасининг бир неча авлоди мавжуд, – деди кардинал. – уларнинг қай бирига мансубсиз?

– Мен ўша қирол ҳазрат олийларининг отаси улуғ қирол Генрих билан бирга эътиқод учун урушларда иштирок этган д’Артаньяннинг ўғли бўламан.

– Балли. Демак, етти ёки саккиз ой илгари ватанни тарк этган ва бахт излаб пойтахтга жўнаган сиз экансиз-да?

– Ҳа, зоти олийлари.

– Сиз Менгдан ўтгансиз, у ерда аллақандай можарога чалингансиз… айнан ёдимда йўқ, хуллас – аллақандай можаро.

– Зоти олийлари, – деди д’Артаньян, – мен чалинган…

– Ҳожати йўқ, ҳожати йўқ, – бу можарони ҳозир ҳикоя қилмоққа чоғланган кишидан кам билмайман деб турган табассум билан унинг гапини бўлди кардинал. – Қўлингизда жаноб де Тревилга тавсиянома бор эди, шундай эмасми?

– Ҳа, зоти олийлари, лекин худди шу Менгдаги машъум фалокат пайти…

– … мактуб йўқолди, – гапни давом этди кардинал, – ҳа, бундан хабарим бор. Бироқ жаноб де Тревиль бир қарашда одамларни билиб оладиган афт-башараларнинг моҳир шарҳчиси ҳамда у киши мавриди билан мушкетёрлар сафига киришга умидвор қилиб сизни ўз куёви Дезессаранинг ротасига жойлаштириб қўйди.

– Сиз жудаям яхши воқиф экансиз, зоти олийлари, – деди д’Артаньян.

– Ўша маҳалдан бери ҳар хил саргузаштларингиз мўл бўлди. Сиз картезиан монастири орқасида шундай кунда сайр қилиб юргансизки, у пайти бўлак жойда бўлганингиз дурустроқ эди. Сўнгра оғайниларингиз билан форж сувларига саёҳат қилишга бел боғлагансиз. Улар йўлда ҳаяллаб қолган, сизга келганда эса сиз нарига жўнаб кетгансиз. Бу жуда тушунарли – сизнинг Англияда юмушларингиз бўлган.

– Зоти олийлари, – гап бошлаган бўлди довдираб қолган д’Артаньян, – мен жўнаб эдим…

– Виндзорга шикорга ёки бирор бўлак жойга, – бунинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Мабодо мен бу гаплардан хабардор бўлсам, менинг мавқеим ҳамма нарсани билишни тақозо этгани сабабли хабардорман, холос. У ердан қайтгач, сиз бир ҳумоюн хоним томонидан қабул этилгансиз, унинг туҳфасини сақлаб юрганингизни кўриб турганимдан мамнунман…

Д’Артаньян қиролича тортиқ қилган узукка ёпишди-да, апил-тапил унинг тошини ичига қаратиб олди, лекин фурсат ўтган эди.

– Бу воқеадан кейин келаси куни сизни жаноб Кавуа йўқлади, – сўзида давом этди кардинал, – ҳамда саройга ташриф буюришингизни сўради. Сиз пойқадамингизни ундан дариғ тутдингиз ҳамда чакки иш қилдингиз.

– Зоти олийлари, мен сиз падари бузрукворнинг ғазабингизга дучор бўлдимми, деб қўрққан эдим.

– Нима учун, тақсир? Ўрнингизда бўлак одам қила олгандан кўра ортиқроқ санъат ва ортиқроқ жасорат билан бошлиқларингиз амрини бажо келтирганингиз учунми? Сиз ғазабдан қўрқибсиз, аслида эса фақат таҳсинларга сазовор бўлгансиз! Кимки итоат этмаса – мен ўшаларни жазолайман, ҳаргиз сизга ўхшаб жон-жаҳди билан итоат этадиганларни эмас… Исботи учун – ўша мен сизга одам юборган кунни эсга олинг ҳамда ўша оқшом кечган ҳодисани хотирангизда тикланг…

Айни ўша оқшом Бонасе хонимни ўғирлаш содир бўлган эди.

Д’Артаньян сесканиб тушди; у худди ўша шўрлик аёлни гумдон бўлишга мажбур этган куч ярим соат муқаддам уни судраб олиб ўтиб кетганини хотирлади.

– Мана энди, – сўзида давом этди кардинал, – бирмунча вақт асносида сиз хусусингизда ҳеч дарак йўқлиги сабабли сиз нималар қилиб юрганингизни билгим келди. Дарвоқе, сизга андак миннат қилсам арзийди: ҳар қандай вазиятда сизга риоя қилганларини ўзингиз ҳам пайқаган бўлсангиз керак.

Д’Артаньян эҳтиром билан таъзим қилди.

– Боиси нафақат табиий адолат туйғуси, – сўзида давом этди кардинал, – балки сиз борангизда мен баъзи бир режа тузиб қўйганим ҳам бўлди…

Д’Артаньяннинг таажжуби тобора ортиб бормоқда эди.

– Мен бу режани сизга ўша биринчи таклифномамни олган кунингиз баён этмоқчи эдим, лекин сиз ташриф буюрмадингиз. Хайриятки, бу ҳаяллаш ҳеч нимага монелик қилмади ҳамда сиз уни бугун эшитасиз. Шу ерда, менинг рўбарўмда ўтиринг жаноб д’Артаньян! Сиз ўта олижаноб кишисиз, токи мени тик туриб тингласангиз.

Кардинал ёш йигитга курси кўрсатди. Бироқ д’Артаньян рўй бераётган нарсалардан шу қадар ҳайратда эдики, унинг суҳбатдошига ўз таклифини қайта такрорлашига тўғри келди.

– Сиз мардсиз, жаноб д’Артаньян, – сўзида давом этди кардинал, – сизнинг ақлу фаросатингиз жойидаки, буниси янада муҳимроқ. Мен ақл-ҳушли, юрагида ўти бор кишиларни ёқтираман. Чўчиманг, – табассум билан илова қилди у, – юрагида ўти бор кишилар деб мен довюрак одамларни назарда тутяпман. Бироқ ёшлигингиздан, ҳаётингизни эндигина бошлаганингиздан қатъи назар, қудратли душманларингиз бор, агар эҳтиёт бўлмасангиз, улар сизни нобуд қилиб қўядилар!

– Ҳа, зоти олийлари, – жавоб берди ёш йигит, – таассуфки, уларнинг бу ишни қилиши жуда осон бўлади, улар кучли ҳамда қудратли мададга моликдир, айни пайтда мен мутлақо ёлғизман.

– Бу рост, лекин нечоғли ёлғиз бўлманг, сиз анчамунча ишларни дўндириб қўйишга улгурдингиз, бундан кўпини ҳам қилишга қодирсиз, бунга ишончим комил. Бироқ менинг наздимда ўзингиз танлаб олган ўша тасодифларга тўла йўлда сизга бирор киши раҳбарлик қилишига муҳтожсиз, зеро, агар янглишмасам сиз Парижга мартабага миниш илинжида иззатталаб ниятлар билан келгансиз.

– Менинг ёшим – телба орзу-ҳаваслар ёши, зоти олийлари, – деди д’Артаньян.

– Телба орзу-ҳаваслар тентаклар учун мавжуд, тақсир, сиз эса оқил кишисиз. Менга қаранг, менинг гвардиямда лейтенантлик лавозимига ҳамда уруш ҳаракатларидан сўнг рота сардорлигига нима дейсиз?

– О, зоти олийлари!

– Сиз қабул этасиз, шундай эмасми?

– Зоти олийлари… – хижолат чекиб гап бошлади д’Артаньян.

– Нима, сиз рад этяпсизми? – ҳайрат ичида хитоб қилди кардинал.

– Мен ҳазрати олийларининг гвардиясидаман, зоти олийлари ҳамда ундан норози бўлишга менда ҳеч важкарсон йўқ.

– Лекин назаримда, – эътироз қилди кардинал, – менинг гвардиячиларим – айни пайтда ҳазрат олийларининг ҳам гвардиячиларидирлар ҳамда хизматни француз армиясининг қай бир қисмида ўтаманг, сиз қиролга бирдай хизмат қилган бўласиз.

– Сўзларимни нотўғри тушундингиз, зоти олийлари.

– Сизга баҳона даркор, шундай эмасми? Тушунаман. Майли, бу баҳона сизда бор. Кўтарилиш, бошланиб келаётган уруш ҳаракати, мен сизга таклиф этган ғанимат фурсат, бу гаплар ўзгаларнинг ҳаммаси учун, сиз учун эса – мустаҳкам ҳимояга эга бўлиш зарурати, зеро, менга устингиздан жиддий арзлар тушганини билдириб қўйсангиз фойдадан холи бўлмайди, жаноб д’Артаньян: сиз қирол хизматига барча кун ва тунларингизни бағишламайсиз.

Д’Артаньян қизариб кетди.

– Мана бу ерда, – қўлини даста-даста қоғозга қўйиб гапида давом этди кардинал, – сизга оид ҳажмдор иш ётибди, лекин уни ўқиб чиқишдан илгари мен сиз билан бир суҳбатлашмоқчи бўлдим. Мен биламан, сиз жасур кишисиз, мувофиқ йўриғда олиб борилган тақдирда, хизмат ҳам зиён ўрнига сизга жуда катта фойда келтириши мумкин бўлурди. Демак, мулоҳаза қилиб кўринг-да, бир қарорга келинг.

– Сизнинг мурувватингиз мени хижолат қилиб қўяяпти, зоти олийлари, – жавоб берди д’Артаньян, – ҳамда сиз падари бузрукворнинг маънавий нуфузингиз қаршисида мен ўзимни аянч бир чувалчанг ҳис қилмоқдаман, лекин зоти олийлари, сиз ўзингиз билан очиқчасига сўзлашишга изн берганингизда эди…

Д’Артаньян тўхтаб қолди.

– Гапиринг.

– Яхши! У ҳолда сиз падари бузрукворга айтиб қўяйки, менинг барча дўстларим мушкетёрлару қирол гвардиячилари орасидалар, душманларим эса аллақандай мубҳам, шум тасодиф билан сиз падари бузрукворимиз хизматидалар, хуллас, мабодо сизнинг таклифингизни қабул қилганимда эди, мени бу ерда ёмон қабул қилган, у ерда ҳам менга ёмон кўз билан қараган бўлардилар, зоти олийлари.

– Сиз, шу қадар манмансираб кетганмисизки, мени ўзингиз арзигандан кам нарса таклиф этяпти, деб хаёл қилмоқдасиз? – нафратомуз илжайиб сўради кардинал.

– Зоти олийлари, сиз менга ўзим арзигандан юз карра раҳмдилсиз ҳамда мен аксинча қилган ишларим ҳали кам деб ҳисоблайман, токи сизнинг лутфи карамларингизга муносиб бўлсам. Ҳадемай Ларошел қамали бошланади, зоти олийлари. Мен сиз падари бузрукворнинг кўз ўнгингизда хизмат ўтайман ҳамда мабодо шу қамал пайти ўз юриш-туришим билан сизнинг эътиборингизни тортиш бахтига ноил бўлсам, унда… унда гарданимда сизнинг шафоатингизни оқлагудек, менга уни раво кўрганингиз тақдирда, лоақал бирорта қаҳрамонлик бўлади. Ҳамма нарсанинг вақтсоати бор, зоти олийлари. Ажаб эмаски, келгусида ўзимни сизга холисонилло топшириш ҳуқуқига молик бўлсам, ҳозирда эса бу худди мен сизга сотилгандек тахлитда бўлади.

– Бошқача қилиб айтганда, сиз менга хизмат қилишдан бош тортяпсиз, тақсир, – алам билан, бироқ гапида ҳурматга монанд алланарса зоҳир этиб деди кардинал, – яхши, эркин қолаверинг ҳамда сизнинг хайрихоҳлигингизу нохайрихоҳлигингиз ўзингизга насиб қилсин.

– Зоти олийлари…

– Бас, бас, – деди кардинал. – Мени сиздан жаҳлим чиққани йўқ, лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, агар биз ўз дўстларимизни ҳимоя қилсак, уларни тақдирласак, душманларимиздан қарз-парзимиз йўқ. Лекин барибир мен сизга бир маслаҳат бераман: эҳтиёт бўлинг, жаноб д’Артаньян, зеро ўша менинг шафоатимдан маҳрум бўлган дақиқадан эътиборан сизнинг ҳаётингиз учун ҳеч ким сариқ чақа ҳам бермайди.

– Ҳаракат қиламан, зоти олийлари, – олижаноб ишонч билан жавоб берди д’Артаньян.

– Кейинчалик пайти келиб бошингизга фалокат тушса, – маънодор қилиб деди Ришелье, – менинг ўзим сизга одам юборганимни ҳамда фалокатнинг олдини олиш учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилганимни хотирга олинг.

– Келажакда нима фалокат бўлмасин, падари бузруквор, – қўлини кўксига босган ва таъзим қилган кўйи жавоб берди д’Артаньян, – мен шу тобда қилаётган ишларингиз учун сизга абадий миннатдорлик туйғусини сақлаб қоламан.

– Демак, жаноб д’Артаньян, сиз ўзингиз ҳам айтганингиздек, сиз билан кампаниядан сўнг кўришамиз. Мен сизни кузатиб бораман… Негаки мен ҳам ўша ерда бўламан, – д’Артаньянга ўзи тақажак кўркам яроғ-аслаҳаларни кўрсатган кўйи қўшиб қўйди кардинал, – қайтиб келганимизда эса унда… ана унда орани очиқ қиламиз-да!

– О, зоти олийлари, – қичқириб юборди д’Артанян, – мендан ўз ғазабингиз жабрини соқит этинг! Мен ўзимни виждонли кишига муносиб тарзда тутаётганимга ишонч ҳосил қилсангиз беғараз бўлинг, зоти олийлари.

– Йигитча, – сўзлади Ришелье, – борди-ю, бугун айтган гапларимни сизга яна бир бор айтиш имконияти юзага келса, мен уни айтишга ваъда бераман.

Ришельенинг охирги сўзлари ёмон гумонни ифодалаб турарди; улар уни рўй-рост пўписадан ҳам кўра кўпроқ даҳшатга солиб қўйди, зеро бу огоҳлантириш эди. Демак, кардинал уни боши узра турган аллақандай фалокатдан халос этмоқчи экан-да. Д’Артаньян жавоб учун оғиз жуфтлаган эди ҳамки, лекин кардиналнинг такаббур имоси аудиенсиянинг тугаганини унга уқтирди.

Д’Артаньян чиқиб кетди, лекин бўсағадан ҳатлаб ўтган чоғда матонати уни тарк этишига сал қолди; оз бўлмаса у изига қайтган бўларди. Бироқ Атоснинг жиддий ва қаҳрли чеҳраси ногаҳон унинг хаёлий назарида намоён бўлди; агар у кардинал билан иттифоққа розилик берганда Атос унга қўл бермаган бўлурди.

Ёш йигитни шу ҳадик тутиб қолди, холос – чинакам олижаноб тийнатнинг ўз теварагидаги борлиқ нарсага таъсири шу қадар улуғдир.

Д’Артаньян худди ўзи келган зинадан тушди; чиқаверишда унинг келишига маҳтал, безовта ҳам бўла бошлаган Атос билан тўрт нафар мушкетёрни кўрди.

Д’Артаньян уларни тинчитишга шошди, Планше эса ортидан пойлашнинг ҳожати йўқлиги, зеро соҳиби кардинал саройидан омон-эсон чиққанидан қолган постларни огоҳ этгани чопқиллаб кетди.

Жўралар Атоснинг хонадонига қайтиб келгач, Арамис билан Портос бу ғаройиб мулоқотнинг сабабларини суриштириб қолдилар, лекин д’Артаньян уларга Ришельенинг уни лейтинантлик унвонида ўз гвардиясига таклиф қилганини, ўзи эса буни рад этганини айтди, холос.

– Тўғри қилибсиз-да! – бир овоздан қичқирдилар Портос билан Арамис.

Атос чуқур ўйга толиб қолди-ю, ҳеч нима демади. Бироқ иккаласи холи қолганда у дўстига деди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации