Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 39

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 39 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Миледи ҳеч нима жавоб қилмади, лекин ранги худди мурданики сингари ўчиб кетди.

– Ана, сизнинг олис сафарни афзал кўришингизни кўриб турибман. Жуда яхши, хоним. Қадимги бир мақол: саёҳатлар ёш-ялангларнинг онгини оширади, деб таъкидлайди. Худо ҳаққи, пироварди оқибат сиз ҳақсиз! Ҳаёт – яхши нарса. Уни мендан тортиб олмаслигингиз ғамида юрганимнинг боиси ҳам шу-да. Демак, беш шиллинг борасида келишиб олишимиз қолди, холос. Мен сал хасисроқ кўринишим мумкин, шундай эмасми? Бу соқчиларингизни сиз сотиб олмаслигингиз ташвишини қилаётганим билан изоҳланади. Дарвоқе, ҳали уларнинг кўнглини овлаш учун барча сеҳру жодуларингиз ёнингизда қолади. Мабодо Фельтон борасида омадингиз келмагани бу хил уринишларга майлингизни қолдирмаган бўлса, уларни ишга солаверинг.

«Фельтон мени фош қилмабди! – кўнглидан ўтказди миледи. – Ундай бўлса, ҳали ҳеч нима бой берилмаган».

– Энди эса хайр, хоним. Эртага чопаримнинг жўнаб кетганини сизга айтгани келаман.

Лорд Винтер ўрнидан турди, истеҳзо билан таъзим қилди-да, чиқиб кетди.

Миледи енгил тортиб хўрсиниб қўйди: олдинда унинг яна тўрт куни бор эди; Фельтонни тамомила йўлдан оздириш учун унга тўрт кун кифоя қиларди.

Лекин лорд Винтер фармонга имзо чектириш учун Бэкингем ҳузурига худди Фельтонни жўнатиб юборса-чи, деган даҳшатли фикр кўнглига келди; бу ҳолда Фельтон унинг қўлидан чиқиб кетади, тўла муваффақият учун эса асирага ўз жодуларининг таъсири узилмагани зарур эди.

Ҳар қалай, айтиб ўтганимиздек, бир жиҳат миледига тасалли бермоқдайди: Фельтон уни фош этмаган.

Асира лорд Винтернинг дағдағалари қўзғатган ҳаяжонини билдиргиси йўқ эди, шу сабаб у стол ёнига ўтириб тамадди қилиб олди.

Кейин кечагидек у тиз чўкди ва овоз чиқариб ибодат қилди. Кечаги кундаги сингари аскар қулоқ солган кўйи юришидан тўхтаб қолди.

Ҳадемай у соқчиникидан енгилроқ одимларни илғади; улар даҳлиз тўридан яқинлашиб келиб, унинг эшиги тагида тўхтаб қолди.

«Бу ўша», – хаёлидан ўтказди миледи.

У ўша Фельтонни саросимали аҳволга солиб қўйган гимнини куйлаб юборди.

Лекин унинг кучли тиниқ овози ҳар қачонгидан кўп оҳангдор ва дилрабо янграса-да, эшик очилмади. Миледи эшик дарчасига зимдан назар ташлади-да, у қуюқ панжара орасидан ёш йигитнинг чақноқ кўзларини кўраётгандай бўлиб кетди; лекин бу аслида шундай бўлдими ёки унга шундай туюлдими, у билмай қолаверди: бу дафъа хонага кирмасликка унинг қурби етди.

Бироқ миледи куйлашдан тўхтагандан кейин бирикки зум ўтгач у бировнинг чуқур нафасини эшитаётгандай бўлди; сўнгра эшик тагига яқинлашган ўша қадамлар шошмасдан ва гўё истар-истамас йироқлашди.

XXV
Тутқунликнинг тўртинчи куни

Келаси куни Фельтон миледи ёнига кириб унинг креслода турганини ва батис рўмолчалардан энсиз тасмалар йиртиб, учма-уч қилиб боғлаб эшилган арқонни қўлида ушлаб турганини кўрди. Фельтон очаётган эшик ғийчиллаганида миледи креслодан енгил сакраб тушди-да, қўлида ушлаб турган ҳалиги арқонни орқасига яширмоқчи бўлди.

Ёш йигит одатдагидан рангпарроқ кўринарди, унинг бедорликдан қизариб кетган кўзлари тунни бесаранжом ўтказганидан дарак берарди.

Бироқ унинг афт-ангорига қараб у энг собит совуққонлик билан қуролланиб олган дейиш мумкин эди.

У шошмасдан креслога ўтириб олган миледи ёнига борди ва бехосданми ёки, эҳтимол, атайинми кўринадиган қилиб қолдирган ажал келтирувчи чилвирнинг учини кўтариб совуққина сўради:

– Бу нима, хоним?

– Буми? Ҳеч нима, – дея усталик билан ўзининг табассумига мотамсаро ифода бериб жавоб қилди миледи. – Зерикиш – маҳбусларнинг ашаддий душмани. Мен зерикиб кетдим ва шу арқонни эшиб, ўзимни овутдим.

Фельтон ёнида миледининг креслоси турган деворга нигоҳини қаратди-ю унинг боши устида деворга қоқилган ва кўйлак ёки қурол осишга хизмат қилгувчи зарҳал илмоқни кўрди.

У сесканиб кетди ва асира буни пайқаб қолди: гарчи унинг кўзлари пастга қаратилган бўлса-да, ҳеч нима улардан қочиб қутула олмасди.

– Нима қилаётувдингиз креслода туриб? – сўради Фельтон.

– Бу билан нима ишингиз бор?

– Лекин мен билмоқни истайман, – гапида туриб олди Фельтон.

– Қўйинг, суриштирмай қўя қолинг. Сиз биласизки, бизларга – асл христианларга ёлғон сўзлаш ман этилган.

– Майли, унда нима қилганингизни ёки тўғрироғи нима қилмоқчи бўлиб турганингизни мен ўзим айтаман: сиз кўнглингизга тугиб юрган ҳалокатли ниятингизни амалга оширмоқчи эдингиз. Хотирга олинг, хоним, агар тангри бўҳтонни ман этган бўлса, у ўз жонига қасд қилишни янада қатъийроқ ман этиб қўйган.

– Бандаларининг бири ноҳақдан-ноҳақ қувғинга дучор қилинаётганини унинг куни ё ўз жонига қасд қилишни ва ё шармандаликни танлашга қолганини парвардигор кўриб тургандан кейин, гапимга ишонинг, унинг ўзи жонига қасд қилганини худо кечиради, – чуқур ишонч билан гапирди миледи, – ахир, бу ҳолда ўзини ўлдириш – машаққатли ўлим бўлади.

– Сиз ё муболаға қиляпсиз, ё гапни чала қолдираяпсиз. Бор гапни айтинг, хоним, изоҳлаб беринг, азбаройи худо.

– Мусибатларимни сизга сўзлаб берай-да, сиз уларни уйдирма гаплар деб ҳисобланг, ўзимнинг ниятларимни сиз билан ўртоқлашай-да, сиз уларни менинг таъқибчимга чақиб қўйинг, йўқ муҳтарам афандим! Бунинг устига сизга бир бахти қаро маҳкум хотиннинг ҳаёти ёки ўлими нима бўпти? Ахир сиз фақат менинг таним учун жавобгарсиз, шундай эмасми? Жасадни топширсангиз бас – уни менлигимни таниб олсалар сиздан ортиқ ҳеч нима сўрамайдилар. Ҳатто қўшалоқ мукофот ҳам олиб қолсангиз ажаб эмас.

– Менми, хоним, менми? – қичқириб юборди Фельтон. – Ҳаётим эвазига мукофот олишга рози бўлади деб мендан гумон қила оласизми ҳали? Оғзингизга қараб гапиринг!

– Йўлимни тўсманг, Фельтон, тўсманг! – руҳланиб деди миледи. – Ҳар бир аскар обрў талаб бўлмоғи керак, тўғрими? Сиз лейтенантсиз, менинг тобутим кетидан эса капитан рутбасида борасиз.

– Мен ўзи нима қилдимки, худою бандалар олдида шундай масъулиятни менинг гарданимга юкламоқдасиз? – деди унинг сўзларидан ларзага келган Фельтон. – Бир-икки кун ўтгач, сиз бу қасрни тарк этасиз, хоним, сизнинг ҳаётингиз ортиқ менинг муҳофазамда бўлмайди, ана ўшанда… – хўрсиниб илова қилди у, – ўшанда ихтиёрингиз – уни нима қилсангиз қилаверинг.

– Демак, – гўё муқаддас қаҳрини ортиқ тийиб туришга қурби етмагандай қичқириб юборди миледи, – сиз, художўй бир киши, сиз ҳамма авлиё деб юрадиган киши фақат бир нарсани – менинг ажалимда сизни айбламасликларини, сизни у ҳаргиз беҳаловат қилмаслигини истар экансиз-да?

– Мен сизнинг ҳаётингизни асрашим керак, хоним, мен буни уддасидан чиқаман ҳам.

– Лекин қандай мажбуриятни бажараётганингизни тушунасизми-йўқми ўзи? Қилаётган ишингиз, ҳатто мен гуноҳкор бўлган тақдирда ҳам ёвузлик бўлурди; хўш, мен бегуноҳ бўлсам-чи, ўз хатти-ҳаракатларингизни сиз нима деб атайсиз, парвардигор уни нима деб атайди?

– Мен аскарман, хоним, олган фармойишларимни ижро этяпман.

– Сиз парвардигор маҳшар кунида кўр-кўрона итоат қилган жаллодларни-ю порок қозиларни фарқига бориб ўтиради деб ўйлайсизми? Сиз менинг танимни ўлдиришимни истамайсиз-у, шу билан бирга эса менинг руҳимга зомин бўлишни истаган киши ихтиёрининг ижрочиси бўлиб олмоқдасиз!

– Такрор айтаман, – деди иккилана бошлаган Фельтон, – сизга ҳеч қандай хатар таҳдид солаётгани йўқ, мен лорд Винтер учун худди ўзим учун бўлганидек жавоб бераман.

– Девона! – деди миледи, – донишмандларнинг донишманди, худога энг хуш кишилар ўзлари учун кафолат беришга журъат қилсалар-у, ўзга киши учун кафил бўлиб ўтирса аянч телбадир. Кимки ожиз муштипар нарсага зулм ўтказиш учун энг кучли ва масъуд киши тарафга ўтиб олса девонадир.

– Бўлиши мумкин эмас, хоним, бўлиши мумкин эмас! – деб ним товушда гапирди бу баҳонанинг ҳақлигини кўнглида сезиб турган Фельтон. – Сиз банди экансиз, мен орқали озодликка чиқолмайсиз, сиз ҳаёт экансиз, ҳаётингиздан мен орқали жудо бўлолмайсиз.

– Ҳа, – деди миледи, – лекин мен ўзим учун ҳаётдан ҳам қимматли бўлган нарсадан жудо бўламан: номусимдан жудо бўламан! Сизни бўлса Фельтон худою бандалар олдида номусим ва шармисорлигимга масъул қилиб қўяман.

Фельтон нечоғлик лоқайд бўлмасин ёки шундай кўринишга нечоғлик уринмасин бу дафъа ўзи аллақачонлар берила бошлаган хуфия таъсирга дош беролмай қолди: гўё бекам-кўст малак сингари бирам гўзал, покиза бу аёлни кўриб туриш, уни дам кўз ёши тўкаётган, дам дўқ қилаётган ҳолда кўриб туриш, бир пайтда ҳам унинг жамоли сеҳрини ҳам унинг ҳасратининг ром қилгувчи қудратини ҳис қилиш – булар ҳаммаси бир хаёлпараст учун ҳаддан ташқари кўп эди, асабий эътиқод жазаваларидан ғовлаб кетган мия учун оғирлик қилар эди, худога бўлган жўшқин муҳаббатдан ва инсонларга нисбатан аччиқ нафратдан жизғанак бўлган қалб учун меъёридан ортиқ кўп эди.

Миледи бу хижолатни илғаб олди, ғайришуурий равишда ёш мутаассибнинг қонида жўш ураётган бу қарама-қарши эҳтирослар алангасини туйиб олди; ғанимнинг чекинишга шайлигини кўриб, ғалаба наърасини тортиб унинг устига бостириб боргувчи моҳир лашкарбоши мисол у қадимий парилар сингари гўзал, христиан ҳурлари сингари мутаассир бўлиб ўрнидан турди; бўйинлари очилиб, сочлари ёйилиб кетди, нигоҳи ўша ёш пуританнинг туйғуларига васваса солиб бўлган оташдан пориллаб кетди; ийманиб бир қўли билан кўйлагини кўксида тутган, бошқасини олға чўзган кўйи у йигит сари қадам ташлади-да, ўша ўзи гоҳи пайтларда эҳтиросли ва ваҳимали оҳанг бера билган майин овози билан куйлай бошлади:

 
Қурбонликка илҳақ Ваал жағлари,
Жафокашни шерга ирғитинг шитоб,
Сиздан тангри қасос олажак ҳали!..
Мен унга зиндондан айладим хитоб.
 

Бу аломат мурожаатдан Фельтон бехос қотиб қолди.

– Кимсиз, кимсиз? – тавалло билан кафтларини жуфтлаштириб деди у. – Фалакнинг вакиласимисиз, дўзахнинг чокаримисиз, фаришта ёки азроилмисиз, номингиз Элоа ёки Астартами?

– Сен мени танимадингми ахир, Фельтон? Мен фаришта ҳам, азроил ҳам эмасман – мен замин қизиман ҳамда мен эътиқод бўйича сенга сингил бўламан, вассалом.

– Ҳа, ҳа! Мен ҳали иккиланган эдим, энди ишоняпман.

– Сен ишонаяпсан, аслида бўлса сен, ўша лорд Винтер деб аталмиш Велиалдан тарқаган нусханинг шеригисан! Сен ишоняпсан, аслида сен мени Англия душмани, парвардигор душмани – мени душманларим қўлига ташлаб қўймоқдасан! Сен ишоняпсан, аслида эса сен мени оламни ўз куфрию фаҳшига тўлғазиб ҳаром қилиб юборган кимсага – басирлар Бэкингем деб, диндорлар эса антихрист деб атагувчи разил Сарданапалга мени хоинона тутиб бермоқдасан!

– Мен сизни Бэкингемга хоинона тутиб беряпманми? Мен-а? Нималар деяпсиз ўзи?

– Кўзи борлар кўрмайди! – қичқирди миледи. – Қулоғи борлар – кар!

– Ҳа, ҳа! – деди Фельтон ва сўнгги шубҳани тубдан юлиб ташламоқчидай жиққа терга ботган манглайини қўли билан артиб қўйди. – Ҳа, тушларимда менга башорат қилгувчи овозни танияпман. Ҳа, ҳар туни менга намоён бўлиб, уйқу не билмайдиган руҳимга: «Яксон қил, Англияни халос қил, сен ўзингни халос қил, зеро, сен худо ғазабини қайтармасдан ўлиб кетасан!» – дея баралла гапиргувчи малакнинг истарасини танияпман. Гапиринг, гапиринг, – деди Фельтон, – сизни мен энди тушуняпман!

Миледининг кўзларида худди чақмоқ чақинисимон оний ваҳшатли қувонч чақнаб кетди.

Бу машъум қувонч шуъласи қанчалар оний бўлмасин, Фельтон уни илғаб қолди ва гўё у бу аёл юраги қаърини ёритиб бергандай ларзага келди.

Фельтон бирдан миледи жодуларига оид лорд Винтернинг огоҳлантирганларини ва ўзини шайдо қилишга унинг дастлабки уринишларини эслади; у бир қадам тисарилди-да, ундан кўзини узмаган ҳолда бошини хам қилди: бу ғалати мавжудотдан сеҳрлангандай у миледидан кўзини узолмасди.

Миледи унинг тараддудининг маъносини тўғри талқин қилиб олиш учун кифоя қиларли даражада зийрак эди. Унинг сиртқи ҳаяжони замирида пинҳон оғирвазминлиги уни бир зум ҳам тарк этмасди.

Фельтон тилга кирмасдан ва бу билан суҳбатни ўша кўтаринки руҳда давом эттиришга мажбур қилмасдан туриб, бу бағоят мушкул гап бўларди, гўё аёллик заифлиги устун келгандай қўлларини шалвиратиб ташлади.

– Йўқ, – деди у, – Ветилуяни Олоферндан халос қилажак Юдиф бўлиш менга йўл бўлсин. Олло таолонинг шамшири менинг қўлим учун ўта оғирлик қилади. Қўйинг, шармандаликка чап бермоқ учун ўлиб қўя қолай, қўйинг, машаққатли ажалдан нажот топа қолай! Мен сиздан на жиноятчиларга ўхшаб озодлик, на мажусийларга ўхшаб қасос тилайман. Мени ўз холимга қўйинг, ўлиб қўя қолай, вассалом. Мен сизга ёлвораман, тиз чўкиб сизга тавалло қиламан: мени ўз холимга қўйинг, ўлиб қўя қолай ҳамда менинг сўнгги нафасим ҳам халоскоримни олқайди.

Бу беозор илтижоли овозни эшитиб, бу журъатсиз ҳазин нигоҳни кўриб Фельтон яна унинг ёнига борди.

Бора-бора фусунгар яна унинг қаршисида – ўз майлига қараб ҳали рўкач қилгувчи, ҳали яшириб қўйгувчи ҳусн, маъсумалик, кўз ёшлари хусусан эса барча эҳтиросларнинг хилқати бўлмиш сирли шаҳватнинг бедаво латофати вужудга келтиргувчи ўша сеҳрли либосда намоён бўла бошлади.

– Ҳайҳот! – деди Фельтон. – Ўзингизнинг қурбонлигингизни исбот этсангиз, менинг сизга раҳмим келиши мумкин, холос. Лекин лорд Винтер сизга оғир айбларни даъво қилмоқда. Сиз христиансиз, сиз эътиқод бўйича менга сингил бўласиз. Мен, ҳеч қачон ўз валинеъматимдан ўзга ҳеч кимни севмаган, умрида сотқину нокаслардан бўлак ҳеч кимга йўлиқмаган – мен сизга майлим борлигини ҳис қилиб турибман. Лекин сиз бирам гўзалсиз хоним, бирам иффатли кўринасиз! Лорд Винтер сизни шунчалар таъқиб этаётган эканми, сиз аллақандай қонунга хилоф ишлар қилиб қўйган бўлсангиз керак.

– Кўзи борлар – кўр, – таърифга сиғмайдиган ғусса аралаш овоз билан такрорлади миледи, – қулоғи борлар – эшитмайди, кар.

– Ундай бўлса гапира қолинг! – деди ёш офицер.

– Шармисор бўлганимни айтайми сизга! – хижолатдан ранги ўзгариб сўради миледи. – Ахир, кўпинча бир кишининг жинояти бошқа бировнинг номусини ерга уради-ку… Мен аёл нарса шармисор бўлганимни сизга – эркак кишига айтайми! О!.. – жоду кўзларига қўлларини ибо билан пана қилиб гапида давом этди у, – О, минбаъд, минбаъд, буни сизга айтар аҳволда бўлмасман!

– Менга, оғангизга-я? – сўради Фельтон.

Миледи унга шундай бир авзо билан термилиб қолдики, буни ёш офицер иккиланиш деб қабул қилди; аслида эса бу миледи унга зеҳн солаётгани ва уни ром қилмоқчи бўлаётганини кўрсатарди, холос.

Фельтон ёлворувчи бир қиёфада қўлларини қовуштирди.

– Хўп, яхши, – деди миледи, – мен оғамга ишонганим бўлсин, бир қарорга келаман.

Шу нафас лорд Винтернинг оёқ товушлари эшитилиб қолди, лекин бу дафъа миледининг жоҳил қайнағаси кечагидаги сингари эшик ёнидан ўтиб кетиш билан чекланиб қолмади, балки тўхтади-да, соқчи билан бир-икки оғиз гап ташлашди: сўнгра эшик очилди-ю, у бўсағада зоҳир бўлди.

Бу эшик орқасидаги қисқа суҳбат асносида Фельтон сапчиб ўзини четга олган ҳамда лорд Винтер кириб келганда у асирадан бир-икки қадам нарида турарди.

Барон шошмасдан кириб келди ва асира билан ёш йигитга синовчан назар солди.

– Негадир анчадан бери шу ердасиз, Джон, – деди у, – бу аёл сизга ўз жиноятларини гапириб бераётган бўлмасин тағин? У ҳолда суҳбатингиз шунча чўзилиб кетганига ҳайрон бўлмайман.

Фельтон сесканиб тушди, миледи ҳам агар гангиб қолган пуританга ўзи ёрдамга келмаса ҳоли хароб бўлишини фаҳмлади.

– Э-ҳа, а, сиз асира қўлимдан чиқиб кетмасайди, деб қўрқяпсиз-да! – гап бошлади у. – Муҳтарам нозирингиздан сўраб кўринг-чи, мен ундан қандай марҳаматни тилаб турганимни.

– Сиз марҳамат сўраб тургандингизми? – шубҳаланиб сўради барон.

– Ҳа, милорд, – тасдиқлади изза бўлган йигит.

– Хўш, қандай марҳаматни? – сўради лорд Винтер.

– У бир зумдан кейин эшик туйнугидан қайтариб бераман деб ваъда қилиб мендан пичоқ сўраб турган эди, – жавоб берди Фельтон.

– Нима, бу ерда бу хоним сўймоқчи бўлаётган битта-яримтаси яшириниб турибдими? – ўзининг истеҳзоли, нафратли оҳангида сўради лорд Винтер.

– Бу ерда мен турибман, – жавоб берди миледи.

– Мен сизга танлаб олинг деб Америка ёки Тайбернни ихтиёрингизга ҳавола қилиб қўйибман, – луқма ташлади лорд Винтер. – Тайбернни танланг миледи: гапимга ишонинг, арқон пичоқдан пухтароқ.

Фельтон ўзи хонага кириб келган дамда миледи қўлида арқон ушлаб турганини хотирлаб бўзариб кетди-ю, бир қадам олдинга юрди.

– Сиз ҳақсиз, – деди миледи, – мен бу ҳақда ўйлаб кўрган эдим. – Сўнг овози бўғилиб қўшиб қўйди: – Ва яна ўйлаб кўраман.

Фельтон аъзойи баданидан титроқ ўтганини сезди; афтидан бу ҳаракат лорд Винтернинг назаридан қочмади.

– Бунга ишонма, Джон, – деди у. – Джон, дўстим, мен сенга ишонганман, эҳтиёт бўл, сени мен огоҳлантирган эдим! Дарвоқе, дадил бўл, бўтам: уч кундан кейин биз бу махлуқдан қутулиб қоламиз, мен уни юбораётган жойда у ҳеч кимга зиён етказа олмайди.

– Эшитяпсанми! – барон худога мурожаат қиляпти деб ўйласин деб қаттиқ фарёд қилди миледи, Фельтон бўлса унинг ўзига мурожаат қилаётганини фаҳмлади.

Фельтон бошини хам қилди-да, ўйланиб қолди.

Барон офицерни қўлтиғидан олди ва хонани тарк этмагунларигача ҳадеб елка оша миледига қараган ва ундан кўзини узмаган кўйи у билан эшик сари юрди.

«Ҳали мен ўз ишимни ўзим кўзлаган даражада юриштиролмабман, – унинг ортидан эшик ёпилгандан сўнг ўйлади асира. – Винтер ўзининг одатдаги овсарлигидан айниб, мислсиз эҳтиёткорлик кўрсатаяпти. Интиқом дарди дегани шу-да! Инсон табиатини у нақадар такомиллаштириб юборади-я! Хўш, Фельтончи… Фельтон иккиланяпти! Оҳ, у ўша лаънати д’Артаньян сингари одам эмас-да. Пуритан иффатли қизларга ошиқ, яна бунинг устига тоат-ибодатга қўл қовуштирганча ошиқ. Мушкетёр бўлса аёлларни севади ҳамда уларни оғушига олиб севади».

Бироқ миледи Фельтоннинг қайтишига бетоқат бўлиб кўз тутарди: у билан шу куни яна юз кўришишига у шубҳа қилмасди. Ниҳоят биз тавсиф этган кўринишдан кейин бир соат ўтгач, у эшик тагидаги оҳиста суҳбатни эшитиб қолди, ҳадемай эшик очилди-да, унинг қаршисида Фельтон ҳозир бўлди.

Ёш йигит эшикни қия қолдириб тез хонага кирдида, миледига дамини чиқармай туришни ишора қилди; унинг юзи қаттиқ ҳадикдан далолат берарди.

– Мендан нима истайсиз? – сўради миледи.

– Қулоқ солинг, – секин гапирди Фельтон, – менинг ҳузурингизга келганим ҳамма учун сир бўлиб қолиши ва суҳбатимизни ҳеч ким эшитиб қолмаслиги учун мен соқчини йўқотдим. Барон ҳозир даҳшатга солгувчи воқеани сўзлаб берди менга.

Миледи ўзининг мўмин қурбон табассуми билан илжайиб, бошини чайқаб қўйди.

– Ё сиз азроилсиз, – гапида давом этди Фельтон, – ё барон менинг валинеъматим, менинг отам – ёвуз бир махлуқ. Мен сизни таниганимга бор-йўғи тўрт кун бўлди, уни эса мана икки йилдан бери севаман. Шу боисдан сизларни ораларингизда иккиланиб қолишим узрли менга. Менинг сўзларимдан чўчиманг, сиз ҳақиқатни гапираётганингизда мен қаноат ҳосил қилмоғим зарур. Бугун ярим кечадан кейин мен ёнингизга келаман шунда сиз мени ишонтирасиз.

– Йўқ, Фельтон, йўқ, оғам, – жавоб берди у, – фидойилигингиз ҳаддан ташқари улкан, унинг сизга қимматга тушишига ақлим етади. Йўқ, мен хазон бўлдим, ўзингизни менга қўшиб жувонмарг қилманг. Менинг ўлимим ҳаётимдан маънолироқ бўлади, жасаднинг сукути эса тутқуннинг сўзларидан кўра сизни яхшироқ ишонтиради.

– Жим бўлинг, хоним! – деди Фельтон. – Менга бу гапни гапирманг! Ўз жонимга қасд қилмайман деб сиз менга ваъда беришингиз, чин сўз беришингиз, ўзингиз учун табаррук жамики нарсаларни ўртага солиб қасамёд қилишингиз учун келдим мен.

– Мен ваъда беришни истамайман, – жавоб берди миледи, – ҳеч ким қасамни мен сингари қадрламайди, мабодо мен ваъда бериб қўйсам, ваъдамнинг устидан чиқишга мажбур бўлиб қоламан.

– Унда ҳеч бўлмаганда то биз яна дийдор кўришгунча жонингизга суиқасд қилмай мушоҳада этиб туришга ваъда беринг. Борди-ю, мен билан юз кўришгандан кейин ҳам илгаригидек ўз ниятингизда туриб олсангиз, унда илож йўқ, нима қилсангиз ихтиёрингиз, мен эса сиз сўраган қуролингизни қўлингизга тутқазаман.

– Майли, азбаройи сизни деб, мен мусоада қиламан.

– Қасамёд қилинг.

– Худомизни ўртага солиб қасамёд қиламан. Кўнглингиз тўлдими?

– Яхши, тунгача хайр!

У хонадан отилиб чиқди-да, эшикни қулфлаб, қўлида аскар найзаси билан гўё постда соқчини ўрнини босиб тургандай даҳлизда кута бошлади.

Аскар қайтиб келгандан кейин, Фельтон қуролини унга қайтариб берди.

Эшик туйнугига йўлаб миледи Фельтоннинг жонжаҳди билан чўқиниб олганини ва шодлиги ичига сиғмай даҳлиздан юриб кетганини кўриб қолди.

У лабларида заҳарханда табассум билан, ўзи ҳозиргина ўртага солган, лекин ўзи ҳеч билмаган худонинг номини тилида такрорлаб жойига қайтиб борди.

– Менинг худойимми? – деди у. – Телба мутаассиб! Менинг худойим – бу мен ва кимки менга қасосимни олишга кўмаклашса ўшадир.

XXVI
Тутқунликнинг бешинчи куни

Бу ўртада миледи аллақачон ярим-ёрти ғалабани тантана қилмоқда ва эришилган муваффақият унинг кучига куч қўшмоқда эди.

У шу тобга довур қилиб келгандай, сеҳру жодуларга лаққа тушадиган ва сертакаллуф сарой тарбияси унинг тўрига дарров солиб қўядиган кишилар устидан ғалаба қозониш қийин эмасди; миледи чунонам гўзал эдики, эркакларни таслим қилиш йўлида вужуд томонидан қаршиликка йўлиқмасди, чунонам уддабурон эдики, руҳ томонидан солинаётган ғовларни бемалол енгиб ўтарди.

Лекин бу дафъа унинг ўз-ўзига азоб бериш одати туфайли одамови, писмиқ, тўпори бўлиб кетган феъл билан кураш тушишига тўғри келди. Дин ва қаттиқ диний интизом Фельтонни расмана мафтун воситалари таъсиридан холи қилиб қўйганди. Бу ҳовлиқма мияда кенг кўламли режалар, исёнкор ниятлар бирам қалашиб ётардики, унда шаҳвоний иштиёқ вужудга келтиргувчи, тасодифий ишққа, ўша бекорчиликдан униб, маънавий бузуқлик орқасидан ўсгувчи ишқида жой қолмаган эди. Миледи рахна солди: ўзининг сохта фазилатлари билан ўзига нисбатан қаттиқ ғаразда бўлган одамнинг ўзи ҳақидаги фикрларини зил кетказди, ўзининг жамоли билан эса тавфиқли ва маънавий пок кишининг қалбини ва ҳис-туйғуларини ром қилди. Мана, ниҳоят табиат ва дин ўрганиш учун унга тақдим қила оладиганки энг қайсар мавжудот устидаги бу тажрибада ҳанузгача унинг ўзи ҳам ғофил келган ўз куч ва уқувларини кенг кўламда ишга солиб юборди.

Лекин шунга қарамасдан бу оқшом асносида кўп марта ўзидан, ўз толеидан ҳам ихлоси қайтиб кетди; рост, у худони чорлагани йўқ, лекин ёвуз жинлар мададидан бу инсон ҳаётини муфассал бошқаргувчи ва араб эртагида баён қилинишича, битта анор донасидан вайрон бўлган бутун жаҳонни қайта бунёд этгувчи бу қудратли кучдан кўнгли тўқ эди.

Миледи Фельтоннинг келишига яхшилаб ҳозирлик кўрди ва бу мулоқот чоғидаги ўзининг хатти-ҳаракатини пухта ўйлаб олди. У фақат икки кун вақти қолаётгани ва фармонга Бэкингем имзо қўйган замон (Бэкингем бўлса яна шу боисдан имзо чекишда ўйлаб ўтирмайдики, фармонда уйдирма ном қўйилган ва, бинобарин, гап қай аёл хусусида кетаётганидан у бехабар бўлади), такрор айтамизки, бу фармонга имзо қўйилган замон барон уни ошиғич жўнатиб юборади. Ўша олий жамият ҳашаматидан ҳуснига ҳусн қўшилгувчи, расм-русм овози билан мадҳ этилгувчи ва кибор насабнинг сеҳрли нурларида товлангувчи юрт наздида ор-номусли деб довруғи кетган аёлларга қараганда сургунга ҳукм этилган аёлларнинг мафтун этиш воситалари қудрати камроқ бўлишини ҳам у биларди. Хор қилгувчи, иснодга қолдиргувчи жазога ҳукм этилиш аёлни ҳусни жамолидан маҳрум қилмайди, лекин қайтадан қудратга етишиш йўлида енгиб бўлмас ғов бўлади. Ҳамма чинакам салоҳиятли кишилар сингари у қандай шарт-шароит ўзининг мижозига, ўзининг табиий сифатларига кўпроқ мос келишини жуда яхши тушунарди. Қашшоқлик уни бездирар, хўрлик унинг нуфузидан учдан икки қисмини олиб қўярди. Миледи фақат маликалар ичидагина малика эди; ҳукмронлик қилмоқ учун унга қониққан фахр туйғуси даркор эди. Пастарин мавжудотларга ҳокимлик қилмоқ унинг учун ҳузур тугул ҳатто хўрлик эди.

Унинг сургундан қайтиб келиши турган гап, бунга у бир нафас ҳам гумон қилмасди, лекин бу сургун қанча вақт давом этиши мумкин? Миледи сингари фаол ҳокимиятга ўч тийнат учун киши савлат тўкиб юқори турмаган кунлар машъум кунлар бўлиб туюларди; хўш, одам пастга қараб думалаб кетаётган кунларни аташ учун қандай сўз топиб бўлади! Бир йил, икки йил, уч йилни бой бериш – бир умрни бой бериш деган гап; д’Артаньян ўз дўстлари билан аллақачон қиролича қўлидан хизматига яраша туҳфани шодмон ва масъуд бўлиб олаётган пайтда қайтиб кетиш – буларнинг ҳаммаси шундай уқубатли хаёллар эдики, миледи сингари аёлнинг уларга бардош бериши мушкул эди. Дарвоқе, унинг кўнглида кўтарилаётган ғалаён унинг кучига куч қўшмоқда, агарда унинг жисмоний имкониятлари ақлийлари билан лоақал бир зум баслаша олганида борми, ўз зиндонининг деворларини яксон қилиб ташлашга унинг қурби етган бўларди.

Буларнинг ҳаммасидан ташқари кардинал хусусидаги хаёллар уни азобга солмоқда эди. Шубҳаланувчан бетоқат кардинал – унинг нафақат ҳозирги кундаги бирдан-бир умиди, бирдан-бир таянчи ва бирданбир паноҳи, балки яна унинг келгусидаги бахти ва қасосининг асосий қуроли бўлмиш кардиналчи унинг бедарак кетганига нима изоҳ бериши мумкин, нима хаёлларга бориши мумкин? Миледи уни биларди, билардики саёҳатдан қуруқ қайтгач, у ҳибсга тушганини баҳона қилиши беҳуда ҳам тортган азоб-уқубатларининг таърифини келтириш беҳуда эди; жавоб ўрнида у ўзининг иқтидори, шу билан тафаккури ҳам қудратли скептикнинг истеҳзоли хотиржамлиги билан дерди: «Қўлга тушмаслик керак эди!»

Шундай пайтларда миледи ўзининг бор ғайратини даъват қилар, ўзи тушиб қолган дўзах қаҳрига тушиб турган ягона нур шуъласи бўлмиш Фельтоннинг номини хаёлан такрорлагани-такрорлаган эди; ҳамда ўз кучини синаб кўриш истагида ҳалқаларини ҳали бураб, ҳали бўшатиб кўраётган илон каби у ўзининг топқир тасаввурининг саноқсиз иланг-биланглари билан Фельтонни ҳалитдан чулғаб олмоқда эди.

Бу орада вақт ўтиб борар, соатлар бирин-сирин қўнғироқни йўл-йўлакай уйғотиб тургандай туюлар, мис тилнинг ҳар зарбаси эса асиранинг қалбида акссадо берарди. Соат тўққизда ўз одатича лорд Винтер келди, дераза билан панжара чивиқларига разм солди, полни, девор, камин ва эшикларни текшириб чиқди ва бу узоқ астойдил кўрик асносида на у, на миледи оғиз очмадилар.

Шубҳасиз, иккалови ҳам беҳуда сўзлар-у, бенатижа ғазабга вақтни исроф қилмоқ учун вазият ҳаддан ташқари жиддийлашиб кетганини тушунардилар.

– Йўқ, йўқ, – миледи ҳузуридан кета туриб деди барон, – бу кеча қочишни уддасидан чиқолмайсиз ҳали!

Соат ўнда соқчи қўйгани Фельтон келди, миледи ҳам уни юришидан таниб олди. У энди маъшуқа ўз ошиғининг рафторини пайқаб олгани каби бунинг фарқига бориб қолган эди, ҳолбуки бу ландовур мутаассибдан миледи нафратланар, уни кўрарга кўзи йўқ эди.

Тайинланган вақт ҳали бўлмаганидан Фельтон ҳам кирмади.

Икки соат ўтгач, ярим кечага занг урилганда соқчини алмаштирдилар.

Бу дафъа фурсат етди, миледи ҳам муштоқ бўлиб кута бошлади.

Янги соқчи даҳлизни кезиб юра бошлади.

Ўн дақиқадан сўнг Фельтон келди.

Миледи ҳушёр тортиб турди.

– Қулоқ сол, – деди йигит соқчига, – ҳеч бир баҳона билан шу эшикнинг ёнидан силжима. Хабаринг борку, ахир ўтган туни постини бирпасга тарк этгани учун милорд бир аскарнинг таъзирини берди, ҳолбуки у йўғида шу қисқагина вақт ичида мен унинг ўрнида қоровуллик қилиб тургандим.

– Ҳа, бундан хабарим бор,– жавоб берди аскар.

– Сенга жуда ҳафсала билан назорат қилиб туришни буюраман. Мен бўлсам, – илова қилди Фельтон, – кираманда, бу аёлнинг хонасини яна бир марта кўздан кечириб чиқаман: унинг шум нияти – ўзини ўлдириш нияти борми деб қўрқаман, унга кўз-қулоқ бўлиб туриш амр этилган менга.

– Жуда яхши, – шивирлади миледи, – ана жиддий пуритан ёлғон ҳам сўзлай бошлади.

Аскар мийиғида кулиб қўйди, холос:

– Азбаройи шифо, бундай топшириқдан зорланмасангиз ҳам бўлади, жаноб лейтенант, хусусан агар милорд сизни унинг тўшагига кириб чиқишга мутасадди қилган бўлса.

Фельтон қизариб кетди; ўзига ҳар қандай вазиятда, унга бу хил ҳазилни эп кўргани учун аскарга у жиддий танбеҳ берган бўларди, лекин оғзидан бирор сухан чиқаришга журъат қилиши учун у виждонини ҳали йўқотмаган эди.

– Агар чақирсам, – деди у, – кир. Худди шунингдек, агар битта-яримтаси келиб қолса, мени чақир.

– Бош устига жаноб лейтенант, – жавоб берди аскар.

Фельтон миледи ёнига кирди. Миледи ўрнидан турди.

– Бу сизмисиз! – деди у.

– Мен келаман деб сизга ваъда бериб эдим, мана келдим.

– Сиз менга яна бошқа нарсани ҳам ваъда қилиб эдингиз.

– Хўш, нимани! Ё раббий! – деб қўйди йигит ва ўзини тута билиш уқувига қарамасдан унинг тиззалари қалтираб, манглайидан тер чиқиб кетди.

– Сиз пичоқ келтириб, суҳбатимиздан кейин уни қолдириб кетишга ваъда бергансиз.

– Бу ҳақда оғиз очманг, хоним! Шундай аҳвол йўқки нечоғлик даҳшатли бўлса-да, у худонинг бир бандасига ўзини жондан жудо қилиш ҳуқуқини берса. Мен ўйлаб кўрдим ва шу хулосага келдимки, мен ўз бўйнимга бундай гуноҳни зинҳорба-зинҳор олмаслигим керак.

– Ҳо-а, сиз ўйлаб кўрдингизми! – истиғноли табассум билан креслога ўтираркан деди асира. – Мен ҳам ўйлаб кўрдим ва мен ҳам бир хулосага келдим.

– Қандай?

– Лафзи йўқ одамга айтадиган гапим йўқ деб.

– Ё раббий! – шивирлади Фельтон.

– Сиз чиқиб кетаверишингиз мумкин, мен ҳеч қандай гапни айтмайман.

– Мана пичоқ! – деб ваъдасига мувофиқ ўзи келтирган, лекин асирага топширишга ботинмай турган қуролни чўнтагидан чиқара туриб гапирди Фельтон.

– Беринг-чи, уни бир кўрай-чи?

– Нега?

– Номусим билан қасамёд қиламанки, мен уни шу заҳоти қайтариб бераман. Сиз уни мана бу столга қўясиз-да, ўзингиз у билан менинг ўртамда турасиз.

Фельтон қуролни миледига узатди; у тиғни диққат билан кўздан кечирди-да, учини бармоғи учига тегизиб кўрди.

– Яхши, – деди у пичоқни ёш офицерга қайтараркан, – бу қаттиқ аъло пўлатдан… Сиз содиқ дўст экансиз Фельтон.

Фельтон пичоқни олди-да, келишилгандек уни столга қўйиб қўйди.

Миледи Фельтонни нигоҳи билан кузатиб турди-да, қаноат ҳосил қилиб бош ирғаб қўйди.

– Энди, – деди у, – гапларимга қулоқ солинг.

Бу таклиф ортиқча эди: ёш офицер унинг қошида турар ва нигорон бўлиб унинг сўзларини кутарди.

– Фельтон… – деб тантанавор ва ҳазин гап бошлади миледи. – Фельтон, бир кўз олдингизга келтиринг, сизнинг синглингиз, отангизнинг қизи сизга деди: мен ҳали ёш ва пешанамнинг шўрига ҳаддан ортиқ гўзал бўлган чоғимда мени алдаб тузоққа илинтирдилар, лекин мен дош бердим… Менга қарши фисқу фасод ва зулмларини кўпайтириб юбордилар – мен дош бердим. Мен эътиқод қўйган мазҳабни, мен топингувчи худони таҳқирлай бошладилар, нега десангиз мен худони ва ўша ўзимнинг эътиқодимни ёрдамга чорлардим, лекин шунда ҳам мен дош бердим. Шундан сўнг менинг шаънимга ҳақоратлар ёғдира бошладилар ва руҳимни сўндиришнинг иложини қилолмаганлари сабабли танимни то абад ҳаром қилиш пайига тушдилар. Оқибат…

Миледи тўхтаб қолди ва лабларига аччиқ табассум илинди.

– Оқибат, – унинг кетидан такрорлади Фельтон, – хўш, улар нима қилдилар оқибат?

– Оқибат бир кун кечқурун ҳамон енгишнинг иложи бўлмаётган матонатимни букишга қарор қилдилар… Хуллас, бир кун кечқурун менга ўткир ухлатувчи дори қўшилган сув бердилар. Мен кечки тамаддимни тугатар-тугамас бора-бора аллақандай ғалати жунжикиб бораётганимни сезиб қолдим. Гарчи кўнглимда ҳеч гап бўлмаса-да, мени элас-элас қўрқув босарди-ю, мен уйқуни енгишга уринардим. Мен ўрнимдан туриб ўзимни деразадан отмоқчи, ёрдамга чақирмоқчи бўлдим-у, лекин оёқларим менга итоат қилмай қўйди. Шифт худди менинг бошимга қараб пастлаётгандай ва бутун вазни билан мени эзаётгандай туюлиб кетди. Мен қўлларимни узатдим, гапиришга ҳаракат қилиб кўрдим, лекин аллақандай мубҳам товушларни чиқарардим. Мен енгиб бўлмас даражада карахт бўлиб борардим ва ҳозир йиқилишимни сезиб креслога ёпишиб олдим, лекин ҳадемай менинг дармони қуриган қўлларимга бу таянч камлик қилиб қолди-да, мен бир тиззамга, кейин эса иккаласига йиқилиб тушдим. Дуо ўқимоқчи бўлгандим, тилим калимага келмади. Шак-шубҳасиз парвардигор мени кўрмасди ва эшитмасди, мен ўлимдек оғир уйқуга таслим бўлиб полга қулаб тушдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации