Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 44 (всего у книги 47 страниц)
XXXIII
Сўнгги қатра
Рошфор чиқиб кетган замон Бонасе хоним хонага қайтиб келди-ю, миледининг қувониб, кулимсираб ўтирганини кўрди.
– Мана энди сиз чўчиб турган нарса содир бўлди, – гап очди ёш жувон, – бугун кечқурун ёки эртага кардинал сизга одам юборади.
– Буни сизга ким айтди, бўтам? – сўради миледи.
– Мен бу ҳақда чопарнинг ўз оғзидан эшитдим.
– Яқинроқ келинг-да, менинг ёнимга ўтиринг, – таклиф қилди миледи.
– Марҳамат.
– Сабр қилинг, бизни битта-яримтаси эшитиб қолмасин, бир қараб боқай.
– Бу эҳтиёт чоралари нечун?
– Ҳозир билиб оласиз.
Миледи ўрнидан туриб, эшик олдига борди-да уни очиб, даҳлизга бош суқиб қаради, кейин яна Бонасе хоним билан ёнма-ён ўрнашиб олди.
– Бундан чиқди, у ўз ролини дуруст ижро этибди-да?
– Ким у?
– Ўша нозирага ўзини кардиналнинг вакили деб танитган одам.
– Ие, ҳали у роль ўйнаган эдими?
– Ҳа, бўтам.
– Демак, бу одам ҳалиги…
– Бу одам, – овозини пасайтириб деди миледи, – менинг оғам.
– Сизнинг оғангизми? – сўради Бонасе хоним.
– Бу сирни ёлғиз сиз биласиз, бўтам. Агар сиз кимга бўлса-да, уни ишониб айтиб қўйсангиз мен хароб бўлдим, балким сиз ҳам.
– Вой, шўрим!
– Менга қаранг, мана нималар бўлиб ўтган. Зарур келиб қолса, зўрлик билан мени халос қилгани шошилинч мададга келаётган акам кардинал менинг ёнимга юборган чопарни учратиб қолган ва унинг изидан жўнаган. Ҳувиллаган хилват жойга етиб олиб, у қиличини суғурган-у, чопарга пўписа қилиб, ўзи олиб кетаётган қоғозларни ўзига беришини талаб қилган. Чопар ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлган пайтда оғам уни ўлдириб қўйган.
– Вой! – ларзага келди Бонасе хоним.
– Бу бирдан-бир чора эди, тушунинг! Кейин оғам куч билан эмас, ҳийла билан иш кўришга аҳд қилган: у қоғозларни олиб, бу ерга кардиналнинг чопари ниқоби остида келган ва бир-икки соатдан кейин падари бузруквор амри билан менга извош келиши керак.
– Тушуниб турибман: бу извошни сизга оғангиз юборади.
– Тўппа-тўғри. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас: сиз де Шеврез хонимдан мактуб олдим деб гумон қилаётган мактуб…
– Хўш?
– … қалбаки мактуб.
– Қанақасига?
– Ҳа, қалбаки: бу одам келганда сизни қаршилик кўрсатмасин деб қўйилган тузоқ.
– Лекин д’Артаньян келади-ку, ахир!
– Ғафлатни бас қилинг: д’Артаньян билан унинг дўстлари Ларошел қамалида.
– Буни сиз қаёқдан биласиз?
– Менинг оғам кардиналнинг мушкетёрлик либосини кийинган вакилларини учратган. Сизни дарвозахонага чақиришган бўлишарди, сиз дўстларим билан муомала қиляпман деб ўйлардингиз, – сизни ўғирлаб кетиб, қайтариб Парижга элтиб қўйишарди.
– Ё раббий, боши-кети йўқ бу жиноятлардан бошим гангиб қолди! Сезиб турибман, агар шу туришда кетаверса, – кафтини манглайига босиб гапирди Бонасе хоним, – мен ақлдан озаман!
– Тўхтаб туринг!
– Нима гап?
– Мен отнинг дупур-дупурини эшитяпман… Бу менинг оғам, жўнаб кетяпти. Мен у билан яна бир марта хайрлашмоқчиман, юринг.
Миледи деразани очди ва қўл ҳаракати билан Бонасе хонимни ёнига чақириб олди. Ёш жувон келди.
Рошфор дераза тагида елдек учиб борарди.
– Хайр оға! – деди миледи.
Чавандоз бошини кўтариб, икки аёлга кўзи тушгач, от қўйиб кета туриб миледига дўстона қўл силтаб қўйди.
– Ажойиб Жорж! – ўз рухсорига мулойим ва маъюс ифода бериб деди у ва деразани ёпиб қўйди.
У аввалги жойига ўтириб олди-да, ўзини чуқур мулоҳазаларга ғарқ бўлганга солди.
– Кечирасиз, хоним, хаёлларингизни бўлиб қўйишга ижозат беринг! – унга мурожаат қилди Бонасе хоним. – Менга нима маслаҳат берасиз? Шўрим қурсин! Сизнинг турмуш масалаларида мендан кўра тажрибангиз кўп, нима қилай, менга ўргатиб қўйинг.
– Энг аввало, – жавоб берди миледи, – мен янглишаётган бўлишим ва д’Артаньян билан унинг дўстлари чинданам сизга ёрдамга келиб қолишлари мумкин.
– Оҳ, бу бирам яхши бўлардики, бунга ҳатто ақлим ҳам бовар қилмайди! – хитоб қилди Бонасе хоним. – Бундай бахт менга насиб қилмас!
– У ҳолда, ўзингизнинг ақлингиз етади, бу муддат масаласи, ким биринчи келади деган ўзига хос бир мусобақа. Агар бизнинг дўстларимиз бўлса – сиз омон қоласиз, агар кардиналнинг югурдаклари бўлса – сиз нобуд бўласиз.
– О, албатта, нобуд бўлишим тайин! Нима қилмоқ керак.
– Жуда оддий ва тамоман бир чораси бор чоғи…
– Қандай, айтинг?
– Атрофдаги бирор жойда беркиниб кутиш, ёнингизга келадиган одамларнинг кимлигини аввал билиб олиш зарур.
– Лекин қаерда кутса бўлади?
– Энди бунисини ўйлаб топиш осон. Мен ўзим бу ердан бир-икки ле нарида тўхтаб, ёнимга оғам келмагунча ўша ерда яшириниб юраман. Бундай қиламиз: мен сизни ўзим билан бирга олиб кетаман, биз яшириниб оламиз ва биргаликда кутамиз.
– Лекин мени бу ердан чиқармайдилар, мен бу ерда асира аҳволидаман.
– Бу ерда мени кардинал фармойишига биноан кетяпти деб ўйлашади ва менга эргашишга сизда майл йўқ, деб ишонишади.
– Хўш?
– Шундай қилиб извош узатилади, сиз мен билан хўшлашасиз, сиз мени яна бир марта қучоқлаш истагида зинага чиқасиз. Оғамнинг менга юборажак хизматкори ҳамма нарса хусусида огоҳ этилган бўлади, у почтачига ишора қилади-ю, биз отларни елдириб учиб кетамиз.
– Лекин д’Артаньян-чи? Д’Артаньян келиб қолсачи?
– Биз бундан хабар топамиз.
– Қай тарзда?
– Бундан осон нарса бўлмайди! Биз оғамнинг хизматкорини Бетюнга қайтариб жўнатиб юборамиз, такрор айтаманки, биз унга так-таслим ишонсак бўлаверади. У уст-бошини алмаштириб монастир қаршисида жойлашиб олади. Агар кардиналнинг элчилари келса, у жойидан қимирламайди, агар д’Артаньян билан унинг дўстлари келиб қолишса, уларни бизнинг ёнимизга кузатиб қўяди.
– Уларни у танирмиди?
– Албатта танийди-да! Ахир, у д’Артаньянни менинг уйимда бир неча марта кўрган.
– Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз… Демак, ҳаммаси эпақага келяпти, ҳаммаси жуда яхши амаллаяпти, лекин узоққа кетмайлик.
– Нари борганда етти-саккиз лега. Биз нақ чегара олдидаги хилват жойда тўхтаймиз-да, дастлабки ғулғуладаноқ Франциядан жўнаб қоламиз.
– У пайтга довур нима қилмоқ керак?
– Кутмоқ керак.
– Агар улар келмаса-чи?
– Оғамнинг извоши эртароқ келади.
– Лекин сизга келишган пайтда мен сиз билан бўлмасам-чи, масалан, мен бу маҳалда тушки ёки кечки тамадди қилаётган бўлсам-чи?
– Бир нарса қилинг!
– Нима?
– Раҳмдил нозирага тушки ва кечки тамаддиларни мен билан бирга қилишга изожат сўранг, токи биз бирбиримиздан иложи борича кам ажралайлик.
– У ижозат берармикан?
– Нега энди бермасин?
– Жуда яхши! Шу зайл биз бир зум ҳам ажралмаймиз.
– Унинг ҳузурига боринг-да, ундан шу нарсани илтимос қилиб кўринг. Менинг бошим алланечук оғирлашиб турибди, мен бориб боғда бир айланиб келай.
– Боринг. Хўш, мен сизни қаердан топиб оламан?
– Шу ердан, бир соатдан кейин.
– Шу ердан, бир соатдан кейин… Оҳ, ташаккур сизга, сиз бирам кўнгилчан экансизки!
– Сизга ҳамдард бўлмай иложим қанча! Ҳатто агар сиз ўзингизча, шу қадар гўзал ва дилбар бўлмаганингизда ҳам, сиз менинг энг яхши дўстларимдан бирининг маъшуқасисиз-ку, ахир!
– О, д’Артаньяним, у сиздан хўп миннатдор бўладида.
– Умид қиламан. Мана энди бўлди, биз ҳамма нарсани келишиб олдик, юринг пастга.
– Сиз боққа кетяпсизми?
– Ҳа.
– Шу даҳлиздан кесиб ўтинг-да, кичкина зинапоядан тушинг, у сизни тўппа-тўғри боққа олиб чиқиб қўяди.
– Жуда яхши! Ташаккур сизга.
Ёш жувонлар хуш табассумларини бир-бирига ҳадя қилиб ажралишди.
Миледи рост гапирган эди, у чинданам бошида аллақандай оғирлик ҳис қилмоқда: ҳали-бери тарқоқ ниятлар унинг миясида чувалашиб ётарди. Ўз хаёлларини тартибга келтирмоқ учун унинг холи қолиши лозим эди. Бундан кейинги воқеаларни у мужмал тасаввур қилар ва ўзининг мавҳум ниятларини маълум шаклга солмоқ ҳамда ҳаракат режасини тузиб олмоқ учун унга сукунат ва осойишталик даркор эди.
Энг аввало Бонасе хонимни мумкин қадар тезроқ ўғирлаб кетиш, ишончли жойда уни беркитиб қўйиш ва зарур келиб қолса уни у ерда гаров тариқасида тутиб туриш лозим. Ўзи қанча шиддат билан бўлса, душманлари ҳам худди шунча сабру матонат билан олиб бораётган бу аёвсиз курашнинг оқибатидан миледи ҳайиқа бошлаган эди.
Устига-устак бир хил одамлар ҳавонинг айнишини сезиб турганларидек, бу хотиманинг яқин қолганини ва муқаррар даҳшатли бўлажагини унинг кўнгли сезиб турарди.
Хуллас, унинг айтиб ўтганимиздек, асосий нарса Бонасе хонимни қўлга киритиш эди. Бонасе хоним д’Артаньяннинг жони эди; унинг ҳаёти, севикли аёлнинг ҳаёти д’Артаньян учун жонидан ҳам азизроқ эди. Борди-ю, иқбол панд бериб, миледи муваффақиятсизликка учраган тақдирда эса гаров тариқасида Бонасе хонимга эга бўла туриб, у музокаралар бошлаши мумкин эди ва шубҳасиз манфаатли шарт-шароитга эришган бўларди. Бу муаммони у ҳал қилиб қўйди: Бонасе хоним соддадиллик билан унга ҳамроҳ бўлиб боришга тайёр эди; мабодо улар иккиси ҳам Армантерда беркиниб олишса, миледининг д’Артаньян Бетюнга келмаган деб Бонасе хонимни ишонтириши осон эди. Узоғи билан ярим ойдан кейин Рошфор қайтиб келади; бу ярим ой ичида эса миледи тўрт дўстдан қай тарзда қасдини олишни ўйлаб топади. Худога минг қатла шукурки, у зерикиб қолмайди – феъли уники сингари аёл учун шароит яратиб бера оладиган энг хуш истироҳат: ўз қасоси режасини такомилига етказиши кутарди.
Мулоҳаза қилган кўйи миледи боққа зеҳн солар ва унинг тузилишини ёдда қолдиришга ҳаракат қиларди. У бир йўла ҳам ғалабани, ҳам мағлубиятни кўзда тутгувчи ва жангнинг оқимига қараб ҳам олға боришга, ҳам чекинишга шайлангувчи моҳир саркарда сингари ҳаракат қилмоқда эди.
Бир соатдан кейин у ўзини кимдир меҳрибон овоз билан чақираётганини эшитди.
Бу Бонасе хоним эди. Кўнгилчан нозира албатта тўла розилик берган бўлиб, даставвал ёш жувонлар бирга кечки тамадди қилгани кетишди.
Улар ҳовлига кириб борганларида қулоқларига яқинлашиб келаётган извошнинг тарақ-туруқи келди.
Миледи тинглаб кўрди.
– Эшитяпсизми? – сўради у.
– Ҳа, дарвоза тагида извош тўхтади.
– Бу ўша, бизга оғам юборган извошнинг ўзгинаси.
– Вой, шўрим!
– Бас, энди дадил бўлинг.
Миледи янглишмаган эди: монастир дарвозаси олдида қўнғироқ чалинди.
– Боринг ўз хонангизга, – деди у Бонасе хонимга, – ўзингиз билан олиб кетишни истаган унча-бунча қимматбаҳо нарсаларингиз бордир.
– Менда унинг мактублари бор, – жавоб берди Бонасе хоним.
– Уларни йиғиштириб олинг-да, ёнимга келинг, биз бирпасда кечки тамаддимизни қилиб оламиз. Балким тун бўйи йўл босишимизга тўғри келиб қолар, куч ғамлаб олишимиз керак.
– Ё раббий! – кўкрагини чангаллаб гапирди Бонасе хоним. – Юрагим бирам ўйнаб кетяптики, юра олмаяпман…
– Дадил бўлинг деяпман сизга, дадил бўлинг! Бир ўйлаб қаранг, чорак соатдан кейин биз қутулиб кетамиз. Ҳамда ёдингизда бўлсин: нимаики қилсангиз ўшани деб қиласиз.
– О, албатта, ҳаммаси уни деб! Сиз бир оғиз гап билан мени бардам қилиб юбордингиз. Бораверинг, мен ёнингизга кираман.
Миледи шоша-пиша ўз хонасига чиқди-да, у ердан Рошфорнинг хизматкорини топиб, унга зарур йўлйўриқлар берди.
У миледини дарвоза олдида кутиб туриши лозим эди; борди-ю, тўсатдан мушкетёрлар пайдо бўлиб қолганда извош бу ердан елдек қочиши ва монастирни айланиб ўтиб ўрмоннинг нариги ёғида жойлашган кичикроқ қишлоққа йўл олиши ҳамда у ерда миледини кутиши лозим эди. Бу ҳолда у боғ оралаб ўтган ва қишлоққа яёв етиб олган бўларди; миледининг бу ўлкаларни жуда яхши билишини биз айтиб ўтган эдик.
Мабодо мушкетёрлар кўринмаса, ҳаммаси шартлашилгандай кечиши лозим эди: Бонасе хоним миледи билан яна бир марта хайрлашиш баҳонасида зинага чиқади ва уни миледи извошига солиб кетади.
Бонасе хоним кирди. Унда туғилиши мумкин барча шубҳаларни тарқатиш истагида миледи унинг олдида ўз фармойишларининг иккинчи қисмини хизматкорга қайта уқтирди.
Миледи хизматкорга извошга оид бир-иккита савол берди. Унга почтачи бошқарадиган уч от қўшилганлиги аниқланди; Рошфорнинг хизматкори извошга форейтор сифатида ҳамроҳ бўлиб бориши лозим эди.
Миледи Бонасе хонимда шубҳа қўзғалиши мумкин деб бекор ҳадиксираган эди: бояқиш ўзга бир аёлда шунчалик макр бўлади деб гумон қилиш учун ҳаддан ортиқ оқкўнгил эди; бунинг устига у нозирадан эшитган графиня Винтернинг номи унга мутлақо нотаниш эди ва аллақандай бир аёлнинг ўз бошига тушган фалокатларга шундай фаол ва мудҳиш иштироки борлигидан у ҳатто бехабар эди.
– Кўриб турибсизки, ҳаммаси тахт, – хизматкор чиқиб кетгандан кейин деди миледи. – Нозира ҳеч нимани пайқамаяпти ва менга кардиналнинг фармойишига биноан келишган деб ўйлаяпти. Бу одам сўнгги топшириқларни бергани кетди. Бир оз тамадди қилиб, бир қултум шароб ичиб олинг-да, жўнайлик.
– Ҳа, – сусткашлик билан такрорлади Бонасе хоним, – жўнайлик.
Миледи имо билан уни стол ёнига ўтиришга таклиф этди, унга бир рюмка испан шаробидан қуйиб бериб, ликобчасига жўжанинг тўшини солиб қўйди.
– Қаранг-а, йўлимизнинг очиқ келганини! – луқма ташлади у. – Мана, қоронғи ҳам тушиб келяпти; тонготарда биз бошпанамизга етиб борамиз, бизнинг қаердалигимизни ҳеч ким пайқамайди ҳам… Етар бас, бўшашманг, бирор нарса тановул қилиб олинг.
Бонасе хоним бир-икки луқмани ғайри ихтиёрий равишда ютиб юборди-да, шаробдан татиб кўрди.
– Ичиб юбора қолинг, ичиб юборинг, мендан ибрат олинг, – оғзига ўз рюмкасини олиб бораркан уни аврарди миледи.
Лекин айни рюмкани лабига тегизмоқчи бўлиб турган дақиқада унинг қўли ҳавода муаллақ туриб қолди: у чопиб келаётган отларнинг олисдаги дупур-дупурини эшитиб қолган эди; дупур-дупур тобора яқинлашиб қарийб шу замон отнинг кишнагани эшитилди.
Момақалдироқ ногоҳ уйғотиб, кўраётган ажойиб тушимизни узиб қўйгани сингари бу шовқин миледини мувозанат ҳолатидан чиқариб ташлади. У оқариб кетди-ю, деразага отилди. Бонасе хоним эса аъзойи бадани қалтираб ўрнидан турди-да, йиқилиб кетмаслик учун стулга суяниб қолди.
Ҳали ҳеч нима кўринмас, фақат оғишмай яқинлашиб келаётган шитоб дукур-дукур эшитиларди, холос.
– Вой шўрим-эй, бу қандай шовқин? – сўради Бонасе хоним.
– Ё дўстларимиз, ё бизнинг душманларимиз келяпти, – ўзига хос мудҳиш совуққонлик билан жавоб берди миледи, – ўша ерда туринг, буларнинг кимлигини мен ҳозир сизга айтаман.
Бонасе хоним дами ичига тушиб, мармар ҳайкал сингари турган жойида қотиб қолди.
Дукур-дукур ҳамон зўрайиб келар, отлар энди, афтидан монастирдан юз эллик қадамдан йироқ эмас эди; агар улар ҳалиям кўзга илашмаса, бу уларнинг йўлнинг бурилиш жойида келаётганлигидан, холос. Бироқ дукур-дукур энди бирам яққол эшитилардики, тақаларнинг узуқ-узуқ тақир-туқуридан отларнинг қанча эканлигини билиб олиш мумкин эди.
Миледи зўр бериб олисларга тикиларди: келаётганларни кўриб олиш учун кун ҳали етарли даражада ёруғ эди.
Бирдан у йўл муюлишида заррин ҳошияли шляпалар ялтираб кетганини ва шамолда патлар ҳилпирай бошлаганини кўрди. У аввал иккита, кейин бешта ва провардида саккиз суворийни санади; уларнинг бири икки от бўйи олдинга отилиб чиқди.
Миледи бўғиқ нола қилиб юборди: олдинда елиб келаётган суворий сиймосида у д’Артаньянни таниб қолди.
– Ё раббий, ё раббий! – нидо қилди Бонасе хоним. – Нималар бўляпти у ерда!
– Булар кардинал гавардиячиларининг уст-бошлари, бир зум ҳам пайсалга солиш мумкин эмас! – бақирди миледи. – Қочайлик, қочайлик!
– Ҳа, ҳа, қочайлик! – такрорлади Бонасе хоним, лекин қўрқув турган жойига михлаб қўйгандай силжиёлмасди.
Суворийлар отларини дераза тагидан чоптириб ўтиб кетганлари эшитилиб турарди.
– Юринг! Юрсангиз-чи! – жувонни қўлидан ушлаб олиб ва уни судраб кетмоқчи бўлиб хитоб қиларди миледи. – Боғ ичидан қочиб кетишга улгурамиз, менда калит бор… Шошайлик! Яна беш дақиқадан кейин кеч бўлади.
Бонасе хоним юришга уриниб кўриб икки қадам ташлади – унинг тиззалари букилиб кетди-ю, йиқилиб тушди.
Миледи уни кўтариб олиб кетишга уриниб кўрди, лекин кучи етмади.
Шу дамда жўнаб кетаётган извошнинг тақир-туқури эшитилди, мушкетёрларни кўриб почтачи отларни шаҳд билан чоптириб кетди. Сўнгра уч тўрт ўқнинг узилгани эшитилди.
– Охирги марта сўраяпман: кетишга ниятингиз борми-йўқми? – бақириб берди миледи.
– Ё тавба, тавба! Кўриб турибсиз, кучим менга панд беряпти, мен бутунлай юра олмаяпман. Ёлғиз ўзингиз қочинг!
– Ёлғиз ўзим қочайми? Сизни бу ерда қолдириб кетайми? Йўқ, йўқ, ҳеч қачон! – қичқириб юборди миледи.
Бирдан у тўхтаб қолди, кўзлари хунук ёлқиндан чақнаб кетди, у чопиб стол ёнига борди-да, танг қоларли тезлик билан узугининг гардишини ечиб уни Бонасе хонимнинг рюмкасига бўшатди.
Ундан шаробга қизғиш қатра тушиб дарров эриб кетди.
Кейин у дадилланиб рюмкани олди-да, деди:
– Ичинг, бу шароб сизга қувват беради! Ичинг!
Миледи рюмкани жувоннинг лабларига тутди, у ўйламай-нетмай ичиб юборди.
«Оҳ, бунақа қасос оламан демагандим! – иблисона бир табассум билан рюмкани столга қўя туриб ўзича деди миледи. – Лекин иложи бор нарсани қилишга тўғри келяпти».
У хонадан отилиб чиқиб кетди.
Бонасе хоним уни нигоҳи билан кузатиб қолди-ю, лекин унга эргаша олмади; ўша тушида биров қувлаб ўзининг қочишга беҳуда уринаётганини кораётган кишилар ҳис қиладиган аҳволга тушиб қолган эди у.
Бир-икки дақиқа ўтди – дарвозанинг жон ҳолатда тақиллагани эшитилди; Бонасе хоним ҳар дақиқа миледининг қайтиб келишига илҳақ бўлар, лекин миледи кўринмасди.
Жувоннинг қизиб кетган манглайи қўрққанидан бўлса керак, ҳадеб совуқ терга ботарди. Ниҳоят у очилаётган панжараларнинг шарақлаганини эшитди зиналарда этиклар дупурлаб, шпорлар жаранглаб кетди, борган сари яқинроқдан гангир-гунгур овозлар кела бошлади ва бу тўс-тўполон ичида ўзининг номи қулоғига чалингандай бўлди. Бирдан у қувонч билан қийқириб эшик томон отилди; у д’Артаньяннинг овозини таниб қолди.
– Д’Артаньян! Д’Артаньян! – қичқирди у. – Бу сизмисиз? Бу ёққа, бу ёққа!
– Констанция! Констанция, қаердасиз! – жавоб қиларди йигит. – Ё раббий!
Худди шу он ҳужра эшиги очилди ёки тўғрироғи ташқи вазн зўридан сурилди-ю, хонага бир неча киши югуриб кириб келди. Бонасе хоним ортиқ қимир этишга қурби етмай, креслога ўтириб қолди.
Д’Артаньян қўлидаги ҳали тутаб ётган пистолетни улоқтириб ташлади-да, маъшуқаси олдида тиз чўкди. Атос пистолетини белбоғига қистириб қўйди, қиличларини яланғочлаб ушлаб туришган Портос билан Арамис уларни қинларига солиб қўйишди.
– О, д’Артаньян, менинг севгилим! Ахири келдинг-а, мени алдаб кетмадинг-а!.. Ҳа, бу сенсан…
– Ҳа, ҳа, Констанция, биз яна биргамиз!
– Сени келмайди деб у мени қанча ишонтирмасин, мен барибир ичимда умид қилиб турган эдим ва қочишни истамадим. Оҳ, қандай яхши қилдим-а, мен нақадар бахтиёрман-а!
У деган сўздан креслода тинч ўтирган Атос қўққис туриб кетди.
– У? У ким? – сўради д’Артаньян.
– Менинг дугонам, ўша мен билан иноқлигидан таъқибчиларимдан мени беркитиб қўймоқчи бўлган, ўша сизларни кардиналнинг гвардиячилари деб ўйлаб боягина шу ердан қочиб кетган аёлнинг ўзи-да.
– Сизнинг дугонангизми? – қичқириб юборди д’Артаньян ҳамда унинг юзи маъшуқасининг рангидан ҳам баттар оқариб кетди. – Қандай дугонани гапиряпсиз?
– Извоши дарвоза тагида турганни, ўзини сизнинг дўсти деб атаётган ва сиз д’Артаньян унга ҳамма гапни айтиб берган аёлни.
– Унинг номи, номи нима? – суриштирарди д’Артаньян. – Ё раббий, наҳотки сиз унинг номини билмасангиз?
– Ҳалиги, уни менинг олдимда атаб эдилар… Сабр қилинг… ғалати-я… Уф, тавба, менинг бошим айланиб кетяпти… кўзларим тиняпти…
– Ёнимга келинг дўстларим, ёрдам беринг! – ҳайқирди д’Артаньян. – Унинг қўллари музлаб кетяпти, унинг ҳоли танг… Ё раббий, у ҳушидан кетяпти!
Портос жони борича бақириб ёрдамга чақиргунча Арамис стол томон отилди, лекин Атоснинг афти қандай мудҳиш тусга кирганини кўриб тўхтаб қолди: у даҳшатдан қотиб қолган кўзларини рюмкаларнинг бирига тикиб стол олдида турар ва ёмон шубҳадан азобланаётгандай туюларди.
– Йўқ, йўғ-эй, бўлиши мумкин эмас! – таъкидларди у. – Парвардигор бундай жиноятга йўл қўймайди!
– Сув, сув! – бақирарди д’Артаньян. – Сув!
– Шўринг қурғур! Шўринг қурғур! – хирилдоқ овоз билан шивирларди Атос.
Д’Артаньяннинг бўсаларидан сал тетик тортган Бонасе хоним кўзларини очди.
– У ўзига келяпти! – хитоб қилди йигит. – Худога шукур!
– Хоним, – тилга кирди Атос, – хоним, айтинг, азбаройи худо, бу бўш рюмка кимники?
– Меники, тақсир… – сўниб бораётган овоз билан жавоб берди ёш жувон.
– Рюмкадаги шаробни-чи, сизга ким қуйиб берди?
– Ўша.
– Ўша деганингиз ким бўлди ўзи?
– Ҳа-а, эсладим! – деди Бонасе хоним. – Графиня Винтер.
Тўрт дўст ҳаммаси баравар бақириб юборишди, лекин Атоснинг наъраси қолганлариникини босиб кетди.
Бонасе хонимнинг юзи мурдасимон оқариб кетди, қаттиқ оғриқ уни ҳолдан тойдирди-ю, у ҳансираганича Портос билан Арамиснинг қўлига йиқилди.
Д’Артаньян таърифга сиғмайдиган бир хавотир билан Атоснинг қўлидан ушлаб олди.
– Наинки сен гумон қиласанки… – унинг овози йиғига айланди.
– Мен ҳамма нарсани гумон қиламан, – жавоб берди Атос ва беихтиёр хўрсинишини босишга уриниб лабларини қонагудай тишлаб олди.
– Д’Артаньян, д’Артаньян, – шивирлади Бонасе хоним, – қаердасан? Мени ташлаб кетма, кўриб турибсан – мен жон беряпман!
Безиллаб ҳамон Атоснинг қўлини ушлаб турган д’Артаньян уни қўйиб юборди-ю, Бонасе хонимга отди ўзини.
Унинг гўзал рухсори буришиб кетган, бақрайиб қолган кўзлари ҳар қандай маъносини йўқотган, ажал талвасаси аъзойи-баданини ларзага солар, пешанасидан тер қуйилмоқда эди.
– Худо ҳаққи югуринглар, бирортасини чақиринглар… Портос, Арамис, ёрдам сўранглар!
– Фойдаси йўқ, – деди Атос, – фойдаси йўқ, у қўшган заҳарга даво топиб бўлмайди.
– Ҳа, ҳа, ёрдам беринг! – шивирлади Бонасе хоним. – Ёрдам беринг!
Сўнгра қолган-қутган кучини тўплаб, у йигитнинг бошини иккала қўлига олди. Гўё шу нигоҳ билан бутун юрагини бўшатаётгандай унга жавдираб қараб қўйди-да, аламли бир фарёд билан лабларини унинг лабларига босди.
– Констанция! Констанция! – бақирди д’Артаньян.
Бонасе хонимнинг даханидан нафаси чиқиб, д’Артаньяннинг оғзига тегди – унинг соф ва севгувчи руҳи самога учиб кетган эди.
Д’Артаньян бағрига мурдани босмоқда эди.
Йигит қичқириб юборди ва худди маъшуқаси сингари ранги ўчган ва совуган ҳолда унинг ёнига йиқилди.
Портоснинг кўзидан ёш келди, Атос муштуми билан фалакка таҳдид солиб қўйди, Арамис эса чўқиниб олди.
Шу чоғ эшикда қарийб шу хонадагиларнинг ҳаммаси сингари рангпар бир номаълум киши кўринди; ўз теварагига кўз ташлаб, у жонсиз Бонасе хонимни ва беҳуш д’Артаньянни кўрди.
У жуда катта фожиаларга эш бўлиб келгувчи ўша карахтлик онида келиб қолди.
– Мен янглишмабман, – деди у, – мана жаноб д’Артаньян, сизлар бўлсангиз унинг дўстлари: Атос, Портос ва Арамас жанобларсиз.
Ҳар учаласи ўзларини номма-ном атаган номаълум кишига таажжуб билан қараб қолган эдилар: уларнинг ҳаммасига ҳам унинг истараси иссиқ кўринарди.
– Жаноблар, – гапида давом этди янги келган киши, – сизлар ҳам худди мен сингари бир аёлни ахтариб юрибсизлар, – хунук илжайиб қўйди у, – у шу ерда бўлганга ўхшайди, зеро мен мурдани кўриб турибман.
Уч дўст аввалгидек унсиз эдилар; бу одамнинг овози уларга таниш туюлар, лекин уни қай шароитда эшитганларини хотирлаёлмасдилар.
– Жаноблар, – яна тилга кирди номаълум киши, – сизлардан жони учун, балким, икки карра қарздор одамни таниб олишни истамаётганингиз важҳидан ўз номимни айтишимга тўғри келяпти. Мен – ўша аёлнинг қайнағаси лорд Винтерман.
Уч дўст оғзи очилиб қичқириб юборишди.
Атос ўрнидан тўрди-да, лорд Винтерга қўлини узатди.
– Қадамингизга ҳасанот, милорд, – деди у, – бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қиламиз.
– Мен Портсмутдан ундан кейин беш соат ҳаяллаб жўнадим, – деб ҳикоя қила бошлади лорд Винтер, – ундан уч соат ҳаяллаб Буронга келдим. Сент-Омерада атиги йигирма дақиқа кечикиб айрилишиб кетдик ва ниҳоят, Лиледа унинг изини йўқотиб қўйдим. Мен таваккал қилиб ҳаммадан сўраб суриштириб кетаётган эдим, бирдан от солиб ёнимдан сизлар ўтиб кетдингиз. Мен жаноб д’Артаньянни таниб қолдим. Мен сизларни чақирдим, лекин сизлар жавоб бермадингиз; мен сизларнинг изингиздан тушмоқчи бўлгандим, лекин отимнинг силласи қуриб қолган эди, сизларники сингари чопиб бора олмасди. Бироқ қанча зўр берманг, сизлар барибир жуда кеч келибсиз, шекилли.
– Кўриб турибсиз, – лорд Винтерга жонсиз Бонасе хонимни ва Портос билан Арамис ўзига келтиришга уриниб овора бўлаётган д’Артаньянни кўрсатиб деди Атос.
– Уларнинг иккаласи ҳам ўлдими? – пинагини бузмай сўради лорд Винтер.
– Хайриятки, йўқ, – жавоб берди Атос. – Жаноб д’Артаньян беҳуш холос.
– Ҳа-а, яна яхши! – деди лорд Винтер.
Дарҳақиқат, шу нафас д’Артаньян кўзларини очди.
У Портос билан Арамиснинг қўлларидан юлқиниб чиқди-да, телба сингари ўзини маъшуқаси жасадига отди.
Атос ўрнидан туриб, ўз дўсти ёнига секин ва тантанавор юриб бориб, уни қучди ва д’Артаньян ҳўнграб йиғлаб юборганда унга ўзининг олижаноб таъсирли овози билан деди:
– Дўстим, эркак бўл: ўлганларга аёллар кўз ёши тўкишади, эркаклар улар учун қасос оладилар.
– Ҳа! – деди д’Артаньян. – Ҳа! Унинг учун қасос олгани мен ортингдан қаерга десанг боришга тайёрман!
Атос ўзининг бахтиқаро дўстига қасос илинжи индирган дармондан фойдаланди ва Портос билан Арамисга нозирани айтиб келишга ишора қилди.
Икковлон воқеаларнинг бунча тиғизлигидан гангиб қолган, ҳаяжонга тушган ҳолда унга даҳлизда дуч келишди. Нозира бир нечта роҳибаларни чақирди-да, улар барча монастир удумларига хилоф равишда беш эркак ҳозир жойга тушиб қолишди.
– Хоним, – д’Артаньянни қўлтиқлаб олган кўйи нозирага мурожаат қилди Атос, – бу шўрлик аёлнинг танини сизнинг тавфиқли эътиборларингизга ҳавола қиламиз. Фалакда фаришта бўлишдан илгари у ер юзида фаришта бўлиб ўтди. Уни монастирингиз роҳибаси сифатида дафн этинг, мавриди билан биз унинг қабрида дуо ўқигани келамиз.
Д’Артаньян бошини Атоснинг кўксига яшириб ҳўнграб юборди.
– Йиғлайвер, – деди Атос, – йиғлайвер, сенинг қалбинг муҳаббат ва ҳаёт ишқи, ёшлик билан лиммо-лим! Кошки эди мен ҳам сендек йиғлаёлсам!
У дўстини падар сингари паноҳига олиб, бир руҳоний сингари унга тасалли бериб ва ўзи кўп мусибат чеккан инсон улуғворлигини намоён этиб олиб чиқиб кетди.
Бешовлон ҳам отларини тизгинидан етаклаб олган хизматкорлари ҳамроҳлигида олисда кўзга чалиниб турган Бетюн шаҳрига йўл олишди ва йўлда биринчи дуч келган меҳмонхонада тўхташди.
– Нима сабабдан биз бу аёлни қувмаяпмиз? – сўради д’Артаньян.
– Қувишни қўя турайлик, – жавоб берди Атос, – аввал баъзи бир чораларни кўриб қўймоқ даркор.
– У қўлимиздан чиқиб кетади! – ташвишга тушиб қолди йигит. – У қўлимиздан чиқиб кетади, Атос, ҳамда бунга сен сабабчи бўласан!
– Мен унинг учун жавобгарман, – жавоб берди Атос.
Д’Артаньяннинг дўстига бўлган ишончи шу даражада эдики, у бошини қуйи солди-да, ортиқ гап қайтармасдан меҳмонхонага кирди.
Портос билан Арамис Атоснинг бундай ишончининг боисини тушунмай кўз уриштириб олдилар.
Лорд Винтер Атос бу гапни дўстининг дардини енгиллаштириш учун айтаяпти деб ўйлади.
– Энди, жаноблар, ҳар биримиз ўз хонамизга борайлик, – меҳмонхонада бешта бўш хона борлигига қаноат ҳосил қилгач таклиф қилди Атос, – тўйиб-тўйиб йиғлаб, ухлаб қолиши учун д’Артаньяннинг танҳо қолмоғи зарур.
– Бироқ хаёлимда, – луқма ташлади лорд Винтер, – графиняга қарши бирор чора кўриш лозим бўлганда ҳам бу менинг ишим: графиня менинг келиним бўлади.
– Менинг ҳам, – деди Атос, – у менинг рафиқам бўлади.
Д’Артаньян жилмайиб қўйди: шундай сирни очгандан кейин ўз қасосидан унинг кўнгли тўқлигини тушунди у. Портос билан Арамис ранги ўчиб бир-бирига қараб қўйишди. Лорд Винтер Атосни ақлдан озган деб қарор қилди.
– Демак, ҳар қайсингиз ўз хонангизга боринг, – такрорлади Атос, – ҳамда ҳаракат қилишни менга қўйиб беринг. Ўзингиз кўриб турибсизки, бу менинг ишим, негаки, мен унинг эриман. Фақат агар йўқотиб қўймаган бўлсангиз, д’Артаньян, ҳалиги одамнинг шляпасидан тушиб қолган ва қишлоқнинг номи ёзилган қоғозни менга бериб қўйинг.
– Ҳа-а, тушуниб турибман! – хитоб қилди д’Артаньян. – Бу ном унинг қўли билан ёзилган.
– Ўзинг кўриб турибсан, – деди Атос, – осмону фалакда худо бор ҳали!