Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 43

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 43 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бу умидларнинг ҳаммаси қувончли хаёлларга соларди, бу хаёллар элитиб, миледи ҳадемай ухлаб қолди.

Уни тўшаги ёнида жаранглаган ёқимли овоз уйғотиб юборди. У кўзларини очди-ю, аббатисани сочлари сарғиш, ранг-рўйи тароватли, ўзига хайрихоҳ бир қизиқиш билан боқиб турган ёш жувон ҳамроҳлигида кўрди.

Ёш жувоннинг рухсори унга мутлақо нотаниш эди. Уларнинг иккиси ҳам одатдаги салом-аликларни айтган кўйи бир-бирларини зеҳн солиб кўздан кечирардилар: иккиси ҳам жуда гўзал, лекин мутлақо бошқа-бошқа ҳуснда. Бироқ миледи табассум билан ўз-ўзича бу ёш жувонга қараганда ўзининг анча басавлатлиги ва қилиқлари ҳам анча киборлигини қайд қилиб қўйди. Рост, ёш жувоннинг қаддини чулғаб турган роҳибалик кўйлаги бу хил мусобақа учун қўл келмасди.

Аббатиса уларни таништириб қўйди: бу расмиятни адо қилиб бўлиб у йироқлашди, негаки нозиралик мажбуриятлари уни ибодатхонага чорларди, ёш жувонлар ҳам холи қолишди.

Роҳиба, миледининг жойида ётганини кўриб аббатиса кетидан чиқиб кетмоқчи бўлди, лекин миледи уни ушлаб қолди.

– Қандай, хоним, – гап очди у, – сизни кўриб-кўрмасдан туриб, мени ўз дийдорингиздан бенасиб қилмоқчи бўляпсизми? Сизга эътироф қиламан, мен бу ерда истиқомат қиларканман, сиздан сал илинжим бор.

– Йўқ, хоним, – жавоб берди роҳиба, – мен бемаврид келиб қолдимми, деб шунчаки қўрқиб кетдим: сиз ухлаётган эдингиз, сиз толиққансиз…

– Хўш, нима қипти? – эътироз қилди миледи. – Уйқуда ётганларнинг истаги нима бўларди? Яхши уйғониш! Буни сиз нисор этдингиз, энди ижозат беринг, мен ундан тўла-тўкис роҳат қилиб қолай.

Миледи ёш жувоннинг қўлидан ушлаб, уни каравот ёнида турган креслога тортди.

Роҳиба ўтирди.

– Шўрим қурсин, ҳеч омадим йўқ! – деди у. – Мана ярим йилдирки, кўнгил очиш нималигини билмай шу ерда яшаб келяпман. Энди сиз келиб қолдингиз, сизнинг ҳозирлигингиз менга файзли давра ваъда этяпти, мана энди ҳали-замон монастирни тарк этиб қолишим эҳтимолдан холи эмас.

– Қандай! – таажжубланиб қолди миледи. – Сиз яқин орада монастирдан чиқасизми?

– Ишқилиб, умид қилиб турибман, – қувончини яширишга ҳам уринмасдан жавоб берди роҳиба.

– Сизнинг кардиналдан жуда кўп зулм кўрганингиз ҳақида баъзи гапларни эшитган эдим. Мабодо шундай бўлса, бизнинг ўзаро меҳр-оқибатимиз учун бу яна бир баҳона.

– Бундан чиқди волида-нозира тўғри гапни айтибдилар-да: сиз худди мен сингари ўша ёвуз руҳонийнинг қурбони экансиз-да?

– Секинроқ! – тўхтатди миледи ёш жувонни. – Ҳатто шу ерда ҳам унинг шаънига бундай гапларни қилмайлик. Менинг барча фалокатларимнинг боиси ўзим дўст деб билган ва менга хиёнат қилган аёл олдида ҳозир сизга ўхшаб гапириб қўйганим. Сиз ҳам хиёнат қурбонимисиз?

– Йўқ, – жавоб берди роҳиба, – мен садоқатимнинг, бир аёлга бўлган садоқатимнинг қурбониман, уни мен севардим, уни деб жонимдан ҳам кечган бўлардим, келгусида ҳам кечишга тайёрман.

– У сизни мусибатда тарк этдими? Ўзи доим шундай бўлади.

– Мен шу қадар инсофсиз эдимки, шу ўйда юрган эдим, лекин бир-икки кун муқаддам аксига амин бўлдим ва бунинг учун парвардигорга шукур: у мени унутиб юборди деб ўйлаш мен учун оғир эди… Лекин сиз-чи, хоним, сиз озодсиз шекилли, мабодо қочмоқчи бўлсангиз бу фақат сизнинг истагингизга боғлиқ.

– Хўш, қаёққа ҳам борардим, пулим бўлмаса, дўсту биродарим бўлмаса, илгари ҳеч йўлим тушмаган нотаниш ўлкаларда бўлсам.

– Оҳ, дўстларга келганда, сиз қаёққа борманг – ҳар жойда улар сиз билан бўлади! – хитоб қилди роҳиба. – Сиз бирам раҳмдил кўринасиз, яна бирам гўзалсиз!

– Бу менинг ёлғиз ва қувғинди бўлишимга монелик қилмайди, – ўз табассумига маъсум ифода бериб эътироз қилди миледи.

– Гапимга ишонинг, – гапира кетди роҳиба, – тақдирдан ноумид бўлмаслик керак: ҳамиша шундай дам келадики, бизнинг бир маротаба қилиб қўйган яхшилигимиз худо олдида бизнинг шафемиз бўлиб қолади. Ҳамда мен нечоғлик ожиз бўлмай, мен нечоғлик ғариб бўлмай, мени учратиб қолганингиз сизнинг бахтингиз бўлса ажаб эмас. Бу ердан чиқиб олсам менинг ёнимни олиб, кейин сизни ҳам ёқлаб чиқиши мумкин нуфузли таниш-билишларим топилиб қолади.

– Мен ёлғизман десам, бу юқори мансабда турган танишларим йўқ деган гап эмас, – деб ўзи тўғрисидаги гаплари билан роҳибани очиқ сўзлашга ундаш илинжида давом этди миледи. – Лекин бу танишларнинг ўзлари кардиналдан безиллаб туришади, қироличанинг ўзи ҳам ваҳимали министрга қарши ҳеч кимни қувватлашга ботинолмай туради. Ҳазрати олиялари ўзининг юмшоқ кўнглига қарамасдан талай ҳолларда ўша ўзига яхшилик қилганларни падари бузруквор қаҳрига қурбон қилишга мажбур бўлганининг исботлари бор менда.

– Гапимга ишонинг, хоним, қиролича ўзини уларнинг баҳридан ўтганга солиши мумкин, лекин сиртидан қараб ҳукм чиқармаслик керак: улар қанчалик кўп сур-сур қилинсалар, қиролича улар ҳақида шунчалик кўп қайғуради ва кўпинча улар ҳаммадан кам кутган дақиқада унинг иноятли эътиборидан бенасиб қолмаганликларига ишонч ҳосил қиладилар.

– Эсиз! – хўрсиниб қўйди миледи. – Мен бу гапга ишонаман, қиролича бирам раҳмдил ахир.

– Вой, у кишининг шаънига шу гапни айтганингиздан кейин, сиз, демак, бизнинг соҳибжамол ва олиҳиммат қироличамизни таниркансиз-да! – кўнгли яйраб гапирди роҳиба.

– Яъни мен шахсан таниш бўлиш шарафига ноил эмасман, – ўзининг жуда меъёрдан ошиб кетганини пайқаб жавоб берди миледи, – лекин мен талайгина унинг қалин дўстлари билан танишман: мен жаноб Пютанжни биламан, Англияда жаноб Дюжарни билардим, жаноб де Тревилни танийман…

– Жаноб де Тревилни-я! – қичқириб юборди роҳиба. – Сиз жаноб де Тревиль билан танишмисиз?

– Ҳа, бўлмасам-чи, ҳатто жуда яхши танишман.

– Қирол мушкетёрлари капитани билан-а?

– Ҳа, қирол мушкетёрлари капитани билан.

– У ҳолда кўрасиз, тезда, жуда тезда биз сиз билан яқин таниш, қарийб дўст бўлиб кетамиз! Жаноб де Тревиль билан таниш бўлсангиз, эҳтимол унинг уйида бўлиб тургандирсиз?

– Ҳа, тез-тез, – таъкидлади миледи. Бу йўлга бош суқиб ва ўзининг бўҳтонлари жуда ўнг келаётганини кўриб, охиригача унга риоя қилишга жазм қилди.

– Сиз балки уникида мушкетёрлардан битта-яримтасини ҳам учратган чиқарсиз?

– У одатда ўзиникида кимларни қабул қилса, ҳаммасини, – энди бу суҳбатга чинакамига қизиқиб қолиб жавоб берди миледи.

– Ўша ўзингиз билганлардан битта-яримтасини номини айтинг, мана кўрасиз – улар менинг дўстим бўлиб чиқади.

– Хўш, масалан… – саросимада гап бошлади миледи, – мен жаноб де Сувинини биламан, жаноб де Куртивронни, жаноб де Ферюссакни…

Роҳиба миледининг гапини бўлмай тинглаб турдида, кейин унинг жимиб қолганини кўриб сўради:

– Атос исмли кавалерни-чи, танимайсизми?

Миледининг ранги ўзи ётган рўйжо матосидек оқариб кетди ва унинг ўзини тута билиш қобилияти нақадар зўр бўлмасин, у суҳбатдошининг қўлига ёпишиб ва унга еб қўйгудек тикилиб беихтиёр қичқириб юборди.

– Нима гап? Сизга нима бўлди? – сўради бояқиш. – Вой шўрим, сизни таҳқир қиладиган бирор гап айтиб қўймадимми?

– Йўқ, лекин бу ном мени лол қолдирди, негаки мен ҳам бу кавалерни билардим ҳамда у киши билан яхши таниш одамни учратиб қолиш менга ғалати туюлди чоғи.

– Ҳа, яхши, жуда яхши! Нафақат у киши билан, лекин унинг дўстлари жаноб Портос ва жаноб Арамислар билан ҳам.

– Ростдан-а? Уларни ҳам мен биламан! – қўрқувдан жунжикиб кетаётганини сезиб хитоб қилди миледи.

– Хўп, агар уларни танисангиз, уларнинг ажойиб ва довюрак кишиларлиги сизга, албатта, маълум. Сизга мадад даркор бўлса, нега ўшаларга мурожаат қилмадингиз?

– Гап шундаки… – тутилиб жавоб берди миледи, – уларнинг ҳеч бири билан мен дўстлик ришталари билан боғланган эмасман. Мен уларни фақат дўстлари жаноб д’Артаньян ҳикояларидан биламан.

– Сиз жаноб д’Артаньянни биласизми? – ўз навбатида миледининг қўлига ёпишиб ва унга кўзларини тикиб сўради роҳиба.

Миледи кўзларидаги ғалати ифодани пайқаб, у сўради:

– Кечирасиз, хоним, у билан сиз қандай муносабатдасиз?

– У… – хижолат бўлиб қолди миледи, – у менинг дўстим.

– Сиз мени алдаяпсиз, хоним, – деди роҳиба, – сиз унинг маъшуқаси бўлгансиз!

– Д’Артаньяннинг маъшуқаси бўлган – сиз! – хитоб қилди жавобан миледи.

– Менми? – деди роҳиба.

– Ҳа, сиз. Сизни мен энди танидим: сиз Бонасе хонимсиз.

Ёш жувон таажжуб ва қўрқув ичида ўзини орқага ташлади.

– Тонманг! Жавоб беринг менга! – гапида давом этарди миледи.

– Нима қипти! Ҳа, хоним! – деди роҳиба. – Демак, биз рақибалар эканмиз-да?

Миледининг юзи шундай қаҳрли ўт билан ловиллаб кетдики, ҳар қандай ўзга вазиятда Бонасе хоним қўрққанидан жуфтакни ростлаб қолган бўларди, лекин шу дақиқада рашк домида эди.

– Иқрор бўлсангиз-чи, хоним, – унда бор деб гумон қилиб бўлмайдиган сабот билан гапира кетди у, – сиз унинг маъшуқасимисиз? Ёки, эҳтимол, илгари маъшуқа бўлгандирсиз?

– Йўғ-эй! – ўзининг ҳақлигига шак-шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда хитоб қилди миледи, – ҳеч қачон! Ҳеч қачон!

– Сизга ишонаман, – деди Бонасе хоним, – лекин нега бундай қичқириб юбордингиз?

– Қандай, ақлингиз етмаяптими? – деб жўрттага ҳайрон бўлди хижолатдан ўнгланиб, ўзини тамоман қўлга олган миледи.

– Мен тушуна оламан? Мен ҳеч нимани билмайман.

– Жаноб д’Артаньян менга бир дўст сифатида ўз юрак сирларини ишониб айтиб турганига ақлингиз етмаяптими?

– Ростдан-а?

– Ҳамма гап маълум: сизни Сен-Клудага уйдан ўғирлаб кетишгани, унинг ҳасрати, унинг дўстларининг ҳасрати ва уларнинг беҳуда қидирувларидан менинг бохабарлигимни тушунмаяпсиз. Энди бирдан, иттифоқо, сизни учратганимда таажжубланмай бўладими? Ахир, биз сиз тўғрингизда тез-тез гаплашиб турганмиз, ахир у сизни бутун қалби билан севади ва сизни ғойибона яхши кўришга мени ҳам мажбур қилган. Оҳ, жоним Констанция, ахири сизни топиб олдим-а, ахири дийдорингизни кўриб турибман-а!

Миледи Бонасе хонимга қўлини узатди, унинг гапларидан қаноат ҳосил қилган Бонасе хоним эса бундан бир дақиқа бурун ўзига рақиба деб ҳисоблаган бу аёл сиймосида самимий ва садоқатли дўстни кўриб турарди.

– О, мени кечиринг! Кечиринг! – хитоб қилди у ва миледининг елкасига бошини қўйди. – Мен уни бирам севаманки!

Иккала аёл бир зум бир-бирларини ўз оғушида ушлаб туришди. Борди-ю, миледининг кучи унинг нафратига тенг бўлганда эди, Бонасе хоним, албатта, миледининг оғушида ажалини топган бўларди. Лекин уни бўғиб ташлашга қодирмаслиги боисидан миледи унга жилмайиб қўйди-да, хитоб қилди:

– Айланай сиздан, паризодим, бўйларингизга қоқиндиқ бўлай, сизни кўриб турганимдан нақадар бахтиёрман-а! Келинг бир дийдорингизга тўйиб олай!

Бу гапларни гапираркан икки кўзи билан уни еб қўйгудек бўларди:

– Ҳа, ҳа, албатта, бу сиз! Мен сизни нозир унинг менга айтган гапларидан таниб олаяпман, жуда яхши танияпман!

Шўрлик ёш жувон бу ёрқин пешана, бу жоду кўзларда пинҳона шум ниятларни пайқамасди ҳам, улардан фақатгина раҳму шафқатни ўқимоқда эди, холос.

– Демак, у ҳасратларини сизга айтган бўлса, менинг қанча-қанча азиятлар тортганим сизга маълум эканда, – деди Бонасе хоним. – Лекин уни деб азоб чекиш – ҳам роҳат, ҳам фароғат!

Миледи бехос такрорлаб юборди:

– Ҳа, роҳат-фароғат.

У бўлак нарса тўғрисида хаёл сурмоқда эди.

– Ҳам бунинг устига менинг азоб-уқубатларим ҳадемай барҳам ейди, – давом этарди Бонасе хоним, – эртага ёки эҳтимол бугун кечқурун мен уни яна кўраман ҳамда ҳазин ўтмиш унут бўлиб кетади.

– Бугун кечқурун? Эртага? – қайта сўради бу сўзлар хаёлини чалғитган миледи. – Сиз бу билан нима демоқчи бўляпсиз? Сиз ундан бирор хабар кутяпсизми?

– Мен унинг ўзини кутяпман.

– Унинг ўзини? Д’Артаньян шу ерда бўладими?

– Ҳа.

– Бунинг иложи йўқ! У кардинал билан бирга Ларошел қамалида. У фақат шаҳар забт этилгандан кейин келади.

– Сиз шундай деб ўйлаяпсизми? Лекин менинг д’Артаньяним учун – бу ўктам ва софдил кавалер учун иложи йўқ нарса борми ўзи дунёда!

– Сўзларингизга бовар қилолмайман.

– Ўзингиз ўқиб кўринг бўлмаса! – азбаройи кибрли қувончи мўллигидан таклиф қилди жувон ва миледига мактуб узатди.

«Де Шеврез хонимнинг қўли! – ўзича қайд этиб қўйди миледи. – Ҳа-ҳа, уларнинг бу қароргоҳ билан робитаси борлигини билиб турган эдим-а!»

Миледи харислик билан қуйидаги сатрларни ўқиб чиқди:

«Азиз бўтам, шай туринг. Бизнинг дўстимиз яқин орада сизни зиёрат қилади ва фақат азбаройи бехатарлигингиз учун яшириниб туришингизга тўғри келган қамоқдан халос қилиш мақсадида сизни зиёрат қилади. Жўнашга тадорик кўриб қўйинг ва зинҳор бизнинг кўмагимиздан умидингизни узманг.

Бизнинг барно гасконлигимиз яқинда ўзини ҳамишагидек мард ва садоқатли одам сифатида намоён қилди, огоҳнома учун унга фалон жойда сиздан жуда миннатдорлар деб айтиб қўйинг».

– Ҳа, ҳа, – деди миледи, – мактубда ҳаммаси аниқравшан айтилган. Огоҳнома дегани сизга маълумми?

– Йўқ. Лекин фаҳмим етиб турибди, у кардиналнинг қандайдир янги кирдикори ҳақида қироличани огоҳ этиб қўйган бўлиши керак.

– Ҳа, шундай бўлиб чиқар! – мактубни Бонасе хонимга қайтариб бериб ва хаёл ичида бошини эгиб деди миледи.

Шу чоғ от туёқларининг дупур-дупури эшитилди.

– Вой! – қичқириб юборди Бонасе хоним дераза томон отилиб. – Ўша бўлмасин тағин!

Миледи таажжубдан донг қотиб тўшагидан туролмай қолаверди: унинг бошига бир йўла шунча тасодифлар ёғилиб келган эдики, у умрида биринчи бор гангиб қолди.

– Ўша! Ўша! – шивирлади у. – Наинки ўша бўлса?

У қотиб қолган нигоҳини шифтга тикиб ётаверди.

– Эсизгина, йўқ, – хўрсиниб қўйди Бонасе хоним.бу аллақандай бегона киши, бироқ у биз томон келяпти шекилли… Ҳа, у юришини секинлатяпти… дарвоза тагида тўхтаяпти… қўнғироқ қиляпти…

Миледи сакраб ўрнидан туриб кетди.

– Унинг ўша эмаслигига ишончингиз комилми?

– Ҳа, комил.

– Сиз балки тузук-қуруқ қарамагандирсиз?

– Оҳ, мен унинг шляпасининг патини, ридосининг учини кўрсам бас, уни дарров таниб оламан!

Миледи кийинишда давом этарди.

– Барибир. Сиз бу одам шу ерга келяпти деяпсизми?

– Ҳа, у кириб бўлди.

– Бу ё сизнинг, ё менинг олдимга.

– Вой тавба-ей, авзоингиз бирам бузуқки!

– Ҳа, тан оламан, мен сиз сингари лақма эмасман, мен ҳамма нарсадан чўчийман.

– Секинроқ! – уни тўхтатди Бонасе хоним. – Бу ёққа келишяпти!

Дарҳақиқат, эшик очилди-ю, нозира кириб келди.

– Ҳа, мен, – ўзининг вазминлигини қайтариб олишга уриниб жавоб берди миледи, – мени ким сўраяпти?

– Аллақандай киши, номини айтишни истамаяпти-ю, лекин кардиналнинг фармойиши билан келдим деяпти.

– Мени кўрмоқчи бўляптими?

– У Булондан келган хонимни кўрмоқчи бўляпти.

– У ҳолда марҳамат қилиб уни шу ерга таклиф этинг, хоним.

– Вой шўрим, вой шўрим-ей! – даҳшатга келди Бонасе хоним. – У бирор ёмон хабар келтирган бўлмасин тағин?

– Шундайми деб қўрқаман.

– Мен сизни бу номаълум киши билан холи қолдираман, лекин у кетган заҳоти агар ижозат берсангиз мен ёнингизга қайтаман.

– Албатта, илтимос қиламан.

Нозира билан Бонасе хоним чиқиб кетишди.

Миледи ёлғиз қолди-ю, кўзларини эшикка қадади; бир нафас ўтгач, зинапояда шпорларнинг акс-садо бергувчи жаранги эшитилди, сўнгра қадамлар яқин келиб, эшик очилди ва бўсағада бир одам пайдо бўлди.

Миледи қувонч билан қичқириб юборди: бу киши кардиналга жону тани билан содиқ граф де Рошфор эди.

XXXII
Иблисларнинг икки хили

– Ҳа-а! – деб баб-баравар хитоб қилишди миледи ва Рошфор. – Бу сизмисиз!

– Ҳа, менман.

– Қаёқлардан? – сўради миледи.

– Ларошел ёнидан. Сиз-чи?

– Англиядан.

– Бэкингем-чи?

– Қазо қилган ёки хавфли жароҳатланган. Мен ундан ҳеч нима ундиролмай қуп-қуруқ жўнаб кетаётганимда бир мутаассиб уни ўлдириб қўйди.

– Ҳа-а! – кулди Рошфор. – Бахтли тасодифни қаранг! У падари бузрукворни жуда хурсанд қилади. Уни воқиф этдингизми?

– Мен унга Булондан ёзиб юбордим. Лекин қай йўсин сиз бу ердасиз?

– Падари бузруквор хавотирда ва мени сизни ахтариб топишга жўнатди.

– Мен кечагина келдим.

– Кечадан бери нима қилдингиз?

– Вақтни зое кетказмадим.

– О, мен бунга шубҳа қилмайман.

– Биласизми, мен бу ерда кимни учратиб қолдим?

– Йўқ.

– Топиб олинг.

– Қандай топа оламан?

– Ўша қиролича қамоқдан озод қилиб юборган ёш жувонни.

– Ҳалиги хумпар д’Артаньяннинг маъшуқасиними?

– Ҳа, турар жойи кардиналга номаълум бўлган Бонасе хонимни.

– Мана яна битта бахтли тасодиф наригисига қўшалоқ бўлибди, – луқма ташлади Рошфор, – ишқилиб кардиналнинг омади келган!

– Бу аёл билан рўбарў келиб қолганимда, – гапида давом этди миледи, – ҳайрон қолганимни бир тасаввур қилсангиз эди.

– У сизни биладими?

– Йўқ!

– Демак, сиз унинг учун бегона экансиз-да?

Миледи илжайиб қўйди.

– Мен унинг энг яхши дўстиман!

– Виждоним билан онт ичаманки, бундай мўъжизалар фақат сизнинг қўлингиздан келади, азиз графиня!

– Менга унинг дўсти бўлиб қолиш насиб қилгани менинг бахтим, шевале биласизми, бу ерда нимадир бўляпти?

– Йўқ.

– Эрта ё индин қироличанинг фармони билан уни йўқлаб келишади.

– Шундай денг! Хўш, кимлар экан?

– Д’Артаньян ва унинг дўстлари.

– Рости гап пироварди-оқибат улар ўзларини Бастилияга солмаганимизга қўймайди, шекилли.

– Не сабабдан улар шу пайтга довур эркин юришипти?

– Илож қанча! Жаноб кардиналнининг шу кишиларга нисбатан аллақандай мен учун мавҳум кўнгил бўшлиги бор.

– Ростдан-а?

– Ҳа.

– Хўп, унга қуйидагиларни айтиб қўйинг, Рошфор: бизнинг «Қизил Каптархона» меҳмонхонасидаги суҳбатимизни ўша тўрт биродар эшитиб қолганини унга айтинг: жўнаб кетганидан кейин уларнинг биттаси менинг ёнимга кирди-да, зўрлик билан менга кардинал берган ҳимоя ёрлиғини мендан тортиб олганини унга айтинг; улар лорд Винтерни менинг Англияга боришим ҳақида огоҳ этиб қўйганларини айтинг; шокилалар ишида тўғоноқ бўлишганидай бу дафъа ҳам менга берилган топшириқни адо қилишимга халал беришларига сал қолганини айтинг; бу тўрт кишидан фақат иккитаси: д’Артаньян билан Атосдан хавфсираш кераклигини айтинг: учинчиси Арамис де Шеврез хонимнинг жазмани эканини айтинг; уни тирик қолдирмоқ керак, унинг сир-асрори бизга маълум ҳамда у бизга асқотиб қолиши мумкин; тўртинчиси Портосга келганда у тентак, олифта ва анқов, унга садқайи диққат-эътибор.

– Лекин тўртови ҳам энди Ларошел қамалида бўлсалар керак?

– Мен ўзим ҳам шу ўйда эдим, лекин Бонасе хонимнинг коннетабл рафиқасидан олган ва эҳтиётсизлик қилиб менга кўрсатиб қўйган мактуби, мени ҳар тўрталаси ҳам аксинча ҳозир йўлда ва уни ўғирлаб кетгани бу ерга ташриф буюришади деб тахмин қилишга мажбур этяпти.

– Азбаройи шифо! Нима қилмоқ керак?

– Сизга кардинал менга оид нима фармойиш берди?

– Сизнинг ёзма ёки оғзаки маълумотларингизни олиш ва почта отларида қайтиш, қачонки у қилган ишларингизнинг ҳаммасидан воқиф бўлиб олса, бу ёғига нима йўл тутишингизни ҳал қилади.

– Мен шу ерда қолиб туришим зарур эканми?

– Шу ерда ёки шу яқин атрофда.

– Сиз мени ўзингиз билан олиб кета олмайсизми?

– Йўқ, менга аниқ фармойиш берилган. Сизни қароргоҳ канорасида таниб қолишлари мумкин, сизнинг у ерда бўлишингиз эса падари бузрукворга доғ тегизиб қўйиши мумкин.

– На чора, менинг шу ерда ёки яқин атрофдаги бирор жойда кутиб туришимга тўғри келади.

– Фақат кардинал хабарини қаерда кутишингизни ҳозирдан айтиб қўйинг, токи мен сизни қаердан топишимни билиб турай.

– Менга қаранг, мен бу ерда қола олмасам керак.

– Нега?

– Сиз ҳали замон бу ерга менинг душманларим келиб қолиши мумкинлиги хотирдан чиқараётирсиз.

– Бу рост гап. Лекин у ҳолда бу ёш хоним падари бузруквор қўлидан чиқиб кетади-да.

– Йўғ-эй! – ёлғиз ўзигагина хос табассум билан жавоб берди миледи. – Сиз менинг унинг энг яқин дўсти эканимни фаромуш қилаётирсиз.

– Ҳа, бу гап рост. Хуллас, мен бу аёл борасида кардиналга айтаманки…

– … кўнглини тўқ тутса бўлаверади.

– Бор гап шумиди?

– Бунинг маъносини у тушуниб олади.

– Унинг фаҳми етади. Хўш, мен энди нима қиламан?

– Зудлик билан изингизга қайтасиз. Наздимда кардиналга етказажак хабарларингиз шошилишга арзийди.

– Менинг извошим Лилега кириб боришимда синиб кетди.

– Жуда соз!

– Жуда соз деганингиз нимаси?

– Шуки, сизнинг извошингиз менга керак.

– Хўш, мен-чи, у ҳолда қандай қилиб етиб оламан?

– Отда. Жонингиз борича от қўйинг.

– Сизга бундай дейиш осон! Хўп, менга-чи, бир юз саксон лелик йўлни босиб ўтиш қандоқ бўларкин?

– Ҳеч гап эмас.

– Хўп майли, у ёғи-чи?

– У ёғи: Лиледан ўтишингизда извошни менга юборасиз-да, хизматкорингизга менинг ихтиёримда бўлишини тайинлайсиз.

– Яхши.

– Сизда, албатта, кардиналнинг бирор фармойиши бордир?

– Менда, ўз билгимча ҳаракат қилмоққа ёзма ваколат бор.

– Сиз уни нозирага кўрсатинг-да, бугун ё эрта менга одам келиши ва сизнинг номингиздан ташриф буюражак шахс билан бирга кетишим амр этилганини унга айтиб қўйинг.

– Жуда яхши.

– Нозира билан суҳбатда мен ҳақимда қўрс гапиришни эсдан чиқарманг.

– Буниси нечун?

– Мен – кардиналнинг қурбониман. Мен бу жинни Бонасени ишонтиришим зарур.

– Мутлақо одилона гап! Энди бўлса, малол келмаса содир бўлган нарсалар хусусида маълумот ёзиб берсангиз.

– Нима рўй берганини сизга айтиб бердим-ку, ахир. Хотирангиз яхши, айтган гапларнинг ҳаммасини такрорлаб олинг, қоғоз эса йўқолиб қолиши мумкин.

– Сиз ҳақсиз, фақат чор атрофда беҳуда изғиб юрмаслик учун, кейин сизни қайдан топишни билиб олсам бўлгани.

– Тўғри. Сабр қилинг-а…

– Сизга харита берайми?

– О, мен бу жойларни жуда яхши биламан!

– Сиз-а? Бу ерларда қачон бўлгансиз?

– Мен шу ерларда тарбияланганман.

– Шундай денг?

– Кўриб турибсизки, гоҳи маҳаллар сизнинг фалон жойда тарбия топганингиз ҳам бирор нарсага асқотиб қолиши мумкин.

– Хуллас, сиз мени қаерда кутасиз?

– Бир дақиқа ўйлаб олай… Ҳа, мана қаерда: Армантерда.

– Армантер, бу нима дегани ўзи?

– Лис дарёсидаги кичикроқ шаҳар. Дарёдан ўтиб олсам бас, мен бегона давлатга тушиб қоламан.

– Жуда соз! Лекин сиз, албатта, хавф-хатар туғилган ҳолдагина ўтиб кетасиз.

– Албатта.

– Агар бундай нарса содир бўлиб қолса, сизнинг қаердалигингизни мен қандай биламан?

– Қаролингиз сизга керак эмасми?

– Йўқ.

– Унга ишонса бўладими?

– Батамом. У синалган одам.

– Уни менга беринг. Уни ҳеч ким танимайди, мен ўзим қаердан жўнаб кетсам, ўша ерда уни қолдириб кетаман ҳамда у сизни мен турган жойга кузатиб қўяди.

– Демак, мени Армантерда кутаман деяпсизми?

– Ҳа, Армантерда.

– Менга бу номни бир парча қоғозга ёзиб беринг, бўлмаса эсимдан чиқариб қўяманми деб қўрқаман. Шаҳар номида иснодга қолдиргувчи ҳеч нима йўқдир ахир, шундай эмасми?

– Ким билади… Хўп майли, мен ўзимнинг покиза номимга доғ туширишга тайёрман! – рози бўлди миледи ва бир варақ қоғозга ёзиб берди.

– Яхши, – деди Рошфор, варақни миледи қўлидан олиб, уни тахлади ва шляпасининг астари ичига тиқиб қўйди. – Дарвоқе, хотирингизни жам қилинг: борди-ю, бу қоғозни йўқотиб қўйганимда ҳам мен болалар сингари йўл тутаман: йўл бўйи шу номни такрорлайвераман. Хўп, бўлди шекилли?

– Назаримда бўлди.

– Яхшилаб эслаб олайлик: Бэкингем ўлдирилган ёки оғир жароҳатланган… сизнинг кардинал билан суҳбатингиз тўрт мушкетёр томонидан эшитилиб қолинган… лорд Винтер сизнинг Портсмутга боришингиз тўғрисида огоҳ этилган… д’Артаньян билан Атосни Бастилияга… Арамис Шевроз хонимнинг хуштори… Портос – олифта… Бонасе хоним топилган… сизга мумкин қадар тезроқ извош юбориш… менинг қаролимни сизнинг ихтиёрингизга ҳавола қилиш… сизни кардиналнинг қурбони қилиб кўрсатиш, токи нозиранинг кўнглида ҳеч шак-шубҳа туғилмасин… Армантер Лис бўйида. Шундайми?

– Рости гап, зап хотирангиз бор-да, муҳтарам шевале: дарвоқе, яна бир гапни қўшимча қилиб олинг.

– Хўш нимани?

– Мен ажойиб ўрмонни кўриб қолдим, у монастир боғига туташ шекилли. Менинг шу ўрмонда сайр қилишимга ижозат борлигини нозирага айтиб қўйинг. Ким билади, орқа эшикдан чиқиб кетиш зарур келиб қолса, ажаб эмас.

– Сиз ҳамма нарсанинг ғамини еб қўйибсиз!

– Сиз бўлсангиз яна бир нарсани эсдан чиқардингиз…

– Хўш, яна нимани?

– Пул-мул керакми деб мендан сўрашни.

– Ҳа, рост. Сизга қанча берай?

– Ёнингизда чиққан бор олтинни.

– Ёнимда беш юз пистолча бор.

– Менда ҳам шунча. Минг пистолга эга бўла туриб, ҳар қандай шароитдан қутулиб кетиш мумкин. Чўнтагингизда борини тўкинг.

– Марҳамат қилинг.

– Яхши. Қачон жўнаяпсиз?

– Бир соатдан кейин. Мен наридан бери нонушта қилиб оламан бу орада эса бирон одам почта отига бориб келади.

– Жуда яхши! Алвидо, шевале!

– Алвидо, графиня!

– Менинг эҳтиромимни кардиналга изҳор қилиб қўйинг.

– Сиз бўлсангиз – менинг эҳтиромимни иблисга.

Миледи билан Рошфор бир-бирига табассумларини ҳадя қилиб ажралишди.

Бир соат ўтгач, Рошфор елдек учиб орқага қайтиб кетди; беш соатдан кейин у Аррасдан ўтди.

Д’Артаньяннинг уни қандай таниб қолгани ва бу мулоқот тўрт мушкетёрнинг кўнглига хавотир солиб, уларнинг йўлини янада шошилинч давом эттиришга ундагани китобхонларимизга маълум.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации