Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 28 (всего у книги 47 страниц)
VII
Миледининг сир-асрори
Д’Артаньян уйдан чиқди-ю қизнинг ялиниб қисташларига қарамасдан Кеттиникига кирмади; у икки сабабга кўра: таъна, даъво ва ўтинчларга чап бермоқ, шунингдек, ўз ўй-фикрлари ва имкон даражасида бу аёлнинг ҳам ўй-фикрларининг учини топмоқ ва тагига етмоқ учун шундай қилди.
Бу можаронинг ҳаммасидаги бирдан-бир равшан нарса д’Артаньяннинг миледига мажнунларча ошиқлиги-ю, унинг йигитни сира севмаслиги эди. Бир зумгина, д’Артаньян уйга қайтиш, миледига узун мактуб ёзиш ва ўзи билан де Варднинг ҳануз бир шахснинг ўзи бўлиб келгани ва, бинобарин, де Вардни ўлдириш ўз-ўзини ўлдириш деган гап бўлишини эътироф қилиш энг яхши чора, деган қарорга борди. Бироқ уни ҳам қаҳрли қасос иштиёқи куйдирмоқда эди; у яна бир марта, энди ўз номи билан бу аёлнинг васлидан баҳраманд бўлгиси келарди, тўғрироғи, бу қасос унинг назарида маълум лаззатга моликлиги важҳидан ундан воз кечишга қурби етмас эди.
Миледи хоналарининг чий пардалар орасидан таралгувчи чироқ ёруғига бир назар солмоқ учун ҳар ўн одимда бир ўгирилган кўйи у Қирол майдонини беш ёки олти карра айланиб чиқди; ётоққа ўтишга миледи бугун биринчи галдагидек шошмасди, буниси аён эди.
Ниҳоят, чироқ ўчди.
Чироқ билан бирга д’Артаньян кўнглидаги сўнгги тараддуд излари ҳам тарқалди; биринчи тун тафсилотлари унинг хотирига келди-ю, юраги орзиқиб, юзлари ловуллаб, уйга кириб борди-да, Кеттининг хонасига отилди.
Бутун вужуди билан қалтираётган, ранги докадек оқариб кетган Кетти хушторининг йўлини тўсишга уриниб кўрди, лекин диққат билан қулоқ солиб ўтирган миледи д’Артаньяннинг кирганини пайқаб қолиб, эшикни очди.
– Киринг, – деди у.
Буларнинг ҳаммаси шундай ақлга сиғмас бир беҳаёлик, шундай мислсиз безбетлик билан суғорилган эдики, д’Артаньян ўзи кўраётган ва эшитаётган нарсаларга ишона олмай турарди. У фақат тушга кирадиган ўша хаёлий саргузаштларнинг иштирокчисига айланиб қолгандай сезар эди ўзини.
Шунга қарамасдан унга оҳанрабо темирни тортгандай таъсирини ўтказгувчи тортиш кучга ён бериб, у шиддат билан миледининг истиқболига отилди.
Унинг ортидан эшик ёпилди.
Кетти ўзини эшик томон отди.
Рашк, алам, хўрланган ғурур, хуштор аёлнинг қалбида туғён қилгувчи жамики эҳтирослар уни фош этишга ундар, лекин бу хил фитнада иштирок этганини тан олган тақдирда у нобуд бўларди, бу етмагандай, унинг учун д’Артаньян умрбод қўлдан кетган бўларди. Севги тақозо этган бу сўнгги андиша уни яна шу сўнгги қурбонни ҳам беришга кўндирди.
Д’Артаньянга келсак, у ўз орзу-армонларининг интиҳосига етган эди: миледи шу тобда унинг рақибини эмас, унинг ўзини суймоқда ёки ўзини суйганга солмоқда эди. Рост, хуфия ички садо ёш йигитга унинг атиги қасос қуролилиги, уни бор-йўғи қотилликни амалга оширсин деб эркаланаётганларини унга шипшиб турарди, аммо ғурур, орият, телбаларча ҳавас бу садонинг унини ўчирар, бу ғулуни бўғарди. Устига-устак, гасконлик йигитимизнинг ўз-ўзига биноси камчил эмасди, у ўзини де Вард билан хаёлан қиёслаб кўрар ва ўзини д’Артаньянни д’Артаньянлиги учун севиб бўлмасликнинг боисига жавоб ахтарарди.
Хуллас, у ҳозирги лаҳза ҳиссиётларига боши билан ғарқ бўлди. Энди миледи унга ўша бир нафас уни даҳшатга солган ниятлари шум аёл бўлиб кўринмасди; бу ҳозир сиртдан қараганда ўзи ҳам кайфини сураётган, муҳаббатга буткул шўнғиган оташин маъшуқа эди.
Шу асно икки соатлар ўтиб кетди. Ошиқ-маъшуқларнинг завқу шавқлари бора-бора сўнди, ғафлат учун д’Артаньяндаги мавжуд сабаблар ўзида бўлмаган миледи биринчи бўлиб ҳақиқатга қайтди-да, йигитдан келаси куни граф де Вардни муборазага чақиргудек бирор баҳона топган-топмаганини сўради.
Бироқ д’Артаньяннинг хаёллари энди мутлақо бошқа оқимга кириб, у бир тентак сингари ўзини унутиб қўйди ва ҳазил-ҳазил билан қиличбозлик муборазаси учун ҳозир вақт ўта бемаҳал деб эътироз билдирди.
Ўзини банд этган бирдан-бир нарсага бу лоқайдлик миледини қўрқитиб юборди-ю, унинг саволлари қатъийроқ тусга кирди.
Шунда, ҳеч қачон бу бўлмағур мубораза хусусида астойдил фикрламаган д’Артаньян суҳбатни бошқа мавзуга кўчиришга ҳаракат қилди, лекин энди у бунинг уддасидан чиқолмасди.
Миледининг расо ақли ва метин иродаси йигитнинг ўзи илгаридан белгилаб қўйган ҳадлардан чиқиб кетишига изн бермади.
Д’Артаньян миледига де Варднинг гуноҳидан ўтишни ва ўзининг ёвуз ниятларидан қайтишни насиҳат қилишдан бошқа гап топа олмади.
Бироқ унинг дастлабки сўзлариданоқ ёш жувон сесканиб тушди-ю, ундан ўзини олиб қочди.
– Қўрқаётган бўлманг тағин, муҳтарам д’Артаньян? – қоронғида ғалати чинқиллаб чиққан овоз билан кесатиб сўради у.
– Топган гапингизни қаранг, азизам! – жавоб берди д’Артаньян. – Хўш, борди-ю, ўша шўрлик граф де Варднинг гуноҳи сиз ўйлагандан камроқ бўлса-чи?
– Ҳар қалай, – бағритошлик билан гапирди миледи, – у менга панд берди. Модомики, шундай экан – у ўлимга маҳкум.
– Уни сиз ҳукм этган бўлсангиз, майли у ўлсин! – деб қатъий гапирди д’Артаньян, овози миледига чексиз ихлосга тўлиб-тошгандай эшитилиб кетди, миледи яна унинг пинжига суқилиб олди.
Миледи учун тун кўп чўзилдими-йўқми, биз буни айта олмаймиз, аммо ҳадемай бутун ётоқни ўзининг оқиш нурларига кўмиб, чий парда орасидан тонг ёришганда д’Артаньянга у билан ўтган тун ҳали-бери икки соат ҳам бўлмагандай эди.
Шунда д’Артаньяннинг ўзини тарк этишга чоғланаётганини кўрган миледи унга ўзи учун де Варддан қасос олиш хусусидаги ваъдасини эслатди.
– Мен тайёрман, – деди д’Артаньян, – лекин аввало бир нарсага ишонч ҳосил қилиб олишни истардим.
– Хўш, нимага? – сўради миледи.
– Мени севишингизга.
– Назаримда, сизга буни исботлаб бўлдим.
– Ҳа, мен ҳам жону таним билан сизникиман.
– Ташаккур сизга, менинг жасур маъшуғим! Лекин, ахир, сиз ҳам ўз муҳаббатингизни, мен ўзимникини исботлаб берганим сингари исбот қиласиз, шундай эмасми?
– Албатта, – тасдиқлади д’Артаньян. – Лекин, ўзингиз айтаётгандай, мабодо мени севсангиз, наинки мен учун ақалли озгина қўрқмасангиз?
– Нимадан қўрқардим?
– Нимадан деганингиз нимаси? Мен оғир шикастланишим, ҳатто ҳалок бўлишим мумкин.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди миледи, – сиз жуда довюраксиз. Қиличлашишнинг роса ҳадисини олгансиз.
– Айтинг-чи, бошқа бир восита бўлса-ю, у қасдингизни худди шу зайл олиб берса, муборазага ҳам ҳожат қолдирмаса, сизга шу афзал эмасмиди, ахир?
Миледи индамасдан хушторига қараб қўйди: оқишнамо тонг яллиғи унинг оч тусдаги кўзларига ғалати, мудҳиш ифода бериб турарди.
– Рост-а, – деди у, – назаримда иккиланиб қолдингиз.
– Йўқ, иккиланганим йўқ, лекин бечора графдан кўнглингиз қолгандан бери, гапнинг очиғи, унга раҳмим келяпти ҳамда менингча, эркак зоти учун сизнинг муҳаббатингиздан маҳрум бўлишнинг ўзи шундай даҳшатли жазоки, унга ўзга бирор йўсинда жазо беришга энди ҳожат ҳам йўқ.
– Уни севишимни сизга ким айтди? – сўради миледи.
– Ҳар қалай, ўзимга ортиқча бино қўймаган ҳолда, шу тобда бўлак кишини севасиз деб ўйлашга журъат қиламан, – мулойимлик билан гапирди йигит, – ҳамда сизга такрор айтаманки, мен графга ҳамдардман.
– Сиз-а?
– Ҳа, мен.
– Лекин нега энди айнан сиз?
– Чунки ёлғиз мен воқифманки…
– Нима?
– … Унинг айби бу эмас ёки аниқроғи, сиз ўйлаган гуноҳни қилмаган эди.
– Изоҳлаб беринг, – ташвишли овозда деди миледи, – изоҳлаб беринг, негаки, сиз бу билан нима демоқчи бўлаётганингизни тушунмаётибман.
У ўзини оғушида олиб ўтирган д’Артаньянга қараб қўйди-ю, кўзларида ўт пайдо бўлди.
– Мен ор-номусли одамман, – деди бу гапларга барҳам беришга қарор қилган д’Артаньян, – ҳамда муҳаббатингизга восил бўлган чоғдан бери, унга амин бўлган чоғдан бери… муҳаббатингиздан кўнглим тўқ бўлиши мумкин-ку ахир, шундай эмасми?
– Ҳа, ҳа, албатта… У ёғи!
– Хўш, мен ўзимда йўқ шодман ва кўнглимдаги бир гап мени хижолат қилиб турибди.
– Бир гап?
– Мабодо севгингиздан шубҳада бўлганимда эди, мен буни айтиб ўтирмасдим, лекин сиз мени севасизку, соҳибжамол маҳбубам? Шундай эмасми, сиз, сиз мени севасиз-а?
– Албатта, севаман.
– У ҳолда айтинг-чи: ҳаддан ортиқ муҳаббат мени сизга олдин бирор гуноҳ иш қилиб қўйишга мажбур этган тақдирда, сиз мени авф этармидингиз?
– Балким.
Д’Артаньян лабларини миледининг дудоқларига яқинлаштирмоқчи бўлди, лекин миледи уни итариб ташлади.
– Бир гап… – ранги ўчиб деди у. – Бир гапингиз нимаси?
– Сиз шу пайшанба куни худди мана шу хонада де Вард билан кўришгансиз, шундай эмасми?
– Менми? Йўқ, бўлмаган гап, – деб у бирам қатъий оҳангда пинагини бузмай гапирдики, д’Артаньяннинг комил ишончи бўлмаган тақдирда унинг шубҳага бориб қолиши ҳеч гап эмасди.
– Ёлғон гапирманг, дилбар малагим, – табассум билан эътироз қилди у, – бунинг фойдаси йўқ.
– Буларнинг ҳаммаси нима деган гап? Гапирсангизчи? Сиз менинг жонимни суғуриб оляпсиз.
– О, ўзингизни босинг, менга нисбатан сиздан ҳеч бир гуноҳ ўтгани йўқ, мен сизни аллақачонлар афв этганман.
– Хўш, у ёғи нима, у ёғи?
– Де Варднинг ҳеч мақтанадиган жойи йўқ.
– Боиси нима? Ахир, ўзингиз айтиб эдингиз, бу узук…
– Жонгинам бу узук менда. Ҳузурингизда пайшанба куни бўлган граф де Вард-у, шу бугунги д’Артаньян – бу бир кишининг ўзгинаси.
Эҳтиётсиз йигит иболи таажжубни кўз ёшлар билан якунлангувчи енгил-елпи тўполонни кутганди, лекин у ёмон панд еб қолди, унинг бу ғафлати кўп чўзилмади ҳам.
Миледи рангида ранг қолмай қўрқинчли бир алфозда ўрнидан қўзғалди ва шиддатли зарб билан д’Артаньянни кўкрагидан итариб ташлаб, тўшакдан сапчиб турди.
Афв этишини тавалло қилиш истагида д’Артаньян уни юпқа батист пенюаридан тортди, лекин у йигитнинг қўлидан юлқиниб чиқиб кетишга уринди. Бу кучли, кескин ҳаракатдан батист йиртилиб кетди-ю, унинг очилиб қолган момиқдай оппоқ бир гўзал кифтида д’Артаньян мислсиз даҳшат билан нилуфар гулини – жаллоднинг шармисор қилгувчи қўли билан босилган ўчмас тамғани кўриб қолди.
– Астағфурулло! – пенюарни қўлдан чиқариб, бақириб юборди у.
У дами ичига тушиб, карахт бўлиб, эти музлаб, тўшакда турганича қотиб қолди.
Бироқ, д’Артаньяннинг даҳшати миледига ўзининг фош этилганини билдириб қўйди; шак-шубҳа йўқ, у ҳаммасини кўрган. Энди ёш йигит унинг сирини, ҳеч кимга маълум бўлмаган даҳшатли сирини билиб олди.
Энди у йигит томон қутурган аёл сингари эмас, яраланган қоплон каби ўгирилди.
– Лаънати! – деди у. – Менга разилона хиёнат қилганинг каммидики, сиримни ҳам билиб олдинг! Сен ўласан!
У пардоз жойида турган кичикроқ қадалма нақшли қутича ёнига югуриб бориб, бамисоли безгакдан қалтираётган қўли билан уни очди-да, кичкина олтин сопли ўткир ва юпқа тиғли ханжарни олиб, орқага, ярим яланғоч д’Артаньян томонга отилди.
Маълумки, ёш йигит довюрак эди, лекин бу буришган башара, бу ола-куласи чиқиб кетган ваҳимали қорачиқлар, бу рангпар ёноқлар-у қип-қизил лаблар унинг ҳам қутини учириб юборди; у гўё олдига ўрмалаб келаётган илонни кўриб қолгандек девор сари сурилиб олди; унинг тердан нам қўли пайпаслаб бориб, иттифоқо қиличга тегиб кетди-ю, уни қинидан суғуриб олди.
Бироқ қиличга парво қилмасдан унга ханжар ургани миледи каравотга чиқишга уринарди ва қилич учи ўз кўксига тиралганини сезгандагина тўхтаб қолди.
Шунда у бу қилични қўллари билан ушлаб олишга тириша бошлади, лекин д’Артаньян унинг бундай қилишига халал бериб ва ҳадеб қилични дам унинг кўзларига, дам кўксига тутиб, Кетти хонасининг эшиги томон чекиниш пайида ерга сирғалиб тушди.
Бу ўртада миледи алланечук ҳайвонсимон пишқириб, жон-жаҳди билан унга ташланишда давом этарди.
Бу энди ҳақиқий мубораза тусига кира бошлаган бўлиб, д’Артаньян аста-секин ўзини ўнглаб олди.
– Жуда соз, гўзалим! Жуда соз! – такрорларди у. – Бироқ, азбаройи худо, ўзингизни босинг, йўқса, мен сизнинг гулдай юзчаларингизга иккинчи нилуфарнинг суратини чизиб қўяман.
– Номард! Номард! – бўкирарди миледи.
Д’Артаньян ҳамон эшик сари чекинган кўйи мудофаа ҳолатида турди.
Миледи унга етиб олмоқ учун курсиларни ағдариб у – ўзини ҳимоя қилмоқ учун уларнинг орқасига пана бўлиб кўтарган тақир-туқурга Кетти эшикни очиб қолди. Эшикка яқинлашмоқ учун усталик билан ҳаракат қилаётган д’Артаньян шу лаҳзада ундан уч қадамларча берида эди. Бир сакраш билан у ўзини миледининг хонасидан оқсочнинг хонасига урди-ю, эшикни яшин тезлигида қарсиллатиб ёпиб ва Кетти уни тамбалаб бўлгунча гавдасининг бор вазни билан итариб турди.
Шунда миледи аёлларга хос бўлмаган ғайритабиий куч намойиш этиб, ўз ётоғини оқсочнинг хонасидан ажратиб тургувчи тўсиқни синдириб ташлашга уриниб кўрди; сўнгра бунинг иложи йўқлигига қаноат ҳосил қилгач, эшикка ханжар санча бошладики, унинг зарбларидан баъзилари ёғочни паррон тешиб ўтди. Ҳар зарб даҳшатли қарғишлар остида бериларди.
– Бўл, бўл, Кетти, – эшик танбаланиб бўлгандан кейин нимтовушда деди д’Артаньян, – уйдан чиқиб кетишимга қарашиб юбор. Агар унинг ўзини босиб олишга фурсат берсак, у хизматкорларига мени ўлдиришни буюради.
– Бироқ шу туришда кетолмайсиз-ку, ахир! – деди Кетти. – Сиз деярли яланғочсиз.
– Ҳа, ҳа, бу тўғри, – деди фақат эндигина ўз уст-бошига кўзи тушган д’Артаньян, – мени бир амаллаб кийинтиргин, фақат тезроқ. Тушунгин, бу ҳаёт-мамот масаласи.
Кетти буни жуда яхши тушуниб турарди; у бир пасда унга қандайдир гулдор аёл кўйлагини, кенг тумоқ ва ёпинчини илиб қўйди, сўнгра қўлонтоёқ туфли кийгизиб, уни зинадан пастга судраб кетди. Бу айни – миледи қўнғироқ чалиб бутун уйни бошига кўтариб бўлган маврид эди. Миледи ҳам ярим яланғоч ҳолда деразадан бошини чиқариб:
– Чиқарманг! – деб қичқирган дақиқада дарвозабон эшикни очиб турган эди.
VIII
Атоснинг сира овора бўлмасдан ўз аслаҳа-анжомини топиб олгани
Ёш йигит қочиб кетди, у эса иложсиз дўқлар билан ҳамон таҳдид қиларди. У кўздан ғойиб бўлган дамда миледи ҳушидан кетиб йиқилди.
Д’Артаньян шу қадар гангиб қолган эдики, Кеттининг келгуси қисмати ҳақида бош қотириб ўтирмай, Париж ярмини чопиб ўтди ва Атоснинг эшиги тагига келиб тўхтади. Маънавий изтироб, таъқиб этаётган даҳшат, онда-сонда унинг изидан тушган патрулларнинг ҳайқириқлари, каллайи-саҳарга қарамасдан ўз юмушлари билан кетаётган илк йўловчиларнинг ҳой-ҳуйлари – буларнинг ҳаммаси уни жадаллаштирарди, холос.
У ҳовлидан ўтиб олди, учинчи қаватга чиқди-да, жонжаҳди билан Атоснинг эшигини қоқа бошлади.
Унга эшикни уйқудан кўзлари салқиган Гримо очди. Д’Артаньян хонага шундай шиддат билан отилиб кирдики, сал бўлмаса уни уриб йиқитаёзди.
Ўзининг одатий гунглигига хилоф равишда бу гал бояқиш тилга кирди.
– Ҳой, сен! – бақирди у. – Сенга нима керак, уятсиз? Қаёққа суқилиб келяпсан, ҳароми?
Д’Артаньян тумоғини четга суриб қўйди-да, қўлини ёпинчи остидан чиқариб олди. Мўйлов ва яланғоч қиличга кўз тушиб, шўрлик Гримо қаршисида эркак киши турганини фаҳмлаб қолди. Шунда у буни қотил деб қарор қилди.
– Ёрдамга! Халос этинг! Ёрдамга! – бақирди у.
– Жим бўл, тентак! – деди йигит. – Мен д’Артаньянман. Наинки мени танимаган бўлсанг? Хўжайининг қани?
– Сиз – жаноб д’Артаньянмисиз? Бўлмаган гап! – қичқирди Гримо.
– Гримо, – ўз ётоғидан эгнида чопон билан чиқаркан деди Атос, – сиз тилга киришни эп кўрдингиз, шекилли.
– Тақсир гап шундаки…
– Жим бўлинг!
Гримо индамай қолди-ю, фақат ўз соҳибига д’Артаньянни ишора қилди.
Атос ўртоғини таниди ва ўзининг бутун сполигига қарамасдан хахолаб кулиб юбордики, унинг бу қаҳқаҳасини кўз ўнгида намоён бўлган ғаройиб маскарад уст-боши тўла оқларди, чаккага қўндирилган тумоқ, ергача судралиб тушган юбка шимарилган енглар-у, ҳаяжонли юзда диккайиб турган мўйловлар.
– Кулманг, дўстим, – деди д’Артаньян, – худо хайрингизни берсин, кулманг, чин сўзимни бераманки, аҳвол куладиган эмас!
Бу сўзларни у шундай жиддий бир тарзда ва шундай чинакам бир даҳшат билан айтдики, Атоснинг кулгиси узилиб қолди.
– Бирам рангингиз ўчиб кетибдики, дўстим – д’Артаньяннинг қўлларидан ушлаб туриб деди у. – Ярадормасмисиз ишқилиб?
– Йўқ, лекин боягина жуда ёмон ҳодиса содир бўлди. Ёлғизмисиз, Атос?
– Азбаройи шифо, шу маҳалда меникида ким ҳам бўларди!
– Буниси яхши!
Д’Артаньян шоша-пиша Атоснинг ётоғига ўтди.
– Қани, сўзлайверинг! – ортидан эшикни беркитиб ҳамда ўзларига ҳеч ким халал бермаслиги учун унинг илгагини суриб деди у. – Қирол қазо қилмадими ишқилиб? Кардинални ўлдириб кетмадиларми? Юзингизга қараб бўлмайди? Тезроқ гапирсангиз-чи, ахир, хавотирдан менинг ҳол-жоним қолмади.
– Атос, – деди д’Артаньян эгнидаги аёл либосини ечиб ташлагач, кўйлакчан қолгач, – ақлга сиғмайдиган, қулоқ эшитмаган воқеани эшитишга ҳозирланинг.
– Аввал мана бу чопонни кийиб олинг, – таклиф этди мушкетёр.
Д’Артаньян чопонни кийди, лекин енгларини дарров топа олмади – унинг ҳаяжони шу даражада зўр эди.
– Шундай қилиб? – сўради Атос.
– Шундай қилиб, – Атоснниг қулоғига энгашиб ва овозини пасайтириб гапирди д’Артаньян, – хуллас, миледи кифтидан нилуфар гули билан тамғаланган.
– Оҳ! – гўё юрагига ўқ қадалгандай қичқириб юборди мушкетёр.
– Менга қаранг, – деди д’Артаньян, – ўша аёлнинг ҳақиқатан ўлганига ишончингиз комилми?
– Ўша аёлними? – деб Атос бирам бўғиқ товуш билан қайта сўрадики, д’Артаньян унинг гапини аранг илғаб олди.
– Ҳа, ўша сиз менга бир кун Амёнда ҳикоя қилиб берганингиз.
Атос инграб бошини чангаллади.
– Буниси йигирма олти-йирма етти ёшларда, – гапида давом этди д’Артаньян.
– Сочлари сарғиштобми? – сўради Атос.
– Ҳа.
– Қошлари қора, қора киприкли, кўзларининг ранги оч, ажабтовур оч мовийми?
– Ҳа.
– Барваста, қадди-қомати келишганми? Чап томонда – озиғи ёнидаги бир тиши йўқми?
– Ҳа.
– Нилуфар тамғаси кичикроқ сарғимтир тусда ва турли дорилар ёрдамида чала ўчирилгандайми?
– Ҳа.
– Бироқ сиз уни инглиз деб эдингиз-ку?
– Уни ҳамма миледи деб атайди, лекин унинг француз бўлиши жуда эҳтимол. Ахир, лорд Винтер – борйўғи унинг эрининг акаси-да.
– Д’Артаньян, мен уни кўришни истайман.
– Эҳтиёт бўлинг, Атос, эҳтиёт бўлинг: сиз уни ўлдиришга урингансиз. Бу шундай аёлки, у қаримта қайтаришдан, қайтарганда ҳам бехато қайтаришдан тоймайди.
– У бирор гапни айтиб беришга журъат қилмайди, бу унинг ўзининг чувини чиқариб қўяди.
– Унинг қўлидан ҳар нарса келади! Уни ҳеч қутурган важоҳатда кўрганмисиз?
– Йўқ.
– Бу йўлбарс, қоплон! Жон Атос, иккимизнинг бошимизга даҳшатли қасос фалокатини солиб қўйдимми деб жуда қўрқаман.
Д’Артаньян миледининг телбаларча ғазаби ва унинг ўлдираман, деб қилган дағдағаларининг ҳаммасини Атосга сўзлаб берди.
– Сиз ҳақсиз, ўлай агар, мен ҳозир ҳаётим учун бир мири ҳам бермаган бўлардим, – деди Атос. – хайриятки, биз индинга Парижни тарк этамиз, бизни Ларошелга жўнатсалар керак, биз жўнаб кетгандан кейин эса…
– У сизни таниб қолса борми, кетингиздан дунёнинг нариги бурчига етиб боради. Ундан кўра, унинг қаҳру ғазаби ёлғиз менинг бошимга туша қолсин.
– Э, дўстим-эй, садқайисар, ўлдирса-ўлдиравермайдими! – деди Атос. – Мени ўз ҳаётини қадрлайди, деб ўйлаётган бўлманг тағин?
– Бу нарсаларнинг ҳаммасининг тагида мудҳиш бир сир бор. Биласизми, Атос бу аёл – кардиналнинг жосуси, мен бунга аминман.
– У ҳолда эҳтиёт бўлинг. Башарти, кардинал Лондон воқеаси учун сизга тан бермаган бўлса, унда у сизни ёмон кўриб қолган. Бироқ ошкора тақайдиган айб йўқ, ўша адоват муқаррар тошиб чиқиши шартлиги, хусусан, бу кардиналнинг адоваткашлиги важҳидан эса эҳтиёт бўлинг! Уйдан чиққан кезлари ёлғиз чиқманг, тамадди қилган кезлари эҳтиёт бўлинг, қисқаси – ҳеч кимга, ҳатто ўз соянгизга ҳам ишонманг.
– Хайриятки, – деди д’Артаньян, – индин оқшомигача етиб олсак бўлгани, негаки, армияда душман аскарларидан ташқари ҳадиксирайдиган ҳеч ким бўлмайди, деб умид қиламан.
– Ҳозирча эса ўзимнинг таркидунё ниятларимдан кечаман-да, ҳамма ерда сизга ҳамроҳ бўлиб юраман. Сиз Гўрковлар кўчасига қайтмоғингиз лозим, мен сиз билан бирга бораман.
– Бироқ бу нечоғли яқин бўлмасин, – эътироз қилди д’Артаньян, – мен у ерга бу туришда бора олмайман.
– Ҳақ гап, – тасдиқлади Атос ва қўнғироқни чалди.
Гримо кириб келди.
Атос имо-ишора билан унга д’Артаньянникига бориб, у ердан уст-бош келтиришни буюрди. Гримо, худди шу тарзда ишора билан, ҳаммасини жуда яхши тушунганини жавоб қилди-да, чиқиб кетди.
– Шунақа гаплар, жон дўстим, – деди Атос, – бироқ бу воқеанинг ҳаммаси аслаҳа-анжом ишида бизга ҳаргиз дармон бўлмайди, зеро янглишмасам, сизнинг бутун лаш-лушларингиз милединикида қолган, унинг кийимларингизни қайтараман деб овора бўлиши даргумон. Хайриятки, ёқутингиз бор.
– Ёқут сизники, жон Атос! Ахир, бу оила зийнати деб ўзингиз айтдингиз-ку.
– Ҳа, отам уни икки минг экюга сотиб олган – бир вақтлар у менга шундай деб юрарди. У отамнинг онамга қилган тўёналарининг бир қисмини ташкил қилган, ўзи ҳам ниҳоятда нодир эди. Онам уни менга туҳфа қилди, мен эса паст бўлсам, бу узукни табаррук қилиб асраб юриш ўрнига, уни шу ярамас аёлга тортиқ қилиб юбордим.
– У ҳолда, бу узукни ола қолинг, азизим, уни сиз нечоғли қадрлашингиз лозимлигига ақлим етади.
– Бу узукни жинояткор қўлларга тушиб чиққандан сўнг олайми! Минбаъд! Бу узук ҳаром бўлган, д’Артаньян.
– Ундай бўлса, уни сотиб юборинг.
– Волидам қўлидан олган ёқут узукни сотайми? Эътироф этаман, мен буни шаккоклик деб санаган бўлурдим.
– Унда уни гаровга қўйинг, шунда сиз, шак-шубҳасиз, қарийб минг экюча пул оласиз. Бу пул сизнинг эҳтиёжларингизга етиб ортади, кейин эса қўлингизга тушган дастлабки пулларга уни қайтариб сотиб оласиз, у илгариги доғларидан тозаланиб қайтиб келади, негаки, судхўрларнинг қўлларидан ўтган бўлади.
Атос кулимсираб қўйди.
– Сиз ажойиб дўстсиз, жон д’Артаньян, – деди у. – Ўзингизнинг муттасил вақти чоғлигингиз билан сиз ўша тушкунликка тушиб қолган бадбахтларнинг кўнглини кўтариб юрасиз. Майли! Келинг, бу узукни гаровга қўямиз, лекин бир шарт билан.
– Қанақа?
– Беш юз экюсини сиз оласиз, беш юзини – мен.
– Қўйсангиз-чи, Атос! Менга бу пулнинг чораги ҳам даркор эмас – мен гвардиядаман-ку. Эгарни сотсам, қўлимга худди талаб этилганча пул тушади. Менга нима зарур эди? Планшега от, атиги шу. Бунинг устига менда ҳам узук борлигини хаёлдан чиқаряпсиз.
– Сиз, афтидан, мен ўзимникини қадрлагандан ҳам ортиқ кўрадиган узук; ҳар қалай менга шундай туюлди.
– Ҳа, қисталанг эҳтиёж туғилган тақдирда, у бизни нафақат мушкул аҳволдан қутқаради, балки жиддий хавф-хатардан ҳам халос этади. Бу нафақат қимматбаҳо олмос, бу сеҳрли тилсимдир.
– Нималар деяётганингизни мен тушунмаяпман, лекин сизга ишонаман. Хуллас, менинг узугимга ёки тўғрироғи сизникига қайтайлик. Сиз унга тўланадиган пулнинг ярмини оласиз, ёки мен уни Сенага улоқтириб юбораман, битта-яримта балиқ Поликратга5151
Поликрат – Самос оролининг золими.
[Закрыть] келтириб бергандай, илтифоти мўллигидан уни бизга олиб келиб беради, деган ишонч эса менда йўқ.
– Хўп, майли, мен розиман! – деди д’Артаньян.
Шу пайт Гримо, у билан бирга Планше ҳам келиб қолишди: соҳиби учун хавотирланиб, ҳам унга нима бўлганини билишга қизиқиб, у фурсатдан фойдаланган ва уст-бошни ўзи келтирган эди.
Д’Артаньян кийинди. Атос ҳам шундай қилди. Сўнгра иккала дўст тап-тайёр бўлгач, Атос Гримога нишонга олиш ишорасини кўрсатди. Гримо шу замон девордан мушкетни олди-да, ўз соҳибига эргашишга ҳозир бўлиб турди.
Улар Гўрковлар кўчасига бехатар етиб олдилар. Дарвозахонада Бонасе турарди. У д’Артаньянга истеҳзоли қараб қўйди.
– Тезроқ бўлинг, муҳтарам ижарадор, – деди у, – сизга бир гўзал қиз маҳтал, аёллар эса, ўзингиз биласизки, интизорликни ёмон кўрадилар.
– Бу Кетти! – қичқириб юборди д’Артаньян ва юқорига отилди.
Дарҳақиқат, ўз хонаси олдидаги супада у Кеттини кўрди: шўрлик қиз эшикка суянганича дағ-дағ титраб турарди.
– Сиз менга ҳимоя қиламан, деб ваъда бергансиз, – деди у, – сиз менга унинг ғазабидан қутқариб қоламан, деб ваъда бергансиз. Хотирга олинг, мени хароб қилган сиз, ахир!
– Албатта, албатта, – деди д’Артаньян, – хавотирланма, Кетти. Бироқ мен кетганимдан кейин нима гаплар содир бўлди?
– Ўзим ҳам билмайман, – жавоб берди Кетти. – Унинг дод-фарёдларига хизматкорлар йиғилди, ёмон қаҳри келган эди. Сизнинг орқангиздан у айтмаган қарғиш қолмади. Шунда мен унинг хонасига меникидан ўтиб қолганингиз эсига тушиб қолмасайди, мени сизнинг шеригингиз, деб гумон қилиб қолмасайди, деб қўрқиб кетдим. Мен ўз пулларимни, нарсаларимдан энг арзийдиганларини олдим-у, қочдим.
– Бечора қиз! Бироқ мен сени нима қилсам экан-а? Мен индинга жўнаб кетяпман.
– Нима қилсангиз қилинг, жаноб д’Артаньян! Менинг Париждан чиқиб кетишимга, Франциядан жўнаб кетишимга кўмаклашинг.
– Бироқ мен сени ўзим билан Ларошелнинг қамалига олиб кетолмайман-ку, ахир! – эътироз қилди д’Артаньян.
– Албатта йўқ, лекин сиз мени бирор вилоятга, мисол учун ватанингиздаги битта-яримта таниш хонимникига жойлаштириб қўйсангиз бўлади.
– Жоним Кетти, менинг ватанимда хонимлар оқсоч тутмайдилар. Дарвоқе, сабр қил, нима қилишимизни мен биламан. Планше, бориб Арамисни айтиб кел. Дарров бу ерга келсин. Биз у билан гаплашиб олмоғимиз лозим.
– Тушунаман, – деди Атос, – лекин нега энди Портос билан эмас! Назаримда, унинг маркизаси…
– Портоснинг маркизаси эрининг мирзалари ёрдамида кийинади, – кула-кула деди д’Артаньян, – устигаустак Кетти Айиқ кўчасида истиқомат қилишни хоҳламайди. Тўғрими, Кетти.
– Мен қаерда бўлса яшайвераман, – жавоб берди Кетти, – мени яхшилаб яшириб қўйсалар-у, қаердалигимни ҳеч ким билмаса бўлгани.
– Энди, Кетти, биз сен билан видолашаётган ва, демак, сен мени ортиқ рашк қилмайдиган пайтда…
– Жаноб д’Артаньян, – деди Кетти, – мен қаерда бўлмайин – узоқдами ёки яқиндами – сизни ҳамиша севаман.
– Азбаройи шифо, мана садоқат қаерда бошпана топибди! – ғўлдираб қўйди Атос.
– Мен ҳам, – деди д’Артаньян, – мен ҳам сени ҳамиша севаман, хотирингни жам қил. Лекин бир гап бор, бир саволга жавоб бер, мен учун бунинг аҳамияти жуда катта: бир вақт тунда олиб қочилган ёш жувон хусусида сен ҳеч гап эшитмаганмисан?
– Тўхтанг -а… Ё раббий, наҳотки сиз яна бу аёлни ҳам севсангиз?
– Йўқ, уни дўстларимдан биттаси севади. Ҳа-я, мана у, шунинг ўзи, Атос.
– Мен?! – дея Атос бирам даҳшат билан қичқириб юбордики, гўё илонни босиб олаёзгандай.
– Ҳа, албатта сен-да! – Атоснинг қўлини сиқиб деди д’Артаньян. – Ўша бояқишнинг – Бонасе хонимнинг тақдирига биз ҳаммамиз нақадар ҳамдардлигимизни сен жуда яхши биласан. Айтмоқчи, Кетти ҳеч кимга айтмайди. Шундай эмасми, Кетти? Биласанми, тасаддуқ, – гапида давом этди д’Артаньян, – бу ўша рўдапонинг хотини, меникига киришда эшик тагида унга кўзинг тушган бўлса керак.
– Вой шўрим! – қичқириб юборди Кетти. – Яхши эсимга солдингиз! Бирам қўрқиб кетяпманки! Ишқилиб мени таниб қолмаса бўлгани!
– Таниб қолмаса деганинг нимаси! Бундан чиқди, сен бу одамни илгари кўрган экансан-да?
– У икки марта миледи ҳузурига келган.
– Ана холос! Бу қачон бўлган?
– Икки-икки ярим ҳафта бурун.
– Ҳа, ҳа худди шундай.
– Кеча кечқурун ҳам у яна келди.
– Кеча кечқурунми?
– Ҳа, сиздан бир дақиқа илгари.
– Азизим Атос, биз жосус тўрлари қуршовидамиз! Хўш, Кетти, у сени таниб қолди деб ўйлайсанми?
– Унга кўзим тушгач, тумоғимни бостириб кийиб олдим, лекин кеч бўлганмиди дейман.
– Пастга бир тушинг-чи, Атос, унинг менга қараганда сиздан шубҳаси камроқ, бир қаранг-чи, у ҳалиям эшикнинг тагида турганмикан?
Атос пастга тушиб кетди-да, ҳадемай қайтиб чиқди.
– У йўқ, – деди у, – уй ҳам қулф.
– У ҳамма каптарлар уяда жамлигини хабар қилгани кетган.
– Ундай бўлса, келинглар учиб кетамиз, – деди Атос, – ҳамда бу ерда Планшенинг якка ўзини қолдириб кетамиз, у бизга кейинги гапларни хабар қилади.
– Бир нафас! Арамисни нима қиламиз? Унга одам юборганмиз-ку?
– Ҳақ гап, Арамисни кутамиз.
Худди шу пайт Арамис кириб келди. Унга бутун воқеани баён этиб, унинг юқори мартабали танишларидан битта-яримтасиникида Кеттига жой топиш нақадар зарурлигини изоҳлаб бердилар.
Арамис бир зум ўйланиб қолди, сўнгра қизариб сўради:
– Бу билан сизга чинданам яхшилик қилган бўламанми, д’Артаньян?
– Мен ўла-ўлгунимча бу яхшилигингизни унутмайман!
– Гап бундай, де Буа-Траси хоним ўз дугоналаридан бирига ишончли оқсоч топиб беришни илтимос қилиб эди, у аллақаерда вилоятда истиқомат қилади, шекилли, мабодо сиз, д’Артаньян, кафил бўлолсангиз…
– О, тақсир! – деди Кетти. – Сизни ишонтириб айтаманки, менга Париждан жўнаб кетиш имконини беражак ўша хонимга мен чексиз содиқ бўламан.
– Ундай бўлса, – деди Арамис, – ҳаммаси эпланиб кетади.
У стол ёнига ўтириб, мактубча ёзди, уни узуги билан муҳрлаб елимлади-да, Кеттига берди.
– Энди эса, тасаддуқ, – деди д’Артаньян, – ўзингдан қолар гап йўқ, бу ерда қолиш на биз учун, на сен учун бехатар эмас, шу сабабдан биз ажралмоғимиз лозим. Биз сен билан дурустроқ замонларда учрашамиз.
– Билиб қўйинг, биз қаерда ва қачон учрашмайлик, – деди Кетти, – мен сизни ҳамиша худди ҳозиргидай севаман.
– Қиморбознинг қасами, – деб қўйди Атос д’Артаньян Кеттини кузатиб, зинага чиқиб кетган орада.
Бир зум ўтгач, йигитлар соат тўртда Атосникида учрашишни келишиб олишгач ва уйни қўриқлашни Планшега топширишгач, ажралишдилар.
Арамис уйига кетди, Атос билан д’Артаньянлар эса ёқут узукни гаровга қўйгани йўл олдилар.
Худди гасконлигимизнинг кўзи етиб тургандек, улар узукнинг гаровига ҳеч бир мушкулотсиз уч юз пистол пул олдилар. Устига-устак судхўр маълум қилдики, агар улар узукни таг-туги билан сотишни маъқул кўрсалар, у бадалига беш юз пистолга етказиб тўлашга тайёр, чунки ўзида бор зиракларга бу узук қуйиб қўйгандек мос эди.
Чапдаст аскар ва ўз ишининг билимдонлари бўлмиш Атос билан д’Артаньян мушкетёрга зарур аслаҳа-анжомни харид қилгани ортиғи билан уч соатча вақт сарфладилар. Бунинг устига Атос ниҳоятда феъли кенг ройиш одам эди. Агар унга бир нарса мақбул келса, у ҳар гал талаб этилган пулни ҳатто камайтиришга ҳам уринмасдан тўларди. Д’Артаньян бу борада унга танбеҳ беришга уриниб кўрган эди, лекин Атос қўлини унинг елкасига қўйиб жилмайиб қўйди, д’Артаньян ҳам қашшоқ гаскон дворяни бўлмиш – ўзига савдолашмоқ эп бўлса, бу нарса ўзини қирол насабли одам сифатида тутган кишига ҳаргиз ярашмаслигини фаҳмлади.
Мушкетёр бурун катакларидан ҳовури уриб турган, бежирим оёқлари ингичка, олти яшар тим қора кетворган андалуз отини ахтариб топди. У уни бошданоёқ кўздан кечириб чиқиб, бирор нуқсонини тополмади. Унга минг ливр сўрадилар. Уни арзонроқ харид қилишнинг иложи бўлса ажаб эмас эди, лекин д’Артаньян олибсотар билан нарх талашгунча, Атос аллақачон столга минг пистолни санаб қўйди.
Гримо учун уч юз ливрга бақувват ва чайир пикардия оти сотиб олинди.
Бироқ Атос бу отга эгар билан Гримо учун қурол сотиб олганда унинг юз эллик пистолидан ном-нишон қолмади. Д’Артаньян ошнасига кейинчалик бир пайти келганда бу қарзни узиш шарти билан ўз улушидан бир қисм пулни насия қилиб туришни таклиф этди, лекин Атос елкасини қисиб қўя қолди.
– Судхўр ёқут узукни ўзида қолдириш учун қанча пул таклиф этган эди? – сўради у.
– Беш юз пистол.
– Яъни икки юз пистол зиёд. Юз пистоли сизга, юз пистоли менга. Дўстим, ахир бу бутун бошли бисотку! Боринг судхўрнинг олдига!
– Нима! Сиз истайсизки…
– Гапнинг очиғи, д’Артаньян, бу узук ўта кўнгилсиз нарсаларни эсимга солиб турган бўларди. Бунинг устига ҳеч қачон қўлимизга уч юз пистол пул тушмайди, токи уни қайтариб олсак ҳамда биз бу ишда бекордан-бекорга икки минг ливрни бой берамиз. Унга айта қолинг, узук – уники ҳамда икки юз пистол билан изингизга қайтинг.