Электронная библиотека » Александр Дюма » » онлайн чтение - страница 30

Текст книги "Уч мушкетёр"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Александр Дюма


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 30 (всего у книги 47 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Сиз ўзингиздан лозим бўлган ишни қилибсиз, д’Артаньян, лекин хато қилган бўлсангиз керак.

Д’Артаньян хўрсиниб қўйди, зеро бу товуш уни катта фалокатлар кутажагини унга шипшиб турган қалбидаги сирли садога жавоб берарди.

Келаси кун жўнаш тадорикларида ўтди; д’Артаньян жаноб де Тревиль билан хайр-маъзур қилгани кетди. У маҳалда ҳамма гвардиячилар билан мушкетёрларнинг жудолиги жуда қисқа бўлади, деган фикрда эди, негаки бу куни қирол парламентда кенгашаётган бўлиб, келаси саҳарда жўнаб кетишни чамалаб турган эди. Шу боисдан жаноб де Тревиль д’Артаньяндан ўзининг кўмагига унинг муҳтож ё йўқлигини сўраш билан чекланиб қўя қолди, лекин д’Артаньян мағрур туриб зарур ҳамма нарса ўзида борлигини айтди.

Тунда Дезессара гвардия ротасининг лашкарлари ўзлари дўст тутиниб улгурган жаноб де Тревилнинг мушкетёрлар ротаси лашкарлари билан қўшилиб кетдилар. Улар худо хоҳлаган пайти ва худо ярлақаган тақдирда қайта юз кўришиш илинжида видолашмоқда эдилар. Шу важдан тун иложи борича жўшқин ўтгани тушунарли, зеро шу қабилидаги ҳолларда ўта ташвишмандликни фақатгина ўта беғамлик билан енгиш мумкин.

Эрталаб карнайларнинг илк садолари остида биродарлар ажралдилар. Мушкетёрлар жаноб де Тревиль казармалари томон, гвардиячилар эса жаноб Дезессара казармалари томон югуриб кетдилар ҳамда иккала капитан ўз роталарини қирол ўз лашкарларига кўрик ўтказмоқда бўлган Лувр сари етаклаб кетдилар.

Қирол жуда ғамгин ҳам хаста кўринарди, бу нарса унинг чеҳрасининг такаббур ифодасини сал-пал юмшатиб кўрсатарди. Дарҳақиқат, кечаги кун парламент кенгаши пайтида уни безгак тутиб қолган эди. Шунга қарамасдан у шу оқшомдаёқ жўнаб кетиш қароридан қайтмади, уни ҳарчанд раъйидан қайтарсалар ҳам ўзига теккан дардни иродасининг тафти билан енгиш умидида у ўз қўшинларига кўрик ўтказишни ихтиёр этди.

Кўрикдан сўнг гвардиячилар ёлғиз ўзлари сафарга юз тутдилар, негаки мушкетёрлар фақат қирол билан биргаликда йўлга чиқишлари зарур эди, бу эса Портосга ўзининг шоҳона яроқ-аслаҳаларида Айиқ кўчасида кўриниб келиш имкониятини берди.

Прокурор хоним уни янги саруполар кийиб ўз деразалари ёнидан гўзал отда ўтиб кетаётган пайтда кўриб қолди. У Портосни ҳаддан ортиқ севарди, токи унга видолашмасдан жавоб бериб юборса, у имо-ишора билан отдан тушишни ва уйига киришни илтимос қилди. Портос жуда шукуҳли эди; унинг шпорлари жаранглар, совути ял-ял ёнар, қиличи оёқларига аёвсиз уриларди.

Бу дафъа унинг келбати бирам пурвиқор эдики, кулиш мирзоларнинг хаёлига ҳам келмади.

Мушкетёрни жаноб Кокнарнинг кабинетига олиб кирдилар ҳамда прокурорнинг кичик кулранг кўзлари оҳори тўкилмаган уст-бошларда очилиб кетган бўлага тушиб ғазабнок чақнаб кетди. Дарвоқе, бир мулоҳаза жаноб Кокнарга оз-моз таскин берди: ҳамма бу сафарни хатарли бўлади дерди, у ҳам Портосни ўлиб кетар деган умидда эди.

Портос метр Кокнарга бир-иккита мулозаматли гаплар айтган бўлди-ю, у билан хўшлашди; метр Кокнар унга турли омадлар тилаб қолди. Кокнар хонимга келганда у кўз ёшларини тиёлмади, лекин унинг ҳасрати ёмонга йўйилмади, зеро унинг қариндошларига жуда меҳрибонлиги, шу важдан ҳамиша эри билан қаттиқ жанжаллар қилиб юришини ҳамма биларди.

Бироқ чинакам хайр-маъзур Кокнар хонимнинг ётоғида рўй бериб, ҳақиқатан юракни тилка-пора қиладиган бўлди.

Прокурор хоним то маҳбубини нигоҳи билан кузата олгунча иложи борича деразадан гўё ўзини ташламоқчидай суғурилиб, рўмолчасини силкитиб турди. Портос бу муҳаббат изҳорларини шу тариқа кўринишларга кўникиб кетган кишининг алфозида қабул қиларди, фақат муюлишга бурилаётган пайти шляпасини бир кўтариб, уни видо маъносида силтаб қўйди.

Арамисга келганда, у узун нома ёзмоқда эди. Кимга? Буни ҳеч ким билмасди. Шу оқшом Турга жўнаб кетиши лозим Кетти туташ хонада мунтазир эди.

Атос майда-майда ютумлар билан испан шаробининг охирги шишасини симириб тугатмоқда эди.

Шу асно д’Артаньян ўз ротаси билан аллақачон сафарга чиқиб бўлган эди.

Сент-Антуан канорасига етиб олгач, у орқасига ўгирилди-да, Бастилияга шўхчан назар ташлади, лекин унинг кўзлари фақат Бастилияга қадалгани сабабли малла отда ўтириб, аллақандай афт-ангори бетайин икки кишига бармоқ ўқталиб, уни кўрсатаётган миледини илғамади; унга дурустроқ разм солгани улар шу заҳоти сафларга яқинроқ бордиларда, миледига савол назарларини ташладилар; у ишора билан худди ўзи деб жавоб қилди ва ўз фармойишларининг ижросида хато-пато бўлиши мумкин эмаслигига қаноат ҳосил қилгач, отига шиғов берди-ю, кўздан йўқолди.

Икки номаълум киши роталар изидан юриб кетди ҳамда Сент-Антуан заставаси олдида уқасиз уст-бошли хизматкор уларга маҳтал ҳолда жиловидан ушлаб турган икки эгарланган отга миндилар.

XI
Ларошел қамали

Ларошел қамали Людовик ХIII подшоҳлик даврида йирик сиёсий воқеа ҳамда кардиналнинг йирик ҳарбий ташаббуси бўлиб чиқди. Шу боисдан бу хусусда бир оғиз гапириб ўтмоқ қизиқарли, ҳатто зарур ҳам, устига-устак бу қамалнинг айрим жиҳатлари биз баён этаётган воқеа билан чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, биз уларни четлаб, сукут сақлаб ўтиб кета олмаймиз.

Бу қамални бошлаганда кардинал кўзлаган сиёсий мақсадлар бир талай эди. Биз даставвал уларнинг тафсифини келтирамиз-да, сўнгра эса падари бузрукворга қилган таъсири жиҳатидан балким сиёсий мақсадлардан кам бўлмаган шахсий ниятларга ўтамиз.

Генрих IV томонидан гугенотларга истеҳком жойлар сифатида бериб юборилган барча катта шаҳарлардан энди уларнинг қўлида Ларошел қолган эди, холос. Бинобарин, калвинизмнинг бу сўнгги таянчини, халқ ғалаёни ва ташқи урушлар уруғини сепгувчи хатарли заминни йўқ қилиб ташламоқ зарур эди.

Норози испанлар, инглизлар, итальянлар, барча миллат фирибгарлари, хизматдан соқит бўлган турли мазҳабларга мансуб ҳарбийлар илк даъват биланоқ тармоқлари бемалол ғовлаб бутун Европани қамраб олган битта кенг уюшма ташкил қилиб, протестантлар байроғи остига йиғилиб олардилар.

Демак, калвинистларга қарашли қолган ҳамма шаҳарлар тор-мор бўлгач, алоҳида аҳамият касб этган Ларошел низолар-у, ориятли ниятларнинг ўчоғи эди. Бу камлик қилгандай, Ларошел порти инглизлар учун француз қироллигига йўл очиб бергувчи сўнгги порт эди ҳамда уни Франциянинг азалий душмани бўлмиш Англия учун ёпиш билан кардинал Жанна д’Арк ва герсог де Гизларнинг ишига якун ясаган бўларди.

Шу боисдан бир вақтда ҳам католик, ҳам протестант, эътиқод бўйича протестант ҳамда илоҳий Руҳ ордени қўмондони сифатида католик бўлмиш, қони немис, қалби француз Бассомпер, хуллас, худди ўша Ларошел қамалида айрим отрядга сардорлик қилган Бассомпер ўзи сингари протестантларнинг бошларига ўқ узган кўйи деярди:

– Мана кўрасизлар, жаноблар, биз жазавага тушамизки, Ларошелни босиб оламиз.

Бассомпер ҳақ бўлиб чиқди: Ре оролининг ўққа тутилиши унга Севен драгонадаларини каромат қилди, Ларошелнинг босиб олиниши эса Нант фармонининг бекор қилинишига муқаддима бўлди.

Лекин, айтиб ўтганимиздек, ҳамма нарсани бир қолипга солишга ва ҳамма нарсани соддалаштиришга интилган министрнинг бу режалари, тарихга оид режалар билан бир қаторда солномачи, шунингдек, ошиқ эркакнинг ва ғайир рақибнинг майда-чуйда ниятлари ҳам мавжудлигини тан олишга мажбур.

Ҳаммага маълумки, Ришелье қироличага ошиқ бўлган; бу муҳаббат унинг учун шунчаки сиёсий хомчўтмиди ёки Анна Австрийская ўзининг ён-веридагиларда қўзғатувчи ўша чинакам теран эҳтиросмиди, биз уни билмаймиз, лекин қандай бўлмасин биз ушбу баённинг юқоридаги мушкулотларидан кўрдикки, Бэкингем уч ёки тўрт ҳолда кардиналдан устун келди, айниқса, шокилалар воқеасида эса уч мушкетёрнинг жонкуярлиги ва д’Артаньяннинг жасорати туфайли уни шафқатсиз хўрлашнинг ҳам уддасидан чиқди.

Шу зайл Ришелье учун гап нафақат Францияни душманлардан халос этиш, балки рақибидан интиқом олишда ҳам қолган эди; устига-устак бу интиқом салмоқли ва ёрқин бўлишни бу муборазада бутун бошли қиролликнинг ҳарбий кучларини истифода қилган кишига буткул муносиб бўлишни ваъда этмоқда эди.

Англияни енггач, шунинг ўзи билан у Бэкингемдан ғолиб келишини, Англия устидан тантана қилгач, у Бэкингем устидан ғалаба қилишини ва ниҳоят, Европа назарида Англияни беобрў қилгач, у қиролича назарида Бэкингемни бебурд қилишини Ришелье биларди.

Ўз навбатида Бэкингем ҳам, гарчи у Англиянинг обрўйини ҳамма нарсадан устун қўйса-да, худди кардинални идора қилгувчи ниятлар таъсирида иш кўрмоқда эди: Бэкингем ҳам ўз шахсий қасос туйғусини қондиришга интиларди. У Францияга вакил сифатида боришга зинҳор розилик бермаган бўларди – у ерга фотиҳ сифатида кириб бормоқ ниятида эди.

Бундан аён бўлиб турибдики, икки ошиқнинг майли билан икки қудратли қироллик ўртасида ўйналгувчи бу қиморда Анна Австрийскаянинг бир лутфан боқиши чин дов хизматини ўтамоқда эди.

Илк ғалаба герсог Бэкингемга насиб қилди: тўқсон кема ва йигирма минг чоғли лашкар билан Ре оролига туйқусдан яқинлашиб бориб, у оролда қирол номидан қўмондонлик қилиб турган граф де Туарак устига тўсатдан бостириб борди ва қонли жангдан сўнг оролга тушди.

Кези келганда шу жангда барон де Шанталнинг ҳалок бўлганини айтиб қўяйлик; у ўзидан кейин бир сағирни, ўша маҳалда бир ярим ёшда бўлмиш қизчани қолдириб кетди.

Бу қизалоқ кейинчалик де Севине хоним бўлиб қолди.

Граф де Туарак гарнизони билан Сен-Мартен қўрғонига чекинди, Ла Пре форти деб ном олган кичик фортда эса юзта одам қолдириб кетди.

Бу воқеа кардинални тезроқ ҳаракат қилмоққа ундади ҳамда аллақачонлар ҳал бўлган Ларошел қамалига бошчилик қилмоқ учун қирол билан ўзи ҳам йўлга чиқа олганидан илгари дастлабки жанглар бошида турмоқ учун герсог Орманскийни олға юборди ва ўз ихтиёридаги жамики лашкарларни ҳарбий ҳаракатлар майдонига суриб келишга амр қилди.

Бизнинг дўстимиз д’Артаньян худди мана шу илғор отрядга мансуб эди.

Айтиб ўтганимиздек, қирол у ерга парламент кенгаши ўтиши билан ошиғич жўнаб кетмоқ ниятида эди, лекин ўша кенгашдан сўнг 23 июнь куни у ўзини безгак тутаётганини сезиб қолди; барибир у жўнаб кетаверишга жазм қилди; лекин йўлда унинг аҳволи оғирлашди-ю, Виллеруада қўнишга мажбур бўлиб қолди.

Бироқ қирол қаерда тўхтаса, ўша ерда мушкетёрлар ҳам тўхтаб туришарди, шунинг оқибатида борйўғи гвардияда хизмат қилгувчи д’Артаньян лоақал вақтинча ўз меҳрибон дўстлари – Атос, Портос ва Арамислардан жудо бўлиб қолди. Борди-ю, ўзини қуршаб олган номаълум хавф-хатарларни у олдиндан пайқай олганида эди, шак-шубҳа йўқки, унга фақат кўнгилсизгина туюлган бу жудолик унинг учун жиддий хавотирлар манбаига айланган бўлурди.

Шунга қарамасдан, у 1627 йил 10 сентябрда Ларошел остонасида жойлашган қароргоҳга эсон-омон етиб келди.

Вазият ўша-ўша: герсог Бэкингем ҳамда Ре оролининг эгалари бўлмиш унинг инглизлари гарчи муваффақиятсиз бўлса-да, Сен-Мартен қўрғони билан Ла Пре форти қамалини давом эттирмоқда эдилар; Ларошел билан ҳарбий ҳаракатлар икки-уч кун бурун бошланган, бунга герсог Ангулемский томонидан эндигина бунёд қилинган янги форт баҳона бўлган эди.

Дезессара бошчилигидаги гвардиячилар Франциск монастирида жойлашдилар.

Бироқ билишимизча, ўзининг мушкетёр бўлиш орзуларига маҳлиё д’Артаньян ўз ўртоқларига кам аралашарди: шу важдан у яккаланиб қолди-ю, ўз-ўзининг мулоҳазалари билан андармон бўлиб юрди.

Бу мулоҳазалар қувончлилардан эмасди. Парижга келган пайтидан бери ўтган икки йил мобайнида у сиёсий фитналарга қайта-қайта аралашиб юрди; унинг хусусий ишлари эса севги бобидаги каби, мартабалар бобида ҳам олдинга кам сурилган эди.

Севги хусусида сўз юритилса, у севган ягона аёл Бонасе хоним эди, лекин Бонасе хоним зиму ғойиб бўлди, д’Артаньян эса унга нима бўлганидан ҳануз дарак тополмай юрибди.

Мартабалар хусусида сўз юритилганда эса у ўзининг бутун хокисорлигидан қатъи назар кардиналдек, яъни қаршисида қиролнинг ўзидан тортиб қиролликдаги энг олий зотлар зир қақшаб тургувчи кишидек душман орттиришнинг уддасидан чиқди.

Бу одам уни янчиб ташласа бўларди, лекин негадир бундай қилмади. Д’Артаньяннинг ўткир ақли учун бу хил риоя бир тирқиш эди-ю, унинг орасидан у дурустроқ истиқболни кўрмоқда эди.

Бундан ташқари, у хавфли жиҳати камроқ, ишқилиб у шу фикрда эди, яна бир душман орттирди, аммо ҳар қалай уни писанд қилмаслик ярамасди – буни кўнгли сезиб турарди.

Буларнинг ҳаммаси эвазига у қироличанинг валинеъматлиги билан илтифотига эга бўлди, аммо қироличанинг илтифоти ўша маҳаллар бўйича таъқиблар учун ортиқча баҳона эди, холос, унинг валинеъматлиги эса жуда ёмон шафоат эди: Шале билан Бонасе хоним бунинг исботи бўлиб хизмат қилардилар.

Демак, бутун шу вақт асносида у қўлга киритган ягона арзигулик нарса д’Артаньян бармоғига тақиб юрган беш ё олти минг ливр қимматдаги олмос эди. Лекин яна қайта бир кун келиб зарурат туғилиб қолса, қиролича назарида фарқ нишони бўлиб хизмат қилсин деб, ўз ориятли ниятларига бўйсуниб, д’Артаньян сақлаб қолмоқчи бўлиб юрган ўша олмос – ўша қимматбаҳо тош ҳали-бери у тепалаб кетаётган майда тошлардан ортиқ қимматга эга эмасди, негаки, у ундан сираям ажрала олмасди.

Бизнинг унинг оёғи остидаги майда тошларни тилга олишимиз боиси шуки, бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳақида бош қотирган кўйи д’Артаньян қароргоҳдан Апгутен қишлоғига қараб кетган кўркам сўқмоқдан ёлғиз судралиб бормоқда эди. Ўз мулоҳазалари билан бўлиб, у ўзи ўйлагандан нарироққа бориб қолди, ботиб бораётган қуёшнинг сўнгги тиғларида иҳота орқасидан қўққис мушкетнинг оғзи йилтирагандай туюлганда кеч кира бошлаган эди.

Д’Артаньяннинг кўзлари ўткир, ақли закий эди; у фаҳмладики, мушкет бу ерга ўз-ўзидан келиб қолмаган ҳамда уни қўлида тутиб турган кимса иҳота орқасида ҳаргиз дўстона ниятлар билан писиб ётган эмас. Хуллас, у зимдан қочмоққа қарор қилган ҳам эдики, шунда тўсатдан йўлнинг қарама-қарши чеккасида ётган катта харсанг орқасидаги иккинчи мушкет оғзига кўзи тушди.

Афтидан, бу пистирма эди.

Ёш йигит биринчи мушкетга кўз ташлади-ю ҳамда хавотир аралаш унинг ўзига қараб тушиб келаётганини пайқаб қолди. Мушкетнинг оғзи тўхтаган замон у ўзини муккасига ерга ташлади. Айни шу дам ўқ узилди-ю, у боши устидан учиб ўтиб кетган ўқнинг чийиллаган товушини эшитди.

Шошилмоқ керак эди. Д’Артаньян сапчиб дарров оёққа турди-да, худди ўша сония иккинчи мушкетдан отилган ўқ йўлнинг айни у ҳозиргина юзтубан ётган жойидаги майда тошларни тўзғитиб юборди.

Д’Артаньян бемаъни ажал пайида юргувчи ўша бемулоҳаза жасур кишилардан эмас эди, фақат ўшалар хусусида уни чекинди деб айтиш мумкин бўларди. Устига-устак бу ерда жасорат ҳақида гапириб ўтириш жоиз ҳам эмас эди: д’Артаньян шунчаки тузоққа тушиб қолган эди.

«Агар учинчи ўқ ҳам узилса, – хаёлидан кечирди у, – мен нобуд бўлдим!»

У чаққонлиги билан донг чиқарган ўз ватандошларига хос бўлган тезкорликда қароргоҳ томон ғизиллаб кетди. Бироқ унинг елдек югуриб кетишига қарамасдан отгувчиларнинг биринчиси милтиғини қайта ўқлаб олишга улгурди-ю, иккинчи марта отди, бунинг устига нишонни бирам аниқ олдики, ўқ д’Артаньяннинг фетр шляпасини тешиб, уни ўн қадамча нарига учириб юборди.

Д’Артаньяннинг бошқа шляпаси йўқ эди; шу сабабдан у югурган кўйи уни ердан олди-да, ҳарсиллаб, ранги қув ўчиб уйига югуриб келди ҳамда ҳеч кимга лом-мим демай, мулоҳазаларга ғарқ бўлди.

Бу ҳодиса уч изоҳга молик бўлиши мумкин эди.

Биринчи ва энг табиийси – бу ҳазрат олийларининг бир гвардиячисини ўлдиришдан ҳаргиз тоймайдиган ларошелчиларнинг пистирмаси бўлиши мумкин эди: биринчидан, бир душман кам бўлсин учун; иккинчидан эса бу душманнинг чўнтагидан лиқ тўла ҳамён чиқиб қолиши эҳтимол эди.

Д’Артаньян шляпасини олиб, ўқ тешган жойини кўздан кечирди-да, бошини чайқаб қўйди. Ўқ мушкетдан узилмаган эди – у нусхаси эскириб қолган милтиқдан узилганди. Ўқнинг мерганлик билан отилиши уни аввал бошданоқ у расмана қуролдан узилмаган, деган фикрга солган эди; ўқ калибрли эмас ва, бинобарин, бунинг ҳарбий пистирма бўлиши мумкин эмас эди.

Бу жаноб кардиналнинг илтифотли йўқлови бўлиши мумкин эди. Китобхоннинг хотиридаки, айни қуёшнинг хайрли тиғлари шарофати билан милтиқ оғзига кўзи тушган дақиқада у падари бузрукворнинг сабр-қаноатига ҳайрон қолиб турган эди.

Аммо шу ерда д’Артаньян яна бошини чайқаб қўйди. Бир бармоқ ишораси билан йўқ қилиши мумкин кишилар билан иш кўрганда у бу хил воситаларга кам мурожаат этарди.

Бу миледининг интиқоми бўлиши мумкин эди.

Мана шуниси эҳтимолга энг яқин туюларди.

Д’Артаньян қотилларнинг афт-башараси ёки уст-бошини эслашга беҳуда уринмоқда эди; уларнинг олдидан у чунонам тез қочиб кетган эдики, бирор нимани илғаб қолишга улгурмаганди.

– Қайлардасиз, менинг жонажон дўстларим? – шивирлади д’Артаньян. – Менга нақадар қадрингиз ўтяпти-я!

Тунни д’Артаньян босинқираб ўтказди. Уч ёки тўрт дафъа у қўққис уйғониб кетди: унинг тўшагига бир одам яқинлашаётгандай, уни ханжар билан чопиб ташламоқчидай туюлаверди. Бироқ зулмат ҳеч қандай синоат олиб келмади-ю, тонг отди.

Шунга қарамасдан, бугун рўй бермаган нарса эрта амалга ошиши мумкин, д’Артаньян буни жуда яхши биларди.

У кун бўйи ҳаво айнигани баҳонасида уйда ўтириб чиқди: бу баҳона унга ўзини-ўзи олдида оқламоқ учун даркор эди.

Синоатдан сўнг учинчи куни, эрталаб соат тўққизда йиғилишга чорлаб сигнал чалинди. Герсог Орлеанский постларни айланиб ўтмоқда эди. Гвардиячилар милтиқлари томон отилдилар-да, саф тортиб турдилар, д’Артаньян ўртоқлари орасидан ўз ўрнини эгаллади.

Аъло ҳазратлари лашкарлар фронти олдидан ўтиб кетди, сўнгра уни қутламоқ учун бош офицерлар, улар қатори – гвардия капитани Дезессара ҳам унинг ёнига қутлагани борди.

Дақиқа ўтгач, д’Артаньянга гўё жаноб Дезессара уни ёнига имлаб чақираётгандай туюлиб кетди. Янглишиб кетишдан ҳадиксираб, у ўз сардорининг иккинчи ишорасини кутиб турди; у ўз имо-ишорасини такрорлагач, д’Артаньян сафдан чиқиб фармойиш олгани борди.

– Ҳозир аъло ҳазратлари адо этган одамга шарафлар келтиргувчи бир хавфли топшириққа кўнгиллилар қидиради, мен сизни шай туринг, деб чақирдим.

– Ташаккур сизга, жаноб капитан! – герсогга ўзини кўрсатиш имконидан қувониб жавоб берди д’Артаньян.

Тунда қамалдагилар хуруж қилиб, икки кун муқаддам қирол армияси босиб олган истеҳкомни тортиб олган эдилар; истеҳкомнинг қандай қўриқланишини билиб келмоқ учун у ерга жуда хатарли рекогноссировкага одамлар юбориш мўлжалланмоқда эди.

Дарҳақиқат, бир неча дақиқадан сўнг герсог Орлеанский баланд овоз билан деди:

– Менга ишончли одам бошчилигида уч ёки тўрт нафар талабгор керак.

– Ишончли одамга келсак, бунақаси менда бор, аъло ҳазратлари, – д’Артаньянни ишора қилиб деди Дезессара, – талабгорларга келганда эса бир оғиз айтсангиз бас, одамлар топилиб қолади.

– Мен билан ўлимга боришга талабгор тўрт киши бу ерда топиладими? – қиличини кўтариб деди д’Артаньян.

Унинг гвардиячи ўртоқларидан иккитаси дарҳол олдинга чиқди, уларга яна икки нафар аскар қўшилдида, барча талабгор жам бўлди, д’Артаньян биринчи бўлиб чиққанларни ранжитгиси келмай, қолган ҳаммасини рад этди.

Ишғол этгандан сўнг ларошелликлар истеҳкомни бўшатиб қўйишганми ёки бўлмасам у ерда гарнизон қўйиб кетишганми номаълум эди; буни билмоқ учун кўрсатилган жойни анча яқин оралиқдан кўздан кечириш талаб этиларди.

Д’Артаньян тўрт дастёри билан йўлга равона бўлдида, зовур ёқалаб юриб кетди; иккала гвардиячи у билан ёнма-ён одимлар, аскарлар эса орқада борардилар.

Зовурнинг тош қопламаси панасида улар тез-тез илгари силжиб борардилар ҳамда бастионга юз қадамча қолгандагина тўхтадилар. Шу ерда д’Артаньян ўгирилиб қаради-ю, иккала аскар ғойиб бўлганини кўрди.

У улар қўрқиб орқада қолиб кетган деб қарор қилди, ўзи эса олға сурилаверди.

Зовурнинг муюлишида д’Артаньян билан икки гвардиячи истеҳкомдан олтмиш қадамлар беридан чиқиб қолдилар. Истеҳкомда бирор қора кўринмас, у тарк этилгандай эди.

Уч довюрак у ёғига боришга ҳожат борми-йўқми деб ўзаро кенгашиб турганда тўсатдат тош палахсани ҳалқа-ҳалқа тутун ўраб олди-ю, ўнлаб ўқ д’Артаньян билан унинг ҳамроҳлари теварагидан чийиллаб учиб ўтди.

Улар билмоқчи бўлган нарсаларининг тагига етдилар: истеҳком қўриқланмоқда эди. Бинобарин, бу хавфли жойда ортиқ қолиш беҳуда эҳтиётсизлик бўлурди. Д’Артаньян ва иккала гвардиячи орқага бурилдилар-у ва қочиш қабилидаги чекиниш бошладилар.

Уларни ларошелчилардан пана қилиши мумкин зовур кунжаги яқинига бориб қолишганда гвардиячилардан бири йиқилди – ўқ унинг кўксини тешиб ўтган эди. Омон қолганлари эса қароргоҳга қараб югуриб кетмоқда эди.

Д’Артаньяннинг ўз ўртоғини ташлаб кетгиси келмади; уни кўтариб турғизди-да, ўзлариникига етиб олишига кўмаклашмоқ учун эгилди, лекин шу дақиқада икки ўқ садо берди: бир ўқ жароҳатланиб бўлган гвардиячининг бошини тилка-пора қилиб ташлади, бошқаси эса д’Артаньяндан икки дюйм нарида учиб ўтиб, қояга тегиб чил-парчин бўлиб кетди.

Ёш йигит дарров ўгирилиб қаради, негаки бу отишмалар зовур кунжаги билан тўсилиб турган истеҳкомдан чиқиши мумкин эмасди. Унинг кўнглига икки ғойиб бўлган аскар хусусида бир фикр келди-ю, уч кун илгари унинг жонига қасд қилган икки кишини бирдан эсига солди. У бу дафъа нима гаплигини аниқлашга қасд қилди-ю, ўзини ўлганга солиб, ўртоғининг жасадига ташлади.

Бу ердан ўттиз одимлар наридаги қаровсиз кўтарма орқасидан дарҳол икки калла кўринди – булар орқада қолиб кетган икки аскарнинг каллалари эди. Д’Артаньян янглишмаган: улар йигитнинг ажали ёв ҳисобига ўтказилишига умид боғлаб, фақат уни ўлдирмоқ учун эргашган эдилар. Аммо у фақат шикастланган бўлиб чиқиши ва кейинчалик уларнинг жинояти ҳақида арз қилиши мумкинлиги сабабли уни тамом қилиш учун яқинроқ йўладилар; хайриятки, д’Артаньяннинг ҳийласидан алданиб, улар милтиқларини қайта ўқлаш ғамини еб ўтирмадилар.

Орада ўн қадамлар қолганда йиқилаётиб қиличини қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилган д’Артаньян тўсатдан сапчиб оёққа турди-да, бир сакраб уларнинг ёнида ҳозир бўлди.

Қотиллар агар уни ўлдирмасдан қароргоҳ томон қочсалар, улар устидан д’Артаньяннинг хабар беришини фаҳмладилар; шу боисдан уларнинг миясига келган дастлабки фикр – ёв томон югуриб ўтиб кетиш бўлди. Уларнинг бири милтиқни учидан ушлаб олди, д’Артаньян сапчиб ўзини четга олмаган тақдирда уни гурзидай ўйнатиб, даҳшатли зарб билан унга туширган бўларди; бироқ бу ҳаракат билан д’Артаньян босқинчига йўл бўшатиб қўйди-ю, у ғизиллаганича истеҳком сари югуриб кетди. Бу одамнинг нима ниятда ўзлари тарафга йўл олганидан бехабар истеҳкомни қўриқлагувчи ларошелликлар ўт очдилар ва сотқин ўқдан кифти дабдала бўлиб йиқилди.

Бу орада д’Артаньян қиличини ишга солиб иккинчи аскарига ташланди. Олишув узоқ чўзилмади; мудофаа учун муттаҳамнинг қўлида фақат ўқи бўшаган милтиқ бор эди, холос; гвардиячининг қиличи энди таҳдид солгудай ҳеч хавфли томони қолмаган милтиқнинг танасидан сирғалиб кетди ва қотилнинг сонига қадалди; у қулаб тушди. Д’Артаньян шу замон қиличининг учини унинг бўғзига тақади.

– О, ўлдирманг мени! – қичқириб юборди газанда. – Шафқат қилинг, менга шафқат қилинг, жаноби офицер, мен бор гапни сизга айтиб бераман!

– Сенинг ўша сирларинг гуноҳингдан ўтишимга арзирмиди? – қўлини тийиброқ сўради йигит.

– Агар жонингиздан умидингиз бўлса, арзийди! Ахир, йигирма икки ёшдасиз, гўзалсиз, довюраксиз ва ўзингиз истаган ҳамма нарсаларга етиша оласиз.

– Гапирсанг-чи, аблаҳ, мени ўлдиришни сенга ким топширди? – деди д’Артаньян.

– Бир аёл, мен уни билмайман, лекин уни ҳамма миледи деб атайди.

– Лекин у аёлни билмасанг, унинг номи сенга қаердан маълум?

– У билан таниш ўртоғим уни шундай деб атарди. У ўша миледи билан тил бириктирган. Унинг чўнтагида ҳатто ўша хонимнинг мактуби ҳам бор, қулоғимга чалинган гапларга қараганда бу мактуб сиз учун жуда катта аҳамиятга эга.

– Аммо қай йўсин сен бу ёвузликнинг иштирокчиси бўлиб қолдинг?

– Ўртоғим сизни ўлдиришига кўмаклашишимни илтимос қилди, мен ҳам рози бўлдим.

– Хўш, у сизларга бу «савоб» иш эвазига қанча ҳақ тўлади?

– Юз луи.

– Ана холос! – кулги билан гапирди йигит. – Афтидан, у менинг жонимни жуда юқори баҳоларкан. Юз луи-я! Ахир, бу сенлар сингари икки аблаҳ учун бутун бошли бисот-ку. Сен нега рози бўлганингни мен энди тушундим ҳамда мен сенга мурувват қилишга тайёрман, лекин бир шарт билан.

– Қандай? – ҳали ҳаммаси барҳам емаганини кўргач, ташвишга тушиб сўради аскар.

– Сен менга ошнанг чўнтагидаги мактубни олиб беришинг керак.

– Бу мени ўлдиришнинг бўлак усули холос-ку, ахир! – қичқириб юборди каллакесар. – Мен истеҳкомнинг ўти остида бу мактубни қандай қилиб олишим мумкин?

– Лекин барибир бунга журъат қилишинг керак ёки онт ичаманки, сен менинг қўлимда ўласан.

– Шафқат қилинг! Менга раҳмингиз келсин, тақсир! Азбаройи, ўша сиз севадиган ёш хоним ҳаққи! Сиз уни ўлган деб ўйлаб юрибсиз, лекин у ҳаёт! – тиз чўкар экан қонга қўшиб кучини ҳам йўқотаётгани сабабли қўлларига тиралиб қичқирди қаттол.

– Мен севадиган ва мен ўлган деб ҳисоблаб юрган ёш жувон борлигини сен қаердан биласан, а? – сўради д’Артаньян.

– Ўртоғимнинг чўнтагидаги ўша мактубдан.

– Энди ўзинг ҳам кўриб турибсанки, мен бу мактубни қўлга киритишим зарур, – деди д’Артаньян, – қани, қимирла, иккиланишни бас қил ёки сен каби ярамаснинг қонига қиличимни булғаш нақадар жирканч бўлмасин, мен ҳалол кишининг сўзи билан онт ичаманки…

Бу сўзлар бирам дағдағали ишора билан айтилдики, ярадор қўзғалди.

– Сабр қилинг! Сабр қилинг! – қўрқувдан дадилроқ бўлиб деди у. – Мен бораман… бораман!

Д’Артаньян аскардан милтиқни тортиб олди, уни олдинга ўтказиб юборди-да, қиличининг учи билан уни шериги томон туртиб қўйди.

Бу шўрликнинг яқин ажал ваҳмидан бўзариб, кетидан узун қонли из солиб кўзга чалинмаган ҳолда ўзидан йигирма одим нарида ер бағирлаб ётган шеригининг жасади олдига эмаклаб боришга уринишларига қараб туриш оғир эди.

Унинг совуқ тер қоплаган юзида даҳшат бирам яққол билинар эдики, д’Артаньяннинг унга раҳми келиб кетди.

– Яхши, – деди у аскарга нафрат билан қараб, – мен сенга мард одам билан сен сингари номарднинг фарқини кўрсатиб қўяман. Қолавер, мен ўзим бораман.

Шахдам одимлаб, теварак-атрофга ҳушёр назар солиб, рақибнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб, тупроқнинг ўнқир-чўнқирларига мослашиб д’Артаньян иккинчи аскар олдига етиб олди.

Мақсадга етишнинг икки иложи мавжуд эди: ярадорни шу ернинг ўзида тинтиб чиқиш ёки унинг танасини пана қилиб, уни кўтариб олиб кетиш ва зовурда тинтиб кўриш.

Д’Артаньян иккинчи усулни танлаб олди ва айни душман ўт очган дақиқада қотилни елкаларига ортмоқлаб олди.

Енгил туртки, танани тешиб ўтган уч ўқнинг бўғиқ товуши, ажал талвасаси – буларнинг ҳаммаси д’Артаньянга боя уни ўлдирмоқчи бўлган кимса энди ҳаётини сақлаб қолганидан дарак берди.

Д’Артаньян зовурга қайтиб келди-да, жасадни ранги мурдадек оқариб кетган ярадорнинг ёнига ташлади. У ошиғич тинтув бошлади: қоғоздон ичида босқинчи олган пулларнинг, чамаси, ярми ётган ҳамён, суяк соққаларнинг стаканчаси ва соққаларнинг ўзи – ўлдирилган кишидан қолган мерос шу эди.

Д’Артаньян стаканча билан соққаларни улар қаерга тушган бўлса, ўша ерда қолдирди, ҳамённи ярадорга ташлади-да, харислик билан қоғоздонни очди.

Бир-иккита кераксиз қоғозлар орасида у қуйидаги мактубни, касрига ўз ҳаётини таҳлика остида қолдирган мактубнинг ўзгинасини топиб олди:

«Сиз бу аёлнинг изини йўқотдингиз, энди у камоли хавфсизликда монастирда турибди, уни минбаъд у ерга қўймаслигингиз шарт эди. Лоақал эркакни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилинг. Менинг қўлимнинг узунлиги сизга маълум, акс ҳолда ўша мендан олган юз луи пул сизга қимматга тушади».

Имзо йўқ, лекин мактуб миледининг қўли билан битилган эди – д’Артаньян бунга шак-шубҳа қилмасди. Шу важдан у далил сифатида уни яшириб қўйди-да, ярадорни сўроққа тута бошлади. Буниси ўз ўртоғи – боягина ўлдирилган шериги билан бирга Парижнинг Лавилет дарвозасидан чиқиб жўнаб кетиши лозим бир ёш жувонни олиб қочишга бел боғлагани, лекин қовоқхонада ўтириб қолиб, улар ўн дақиқа кечикканликлари ҳамда извошни қўлдан чиқариб юборганларига иқрор бўлди.

– Хўш, у аёлни сизлар нима қилишингиз керак эди? – хавотир билан сўради д’Артаньян.

– Биз уни Қирол майдонидаги иморатга элтиб беришимиз керак эди, – деди ярадор.

– Ҳа, ҳа! – шивирлади д’Артаньян. – Бу худди шундай, миледининг ўзиникига.

Бу аёлнинг унинг ўзини ва уни севган барча кишиларни ҳалок қилиш ниятларига нақадар даҳшатли интиқом дарди туртки бўлаётганини тушуниб, у ҳамма гапнинг тагига етгандан кейин унинг сарой ишларидан воқифлиги нақадар улканлигини тушуниб, йигит қалтираб кетди. Афтидан, ўз маълумотларини у кардиналдан йиғарди.

Бироқ бу қайғули мулоҳазалар ичида ялт этиб бир фикр келди-ю, унинг кўнглини қувончларга тўлдириб юборди: у қироличанинг оқибат, Бонасе хоним ўз садоқати учун таъзир еб ётган қамоқни ахтариб топганини ва уни ўша қамоқдан озод этганини англади. Энди Бонасе хонимдан олган мактуб, у бир шарпа мисол лип этиб ўтиб кетган Шаё йўлидаги мулоқот ҳам – ҳаммаси унга равшан бўлди.

Демак, шу тобдан эътиборан худди Атос каромат қилганидек ёш жувонни ахтариб топиш имкони вужудга келди, зеро шундай монастир йўқ эдики, унга йўл топишнинг иложи бўлмаса.

Бу фикр д’Артаньянга батамом тасалли берди. У ўз авзойининг ҳар ўзгаришини ҳадик билан кузатгувчи ярадорга ўгирилди-да, унга қўлини узатди.

– Юр, – деди у, – сени бу ерда ташлаб кетгим йўқ. Менга суяниб ол, қароргоҳга қайтайлик.

– Юринг, – бундай тантиликка ишона олмай, жавоб берди ярадор. – Мени дор остига юбориш учун ўзингиз билан олиб кетаётган бўлманг яна?

– Мен сенга сўз бериб қўйдим, – деди д’Артаньян, – энди эса сенга иккинчи марта ҳаёт ато қиламан.

Ярадор тиз чўкди-да, ўз халоскорининг оёқларини ўпа кетди, лекин ёвга шу қадар яқин жойда ортиқ қолишининг мутлақо ҳожати қолмаган д’Артаньян миннатдорликнинг бу изҳорларини бўлиб қўйди.

Истеҳкомдан отилган дастлабки ўқлардан кейин қароргоҳга қайтиб келган гвардиячи ўзининг тўрт ҳамроҳининг ўлими ҳақида эълон қилди. Шу боисдан д’Артаньянни соғ-саломат кўриб полкдагиларнинг ҳаммаси жуда ҳайрон ва жуда хурсанд бўлди.

Ёш йигит ўз ҳамроҳидаги ўзи етказган жароҳатни шу ернинг ўзида тўқиб ташлаган душман хуружи билан изоҳлаб бўлгач, у иккинчи лашкарнинг вафоти ҳамда ўзлари йўлиққан хавф-хатарларни ҳикоя қилиб берди.

Бу ҳикоя унга чинакам шон-шараф келтирди. Бутун қўшин кун бўйи бу зафар ҳақида гапириб юрди ва герсог Орлеанскийнинг ўзи д’Артаньянга ташаккур айтиб қўйишни топширди.

Ҳар қандай савоб иш мукофотга сазовор этади, д’Артаньяннинг хайрли иши ҳам йўқотилган осойишталикни унга қайтариб берди. Дарҳақиқат, душманларнинг бири ўлдирилган эди, иккинчиси эса унга чексиз содиқ бўлгандан кейин камоли хотиржам бўлиш мумкин деб ҳисобларди д’Артаньян.

Бу беғамлик ёлғиз бир нарсани – д’Артаньян миледини билмаслигини исбот қиларди, холос.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 35 36 37 38 39 40 41 42 43 44 45 46 47 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации