Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 47 страниц)
– Бунинг устига герсогинянгиз ҳали ҳам сувлардадир, шундайми? – сўради д’Артаньян.
– Ҳали ҳам, – жавоб берди Портос. – Кейин эса биласизми, менинг отим вилоятнинг губернаторига – бу мен бугун зиёфатга кутган жаноблардан бири – бирам ёқиб қолдики, мен уни бериб юбордим.
– Бериб юбордим! – бақирди д’Артаньян.
– Э тавба! Ҳа-да, бериб юбордим, – деди Портос, – сабаби у, шубҳасиз, бир юз эллик луидор турарди, аммо у қурумсоқ саксондан зиёд тўлашга кўнмади.
– Эгарсизми? – сўради Арамис.
– Ҳа, эгарсиз.
– Эътибор қилинг, жаноблар, – деди Атос. – Портос доимгидай ишни бизларнинг ҳаммамиздан пухтароқ уддалаган.
Бояқиш Портосни тамом изза қилиб, қаттиқ қаҳқаҳа янгради, лекин унга шўхликнинг сабабларини изоҳлаб берганларидан кейин доимгидай шовқин билан у ҳам қўшилди.
– Шундай қилиб, ҳаммамизнинг ёнимизда пул борми? – сўради д’Артаньян.
– Фақат менда эмас, – эътироз қилди Атос. – Менга Арамиснинг испан шароби шу қадар ёқиб тушдики, ундан олтмиш шишасини хизматкорларимизнинг аравасига юклашни буюриб эдим, бу нарса ҳамёнимни бўшатиб қўйди.
– Мен бўлсам, – деди Арамис, – бир тасаввурга келтиринг, ҳаммасини сўнгги суигача Мондиде черкови билан Амен монастирига бердим ва баъзи қисталанг қарзларни узгандан ташқари, мушкулкушодлар тайинладим, улар мен ва сиз жанобларнинг мушкулларимизни осон қилади, ҳаммамизга нафи тегади.
– Менинг оёғим-чи? – деди Портос. – Сизлар уни ҳеч чиқимга туширмади деб ўйлаяпсизми? Кунига икки марта табибни таклиф этишга мени мажбур қилиб қўйган Мушкетоннинг жароҳатини сонга қўшмаса ҳам бўлади, яна ўқ бу овсар Мушкетоннинг одатда фақат табибларга кўрсатиладиган жойига теккани баҳонасида мендан у қўша ҳақ шилиб олди. Мен унга танбеҳ бериб қўйдим, токи, келажакда бу хил жароҳатлардан ўзини эҳтиёт қилсин.
– На чора, – д’Артаньян ва Арамис билан кўз уриштириб олиб деди Атос, – кўриб турибман, шўринг қурғурга ҳотамтойлик қилибсиз; бу иш яхши соҳибга муносиб.
– Хулласи калом, – давом этди Портос, – ҳамма чиқимларни тўлаганимдан кейин менда яна ўттиз экю чамаси қолади.
– Менда эса ўн пистоллар қолар, – деди Арамис.
– Афтидан, сизларга қиёслаганда биз бой эканмиз, – деди Атос, – юз пистолингиздан сизда қанча қолди д’Артаньян?
– Юз пистолданми? Авваламбор, улардан эллигини сизга бердим.
– Ростданми?
– Азбаройи шифо!
– Э, ҳа эсимга тушди! Мутлақо тўғри.
– Қандай ҳайвон экан ўша харобот эгаси! Нега унга олти пистол бердингиз?
– Ўшанда беришимни ўзингиз айтдингиз-ку ахир.
– Гапингиз тўғри, мен ўта кўнгилчанман. Хуллас – қолдиғи?
– Йигирма беш пистол, – деди д’Артаньян.
– Менда бўлса, – чўнтагидан майда чақаларни чиқариб деди Атос, – менда бўлса…
– Сизда – ҳеч нима…
– Зотан, шундай озки, ҳатто умумий ҳисобга қўшишга ҳам арзимайди.
– Энди келинглар, жамини ҳисоблаб чиқайлик. Портос?
– Йигирма экю.
– Арамис?
– Ўн пистол.
– Сизда-чи, д’Артаньян?
– Йигирма беш.
– Жами қанча бўлади? – сўради Атос.
– Тўрт юз етмиш беш ливр! – деди худди Архимед сингари ҳисоблайдиган д’Артаньян.
– Парижга қайтганда бизда яна роса тўрт юз ливр қолади, – деди Портос, – эгарларни ҳисобга олмаганда.
– Эскадрон отларини қандоқ қиламиз? – сўради Арамис.
– Қандоқ қилардик! Хизматкорларнинг тўрт отини соҳибларининг икки отига айлантирамиз-да, қимор ўйнаймиз. Кимки яёв қолса, тўрт юз ливр ўшанинг ёрти отига кетади, сўнгра ҳамма чўнтакларни ағдариб, қолган пулни д’Артаньянга берамиз: унинг қўли енгил, у биринчи дуч келган қимор уйига бориб, ўйнайди. Вассалом.
– Қани, овқатга қаранглар, – деди Портос, – ҳаммаси совиб қолди.
Шу зайл истиқбол хусусида кўнгиллари тинчиб, тўрт улфат сарқитлари Мушкетон, Базен, Планше ва Гримоларга насиб қилган дастурхонга қарадилар.
Парижда д’Артаньянни илтимоси қондирилгани, қирол лутф айлаб, унинг мушкетёрлар сафига киришига ижозат берганини хабар қилгувчи жаноб де Тревилдан келган мактуб кутарди.
Бу нарса албатта, Бонасе хонимни топиш истаги демаганда д’Артаньяннинг барча орзу-умидлари ушалиши бўлгани сабабли, у қувончи ичига сиғмай, ўзи атиги ярим соатгина илгари ёнларидан қайтган дўстлари ҳузурига ғизиллаб борди-да уларни ғоят хафа ва ташвишли бир алфозда топди. Улар Атосникига маслаҳатга йиғилган бўлиб, бу нарса ҳамиша аҳволнинг маълум жиддиятидан дарак бергувчи эди.
Жаноб де Тревиль эндигина уларга ҳазрат олийлари биринчи май куни ҳарбий ҳаракатни бошлашга қатъий жазм қилгани важҳидан уларнинг зарур анжомлар билан ошиғич шайланиши лозимлигини хабар қилган эди.
Тўрт файласуф тамом саросимада бир-бирига термилиб ўтирардилар: жаноб де Тревиль гап тартибинтизомга тақалганда ҳазилни ёмон кўрарди.
– Ўша анжомларни қанчага баҳолайсизлар? – сўради д’Артаньян.
– Э, иш пачава! – деди Арамис. – Биз ҳозиргина ҳисоблаб чиқдик, яна спартанлар каби камсуқумлик қилдик, лекин, барибир, ҳар биримиз энг камида бир ярим минг ливрга эга бўлмоғимиз зарур.
– Бир ярим мингни тўртга кўпайтирилса, олти минг, – деди Атос.
– Назаримда, – деди д’Артаньян, – агар ҳар биримизга минг ливрдан бўлса… рост, мен спартан сингари эмас, бир мирза сингари ҳисоблайман…
«Мирза» сўзидан Портосга хийла жон кирди.
– Гап шу, менда бир режа бор! – деди у.
– Шу ҳам ҳарна. Лекин, менда режанинг сояси ҳам йўқ, – совуққина қилиб деди Атос, – д’Артаньян келсак, жаноблар, бизнинг сафимизга қўшилиш бахти унинг ақл-ҳушини олиб қўйибди. Минг ливр эмиш! Сизларни ишонтираманки, ёлғиз менга икки минг зарур.
– Тўрт карра икки – саккиз, – садо берди Арамис, – демак, анжомларимиз учун бизга саккиз минг талаб қилинади. Рост, ҳали бизнинг эгарларимиз бор…
– Бунинг устига, – жаноб де Тревилга ташаккур изҳор қилиш учун кетган д’Артаньян орқасидан эшикни ёпгунча кутиб тургач, деди Атос, – бунинг устига, дўстимизнинг қўлида ял-ял ёнаётган гўзал олмос. Бўлмаган гап! Д’Артаньян ҳаддан ташқари яхши дўст, наинки қўлида шундай хазинани тақиб юриб, оғайниларини мушкул аҳволда қолдириб ўтирса!
XXIX
Аслаҳа-анжомлар излаш
Ўз-ўзидан маълумки, тўрт биродар орасида д’Артаньян ҳаммадан кўпроқ ташвишга тушган эди, гарчи, унинг гвардиячи сифатида шайланиши кибор насабли кишилар бўлмиш жаноб мушкетёрлардан хийла осон эди; китобхон пайқаган бўлса керак, эҳтиёткорлиги ва қарийб хасислиги билан ажралиб турган гасконлик йигитимиз, шу билан бирга (бу хил зиддиятни қандай изоҳламоқ керак?), сал бўлмаса, Портосдан қолишмайдиган иззатпараст ҳам эди. Рост, ўзининг иззатталаблигини қондириш ташвишларидан ташқари, у шу пайтнинг ўзида бўлак, худбин жиҳати камроқ изтиробларни ҳам бошидан кечирмоқда эди. Унинг Бонасе хоним тўғрисидаги барча суриштиришларига қарамай, у ҳеч ниманинг дарагини билолмади. Жаноб де Тревиль у ҳақда қироличага сўзлаб берди, атторнинг ёш рафиқаси қаердалигидан хабари йўқ қиролича қидирув бошлашга ваъда берган бироқ, бу ваъда ниҳоятда мужмал бўлиб, д’Артаньяннинг кўнглини сира тинчитмасди.
Атос ўз хонасидан чиқмасди; у аслаҳа-анжомларни топиш учун бир қадам ҳам босмасликка қарор қилган эди.
– Икки ҳафта вақтимиз қоляпти, – дерди у дўстларига. – На чора, мабодо шу икки ҳафтанинг пировардида, ҳеч нима тополмасам, ёки, тўғрироғи мени ҳеч нима топиб келмаса, унда ўз манглайига ўқ узишни истамаган мўмин католик сифатида падари бузрукворнинг тўрт гвардиячиси ёки саккиз инглиз билан жанжал чиқараман-да, уларнинг бири мени ўлдирмагунга қадар уришавераман, уларнинг сонини эътиборга олганда, бу мутлақо муқаррар гап. Шунда одамлар мени қирол учун жон берди деб айтишади ва бинобарин, аслаҳа-анжомга муҳтожлигим тушмасданоқ бурчимни ўтаб қўяман.
Портос қўлларини орқасига қилиб юришини канда қилмас ва такрорларди:
– Мен режамни амалга ошираман.
Сочи пала-партиш жингала қилинган, тунд Арамис индамасди.
Бу мудҳиш нишоналар дўсту ёронлар даврасида камоли тушкунлик ҳукм сураётганини яққол англатиб турарди.
Хизматкорлар ўз томонларида Ипполитнинг жанговар отлари янглиғ ўз соҳибларининг маҳзун тақдирини баҳам кўрардилар. Мушкетон қоқ нон тайёрларди; мудом художўйликка ҳаваси билан ажралиб юрган Базен черковдан чиқмасди; Планше пашшаларни санарди; ҳатто, умумий ғурбат ҳам соҳиби дастур қилиб берган сукутини буздиришга ожиз Гримо эса шундай сўлиш олардики, ҳатто, тошларнинг юрагини эзиб юборгудай эди.
Уч дўстлар – зеро, биз юқорида айтиб ўтганимиздек, Атос аслаҳа-анжом учун бирор қадам босмайман, деб қасам ичиб қўйган эди, – демак, уч дўст тонг саҳарда уйдан чиқиб кетиб, хуфтонда қайтардилар. Улар кўча-кўйларда изғиб юрар ва гўё йўловчилардан битта-яримтаси ҳамёнини тушириб қўймадимикан дегандай, тош кўчанинг ҳар бир харсангини кўздан кечирардилар. Улар бировни пойлаётгандай туюларди – кўзларига неки чалинса, ҳаммасига шу қадар диққат қилиб разм солардилар. Учрашганда эса «Хўш? Сен ҳеч нима топмадингми?» деган маънони ифодаловчи ғам тўла нигоҳларини уриштириб олардилар.
Бироқ биринчи бўлиб, аллақандай режани топган ва тўзим билан у тўғрида бош қотириб юрган Портос уни биринчи бўлиб ижро эта бошлади. У, бизнинг ҳурматли Портосимиз, жуда серғайрат одам эди. Бир кун Портоснинг Сен-Ле черкови томон равона бўлганига кўзи тушиб қолган д’Артаньян гўё хаёлига бир гап келди-ю унинг изидан кетди. Муқаддас даргоҳга киришдан олдин у мўйлабларини бураб-бураб, чўққи соқолини силаб қўйди, бу мудом унинг энг жанговар ниятларидан дарак берарди. Д’Артаньян кўзига чалинмасликка ҳаракат қилиб, унинг кетидан ичкарига кирди. Портос устунга суяниб олди, ҳамон унинг назарига тушмаган д’Артаньян ҳам худди ўша устунга, лекин қарши томонидан суянди.
Руҳоний ваъз ўқиётган бўлиб, черковда тумонат одам эди. Бундан фойдаланиб, Портос кўз қири билан аёлларни кузата бошлади. Мушкетоннинг ҳафсаласи туфайли мушкетёрнинг уст-боши кўнглида ҳукм сураётган ҳасратини сира ошкор этмасди: рост, унинг шляпаси хиёл ишқаланган, пати сал ўнгиган, кашталар бир оз хиралашган, тўрлар хийла сузилиб қолган, лекин нимқоронғиликда бу икир-чикирлар билинмай кетган-у Портос ўша-ўша келишган Портос эди.
Д’Артаньян билан Портос суянган устунга яқинроқ турган курсида Д’Артаньян бир бошига қора тутган, сал-пал заҳил, сал қотма, лекин, қаддини димоғ-фироғ билан тик тутган ёши ўтганроқ нозанинни кўриб қолди. Портоснинг нигоҳи хуфиёна шу хонимда тўхтарди-ю, кейин нарига, черков ичкарисига интиларди.
Ўз навбатида, ҳадеб қизариб-бўзариб ўтирган хоним ҳам ҳавойи Портосга барқ назарини ташлаб қўяр, бунисининг кўзлари шу заҳоти жон-жаҳди билан черковда жаланглаб қоларди. Бу қора либослик аёлнинг хийла жонини чиқараётгани равшан эди; у лабларини қонагунча тишлар, бурнининг учини қашиб-қашиб қўяр, курсида зўр бериб ғимирларди.
Буни пайқаб, Портос яна мўйлабларини бураб, яна бир гал чўққи соқолини силаб қўйди-да крисло яқинида ўтирган гўзал хонимга имо-ишоралар қила бошлади, хоним, афтидан, нафақат чиройли, балки, кибор ҳам эди, зеро, унинг орқасида тиз чўкиш учун болиш келтирган ҳабаш бола билан хоним ўқиётган дуолар китобига ғилоф бўлмиш герб нақши тикилган халтача тутган чўри турарди.
Қора кийган хоним Портоснинг кўз ташлашини кузатиб турди-да бу нигоҳлар мудом бахмал болишча, ҳабаш бола ва чўриси бор хонимда тўхтаётганини кўрди.
Бу орада Портос моҳир ўйин олиб бормоқда эди: у кўз қисар, бармоқларини лабларига босар, рад этилган нозанинни чиндан ҳам яксон қилаётган, жон олгувчи табассумлар йўлларди.
Оқибат гўё «mea cubra»4949
Менинг гуноҳим (лот.).
[Закрыть] дегандай ўз кўксига бир уриб, у шундай қаттиқ «ҳм!» деб товуш чиқардики, ҳамма, ҳатто, қизил болишчаси бор хоним ҳам у томон ўгирилиб қарадилар.
Қизил болишчаси бор хоним ҳақиқатан жуда келишган бўлиб, унинг чинакамига хавфли рақибалигини кўрган қора либосли хонимга, уни қора либосли хонимдан анча гўзалроқ деб топган Портосга ва д’Артаньянга кучли таъсир қилди. Д’Артаньян уни ўзи Менгда, Калада ва Луврда кўрган, ўзининг таъқибчиси – чандиқли киши миледи деб атайдиган хонимлигини таниди.
Д’Артаньян қизил болишчаси бор хонимни назардан қочирмаган ҳолда ўзида жуда нашъа қилаётган Портоснинг қилиқларини кузатишда давом этарди; у қора кийган хонимни Айиқ кўчасидаги прокурор хонимнинг ўзгинаси деган қарорга келди, устига-устак Сен-Ле черкови у ердан айтарлик олисда эмас эди.
Кейинги хулосаларини чиқариб, у, бундан ташқари, Портоснинг прокурор хонимга ўз ҳамёни борасида тихирлик қилиб туриб олгани учун, ўзининг Шантилиядаги мағлубияти учун ўч олишга уринаётганини фаҳмлади.
Бироқ, д’Артаньян яна шуни ҳам пайқадики, ҳеч ким, мутлақо ҳеч ким Портоснинг назокатларига жавоб қилмасди. Буларнинг ҳаммаси хом ва пуч хаёллар эди, холос, лекин чин муҳаббат, асл рашк учун хом ва пуч хаёллардан ташқари ўзга ҳақиқат мавжудмиди!
Ваъз тугади. Прокурор хоним табаррук сув қуйилган косага қараб юрди; Портос ундан илгари ўтди-да, бармоғини солиш ўрнига бутун қўлини косага ботириб олди. Прокурор хоним Портосни ўзи учун ҳалок бўляпти деб хаёл қилиб, жилмайиб қўйди, лекин уни ногаҳон ва шафқатсиз кўнгилхонлик кутмоқда эди; орада уч қадамча қолганда у тескари ўгирилиб олдида, нигоҳини ўрнидан қўзғалиб, ҳабаш бола ва оқсоч ҳамроҳлигида энди яқинлашиб келаётган қизил болишчаси бор хонимга қадади.
Қизил болишчаси бор хоним Портоснинг ёнида пайдо бўлганда у табаррук сувда ҳўлланган қўлини косадан олди: соҳибжамол зиёратчи нозик қўлини Портоснинг баҳайбат қўлига тегизди-да, жилмайиб, чўқиниб, черковдан чиқиб кетди.
Буниси қуюшқондан ортиб кетганди; бу хоним билан Портос ўртасида ишқий робита мавжудлигига у ортиқ шубҳа қилмасди. У кибор хоним бўлган тақдирда ҳушидан кетган бўлурди, лекин, бор-йўғи прокурор хоним эди, холос ва мушкетёрга нисбатан ғазабини босиб, қуйидаги гапни айтиш билан чекланиб қўя қолди:
– Хаҳ, ҳали шунақами, жаноб Портос! Демак, сиз энди менга табаррук сувни таклиф этмай қолибсизда?
Унинг овоз жаранггидан Портос гўё юз йиллик уйқудан уйғонган одам сингари сесканиб кетди.
– Ҳо… хоним! – қичқирди у. – Бу сизмисиз-а? Умрдошингизнинг, азиз жаноб Кокнарнинг аҳволлари қалай? У нима – ҳали ҳам аввалгидай қурумсоқми? Кўзларим қаерда экан-а? Қандай қилиб, ўша ваъз чўзилган икки соат асносида сизни кўрмай қолибман-а?
– Мен сиздан икки қадам берида ўтирган эдим, тақсир, – жавоб берди прокурор хоним, – лекин сиз мени пайқамадингиз, чунки сиз боягина табаррук сув тутган гўзал хонимдан кўзингизни узганингиз йўқ.
Портос ўзини хижолат бўлганга солди.
– Э, шундай денг… – деди у. – Сиз кўрибсиз…
– Сўқир бўлмоқ керак буни кўрмаслик учун.
– Ҳа, – бепарво гапирди Портос, – бу бир герсогиня, менинг дўстим. Эрининг рашки дастидан бизнинг учрашувимиз жуда мушкул, хуллас, у бугун шу ғариб черковга, шу хилват жойга фақат мени кўриш ниятида келишини билдирди.
– Жаноб Портос, – деди прокурор хотини, – илтифот қилиб қўлингизни менга беш дақиқага таклиф этолмайсизми? Менинг сиз билан гаплашиб олгим бор эди.
– Жоним билан, хоним, – худди зўр юриш олдидан кулиб қўйган қиморбоз сингари, билдирмасдан ўзигаўзи кўз қисиб жавоб берди Портос.
Шу нафас улар ёнидан миледининг кетидан эргашиб кетаётган д’Артаньян ўтиб қолди; у Портосга ўгирилиб қараб, унинг тантанали нигоҳини пайқади.
«Оҳо! – ўша беандиша даврнинг енгил-элпи расмрусумларига тўла мос хулосага келиб, кўнглидан кечирди д’Артаньян. – Бошқаларни билмайман-у, лекин Портос белгиланган муддатга, шубҳасиз, аслаҳа-анжомларини тахт қилади!»
Қайиқ рулга сингари прокурор хоним қўлининг енгил турткисига бўйсуниб, Портос Сен-Маглуар монастири, иккала томони айланма ғовлар билан иҳота қилинган овлоқ жойгача юриб борди. Кундуз куни у ерда фақат алланималарни кавшаётган гадойларни-ю ўйнаётган болакайларни кўриш мумкин эди.
– Оҳ, жаноб Портос! – бу гўшанинг доимий зиёратчиларидан бўлак ҳеч ким уларни кўриб эшитолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, қичқирди прокурор хоним. – Оҳ, жаноб Портос, сиз ўтакетган офатижон бўлсангиз керак!
– Менми, хоним? – кўкрагини кериб сўради Портос. – Нима сабабдан шу хаёлга бордингиз?
– Сиз боягина қилган имо-ишоралар-чи, табаррук сув-чи? Ўша ҳабаш бола билан чўри етаклаган хонимнинг ўзи ким? Кам деганда малика!
– Янглишяпсиз, – жавоб берди Портос. – У атиги герсогиня, холос.
– Чиқаверишда унга кўз тутиб турган югурдак-чи, извошчиси уқалик, тантанали либос кийиб ўтирган, унга мунтазир файтон-чи?
Портос на қаролни, на файтонни пайқамай қолган, лекин Кокнар хоним кунчи аёл назари билан ҳаммасига разм солган эди.
Портос қизил болишчаси бор хонимни дарров малика қилиб қўя қолмаганига афсус еб қолди.
– Оҳ, жаноб Портос, – хўрсиниб гапини давом этди прокурор хоним, – сиз гўзал аёлларнинг арзандаси экансиз.
– Ўзингиз тушунасиз, – жавоб берди Портос, – худойим ато этган менинг сумбатим билан ишқий саргузаштларга камчилигим йўқ.
– Э тавба! Эркаклар қандай фаромушхотир бўлишади-я!
– Ҳар қалай аёлларчалик фаромушхотир эмас, – жавоб берди Портос, – мана мен… жароҳатланган, жон бераётган бир аҳволда мени табиблар ташлаб кетганда, кибор насабнинг сизнинг дўстлигингизга лаққа тушган бир авлоди бўлмиш мен Шантилиядаги ғариб мусофирхонада аввал жароҳатдан, кейин очликдан ажал ёқасига бориб қолганимда сизнинг қурбонингиз бўлганман, деб дадил айтишим мумкин, хоним, сиз бу орада сизга ёзган оташин мактубларимнинг бирортасига жавобни раво кўрмадингиз…
– Қулоқ солинг, жаноб Портос… – ўша маҳаллар кибор хонимларнинг хатти-ҳаракатлари билан таққослаганда ўзининг чиндан ҳам гуноҳи борлигини сезиб, ғўлдиради прокурор хоним.
– Мен сизни деб баҳридан ўтган баронесса де…
– Мен буни биламан.
– … графиня де…
– О, жаноб Портос, шафқат қилинг!
– … герсогиня де!..
– Жаноб Портос, мурувват қилинг!
– Яхши, хоним, мен жим бўламан.
– Бироқ, менинг эрим қарз тўғрисида эшитишни ҳам истамаяпти-да.
– Кокнар хоним, – деди Портос, – сиз менга ёзган ва хотирамга умрбод ўрнашиб қолган биринчи мактубингизни эсга олинг.
Прокурор хоним чуқур хўрсиниб қўйди.
– Гап шундаки, сиз қарзга сўраган пул ростданам ҳаддан ташқари кўп эди.
– Кокнар хоним, мен сизни афзал кўрдим. Мен бир энлик ёзсам, бас эди, герсогиня де… унинг номини айтмайман, чунки, ҳамиша аёл обрўсининг ғамини еб юраман. Хуллас, бир энлик ёзсам, кифоя эди, у менга дарров бир ярим мингни жўнатиб юборарди.
Прокурор хоним кўз ёши қилди.
– Жаноб Портос, – деди у, – сизга қасам ичаман, мен қаттиқ жазомни тортдим ва агар келгувсида шу аҳволга тушиб қолгудай бўлсангиз, менга мурожаат қилсангиз бўлди.
– Уялмайсизми хоним! – ясама зарда билан деди Портос. – Сиздан илтимос қиламан, пул хусусида гап очмайлик, бу хўрлик.
– Шундай қилиб, сиз мени энди севмайсиз… – кўнгли эзилиб, секин гапирди прокурор хоним.
Портос маҳобатли сукут сақлаганча турарди.
– Эссиз, бу сизнинг жавобингиз, мен уни тушунаман.
– Менг таҳқир қилганингизни хотирга олинг, хоним. У мана бу ерга кўмилган, – қўлини куч билан кўксига, қалбига босиб, деди Портос.
– Ишонинг, мен уни ювиб ташлайман, жоним Портос!
– Мен сиздан нима сўрабман денг? – энг соддадил бир алфозда елкаларини қисиб қўйиб, давом этди Портос. – Қарз, атиги қарз, холос. Ахийри оқибат мен ахир бефаросат эмасман, – сизнинг бадавлат эмаслигингиз ва эрингиз шўрлик даъвогарларнинг сиқиб сувини ичишини биламан. Сиз, графиня, маркиза ёки герсогиня бўлганингизда бошқа гап эди – о, унда сизнинг қилмишингиз асло маъзур саналмас эди.
Прокурор хоним ранжиб қолди.
– Билиб қўйинг, жаноб Портос, – эътироз қилди у, – менинг пул сандиғим, фақат прокурор хонимнинг сандиғи бўлса ҳам, сизнинг ўша хонавайрон бўлган таннозларингизнинг сандиғидан ўлса, ўлиги ортиқ бўлса ажаб эмас.
– У ҳолда Кокнар хоним, сиз мени икки ҳисса ортиқ таҳқирлагансиз, – қўлини прокурор хоним қўлидан бўшатиб олиб, деди Портос, – зеро, агар сиз бадавлат бўлсангиз, унда рад жавобингизга ҳеч қандай узр йўқ.
– Мен «бадавлатман» деганимда сўзларимни айнан тушунмаслик керак, – кўнгил ҳовирига берилиб, ҳаддидан ошириб юборганини пайқаб, гап эплай бошлади прокурор хоним. – мен бадавлатман демайман-у, аммо, маблағларим бор.
– Гап шу, хоним, – деди Портос, – бу гапларни тугатайлик, илтимос қиламан. Сиз мендан воз кечдингиз! Орамиздаги ҳар қандай дўстлик тамом.
– Нонкўр!
– Ҳо, ҳали сиз норози ҳам бўляпсизми? – деди Портос.
– Гўзал герсогинянгизнинг ёнига жўнанг! Мен сизни ортиқ ушламайман.
– Нима дердик, у чамамда жуда дуруст!
– Қулоқ беринг, жаноб Портос, охирги марта: сиз мени ҳалиям севасизми?
– Эвоҳ, хоним, – қўлидан келган энг ҳазин оҳангда гапирди Портос, – кўнглимга келаётган ёмон гапларга ишонилса, ҳалок бўлажак сафарга чиқсак…
– О, бундай нарсаларни оғзингизга олманг! – ўкириб йиғи бошлаб, нола қилди прокурор хоним.
– Бир нима кўнглимга шуни соляпти, – тобора ҳасрати ошиб давом этди Портос.
– Ундан кўра, янги ишқий саргузаштим бор, деб қўя қолинг.
– Йўқ, йўқ, мен самимий гапиряпман. Ҳеч қандай янги нарса мени қизиқтирмайди, бунинг устига, мана бу ерда, қалбим тўрида ҳалиям сизга кўнглим борлигини сезиб турибман. Бироқ, сизга маълум ёки эҳтимол номаълум бўлганидек, икки ҳафтадан сўнг биз шу маъшум сафарга чиқяпмиз ҳамда мен ўзимнинг аслаҳаанжомларим билан ниҳоятда банд бўламан. Бретаннинг ичкарисига, қариндошларникига зарур пулни топиш учун бориб келишга тўғри келади…
Портос муҳаббат билан бахиллик ўртасидаги сўнгги муборазани пайқади.
– Сиз боя черковда кўрган герсогинянинг ер-мулклари, – давом этди у, – Менгикига туташ бўлгани сабабли биз бирга жўнаймиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ, икки кишилашиб саёҳат қилганда йўл ҳамиша ҳарна қисқароқдай туюлади.
– Демак, Парижда сизнинг дўстларингиз йўқ эканда, жаноб Портос? – сўради прокурор хоним.
– Мен бор деб юргандим, – яна ғамгин қиёфага кириб, жавоб берди Портос, – аммо, энди хато кетганимни тушундим.
– Сизнинг дўстларингиз бор, жаноб Портос! – ўзининг шахтига ўзи ҳам ҳайрон бўлиб қичқирди прокурор хоним. – Эртага бизнинг уйимизга келинг. Сиз холамнинг ўғли ва бинобарин, менинг холаваччам бўласиз. Сиз Пикардиядан, Нуаёндан келгансиз. Сизнинг бир-иккита даъволашадиган ишларингиз бор-у, аммо иш бошқарувчингиз йўқ. Буларни эслаб қоласизми?
– Жуда яхши эслаб қоламан, хоним.
– Пешинликка келинг.
– Жуда соз.
– Яна оғзингиздан гуллаб қўйманг, эрим етмиш олти ёшда бўлишига қарамай жуда зийрак.
– Етмиш олти! Азбаройи шифо, жуда зўр ёш! – деди Портос.
– Сиз «кекса ёш» демоқчисиз. Ҳа, жаноб Портос, шўрлик эрим бир лаҳзада мени бева қолдириб, кетиб қолиши мумкин, – Портосга маънодор карашма қилиб, давом этди прокурор хоним. – Хайриятки, никоҳ шартномасига кўра, бор бисот ҳаёт қолган эр ёки хотинга қолади.
– Так-таслима? – сўради Портос.
– Так-таслим.
– Сиз жуда узоқни кўзлайдиган аёл кўринасиз, азиз Кокнар хоним, – прокурор хонимнинг қўлларини мулойим қисиб деди Портос.
– Энди ярашиб олдиг-а, жоним жаноб Портос? – таманно билан сўради у.
– Бир умрга! – худди ўша оҳангда жавоб берди Портос.
– Демак, хайр менинг хиёнатчим!
– Хайр менинг енгилтагим!
– Эртагача, фариштам.
– Эртагача, ҳаётимнинг чироғи.