Текст книги "Уч мушкетёр"
Автор книги: Александр Дюма
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 35 (всего у книги 47 страниц)
– Ундай бўлса, Планшега жўнар пайти етти юз ливр, қайтганда ҳам етти юз ливр берайлик, Базенга эса – жўнаётганда уч юз ливр, қайтиб келганда уч юз ливр, – таклиф этди Атос, – бу давлатимизни беш минг ливргача камитиб қўяди. Ҳар қайсимиз ўзимизга минг ливрдан оламиз-да, кўнглимизга келган йўсинда ишлатамиз, қолган мингини эса кўзда тутилмаган харажатлар ва умумий эҳтиёжлар учун аббатга сақлашни топшириб, эҳтиёт шарт олиб қўямиз. Шунга розимисизлар?
– Муҳтарам Атос, – деди Арамис, – сиз худди Нестор сингари фикр юритасиз, ҳаммага маълумки, у энг улуғ юнон донишманди бўлган.
– Хуллас, масала ҳал: Планше билан Базен жўнаб кетишади, – якун ясади Атос, – очиғини айтсам, мен Гримонинг ёнимда қолишидан хурсандман: у менинг муомаламга ўрганиб қолган, мен ҳам уни қадрлайман. Кечаги кун уни анчагина уринтириб қўйган бўлсам керак, бу саёҳат эса уни тамом ҳолдан тойдирган бўларди.
Оғайнилар Планшени чақиришди-да, унга зарур йўлйўриқларни бердилар; у аллақачон аввало тайин шуҳратдан гапириб, кейин пул ваъда қилиб, ана шундан кейингина хавф-хатарнинг учини чиқарган д’Артаньян томонидан огоҳ этилган эди.
– Мен мактубни енгимнинг қатида олиб кетаман, – деди Планше, – агар мени тутиб олишса, уни ютиб юбораман.
– Лекин унда сен топшириқни адо этолмайсан, – эътироз билдирди д’Артаньян.
– Менга бугун кечқурун мактубнинг нусхасини беринглар, эртага у ёдимда бўлади.
Д’Артаньян гўё: «Хўш қалай? Мен сизларга тўғри айтибманми?» – демоқчидай жўраларига қараб қўйди.
– Билиб қўй, – Планшега юзланиб гапини давом эттирди у, – лорд Винтер ҳузурига етиб олишингга саккиз кун ҳамда қайтиб келишингга саккиз кун, жами ўн олти кун муҳлат бериляпти. Агар жўнаб кетганингдан кейин ўн олтинчи куни кеч соат саккизда етиб келмасанг, ҳатто саккиздан беш дақиқа ўтганда келганингда ҳам қолган пулни олмайсан.
– Ундай бўлса менга соат олиб беринг, тақсир, – илтимос қилди Планше.
– Мана буни ола қол, – ўзига хос беғамлик билан саховат қилиб ўз соатини бериб юбораркан гапирди Атос, – бир азаматлик қил. Ёдингда тут, оғзингга қараб гапирмасанг, тилингдан илиниб қолсанг ёки у ер-бу ерда ўралашиб қолсанг, сенинг садоқатингдан азбаройи кўнгли тўқлигидан сен учун бизга кафолат бериб қўйган соҳибингни жувонмарг қиласан. Яна ёдингда бўлсинки: агар сенинг айбинг билан д’Артаньяннинг бошига бирор кулфат тушса, қорнингни ёриб ташлагани мен сени ҳар қаердан топиб оламан.
– Вой, тақсир-эй! – шубҳалардан ранжиб ва бунинг устига мушкетёрнинг вазмин алфозидан чўчиб кетиб деди Планше.
– Мен бўлсам, – ҳайбат билан кўзларини ола-кула қилиб гапирди Портос, – тириклай терингни шилиб оламан!
– Вой, тақсир-эй!
– Мен бўлсам, – ўзининг беозор ширали овози билан деди Арамис, – сени ваҳшийлар услубида секин ёниб турган оловда ёқиб юбораман, буни дилингга тугиб ол!
– Оҳ, тақсир!
Шу замон Планше йиғлаб юборди: бу дўқ-пўписалар солган қўрқувданмиди ёки тўрт оғайнининг бирбирига меҳру оқибатини кўриб, кўнгли бузилиб кетганиданмиди, буни биз айтолмаймиз.
Д’Артаньян унинг қўлини қисиб, қучоқлади.
– Биласанми, Планше, – деди у, – жаноблар сенга бу гапларнинг ҳаммасини менга меҳрибонлигидан гапирмоқдалар, лекин аслида улар сени яхши кўришади.
– Оҳ, тақсир, ё мен топшириқни адо этаман ёки мени тилка-пора қилиб ташласинлар! – қичқирди Планше. – Лекин ҳатто мени тилка-тилка қилганларида ҳам ишончингиз комил бўлсинки, битта бўлагим ҳам ҳеч нимани фош қилмайди.
Тун давомида мактубни ёдлаб олишга улгуриши учун, Планше янаги куни саҳар соат саккизда йўлга чиқади деб қарор қилинди. Бу ишда у роппа-роса ўн икки соат ютди, негаки у ўн олтинчи куни кеч соат саккизда қайтиб келиши шарт эди.
Эрталаб у отга минаётган чоғда кўнглида герсог Бэкингемга ихлоси баланд бўлган д’Артаньян Планшени четга олиб чиқди.
– Қулоқ сол, – деди у унга, – мактубни лорд Винтерга топширганингдан кейин у киши ўқиб чиққач, унга яна: «Зоти олийлари, лорд Бэкингемни эҳтиёт қилинг: уни ўлдирмоқчилар», – деб айтиб қўйгин. Лекин биласанми, Планше бу шу қадар муҳим, шу қадар жиддий гапки, бу сирни сенга ишониб айтишимни ҳатто дўстларимга ҳам эътироф қилмадим ҳамда мени капитан қиламиз деб ваъда беришганда ҳам бу нарсани мактубда ёзмаган бўлардим.
– Хотиржам бўлинг, тақсир, мана кўрасиз, менга ҳар жиҳатдан таянса бўлади.
Йўлнинг ичкарисига почта отларида кетиш учун қароргоҳдан йигирма ле нарида қолдириб кетиши лозим ажойиб отга миниб, Планше уни чоптириб кетди: гарчи мушкетёрларнинг уч ваъдаси эсига тушганда юраги ачишиб турса-да, барибир у аъло кайфиятда эди.
Базен келаси саҳар Турга жўнаб кетди; зиммасига юкланган топшириқнинг ижроси учун унга саккиз кун муҳлат берилган эди.
Вакиллари йўғида – бутун шу вақт асносида тўрт оғайни, турган гап, ҳар қачонгидан ҳушёр тортиб, кўзқулоқ бўлиб юришди.
Улар уззукун теварак-атрофда нима гаплар бўлаётганини пойлашар, кардиналнинг хатти-ҳаракатларини кузатишар ва Ришелье ҳузурига битта-яримта чопар келган-келмаганининг тагига етмоқ пайида юришарди. Уларни ногаҳон хизмат мажбуриятларини ўтамоққа чорлаб қолганларида, уларни титроқ босган кезлар кўп бўларди. Устига-устак уларнинг ўз шахсий бехатарлигини ҳам таъмин этишларига тўғри келарди: миледи одамга бир қур намоён бўлгач, кейин ортиқ тинч уйқу бермайдиган бир арвоҳ эди.
Саккизинчи кун деганда эрталаб ҳар дамгидек бардам ва одатича оғзи қулоғида Базен тўрт оғайни нонушта қилиб ўтирган пайтда «Касофат» қовоқхонасига кириб борди-да, шартлашилгандек деди:
– Жаноб Арамис, мана холаваччангизнинг жавоби.
Оғайнилар қувониб кўз уриштириб олдилар: ишнинг ярми бажарилган эди; рост, бу ярми сал осонроғи бўлиб, камроқ вақтни талаб этарди.
Беихтиёр қизариб Арамис имло хатолар билан бесўнақай ёзилган мактубни олди.
– Астағфурулло! – кулиб хитоб қилди у. – Умидларим пучга чиқадиган бўлди: бояқиш Мишон ҳеч қачон жаноб де Вуатюрдай ёзишни ўргана олмайди!
– Пешора Мишон теганингиз нимаси? – дея сўради мактуб келган дақиқада тўрт оғайни билан гурунглашиб ўтирган швейцариялик.
– Э тавба, ҳеч нима ҳисоб, – жавоб берди Арамис, – бир жонон чевар қиз, мен уни жуда севганман, ҳамда эсдаликка бир-икки сатр ёзиб беришни илтимос қилганман.
– Аспаройи шифо, агар у хутти ҳарфларитек йўғон хоним бўлса, пахтинкиз очилкан экан, пиротар! – деди швейцариялик.
Арамис хатни кўздан кечирди-да, уни Атосга узатди.
– Унинг нималар ёзганини бир ўқиб кўринг-а, Атос, – таклиф этди у.
Атос бу номага кўз югуртиб чиқди-да, туғилиши мумкин шубҳаларни тарқатиш истагида овоз чиқариб ўқиб берди:
«Азиз бўла, опам билан мен тушларнинг таъбирини яхши биламиз ва улардан ёмон қўрқамиз, лекин умид қиламанки, сизники хусусида, тушларга ишонма – тушлар ёлғон, дейиш мумкин. Алвидо, омон бўлинг, ора-сира ўзингиздан дарак бериб туринг.
Аглая Мишон».
– У ўзи қандай туш тўғрисида ёзибди? – деб сўради мактуб ўқилаётган пайтда келиб қолган драгун.
– Ҳа, қантай туш тўқрисита? – гапни илди швейцариялик.
– Э, тавба, шунчаки: мен кўрган ва унга ҳикоя қилиб берган туш тўғрисида-да, – жавоб берди Арамис.
– Ҳа, тафпа, тушни ҳикоя қилип периш осон нарса, лекин мен ҳеш қашон туш кўрмайман.
– Жуда бахтли экансиз, – столдан тураркан луқма ташлади Атос, – бу гап менинг оғзимдан ҳам чиқса кошки эди.
– Ҳеш қашон! – Атосдай одам ақалли шу борада унга ҳаваси келаётганидан боши осмонга етиб такрорлади швейцариялик. – Ҳеч қашон! Ҳеш қашон!
Атоснинг қўзғалганини кўриб, д’Артаньян ҳам ўрнидан турди-да, қўлтиғидан олиб, у билан бирга чиқди.
Портос билан Арамис драгун ва швейцарияликнинг қўпол ҳазилларига жавоб қайтаргани қолишди.
Базен бўлса бориб похол ўрин-тўшакка ётиб олди ва тасаввури швейцарияликка қараганда ҳийла жонли бўлгани сабабли у тушида гўё Арамис папа бўлиб, уни кардинал мартабасига кўтараётганларини кўрди.
Бироқ айтиб ўтганимиздек, ўзининг омон-эсон қайтиши билан Базен тўрт оғайнига ором бермаётган хавотирларнинг бир ҳиссасини тарқатди, холос. Мунтазирлик кунлари узоқ кечади, буни айниқса бир кеча-кундуз қирқ саккиз соат бўлиб қолди деб гаров бойлашишга тайёр д’Артаньян сезмоқда эди. У денгиздаги саёҳатнинг ноилож секинлигини фаромуш этар ва миледининг қудратини муболаға қиларди. У ўзига азроил бўлиб туюлган бу аёлни унинг ўзидек ғайритабиий иттифоқчиларга шерик қиларди; қилча шарпадан у ўзини ҳибсга олгани келишган, ўзи ва дўстлари билан бақамти қилмоқ учун Планшени қайтариб келтиришган, деб хаёл қиларди. Булар етмагандай, унинг муносиб пикардияликка бўлган ишончи кун сайин камайиб борарди. Унинг ҳадиклари чунонам зўрайиб кетдики, Портос билан Арамисга ҳам юқди. Ёлғиз Атосгина худди ўзининг теварагида заррача хатар изғиб юрмагандай ва нарсаларнинг кундалик тартибини ҳеч нима бузмагандай вазминлигича қолган эди.
Ўн олтинчи кун деганда бу ҳаяжон д’Артаньян билан унинг дўстларини шу даражада исканжага олдики, улар бир жойда қарор топмай Планше қайтиши кутилган йўлда шарпалар сингари тентираб юрардилар.
– Бир аёл сизларни шунчалик даҳшатга сола олгандан кейин, рости гап, сизлар эркак эмас, гўдак экансизлар! – деярди уларга Атос. – Хўш, бизга ўзи нима хавф соляпти? Қамоққа тушиб қолишими? Аммо бизни у ердан чиқариб олишади! Ахир Бонасе хонимни чиқариб олишди-ку. Бошдан жудо бўлишми? Лекин биз худонинг берган куни зовурларда ўзимизни энг қувноқ алфозда кўпроқ хатарларга тутиб юрамиз, зеро тўп ўқи оёғимизни дабдала қилиши мумкин, мен эса аминманки, оёқни кесгувчи жарроҳ бошни олгувчи жаллоддан ортиқроқ азоб беради. Бемалол кутаверинглар: икки соадан сўнг, тўрт соатдан сўнг, энг кеч деганда, олти соатдан сўнг Планше шу ерда бўлади. У ҳозир бўлишни ваъда қилган, мен ҳам Планшенинг ваъдаларига ишонаман – у менга дурустгина йигит кўринади.
– Борди-ю, у келмай қолса-чи? – сўради д’Артаньян.
– Хўш, борди-ю, келмай қолса, демак, у бирор сабабга кўра ҳаяллаб қолган, вассалом. У отдан йиқилиб тушган бўлиши мумкин, кўприкдан қулаб кетган бўлиши мумкин, тез юришдан ўпкасини шамоллатиб қўйган бўлиши мумкин. Э жаноблар, жамики тасодифларни эътиборга олмоқ лозим. Ҳаёт – бу майда-чуйда дарду ҳасратлардан тузилган бир тасбеҳ, файласуф одам уни кулиб туриб ўгираверарди. Менга ўхшаш файласуф бўлинглар, жаноблар, стол ёнига ўтиринглар-да, келинглар, бир ичайлик – менга истиқбол ҳеч қачон бир қадаҳ шамбертен орқасидан қарагани сингари ёрқин тусда кўринмайди.
– Ҳаққи рост гап, – жавоб берди д’Артаньян, – лекин ҳар гал янги шиша очаётганда у миледининг ертўласидан бўлмасин тағин, деб ҳадиксирайвериш жонимга тегди.
– Сиз жуда ҳам инжиқлик қиляпсиз, – деди Атос, – у бирам гўзал аёлки!..
– Одамлар тамға қўйган аёл! – дея Портос қовушмаган аския қилди-да, одатича хахолаб кулиб юборди.
Атос сесканиб тушди, худди терни артиб ташлаётгандай қўли билан манглайини сидирди-да, яширишга қурби етмаган асабий ҳаракат билан ўрнидан қўзғалди.
Бу ўртада кун ҳам ўтиб кетди. Кеч одатдагидан секинроқ кира бошлади, лекин ахири харобот хўрандалар билан гавжум бўлди. Олмосни сотишдан ўз улушини олган Атос «Касофат»дан чиқмай қўйган эди. Жаноб де Бюзини, айтганча, у дўстларимизни қойилмақом зиёфат билан сийлади, унга жуда муносиб шерик чиқиб қолди. Хуллас, соат еттига занг урганда улар икковлон одатича соққа ўйнаб ўтирган эдилар, қўриқчи постларни кучайтиришга отланган соқчиларнинг ёнгинасидан ўтиб кетгани эшитилиб турарди; соат етти яримда шомга бонг урилди.
– Хароб бўлдик! – деди д’Артаньян Атосга.
– Сиз пулларимиз хароб бўлди демоқчи бўляпсизми? – чўнтагидан тўрт пистол олиб ва уларни столга ташлаб, хотиржам сўради Атос. – Энди, жаноблар, – давом этди, – шомга бонг уряптилар, бориб ухлайлик.
Атос д’Артаньяннинг ҳамроҳлигида хароботдан чиқди. Уларнинг орқасида Арамис Портос билан қўлтиқлашиб борарди. Арамис аллақандай шеърларни минғирлар, Портос бўлса жон-жаҳди билан мўйлабини бураб қўярди.
Қўққис қоронғидан кўриниши д’Артаньянга танишдек туюлган бир қора сурилиб чиқди-да, унинг қулоғига сингиб кетган овоз билан деди:
– Ридонгизни келтирдим, тақсир, бугунги оқшом салқин бўлиб турибди. – Планше! – қувончи ичига сиғмай бақириб юборди д’Артаньян.
– Планше! – жўр бўлишди Портос билан Арамис.
– Ҳа, албатта, Планше, – деди Атос. – Бунинг нимаси ажабланарли? У соат саккизда қайтишни ваъда қилган эди, айни саккизга занг урилаяпти. Балли, Планше, лафзи ҳалол одам экансиз! Борди-ю, бир вақт келиб соҳибингизни тарк этсангиз, мен сизни ўз хизматимга оламан.
– Йўғ-эй, ҳеч қачон! – эътироз билдирди Планше. – Мен ҳеч қачон жаноб д’Артаньянни тарк этмайман.
Худди шу дақиқада д’Артаньян қўлига Планше мактубни солиб қўйганини сезди.
Д’Артаньяннинг ўзи унинг жўнар пайти қилганидек Планшени жудаям қучоқлаб олгиси бор эди-ю, лекин кўчанинг қоқ ўртасида хизматкорга нисбатан туйғуларнинг бу хил ифодаси ўтган-кетганларнинг бирортасига деб чўчиди ва шу боисдан шаштини қайтарди.
– Хат менда, – маълум қилди у Атос ҳамда бошқа қолган дўстларига.
– Яхши, – деди Атос, – уйга борамиз-да, ўқиб кўрамиз.
Хат д’Артаньяннинг қўлини гўё куйдирарди, у қадамини жадаллаштирмоқчи бўлиб эди, лекин Атос уни қўлтиқлаб олди ва йигитнинг ноилож ўз дўсти билан баравар юришига тўғри келди.
Ниҳоят улар чодирга киришди-да, чироқни ёқишди. Оғайниларни ғафлатда қолдириб ҳеч ким бостириб келиб қолмаслиги учун Планше кираверишда туриб олди, д’Артаньян эса нигорон бўлиб кутилган мактубни очди.
У соф британ ҳуснихати билан ёзилган ярим сатрни қамраган бўлиб ғоятда лўнда эди:
«Thank you be easy».
Маъноси: «Ташаккур сизга, хотиржам бўлинг».
Атос мактубни д’Артаньян қўлидан олгач, уни чироққа тутиб ёқди-да, то кулга айлангунча қўлида тутиб турди.
Сўнгра Планшени ёнига чақириб олиб, унга деди:
– Энди, муҳтарам Планше, етти юз ливрингни талаб қилаверишинг мумкин, лекин бу хил хатга сендан кўп журъат талаб этилмаган.
– Бироқ бу нарса уни омон-эсон етказмоқ учун ҳар турли ҳийла-найранглар ишлатишимга тўсиқ бўлмади, – жавоб берди Планше.
– Қани, саргузаштларингни бизга сўзлаб берчи! – таклиф қилди д’Артаньян.
– Бунинг ҳикояси узун, тақсир.
– Сен ҳақсан, Планше, – деди Атос, – устига-устак шомга бонг уриб бўлишди, мабодо чироқ бошқаларникидан узоқроқ ёниқ турса, буни пайқаб қолишади.
– Майли, шундай бўла қолсин, ётиб ухлайлик, – кўнди д’Артаньян, – бемалол ухлайвер, Планше!
– Ўлай агар, тақсир, ўн олти кун ичида биринчи марта бехавотир ухлайман.
– Мен ҳам! – деди д’Артаньян.
– Мен ҳам! – деди Портос.
– Мен ҳам! – деб қолди Арамис.
– Сизга ҳақиқатни очиб қўя қолай: мен ҳам,– иқрор бўлди Атос.
XIX
Шум қисмат
Бу орада миледи ғазабдан ўзини тутолмай, кемага ортилган қутурган йўлбарсдай палуба бўйлаб ўзини ҳар ёнга уриб типирчиларди; д’Артаньян уни ҳақорат қилган, Атос унга пўписа қилган бўлса-ю, интиқом олмасдан жўнаб кетаётганлиги унга алам қиларди. Бу фикр бора-бора уни шу даражада ўртай бошладики, у ўзи йўлиқиши мумкин хавф-хатарларни писанд қилмай, соҳилга тушириб қўйинг, деб капитанга ёлвора бошлади. Лекин француз ва инглиз кемалари ўртасидаги ўзининг мушкул аҳволидан – каламушу қушлар ўртасига тушиб қолган кўршапалак аҳволидан тезроқ чиқиб кетишга кўзи тўрт капитан Англия соҳилларига етиб олмоққа интиқар ва ўзи аёл нози деб ҳисоблагувчи нарсага итоат қилишдан узил-кесил бош тортди. Дарвоқе, кардинал унинг алоҳида назоратга ҳавола этган йўловчисига, у денгиз ва французлар изн берган тақдирда бретон портларидан бирида – Лориандами ёки Брестдами тушириб қўйишни ваъда қилди. Лекин қарши шамол эсмоқда, денгиз довулли эди, ҳадеб дам у, дам бу томонга чап беришга тўғри келарди. Шарантадан чиққандан кейин тўққиз кун ўтгач, беҳудуд алам ва ҳасратдан бўзарган миледи йироқларда финистернинг мовий соҳилларини кўриб қолди.
Франциянинг бу гўшасидан кардинал ёнига етиб бориш учун унга кам деганда уч кун кераклигини у ҳисоблаб чиқди; тушиб олишга яна бир кунни қўшинг, – бу тўрт кунни ташкил этади; бу тўрт кунни ўтиб кетган тўққиз кунга қўшинг – зое кетган ўн уч кун чиқади! Шу аснода Англияда қанчадан-қанча муҳим воқеалар кечиши мумкин – ўн уч кун-а! У агар қайтиб борса, кардиналнинг қаҳри келади ва, бинобарин, унинг бирор кимсага қарши даъвосидан кўра, ўзгаларнинг унинг устидан қилган арзларини эшитишга кўпроқ рағбат қилади, деган мулоҳазага бориб қолди. Шу боисдан, кема Лориан билан Брест ёнидан ўтиб кетаётган пайтда капитандан ўзини тушириб қўйишга ортиқ қистамади, у ҳам ўз навбатида атайин унга буни эслатмади. Хуллас, миледи йўлида давом этаверди ва худди Планше Портсмутда кемага ўтираётган куни падари бузрукворнинг вакиласи ҳам тантана билан шу портга қадам қўйди.
Бутун шаҳар ғайриоддий ҳаяжонда: тўртта эндигина қуриб битказилган каттакон кемаларни сувга туширмоқда эдилар; тўлқин тўсар устида бошдан-оёқ симу зарларга кўмилган, одатига кўра ҳамма ёғига олмос-у қимматбаҳо тошлар қадаб ташланган Бэкингем оқ патлари елкаларигача осилиб тушиб турган шляпада қарийб ўзи сингари ёрқин маият қуршовида турарди.
Англия оламда қуёш борлигини хотирлагувчи ўша ноёб, ажойиб қиш кунларидан бири эди. Сўниб бораётган, лекин ҳамон шукуҳли офтоб осмонга ҳам, денгизга ҳам ўтли тасмалари билан ол ранг бериб, дераза ойналарида ёнғин яллиғисимон йилтираб турган сўнгги олтин шуълаларини минорлар-у қадимий иморатларга ташлаб ботиб бормоқда эди.
Миледи соҳилга яқинлашган сайин тобора тароватлироқ ва муаттарроқ денгиз ҳавосини ютар, ўзи нестнобуд қилишга мутасадди этилган бу ҳайбатли тадорикларни, ёлғиз ўзи аёл боши билан бир-икки халта олтин билан тор-мор этиб ташлаши шарт бу армиянинг бутун қудратини мушоҳада қилар – хаёлан ўзини сурияликлар қароргоҳига суқилиб кирган ва бир қўл имоси билан худди тутун сингари тарқаб, йўқ бўлажак саноқсиз лашкарлар, маҳодалар, отлару қуролларни кўрган Юдиф билан қиёсларди.
Кема рейдда5656
Рейд – портга кираверишда кемалар туриш учун қулай жой.
[Закрыть] тўхтади. Лекин у лангар ташлаган маҳал унинг ёнига жуда соз қуролланган катер келди-да, ўзини қўриқчи кема деб танитиб қайиқ туширди, қайиқ кема нарвонига қараб йўл олди; унда офицер, боцман ва саккиз нафар эшкакчи ўтирарди. Офицер кемага чиқди, у ерда у ҳарбий уст-бошига яраша иззатҳурмат билан қарши олинди.
Офицер капитан билан бир неча дақиқа сўзлашиб турди, ўқиб чиқиши учун унга аллақандай қоғозларни берди, ундан сўнг капитаннинг фармойиши билан кеманинг бутун командаси ва йўловчилар палубага чорландилар.
Улар саф тортиб турганларидан сўнг офицер баланд овозда кема қаердан чиққани, қай томон йўл тутгани, қаерларда тўхтаб ўтганини суриштирди, унинг барча саволларига капитан иккиланмасдан, қийналмасдан жавоб берди. Кейин офицер палубада ҳозир бўлганларнинг ҳаммасини бир-бир кўздан кечира бошлади ва миледигача етгач, унга жуда синчиклаб қараб қўйди-ю, лекин лом-мим демади.
Сўнгра яна капитан ёнига борди, унга яна алланима деди-да, гўё унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олгандай экипаж дарҳол бажо келтирган аллақандай маневрга команда берди. Олти тўпининг оғзи билан таҳдид солиб, ўзи-ла ёнма-ён сузиб кетаётган катер ҳамроҳлигида кема юриб кетди, қайиқ эса кеманинг қуйруқ тарафида эргашиб борар ва у билан таққослаганда билинар-билинмас нуқта бўлиб кўринарди.
Тасаввур қилиш осонки, офицер ўзига зеҳн солгунча миледи ҳам унга еб қўйгудек қараб турарди. Лекин одамларнинг дилини ўқишга уста бу оташнигоҳ аёл ўзининг бор заковатига қарамасдан бу гал бирам ҳиссиз башарага йўлиққан, унинг синчков назари ҳеч ниманинг тагига етолмасди. Унинг қаршисида тўхтаб, афт-ангорини синчковлик ва диққат-эътибор билан индамай ўрганаётган офицерга йигирма-йигирма олти ёшлар бериш мумкин эди; унинг юзи рангпар, кўзлари мовий, сал-пал чўкик эди; текис бичимдаги бежирим оғзи қаттиқ қимтилган эди; жуда туртиб чиққан ияги омий, британ намунасида қўрслик деб таъбирлангувчи ироданинг қаттиқлигидан далолат берарди; шоирлар, хаёлпарастлар ёки аскарларники сингари сал қиядан келган манглайини худди юзининг бутун пастки қисмини тутиб кетган соқоли сингари чиройли тўқ-қўнғир рангли калта сийрак сочлари зўрға ёпиб турарди.
Кема билан унга ҳамроҳ катер кўрфазга кириб борганда қоронғи тушиб бўлган эди. Тун зулмати бамисоли ёғингарчилик олдидан ойни ўраб олгувчи тутунга ўхшаб мачтадаги сигнал фонарларини ва тўлқин тўсардаги чироқларни қоплаган тумандан янада қуюқ кўринарди. Ҳаво нам ва совуқ эди.
Миледи, бу дадил ва бардошли аёл ўзини беихтиёр титроқ босганини ҳис қилди.
Офицер – миледининг анжомларини ўзига кўрсатиб қўйишни буюриб, унинг юкини қайиққа элтиб қўйишга фармойиш берди ҳамда булар ўрнига қўйилгач, уни ўша ерга тушишга таклиф этиб, қўлини узатди.
Миледи унга бир кўз ташлади-да, тараддудда тўхтаб қолди.
– Сиз кимсиз, муҳтарам афандим? – сўради у. – Бу қадар мулозаматингизнинг боиси нима, нега менга алоҳида эътибор қиляпсиз?
– Сиз буни менинг уст-бошимдан пайқаб олишингиз мумкин, хоним: мен инглиз флотининг офицериман, – жавоб берди йигит.
– Аммо, наинки расм-русуми шундай бўлса? Наинки, инглиз флотининг офицерлари Буюк Британиянинг бирор кўрфазига келгувчи ватандошларининг ихтиёрига ўзларини ҳавола қилиб турсалар ва мулозаматлари ҳатто уларнинг то соҳилга етказиб қўйишгача бориб тақалса?
– Ҳа, миледи, лекин бу нарса мулозаматдан эмас, балки эҳтиёткорликдан қилинади: уруш вақтида хорижийларни улар учун ажратилган махсус меҳмонхонага олиб боришади, улар борасида энг аниқ маълумотлар тўпланмагунча улар ўша ерда туриб туришади.
Бу сўзлар бекаму кўст одоб билан ва энг хотиржам бир тарзда айтилди. Бироқ улар миледини ишонтирмади.
– Лекин мен хорижий эмасман, муҳтарам афандим, – деб Портсмутдан то Манчестргача қайсидир пайтда янграган энг соф инглиз тилида гапирди у, – менинг номим леди Кларик ҳамда бу чора…
– Бу чора – барча учун баравар, миледи, ўзингизнинг истисно этилишингизни беҳуда қистаганингиз қолади.
– Ундай бўлса, ортингиздан юраман, муҳтарам афандим.
Офицернинг қўлига таяниб, у пастида қайиқ кутиб турган нарвондан туша бошлади; офицер унинг кетидан тушди. Қайиқ қуйруғига кенг ридо тўшаб қўйилган эди; офицер унга миледини ўтқазди-да, ўзи ёнида ўтирди.
– Эшинглар, – буюрди у денгизчиларга.
Саккиз эшкак бир йўла сувга ботди, уларнинг зарбалари бир зарб бўлиб, ҳаракатлари бир ҳаракат бўлиб қўшилди-ю, қайиқ сув юзидан нақ учиб кетди.
Беш дақиқадан сўнг қайиқ бориб қирғоққа тақалди.
Офицер қирғоққа сакраб чиқди-да, миледига қўлини таклиф этди.
Уларга извош мунтазир эди.
– Бу извош бизгами? – сўради миледи.
– Ҳа, хоним, – жавоб қилди офицер.
– Меҳмонхона шунчалик олис денг?
– Шаҳарнинг нариги чеккасида.
– Кетдик, – деди миледи ва ҳеч иккиланмасдан извошга чиқди.
Офицер, мусофирнинг анжомлари извош орқасига яхшилаб боғланишига кўз-қулоқ бўлиб турди-да, бу ишлар қилингач, миледининг ёнидан жой олиб эшикчани тарақлатиб ёпди.
Извошчи фармойишларни кутмасдан ва ҳатто қаёққа боришни сўрамасдан отларга қамчи босди, извош шаҳар кўчаларидан ғизиллаб учиб кетди.
Бундай ғалати манзират миледини қаттиқ ўйга толдириб қўйди. Ёш офицернинг суҳбатга аралашишга сира майл билдирмаётганига ишонч ҳосил қилгач, у извош кунжагига суянди-да, миясига келаётган ҳар турли тахминларни хаёлидан ўтказа бошлади.
Лекин чорак соат кечгач, шунча узоқ юраётганларидан таажжубда, уни қай тарафга олиб кетаётганларини кўриш истагида у извош деразасига энгашди. Иморатлар ортиқ кўринмас, дарахтлар қоронғида бир-бирини қувлагувчи катта-катта қора шарпалар бўлиб туюларди.
Миледи сесканиб кетди.
– Биз ахир, шаҳардан чиқиб кетдик-ку,– деди у.
Ёш офицер индамай қўя қолди.
– Агар мени қаёққа олиб кетаётганингизни айтмасангиз, мен у ёғига бормайман. Сизни огоҳ этиб қўяй, муҳтарам афандим!
Унинг пўписаси ҳам бежавоб қолди.
– Ҳо, буниси қуюшқондан ортиқ! – бақириб юборди миледи. – Ёрдам беринг! Ёрдам!
Унинг фарёдига ҳеч ким садо бермади, извош эса ҳамон йўлдан шитоб ғилдираб бормоқда эди, офицер эса ҳайкалга айланганидай эди гўё.
Миледи, ўзига баъзи ҳолларда хос бўлган ва жуда камдан-кам, керакли таъсирини ўтказмай қолгувчи ўша ёвуз важоҳати билан қараб қўйди; унинг кўзлари ғазабдан қоронғида чақнаб кетарди.
Ёш йигит аввалгидек пинагини бузмай ўтираверди.
Миледи эшикни очишга, ундан ўзини ташлашга уриниб кўрди.
– Эҳтиёт бўлинг, хоним, – совуққонлик билан гапирди йигит, – жонингизга жабр қилиб қўясиз.
Миледи яна ноилож ўтирди, ғазабдан унинг нафаси бўғиларди.
Офицер эгилиб унга қараб қўйди: боягина бирам гўзал бу чеҳранинг қаҳру ғазабдан бужмайиб кетгани ва қарийиб бадбуруш бўлиб қолганини кўриб, у таажжубда қолгандай эди. Агарда ўзининг кўнглига қўл солишга имкон берса, хароб бўлишини шум аёл фаҳмлади; у ўзининг рухсорига ювош ифода берди-да, аянч товуш билан гап бошлади:
– Худо ҳаққи, айтинг-чи, менга кўрсатилаётган бу зўравонликни мен кимдан кўришим керак – сизданми, сизнинг ҳукуматингизданми ёки битта-яримта душманданми?
– Сизга зўравонлик қилинаётгани йўқ, хоним, сизнинг бошингизга тушган нарса эҳтиёт чораси, холос, уни биз Англияга келгувчи барча мусофирларга татбиқ этишга мажбур боляпмиз?
– Демак, сиз мени танимайсизми?
– Мен сизни умримда биринчи бор кўриб турибман.
– Виждонан айтинг-чи, мени ёмон кўргудек бирор сабабингиз йўқми?
– Ҳеч қандай, сизга онт ичаман.
Ёш йигитнинг овози бирам хотиржам, бирам совуққон, ҳаттоки юмшоқ эшитилдики, миледининг кўнгли таскин топди.
Бир соатча юрилгандан сўнг извош бутун салмоғи билан қаққайиб турган, бежирим тикланган холи қалъага қараб кетган текис йўлнинг провардидаги темир панжара олдида тўхтади. Извош ғилдираклари майда қумдан ғилдираб кетди; миледининг қулоғига қудратли бир ғулу келди-ю, у бунинг чайқалиб қояли қирғоққа урилгувчи денгиз шовқиниигини фаҳмлади.
Извош икки пештоқ остидан ўтиб кетди ва, ниҳоят, тўртбурчак қоронғи ҳовлида тўхтади. Извошнинг эшиги шу замон очилди; ёш йигит осонгина ирғиб тушди-да, миледига қўлини узатди, у йигитга суянди-ю, бир нав хотиржам чиқди.
– Ҳар қалай, – теварак-атрофга аланглаб олгач, нигоҳини ёш офицерга кўчириб ва унга энг фусункор табассумини ато қилиб оғиз очди миледи, – мен асираман. Лекин, ишончим комилки бу узоққа бормайди, – дея илова қилиб қўйди у, – менинг виждоним ва сизнинг сулукатингиз шунга кафолат бўлиб хизмат қилади.
Бу мақтовли хушомадга ҳеч нима демасдан офицер белбоғи остидан ҳарбий кемалардаги боцманлар ишлатадиган қабилидаги кумуш ҳуштакни олдида, уни уч карра ҳар гал бўлак мақомга солиб чалди. Хизматкорлар ҳозир бўлиб, жиққа терга ботган отларни ечишди ва извошни омборхонага киритиб қўйишди.
Офицер миледини ҳамон ўша тавозе ҳамда сиполик билан уйга таклиф этди. Миледи чеҳрасида табассумини ўзгартирмай унинг қўлтиғидан олди-да, у билан ичкарисида гумбазсимон шифтли, фақат тўриси ёритилган даҳлизга айланма тош зинапояга элтгувчи пастаккина эшикдан кирди. Зинадан чиқиб миледи билан офицер вазндор эшик олдида тўхтадилар: ёш йигит калитни қулфга солди, эшик қийинлик билан ошиқ-мошиқларида салмоқли айланди-да, миледига кўзланган хонага йўл очди.
Асира бир кўз ташлашда бўлманинг бутун икир-чикирларигача разм солиб бўлди.
Унинг жиҳозлари қамоққа ҳам, эркин одам бошпанасига ҳам бир меъёрда яроқли, бироқ деразалардаги панжаралар ва эшикдаги ташқи тамба бу – қамоқ деган фикрга солиб қўярди.
Ҳар қалай энг оғир синовларда чиниққан бу аёлни бир зумга маънавий қуввати тарк этди; у ўзини креслога ташлаб, қўлларини қовуштирди-да, хонага ҳакам кириб келиб, ўзини сўроққа тутишини безиллаб кута бошлади.
Лекин сандиқ ва қутиларни олиб кириб, уларни кунжакка жойлаштирган ва унсиз чиқиб кетган бириккита денгиз пиёда аскари демаса ҳеч ким кирмади.
Офицер ҳамон ўша муттасил хотиржамлиги билан сўз қотмасдан қўл ҳаракати-ю, ҳуштак билан фармойиш берган кўйи аскарларни бошқармоқда эди. Бу киши билан унинг измидаги одамлар учун тил мавжуд эмас ёки ортиқчалик қилиб қолган деган хаёлга бориш мумкин эди.
Ниҳоят, миледи чидаб тура олмади-да, сукунатни бузди.
– Худо ҳаққи, муҳтарам афандим, изоҳлаб беринг, буларнинг ҳаммасининг маъноси нима? – сўради у. – Менинг таажжубларимни бартараф этинг! Мен ақлим бовар қиладиган ҳар қандай хавф-хатарга, фаҳмим етадиган ҳар қандай фалокатга бардош бермоқ учун кифоя қилгудек матонатга эгаман. Мен қаердаман, ким сифатида мен бу ердаман? Агар эрким ўзимда бўлса, бу темир панжаралар ва эшиклар нечун? Агар мен банди бўлсам, жиноятим нима?
– Сиз ўзингизга атаб ажратилган хонадасиз, хоним. Мен денгиз бўйида сизга пешвоз чиқишга ва сизни шу ерга, қалъага келтиришга фармойиш олганман. Назаримда, мен бу фармойишни аскар кишининг бор субути ва шу билан бирга дворян кишининг бор сулукати билан адо этдим. Зиммамга юкланган сиз хусусингиздаги ташвишлар лоақал ҳозирги пайтда шу билан соқит бўлди, қолганлари ўзга шахсга алоқадор.
– Хўш, ўша ўзга шахс ўзи ким? – сўради миледи. – Менга унинг номини айтишингиз мумкинми?
Шу дақиқа зинадан шпораларнинг қаттиқ жаранги эшитилди ва аллакимларнинг товушлари келди, сўнгра ҳаммаси тинди-ю, эшик сари яқинлашиб келгувчи кишининг оёқ шарпалари эшитилиб турди, холос.
– Мана ўша ўзга шахс, хоним, – деди офицер, эшикдан нари кетиб, илтифотли бир қиёфада қотиб қолганича.
Эшик ланг очилди-ю, бўсағада бир киши пайдо бўлди.
У шляпасиз, ёнида қиличи бор эди, қўлларида дастрўмолини асабий ғижимларди.
Миледи бу нимқоронғиликда турган қоматни танигандай бўлиб кетди; у кресло суянчиғига тиралиб олди-да, ўз тахминларига қаноат ҳосил қилмоқчи бўлиб олдинга интилди.
Нотаниш киши аста-секин яқин кела бошлади ва у чироқдан таралгувчи нур оқимига кира боргани сайин миледи беихтиёр кресло ичига тобора кўпроқ чўкиб борарди.
Ўзида ортиқ сира шак-шубҳа қолмагач, у тамом эсанкираб, қичқириб юборди:
– Қандай! Лорд Винтер? Сизми?
– Ҳа, дилбар хоним! – ярим тавозели, ярим истеҳзоли таъзим бажо келтириб жавоб берди лорд Винтер. – Худди ўзимман.
– Бундан чиқди бу қалъа…
– Меники.
– Бу хона-чи?
– Сизники.
– Ҳали мен сизнинг асирангиз эканман-да?
– Қарийб.
– Бироқ, бу разилона зўравонлик-ку!
– Баландпарвоз сўзларни қўйинг, ўтирайлик-да, акасингилга ўхшаб бир бафуржа суҳбатлашайлик.
У эшик томонга ўгирилиб қаради ва ёш офицернинг кейинги фармойишларга мунтазирлигини кўриб, деди:
– Яхши, сизга ташаккур! Энди эса, жаноб Фельтон, бизни холи қолдиринг.