Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
22 февраль

Йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, тўрт кун деганда Қозон вокзалига келиб тушдик.

Ваъдага биноан тоғам кутиб олди.

Онамга соғ-омон етиб келганимни айтиб қўйиш учун қўнғироқ қиламан, десам:

– Икки кундан бери МТС ишламаяпти. Банкрот бўпти, – деди.

Мусофирчиликда эшитган дастлабки совуқ хабарим шу бўлди. Миямга келган биринчи фикр – “Олмосни қандай қилиб топаман энди?!”

Москва ҳам кўзимга рангсиз суратдай кўриниб кетди…

Тоғам билан бир шаҳарчага келдик. Шу ердан сим қоқиб, онам билан гаплашдим.

Шундан кейин ҳар кун эрталаб биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилишга аҳд қилдим. Ахир бу ёруғ дунёда волидамдан бошқа кимим қолди?

* * *
23 февраль

Компания қайтиб тикланмади…

Олмоснинг бошқа рақами йўқ эди…

…Қачон Олмосни кўргим келса, суҳбатини соғинсам, у билан боғлиқ хотиралар муҳрланган, ўқийверганимдан ёд бўлиб кетган кундалик дафтаримни такрор-такрор варақлардим…

Энди танишган вақтларимиз ўқишдан чиқиб, кўпинча Шоира опамнинг уйигача пиёда келардик. Шундай сайрлардан бири якунланиб, хайрлашаётганимизда қўлимдаги китоб орасидаги дафтарча ерга тушиб кетди. У чапдастлик билан дафтарчани ердан олдию қизиқсиниб очиб кўрмоқчи бўлди. Мен қўл узатиб:

– Илтимос, очманг, – дедим.

У ранжиб:

– Мендан яширадиган сирларингиз бор эканда, – деб аразлади.

– Йўқ, сирим йўқ, – дедим кулимсираб.

– Унда нега яширяпсиз? – деди баттар аччиқланиб.

– Хўп, топинг-чи, нимани яшираётган эканим?

– Билмасам, балки, ким биландир ёзишмаларингиз бордир-да, – у тамом тумтайиб олди.

– Майли, шунчалик бўлса, ўз ижодингизга қизиқсангиз…

– Ижодим?

– Ҳа-да, очиб ўқинг, бўлар иш бўлди…

У дафтарни ботинмай очдию варақлаган сари чеҳраси ёришиб бораверди: мен ундан келган СМСларни битта қолдирмай кўчириб олган эдим:

– Шундай асраяпман ҳар бир сўзингизни…

– Сизники ҳаммаси телефонимда турибди, – деди у чўнтагига мамнун шапатлаб.

Ана шу дафтарни ўзим билан доим олиб юрардим…

Мана, бир ёзишмадан кўчирма:

У: “Чинакам ошиқ ва маъшуқа кўз билан қўлга ўхшайди, Бонужон…”

Мен: “Нега? Қанақасига?”

У: “Кўздан ёш силқиса қўл уни артиб сийпалайди. Агар қўл оғриса, кўзга ёш келади…”

Мен: “Қойил… Қанийди шундай бўлса…”

24 февраль

Тоғам ўрмоннинг ўртасидаги бир қаровсиз қўрғонга “хуш келибсан”, деб етаклаб кирдию дарров иштиёқ билан кафтини кафтига ишқаб, хушнуд кайфиятда шўрва солди. Мен уйларни супуриб-сидириб, уюм бўлиб ётган кийимкечакларини ювдим.

Ҳамқўрғон болалар ишдан қайтишди. Биргаликда чой ичдик.

Тоғам йигитларга:

– Бу мени жияним, сизларнинг опаларинг бўлади, бирорта ортиқча гап эшитмай бирортангдан, – деди ҳукмфармо оҳангда…

Беш эркак ичида ўтириб овқат егандай ҳам бўлмадим. Идиш-товоқларни йиғиштириб-ювиб, ҳордиқ олгани тоғам кўрсатган хонага кирдим.

Бирдан дилимни ваҳима қоплаб олди: бундан кейинги қисматим нима бўлар экан? Бу ерда мени ҳимоя қила оладиган ким бор? Тоғамни обрўси унинг гапига йигитлар майнавозчилик билан ўзаро кўз уриштирганидан маълум.

Нега Олмоснинг таклифини қабул қилмадим? Унинг жонкуярлиги сохта кўриндими? Сўз оҳангида мен узоқлашиб кетаётганимдан хурсандлик аломатини сездимми? Ё у батамом бегоналигини энди узил-кесил тушуниб етдимми?

Эртага мени нималар кутяпти?

Кўз олдим туманлашиб кетди.

Келажагимда тумандан бошқа ҳеч нима кўринмаяпти…

* * *
1 март

Ассалому алайкум, акажон, саломатмисиз? Баҳор муборак!

…Ниҳоят ўргимчак ипидек чувалган тонг отди…

Нонушта қилиб бўлгач, тоғам болаларни ишга жойлаб келиш учун кетди. Ошхонани тартибга келтириб, тушлик тайёрлаб қўйдим.

Тоғам келгач, ариқдан сал каттароқ ирмоқ ёқалаб шаҳарчага тушдик. Мўлжалга етиб келгунча кун қиёмдан ошди.

Бир дўкон хўжайини аввал “Иш йўқ”, деб тихирлик қилиб турди-да, сўнг менинг ўрисчалаб бемалол гапираётганимдан қониқиб дастёрликка олди…

* * *
2 март

Иккинчи курсни тамомлаб, таътилга чиққан кунимоқ Икромиддин акам:

– Қўлинг бўшагани яхши бўлди, Бону, Тошкентга шойи матолар кўргазмасига опанг билан бориб қатнашиб келасан, – деб қолди.

Кутилмаган таклиф-топшириқ мени шошириб қўйди: Тошкентга-я, кўргазмага-я! Маза-ку!

Саккиз-тўққиз ёшимда дадам пойтахтда бўладиган курсдошлари учрашувига мениям олиб борганди. Биринчи таассурот: музқаймоқнинг кўплиги… Қишлоғимизга кун қизиганда келадиган Фахриддин бўтқа деган музқаймоқфуруш юпқадан пиширилган жигарранг катак-катак нонпиёлага наридан-бери суриб берадиган “яхшири лазиз”ида сут билан шакардан бошқа ҳеч нарса бўлмасди.

Тошкентда оёқли косачага тўлдириб бериладиган қаймоқли, шоколадли, мевали музқаймоқ чинакам роҳати жон эди. Кейинчалик Бухорода ҳам минг турли музқаймоқлар пайдо бўлди. Лекин “Мовий гумбазлар” деб аталган емакхонада дадамнинг завқига завқ қўшиб икки косачани бўшатганимдаги мазани бошқа ҳеч тополмадим.

Иккинчи таассурот: курсдошларнинг олашовур байрамидан сўнг Марказий катта дўконга кирганимиздаги қувончим. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, қўғирчоқ қўнғир айиқчадан тортиб яшил тимсоҳгача, қулоч етмайдиган глобусдан онам ёқтирадиган гиламларгача… тиқилиб ётибди. “Ҳаммасини уйга обкетайлик, Мирхонд хурсанд бўлади”, десам дадам чаккасини қашлаб, синиқ кулимсираб, бахмал дўппили курсдошига қараб қўйгани ҳам эсимда.

Тошкентга Сужи ҳам борадиган бўлди. Атласу адрас ортилган “Нексия”да йўлга чиқдик.

Янги Тошкентни кўрганда уйғонган илк таассурот шу бўлди: кўча-кўйдаги ёзувлар, ресторан, дўконларнинг пештоқидаги битиклар аксари ё ўрисча, ё европача тилда экан. Бу ҳолдан Сужи ҳайратга тушди:

– Нега одам ўзини ҳурмат қилмайди? Онасини ҳурмат қилмайди? Она тили дейсизлар-ку…

Иккинчиси ҳам биринчисига боғлиқ: кўргазмадан кейин менинг илтимосим билан ўша Марказий дўконга бордик. Ичкари кириб эшик ёнидаги соат растасида телефон ўйнаб ўтирган малласоч қиздан сумкалар қаерда сотилишини сўрадик. У нигоҳини телефондан узмай, улама киприкларини пириллатиб елка қисиб қўяқолди. Мен саволимни яна қайтардим, сотувчи бу сафар ўрисчалаб “Мен соат сотаман”, деди истар-истамас. Меники тутди:

– Менга қаранг, хоним, – дедим мен ҳам ўрисчалаб, – давлат тилига шуми ҳурмат? Мижозга шуми эътибор? Муомала маданияти деган ибора сизлардан чиққан эди шекилли?

Менга алам қилгани, шунча жон койитиб жавраб ётибман, қизгина итмисан, эшакмисан деб бош кўтариб қараб қўймайди. Фақат “Нари кет, йўқол, бошимни қотирма”, деган маънода тамаки тутунини ҳайдагандай қўл қоқди. Қарасам, сўз қўшмай турган Шоира опам чала пишган гилосдай қизариб-бўзариб кетибди. Учовлон ғазаб отига миниб, адолат ўрнатиш учун дўкон эгасини излаб кетдик.

Иккинчи қаватга кўтарилиб, ҳашамдор қабулхонага кирдигу, у ерда ҳам фиғонимиз фалак бўлди: мактаби бир шекилли, котиба қиз сотувчининг муомаласини айнан такрорлади. Бизни бошлиққа рўпара қилиш тугул, тезроқ қутулиш пайида “Ҳозир тушлик бошланади, уч-тўрт соатдан кейин хабар олинглар”, деб эшик томон қисиб келаверди. Шу пайт бахтимизга кабинетдан салмоқланиб раҳбар чиқиб қолдию бирдан котибанинг попуги пасайиб, вазиятни мулойимгина қисқача изоҳлаб, жойига бориб ўтирди. Дўкондор киши беҳаё, қаттиқ нигоҳи билан учаламизга бош-оёқ сўзсиз қараб чиқди. Сўнг ўрисчалаб:

– Қайси қишлоқдан келдинглар? Нима керак сенларга? Нима муаммо? – деди ижирғаниб.

Мен бўлган гапни ҳаяжондан тутилиб-тутилиб ўзбекча тўкиб солдим. У менга гезариб қараб:

– Миллатчимисан? Ирқчимисан? Биласанми бунинг учун қанча беришади? Тезда пастга тушиб, Дилфузкадан узр сўрайсан! – деди пишқириб.

– Дилфузка? Ўзбекми у ҳали? – деярли ўкириб юбордим.

– Нима деб ўйловдинг? Русчани фақат Россияда гапиришадими? Менам ўзбекман… – деб котибасига юзланди, – анави Ички ишлардаги террорга қарши бўлим бор-ку, оти нимайди, майор Гаппаровмиди раҳбари, рақами неччийди, – у қўл телефонини кўзига яқинлаштириб, бош бармоғи билан сийпалаб қидирув бошлади.

– Отангга раҳмат сенларни! Кечирим сўрасам, кўнглинг жойига тушадими? Юр, узр сўрамаган номард! – бу гал негадир сўзларим лўнда-лўнда, хотиржам чиққанига ўзим ҳам ажабландим.

Дўкондор ҳафсала қилмадими ё одам йиғилишидан чўчидими, ҳарҳолда, Сужининг ҳайратдан имкон доирасида думалоқлашган кўзларига бир-икки назар ташлаб, “Ҳа, эсизгина одамлар”, дегандек бош чайқаганча хонасига кириб кетди.

Биз котибанинг истеҳзоли табассуми остида серрайганча қолавердик.

* * *
4 март

Биринчи иш куним бошланди.

Вазифам – бўшаб қолган расталарга маҳсулотларни пешма-пеш жойлаштириб туриш.

Супермаркетда кечки навбатчиликда тўртта ўрис хотин ва бир эркак қоровул, хоразмлик Шакаржон опа деган қувноқ аёл, Маҳмуд исмли юртдош амаки ва тожикистонлик бир йигит ишларканмиз.

Биринчи иш туним ёмон бошланмади. Шакар опа ва тожик йигит бу ернинг одати, шарт-шароитини эринмай ўргатишди. Кашандалигини ҳисобга олмаганда ўрислар ҳам ёмон эмас эди. Меҳнаткаш, хулқи ҳам нисбатан бузилмаган.

Дўконнинг биргина ёмон томони – бошингиз устида кузатув камераси худди аллақандай баҳайбат махлуқнинг якка кўзидай чақчайиб кузатиб туради. Ўзингга тўғри бўлсанг бўлди-да, дейсизми? Дўконнинг камерасидан қўрқасану, худонинг “камера”сидан нега чўчимайсан? Ҳа, бунақа саволлар кўп, лекин инсонмиз-да, назоратни ёмон кўрамиз…

Кечки иккидан ўтгандан кейин уйқу босиб, кўзимни очирмай қўйди. Аҳволимни кўрган Шакаржон опа ҳали аччиқ қаҳва дамлаб беради, ҳали бориб юзимни совуқ сувда ювиб келишни буюради. Ухлаб қолмаслик учун тўхтамасдан ишлаб, ўрислардан ҳам олдин вазифамни битириб қўйибман.

Бригадир келиб текшириб чиқди: камчилик йўқ.

Энди чой ичгани ўтирган ҳам эдимки, Маҳмуд амаки келиб ҳали ишим тугамаганини айтиб, нариги бўлмага олиб кетди. Яна ишни давом эттирдим.

Бир вақт Шакаржон опа келиб амаки билан жанжал бошлади. Амаки ўзининг ишини менга қилдираётган экан. Бригадир амакига жарима солди. Маҳмуд амаки келиб менга:

– Бориб бригадирга айт, мен бунга ўз ихтиёрим билан ёрдам беряпман, дегин, бўлмаса ёмон бўлади, – деди.

Бу гапни эшитиб қолган тожик бола шундайлигича бригадирга етказибди… Хўжайин яна амакининг бошига ғадаблаб келди. Вазиятни юмшатиш учун:

– Ўзим иш сўрадим ухлаб қолмаслик учун, – дедим.

Жарима олиб ташланмади. Амакининг кўзига балодай кўриндим. У:

– Ойлигингдан 700 рубль берасан сен сабабчи менга жарима солганига, – деди мушт дўлайтириб.

– Ҳай, ойликкача борайлик қани, бир гап бўлар, – деб қўйдим…

Иш тугади. Тонг отганига хурсанд бўлиб кетдим. Ҳозир уйга бориб мириқиб дам оламан.

Чарчоқ чиқариб, бу кеч қийналмай ишлайман насиб бўлса…

Тоғам келиб мени олиб кетди.

Йўл-йўлакай бозор-ўчар қилиб, ўрмон оралаб қўрғонга жўнадик.

* * *
5 март

Йўлда тоғам икки танишини кўриб қолиб, қўярда-қўймай меҳмонга таклиф қилди. Улар зарур ишлари борлигини айтиб узр сўрашганди, астойдил ранжиб:

– Жияним шунча йўл босиб келган, ватанни ҳурмати йўқми? Гап битта, тушликка ош қиламан, ўтасизлар, – деб важ-корсонга ўрин қолдирмади.

Мана сизга ўзбекчилик, мана сизга манзират! Бурнимдан тортса қулайдиган даражада ҳолдан тойганман, оёқларим ўзимга бўйсунмайди…

Тоғамга меҳмоннавозлик ташвишини қўйиб, кириб ухлашни ўзимга эп кўрмадим. Меҳмондўст жигарим бўлса қўноқларни қандай қилиб кутиб олиб, расамадида кузатишдан бошқа нарсани хаёлига келтирмасди.

Тоға-жиян ошга уннаб кетдик. Сабзи-пиёзларни арчиб, тўғраб тайёрлаб бердим. Тоғам:

– Гапир, жиян, қишлоқдан гапир, ким ўлди, ким қўйди, айт. Нимага ҳурпаясан, чақчақлаш, нега нос отган кампирдай жи-им ўтирасан? – дейди холос.

Танаси бошқа шу экан-да. Ўзига-ўзи жавраб-жавраб, капгирни қўлига олди. Мен ҳамма жойни ювиб-йиғиштириб, дастурхон тузадим.

Қўрғонга ичимлик сувини ташиб келтиришаркан. Тоғам билан пиёда бориб тўрт челак сув олиб келдик.

Дастурхонга мен уйдан олиб келган қовун, шафтоли, узум ва нон қўйилди.

Қуёш шиша бўйи кўтарилганда тамом силлам қуриб адо бўлдим. Ахир ўн тўрт соат тик оёқда ишлаган одам яна қанча бардош бериши мумкин?

Хонага кириб, ёстиққа суяниб ухлаб қолибман…

Бир пайт батанг мусиқадан чўчиб уйғондим. Чиқсам, тоғам хоразмча қўшиққа жиблажибонга ўхшаб муқом қилиб, илжайиб-тиржайиб ўйинга тушяпти. Ҳайрон бўлиб турсам, томдан тараша тушгандай билагимдан ушлаб, рақсга тортиб қолди. Астағфируллоҳ!..

Йиғлаб юбормаслик учун лабимни қаттиқ тишладим… Ҳеч нима демай қўлимни шарт тортиб, хонамга қайтдим-да, ўраниб ётиб олдим. У бостириб кириб, шахд билан устимдан кўрпани юлиб отди:

– Тур, ўйнаймиз!

Димоғимга ичилган винонинг қўланса ҳиди урди.

– Қаерда кўргансиз ўйнаганимни? Мен сизга циркдаги масхарабозманми?! – дедим йиғи аралаш ўшқириб.

– Қайсарлик қилма, тур! Тур ўрнингдан, – деб яна қўлимдан ушлади.

Жон ҳалпида тепиб юборибман. Бироз туриб ўзига келди-да, яна совуқ ишшайиб:

– Тур, ош пишди, ҳозир аймоқлар келади, – деди.

– Мен ҳеч кимни таклиф қилмаганман, мени аймоғим ҳам йўқ бу ерларда, ҳаммасини отам билан бирга кўмиб келганман, – деб бақириб-бақириб айтдиму, телевизўрнинг симини суғуриб ташлаб, жойимга ётдим. У бир зум гарангсиб турди-да, кейин ночор чиқиб кетди.

Қани энди уйқу келса…

* * *

Биринчи курсда ўқиб юрганимизда шаҳарлик бир қизимиз турмушга чиққанди. Курсдошлар совға олиб, сўзга тайёрланиб, ният қилиб тўйга боргандик. Олмос қўнғироқ қилиб қаердалигимни сўраб қолди. “Биз тўйдамиз, гапларингизни эшита олмаяпман, уйга боргандан кейин қўнғироқ қиламан”, деб дугоналарим қанча “қол-қол” қилишсаям, эртароқ қайтдиму у билан боғландим.

– Роса ўйнадингизми? – деб сўради Олмос ғижиниб.

– Жа қойиллатиб ўйнай олмайману, кўпдан кам бўлмаслик учун қарсак чалиб турдим, – дедим сал чўчинқираб.

Тадбирларда даврабошилик қилишни қойиллатаман, аммо рақс масаласида чиндан ҳам пиёдаман. Шуларни Олмосга айтсам:

– Даврага тушиб ўйнаш, рақс тушиш дегани бу – тўйхонадаги томошабин эркакларга қараб “Мана менинг қоматим, мана, мен балоғатга етиб қолдим, менга қаранглар”, деб ўзини кўз-кўз қилиб, диққатни жалб этиш, қўполроқ айтганда, ўзини бозорга солиш демак, – деган эди.

Шу гапдан кейин илло-билло даврага чиқиб қўлимни кўтарган одам эмасман. Қолаверса, қиёфамдаги ўзгаришлардан кейин ўртада ўйин тушиш у ёқда турсин, икки кишининг орасидан ўтолмайдиган андишам бор эди.

…Чарчоқ ва мудроқ ҳар қанча хуруж қилмасин, тоғамнинг қилиғи, ҳадик ва хўрлик миямда таранг оғриқ уйғотиб, кўз юмгани қўймасди… Ҳа-а, аҳволинг оғир, Бону, нимадир қилиш керак, лекин нима?

Уйқуни ҳам ит қопди…

Бир вақт ҳалиги икки эркак кириб келди. Ошни сузишди. Тоғам яна келиб, мени дастурхонга чақирди.

– Қорним тўқ, емайман ҳеч нима, – деб қайтариб юбордим. Яна қайтиб келиб, аймоқлар билан дастурхон бошида ўтиришим шартлигини айтди.

– Улар сен учун келган, сени суҳбатингни олишмоқчи, – деди қўлидаги қоғоз сочиққа бармоқларини артаркан.

– Чиқмайман! – дедим қатъий.

– Мен учун чиқасан, – деди у хезланиб.

Жон-поним чиқиб кетди:

– Тоға, ўз қизингизни шу даврага солармидингиз? Солмасдингиз-а? Мен у ерда ўтирганимдан сизга нима фойда?

Унинг важоҳати бузилди:

– Ҳай деганда она йўқ, ҳуй деганда ота… Биласанми бу гапни менга ким айтган? Усмонбек айтган! Усмонбек кимлигини биласанми? Мени язнам бўлади, аммамни эри, – деди… Бу гапларни ҳозирги ҳолатга қандай алоқаси борлигини чамалаб турсам, – Она кетади, ота кетади, лекин тоға доим ёнингда… Яхшиликча, гапимга кир, агар сен чиқмасанг, улар ўзи хонангга киради, – деб чиқиб кетди. Сўнг меҳмонларга, – жияним доғларидан изо еб, тортингани учун чиқмаяпти, – дегани аниқ эшитилди.

Эрка ўсганим учунми, кўзёшларим ҳамиша қалқиб туради.

Кейинги пайтларда ўзгалар олдида йиғлаш нафақат уят, балки ўзингни ўзинг ҳақоратлашга тенг деган тўхтамга келганман.

Коллеждан обидийда қилиб келганимда “Одамлар бир томчи кўзёшингга арзимайди, арзийдиган одам сени йиғлатмайди”, деб сочларимни силаганди дадам раҳматли.

Ҳозир ҳам икки томчи илиқ ёш қулоқларим ёнидан думалаб ёстиққа тушди.

Қайданам ишондим бу аблаҳга? Эҳтимол, мен одам танимасман, лекин онам ўз жиянлари қандайлигини билиши керак эди-ку. Нега бунинг ёнига юборди?

Тўғри, дадам ҳам ичарди, лекин ҳеч қачон бунақанги тубан, чўчқатахлит аҳволга тушмасди. Ёки мен кўрмаганмидим? Йўқ, бўлиши мумкинмас, дадам худодан қўрқарди…

Меҳмонлардан бири кириб, дадамни ёдлаб, яқинлигини изҳор этган бўлди. Иложи борича асабларимни жиловлаб, ўзимни тутишга ҳаракат қилиб, босабр турдим. Мендан ҳеч қандай садо бўлмагач, ноилож чиқиб кетди…

Кейин яна бир эркак ва аёл кириб келганини гап-сўзлардан англадим. “Одамшаванда” тоғам яна кириб:

– Мана, даврага аёл киши келиб қўшилди. Тур энди, қани, чиқ, – деди.

Жойимда миқ этмай ётавердим.

Тоғам у аёлни етаклаб келиб, таништирди:

– Бу менинг қизим, исми Жамила. Тожикистондан, – деб жувонни қучоқлаб, елкасини силаб қўйди.

– Ҳай, мен нима қилай? – дедим зарда билан.

Тоғам бир унга, бир менга қараб:

– Мана, қара қани, буни қулоғида иккита тилло ҳалқа, сенда ҳеч нима йўқ, – деди гап тополмай.

Ичимда “Астағфируллоҳ”, деб ҳам ўзимни ушлолмадим:

– Бунингизни сизга ўхшаган оталари кўпда, бири бўлмаса бири олиб берган. Нима бўпти шунга? Мен Московга ҳалқа олиш учун келганим йўқ!

Тоғам гангиб қолган “қизи”га менинг феълим тор, инжиқ, тегманозик эканимни айтиб, арз қила кетди. Яхшики, “бўлам” камгап экан, ортиқча сўз қўшмади.

Тоғамнинг алжирашини эшитмаслик учун телевизўрни қўйиб, овози борича баланд кўтардим. Тоғам хўрозланиб келиб симни суғуриб ташлади. Мен ўша заҳоти улаб, симдан қўл узмай безрайиб туриб олдим. Асабийлашаётганимни кўриб Жамила тоғамни хонадан чиқариб юборди:

– Тоғангиз сизни мақтади, шу қиз билан танишасан, деб туриб олди, – деди тўтининг патидай зангор қабоғини пилпиллатиб.

– Нима деган мен ҳақимда, билмайман ва менга қизиғи ҳам йўқ. Мен ёмон одамман, жудаям ёмонман, – деб шарт ўгирилиб ётиб олдим…

Бир муддатли ланж сукунатдан кейин ўзи еган азоблари ҳақида гапира кетди. Еттинчи синфга ўтар-ўтмас бир йигит йўлдан уриб обқочиб кетганини, юкли бўлиб қолганини йиғламсираб ҳикоя қилди. Кейин менга далда бериш учун худодан кириб пайғамбардан чиқди…

Суҳбатимиз энди жонланай деганда ювилмаган қошиқдай бўлиб тоғам яна қайтиб кирди. Жамила иккови – бир “отинча”ю бир “сўфи” менга амри маъруф қила кетишди. Бунисига чидаб туролмадим:

– Қизиқ, мактабни олтинчигача ўқиган бўлсангиз ҳам шунча ақлингиз бор экан-а? Менга насиҳат қиладиган покдомон бўлсангиз, нимага жалаблик қилиб юрибсиз? Шуни менга тушунтириб беринг!

Вой, тоғамни жинни бўлганини кўрсангиз!

– Нимага унақа дейсан? Қаерда кўрдинг? Ким билан ушлаб олдинг? Буларни никоҳи бор! Худодан қўрқ, худодан!.. – деб калити буралган ўйинчоқ жўжадай хона бўйлаб бетиним йўрғалаб қолди.

– Соғ бўлганида бировнинг эри билан етаклашиб юрмасди, – дедим мен ҳам авж олиб.

Ҳамма тахта бўлиб қотди-қолди. Мен эса уйдан чиқиб, ўзимни ўрмонга урдим…

* * *
6 март

Ўрмоннинг ичида мақсадсиз дайдиб-дайдиб, ўзим йиғлаб, ўзим юпаниб, бир пайт ҳушимга келдиму, адашиб қолганимни англаб, эсхонам чиқиб кетди.

Белидан чўрт узилган, қору ёмғирларда пўстлоғи чириб сочилган яйдоқ эман ғўласига ўтириб, атрофга аланглаганча гупириб келаётган ваҳимамни босишга уриндим. Бундай ожиз қолган пайтингда даставвал ким ёдингга тушади? Йиғлаб-йиғлаб онамга қўнғироқ қилдим:

– Жиянингиз шу даражада ифлослигини билатуриб мени олдига юбордингиз-а? – деб бўлган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб бердим. – Ўғлингизни хотиржамлигини ўйлаб, тинчи бузилмасин деб мени қурбон қилдингиз-а? Энди кутманг! Ҳеч қачон ортга қайтмайман, бошқа безовта ҳам қилмайман сизларни… Тинчингиз бошқа бузилмайди. Соғ бўлинг, – дедим ўкириб йиғлаб…

Қизиғ-а? Одам аламини аввало онасидан олади. Дардини тўкиб, енгил тортади. Ҳозир ҳам заҳримни сочдиму ақлим тиниқ тортди.

Ҳақиқатан аҳволим ачинарли эди.

Ҳақиқатан жинни бўлишимга оз қолганди.

Соғлиқ майли, бу кўргиликка кўникиб бўлганман, дадамни йўқотганим, акамнинг тарсакиси, янгамнинг миннати, Олмосни йўқотиб қўйганим, мусофирчилик, тоғамнинг пасткашлиги… Кўника олмаяпман… Шунча зарба битта одамга ростдан ҳам оғирлик қилади.

Телефонга термулиб узоқ ўйладим. Нима қилиш керак? Ҳаётда битта ҳам ишонадиган, суянадиган, маслаҳат сўрайдиган, чалкаш вазиятдан олиб чиқадиган, йўл кўрсатадиган одам тополмасанг, бундан ортиқ фожиа бўлмаса керак.

Кези келганда опаларим, язналарим, ўқувчиларимнинг ота-оналарига маслаҳат бериб, қанчадан-қанча ечими йўқ масалаларни ҳал қилиб берган одам, бугун ўзимга қолганда гўдакдай ожизланиб ўтирибман.

Атрофим бўм-бўш эди… Тингловчи ҳам, маслаҳат берувчи ҳам, масалани ҳал қилувчи ҳам ўзимман. Бу инқироздан фақатгина ўзимни ўзим қутқара олишим мумкин…

Шу вазиятни дадам кўрганида қандай маслаҳат берган бўларди?.. Буни ҳам билмайман. Демак, таваккал қилишдан бошқа илож йўқ.

Яна онамга сим қоқдим, тавалло қилиб кечирим сўрадим. Онам ҳам фақат йиғлади холос…

Бирпасдан кейин телефондан янгамнинг хушнуд овози эшитилди:

– Бону, қийналаётган бўлсангиз, бирортасидан қарз олинг, акангизга айтаман, жўнатади. У ерларда юриш ҳаммагаяммас. Ўрислар сизни дадасини эркаси эканингизни билишмайди-да…

– Эрингизни миннатли пулларини уруғ-аймоқларингизга тарқатинг! Садақангизга муҳтож эмасман! – деб телефоннинг қизил тугмасини босдим.

Мен чин дилдан тазарру қилиб онаизоримдан кечирим сўраб йиғлаганимни, самимий изҳорларимни янгам кинояли илжайиб, бошини қийшайтириб, телефонга қулоғини динг қилиб турганини тасаввур қилиб, янаям аламим келиб кетди. Тўхта, дедим ўзимга ўзим, ортга қайтиш йўқ, таслим бўлган номард! Курашаман, қўймайман! Акам, янгам, Юсуф, директор, тоғам…ларнинг оёғига латта боғланган, улар менга рақиб эмас! Менинг рақибим – ҳаёт! Албатта, ўч оламан! Албатта, енгаман!

Ҳа, мен адашдим, қайда, қачон, не сабаб йўлдан оғганимни аниқ билмайман, лекин қайдадир катта хатога йўл қўйганим аниқ. Бу ерда ҳам қуюқ, нимқоронғи ва кимсасиз ўрис ўрмонида йўл тополмай гаранг бўлиб ўтирибман. Оёқ ости хазону хашаклар, мўрт шох-шабба тўшами билан қоплангани сабаб келган йўлинг – босган изингни аниқлолмайсан.

Атрофни зах чиринди ҳиди босган, аҳёнда баҳайбат қушлар дарахт шохларини эгиб, лопиллаб қанот қоқади.

Нажот излаб икки соатча ўрмон кездим. Ҳар сафар тўғри йўлдан кетаётгандай, яна озгина юрсам қуёш кўринадигандай туйилаверар, бироқ оқибатда онам билан сўйлашганимда ўриндиқ вазифасини ўтаган эман ёнидан чиқиб қолаверардим. Бундан хунобим ошиб баттар асабийлашарканман, “Йўл топаман, тўғри йўл бор, излаш керак… излаш керак…” деб такрорлаб, бошқа томонни мўлжал олиб беш-ўн одим босган эдимки, элас-элас машина шовқини эшитилгандай бўлди. Ўша томонга оёғимни қўлга олиб югурдим, энди аниқ-тиниқ қисқа сигнал қулоғимга чалинди.

Одам боласига етиб ололмаган бўлсам-да, улов изларини топдим. Шу излар мени ярим соатларда қўрғон рўпарасига олиб чиқди.

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации