Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
7 март

Энди мен тоғам билан туролмасдим. Унинг кўнглида нима борлиги, мақсади нелигини билмасдим. Аллақачон ашаддий ароқхўрга айланган кимсадан ҳар балони кутиш мумкин эди.

Ўйлай-ўйлай шаҳарчага яқин жойда яшайдиган жияним Бобурга қўнғироқ қилдим:

– Ижарауй керак. Мен қўрғондаман, тоғамникига кеча келгандим, – дедим.

– Ҳозир ишдаман, ижарамга қайтиб уйнинг эгасидан сўраб кўраман. Рухсат берса, сизни олиб келаман, бўлмаса эртага ишдан чиққунингизча бирорта бошпана топаман, – деди.

– Фақат жавобини тезроқ айт, – деб тайинладим. Тўрт-беш дақиқадан кейин қўнғироқ қилиб:

– Уй эгаси рози бўлди. Ишдан кейин ёнингизга бораман, – деди Бобур қувониб.

– Мен бу ерда ортиқ қололмайман. Соат тўртларда ишда бўлишим керак, шу билан эртага эрталаб бўшайман, – дедим.

– Унда жомадонингизни бизнинг уйга қўйинг. Уйда ишга чиқмаган йигитлар бор. Юкингизни олиб қолишади. Эрталаб ишхонангиздан тўғри бизникига келаверасиз, – деди.

Кейин тоғамга сим қоқдим:

– Мен Бобур билан гаплашдим. Уларникига кўчиб ўтаман. Бирорта бола кўмаклашиб юборсин, – дедим расмий.

– Нимага бирданига кетяпсан? У ерда ўн еттита бола яшайди. Қандай турасан қиз бола бош билан? Бобурдан бошқа ҳаммаси бегона-ку, – деб эътироз билдирди “жонкуяр” тоғам.

– Йўқ, раҳмат. Етарлича сабоғингизни олдим. Энди нима бўлса пешонамдан кўраман, Бобурнинг уйигача элтиб қўядиган одам борми ёки ўзим кетаверайми? Ишга кечикаман, – дедим.

Тоғам яна бир бор асл башарасини кўрсатди:

– Сени бўғчангни кўтариб юрадиган бекорчи йўқ. Кўчадан мардикор топ, тушундинг? – деб алоқани узди.

* * *

Юкларимни олиш учун қўрғонга киришга мажбур эдим.

Шунча вақт ўтса ҳам давра тарқамаган, аксинча, сафларига яна икки рангпар аёл қўшилибди. Ҳаммалари гижбаданг маст, хона туман тушгандай тамаки тутунига тўлган. Ит эгасини, пишак поччасини танимайди.

Тоғам юришни энди ўрганган бир яшар болакайга ўхшаб қалқиб-қалқиб, базўр оёқда турар, кўзларидан маъно қочган, афти кўкишга мойил бўлиб қолганди. Мени кўриб тили зўрға айланиб, ўдағайлай кетди:

– Ним-мага бу ер-даги гапла-ни дар-рав опамга чақ-чақ-динг? Бу ёқда Мир-хондинг менга буйру-уқ беради. Қач-чондан бер-ри у қўмондону мен ас-кар бўлиб қоллим? – у кўксига мушти билан гурс-гурс урди, – мен гене-ралман, фамил-лиямни биласан-а? Ра-ҳи-мовман, гене-рал Ра-ҳи-мов м-мен бўламан! – кўзига тик қараб турганим бирдан таъсир қилди шекилли, пашша тутаётгандай қўлини силтаб, – Эр-ртага пат-тангни олиб у-уйга уч-чириёраман, – дедию ўқ егандек тўшагига юзтубан қулади…

* * *
8 март

Табрик учун раҳмат, акажон! Сиз ҳам янгам билан аяжонни қутлаб қўйинг!

* * *

Тоғамлар Эски шаҳарда яшашган. Ота ўтиб кетганидан кейин тоғам ичкиликка, қартабозликка, қиморга, кейин нашага ружу қўяди.

Бир куни дадам билан онам хабар олгани боришса, янгам йиғлаб ўтирган экан. Тоғам ҳеч нимани билмайдиган даражада “ғишт” маст, уйқуни ураётганмиш.

Янгам тиллавор тақинчоқларини эри қиморга тикворганини, энди уй ҳам гаровда омонатлигини айтиб йиғлайди. Тоғам ўзига келгач, дадам оёқ-қўлини қўшоқлаб боғлаб, аравага ортиб кўрони билан бизнинг уйга кўчириб келади. Бир ой ичида Эски шаҳардаги уйни сотиб, қишлоқдан каттагина ер олиб беради. Тоғам бизникида яшаб туриб, икки йилда уйини ростлаб, кўчиб олади. У маҳал ҳаммамиз баҳамжиҳат, катта бир рўзғор эдик…

Юкларимни олиб чиқиб кетдим.

Ўрмонзор ёқалаб борарканман, болалигимда тоғам қайта-қайта айтиб берган воқеалар кўз олдимда жонланди: у ўн уч ёшидан Бухородаги ёпиқ бозорда акаси билан аравакашлик қилганини, тўққизинчини битириб ишлаш учун Тошкентга борганини, бекорчихўжа дадаси ҳар душанба келиб, болалари майишиб топган ақчани қоқиб олиб, бир кун айшини суриб, қишлоққа қайтган пайтларни аччиқ ўкинч билан эсларди.

– Шунча ишлаб бир оғиз яхши сўз эшитмабмиз, ҳар гал чўнтагимизни ағдариб, пулимизни қириштириб олиб, яна, “Нега кам, қолганини қаерга яширдинг”, деб қисти-бастига оларди. Мен кетгач бу болалар ниманинг ҳисобига яшайди демасдан, бир тийин қолдирмай шилиб обкетарди. Бир қиш чилласида келиб, беланги бўлиб ётганимни кўриб кирза этиги билан тепкилагани ҳеч эсимдан чиқмайди… Бону, тўғри, ўз отам, тонмайман, худо раҳмат қилсин, лекин нима қилай, ёмон кўрардим… Даданг – Усмонбек язнам, мени оёққа турғазди, отам қилмаган яхшиликни қилди, тушундинг? Сен билан энди дадамиз битта, мен катта акангман, сен синглимсан, – дерди.

Ўша пайт гаплари рост туйилган, чиппа-чин ишонганман, унга раҳмим келиб, кечалари кўзёш ҳам тўкканман…

* * *
9 март

Бобурнинг тураржойи мен ишлайдиган дўкондан унчалик узоқ эмас экан.

Юкларимни болалар олиб қолишди, мен тўғри ишга ўтиб кетдим.

Иккинчи иш куним кечагисидан баттар бўлди. Ҳар қанча уринмай, уйқу ғолиб келаверди. Унинг устига, на нонушта қилганман, на тушлик…

Мудроқни қувиш учун икки қошиқ қаҳвага шакар солмасдан аччиқ-аччиқ ичдим. Кейин кўнгил айниши бошланди.

Бир амаллаб тонг оттирдим. Соат бешга яқинлашганда ишларимни тугатиб, қўл-бетимни ювиш учун холижойга кириб, телефонимни кўзгу ёнига қўйдим. Кўнглим бирдан ағдарилиб кетди, бошим айланиб йиқилиб тушибман.

Қарасам, касалхонада эканим. Ҳа-а, демак яна йиқилибман, дедим. Биринчи бор Юсуф воқеасида, иккинчиси дадамнинг таъзиясида, бу учинчиси…

Бобурга қўнғироқ қиламан деб қарасам, телефоним йўқ.

Йиқилган пайтим бошим ерга тушиб, яхшигина жароҳат олибман. Бригадир “Тез ёрдам” чақириб, зудлик билан шифохонага жўнатибди. Мен уйга боравермагач, қўнғироқ қилиб боғланолмаган Бобур хавотирда дўконга келиб, сўраб-суриштириб, Шакаржон опадан шифохонага тушиб қолганимни эшитиб, хўжайини Володя амаки билан тушдан кейин топиб келишди.

Дўхтирлар “Иқлимга кўникиб улгурмаган, толиққан, асаби чарчаган, ҳали ишга ярамайди”, деб беш кун ушлаб қолишди.

Жавоб тегиши билан Бобур мени Володя амакининг ҳовлисига олиб келди.

Қурилиши тугалланмаган уйнинг иккинчи қаватида ўн олтита бола яшаркан. Пастда мен ва Бобур турадиган бўлдик. Бизга тегишли катта хонага дераза ўрнатилган-у, ҳали пол, шифт қилинмаган. Каравотнинг симтўрини тўрт томондан ғишт қўйиб кўтариб, қўлбола чорпоя ясалган. Бу ҳашаматли ўринни Бобур лутфан менга бўшатиб берди. Хона ўртасида тахта, чўп, мих, сим ўрами, болға, қайчи ва қурилиш қопларидан одам бўйи тепалик қад ростлаган…

Бобур хижолат бўлиб:

– Холажон, бошпанамиз шу, хафа бўлмайсиз энди, – деди.

– Нимага хафа бўламан, қизиқмисан? Туппа-тузук уй, қўрғондан минг марта яхши. Энг асосийси, асабга тегадиган одам йўқ. Хотиржам ухласа бўлади. Ишхонамга ҳам бир қадам экан. Ҳаммаси яхши. Эртага бир супур-сидир қилиб оламиз, соз бўлади, – дедим хуш кайфиятда.

Жияним билан анча суҳбатлашиб ўтирдик…

Орадан беш кун ўтган бўлса ҳам билагимнинг кўкаргани кетмабди.

– Қўлингизга нима бўлди, нимага кўкарган? – деб сўради Бобур.

Тоғамнинг қўрғонидаги воқеаларни айтиб бердим.

– Келаркансиз, мени огоҳлантирсангиз бўлмасмиди? Шунча азоб емасдингиз. Бу ердаги ўзбеклар бирортаси уйига чақирмайди уни. Ҳамма ёмон кўради, – деди. Кейин мени хурсанд бўлади деб ўйлади шекилли, – айтганча, сиз шифохонадалигингизда Мирхонд тоғам сизни сўраб юз марта телефон қилди-ёв, – деб жилмайди.

– Акам қайдан билибди? Тобим қочганини бибинг эшитибдими? – дедим ташвишга тушиб.

– Ҳа, Бону холамни мазалари йўқ, телефонларини йўқотганлар, деб айтдим, – деди Бобур айбдорларча бош эгиб.

Ё Аллоҳ! Беш кун ичида онамнинг аҳволи нима кечди экан?

Бобурнинг телефонидан онамга қўнғироқ қилиб:

– Энди хавотир олманг, жиянимни ёнидаман, – деб тинчитдим.

Ҳушимдан кетганимни, касалхонага тушганимни айтмадим. Шунчаки ҳаво алмаштирганимга бошим оғриганди, деб қўяқолдим…

* * *

Кўнгли ярим одам қанақа бўлишини дадамни йўқотганимдан кейин англаб етганман.

У киши ҳаётлик вақтларида бирор таъзия бўлиб қолса:

– Тўйга бормасанг ҳам таъзияга боришни канда қилма, инсонийликни биринчи шарти қора кунда ҳамдард бўлиш, – деб онам ёки янгам билан мени ҳам қўшиб азахонага юборарди.

Баъзан бошига жудолик тушганларнинг доду фарёдини эшитиб ҳайрон бўлардим:

“Ҳай, энди, Аллоҳнинг иродаси, ҳар бир тирик жон ўлим шарбатини тотгувчидир. Ҳамманинг борадиган жойи, охирги манзили шу. Отанг ўзи кексайиб, мункиллаб қолган чол бўлса-ю, “Суянган тоғимдан айрилдим”, деб додлайсан-а? У кишининг ўзига ҳассадан ташқари яна битта суянадиган одам керак-ку”, – деб ўйлардим…

Чўғ – тушган жойини куйдираркан.

Шу мункиллаган чол тоғ эканлигини ҳис қилиш учун унинг жуссасини эмас, ҳаётингдаги ўрнини билишинг кераклигини кейин англаб етганман.

Муаммога дуч келсам, “Шу вазиятда дадам ёнимда бўлса қандай маслаҳат берган бўларди?” деб ўзимдан сўрайман.

Ҳа, қийин экан дадалардек фикр юритиб, масалани узил-кесил ҳал қилиш. Бундай журъат ва ҳукм учун китобда ўқиган билимларинг кофий эмас. Агар файласуфларнинг панду насиҳатлари инсонга қўл келганида ҳеч кимнинг бошига мусибат тушмас, турмуш юз карра фаровон бўлмасмиди?

Чиндан одам ўз бошидан кечирмагунча, деворга боши урилмагунча аждодлар хатоларини такрорлаб боравераркан…

Бобонг ичган қудуқдан сув олиб қайтаётиб, у дуч келган тошга сен ҳам қоқиниб ўтавераркансан.

Ҳаётнинг умумга бахшида табиий офатларидан ташқари айнан сенга аталган кўргиликлари ҳам бор, ҳеч кутмаган вақтингда шошвор гурзиси билан бошингга чунонам туширадики, осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайтишга мажбур бўласан.

Хато қилмаслик учун инсонда амалий тажриба бўлиши керак экан… Тажрибанг қиёмига етганида эса сенда хато қилиш имкони қолмайди…

* * *
10 март

Ўн олтита эркак ичида қандай яшайман?

Бобурдан бошқа ҳаммаси бегона.

Булар нима каромат кўрсатишар экан?

Пешиндан кейин уйдан чиқдим. Ўн чоғли бола шийпончада сабзи тўғраб, ошга тайёргарлик кўришяпти. Саломлашиб-сўрашиб, ёрдамга тутиндим.

– Бироздан кейин ишга кетаман, ошга қололмайман, – десам қўйишмади:

– Келганингизга ош пиширяпмиз, ҳеч қаёққа кетмайсиз, дамингизни олинг, бугун шифохонадан чиқдингиз, иш қочиб кетмайди, – деб ҳар бири хайрихоҳлик кўрсатди.

Шийпончанинг тўрига мени ўтқазиб, ўзлари ғиштдан ясалган омонат ўчоққа ўт қалашди.

Бу кун йигитлар билан танишув куни бўлди. Бирига опа, бирига жиян, бирига устоз, бирига хола… Мен дарс берган ўқувчиларимнинг оталари ҳам бор экан… Яхшигина гурунг бўлди.

Ўртага ширинлигу салатдан ташқари бир жуфт пиво қўйилди. Узр сўраб, ёши катталар пиёла айлантиришди.

Ошни еб бўлгач, ғайрати ичига сиғмаган болалар мусиқа қўйиб, ўйинга туша кетишди. Бу ҳолат талабаликнинг пахта йиғим-теримидаги “шанба оқшоми”ни эсимга солди. Ва беихтиёр ҳашарга мени кўргани келган Олмос, унинг ўйчан катта-катта кўзлари… ёдимга тушди…

Болалар тоғам билан ихтилофимдан хабар топишган шекилли, ўйинга тортишмади.

Ажабки, таъбимни хира қиладиган ҳеч қандай кўнгилсиз воқеа юз бермади. Мен деярли барчаси қариндош, ҳеч бўлмаса отақадрдон чиқиб қолган очиқкўнгил бу йигитларга меҳрим ийиб:

– Мусофирчиликда ҳаммамиз бир одаммиз, майда-чуйда юмуш, кир-чир чайиш бўлса менга тортинмай айтаверинглар. Тоғора бор экан, кирсовун олиб келиб берсанглар бас, – дедим.

Болалар ўзларига “онабоши” қилиб сайлаб олган Диёр шу заҳотиёқ:

–Йигитлархоналарининавбатбилансупуришади, кирларини, коса-товоқларини ўзлари ювишади. Фақат ҳар куни бир қозон овқат қилиб берсангиз бўлди. Бошқа хизмат йўқ, – деганди, бошқалар ҳам маъқуллашди.

– Лекин битта муаммо бор, йигитлар…

– Нима? Қанақа муаммо?

Қўлларимни стол устига қўйдим:

– Ирганмайсизларми?

– Э-э, бизникиларни ичида ношукури йўқ. Мабодо, овқатингизга қайсиниси ноз қилса, тошбақани томирини есин, – Диёр юзига фотиҳа тортиб, рақсга қўшилиб кетди.

Йигитларнинг ўйинини томоша қилиб турибман… Қизиғ-а, кимдир қанақадир оҳангга мос ҳаракатлар қиладию четда турган одамга ҳам унинг завқи юқади…

Ҳамма қатори яхши кайфиятда тинч-хотиржам кириб ухладим.

* * *

Эртасига какку сайрамай туриб тоғам эшик қоқиб келди:

– Ё мен билан бориб қўрғонда яшайсан, ёки чипта олиб қишлоққа қайтасан. Шунча эркакни ичида яшамайсан, тушундинг, мен бу иснодни кўтаролмайман, – деб лўлилик қилиб сурон кўтарди.

– И-е, тоғажон, ҳалигидақа хотинларга мени ошно қилишга, бузуқилар даврасига тортишга ор қилмадингизу, уни иснод билмадингизу, ўз жигарларимни топганимда бу дунёда иснод деган гап борлиги каллангизга қаёқдан кела қолди?

Тортишувимизга Бобур қўшилди:

– Сиз тоға бўлсангиз, мен жиянлариман. Холамда сизни қанча ҳаққингиз бўлса, меникиям ўшанча. У ўзи келгани йўқ, Мирхонд тоғам менга қўнғироқ қилиб айтди, мен олиб келдим! Нима гапингиз бор?

Бобурни тинчлантириб, тоғамга савол бердим:

– Тоға, бизни уйда неча йил яшаган эдингиз, эслаб биласизми?

Тоғам:

– Икки йил, – деди.

– Шу икки йилда ҳеч кўрдингизми дадам ёки акам тўй-маъракаларда хотинингизни қўлидан ушлаб ўйинга тортганини? Ётоқхонангизга бостириб кириб устидан кўрпасини тортиб отганмиди? Отангни яхшилигини қайтараман, дейсизми? Шу йўл билан қайтармоқчи эдингизми? Орамиз очиқ деб ҳисоблайверинг! Мана, мана! – деб қўлимнинг захаларини кўрсатиб йиғлаб юбордим. Тоғам:

– Ўшанда бироз кўпайиб кетибди. Ҳеч нарсани эслолмайман, кечирасан, жиян… – деб ўзини оқлашга ўтди…

Шовқинни эшитиб болалар тўпланишди. Диёр:

– Сиз кимсиз ўзи? Ким сизга рухсат берди бу ёққа бостириб киришга? Ҳозир полиса чақириб топшириб ювораман, яхшиликча даф бўлинг! – деб турткилади.

Тоғам тортиша-тортиша кўпчиликка кучи етмагандан кейин сўкинганча чиқиб кетди…

* * *
11 март

Бугун туғилган куним…

Онамга сим қоқиб, таваллуд айёмим билан табрикладим. Онам:

– Афандисан-да, Бону, сени табриклаш керак-ку расми, – деди кулиб.

– Мендай қизингиз дунёга келган кун сизга байрам эмасми? – дедим ярим ҳазил қилиб.

– Ҳа, бу ёғини ўйламабман. Қуллуқ, қуллуқ, ҳаммамизга муборак! Оббо зинғарча-ей! – онаизоримнинг овози товланиб кетди, – дадасини эркаси, опаларингни, акангниям табриклаш эсингдан чиқмасин…

Мана шунақа онам бор, акажон…

* * *

Тушдан кейин ишга жўнадим.

Шакаржон опага телефоним йўқолганини айтдим. У ҳаммадан бир-бир сўраб-суриштириб чиқди, лекин тополмади.

Кейин бригадирга айтдик. У “Тез ёрдам”да тушиб қолган бўлса керак, деб тусмоллади. Мен қўл-юзимни юваётиб кўзгу ёнига қўйганимни айтдим. Бригадир қоровулни чақириб, ўша кунги видеоёзувни текширди. Йиқилиб ётганимни Маҳмуд амаки кўргани, мендан кейин у ерга кирганини аниқлашди. Телефонни сўрашса, у тўрсайиб, мен кўрганим йўқ, деб қасам ичди. Видеоёзувни кўрсатишса ҳам тан олмади. Бригадир:

– Ойлигингдан бунга телефон олиб бераман. Бу ой умуман маош олмайсан, – деди ғазабланиб.

Шундан кейингина Маҳмуд амаки:

– Мен уни телефони эканини билганим йўқ эди, тўғри, топиб олгандим, эртага келтириб бераман, – деди.

Эртасига келтириб қўлимга берди-ю, аммо телефоннинг хотирасида ҳеч қандай маълумот қолмаган эди. На рақамлар, на СМСлар… Ҳаммадан алам қилгани Олмосдан келган хатларни ҳам ўчириб юборгани бўлди…

Юраги йўқ махлуқлар…

Эҳ одамзод, одамзод…

Тун бўйи йиғлаб юрдим.

Шакаржон опа аввал далда берди, кейин жаҳли чиқиб:

– Ҳозир ина касал бўбкаласан, кейин сани иша омидила, битта кўна тилфонни даб бина ёниб гуяварасан? – деб уриша кетди.

Мен унга ана шу эски матоҳда кўҳна жавоҳирларим, умримнинг олтин лаҳзалари, муқаддас сирларим, соф меҳру муҳаббатим… бахтимнинг сурати бор эди, у менинг жонимга қувват, руҳимга таскин эди, деб… айтолмадим.

Одамзод ҳамма нарсага кўникаркан. Дардларимни ичимга олиб юравердим…

Шу тариқа кунлар тунларга, тунлар кунларга уланиб, умр занжири узайиб бораверди…

* * *
12 март

Сурбетда субут борми…

Тоғам бетини без қилиб, ҳол сўраган киши бўлиб аҳёнда дўконга келиб турди. Бетамиз одам атай жигарчилик қилиб йўқлаб келиши шубҳали, албатта. Менимча, кўчада сандироқлаб юриб-юриб, йўли тўғри келиб қолганда кирса керак…

У “ташриф буюргандан” то қораси кўздан ўчгунча хавотирда турардим: ишқилиб, у-бу нарсани ўмариб, мени шарманда қилмаса гўргайди. Орини йўқотган одамдан ҳар балони кутиш мумкин…

Бир куни яна пайдо бўлиб:

– Эртага туғилган куним, дадасини эркаси, битта бурамашох қўчқор сотиб олдим. Юр, зиёфат бераман, – деб қолди.

– Очликдан-ку ўлмайман, мабодо, ўлаётган тақдиримда ҳам уйингизга қадам босмайман, – дедим очиғига кўчиб.

– Одамлар айб қилади, кўздек қариндошмиз. Гина-кудратларни сандиғингга солиб қулфлаб қўй.

– Ҳе-е, анави Жамила қизингиз бор эди-ку, ўшани чақириб қўчқорингизни жигарини қовуриб беринг. Бурамашохини тўлдириб ўрис хотинларингиз билан чўқиштириб вино ичинг.

Яна келиша олмадик, яна араз уриб кетди…

Тоғамнинг можаросидан кейин Володя амаки эшигимизга қулф-калит ўрнатиб берди. Уй ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан қулфланадиган бўлди.

Шу-шу, болалар пулларини менга ишониб омонат берарди, мен битта ҳисоб-китоб дафтарига ким қачон қанча пул бергану, қачон қанча қайтариб олганини қайд қилиб борадиган бўлдим. Пул ҳисоб-китобни, пухталикни яхши кўради.

Йигитлар омонатини қайтариб олаётганда қўярда-қўймай юз-икки юз рубль ташлаб кетишарди. Бу ақча арзимас кўринса-да, кўпчиликнинг қозони барака пиширади деганларидай, онамга юборадиган пулим қўлга илашадиган бўлиб қолли…

* * *

Кўза кундамас, кунида синади…

Маҳмуд амаки ўғрилик устида қўлга тушди. Уни ҳайдаб юбориб, ўрнига бир ўрис аёлни олишди.

Дўкон хўжайини нафақага кетиб, ўрнига бошқа раҳбар келдию бир маромда кечаётган ҳаётимизга кўз тегди. У дабдурустдан барча мигрантларни ишдан бўшатиб, паттамизни қўлимизга тутқазди.

Янги иш топишга улгурмай ҳаммамиз кўчада қолдик. Ноилож Володя амакига ҳасратимни тўкиб солдим. Амаки ўзимизнинг усталарга дастёр бўлиб ишга чиқишим мумкинлигини айтди. Икки ой кўмаклашиб, сувоқ тортишни ўрганиб олдим…

Шу тарзда “Бобуржонлар салтанати”нинг фахрий фуқароси бўлиб, бир ярим йил давру даврон сурдим…

* * *
13 март

Гапни чўзиб сизни ҳам зериктириб юбордим-а?

Мақсадга кўчиб қўяқолайми?

Ниятим сиздан маслаҳат олиш. Битта нозик масалага ўзимнинг ақли ожизим етмаяпти.

Ҳозир чорраҳанинг ўртасида турибман, қаёққа юришни билмайман…

Негадир менга фақат Сиз тўғри йўл кўрсата оладигандек туюласиз.

Ўлай агар, негалигини билмайман…

* * *
18 март

Хўп, агар Сизга қизиқ бўлса, ҳикоямни давом эттираман:

Фақат бир илтимос, жонингизга теккан заҳотим, муддаога ўт, десангиз бас, икки оғиз сўров билан чуваланган қиссамга нуқта қўяман…

…Ўн кундан бери ҳар куни икки марта яширин рақамдан телефон бўлади. – Алў, алў-ў!

“Алў”лаганим билан нариги томондан сас келмайди…

Охири зерикиб, умуман уланмай қўйдим. У қўнғироқ қилишдан чарчамайди.

Бир куни: “Бону, бу мен, акангман, агар юрагингнинг қаеридадир аканг учун ўлмаган озгина меҳр бўлса, жавоб ёз…”, деган СМС келди.

Хатни қайта-қайта ўқиб, йиғлаб-йиғлаб хун бўлдим. Лекин жавоб ёзмадим. Иккинчи кун яна СМС келди: “Бону, мен Твердаман. Ёнимда иш бор, кел, бирга ишлаймиз”.

Яна жавоб ёзмадим… СМСлар ҳар эрталаб турнақатор келаверди: “Бу дунёда ҳамма адашади, наҳот акангнинг битта хатоси учун бир умрга воз кечсанг? Эртага ҳайит, ҳеч бўлмаса арвоҳ ҳурмати, бирор нима ёз, дадам қабрида тинч ётсин…”

Ана шундан кейин чидаёлмай жавоб ёздим: “Дадамнинг арвоҳи энди эсингизга тушдими? Бобоҳовлини сотганингизда эсингиз кимда эди? Бир бор чертмай ўстирган қизига шапалоқ тортганингизда отанинг тинчини ўйлаганмидингиз? Нечук энди ҳайит ва дадам ёдингизга тушиб қолди? Мени безовта қилманг!”

У: “Шундоғам тамом бўлган юрагимни эзма, Бону. Кечир… Фақат бир маротаба… Бошқа такрорланмайди”, деб ёлвориб ёзди. Жавоб бермадим. Яна СМС келди: “Болалигида безориларни додини берадиган адолатчи синглим, дадасининг эркаси қани?..”

Унутмабди… Эсида бор экан… Кўнглимда бир илиқ нур ипакдай сирғалди. Лекин аччиғимни енголмай: “Эсингизда бор экан-а йўлтўсарни сувга қулатганим? Ўзингиз неччи тезликда сингилчангизни ташлаб қочганингиз ҳам эсингиздан чиқмагандир?” деб чақиб олдим. Ёзишга ёздим-у, мен нега бунча тез унутдим акамнинг ота ўрнида ота эканини, бўлар иш бўлди, қиёматгача аразлаб юраманми энди, деган савол дилимда уйғонди.

Ўйлай-ўйлай: “Биринчи ва охиргиси ҳам шу, дадам тинч ётишлари учун кечирдим. Бошқа кечирилмайсиз! Илоё, дадам ҳам, худо ҳам кечирган бўлсин”, деб ёзиб юбордим. СМС етиб бориши ҳамоно қайтиб қўнғироқ бўлди… Қани энди гаплашиб билсам акам билан…

Мен бу ёқда, акам у ёқда йиғлаяпти…

Анчагача ҳиқиллашиб турдик. Ниҳоят акам:

– Билардим синглимжоним мендан бутунлай кечмаганини… – деб яна йиғлаб юборди.

* * *
19 март

Қисқа давом этган бу суҳбат елкамдан ҳеч ким қўзғата олмас катта харсангни қулатиб юборди… Худди дадам тирилиб келгандай бўлди. Юрагим ўз-ўзидан ҳапқириб, гупиллаб кетаверди… Бақириб йиғлаб юбордим, бироқ бу кўп йиллардан бери тўкилмаган қувонч кўзёшлари эди.

Қондошликнинг жон қўшиб ўрилган чийратма чилвири қайта боғланганди…

Эҳтимол, қаеридадир чандиқдек тугун қолгандир, аммо айнан ўша жой – тугун қайта узилмайди.

Эртаси куни эрталаб “Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин”, деб СМС юбордим.

“Жоним садқа дадасининг эркасига, раҳмат, синглимжоним…”

Онажонимга ҳам қўнғироқ қилиб, қутладим, у жуда хурсанд, мени алқаб дуо қилди. Акам билан ярашганим хабари кечанинг ўзида етиб борган экан.

– Акангни ажратиб қўйманглар, болам. Сизлар бешта, бир-бирларингга дардингни айтасанлар. Унинг юрагини ким тинглайди?..

Онам нима деса, “Хўп-хўп”, деб турдим.

Туйқус юрагимнинг туб-тубида нимадир аста-аста эриб-эриб силқиётганини, шам кўзёшидай илиқ бу ҳалқоб борган сари вужудимни энлаб келаётганини туйдим. Ачомласам қалампирмунчоқ аралаш терми, тутунми, билмадим, фақат онамдан келадиган қадрдон ҳидни димоғим туйгандай бўлди. Кетаман! Борсин ҳаммаси! Бу дунё онажонимнинг бир лаҳзалик дийдорига арзийдими? Ейман, ичаман деб оғзини каппа очиб ўтирган болам бўлмаса, бировларникига ўхшаган дахмаза эрим бўлмаса… Бир сабил жонимга шунча ташвишми? Кетдим, кетганим бўлсин!

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации