Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 26 страниц)
7 май
Орадан икки-уч кун ўтиб профилимга яна Ёрмуҳаммаддан нома келди.
Хайрият-е, дедим, ҳарҳолда, хафалиги ёзилганки, хат битяпти. “Сендан мактуб олдим. Энди уни ўқиш шарт эмас”, деган шеър бор-ку, эслайсизми?
Айтганимдай, юмшабди йигит: “Ўша куни қизишиб кетибман, хатларни қайта ўқиб шундай хулосага келдим. Ўйлаб кўрсам, сиз Олмосга беминнат кўмак беряпсиз, нега ўзингизга шундай беғараз ёрдам қайтмаслиги керак? Дўстим яхшилигингизни қайтара оладими, йўқми даргумон, лекин айни пайт Олмос номидан сизга эзгу жавоб қайтариш имкони менда бор-ку! Нега мен шундай савоб ишлаш имконини қўлдан бой беришим керак! Фақат битта шартим бор, мен қўлимга пул ушламайман, ишончли кишингиз орқали Олмоснинг хотинига етказсангиз, у бевосита иш битирадиган одамга узатади. Шунда, менимча, кўнгилхонлик бўлмайди. Айтиб қўяй, акангизнинг муддати анча экан, ҳар бир йилига алоҳида тўлов қилишга тўғри келади. Шу гап… Узрингиз қабул. Бизникини ҳам қабул этгайсиз…”
Жоним кириб қолди, касал тузаламан деса шу-да! Шўрликкина опам бормаган эшиги, эгилмаган бошлиғи қолмади. Ҳар бир ишнинг ўз ечим вақти бор, деган гап шу жойда оқ яктакка дўппидай мос тушди.
Рост-да, товуқ атрофида минг айлан, ўргил, хоҳласанг ўйинга туш, хоҳласанг сиқта, барибир йигирма кунсиз жўжа очмайди.
Опамга беш минг жўнатдим. У бизнинг ҳаракатимиздан бехабар, қўлидаги пул эрининг озодлик тўлови, жон солиғи эканини билмасдан, янгани чақириб, санаб берибди. Янга менга сим қоқиб омонатни олганини, керакли одамга бугун-эрта етказишини айтиб, мени хотиржам қилди. Хайрлашаётиб, эрининг аҳволи сал бўлсаям ўнгланаётганини, агар яна озроқ ёрдам бўлса, умри икки-уч ойга узайиши мумкинлигини билдирдию кўнглим қайта бесаранжом бўлди.
Бошим қотиб ўтирсам, Алишер йўқлаб қолди. Девонанинг ишини парвона ўнглабди дегандай, шу одам доим жонимга ора киради:
– Ватанга бориб келай, укам тўй қиляпти, ров бориб, ров қайтаман, – деди ака мендан рухсат олиб иш қиладигандай.
Қувониб кетдим:
– Акажон, фақат сизга ишонадиган бир юмуш бор, бир опамга тилла тақинчоқ етказиш керак.
– И-е, Бону, сенам лўлиларга қўшилиб тиллавоз бўлиб кетдингми? Нима, тақинчоқ савдосига тортишдими сени?
– Йўғ-е, хизматимга беришган нарсаларни юртга берворай, бу ерда эртага нима гап-нима сўз, худо билади.
– Макар сени қаҳрамонлигингни оғиз кўпиртириб айтиб берди. Ўзи мен одамни бир кўришда кимлигини биламан. Мақтаниш эмасу, одам зотини кўзидан ўқийман. Сендаям адашмадим, Бонужон…
Тиллаларимни қоғозга ўраб, елимтасма билан чирмадим, бир духоба қутичага жойлаб, эртасига Денис орқали Алишерга етказдим.
* * *
Шоира опам кўзи тўқ, зодагон оиланинг фарзанди.
Икром акам опамни маликалардай эъзозлаб, ҳеч нарсага зориқтирмай, керагидан зиёд қилиб тўкин олиб юрган. Мен уларнинг хонадонига борган дастлабки кунларим опамнинг кийимлари, зеб-зийнатларини кўриб эсим оғай деб қолган.
Бир хона лиқ тўла асл кийим-кечак, пардоз-андоз ашёлари, атирлар, чўгирмадек бир думалоқ қути олтин-кумуш тақинчоқлар… Опа менга “Хоҳлаганингни олиб тақавер, қиз бола нарса безаги билан, кейин, ёмон назар тақинчоғингга тушиб, ўшангга уради, сенга тегмайди”, дерди. Ҳозир эса худди бирор кор-ҳол рўй бергандай ҳовлиқиб, мен юборган тиллаларнинг тагини суриштириб ётибди.
– Опажон, таги тоза, ўғирлаганим йўқ, меҳнатимга мукофот, – деб изоҳладим, – буларни қадрини ерга урмайдиган харидор топиб ўтказиш керак. Менга нақд пул жуда зарур, опажон, фақат сизни занжирларингизни сотган бозоримизга асло олиб борманг. Заргарларга сотинг, ёнингизда укангизми, бирор жигарингиз бўлсин. Тилло билан иш қиладиган одам худони унутади, алдаши, алмаштириб қўйиши ҳам мумкин. Анави қашқари балдоқдан узук ясатганимиз эсингиздами? Ярим тиллани уриб қолиб, тағин фалон пул берасанлар, деб ёқамиздан олган бурунбой бор эди-ку… Айниқса, ўшанинг ёнига борманг! Бошқалариям “Ташлаб кетинг, сотиб берамиз”, деса ҳечам кўнманг. Соатни икки мингдан камига берманг, қаранг, четларида дур кўзчалари бор. Билагузукни вазнига қараб олишса ҳам, беш мингдан камига кетмайди. Пишиқ бўлинг, илтимос. Тушундингиз-а?
Суҳбатимизни эшитган бегона одам Шоира деган қизча Бону деган холаси билан гаплашяпти деб ўйлайди. Начора, ҳаёт шу, бир пир, бир мурид…
Эсимга яна бобомнинг тангалари тушди. Қизиқ-да, уларни ўз кўзим билан кўрганман, ушлаганман, деразадан тарамланиб тушган кун нурига солиб, аксини деворда ўйнатганман. Агар амакимларга бўлиб берганида, овозаси чиқарди – ҳовдираб қолишарди.
Бобом раҳматли донишманд инсон эди, тиллаларини аросатга ташлаб, яширган жойини сир қилиб у дунёга олиб кетганига ақлим бовар келмайди.
Намунча бу тиллага ўч қиз экан деб қолдингизми? Ҳар қандай одамда озгина бўлса ҳам қимматбаҳо ашёларга, айниқса, олтинга ишқибозлик бўлади. Бир китобда ўқигандим, эрамиздан беш юз йил аввал ҳам Римда тилла тиш қўйиш урф бўлган экан.
Ҳайратим ошадики, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, одамбашара махлуқлар тиллани кўзга сурган. Америкадаги майа қабиласини биласиз, испанлар истило қилган пайти шўрликлар тилла тахтакачларини қучоқлаб жон берган экан. Менга эса тилла танга, биринчидан, аждодлардан келиб бобомнинг қўлига тушган мерос сифатида қадрли, қолаверса, мени жондан севган одам, қани, кимни мендан азиз тутиб сийлаб топшириб кетдийкан деган гумонли изтиробим ҳам йўқ эмас.
Танга жумбоғи ажал чангалида кўкка кўтарилиб, бандаси ғафлатда қолган деган тахминга қарши далилим борки, бобом бир лаҳзада жон таслим этиб боқий оламга рихлат қилмаган, икки-уч кун тўшакда ётган, калимасини айтиб узилган.
Эс-ҳуши жойида эди. Демак, тилла сирини қариндошлардан кимдир билади…
* * *
8 май
Шоира опам барибир бўшлик қипти. Камида етти минглик тиллани Саркис деган заргарга беш минг олти юзга кўтарасига бериб юборибди.
– Ҳеч ким ундан баланд баҳоламади, инсофлиси шу экан, – деди опагинам ўзини оқлаб.
– Майли, ёмон кетмабди, – деб қўяқолдим.
Ювилган ўсмани қошга қайтариб бўлармиди?
– Икки ярим минги ўзингизда турсин, олти юзини рўзғорга сарфланг, қолган икки яримини Олмоснинг хотини обкетади, – деб тасарруф қилдим.
Фейсбукка кирсам, Ёрмуҳаммад хат ёзибди: “Ака пулни олиб ҳайрон бўлди, бу нима майнавозчилик, мен нос чекмайман, носвой пули керакмас, деб ранжиб қолди, яна шунча қўшилса, бошқа гап, амнистияга бу йил тушираман, йўғасам кейинги йилга қолади, деяпти”.
Мен: “Яна қанча бериш керак? “Йилига қараб”, деганингизга ўталмаган саккиз йилини чамалаб саккизта бўлади деб ўйлабман. Яна беш бериш керакми?”
У: “Ўзи шу ишга кўнглим чопмаганди, оҳангингизда зардани сезяпман, гўё мен еб, аллаким қуруқ қолаётгандай. Тушунинг, у жуда катта одам, битта улфатчиликка сиз берганча ақчани сарфлайди, ўғилчасини туғилган кунини Ҳавайи оролларида ўтказади. Сиз билан менга ён босиб, тағинам чегирма қилиб беряпти. Бошқасига борсангиз йигирмадан камига кетини кўтармайди. Пул бўлса, ҳаракат қилайлик, бўлмаса мениям хижолатга қўйманг”.
Мен: “Узр, яна қовун туширдим шекилли. Ҳозирча, икки ярим минг бериб турсаму қолганини бир ҳафтада узатсам бўлмайдими?”
У: “Бонужон, биз Ғиждувонни отбозорида эмасмизки савдолашсак. Ё беш мингни яхлит беринг, ё беш мингни мен қайтариб олиб берай”.
Мен: “Хўп, эртага кечгача янгага етказилади. Сизни тушундим. Демак, акам сентябрга чиқиб қоларкан-да?”
У: “Сентябрь эмас-у, ноябрнинг бошларига уйингизга кириб боради худо хоҳласа. Лекин тезроқ ҳаракат қилиш керак. Бизнинг “танка” акангизни суриштирибди, аҳволи оғирмиш, сил касали бошланганга ўхшайди, дейишибди. Ҳар бир кун ғанимат…”
Пулни тақсимлашда сал шошибман-да… Унақа десам, Олмос шифтга қараб кун санаб ётган бўлса, опагинам ҳам, ўзи айтгандай, гадога салом бериб, сўрашиб ўтадиган даражада.
Энди онамдан сўрасамми? Акам ҳам жўнатиб турибман, деб эди.
Қишлоққа сим қоқдим, онаизорим ҳорғин товушда “Бонумисан, ўзингми?” деб қўйди. Гапни айлантириб, “Она, пулингиз борми ё юборайми?” десам, “Озгина бериб юборсанг соз бўларди, Гулшан опанг қизини узатмоқчи, мебель оламан деб уч кундан бери тирбанд қилади”, дея ёнчиғи қоқланганини маълум қилди.
* * *
9 май
Юзимга чарм тортиб, яна Ларисадан пул сўрадим.
У одатига кўра ўткир кўзларини кўзимга қадаб, “Кечирасан-у, шунча пулни нима қиляпсан?” деб терговга тутди. Тағинам соат ва билагузукни соттирганимни билмайди, бўлмаса мени еб-ичиб қўярмиди…
Бор гапни айтдим:
– Акам қамоқда, яна бири саратонга чалинган, нима қилай, оилада сизлар туфайли топармон бўлганимдан кейин уларга қўл чўзмасам, қанақа одам бўламан?
Лариса “оила” сўзини эшитиб, ҳовридан тушди. Лекин менга дона-дона қилиб уқтира кетди:
– Бону, билиб қўй, пул тежамни яхши кўради. Уни оёқости қилсанг, уям сени ертепки қилади. Маблағни шундай ишлатки, азизам, эртага фойдаси билан қайтиб келадиган бўлсин.
– Муаммоларни ёпиб олсам, худо хоҳласа, фермерлик қиламан.
– Қаерда, азизам? Юртингдами? Ер хусусийлашганми? Бўлиб берилганми? Сен яхшиси, савдо билан шуғуллан. Кореялик дугонангни расмини кўрсатувдинг, у нима иш қиларди?
– Эри билан зиравор қадоқлайдиган заводни бошқарарди. Ҳозир боласига қараяпти.
– Корейсларни бари савдогар, ишни кўзини билади. Азизам, ўша билан борди-келди қил. Тўхта, худди сен эртага кетадигандай, бугун хайрлашаётгандай гаплашяпмиз. Ҳали сенга Макар жавоб берадими, йўқми худога аён. У ичидагини сиртига чиқаравермайди-ку, лекин сени қаттиқ ҳурмат қилишини мен яхши биламан. Хуллас, қанча керак, азизам? Энди Макардан оламиз!
* * *
Ёрмуҳаммад қаердандир Олмос иккимиз Арк ёнида тушган суратимизни топиб, менга юборди. Расм сифатсизроқ чиққан бўлса-да, иккимизнинг ҳам навқиронлигимиз, беғуборлигимиз, камтарлик нега, чиройимиз балқиб турибди, тағин… чароғон кўзларимизда ишқ шуъла сочяпти. Олмоснинг мен томон журъатсиз сал узанган қўли севгимизга ғубор қўнмаганидан, бир-биримизни қандайлар авайлашимиздан дарак.
Мен суратларни ёқтирмайман, кўзгуга қарагим келмайди. Сабабини сиз яхши биласиз. Аммо мана бу расм… ахир ҳаётимнинг энг ширин, энг сеҳрли, энг бахтиёр палласи бу!
Мана шу суратга орзиқиб, орзу қилиб қанча хуш хаёллар сурганимни, уни кўксимга босиб, кўзларимни юмиб энтикканимни, кейин… термулиб-термулиб кўзёшларим кипригимга парда солиб йиғлаганларимни ерда мен, кўкда худо билади.
У замонларда Олмос менинг Олмосим эди. Энди… Ҳа, майли…
Ҳол сўраб ёзган СМСимга биринчи бор узуқ-узуқ, лекин батафсил, баракали жавоб қайтди: “Ас.ал.! Бону, сиз билан қайта топишгунча ўтган кунларим ўнгидан келган даҳшатли тушдек эди. Кун сайин дармоним қуриб, кўзим хиралашиб бораётганини, юрагим, жигарим, ўпкам қовжираб, бужмайиб, сой четида учрайдиган шўҳак тошдай мўрт тортаётганини ҳис қилиб ётардим”.
“Эй худо, дердим, тезроқ омонатингни олақол, бечора оилам, яқинларим мени деб хонавайрон бўляпти, уларнинг ҳам мушкулини тезроқ осон қил! Энг ёмони, қизчаларим менинг қоқ суяк ва теридангина иборат юзларимга чўчинқираб қараётгани, бегонасираб бораётгани эди. Ажаб савдо, одам сўнгги манзилга ёвуқ борганда, ё эси пасайиб бемаъни гапларни айтиб алжираб, ё сўкиб-қарғаниб, жигарларининг кўнглини совутар экан”.
“Ва ё мендай тўшакка михланиб одам қиёфасини йўқотиб, қўрқинчли кўриниш касб этиб, атрофдагиларни безиллатиб қўяркан. Бунда ҳам худонинг кароматини кўраманки, бандаси севикли кишиси оламдан ўтса куйиб адо бўлмасин деб шундай совуқчилик санъатини қўлласа эҳтимол…”
“Бироқ энди мен Роббил оламийндан ёлвориб умр тилайман, тани-жонимда умид уруғлари ниш ураётганини, юрагим, жигарим, ўпкам қизалоқларим пуфлайдиган пуфакдай лаҳза сайин дуркунлашиб, кенгайиб бораётганини сезиб турибман. Балки, бу алдамчи таассуротдир, ахир шам ҳам сўниш олдидан бир ҳилпираб жонланиб олади-ку”.
“Эсингиздами, сизда алланечук илоҳий хислат бор, дердим. Ҳа, шундай, бунга яна бир бор амин бўлдим. Сиз билан боғланганимдан бери дўхтирларнинг муносабати ўзгарди, мени алоҳида шинам хонага кўчиришди, ноёб дориларни топиб келтириб, томизғи қилишяптики, буларнинг барида сизнинг ғойибона шарофатингизни кўриб тургандекман”.
“Яна бир гап, Бону, хайр ҳам қўшқанот бўлади, хотинимнинг айтишича, қайноғаларимнинг ишлари юришиб, “Аввал хеш, сўнг дарвеш”, деб менинг муолажамга ҳар иккови бир талай маблағ ажратибди. Мен дори кучи билан эмас, меҳр сеҳри билан соғайяпман. Ёрмуҳаммадга “дори керак бўлса, айтинглар”, дебсиз. Менга меҳрингиз, эътиборингиз ўта зарур… Дариғ тутмагайсиз…”
Бу хатга нима деб жавоб ёзиш мумкин? Мурғак болаларни кўрган одамнинг қалбида ўз-ўзидан аллақандай ачиниш, шафқат туйғуси уйғонади. Нега? Менимча, бунга, аввало, болачаларнинг ожизлиги, нотавонлиги боис бўлса, қолаверса, уларнинг оламдан бехабарлиги, ғофиллиги сабабдир.
Олмос айни шу ҳолатида мурғак ва ҳимоясиз, ташқи дунёдан узилган ғафлатдаги болакайнинг ўзгинаси эди.
…йиғлагайман, ўзга нетгаймен?… 2020
Бобурдан
[Закрыть]
* * *
10 май
Ёрмуҳаммад Олмосни кўргани боргани, ухлаб ётган жойида билдирмай расмга олганини айтиб, ўша суратни илова қилиб қўйибди.
Одам боласи шундай кўйга тушиши мумкинми? Фашистлар концлагеридаги жуҳуд асирлардан фарқи қолмабди. Танимадим. Бу суратда менинг Олмосимдан зарра ҳам жузъ кўринмади. Яхшиям, уйқу пайти тасвирга туширибди, йўқса унинг кўзларидаги ҳар қандай ифода мени адойи тамом қилиши мумкин эди.
Шу қоқшол ҳолига нигоҳи чилпарчин экани аён, магарким қароқларида қувонч кўринса, бу ўн карра аянчли бўларди.
Мен: “Ёрмуҳаммад ака, айёмингиз билан! Яхши одамсиз, амин бўлганман. Лекин нега бунақа расм жўнатяпсиз? Менда қасдингиз борми? Унинг мана шу ҳолатини кўрмаслик учун ҳар қандай кулфатга тайёр эдим. Гарчи бу дард шундай оқибат билан кечишини яхши билсам-да, барибир хаёлимдан мудҳиш манзарани имкон қадар ҳайдаб, узоқлаштириб юрувдим. Шоира опам “Бориб кўриб қўйсаммикан? Ўша шифохонада қўшним ишлайди, балки ёрдами тегиб қолар”, деганида ҳам унамаганим сабаби шунда эди. Опам Олмосни кўрса, аёлларга хос куйинчаклик билан менга ҳикоя қилиши, юрак-бағримни тилимлашидан қўрққандим…”
Орадан бир неча дақиқа ўтказиб Ёрмуҳаммад Олмос билан талабаликда тушган расмини жўнатди. Буниси ярага туз сепгандек бўлди. Қандай йигит эди…
Рашк масаласида ёзганим эсингиздами? Ёнимиздан ўтаётган чиройли қизга қараб қўйганда енгидан тортганим? Ўша қиз ҳам менинг елкам оша Олмосдан кўз узмай ўтгани, балки, ғамзалар билан қош қоққани эҳтимолга жуда яқин. Унга бир қараган қиз яна бир қараши тайин эди. Баланд бўйли, елкали, оқ юзли, қорақош, қоракўз, қиррабурун ва дид билан пўрим кийинган барно йигитга қайси бўйсара қиз қарамайди?
Бизнинг ишқ достонимиздан хабардор курсдош дугоналарим ҳам Олмосга суқ билан қараганини кўп кузатганман. Энди… бу аҳвол…
* * *
Шоира опам қўнғироқ қилиб, узоқ ҳол-аҳвол сўради.
Одати шунақа, агар нозикроқ, муҳимроқ масалани кўтармоқчи бўлса, кириш сўзини сал чўзиб юборади.
– Бонужон, жонингдан айланай сени, кўнглингга оғир олма, биламан, сен уни ҳалиям жонингдан ортиқ севасан. Биз аёллар шунақа, илк севгимизнинг қурбони бўламиз, эркаклар буни икки дунёда тушунмайди. Хуллас, ғайирлик қиляпти, пулга куйяпти дема, сенга ачинганимдан айтяпман, икки ҳафта ичида шу-унча пул бервординг, бу ернинг ўлчамида сарфинг ҳаддан зиёд! Бунча маблағ билан бемалол Европага, Германияга обориб даволатса бўларди. Суриштирдим, Берлинда шу дарднинг шифо маркази бор экан, дунёда энг зўри шу дейишди. Шпэт-Швальбе деган машҳур онколог бошқараркан. Тузалиб келганларни ўзлари билан гаплашдим…
Тилимни тишлаб турибман, “Опам жоним, ўша пулларнинг аксари Икром акамни қутқаришга кетди, кузга бориб суюниб қоласиз”, деб айтолмайман-ку. Агар аввалбош опамга маслаҳат солганимда, ўламан обло, деб кўнмаслиги аниқ эди.
Биринчидан, Икром ака бундай ҳаракатни фойдаси йўқ деб айтган, иккинчидан, опам менинг мусофирчиликда “ўлай деб” топган топилдиғимни ғиштдек қилиб қинғир иш усталарига топширишимни ҳечам истамасди. Лекин ҳаракат қилмасдан, тақдирни оқим измига ташлаб қўйиш, кўрган тушга қувониб, қўлтиққа қўл солиб туравериш акага нисбатан мен томондан, энг камида, кўрнамаклик бўларди.
– Опажон, гаплашган эдик шекилли, бечоралар фоизга қарз олиб, роса ботишган экан, ўшани текислашяпти. Бундан буёғи катта харажатлари йўқ, худо хоҳласа, у оёққа туриб олса, қаторга қайтса, ҳамма ғуборимиз чиқиб кетади. Одамлар мачит солади, эҳсон қилади, бизникиям савоб йўлидаги хайрия деб қўяқолинг.
– Жонимни қоқай, ўша мачит солганлар мол-мулки ошиб-тошиб кетганидан қилади, сенгина чумчуқдек жонинг билан ўрисни нонини еб, пешонангни енгинг билан артиб бу пулни топяпсан. Сенга осонми? Тағин ўйлама опам айниб қопти деб, меҳнатингга куяман-да, жондай синглимсан ахир…
* * *
11 май
Одатимга кўра нонуштадан кейин онамга сим қоқсам, нари-бери ҳол сўраган бўлдию қувониб “Мана, Мирхонд ёнимда, гаплаш”, деб телефонни акамга берди.
– Ҳа, акажон, бир оғиз айтмасдан, қуённи расмини чизворибсиз? Одамлар баҳорда Россияга келса, сиз тескарисини қилипсиз-ку? Ё тез қайтасизми? Тинчликми ишқилиб?
– Ҳа, тинч, шукур, – унинг овозида шодлик бор эди, – ўзинг қалайсан? Ҳа, шошилинч бўлип қолли. Қачонгача оққулоқлардан панд еб юраман? Буёқда бола-чақа қийналиб кетди, худо ҳоким, қора қозон қайнаб қолар… Бошим жойнамозга тегадиган фурсатим ҳам етди. Онамиз ғанимат бўлип қолипти: эрталаб ундоқ, пешинда бундоқ…
– Янгам зўр келдими? Думингиздан тортдими? Хотин битта сизда бор-да!
– Бонужон, қаҳрингни қўзғатма, сен бўлмасанг, мен бўлмасам, ота уйга ким қарайди? Ўрисни об-ҳавосини кўтаролмай қолдим, белим ҳеч қўйвормайди.
– Шифо берсин ишқилиб. Мен ҳар эҳтимолга қарши кўча қоровуллигини банд қилиб тураман, агар ёстиқ бўйнингизга ботса, келаверасиз, – деб хайр-маъзурни қисқа қилдим.
Акам онамнинг ёнида бўлгани маъқулку-я, фақат менга қайтаётганини айтиб қўймагани бигиз урди. Битта қўнғироқ қилиб, икки оғиз гап айтиш қанча вақт олади?
Ичим ғашланиб қолди…
* * *
Қизалоқлигимда Мирхондни ҳаммадан кўп яхши кўрардим. Доим унга эргашар, яхши нарсаларни илинар, бирор соат кўринмай қолса, ҳовлини бошимга кўтарардим. Кенжа сингил бўлганим учунми, уям мени етовидан қўймас, дарахтларга тирмашиб, хомхатала меваларни юлқиб тушиб оғзимга тутар, музқаймоқчининг ўтараваси товушини биринчи бўлиб илғаб, мени кўтарганча кўчага югурарди.
Эркалигим сабаб хархашам кўп, гоҳида арзимаган нарсага опаларимни ёппа сўкишга тушарканим:
– Ҳамманг тентаксанлар! Тен-так-лар! – ҳақоратим акажонимга тегиб кетиб, кўнгли оғриб қолмасин десам керакки, шу заҳоти қўлини тутиб, – Мирхонд, сен тентакмассан-а? – деб уни “тентактўпи”дан ажратиб олганларимни онам эслаб айтиб юрарди.
Ўзи шунақа бўлади-ку, сиз кимнидир яхши кўрасиз ва у ҳам мени ўз-ўзидан ёқтириши керак деган хотиржам ишончингиз бўлади. Унинг шунчаки айтган сўзлари, қараши сизга каттароқ маъноларда кўринаверади.
Йигитларнинг меҳри ёмбидек яхлит бўладими? Фақат бир одамгагина аталадими?
Мирхонд уйландию менинг бор-йўғимни пайқамайдиган бўлиб қолди.
Қанча одамларга меҳр, ихлос, эътиқод қўйдим, оқибатда оқибат топмадим…
“Мирхонд, сен оқибатсиз эмассан-а?”…
* * *
12 май
Бир донишнамо одам “Бир жойим оғриб турмаса, ўзимни ёмон ҳис қиламан”, деган экан. Мен ҳам ҳаётим бир йилу уч ой мойлаб қўйилгандай силлиқ, ишкалсиз кетаётганидан хавотирланиб, охири бахайр бўлсин деб қўярдим.
Ростдан, уй соҳиблари билан муносабатлар ҳавас қилгулик, ойлик важҳидан зориқиш йўқ, ишим болажонлар баҳонасида дунё кезиб, денгизлар бўйида ҳаво янгилаш каби роҳатижон эди. Бироқ кўнгилда бойчечак соясидай ҳадик ҳам йўқ эмасди, ахир Бонужоннинг ишлари бир умр чамандагул бўлиши мумкин эмас-ку!
Айтганим бўлди: аҳён-аҳёнда “Ўзимга кўз тегмасин, илоҳо”, деб пайшанба-пиртак дуоларимни ўқиб юрувдим, кутилмаганда валинеъматларим тагига сув кетди. Бирдан бесаранжомлик бошланиб, дарвозахонага қўшимча қоровул қўйилди.
Юз-кўзида ташвиш акс этган ҳар хил олазарак кишилар хонадонга серқатнов бўлиб қолди. Эски танишлар чол билан нималардир ҳақида қизғин баҳслашишар, гоҳо Макарни ҳам чақириб, узоқ суҳбатлашиб ўтиришарди.
Бу зиқ асабий вазият бизга ҳам кўчиб ўтди, наманганлик хизматчи қиз – Зилол бўғчасини тугиб, кетаманга тушиб қолди. Менга ўзаро гурунгда оқшом пайти бир гала турқи совуқ йигитлар дарвоза атрофида уймалашиб юрганини, биттасининг қўлида милтиқ кўрганини айтиб, кўзларини алмойи қилди: “Оя, мани сочим тим қоро, кўзим алвалидай думмало, тарбия кўрмаганла маниям лўлибашара деб пўқиллатиб отиб тешласа-я, абамми кўраманми?!”
* * *
Дераза пардалари туширилган ним қоронғи хонада Лариса вазиятни менга тушунтирди:
– Бону, азизам, бизни иззатимиз битди, губернатор қамалди, душманларимиз бирин-кетин мансабга миниб, бизникиларни қувғин қиляпти. Ҳовли сотилди, дўконлар ҳам эгасини топди. Руминияга қочяпмиз. Макар айтдики, агар рози бўлсанг, сенгаям чипта оламиз, биз билан учасан…
Энди буларга эргашиб юртма-юрт санғишим қолувди. Айтишарди, лўлининг уйи бору, ватани йўқ деб. Осонгина “Руминияга қочяпмиз” эмиш… У менинг рангим ўзгарганини пайқаб, секингина қўшиб қўйди:
– Азизам, ихтиёр ўзингда, мен ҳам Макарга Бону биз билан кетмаса керак, дегандим. Лекин истаган вақтингда қучоғимиз сен учун очиқ. Боғланиб, гаплашиб турамиз. Алишерга айт, эрта тонг қоронғисида сени олиб кетсин, анави қизниям. Ҳозир лаш-лушларни йиғиштиришга ёрдам бервор, илтимос…
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.