Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
25 март

…Патентим тайёр бўлгач, таниш дўконга иш сўраб бордим.

– Ҳозир сенбоп иш йўқ. Вақтинча супурувчилик қилиб тур, мавсум бошланса яна ўрнингга қайтасан, – деди директор.

Супурувчилик ҳам талаш: уч кун мен ишлайман, уч кун бошқа бир молдован аёл. Тўғри, паст иш, аммо қишда очликдан ўлмай, ҳеч кимдан қарз бўлмай баҳорга етиб олса бўлади.

Ўн кунлардан кейин Володя амаки дўкон билан бир кўчада жойлашган новвойхона хўжайинидан сўраб, фаррошлигини олиб берди.

Бир куни дўконда ишлаётсам, биров ўзбекча салом бериб қолди. Қарасам, Бобурнинг амакиси Жонтемир бир ўрис аёл билан қўлтиқлашиб турибди. Аёлни менга Марина деб, мени унга синглим деб таништирди.

– Ёлғон айтяпти. Мен ҳеч ким бўлмайман унга. Бу аммамга уйланган, менга почча бўлади, – дедим.

Аммам Рухсора мендан бир синф юқори ўқиган, салом-аликли дугона эдик. У учта қизи билан янги солинган чордевор ҳовлида ёлғизқўл яшар, ноинсоф Жонтемир бойвачча уч йилдан бери ўз уйи бўсағасидан ҳатламаган, ҳар замонда эллик-юз доллар жўнатиб туришини эшитгандим.

Сафардан қайтганимни эшитиб Рухсора ҳам қизчалари билан йўқлаб келганди. Ўртанча қизи – беш яшар Гулноз мени қучоқлаб олиб, “Дадамми кўйдизми, кўйсайиз аттинг, мен уни ана шу-у-нча шоғиндим”, деб қўлларини осмонга қулочкашлаб ёйиб кўрсатганди. Боланинг соддалигига бир кулгинг келади, бир йиғлагинг…

Бир пайт Рухсора кўзи билан ишора қилиб кенжасини кўрсатди, қизалоқ бурчакка ўтириб олиб қўлидаги гугуртни телефон қилиб дада жонивор билан бидир-бидир “гаплашяпти”: “Дадажоним, самаййўтга чиқопсими? Дадажоним, тийпонингиз топилдими? Нанам атти, йўқотиб қўййан эканиз”, деб гугуртни кафти билан ёпиб, биз тарафга қараб, “Нана, тийпони топийибди…” деди қаттиқ шивирлаб. Эҳ, телефонимга ёзиб олмаган эканман-да!

Бу ёқда “дадажон”нинг турқи-башарасига қаранг! Бир нарсани қойил қилиб, каллак уриб қўйгандай қорнини чиқазиб гердайганча тиржайиб турибди.

Бир қўли бозорлик билан тўла аравача дастасида. Маринага қараб қўйиб, Жонтемирга:

– Телефон рақамингизни ташлаб кетинг менга, – дедим. Бамайлихотир рақамини айтиб, камига уйига таклиф қилди:

– Биламан, бормайсан, мабодо борсанг, юр, меҳмон қиламиз…

– Нега бормас эканман, бораман! Сизни қачондан бери қидириб юрганимни биласизми, – дедим.

– Шанба куни Марина уйда бўлади, шу куни кел, – деди ва қўлтиқлашиб чиқиб кетди.

* * *

Иш вақтим тугаб, хайрлашиб дўкондан чиқсам, эшик ёнида қорақош бир аёл бола кўтариб турибди.

Салом-аликдан сўнг юртдошлигимиз маълум бўлди. Бечоранинг борадиган жойи йўқлигидан шу ерни паналаб турган экан. Володя амакидан телефон орқали изн сўраб, бир кечага уйга олиб кетдим. Қўлимдан келганча ош-сув қилиб, дам олиши учун ўрин тўшаб бердим.

Ҳали тили чиқмаган, кўзлари чақноқ, бўлиқ болачаси бирам ширинки! Аёл қараб туришимни сўраб юз-қўлини чайгани холижойга кирганда болакайни қўлимга олдиму юраккинам алланечук бўлиб кетди. Илкис менинг ҳам аёллигим, она бўлиш имкониятим… эсимга тушиб, бағримда ингичка бир тола таранг тортилгандай бўлди.

Мен бунга муносиб эмасманми?

Она деган унвон ҳеч қачон менга берилмайдими?

Дунёдан туш кўргандек таассуроти бор-у, қўлга кирар исботи йўқ бўлиб ўтаманми?

Болажон мунчоқ кўзлари билан ҳар бир ҳаракатимни кузатар, қулоқларимни тортиб ўйнар, гапирсам қиқирлаб куларди.

Аёл одамови, жуда камгап чиқиб қолди. Ўнта гап сўрасам, бир бўғинли жавоб оламан. Билганим шу бўлдики, эри билан ишлашга келиб, уришиб қолишибди. Бир ҳафтадан бери дом-дараксиз эмиш. Бечора хотин эрининг иш жойини ҳам билмасмиш, телефони гулдур-гуп ўчирилганмиш.

Бегона юртда муносабатларни узиш жуда осон. Рақамингни ўзгартирдингми, тамом, сени биров тополмайди.

Ярим кеча пиқ-пиқ йиғи овозидан уйғониб кетдим, қарасам, меҳмоним уйқудаги боласини қайта-қайта ўпиб, чуқур-чуқур ҳидлаяпти. Она меҳри товланди деб ўйладиму яна уйқуга кетдим.

Эрталаб уйғониб қарасам, меҳмон ётган ўрин бўш, у ёқ-бу ёққа чиққанмикан деган хаёлда ярим соатча кутдим. Кейин ҳовлида ўтин ёраётган болалардан суриштирсам, муштипаргина тонг қоронғисида раҳматни уларга омонат қолдириб, шошиб кўчага чиқиб кетибди. Кўнглим ғаш бўлди, қайга кетдийкан шу совуқда? Ҳа, майли, Аллоҳнинг паноҳига…

Этигимни кияётсам, директор қўнғироқ қилиб, “Тезроқ кел, сени сўрашяпти”, деб қолди. Ким сўраяпти, деган саволимга жавоб бермай алоқани узиб қўйди.

Оббо, яна нима муаммо чиқдийкан, ҳужжат-пужжатимдан камчилик топишдимикан? Ё тоғам келиб томоша кўрсатяптимикан?

Шунга ўхшаш дилхира тахминлар гирдобида қандай қилиб дўконга етиб борганимни билмай қолдим. Директор хонасига кирсам, иккита хирсдай полис нималарнидир ёзиб ўтирибди. Хўжайин мени таништиргач, улар кеча оқшом дўкон ташқарисидаги видеокамера мени бола кўтарган марказий осиёлик она билан тасвирга туширганини, аёл бугун тонгда яна шу жойга келиб, фарзандини мисрлик харидорларга сотганини айтишди. Бу савдода мен ҳам шерик эканлигим гумон қилинаётгани, жиноятчилар қўлга олинган, фақат аёлнинг дарагини топишолмаётганини, агар бу ишни фош қилишда сидқидилдан ёрдам берсам, менга нисбатан суд ҳукми юмшатилишини таъкидлашди.

Бошимга биров ғишт билан солгандай гангиб қолдим. Қасам ичсам, булар қасамга ишонадиган одам эмас. Мен гўл у аёлнинг исминиям сўрамабман, ҳужжатинг борми, деб қизиқмабман ҳам. Емаган сомсага пул тўлаш дегани бошимга тушдими? Мана сизга яхшиликка жавоб!

Аёл атай мени бу жиноятга тортмагани аниқ, ўзиям бу ишга кўнгилхушлик учун қўл урмаганига аминман. Бечоранинг камгаплиги, “Ичимдагини топ”, деб ўтириши, ярим тунда болачасини йиғлаб ўпиб ётганининг сабаби бу ёқда экан-да… Шўрликкина, демак, кеча оқшом бизни дўконни пакка тутиб харидор кутгану, улар эҳтиёткорлик қилиб ёнига келишмаган…

Ўриснинг иймони бўлмаса ҳам инсофи бор, дейишади. Рост гап, директор босиқлик билан полисларга мен ҳақимда ижобий гаплар айтди, бунинг қўлидан жиноят келмайди, тўғри, пок аёл, деб таърифлади. Полислар шаҳарчани тарк этмаслик тўғрисида тилхат олиб, майли, ишлаб туравер, керак бўлсанг чақирамиз, деб суратга туширишди-да, жўнаб кетишди.

Орадан икки кун ўтгач, дўкон эгаси “Хавотир олма, ҳалиги болафуруш хотин қўлга тушибди, сени танимаслигини, алоқанг йўқлигини айтибди. Қутулиб қолдинг”, деди кулиб.

Елкамдан тоғ ағдарилдию бир парча тоши юрагимда қолди.

Кўзимдан болачанинг чарос кўзлари, димоғимдан илиқ хушбўйлари ҳалиям кетмайди.

* * *
26 март

Аҳдлашувга кўра шанба куни кечки пайт Жонтемирларнинг уйига бордим.

“Бу дарбадар анчадан бери шу ерларда юрибди, бирор жойдан тузукроқ иш топиб берсин, ҳар ҳолда танишлари бордир”, деган ўй билан эшик қўнғироғини босдим.

Улфати жонон Жонтемир акам ош пиширибди. Дастурхонга гап йўқ: ароқ, коньяк, яхна ичимликлар, салатлар…

Марина ётоқхонадан чиқиб мен билан расмий кўришдию биз ўзбекча гаплашганимизга: “Мени ғийбат қиляпсизлар”, деб хафа бўлиб, яна хобгоҳига кириб, компьютерига ёпишди. Менга ҳаммасидан алам қилгани аёл қолиб эркак ошхонада куймаланиб юргани бўлди.

– Ҳамма ўзининг меҳмонига ўзи хизмат қиладими сизларда ёки уй бекалигиям элликка-элликми? – дедим ниш уриб.

– Йўқ, у овқат қилишни билмайди, фақат тайёрини еб ўрганган. Худди хўрандадай гапда булар. Бизни пазандалигимиз учун танлашади-да, бўлмаса бунақа ҳурлиқоларни тушимизда кўрармидик? – деди “куёвбола” ўз ҳаётидан беҳад мамнунлигини изҳор этиб.

– Қаерлик бу макиёнингиз?

– Сахалин тарафдан. Ўрис бўлгани билан уям мусофир. Московликлар четдан келган ўз қавминиям оёқ учида кўрсатади. Жуда сиқилган, қийналган жувон бу…

– Ҳа, кўриниб турибди, почча. Шу пати юлинган товуққа учта қоракўзни алмашдингизми? Дидингизгаям қойил қолмадим, – дедим.

– Ўзим бир аҳволда юрибман, кўриб турибсан, қишда иш йўқ. Қўй энди, кайфиятни бузма, – деб қўлидаги ярим кесилган шўр бодрингни эпчиллик билан оғзига ташлади.

– Иш бўлмаса уйингизга кетинг, баҳорда яна келасиз. Болаларингизни соғинмадингизми? Менга қаранг, кенжангизни кўрганмисиз?

– Келаётганимда хотиним иккиқат эди… расмини кўрдим. Соғинганман… лекин нима қилай, иложи йўқ нарсани иложи йўқ-да!.. Кетолмайман, – ўхшатиб хўрсинди Жонтемир.

– Уйингизга охирги марта қачон қанча пул жўнатган эдингиз?

– Бир ҳафта бўлди, юз доллар.

У Маринанинг ёнига кирганидан фойдаланиб Рухсорага қўнғироқ қилдим:

– Хўжайинингни уйига меҳмонга келувдим, бир ҳафта олдин юз доллар юбордим, деяпти, шу ростми?

– Йўқ, эллик юборган эди. Қарзларимни тўладим, тугади, – деди у толиққан руҳда.

Жонтемир емакхонага кириб ўтиргач, дастурхонга қараб:

– Томоғингиздан луқма ўтганига қарсаклар! Болаларингизни ейишга бир бурда нони йўқ. Қанақа одамсиз? Отаям шунақа бўладими? Сиз қулсиз, бошқа ҳеч ким эмас! Биласизми қанақа қул? Анавинақа қанжиқларни қулисиз, – деб ўрнимдан турдим.

Қани одам бўлиб асабини бузса, қани эркак бўлиб бир бақириб берса… Дами чиққан пуфакдай шалвираб, “Бо, ишлайман, юбораман пул, зерикма”, дейди холос.

Шовқинимни эшитиб Марина эҳтиёткорона чиқиб, аста курсига ўтирди:

– Нега жанжаллашяпсизлар? – деди Жонтемирга қараб. Мен ундан:

– Қаерда ишлайсан, ойлигинг қанча? – деб сўрадим.

– Тикув цехида ишлайман, йигирма беш минг рубль оламан, – деди “хўш, нима демоқчисан”, дегандай безрайганча муштига иягини тираб.

– Нечта боланг бор?

– Битта.

– Уйингга бир ойда қанча пул юборасан?

– Ўттиз мингча…

– Ҳа, демак, ижара пулини Жонтемир тўлайди. Бозор-ўчар ҳам, сени харажатларинг ҳам унинг бўйнида, а? Учта боласи борлигини биласанми? Уларнинг ейишга нони йўқ. Тасаввур қила оласанми? Дастурхонинг тўкинлигига қара. Сен ҳам онамисан? Одаммисан? – дедим ғазабланиб.

Асабларим ўйнаб, қаҳрим тошгани сари Марина билан тортишавердим, тортишганим сари у қадаҳга ароқ қуйиб ичаверди, ичаверди. Ўзимни ушлаб туролмадим, шишани олиб деворга урдиму қарғаб-қарғаб ташқарига чиқиб кетдим. Ортимдан Жонтемир эргашди:

– Бо, ош тайёр бўлди. Ҳеч қаёққа кетмайсан. Қайт орқангга. Кайфни бузма. Сени икки кун кутдик…

Қайтмадим, йиғлаб-йиғлаб ижарахонамга келдим. Бир соатларча ўтиб Жонтемир қўнғироқ қилди. Телефонни ўчириб ташладим…

Эртаси Маринани бозорда кўриб қолдим. Бир ўқрайиб қараб, ўтиб кетдим. Кейин ёнимга ўзи келди. Мен кетгандан кейин иккаласи яхшигина жиққа-мушт бўлишибди. Кўкарган қовоғини кўрсатиб обидийда қилди:

– Мен уни ушлаб турганим йўқ, кетса-кетаверсин! Хотини, болалари абгорлигини биламан. Шунча куйиниб гапирсам ҳам парво қилмайди, болаларини ўйламайди. Мен айбдормасман, у ўзи бағритош. Шунақаям ўзбек бўладими?..

* * *
27 март

Бобурга қўнғироқ қилиб тезроқ ишга қайтақол, демоқчи эдим, салом-аликдан ўтар-ўтмас телефонни ё онасига тутқазди, ё у тортиб олди:

– Иби, Бонужон, бормисиз, жоним? Бухорога келибам бизни ҳовлига бир бош суқмадингиз. Бултургидай итни кейинги оёғимасмиз, Бобурингиз уйни қайтадан расо қилди, уяладиган жойимиз қолмади. – Гина қилган қариндошдан оқибат кут, дейишади. Ростдан уйда шунча ўтириб, бирров холамникига ўтиб икки оғиз гурунг қилиб келмабман-а. Бўлмаса, Бобур жонимга қанча ора кирди. Энди узрхоҳлик қилмоқчи эдим, шартаки холам сўзимни чўрт узди. – Хулласи калом, Бонужон, суюнчини ҳозирлайверинг: Бобурингизни бошини иккита қиляпмиз.

Тўй дараги ҳар қандай одамни аввалбош бир қувонтириб олади. Табриклаган бўлдиму, кейин истиҳола аралаш:

– Хола, Бобур ҳали ёш бола-ку. Бунинг устига, ойликчи бўлиб меҳнат дафтарча… – дейишим билан холагинам яна қайчи солди:

– Иби! Қанақа ёш бола? Қанақа дафтарча? Худога шукур, мусофирчиликни тошнонини еб белига боғлаган пулига ҳовлини гуллатиб олдик. Қолгани тўйга ҳам, бошқасига ҳам етади. Бу тенгиларни олди болали бўлди. Синфдошларидан Адҳам пистачини тайтуви билан Минавар гижингни етимчаси қолди холос. Бу иснодмасми, Бонужон? Болани тўрт мучаси соғ, уч-тўрт тангамиз ёнчиқда димиқиб ётган бўлса.

– Келин ким? Кўз солгани бормикан?

– Мени кўз солганим бор. Сиз танийсизми, йўқми, Эсон лайлакнинг кенжа қизи бу йил коллежга ўтди. Йўқ, сизни мактабингизда ўқимаган. Лайлак шаҳарда ўқитган.

– Биринчи курс бўлса, ҳали гўдак экану.

– Қиз болани каллапўш билан ур, йиқилмаса эрга бер, дейди. Ўзим катта қилволаман. Қайтанга, тарбиялаш осон бўлади.

– Қайдам, келинболаям беҳунар бўлса, икки-уч ойда кўзингизга хунук кўриниб қолмасмикан? Орзу-ҳавас деймизу, ҳаммасини тош-тарозиси борми дейман-да.

– Иби, ҳозирдан совуқ нафас қилманг, Бонужон. Қиз бола бозори қизиган пайт талаш бўлади. Бу даври шафтоли пишиғидай ўтади-кетади. У ёғи касод. Совчи дегани қошингизгамас, ёшингизга қарайди. Тағин кўнглингизга келмасин… Баҳорда тўй, вақт топсангиз келарсиз… Унгача жиянчангиз тўй тараддудида.

Акажон, кўнглимга келмайдими? Қуриб кетгур ҳубобдай нозик кўнгилчамга кирпининг тиконидай нишдор сўзлар тегиб кетмайдими?

* * *

Лайлакқор лопиллаб уриб турганда ташқаридаги шовқин-сурон ҳам пасаяди.

Дарвоза тақиллагандай бўлди. Чиқиб қарасам, ювилмаган қошиқдеккина бўлиб Жонтемир турибди. Авзойим бузуқлигини кўриб, бирдан муддаога ўтди: Володя амакидан вақтинча бошпана сўраб беришимни илтимос қилди.

– Мен сиздай субутсиз одамни тавсия қилолмайман, – десам, йиғлагандан берироқ бўлиб:

– Қўлимда бир мирим йўқ. Ижара ҳақини ҳам беролмадик. Уй эгаси кўчага итдай ҳайдаяпти… шунга келдим… Болалар қайтгунча биз ҳам шу ерда яшаб турайлик, – деди ғарибгина товушда.

Бош эгиб мулзам туриши, ялинчоқ оҳанги қаҳримни юмшатди.

Ўртага тушиб, Володя амакини кўндирдим.

…Икки-уч кун ўтиб, Марина билан кўчиб келиб, юқори қаватда яшай бошлашди.

Кам кўришамиз, тўғрироғи, мен имкон қадар юзма-юз келмасликка ҳаракат қиламан.

Гоҳида Жонтемир ош ёки бирор тансиқ таом пиширса, илиниб олиб тушади. Овқатини олиб қўйиб, ишчи болаларга узатаман. У билан суҳбатимиз охири болаларига бориб тақалади. Топган гапи:

– Бо, ўзим адойи тамом бўлганман, қўй, жигаримни эзма! Сен бунча асабингни бузасан? Ишлайман, дедим-ку! Юбораман пул ўша занглаган эговга, – дейди…

Бир куни ишдан келсам, Жонтемир ҳовлидаги ўчоққа ўтин қалаб, ошга уннаяпти. Гапни мен бошладим:

– Ҳа-а, йигитни гули, анави сочиқни бошингизга ташлаб олинг, ҳовлида номаҳрамлар бор-а…

– Эй, айтма шу гапингни, бугун Марина янгангни туғилган куни, юқори чиқ, бирга нишонлаймиз, – деди қўлидаги капгирга ёпишган сабзини силтаб-силтаб қозонга тушираркан.

Почча атай ғашимга тегиш учун Маринани “янганг”, деб атайди. Мен унга жавобан “йигитни гули” ёки “бекажон” деб чақираман. Хуллас, почча-жиян бинойидай шалойин бўлиб қолдик.

Кечки пайт меҳмонлар келгач, мен ҳам тепа қаватга чиқдим. Марина икки дугонаси билан оёқда туролмайдиган даражада маст, бир-бирининг елкасига билак ташлаб, аллақандай маросим қўшиғини айқириб куйлаб тебраниб ўтиришибди. Жонтемир ҳам ўчоқ бошида майдалаб олавериб қарийб “пишган”.

Гул кўтариб узрхоҳлик билан икки тожик эркак кириб келди. Ўртада ошдан бошқа ейдиган нарса қолмаганди. Меҳмонлар олиб келган ароқ ҳам бўшагач, Жонтемир ҳовлидаги қўшни болалардан бирига пул бериб, дўконга жўнатди.

Бадмаст давра таомилига кўра аёллар ўйинга тортилди. Жонтемир билан Марина вальсга тушди. Шу қулай фурсатдан фойдаланиб “бахтиёр жуфтлик”ни суратга олдим. Жонтемир аввалига хафа бўлди. Кейин Маринани қучоқлаб:

– Мана, ол қанча олсанг! – деди сархуш сузилиб.

Мен ҳам эринмайгина расмга туширавердим.

Тожик йигитлар Маринанинг дугоналари билан тезгина чиқишиб, шакаргуфторликка ўтиб кетишди. Ўртада ортиқчалигимни сезиб, ўрнимдан тураётгандим, менга хайрлашиш учун қўл узатган малласоч аёл мувозанатни сақлай олмай дастурхон устига мункиб тушди. Ана томоша! Кийим-боши, юзию сочи сузма ва палов силқиндисига қорилди, чойнак думалаб, нариги аёлнинг нақд тиззасидан юқорироққа ағдарилди. Бечора чала бўғизланган чўчқадай чинқириб, иккала кафтини човига босганча кенгуруга ўхшаб энгашиб жуфтоёқ ташлаб югуриб қолди.

Заҳарни заҳар кесади деганларидек, куйган жойга ароққа бўктирилган сочиқ босиб, шўрликкинани ичкарига олиб кириб ётқизиб қўйишди. Аввалбошдан тожиклар аёлларни ўзаро тақсимлаб олишган шекилли, кўнгилсизликдан кейин улардан бири жаҳлланиб, ҳафсаласи пир қиёфада шеригига қўл силтаб, эшикни тарақлатиб ёпиб кўчага равона бўлди. Иккинчи аёл омадли “жуфти ҳароми” билан қўлтиқлашиб, Маринага эзгу тилаклар изҳор этиб, хайрлашиб, кўчага чиқиб кетишди.

“Бекажон” билан дастурхонга фотиҳа ўқиб, идиш-товоқларни йиғиштириб, хонани шамоллатдик. Нима қилай, ҳарна бўлса “янгам”нинг туғилган куни…

Хонамга тушиб бош оғриғига қарши аччиқ чой дамлаб, босиб-босиб икки пиёла ичдим. Қарасам, оббо, телефонимни унутиб қолдирибман. Суратга олганимдан кейин Жонтемир бир кўрай-бир кўрайлаб қўлимдан тортиб олганди. Яна чор-ночор қайтиб чиқдим. Эшикни тақиллатиб чақирдим. Ҳеч ким овоз бермади. Ичкари кириб не кўз билан кўрайки, учаласи ҳам битта тўшакда баравар жўровоз хуррак отиб ётибди. Уёқ-буёққа қараб, телефонимни тополмадим. Ноилож “йигитни гули” ечиб қўйган кийимларни пайпаслаб қидира бошладим. Шим чўнтакларини кўрдим – телефон йўқ.

Бир вақт қарасам, кўйлагининг кўкрак киссаси дўппайиб турибди. Қўл солсам – бир даста пул. Бирпас қараб турдим: олайми, олмайми? Олсам-у, билиб қолишса шармандаи шармисор бўламан, олмасам, бу пуллар йўл қараб киртайган болаларининг ризқи… Барибир қаердаги ҳаром-харишга совуриб юборади.

Титраб-қақшаб, пулни олдим. Бу умримда қилган илк ва охирги ўғрилигим бўлди. Биринчи бор бегона чўнтакка қўл суқдим. Бошқа кийимларидан телефон ҳам, пул ҳам чиқмади. Орқамга қайтаман деб атрофга қарасам, телефоним дераза рахида экан. Шошилинч олдиму эшикдан отилиб чиқдим. Мени ҳеч ким кўрмади, ҳеч ким пайқамади.

Хонамга тушиб пулни санадим: ўттиз беш минг тўрт юз рубль.

Дарҳол Рухсорага сим қоқиб:

– Мен бир иш қилиб қўйдим, ҳеч кимга айтмайсанми? – дедим ҳовлиқиб.

– Йўқ, айтмайман, – деган уйқусираган овоз келди у томондан.

– Қасам ич!

– Менга ишонмайсанми? – деди товуш сергакланиб.

– Қасам ичсанг ишонаман!

– Нима деб қасам ичай?

– Учта болангни ўртага қўйиб қасам ич!

Рухсора онт ичган бўлди.

– Мен ўғрилик қилдим! – дедим титроғим қайта уйғониб.

– Нима ўғирладинг, худодан қўрқмадингми? – деди Рухсора қўрқа-писа.

– Эрингни чўнтагига тушдим. Эртага номингга юбораман, – десам, бирдан хурсанд бўлиб кетиб:

– Иби-и, жонингдан айланай, Бону, қандай каллангга келди бу иш? Қаерда… ўғирладинг? – деб сўради ҳаяжонланиб.

Бугун Маринанинг туғилган куни эканлигини, бўлиб ўтган томошаларни са-ал қоғозга ўраб айтиб бердим.

– Ажаб қипсан, боплабсан! Бу пуллар менинг тирик етимларимни насибаси. Бу ўғрилик эмас, савоб… – Рухсоранинг овози ичидан узилиб-узилиб чиқди.

– Билмадим, лекин қўрқяпман…

– Ҳеч кимга айтмайман. Қўрқма, ўртамизда қолади… Ўзимизни пулга қанча бўлади? – деб сўради бироздан сўнг ўзига келиб.

– Анча! Миллиондан ошади… Чирт-пирт қилиб йўқотиб юборма. Бирорта сигир ол – рўзғорингни кўтаради. Ортиб қолса, товуқ қил. Тухум, сут, қатиқ, сариёғ кичкиналарга қувват бўлади, – дедим руҳланиб.

Юрагим сал тинчигандай бўлди-ю, лекин кўзимга уйқу келмади. Бечора Рухсора хурсандлигидан эрталабгача СМС ёзди: “Сени худо биз учун яратган экан! Яхшилигинг мендан қайтмаса, болаларим қайтаради. Бунча пулни умрим бино бўлиб эшитмаганман ҳам. Барака топ! Дардингга шифо берсин худойим…”

* * *
28 март

Тонг отди.

Қўл-бетимни ювиб, ишга отландим. Пешинга бориб директордан рухсат сўраб, банкдан Рухсорага пулни жўнатиб келдим.

Оқшом уйга қайтсам, Жонтемирнинг юзлари юлинган, Маринанинг лаби шишган, кўзлари кўкарган аҳволда ҳовлида бир-бирига ҳурпайишиб турибди. Юрагим товонимга тушиб кетди… Остона ҳатлашга журъат тополмай, довдираб қолдим. “Оббо! Билишибди! Ана шармандалик!.. Ўлдим энди иснодга!”

Бир амаллаб бор қувватимни тилимга жамлаб:

– Нима гап, тинчликми? – деб сўрадим эшик тутқичидан қўл узмай.

Жонтемир юзига рўмолчасини босиб, тиришганича:

– Мановини туғилган кунига узук ваъда қилгандим. Эрталаб турсам пул йўқ, – деб иҳради.

– Қаерга қўйган эдингиз? Балки, эслолмаётгандирсиз қўйган жойингизни, – дедим ясама жонкуярлик билан.

– Йўқ, мана бу еримда эди, – деб чакмони ёқасини қайириб, мен пул олган кўйлаги чўнтагига шаппат урди.

– Балки, ишлатиб қўйгандирсиз, кеча кўп харажат қилдингиз, – дедим енгил тортиб.

– Йўқ. Хариддан ортгани ёнимда эди, – Жонтемир негадир киссаларини пайпаслаб қўйди.

– Ёки тушириб қўйгансиз. Кеча анчагина “етилиб” қолувдингиз.

– Йўқ, аниқ анави олган! – “Йигитни гули” ияги билан Маринани кўрсатди, – Авваллари ҳам уч минг, тўрт минг пулим йўқоларди. Қачон тутиб олиб урсам, кейин бўйнига оларди. Ўғри-да, ўғри! – кейин “янгам”га тушунарли бўлсин учун ўрисчалаб “Варюга, сувка!” деб овоз кўтариб қўшиб қўйди.

– Ҳа-а, ёмон одати бор экан-да, сахти сумбатига қараган одам сизга муносиб оқила аёл деб ўйлайди, – дедиму хонамга кириб кетдим.

Деразадан қарасам, Марина хўпиқиб йиғлаб турибди.

“Роҳатига яйраган азобига ҳам чидаш керак, Маринажон! Ҳаёт шунақа! Учта гўдак қоқ нон еб, эгатда эмаклаб пахта териб юрганда сиз уларнинг насибасини қийиб, яйраб маст бўлиб, айшингизни суриб ётгандингиз! Тегирмон галмагал-да, дугон…” деб қўйдим ичимда.

Марина юкларини кўтариб эшикдан ҳатларкан, Жонтемирга қайрилиб:

– Номард! Ароқхўр! Туҳматчи! – деганча кўчага чиқдию яна қайта эшикни очиб, – Ҳаҳ, ўзбек! – деб муштини силтади.

Жонтемир ўрнидан ирғишлаб туриб, гап-сўзсиз унинг ортидан югурди…

Тавба, виждоним зиғирча қийналмаса-я…

* * *

Якшанба куни Рухсора гудок ташлади. Қайтиб чиқсам, ўзида йўқ хурсанд:

– Акам билан бозорга бордим. Пахта пулларимни ҳам қўшиб битта сигир, олтита товуқ олдик, раҳмат сенга, – деди.

Юрагим бир жойли бўлиб телефонни қўйдим…

Туғилган кунга узук эмиш, мана узук сенга!..

Ишқилиб, билиб қилган гуноҳларимниям худо кечирсин-да…

* * *

Туш – башорат деган гапни эшитгансиз-а? Сизда ҳам шундай бўладими – рўй бераётган воқеа қандай якун топишини билиб турасиз, фақат бу ҳолат тушингизда аён бўлган ҳодисадан кейингина идрокингизга келади. Бу ҳар қандай бандада учрайдиган оддий ҳол бўлса керак. Лекин шундай тушлар ҳам борки, кўпинча бомдоддан олдин хобга киради, сиз кўрганларингизнинг ёрқин таассуротидан терга ботиб уйғониб кетасизу руҳиятингизда аввал кўрилмаган енгиллик ёки ғашликни ҳис қиласиз. Бундай тушда келажакка ишорат, тақдирга башорат бўлади.

Ҳа, айрим одамларгина тушини тўғри йўя олади, эҳтиёт чораларини кўришга фаҳми-фаросати етади. Шу мақомга эришган инсон ғайб билан ришта боғлаган азизларга яқинлашган ҳисобланади.

Мен ҳам уйқуда кўрганларимдан таъбир излаб, ишора қидирадиганлар хилиданман.

Кўпинча тушим тескари келади. Бошқалар илон кўрса бойлик деб қувонса, менинг “илон”ларим ғам-ғусса келтиради.

Бугун ҳам шундай туш ҳаяжонида кўз очдим: тушимда сочим қирқилган эмиш. Мен қўлимда қораилондай тўлғаниб турган кокилимга қараб, ким қилди бу ишни, ким мендан сўрамай қайчи урди, деб ҳайрону лол эмишман.

Бу туш Олмос кўп такрорлайдиган байтни менга эслатди:

 
Уйқучи бахтим қаро чинини доим туш кўрар,
Ваҳки, таъбир ичра бордур: тушта соч
                                                                               кўргон – бало…1616
  Лутфийдан.


[Закрыть]

 
* * *

Икки кун ўтиб кечқурун дарвоза тақиллади.

Чиқиб қарасам, Жонтемир ёнида ёшини аниқ айтиш мушкул бўлган аёл билан суянишиб турибди.

Бир қўлида ароқ, иккинчисида бир бўлак колбаса ва буханка нон, шими чўнтагидан пиво шишаси мўралаб турибди…

Салом беришга улгурмасидан эшикни ёпиб, дарвозага лўкидон уриб уйимга кириб кетдим. Қопқани тақиллатди, илтимос қилди, ялинди, барибир киришга қўймадим. Охири ҳовлидаги қўшни болаларга қўнғироқ қилиб ёлворганидан кейин улар орқа тарафдаги эшикчани очиб, ичкарига киргизиб юборишибди.

“Жуфтлик” улфатчиликни давом эттириб, мастликда тамаки тутатганча пинакка кетибдию чўғ кўрпага тушибди, кўрпадан полга ўтиб, ёнғин чиқишига бир бахя қолганда қўшни болалар кўплашиб ўртага олиб ўчиришибди.

Эрталаб Володя амаки келиб қараса, Жонтемир бегона аёл билан тутун ҳидига дудланиб, қўранта боғлаб ётибди.

Хўжайиннинг эси оғгудай жаҳли чиққанини ҳеч қачон кўрмаган эдим. “Йигитнинг гули”ни “жонон”ига қўшиб қорга судраб олиб чиқиб, роса пўстагини қоқди.

Жонтемирнинг паспортини тортиб олиб, “Зарарни қоплаб берганингдан кейин оласан”, деб кўчага тепиб чиқарди.

* * *

Янги йил арафаси…

Байрамни россияликларга чиқарган. Йигирма кун ишхоналар ёпилади, ҳамма ёппасига ичкиликбозликка ўтади. Рождество, Янги йил, Эски янги йил… каби номи ҳар хилу моҳияти бир хил бўлган айёмлари жуда кўп. Кўчада соғ одамни тополмайсиз. Яйрашади!

Дўкондан ўн учинчи ойликка қўшиб совға ҳам беришди: бир халта шоколад, шампан виноси ва олтита қордай оппоқ бордоқча. Бордоқчаларни онамга юбораман деб ният қилиб қўйдим.

Ҳовли ҳувиллаб ётибди – болаларнинг бари Арчабайрамни ўтказгани юртга қайтган.

Тоқ бошимга дастурхон тузадим: қўй гўштидан кабоб, емакхона дўлмаси, ширинликлар ва шампан… Қараб туриб, ўпкам тўлиб кетди. Оиламиз даврасида “дадамнинг эркаси” бўлиб кутиб олган Янги йилларим кўз олдимда гавдаланди…

Онамга, опаларимга, акамга қўнғироқ қилиб табриклаб чиқдим. Лекин негадир ҳеч юрагим ёришмади… Ҳеч нарса томоғимдан ўтмади… винони очиб, бир пиёла ичдим, кабобдан бир дона тишладим…

Ҳайҳотдай хонамда юрагим гумириб кетаверди, иссиқ кийиниб, ўзимни чалғитай деб кўча айландим. Қарасам, бир жойда чегирма билан ўзимизда чиққан ичимликларни сотишаётган экан. Битта “Ўзбекистон” коньяги олиб уйга қайтдим.

Коньякни очдим-да, совғага берилган бордоқчаларни қатор қилиб териб, ҳаммасини тўлдириб чиқдим. Битта қадаҳни олиб, қолганлари билан чиқиллатиб тўқиштирдим-да, ўзимни-ўзим қуюқ табрикладим:

– Янги йил муборак, Бону! Бепоён ёлғизликка қўйилган янги қадам қутлуғ бўлсин!

Ўзим учун: худо қўшқўллаб урган бахтиқаро қиз учун – биринчи қадаҳ…

Дадам учун: чинакам меҳр ва инсонийлик учун – иккинчи қадаҳ…

Бобом учун: оқиллик ҳамда инсоф учун – учинчи қадаҳ…

Барибир… Олмос учун: яксон бўлган муҳаббат, чилпарчин орзулар учун – тўртинчи қадаҳ…

Онам учун: самимият ва соддалик учун – бешинчи қадаҳ…

“Ҳувайдо” бобо учун: муҳит қурбони бўлган бегуноҳ бандалар учун – олтинчи қадаҳ…

Сўнгги қадаҳни ича олмадим…

Ерга уриб синдирдим…

Кайфим ошиб, бошим айланиб, узуқ-юлуқ хотиралар кўз олдимдан айқашиб ўта бошлади… Бобом билан кечган беғубор, беғам кунларим… “Невараларнинг ичидан сени танладим, зеҳнинг ўткир, сен ҳаммадан бошқачасан, буни ўзинг билмайсан ҳали”, деганлари қулоқ остимда қайта-қайта янгради…

Намозни олтинчи синфда ўрганган эдим. Онам қаерга таъзияга борса, ёнларида мени олиб юрарди. Қаерга борсак, мен дуойи фотиҳа ўқирдим…

Шуми энди бошқа неваралардан ўзгачалигим?

Шу кўйга тушишимни билганида Қуръон ўқишни ўргатар эдими?

Бобомникига дўстлари келса:

– Мана, бизни шогирд, бир савол-жавоб қилинг-чи, имтиҳондан ўта олармикан, – дерди мени кўрсатиб.

Саволларга жавоб бериб, мақташларини кутиб турардим.

Кўриб қўйинг, бобожон, ўша фахрланган шогирдингиз аҳволини…

Юсуф воқеасидан кейин дадам аламини ароқдан оладиган бўлиб қолганини айтганим эсингиздами? Ўша кунларнинг бирида дорилфунундан қайтсам, қўлида бир шиша ароқ, ёлғиз ўзи ичиб ўтирибди. Ичимдан зил кетдим-у, сир бой бермай, ёнига ўтириб, “Қани, менгаям қуйинг, якка ичиш бехосият бўлади”, деб ҳазиллашиб, ароқ тўла пиёлани қўлимга тутдим. Дадам кутилмаган қилиғимдан эсанкираб, пиёлани қўлимдан шарт тортиб оларкан:

– Сенга ярашмайди, – деди бўзариб.

– Сизга-чи, ярашадими, дада? – кўзимга ёш олдим.

– Мен аламимдан ичаман, қизим, – кўзларини олиб қочди у.

– Нима аламингиз бор? Қизларингиз бўлса, ўғлингиз бўлса! Иссиқ-совуғингизда онам ёнингизда… Ё мен сабабми? Айбим йўқлигини ҳеч ким билмасаям сиз биласиз-ку! – деб юкинганимда:

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам сен ичма, – дея ароқни пойгакка сепиб юборган эди.

– Ичсангиз ичаман – қасам ичаман! – деганча пўписа қилгандим ўшанда…

Охирги кунлари дўхтирлар:

– Қонингиз қуюқлашган, ҳар куни ярим пиёла ароқ ичинг, – деганида ҳам унамаган эди…

Отасини ичкиликдан қайтариш учун ҳатто ўзини қурбон қилишга тайёр турган қиз… мана, не аҳволга тушиб ўтирибди…

Талабалик пайти биз ҳашарга чиққан туман режани тўлдиргани учун байрам уюштирилиб, Раъно Ҳусанова деган қўшиқчи аёл келганди. Машинадан тушиб, саҳнага яқинлашган ҳам эдики, оёғи чалмашиб, гандираклаб йиқилиб тушди… Югуриб бориб қўлидан тортаман десам, вужудидан ароқ ҳиди гупиллаб ётибди. Икки эркак судраб, қайтариб машинасига ортиб юборишганда ҳамманинг кайфияти бир пул бўлганди. Шундан кейин бу аёлнинг қўшиқларини тингламай қўйдим…

Эртаси куни мажлис чақирган деканимиз надомат билан а-анча гапирган, қа-анча асабийлашган эди:

– Ўзбек аёлига ярашмайди бу!

* * *

Хаёл беихтиёр Хожа Уббонга етаклади… Таниш-билишларнинг ҳоли, тақдири нима кечди экан?..

Яна кўз олдимда “Ҳувайдо” бобо…

 
Кўнгулда дард кўп, айтурға бир маҳрам
                                                    тополмасман,
Кетарға бош олиб чўллар аро ҳамдам
                                                    тополмасман…1717
  Ҳувайдодан.


[Закрыть]

 
* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации